Ильхом театри томонидан Абдулла Қодирий ижодига мурожаат этилиши ижобий ҳол, бу спектакль 90-йиллардан бери театр репертуаридан тушмай, намойиш этиляпти. Унда Абдулла Қодирийнинг "Калвак Маҳзум хотира дафтаридан" туркум ҳажвий ҳикоялари , "Бахтсиз куёв" драмасидан (совчилик саҳнаси) айрим лавҳалар олинган.
Театр сайтида спектакльнинг қисқача мазмуни берилгани сабаб, биз ҳам А. Қодирий асаридаги Маҳзумнинг ҳаёти тафсилотларини эслайлик. Маҳзумнинг падари бузруквори Тошкентлик мулла Охунд домла бўлиб, 45 дан ошганда фарзанд кўради. Маҳзум болаликдан кўп касалликларга йўлиқиб, бироз заиф, ҳаёлчан бўлиб ўсади. Саводи чиққанидан сўнг мадрасага ўқишга боради ва бир неча йил ўқиш давомида Муҳаммадкарим исмли йигит билан дўстлашади. Бу йигитга Маҳзумдан ташқари бошқа толиби илмлар, мударрислар, ҳатто мулла Охунд ҳам алоҳида эътибор билан қарашади. Маҳзум ва Муҳаммадкарим муносабатлари гап-сўзларга сабаб бўлгани туфайли, Маҳзумни уйлантириш режаси тузилади.
Инчунун, ўша даврларнинг одатига кўра Маҳзумни 12-13 ёшли қизчага уйлантиришади, лекин қизча ҳадеб йиғлаб, хархаша қилиб, тўйдан 3 кундан кейин ҳам куёвнинг "муроди ҳосил" бўлмагач, дўстлари унга ҳазил аралаш қаттиққўлроқ бўлишни маслаҳат беришади. Маҳзум келинни яхшилаб калтаклайди.
Албатта ёзилганларни чинига қабул қилишнинг ўзи кулгили, чунки бу ерда ҳажвий асар хақида гап кетяпти, муаллиф ўз даври турмушидаги иллатларни кучли юмор билан анчагина бўрттириб баён қилган. "Калвак Маҳзум хотира дафтаридан" туркум ҳикоялари "Муштум" журналида чоп этилгани ҳам маълум.
Последний раз редактировалось Sparc; 13.02.2017 в 17:12.
|