Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 15.12.2010 18:14   #81  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн иккинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Ўшанда «Независмая газета»да «Кремл картографлари қўйган бомба Ўрта Осиёни портлатиб юбориши мумкин» сарлаҳва остида ваҳимали мақола эълон қилинди. Ошкоралик шарофати билан босилган бу мақолада Шўро мафкурачилари Ўрта Осиё халқларини ўзаро доимий низо ва ихтилофда ушлаб туриш учун нотўғри чегара сиёсати ўтказганликлари хусусида сўз юритиларди. Ҳақиқатда, асосан, ўзбеклар яшовчи Ўш вилоятининг Қирғизистон ҳудудига киритилиши ҳам империянинг «Тақсимлаб ташла, ҳукмронлик қил» сиёсатига тўлиқ мос эди.
Халойиқ бу найрангларни қаёқдан билсин? Унинг учун чегара муаммоси етмай турганди. У ишонади. Оғир келса йиғлайди ва аламини кўз ёшдан олади. Ниҳоят, шоир айтганидек «ниқоблар йиртилган кунда жаллодлардан қасос олиш» фикрини хаёлига ҳам келтирмайди. «Қон кўлида қалқиб юрган салтанат» ўзини асраб қолишни истарди. Бунинг учун миллий республикалар ўртасида муросасиз низо чиқариш керак эди. Қирғизлар билан ўзбеклар, тожиклар билан ўзбекларни бир-бирига қарши қўйиш сиёсати охир-оқибат бу минтақада кучли вулқон бўлиб портлаши лозим эди. Империя бошдан кечираётган ўлим талвасасида фақат қон билангина яшаб қолишини англаб етган сўнгги императорлар «тиғларини қайрай бошладилар». Бу тиғ ўзбекларнинг бўйнига тушди. Худди шу халқ:

Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
энди бутун дунё билар бу ҳақда.
Қандай мўмин эди,
қандай яхшийди
анқайиб жимгина терганда пахта.
Қайта қуриш ўзи чиқди қайданам? –
юксак қалълардан боққан ўғрилар
улкан мамлакатнинг бутун айбини
содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб.
Шунда буюк денгиз чайқалиб кетди,
майдонларни босди бир ювош зулмат.
Шоирлар уйғота олмаган элни
уйғотиб юборди маломат, туҳмат.
Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
бўҳтонга кўмилиб турар асабий.
Ўзин майдонларга сиғдира олмас,
болалар қонига ўтар ғазаби.
Яхшилик тугади, ёмонлик ҳам гоҳ,
бўлмаса озгина қўйсалар мақтаб,
бугун ҳам саҳардан қаро шомгача
жимгина илжайиб терарди пахта.

Ўзбеклар ҳамиша империянинг томоғидаги сўнгак бўлиб келди. 30,50-йиллардаги қатағонларда энг катта талафот ҳам ўзбеклар бошига тушди. Империя вақт-вақти билан «каллаклаб туриш сиёсати»ни ўтказаркан, миллатимизнинг ёрқин сиймоларини йўқ қилишга ҳаракат қилди. Худди шундай қатағонларнинг энг сўнггиси саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида содир этилди. Бу қатағон империя таназзулини тезлаштирди. Бутирка ва Лефортова қамоқхонларига катта суръатлар билан олиб кетилган ўзбеклар ҳали 30-йиллардаги каби авахтада жон таслим қилмай, империянинг ўзи жон бера бошлади. Бу гал ўзбекларга «босмачи», «халқ душмани» ёрлиқлари эмас, очиқдан-очиқ «ўғри» тамғаси босилди. Улар ўйлаб ҳам ўтиришмади. «Ўғри – ўғри-да!..» Хўш, ўзбеклар нимани ўғирлаган эдилар? Пахтани. Қайси валламатнинг экиб, етиштириб қўйган пахтасини? Шўрлик ўзбеклар ўз ерида ўниб-ўсган ва ўзининг жонидан бино бўлган болалари, қизлари изиллаб қора қишда йиғиштирган пахтасини «ўғирлаган» эканлар. Хайрият, дейсан, баъзан ёқа тутиб, яхшиям оқ қайинларни тунамаган эканмиз!. Шавкат Раҳмон аслида фасоҳатли лирик шоир эди. Аммо, умрининг охирги йилларида у бутун истеъдод ва иқтидорини сиёсий шеърларга қаратди. Рўй бераётган воқеа-ҳодисалар аслида гўзаллик ва нафосатнинг теран шайдоси бўлган шоир тилини аччиқ ва шафқатсиз мажозлар тилига айлантирди. Киноя, гротеск, ошкора норозилик, ўрни-ўрни билан аёвсиз ҳақорат шоир шеърларининг ижтимоий таъсирини ошириб юборди. Шоирнинг пиёз пўстидек юпқа китобларини одамлар қўлма-қўл қилиб ўқий бошладилар. Кутилмаган ташбиҳлар ижодкори саксонинчи йилларда энг оммавий шоирларимиздан бирига айланди. Баёнчилик ва қуруқ сўзамоллик шеърияти табиатига батамом ёт Шавкат Раҳмон китоблари ҳарчанд оғир, мурккаб ва воқеабандликдан иборат бўлса-да, халқимизнинг минбари бўлиб қолди. Шоир «Баттол орзуси» номли шеърида мустабид империячиларнинг жирканч башарасини аёвсиз фош этди.

Халақит беради
ҳамиша бу вақт,
бемалол ишлашга қўймас бизларни.
Қанча чўлпонларни отувдик пақ-пақ,
зўрға яширгандик қонли изларни…
Аммо вақт очворди…
биз гумдон қилган
ҳозирча… ўттиз-қирқ милёнта мурда
содда-гўл халқларга жи-н-ндай тешилган
калла чаноқларин кўрсатиб турар.
Хўш, мунча ваҳима…
ахир сиёсат
вақти-вақти билан қон талаб қилар,
ахир ҳурфикрлик деган риёзат
ҳар қандай давлатни йиқита билар.
Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ,
ҳалиям тошларни кесар болтамиз.
Агар керак бўлса,
Ўқларимиз кўп,
ҳаммани бир бошдан пақ-пақ отамиз…

Аччиқ кинояли тасвирга эътибор бердингизми? Вақт ҳар нечук мустабид империядан ҳам қудратли. Унга бўйсинмайдиган кучнинг ўзи йўқ. Вақт қонхўр сиёсатлар тупроқ қаърига ташлаган тарих сўнгакларини қазиб олади ва нафақат музейларга олиб боради, балки авлодлар хотирасига жон ато этади. «Қон талаб қиладиган сиёсат»лар ҳамиша халқларни каллаклаб келган. Шоир ўткир метафоралар воситасида мустабид тузумнинг жуда пинҳон асрорларини очиб ташлайди. У бир азоб билан «яширган излари»нинг вақт гирдубоди очиб ташлашидан таҳликада. Нима қипти, ахир ўттиз-қирқ милён одам отилган бўлса отилгандир-да. Ахир, дам-бадам «сиёсат қон талаб қилиб туради». Унинг оғзига одамлар жисмини ташлаб туриш керак. Истибдод ўзбеклар бошига катта мусибатлар ёғдирган жирканч тузум бўлди. У халқ тарихини оёқости қилиб ташлади, у тирикларнинг бошига етгани етмагандек, аждодлар хокини ҳам шопириб юборди.

Чўлпон-пўлпон дейсиз,
ишимиз катта,
тарихга сиғмасдан турар ўжарлар,
жаҳолат босган тўрт асрни ҳатлаб
Бобурни олувдик энди мўлжалга.
Аммо сал кечикдик…
чала қолди иш,
вақт ҳам мудраб қолар – ҳали кўрамиз,
Навоий мулла бор, тағин Яссавий,
Нарида Кошғарий,
Бор-ку Тўмарис…

Тарихий ҳақиқат шуки, босқинчи ҳар қанча маданиятли бўлмасин, у ўзга бир маданиятлироқ халқнинг энг аввало маданиятини ва бу маданият чироғини ёқиб ўтирган шахсларни йўқ қилади. Шарқ, кўпчилик ўйлаганчалик, жаҳолат маскани эмас, балки улуғ ва бетакрор зотлар бешигидир. Буни шимолдан келган совуқпараст келгиндилар яхши билишарди. Шу мақсадда улар энг аввало, халқни хотирасизлик балосига гирифтор қилишни исташарди. Шавкат Раҳмонни яқиндан билганлар унинг тарихга ва тарихий хотирага нечоғли масъулият билан ёндашишини билишади. Шоирнинг «Сулаймон тоғи этагида ўйлаганларим» шеъри тарихий ўтмишнинг инсон қисматида тутган ўрни ҳақида. Сулаймон тоғ – тарихнинг бир парчаси. У тошлардангина иборат тоғ эмас, балки неча минг йилдан буён шу муқаддас тупроқда юксалиб турган халқнинг ғурури, шаъни, шукуҳи:

Диёнатли, орли аждодлар
у ҳайбатли тошлар тагида
бирор лаҳза хаёл сурмаган
сохта шуҳрат, таъма ҳақида.

Шоир қалбан «диёнатли, орли» аждодларига чуқур эҳтиром сақлайди. У қачон улар ҳақида сўз юритмасин ҳамиша мавқеини бирдек тута билади. Тарихнинг бемислу монанд қудратини чуқур ҳис қилган шоир ҳамишу шу мавзуга мурожаат қиларкан ундан ибратли хулосалар чиқаради. Аждодлар, шоир таъкидлаганидек бизларга ўхшаб «сохта шуҳрат, таъма ҳақида» ўйлаганларида бу буюк тарихнинг урвоғи ҳам бўлмасди.
Ответить 
Старый 15.12.2010 18:21   #82  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн учинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Яшарканлар юртда саргардон,
кезарканлар ғурбатда ёхуд,
Сулаймон тоғ пойида бир кун
Кўмилмакни қилганлар орзу.
Бундан не-не аллома ўтган,
не жаҳонгир, нечалаб шоир.
Бироқ азиз тоғ-тошларига
ёздирмаган ҳеч бири номин.
Сулаймон тоғ юксалиб турар
бир элатнинг буюк ёдидай,
ҳайрон бўлиб пойига бугун
келгувчилар эътиқодидан.

Сулаймон тоғ – ватан тимсоли. Сулаймон тоғ бағридан улоқиб кетган ё бир умр наздидан жилмаган фарзандлар учун бирдек азиз. Бу тоғлар бағрида шоҳ Бобурнинг хотироти тирик яшайди. Сулаймон тоққа қурдирган оппоқ ҳужра буюк жаҳонгирдан қолган зиёратгоҳ. Бу зиёратга саргашта мирзонинг авлодлари ҳам ва унинг бегоналашган набиралари ҳам, шунингдек учраган тоғу тошга номини ёзиб қолдирадиган «Васялар ва Сашкалар» ҳам келиб кетган. Аммо мағрур тоғнинг улар билан иши йўқ. У аллқандай фаросатсиз сайёҳларнинг эмас, улуғ ва жаҳонгир халқининг ёди. Шоир ҳамиша ва ҳар қаерда ўзининг тарихи, ажойиб халқ қаҳрамонлари билан ғурурланиб юрарди. Ана шу ишонч унга ҳамиша қанот бахш этар ва атроф-теварагидаги майдакашликлар, сотқинлик ва хиёнатлардан ўзини чандон баланд қўйишни истарди. Туронга, Туркистонга муҳаббат, энг аввало тарихга ва халққа бўлган шоир муҳаббатининг ёрқин тимсоли эди.

Икки дарё оралиғида
ҳақ-адолат топмади қарор –
бари кетди
юртни соғиниб,
ғурбатларда йиғлагани зор.
Тангри бунёд этгандан буён
қанча олчоқ,
қанча ётларга
қучоқ очган юрт торлик қилди
қанча одил
фозил зотларга…

Икки дарё оралиғи – тарихий ватаннинг қисмати аянчли эди. Унинг шукуҳига соя солган ўзаро ихтилофлар туфайли кўп фарзандлар ватандан бош олиб кетдилар. Шоирнинг алам ва ўкинчи шундан. У ватан бўйлаб кезишни севар, қаерга бормасин, албатта ўша ердан бир мужда билан қайтарди. Шавкат Раҳмоннинг «Аравон кўринишлари» шеъри ватаннинг бетакрор суврати. Шеъриятимизда қарийб таомилга айланаёзган ватанпарварликнинг қайноқ бўсаларидан яралган шеърга кўника бошлаган ўзбек китобхони учун бу мутлақо янгилик эди. Шавкат Раҳмон бирор шеърида ватанга ёхуд халққа яланғоч муҳаббат изҳор этмайди. Унинг барча шеърлари аслида Ватан ҳақида энг гўзал қўшиқлардир. Эҳтимол шеъриятмиз тарихида илк бор Ватан манзаралари Шавкат Раҳмон шеърларида бор улуғворлиги, бор таровати ва гўзаллиги билан намоён бўлган эса, ажаб эмас.

Тоғлар –
нортуялар абадий чўккан,
қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб.
Қани ясовуллар,туякашлари,
тиллоли жавҳарли сандиқлар қани?
Бариси таланган,
қароқчиларнинг
изларин яшириб юборган мозий,
яширган йилларнинг чангалзорлари
сарбонни ўлдирган қотил овозин.

Шоир манзара тили, тасвирнинг нозик чизгилари воситасида юртнинг портретини яратади. Аслида насрий асарларнинг вазифаси бўлган лавҳалар шоирнинг сеҳрли қалами билан жон олади ва кўз ўнгингизда «нортуядек абадий чўккан тоғлар» гавдаланади. Шавкат Раҳмоннинг бирор шеъри шунчаки баёндан иборат эмас, унда баъзан ўнлаб, баъзан ундан ҳам зиёд янги ташбиҳларга дуч келасиз. Сўзлар, сатрлар, бандлар ўз-ўзидан қуйилиб келаверади. Сиз тоғ дарёси соҳилида ўтиргандек бўласиз. Нигоҳингиз тиниқ, шаффоф сувда. Оқимнинг бирор бир нуқтасида кесик, ёхуд парчаланишни сезмайсиз. Оқим яхлит ва уйғун, агар бордию кимдир унга туғон ташламоқчи бўлган тақдирда ҳам сув тошқини уни тўнтариб, ғарқ қилиб кетаверади. Шавкат Раҳмоннинг қуйма сатрлари ана шу мавжли дарёни эсга солади. Сиз бу шеърдан бирор ҳарфни, бирор сўзни олиб ташлаёлмайсиз. Шоир нафаси сўзларга айланган ва уни бўлиш ёхуд узиб қўйиш ҳалокатли. У шоирнинг юрагига туташиб кетган. Шоирнинг вафотидан кейин нашр этилган «Сайланма»сини мутолаа қилган кўплаб ўқувчилар унинг шеърлари бир нафасда ёзилганини эътироф этишади. Худди шу хусусият мавлоно Жалолиддин Румийга ҳам хос. Нортуялар шунчаки ҳордиқ олиш учун чўкканлари йўқ. Улар қуриб-қақшаб кетган йилларни саксовулни чайнагандек кавшаниб чўкканлар. Демак, туяга қиёсланаётган тоғлар моҳиятига кўра юқорида айтганимиз Сулаймон тоғдек эмас. Бу тоғлар аслида кечмиш манзараси. Тоғлар – асрий зулм ва ҳақсизликлардан қомати букилган, қақшаган, «қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб» яшаётган халқ. Уни нурли ва фарҳбахш манзилларга элтгувчи «ясовуллар, туякашлар» йўқ. Қаёққа кетганини Худонинг ўзи билади. Халқ ҳам шунақа бесоҳиб, қисмати Худойи таолога ҳавола қилинган бўладими? Наҳот унинг давангир сардорлари, жисмини чуқур-чандирлардан олиб чиқувчи халоскорлари, ёв бостириб келганда кўксини қалқон қиладиган эранлари йўқ. Агар эранлари бўлганда, бу кўйга тушмасди. Халқнинг елкасига чиқиб, нуқул унинг ризқини туя қиладиган, унинг ҳисобига роҳат-фароғатда яшайдиган беклар ва бекваччалар, агар ёв келса, думини қисиб қочиб қоладилар. Қочганда яна ҳам унинг нонини оғзидан юлиб олиб қочадилар. Илгари тева ва тулпорларда қочган бўлсалар, энди учоқларда қочадилар. Бу ёғи Швейцария, Австралия, Майама, Янги Зеландия. Сиз ўйлайсизки, буларга «абадий чўккан нортуялар – тоғлар» керакми? Уларга Сурхон ва Қашқада эшак миниб юрган ва ҳаётида Тошкентдаги аллақандай «Ленд»ларни тушида ҳам кўрмаган болалар керакми? Қаёқдадир, Муборакда саксовулзор даштда эчки боқиб юрган манов қақшаган мўйсафид билан уларнинг неча пуллик иши бор? Ватанни ер ютмайдими? Ҳув, аэродромда қантарилган тайёра уларни бир зумда дунёнинг исталган минтақасига элтиб қўяди.
Ответить 
Старый 15.12.2010 18:24   #83  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн тўртинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Музликдан
юҳодек келган шамоллар
туялар жисмини ялаб-ишлаган,
асрлар тоблаган темирчи Қуёш,
ёмғирлар чўқиган,
қорлар қишлаган.
Шу қадар метинки туялар жисми,
чарсиллаб қайтади отилган ўқлар.
минг йиллаб тинимсиз бўкирса ҳамки
метин туяларни йиқолмас тўплар.

Музлик – шимолдан кўтарилган ва ҳамма нарсани жой-жойида йўқ қиладиган шамол «туялар жисмини ялаб-ишлайди». Бу қандай ибора? Шоир бу билан нима демоқчи? Музли юртлардан келганларга мазлум халқларнинг «жисми» керак, холос. Бўлак нимаси ҳам керак бўларди? Унинг ақли керакми, туйғулари керакми, тарихи керакми? Ҳеч нарсаси керак эмас, фақат ва фақат жисми – қўл-оёқлари, доим эгилган гавдаси, бақувват бели, куракдек-куракдек кафтлари керак! Шамол – келгинди бу жисмни ялайди, ишлайди, ишлатади. Дунёнинг тенг ярми унинг ҳисобига ишрат қилади. Олий қасрларда, баланд кўшкларда, сутли ҳовузларда, хўшбўй қучоқларда, мазали, сархуш қилувчи ичимликлар, тиззалар, қучоқлар… Бу бечора эса, нуқул меҳнат қилади. Эрда эрлик сиёғи қолмаган. Қулда сиёқ нима қилсин? Сув билан тирикчилик қилади, қора нон билан қорнини шиширади. Ўлмаса бўлди. Суяк, кўз, тўкилиб адо бўлган чаноқда илиниб турган сочга ўхшаш алланарса. Хотин ҳам хотинлик суврат ва сийратини йўқотган. Дунёга ер тимдалаб меҳнат қилиш учун келгандек. Тупроқни шопиргани шопирган. Юзлар тортанак уйи, аслида сутлар чайиши лозим бўлган вужуд бўз ичига тиқилган ғўзапоя. Бу туясимон одамнинг жисми «метин»га айланган, унинг ичи ҳам, сирти ҳам бир хил, ҳатто ўқ «чарсиллаб» қайтади. Қаранг, шоирнинг ўхшатишини, куни кеча жисмини ялаб ишлаган зотлар охири минг йиллаб тўпларини «бўкиртириб» отсалар ҳам бу туяларни йиқа олишмайди. Ватан ҳақида ёзилган аксарият шеърларда шоирлар ўзининг яланғоч ишқини ватанларига изҳор қиларкан, унинг бетакрор водийлари, яланг дала-қирларини ё осмонга кўтариб мақтайдилар, ё ерга тўшаб ташлайдилар. Уларнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларидан ҳам ялтоқлик ва тамаъгирликнинг ҳиди келиб туради. Ватан уларнинг назарида нуқул бойлик ва гўзаллик манбаи. Одамлари сахий, меҳнаткаш, қўли очиқ, дастурхонида егани туршаги ҳам бўлмаса-да, меҳмондўст, эчкилари чиройли, бузоқлари малаклардек. Айниқса «оқ олтин»ини айтмайсизми. Менинг назаримда «Аравон кўринишлари» шеъри Шавкат Раҳмон ижодидагина эмас, умуман, ўзбек адабиётида Ватан ҳақидаги шеърларнинг бетакрор намунасидир. Мактаб ўқувчиларига, умуман, китобхонларга ҳар нечук савиясиз, яланғоч, таъсирсиз ватанномаларнинг ўрнига юқоридаги каби теран мазмунли, кескин бадиий воситлар асосига қурилган ва мутлақо янги усулбда яратилган шеърларни ҳам уқмоқларига ёрдам бермоқ керак. «Ватанни сев!» деган билан ҳеч ким уни севиб қўя қолмайди. «Ватаним маним»лаб ҳам ватанни севиш жуда қийин. Ватан бу ҳамиша ва ҳамма замонларда теран инсоний дард билан йўғрилган туйғу эди. Одам боласининг ватандан ўзга улуғроқ бисоти бўлмайди, шунинг учун у ҳамиша юракнинг тўрида туради ва нафсиламрини айтганда, ғоят ҳассос туйғу. У тез оғриниб, тездан тузалавермайдиган жароҳат.
Ответить 
Старый 15.12.2010 18:26   #84  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн бешинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Сарбонни кўмдилар
сангзор соҳилга
қабридан юксалди сўнгги сўзлари:
«Элимдан ўзга бир дардим йўқ эди,
элим, деб йиқилдим,
эл, деб бўзладим».
Хотинлар соч ёзиб «вой»лаб йиғлади,
мардлар ерга ётиб ойлаб йиғлади,
дўст, ёвни билмаган кўр кечаларда
«булутга яшриниб ойлар йиғлади».

Аммо, сарбон, биз ўйлаганчалик, беному нишон йитмаган экан. Сарбон «сангзор соҳилга» кўмилган. Унинг қабридан эса сўнгги сўзлари янграйди. Сарбон шунчаки тижорат карвонини етакловчи ва аҳён-аҳён ёбон бағрини жаранг-журунгга тўлдириб қўнғироқ чалувчи раҳнамо эмас. У эл-юрт саодати учун ҳамма нарсага тайёр фидоий. Халқ тақдирида, умуман, сарбонлик даъво қилувчиларнинг ўрни беқиёс даражада улуғ бўларкан. Сарбонлар имон ва инсоф, диёнат ва адолат соҳиблари бўлсалар халқнинг бахти. Ривоят қилишларича, халифа Али бин Аби Толиб қуруқ нон ва сув билангина кифояланар экан. Сабаби, албатта, мамлакатнинг қаеридадир қорни нонга тўймайдиган ночор, камбағал, қўли калта одамлар бўлиши табиий. У катта бир халифаликнинг «сарбон»и. Олий қасрлар, баланд кўшклар ва минг-минглаб чўрилар бағрида қорнини қашлаб яшаши ҳам мумкин. Йўқ. Нима учун у – халифа – тўқ, раият эса, ғўзапоя чайнаши керак. Боласининг энг оддий истагини бажаролмаслиги, хотинига оддий кумуш узук ҳам олиб беролмаслиги, ўзи одам бўлиб ҳалолроқ энгил-бош кўрмаслиги керак? Нега? Булар фақат халифалар учун чиқарилганми? Оддий тоғда қалашиб ётган тошдан тикланган қасрда яшашни ва ер қаъридан қазиб олинадиган мармар ҳовузларга калла отишни фақат халифаларга чиқарганми? Шоир шеърларининг замир-замирида яшриниб ётган маънолар юқоридаги фикрларга далолат қилади. Халқпарвар шоирнинг ҳаёти айни ана шу ҳолатнинг тасдиғи эди. Шавкат Раҳмон ўта камтарона, айтиш мумкинки, фақирона умр кечирди. Уни аксарият пайтлар боши эгилган ҳолатда учратиш мумкин эди. У суйган, ғурур билан «бизнинг йигитлар» дегувчи қаламкаш биродарлари тақдир тақозоси билан катта-катта мансаб соҳиблари бўлдилар. Одатда бирмунча юқорироқ мансабга кўтарилган хоҳ қалам аҳли бўлсин, хоҳ жойдори амалдор бўлсин, атрофига ўзининг наслу насаби, эл-уруғи, ҳеч қурса, олдида таъзим бажо келтириб турадиган лаганбардорларини йиғиб олади ва «мухторият» ҳолатида фаолият юрита бошлайди. Атрофга қаранг, ҳеч бир мансабдорнинг яқинида бегоналарни кўрмайсиз. Бу халқимизга хос хусусият. Оддий мутафаккирлар «Ўз юртингда пайғамбар бўлолмайсан» деган ҳикматни ўзларига тасалли қилиб олганлар. Халқнинг қисмати шоир хаёлларини буровга солган эди. У теварак-атрофда юз бераётган ҳодисаларга болаларча соддалик билан нигоҳ ташлар, унинг ана шундай болаларча соддалигидан устамонлик билан фойдаланишарди. Зимдан ҳасад ва ғараз оловида ёнганлар Шавкат Раҳмоннинг ҳеч қачон бўлмаган амали ёхуд давлатига эмас, очиқдан-очиқ баланд одамиятини кўришолмасди. Бир гал давлат раҳбари уни ўз ҳузурига чорлади. Аммо раҳбар айтган пайтда шоир негадир «топилмади!» Умрининг охирги йилларида моддий ва маънавий қийинчиликлар қаттиқ исканжага олди. У ҳеч нарсадан, ҳеч қачон нолимас, мағрур ва тантилиги бунга йўл қўймасди. Ички маданиятининг баландлиги, ҳалоллиги, беғаразлиги, ўзининг қудратига қаттиқ ишонч, дўстларга холис муҳаббат, ватанпарастлик, миллатдўстлик унинг қон-қонига, жон-жонига сингиб кетганди. Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган Дўрмондаги бир шапалоқ ерида саратоннинг қайноқ қозонида қайнаб иморат солмоқчи бўлди. Чилланинг жазирама иссиғида ер қазди, цемент қуйди, ҳансираб-ҳансираб, куйиб-ёниб ишлади, бозор шароитига ўтаётган жамиятда дастлабки йиллар бошланган бошбошдоқликнинг тагига етмаган ва маънавий жиҳатдан хийла толиққан шоир саратон касалига чалинди. Оёқдан йиқилгунга қадар бировга билдирмади. Нолимади. Курортга бораман, деб турли ташкилотларга ариза кўтариб бормади. Аксинча ҳамма нарсани сир сақлагандек, дардини ҳам пинҳон тутмоқчи бўлди. Касалхонага тушишидан атиги бир ой чамаси бурун мен уни эски Билимлар уйи биноси олдида учратдим. Бироз суҳбатлашдик. Эти бориб суягига ёпишган шоир ҳеч нарса бўлмагандек бемалол у ёқдан-бу ёқдан гапириб ўтирди. Мен унинг рангини кўриб кўзларимга ишонмадим. Паҳлавон жусса Шавкат Раҳмондан бир қучоқ устухон қолганди. Нега бу қадар ориқлаб кетганини ангай олмадим. Бари бир соғ эмаслиги, ичига бир бедаво дард аста-секин ўрмалаб кириб бораётганлиги ҳақида фикр мени даҳшатга солди. Дардини яшира-яшира охири оёқдан ҳам қолгач, Манзура опанинг ялиниб-ёлворишлари ва ҳеч ким билмаслиги шарти билан касалхонага боришга розилик берган шоир қаердадир стационарда эмас, балки оддий касалхонада ётишга рози бўлди. Аммо дард духтурлар учун сир эмасди, улар юрак жарроҳлиги институтига йўлланма бердилар. Худди шу ердан буюк ўзбек шоирининг беморлиги ҳақидаги хабар бутун республикага тарқалиб кетди. Юрак жарроҳлиги институти шоирнинг дўстлари, мухлисларининг зиёратгоҳига айланди. Дард секин-аста, аммо ишонч билан зўрайиб бормоқда эди. Манзура опа, қизлар шоирнинг ёстиғига қўшилиб кетдилар. У билан бирга дард чекиб, тунларни тонгларга улашди. Аммо ниҳоят шоирга дунёдаги энг машъум ташхис қўйилди. Саратон. Уни Талабалар шаҳарчасидаги онкология марказига юборишди…
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 15.12.2010 18:31   #85  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн олтинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Ватанфидолик Шавкат Раҳмон шеърияти ва ҳаётининг мазмуни эди. У фақат шеърларида «ватан»лаб мукофот тақсимланадиган айёмларга етиб бориб, ватанини кепаккка сотиб бўлса-да унвон, ё нишон олиш учун куракда турмайдиган шармандаликларни бошлаб юборадиган ва хуржунини кўтариб, диёдиё қиладиган кимсалардан нафратланарди. Унинг ватанфидолиги покиза, одамий эди. Ҳар бир нафасида ватан йўлида шаҳид кетиш ҳақида ўй суриб юргандек туюлаверарди. Шавкат Раҳмон ватан ва миллат тақдирини энг кўп ва хўп қаламга олган, унга фарзандлик муносабатини бор ҳарорат ва муҳаббати, аччиқ-чучуклари билан тикка айта олган ягона шоир эди. Тўғри, ватан ҳақида календарь шеърлар адабиётимизнинг ҳамма бўғинига хос ҳодиса. Бугун бир спортчига, эртага бир тадбиркор ё фермерга, индин теннисчи қизларга, яна бошқа бир кун полвон йигитларга шеър бағишлаб тирикчилик қиладиган «шоир»лар адабиётимизда шу қадар мўлки, баъзан уларнинг мусобақаларини кузатиб туриб даҳшатга тушасиз. Шавкат Раҳмон миллат тараққиётида баъзан салбий рол ўйнаши мумкин бўлган, ёхуд аллақачон салбий таъсирини ўткарган омиллар хусусида баралла айта олар, уларнинг сабаб ва оқибатлари хусусида назарий эмас, балки асл бадиий тилда хулосалар чиқара биларди. Шеърий санъатларни энг баланд мақомда қўллай оладиган, тилимиз хазинасидаги нодир сўзларни шеърий қолипларга усталик билан киритадиган, уни зўрлаб, қийратиб қўлловчилардан фарқли ўлароқ зийнатли, тароватли, хушбўй, баъзан жуда аччиқ ташбиҳларни қалаштириб юборадиган шоирнинг услуби чин маънода адабиётимизда янгилик эди. Яширишнинг ўрни эмас, барча шоирларимизда кимнингдир оҳангини, яна кимнингдир сўз қўллаш услубини, ҳатто бошқа бир устоз шоирнинг, жилла қурса, дашту далаларда кишнаб достонлар айтадиган бахши ва жирчиларнинг овозини эшитиш мумкин. Ҳурматли шоирларимиз ўз салафларини устоз деб эҳтиром қилганлари учун, устоздан шогирдга нималар ўтмайди, дейсиз-да қўяверасиз. Шавкат Раҳмоннинг ижодида бировдан «адашиб» кириб келган ибора, бировдан ўғринча олинган ташбиҳ ёхуд бировнинг «кишнаши»га ўхшаш нағмани мутлақо учратмайсиз. Худди шу боис адабиётшунослик йигирма йилдан буён адабиётимизда том маънода янгилик бўлган бу «зулфиқор шеър»лар хусусида маънодор сукутни ихтиёр этган. Зеро, тақлидий ва анъанавий шеъриятни «тадқиқ» этиш санъатини пухта ўзлаштирган адабиётшунослик бу том маънода бетакрор шеърият ҳақида сўз айтишга заифлик қиларди. Улар ҳамон 30,40,50,60- йиллар шеъриятининг таъсири остида яшашар ва зўр бериб бетакрор Ойбек домланинг «Наъматак» шеърини ва устоз Эркин Воҳидовнинг ўта миллий қасидаларини такрор-такрор инкишоф этардилар. Шавкат Раҳмон шеърлари хусусида эса сукут афзал эди, чоғи. Баъзан қарийб йигирма йилга чўзилган бу сукут нега тасирлаб ёрилиб кетмаганига ҳайрон қоласан…

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.

Шоирнинг «Туркийлар» шеъридаги ушбу тўрт сатр халқимиз тарихидаги фавқулодда ижтимоий воқеликнинг бадиий чизмасидир. Маълумки, туркий халқлар қадимдан ўзининг жангарилиги, мард ва ботирлиги туфайли сурункали юришлар ва суқишлар оқибатида дунёнинг кўп минтақаларини ишғол қилдилар ва бир неча асрлар давомида яшаб қолган салтанатларга асос солдилар. Башарият тарихида камдан-кам халқларга насиб қиладиган бундай шаън қисмат ҳақида тарихий манбалар теран маълумотларни ҳикоя қилади. Аммо қачонки қалблари иймон нури билан мунаввар бўлгач, қаҳру ғазаб, шафқатсизлик ва тааддиларга барҳам берилди, улар иймон-инсофли, диёнатли, сабр-таҳаммулли дарвишсифат зотларга айлана бордилар.

Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.

Манзарага эътибор беринг: қилични тасбиҳ ва кетмонга алмашган туркийлар жанг-жадалларнинг баҳридан ўтиб, осуда турмушни ихтиёр этдилар. Туркий халқларнинг тарихий фожиасини далиллар ва бурҳонлар тилида ҳам таҳлил қилиш, шоҳлар ва шоҳзодаларнинг ўзаро ихтилофлари туфайли тобора заифлаша борган хонликлар, жаҳолат ва бидъатга айланган таълим-тарбия ва ҳоказо хусусида узоқ гапириш мумкин. Аммо бу муаммоларни шеърият бошқача талқин қилади. Шеър тилида тарихий ҳақиқатни баён қилаётган шоир биринчи галда ҳиссиётларга эрк беради. Токи буюк буҳронларнинг фожиаси фожиа эгаларига бориб етсин, токи бу фожиани амалга оширганларнинг номи ва ўлиб кетган санасинигина эсда сақламасдан, уларнинг кимлигини юрак-юракдан туйсин. Нега бу фожиа содир бўлганини фаҳм этсин, ўзини, бола-чақасини қайта найзага илмасликлари учун ҳушёр тортсин, нуқул қорни ва қўнжини эмас, юрак ва ақлини ҳам ишлатсин. Шеър ва шоирнинг биринчи вазифаси – ана шу! Ҳозир бировга шеър нима, шоир ким деб савол берсангиз, у сизга Арасту ва Ҳётедан бошлаб ҳикоягўйлик қила бошлайди. Бундан ҳам осон йўли, сира тушуниш мумкин эмас, бу –илоҳий, деб қўя қолади ва ғаройиб «камтарлик» билан ўзини илоҳийлик супасига чиқариб қўяди. Нафсиламрини айтганда, шеърда ҳеч қандай илоҳийлик йўқ, жигар-бағирнинг қони бор, лахталанган юрак бор. Кейинги йилларда қирқ ёшда юраги ёрилиб ўлаётган жувонмарг ўзбек шоирлари илоҳий бўлганларида ҳали дориломон яшаган бўлардилар. Бугун бу сафсаталар билан ҳеч кимнинг бошини қотириш мумкин эмас. Қалбаки «шеърият» Қуръон каримда ҳам ёлғон дейилган ва кўпчилик мутафаккирлар томонидан «нағмачилик» сифатида эътироф этилган. Енгил-елпи хашаки, жонсиз ва таъсирсиз шеърлар одам боласи, жамият ҳаёти учун ўта хавфли ҳодиса ҳисобланади. Адашиб адабиёт майдонига кириб келган ва кирмоқчи бўлган одамларни ўз вақтида тўхтатиб қолиш, уларни қўлларидан келадиган юмушларга сафарбар қилиш, яширмасдан рост гапни айтиш ҳам жасорат, ҳам савоб иш. Мен ҳаётимда шеър ёзишни ўз вақтида ташлаб кетган кишиларни кўп учратдим, аммо кечаги «шоир»лар бир думалаб ўғри ёхуд қаллоб ҳам бўлиши мумкин эканлигини тасаввуримга сиғдира олмадим. Пора ўралган қоғозга «шеър» ёзиб юрган шоирлар ҳам борлигини эсдан чиқариб бўлмайди. Умуман, шеърият уйи пок бўлмоғи керак. Шундоқ ҳам нопок даргоҳлар жуда кўп. Дунёнинг қаеридадир муқаддас жойлар қолиши керак. Ақалли,эртага дунёга ташриф буюрадиган покиза насллар учун бу жуда керак.
Шавкат Раҳмон шеърияти руҳият ва қалб шеърияти. У хоҳ тарихий, хоҳ ижтимоий, хоҳ ишқий-маиший мавзуда сўз айтишга чоғланмасин, жуда катта масъулият билан ёндашади. Гап «Туркийлар» шеъри хусусида эди. Шундай қилиб, шоир таъкидлашича, туркий халқлар ҳатто салтанатнинг жуғрофиёсини-да унутдилар, дунёпарастлик ўрнини қаноат, жангарилик ўрнини меҳр-мурувват, қиличбозликнинг ўрнини зикру сано ишғол қилди. Ҳар қадамда масжид ва мақбарлар қад ростлади. Хонақохларда дарвиш ва қаландарларнинг ҳаййо-ҳувси, азон садолари янграй бошлади. Тунов кун бўйнини эгиб, қисиниб-қимтиниб турган душманлар ёввош тортиб қолган туркийлар ҳузурига лабда мулойим кулгу, қўйинда чағир тош билан келдилар. Тарихий бурҳонлар шундан далолат берадики, кўп ҳолатларда туркийлар бошига тушган катта талафотлар айни уларнинг намоз адо этаётган пайтларига тўғри келган. Ёв ҳозир ҳам мусулмонларни саждага бош қўйган маҳалда чопади. Халифа Усмон ибн Аффондан ёвқур Анвар пошшогача саждага бош қўйган маҳалларида шаҳодат топганлар. «Илвасин йигитлар, бобир йигитлар»нинг ёв билан иши йўқ, улар қўйнига пичоқ солиб келган ёвга қайрилиб ҳам қарамадилар. Дала-даштларни ларзага солиб юрган бўрибосарлар бўйниларига солинган ғўлларни чайнаб, кўкка боқиб бенажот увлай бошладилар.
Ответить 
Старый 15.12.2010 18:34   #86  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн еттинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Туркда бош қолмади…
қолмади довлар,
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз, деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.

Туркий халқлар қисматида қоронғу кунлар бошланди. Комиллик ва мўминлик талабида шамширу қалқонни ташлаб, тасбиҳ ва сажжодага юкинган туркийлар босқичма-босқич салтанат ҳудудларини қўлдан бой бера бошладилар. Ниҳоят унинг саҳролари ва шаҳарларига бош суқиб, сўнг оёқларини ҳам киритиб олган ёвлар бошига чиқиб қўр тикдилар. Ёв аёвсиз, аммо жуда маккор эди. У фақат лашкар ва тўплари билан эмас, узоқни кўра билгувчи сиёсатдонлари, жуғрофиюнлари, муаррих ва муаллимлари билан «ташриф буюрди». Бу «ташриф» ниҳоят юз йилларга чўзилди. «Меҳмон» бу ерлардан кетишни хаёлига ҳам келтирмасди. Шу ерларда болалади, шу ерларда «палак ташлаб» кўпайди. Сариқ-суруқ гўдаклар кейинча погон таққан зобитларга айланди, ерга қапишган кўйи зўрға яшаётган лой кулбалар устида қад ростлаган қасру равоқларда аста-секин шаробнигина эмас, ҳўриллатиб чой ичишни ўрганди, зерикиб қолганда, астойидил керишиб, жаҳонгир наслидан ёдгор бўлиб қолган сеҳрли мақбара ва мадрасаларнинг расмини чизди, кошинлардаги арабий ҳарфларни ўқиб-ўрганмоқчи бўлди, аммо зобитлар ва негадир «қозоқ» деб аталгувчи одамхўрлар оддий халқни ахталанган қуллардан баттароқ аҳволга солдилар. Шоирнинг тарихий лавҳалар тасвирига чоғланган ўткир ва бирмунча тиғдор тили фожиалар силсиласини акс эттирар экан, энг қизғин ва мардона сўзларни интихоб этади. Шоирнинг эҳтирослари оқимига тушган сўзлар, аввал, чўғланиб, сўнг ёғдулана боради ва ниҳоят ё буткул ёрилиб кетади ёхуд кул бўлиб сочилади. Шавкат Раҳмон фақат бир маънода аёвсиз шоир. У, аввало, ўзига шафқат қилмайди, вужудидан отилиб чиқаётган сўзлар оқимини тўхтатиб қолиш асло мумкин эмас. Тоғ бошидан қуйилаётган шаршара, тўлқинлар сиртида жимирлаб турган мавжни кузатганмисиз? Жилла қурса, тоғдани қулаётган сангрезаларни-чи? Тошлар қалдироқ отади, гулдирайди, шиддат билан бир-бирига кож тўлқинлардек тўқинади, чарс-чурс, қасар-қусур қилиб ёрилиб кетади. Бу манзара ҳалокатли, даҳшатли ва таъсирлидир. Агар бир четдан кузатиб туган бўлсангиз – хўбу хўб, бордию шаршара деб гумон қилиб остига тушсангиз, майд-чуйдага айланасиз. Сўзни кўтариш қийин. Зотан Пайғамбарга ҳам (с.а.в.) сўз оғирлик қиларди. Ваҳй – хабар у зот туя устида эканларида нозил бўлганда, туя депсинар, қалқиб кетар, ҳансираб, оғзидан кўпик сочарди ва гурсиллаб ерга чўкарди. Сўз оғир нарса. Шунинг учун бугун уни хор қилганларни, эрта кечирмайди. Шавкат Раҳмоннинг сўзи ана шундай залворли, салмоқли, оғир ва таҳликали сўз эди. Бугунги хашаки сўзамоллар ёзаётган гапларини шеър деб гумон қиладилар. Ҳеч замонда Навоий сўзлари ва Мавлоно Жалолиддин Румий сўзлари сеҳрига чалинмаган, тили чучук ва туссиз, дидсиз ва дардсиз «шоир»лар сўз қадрини билганларми? Улар бугун тўрт атрофни қоғозга тўлдириб, қанчадан-қанча яшил ўрмонларга қирғин келтираётганлари етмагандек, не-не ғўра ёшларни ўз дидларига мослаштиришга ҳам улгурдилар.
Шоир ўша оҳангда давом этади:

Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирқилган – имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бири-бирига душман, бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.

Бундан бу ёғига туркий қавмлар ҳаётида ҳақиқий фожиалар даври бошланди. Дунёда бир неча қур салтанат тиклаган туркийлар ёввош, қўймижоз, (бу ҳақорат ҳозиргача яшаб келмоқда) халққа айланди. Насллар қумсоатдек алмашинди. Қуллар туғилди, қуллардан қуллар, қуллардан қуллар… Бу интиҳосиз қуллар карвонининг охири кўринмасди. Қулликнинг ўз психологияси бор, бу ўта мураккаб жоҳиллик психологиясидир. Қул – бу одам сиёғидаги ҳайвон. Тўғрироғи, ҳайвонга айлантирилган одам боласи. У ейиш, ичиш ва фармонбардорликдан бошқа ҳеч нарсани тан олмайди. Қулнинг ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Уни шу кўйга солганлар бу психологияни асрлар давомида шакллантира олганлар. Бугун ҳам оддий шиорларга алданиб, яхши кунлар келишини хаёл қилиб юрганлар қуллардир. Чунки одамзотнинг қандайдир мавҳум замонларда бахтли яшашга эмас, балки айни дақиқада ҳам бахтли бўлишга батамом ҳаққи бор. Эрталаб ит салқитини еб, далага чиқишгагина эмас, балки худди қуёш энди тоғ оша бош кўтараётган паллада ҳам, чоштгоҳ маҳали тутқаторда қаттиқ нон кавшаб эмас, ҳузур-ҳаловат қилиб, саодатли нафас олишга ҳам ҳаққи бор. Аммо уни ҳар гал, ҳамиша эртага, албатта, бахтли бўласан, деб алдашади. Қул ёлғонга ишонувчан, кўнгилсиз, фаҳм-фаросати йўқ ва ҳеч қачон ўз фикрига эга бўлмайди. Уни бошқариш осон. Айниқса бошқа бир ўзига ўхшаш оч қул билан уруштириш жуда қулай. Қулликнинг самарли таъсири туфайли ўзаро ёвлик, адоват, кўролмаслик, итлик психологияси вужудга келтирилди. Қуллар итларга дўнди ва бир-бирига ириллаб, тиш қайрай бошлади. Бу ириллашлар ва тиш қайрашлар охир-оқибат Туронзаминни тилка-пора қилиб ташлади. Энди:

Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.

дейди шоир. Юқорида, қуллик, мутелик, ноодамлик, итоаткорлик психологияси махсус шакллантирилади, дедик. Бу ҳам ўзига хос аёвсиз, зулмкор тажриба. Тарих тажрибаларнинг анвойи хилини билади. Жумладан, бугун ҳам одамлар жисмида ўтказилаётган тажрибаларни (зомбилар, клонлар ва ҳоказа) эслаш кифоя. Тарихий далиллар шундан шаҳодат берадики, японлар жаҳон урушидан олдин ва империя буткул йўқ бўлгунга қадар одамлар жисмида тажриба ўтказадиган махсус қамоқхонага эга бўлганлар. Бу қамоқхоналарда одам ақлига сиғмас даражада ваҳшиёна тажрибалар ўтказилган. Балки японларнинг бугунги илмий тараққиёти замирида шундай ғайриинсоний тажрибалар ҳам йўқ эмасдир. Худди шундай тажрибалар, яъни оддий одамни қулга айлантириш тажрибалари туфайли «эшшак сувратли» ва «тўнғиз каллали» қавмлар дунёга келди. Кейинча қулга дўнган кимсалар ҳам дунёга Фиръавндек чинқираб келган, уни ҳеч ким қул қилиб яратмаган
Ответить 
Старый 15.12.2010 18:36   #87  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн саккизинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.

Буюк миллий-ижтимоий фожиа манзараси тобора қуюқлаша боради. «Эшшак суврат», «тўнғиз каллали» итфеъл қавмларнинг наҳсли кирдикори наслларга уради ва этник мусибат ирсий фалажлик, ақлий-маънавий-руҳий инқирозни вужудга келтиради. Болаларга қирғин келади. Фарқи йўқ. Улар очликдан ўладими, пестицидлар таъсиридами, бари бир. Далил шуки, улар қирила болшлайдилар. Ҳам маънан, ҳам жисман. «Бадахшон лаълидай малаклар» эса пахта эгатларидан чиқиб, ғўзапоядек ланғиллаб ёнадилар. Бу гўзал оловнинг дудлари еру осмонни қоплайди, булутларга қўшилиб, дунёни кезади, қаергадир ёмғир бўлиб қуйилади, қаердадир майса бўлиб кўкаради. Эҳтимол Бадахшон тоғлари бағрига яшринган жавоҳир ва лаъллар ўша аёлларнинг жонидир? Эҳтимол Тяншон тоғи бошидаги оппоқ қорлар уларнинг жисмидир? Ким билсин.

Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар,
саждага бош қўйиб, жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.

Мўминликнинг беш шартидан бири ҳар кун беш маҳал саждага бош қўйиш. Агар мўмин шундан бошқани ўйламаса, золимга бундан қулайи йўқ. Аллоҳини ўйласа ўйлайверсин! Аммо фақат ва фақат Аллоҳни! Бошқа нарсани эмас! Жумладан, нега мудом унинг бошига солишлари, кетига тепишлари, ювинди еб, талқон шопириши ҳақида эмас. Аммо зинҳор, энгил-боши, қизларининг битлаган сочи, боласининг ёш тўла кўзлари, отасининг ғижимланган юз-кўзи, онасининг етти букилган қомати, дала-тузда етиштирган неъматлари, маҳаласи, ватани, мазорати ҳақида эмас. Шунинг учун ёвга тикка қаролмайди. Агар бордию бирор «кож» тик боқишга журъат қилса, унда унинг фақат бошига, бошқа ерига эмас, миясига солиш керак! Шавкат Раҳмон шеъриятининг беназирлиги шундаки, у адабиётимиз тарихида илк бор одам психологиясининг ўта нозик нуқталарини шеърий тил билан тадқиқ этди, бадиий-психологик кашфиётлар яратди. Шеър ниҳоясида шоир асл муддаога кўчади:

Борми эр йигитлар,
борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ўзбек адабиётида чинакам воқеа бўлган ва ҳанузгача бирор тадқиқотчининг назарига тушмаган бу шеър туркий халқларнинг асрий фожиаси тугал инкишоф этилган бадиий асардир Беш марта янграган сўнгги сатр марҳум шоирнинг «зулфиқор руҳи»дан сачраган иймон шуълаларидир.
Ответить 
Старый 15.12.2010 18:43   #88  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Ўн тўққизинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Шавкат Раҳмон топталган, ҳақоратланган, қон қақшаган Ўшдан қайтганидан сўнг, узоқ вақт ўзига келолмади. Қуюқ сочлари оқиб тушган манглайида ажинларнинг тиғиз сафи кенгая борди, юз-кўзларида ажабтовур ҳаловатсизлик ва хавотир пайдо бўлди. Шоирнинг одам боласи, унинг бу оламдаги ўрни ва қисмати ҳақидаги қарашларига дарз кетди. Кутилмаганда ҳар нечук ғайриодамий қилмишларни бажаришга қодир инсонлар ҳақида тасаввури том маънода ўзгарди. Ҳа, ҳаммаси шеърларда айтилиб, қўшиқларда куйлангандек эмас экан. Шавкат Раҳмоннинг 70-йилларда ёзган шеърлари билан 80-йилларда яратилган шеърлари ўртасидаги тафовут кишини ҳайратга солади. Адабиётимизда илк шеърини қандай усулда ёзган бўлса, қарийб сўнгги шеърларини ҳам ўша усулда ёзаётган шоирлар бир талай. Улар шеърий услубни ҳам догма сифатида қабул қилишга ўрганганлар. Шавкат Раҳмон бу ақидаларни синдириб ташлаб, шеърдан шеърга катта шиддат билан ўсиб борди. Унинг қайсар ва мардона қалами асл мўъжизаларни яратди. Шоир шеърларига ўхшаши йўқ ташбиҳлар оқимини олиб кирди, сатрлари занжир ҳалқаларидек қаттиқ жаранглар, сўзлар сўзларга ана шу занжир орқали боғлана бошлади. У борлиқ оламга муносабатини дадил ва ошкора, бор бўйича, қандай бўлса, шундайлигича айтишга чоғланди. Шеърий назокат ва андишани йиғиштириб қўйган шоирнинг тили шу қадар тўғриландики, энди у билан гаплашиш ҳам, шеърларини мутолаа қилиш ҳам душвор эди. Кўнгилчан, содда, фасоҳатли Шавкат Раҳмон аёвсиз ташбиҳлар қиролига айланди. Мана бу ташбиҳлар оқимига эътибор беринг: «Илондай чиройли кечалари ҳам ўйнатиб бир пудлик босқонларини, тоблар шўх қизларнинг сандонларида минглаб Жалолиддин, Ҳожихонларни…» («Хоразм қишлоқлари»), «Шамолзор дарада чайқалади тун, оқаришиб борар ойнинг палласи. Қонимни қонимга танитиб қўйди қоронғи тунларнинг ўт мусалласи…» («Аравон кўринишлари»), «Туркона ҳовлилар кунга қараган, аччиқ мевасидан ширин боли кўп, кўримсиз эшиклар мангу ёпилмас, терагидан кўра мажнунтоли кўп… Сабр дарахтидай ўсган одамлар – саксовул сингари чидамли, чайир, ерга ботиб кетган баҳодирлардай кунларга қарайди синиқ илжайиб…» («Автобусдаги ўйлар»), «Улуғвор қоялар салтанатида офтобнинг йиғилган шуълаларидай сирқираб ётибсиз тошлар оралаб, бокира сувларим, гўзал сувларим…» («Сувлар ила мулоқот»), «Не кўз билан кўрсин, қалайи нигоҳ ҳам темир совутли қаҳҳор сайёдлар тинсиз арқон ташлар, кўкка сапчийди бир олов оқимдай айланган отлар…» (Офтоб ва офтоб нурлари ҳақида афсона»), «Қанча жасад кўрдим, гўё бир куни ёруғ орзуларнинг баҳридан кечиб – шошилиб кетгандай олий кишилар азобдан буришган либосин ечиб…» («Гуманоидлар»), «Жуда нозик усул, тўғримасми-а, қотиллик қилганинг ҳеч ким сезмаса, сазойи қилмаса эшак миндириб, халойиқ олдида тилинг кесмаса. Ўтган асрларда шўрлик вақтни сўйиб қўйишарди қўзичоқлардай, қозиққа ўтқазиб ё осиб дорга, тириклай кўмишар эди чоҳларга…» («Вақт»), «Юлдузсиз осмондай бу чуқур кўзлар, сўнган юлдузлардай сон-саноғи йўқ. Топилмас, топилмас абадулабад бу очиқ кўзларни ёпадиган қўл». («Очиқ қолган кўзлар»), «Манови қора тош – вақт кафтларида триллион маротаба кичрайтирган тун – жонсиздай ётаркан, ўткир кўзимга тобора шубҳали кўринар ҳар кун…» («Гуллаётган тош»), «Қуршовда юртимнинг қабристонлари, қабрлар оғзида тўхтаган пахта, гўё шўрликларнинг арзон жонларин қутқариб қолгандай милёнлаб лаҳад. Шўрликлар бир умр ёмғир, қор кечиб, фақат қабрлардан ҳаловат топди. Уялдим тунов кун кўйлагим ечиб, пахта экилмаган баданим қопти…» («Қўшимча қўриқ»), «Гўё ким атайлаб сувга босган бир коптокдай балқиди рангин савлати, кўрди юксалганин бир фитна олғир ўзи бўғиб қўйган ўзбек давлатин» («Орзуга айб йўқ»), «Эски ўзанлардан келди гулдираб улкан тўзонларнинг жинни ҳаммоли. Ўйлаб юрган эдик сени ўлди деб, ҳалиям бормисан, Қўқон шамоли…» (Қўқон шамоли ҳақида ўтмишдан ривоят»)
Шавкат Раҳмон ХХ аср ўзбек адабиётида чин маънода инқилоб ясаган мардонавор, ҳақиқатпарвар, миллий шоиримиздир. Унинг бетакрор шеърий кашфиётлари асрлар оша миллатимизнинг бош ғояларига хизмат қилади, Туркистон адабиётининг зарвароғига айланган бу дурдоналар абадият мулкига айланди. Адабиёт ҳам ибодат эканлигини чуқур англаган барҳаёт шоиримизнинг овози мангуга Сулаймон тоғ қадар юксалиб тураверади.

Асқар МАҲКАМ
Ответить 
Старый 08.07.2011 14:07   #89  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эсдалик

Унутганим йўқдир ҳали
ўрикзорни, асов сойни,
сой бўйида кўздан холи
бақатерак ўсган жойни.

Унутганим йўқдир ҳали
ўйинқароқ зилол сувни,
тол тагида шом маҳали
ғира-шира икки қувни.

Ёдимдадир ўшал дамлар,
кулгуларинг эди сўлим,
ҳали йироқ эди ғамлар,
дунёда йўқ эди ўлим.

Қовжирадим ёз гулидай
соғинганча ўшал жойни,
холи кеча, етим ҳулво,
ярқираган улкан ойни...

Шавкат Раҳмон
Ответить 
"+" от:
Старый 08.07.2011 14:14   #90  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Гоҳ чекасан,
Гоҳ дарғазаб
қаёққадир чопасан,
қурғур уйинг шамол кирган
туйнугини ёпасан.

Атрофингда айтар қушлар
баҳорига шукрона.
Соғинтириб келган баҳор
фақат сенга бегона.

Дўстинг келар:
“Баҳор учун
сатта-сатта қилсак” дер.
Бироқ сенинг хаёлингда
ўтган йилги чала шеър.

Топилмайди бирор фурсат
баҳор завқин туймакка.
Навбаҳорни даст кўтариб
бола каби суймакка.

Вақт ўтар, ўтар шитоб,
табиат ҳам турланар
ва бир кун бошинг узра
йиғлаб учар турналар.

Аланглайсан, юрагингда
аллақандай мунг сезиб
ва баҳорни яна кузда
соғинасан
шеър ёзиб.

Шавкат Раҳмон
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх