Ой ва юлдузларга ошуфта, камтарин ижодкор - Муҳаммад Исмоил
|
|
Муҳаммад Исмоил кўплаб қисса, ҳикоялар, шеърлари, публицистик мақолалар муаллифи. Асарлари асосида яратилган бадиий фильмлару, видеофильмларни кўрганмиз.
Муҳаммад Исмоил қисса ва ҳикояларининг қаҳрамонлари ҳам айнан ана шунақа одамлар. Софлик учун, ҳалоллик учун, севиш-севилиш учун курашларга отлана оладиган, хаёт имтиҳонлари-ю, тақдир синовларига очиқ юз билан чиқаоладиган кишилар. Шу сабабдан бўлса керак, улар ҳамиша юксакликка, яъни ойнинг ипакдек майин, сутдек тоза нурларига талпинадилар. Шунинг учун бўлса керак, юксак юлдузларга интиладилар. Ўз орзу-ўйларини бугун ва эрталарини шулар тимсолида кўрадилар.
Муҳаммад Исмоил асарларига ном танлашида самовий жисмларга, гўзалликка кўп мурожаат этади. Ҳақиқатдан ҳам, нега шунақа? Муҳаммад Исмоил ой ва юлдузларга бунча ошуфта бўлмаса? Лоақал, асарларининг номларини эсланг! “Янги ой чиққан кеча”, “Ой чиқмаган оқшом”, ”Юлдузлари куйган тун”, “Оппоқ гулдек ойдин хотира”, “Икки сайёра ”...
Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳаммад Исмоил ҳатто ўзининг шеърларидан бирида бизнинг бу саволимизга мана бундай жавоб бергандек бўлади: “Кўнгил тунларининг юлдузлари йўқ. Улар – ўқ. Ўкинчдан йилт-йилт тўлғонар, улар ўкинтириб ўлдиргали ўқ” дея таърифлайди ва давом эта бориб:
Ғофилга берилган ҳар лаҳза, ҳар он,
Сомон йўлларидай узун муҳлатдир.
Юлдузлар эгасин билмаган инсон –
Бу ёруғ дунёда юрган зулматдир.
Муҳтарам форумдошлар!
Демак, навбатдаги суҳбатдошимиз шоир, ёзувчи, публицист Муҳаммад Исмоилдир.
|