AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Цитата:
Зуҳриддин Исомиддинов: Саволингизнинг ҳажми унинг залворига яраша бўлди, балли. Матбуот майдонидаги мулоқот шундай очиқ-ёруғ, дангал бўлгани дуруст. Тўйхона бўсағасида меҳмон кутаётган одамлардай табассумлар алмашиб, ияк сийпалаб, ўзаро таъзим-тавозе қила берсак... унинг кимга кераги бор?
Эсдан чиқмаслиги учун Хадичабегим ҳақидаги охирги саволингиздан бошлайлик. Ҳа, Навоий уни “Билқиси соний” деб атаган. Бунинг устига, сиз айтгандай, “маҳди улё”, “исматут дунё” деган унвонлари ҳам бўлган (ўша замоннинг орден-медаллари!).
Сиз “бу икки буюк зот бир киши ҳақида мутлақо бир-бирига тескари фикр айтмоқдалар”, деяпсиз. Менимча эса, ҳар иккови битта гапни икки хил шаклда айтишган. Келинг, Навоийнинг ҳам, Бобурнинг ҳам у ҳақдаги фикрлардан бир лаҳза кўз юмиб, тарихга мурожаат қилайлик. Бу аёл ўз макру ҳийлалари билан Хуросон мамлакатида катта мавқе қозонгани, аммо оқила хотинларга хос бўлмаган турли қилмишлари – рофизий бўлгани (шиа мазҳабига ўтиб, уни тарғиб қилгани), саройдаги фитначи аъёнлар билан тил бириктириб, подшоҳ ўғилларини бир-бирига гиж-гижлагани, оқибат – Ҳусайн Бойқаро ўғлига қарши жанг очиб, ака-укалар бир-бирига уруш бошлагани маълум. Айнан шу аёл шоҳнинг бадмастлигидан фойдаланиб, унинг суюкли невараси Мўмин Мирзони қатл қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чектирганини эсланг. Хадичабегим Ҳусайн Бойқаро салтанатига раҳна солгани равшан.
Албатта, Навоий ўша даврда буни очиқ айта олмас эди. Аммо менимча, Навоийнинг мақтовини мадҳ деб тушунмаслик керак: шоир ишора усулини қўллаб, Ҳусайн Бойқарони Сулаймонга менгзаган. Сулаймоннинг эса бир ожизлиги бор эди – жаҳонда энг улуғ подшоҳ бўлса-да, айрим хотинларининг (70 ё 90 хотини бўлган) сўзини икки қила олган эмас, уларнинг хато даъватларига кўнган. Демак, Навоийнинг бу “мақтов”и – коса тагида нимкоса бор, деганга ўхшайди. Яна тўғрироғи, шоҳкоса. Боз, Ҳусайн Бойқарони мадҳ этиб ёзган байтларига қараб Навоий Бойқаро ҳақида шундай юксак фикрда бўлган экан, деб тушуниш ҳам бирёқламалик бўлур эди. Навоий подшоҳни ўшандай б ў л и ш г а ундаган. Филжумла, Хадичабегим таърифидаги мисралардан ҳам шундай истакни уқиш мумкин. Яъни, “Билқиси соний” подшоҳга зимдан ёв эмас, балки “ҳамдам, ҳамнишин, мунис” бўлиши кераклиги... Яна бир гап. Сулаймон нима сабабдан йиқилгани ёдингиздадир? У таяниб турган ҳассани қурт емирган экан. Бу ҳассани, бу қуртни ҳам рамзий талқин қилиб кўрайлик...
“Бобурнома” эса реалистик асар. Бобур унда барча гапини ошкор баён этган, шахсларга нафақат реал, ҳатто рационал нуқтаи назардан баҳо берган. Шу маънода, агар бу рамзу ишоратларга эътибор қилмай, саволни яланг тушунсак, унда жавоб ҳам яланг бўлади: Бобурга ишонамиз.
Машраб билан Сўфи Оллоёр ўртасидаги мунозарага келсак, уни мен ўйлаб топмаганман, китобларда битилган. Сиз баъзи олимлар Машраб ҳаётини баён қилувчи бу китобларни у ёки бу иллатига кўра инкор қилишган, деб айтяпсиз. Балки уларнинг эътирозларида ҳам жон бордир. Аммо шу ўринда америкалик ёзувчи O’Ҳенрининг бир ҳикояси ёдга келади: кечки пайт кўкка тикилиб ўтирган бир қиз “Вой, ана Вилли Жексон юлдузи!” дейди ҳаяжон билан. Бошқа қўшни аёл “Вой тавба, ахир у фалон туркумнинг альфа юлдузи-ку!” деб қизни масхара қилади. Бир қўшни эркак эса хаёлчан қизнинг ёнини олади: “Ўша сиз айтган мунажжимлар қайси юлдузга қанақа ном қўйишган бўлса, бу – уларнинг иши. Аммо бу хонимнинг бирон юлдузга ном қўйишга ҳаққи ҳам уларникидан асло кам эмас!”
Машрабни кўрган, у билан бирга юрган замондош одамлар битган китоблар қай бир сабаб билан чиқитга чиқар эмиш-да, “Мабдаи нур” у Машрабникими, бу Машрабникими” деган биргина саволга ўнлаб мақолалар ёзиб ҳамкасбдошига маъқуллата олмай, талашишаётган домлаларнинг сўзи мўътабар бўлар эмиш. Тўғри, “Тазкираи қаландарон” ҳам, “Қиссаи Машраб” ҳам фундаментал тадқиқот эмас, халқ йўлида битилган асарлар, уларда илмий изчиллик эмас, Машрабга муҳаббат руҳи етакчилик қилади. Аммо Машраб билан Сўфи Оллоёр ўртасидаги мунозара баёни ҳар икки китобда бир хил эканига эътибор беринг-а. Шунинг ўзиёқ ўша муноқаша реал равишда кечганини, баҳс мавзуи айнан нималиги, бу икки улуғ инсоннинг дунёқарашида катта тафовут бўлгани тўғри ёритилганини кўрсатмайдими? Сиз Сўфи Оллоёр ўзбек адабиёти тарихида уч тилда баб-баравар ижод қилган зот-ку, деб айяпсиз. Менимча, бунинг айни масалага дахли йўқ. Уч тилда ёзганми, тўрт тилда ёзганми...
Сўфи Оллоёрга ҳам, Машрабга ҳам ҳурматим қанча эканини ўзим биламан, бари дилимда, аммо ҳар жумлада “ҳазрат фалончи” деявермайман. Биласизми, бизда ғалати бир иллат бор: ўтмишдаги бирон олимни, шоир ёки уламони, подшоҳ ё саркардани бир қораласак, қора ер билан битта қиламиз, аммо замон бир айланса, ўша шахсни шунчалар кўкка кўтарамизки, қуёшдан ҳам тепароққа чиқиб кетади. Шунинг нима кераги бор? Ахир, ҳар бир одам –банда, бандаи ожиз. Инсоний улуғлик, инсоний фожиалар кимда бўлмайди...
Сўфи Оллоёр ҳаётда ўта сезгир одам бўлган кўринади. У Машраб билан учрашишни истамаган, чунки оқибати қанақа бўлишини пайқаган. Ахир ўзингиз ўйланг: қанча подшоҳу беклар пойипатак бўлиб, бир назарига илҳақ турган Машрабдай одам излаб, Каттақўрғонга икки сафар борса, изини ҳам кўрсатмай (“Топмасак Сўфи изин Каттақўрғона юруб...”), ахийри Қабодиёнда ноилож рўбарў келса? Ё, Машрабнинг ўша қишлоқда битган ғазали ҳам ғалатми? Эътибор беринг – Машрабдан бошқа ким шундай ғазал ёзади? Бу ғазалда Сўфи Оллоёр диний етакчи бўлган Қабодиёнда кимда-ким сал тик қараб, нега зулм бунча ошди, дея савол берса, у ўша ондаёқ “кофир” деб эълон қилиниши кўрсатилган.
Энди асосий саволингизга келайлик. Боя айтганингиздек, мен Сўфи Оллоёрнинг “Маслакул муттақин” асаридаги бир парчани келтирганман: “Яна бир тоифалар лавандлик (ишёқмаслик) бирла ишлар қилурлар, отларин “девона” қўйуб, ўзларини мастлардек қилурлар. Шариат бирла парволари бўлмас. Ва яна айтурларки: “Бизлар ошиқдурмиз, бизларга намоз ва рўза даркор эмас”. Аларнинг улфати Шайтондур. Бу сўзларга бовар қилиб, андоғ гумроҳға эътиқод қилса, ул Худони душманидур. На учунким, улар Худони оятига мункирдур. Ҳар киши оятга мункир бўлса, бешак кофир бўлур”
Ва давомида, “Сўфи Оллоёрга замондош, отини “девона” қўйган, ўзини ошиқ деб атаган, Сўфи Оллоёрнинг қаҳрини қўзғаб, унингча, “шариат бирла парвоси бўлмаган” одам ким бўлиши мумкин эди? Шубҳа йўқки, у... Бобораҳим Машраб эди” деб ёзганман. Демак, менинг талқинимда Сўфи Оллоёр Машрабни куфрда айблаяпти.
|
Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 27.10.2011 в 10:43.
|