Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 12.02.2016 14:26   #1  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Шу ўринда бир воқеани келтириш ўринли:
”...Бир воқеа эсимдан чиқмайди, — деб ёзади Ўткир Ҳошимовнинг касбдоши профессор Карим Норматов. — Ўткиржон баъзан ишга кечикиб қоларди. Бир гал таҳририят мажлисида интизом масаласи кўрилди. Шунда ходимлардан бири талаб ҳаммага бир хил бўлиши керак, баъзиларнинг ишга қачон келиб қачон кетгани назорат қилинмайди, деди. Саъдулла ака (“Тошкент оқшоми” газетасининг биринчи муҳаррири Саъдулла Кароматов — А.С.) кимни назарда тутяпсиз, деб сўраганда ўша ходим Ўткиржонни айтди.
— Бўпти, — деди Саъдулла Кароматов, — бу масалага алоҳида қайтамиз. Ҳозир эса сиз билан Ҳошимовга топшириқ. Сиз фалон мавзуда, Ўткир фалон мавзуда бир саҳифадан материал тайрлайсизлар. Кейинги сонда босилиши керак.
Кечқурун соат бешда одатдаги “планировка” бўлди.
— Саҳифа қани? — деб сўради Саъдулла ака бояги ходимдан.
— Улгуролмадим, эртага топшираман, — деди ходим.
Саъдулла ака столи устида турган бир тахлам материалларга имо қилди.
— Ўткир Ҳошимов эса саҳифани икки соатда столга қўйди. Орангиздаги фарқни энди тушундингизми?.. Менга кун бўйи хонасига кириб олиб қоғоз қиртиллатадиган ходим эмас, иш берадиган одам керак!” (Карим Норматов, Аланга билан бошланган ижод.)
Одамни пишитадиган, чиниқтирадиган нарса меҳнат. Эрамиздан олдин ўтган Рим ёзувчиси Сенека топиб айтган: “Улуғ кишиларни меҳнат етилтиради”.
Албатта, Ўткирнинг ҳам тенгдош талабаларга ҳаваси келгандир; уларнинг ўқишдан бўш вақтларида клубларга, кинотеатрларга, театрларга ёки бошқа кўнгилочар жойларга бориб дам олишлари, соатлаб қайсидир мавзуда баҳс қилишлари, майдонда қийқириб копток тепишлари, маишат қилишлари, қолаверса, қизлар билан хиёбонда айланиб юришлари завқли эди.
Ўткир Ҳошимовнинг ўзи “Тушда кечган умрлар” романида тасвирлаганидек, айниқса, биринчи босқич талабалари учун пахта кампаниясида иштирок этиш ҳам романтика бўлиб туйилган. Ўткир ўсмирлик ва йигитлик даврини романтика билан эмас, ҳақиқий меҳнат билан кечирди. Машаққатли меҳнат натижаси ўлароқ, унинг “Пўлат чавандоз” очерклар тўплами 1962 йилда “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти томонидан чоп этилди. Китоб катта ҳажмда эмас, бор-йўғи 40 саҳифадан иборат эди. Биринчи китобнинг қувончи, завқи бўлак. Газета-журналларда биринчи мақоласи, шеъри, ҳикояси босилган ёшлар ўша нашрлардан йигирматалаб сотиб олади ва атрофга албатта олазарак қарайди. “Биринчи ҳикоям газетада босилганда, — деб эслаган эди Ўткирнинг устози Саид Аҳмад ака, — ўша газетадан йигирматача сотиб олганман. Назаримда кўчадан ўтиб кетаётган одамлар газетада босилган ҳикояни шу бола ёзган, деб мени кўрсатишаётгандек эди”. Биринчи китоби чиққан ёзувчи эса, билишимча, осмонда парвоз қилиб юрса керак.
Ўткир биринчи китобини қўлга олгач, гўё учиб уйига келди. Атоуллохон тўра бу пайтда бемор бўлиб тўшакда ётар, умри давомидаги азоблар, асаб ҳисобига ўтган тирикчилик, қашшоқлик билан кечирилган ҳаёт охири уни тўшакка михлаганди. У китобини отасига берди. Атоуллохон тўра китобни варақлар экан, хаста юзи ёришиб кетди. Аммо у жуда ҳам вазмин одам бўлгани учун “Баракалла”дан нари ўтмади. Пошша ойи ўғлини узоқ дуо қилди...
Бу китоб уни қанотлантирди. У энди камдан-кам одам ўқийдиган очерклар, репортажлар эмас, оммабоп бирон нарса ижод қилиш иштиёқида юрарди. Бу иштиёқ амалий ишга айланиб, “Тўрт мактуб” номи билан бир ҳикоя ёзди. Ўшанда у тўртинчи босқичда сиртқидан кундузги бўлимга ўтган, ҳали 22 ёшга тўлмаган йигитча эди. Ҳикоя “Тошкент ҳақиқати” газетасида босилди.
Ўткирнинг ёзувчи сифатида туғилган куни 1963 йилнинг 17 апрели эди. “Шундан бери ҳар йили 17 апрелни ўзимча нишонлайман”, деб ёзади адибнинг ўзи. Бу ҳикоя билан боғлиқ катта воқеа куз ойларида содир бўлди. У ҳикояни кейинчалик қиссага айлантирган ва “Чўл ҳавоси”, деб номлаганди.
Ўша йиллари Ҳамид Нурий “Совет Ўзбекистони” газетаси таҳририятида ишларди. Ўткир ийманибгина қиссасини унга берди. Йўқ, газетада эълон қилиш учун эмас, шунчаки фикр олиш учун. Ҳамид Нурий ўша пайтда анча танилган шоир ва бир неча ҳикоялар эълон қилган адиб эди. Ҳамид Нурий қиссани бош кўтармай бир зарбда ўқиб чиқиб, бошловчи ёзувчини ажойиб қисса билан табриклади. Ўша пайтда Ўткир Ҳошимовнинг деярли тенгқури, аммо анча танилиб қолган Муроджон Мансуров Ҳамид Нурийдан қисса таърифини эшитгач, қизиқиб қолиб, ҳамкасбининг қўлидан олиб ўқиди. У ўқидию қизиқ иш қилди; муаллифга айтмасдан қиссани “Шарқ юлдузи” журналига олиб бориб берди. Кейин муаллифга айтди. Бу энди август ойлари эди чоғи. Сентябрь ойидан пахта кампанияси бошланди ва бу кампанияга одатдагидек талабалар жалб этилди. Ўткир ҳам шулар қаторида пахтага кетди. Пахтага жўнашдан олдин у таҳририятга қўнғироқ қилди.
— Мухторов эшитади, — деган салмоқли овоз келди гўшакнинг нариёғидан.
Ўткирнинг юраги уриб кетди. У ахир нақ Асқад Мухторнинг ўзи билан гаплашаётган эди. Тутила-тутила бир нарса машқ қилганини, шу нарсанинг тақдири нима бўлганини сўраши билан:
— Асарингиз яхши, яқинда босилади, — деган жавобни олди.
Бу биринчи қувонч эди. Иккинчиси ўзи ишлаётган таҳририятдан бўлди. Пахта теримига бориш шўро даврида мажбурий эди. Пахта кампаниясидан бош тортган талаба ўқишдан ҳайдаларди. Лекин у таҳририятдан тўла маош олиб ишлайдиган адабий ходим ҳам эди. Пахта кампанияси учун гулдек ишидан воз кечиши керак эди. Бош муҳаррир Аҳмад Исмоилов йигитнинг истиқболини кўра билгани учун унга валломатлик қилди: “Пахтага бемалол бориб келаверинг, ишда қолаверасиз”, деди у.
Ответить 
"+" от:
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх