Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


 
 
Опции темы Опции просмотра
Старый 12.02.2016 14:16   #11  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Камол эт касбким, олам уйидин
Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмак.
Алишер Навоий
Саид Аҳмаднинг Ўткир Ҳошимовнинг олти жилдли асарлар тўпламига ёзган “Ижод ва жасорат” деган сўзбошисида шундай дейилади:
“Тоталитар тузумнинг оқоваси бижғиб, оқиб турган бир пайтда “Ўзбек иши”, “Давлат сири”, “Дўстлик ҳурматдан бошланади” каби ўнлаб мақолаларни ёзиш учун катта жасорат керак эди. Ўткир ҳар қандай зарбадан, ҳужумлардан қўрқмай, баъзан ҳатто ҳаётини хавф остида қолдириб, халқ дилида туғён уриб турган гапларни очиқ-ошкора айта олди.
Москва матбуоти тарқатаётган туҳмат ва ҳақоратлардан сабр косаси тошган Ўткир Ҳошимов собиқ компартиянинг XXYIII съезди минбаридан туриб уларни баралла фош қилди”.
XXYIII съезддан олдин Ўзбекистон компартиясининг съезди бўлиб ўтган эди. Компартиянинг бу анжумани илгариги, тоталитар тузум давридаги анжуманлардан кескин фарқ қилар эди. Ўзим бир қадар бу анжуманларда иштирок этганим учун сўзга чиққанларнинг аҳволи менга маълум эди. Уларга тайёр нутқ ёзилган қоғоз тутқазишар, нотиқ шуни ўқиб бериши керак эди. Ҳатто биттаям ҳарфи ўзгармаслик шарти билан... Регламент қатъий: асосий маърузачи ҳам, бошқа нотиқлар ҳам ўлчовли дақиқаларда гапиришлари керак. Белгиланганидан на бир дақиқа берига, на нарига ўтиб бўлмайди. Бу галги анжуманда эса сўзга чиқишни истаганларга ҳам, маърузачиларга ҳам эркинлик берилди. Ҳеч кимнинг қўлида нутқ матни ёзилган тайёр қоғоз ҳам йўқ.
Ўткир Ҳошимов ҳам тоталитар тузум даврида шундай ёки бундан кичикроқ анжуманларда сўзга чиққан, аммо у ҳам қуюшқонга солинган эди. Бу гал у эркинлик билан дилидаги ҳамма гапни тўкиб солди ва унинг нутқи қарсаклар билан қаршиланди. Йўқ, бу қарсаклар энди илгариги қарсаклар сингари шунчаки эмас, жуда самимий эди. Чунки у анжуман иштирокчиларининг дилидаги гапларни айтган эди. Бу нутқ 1990 йилнинг 5 июнида сўзланган эди. Коммунистлар салтанати у пайтда сўнгги нафасини олаётган бўлса ҳам, барибир зуғумининг заҳри бор эди. Ҳануз “оғалик” касали инграб, республикаларни безовта қиларди. Шунга қарамасдан ёзувчи қўрқмасдан дадиллик билан барча ҳақиқатни очиб ташлайди ва коммунистлар салтанати олдига 7 та талабни қўяди, бу талаблар қуйидагилар:
1. “Ўзбек иши” деган ҳақоратли тамға олиб ташлансин.
2. Гдлян ва Ивановлар гуруҳи мазкур ҳаром ном билан аталмиш иш бўйича қанча бегуноҳ одамларни қамаган бўлса, ҳар биттаси учун жавоб берсин.
3. Марказий матбуотда ўзбек халқига туҳмат қилиш тўхтатилсин.
4. Қўшиб ёзишлар ва қама-қамалар қайтадан бошланмаслиги учун планни Москвадан белгилашга чек қўйилсин.
5. Модомики, Бутуниттифоқ ташкилотлари Оролни сақлаб қолиш масаласида амалий ишга ўтмаётган экан, Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон ҳамкор бўлмоқлари керак. Съездимиз номидан бу республикаларга мурожаат қилинсин.
6. Ўзбекистон суверен республика сифатида ўзининг миллий бойликларини ўзи тасарруф қилсин.
7. “Малакали кадрлар” баҳонасида республикамизга четдан “раҳбарлар” олиб келиш тўхтатилсин.
Бу анжумандан бир ой ўтиб, Москвада коммунистлар салтанатининг XXYIII съезди бўлди ва унда ҳам Ўткир Ҳошимовга сўз берилди. У нутқини узундан-узоқ кириш қисми ва умумий гаплар билан пардозлаб ўтирмади. Масалани кўндаланг қўйишдан бошлади. Ҳайъатда ўтирган казо-казолардан, минглаб одамларни ютиб юбориб, сув ичмайдиган юҳолардан чўчиб ҳам ўтирмади. У нутқини белгиланган регламентга сиғдиришга улгуриши керак эди.
“Совет мамлакатининг пахта мустақиллигини таъминлаган Ўзбекистон Республикаси ўз маҳсулотининг асосий қисмини хомашё сифатида ташқарига чиқармоқда. Қимматбаҳо стратегик хомашё — пахта толасини етказиб бераётган республика жон бошига озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишда мамлакатда охирги ўринларда туришини тасаввур қилиш қийин. Бунинг устига кейинги пайтларда “пахта иши”, “ўзбек иши” деган тамға остида қатағонлар, сурункали қонунбузарликлар авжига чиқди... “Пахта” деганда “вата”ни тушунадиган, пахта етиштиришнинг қанчалик оғирлигини тасаввур ҳам қилолмайдиган, олтинчи синфда ўқийдиган қизалоқ бир кунлик пахта териш нормасини бажариш учун ғўзапоя устига ўн беш минг мартагача эгилишга мажбур бўлишини хаёлига ҳам келтирмайдиган ва марказдан бориб Ўзбекистонда “тартиб ўрнатаётган” кончилар, балиқчилар, инженерлар бизнинг республикани тамоман айниб кетган, деб ҳисоблайдилар. “Ўзбек иши” деган ҳақоратли гап матбуот саҳифаларидан тушмай қолди. Мен ёзувчи сифатида, журналнинг бош муҳаррири (“Шарқ юлдузи” журнали назарда тутилган — А.С.) сифатида ўша ҳамкасб қаламкашлардан сўрагим келади: “Нима учун сизлар Ўзбекистонни “иккинчи Афғонистон” деб ёзишдан уялмайсизлар? Ўзбекистон нима ёмонлик қилди сизларга? Ўзбекистон душманми?”
Съезд делегатлари унинг нутқини диққат билан эшитишди. Яна шуниси борки, рус тилини чайнаб, ёки талаффузни бузиб гапирадиганларнинг сўзига бунақа улкан мажлисларда қулоқ солаверишмайди. Аммо Ўткир Ҳошимов болалик пайтидан рус тилини мукаммал ўрганганлиги туфайли тоза талаффуз билан гапиргани учун ҳам диққат билан эшитдилар. (Ўрни келганда айтиш керакки, Ўткир Ҳошимов “Дунёнинг ишлари” қиссасини ўзи рус тилига таржима қилган.)
Унинг нутқи ҳамкасбларига савол билан тугагани йўқ. Энди у Афғонистондан ва Иттифоқнинг бошқа жойларидан республикага оқиб келаётган 200-юк — темир тобутлар ҳақида аниқ далиллар келтириб гапира бошлади.
“Ўзбекистондан бориб хизмат қилаётган йигитларимизни... “қўшиб ёзувчи”, “порахўр”, “босмачи” деб камситаяптилар. Уриб, майиб қиляптилар, ўлдиряптилар! Йил бошидан буён 300 га яқин шундай тобутлар келди!”
Съезд залида ўтирган шоп-шалопли генераллар бу далилларга чидай олишмади. Қайсидир генерал ўрнидан туриб:
“Мен офицер сифатида, генерал сифатида гапиряпман! — деди у калондимоғлик билан. — Бугуноқ бундай ҳолатларни Генштабдан аниқлаймиз. Кеч соат ўн саккизда бу ҳақда съездга ахборот беришга ваъда қиламан. Агар гапингиз ёлғон бўлса, жавоб берасиз!”
Совет генераллари таҳдид қилишга ўрганиб қолганлар, таҳдид билан одамларнинг овозини ўчириб келганлар. Аммо Ўткир Ҳошимов бу таҳдиддан қўрқмади.
“Мен ўз сўзим учун жавоб беришга тайёрман”, деди у дадиллик билан. Унинг бир одати бор: ўзи учун шубҳали бўлган далилларни ҳатто бадиий асарларига ҳам киритмайди, ўша далиллар қанчалик қизиқарли бўлмасин, воз кечиб қўя қолади. Съезддаги нутқида эса ҳужжатлар билан тасдиқланган далилларни келтирди, аммо генерал кечки соат 18 да съездга ахборот берганлиги номаълум.
Ответить 
 




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх