AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
|
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ Сеҳрли кинолар, сирли кинолар
|
|
Цитата:
VI
Энди актёрлар ҳақида бир неча оғиз сўз.
Чин гап, мен актёрларни ҳурмат қиламан. Табиат уларга алоҳида қобилият, шуур ато этган деб ўйлайман. Анча йиллар бўлиб қолди, “Актёр” деб номланган шеър ҳам ёзгандим:
Қисмат уни қийнади беҳад,
Охирида ажал чанг солди.
Бало экан, у бир амаллаб
Ўлимлардан қутулиб қолди.
Севиб қолди, ўртанди, ёнди
Ва куйлади маҳзун қўшиқлар.
Сўнг мислсиз мардлик кўрсатди,
Йитди мавжуд барча тўсиқлар.
Жанггоҳларда довуллар қоқиб,
Ғанимларни қириб ташлади.
Чаккасига чучмома тақиб,
Ажиб шеърлар ўқий бошлади.
Гоҳ шоҳ, гоҳ қул, гоҳида сарбон,
Гоҳ фазогир, гоҳида меъмор...
Ҳаётдамас, саҳнада баъзан
Йиғлаб қўяр эди актёр.
Бир кеч эса у Вертер бўлиб
Тўппончадан отди ўзини.
Сўнг экрандан сирғалиб чиқиб
Оломонга тикди кўзини.
Биз эса жим.
Биз эса бефарқ.
Юраклар бир маромда урар.
Шивир-шивир: “Бозор... нарса... нарх...”
Ким мудрар, ким сигара сўрар.
Биз эса жим.
Биз эса бефарқ.
Беҳис боқиб туриб экранга
Кимдир кулар: “Анов қизга боқ,
Чолвори хўп модний экан-да...”
Қайда?
Нечун?
Тирикми-ўлик?
На англаб, на фарқига борди,
Саҳнадамас, ҳаётда Буюк —
Актёр илк бор йиғлаб юборди...
Фикримча, бизда жуда кучли истеъдодга эга актёрлар кўп. Гуриллаб чиқиб келаётган иқтидорли ёшлар ҳам етарли. Аммо уларга муносиб роллар йўқлиги ҳам бор гап.
Мен айниқса хусусий студияларнинг кўнгилочар “хонтахта” фильмларидаги бачкана ролларни “пачкалаб” ўйнаётган, бир хил қолипга тушиб қолган актёр ва актрисаларга ачинаман. Улар ўз истеъдодларига ўзлари завол бўлишди. Тўғри, салоҳиятнинг ўзи қорин тўйдирмас, аммо бу дегани таклиф қилинган ҳар қандай ролга жон-жаҳди билан ёпишиб олиш дегани эмас-ку.
Бу масаланинг бир томони бўлса, иккинчи томони... тўйлар, чарларлар...
Ишонасизми, ёзда суратга олинадиган бир-иккита фильмда ролларга тасдиқланган актёрларнинг ўзлари суратга олиш кунларини белгилаб беришди. Яъни тўйдан бўш кунлари! Мабодо жуда суратга олиш зарур бўлса, марҳамат қилиб кечқурун махсус машина уларни тўйга олиб бориши, кечаси эса қайтариб олиб келиши керак экан! Сериалдаги бош ролга (!) тасдиқланган, эл суйган актрисамиз ҳам ён дафтарчасини олиб, қайси кунлари чарларга бормаслигини, демак фақат ўша кунларигина суратга олиш майдонига кела олишини айта бошлаганида аламдан дод деб юборгудай ҳолга келмайсизми? Ахир қандай қилиб экранда виждонли, иймонли, ҳалол инсонни, бир сўз билан айтганда замонамиз қаҳрамонини гавдалантираётган актёр ёки актриса тўйга ёки чарларга чопиб бора сола бачкана латифалар айтади, тузсиз қўшиқлар куйлайди, уялмасдан пул йиғади, буни тасаввур этиш мушкул. Афтидан, Шекспир ҳаётнинг ўзи улкан саҳна, унда биз ҳаммамиз актёрлармиз деганида ҳақ бўлган шекилли.
Яхшиям кинони ҳамма нарсадан устун қўядиган актёрларимиз ҳам бор. Албатта, улар кўпчилик бўлишса керак, аммо мен ўзим бундай фазилатни Юлдуз Ҳамидовада, Малика Иброҳимовада, Фахриддин Шамсиматовда кўрдим.
Яна бир тоифа актёрлар борки, улар экранда иложи борича кўпроқ кўринишни исташади. Ёдимга бир воқеа тушиб қолди. Сериал суратга олинаётганди. Иккинчи даражали ролни ижро этаётган актёр чўлоқланиб олдимга келиб, бирдан шикоят қилишга тушиб кетди. Эмишки, бармоғига чипқон чиққан экан, операция нотўғри бўлганлиги сабабли чўлоқ бўлиб қолибди, натижада уни хотини менсимай қўйиб, очиқдан-очиқ хиёнат қила бошлабди. “Маҳаллада бош кўтариб юролмай қолдим, шунинг учун уйдан тонг саҳарда чиқиб кетиб, ярим кечаси қайтиб келаман”, деди актёр ўпкаси тўлиб. Очиғи, у кишига жуда ачиндим. Энди тасалли бермоқчи бўлаётгандим, актёрни суратга олиш майдонига чақириб қолишди.
Эртаси куни шу актёр яна олдимга келди. Ажабки, бу сафар у оқсоқланмасди. Дарҳол юзимга қайғули тус бериб, шунча балоларга гирифтор бўлганига қарамасдан ишини давом эттираётган бу жафокашнинг кўнглини кўтармоқчи бўлдим. Аммо мени гапиртиргани қўймаган актёр шоша-пиша “Ёздингизми?” деб сўради. “Нимани?”. “Кечаги айтганларимни-да”. Хижолат тортдим: “Мен бировларнинг сирини элга достон қилмайман”. Буни эшитган актёрнинг қовоғи тушиб кетди: “Унда образим очилмай, тўмтоқ бўлиб қолади-да”. “Қанақа образ?”. Ана шундан кейин актёр ҳижжалаб тушунтира бошлади. Аён бўлдики, у кечаги тарихни ўзи ижро этаётган қаҳрамони учун ўйлаб топган ва менинг вазифам бу “таржимаи ҳол”ни асарга сингдириб юбориш экан. “Мен ҳамма сценаристилар билан шундай ишлайман, – деди актёр мағрур тарзда. – Ҳаммаси менга раҳмат айтишган”. Гап нимадалигини тушунганимдан кейин енгил тортиб кулиб юбордим, актёрга раҳмат айтдим, аммо у киши сўзлаб берган воқеаларни қоғозга туширолмадим: менинг тасаввуримдаги образга бу “ҳасби ҳол” сира ўтиришмасди. Режиссёр ҳам бу фикримни маъқуллади.
|
|