Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova
Адабиётшуносларимизнинг таъкидлашларича, ўзбек адабиётида кейинги йигирма йил ичида жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар кўзга ташланди. Бу жараён шу қадар тез ўса бошладики, ўтган асрнинг 80-йилларигача адабий жараён билан қадам-бақадам юришга одатланган ўзбек танқидчилиги бундай суръат олдида эсанкираб қолди. Келинг, суҳбатимиз аввалида ушбу мулоҳазаларга ойдинлик киритиб олсак...
|
ХХ асрнинг сўнги ва ХХI аср бошлари ўзбек адабиёти ҳақида сўз кетса, албатта, энг аввало тамомила янги сифат ўзгаришига учраган, тўла маънода ислоҳ этилган адабиёт борасида фикр юритилади. Бу, албатта, биринчи навбатда ғоявий-мазмуний ўзгариш билан боғлиқ. Чунки биз узоқ йиллар орзулаган ва асарларимизнинг таг-қатламларида қайдир даражада айтиб, ўқувчига сездиришга уринган ҳақиқатлар шу даврга келиб айни воқеликка айланди. Куни кеча гоҳи эътиқод туфайли, гоҳи таъма ва манфаат илинжида, гоҳида алам билан тараннум этилган шўро мафкураси ғоялари тамомила инкор этилди ва тафаккуримиздан ўчирила бошланди. Балки сунъий тўғон билан тўсилган жўшқин дарё тўғонларни бузиб юборгач, бирданига ўзанларига сиғмай, тўлиб-тошиб оққани каби бадиий ижод дунёсида ҳам миқдор жиҳатдан ниҳоятда кўп, турли-туман асарлар пайдо бўлди. Албатта, зилоли билан бирга бўтанаси ҳам қўшилиб, яхши-ёмонини ажратиб олиш анчагина мураккаб кечди. Лекин шунга қарамай, бу жараённи табиий ва ижобий ҳодиса сифатида қабул қилиш керак. Йўқдан бор этгунча, кўпидан саралаган маъқулроқ. Бинобарин, шундай катта эпкин олдида адабиётшунослик ва танқидчиликнинг ҳам бироз эсанкираб қолганини табиий ҳолат сифатида баҳолаш керак. Умуман жараён аввал содир бўлиб, кейин унинг қонуниятлари ўрганилиши ва кашф этилиши диалектиканинг ҳаммага аён қонуни.