AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
“Мирзо Улуғбек” юлдузининг Миллий театрдаги ёғдуси
|
|
Цитата:
Мирзо Абдулатиф образи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов ва Асадулло Набиевлар томонидан ўзига хос талқин қилинди. Фатҳулла Масъудов талқинидаги Абдулатиф айёр, уддабурон, жаҳли чиққанда ақлини йўқотадиган, мулоҳазакор; Асадилла Набиев талқинидаги Абдулатифда эса ожиз ва қўрқоқ, мақсад бор-ку, бироқ уни амалга оширишга журъати етмайдиган мураккаб шахсни кўрамиз.
Шу ўринда либослар бўйича рассом Лобар Турсунованинг ишларини таъкидлаб ўтиш даркор. Шахсларнинг характерини томошабин эътиборига ҳавола қилинишида у ранглар мутаносиблигидаги ўзига хос рамзийликдан унумли фойдаланган. Абдулатиф вафодор, отага меҳрибон ўғил сифатида намоён бўлганида, ички узун қизил либос ҳамда устида кулранг қабо; унинг ҳақиқий юзи очилганида эса, қип-қизил узун кўйлак ҳамда қора саллада худди думи гажакдор чаёндек кўзга ташланди. Фирузанинг либосида ҳам бу ҳолат кўринади: у Улуғбек ёнида поклик тимсолида, сарой фитналаридан гардланмаган, қуёш нури янглиғ нур сочиб турганлиги сабаб новвотранг узун кўйлак ва оқ қабода гавдаланган.
Саҳна асарининг кўриниши фожиа экан, Улуғбек фожиасининг бош сабабчиси ким ва нимада? Падаркуш Абдулатифнинг тожу-тахтга ҳирсу ҳаваси билан бирга Гавҳаршодбегимнинг ўз набираси Абдулатифга берган тарбияси эмасмикан бу?!.. Тархон уруғига мансуб момонинг тахтга сажда қилиш монологини томошабин тинглар экан, наҳот бу аёлда фарзанд, набирага меҳрибонлик кўрсатишдан кўра ҳукмфармоликни йўқотиш устунлик қилса, деб ўйга толади инсон. Мирзо Улуғбекка Амир Темурнинг бош рафиқаси Сароймулкхоним тарбия берган, Абдулатифга эса Гавҳаршодбегим. Икки малика-икки қутб. Бири – Самарқанддаги машҳур Бибихоним масжид-мадрасасининг қурилишига бош-қош бўлиб, талабаларнинг илму-маърифат олишларга ҳомийлик қилган бўлса; иккинчиси эса ўз иззат талаблиги орқасидан набираларининг бир-бирига, ҳатто ўғилнинг отага қарши боришига сабабчи бўлди. Бундай момонинг тарбиясини олган набирадан нимани ҳам кутса бўлади? Такаббур ва ўжар Гавҳаршодбегим хусусида Ойбекнинг “Навоий”, Пиримқул Қодировнинг “Она лочин видоси” романлари орқали тасаввурга эгамиз. Ушбу образ Ўзбекистон халқ артистлари Яйра Абдуллаева, Рихси Иброҳимова, Муқаддас Ҳолиқовалар томонидан талқин қилинди. Рихсихоним Иброҳимова томонидан талқин қилинган Гавҳаршодбегим жоҳил, худбин, ўзбилармон, “шарти кетиб-парти қолган” эса-да, ҳар қандай йўл билан айтганини қилдирадиган малика бўлса; Муқаддас Холиқова ижросидаги Гавҳаршодбегим хонадон шаънини барча нарсадан устун қўядиган аёл тимсолида томошабинга етказилган. Актриса Муқаддас Холиқовани доим қайнона ёки томошабин кўрса кулгу уйғотадиган аёл тимсолида кўрганимиз боис, унинг бу қиёфаси биз учун янгилик бўлди. Овоздаги ўктамлик ва забардастлик бир зумда томошабинни ўзига ром этди.
Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожиасидаги Хўжа Аҳрор Валий “юки” таҳрир қилинган ҳолда Саййид Обидга юклатилганлигини юқорида таъкидлаган эдик. Обидлик – ибодат қилувчилик, демакдир. Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қаҳрамон Абдураҳимов ижро этган Саййид Обид эса ислом динига эътиқод қилувчи инсоннинг вазифасини “тоат, ибодат, бединлардан жирканмоқлик, дин йўлида шаҳид бўлиб, саодат топмоқ”да деб билади. Қайсидир жиҳатдан Муҳаммадали Абдуқундузов ижросидаги Саййид Ислом атрофдаги қаҳрамонларни ўзидан ҳайиқтириб туради, ўз фикри билан ҳисоблашишга мажбур қилмоқчи бўлади. Қаҳрамон Абдураҳимов қиёфасидаги ушбу қаҳрамон эса атрофдаги илму маърифат аҳлига доимо истеҳзо билан қарайдиган шахс.
Спектаклдаги актёрлар ансамбли - салбий хусусиятлари мавжуд қаҳрамонлар Абдулатиф ва Саййид Обид, фазилатлар мужассамланган қаҳрамонлар Мирзо Улуғбек атрофида доира шаклида намоён бўлишади. Ўз навбатида, ушбу доиралар ўртасида зиддиятлар вужудга келар экан, олимнинг “зиддиятлар маъносини англамоқ, ечмоқ” сўзлари орқали томошабин воқеаларнинг моҳиятини англайди.

Абдулатиф ўйлаб топган “Аббос-Фируза” можаросининг бош сабабчиси Фирузадир. Фируза ўз замонасида “нодонларни чин доноликка чорлаётган”, Мирзо Улуғбекнинг мадрасаси пештоқига битилган “Илм олиш муслим ва муслималарга фарздир” ҳадиси шарифига амал қилгувчи илми толибадир. Ҳатто Буроқбек билан бўлиб ўтган чигал фитнани ҳам унинг комил ақли ечади. Улуғбек Фирузасига “суя-суя талоқ бергани”да унинг сарой чиркинликларидан асрашни истайди. Фируза талқини Лола Элтоева ижросида ички сезги – интуиция кучли ривожланган ҳолда ижро қилинган бўлса, Дилноза Кубаева ижросидаги Фируза эндигина илм ўрганаётган толиба сифатида гавдаланади.
Спектакль жараёнида турли мусиқалар ижро қилинди. Ўзбекистон санъат арбоби Мустафо Бафоевнинг мусиқаси билан бир қаторда Европа мусиқаларининг ижросини табиий деб биламан. Сабаби эса оддий Мирзо Улуғбек олим сифатида Европада ҳам ўзининг юқори нуфузига эгадир. Машҳур поляк астрономи Ян Гавелиунинг 1690 йилда нашр этилган “Продромус астрономия” деган машҳур китобида иккита сурат босилган бўлиб, уларнинг ҳар иккаласида ҳам Мирзо Улуғбекнинг сиймоси акс эттирилган. Биринчи суратда буюк ватандошимиз илми нужум – астрономия худоси Ураниянинг ёнида, овруполик тўрт мунажжим: юнонистонлик Птолемей, олмон шаҳзодаси Гасс, даниялик Тихо Браге ва италиялик Жан Баптист Риччиоли билан бирга тасвирланган. Иккинчи сувратда эса у яна Урания теварагида ўтирган тўққиз машҳур мунажжим: Тимахарис (милоддан аввалги II аср), Птолемей (милоддан аввалги II аср), ал Баттоний (852-929 йиллар), Региомонтан (1436-1476), Вольтер (1430-1543), шаҳзода Гасс (1532-1592), Николай Коперник (1473-1543), Тихо Браге (1546-1601 йиллар) билан бирга акс эттирилган. Бу мисол Мирзо Улуғбек номи бундан уч аср илгариёқ машҳури жаҳон бўлганини кўрсатиб турибди.
Алалхусус, “Мирзо Улуғбек” спектакли якунида олимнинг “шоҳманми ёки донишманд?” саволига ечим – Улуғбек биринчи ўринда Ҳазрати ИНСОН деган жавоб топилди. Олим бўлиш осон, бироқ ҳамма ҳам одам бўлавермайди. Донишмандлик ҳаёт давомида орттирилади, лекин умр бўҳронларида у доим қўл келмайди, баъзан инсонлар донишмандликни ўз манфаатлари йўлида қўллашади. Мирзо Улуғбек ОЛИЙ ИНСОН сифатида ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан ҳамд этилганидек, “Қиёмат деганча аҳли айём/ Ёзарлар анинг аҳкомидан аҳком”. Спектакль ижодкорлари эса Мирзо Улуғбек маърифат шуъласини Ўзбек миллий академик драма театрида қайта ёғдулантиришдек масъулиятли вазифани уддалашди.
Нигора УМАРОВА
|
|