Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 28.08.2012 16:46   #1  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Адабий нигоҳ



Бугун ўзбек адабиётшунослиги авжи янгиланиш палласини бошидан кечираяпти. Кимдир билағон шогирдларни етиштирайин дея, бу хайрли ишга бош қўшаётган бўлса, кимдир ўз тадқиқотлари билан бевосита жараёнда иштирок этмоқда. Хуллас, биров адабиёт тарихию матншуносликда, бошқа биров эса назария ё танқид соҳасида қўлидан келганича уринаётир. Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин яна шундай адабиётшуносларимиз борки, уларнинг ўзлари орқа планда – парда ортида қолиб, саҳнага фикрларинигина қўйиб юборишган. Мен бу ўринда, устоз Талъат Солиҳовни назарда тутаяпман. Унинг жаҳон адабиёти ва, умуман, санъати борасидаги мушоҳадалари дарс ва суҳбат чоғларида хайрихоҳ шогирдлар томонидан ёзиб олинган. (Ёзиб олинмаганининг уволи нима бўлади, дейман гоҳида ўзимга-ўзим...) Бори – шу. Лекин ана шу “бори”га қараб, унинг салмоғини чамалаб кўргандаёқ аён бўлаётирки, истиқлол даври ўзбек адабиётшунослигининг чинакам янгиланиши, айни, Талъат Солиҳовдек заҳматкашу хокисор олимларнинг адабиётга қарашлари зимнида яшириниб ётибди экан. Чунки Талъат Солиҳов ўқиган маърузалар қатида, наинки, ўзбек, балки жаҳон адабиёти ва санъатига сўзнинг том маъносида Янгича Қараш мужассам эди. Бу Қараш ўз вақтидаёқ муайян титроқлару кайфиятни жонимизга солган эди, лекин, барибир, унинг мевалари ларзон-ларзон даври ҳали олдинда, деб ўйлайман. Чунки Талъат Солиҳовдан қолган адабиётшуносликка доир ҳажман кичик, лекин мазмунан ғоят салмоқдор мерос ҳалигача асосан сарғайган дафтарлардагина “кун кўраётир”. Уларни зудлик билан топиш, тўплаш, саралаш, тизимга солиб чоп этиш ва йўсин адабиётшунослигимиз “дастурхонига” тортиқ этиш замони аллақачон келган. (Албатта, домланинг барча қарашларини “мутлақ ҳақиқат” дея таърифлашдан тамоман йироқман. Адабиётшуносликнинг бугунги даражасидан туриб, унинг айрим мулоҳазалари билан тортишиш мумкин. Ҳатто менинг ўзим Белинский, Толстой ҳақидаги қарашларию шакл ва мазмун борасидаги кескин мулоҳазалари туфайли, хаёлимда устоз билан доимо баҳслашиб юраман. Лекин гап бунда эмас. Гап домла қолдирган мерос зимнида яширинган тафаккур жасоратида, жасоратнинг мазмун-моҳиятида. Устознинг ана шу сиймосида дарсликлару китобларда эътиборимизга тортиқ этилаётган “ҳамма гаплар”ни ягона ва охирги ҳақиқат эмаслигига ишора, уларни ақл ва мантиқ тарозусида тортиб юришга, янада муҳими, инсон ва санъат ҳақидаги катта ва фундаментал илмга таянган ҳолда янги ва мустаҳкам қарашларга эга бўлишга чорлов бор. Яъни, мавжуд ҳақиқатларга бошқача қарашнинг мумкин ва, ҳатто, зарурлиги акс этган унинг адабий нигоҳида.) Шу маънода, мен, аввало, унинг шогирдларига, адабиётимизнинг, адабиёт илмимизнинг чинакам ихлосмандларига, янгиланишу янги фикрнинг толмас ҳимоячиларига, инсофу иймонини энг азиз неъмат янглиғ асраб келаётган издошиларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, агар сизда ҳам ҳассос олим Талъат Солиҳовнинг оғзидан чиқиб, хотирангизда муҳрланган ва ё қаердадир китоблар орасида чанг босиб ётган эски дафтарингизда қолиб кетган “сўзлари” бўлса, жамики савобу, эзгу амал ҳақи ҳурмати – таҳририятимизга етказсангиз. Вақти келиб, журнал саҳифаларида жамланиб-тартибланиб эълон қилинган мерос яхлит бир китоб ҳолида нашр қилинади, деган умид билан биз ҳам ҳаракат қилаверайлик.
Қуйида, эътиборингизга ҳавола этилаётган маъруза парчалари менинг конспект дафтаримда қолган ёзувлардир. Домла шошилмай гапирар эди, шунга кўра нафақат фикрлар, балки жумлаларнинг қурилиши ҳам асосан маърузачининг ўзига тегишли бўлса ажабмас, деб ўйлайман. Фақат айрим фикрларни ё қисқартириб ва ёхуд ихчамлаштириб ёзиб олган бўлишим мумкин. Баъзан фикрни ўз сўзларим билан ёзган ўринлар ҳам мавжуддир, эҳтимол. Ҳаммасини аниқ-тиниқ эслашнинг иложи йўқ. Орадан йигирма икки – йигирма уч йилдан мўлроқ вақт ўтибди, ахир! Шунга кўра, фикр ва жумла ғализликлари бўлса, йигирма бир-йигирма икки ёшли ғўр талабаники, яъни, каминаники, дея билгайсиз. Яна саралаш ҳам бизга тегишли. Яъни, маъруза тўлиқ қоғозга туширилмаган, балки ундаги айрим фикрларгина ёзиб олинган. Қолган ҳаммаси устозники! Албатта, домла айтган кўпгина мулоҳазаларни кейинчалик биз бошқа китоблардан ҳам ўқидик, лекин, барибир, устоз шу фикрларни битта мавзу байроғи остида тўплаб, уларга умумий контекстда ўзгача мазмун, шукуҳ бағишлаган эди. Энг муҳими, Талъат Солиҳов бутун бошли адабий йўналиш ёки ёзувчи ижодидан бир-иккита шундай фикрларни суғуриб олардики, кейинча чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, ўша йўналиш ё якка ижодкор асарларининг моҳияти айни ўша “бир-икки фикр”га суяниб турганига амин бўласиз. Бу энди катта масштабдаги тафаккур эгасининг, ҳақиқий адабиётшуноснинггина қўлидан келадиган Буюк Ишдир! У ёғини суриштирсангиз, илмдаги чинакам янгиликлар тўртта терминни бир-бирига уриштириб, чиққан садосига маҳлиё бўлган олимларнинг жилд-жилд китобларидан эмас, йўқ, балки, кўпинча, ана шундай тафаккур эгалари қолдирган жажжигина мерослардан ибтидо олиши мумкин. Ҳа, бугун ҳеч бир муболағасиз таъкидлаб айтиш жоизки, Талъат Солиҳов янги ўзбек адабиётшунослиги таъмал тошини қўйганлар сафида муносиб ўрин тутади.
Эътиборингизга ҳавола этаётганимиз янги рукн исмини “Адабий нигоҳ” деб номладик. Бу ерда биз олиму ижодкорларимизнинг адабиёту санъатга бўлган ўз қарашларини эълон этиб боришни ният қилдик. Марҳамат, сиз ҳам иштирок этинг!

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 29.08.2012 в 12:41.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:47   #2  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Шакл, мазмун ва бошқалар ҳақида
Романтизм воқеликни эмас, балки воқелик ҳақидаги идеални акс эттиради. Реализм учун энг муҳим нарса – воқеликнинг ўзи. У воқеликнинг ўзгариши билан ўзгариб боради. Аслида, ҳеч бир метод тоза эмас.

Адабиётда икки хил шакл мавжуд:
1. Воқеликка хос бўлган инъикос шакли;
2. Воқеликка хос бўлмаган инъикос шакли.
Санъат – бу воқеликнинг образлар воситасида инъикос этилиши. Илмда мантиқий тафаккур, санъатда бадиий тафаккур бор. Тафаккурнинг муайян босқичлари қуйидагилар:

1. Мифологик;
2. Романтик;
3. Реалистик.
Булар воқеликнинг характеридан келиб чиққан. Ҳозирги санъат фақат ҳаётни инъикос этмайди, балки борлиқни акс эттиради.
***
20-йилларда Томас Манн ижодида мифдан фойдаланиш бошланди. Бошқа кўпгина ёзувчилар унга эргашдилар. Совет адабиётида узоқ вақт бундай йўл тутилмади. Мустасно бор эди, албатта. Чунончи, Платоновнинг “Котлован” қиссаси.
***
Илья Эренбург шундай деган эди. Агар жаҳонда учта романнавислик оқими бўлса, улар:
1. Кафка;
2. Камю;
3. Жойс.
***
Инсон зоти тафаккур нуқтаи назаридан ўтакетган дангаса.
***
Адабиётнинг олдига талаб қўйиб бўлмайди, уни ўз ҳолига қўйиш зарур.
***
Шакл топилса, бадиий асар яратилиши мумкин, йўқса – йўқ. Камю, Кафка, Фолькнер ижоди кўпроқ Фрейднинг психоанализи билан боғлиқ. Ҳозирги замон адабиётида кўпроқ психоанализ талаб этилади. Чунки илгариги тафсилотли сюжетлар ушбу кун кишиси учун завқ бермай қолди.
***
Инсонни инсон қилиб турган нарса, бошқа бир унсур бор, бу – руҳ!
***
Ҳар қандай мазмун муайян, ўзига хос шаклда рўёбга чиқади. Жаҳондаги ҳар қандай мазмуннинг ўз шакли бор. Агар ижодкор маълум бир шаклни топа олмаса, демак, бадиий асар йўқ. Шакл мавҳум нарса эмас. Шакл моҳияти бу – сўз. Лекин бу оддий сўз эмас, бадиий сўз.
***
Композиция, сюжет, тил – шакл. Унда мазмун нима? Жиддийроқ қарасак, шуларнинг ўзи мазмун. Рўёбга чиққан сюжет, композиция, сўз – мазмун.
***
Инсон тафаккури бор нарса. Табиатда-чи? Унда ҳам муайян тафаккур мавжуд. Чунки оламни ушлаб турган қонунлар – тафаккур меваси. Биз тушунмаган тафаккур оламда ниҳоятда кўп. Уларда ҳам бадиий унсурлар ҳаёт. Кашф этиш – тафаккур қилишнинг биринчи босқичи.
***
Воқеликни инъикос этиш бу – воқеликни қайта яратиш. Бу – воқеликнинг худди ўзи эмас, балки модели.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:49   #3  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Воқеликка муайян муносабат ва шу муносабат нуқтаи назаридан воқеликни акс эттиришнинг эстетик тамойиллари
Корнель асарларида ақл бирламчи, ҳиссиёт иккиламчи. Расинда бўлса, аксинча. Ленин: “адабиёт ва санъат мафкуранинг маълум шакли ва унга хизмат қилади”, дейди. Бу нотўғри, аксинча, мафкура адабиёт ва санъатга хизмат қилиши лозим.

****
Адабиётнинг тарбиявий аҳамияти йўқ! Унинг ягона вазифаси – воқеликни инъикос эттириш. Адабиётнинг таъсири эстетик, психологик бўлади, асло сиёсий, мафкуравий эмас. Адабиётга партиянинг ҳеч қандай раҳнамолиги керак эмас. Мабодо, раҳнамо топилса, адабиётнинг йўналиши фақат битта бўлиб қолади.
***
Навоий воқеликнинг ўзини эмас, балки воқелик ҳақидаги ўз хаёлини тасвирлайди. Навоий – романтик шоир, унинг даҳолиги ҳам шунда. Биз реализм методини энг яхши деб билдик ва Навоийни ҳам шу “яхши” метод намояндаси сифатида кўрсатмоқчи бўлдик. Бу – хато.
***
Меҳнат қилишда эмас, йўқ, балки тафаккур қилишда инсон жуда-жуда дангаса. Биз меҳнатга ўрганиб қолганмиз, фикрлашга эмас.
***
Асарлар “ҳақида” эмас, уларнинг ўзини ўқиш зарур.
***
Асар устида қайта ишлаш мумкин эмас, асарнинг тили устида қайта ишлаш мумкин. Унинг моҳияти, мағзи ўзгармас бўлиб туғилади.
***
Принципиал нуқтаи назардан Бальзак ва Толстой ўртасида фарқ йўқ, лекин жузъий жиҳатдан олсак, улар бошқа-бошқа.
***
Энгельснинг: “адабиётда типик воқеалар типик шароитларда тасвирланади”, деган гапи нотўғри. Чунки бир кишининг ҳаётни, хаёлини акс эттирган асарлар типик эмас, бироқ, бу ҳам бадиий асар – адабиёт. Қаҳрамон типик бўлмаслиги мумкин, бироқ, барибир, у – тип.
***
Социалистик реализм мавжуд, аммо адабиёт сифатида эмас, балки идеология – мафкура сифатида.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:50   #4  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Модернизм
Модернистик адабиёт XX асрнинг 30-йилларидан шакллана бошлади. У ўз ичига кўп нарсаларни қамраб олади. Мазкур адабиётнинг Кафка, Камю, Жойс каби оврупалик, Фолькнер, Хемингуэй каби америкалик йирик вакиллари бор. Улар ҳаётда учрамайдиган (мифологик ва бошқа) шаклларда ижод этдилар. Зигмунд Фрейд – модернизмнинг пайғамбари. У: “шуурнинг кўринмас, ботиний тарафлари мавжуд. Инсондаги кўп ҳолатлар шу ботиний шуур меваси”, дейди. Жойс ўз асарларида шуларни таҳлил қилади, чунки у Фрейд билан таниш эди.
***
Маркс: “буржуазияда инсон яккаланиб қолади, чунки бу система ва хусусий мулк билан боғлиқ”, дейди. Бу – янглиш фикр. Инсоннинг яккаланиши фақат капитализмга хос эмас. У жамиятга ва инсоннинг табиатига боғлиқ. Инсоннинг яккаланиши барча жамиятларга, жумладан, социализмга ҳам хос хусусиятдир. Жамият қанчалик мураккаблашиб боргани сайин, танҳолик шунчалик кучаяди. Масалан, ибтидоий жамоа тузумидаги билан ҳозирги давр инсон танҳолигини олиб кўрсак, сезамиз.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:51   #5  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Экзистенциализм
Экзистенциализмга асос солган одам Жан Поль Сартрдир. Экзистенциализм “ҳаётнинг маъноси унинг бемаънилигида”, дейди. Лекин инсоннинг бунга алоқаси йўқ. Ҳаётнинг маъноси фожиадир, тўғрироғи, ўша фожиани енгишда. Хемингуэй ва Айтматовлар шундай тушунадилар. Экзистенция – маънонинг бемаънилиги, бу – буюк фожиа!
***
Сартр: “ҳар битта одам қонида экзистенция (фожиа ва беъманилик, кўнгилни беҳузур қиладиган субстанция) мавжуд”, дейди.
***
Ҳаётда яратувчилик билан бир қаторда йўқ қилувчилик ҳам бор. Йўқса, инсоният ақлини танигандан буён урушиб келмас эди.
***
Инсон заиф, у фожиадан қўрқади. Бунинг ўзи ҳам фожиа.
***
Ҳаётнинг устидан чиқарган ҳукмимиз бизнинг ўзимизга ҳам тегишли.
***
Оламдаги жониворларнинг биттаси – биз ва бизнинг ҳеч қандай улардан устунлигимиз йўқ.
***
Ҳаётнинг ўзи кучли фожиаларни мужассам қилади. Камюда ҳеч қандай ҳайратга туширадиган қаҳрамон йўқ, лекин уларнинг тақдири кишини қийнайди, азоблайди.
Яхши асарни ўқигач, киши поклангандай бўлади. Адабиёт бундан ортиқ нима берсин?
***
Буларнинг ҳаммаси тафаккур қилишнинг битта йўли, холос.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:54   #6  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Эмиль Золя
Инқилоб – бир гуруҳнинг иккинчи бир гуруҳ устидан ғалабасидир. Флобер Париж коммунасини инкор этган. Аммо у Бальзакни инкор этмаган, фақат Бальзак изидан бормаган.
***
Шу кунги ҳаётни – фақат сўкиш, инкор этиш, қарғаш мумкин бўлган ҳаётни тасвирлашга реализм керак. Шундай реализм Золяда мавжуд. Унда эксперимент кучли. Адабиётда баъзан мувафаққиятсиз эксперимент одатдаги асарлардан қимматлироқ бўлади.
***
Классик адабиётда воқеликни тасвирлаш етарли эди. Ҳозир етарли ва муҳим эмас. Бу – жўнлик.
Воқеликни тасвирлаш – синтез, тушунтириш – анализ.
***
Навоийдаги савқитабиий (интуиция) ҳозир йўқ. У минг йилда бир марта дунёга келади.
***
Белинскийнинг: “санъат воқеликни бадиий сиймолар асосида акс эттиради”, дегани бугун етарли эмас. Чунки воқеликни бадиий тадқиқ қилиш асосида бадиий сиймоларни яратиш – бугунги кун шиори.
***
Эмиль Золя – реалист. У: “илм билан бадиий асар бир хил. Фақат уларнинг танлаган объектлари, методлари бошқача, мақсадлари эса битта”, дейди.
***
Инсонни ген (ирсият) программалаштиради. Ген авлоддан-авлодга ўтади. Инсон сажиясини белгиловчи нарса атроф-муҳит эмас, балки субъект, ирсий программа. Инсон – бетакрор, йўқса, ота-онаси ким бўлса, у ҳам ўша бўларди.
***
Золя қаҳрамонлари ноанъанавийдир.
***
Инсоннинг генига таъсир қилиш (яъни, ўзгартириш) жиноят.
***
Импрессионизм – бир лаҳзада кечган муайян нарса-ҳодисани тасдиқлаш, рўёбга чиқариш, акс эттириш. Масалан, рассом маълум бир тасвирнинг қайси жилваси кўринса, ана шуни акс эттиради. Реалликда эса типиклаштирилади ва, натижада, нимадир йўқотилади. Импрессионизм ўша ниманидир олади.
***
Бир тасвирни ҳар хил рассом ўзича (турлича) кўради.
***
Импрессионизм буюк санъат. У улкан санъатларни келтириб чиқаради. Золяда ҳам шу нарса бор. Золянинг баъзи асарлари ниҳоятда зерикарли бўлиши мумкин, лекин у бор нарсани ёзади. Муҳими ҳам шу – бор нарсани ёзиш. Хемингуэй: “ёзувчи нимани яхши билса, шуни ёзиши керак”, дейди.
***
Ҳар қандай истеъдод конкрет, аниқ-муайян бўлади. Истеъдоднинг ўзи нима? У – эҳтироснинг энг юқори даражада намоён бўлиши. “Умуман истеъдод” деган нарса йўқ. Ҳар бир ёзувчининг ўз истеъдоди мавжуд.
***
Романтизмнинг “ожизлиги” шундаки, унда олдин программа (дастур) тузилади ва шу асосида асар ёзилади. Бунга сиғмай қолган жойлари эса қирқиб ташланади.
***
Золядаги фавқулоддалик ирсият билан боғлиқ.
***
Толстойда ўз-ўзини инкор қиладиган қарама-қаршилик бор. Буни Ленин ёзувчи дунёқарашининг чекланганлиги билан изоҳлайди. Аслида-чи? Аслида, бу нарса Толстойда “ёмонликка яхшилик орқали жавоб бер”, кўринишида мавжуд ва буни шундай тушуниш лозим.
***
Ҳаётда ҳамма ҳам шахс даражасига кўтарилавермаслиги мумкин, лекин ҳар битта инсон битта индивид.
***
Золя марксизмни қабул қилган эмас, бироқ социализмни – бошқача социализмни қабул қилган. Унинг энг катта асари “Ругон – Маккарлар”дир. Асар йигирма жилддан иборат ва ундаги воқеалар йигирма йилда кечади. Қизиғи шундаки, ёзувчи бу асарни йигирма йилда ёзиб тугатган.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:55   #7  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

***
Романни Белинский жанр деб атайди. Ҳозир роман жанр эмас, балки тур. Унинг жанрлари мавжуд. Масалан, роман, роман-эпопея. Воқеликка муносабат, бадиий тамойил романни эпопея қилиши мумкин. Аммо ҳамма кўп жилдли романлар ҳам эпопея бўлавермайди.
***
Одамлар бошига кулфат тушгандагина бирлашади. Бошқа пайтларда эса бирлашмайди.
***
Қаҳрамон тақдирининг тарихи – сажия (характер).
***
Асарнинг ният-ғоясини аввалдан билиб бўлмайди. Агар билиб бўлса, бу романтизмдир.
***
Бизда яратилган асарларда фақат шарт-шароит одамни одам қилади, дейилади. Индивид, шахс, ирсият эсдан чиқарилган. Ирсиятнинг шахсда намоён бўлиши Золяда қонуний тарзда кечади. Толстойда бу жиҳат ўткинчи.
***
Ёзувчи бошқа миллат вакилини акс эттирганда ҳам, барибир, унда ўз миллати хусусиятини сезиш мумкин. Бу камчилик эмас – ўзига хос жиҳат.
***
Совет адабиёти йўқ. Чунки совет деган халқ йўқ. Рус адабиёти бор, ўзбек, грузин адабиёти бор. Совет маданияти ҳам, музикаси ҳам йўқ.
***
Адабиётга сиёсатни суқиш керак эмас, бадииятнинг ўзи сиёсат.
***
Аҳамияти жиҳатидан ёзувчи (шоир) умумжаҳон бўлиши мумкин, лекин поэтикаси, бадиияти жиҳатидан фақат ўз миллатининг одами бўла олади, холос.
***
Жамият индивидни яратади, деган фикр нотўғри, балки индивид жамиятни яратади. Ҳатто Навоийда кўп қаҳрамонлар шароит маҳсули. Мавжуд индивидлар эса романтик хусусиятга эга.
***
Ёзувчининг хаёли чексиз бўлганда ҳам объектив хаёлот (борлиқ)дан шубҳасиз тордир.
***
Золя ўз хаёлотини чеклайди. Бу – ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмас. Масалан, у адабиётни илм дейди.
Золя индивиди Бальзакникидан кенгроқ. Фрейд кашфиётлари Золя кашфиётлари устига қурилган. Бу – табиий ҳол. Уларда фавқулодда ҳодисалар, индивидлар текширилади.
***
Қолиплар – стереотиплар дастлаб пайдо бўлганда ижобийдир. Улар қайтарилганда, сийқаси чиқади.
***
Сўз ташбеҳга айланганда бадиийлик юзага чиқади. Идеализмсиз бадиият йўқ. Идеализм бу – бор нарсани ҳар хил тушуниш.
***
Асар вақт ўтиши билан бошқа (асар)га айланади. Чунки уни тушуниш ҳар хил.
***
Истеъдод – туғма ҳодиса. Уни аямай сарфлаш керак. Сарфлашнинг орқасидан яна сарфлаш келиб чиқади. Бироқ истеъдодга эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш лозим.
***
Ҳақиқий санъаткор ҳар доим ношукур бўлиши керак. Ҳақиқий ёзувчи учун яшаш бу – ижод. Хемингуэй ёзолмаганини тушунгач, ўзини ўлдиради. Гоголь ва Мопассан жинни бўлиб ўлган.
***
Орқа мияда биз билмаган бўлим бор ва у анормал психологияни пайдо қилади. Жиннилар ҳаракатини ботиний шуур бошқариб туради. Фрейд буни сексология билан боғлаб аниқлаб берган.
Секс бу – эҳтирос. У қудратнинг энг юқори даражада рўёбга чиқишидир. Секс бу – кўпроқ руҳий яқинлик. Леонардо да Винчи суратидаги сеҳр бу – қониқмаган секснинг кўриниши.
***
Ёзувчида жасорат бўлиши зарур. Кўпчиликда шу етишмайди.
***
Табиатнинг бутун фожиасини тўлалигича акс эттириб, қабул қилиб бўлмайди. Бунга инсон чидай олмайди. Золя буюк жасорат чегарасида фожиани акс эттирган. Ушбу ҳаддан четга чиқиш мумкин эмас. Ундан четга чиққан Золя мутлақо ҳалок бўлади.
***
Инсоннинг қиммати, даставвал, унинг омма эканлигида эмас, балки инсоннинг якка ўзида. Сталинизм “Оммада!” дегани учун вужудга келди, яъни, у якка одамларда қимматни кўрмади, ўлдираверди.
***
Сизифнинг бахти – унинг бахтсизлигида, шуни ҳис қилганида.
***
Севги – бу фожиа. Чунки унда ўзликдан кечишга тўғри келади, яъни, ўзингни кимгадир бағишлайсан. Ўзингдан кечиш эса – бахтсизлик.
***
Бахт балки ўткинчиликни тушунишдадир.
***
Инсон тафаккури чексиз эмас. Инсонни инсон қиладиган нарса бу – маънавият.
***
Инсон фожиани тан олиши ва уни енгишга ҳаракат қилмоғи керак. Хемингуэй учун ёзиш – ҳаёт, фожиани енгиш эса – яшаш эди. У жисмонан ёзолмай қолди ва ўзини-ўзи отиб ўлдирди.
***
Руҳият – ёзилмаган, айнимаган дин! Одам қанча буюк бўлмасин, унинг руҳиятида яшириниб ётган ўз манфаати бор. Бусиз мумкин эмас. Бусиз одам – одам эмас. Унинг бошқаларга хизмат қилишида ўз манфаати бўлади.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 28.08.2012 16:56   #8  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Томас Манн
Томас Манн Толстой ва Бальзаклар даражасида, лекин уларга нисбатан анча мураккаб. Унинг Толстой ва Бальзак сингари оммавий эмаслигининг сабаби ҳам шунда.
***
Фақат образ орқали воқеликни тўла акс эттириб бўлмайди.
***
Адабиёт истеъдоддан ташқари (ёзиш) техника(си)ни ҳам талаб қилади.
***
Чернишевский ўта тенденциоз ёзувчи. У халқни қўлга болта олишга биринчи бўлиб чақирган. У ёзувчи эмас, “Нима қилмоқ керак?” деган асари ҳам асар эмас. “Нима қилиш керак?” деган саволга “Воқеликни акс эттириш керак”, деб жавоб бериш лозим.
***
Адабиётга ҳикоя мифларни дастлаб Томас Манн олиб кирган. Фашизм саксон миллион одамни йўқ қилди. Лекин мазкур қабоҳатга нима мажбур қилди? Буни ҳеч нарса тушунтириб беролмайди. Фақат озгина яқин борадигани бу – МИФ.
***
Ҳар битта бадиий асар дастлаб миллийдир. Миллий бўлмаган адабиёт, адабиёт эмас.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:57   #9  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Хорижий ўзбек адабиёти
Америкалик ўзбек ёзувчиси Булоқбоши Чўлпонни Шекспирга қиёс қилади. Кейин ёзади: “Йўқ, чуқурроқ ўйлаб кўрсам, Чўлпон Шекспир эмас экан. Чўлпон бу Чўлпондир”.
***
Сўзни ўлдирсангиз – тил ўлади. Тил ўлса, миллат ўлади. Миллат бу – ўзбек, француз, турк, инглиз...
***
Балки Пушкин, Лермонтовнинг аслини, тўла муқобилини ўзбек тилида ўқиш мумкин.
***
Адабиёт ўз сиёсатини ўзи намойиш қилсин. Унга тиқиштириш шарт эмас. Ҳозир ҳар бир ҳаракатимиз, сўзимиз – сиёсат. Ҳатто тушларимизда ҳам сиёсат мавжуд. Лекин булар сиёсатлаштириш эмас. Ҳозирги ўзбек адабиётида сиёсатлаштириш йўқ.
***
Бобурга келиб ўзбек адабиёти иккита йўлга ажралиб кетган. Назаримда, ўзбек классик адабиёти Машрабгача давом этади.
***
Навоий ва Фурқатлар маърифатчи эмас. Рус маданиятини сўқигани учун Фурқатни маърифатчи деб бўлмайди. Ахир, бу – туркий халқлар маданияти эвазига бошқа маданиятни киритиш-ку!
***
Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” деган шеърида миллатчилик бор. Миллатчилик – буюк ҳодиса. Шовинизм – бир миллатни иккинчи миллатдан устун қўйиш. Миллатчилик эса ҳар ким ўз миллатини ҳимоя қилиш, демакдир.
***
Жаҳонда майда ёки катта халқ йўқ. Чунки миллатлар бир жонзотнинг аъзоларига ўхшайди. Жонзот учун унинг ҳар бир аъзолари бирдек қимматли. Битта аъзо ишдан чиқдими, демак, бутун танада емирилиш бошланади.
***
Аллоҳни тан олиш ёки инкор қилиш унчалик муҳим эмас. Асосийси – унинг даражасига руҳиятда чиқиш.
***
Руҳ – нурланиш оқими, моддий.
***
Йўқ нарсага ҳам “бўлиши мумкин” деб қараш лозим. Бу ерда инсон ўзига чексиз эрк бермоқда. Инсон туғилгандан бери эркни орзу қилади. Балки инсоннинг асл моҳияти шундадир.
***
Маркс: “Эрк бу – англанган зарурият”, дейди. Аслида, эрк ва зарурият бир-бирига қарши. Марксдаги эрк сохта. Эркнинг чегараси йўқ. Руҳиятга эрк бериш лозим.
***
Етти рақами муқаддас. У космогониянинг белгиси. Космогония – етти иқлим, етти олам, етти само. Биз ҳаммамиз ўз юлдузларимиз таъсирида бўламиз. Чунки биз туғилганимизда муайян юлдузлар ўз таъсирларини ўтказганлар.
***
“Пантуркизм”, “панисломизм” деган гаплар ғирт ёлғон. Чунки бор бўлганида эди, сўз ҳам ўзбекча бўларди.
***
Жадидчилик – энг аввало, адабий-бадиий ҳаракат. У жаҳоннинг ярмини қамраб олган. Жадидчилик худди бугунги кундагидек янги бадиий тафаккур. У илгариги маориф тизимини, яъни, мадрасалардаги ўқитиш тизимини тиклашга интилишдан бошланган. Бунинг учун адабиёт орқали йўл тутишган. Туркияда бошланган. У – тараққийпарвар умумтурк ҳаракати. Жадидчиликка француз маърифатчилиги таъсир қилган. Масалан, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт” номли асаридаги фоҳиша аёл тасвири. Француз маърифатчилиги эса, ўз навбатида, Шарқ маданиятидан илҳом олган.
***
“Инқилобий”, “прогрессив”, “реакцион” адабиёт деган тушунчалар бўлмағур гаплар. Чунки адабиётнинг мағзи – инсон. Шундай экан, у қандай қилиб реакцион бўлади? Кўринадики, жадидчилик адабиёти ҳам на прогрессивдир ва на реакцион.

Адабиётда иккита руҳ бор:
1. Қуллик;
2. Озодлик.
Шахснинг озодлигини миллатнинг озодлиги таъмин этади. Мен аввал ўзбекман, кейин озодман.
Ответить 
Старый 28.08.2012 16:58   #10  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Лотин Америкаси адабиёти
Жаҳон адабиётида Лотин Америкаси адабиётини феномен дейишади. Бу адабиётда роман бўлган эмас, демакки, анъана ҳам бўлмаган. Биринчи роман 1931 йилда ёзилган ва “Премия” деб аталган. Навоийнинг “Садди Искандарий”сини роман дейиш мумкин. Чунки у мифга асосланган (қолган достонлари роман даражасига кўтарилган эмас). Шунга кўра ўзбек адабиётида инқилобдан кейин роман пайдо бўлди, дейиш нотўғри.
***
Маркесдаги “думли бола” қадимги ҳиндулар мифологиясидан олинган. Миф ҳар доим фожиа билан якунланади.
***
Бошқа халқ психологиясини инкор этиб бўлмайди. У айтаётган гапларни “шундай бўлади”, деёлмасак, “шундай бўлиши мумкин экан”, деб фараз қилайлик.
***
Ёзувчининг борлиги унинг бутун асарлари билан белгиланади. Унинг буюк асарлари (ижодкорнинг) фақат бир томонини кўрсатади, холос. Ёзувчининг буюклиги унинг ожиз асарларида ҳам кўринади. Ижод бу – система. Хуллас, санъаткорнинг улуғлиги унинг битта-иккита асарлари билан ўлчанмайди.

***
Биз табиат қўйнидан чиққанмиз. Фожиамиз ҳам шуки – чиққанмиз. Инсон – табиат унсури. У – абадий. Табиатда эврилиш бор, лекин йўқолиш йўқ, бўлмайди.
***
Адабиётнинг бирдан-бир вазифаси – ҳаётни ошкора кўрсатиш, унинг фожиасини кўрсатиш.
***
Чақалоқ туғилиши билан қаттиқ йиғлар экан, у дунёга келганини интуитив равишда ҳис қилиб, даҳшатдан йиғлайди. Менингча, унинг тафаккури катта бўлгандаги тафаккурига тенг. Фақат у улғайгандагина мазкур тафаккур намоён бўлади.
***
Инсон туғилганда ифлос ва ёлғиз бўлади. Ўлаётганда яна ифлосланади. Инсоннинг моҳияти ана шу икки нуқтадан иборат. Унинг оралиғи субстанция – моҳиятнинг ҳаракати.
***
Яшашнинг ўзи – фожиа. Ибтидо фожиа бўлсаю интиҳо фожиа эса, демак, ўртаси ҳам фожиа. Биз ана шу фожиани, даҳшатни енгсаккина уни тушунамиз. Йўқса, унинг қулига айланиб қоламиз. Ўз фожиасига камдан-кам одам чидайди. Фожиага бардош бериб, уни кўзгуда акс эттира билган ёзувчи оз, жуда ҳам оз.
***
Ҳар ёзувчининг ўз виждони олдидаги жавобгарликдан ташқари бошқалар олдидаги жавобгарлиги ҳам бор. Ҳатто бу муҳимроқдир. Ҳақиқий ёзувчи ўз шахсий ҳаётида бир талай номаъқулчиликлар қилган бўлиши мумкин, бироқ бошқаларга нисбатан ҳеч қачон қабиҳлик қилмайди.
***
Ҳар қандай мард одам ҳам ўзидан ва бировдан ниманидир яширади.
***
Адабиётшуносликда профессионализмнинг икки томони бор. Биринчиси – асарни англаш. Бу жараёнда ўзликдан воз кечиш керак. Ўзлик, албатта, таъсир кўрсатади, лекин мазкур жиҳат йўналишини белгилаб бермаслиги лозим. Мен асарни белгилаб бермайин, балки асар мени белгилаб берсин. Иккинчидан, профессионалда асарни ўқиётгандаги лаззатланиш ҳиссиёти сийқаланиб боради.
***
Энг қийин нарса – болаликни ўзида сақлаб қолиш. Болаларда қолип бўлмайди. Адабиётшунос ана шундай бола бўлиб фикр қилса, кўп нарса ютади.
***
Достоевскийда Мишкин – телба, қолганлар соғ. Аслида, Мишкин соғ-у, бошқалар телба.
***
Ҳаётда ёлғон гапириш ёмон нарса. Лекин ҳаёт ўз йўлида кетаверади, адабиётда эса умуман ёлғон ишлатиш мумкин эмас.
***
“Улисс”ни ўқиш учун мифология ва “Одиссея” каби достонлар билан танишиб чиқиш лозим.
***
Ҳалокат бу – қутулишнинг йўли эмас. Ўлим – зиддиятни ҳал қилмайди. Иложсизлик ва иложнинг мавжудлиги “Юз йил танҳоликда” бирлашади.
***
Одиссей ёлғиз эмас, уни ҳатто ҳалок бўлганларнинг руҳлари қўллаб турибди. Аммо бу – биздаги коллектив ҳақидаги тушунчадан тамоман бошқадир. Маркесда танҳолик бор. Буни таҳлиллаш учун ақл бовар қилмас истеъдод керак. Бу ҳатто Фолькнерда ҳам йўқ.
“Улисс”да танҳолик шу бугуннинг хусусияти тарзида очилади. Маркесда танҳоликни келтириб чиқарган – кечаги танҳолик. Бу ўринда яккаланишдан ташқари яккалаш ҳам мавжуд. Бу фақат одамга эмас, балки оламга ҳам хос хусусиятдир. Танҳолик юз йил аввалги гражданлик урушидан келиб чиқади. Бу – шартли. Аслида, ёлғизлик башарий қирғиндан келиб чиқади.
Жазонинг оқибати тазарру бўлмоғи керак. Жазонинг ўзи яна қирғинга сабаб бўлади. Буэндиоларнинг бошига тушган кулфатлар жазонинг бир кўриниши. Инсон табиатида тазарруга қараганда ёвузлик кучлироқ.
***
“Қори ишканба” – Гобсекнинг кўчирмаси. Қаранг, Қори ишканбага раҳмингиз келмайди, Гобсекка эса келади.
***
Агар истеъдод бўлса, қачондир, нимадир намоён бўлади. Бу – муқаррар.
***
“Улисс”ни узлуксиз ўқиш керак. Чунки ҳаётнинг ўзи шунақа – узлуксиз. Ҳаёт субстанция эмас, балки ҳодиса. Танҳолик ҳам шундай. “Юз йил танҳоликда”ги юз йилнинг ўзи чексиз.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2026, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх