Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Результаты опроса: 2011 йил, 10 июнда бўлиб ўтадиган ижодий мулоқотда қатнашасизми?
Ҳа 10 90.91%
Йўқ 1 9.09%
Голосовавшие: 11. Вы ещё не голосовали в этом опросе

Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 24.12.2011 12:40   #121  
Аватар для Kavsar
Оффлайн
Сообщений: 769
+ 2,104  1,209/531
– 1  2/2

Uzbekistan
Assalomu alaykum, Uforum ahli! Kelayotgan Yangil Yilingiz bilan barchangizni qutlayman!
Bu Uforumdagi bayram oldi men uchun eng qiziqarli mavzu bo'ldi...

G'azalning to'liq matnini ko'rib turganimdan xursandman. ))
Tug'ri, Albatros aytganlaridek, kitobxonning talqini bu aynan muallifning gapi degani emas. Men bu g'azalni ilgari o'qimaganim uchun faqat shu baytdan kelib chiqib talqin etishga urindim.

Sevimli adibimizning kelayotgan Yangi yil bayramlari qolaversa tug'ilgan kunlari bilan chin dildan qutlayman! Va ushbu go'zal baytning kamtarona Kavsar talqinini hadya etmoqchiman.

Ustoz, hamisha xalqimiz baxtiga sog' bo'lib yuring..


Цитата:
Табиат гўзал қилиб яратилган. Шу коинот ичра инсон, шубҳасиз мўъжизадир. Унинг икки кўзи, қоши, забони ниҳоятда нафис, бетакрор...
Ҳаётдан мўъжизалар излаймиз, аслида бу борлиқ, инсон ва унинг қалби шундай мўъжизаки, ақл бундан ҳайратдадир. Фикрларимизни севимли адибимизнинг шундай байтлари мисолида далиллаймиз:

Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири – сенсан, бири – офтоб,
Тарозу палласи икки: бири Ердур, бири Гардун.1

Меҳр, оҳанрабо мисоли қалби пок инсонларни бир ерда жамъ этган кўз илғамас зиёдир. Унинг соҳиби эса – Меҳрибон. Яратган меҳрини яралмишларнинг ҳар бир заррасида кузатиш мумкин. Само юлдузларининг жойлашуви, вақтнинг бир маромда ўтиши, дарахтларнинг куртак ёзиши, буларнинг бари мўъжизадир. Аммо шоир дунёда икки нарсани меҳр сифатида кўради. Булардан бири “офтоб” бўлса, бири “сенсан” дейди. “Сен” деганда кимни тушуниш мумкин? Ўзимизни, қалбимизни, умуман инсоннинг ботин дунёсини.

Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири – сенсан, бири – офтоб,

Қуёш – оламнинг кўзи. Унинг заррин нурлари етган ҳар бир қадамда ҳаёт балқийди. Аммо кўнгил, бундай қуёшларнинг мингтасидан афзаллик қилади. Чунки “қалб” – “Байтуллоҳ”дир. Ундан таралгувчи зиёнинг ҳурматидан нафақат шамс, балки ўн саккиз минг олам ҳаракатдадир.
Агар инсон, “кўнгил уйи”ни қанчалар озода, саришта тутса, бу уйда илму ҳикмат нурлари шунчалар бисёр бўлади. Офтоб жаҳонни ёритгани каби, озода қалб, руҳни равшан қилади. Руҳ қанчалар бахтиёр ва эркин бўлса, жамиятни, оламни шунчалар эзгуликка, гўзалликка бойитиш мумкин. Чунки, дунёни бошқариш инсон қалбидан бошланади. Шундай экан, илк мисрада: “Агар жаҳоннинг меҳридан бири қуёш бўлса, бириси ўзингсан. Агар бу офтобнинг беминнат нур сочишда бардавом бўлишини истасанг, олдин ўз ботиний оламингга назар сол. Қуёш қалбингга тутилган бир ойнадир. Табиатни асраш эса ўз қўлингда”, – деган маънони англаш мумкин. Бу бизга бир жиҳатдан “Инсон” қасидасини ҳам ёдимизга солади.

Байтда “икки” сўзининг такрор келиши ҳам яна бир гўзалликка ишорадир. Яъни, У барча нарсани жуфт қилиб яратди. Ернинг жуфти Осмон, Офтобники Моҳтоб, Дарёники Қирғоқ...
Коинотдаги ўзгаришлар эса шу жуфтликнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятидан содир бўлади. Бунга ҳаётнинг “сабаб” ва “оқибат” фалсафаси деб қараш ҳам мумкин. Сабабларни яратувчи Сабабчи эса Ҳақ таолодир. Мавлоно Румий ҳазратларининг “Ичиндаги ичиндадир” асарлари фикримизга етарлича далил бўла олади.


Тарозу палласи икки: бири Ердур, бири Гардун.

“Гардун” сўзи нафақат “осмон”, форс-тожик тилида қуйидаги маъноларни ҳам англатади:

“Гардун” – 1. Фалакат, сипеҳр, осмон;
2. маж. Рўзгор (давр, замон қисмат), сарнавишт (қисмат), тақдир;
3. Олам, дунё, даҳр;
4. Ароба; муқобили гардуна.2

Кейинги мисрада эса: “Тарозининг палласи иккита бўлганидек, оламнинг ҳам ўз тарозиси бор. Унинг бир палласида курраи Замин турса, иккинчисида Фалак туради. Сен шу икки паллани ушлаб тургувчи мувозанат нуқтасисан. Яъни, ҳаёт – Осмон ва Ернинг ўртасидадир. Бу икки палланинг муқим туриши шу ўртада ҳаёт кечираётган инсонларнинг ҳаракатларига боғлиқ. Бу ҳаракат эса, инсоннинг ўз тақдирига ҳам, замонга ҳам дахл қилади”, – дея оламга ибрат назари ила разм солади шоир.

Дарҳақиқат, дунёда икки меҳр бўлса, булардан бири ўзимиз ва иккинчиси қуёшдир. Унинг тарозиси бўлса, унинг бир палласи Ер, иккинчиси Фалакдир. Аммо шу тарози мувозанатини сақлаш бизнинг қалб оламимизга, унинг қандай нарсалар билан тўйинаётганлигига боғлиқ. Шундай экан, қалбни беҳуда нарсалар билан эмас, фақатгина эзгуликлар, поклик билан, соф муҳаббат билан безайлик. Ўз қалбида ана шу нозик ва беғубор ҳисларни мужассам эта олган шоиримиз ҳам дунё аҳлига фақат шу эзгуликни раво кўраётган, ўз вақтида жамиятни пок руҳиятнинг уйғоқ оламига чорлаётган бўлсалар ажаб эмас.

____________________

1. Устоз Эркин Воҳидов ғазалларидан олинган байт.
2. Фарҳанги забони тожики. М. 1969 й., 256-б.
Yaxshiliklarda ko'rishish umidi ila Kavsar.

Последний раз редактировалось Kavsar; 24.12.2011 в 13:01.
Ответить 
Старый 25.12.2011 15:32   #122  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири сенсан, бири офтоб,
Тарозу палласи икки: бири ердур, бири гардун.

Менинг интерпретациям :

Оффтоп:
Айбга буюрмайсизлар, шарх жуда эркин қилинди

Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири сенсан, бири офтоб,

Қуёшдек мехрибон бу - шоирнинг халқи. Бу ерга ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз, шунчаки, душманига хам мехр кўрсата оладиган халқнинг иккинчиси дунёда йўқ.

Тарозу палласи икки бири ердур, бири гардун.

Тарози адолат тимсоли. Икки палласи, бири Ер – замона, иккинчиси фалак – қисмат.

1968 йил - аксарият истибдод холатини ўзларига мақом қилиб олган давр эди, яъни марказсиз, «дохий оталар»сиз бир қадам ҳам қўйишга қодир эмаслиги халқнинг аксарияти учун энг катта ҳақиқат бўлган бир давр эди. Вахоланки, шоир билади, бу халқ бир пайтлар маърифат осмонида Зухро юлдузидек чароғон бўлган. Бугун бу хаммага аён. Аммо у давр кишилари мутлақо бошқача тасаввурда бўлишган. Бир мисол, бошига не кунларни солмаган Сталин ўлса, мотам сақласа, энг ачинарлиси, бунга уни хеч ким мажбур қилмаган, буни у ўз ўзидан қилган. Мафкура меваси.

У давр кишиси мустақил бўлиш у ёқда турсин, хатто у ҳақда орзу қилишга ҳам қодир эмас. Ва буларнинг барчаси фалакнинг иши. Чарх айланиб юзага келган манзарага боқинг, бир пайтлар шоирнинг бобоси Москов остонасигача бориб, босиб олишни эп кўрмаган, назар писанд қилмаган бир халқ энди, “мен сени одам қилдим” деб турган бўлса.
Маърифат ҳақида гапирмаса хам бўлади. 3000 йил бурун “Авесто”ни яратиб қўйган халқга минг йил бурунгина ёзишни ўрганган халқ “мен сени оқартирдим” деса.

Аммо дод дейсанми, вой дейсанми бу қисмат…

Ва ўртадаги 300-400 йиллик ғафлат учун адолатли ҳам бир жихатдан.

Шундан, икки қанотидан бири – Ватанининг қисматини туйиб турган, халқига Мажнундек ошиқ – шоир дуторининг бир тори махзун, байтининг бир сатри дилхун.

Маъшуқаси – халқи кўзи ўнгида уни ғорат қилсаларда, жоду таъсирида у буни кўрмайди, шундан шоирнинг икки кўзи Сайхун ва Жайхун.

Умуман ўша даврларда хурриятдек баланд ғоялар ҳақида орзу қилишга хар ким хам журъат эта олмас эди, бунинг учун киши фитратида бу тушунчалар мухрланган бўлиши лозим эди, унинг асли қул бўлмаслиги керак эди. Макони қоя ёки осмон бўлган лочингина эрк нималигини билади.

Шоир шуларни хис этади, бу унинг қалбида ўт чақнатади, аммо фалакни ўзгартиришга қодир эмас, ҳеч ким бунга қодир эмас, кўзлардаги ёш шундан.

Шоир баланд ғоялари учун тўлқин, хаммаслакларни излайди, аммо икки дўстидан бўлак хеч ким йўқ.

Последний раз редактировалось Muhammad Dovud; 25.12.2011 в 15:38.
Ответить 
Старый 28.12.2011 17:41   #123  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
El ichida yashab, elning orzu-umidlari, kurashlari, shodlik va qayg'ularini o'z she'riyatiga jo aylagan shoirimiz Erkin Vohidov bu kun muborak 75 yoshga to'libdilar!

Erkin aka, tavallud ayyomingiz muborak bo'lsin!
Siz, "O'zbegim" qasidasi orqali qasida yozilgan ilk yillardanoq millatimiz farzandlarini uyg'oqlikka chaqirdingiz: yuvvosh tarqoq va bechorahol bo'lmaslikka undadingiz. "Inson" qasidasi orqali o'z haqqi, huquqini tanigan inson-butun insonligini, o'z qadr-qiymati, shonu sharafini asrayotgan xalq-butun xalqligini ta'kidladingiz. Xalqining ulug'ligini, millatining buyukligini ehtirom ila ko'rsata olgan ijodkor har doim xalqining e'zoziga sazovor bo'lgan va bugungi kunda ham sazovor bo'lib kelmoqda. Siz she'rlaringiz, asarlaringiz orqali xalqimiz kechmishini qiyshiq oynaga solib emas, butun boyligi va qarama-qarshiligi bilan, haqqoniy, ajdodlarimiz madaniyatini hurmatlab, chinakam insonparvarlik an'analari asosida tasvir etgansiz. Shu jihatdan asarlaringiz xalqimizning qadriyatiga aylangan, yaqin o'tmish 60 yil mobaynida xalqimiz sevib ko'ziga to'tiyo qilib mutolaa qilib, yod olib kelmoqda. Bundan keyingi yuz yillar mobaynida ham bu qadriyat millat ruhiyatida asrab-avaylanadi.

Ustoz Erkin Vohidov!
Millatimiz, xalqimiz baxtiga sog'-omon bo'ling, yuz bilan yuzlashib yuring. Sizdan qorong'u dillarni yorituvchi mayoqdek she'r, doston, qasidalarni-nazmiy javohirlarni kutib qolamiz.
Ответить 
Старый 28.12.2011 21:13   #124  
Known ID Group
Аватар для Bekmirzo
Оффлайн
Сообщений: 1,253
+ 1,042  1,526/636
– 63  80/43

Uzbekistan
Sevimli shoirimiz Erkin Vohidovni qutlug' 75 yoshlari bilan muborakbod etaman! Yaratgandan ularga sermazmun va serfayz umr hamda serbaraka ijod tilab qolaman. Adabiyot muxlislari baxtiga sog'liqlari mustahkam bo'lsin!
Ответить 
2 "+" от:
Старый 29.12.2011 13:25   #125  
Аватар для Kavsar
Оффлайн
Сообщений: 769
+ 2,104  1,209/531
– 1  2/2

Uzbekistan
Assalomu alaykum!

Qadrli ustozimizga sihhat-salomatlik, oilaviy baxt, tinchlik va xotirjamlik tilayman! 75 Yillik yubiley yoshingiz qutlug' bo'lsin! Hamisha xalqimiz baxtiga sog' bo'lib yuring va ziyo istagan qalblarga ziyo ulashuvchi asarlaringiz yanada ortib borishini tilaymiz!..

Оффтоп:
"G'azalni sevgan qiz" degan she'ringiz menga juda juda yoqadi...

Sen kulib turibsan, har qanday shoir,
Ko'zlaring o'tida erib ketadi.
Hofizi Sheroziy tirilib hozir,
Xolingga dunyoni berib ketadi...


Ijodingizdagi pok va ko'tarinki, shodlik ulashuvchi ruhiyat hamisha nur taratib tursin...

Hurmat va samimiyat bilan
Kavsar
Ответить 
Старый 09.01.2012 13:11   #126  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Дил тубига чўккан лаҳзалар

Цитата:
Мен айтиб турай, сен ёз!

1960 йили мен эндигина университетни битириб, ёшлар нашриётида иш бошлаган эдим. Торгина хонада тўрт киши ўтирардик: уч муҳаррир ва мен – кичик муҳаррир.
Бир куни хонамизга орден таққан кекса бир одам кириб келди ва салом - аликдан сўнг: - Менга шоир керак, ичингизда ким шоир? - деб сўради. Нашриётнинг энг катта шоири Қудрат Ҳикмат эди. Лекин у кишининг чоллар билан суҳбат қуришга тоби йўқ эди шекилли, меҳмонга пойгакда ўтирган мени кўрсатиб, ана шоир, деди ва ўзи ўтирган стулни қарияга бўшатиб ташқарига чиқди. Қолганлар ҳам бирин-сирин чекиш баҳонасида хонани тарк этдилар. Қария стулга бафуржа чўкиб, муддаони баён қилди:
- Гап бундай, ўғлим, ёшим етмишдан ошди, урушни кўрдим, Фарғона каналида ишладим, колхоз қурилишида қатнашдим. Кўрган кечирганларим ўзим билан кетмасин, мен айтиб турай, сен ёз. Айтаберсам катта рўмон бўлади.
Ёши улуғ, муҳтарам меҳмонга қандай баҳона қилишни билмай турган эдим, “рўмон” сўзи жонимга оро кирди. – Мен рўмон ёзмайман, - дедим афсус оҳангида - фақат шеър ёзаман.
- Барибир эмасми, - дея эътироз қилди меҳмон – Биз китоб ёзадиганларнинг ҳаммасини “шоир” деймиз.
Хуллас, ўша куни орденли қарияни хурсанд қилолмадим. Минг узр ва баҳоналар айтиб кузатдим. Чолнинг ғамгин чеҳраси кўз ўнгимдан кетмайди. Мана бугун замонлар ўтиб ўзим дунёнинг аччиқ-чучугини тотиб кўргач ўша қариянинг эҳтиёжини сезиб турибман. Бирор қаламкашга, мен айтиб турай, сен ёз, дегим келади-ю, аммо мен қалбдан кечирган туйғуларни ким ўзимдек баён қилолади?
Инсон умрида кўрган кечирганларини ёзиб чиқса яна битта умр керак бўлади. Ўйласам, ўтган фурсат оқиб кетган қум экан. Ботмонлаб қумдан мисқоллаб олтин олинганидек ҳаётинг мазмуни бўлган, сени инсон қилиб шакллантирган, дил тубига чўккан олтин лаҳзалар бўлар экан. Бундоқ бойликни фарзандларга мерос қилиб қолдирса арзийди. Яхши ният билан қўлга қалам олдим. Кўрганларим сиз ёшларга ибрат бўлсин, мен қоқилган тошларга сиз қоқилманг, дейман. Биз бош урган баланд деворларни, биз тўрт букилиб кирган паст эшикларни сиз кўрманг. Ўзга олам, ўзга даврон, озод ва обод Ватан сизники. Йўлингиз ойдин бўлсин.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 09.01.2012 13:13   #127  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Дил тубига чўккан лаҳзалар

Цитата:
Ҳаётнинг биринчи зарбаси

1962-йилда мени бир гуруҳ ноширлар қаторида Боку ва Ереванга, Озарбайжон ва Арманистон нашриётчилари билан тажриба алмашиш учун сафарга юборишди. Кавказнинг сеҳрли манзаралари, денгизу тоғлари мени лол қолдириб, бир туркум романтик руҳдаги шеьрлар ёзган эдим. Айниқса, ғазалларини жондан севиб қолганим Муҳаммад Фузулийнинг мармар сиймосини Бокуда кўриб чексиз ҳаяжонга тушганман. Ўшанда бамисоли ўз-ўзидан қуюлиб келган “Фузулий ҳайкали қошида” шеьри мен учун ҳали-ҳамон қадрлидир.
Ўшанда мен мумтоз шоир шеьрларига маҳлиё бўлиб, ўзим ёзган сатрлардан ўзим завқланиб юрганимда, бу шеьр менга талай кўргиликлар келтиришини ўйлабмидим?
Шеьр “Ўзбекистон маданияти” газетасида босилгач кўп ўтмай Ёзувчилар уюшмасининг йиғинида ушбу даргоҳ раҳбарларидан бири мени аёвсиз танқид остига олиб, шеьрларимни сиёсий тутуриқсизликда, ёт ғояларни тарғиб қилишда, пессимизм ва яна аллақанча мен тушунмаган “изм”ларда айблади. Танқид марказида “Фузулий ҳайкали қошида” турди. “Бизлар, - деди нотиқ, - ёш шоирни Кавказга сафарга юборганимизда у Боку нефтчиларининг қаҳрамонлик меҳнатидан илҳом олиб, кўкка бўй чўзган нефт қурилмалари ҳақида залворли шеьрлар ёзар, деб ўйлаган эдик. У бўлса аллақайси шоирнинг кўз-ёшларини шеьрга солибди. Партия шоирлар олдига улкан вазифалар қўйиб турганда, бундай ижод намуналарини ёзиш ўтакетган маьсулиятсизликдир!” Ўшанда гулдурос қарсаклар билан қарши олинган оташин бу нутқ Ёзувчилар уюшмаси деворларидан ошиб, компартия ва комсомолнинг баланд минбарларига кўтарилди. Аввал менинг исмим комсомол сьездида маьрузага тушди, сўнг Ўзкомпария котибининг пленумдаги нутқида тилга олинди. Барча танқиднинг мазмуни ўша Ёзувчилар уюшмасидаги дашномнинг ўзи эди. Ёш умидли шоир бўлиб юрган йигит бир лаҳзада буржуа ғояларини ташувчи ёт унсурга айланиб қолдим. Менинг изтиробли, аламли, ички исён билан тўлиб тошган кунларим бошланди.
Ҳар балонинг дафьи бор, ҳар зарарнинг нафьи бор, дейдилар. Юқори даргоҳларнинг ғазабли наьраси акс-садо бериб, элдан менга эьтибор, ҳамдардлик бўлиб қайтди. Танимаганлар таниди. Бирор шоирни ҳалқ ичида машҳур қиламан, деган ҳукумат унга мақтовлар ёғдириб тарғиботлар қилмасин, балки аёвсиз дўппосласин экан. Айниқса, шўро давридаги каби эл назаридан қолган ҳукумат учун бундай тескари тадбир айни муддао бўлар экан.
Шундай қилиб менинг ҳеч ким танимаган номим миш-мишлар қанотида элга тарқалди, биров ўқимаган шеьрларим қидириб топиб ўқиладиган бўлди. Ахир Ўзкомпартиянинг мафкура котиби ўзи олий фирқа минбаридан тилга олиб турса мен машҳур бўлмай ким машҳур бўлсин? Менга томон йўналтирилган қудратли зарба бамисоли митти қушга қарата отилган замбарак эди. Бу зарба ҳар жиҳатдан менга фойдали бўлди. Аввало мени элга танитди, ўз юртимда ва қардош ҳалқлар ичида дўст ва ҳайриҳоҳларим кўпайди. Ўзим ҳушёр тортиб, ёшлик, ҳаваскорлик қобиғини тезроқ ёриб чиқишим учун ҳам бундай “совуқ сув”нинг фойдаси бўлди.
Аслида бизнинг устимизга етиб келган қора булутларнинг туғилган макони Москов шаҳри эди. Шўро раҳбари Никита Хрушевнинг бир гурух янгича фикрловчи ижодкорларга минбарни муштлаб қилган дардағаси, мафкурада мен сталинчиман, дея ўшқирган овози Тошкентда ҳам акс-садо берган эди. Московдаги каби бу ерда ҳам адашган ёш ижодкорларни топиб танбеҳ бериш керак эди. Шу талабга “лаббай” деб жавоб берган ўзимиз бўлиб чиқдик.
Бу тарихни эслашдан мақсад зинҳор ўзимни ўтмиш жабрийдаси қилиб кўрсатиш эмас. Шукрки, ўттизинчи ёки эллигинчи йилларнинг довуллари бизнинг бошимизга келмади. Давр бошқа, муҳит бошқа эди. Ҳаётнинг илк зарбасидан омон чиқдик, лекин синовлар ҳали олдинда эди.
Ответить 
Старый 09.01.2012 13:14   #128  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Дил тубига чўккан лаҳзалар

Цитата:
Болалигим боғлари
Тахтапулдан чиқиб кунчиқар томонга бирор чақирим юрмасдан кенг дала ва боғлар бошланарди. Биз ёз бўйи билқиллаган иссиқ тупроқни ялангаёқ босиб, олмазор, узумзорларда ўйнар, полизлардан ҳандалак, қовун-тарвуз узиб, ёриб ердик, ариқларда чўмилардик.
Тошкент аҳлининг кўпчилиги ёзда дала ҳовлисига кўчиб кетар, кеч кузгача меҳнат қилиб қишликни ғамлаб қайтарди.
Ҳозирги кичик ҳалқа йўл билан Уста Ширин кўчаси оралиғида қариндошларимизнинг боғлари, полизлари бўлар, баҳорги қулупнай мавсумидан то кузги хазончинаккача, ҳам ҳашар, ҳам ошар деганларидек, у ерлардан қадамимиз узилмасди. Ёнғоқ қоқиш ва териш борми, тутга чиқиб шох силкитишу тут тагида чодир тутиб туриш борми, ҳаммаси бизнинг бўйнимизда, ўйнаб-яйраб бажарар эдик.
Кекса тут шохлари бизга ҳам топ-аттракцион, ҳам люкс ресторан эди.
Ўша болалик кунларимни эсласам димоғимга жийда гулининг ҳиди келади. Дала ҳовлининг эшиги ёнида ўсган бир туп жийдадан атрофга ширин бўй таралар, унинг тагидан нари кетгим келмасди.
Ответить 
Старый 09.01.2012 13:15   #129  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Дил тубига чўккан лаҳзалар

Цитата:
Кўмилган тракторлар
Ўттиз еттинчи йилнинг “қама-қама”сида кунлардан бир кун Олтиариқ тумани прокурорига махфий конверт келади. Конверт ичида судья Карим Сахибоевни қамоққа олиш тўғрисида ордер бўлади. Прокурор ўз дўстини, яъни менинг тоғамни бу гапдан огоҳ қилади ва тунги поезд билан Тошкентга жўнатиб юборади. Эртаси куни ўзи қамоққа олинади.
Мен бу улкан гавдали одамни биринчи бор 1956 йилда кўрганман. Маҳкам ака Сибирнинг қаҳратонларини кўриб, Магадан, Воркута лагерларида соғлиқдан айрилиб қайтган эди. Бизникига ҳарсиллаб-гурсиллаб, оёғини зўрға судраб келар ва айвонга ўтириб сув сўрарди. Чўмичда эмас, пақирда олиб кел, дерди.
Ҳозир энди фикр қилсам, у шўрлик исканжа азобларида минг дард қатори қанд касаллигини ҳам орттирган экан.
Мустабид тузумнинг қурбони бўлиб тирик вайронага айланган бу инсон ўз бошидан кечирган антиқа ва даҳшатли воқеаларни менга сўзлаб берарди.
Маҳкам акани Фарғона ҳибсхонасига қамагач уни сўроқ қилиш ўрнига олдига бир варақ оқ қоғоз қўйиб, шундай дейдилар: “Ўзинг прокурорсан, бизнинг ишимизни биласан. Сени қийноққа солиб ўтирмайлик. Халқ душмани эканингни бўйнингга олиб, иқрорномани ўзинг ёз.
Замон сиёсатини тушунган Маҳкам Каримбоев шундай мазмунда иқрорнома ёзади: “Мен ҳақиқатдан ҳам колхоз тузумига қаршиман, халқ душманиман. Бунинг исботи шуки, колхознинг элликта тракторини жарликка кўмдириб юборганман…”
Тутқун прокурор албатта бундай “иқрорнома”га бирор оқил инсон ишонмаслигини билган. Биринчидан, ўша замонда колхозда элликта трактор нима қилсин! Иккинчидан, яқин атрофда жарликнинг ўзи йўқ. Учинчидан, трактор игна эмаски, элликтаси кўмиб юборилса-ю биров тополмаса.
Ўшанда айбим текширилар, адлия тизимида бирор эсли одам бордир, деб ўйлабман. Адашган эканман, - дерди Маҳкам ака, - Бундай тизимнинг ўзи йўқ, адолат эса отиб ўлдирилган экан. Ўзим тўқиган бетайин гуноҳ билан ўн тўққиз йил маҳбуслик азобини чекдим.
Бу сўзларни эшитганда мен биринчи курс талабаси эдим. Менинг ёш кўнглимга ғалаён солган, содда хаёлларимни ағдар-тўнтар қилган бу дардли ҳикояни эсласам ҳали ҳануз вужудим ларзага келади.

Ответить 
Старый 09.01.2012 13:17   #130  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Дил тубига чўккан лаҳзалар

Цитата:
Бир хатонинг изтироблари
Беайб – Парвардигор. Инсон зоти ҳатолардан эмин эмас. Бу чалкаш дунёда, айниқса, биз бошдан кечирган янглишлар тўла давронда адашмоқ табиий эди, бугун ҳам шундай ва балки одамзод ноқисликдан ҳеч қачон ҳоли бўлмас. Лекин бу оламда шундай хатолар борки, уларнинг чоҳига тушган киши умрбод ёруғликка чиқолмайди. Мен ўз кўзим билан кўрган бир воқеа бундай фалокатнинг аянчли намунасидир.
Иккинчи жаҳон уруши тугаб, ғалаба ҳайқириқлари тинмасдан, байрам мушаклари сўнмасдан Шўролар давлатида ялпи қаматишларнинг навбатдаги тўлқини бошланди. Бу тўлқиннинг дастлабки зарбасига зиёлилар – атоқли олимлар, шоирлар, ёзувчилар учрадилар. Миллий адабиёт вакиллари ичида умумэьтироф этилган барҳаёт мумтоз адиб, ўша замонда, шуҳасиз, Ойбек эди ва шўро мафкуравий сиёсатининг палаҳмон тоши даставвал шу улуғ ёзувчига қарата отилди.
Биз бошдан кечирган тузумнинг ўта нозик, кўп синалган ва очиғини айтганда ўта қабиҳ услуби бор эди. Уни қисқача қилиб, сопини ўзидан чиқариш услуби дейиш мумкин. Агар бирор миллат фарзандига зарба уриш керак бўлса, бу иш албатта ўша миллат вакилининг қўли билан қилинар, ҳукмни ижро этувчи ўша юртнинг ўзидан топилар эди.
Тақдир тақозоси билан Ойбекка отилган тошга адабиётшунос Ботир Файзиев палаҳмон бўлди. Ўзкомпартия газетаси бўлган “Қизил Ўзбекистон”да Ойбекни миллатчиликда айбловчи мақола шу олим имзоси билан босилди. Ёзувчига қўйилган айб ўтакетган уйдирма, кулгили даражада саёз ва мантиқсиз эди. “Навоий” романида тасвир этилган бир қаҳрамоннинг шароб ичиши лутф билан қозоқнинг қимиз сипқоришига ўхшатилган. Мақолада айтилишича, бу ўхшатиш қозоқ ҳалқини масхара қилиш бўлар экан. Бундан хулоса, Ойбекнинг романида миллатчилик ғояси олға сурилган, ҳалқлар дўстлигига бегона руҳ мавжуд.
Аввало қозоқнинг қимизхўрлиги, ўзбекнинг чойхўрлиги, француз ёки гуржининг мусалласхўрлиги каби одатий ҳол ва бундан ор қилиш ўринсиз. Бильакс, миллий одат сифатида қадрланадиган ҳолатдир. Қолаверса, асардаги тасвирда азал-азалдан ўзбекка биродар, туғишган, ҳазилкаш дўст ҳалққа нисбатан беозор ва меҳр тўла лутфдан бошқа туйғу йўқ. Буни қозоқ ҳам ўзбек ҳам ҳис қилиб турганда улуғ адиб бошида гумбурлаган момақалдироқ, айниқса бугунги кўз билан қараганда, бағоят таажжублидир. Лекин у замонда ёзувчини миллатчиликда айблаш, унга ўлим ҳукмини чиқаришдек даҳшатли иш эди. Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир каби ўнлаб ижодкорларнинг шу каби танқидлардан сўнг йўқ қилинганини ўз кўзи билан кўрган Ойбек адолатсизлик изтиробидан фалаж ҳолатга тушди ва умрининг сўнгигача ўнгланолмади. Бу зарбадан кейин яратилган асарлар яримта жон билан, кучли сабот ва ирода эвазига дунёга келган ижод намуналаридир.
Ойбекни фалаж қилган аслида қаттол тузум эди. Аммо тузум кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган бир қудрат бўлгани учун элнинг ғазаб ва қарғиши ўша тузум ҳукмини ижро этган аниқ ва мавжуд шахс – Ботир Файзиев бошига ёғилди.
Мен 1960-йили университетни битириб ёшлар нашриётига ишга келганимда Ботир Файзиев шу даргоҳда муҳаррир бўлиб ҳизмат қилар экан. Тақдирнинг тақозосини қарангки, Ойбек ижодининг ашаддий мухлиси, Ойбек сўзининг сеҳрига маҳлиё бўлиб юрган ёш шоир Ойбекка тош отиб ўзбекнинг Дантеси дея ном олган одам билан бир ҳонада бир йилга яқин рўбарў ўтириб ишладим.
Ошкора ва пинҳон надоматлардан, таҳқир ва қарғишлардан зада бўлган бу одам кун бўйи қоғоздан бош кўтармай ишлар, ҳеч ким билан гаплашмас, девонаваш ҳолатда хаёл суриб юрар эди. Ҳеч бир гуруҳ, ҳеч бир улфат уни ўз қаторига чақирмас, ўзи ҳам бунга интилмас, ёлғизликни ҳаёт тарзига айлантирган инсон эди у. Бундайлар тўғрисида, ерда унинг ўзи эмас, сояси юрипти, дейдилар.
Бир йилга яқин индамас одам билан бир хонада ўтириб ишлаш осон эмас. Мен неча бор оғиз жуфтлаб Ботир Файзиевдан ўша машьум мақоланинг ёзилиш тарихи тўғрисида, уни шундай ишга мажбур қилган ҳолат тўғрисида сўрамоқчи бўлдим. Лекин бу мажруҳ юракнинг ярасини янгилагим келмади. Уни биринчи кўргандаги ҳушламаслик ойлар ўтиб ачинишга, замоннинг тирик қурбони бўлган инсонга нисбатан раҳм-шафқатга айланди.
Ҳар қандай жазо гуноҳга яраша бўлса дуруст. Салгина паришонлиги учун машина уриб ўлдирган йўловчининг очиқ қолган кўзларида ҳайрат қотиб қолади... Ботир Файзиевни замон машинаси тириклай тилка-пора қилган эди. Бу йигирма йиллик қамоқдан ёки сургундан оғир жазо. Ботир Файзиевнинг изтиробларини ҳеч ким англамади ва кечирмади. Фақат бир олижаноб инсонгина уни кечириб, мадад қўлини узатди. Бу инсон - Ойбекнинг ўзи эди. Адашган олимнинг илмий асарини улуғ адибнинг ўзи қўллаб қувватлади.

Бу воқеа – мен гувоҳ бўлган бир тақдир ҳикоясидир. Ойбекнинг ўзи кечирган инсонни Оллоҳ ҳам раҳматига олган бўлсин. Улуғ адиб ва улуғ инсон бўлган устозга эса ўзи гўзал шеьрларида таьрифлаган боғу чаманлар бақо салтанатида насиб этсин. Биз - янглиш тўла дунёда яшаб юрганларни Оллоҳ оғир хатолардан, умрни ҳазон қилгувчи гумроҳликлардан асрасин.
Яна бир тилагим, жамият баркамол, ҳаёт маьноли ва ёруғ бўлмоғи учун инсонлар ичида Ойбек каби олижаноб, кечиримли қалб эгалари кўпроқ бўлсин.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх