Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 15.07.2011 16:59   #1  
Pre Open ID Group
Аватар для Shuhrat Rizayev
Оффлайн
"Жаҳон адабиёти" журнали
бош муҳаррир
Сообщений: 60
+ 44  113/50
– 0  0/0

Uzbekistan
Шу ўринда “пичоқ” мотиви билан боғлиқ айрим мулоҳазаларни айтиш жоиз. Фильмда дабдуруст қулоққа эриш ботадиган қассоб Ҳамлет исмли образ бор. Қандайдир пичоқ эса ана шу Ҳамлетга тегишли бўлиб, унинг йўқолганини ҳамда уни олган одамни аниқлаш учун ўша қаҳрамоннинг уйида тергов уюштириш лавҳаси киритилган. Бу оддий реалистик усулда ҳал этилган шунчаки саҳна. Фильм охирларига яқин бу “сир” очилиб, пичоқни Ҳамлетнинг бевафо севгилиси ўғирлаб қўйгани, гўё бу билан уни унутмагани, ҳали ҳам севишига ишора қилинади. Фильмда ана шу оддий изоҳда “пичоқ” мотиви анчайин эътиборсиз ўтади. Ҳатто ортиқчадек кераксиз туюлади. Ваҳоланки, фильм сценарийсида “пичоқ” шунчаки мотив эмас, аксинча жуда муҳим мажозий маъно ташувчи ўзига хос образ даражасида талқин этилади. Пичоқ эркак тимсоли, унинг руҳий ва жисмоний қудрати рамзи. Ҳамлет учун пичоғини йўқотиш бу жуда жиддий руҳий талофат. Шу боис сценарий бошланишиданоқ “пичоқни топиш” терговига муаллиф алоҳида диққатни тортади, ўқувчини шу мавзуга боғлаб қўйиб, “нега?”, “нима демоқчи?” деган сўроқлар билан ўйлантириб қўяди ва сценарийни тўлиқ ўқиш жараёнида пичоқ мавзуси хаёлингиздан кетмайди. Аксинча, борган сари пичоқ рамзи очила бориб, у Шаҳодатнинг қўлига ўтгач, қизнинг Ҳамлет билан яқинлашуви, қовушиши ишоралар орқали содир бўлади. Демакки, пичоқ шунчаки деталь мотив эмас, таъкидлаганимиздек, ўзига хос мажозий образ даражасига ўсиб боради ва охир-оқибат пичоқнинг столда шунчаки ётиши бунинг “ўйин” экани ва ҳар бир инсон қисмати ўзига хос тақдир ўйини, ғалати эрмак эканини англагандай бўласиз. Ўзингизни тақдири азал эрмаги эканингизни мушоҳада қиласиз. Ҳаёт мазмуни ҳақидаги фалсафий хаёлларга толасиз. Бу биргина ўша пичоқ мотивининг сценарий бошланишидан то охиригача хаёлингизда ўрнашиб қолгани туфайлидан ҳам бўлади. Бироқ ана шу сценарийдаги тизимли, ўсиб борувчи рамзий унсур фильмда аҳамият касб этмайди, мазмун, мажоз салмоғи сақланмайди.
Чунки мазкур мотив сценарийда буткул бошқа ифода усулида, фильмда эса тамомила ўзга йўсинда тасаввур ва талқин этилган.
Ё.Тўйчиев пичоқ ва уни топиш учун тергов лавҳаларини жуда шартли, таъбир жоиз бўлса, сюрреалистик ёндашувларда адабий асос таркибига киритган. Фильм режиссёри эса бунинг тўла ҳаётий реалистик кўримдаги талқин ва ечимини таклиф этган. Назаран адабий асос муаллифи билан режиссёр бир-бирини тушунмаган. Бу умуман фильмни тўла реалистик негизга қурилгани билан ҳам изоҳланади. Аслида сценарийнинг ўзида маълум маънода жанровий эклектика мавжуд. Қамоқдан қайтган Эркин кечмиши билан Ҳамлет ва Шаҳодат муносабатлари тафсилларида ҳаётийлик билан шартлилик қоришиқлиги, аниқроғи қовушимсизлиги бор. Фильм режиссёри эса ана шу услубий ёндашув эклектикасини ажратолмай, барча образ ва воқеаларни тўлиқ реалистик ифода йўсинида акс эттиради.
Хулоса шуки, “Кечиккан ҳаёт”ни айнан муаллифлик асосида сценарий муаллифининг ўзи суратга олгани тўғри бўлар эди. Чунки Ё.Тўйчиев кабилар табиатан якка ижрога мойил ижодкор тоифаси. Аммо бундан қатъи назар, бизга-томашабинга Ё. Тўйчиев сценарийси асосидаги А.Шаҳобиддинов суратга олган бадиий фильм таклиф этиляпти. Модомики шундай экан, биз аввало ва асосан фильм ҳақида сўз юритмоққа ваколатлимиз.

Фильмни инсоний тақдирлар, гоҳо тасодифлар туфайли чоғишувчи ҳаёт йўллари ҳақидаги бадиий психологик мушоҳада дейиш мумкиндир. Бу фикр, таъкидлаганимиздек, Эркин образи мисолида таъсирли, ҳаяжонлироқ чиқади. Мазкур образни яратган бошловчи ёш актёр Дониёр Ҳафизовнинг ижро самимияти, гоҳи тарошланмаган табиий ҳатти-ҳаракатлари томошабинни ўзига тортади, яқинлаштиради ва роль ўз эгасини топганига ишонтиради. Назаримда, айнан режиссёр дарди Эркин образида мужассамроқ ифодаланиб, бу қаҳрамоннинг адабий асос-сценарийдаги талқинидан теранроқ, залворлироқ аҳамият касб этишига хизмат қилган.
Фильмдаги катта-кичик образларнинг аксарияти муваффақиятли ижро этилганини қайд этмоқ керак. Рихси Ибраҳимова, Пўлат Саидқосимов, Карим Мирходиев Гулбаҳор Йўлдошева, Зулхумор Муминова, бош қаҳрамон Шаҳодатнинг дугонаси ролидаги актриса, ёш лейтенат ролидаги Акбархўжа Расулов ва у тергов қилаётган йигитлар-барчалари фильмда недар бир кайфият пайдо қилади. Айниқса, Рихса Иброҳимова ва ҳамкасб дугона қиз ролидаги ёш актриса ўз образларининг ўзагини топган ва шу боис тиниқ эсда қоладиган ижролари билан эътиборга лойиқдирлар. Фильмнинг бош қаҳрамонлари Шаҳодат образидаги Дилноза Кубаева ва Ҳамлет ролида Бобур Йўлдошевлар эса, назаримда, режиссёрнинг ютуғи эмас.
Ответить 
2 "+" от:
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх