Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220
7,278/2,050
– 77
332/176
|
Ўтган асрнинг 80- йилларида Ўзбекистон халқининг ижтимоий ҳолати қишлоқ хўжалигидаги пахта яккаҳокимлиги туфайли ниҳоятда мушкул аҳволга тушиб қолди. Республикамиздаги суғориладиган ерларнинг 65 фоизига Москванинг кўрсатмасига кўра фақат пахта экилди. Ўзбек қишлоқларида яшайдиган аҳоли ҳар йили пахта экиб, ҳосилини арзимас пулга топшириб борди. Кремлнинг нокаслари эса ушбу пахтани дунёнинг 34 та давлатига валютага сотди. Пахтадан ташқари, Ўзбекистон, Совет Иттифоқида олтин чиқариш бўйича 2- ўринни эгаллаб келган. Ушбу олтиннинг бирон грамми ҳам Ўзбекистонда қолдирилмай, совет Россиясининг ғазнасига ташилган. Ўзбек халқи ўз миллий бойлигини – ёмби шаклидаги олтинини совет режимининг марказига ҳар йили 50 тоннадан топшириб борган. Юртимизнинг йиллик даромади эса 80- йилларда атиги 20 – 21 миллиард сўмни ташкил этган.
Асл металлар таркиби бўйича Навоий вилоятидаги Мурунтов олтин конини жаҳондаги энг бой конлар жумласига киритиш мумкин. Таркибида олтин бўлган руда захираси, олтин сифати, уни қазиб чиқариш рентабеллигига кўра Ўзбекистон жаҳоннинг пешқадам давлатларидан бири саналади. Мурунтов тоғ-бойитиш комбинати ўз қуввати ва технологияси бўйича дунёда ягона корхона бўлганча қолмоқда. Олтиндан ташқари, Ўзбекистонда мис, асбест, корунд, графит, феруза, гранит, оҳактош турлари, бентонит, кўмир, нефть, газ кабилар қазиб чиқарилади. Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон, ўз вақтида Москва ғазнасига анчагина даромад келтирди.
Ер усти ва ер ости бойликларимиз кўплигига қарамай, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси совет режими даврида ўта ачинарли аҳволга тушиб кетган. Ўзбекистон қишлоқларида тўланган энг кам иш ҳақи суммаси Совет Иттифоқи таркибига кирган 15 та республика орасида энг кам миқдорда бўлган. Совет Иттифоқининг бошқа минтақаларида қишлоқ аҳолисига тўланадиган энг кам ойлик иш ҳақи 75 сўмни, Ўзбекистонда эса ўртача 59,4 сўм ташкил этган. Бироқ статистик хўжакўрсинчиликларда совет қишлоқларининг аҳолиси ўртача 91,5 сўм миқдорда ойлик олиши кўрсатиб борилган. Ўтган асрнинг 80- йилларида умумиттифоқ миқёсидаги савдо-сотиқ ҳажмига, аҳолининг жон бошига истеъмол қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (гўшт, сут, ёғ, тухум, мева, сабзавот ва ҳ.) ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажмига нисбатан Ўзбекистон халқи истеъмол қилган маҳсулот ҳажми 1,5 – 2 баробар кам бўлган.
Ўзбекистон алоқа хизмати турлари (почта, телеграф, телефон хизматлари) бўйича 15- ўринни эгаллаган, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича 14- ўринда бўлган, туб аҳолини турар-жой билан таъминлаш, унга транспорт хизматини ҳавола этиш бўйича 13- ўриндан кўтарилмаган.
Юртимиз аҳолисини ижтимоий жиҳатдан қолоқ аҳволга туширгани камлик қилгандай, Кремль ўзбек халқининг раҳбар кадрларини йўққа чиқаришга аҳд қилиб, ўз «тажрибаси»нинг ижросига киришди. Гарчи Совет Иттифоқи таркибига 15 та республика кирган бўлиб, уларнинг ҳар бирида коррупция, қариндош-уруғчилик, кўзбўямачилик гуркураб ётган бўлса-да, совет режимининг маркази намойишкорона «бош кесиш» тадбирларини айнан Ўзбекистонда амалга оширди.
Кремль совет режимининг жиноий иллатлари учун жавобгарликни ўзбекнинг гарданига қўйиб, миллатимизни янада сазойи қилган «ўзбеклар иши»ни қўзғатди. Бунда, расмий Москва бирон-бир бошқа миллатни айбламади, дейлик, қозоқлар, белоруслар, эстонлар ёки арманлар ишини қўзғамади, фақат «ўзбеклар иши»ни юритди. Ўша даврда табиати уятдан йироқ бўлган келгинди чекистлардан бири: «Ўғрилар, мафиячилар ва босмачилар яшайдиган Ўзбекистонни тиканли сим билан ўраб ташлаш керак», - дея таклиф киритган эди. Кремлнинг садоқатли вакили бўлмиш Р. Нишанов ушбу қабиҳ сўзлардан тўлқинланганча, жўшиб қарсак чалди. Ўтган асрнинг 40- йиллари охирида Кремль ўзбекларга ишончсизлик-ла қараган бўлса, бундай қараш СССР парчаланиши арафасида большевик-чекист Ю. Андропов ҳукм сурган даврда боз кузатилди. Ўзбекнинг совет тизими учун берган улкан талафотлари ўриснинг эсига келмади.
|