Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Результаты опроса: 2011 йил, 10 июнда бўлиб ўтадиган ижодий мулоқотда қатнашасизми?
Ҳа 10 90.91%
Йўқ 1 9.09%
Голосовавшие: 11. Вы ещё не голосовали в этом опросе

Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 25.01.2013 12:50   #1  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Сўз – забаржад

Сўз – забаржад,
Сўз – гавҳар, олтин,
Заргарликнинг машаққати кўп.
Сўзни байтга қадашдан олдин
Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!


Эркак бўл


Эрмисан, эркак бўл, саналмас бутун
Бир аёлни бахтли қилмаган эркак.
Бошимда эрим бор, деган сўз учун
Аёлни бошингга қўйишинг керак.
Ответить 
Старый 25.01.2013 12:51   #2  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Буюк садоқат

Шоирларнинг бари бевафо,
Қўш хотинлик бари-бариси.
Битта уйда эр-хотин аро
Кундош яшар – илҳом париси.

Бир истисно – Навоий ҳазрат,
Садоқати даҳоларга хос.
Устоз икки паридан фақат
Биттасига уйланган холос.
Ответить 
Старый 25.01.2013 12:52   #3  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Рост гап

Туққанингга рост гап ёқмаса,
Хотинни-ку гапирмаёқ қўй.
Ростгўй эрнинг ҳар куни аза,
Ёлғончининг бутун умри – тўй.

Сен ёрингга тўқиб ташла байт,
Париваш де, ата сарвиноз.
Рост гапингни мажлисларда айт,
Тўғри сўзни газетага ёз.

Писта кўмир қовурса ёринг,
Сен ўшани оҳ-оҳ деб егин.
Ташаккур айт совурса боринг,
Заҳар сочса “асалим” дегин.

Тўлиб кетсанг тоғларга бақир,
Садо берсин нолаларингга.
Хотинингни “жоним” деб чақир,
У онадир болаларингга.

У жонфидо, умрингга ҳамдам,
Фақатгина бир айби бордир.
Айби шуки, ёлғон бўлса ҳам
Битта ширин сўзингга зордир.

Аслида-ку гуноҳ ёлғон гап.
Лекин гуноҳ тўла дунёда
Ёлғон гапир аёлни мақтаб,
Рост гап йўқдир бундан зиёда.
Ответить 
Старый 25.01.2013 12:55   #4  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Ҳазрат Хизр ва замон аёли

Бу эртак эмас ё шоир хаёли,
Ҳангома ҳам эмас суҳбат қизирга.
Шу кунларда бизнинг замон аёли
Учради ногаҳон Ҳазрат Хизрга.

Ул Алайҳиссалом одатга кўра
Тила тилагингни, деб қилди хитоб,
Хизрман, хоҳлаган нарсангни сўра,
Муҳайё қилурман борини шитоб.

Эртак ҳақиқатга айланган даврон,
Ҳайратни унутган бизнинг аёллар.
Айниқса уларга хуш келар ҳар он
Тила тилагингни, деб турса чоллар.

Жувон лол қолмади, арз қила кетди,
Рўйхат айта кетди беҳаду поён.
Ҳазрат чарчаб ўлар ҳолатга етди,
Хизр бўлганидан юз минг пушаймон.

Шўрлик кўкка қараб ҳасратда, доғда,
Деди: ишингни ол, ё парвардигор.
Йўқ эса, эй тангрим, ёруғ дунёда
Мени аёлларга дуч қилма зинҳор.
Ответить 
Старый 25.01.2013 12:56   #5  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Дангасалар

Ғайратлилар елиб-югуриб,
Меҳнат билан мудом овора.
Дангасалар эса ўй суриб,
Ётиш учун излашар чора.

Ишчан азал тинмай ер чопган,
Ўғир туйган, совурган сомон.
Ялқов ўйлаб чархпалак топган,
Ижод қилган шамол тегирмон.

Парвоз этсам юксак самода
Замонавий лайнерда букун,
Раҳмат дейман ёруғ дунёда
Дангасалар борлиги учун.

Йўқса юрар эдик ҳойнаҳой
Ҳануз яёв чангитиб тупроқ.
Хўб юртим бор, хаёлкашга бой,
Ишчанидан ўйчани кўпроқ.

Рост айтсам, бу менинг ҳам дардим,
Холимасман бу касалликдан.
Ғайрат қилсам бир касб топардим,
Шоир бўлдим дангасаликдан.

Ётоқчилар ҳолини тушун,
Эй дўст, бунга чидаган чидар.
Шахталарда узала тушиб
Ётиб ишлар қора кончилар...

Бизнинг меҳнат шундоқ,
Нима бор –
Дабдаба-ю асъасаларга.
Сизлар тинманг, ишланг фидокор,
Халал берманг дангасаларга.
Ответить 
Старый 25.01.2013 12:59   #6  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Вафо

Қабристонда кеча ёққан қор
Милдир-милдир эриб ётибди.
Гўр устида бир ит инграб зор,
Лойга бағрин бериб ётибди.

Кеча тобут кўтарилган дам
У беором югурган-елган.
Қувсалар ҳам, тош отсалар ҳам
Эл ортидан мозорга келган.

Отасидан айрилса агар
Бунча куймас одам боласи.
Ёлғон эди кеча йиғилар,
Рост эди шу итнинг ноласи.

Совуқ тунда қотиб, дийдираб,
Қабрга у қўйиб ётди бош.
Эриган қор каби милдираб
Кўзларидан тинмай оқди ёш…

Биз инсонмиз, соҳиби дунё,
Қудратлимиз, мағрурмиз, тўқмиз.
Садоқатда, меҳрда аммо
Шу бечора бир итча йўқмиз.
Ответить 
Старый 25.01.2013 12:59   #7  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Игнанинг ҳасрати

Игна айтар эмиш инсонга,
Қадримга ет, кўзни оч, дермиш.
Кийим тикдим жумла жаҳонга,
Ўзим эса – яланғоч, дермиш.

Асли унга либос нима ғам,
Бу ҳасратнинг сабоғи бордир.
Шу беминнат игначанинг ҳам
Раҳматга зор қулоғи бордир.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 25.01.2013 13:01   #8  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Ўлмас эди балки одамзод..

Ўлмас эди балки одамзод,
Бўлар эди дунёга устун.
Ақли бўлса жаҳлидан зиёд,
Сабри бўлса нафсидан устун.

Ажал дея аталувчи чоҳ –
Ичра зинҳор тушмасди одам,
Бўлса эди озгина огоҳ,
Ўйлабгина қўйсайди қадам.

Иш ўлдирмас, ишкал ўлдирар,
Жон заволи юз ёшмас, кўз ёш,
Инсон нега дунёдан кетар
Қувлаб унга отмасалар тош?!

Таҳқир заҳру ханжар ила тенг,
Туҳмат ортиқ ўқдан ва дордан.
Инсон ўлмас бири бирининг
Ўлишига бермаса ёрдам.

Инсон ўлмас ўлдирмаса ғам,
Макон қилмас қаро турбатни
Кўрса агар тиригида ҳам
Ўлганида топган ҳурматни.

Олам тўла фитна, адоват,
Мангу қолиб нетар одамзод?
Бир кун чарчаб, излаб фароғат
Тинч дунёга кетар одамзод.
Ответить 
Старый 25.01.2013 13:03   #9  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
16 февраль 1999 йил

Бу дунёда яхши, ёмон кунлар кўрдим,
Ўкинчим йўқ, майли, йиллар қаддим эгсин.
Мен ҳамон бир аскарингман, она-юртим,
Сен томонга отилган ўқ менга тегсин.

Ҳали комил атолмасман маконимни,
Бекам одил санолмасман замонимни.
Лек киприкда сақлайман бу давронимни,
Бу давронга отилган ўқ менга тегсин.

Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор,
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор,
Эл дардида ҳаловатсиз ўғлонинг бор,
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин.

Тонг нурисан, ватан, қалбим осмонида,
Эркинг азал аждодларнинг армонида,
Меҳринг абад авлодларнинг имонида,
Шу имонга отилган ўқ менга тегсин.

1999
Ответить 
Старый 25.01.2013 13:04   #10  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Боқий хотира

Ўйлайман, очилса ҳар йил навбаҳор
Мовий кенгликларда алвон лолалар,
Булар лола эмас, ёт элларда зор
Лолага айланган аскар болалар.

Ўйлайман, офтоб уйғониб саҳар,
Кунчиқар уфқига тикканда ялов,
Бу гулгун шафақмас, осмонга қадар
Бевалар оҳидан туташган олов.

Ўйлайман, ҳар кеч шамс етса заволга,
Борлиқнинг тугамас мотами ростдир.
Тун эмас, оналар эгнида қолган
То маҳшар ечилмас қора либосдир.

Юр, болам, Майдонга борайлик бугун,
Қўлингда дона гул яноғингдек ол.
Бу гул сенинг бахтинг, шод кулгинг учун
Фидо бўлган бобонг қалбига тимсол.

Йўқ, сен ўзинг гулсан, ватанинг – чаман,
Улғай, асл зотинг унутма сира.
Билки, қадр билмак аслида – ватан,
Ватаннинг маъноси боқий хотира.

1998
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх