Сообщений: 881
+ 1,270
830/414
– 4
16/13
|
Цитата:
ТЕЛЕФОНДАГИ СУҲБАТ ОЙДИНЛИК КИРИТДИ
Мазкур қизиқарли, аммо маҳзун воқеага аниқлик киритиш учун ҳофизнинг укалари Шерали акага сим қоқдим. Узун гудоклар кетар экан, “Дилга озор бермасдан, қандай қилиб саволларимга жавоб топсам экан?..” деган ўй хаёлимдан ўтди. Ва у киши шошилинч бир овозда жавоб бердилар:
– Ало-оо...
– Ассалому алайкум, Шерали ака, сизни безовта қилганим учун узр, Янги йил муборак бўлсин!
– Раҳмат... Сизни танимай турибман...
Ўзимни таништириб, сўнг оҳиста мақсадга кўчдим. Аввалига бош тортдилар, бироқ мақсадимга эришмасдан аҳдимдан қайтмаслигимни сезган, акамиз саволларимга жавоб беришга рози бўлдилар...
– Сиз Охунжон ака билан бирга ўсиб-улғайгансиз. У киши ҳақида барча маълумотларга эга бўлсангиз керак?
– Ҳа, тўғри айтасиз. Мен ҳамиша акам билан бирга юриб, ёшлигимдан у кишига ҳамроҳлик қилардим. Ҳатто, катта тўй ва тадбирларда ҳам иложи борича бирга боришга ҳаркат қилганман. Деярли ҳар доим бирга юрганимиз учунми, дилидаги гапларни менга тортинмасдан айтар эди. Кўнгли бироз безовта бўлса, дарров суриштириб кетар эдим.
– Охунжон ака, гарчанд ҳеч қандай касалликка чалинмаган бўлсалар-да, бирдан вафот этишлари ҳанузгача ҳаммани таажжубга солмоқда.
– Аслида уни биз, яъни мухлислар ўлдирдик.
– Очиқроқ гапирсангиз?
– Агар хабарингиз бўлса, мамлакатимиз мустақилликка эришмасидан олдин, адашмасам 1987 йиллар... ўшанда турли жанжаллар, тортишувлар бўлган эди. Ўша йиллари санъаткорлар жуда саноқли эди. Бугун-чи... Бизни тўйга чақиришганида, агар у-бу нарса бўлиб, бора олмайдиган бўлиб қолсак, келиб шунақа қисташар эдики, охири боришга тўғри келарди. Ўшанда Охунжоннинг аҳволига ҳам эътибор беришмаган. У чарчаганми ёки бироз бетобми – бунинг тўй эгасига қизиғи йўқ эди. “Мен тўйга ният қилганман, бормасалар шарманда бўламан. Буни эса мен хоҳламайман”, деб туриб олар эди. Кейин, Охунжон ҳам бир сўзли йигит эди. Ҳеч кимнинг раъйини қайтармас эди.
Кечаю кундуз тўйда хизмат қилиши, олис йўлларда юриши, турли ташвишлар уни ич-ичидан сиқиб юрган. Буни мен сезардим, бироқ у соғлиғи ҳақида очиқ гапирмас эди. Худди мана шу ташвишли кунлар уни чарчатиб қўйди. Айниқса, 1987-1994 йиллар Охунжон учун жуда машаққатли давр бўлди. 2000 йилнинг 29 июни... Ўша машъум кунда бирдан инфаркт (бирор аъзонинг маълум қисмига қон етарлича келмаслиги натижасида, шу жойдаги тўқималарнинг ўлиши)га учраши илк бор юз бермаган... (бироз сукут сақлаб). Бундан олдин ҳам у худди шундай воқеани бошидан ўтказган, бироқ буни ҳаммадан сир тутган.
– Ўшанда сиз ҳам пайқамаганмидингиз?
– Йўқ, мен сезгандим, фақат бироз вақт ўтганидан сўнг. Орадан анча вақт ўтди, “Ҳаммасига изига тушди-ку”, деб, шифокорга учраб даволанмади ҳам. Уни мухлислари ҳамиша саҳнада соғинишар, ундан фақат янги қўшиқ, янги концертни интизорлик билан кутишар эди. Охунжон эса ижодга бутун борлиғини бериб, ўз соғлиғига эътибор бермай юрди. Оқибатда... (суҳбатдошимнинг овозлари ўзгариб, жим бўлиб қолдилар, дарҳол гапни бошқа мавзуга буришга ҳаракат қилдим)
– Акангизнинг қай жиҳатларини қадрлайсиз?
– У жуда ҳам олижаноб инсон эди, ҳамиша бунёдкорлик қилишга интилар эди. Унинг самимий ва камтарлигини қадрлайман. Илоҳим, Яратган унинг умрини фарзандларига улашган бўлсин. Ҳар йили 21 май куни Охунжоннинг ўзи қурдирган дам олиш масканида концерт дастурини ташкил этамиз. Биз тадбирга эълон бериб, мухлисларни чақирмаймиз, балки ўзлари келишади. Турли вилоятлардан тумонат одам йиғилганини кўриб, акам ҳали ўлмаганлиги, у ҳали барҳаёт қўшиқларининг ҳар бир сўзларида яшаётганлигини ҳис қиламан. Насиб этса, бу йил ҳам мазкур тадбирни ташкил этяпмиз. Вақтингиз бўлса келиб, ўзингиз гувоҳ бўлиб қайтасиз. Ҳар ҳолда, таклиф этилганларнинг биринчиси сиз бўлдингиз. Укам, кутамиз...
– Раҳмат, албатта, насиб этган бўлса борамиз. Суҳбатингиз учун ташаккур. Хайр, саломат бўлинг!
Дарвоқе, ўшанда ҳофиз жасадини ёриб кўрган мутахассислар ҳам Шерали ака айтган хулосага келишган эди. Мана, азиз, муштарий ҳаммасига тўлиқ ва тўғри хулоса чиқардик. Энди кимдир бу мавзуда яна миш-мишли гап-сўзларни айтганида, шошилганча қўшилиб ёхуд қулоқ тутиб, қиммат вақтингизни сарфламанг! Ҳаммаси ясама “ҳикоя”лар... Яна ўзингиз биласиз.
Инсоният ва табиат вужудга келибдики, яралиш ва кун келиб сўниш деган тушунчалар мавжуд. Демакки, ҳар кимнинг тақдири турлича... Бир замонлар қисқа умри давомида минг йиллик тарихда из қолдирган боболаримиз сингари, Охунжон Мадалиев ҳам ўзининг ўчмас номини муҳрлаб кетди. Унинг қисмати кимгадир сир, ким учундир ойдек намоён бўлса-да, номига мувофиқ ҳақиқий одамохун бўлиб яшади. Нима ҳам дердик, ҳар бир инсонга ҳофиздек эзгу ишларни қила олиш бахти насиб этсин...
Ҳидоят САДРИДДИНОВ
“Дийдор азиз” 2013 №1
|
__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)
|