Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 28.08.2012 17:07   #11  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Кафка
Хемингуэй, Маркес, Диккенс каби адиблар: “асар бошқа, мен бошқа”, деган гапни айтишган. Менингча, бу нотўғри. Чунки ёзувчи ким бўлса, асар ҳам ўшандай бўлади. Одам ўзидан нур таратади. Худди шундай, асар ҳам ёзувчининг бир кўринишидир.
Кафкадек даҳшатли ёзувчи дунёда йўқ. Кафка маънавий жиҳатдан эзилиб, майдаланиб кетган. Яҳудийларда одам қаторига кириш учун ҳар нарсадан воз кечиш одати бўлган. Улар ҳатто диндан-да кечишган. Лекин, аслида, қалбда, шуурда ҳеч қачон кечмайдилар. Даҳшат шу ердан вужудга келади. Чунки аросат бошланади. Кафка яҳудийликдан чиқиб кетган ва немис тили унинг учун она тилига айланади. Шунинг ўзи танҳоланишдир. У жамиятга киришга ҳаракат қилди, лекин жамият уни ўзидан итарди.
Кафкани биров реалист деса, бошқа биров модернист дейди. Кафкани ўқиганда, шу заминдан келиб чиқиб қараш керак эмас, шуурда заминдан бир оз кўтарилиш лозим. Хаёл ҳам реаллик эканини тушуниш керак.
***
Болалигимизда эртакдаги барча нарсаларга ишонар эдик ва ишониб тўғри қилганмиз. Ақлимиз расо бўлган сари табиийликдан узоқлашиб борамиз.
***
Кафка ўз асарларининг асосий қисмини чоп этишларини ман қилган. Чунки асар таъсирида ўқувчини даҳшатга тушиб, асар асири бўлиб қолишини истамаган. У бундай асарларини ҳатто ёқиб юборишларини илтимос қилган.
***
Гоголь ва Кафка ўртасида ўхшашлик бор. У ҳам Кафка даражасидаги даҳо. Масалан, унинг “Вий” асарини ўқиб кўринг. Гоголь “Ўлик жонлар”нинг иккинчи қисмини ёқиб юборган. Эмишки, у мазкур бўлимда помешчиклардан бирини ижобий қилиб тасвирлаган ва кейин тушуниб қолиб ундан воз кечган. Бу – хато фикр. Аслида, Гоголь ўз асаридан ўзи даҳшатга тушган. Биз Гоголни Белинскийнинг таҳлилидан келиб чиқиб баҳолаймиз. Гоголь покланишга чақирган. Буни Белинский тушуниб етмаган ва танқид қилган. Аслида, Гоголь воқелик қандай бўлса, ўшандай акс эттирган.
Гоголь ҳам рус бўлиб рус эмас, украин бўлиб украин эмас. Аросатда қолган шахс.
***
Ҳаётнинг ўзи трагикомедия.
***
Нусха кўчириш – санъат эмас.
***
Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен уяламан.
***
Қачонгача ҳамма одамларни буюк, табиатнинг энг олий тожи, деб юрамиз.
***
Аввало, ўзликдан воз кечишга рози бўлиш керак. Аввало, киши ўзидан қўрқмаслиги лозим. Бундай қўрқув ҳиссини енгиш зарур.
***
Кафка 41 ёшида вафот этди. Уни асарларида акс этган ҳақиқат ўлдирди. Кафканинг улуғлиги ўша даҳшатни кўра олганлигида.
***
Лирик қаҳрамон ва шоир деган гап бор. Бу – ғирт бемаънилик. Фақат шоир бор. Лирик қаҳрамон ҳам шоир, шоир ҳам шоир.
***
Пушкин Байроннинг “Шарқ поэмаси” деган асари тўғрисида: “Байрон ҳар бир қаҳрамонга ўз хусусиятидан битта-биттадан берган. Бу – унинг заиф томони”, деган. Ушбу фикрларида Пушкин ҳақсиздир.
***
Воқеликни акс эттиришда ўзини қурбон қилиш Жойс, Камю, Кафкада жуда яққол кўринади.
***
Ёзувчининг аросатлиги! Ўйлаб қарасак, ҳаётнинг ўзи шунақа – на у ёқлик, на бу ёқлик.
***
Турғунлик даври бир тийинга қиммат давр. Аслида, унинг ўзига хос аҳамияти мавжуд: Кафка, Жойс, Камю сингари ёзувчилар юзага келади.
***
Кўздан ёш чиқиши – бу жуда осон йўл. Биз даҳшатга тушишни билмаймиз, тушунмаймиз.
***
Жамият тараққиётида ягона йўл бор – эволюцион, революция билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Революция бу – табиатга нисбатан тазйиқ.
Дарахтнинг қадри қанча бўлса, инсоннинг қадри ҳам шунча.
Ответить 
Старый 28.08.2012 17:08   #12  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Утопик асарлар
Хаёлни илмга айлантирмоқчи бўлдилар ва айлантирдилар, лекин амалга ошмади.
***
Романларни ўқиётганда даҳшатга тушамиз, бироқ ҳаётдан қўрқмаймиз. Аслида, романдагилар ҳаётда бўлган.
***
Инсон тафаккурда юз фоиз эркин бўлмоғи керак.
***
Мафкура санъатда ҳокимлик талаб қилар экан, бадиият бузилади, сўз бузилади.
***
Адабиёт ҳаётнинг худди ўзи эмас ва бўлмаслиги керак. Адабиёт иллюзияга айланиши лозим, яъни, гўё худди шунақа.
***
Кўриниб турган нарсани фақат сўз билан ифода қилинса, бунинг нимаси санъат?
***
Навоий асарлари ҳаётнинг худди ўзи эмас, балки гўё худди ўзи.
***
Уран сайёрасини Гёте башорат қилган. Яъни, ҳар қандай сиймо бу – ахбор (информация).
***
Фарҳодга Ширин кўзгуда жонли бўлиб кўринади. Бу ҳозирги кибернетикага мос тушади.
***
Ҳар қандай асар, одатда, бир сўз учун ёки бир сатр, бир фикр учун ёзилади.
***
“Қутлуғ қон”да романнинг асосий ғояси Мирзакаримбойда мужассам бўлган. “Ер сотган эр бўлмас, эр ер сотмас” деган фикр учун мен ушбу романни буюк асар деб атайман. Бинобарин, “Қутлуғ қон”нинг асосий қаҳрамони Мирзакаримбойдир.
***
Мана биз нисбатан озодмиз[1]. Лекин нега жим турибмиз? Чунки руҳимиз қулфлоқ. У даҳшатдан халос бўлмоғи лозим. Балки бу даҳшат ирсиятга айланиб қолгандир.
***
Ҳар қандай асарда нисбатан камчилик бўлади, уни ўйлаб чиқаришнинг ҳожати йўқ.
***
Санъатнинг энг зўр устунларидан бири – шартлилик.
***
Инсоннинг ҳамма соҳадаги ишлари бир хил принцип (тамойил)га асосланади.
***
Шундай ҳодисалар борки, улар моҳиятнинг ўзида мужассам бўлади.
***
Бадиий асар бу – модел. Истеъдоднинг қудрати ана шу моделлаштириш процессида намоён бўлади.
***
Асар – модел. Лекин бу унинг қадрини туширмайди, балки оширади. Чунки моделда чек йўқ, чегара йўқ.
***
Ҳар қандай асарда санъаткор ўзини намоён қилади. Шу – модел.
***
Бизникидан бошқа галактикаларда ҳам инсонлар бор. Улар бошқача, лекин моҳият битта. Буни тушунмасдан туриб санъатни талқин қилиш мумкин эмас. Санъатни олам моҳиятидан ажратиб олиш керак эмас.
***
Биз ўз қобиғимиз ичидан чиқа олишимиз лозим. Биз ҳали тухумни ёриб чиқмаганмиз.
***
Санъатда ниманидир тушуниш инсонга ҳузур бахш этиши керак.
***
Ёзувчи ёзмаслик мумкин бўлса, ёзмайди.
***
Ўзликни намоён қилиб бўлгандан сўнг ҳақиқий санъаткор учун ҳаётнинг қизиғи йўқ.
***
Яшаш бу – ижод!
***
Ҳақиқий санъаткор қанчалик буюк бўлса, шунчалик нозик бўлади.
***
Яшаш нима? Бу ўзликни намоён қилиш. Еб-ичиш, сайр қилиш – булар восита, холос.
***
Ўзликнинг ўз маъноси, моҳияти бор. У бемаъни эмас. Шу моҳиятни тушунсаккина ундан қўрқмаймиз.
***
Толстой баъзан қолипга тушади, лекин Достоевский учун ўлчов йўқ. Достоевскийнинг тафаккур ва истеъдоди тенг. Толстойда истеъдод пастроқ.
***
Руҳий ҳолат Стендалда системага айланган. Бу ҳатто Толстойда ҳам системага айланмаган.
***
Руҳият кўп жиҳатдан онг ва тафаккур билан боғланмаган. Унинг илдизлари бошқа жойда.
***
Истеъдод бу – меҳнат эмас, у туғма хусусият.
***
Сексология – эркак ва аёл ўртасидаги руҳий муносабат. У илоҳият даражасига кўтарилган нарса. Инсонни юксакликка чорлайдиган куч.
***
Истеъдод – инсон сексологик имкониятларининг энг юқори даражага кўтарилиши.
***
Шеърга ошиқ бўлмаган шоир шоирми? Аллоҳга, борлиққа ошиқлик ҳам шеърга ошиқликда намоён бўлади.
***
Ёзувчи кўзга кўринмас ипларни савқитабиий орқали топади. Чунончи, Бетховен ўзининг жаҳонга машҳур 9-симфониясини кар бўлиб қолганда ёзган.
***
Бўғилган эҳтирос (секс) тафаккурга таъсир қилади. Ҳатто фожиага айланиши мумкин.
***
Буюк асарларнинг ҳаммасида системали руҳий ҳолат мавжуд.
***
Инсоннинг руҳияти ўзи мустақил, кўпинча, ташқи шароитдан, воқеа- ҳодисалардан келиб чиқмайди, улар фақат туртки бўлиши мумкин. Ташқи шароит билан тўқнаш келинганда яшириниб ётган руҳий ҳолат уйғониб кетади.
***
Роман, аслида, инсонни кашф қилиш.
***
Биз одамнинг қадрини билмаймиз, гўё халқнинг қадрини билмаймиз. Ахир, халқнинг ўзи нимадан иборат?
***
Бир-бирини севишиб турмуш қурганларда сексологик муносабат гўзаллик туғдиради.
***
Ҳар қандай олий ишқий муносабатларнинг манбаи ўша – ибтидоий инстинкт.
***
Идеал қаҳрамонларнинг ҳаммаси – фожиа. Чунки улар хаёл, амалга ошмайдиган хаёл ва ёзувчи буни савқитабиий орқали сезиб туради.
***
Кафка: “абсурдда абсурд”, деса, Камю: “ҳаёт абсурд, лекин унинг ўзи қадрият”, дейди. Яъни, туғилиш ва ўлимнинг ўзи қадрли. Шу икки нуқтанинг ораси абсурд, бироқ қадрли абсурд.
***
Борган сари асар ҳажми қисқаряпти, лекин мазмун кенгайяпти.
***
Китоб ўқиш учун китобхон ўша давр руҳига кириши, ўша давр одамлари нуқтаи назаридан туриб ёндашиши лозим. Бўлмаса, ўқиб бўлмайди.
***
Ёзувчининг қалби оламга очиқ бўлиши керак.
Қуръон қалби – оламга очиқ ҳодиса.
***
Шаклда қайтарилмагандан кейин, демак, мазмун ҳам бошқача бўлади.

[1] Бу фикр айтилганда тарих 1991 йил эди – У.Ҳ.
Ответить 
Старый 28.08.2012 17:09   #13  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Модернизм
Натурализм – XX аср бошидаги модернизм. Натурализм система даражасига кўтарилмайди. У икки хил даврни бошидан кечиради.
Горький натурализмни нотўғри тушунган. Натурализмда кўпроқ модернизмни тушунганлар. Белинский модернизмни тушуниш даражасига етиб келмаган. Унда ўтакетган субъектизм бор. Толстой уни ҳеч қачон қабул қилган эмас. Ҳатто Некрасов – деҳқон шоири ҳам. Белинский Пушкинни бир ёқлама талқин қилади. Унингча, Пушкин подшоҳга қарши, революционер. Натурализмни нотўғри тушуниш Белинскийдан бошланган.
***
Эҳтимол, Гоголь интуитив равишда модернизм йўналишида ёзгандир.
***
Чернишевский эстетикасининг мазмуни: гўзаллик – меҳнатда.
***
Садриддин Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” – деярли очерк. Унда воқеликни инъикос эттириш йўқ, балки фақат тасвир бор. Бунда Ғарб модернизмидан таъсирланган ўринлар мавжуд. Козимийда шундай асар “Қўрқинчли Теҳрон”дир. Агар Шарқдаги мана шу 20-30 йиллик натурализм бўлмаганда, ҳозир ҳам классик анъана давом этаётган бўлурди.
***
Жаҳон прозаси Золя романларидан бошланади, дейишади.
***
Энгельс Бальзакни ўрнак қилади. Лекин реализмнинг ўзига хослигини бир ёзувчи орқали бериб бўлмайди.
Золя ҳам эстетик, ҳам бадиий система яратган. Ҳозирги замон реализми классик замон реализми билан Золя даври реализмининг қўшилувидир. Балки, реализмдан, натурализмдан ажратиб олишнинг ўзи нотўғридир.
Натурализмнинг моҳияти нимадан иборат? Фақат Золянинг экспериментал романидан келиб чиқсаккина, натурализмга тўғри баҳо берамиз.
***
Марксизм: “базис бирламчи, устқурма иккиламчи”, дейди. Хўш, марксизмнинг ўзи нима? Устқурма ва у дунёни ўзгартирди. Демак, базис бирламчи эмас.
***
Энгельс: “Бальзак ўтмишдаги ва ҳозирги барча Золялардан устун”, дейди. Золяга берилган баҳо натурализмга берилган баҳо эди ва шундан кейин унга (натурализмга) эътибор сусайди.
***
Инсоннинг нафақат ижтимоий, балки биологик – энг муҳим томони ҳам ҳисобга олиниши зарур. Натурализмнинг устунликларидан бири, инсонни биологик мавжудот деб кашф қилиш билан боғлиқ. Бальзак эса инсонга кўпроқ ижтимоий мавжудот сифатида ёндашади. Бальзак даврида бу табиий ҳодиса эди, бироқ ўша пайтдаёқ бунга қарши бўлган Стендаль дунёси бор эдики, буни ҳам инкор қилмаслик лозим.
***
Стендаль – психологик таҳлил. Вақтида уни ҳеч ким тушунмади, қизиғи шундаки, уни Бальзак тушунди. Бальзак Стендалга айтади: “Нега сиз ҳолатларни тасвир этаётганингизда атрофни ҳам чизмайсиз? ” Кўринадики, Бальзак ҳамма ҳақиқатни ўзида мужассам этолмайди.
***
“Менингча, типик деган тушунчадан умуман воз кечиш керак. Чунки ҳозирги замон реализми учун бу ўзини оқламайди”, деган эди Роже Городи. Ушбу француз адабиётшуносининг “Реализм без берегов” деган асари мавжуд. У Кафкани биринчи бўлиб социалистик реалист, деб атайди.
Роже коммунист бўлган. Қизиқ, илгари улуғ руҳонийлардан даҳрийлар чиққан, энди эса даҳрийлардан Рожелар чиқяпти.
***
Эҳтимол, Кафкани система деб эмас, балки модернизмнинг бир кўриниши, деб тушунмоқ керакдир.
***
Бергсон инсонни, асосан, биологик мавжудот сифатидаги руҳиятини ўрганади (ирсият назарияси).
***
Инсон ўзини кашф қилишда ҳам табиатга тақлид қилади. Бу – биринчи кашфиёт. Яна бир кашфиёт ирсий кашфиёт ҳисобланади. Яъни, инсон бир-биридан ўзининг биологик характери билан фарқ қилади. Бўлмаса, нега бир хил шароитдаги ўнта одам ўн хил бўлади? Ташқи шароитдан кучлироқ нимадир бор экан, ахир. Буни кашф қилмоқчи бўлган Сегенов жинни бўлиб ўлган.
***
Инсонни кашф қилиш табиат билан боғлиқ.
***
Адабиёт – инсонни кашф қилиш.
***
Ирсият назарияси керак эди. Шундан кейин Бальзак ҳам, Достоевский ҳам, Толстой ҳам жавоб беролмай қолди. Шунга қарамай, натурализмда юқоридагилар бутунлай инкор этилмади.
***
Шарқда етти авлодни билиш бор, етти авлод ичида қиз бериб, қиз олиш йўқ. Чунки ирсият бузилади.
***
Бальзак воқеликнинг яширин механизмини ҳатто математик шаклларга солиб кўрмоқчи бўлган. У математика ва социологияни мутахассисларидан ҳам яхши билган.
***
Шароит қандай бўлса, характер шундай бўлади, деган гапни исботлаб келишади. Аслида, бу унча тўғри эмас. Ҳар битта одамга, албатта, муҳит таъсир қилади, бироқ уни йўлга солиб турган табиати ҳам бор.
***
Характер индивидуаллик ва объективликнинг тўқнашувидан келиб чиқади, дейишади-ю, негадир унинг индивидуаллиги (табиати)га эътибор беришади.
***
Инсон туғилмасидан олдин биологик жиҳатдан программалаштирилган бўлади. Бироқ буни умумий қонуниятга айлантирмаслик лозим, яъни, ўғрининг ўғли ўғри бўлади, дейиш керак эмас. Шунга қарамай, буни-да, эътиборга олиш лозим.
***
Золяда натурализм ва реализм қўшилиб кетади.
***
Натурализмда ҳаракат – динамика йўқ. Буни ҳам биз нотўғри тушунамиз, яъни, динамика бўлмаса, ёмон деймиз. Аммо динамикасиз антик дунё асарларини кўкка кўтарамиз. Масалан, трагедиялар уч хил шароитда ўтади.
***
Адабиётдаги ҳодисаларга таъриф бериш керак эмас, муҳими, уни тушуниш.
***
Толстой: “бир лаҳзани акс эттириш мумкин”, дейди ва тахминан беш юз бетлик бир асарини шунга бағишлайди.
***
Шунақа ҳодисалар борки, умрнинг моҳиятини динамикасидан келтириб чиқариб бўлмайди. Чунки бунда бир ҳаракат иккинчи, навбатдаги ҳаракатга қарши бўлиб чиқади. Буларни фақат лаҳзани инъикос эттириш орқалигина моҳиятини тушуниш мумкин. Шу жиҳатдан олганда, кўпчилик тан олмаса-да, фотография ҳам санъатдир.
***
Адабиётнинг яна бир чексиз таъсирларидан бири – раҳм-шафқат туйғусини уйғотиш бўлса керак.
***
Бергсон фалсафасига кўра, борлиқнинг кечмиши эволюцион ҳаракатга асосланган ва у ҳар доим ҳам жўнликдан мураккабликка томон боравермайди, ҳамма нарса қайтарилади.
***
Бугун интиҳо бўлган нарса эрта учун ибтидо.
***
Натурализм ҳам эволюцион руҳда акс этади.
***
Инсоннинг ўзи ҳам, унинг санъати ҳам табиатга қанча яқин бўлса, шунча кучли бўлади.
Руссо табиатга восита сифатида қараган. Табиат унинг учун моҳият бўлмаган. Натурализм Руссо ожизлигини ҳам маълум маънода енга олган.
***
Индустрия табиатни (инсонни ҳам) қулга айлантиради.
***
Натурализмда табиатга қайтишга интилиш бор.
Ответить 
Старый 28.08.2012 17:10   #14  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Талъат СОЛИҲОВ. ҚОБИҚНИ ЁРИБ ЧИҚИШ САОДАТИ

Томас Манн
Бадиий асардан хулоса чиқариш керак эмас. Ҳаётнинг хулосаси бўлади.
***
Томас Маннда оламга нисбатан олам яратишга интилиш бор.
***
Аристотель: “Асар табиатга тақлидан яратилган “нарса”дир”, дейди. Мен буни андак ривожлантириб: “Асар табиатга тақлидан яратилган табиат, бошқа табиат, табиатга мувозий (параллел) табиат”, дейман.
***
Тақлид ўхшаш эмас, нусха бўлса ўхшаш бўлади.
***
Бу бошқа табиатнинг ўз одамлари – тирик одамлари бор.
***
Типиклаштиришни поэтиканинг бир қонуни, дейиш гуноҳ.
***
Бадиий асарнинг ўзи воқелик.
***
Моделлаштириш дегани бу – бироз аввалги ва бироз кейинги воқеликни табиатга тақлидан яратиш демак. Бироқ, ўн йил-ўн беш йилдан кейинини моделлаштириш қийин ва ҳатто мумкин эмас. Чунончи, Томас Маннинг “Сеҳрли тоғ”ида фашизм моделлаштирилади. Роман ёзилганда фашизм ҳали бўлган эмас.
***
Ҳар қандай бадиий асарнинг ўз атмосфераси (ҳавоси) бор.
***
Томас Манн бевосита табиатнинг ўзига тақлид қилмайди, миф орқали тақлид қилади.
***
Даҳо истеъдодларни қўлидан ушлаб юрадиган нарса кўпинча – интуиция. Гёте интуиция орқали Уран сайёрасини айтиб берган. Фақат йигирма йил сўнггина бошқа математик олим буни исбот қилиб беради.
***
Ҳаёт кўпинча кулфатдан иборат. Ёруғ томонлари баъзан бўлади, баъзан бўлмайди.
***
Томас Маннинг роман структураси миф асосига қурилган. Демак, роман-миф жанрининг бошланиши у билан боғлиқ.
***
Бадиий танқид эмас, бадиий таҳлил бўлиши керак.
***
Олам мифологиясидан ҳамма нарсага жавоб топиш мумкин. Мифология – универсал нарса. У инсониятнинг бутун тарихи, тажрибаси.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 29.08.2012 14:06   #15  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
БЕМИННАТ МУҲАББАТ

Ўтган йил апрелининг ўрталари. Жаҳон адабиётига дахлдор туғилган бир саволга жавоб истаб Талъат ака ёлғиз яшаётган уйга қўнғироқ қилдим. Жавоб бўлмади. Икки-уч қайта, уч-тўрт кун яна, яна телефон рақамини тердим. Жавоб йўқ. Орада ой охирлади. ТошДУ филология факултети чет эл адабиёти кафедрасидан, “Талъат Рустамович уч-тўрт кундан буён кўринмадилар” деган жавоб эшитдим. Ойнинг йигирма тўққизи, асрдан кейин хабар келди – Талъат ака вафот этибдилар...
Жанозага тумонат одам йиғилди, раҳматли домламиз ҳақида армонли сўзлар айтилди. Шу тариқа яна бир билимдон, ориф ўзбекни одатланганимиздек кечиккан ва бефойда пушаймонлар билан тупроққа қўйдик.

Талъат Солиҳов:
– Эҳтиёж сезилиши учун эҳтиёжни англаб етадиган одамлар керак...


Талъат ака ҳақида нафақат салбий, ҳатто бундайроқ фикр айтган одамни учратмаганман. “Ажойиб домла”, “Яхши инсон”, “Зукко олим” ҳоказо ва ҳоказо. Аммо “ажойиб” ёки “яхши” тушунчалари ҳам бениҳоя кенг! Уларни истаганча талқин этиш мумкин. Хусусан, Талъат аканинг яхшилигию, закийлигию беозорлиги биз, яъни, шу замонда, шу ҳою-ҳаваслар, орзу умидлар орасида яшаб юрган одамлар тушунганидан мутлақо ўзгача эди! Устоз умр бўйи адабиёт, адабиёт бўлганида ҳам КАТТА АДАБИЁТ дунёсида яшадилар. Ётганда ҳам, турганда ҳам, юрганда ҳам у киши ўзлари севган асар қаҳрамонлари оламига ғарқ бўлиб – ўша ёқда яшар эдилар.
Кўчада, хийла наридан кўринадилар: ўрта бўй, ихчам, қорамағиз, қуюқ мошкичири соч елкага тушган, йирик ойнакли кўзойнак, бармоқлар орасида сигарет. Манглайда тарам-тарам из, яноқ суяги билан даҳанни туташтирган ботиқ бир йўл ажин, бўйин терисига ҳуруж қилган ажинлар. Билмаган-нетмаган одам шундай қиёфадаги кишига кўнгил тортиб мурожаат этиши маҳол. Эҳтимол, ўзгаларни ўзидан нарироқ тутиш учун тангрим ато этган зирҳ эди бу қиёфа?.. Негаки, Талъат ака ўша ёқда – адабий ўйлар оламида хотиржам яшамоғи учун беминнат хизмат қилар эди бу қиёфа. Устознинг қадам олишлари, қўлларини ёнбошга босганча ҳаракатлантирмай юришлари, айниқса, ерга озор етмасин дегандек қадамни ниҳоятда енгил ва авайлаб қўйишлари бу ИНСОНнинг нақадар беозорлигидан... ичида бир дунё гап борлигидан далолат бериб турарди.
Узоқдан мўлжални олиб, ниҳоят юзма-юз келасиз (домланинг ўйларини бузмаслик фикрида неча бор индамай-нетмай ўтиб кетганман), саломлашасиз. Қандайдир бир сония устознинг юз қиёфасида тараддуд аломатини илғайсиз – бир лаҳза, сўнг ҳозиргина ўйчан, бир оз тунд қиёфа шундайин ёришиб кетадики!.. Гўё ушбу лаҳзада сизни учратиш-кўриш у кишининг асрий орзусидек, нуқул сизни орзиқиб кутиб юргандек!.. Қорамағиздан келган, ажин босган юзда табассум, жилмайиш.
Тараддуд сониялари Талъат устозни ўша ёқдан бу ёққа олиб чиқади.
– Уйлар тинчми, соғлиқлар?..
Домланинг ҳол-аҳвол сўраши бундан нарига ўтмас эди, шу саволлар ҳам беихтиёр берилар эди чамамда. Ихтиёрсиз хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлар замирида ҳам катта мантиқлар бўлишидан келиб чиқсак, Устознинг ушбу икки саволи остида бир инсон тақдири, қисмати пинҳон эди... Талъат ака учун уйнинг, хонадоннинг тинчлиги-хотиржамлиги инсоннинг саломатлигидан-да муҳимроқ эди. Бироқ, назаримда, домлани беихтиёр берилган шу икки саволнинг жавоби кўпда қизиқтирмаётгандек туюлар эди. Ахир мутлақ тинч-тотув оила, мутлақ соғлом одам борми дунёда?! Сўрашамиз-хўшлашамиз, бир-бировимизнинг жонимизга оро кираётгандек бўламиз, лекин ўз тақдири, ўз қисмати олдида ҳар ким ўзи ёлғиз! Ёр-дўстларни, қариндош-уруғни, таниш-билишни хабарлаб хашар уюштириш, чунончи, лўмбоз босиш, тўй ўтказиш табиий, аммо дунёнинг лашкарини қалқон қилганингда ҳам қисматинг рўпарасида ёлғизсан, ёлғиз!
Ушбу мавзуда неча бор оғиз очмоққа шайланганман, лекин Кафкани, Маркесни, Оэни, уларга қўшиб мен билмаган-эшитмаган шу тоифадаги адиблару донишмандлар фалсафасини сув қилиб ичган одамга нима деб ақл ўргатиш мумкин?! Ақл ўргатиш эмас, ҳар қандай одам Афлотун мақомига кўтарилиб кетган тақдирида ҳам руҳий мададга, бир илиқ сўзга муҳтож, зеро, гап қўзғаш – дардлашиш, ҳасратлашиш ортиқлик қилмас эди. Бундай десам, ҳасрат, гина-қудурат, зорланиш-инграниш, ғийбат вақтинча кўнгил бўшатишга хизмат қилса-қилар, вақт-бевақт “Талъат ака бир ҳасрат қилсалар эди, анча енгил тортар эдилар-да!” деган хаёлга ҳам борганман, бироқ у кишидан бизнинг тасаввуримиздаги ҳасрат-надомат қабилида бир оғиз ҳам сўз эшитмаганман. Чунки ҳар бир учрашув қисқа ва беихтиёр салом-аликдан сўнг муқаррар адабиёт ҳақидаги суҳбатга айланар эди.
Талъат муаллим адабиётнинг ичида яшар эди, ҳаёт у киши учун адабиётда эди, ўттиз йилдан зиёд бўлғуси адабиётчиларга, бўлғуси журналистларга чет эл адабиётидан маъруза қилган бўлсалар – маърузалар маъруза эмас, Талъат aка ўзи танҳо яшайдиган паноҳ, қўним топадиган сирларга бой ва муҳташам бошпана эди. Янглиш бўлса ҳам айтай, Талъат устоз талабаларга янгилик, билим беришдан кўра ўзи яшайдиган ўша бошпана дунёсига бўлган ҳайратларини изҳор этиш имкониятидан фойдаланиб берилиб, ўзини-ўзлигини унутиб маъруза ўқир эдилар! Маърузалар Талъат устознинг истиҳфорига айланиб кетарди. Ручканинг учини остки лабга, гоҳо даҳан чуқурчасига босганча соатлаб маъруза қилиши мумкин эди домла. Ўйчан нигоҳ, маъюс чеҳра, вазнсиздек кўринадиган бу тана, бу вужудни тутиб турган хаёл, тасаввур, хотира, меҳр-муҳаббат, тафаккурнинг беқиёслиги тингловчиларни беихтиёр ўзига қаттиқ ром этарди!..
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 29.08.2012 14:08   #16  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
БЕМИННАТ МУҲАББАТ

Талъат устознинг маърузалари тингловчиларни бу ёқдан ўша ёққа ғойибона олиб кириб кетар, адабиёт оламидан, ўша томон гўзалликларидан бир бора баҳра олган одам қалбида умрбод қўмсаш, исташ ғунча отар эди! Энг мураккаб, ҳазми оғир асарларни икки оғиз изоҳда, заррача эҳтиросларсиз лўнда қилиб тушунтириш борасида Устозга тенг келадиган мутахассисни учратмаганман. Маъруза онлари Талъат ака ҳаётининг энг масрур дамлари эди! Жаҳон адабиётининг сара асарлари мавзусидаги маъруза Талъат аканинг меърожи эди!
Ўша меърож қадар юксала олган ИНСОНнинг маъруза тугагач яна бу ёққа қайтиши нақадар уқубатли кечганини сўраб-суриштиришнинг энди иложи йўқ…
– Шунча гапларни қаторлаштириб ёзиб ташласангиз-чи! – деб қистовга олаверардим домлани. Устоз фақат ўзларига ярашган ниҳоятда мулойим ва сирли жилмайиш билан жавоб қайтарар, баъзан “Жуда кўп ёзаман, ёзаяпман”, деб қўяр эдилар.
Катта сўз санъатига меҳр қўйган талабалар Талъат аканинг изидан қолишмас эди, домла адабиётни кенгроқ, бойроқ, чуқурроқ тушунадиган ўзбек зиёлилари кўпайиб бораётганини севиниб айтдилар бир куни.
– Жойс, Пруст, Камю, Кафкани бизнинг китобхонлар қачон қўлма-қўл қилиб ўқир экан? – деб сўрадим.
– Уларни ўз юртларида ҳам кенг омма ўқимайди, ҳатто шундай ёзувчилар борлигини унутиб юборишади ҳам. Фақат жамият ҳаётида шундай мушоҳадали ёзувчиларга вақти-вақти билан эҳтиёж туғилади, шунда сен айтган ёзувчилар оғизга тушади, бир муддат қўлма-қўл бўлади.
– Шунга ўхшаш эҳтиёж нега бизнинг жамиятимизда сезилмайди?
– Эҳтиёж сезилиши учун эҳтиёжни англаб етадиган одамлар керак. Тушунаяпсанми, эҳтиёжнинг эҳтиёж эканлигини тушуниб етмоқ зарур.
– Сиз назарда тутган тушуниб етмоқликни тарбиялаш миллий адабиёт зиммасига ҳам тушадими? '
– Бўлмаса-чи!
– У ҳолда бизда...
– Бизда аҳвол ёмон эмас... – домла шундай деб бир зум ўйга чўмдилар-да, давом этдилар: – Темурни ўқигансан-ку, Пўлатовни! Биргина ёзувчининг ижоди бутун бир халқ адабиётининг мавқеини белгилаб туриши мумкин.
– Темур Пўлат асарларини ўқишмайди-да.
– Ўқишади. Мен ўзимча, ўзбеклар орасида унинг асарларини 1990 йилларга бориб ўқий бошлашса керак, деб тахмин қилгандим – янглишган эканман – мўлжалимдан беш-етти йил бурун талабалар орасида унинг ижодига қизиқувчилар кўпайгани сезилди.
– Темур аканинг асарларида миллий руҳнинг йўқлигидан нолишади.
– “Мулк” – соф ўзбекона асар! Миллий руҳ бу қадар улуғланган асарларимиз жуда кам.
– Адабиётни ибтидоий тушуниш, ҳаётни жўн ва даққи андозаларда тасвирлаш жонга тегдида, Талъат ака!
– Бундай дейишга ҳақинг йўқ, адабиёт бадиий тафаккурнинг маҳсули. Ҳикоями, қиссами, романми – ёзилаётган, нашр этилаётган экан, уларнинг бари бадиий тафаккуримиз меваси. Бу сенинг ё менинг ихтиёримдан ташқарида. Қолаверса, синчиклаб ўқигин, “Улуғбек хазинаси”да, “Юлдузли тунлар”да, “Тошкентликлар”да катта адабиёт аломатларини топиш мумкин. Фақат уларни аниқлаб, ўқувчилар кўзига кўрсата билиш керак.
– Қодирийда, айниқса Чўлпонда ҳам кўп бундай аломатлар.
– Чўлпон Европани кўп ўқиган!
Тальат акани фақат жаҳон адабиётининг билимдони деб янглишган эканман. У кишининг жаҳон мусиқа тарихи, маданияти, ривожланиш-тарқалиш қонуниятлари, рок-музика моҳиятидаги умуминсоний жиҳатлар ва оммалашиш омиллари мавзуидаги cуҳбатларини тинглаб ҳайратга тушганман. Кобул дорулфунинида ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан Навоий ва Бобур ижодидан соатлаб маърузалар қилганларини, магнит тасмасига муҳрланган маърузалари афғон зиёлилари орасида қўлма-қўл бўлганини эшитиб яна бир бор ҳайратландим.
– Кафканинг “Қалъа”сини тушунтириб беринг. “Иностранка”даги сўнгсўзни ўқиб ҳафсалам пир бўлди, – дедим бир куни.
– У сўнгсўзни ўқима, чалғитади.
– “Улисс”га сира тишим ўтмаяпти.
Талъат аканинг чеҳрасини майин табассум ёриштириб юборди.
– Ўқийвер, дам-бадам ўқигин, – дедилар домла жилмайиб. – Романни яхлит идрок этиш оғир, аввалига парча-парчаларини илғаб олсанг ҳам катта бахт!
– Шу ҳақда “Ёш куч”га бир нарса ёзиб беринг.
– Хў-ў!.. “Улисс” ҳақида ёзиш... Ёзса бўлади, фақат бунинг учун узо-оқ хотиржамлик керак, хотиржамлик...
Боқий дунёда сизни асл хотиржамликдан қисмасин дея, Яратгандан сўрайин, Устоз! Талъат Рустам ўғлидек ориф ва хокисор бандангдан раҳматингни дариғ тутма, Худойим. Ўтган асрда яшаган Н.Чернишевскийдан Талъат устозга берилган таърифни кўчириб ёзишга ижозат эт: “У фақат ўйларди ва ёзарди – ундан бошқа ҳеч нарса қилмас эди, ҳатто бирон тузукроқ мансаб эгаси бўлишга ҳам ҳаракат қилмади, ҳатто ўз ҳаётини таъминлаш, шуҳрат қозониш учун ҳам ҳаракат қилмади... у ҳеч кимдан табрик сўзи эшитмади, унга ҳеч ким далда бермади, унга жуда содиқ бўлган бир неча кишиларгина унинг ўткир ақлига, олижаноб қалбига қойил бўлди... У шуҳрат ҳам қозонмади, лекин у туфайли минг-минглаб киши одам бўлиб қолди. У бутун бир авлодни тарбиялаб етиштирди. Кўп кишиларнинг номини у тилга олганлиги туфайлиёқ улар шуҳратли одамлар бўлиб қолдилар, бошқа кўп кишилар эса унинг бир-икки фикрини тушуниб олганликлари учунгина ном чиқардилар...”
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 29.08.2012 18:23   #17  
Аватар для Mahmud Jurat
Оффлайн
Сообщений: 624
+ 19  399/213
– 4  82/36

Uzbekistan
Материални қандай аташга қийналган экансиз, мен ҳам бирон ном беришга қийналдим. Аммо катта раҳмат. Мен адабиёт назариясини рус олимларидан тинглаганман. Аммо бунақа илгарилаб кетганлари йўқ эди. Ўз шарқимга тасаннолар ва сизга ҳам тасанно домланинг фикрларини сақлаб қололганингизга.
Ответить 
"+" от:
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2026, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх