AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
"Шоирлар Худонинг эрка қуллари". Нодир Жонузоқ.
|
|
Цитата:
3.
Телевидениега энди келган кезларим бир муддат “Шеър ва шуур” кўрсатувини тайёрлашимга тўғри келди. Бош муҳарриримиз – таниқли ёзувчи, ўша пайтларда Олий Мажлис депутати Аҳмад Аъзам навбатдаги сонга Муҳаммад Юсуфни ёзиб олишимизни тайинлади. “У кишининг вақти бормикан? Рози бўлармикан?” – иккиландим. Боиси – ўша дамларда севимли шоиримиз ҳам Олий Мажлис депутати бўлиб, ижоддан ташқари жамоат ишлари билан ҳам банд эди. “Ўзим рози қиламан”, деди бош муҳарриримиз ва телефон қилиб, шоирни бир амаллаб кўндирди.
Эртаси куни ижодий гуруҳимиз билан Ёзувчилар уюшмасига бордик.
Қиш куни. Ҳаво бир қадар совуқ. Негадир шоир кечика бошлади. Биздан бошқа бир-икки киши ҳам, қандайдир муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраб келишган шекилли, Муҳаммад акани кутишар эди.
Ниҳоят, у киши келиб қолди.
Бошқалар банд қилмасдан аввал у кишини “эгаллаб” олмоқчи бўлдим. “Нима қилсак экан, бир соатдан кейин жиддий мажлисимиз бор-ку!” – у киши бироз тараддудланди. “Кўп вақтингизни олмаймиз, узоғи билан ярим соат...” – кўндиришга уриндим. “Ҳай, майли, олдин анави меҳмонларни кузатай...” – Муҳаммад ака бетоқат бўлиб кутиб турган кишилар ёнига йўл олди.
Тезда съёмкани бошлаб юбордик. Узоққа бормасдан, Мустақиллик майдонига ёндош боғда, мотамсаро она ҳайкали атрофида у кишининг янги шеърларини тасвирга тушира бошладик. Шоир янги шеърларини ўқиди. Съёмка сўнгида у кишининг шеърият, ижод ҳақидаги фикрларини ҳам олгимиз келди. “Шоирлик – бу, даъво. Мен зўрман, деган катта даъво... – деб сўз бошлади шоир. – Шеър эса дуога ўхшайди...”
Сўнг, бўлдими, дегандай шоша-пиша биз билан хайрлашди: “Мажлисга кеч қоляпман...” Биз ишимиздан қониқиш ҳосил қилганча, бош ирғадик. Муҳаммад Юсуф пальтоси ёқасини кўтарганча Мустақиллик майдони томон йўл олди.
Шу пайт бир нарсани унутганимни эслаб қолдим. “Муҳаммад ака!” – дея шоирнинг ортидан чопдим. Ҳайрон қолган устоз ярим йўлида тўхтади: “Нима гап?” “Узр, эсимдан чиқибди, уй манзилингизни, паспортингиздаги маълумотларни ёзиб олишим керак эди”, дедим ҳаллослаб. “Нима учун?” – ҳайрон бўлди Муҳаммад ака. “Гонорарни уйингизга жўнатишимиз учун...” У киши жилмайди ва қўл силтади: “Керак эмас, ўзларинг ола қолинглар...” Ва кетди.
Ўшанда хаёлимизга ҳам келмабди: бу Муҳаммад аканинг шеърлари тасвирга туширилган сўнгги кўрсатувларидан бири экан. Ҳали-ҳануз турли телеканалларда Муҳаммад аканинг қишки боғ оралаб кезганлари, оғзидан буғ чиқариб шеър ўқиганлари берилиб қолса, беихтиёр шу тасвирлар тасмага туширилган ўша лаҳзалар кўз ўнгимда жонланади.
Шоир Мустақиллик майдони сари кетаркан, бир зум тўхтаб мен томон қайрилиб қарагандай, гўё кўнглимдаги ҳолатни уқиб, далда бергандай бўлади: “Шоирлик – бу, иним, даъво. Мен зўрман, деган катта даъво...”
4.
Кези келганда қистириб ўтай: Тошкентда илдиз отишимда, озми-кўпми ўз ўрнимни топишимда яхши одамларнинг хизмати бўлди. Шулардан бири – юмшоқ кўнгил, аммо кескир тил соҳиби, таниқли ёзувчи Набижон Боқий. У кишининг Дўрмондаги ижодхонаси ўша пайтлари (ҳозир ҳам!) ўз уйимдай эди.
Набижон ака билан Муҳаммад Юсуфнинг ҳовлиси жуда яқин эди. Шунга қарамасдан, одоб сақлаган ҳолда, устоз шоирни ҳеч безовта қилмаганман. Ҳаддим сиғмаган, шекилли.
Бир куни ичкари хонада ўтиргандим, кимдир Набижон акани чақиргандай бўлди. Чиқсам – устоз Муҳаммад Юсуф. Салом-алик қилдим. “Набижон Боқий йўқми?” “Қайгадир чиқибди, чоғи...” – аниқ билмаганимдан хижолат тортдим. “Ҳай, майли, унда манави шеърни бериб қўйсангиз, иложи бўлса, машинкада бир-икки нусха кўчириб берса...” Қўлёзмани олиб қолдим. Бу – кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган, миллатпарвар шоиримиз Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган “Лолақизғалдоқ” шеъри эди. Набижон аканинг Шавкат Раҳмонга нисбатан чексиз эҳтироми боис, назаримда, шоир бу шеърни илк ўқувчилар қатори у киши ҳам ўқиб чиқишини, муносабат билдиришини хоҳлаганди. Шеърни ўқирканман, ичимда титроқ уйғонди – бу мисралар шунчаки тўқилмаганди, шоир ўзи айтгандай, дуонинг кучи бор эди бу сатрларда. Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам бир нарсага аминман, балки бу фикримга бошқалар қўшилмас, лекин кўнглим шундай дейди: “Лолақизғалдоқ” шеъри бошқа бировга эмас, аслида шоирнинг ўзига бағишланган арзиҳолидир!
Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Бу илк мисраларни ёза бошлаганида шоир, эҳтимол, Шавкат Раҳмон ҳақида ўйламаган бўлса ажаб эмас. У фақат вужудини қамраб олган руҳий тўлғоқдан халос бўлишга уринган, холос. Қарасаки, изоҳлаш мушкул бўлган, қисматга дахлдор шеър пайдо бўляпти. Кейин онгли равишда ҳислар оқимини, башоратомуз ҳосилани ўзидан четроқ буришга интилгандир:
Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ...
Балки, фикрим нотўғридир. Лекин бир нарса ҳақиқат: чин шоир мутлақо бошқа биров ҳақида ёзаётган тақдирда ҳам бир қадар ўз қисматидан башорат қилади. Буни ўзи англаши ҳам, англамаслиги ҳам мумкин. Муҳаммад Юсуфга келсак, менимча, у ўз тақдирини фавқулодда кучли сезимлари орқали ҳис қилган:
Тузалмайди дардим менинг,
Ўлсам керак.
Тупроқ билан оға-ини
Бўлсам керак.
Ўлим нима? Бу ҳам битта
Сайр, Она.
Ўғлинг қаро ерга кетди,
Хайр, она...
|
|