|
|
|
|||||||
| Знаете ли Вы, что ... | |
| ...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать. | |
| << Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >> | |
| Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…) |
| Ответить |
|
|
Опции темы | Опции просмотра |
|
|
#522 | ||
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
“Ўзбеккино” Милий агентлиги томонидан давлат маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган бадиий фильмлар сон салмоғи 2010 йилда ҳам аввалги йиллардагидан жиддий фарқ қилмайди.
Рўйҳатларда жами 11 та киноплёнка ва видеода суратга олинган фильмлар қайд этилган. Албатта, улар қандай техник воситаларда ишлангани у қадар муҳим эмас. Киномухлис ва томошабинлар учун аввало яхши ёки ёмон, аниқроғи қизиқарли ёки зерикарлилик асосий мезон. Мутасаддилар ва мутахассис – танқидчилар учун муайян фильмнинг қандай ғоявий мазмун ташиётгани, унинг бадиий ифодаси, ижро даражаси, барча ғоявий – бадиий унсурларнинг мутаносиблиги, эстетик қиммати муҳим. Гарчи бу масалалар пировардида ўша томошабинни назарда тутиб талаб этилса-да, томошабиндан томошабинни фарқлаш лозим. Фақат истеъмолчилик кайфияти билан фильмни кўрадиган томошабин бор ва, аксинча, онг-шуурига озиқ, туйғуларига ҳарорат истаб кино залларига кирадиган фаол томошабин бор. Албатта, биз учун муҳими ана шу иккинчиси, унинг муносабати, қўллаб-қувватлаши ёки инкор этиши. Асли жиддий кинонинг, хусусан, бизда давлат йўли билан суратга олинадиган фильмлардан бош мақсад ўша иккинчи тоифа томошабин сафларини тўлдириш, уларнинг фаоллигини янада ошириш, ортидан оламон отлиқ келаётган катта кучни ўзанларга солиб, юксак инсоний манфаатлар томон йўналтириш, маданиятли-маърифатли халқ, миллат деган тушунчага муносиб бўлиш, кечагина авротини нима билан ёпишни билмай, ўрмондан чиқиб келган ёввойи тўда эмас, балки қон-қонида билим, маърифат, зиё ваҳоказо, маънавият деб аталмиш буюк бир қудрат неча-неча асрлардан бери оқиб турган ва ҳануз узвини йўқотмаган одамият қавмини тарбияламоқ, юзага чиқармоқдир. Ҳамонки шундай экан, ўша ижтимоий-бадиий буюртма самараси бўлган асарларни бир-бир тафаккур элакларидан ўтказмоқ, ютуғидан ғурурланиб, нуқсону иллатидан келгусида фориғланиш чораларини қилмоқ лозимдир. Афсуски, келгусида, ҳозир, шу тобда эмас. Чунки кино театр эмас. У вақтни муҳрлаб беради, театрдагидек тўхтатиб, тўлдириб, сўнгра бошқатдан юргазиб беролмайди. Шу боисдан ҳам кинонинг масъулияти янада оғир, юки ўта залворли, табиати ғоят нозик, талаби фавқулодда юқори, мағлубият захми эса ниҳоятда зарарли. Ғалаба нашидаси қанчалар тотли бўлса, муваффақиятсизлик алами ҳалокатлидир. Бу, албатта, санъаткор киночига, ижодкор кино арбобига хос хусусият, аммо кино атрофида, ҳатто унинг ичида юрган юзлаб, балки минглаб ҳаваскору луқмахўрга эмас. Афсуски, “луқмахўр киночилар” кун сайин кўпайиб бормоқда. Йўқ, мен давлат киноси билан хусусий кино ўртасига Хитой девори тикламоқчи эмасман. Зеро, томошабин учун бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Аммо киносанъатига бефарқ бўлмаган қалби ёниқ одамки бор, муайян фильм қай йўналиш ё мансубликда ишлаб чиқарилмасин, каттаю кичик экрандан онг ва қалбларга бораётган ёғду томошабинни ё яхши маънода ёруғ, покиза нурларга чулғаши ёки ўлимга маҳкум нурланиш касалига мубтало қилиши мумкинлиги ҳақида мушоҳада юритади. Шу маънода хусусий йўл билан яратилаётган фильмлар аҳволи, савияси, намойиши, тарғиб этилиши хусусида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбариятига жиддий эътирозлар билдиришга асос бор. Чунки унутмайликки, мамлакатимиздаги киносиёсати тўлиқ “Ўзбеккино” агентлигининг кори аъмоли, вазифаси, масъулиятидир. Ҳафта сари премьера бўлаётгани, бу яна Тошкентдек шаҳри азимнинг қоқ маркази, энг муҳташам кино саройида ўтказилиб келинаётгани шоён қувончли ҳол. Бу манзара қарийб етти-саккиз йилдан бери мунтазам тус олиб, оддий тадбирга айланиб бораётгани ҳам муболаға эмас. Ҳозирда энди деярли кун ора униқиб оқи-увадаси чиққан таассуротини берувчи “джинси”ларга ўранган ўспирин қизу йигитчалар ҳазрат Алишер Навоий номидаги Кино саройининг энг катта, муҳташам саҳнасига чиқиб олиб, бузилган, ямоқ-ясоқ ўбекчанамо бир лаҳжада шопирдан тортиб уйини бўшатиб берган ҳожимомою ҳожиоталаргача хушомадини чандон ошириб таништириши ажаблантирмайдиган бир ҳол бўлиб қолди. Бирор мутасадди-мардум йўқки., барака топкур, бир кинони яратгунча ками юзта одам ишлар, улар бари титрларда қайд этилади, шартмикан ҳаммасини етаклаб саҳнага олиб чиқиш, ижодкорлар юз кўрсатса бўлди-да, дея олса?! Ахир театрда спектакл охирида таъзимга саҳна ишчиси, реквизит тайёрловчи, театр директори, билет-сотувчи кассири ваҳокозо ўз ишини ҳар куни бирдай бажариб, бунинг учун маош оладиган барча техник, нотехник ходимлар чиқмайда-ку?! Қаердан урф бўлаяпти бунақанги гала-гала оламонни ола-қуроқ кийимларда саҳнага чиқариб “томоша” кўрсатишлар? Очиғи балки шу туфайлидир кинопремьералар байрам таассуротини йўқотиб, ўлдириб бораяпти. Буни, лозим бўлса, Агентлик ва киносаройи раҳбарияти маъмурий йўл билан тартибга солиш чораларини кўрмоғи зарур. Қолаверса, барча ишлаб чиқарилаётган фильмлар фақат Киносаройида ёки баъзан Киночилар уйида ўтиши шартлиги қайси ҳужжат билан мажбурий қилиб қўйилган. Келишув зўр бўлса, савия-даражасига қарамай, барча филмлар Киносаройида қўйилавериши шартми?! Нега ўзингиз хуш кўрмаган “бўтқа”ни одам киряптику дея нуфузли кинозалларидан тарғиб этаверасиз, дея савол қўйгингиз келади. Кинотақдим, кинонамойиши, киносаройи ҳам бирор ташкилий-интизомий, ахлоқий-этик, тарғибий-ташвиқий тартиб, мезон, йўриқномалар асосида иш кўрадими ёки ҳуқуқий асос тушунчаси кинотармоғини четлаб ўтганми?! |
||
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#523 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
Бу “ачитқи гап”лар кўз олдингда тез-тез содир бўлиб турган нохуш манзаралар туфайли йиғилиб, тўпланиб юрган зардоблар. Зардобни эса андишага бориб ҳар сафар ичга ютавериш, бора-бора одамни касал қилиши аён ҳақиқат.
Хўп, буларку ташкилий, ахлоқий-этик масалалар. Ижроси, аввало, виждонга ҳавола. Аммо асосий ният бадиий кино борасида фикр алмашиш экан, яна аниқ манзил “Ўзбекккино” Агентлиги буюртмаси билан ўтган йили суратга олинган фильмлар хусусида сўзлашилар экан, айрим кузатишлар билан ўртоқлашмоққа эҳтиёж сезилади. Ҳисобот йилида суратга олинган ўн бир фильмнинг учтаси Ёлқин Тўйчиев сценарийси асосида. Қолганлари Эркин Аъзам, Тоҳир Малик, Усмон Азим, Муродбой Низанов, Ғофир Шермуҳаммад, Абдуқаюм Йўлдош каби профессинал адиблар ҳамда Шоира Ғиёсова, А.Маҳкамов, Рашид Галиев, И.Блидарёв, Мансур Абдуҳолиқов каби сценарист, режиссёрларнинг ҳаммуаллифликдаги ишлари. Миллий кинодраматургияда профессионал ёзувчиларнинг кўпаяётгани ўтган йилнинг энг қувончли ҳодисаларидан. Буни фақат табриклаш керак. Бу ўз навбатида юртбошимизнинг адабиёт аҳлиги қарата “Адабиётга эътибор-маънавиятга, келажакка эътибор” номли мурожаатидаги нашриёт, театр, радио-телевидение қатори кино соҳасини ҳам ёзувчи меҳнати, ижодидан манфаатдорлигини назарда тутиб “бу ижод турларининг ҳам таг-заминида биринчи навбатда адабиёт, сўз санъати туриши ҳеч кимга сир эмас”, деб айтган фикрининг амалий тасдиғи эканини эслатмоқ ўринли. Шу билан бирга, кинодраматургияда ноёб истеъдодини намоён этаётган Ёлқин Тўйчиевнинг ҳисобот йилида бир эмас учта фильм сценарийсини ёзгани ва уларнинг ишга туширилгани ҳамда яна “Учар қиз” фильмини тўла муаллифлик асосида ўзи суратга олганини ҳам табиий қабул қилиш мумкин. Чунки у, холисанилло тан олмоқ керакки, сўнгги йиллар киносанъатимиздаги энг истеъдодли ижодкор. 2009 йил маҳсули бўлган “Илова” фильмининг яқинда Франциядаги Осиё фильмлари Халқаро фестивалида бош совринга ва яна икки мукофотга лойиқ топилгани сўзларимизнинг тасдиғи. Бу, албатта, Ёлқинга истисно шароит яратишга асос беради. Бироқ “Давринг келди, сур бегим” қабилидаги ақида билан яшашнинг анчайин хавфли томони ҳам бор эканини ёддан кўтармаслик керак. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса янада ховотирли. Яъни, ҳар қандай ҳақиқий санъат инсоний дард маҳсули. Шоир айтмоқчи “Санъату рангни қўй, сўзда керак дард ила сўз” (Алишер Навоий) ... Дард эса косибнинг тирикчилик дастмояси эмас - сарфлаб, олиб, тикиб, ясаб, сотиб рўзғорини айлантириб турадиган улгуржи матоҳмас. Балки айримлар бу фикрга истеҳзо қилар, киночининг ҳунари ҳам, тирикчилигию даромади ҳам кино-да, деб. Эътирозимиз йўқ. Ҳар қандай меҳнат муносиб рағбатини, баҳосини олиши керак. Аммо том маънодаги санъат фақат тирикчилик воситаси бўлса, унинг оламон маданияти (“маскультура”)га айланиши учун бир баҳия масофа қолади, холос. Азал-абаддан шундай - дардни, аламу армонни, азобу изтиробни чақага алмаштириб бўлмайди. Алмаштира олдими, тамом, у ҳар қанча усталик билан ясалган ғаройиб қўғирчоқ бўлмасин, руҳ, жон кашф этолмай, қўғирчоқлигича қола беради. Бу фикрлар, ҳозирда фақат мақталиши керак бўлган Ёлқин Тўйчиев ижоди муносабати билан айтиляпти. Сабаби у талантли, замонавий ўзбек киносанъатининг ёрқин умиди. Аммо ойнаванд сунъий боғда (парникда) қору қишга қарамай гуллаб, тугуб-тутиб ётган сархил мева билан саратонда соябон бўлиб она қуёшнинг сахий нурини юта-юта тил ёрар шира боғлаган меванинг таъми бўлак, меҳнати, заҳмати тенг ё камдир балки, лекин завқи-шавқи, ҳузуру қадри бўлак... |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#524 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
Ўткан йили суратга олинган “Учар қиз”, “Кечиккан ҳаёт”, “Тўққиз ой” фильмлари, аввало, турли мулоҳазаларга имкон бергани билан қимматли. Гарчи бу уч бадиий видеофильмларнинг сценарий муаллифи битта бўлса-да, постановкачи режиссёрлари учта: Ёлқин Тўйчиевнинг ўзи, Аюб Шаҳобиддинов ва Мирмақсуд Охуновлардир. Уччала сценарий ҳам, айтилганидек, ягона профессионал ижодкор қалами маҳсули. Аммо фильм ҳолида уч режиссёрнинг ўз фильмига ўз кўрими, мустақил ёндошув хусусияти, ўз услуби ва ўз муносабати самараси ҳамдир. Масалан, “Кечиккан ҳаёт” Ёлқин Тўйчиев шаклу шамойилини топиб берган Аюб Шаҳобиддиновнинг дарди, “Тўққиз ой” эса худди шундай Мирмақсуд Охуновники Бироқ “Учар қиз” хеч кимнинг дарди эмас. Хоҳиш, манфаат, фантазия бошқарган ҳунарманднинг навбатдаги иш маҳсули. Қандини урсин, албатта! Луқмаҳўрликни касб қилиб бораётган мардум буни дарддан нари “фантастик комедия” деб иддао қилар, балки. Дарҳақиқат, Фарход Абдуллаев билан Саида Раметованинг, Адиз Ражабов ваАсал Шодиеванинг, айниқса, Муҳаммадисо Абулхайиров билан Дилбар Икромованинг комик ижродан кўра, эмоционал комик трюкка мойил қилиқлари томошабиннинг қалбига эмас, қитиқ парига мўлжаллангани аниқ. Бўлмаса шунча бачкана ҳатти-ҳаракатларга зўр беришдан режиссёрга не наф. Одатда комик вазият тополган ижодкор унда ҳаракат қилувчи комик характерлар ярата олмаса, ҳар қандай қизиқ ё мафтункор топилма зўраки қилиқлар ва бўттирма эффектбозликдан нари ўтолмайди. Комедияда энг муҳими кулгули вазият билан бирга комик характер ярата билишдир. А.С. Пушкин айтади: “Эътиборга олайликки, юксак комедия фақат биргина кулгуга асосланмайди, балки характерлар ривожига суянади ва шунга кўра у кўпинча трагедияга яқин келади”.
Жаҳон адабиёти тарихидан маълумки, машҳур “Ревизор” комедиясининг сюжетини Гоголга Пушкин ҳикоя қилиб, ижодий йўлланма берган. Гоголь эса Хлестаковдан бошлаб шаҳар ҳокимию аъён амалдорларининг бир-биридан ғаройиб, турфа характерларини яратган. Бинобарин, хеч ким “Ревизор”ни Гоголь асари эканига шубҳа билдирмаган. Демоқчимизки, ижодий ният бадиий ниятга айланмоғи учун анчагина жиддий изланмоқ керак. Ҳамммамизнинг ҳам ҳаёт, инсонлар, турмуш ҳақидаги тасаввурларимиз бор. Феъли табиатимиз, билим-маърифатимиз даражасида хаёлотимиз бор. Аммо ижодкор табиатнинг бадиий кашфиёт яратмоғи учун шунинг ўзи етарли эмас. Инсон, табиат, жамият ҳодисаларини, турфа феълини бетакрор, фақат ўзига хос тарзда кўриш ва кўрсата билиш жуда теран синчковликни, интуитив сезимларни талаб этади. Шулардан заррама-зарра йиғилган ҳаётий деталлар табиий бирлашиб яхлит характерни, ягона бетакрор образни пайдо қилади. Яхлит характердаги бир жиҳатни бўрттирма қилиш ҳам мумкин. Қачонки бу жиҳат ўша инсоннинг моҳиятига айланган бўлса ёки уни яккаш ифода этса. “Учар қиз” фильмида, аввало, сценарий муаллифи комик характер чизгиларини беради, аммо яхлит характер ярата олмайди. Шу ўринда режиссёр тўлдириши мумкин бўлган бўшлиқ адабий асос ҳам, унинг талқини ҳам бир ижодкор томонидан бажарилгани учун борича қолиб кетаверади. Чизгилар ривожланиб, бутун суратга-яхлит тасвирга айланолмайди. Фақат Фарҳод Абдуллаевнинг шаклланган ижодий амплуасига зўр бериб, уни суиистеъмол қилиш на актёрни ўстирмайди, на-да фильмга қиймат бағишламайди. Томошабин учун Фарҳод Абдуллаевнинг бир-бирига ўхшаш, эгизак образларини такрор кўраверишдан наф йўқ. Аксинча, унинг комик потенциалини кашф этиб бориш (агар шунга яраша қувват бўлса), ижро даапазонини кенгайтириш, актёр мавқеини юксалтиради, унга эътиборни кучайтиради. Асли режессуранинг санъатдаги ўрни ҳам шу. Режиссёр санъатининг ноёблиги ва камёблиги ҳам шунда. Бундай юксак талаблар билан “Учар қиз” фильмига ёндошиш ўринли туюлмас, балки. Аммо гап шундаки, бу фильм титрларида Ёлқин Тўйчиевнинг номи икки марта такрор келади. Эл суйган атоқли ва таниқли актёрлар номлари қайд этилади. Шу сабаб фақат кузатувчи бўлиб туриш мумкин эмас. |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#525 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
“Кечиккан ҳаёт”, “Тўққиз ой” фильмлари таассуроти тамомила бошқача. Бу энди Ёлқин Тўйчиев истеъдодининг ғалати метамарфозалари ҳақидага ўтган йилларда айтилган мулоҳазаларнинг мантиқий давоми.
Қадимги Юнон файласуфи Эзопдан “Кўмирчи билан бўзчи” ҳақида шундай бир масал келади: “Кўмирча бир уйда ижара турар, кўмирни ҳам шу ерда куйдирар эди. Бир куни бўзчи келиб қолдию кўмирчи унга ҳам шу уйда яшашни таклиф қилди. Бўзчи унга эътироз билдирди: “Йўқ, бунинг асло иложи йўқ, ахир мен ниманики оқлаб-оҳорласам, сен уни шу ондаёқ қора қурумга белайсан!” Алқисса, моҳиятан бир бирига зид нарсаларнинг қўшилиши номақбулдир. Билмадим, Ёлқин ҳаётнинг бу ҳақиқатини бузаётган, балки ислоҳ этаётгандир. Ахир Эзоп бундан икки ярим минг йил аввал яшаган бўлса, рўзғор-тирикчилик, бола-бақра қилмаган бадбуруш бир қул бўлса, ҳаёт фалсафасини қайдан биларди?! Билфеъл, “кўп дон чўқилайверганидан семриб кетиб, умуман тухум бермай қўйган бева хотиннинг товуғи” ҳақидаги яна бир масал ҳам бор ўша Эзопда. Бироқ энда бу фақат ҳаёт фалсафаси эмас, табиатнинг қонуни ҳам эканини унутмаслик лозим. Аюб Шаҳобиддинов билан Мирмақсуд Охунов кинога айлантирган икки фильмни уларнинг дардларига айлана олган дедик. Ҳа, бу фильмларда сценарий муаллифидан кўра кўпроқ режиссёрларнинг дарди кўтарилгандек, кўрсатилгандек, масалалар, муаммолар, фикрлар, ўй-мушоҳадалар илгари сурилгандек гўё. Сабаби сценарийчи ҳаёт иллюзияларидан тахминлаб, тусмоллаб, унинг бадиий моделини ясашни мақсад қилган ва буни ҳунарманднинг усталиги мисол истеъдод билан бажариб берган бўлса, режиссёрлар, айниқса А.Шаҳобиддинов бу ясоқ-моделдаги айрим образларни ҳаётий тирик, жонли муқобили бор қилиб кўрсата билган. Бу фикр аввало ва асосан фильмдаги Эркин образи тақдири билан боғлиқ йўналишда яққол сезилади. Чунки томошабин қошининг бир чети тиртиқ, ўзи деярли ҳар куни дуч келиб, кўриб юрган ўспирин йигитчанинг йигирма уч ёшгача пажмурда бўлган тақдирини асосан сўзлар – диалоглар, ишоралар, белгилар воситасида аста-аста англаб бораркан, беихтиёр унга ҳамдардлик туяди, унга ачиниб, актёр Пўлат Саидқосимов ижросидаги оқ яктакли чол - Абдураҳмон ота мисол елка тутгуси, недир оқибат кўрсатгиси келади. Чунки йигитча оқибатга зор, меҳрга ташна. У истаётган меҳрни беришга на амма, на амаки ва на ношудлиги учун Россияга кетиб қолган ака қодир эмас. Чунки улар ҳам ўз ҳаёти билан яшаяпти. Эркинни қийнаётган, виждонини уйғотаётган туйғу бу унга ишониб, уни чегарада хизмат қилаётган избосар фарзанди эканидан ғурурланиб, ўз-ўзини алдаб, алданиб ўтган марҳум ота руҳи олдидаги айбдорлик ҳисси. Энди оқу қорани ажрата оладиган палласида қай манзилга бош урушни билмай, йўлсизликда тентираб турган йигит – дастлаб киноядай янграган рамзий маънодаги номи билан Эркин – нима қилиши керак? Шоир айтмоқчи “Оҳким ҳамдард йўқ, дард ошкор айлай десам” (Фурқат) Ана шу дард, томошабинга юқиб, уни ҳамдард этадиган талқин ва ижросини топади. Айниқса фильм сўнгларида Эркиннинг ҳалол пул топиб, ўша Ҳизир мисол Абдураҳмон бувадан олган пулларини қайтариб олиб борганида, қариянинг вафот этгани ҳақидаги хабар, сўнг унинг қабри тепасида йигитнинг аччиқ-аччиқ, тўлиб-тўлиб йиғлаши – тозариши – катарсис туйғусини томошабинга ҳам юқтиради. Кўз қароғини покловчи кўз ёшлари билан тўлдиради. Таниқли рус олими Ё.С.Громов “Ҳиссиётлар рангинлиги” китобида ёзади: “Катарсис ҳар куни юз бериши мумкин бўлган руҳий изтироб эмас. Аслида у қалбнинг энг олижаноб ҳолати – соф ҳолдаги маънавиятдир” Бош йўналишга кўпда боғланавермайдиган ва алоҳида - фильм ичида фильм таассуротини берувчи Эркин образи билан боғлик лавҳалар “Кечиккан ҳаёт” фильмининг энг асосий ютуғидир. Аммо асарнинг бош қаҳрамонлари тақдири, қисқа кечмиши билан боғлиқ йўналиш, лавҳалар тафаккур учун озиқ беради, ўйлашга, рамзлар, тагматнлар маъноларини чақишга ундайдию, туйғуларни титроқсиз, бетаъсир қолдиради. Шулар билан боғлиқ ҳар лавҳада сунъийликни эмас (бундай дейиш адолатдан бўлмас балки), маҳорат билан инсоний тақдирларни ясаш машғулотининг фаол гувоҳи бўласиз. Ва, албатта, дастлаб Эркиннинг маънавий тозариши билан юракни бўшатиб олгач, фильм сўнггида ҳаёт ўйинидек столда кераксиз ётган пичоқнинг нақадар жўн, эрмак бир буюм экани каби, ўша “эрмак”ка алданиб ўтирганингизни, ғалати бир бадиий тажрибанинг объекти бўлиб қолганингизни ҳис этиб, фильм персонажларининг қувноқ кулгусига алам билан жўр бўласиз... |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
| Реклама и уведомления | |
|
|
#526 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
Шу ўринда “пичоқ” мотиви билан боғлиқ айрим мулоҳазаларни айтиш жоиз. Фильмда дабдуруст қулоққа эриш ботадиган қассоб Ҳамлет исмли образ бор. Қандайдир пичоқ эса ана шу Ҳамлетга тегишли бўлиб, унинг йўқолганини ҳамда уни олган одамни аниқлаш учун ўша қаҳрамоннинг уйида тергов уюштириш лавҳаси киритилган. Бу оддий реалистик усулда ҳал этилган шунчаки саҳна. Фильм охирларига яқин бу “сир” очилиб, пичоқни Ҳамлетнинг бевафо севгилиси ўғирлаб қўйгани, гўё бу билан уни унутмагани, ҳали ҳам севишига ишора қилинади. Фильмда ана шу оддий изоҳда “пичоқ” мотиви анчайин эътиборсиз ўтади. Ҳатто ортиқчадек кераксиз туюлади. Ваҳоланки, фильм сценарийсида “пичоқ” шунчаки мотив эмас, аксинча жуда муҳим мажозий маъно ташувчи ўзига хос образ даражасида талқин этилади. Пичоқ эркак тимсоли, унинг руҳий ва жисмоний қудрати рамзи. Ҳамлет учун пичоғини йўқотиш бу жуда жиддий руҳий талофат. Шу боис сценарий бошланишиданоқ “пичоқни топиш” терговига муаллиф алоҳида диққатни тортади, ўқувчини шу мавзуга боғлаб қўйиб, “нега?”, “нима демоқчи?” деган сўроқлар билан ўйлантириб қўяди ва сценарийни тўлиқ ўқиш жараёнида пичоқ мавзуси хаёлингиздан кетмайди. Аксинча, борган сари пичоқ рамзи очила бориб, у Шаҳодатнинг қўлига ўтгач, қизнинг Ҳамлет билан яқинлашуви, қовушиши ишоралар орқали содир бўлади. Демакки, пичоқ шунчаки деталь мотив эмас, таъкидлаганимиздек, ўзига хос мажозий образ даражасига ўсиб боради ва охир-оқибат пичоқнинг столда шунчаки ётиши бунинг “ўйин” экани ва ҳар бир инсон қисмати ўзига хос тақдир ўйини, ғалати эрмак эканини англагандай бўласиз. Ўзингизни тақдири азал эрмаги эканингизни мушоҳада қиласиз. Ҳаёт мазмуни ҳақидаги фалсафий хаёлларга толасиз. Бу биргина ўша пичоқ мотивининг сценарий бошланишидан то охиригача хаёлингизда ўрнашиб қолгани туфайлидан ҳам бўлади. Бироқ ана шу сценарийдаги тизимли, ўсиб борувчи рамзий унсур фильмда аҳамият касб этмайди, мазмун, мажоз салмоғи сақланмайди.
Чунки мазкур мотив сценарийда буткул бошқа ифода усулида, фильмда эса тамомила ўзга йўсинда тасаввур ва талқин этилган. Ё.Тўйчиев пичоқ ва уни топиш учун тергов лавҳаларини жуда шартли, таъбир жоиз бўлса, сюрреалистик ёндашувларда адабий асос таркибига киритган. Фильм режиссёри эса бунинг тўла ҳаётий реалистик кўримдаги талқин ва ечимини таклиф этган. Назаран адабий асос муаллифи билан режиссёр бир-бирини тушунмаган. Бу умуман фильмни тўла реалистик негизга қурилгани билан ҳам изоҳланади. Аслида сценарийнинг ўзида маълум маънода жанровий эклектика мавжуд. Қамоқдан қайтган Эркин кечмиши билан Ҳамлет ва Шаҳодат муносабатлари тафсилларида ҳаётийлик билан шартлилик қоришиқлиги, аниқроғи қовушимсизлиги бор. Фильм режиссёри эса ана шу услубий ёндашув эклектикасини ажратолмай, барча образ ва воқеаларни тўлиқ реалистик ифода йўсинида акс эттиради. Хулоса шуки, “Кечиккан ҳаёт”ни айнан муаллифлик асосида сценарий муаллифининг ўзи суратга олгани тўғри бўлар эди. Чунки Ё.Тўйчиев кабилар табиатан якка ижрога мойил ижодкор тоифаси. Аммо бундан қатъи назар, бизга-томашабинга Ё. Тўйчиев сценарийси асосидаги А.Шаҳобиддинов суратга олган бадиий фильм таклиф этиляпти. Модомики шундай экан, биз аввало ва асосан фильм ҳақида сўз юритмоққа ваколатлимиз. Фильмни инсоний тақдирлар, гоҳо тасодифлар туфайли чоғишувчи ҳаёт йўллари ҳақидаги бадиий психологик мушоҳада дейиш мумкиндир. Бу фикр, таъкидлаганимиздек, Эркин образи мисолида таъсирли, ҳаяжонлироқ чиқади. Мазкур образни яратган бошловчи ёш актёр Дониёр Ҳафизовнинг ижро самимияти, гоҳи тарошланмаган табиий ҳатти-ҳаракатлари томошабинни ўзига тортади, яқинлаштиради ва роль ўз эгасини топганига ишонтиради. Назаримда, айнан режиссёр дарди Эркин образида мужассамроқ ифодаланиб, бу қаҳрамоннинг адабий асос-сценарийдаги талқинидан теранроқ, залворлироқ аҳамият касб этишига хизмат қилган. Фильмдаги катта-кичик образларнинг аксарияти муваффақиятли ижро этилганини қайд этмоқ керак. Рихси Ибраҳимова, Пўлат Саидқосимов, Карим Мирходиев Гулбаҳор Йўлдошева, Зулхумор Муминова, бош қаҳрамон Шаҳодатнинг дугонаси ролидаги актриса, ёш лейтенат ролидаги Акбархўжа Расулов ва у тергов қилаётган йигитлар-барчалари фильмда недар бир кайфият пайдо қилади. Айниқса, Рихса Иброҳимова ва ҳамкасб дугона қиз ролидаги ёш актриса ўз образларининг ўзагини топган ва шу боис тиниқ эсда қоладиган ижролари билан эътиборга лойиқдирлар. Фильмнинг бош қаҳрамонлари Шаҳодат образидаги Дилноза Кубаева ва Ҳамлет ролида Бобур Йўлдошевлар эса, назаримда, режиссёрнинг ютуғи эмас. |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#527 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
Бу икки қаҳрамон йўналиши билан боғлиқ тақдирнинг адабий асосдаёқ ҳаётий ўхшатма тарзида маҳорат билан ясалгани фильмда ҳам ўз таъсирини кўрсатмаслиги мумкин эмас эди. Аммо режиссёр ва актёрларнинг ижодий ёндошуви, маҳорат қудрати ўша ясамаликни бартараф этиши ёки камида билинмайдиган даражада силлиқланиб кетиши кутилган эди. Афсуски бу йўналишда муаллифдаги каби режиссёрда ҳам, ҳар икки бош роль ижрочисида ҳам дардмандлик сезилмайди. Бу нималарда кўринади? Аввало, режиссёрнинг ўзида Шаҳодат ва Ҳамлет образлари ҳақида аниқ тасаввурнинг йўқлигида ва қаҳрамонларининг қайси социал табақа вакиллари эканини фарқлай билмаслигида. Шаҳодат учун замонавий ишбилармон аёл офиси ва квартираси, кийиниши, кофе ичиши, сигарет чекиши (гарчи фильмда Дилноза сигарет чекишни эплолмаса-да) ҳали социал табақа ёрлиғини ёпиштириш учун етарли эмас. Унинг фикрлаш тарзи, сўзлаш манераси, ўзини тутиши, ҳатти-ҳаракати ваҳоказолар – бир сўз билан айтганда ички дунёси ташқи имиджига мутаносиб эмас. Шу боис бу образ ижрочисига вазифа тўғри ва аниқ белгиланмайди. Қолаверса, Дилноза Кубаевани бу ролга таклиф қилиш актрисамизнинг театр ва хусусий-нохусусий ўнлаб фильмларда шаклланиб қолаётган стереотипини бузиш, парчалашни тақозо этарди. Афсуски бундай бўлмаган. Д.Кубаеванинг ёқимтой қиёфаси, гоҳи қатъият ўрнига ҳуркак оҳу мисол жовдирашлари унинг театр ва кинодаги аввалроқ ўйнагани “Андишали келин”, “Келгинди келин”лардаги ижроларидан у қадар узоқлашиб кетолмайди. Образнинг социал мансублигига ва сўнгра хаётида фавқулотда ўзгаришлар рўй бераётганига мувофиқ ички жараён, руҳий динамика сезилмайди. Аксинча, социал мансублик Шаҳодатнинг дугонаси мисолида тиниқроқ ифодасини топади. Тўғри, Шаҳодат оддий тадбиркор аёл эмас. У дунё адабиёти, санъатини ўқиган, уч тилни биладиган, фан номзоди даражасига етишган интеллектуал ва ҳатто ижодкор табиатли аёл. Аммо булар тилдаги такрор эслатмаларда эмас, амалда-зоҳирий ва ботиний жараёнда сезилиши керак эди. Шу ўринда бу типдаги қаҳрамонлар учун классик намунага айланган Шекспирнинг “Қийиқ қизнинг қуйилиши” комедияси ёдга келади. Агар атоқли адабиётшунос В.М.Жирмунский айтганидек дунёда бор-йўғи ўн олтита турли интерпритацияларда кўчиб юрувчи бадиий сюжет бўлса, шулардан биттаси, албатта, Шекспир комедиясидан тарқаган чиқар. Катарина образи мисолида буюк драматург ўз қаҳрамонини бир инсоний характер манзилидан тамомила акси бўлган бошқа бир манзилга ўтказади. Аммо бу жараён (айнан жараён) ташқи ва ички ҳаракатнинг шундай мувафиқлигида кечадики, шу боис мазкур комедия ҳам, Катарина ва асардаги бошқа образлар ҳам асрдан асрга, асардан асарга бемалол кўчиб юрибди.
Афсуски Бобур Йўлдошев талқинидаги Ҳамлет образи ҳақида ҳам худди шундай ва ҳатто бундан-да танқидийроқ фикр айтишга асос бор. Бобурнинг актёр сифатидаги ютуқларига шубҳа йўқ. Қиёфаси ёқимли, боқишлари маъноли ваҳоказо. Аммо у ўша сценарийда таклиф этилаётган қишлоқи интеллектуал, Фрейд, Камюларни, Навоий ва Бобурларни ўқиб юрган ички зиёси баланд персонаж таассуротини берармикан? Албатта, қиёфа, қадду баст шаҳарлик Шаҳодатга жуда муносиб. Лекин Бобур ҳам режиссёр каби ўз образининг бу дунёда нима қилиб юрганини тушунолмаган. Йўқолган пичоқ мажози, мактабдош суюмли қизнинг бевафолиги ва садоқати, Ҳамлетнинг беқарорлиги кабилар булар фильмдаги онгли бемаънилик ёки мантиқли мантиқсизлик эмас, балки айнан қаҳрамон ҳати-ҳаракати моҳиятини кўрсатишга йўналтира олинмаган мантиқсизлик таассуротини беради. Нима бўлганда ҳам Ҳамлет ойнаванд сунъий боғда эмас, қишлоқда жисмоний меҳнатнинг “таъми”ни ҳис қилиб ўсган йигит. Унинг илк севгиси бўлмиш синфдош қиз билан учрашгандага ҳолатлари ҳам қачонлардир қизғин, энди эса армон бўлиб қолган муҳаббат кишисининг ҳолати эмас. Руҳиятдаги турғунлик, ижодий вазифанинг тушунарсизлиги ташқи қиёфада ҳам яққол билиниб туради. |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#528 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
Шу ўринда ҳозирги ўзбек киносида актёрлик санъати билан боғлиқ икки ёқимсиз тенденцияни қайд этмоқ керак.
Биринчиси, бу бир неча авлод актёрларда миллий комик характерни овсар, довдир-табиат бир кимсадек талқин қилиш хусусиятидир. Мурод Ражабов, Ражаб Адашев каби эндиликда катта авлод актёрлардан ўрта авлодга мансуб Фарҳод Абдуллаев, Матёқубов Матчонов, Мирза Холмедов, Муҳаммадисо Абулхайировларга, булардан эса ёш авлод ҳисобланган Улуғбек Қодиров, Алишер Узоқов, Жаҳонгир Фозилжоновларга бу бир юқумли касалликдек ўтиб боряпти. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг аксарияти талантли актёрлар. Аммо характер комизми ўхшовсиз эксцентрика, маъносиз эмоционал қилиқлар, довдирнамо ҳиссий “а”, “ў”, “вой”, “ҳой”лар билан ифода этилмайди. Буюк Фитрат домла ибораси билан айтганда, булар бари “ёпишмаган гажаклар” дир. Ўзбек актёрлик мактабининг Миршоҳид Мироқилов, Раҳим Пирмуҳаммедов, Наби Раҳимов, Сойиб Хўжаев, Ғани Аъзамов, Зайнаб Садриева, Марям Ёқубова, Омина Фаёзова каби комикларини ёдга олайлик. Ғоявий-бадиий жиҳатдан намуна бўлмаса-да, характер яратиш, актёрлик маҳоратига кўра миллий комедиянинг эталони бўлиб қолган “Мафтунингман” ёки “Маҳаллада дув-дув гап” фильмларини эслашнинг ўзи кифоя. Немис файласуфи Шеллинг айтадики: “Том маънодаги комедия тўлиғича фақат юксак маданият самарасидир”. Киномизда шохлаётган иккинчи нокерак тенденция бу эркагу аёл киноактёрларимиз, айниқса, ёш актёр-актрисаларимизнинг кўпчилигида муайян стереотипнинг шаклланаётганидир. Юқорида таҳлилга тортилган фильмлар ва умуман ҳозирги фильмларда қўли-қўлига тегмай, у картинадан бу фильмга чопаётганлар – аксарият чиройли, ёқимтой навқирон бош қаҳрамонларимиз бир-бирига икки томчидек ўхшаш шундай роллар ўйнаяптиларки, хотираси ўта ҳушёр одам ҳам уларни фарқлай олмай қоляпти. Бу, албатта, аввало кинорежиссёрларнинг катта нуқсони. Ҳар қандай фильмнинг ўзига хослиги, образлар бетакрорлиги асосан актёрга боғлиқ. Шуни билиб иш тутмаган, тап-тайёр актёрга ўрганиб ҳаммасини унинг ўзига ташлаб қўядиган тирноқ ичидаги “режиссёр” унинг ортидан эса актёрнинг ўзи ҳам ижодий муваффақиятсизликка маҳкумдир. Бир қиёфани деярли бир қолипда такрор-батакрор ўнлаб фильмларда суистеъмол қилаверишдан тийилмоқ керак. “Касса йиғади”, “рекламаси ўзи билан” қабилидаги сийқа тушунчаларга учиб, актёрнинг бироз тин олишига, ўз устида ишлаш изланишига йўл бермаслик, актёрларнинг эса нафс домига тушиб, пулга ружу қилиши ўша айтилган стереотипни пайдо қилишнинг асосий сабабларидандир. Баҳонаи сабаб яна бир қалбни ўртаётган масалага эътиборни қайта жалб этмоқчимиз. Давлат тилимиз ҳақидаги қонун қабул қилинганига йигирма икки йилдан ошди. Қачонгача она тилига беписанд яшаш мумкин?! Шева, лаҳжаларни қўя турайлик. Гарчи тўла бўлмаса ҳам, давлат фильмларида буни бироз тартибга солиш имкони бўлди. Лекин фильмлар номланишидаги мужмаллик, русча ёзиб ўзбекчага ўгирилаётган матнларнинг хом-хатала экани, ҳатто дурустгина режиссёрларнинг сўз, ибора моҳиятига тушунмай, билиб-билмай қўллайверишлари асабни бузади. Масалан, “Кечиккан ҳаёт” дея фильмни номлаш мумкинмикан? Одам бирор жойга кечикади, машина, троллейбус кечикиши мумкин, аммо ҳаётнинг кечикиши бу ўта сунъий ибораку? Ёки ўша қовушимсиз ибора билан номланган фильмда бир персонаж “атрофимни ҳаёт тўлдиришини истайман” дейди. Яна бир ўринда хола жиянига “Мен билан яна бир марта шундай гаплашсанг, тилингни суғириб оламан” дея силлиққина информация беради. “Тилингни суғуриб оламан” деган ибора ўзбек тилида ҳеч қачон оддий дарак гап бўлмайди. У ё қаҳр ёки эркалаш маъносида экспрессив-эмоционал ифодада қўлланади. Бу каби мисоллар кам эмас. Хусусий студияларда яратилаётган фильмларнинг номланиши эса бундан-да ғалати, ҳаттоки шармандалик-“Али, Вали, Ғани Насиба қани?” Ахир, хусусий студияларга ҳам намойиш рухсатномасини “Ўзбеккино” Агентлиги берадику?! Албатта, ўтган йилнинг фильмлари ҳақида сўз юритганда фақат салбий бўёқларга берилиш адолатдан эмас. “Тўққиз ой”, “Қарздор”, “Ўргимчак тўри”, “Таъзиядаги тўй”, “Хиёнат” каби картиналар замонавий турмушимизнинг долзарб маънавий-аҳлоқий муаммоларини, замондошларимизнинг ҳаёти, ўй-дунёларини кўрсатишга, томошабинда фаол муносабат уйғотишга қаратилгани билан эътиборлидир. |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#529 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
“Қарздор” фильми ўтган йили яратилиб бу йил бошларида жамоат-кўриги ўтказилган, бафуржа фикрлаш ва батафсил таҳлилга бўй берадиган жиддий фильмлар сирасидан. Бу, аввало, замонавий ўзбек адабиётининг атоқли вакили адиб Эркин Аъзам истеъдодининг самараси. Сўнгра кинорежиссёр Баҳодир Одилов ва у бошчилигидаги ижодий гуруҳнинг ютуғи. Албатта, бу ютуқ-муваффақият бежиз эмас. Аввало, адабий асос замонавий миллий тип бадиий қиёфасини топиб, унинг айнан бугунги кун ҳавоси билан яшаётган, атроф-воқеликка теран мушоҳадакор нигоҳ билан ёндашиб, нималардандир қувониб, нелардандир изтироблангувчи, ўзгалар, яъники ҳамқишлоқлари, оила-яқинлари учун жон куйдириб, ҳалол меҳнат билан ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам кунига яраб, ҳожатбарорлик орқасида яхши ном қозониб юрган навқирон замондошимиз образини акс эттиролгани билан қимматлидир.
Иккинчидан, режиссёрнинг яйраб ижодий фикрлаши учун майдони мавжудлиги, киноқиссадаги чўнг дарддан таъсирланиб, томошабинни бир сидра рўзғор-тирикчилик ташвишларидан тин олишга, ўзининг ҳам кундалик турмуши моҳияти ҳақида ўйлаб кўришга ундаши ва шу имкониятни юзага чиқара билгани билан аҳамиятлидир. Учинчидан, актёрлар, оператор, бастакор, рассом ва бошқа ижодкорлар учун ижодий талқин имкониятининг кенглиги, адиб ва режиссёр билан тенг ҳамкорлик қилишига шароит борлигидадир. Бу ва яна бошқа талай фазилатлар “Қарздор” фильмини ўтган йилги сара киноасарлар қаторида санашга асос беради. Шу билан бирга, бош қаҳрамон ва бошқа ижрочиларнинг аксарияти адабий асосда акс этган тасаввурдаги қиёфаларга жуда мутаносиблиги, янги актёрлик топилмалари, жумладан, вилоят театрларининг актёрлик потенциалидан фойдаланишга уринишлар ҳам фильмнинг, билфеъл, режиссёрнинг яна бир ютуғи. Айниқса, бош қаҳрамон Баҳром образи талқини актёр Фахриддин Шамсиматов ижодида ўзига хос босқич бўлиб қоладиган, унинг ижодий салоҳияти, имкониятлари анчагина баланд эканини намойиш этадиган ҳодиса экани билан янада қимматли. Фахриддин Баҳром образи орқали ҳозирги ўзбек қишлоқ зиёлисининг типик қиёфасини жонлантирган десак муболаға эмас. Гарчи тип, типиклик тушунчаларидан бугунги санъат назариётчилари чўчиброқ турсалар-да, бу назарий категория, нафақат социалистик реализм методида балки ҳар қандай санъат табиатида ибтидодан бошлабоқ бўлган ва бор бадиий ҳодисадир. Инсониятнинг асотирий тафаккуридан бошлаб то ҳозирги юксак интеллектуал, фалсафий-психологик бадиий ижод намуналаригача тип ва ундан ўтиб типиклик мезонларидан хорижда эмас. Худди шундайки Баҳром ҳам – қишлоқ муаллими – вазият тақозосига кўра, оиласи ва атроф-яқинларининг кори хайри йўлида тирикчиликнинг бошқа-киракашлик касбини тутган, аммо зинҳор мактаб ҳаёти – дарс-сабоқларидан узилган эмас. У ҳў ўша бир замонлардаги том маънода пешқадам қишлоқ зиёлиси – муаллимлик мавқе моҳиятини сақлаган, болаларга ҳам, бошқа катта-кичик қишлоқдошларига ҳам тўғрилик, ҳалол луқма билан яшашда ибрат кўрсата олаётган, ўзгалар ташвишига бефарқ бўлолмасликни ҳаёт аъмолига айлантирган маънавий-интеллектуал табиатли инсон типи. Унинг хатти-ҳаракатлари, керак бўлса, яшаш тарзини ибрат қилиб кўрсатиш орқали фильм ижодкорлари замонавий қаҳрамон образининг ўзига хос реалистик типини таклиф этадилар. Ибрат тушунчаси бу мисолда айримларга дабдурустдан ғалатироқ ва балки истеҳзоли туюлар. Аммо камина бу сўзни айнан Баҳром образига нисбат бериб, мазкур фильм муносабати билан айтишга сира чўчимаган бўлар эдим. Теварак-атрофимизга синчковроқ назар ташлайлик. Бугун биз, юксак маънавиятни маёқ деб билган халқ учун ибрат ким, намуна қаёқда? Кўкрак кериб, амбразурага қалқон бўладиган ёки қўриқ ерларни ўзлаштириб, Сибир ўрмонларига магистрал йўллар тортадиган қаҳрамонликлар замони аллақачон ўтган ва ҳозирги кунда бу ҳол ҳатто хийла кинояли туюлаётган бўлса, бугуннинг кишиси ким, ахир? Албатта, бугун ҳам ерлар ўзлаштириляпти, йўллар ўтказиляпти, завод-фабрикалар қуриляпти. Аммо нега чинакам қаҳрамон кўринмайди, ўшандай ибрат-намунани тополмайсан, юртбошимиз айтган “замона қаҳрамони” йўқ? Ваҳоланки, улар ҳаётда бор, ён-теварагимизда юрибди, яшаяпти, яратяпти. Бироқ адабиёт – санъат аҳли уни кўриб туриб дуруст илғолмаяпти, билиб туриб моҳиятини англолмаяпти, бинобарин, мукаммал, ёрқин, ибратомуз сиймони акс эттиролмаяпти. Ижтимоий воқелик бугун бизга тамомила янги дунёқараш, янгича муносабатлар, инсонлик – шахслик рутбасининг янгиланган мезонларини таклиф қиляпти. Шундай экан, фикрловчи ижодкор моҳиятни унутмаган ҳолда, шакл-шамойилдаги фавқулодда ўзгаришларни англаб олмагунича, бугунги кун одамининг асл қиёфасини, унинг нимаси ибрат эканини билолмай, тушунолмай юраверади. Ҳа, Ф.Шамсиматов талқинидаги Баҳром каби образлар ибрат дегулик. Бетга - чопарлиги, тўғри сўзлиги, тадбиркорлиги, терс-чарс феъли билан ҳам ибратдир. Унинг асли одамлиги, индивидуаллиги шу. |
|
|
Ответить |
|
2 "+" от:
|
|
|
#530 |
![]() "Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44
113/50
– 0
0/0
![]() |
Баҳром образи киноқисса муаллифи Эркин Аъзамнинг бундан бир неча ўн йиллар аввал яратилган “Отойининг туғилган куни” қиссасидаги бош қаҳрамон студент Асқар Шодибековни ёдга солади. Унинг терс-саркашлиги, ахлоқан тубан, нопок, худбин кимсаларга “ойна” тутиб, иллатларини дадил айта олиши, ўрта ёшларга етган Баҳромнинг ёшлик йиллари таржимаи ҳоли эмасмикан, деб ўйлаб қоласиз. Табиатан муштараклик, руҳий яқинлик, уларни бир-бирига боғлаб турган хусусият ўша “терсу чарс” феъл билан кўз ўнгида бўлаётган ҳодисаларга, одамларга лоқайд эмаслик, бепарво бўлолмасликдир. Юртбошимиз маънавиятга таъриф бериб “виждон уйғоқлиги” масаласини унинг устун категорияларидан бири сифатида қайд этади. Модомики инсон атроф-воқеликда бўлаётган жараёнларга, инсонларга нисбатан лоқайд эмас экан, бу унинг виждони бедорлигининг асосий белгисидир. Шу жумладан Эркин Аъзам қаҳрамонлари, айни ўринда “Қарздор” киноқиссаси бош персонажи ҳам дунёга, воқеликка, одамларга тик кўз билан қарай олаётгани учун ўқувчи-томошабинда ибратланишга рағбат уйғотади. Бинобарин, бу индивидуал феълу атвор бутун атроф-жамоа, яқинлари, элу юртнинг манфаати учун хизмат қилаётганини унутмаслик зарур.
Баҳром Россия томонларда “илиқиб-улоқиб” юрган акаси Баҳриддиннинг оиласи, болаларини ўйлаб, уни рўзғор бошига қайтариб келмоқчи, ваҳоланки қаҳрамонимизнинг ўзи етти йилдан бери аёлсиз, ҳаёт-турмуши изн бергани ҳолда ўзга юртлардаги “Настя, Анжелалар билан ўтиши мумкин бўлган беташвиш, бехавотир “кайф ҳаёт” дан ҳазар қилади. Айни чоғда ўз ҳузури билан юрган аканинг оила рўзғори ташвишини қилади, ўспирин шахматчи жиянининг истеъдоди юзага чиқмоғи учун жонкуярлик кўрсатади. Опанинг “хушмўйлов, кўзлари сурма суртилгандек, пўрим” эри чойхонада маишат қилиб ўтирганда, жиянининг ўқиш-контракт пулини тўлаб, яна суюқлик қилган домланинг танобини тортиб, қизгинанинг талабалик ҳаётини изга солиб юборади. Шулар қатори яна куёви ҳоким, топармон-тутармон ўғиллари бор бўлатуриб, нафс домида киракашлик қилиб юрган тоғанинг иззати учун йўлда-юзда корига яраб турса, амманинг бир икки қадам наридаги дорихонадан пул тўлаб олишга хасислиги тутадиган малҳам-дорисини шаҳардан олиб келдим дея беминнат етказиб беради. Ёки яна ҳамқишлоқ бухгалтер қўшнисининг ҳисоботини юқори идорасига етказиб, қандайдир майда порахўрнинг олдида ялиниб, “паст келиб” ўтиради. Яна бири бошқа киракашлардан фарқли, инсоф билан йўл ҳақи олиб, қишлоқдошларига қайишиб юради ваҳоказо, ваҳоказо. Ҳатто синфдош дўсти, покиза туйғулар билан шеър дунёсига кирган, кейинчалик эса ўқишга бориб, шаҳар дунёсига мослашиб кетган худпараст қўшиқчи шоирнинг дардига эшлик қилишу унинг энасидан хабар олиб туришгача барига баковул. Аммо ўзи, норасида фарзанди учун сира фурсат тополмайди. Ана шундай одамни, хўпки ана маҳаллий тор доирада бўлсин, жамоа юмушига яраётган, улар учун гўё ўзини қарздордек ҳис қилиб, беминнат, беғараз хизмат қилаётган ҳамиятли, ҳаракатчан, безовта, кори хайрли инсонни маънавияти бутун, эл-юртга қайишувчи ибрат дейиш мумкиндир, ахир?! Буларга қўшимча, фақат олижаноб хатти-ҳаракатда муносабатини ифодалаб, яъни ҳар куни ўғилчасини боғчага, ўзини жимгина касалхонага беминнат элтиб қўяётгани бева доктор аёл-Файзихолга кўнгил майлини очиқ-ошкора билдирмай юрган қаҳрамонимизни ўзбекона йигитлик – эркаклик фазилатининг намунаси деб айтса, иштибоҳ эмасдир, албатта?! Хуллас, Баҳром образи ана шу хислату хусусиятлари билан томошабинга кўрсатилади, уни ўйлашга, фикрлашга чорлайди. Демакки, қай бир жиҳатидан сабоқланишга, ибратланишга ҳам даъват этади. “Қарздор” фильмининг мавжуд фильмлардан фарқи ва муваффақияти айнан ана шу ғоявий позициянинг пухталиги, инсоний туйғуларнинг ўзига хос оригинал ифодаси, бир қарашда оддий маиший воқеа-тафсилотлардан анчайин қамровли миқёсларга кўтарилиб, ижтимоий салмоқ кашф этолганидадир. Айни чоғда ўша маиший биқиқликка кўникиб бораётган кинотасаввурларни маиший мавзу доирасида ижтимоий-психологик теранлик миқёсларига кўтариш мумкинлигининг исботи ҳамдир. Аммо нимадир бир нарса борки, Баҳодир Одилов фильмини замонавий қаҳрамон образи нуқтаи назаридан таърифлаганимиз сифатлари ҳар жиҳатдан тўкис, тўлақонли деб баралла айтишга монелик қиладигандек туюлади. Очиғи бу бироз мубҳам кайфият фильмга асос бўлган “Қарздор” киноқиссасини ўқигандан сўнг аёнлашгандек бўлади. Адабий матн, аввало, фильмдан кўра теранроқ экани, ғоявий-мазмуний жиҳати қатламлироқ, бойроқлиги, бадиий-тасвирий унсурлари, ифода, сўз жозибаси ниҳоятда таъсирчан, муаллифнинг бош ижодий ниятини юзага чиқаришга уйғун хизмат қилаётгани билан бирмунча фарқ қилади. Б.Одилов Баҳромнинг маънавий қарздорлигини идеаллаштириш даражасида ёқлаб талқин қилади. Унинг барча ёзғириш, изтиробланишларини, “ўзбекчилик” аталмиш миллий-этник мажбурият туйғусини Баҳром мисолида улуғлашга мойиллигини сездиради. Зеро, фильм сўнгларида гўёки зиқна амманинг ўлимлик учун йиққанини Россиядаги акани қайтариб келиш мақсадида Баҳромга бериб юбориши ва увада иккиюз сўмлик пулларнинг шамолда сочила бошлагани рамзида режиссёр бош қаҳрамоннинг ёзғиришлари беҳуда эканини, унинг ҳатти-ҳаракатлари қариндош-уруғлар томонидан меҳр-оқибат бўлиб қайтаётганини таъкидлашга қаратади. Ваҳоланки, қиссада шундай тасвир келади: “Ногаҳон шамол бир гувраниб, унинг қўлидаги пулни ҳар ёнга чирпирак қилиб учира бошлайди. |
|
|
Ответить |
|
3 "+" от:
|
|