нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111
50/19
– 0
1/1
|
Цитата:
Ўткир “Темирйўлчи” газета таҳририятида бир йилча ишлаб юриб, “Совет Ўзбекистони” газета таҳририятига мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ўтди. Бу хизматни “подчичик” дейишарди, яъни мусаҳҳиҳ теришдан чиққан материални ўқийди, подчичик асл матнга қараб туради.
Ўша пайтларда журналистларга, умуман таҳририятдаги қимирлаган жонга қийин эди. Мамлакат раҳбари сергап, эзма одам эди. Қаердаки маъруза қилса, сув ичмай уч-тўрт соат жаврар ва бу маъруза матнлари А-1 форматдаги газеталарнинг беш-олти саҳифасини тўлдирарди. Албатта, маъруза бир кун олдин келмайди, ё бир кун олдин маълум ҳам бўлмайди. Журналистлар навбатдаги сонни тайёрлайдилар, ўқийдилар ва босишга рухсат берганларидан кейин лоп этиб унинг маърузаси ТАСС орқали келиб қолади. Дарҳол таржимонлар ишга тушишади. Машинисткаларнинг биқинида ўтириб олиб, русча матндан тўғри ўзбекчага ўгирадилар. (Машинисткаларнинг бармоқлари шишиб кетса ҳам жойларидан қимирлашга вақтлари бўлмайди.) Машинкадан чиққан матн пешма-пеш ўқиб борилади, пешма-пеш линотипда терилади ва яна ўқилади. Буям майли. Лоп этиб ўзгаришлар келиб қолади. Уни яна қайта таржима, қайта ўқиш, қайта териш ва қайта тузатиш билан тонг отади. “Кунора тонготар таҳририятда қолиб кетардик”, деб эслайди Ўткир Ҳошимов.
Ўша йиллари — 1960-62 йилларда Ўткир бир қадар енгил ишга ҳам ўтди; “Транспортный рабочий” газета таҳририятида таржимон бўлиб ишлади; бу иш ҳар ҳолда тинч- роқ; у газетада қават-қават нутқлар босилмасди. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтиш жоиз: Ўткир Ҳошимов журналист- ик фаолиятини бошлаган йиллариданоқ нафақат рус тилидан ўзбек тилига, балки ўзбек тилидан рус тилига ҳам таржималар қилган ва ҳатто рус тилида мақолалар ҳам ёзган.
У қайноқ, тезкор ишга ўрганиб қолган экан. Икки йилча таржимон бўлиб ишладию яна “Совет Ўзбекистони” таҳририятига, энди адабий ходим бўлиб қайтди. Шу йили “Тошкент ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Аҳмад Исмоилов уни сўраб олди ва у энди “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятида адабий ходим бўлиб ишлай бошлади.
Сиртқи бўлимда ўқиб юрган кезларида кундузги бўлимга ўтишга қарор қилди, тўртинчи курсга ўтганидан кейин кундузга бўлимга ўтдию яна учинчи курсда қайта ўқиди. Гарчи Ўткирнинг зачёт дафтарчасидаги баҳоларнинг ҳаммаси беш бўлса ҳам уни қайта учинчи курсни ўташга мажбур қилдилар. Бунга асос ҳам бор эди; сиртқи бўлим талабалари бир йилда икки марта бир ойгагина университетга келиб, домлаларнинг маърузаларини тинглашар, вақт зиқ бўлганидан маърузалар ҳам, албатта, қисқа бўлар, табиийки, талабаларнинг билим олишлари ҳам кундузги бўлимникидан анча саёз бўларди. Шунинг учун Ўткир университет раҳбарлари билан тортишмасдан учинчи курс- да қайта ўқишга рози бўлди. Курсни қайта ўтишидан пушаймон қилмади, чунки факультетнинг донг таратган домлалари Ғулом Каримов, Фаттоҳ Абдуллаев, Матёқуб Қўшжонов, Субутой Долимов, Аюб Ғуломов, Г.И.Окунь, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддиновлар сиртқи бўлимда ишлашмасди, кундузги бўлимда эса, Ўткир уларнинг маърузаларини эшитди.
Ўткир кундузги бўлимга ўтган бўлса ҳам ишдан бўшамади. Пешингача ўқиб, пешиндан кейин эса трамвайда таҳририятга келарди. У пайтда филология факультети ҳозирги Миллий академик театримиз ёнидаги бинода жойлашган, таҳририят эса, ”Шарқ” концерни биносида эди.
Таҳририят унга тўлиқ маош берарди. Баъзи бошлиқлар, гарчи ходим тўла куч билан ишласа ҳам, унинг идорада маълум соатдан маълум соатгача ўтирмаслигига чидолмайди; жуда инсоф қилса, ярим маошга ўтказиб қўя қолади. Аммо Ўткирнинг бахтига бош муҳаррир Аҳмад Исмоилов ҳам, масъул котиб Нуъмон Насимов ва бўлим бошлиғи Назармат ака ҳам, биринчидан, унинг моддий шароитини тушуниб, иккинчидан, тўла куч билан ишлаётганлигини билиб, учинчидан, йигитнинг ёзувчи сифатида истиқболи порлоқ эканлигини англаб, унга шароит яратиб беришди. Айниқса, Назармат ака Ўткиргна кўп меҳрибонликлар кўрсатди. Бир куни Ўткиржон менга Назармат ака ҳақида шундай дегани ёдимда:
– Назармат ака раҳматлик бағри кенг инсон эди. Бу одамнинг бировга овоз кўтариб гапирганини, қовоғи солиқ ҳолда муомала қилганини кўрмаганман. Агар ходимлардан биронтаси материал тайёрлашда хатога йўл қўйган бўлса, таъна қилиб уялтирмас, ”Ўзингиз бир кўриб чиқинг-чи”, деб қўлига қайтариб бера қоларди. Отамиз қатори одам бўлса ҳам биз билан тенгдошдек фикрлашарди. Баъзан қўшимча паралар бўлиб қолганда, таҳририятга жуда кеч келган пайтларим бўлган. Мен ишга келганимда ходимлар кетишга отланиб туришарди гоҳида. Назармат аканинг хонасига кириб, узр сўрамоқчи бўлганимда, оғиз очмасимдан: ”Келдингизми, Ўткиржон, мана бу материални эртанги сонга туширишимиз керак экан, қўлим тегмай, сизга атаб қўйган эдим”, – деб қўлимга беш-олти қоғоз материални тутқазарди. Мен у кишини отамдек кўриб, жуда ҳурмат қилардим.
|
|