Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 25.01.2013 17:08   #81  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
Одил Ёқубов салкам йигирма йил аввалги воқеаларни тўлқинланиб сўзлаяпти. Худди кинодагидек аниқ-тиниқ тасвирлаб беряпти. Биз ҳам адиб билан ёнма-ён ўша маҳобатли саройда юрибмиз гўё. Ана, Ёқубов минбарга кўтарилди. Сокин тонг момақалдироғидек гумбурлаб, жаранги нафақат собиқ шўролар салтанати сарҳадларида, балки, ундан узоқ-узоқларда ҳам акс-садо берган машҳур тарихий нутқ янграй бошлади. Бир неча минг киши ўтирган ҳашаматли сарой сув қуйгандек жим-жит, ҳамманинг нигоҳи куйиб-қайнаб сўзлаётган ўзбек ёзувчисига қадалган. Мустабид тузум адолатсизликларидан ғазабланган, аммо дардини бировга ёришдан чўчиб юрганларнинг қарашларида ҳайрат ва қувонч, салтанат қўриқчилариникида эса нафрат ва ғазаб! Ўзбек ёзувчиси шу чоққача бундай баланд минбардан туриб ҳеч ким айтмаган, айтолмаган, айтишга қўрққан, айтишга кучи, журъати, жасорати етмаган муаммоларни — оддий халқлар чекаётган аламлар, азоб-уқубатларни сўзлаётир. У машаққатли оғир меҳнат туфайли нозик бармоқлари касовдек қорайиб кетган, алвон ёноқлари бужмайиб, кўкраклари чиқмай қолаётган, ўн олти-ўн етти ёшида эллик-олтмишдан ошган аёллар сингари тарашадай қотиб қизлик жозибасидан айрилаётган ўзбек қизларининг аянчли қисмати ҳақида; Америкадаги қора танли қуллардан ҳам хор-абгор деҳқонларнинг ғариб ҳаёти тўғрисида, қарамлик, мутелик фожеалари, зўравонлик кулфатлари тўғрисида сўзлаётир...
«Одил Ёқубовнинг бу жасорати тасодифийми? – савол бераман ўз-ўзимга. — Қалбида ўз халқига, ватанига чексиз-чегарасиз муҳаббат, буюк эътиқод бўлмаган одам даврга, даврнинг бешафқат оқимига қарши сузиши мумкинми? Миллион-миллион ватандошлари кўксини неча ўн йиллар мобайнида қийнаб, эзиб келаётган дарду ҳасратини тасодифан катта минбарда туриб дод солармиди! Умуман, Одил Ёқубов биронта ишга тасодифан қўл уриши мумкинми? Тасодифга қурилган жасоратнинг умри қисқалигини Одил Ёқубовдек аллома адиб билмайдими? Унинг умри, унинг ижоди бошдан-оёқ жасоратлардан иборатдек эмасми? «Эр бошига иш тушса», «Улуғбек хазинаси» қайси жасоратдан кам! «Диёнат», «Оқ қушлар, оппоқ қушлар»-чи!..
— Агар ўшанда Ислом Абдуғаниевич аралашмаганларида қўлимдан ҳеч иш келмасди, — ҳикоя қиларди Одил Ёқубов. — Мендай бир ёзувчига ишониб, бир эмас, бир неча давлатлар тақдирини, ҳатто дунё тақдирини ҳал қилишга қодир мамлакат минбаридан минбар хўжаларининг мўйловига болта ўтмайдиган бир замонда сўз олиб бериш тенгсиз қаҳрамонлик эди. Майли, бошқалардан гинахонликни қўя турайлик-да, ўзимиздан чиққан Нишоновнинг қўрқоқлигини бир эслайлик. Фарғона фожеаларини бозорчиларнинг бир килограмм қулупнай учун бўлган арзимас жанжали, дея хаспўшлашга уринган бу одам ўша пайтда Бутуниттифоқ миллатлар кенгашининг раиси ва, айни чоғда, навбат билан мажлисга ҳам раислик қилиб турган “катта арбоб” эди. Сўз сўраб шахсан ўзининг номига ёзган учта хатимнинг биронтасига жавоб беришни ҳам ўзига эп кўрмади. — Одил ака бир зум тин олди, қовоқлари уюлди, пиёладаги чойдан бир-икки ҳўплади. Сўнг: — Адолатли раҳбар миллатнинг бахти, нур сочиб бошида чарақлаб тургувчи қуёши, — деди яна чеҳраси яшнаб. — Ана шундай Юртбошиси бўлган халқ ҳеч кимдан кам бўлмайди. Истиқлол йилларида бутун ўзбек халқи — ҳаммамиз ўз кўзимиз билан кўриб, кузатиб келяпмиз. Ахир, юртимизни жаҳонга ким танитди, ким азалий қадриятларимизни, урф-одатларимизни улуғлади, бизни менсимаган баъзи бировларни ким тан олдирди! Бугун ёш бола ҳам аниқ жавоб беради бу саволларга. Шунинг учун ҳам ватандошларимиз мамлакат Президентлигига яна муҳтарам Ислом Каримовни танладилар. Тинчмиз, осойишта-хотиржаммиз, ҳар куни эрталаб болаларимиз кулиб-кулиб ишга, ўқишга жўнайдилар, кечқурун яна ўйнаб-кулиб уйга кириб келадилар. Кун тўй, кунда тантана, дастурхонлар тўкин-сочин.


Ответить 
Старый 25.01.2013 17:13   #82  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
Келинлардек хизматбардор, меҳмоннавоз Марям опа, ҳамма нарса бор-ку, оввора бўлманг, дейишимизга қарамай, сизлардан азиз меҳмон борми, бир кепқопсизлар, деб бирида қази, бирида ҳил-ҳил пишган қовоқ тўла тақсимчаларни дастурхонга қўйди. Одил ака яна ҳазилга ўтди:
— Бу хонимга олтмиш йилдан бери тежамкорликни ўргатолмаймиз. Қази деганни ҳам шундай қалин кесадими! Қараб туринглар, бир пасдан кейин карсондай-карсондай косаларни лим-лим қилиб шўрва кўтариб келади ҳали бу хотин! – Одил Ёқубов, ўафур ўулом ёки Саид Аҳмад сингари хушчақчақ, қувноқ аскиялар айтиб барчани кулдириб юрадиган ҳазилкашлардан бўлмаса ҳам бугунги лутфлари ёқимли ва беғубор эди.
— Буни ҳаёт дейдилар! — Одил Ёқубовнинг машҳур иборасини тилга олди Муҳаммад Али ака. — Бу ёғига энди чидайсиз, устоз!
Самимий гурунг самимият ичида кечган йилларни эсга туширди. Нашриётда, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, Ёзувчилар уюшмасида ўтган вақтлар бирин-кетин ёдга олинди. Одил Ёқубов бош муҳаррир ўринбосари вазифасида хизмат қилган йилларда ўафур ўулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг мартабаси ниҳоятда баланд бўлгани, йилига 80-90 номда шеърий ва насрий асарлар, кўплаб таржимачилик, адабий танқид ва драматургияга оид китоблар чоп этилгани эсланди. Ва, суҳбат табиий бир тарзда, Ҳамид ўулом шахсига уланиб кетди. Бу ноёб фазилатлар эгасининг олижаноблиги, ёш ижодкорларга ҳамиша меҳри товланиб туриши, у киши бўлмаганида нашриёт шу қадар юксак мавқега эга бўлолмаслиги айтилди.
— Туш чоғи бош муҳаррир ўринбосарининг хонаси одамга тўлиб кетарди,— деб эсга олди Муҳаммад Али ака,— Нашриётнинг “аканг мен” деган шахматчилари Одил Ёқубовдек улуғ ёзувчи билан беллашгани бел боғлаб келар, устоз эса уларни битта-битталаб ағдариб ташлар эдилар. Баъзан Мирзиёд ака, баъзан Суннатилла ака билан бўлган кураш сал-пал чўзилар, биз, томоша талаб ёш-яланглар эса устознинг “Буни ҳаёт дейдилар!” деган ҳайқириғини интизорлик билан пойлаб, устозга чиндилдан ғалаба тилаб ўтирар эдик. Негаки, устознинг кайфияти аъло пайтларда кўпгина битмаган ишларни битириб олар эдик-да!
Маза қилиб кулишдик. Одил Ёқубов ҳам роҳатланиб ўрнидан бир қўзғалиб қўйди-да:
— Умр — ўткинчи меҳмон. Умр — дарё, оқиб кетганини билмайсан, – дедилар хўрсиниб. — Бир пасда саксондан ошиб, ҳолвадай пишиб ўтирибмиз. Албатта, шундай улуғ ёшга етганга шукр деймиз, атрофда юз бераётган беқиёс ўзгаришларга қараб бир суюнсак, болаларимизнинг, невара-чевараларимизнинг яйраб-яшнаб камолга етаётганларини кўриб бир суюнамиз. Аммо... – Оқсоқол ҳаммамизга муғомбирона нигоҳ ташлаб олди.— Аммо, инсон боласига қариликдан ғурбати йўқ. Биров билан улфатчилик қилолмасанг, узоққа юролмасанг, қиттак-қиттак отиб, ёшликдагидай кўча-кўйда қиз-жувонларга гап ташлолмасанг, ҳар куни танингнинг ўн жойи симиллаб оғриб турса, қамишдай ўсиб-ўсиб, бўйрадай ерга тўшалиб ётсанг... Агар битта талабгор топилганда, қариликнинг ўттиз йилини ёшликнинг ўттиз дақиқасига жон-жон деб алмаштирган бўлар эдим.
Оқсоқол адибнинг ҳазиломуз айтган мана шу сўзлари таъсирида кейинроқ қуйидаги шеър дунёга келди. Ўйлайманки, шеърни ўқиганда адибнинг ҳозирги руҳонияти янаям тиниқроқ келади кўз олдингизга. Шеърнинг номи:

Устознинг деганлари
“Юрибсизми, қариликнинг гаштин суриб”,
Бундай сўзлар наша қилар туриб-туриб.
Қариликда шавқи-сафо қайда экан,
Қаёқдан ҳам қаридим-а, шўрим қуриб,
Майли, ҳар ким қариликнинг завқин туйсин,
Лекин уни чиқарганнинг уйи куйсин.

Бу дунёнинг лаззатидан тотолмасанг,
Кўча-кўйда қиттак-қиттак отолмасанг,
Қариб итга кулги бўлган бўри каби
Уйқунг қочиб, тунда ҳам тинч ётолмасанг,
Ҳар фақирки, қариликнинг завқин туйсин,
Лекин уни чиқарганниг уйи куйсин.

Ўзинг ўйла, бирон корга яролмасанг,
Гулдай-гулдай сулувларга қаролмасанг,
Ёшликдаги туғён қайда, тўфон қайда
Гоҳо ҳатто, соқолингни таролмасанг,
Ҳар фақирки, қариликнинг завқин туйсин,
Лекин уни чиқарганнинг уйи куйсин.

Дейдиларки, от қариса чополмайди,
Ит қариса на ҳуриб, на қополмайди,
Қарилик – бир зимистондир, бедаво дард,
Ҳануз унга ҳеч ким даъво тополмайди.
Ҳар фақирки, қариликнинг завқин туйсин,
Лекин уни чиқарганнинг уйи куйсин.

Эски гап бу – қўтонда қўй-қўзи билан,
Бола-чақанг сарсон ўғил-қизи билан,
Бирпасгина неварангга овунчоқсан,
Овворадир кейин у ҳам ўзи билан
Ҳар фақирки, қариликнинг завқин туйсин,
Лекин уни чиқарганнинг уйи куйсин.

Мўйсафидлик новвот, деган Фозил бахши,
Аслида-ку, бобойлик ҳам ҳаёт нақши.
Аммо, қирқ йил ўламан, деб қўрқитгандан
Йигитдайин бир кун яйраб, ўлган яхши.
Ҳар фақирки, қариликнинг завқин туйсин,
Лекин уни чиқарганнинг уйи куйсин.

Ҳар бандага насиб этмас кексалик ҳам,
Шу кунларга етмаган кўп, етганлар кам.
Минг шукурким, фаришталик ёшга етдим.
Деганларим ҳазил эди, ҳазил болам...
Ҳар фақирки, қариялик гаштин сурсин,
Юздан ошиб, юз элликда йўртиб юрсин.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:15   #83  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
3
— Биз бўлсак, Одил Ёқубовдек пиру бадавлат қария бўлайлик, деб орзу қилиб юрибмиз-ку!— деди Пирмат ака ёлғондакам ҳайрат билан.
— Шошилманг, мендан ўтиб, мендан баттар ҳам бўласиз ҳали, – деди Одил ака вазминлик билан. — Лекин ўтган вақтнинг қайтмаслиги чатоқ. Билакда куч-қувват, юракда ғайрат-шижоат борида қиладиганингни қилиб қолиш керак экан. Кейинги афсуслар бефойда — қийнайди, эзади, азоблайди холос. Баъзида ҳаётимнинг қанча-қанча кунлари, ойлари буҳуда кетганини ўйлаб вужудим зирқирайди. Бекор кетган фурсатлар ўчини олгим келади, куну тун қимирламай ўтириб ёзсам, дейман аммо қари от чартоққа ярамайди, дегандай салга чарчаб қоламан, алам қилади, на фойда.
Саксон тўрт ёшида “Осий банда”дек беқиёс романни битириб қўйиб яна “чарчайман”, “алам қилади” дея нолиш таажжубли, ҳаяжонли, ҳайратли, ҳавасли — чин юракдан таъзим қилгинг келади. “Ҳа, буни ҳаёт дейдилар!” деган ҳайқириқ ич-ичингдан қайнаб чиққанини сезмай қоласан.
Ҳассос адибнинг армонли сўзлари таъсиридами, устознинг юзларига тикилиброқ разм солдим: манглайидаги чизиқлар қалинлашган, сал-пал озгани учунми бўйи хиёл эгилиб, елкалари бўртиброқ тургандек; сочлари ҳам сийраклашиб оқлари кўпайгандек туюлди. ”Йўқ, булар — етуклик нишоналари, — дейман ичимда. — Устоз янаям улуғвор, басавлат, донишманд қиёфага кирибдилар”. Ахир, “Тенгдошлар”, “Бир фелъетон қиссаси”, “Муқаддас”, “Биллур қандиллар”, “Қанот жуфт бўлади”, “Кўҳна дунё”, “Адолат манзили”дай бебаҳо асарлар муаллифи қариши мумкинми!
Ҳали чой, ҳали ёғли патир олиб келиб турган Марям опа худди устоз башорат қилганидек, катта-катта косаларда буғи чиқиб турган иссиқ шўрва келтирдилар.
Одил ака ижодий ишларимиз, режаларимиз билан қизиқди. Биз «Осий банда»нинг тақдирини сўрадик.
Ёзаётган асари тўғрисида ҳеч қачон лом-мим демайдиган, сир сақлашни яхши кўрадиган, борди-ю, нималар устида ишлаётгани билан қизиқиб қолсангиз, э-э, бир нарса қиляпман-да, дея ҳар доим қисқа ва мавҳум жавобни яхши кўрадиган Одил Ёқубов бугун темир одатини бузди, “Осий банда” тўғрисида анча маълумотларни гапириб берди.
— Қари от уюрдан олдин чанг чиқарар, деганларидай биз ҳам асарни тамоман охирига етказмай туриб газет-журналларда парчалар беришга бердигу, адоғига етканда бошимиз қотиб ўтирибмиз, — кулди Одил ака, — Лекин, меҳнатдан қочиш йўқ. Француз адиби Ф. Вольтер, меҳнат бизни учта зўр фалокатдан: ғамгинлик, иллат ва муҳтожликдан халос қилади, деган. Нон емоқчи бўлган одам, ўтин ташишдан эринмаслиги керак, тўғрими?
— Эълон қилинган парчаларнинг ўзиёқ адабий жамоа орасида қизғин баҳслар уйғотди, — деди Пирмат ака. — Профессор Санжар Содиқ “Жаҳон адабиёти” журнали ўтказган бир давра суҳбатида: “Осий банда” романи китобхонни ларзага солиши, юксак савияда ёзилганлиги, кўзимизни ярқиратиб очишига кўра сўнгги йиллар адабиётида энг жиддий ҳодиса даражасига кўтарилди”, дея юксак баҳолади.
— Бу романда аввалги асарларингиздан фарқли ўлароқ ўзига хос янги усул танлабсиз, — фикр билдира бошлади Муҳаммад Али ака. — Аксарият қаҳрамонларнинг номлари ўрнига “масхарабоз подшо”, “дудуқ подшо”, “кўзойнак подшо”, “катта оталар”, “кичик ота”... каби сифатлашлар ишлатилади. Бу сифатлашларга дуч келганда хаёлимизда беихтиёр Хрушчёв, Брежнев, Андропов каби ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги шўро давлатини бошқарган бошлиқларнинг қиёфалари гавдаланади. Умуман, романда мамлакатдаги қарийб ярим асрлик ўта мураккаб ва чигал ҳаёт шу қадар реалистик бўёқларда тасвирланганки, ёзувчининг маҳорати ҳар қандай ўқувчини ҳайратга кўмади, хаёлга чулғайди, мудроқ хотираларини яна қайта тирилтиради, ижодкор аҳлининг эса ҳавасини қўзғайди. Асарни ўқиётиб, бу романни ёзишда устозга қайси воқеа туртки бўлган экан, деб узоқ ўйладим.
О. Ёқубов:
— “Туртки”, “таъсир” — адабиётда доимо бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ф. Кони исмли адвокат айтиб берган оддий бир воқеа Лев Толстойга “Тирилиш” каби гениал асарнинг ёзишига “туртки” бергани кўпчиликка маълум: Замонасининг бой-задогонларидан бирининг эркатой ўғли ёш хизматкор қизни йўлдан уриб армияга кетадию, бир неча йилдан сўнг судда ўша қизга рўпара келади. Фоҳиша сифатида маҳкамага тортилган бу жувон ўзи йўлдан урган қиз эканини билиб қолиб, унга ёрдам беришга жазм қилади... Катюша Маслова воқеаси ва образи ана шу воқеа таъсирида дунёга келади. “Туртки” — адиб руҳониятида узоқ вақтлардан буён тўлқинланиб ётган туйғуларни туйқусдан бўрон каби қўзғатиб, жунбушга келтириб юборадики, энди дилдагиларни қоғозга тўкиб солмасликдан ўзга чора қолмайди. Адабиётшунослар “илҳом париси” деб атайдиган ҳодисот, эҳтимол шудир. Аммо, мен бундай тўполончи лаҳзаларга камдан-кам дуч келаман. Узоқ ўйлаб, мияда пишитиб, маълум бир тўхтамга келмагунча столга ўтирмайман. Унча-мунча “туртки” ўрнимдан қўзғатолмайди, – адиб ёқимли жилмаяди. – “Осий банда” ҳам кўп йиллик кузатишларимнинг бир бўлаги. Қаҳрамонларнинг барчаси яқин ўтмишда ўзим кўрган, суҳбатлашган, улфатчилик қилган, дардлашган кишилар. Уларнинг айримлари ҳаётдан кетган, айримлари тирик. Асарда энг катта раҳбардан то энг қуйидаги майда қоровулгача – ҳаммаси аслида осий банда экани, қаердадир хатога йўл қўйиши, қаердадир савобли юмушларга бош бўлиши, қаердадир фитналарга аралашиб қолиши мумкинлигини баҳоли қудрат тасвирлашга ҳаракат қиляпман. Узоқ йиллар давомида республикамизни кўп марталаб айланиб чиқдим. Айниқса, «Литературная газета»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири вазифасида хизмат қилган вақтларимда хилма-хил қиёфадаги, характердаги одамларнинг қизиқарли гурунгларини кўп тингладим. Бир вақтлар шону шуҳрат нурларига беланган, кейинчалик босар-тусарини билмай адашган, охир-оқибат афсус-надоматда ич-этини еб адо бўлганларни кўрганда ачиндим, юрагим эзилди. Ёзувчилар уюшмасида ишлаган йиллар ҳам улкан дорилфунун бўлди. Ҳар куни тўда-тўда одамлар турли муаммоларга жавоб қидириб бу даргоҳга келар эди. Улар собиқ шўро жамияти қонун-қоидаларидан ва ўша замоннинг ҳуқуқ ҳимоячиларидан ҳақиқат тополмай қийналган, идорама-идора, эшикма-эшик сарсон-саргардон бўлган кишилар эдилар. «Осий банда» инсон руҳий оламида бўкиб ётган осийлик изтироблари тўғрисидаги китоб бўлиши керак.

Ответить 
Старый 25.01.2013 17:17   #84  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
4
...Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмасини бошқарган кезларда бир муддат улуғ адиб билан ёнма-ён хизмат қилиш қувончи менга ҳам насиб этган. Бу қутлуғ даргоҳда ҳар куни улуғ адиб билан ҳамнафас бўлиб ишлашнинг ўзи беадоқ бахт эди менга ҳам. Шўро салтанатининг иморатлари қимирлаб, ўзгаришлар, эврилишлар шамоли эса бошлаган ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охири эмасми, Одил ака ҳозиргина эслаб ўтганидек, Ёзувчилар уюшмасини қидириб келувчилар сони беҳад ошиб кетган, ҳар куни республикамизнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан келган гуруҳ-гуруҳ одамлар эрта азондан уюшма биноси олдида қаторлашиб туришар, худди нажот қалъасига ошиққандек ичкарига интилишарди. Пушкин кўчасининг бошидаги уч қаватли уюшма биносининг залларию хоналари ҳам эрталабдан кечгача гавжум бўлар, қандайдир мажлислар, конференциялар ўтказилар, уюшмага мутлақо алоқаси бўлмаган кишилар ҳам ўралишиб юрарди. Улар орасида адолат қидириб келувчилар билан бирга замонанинг олағовурларидан фойдаланиб ўзини кўрсатиш, ваъзхонлиги, маҳмадоналиги билан «бир нималик» бўлиш илинжида юрганлар ҳам йўқ эмасди. Минбарларда қўлларини силтаб, сочларини тўзғитиб она тилимизга давлат мақомини бериш, Ватан мустақиллиги учун курашиш тўғрисида бақир-чақир қилаётган бу нусхаларнинг кўкайида мансаб-мартаба олиш, мол-мулк орттиришдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди аслида. Одил ака буларга нега индамайди, уюшма эшикларини нега очиб қўяди, деган мазмунда мулоҳазалар ҳам пайдо бўлганди, албатта. Шунда Одил ака, ҳайдасанг, кўчага чиқиб жанжал-тўполон қилишади, ундан кўра, ичкарида бақир-чақир қилиб ўпкасини босиб олсин, дердилар кўпни кўрганларга хос кенглик билан. Аммо, ёрдамга муҳтожлардан кўмагини, маслаҳатини аямасди, ҳар куни бир қанча идораларга хатлар жўнатилар, телефон орқали илтимослар қилинар, юзма-юз ўтириб гаплашмаса бўлмайдиган жойларга бориб келишдан эринмасди. Одил аканинг яна бир фазилатига ҳайрон қолардим. Баъзи хушомадгўй, маддоҳ кимсалар Одил аканинг ҳузурига кириб битмаган ишларини битирарди-да, коридорга чиқар-чиқмас иғвонинг инига чўп суқарди. «Шундай улкан ёзувчи дўст билан душманни ажрата олмасмикан» деган хаёлга борардим гоҳида. Кейинроқ билсам, Одил ака ҳаммасини билар, ҳаммасидан хабардор экан. Умуман, амалдорнинг атрофида яхши инсонлар қаторида манфаатпараст, ичиқора, манфур ва майда одамлар ҳам ивирсиб юришини, ана шундай ипирисқи кимсалардан холи жамият ҳозирча бу кўҳна дунёнинг пешонасига битмаганини анча кейин ҳаётнинг ўзи менга ҳам тушунтириб қўйди. Одил аканинг кенглиги, барчага тенглиги, талантларни қадрлаши, умидли ёшларни қаноти остига олиши, тўғри йўлни кўрсатиб устозлик мақомини тўкис адо этиши, бировни сотмаслиги, бировга сотилмаслиги, ватан бахти, миллат манфаати йўлида ҳар қандай шахсий ҳузур ҳаловатдан воз кеча олиши, ҳеч қачон эътиқодига хиёнат қилмаслиги кўплар қаторида мени ҳам ҳавасимни келтиради. Шундай яшашдан улуғ бахт борми аслида ҳам...
— Сўзларингиздан аён бўладики, адиб, энг аввало ўзи кўрган, билган одамлар, ўзи бошидан кечирган воқеалар тўғрисида ёзмас экан мукаммал асар дунёга келмайди, — мулоҳаза билдирди Пирмат ака. — Аммо, тасаввурчи? Мана, мисол учун ижодингизга назар ташлаган ўқувчи Мирзо Улуғбек, Беруний, Ибн Сино, Али қушчи сингари Ўрта Осиёнинг буюк алломалари ҳаёти ва фожиали тақдирларига дуч келади. Булар ёзувчининг беадоқ тасаввури мевалари эмасми?
— Пирматжоннинг ажойиб одати бор-да, — деди дона-дона қилиб устоз адиб. — Кўпинча ўз саволига ўзи жавоб беради-ю, бу ёғига нима дейсан, дегандек юзингга қараб илжайиб тураверади. Албатта, тасаввур сўздан бой. Ойбек домла Навоий ҳазратлари билан, Пиримқул Бобур мирзо билан бир дастурхон атрофида ўтириб чойгурунг қилган эмас, Пугачёвни Пушкин танимас эди. Мирзо Улуғбек яшаган давр билан боғлиқ воқеаларни ўрганаётиб архив тўзонлари орасида ўтирган пайтларимда, бу улуғ аллома менга ўз отамдай, ўз оғамдай яқин бўлиб қолди, унинг ўйлари менинг ўйларимга, дардлари менинг дардларимга айланиб кетди. Баркамол асар яратиш учун ижодкор кўрган-кечирганлари баробарида бепоён тасаввур дунёсига ҳам эга бўлмоғи зарурлигини ўшанда янаям теранроқ ҳис қилдим. Айни чоғда, талант ва билим, ўзи яшаётган заминга, шу заминдаги халққа, халқнинг урф-одатларига чексиз меҳр-муҳаббат бўлмоғи; шу халқ хурсанд бўлса, шу замин гуллаб-яшнаса астойдил яшнаб барқ уриши, йиғласа, кўзига тупик суриб йиғлаган хотиндай эмас чин юракдан йиғлаши керак ёзувчи ҳам! Қаҳрамонларнинг қалб торларини чертиш, “тирик одам” яратиш учун эса юксак бадиий маҳорат, нозик дид ҳам талаб қилинади. Қаламкаш майда эпизодик воқеа, ҳодисалар негизида ётган чуқур ижтимоий омиллар, фожиавий тақдирлар ва уларнинг изтиробларини теран идрок этиши, ҳаётнинг ўзи кўндаланг қўйган синовларни закийлик билан англай билиши, қаҳрамонлари билан бирга нафас олиб, бирга яшамоғи зарур. Микеланжело ўзи яратган ҳайкал тирикдай кўриниб, қўрқиб кетган, Бальзак қаҳрамони ўлганда инфаркт бўлиб қолган, Кумушнинг ўлими тасвири пайтида Қодирий йиғлаган, деган миш-мишлар бекор-беҳуда эмас.
Суҳбат қизиган сайин Одил Ёқубовнинг баҳри-дили очилиб борарди. У ёзувчи маҳорати, сўз санъати, адабий ва фалсафий таҳлил, ижодда ростгўйлик ва самимият, ўзбек тилининг кўркамлиги, бурролиги, пишиқлиги ва жозибадорлиги, бой ва ихчамлиги; сўз кўнгил маҳзанининг қулфи-калити экани, инсон тафаккуридаги энг юксак, энг чуқур ва энг оташин туйғуларни сўзда очиқ-ойдин ифодалаш фазилатлари; сўзларни турфа рангларга бўяб-бежамаслик, дабдабали, баландпарвоз, чайналган, чучук, тушуниш қийин бўлган ялтироқ сўзлардан қочиш; сўзни севиш, эъзозлаш, ҳурмат қилиш, авайлаб-эҳтиётлаб қўллаш; қаламкашнинг ҳар каломида ҳақиқат гуллари барқ уриб яшнаб туриши, ҳаёт нафаси, яшаш сурури уфуриб туриши ҳақида мароқ билан сўзларди.
— Билиб ишлатилган сўз мўъжизалар жавҳари – кулади, кулдиради, курашга ундайди, йиғлайди, йиғлатади... Сўзлар гапиради, савол беради...
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 25.01.2013 17:18   #85  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
— Ёзганларингизнинг ҳаммасидан кўнглингиз тўладими? — Одил Ёқубов бир зум тин олганидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди Пирмат ака. — Бундан ўттиз-қирқ йил аввал ёзган асарларингизга қандай баҳо берган бўлар эдингиз?
— Ҳар битта ёзувчи ўз асарига ўзи баҳо қўяверса адабиётнинг аҳволи вой бўлади, — деди Одил ака. — Аммо, муҳим масалани тилга олдингиз.— Ростдан ҳам агар имкони бўлганда бугун айрим асарларимни бошқача ёзган бўлар эдим. Мисол учун, “Эр бошига иш тушса” деган роман. Бу асар 1966 йилда китоб ҳолида нашр этилган. Унда ёшлик даври оғир уруш йилларига тўғри келган авлоднинг мураккаб ҳаёти, фронтга кетган оталарининг, акаларининг ўринларини эгаллаган ўн олти-ўн етти яшар ёшларнинг “этик билан сув кечиб” қилган машаққатли меҳнатлари, уруш орқасида ноҳақ йўлда юрган нопок одамлар билан кураши, бир сўз билан айтганда, ёшидан бурун улғайиб, уруш йилларининг катта масъулиятини ўз зиммаларига олган ажойиб авлоднинг дўстлиги, севгиси, орзу-ҳаваслари тасвирланган. Лекин, романда ёш қаҳрамонларни йўлидаги қийинчиликларни енгиб ўтиш эпизодлари гоҳо ўқувчи юрагини ларзага солмайди. “Улуғбек хазинаси”даги Али қушчида ҳам бир ёқламалик сезилади. Ёки “Диёнат”даги Отақўзи. Бир маҳаллар уни “Синчалак”даги Қаландаров образига “қариндош” деганлар ҳам бўлган. Гарчанд бундай қарашларда ҳеч қандай асос бўлмаса ҳам Отақўзи характерида қиёмига етмаган, “пишитадиган” ўринлар бор.
П. Шермуҳамедов:
— Бунин Лев Толстойнинг “Анна Каренина”дек дунёга машҳур асари ҳақида: “Агар Толстой уни менга таҳрирга берганида, мен унинг тўртдан бирини қисқартириб ташлардим, шунда роман янада ярқираб кетарди!” деган. Толстойнинг ўзи эса улуғ Шекспирни инкор этган. Ўзбек ёзувчиларининг асарларини ўқиганда Сизда ҳам шундай фикрлар пайдо бўлганми?
О. Ёқубов:
— Анча йиллар илгари буюк адибимиз Абдулла қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида гоҳо кишини ишонтирмайдиган лавҳалар, эпизодлар, илмий тил билан айтганда, реалистик услубдан жиндай чекиниш ҳолатлари учрашини айтиб, бошимга анча-мунча ғавғоларни “сотиб” олганман. “Ўзи ким бўптики, шундай улуғ ёзувчига осилади?” қабилида дўқ-пўписалар ҳам бўлган. Бундай ёндашиш, афсуски, ҳозир ҳам учраб туради. Гап шундаки, ёзувчи ўқиган ҳар қандай асар тўғрисида ўз мулоҳазаси ва ўз фикрига эга бўлмоғи керак. Асар қандай улуғ инсон томонидан ёзилганидан қатъий назар фикрини айтишдан ийманмаслик зарур. Шундай ҳикоялар борки, мисол учун М. Шолоховнинг “Инсон тақдири” ҳикояси, тафаккур усулига кўра романдан кам эмас. Ёмон, ўртача ва яхши асарлар доимо бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Зўраки чираниш билан “семиртирилган” чучмал, ғирт китобий, ҳозиржавобликка маҳлиёлик руҳидаги заиф асарлар қўлимга тушганида жуда хафа бўламан.
М. Али:
— Энг аянчлиси яна шундаки, айрим танқидчилар шундай хашаки асарларни кўкка кўтариб мақтайдилар.
О. Ёқубов:
— Начора, бўш қудуқ шудринг билан тўлмайди. Бўш асар ҳам мақталгани билан яхши бўлиб қолмайди. Бу ўринда айрим ёш ёзувчиларда роман сўзига маҳлиёлик қусури борлигини ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Улар семиз китоб ёзсам одамлар тез тан олади, деб ўйлашади, шекилли. Ваҳоланки, Чингиз Айтматовнинг донғи дунёга кетганида у ҳали битта ҳам роман ёзмаган эди.
П. Шермуҳамедов:
— Таниқли рус танқидчиси Леонид Теракопян “Улуғбек хазинаси”ни таҳлил қиларкан: “Бу ижтимоий-аналитик роман ўзбек тарихий парозасида Ойбекнинг машҳур “Навоий” асари билан ҳақли равишда ёнма-ён туради” деган эди.
О. Ёқубов:
— Бу Теракопяннинг фикри. Танқидчилар муайян асарни чуқурроқ таҳлил қилишдан зерикканда доимо шундай усулни қўллайдилар.
Севимли адибнинг сўзларини эшитган сайин эшитгинг, ҳаётий мулоҳазаларини тинглагинг, юрагида қайнаб ётган фикрларидан баҳра олгинг келади, суҳбатидан айрилгинг келмайди. Аммо, режа бўйича бугун яна бир кекса адибимизни янги йил билан қутлашимиз, суҳбатидан баҳраманд бўлишимиз керак. Бир дунё важ-карсонлардан сўнг аранг жавоб тегди.
— Қарининг сўзи дори, деганлар. Дори кўпайиб кетиб, асабга тегдими дейман, — дедилар кузатаётиб. — Устознинг кайфияти чоғ, руҳи бағоят баланд эди. Жавоб текканидан бехабар, ошхонада куйманиб юрган Марям опа, қўзғалманглар, ҳозир бешбармоқ сузаман, деганда, Одил ака, эй, ҳотамтой хоним, Тошкенти азимда бошқа меҳмонларам бор, деб яна ҳазил қилдилар. Одил Ёқубовнинг супада ҳассага таянганча жилмайиб туриши, адибнинг «Туш» деган бадиасини ёдимга туширди. Бадиа, болалигида илк марта Л.Толстойнинг «Ҳожимурод» қиссасини ўқиб, таъсирлангани ҳақида. Қиссани ўқиган куни ёш Одилнинг тушига Толстой киради. Руснинг улуғ ёзувчиси унинг бошини силаб, сен ёзувчи бўласан, деб фатво бергандай бўлади... Одил бобонинг ҳозирги ҳолати нимаси биландир Толстойга ўхшаб кетаётгандек эди. Рост-да, соч-соқолни ўстириб, эгнида узун кўйлак, белида қамиш камар, бир қўлини камарга суққанча, қаддини ғоз тутиб турса...
Хаёлимдаги бу манзарани ҳамроҳлардан яширдим.
— Келинларимга салом айтинглар, — деди Марям опа.
— Янги йил билан табриклаб қўйинглар, — деди Одил ака.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:20   #86  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
5
Икки йилдан сўнг...
2009 йил 2 ноябрь эди. Кечқурун Мамадали Эронов телефон қилиб: “Одил ака йиқилиб тушибди, оёғими, бўксасими синиб стационарга тушиб қопти”, деди. Уч-тўрт кун аввал кўрганимда соппа-соғ эди. Ёмон йиқилмаган бўлсин ишқилиб. Кексайганда синган-чиққан жойларнинг битиши қийин бўлади дейишади...
Эртаси куни Буюк ипак йўли кўчаси бўйидаги ҳукумат шифохонасига бордик.
Куз эмасми, сап-сариқ баргихазонлар йўлакларда учиб-қўниб ётибди. Шифохона ҳовлисига кўрк бериб турган арчалар ям-яшил бўлиб турган эса-да, узун арғувонларнинг барги тўкилган, куз кузлигини қилаётгани — боғдаги кўкламликни зўравонлик билан ҳайдаб юбораётгани шундоққина кўриниб турарди. Олд томони таъмирланаётгани сабаб, бинони айланиб, ёнбош эшикдан кирдик. Лифт билан тўртинчи қаватга кўтарилиб, 36-хонага бордик. Икки кишилик хона тўрида – дераза остидаги кроватда ётган Одил Ёқубовни эшикдан кирган заҳоти кўрдим. Озғин оёқлари тиззагача очиқ, бир оёғи болдиргача гипсланган, иккинчисининг ост қисмига ҳам худди ковушпатакдай қилиб гипс қўйилган. Ётгани учунми ёки беморхона ҳавосининг таъсириданми, ишқилиб, устоз бир бурдагина бўлиб қолгандай кўринди кўзимга. Салом бериб, кўришдик. Кўришаётиб озиб кетган қўлларининг бир неча жойи кўм-кўк бўлиб кўкариб кетганига кўзим тушди: уколнинг ўрни. Келин аямиз Марямхон опа балкондан стул келтирмоқчи эди, Мамадали ҳушёрлик қилиб, стулларни ўзи олиб келиб Одил ака ётган кроват қаршисига ёнма-ён қўйди.
Ўтирдик.
Одил Ёқубов ёшовраган кўзларини бизга қадаб, бир паст гапиришга куч тўплаётгандек тамшаниб турди. Бир замонлар, нега энди бир замонлар бўларкан, кечагина гулдураб юрган, қаерга оёғи етса “Одил Ёқубов келди!” деб ҳаммани ҳаяжонга солган, Московда, Кремльнинг Съездлар саройида нафақат собиқ СССРни балки, бутун ер шарини титратган улуғ инсоннинг бир бурдагина бўлиб кўрпа-тўшакка ўраниб ётиши... Негадир юрагим увишиб кетди.
— Кеча кечқурун эшитиб қолдик, — дедим, одатга кўра бемор ҳузурида айтиладиган таомилдаги жумлаларни такрорлаб. — Оёғингиз тузукми?
Одил ака оғзини очмай тилини икки-уч марта қозон артгандек қилиб лунжида айлантирди.
— Ҳа, энди, бир нав.. - Овози хириллаброқ чиқди.
— Ўзингчи? — деди бир ютиниб олгандан кейин. — Бизники финишга етди, - давом этди ўша синиқ товушда. — Ҳаёт шуякан. Ҳаммаси тугаркан. Бир кун келиб тушунаркансан, тан оларкансан. Кейин алам қиларкан. Айниқса, бу дунёга келиб ҳеч нима қилмай кетаётганингни англаганингда бир куйсанг, бундан сўнг ҳеч нима қилолмаслигингни, ҳеч нимани ўзгартиролмаслигингни билганингдан кейин ўн марта афсус-надоматга ботаркансан...
Мен яқин орада, йўқ, умуман, ҳеч қачон, Одил акани, Одил Ёқубов деган улуғ адибни бундай тушкун қиёфада кўрмаган эдим. Касаллик отага ўта жиддий таъсир қилган, у ётган жойида куну тун ўз ҳаётини таҳлил қилиш билан машғул бўлган ва бу дунё тало-тўпларидан чарчаб, нариги дунё бўсағасида турган авлиёга ўхшаб кетарди. Бундай мискин лаҳзаларда, бундай улкан сиймоларга нима деб таскин-тасалло бериш мумкин?
— Сиз кўп иш қилдингиз, — депман гўё у зот шу мақтовга зордай, шу гап билан кўнгли овуниб қоладигандай... Буям камдек: – Қани эди ҳамма сиздай из қолдирса.
— дедим бошқа жўялироқ сўз тополмай. Дейишга дедиму, аммо юрагим “шув” этиб кетди. Худди “кетаётган” одам билан гаплашаётгандек...
Одил ака кўзларини юмиб олди.
— Биз нима қиппиз... Ана, Қодирий, Чўлпон... Уларни айтса бўлади из қолдирди, деб. Қодирий, Абдулла Қодирий... — Одил Ёқубовнинг овози бўлиниб-бўлиниб чиқди. – Улуғ... осмон қадар юксак талант эди. Чўлпоннинг шеърлари, романи... Ҳақиқий халқ ёзувчиси эди у. Озодга раҳмат... Чўлпонни тирилтирди, уни қайтариб халқимизга берди... Абдуллажонни... Абдулла Ориповни айтса бўлади буюк деб. Муштумзўр тузум муштини дўлайтириб, мен айтгандек қилиб ёзасан, деб зўғум қилиб турган бир замонда қандай ёзиш кераклигини кўрсатиб қўйди. Чингиз ҳам катта ёзувчи эди. Лекин биз, одамзот шундай ваҳшиймизки, Қодирийдек, Чўлпондек улуғ зотларни улуғлаш ўрнига роҳатланиб-роҳатланиб уларни ўлдирдик. – Одил ака бўғилиб қолди, мижжалари ёшланди. Бор кучини тўплаб: – Ҳа-айй!! – дея ҳайқирди, мушт бўлиб тугилган қалтироқ қўллари ҳавода ноаён доира ясаб бир айланди. Шу бир ҳайқириқ билан бутун дарду азобини ичидан ташқарига отиб юборгандек... Жим бўлиб қолди.
Биз ҳам жим эдик. Ҳозир устоз шундай сеҳркор бир олам оғушида эдики, агар ярим оғиз гапирсак, саволга тутсак, унинг ана шу олами чайқалиб, чангиб, тўзғиб кетадигандек эди.
Шу алпозда бир неча сония ўтди. Беихтиёр балкон йўлакчасида қўнишибгина турган Марямхон аяга кўзим тушди. Одил Ёқубовнинг йиқилиб шу аҳволга тушиб қолиши ва тортаётган азобларида ёлғиз ўзи айбдордек гуноҳкорона қараб турган аямизнинг чеҳраси афсонавий фаришталарники сингари маъюс эди.
Одил ака кўзларини очди. Қарашлари сокин, бир зумда бир олам куч тўплаб олгандек:
— Одамзот туғилганда ҳасад балоси билан бирга туғилади, — деди вазмин. — Ўла-ўлгунича бу офат ажралмайди ундан. Ҳасад хатоларга бошлайди. Хатолар душманликка ундайди. Душманлик ёвузликка айланади. Одамзотнинг умри дунёга келганидан то кетгунича фақат хатолардан иборат экан. Умри хатолардан иборат шахсларни кўп кўрдик. Биз ҳам бенасиб қолмадик бу лаънати неъматдан. Жуда кўп хатолар қилдик... — Шифтга тикилган кўйи яна сукутга чўмди. - Майли, — томоғини қириб йўталди. - Хато қилсанглар ҳам ёмонлик қилманглар, — деди бизга нигоҳ қаратиб. — Ёмонлик — дунёдаги энг разил иллат. Инсон табиатида тушуниб, англаб бўлмайдиган иқлимлар тиқилиб ётибди. Минг, миллиард йиллардан бери шундай: ўзини ўта ақлли ҳисоблайдию, аслини олганда бир бетайин кимсага қуллуқ қилади кўпинча. Кечагина эмасмиди бутун дунёнинг тенг ярми Ленинни даҳо деб, унга сиғиниб юргани. Ленин ҳам, буюкларнинг буюги деб улуғланган анави серсоқол чоллар ҳам ибтидоий бир кимса экан-ку! Маркс, Энгелсни айтаман-да. Нима қилиб берди улар? Ахир, дунёда миллион, миллиард одам бор-ку! Шунча одамни чалғитса-я! Сталин деганлари-чи? Иблис билмайдиган разолатларни ўйлаб топди. Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Биз бўлсак неча йиллар мобайнида “раҳнамомиз, отамиз” деб соясига қуллуқ қилдик. – Адибни йўтал тутди. – Ҳай, опа, опажон! – деди йўтал босилгач Марямхон аяга мурожаат қилиб. – Бир пияла чай борми ахир, бир пияла чай ичайлик.
Мамадали ирғиб туриб чойнакдан пиёлага чой қуйиб келди. Одил ака турмоқчи бўлиб интилди, туролмади, оғриқданми, бемажолликданми юзлари буришиб кетди. Мен ўрнимдан туриб, энгашиб ўнг қўлимни адибнинг елкаси остидан ўтказиб кўтардим. Ё, қудратингдан! Қушдай, қушчадай енгил бўп кетибди-я! Мамадали пиёла тутди. Одил ака икки қултум ичди. Учинчисини ютолмади, лабидан кўксига оқиб тушди.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:21   #87  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
Авайлабгина жойига ётқиздик.
— Энди... ман айтаятган нарсалар ҳам, албатта хаёлий, афсонавий бир фалсафа, — деди кейин. – Лекин, мен бу серофат дунёда бенуқсон, бегуноҳ бир одам бормикан, деб кўп ўйлайман. Ўйласам, Толстой келади кўз олдимга. У қолдирган беадоқ бойлик, беўлчов адабий мерос, у яратган одамлар, ва... Ҳожимурод келади. Ҳожимурод! — Одил ака ёнгинасида улуғ бир сиймо турибдию унга қараб гапираётгандек бир оҳангда: — Дунёга бир келган инсон бу — Ҳожимурод! — дея дард билан ҳайқириб юборди. — Аслини олганда бундай одам ҳаётда бўлганми, йўқми худо билади. Ёзувчининг улуғлиги шунда, у йўқдан бор қилди. У абадул-абад инсон боласи ҳавас қиладиган бир образ яратди. Ҳеч қайси замон ўлдиролмайдиган, ҳеч қачон ўлмайдиган, мангу тирик одамни! Ҳа, энди булар — ўйлайдиган одамлар учун ёзилган. Фикрлайдиганлар учун... Хўш, ўзинг қалайсан? – илкис мурожаат қилди менга. — Ҳозир яхши бир ишда юрибсан дейман, а?. Яхши, – жавобимни кутмай давом этди устоз. – Майли, қўлдан келганини қил, бошқа чораси йўқ экан. Бир кун келиб оёқ юрмай, калла ишламай қолиши ҳам мумкин. Мана биз... Кел, бу гапларни қўятур, умумбашарий, умуминсоний масалалардан ташқари, нима янгиликлар бор оламда?
— Пахтани бажардик.
— Бажардикми? Қандай хурсандчилик, а? Халқимизнинг ризқи-рўзи пахта, дастурхони, уйининг кўрки. Худо халқимизга шу бахтни берган. Пахтани бажарган бўлсак, эртанги кунимиздан ташвишланмасак бўлади. – Одил ака шу гапларни айта туриб тасодифан муҳим бир гап эсига тушиб қолгандек: — Тунов кун бир одам олдимга келди.- деди паришон тарзда. — Мен у одамни танийман. Ул-бул ёзиб юришини биламан. Ўша киши менга, Одил ака, шундай бир иш қилиб кетингки, у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам ҳам ҳеч ким эсидан чиқаролмасин, деди. Қандай иш экан, десам, у, умрингиз охирида бир асар ёзинг, бу асар Чингиздан ўтсин. Айтматов лол қолиб, таъзим қилсин, деди.
— Асар бировни таъзим қилдириш учун ёзилмайди, ука, дедим. Чингиз кўпчиликни ҳаяжонга соладиган китоблар ёзди, катта ишлар қилди. Лекин, у одам ҳам сизу биз ўйлаган улуғ ғояларнинг ҳаммасини айтолган эмас. Қолаверса, ука, дедим унга, мен ўзимни Чингизга тенглаштирмоқчи эмасман. Яна шуни биламанки, Чингиз ҳам ҳамма қилган ишларидан рози бўлган эмас. Унинг ичи ҳам армонларга тўла эди.
У эътирозимга жилла қурса ҳамки эътибор бермади. Мен ёзишим зарур бўлган асарга ном ҳам топиб кепти: “Тоғ қулади”. Воқеа-сюжетларигача эринмай айтиб берди.
Тайёр бўпти-ку, нимага ўзингиз ёза қолмайсиз, дедим. Бундай китобни ёзиш фақат сизнинг қўлингиздан келади. Илтимос, йўқ деманг, деди у энди астойдил ялиниб.
Қараб турсам, ҳамсуҳбатимнинг турқи ўзгариб боряпти. Одил Ёқубов майдалашиб кетибди, ҳасад қиляпти деган ножўя хаёлга бориб юрмасин деб, бир ўйлаб кўрай, дедим. Бир ҳафта ўйланг, кейин келаман, деди у.
Ваъдалашганимиздек бир ҳафтадан кейин яна келди. Бу сафар анча хотиржам суҳбатлашдик.Мен унга бировнинг сюжети билан асар ёзолмаслигимни ётиғи билан тушунтирдим. У, мен Одил Ёқубовдан бир улуғ асар қолсин умрининг охирида, юз йиллар давомида халқимиз ўқиб қойил қолсин, таҳсинлар айтсин деб, орзу қилган эдим. Бу иш сиздан бошқа одамнинг қўлидан келмаслигини билганим учун сизга айтган эдим. Ҳа, майли, илож қанча, деди ва кўнди.
Ҳалиги зот кетганидан кейин узоқ ўйладим. Унимас, ўзимни ўйладим. У битта чин гапни айтди, мен шу пайтгача битта ҳамки ўқиладиган асар ёзолмаганимни юзимга айтди, аччиқ бўлса ҳам айтди, икки юзламачилик қилмади... – Одил ака чуқур хўрсинди. Индамай қолди. Кўзлари юмилди.Чап қўлини қимирлатиб, чарчадим, энди кетинглар, дегандек ҳаракат қилди. Балки ундай демагандир. Балки менга шундай туюлгандир. Аммо, Марямхон аямиз ҳам “Одил акангиз чарчадилар” дегандай мустар-мулойим боқиб турганларини энди фаҳмлаб, хижолат тортдим.
Қўзғалдик. Эшикдан чиқаётиб яна бир марта Одил Ёқубовга қарагим келди. Йўқ, ундаймас. Аниқроғи шуки, эшикка яқинлашганимизда кимдир... Йўқ, кимдир эмас, Одил Ёқубов, ҳа, Одил Ёқубовнинг ўзи, менга қара, дегандек бўлди. Бурилиб қарадим. Одил Ёқубов бошини биз томонга қаратганча жилмайиб яна бир нималар демоқчи бўлаётгандек туюлди. Туюлдими ёки чиндан ҳам шундаймиди, билмайман.
Ташқарига чиққанда худди устозни бошқа кўролмайдигандек, бу охирги учрашувимиздек, руҳим симиллаб бораётганини сезиб баттар эзилдим. Чунки, уйдадир, кўчададир Одил Ёқубов билан учрашган, суҳбатлашган, ҳазил-ҳузулларидан ҳузурланган, лекин шу пайтгача бир мартаям бугунгидек тушкун қиёфада кўрмаган эдим. Ҳамиша куч-ғайратига ҳавасим келиб, ўзим ҳам кучга тўлгандай бўлиб кетар эдим.

Ответить 
Старый 25.01.2013 17:23   #88  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
Бугун эса...
Орадан, чамаси бирор ҳафта ўтди. Одил аканинг аҳволи яхши эмаслиги, шифохонадан уйига олиб кетишганидан хабардор эдим.
“Эл сув ичган дарёлар” деган китобнинг босмахонадан чиққан биринчи нусхасини оласолиб, устозникига чопдим. Устоз китобни қўлига олиб, ўзи ҳақидаги саҳифага бир қур кўз ташлади. Тўнғич ўғли Искандарга кўзи билан бир нималарни уқтирди. “Кейин ўқийман, ёстиғимнинг тагига қўй”, деяптилар, деди Искандар. Одил ака билан неча йиллар давомида бўлиб келган гурунгимиз биринчи ва охирги марта кўзлар орқали бўлди. Орадан икки кун ўтгач, Одил Ёқубов бу дунёни мангу тарк этди...
Ардоқли адибимизни қабрга қўйиб қайтаётганда, Тошкентнинг кунчиқар томонида салобат тўкиб турган оқсоч Туркистон тоғларига қараб, қуйидаги мисралар миямда айланаверди:

Не боис бунчалар сарбаланд тоғлар,
Бунчалар мубҳамдир дунёйи гардун.
Туркистон тоғига тикилган чоғлар,
Шу соҳир ўйларга бўламан тутқун.

Билсам, саркаш дунё, саргашта боғлар,
Адибнинг муҳташам олами экан.
Осмонга найзадек санчилган тоғлар,
Мумтозу мукаррам қалами экан;
Чирқираб дайдиган қарғалар, зоғлар,
Одил Ёқубовнинг алами экан...
Аммо, кўнглим таскин-таянч излар, Одил Ёқубовдек ёзувчининг бу дунёда йўқлигига ва энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигига сира-сира ишонгим келмасди. Кўзим олдида эса адибнинг рафиқаси Марямхон аянинг майит қошида бош эгиб, ғамга ботиб ўтирган қиёфаси ўрнашиб қолгандек эди.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:24   #89  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.

Цитата:
Икки-уч кунлик карахтликдан сўнгра қуйидаги шеър дунёга келди.
ТАЪЗИМ
(Марямхон аяга)

Кеча юрардингиз валламат зотнинг
Суянчи — шоҳона теваси бўлиб.
Бугун ўлтирибсиз чийлаб саботни,
“Марҳум ёзувчи”нинг беваси бўлиб.

Аслида, умрнинг елдек ўтмоғи,
Сизга аён эди – ҳақ эди ўлим.
Фақат, ҳақиқатга дуч келган чоғи,
Ишониб-ишонмай турибсиз мазлум.

Ўксик, бошингизда тинмай айланар,
Мангу жудоликнинг тегирмон тоши.
Балки синаётир тақдиру азал,
Сиздаги чидаму, сабру, бардошни.

Ахир, довонлардан мисли жуфт бургут,
Не-не ёбонлардан омон ўтгансиз.
Аччиқ тўфонларда гоҳ худ, гоҳ бехуд,
Не-не армонларни ичга ютгансиз.

Адибга ёр бўлиш осонми, ахир,
Қуёшдек қалб керак, қоядек чидам.
Меҳру саховатин аямай тақдир,
Сизга берган экан икковидан ҳам.

Зотан, ҳар аёлга этмагай насиб,
Алпзабон адибга ёр бўлиш бахти.
Суйган бандасига кўргай муносиб,
Аллоҳим, бу қутлуғ, муборак тахтни...

Сержилд китобларга паришон, дилгир,
Тилсиз сарқаламга термуласиз жим.
Бетизгин ўйлардан юрак беҳузур,
Хаёл уммонига ботасиз маҳзун.


Балки, хаёлотнинг кўзгу шонида,
Ўтар талотўплар, ёшлик – бокира.
Умр осмонининг каҳкашонида,
Арқондек чувалган сўнгсиз хотира.

Беимон салтанат, беҳаё қутқу,
Маломат комига тортганда халқни;
Устознинг жаҳонни титратган нутқи,
Бу дам эсингизга тушгандир, балки.


Зеро, Сизга аён, бир кун қуёшли,
Бир куни булутли ҳаёт залвори.
Кундек равшан эди саксон уч ёшли,
Аломат инсоннинг феъли атвори.

Гоҳ ул зот, мижғовлар дастидан куйиб,
Ярадор шер каби тортганда наъра;
Мунглиғ нафасларга малҳамлар қўйиб,
Озурда дамларга топгансиз чора.

Бадқилиқ ҳосудлар бошлаб суронлар,
Ҳақиқат ўрнини олганда фириб;
Оёқдан чалганда дўсту ёронлар,
Саргашта адибнинг ёнида туриб;

Елкадош бўлгансиз, қўлдош бўлгансиз,
Содиқ, садоқатли йўлдош бўлгансиз.
Талху тарх, бадҳаво фаслларда ҳам,
Ҳамнафас бўлгансиз, бўлгансиз ҳамдам...

Бизлар-ку, жуда жўн одаммиз, бироқ,
Тинмай осилади тўраваччалар.
Суврати ҳотам-у, сийрати олчоқ,
Наргайи бетайин жўраваччалар.

Одил Ёқубовга ҳар кун чоҳ кавлаб,
Ҳар кун дор тикканлар эмасди-ку оз?
Осий махлуқларнинг тишин эговлаб,
Саксон уч йил қандай чидади устоз?!

Аллома тупроғи совимай, гирён
Фахрия кўнгилга сиғмас, эҳтимол.
Аммо, зарафшонлиқ зариф бир инсон,
Эртакка айланиб турса, бу не ҳол?

Мирзо Улуғбекка шон ато этган,
Синога қайта бахт бахш этган қалам;
Гоҳи шароб ютган, гоҳ зардоб ютган,
Не-не инсонларни кашф этган қалам;

Абадий уйқуга кетдими, бўзлаб?
Наҳот, афсонага айланди тушлар...
Бу “Кўҳна дунё”да “Диёнат” излаб,
Чирқираб қолдими “Оқ... оппоқ қушлар”?

Ҳаёт – ҳаёт экан, қулади қоя,
Қайтмас бўлиб кетди сарсари қуёш.
Аммо, Сиз бахтлисиз Марямхон ая,
Филқудрат адибга бўлдингиз йўлдош.

Ҳали йиллар ўтар, ўтар замонлар,
Устоз чаппар уриб яшар тирикдек.
Ёмғирдек ёғилгай шарафлар-шонлар,
Ушбу шарафларга Сиз ҳам шериксиз.

Чексиз ўкинч билан “Алвидо!”, дея
Аллоҳдан сўраймиз ажру азимлар.
Вафо маликаси – Марямхон ая,
Сизга таъзим бўлсин, мангу таъзимлар...

Шеърга охирги нуқта қўйилганидан сўнг бир пас хаёлга толдим. Одил Ёқубовнинг шифохонада ётган ҳолати кўзим олдига келди. Эшикдан чиқаётганимизда бир гап айтмоқчидек бўлганди.Нима демоқчи экан? Биз қаридик, ибтидоси бўлган ҳар умрнинг интиҳоси ҳам бор, деганмикин? “Буни ҳаёт дейдилар!” деб жилмайганмикан ёки? Ҳа, тўғри, устоз ўшанда худди шундай деган:
— Буни ҳаёт дейдилар!
Ответить 
2 "+" от:
Старый 09.04.2013 16:44   #90  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Feruza Xodjayeva
Оффлайн
UZINFOCOM
Сотрудник ZiyoNet при МНО
Сообщений: 243
+ 1,712  447/160
– 4  1/1

Uzbekistan
Адиб ҳақидаги фикрлар ва фойдали маълумотларингизни бу ерда ҳам ёзиб қолдиришингиз мумкин.
__________________
ZiyoNet.uz - Все про образование, науку, культуру и спорт: Деятели| Образование| Учреждения| Блоги| Форум| Гранты
Прими участие в развитии сети ZiyoNet: Создай сайт на ZiyoNet| Добавь книгу в библиотеку| Загрузи видео
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2026, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх