Ҳар қандай инсоннинг маънавий камолотга етишишида авваламбор оилавий муҳитнинг таъсири ва устознинг тарбияси етакчи ўринда туради. Иззатилла Ибрагимов ўзининг самимийлиги, оқ кўнгил, ўта маданиятли, инсонларга ҳурмат билан мурожаат этиши каби олийжаноб фазилатлари билан мухлислари олқишига, ҳурматига сазовор бўлган бўлса ажаб эмас. Санъатга диллари ошуфта инсонлар пок ва соф виждонли, кўнгилларига фақат яхши эзгу-истакларни мужассам этган бўлмоқлари даркор.
Тасодифни қарангки, суҳбат ўтказишни режалаштириб юрган пайтимда ҳамсуҳбатимнинг биринчи устозлари, Иззатилла Ибрагимовни қўлларига илк қаламни тутган мураббий Мавжуда опа Ҳусаинова билан бир жойда ишлашимизни аниқладим.
Мавжуда опа 45 йилдан буён маориф соҳасида фаолият олиб борадилар. Дастлабки мураббийлик фаолиятини бошланғич синф ўқитувчиси вазифасида бошлаб, ҳозир эса Тошкент ислом университети қошидаги академик лицейда тарих фанидан ёш авлодга сабоқ бермоқдалар.
Мавжуда опадан Иззатилла Ибрагимов қандай ўқувчи бўлганликларини сўрадим.