Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 26.01.2016 15:25   #231  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
1865 йилда Россия қўшини Тошкентга бостириб кирганда ҳам Ҳакимхўжа қозикалон, Абулқосимхон эшон рус генералларининг ваҳшатидан қўрқмаганлар. Уларга тик қараб босқинчиликнинг ёмон оқибатларини тушунтира олганлар. Зулмнинг ваҳшатини, золимнинг қиёфатини очиқ-ойдин айта олганлар.
37 ёшли генерал Черняев қўшини Тошкентни забт этгач, у ўзини шу ўлканинг асл хўжайинидек тута бошлади. Забт этилган шаҳар аҳолисини пашшачалик ҳам кўрмасди. Бу аҳволни кўриб Ҳакимхўжа қозикалон, Абулқосимхон эшон ва домла Солиҳбек охунд Черняев қабулига кириб, у билан Тошкентни идора қилиш хусусида очиқ музокара олиб борган эдилар. Бу воқеа айни ёз чилласи забтига олган куни — 1865 йилнинг 12 июлида бўлган эди. Тошкент шаҳрини қандай идора қилиш ҳақида гап очилиши билан Черняев айёрлик қилдими ё ростдан ҳам пошшоликда шундай гап бормиди, ҳар ҳолда:
– Биз Тошкентда кўп турмаймиз, шаҳар ўзларингга сийлов, биз фақат подшоҳ ҳазратларининг буйруғини бажардик, яна у кишининг фармойишлари билан ортга қайтамиз, – деди.
Аммо бу гапга кўпни кўрган арбоблар ва руҳонийлар ишонишмади. Лекин архив материалларини синчиклаб ўрганган Сирожиддин Аҳмаднинг юқорида эслатдигимиз рисоласида зикр этилишича, аҳолини қон тўкилишидан асраш учун Черняев билан сулҳ тузилган. Сулҳни тузишда Тошкентнинг баобрў сиймоларидан Аблуқосимхон эшон, Ҳакимхўжа қози, Мулла Солиҳбек охунд ва бошқалар иштирок этадилар. Бу сулҳ матнига халқ манфаатини ҳимоя қилувчи моддалар иложи борича кўпроқ кириталади. Аммо халқ манфаатларига оид моддалар Черняевга ёқмаслиги табиий эди. У ўз подшолигининг манфаатларини кўзлаб иккинчи шартнома тузиб, сулҳ иштирокчиларига кўрсатганида, Абулқосимхон эшон имзо чекишдан қатъиян бош тортади. Бу нарса албатта Черняевнинг ғашига тегади. Унинг ёшлик ғурури топталгандек бўлади. Аммо генерал Эшоннинг бутун Туркистон халқлари олдидаги обрўсидан чўчиб, бирон чора кўришдан ожиз эди. Сирожиддин Аҳмаднинг берган маълумотига қараганда, у Мулла Олим Юнусов деган татар кишини Абулқосимхон эшонга хуфя қилиб қўяди. Хуфя Черняевнинг топшириғи билан Эшон қурдирган ва “Абул- қосимхон эшон мадрасаси” деб аталмиш мадрасадан ялиниб бир хонақоҳ олади ва Эшоннинг ҳар бир сўзини, ишини Черняевга етказиб туради. Аммо бу хуфяликлар ҳеч қандай натижа бермади. Эшон ақлли ва ҳушёр одам эди; унга хуфя қўйилганини сезди шекилли, ҳар бир ҳаракати ва гапида эҳтиёт бўлди.
Черняев икки йилдан кейин кетди, аммо унинг ўрнига бошқаси келди; фон Кауфман деган устомони генерал-губернатор бўлиб, ярим пошшо сифатида мустаҳкам ўтириб олди.
Е.М.Феоктистов деган тарихчининг 1929 йилда Ленин- градда нашр этилган “За кулисами политики и литератур 1848-1896 гг” китобида, Г.Л.Дмитриевнинг “К истории присоединения Ташкента к России (Проблема “Ташкентского ханства” в материалах центральной русской прессы) – Материалы по истории, историографии и археологии, (Т., 1976,) мақолаларида ёзилишича, Кауфман Черняевга ўхшаб кеккайгани йўқ, Абулқосимхон эшон мадрасасига келди. Бир кун олдин Кауфманнинг югурдаги келиб, генерал-губернаторнинг ташриф буюришини хабар қилган ва суҳбатда, албатта, Ҳакимхўжа қозикалон ҳамда домла Солиҳ охундларнинг бўлишлари зарур эканлигини таъкидлаб кетган эди. Кауфман асъасаю дабдаба билан эмас, фуқаро кийимида, ёнида адъютанти билан келди. Тошкент шаҳрининг уч арбоби айтган гапларни диққат билан эшитди, шаҳарни идора қилиш усуллари ҳақидаги фикрларининг аксариятига қўшилди ва пошшоликдан шу ҳақда бир низом чиқаришни сўрашлигини ваъда қилди.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 26.01.2016 15:25   #232  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Босқинчи генералларнинг ваҳшатидан, найрангбоз сиёсатидан қўрқмаган, эътиқодида собит турган Абулқосимхон эшоннинг аждодлари Шарқий Туркистоннинг ҳукмдорлари бўлганлар. Бу маълумот Абдуғафур Расуловнинг “Ардоқли адиб“ рисоласида ҳам бор.
2008 йилда Германиядаги “Дайк-Пресс” нашриёти “Исламизация и сакральные родословные в Центральной Азии: наследие Исхак-Баба в нарративной и генеологической традициях” номида бир китоб нашр этган. Бу китоб 1998 йилда асосланган туркумнинг иккинчи жилди. Ана шу китобнинг тўртинчи бўлими “Таржумаий насабнома” деб аталган. Бўлим Абулқосимхон эшон шажарасига бағишланган бўлиб, унда аждоднинг қаердан келиб чиққанлиги ва уларнинг Мовароуннаҳрдаги фаолияти баён қилинган. Форс тилида битилган бу “Насабнома”да қайд этилган аждодларнинг Азимхон тўрадан бошланган авлодлари Тошкентнинг Эшонгузар (шўро даврида “Янги маҳалла” деб аталган) маҳалласида истиқомат қилиб, йигирманчи асрнинг бошларида шўроларнинг сиёсати билан Қозиработ ва Дўмбработ томонларга сурилган. То 50-йилларгача бу даҳалар шаҳар таркибига кирмас эди.
“Насабнома” Қўқон хонлигида, Нодирабегим давридаёқ туркий тилга таржима қилинган. Ривоят қилишларича, Нодирабегим ҳам, Қўқон хони Амир Умархон ҳам Азимхон тўра ва Эшонхонтўраларга пир деб қўл берган эканлар.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:26   #233  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Тошкент ҳокими Юнусхўжа шаҳарнинг тўрт даҳасини бирлаштирган, ягона байроқ остига олган эди. Абулқосимхон эшоннинг отаси Эшонхонтўра бошчилигидаги уламолар унинг бу ишини қутлаганлар ва энди қўшни мамлакатлар билан яхши алоқалар ўрнатишга даъват қилган эдилар. Ахир, олти аср давомида чорҳокимлик бошбошдоқлиги туфайли бир-бирига ёв бўлган қариндошларни бирлаштирган ҳоким уламолар назарида қаҳрамон эди.
Тошкент давлати барпо бўлгач, Юнусхўжа ўз номида тангалар зарб эттирди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳрида зарбхона қурилди. Тангаларнинг олд томонида “Муҳаммад Юнусхўжа Умарий”, орқа томонида лочин ва йўлбарс тасвирлари туширилган эди.
Тарихчи Н.А.Халфин “Россия и ханства Средней Азии” китобида ёзишича, Юнусхўжа Петербургга элчилар юборди, ўзаро савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйди, уламолар буни ҳам табрик қилдилар. Бу пайтда ҳали қўшни мамлакатларда — Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ўлкаларида давлатчилик бўлмаган, уларнинг аксарият қисми Қўқон, Хива, Бухоро хонликларига қарар эди. Бунинг устига бу жойлардаги ҳар бир қабила, уруғ бошлиғи ўз ҳолига подшо эди. Давлатчилик бор жойларда эса сиёсат бар- қарор бўлмаган. Тошкентдаги давлатчилик аслида жуда қадимий тарихга эга эди. Ғарбда Византиядан тортиб, Шарқда Хитойгача бўлган давлатларнинг савдо карвонлари Тошкент устидан ўтганлиги тарихдан маълум. Бу ердан савдо карвонларини олиб ўтувчи давлатлар сирасига Россия ҳам кирарди.
Россиянинг одати шундай эди: ҳар қайси давлат билан дипломатик муносабатларни бошқа давлатлар сингари савдо-сотиқдан бошласа ҳам, бора-бора ўша мамлакатни эгаллаш ҳаракатига тушар, бундай ҳаракатни маълум бир мамлакатга қурол-яроғ олиб киришдан бошларди. Аслида, XVI асрнинг иккинчи ярмида Тошкент билан Москва князлиги ўртасида савдо-сотиқ алоқалари бошланган эди. У пайтда Тошкентда чорҳокимлик бўлиб, ҳар бир ҳоким рус савдогарлари билан мустақил муомалани олиб бораверарди. 1784 йили Юнусхўжа чорҳокимликни тугатгач, Москва билан савдо-сотиқ ишларида янги сифат ўзгаришлари юз берди. Юнусхўжа Тошкент атрофидаги қишлоқларни ҳам Тошкент бағрига қайтарган, шу туфайли кичик бир давлатнинг хазинаси ҳам бир оз бойиган эди. Юнусхўжа янги қурилган қароргоҳи – Ўрдада (ҳозирги Анҳор бўйида) рус савдогар-дипломатларини қабул қилар ва бу қабул маросимларида Эшонхонтўра ҳам кўпинча иштирок этарди. Шундай қабул маросимларидан бирида Юнусхўжа қурол-яроғ ҳақида гап очади. Савдогарлар эса, бу нарсаларни етказиб бериш Москва учун муаммо эмаслигини билдиришади. Бир неча ойдан кейин талаб этилган қурол-яроғлар ҳам етиб келади. Албатта, Тошкент ҳокимлиги учун қуроллар керак эди; бир томондан, дашт ерлардаги жузларнинг бот-бот босқинлари бўлиб турар, иккинчи томондан, Қўқон хонлигининг тазйиқи ҳам бор эди. Бир-икки марта қуроллар етказиб берилгач, шу ернинг ўзида қурол ишлаб чиқариш корхонаси қуриш мумкинлигини таклиф қилишади. Муҳим масалаларда машварат ўтказадиган Юнусхўжа бу навбат машварат ўтказмай, таклифга рози бўлиб, рус мутахассислари келишига ва бу ерда шундай корхона қурилишига рухсат бериб юборади.
Эшонхонтўра Юнусхўжадан анча ёш, деярли ўғли тенги бўлса-да, унга ҳурмат кўрсатар, эшоннинг ҳеч бир гапини эътиборсиз қолдирмасди. Аммо ҳоким русларнинг қурол ишлаб чиқариш корхонасининг барпо этилишига рухсат берганда Эшонхонтўра ҳокимга бу ишнинг чакки бўлганлигини шартта айтиб, бу ишнинг оқибати ёмон бўлишини каромат қилди. Ҳоким эса бу гапга чандон эътибор қилмай, қарорида собит қолди.
Юнусхўжа 1803 йили вафот этди. Унинг тахтини ўғли Султонхўжа эгаллади. Қўқон хони Олимхон Юнусхўжанинг ўлимини кутиб турган эди чоғи, Султонхўжа ҳали олд-орқасини йиғмай туриб, иниси Умархон қўмондонлигида лашкар юборди. 1799 йилда ҳам Қўқон хонлиги Тошкент устига лашкар тортган, Юнусхўжанинг доно тадбири билан бу лашкар лат еб, жойига қайт- ган эди. Султонхўжа ношудроқ одам эди. Ҳокимга доно маслаҳатлар бериб турувчи Эшонхонтўра русларнинг корхона қуришига қарши бўлганлиги туфайли Ўрдага чақирилмай қўйган, Султонхўжа ҳам уни йўқламасди. Султонхўжанинг ўзи тантиқ шаҳзодалардан бўлиб, лашкарни бошқариш ишларида анча тадбирсиз эди. Шу туфайли ҳам Умархон лашкари Тошкентни осонгина эгаллади. Султонхўжани тахтдан азл этиб, унинг ўрнига иниси Ҳомидхўжани тахтга ўтқазди. Ҳомидхўжа Умархон қўйган шартларнинг ҳаммасига бармоқ босди, аммо Қўқон лашкари чегарадан ўтиб, бадар кетгач, ўз билгича иш қила бошлади. Қўқон хонлигига белгиланган бож-хирожни тўламай қўйди. Ҳатто Қўқондан келган бож йиғувчиларни зиндонбанд қилди. Бундан ғазабланган Олимхон шахсан ўзи лашкар тортиб келиб, Тошкентни мусаххар қилди. 20 йил давом этган Тошкент давлатчилиги шу йўсин барҳам топди. Тошкент ва Юнусхўжа даврида Тошкентга қўшиб олинган атрофдаги кенту қасабалар, қишлоқлар ҳам Қўқон хонлиги ихтиёрига ўтди. Бу воқеа 1806 йилга тўғри келади.
Тошкент ҳокимлиги тугатилиб, Қўқон хонлиги тасарруфига ўтганда Абулқосимхон эшон тўрт яшар гўдак эди. (Абулқосимхон эшон 1810 йилда туғилган). Атрофдан босиб келадиган кўчманчи қозоқлар ва қирғизларга қарши жангларда халққа мадад бериб турадиган Эшонхонтўра Қўқон қўшини босиб келганда томошабин бўлиб турди. Бунинг сабаби шу эдики, уламойи киром туркий халқларнинг бир байроқ остида бўлишини истар, бўлинганни бўри ейишини яхши англарди. Тошкент батамом Қўқон хонлигига қўшилгач (у даврда Қўқон хони Амир Умархон акаси ўрнига ўтирган эди), Эшонхонтўра Қўқонга тез-тез борар ва давлат ишларидаги муаммоларни ҳал қилишда иштирок этарди. Амир Умархон қатлидан кейин Маъдалихон хон бўлгач, давлат ишларини Нодирабегим бошқарган, у эса Эшонхонтўрани бениҳоя иззат қилар ва унинг маслаҳатларига муҳтожлик сезарди. Шунинг учун ҳам Эшонхонтўрага Тошкент шаҳри ва унинг атрофларининг шайх ул-исломи мақоми берилди.
Эшонхонтўра илми жиҳатидан ҳам, зоти — шажараси жиҳатидан ҳам бундай юксак унвонга лойиқ топилди. Бинобарин, Қўқон хонлиги унинг шажарасини биларди. Манбаларда ва юқоридаги эслатдигимиз “Насабнома”да қайд этилишича, бу шажаранинг бошланиши жуда қадимдир. Мазкур шажарада 176 киши бор, шулардан энг муҳимларини келтирамиз:
Имом Ҳанафийнинг чавараси бўлган Исҳоқ Боб (“боб” сўзининг тўртта маъноси бор: 1) ота (бобо), 2) лойиқ, муносиб, мувофиқ, 3) йўл, тарийқ, 4) олд, дарвоза, Исҳоқ Бобнинг яшаган ва Шомдан Тошкентга келиб ўрнашган даври саккизинчи асрга тўғри келади), унинг амакиваччаси Абдураҳимхон, унинг ўғли Абдужалилхон, унинг ўғли Ариғ Тафоҳхон, унинг ўғли Эзбурхон (Қорахон), унинг ўғли Сариғ Балиғдор Қорахон, унинг ўғли Авлиё ота, унинг ўғли Мансурхон, унинг ўғли Жаъфархон, унинг ўғли Қилич Арслонхон, унинг ўғли Авлиёхон, унинг ўғли Исмоилхон, унинг ўғли Илёсхон, унинг ўғли Аҳмадхон, унинг ўғли Арслонхон, унинг ўғли Муҳаммадхон, унинг ўғли Ҳасанхон, унинг ўғли Ҳусайнхон, унинг ўғли Билгахон, унинг ўғли Кўкбурутхон, унинг ўғли Ҳасанхон, унинг ўғли Абдурашидхон, унинг ўғли Мавлоно Шайх Садриддин, унинг ўғли Раисбоб, унинг ўғли Фатхуллоҳхон шайх, унинг ўғли Насруллоҳ шайх, унинг ўғли Улуғ Оқшайх, унинг ўғли Шайх Аҳмад шайх, унинг ўғиллари Фатхуллоҳхон шайх ва Бекчахон, унинг ўғли Ҳазрат Бобохон ота, унинг ўғли Орифхон, унинг ўғли Гадойхон, унинг ўғли Рашидхон Каттахўжа, унинг ўғли Муҳаммад Аминхон, унинг ўғли Боқихон, унинг ўғли Юнусхон, унинг ўғли Имом Акбархон, унинг ўғли Бузрукхон, Боқихоннинг иккинчи ўғли Азимхон тўра, унинг ўғли Эшонхон тўра, Эшонхон тўранинг икки ўғли бўлган: Абулқосимхон эшон ва Саййид Қосимхон эшон; Аблуқосимхон эшоннинг саккиз ўғли бўлган: Саййид Ғанихон, Саййид Боқихон, Саййид Олимхон, Саййид Ҳошимхон, Саййид Валихон, Саййид Асрорхон ва Саййид Қодирхон. Саййид Ҳошимхоннинг икки оиласидан бир қиз ва икки ўғил қолган: Шарифахон ая, Носирхон ва Атоуллахон. Атоуллахондан эса олти фарзанд бор: Пирзодахон, Озодахон, Эркинхон, Тўлқинхон, Ўткир Ҳошимов, Ҳабибуллахон (Бу насабномани Саййид Қосимхоннинг набираси, геология-минерология фанлари номзоди, аждодлар тарихини мукаммал ўрганган Ҳабибуллохон Қосимов тузиб, китоб муаллифига лутфан тақдим этди).
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:29   #234  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Юқорида келтирганимиз рўйхатнинг ҳар бирининг замирида маълум бир тарих бор. Бу тарихлардан бизга яқини ва айнан Ўткир Ҳошимов феъл-атворига, фаолиятига ўхшаши ва тааллуқлиси Абулқосимхон эшон ва у кишининг отаси Эшонхон тўра, Абулқосимхоннинг фарзанди Ҳошимхон тўра, Ҳошимхон тўранинг фарзанди ва севимли адибимизнинг отаси Атоуллахон тўраларнинг босиб ўтган ҳаёт йўлидир.
Мовароуннаҳрда ва ундан ташқарида ҳам жуда машҳур ва маълум бўлган аждоднинг вакили бўлмиш Абулқосимхон эшоннинг қонида жасорат, ҳақпарастлик бўлиши табиий эди. Шунинг учун 1992 йилги вабо исёнига раҳнамолик қилиши, зулмнинг, халқ бошига тушган фалокатнинг олдини олиши тарихий зарурат бўлганлиги аён бўлади.
Юқорида эслатганимиз манбаларда айтилишича, араб, форс тилларини мукаммал билган Аблуқосимхон эшон рус тилини ҳам билар эди.
У ўспирин экан, Тошкентдаги қуролсоз рус болаларидан “Букварь” олиб келиб, уни ҳижжалай бошлади. Уларнинг хонадони Янги маҳаллада бўлганлигидан руслар турадиган жойга яқин, Абулқосимхон руслар истиқомат қиладиган маҳаллага тез-тез қатнай бошлади. Аммо бу ишини отасидан жуда ҳам пинҳон тутарди. Айниқса, “Буквар”ни. Аммо бир куни ота ўғлига ним табассум билан: “Ўғлим, бу ишингизни мендан яширманг, бемалол ўрганаверинг, душман тилини билиш хайрли”, деди. Ўғил отасининг розилигини олгач, рус тилини ўрганишга киришиб кетди ва уч-тўрт йил ичида мукаммал биладиган бўлиб қолди. У отасидан араб ва форс тилларини ўрганган эди. Араб тили олдида рус тили бекорчиликка ўрганса бўладиган тил экан. Ҳарфлари ҳам осонгина. Муҳими, унли товушларнинг борлиги ўрганиш учун қулай эди. Талаффуз масаласида ҳам қийинчилик туғилмади. Деярли ўзи билан тенгқур бўлган рус болалари билан мулоқот натижасида талаффузи ҳам равонлашди.
Шу тилда ўта мукаммал савод билан генерал-губернаторга ариза ёзди ва аризани кўтариб тўғри унинг қабулига кирмоқчи бўлди. Губернатор вабо исёни бошланганда Чимён тоғларида дам оларди. У ерда фон Кауфмандан қолган ёзлоқ бор. Табиатан тинч ҳаётни яхши кўрган барон Вревский исён бошланганда ҳам ўша ерда эди. Шаҳар ҳокими Путинцев исёнчилар томонидан калтакланди, маъмурлар исённи бостира олмаганларидан кейин губернаторнинг оромини бузишга мажбур бўлдилар. Эшон унинг ҳузурига кирганда, у ўша ёзлоғидан эндигини келиб турган эди. Шоп-шалопини кийиб, тўппончаю қиличини тақиб олишга улгурган ва ҳатто хушбўй атирлар ҳам сепиб олганди.
Олой маликаси деб аталган Қурмонжон додҳо Фарғона водийсини қирғинбарот қилган генерал Скобелевнинг ҳузурига кирганда, такаббур генерал додҳонинг салобати олдида довдираб қолган экан.
Замондошларининг хотирлашига қараганда, одам сифатида дуруст, аммо маъмурликка лаёқатсиз бўлган генерал-губернатор барон Вревский ҳам 82 ёшли мўйсафид Абулқосимхон эшон ҳузурига кириб келганда шундай ҳолатга тушди. Бошида симобий салла, устида ридо, ридо тагидан оппоқ тўғри ёқа кўйлак кийган, чиройли оппоқ, аммо калтароқ соқол қўйган, баланд бўйли, ўсиқ оппоқ қошлари тагидан боқувчи қўй кўзларида ақл чироғи ёниб турган Эшоннинг юзидаги нур 58 ёшли Вревскийни довдиратиб қўйди. Унинг Будённийникига ўхшаб кетадиган, аммо учлари тепага қайрилмаган, диккайган мўйлови ҳам қалтираб кетгандек туйилди ўзига. Негадир ҳамиша силлиқ таралган сочини кўкрак чўнтагидан тароқ олиб қайта таради. Тик турганлари учун унинг бўйи Эшонникидан пастроқ эканлиги билиниб қолди ва Эшонга ўтиришни таклиф қила қолди. Боз устига, Эшон соф рус тилида мурожаат қилаяпти. Шоп-шалоп таққан, ялтир-юлтур ҳарбий кийимдаги генералнинг ваҳшати олдида довдирагани ҳам йўқ. Генерал ўтиришга таклиф қилганда у босиқ қадамлар билан бориб юмшоқ ўриндиққа ўтирди. Вревский ҳузурига кирган одамларнинг юкинишларига ўрганиб қолган, аммо Эшон юкинмас, бемалол, салобат билан ўтирарди.
Генерал ўзини босиб олиб, Эшонга савол назари билан қаради. Нима бўлганда ҳам, барон ўз салафларидан бир нечта сифати билан фарқ қиларди: юмшоқ табиат, сермулозамат, муҳими, бировнинг гапини охиригача эшита оларди. Бу хислатлар онасидан ўтгандир эҳтимол.
(Ўша даврда ҳарбий қўмондонликда ясовул бўлиб ишлаган А.В.Тутовнинг ёзишича, Вревскийнинг онаси Евпраксия Николаевна Вульф Зизи лақаби билан машҳур бўлган ва Пушкиннинг таниши эди. Шоирнинг Зизига бағишланган бир нечта шеъри бор.)
— Губернатор жаноблари, — деди Абулқосимхон эшон рус тилида дона-дона қилиб. — Биз — мустамлака, сиз — истилочи. Асло биз маърифат олиб келдик, деб айта кўрмангиз. Бу баҳс қилишга арзимайди, чунки Шарқ маърифати сизга маълум бўлмоғи керак. Аммо ҳар бир истилонинг ҳам чек-чегараси бор. Тарих бир ғилдирак мисоли. У худди Ер курраси қуёш атрофида айланганидек, айланиб туради. Бунга шубҳа йўқ. Замонлар келади, халқимиз ҳам ўз озодлигига эришади. Бунга ҳам шубҳа йўқ. Халқ бамисоли денгиз, у тинч оқаверади, аммо қандайдир эпкин билан туғён урса, унга тўсиқ бўладиган нарса дунёда топилмайди. Биргина йўлбошчи бўлса бас. Сизнинг солдатларингиз Эски шаҳарни ғорат қилмоқдалар. Бу эса ўша денгизга бир эпкин бўлиши мумкин. Ахир, подшо ҳазратлари тасдиқлаган “Туркистон ўлкасини бошқариш Низом”ини “ҳарбий-халқ бошқаруви”, деб атагансизлар. Бинобарин, бу нарса шуни англатадики, Туркистон ўлкасининг бош ҳокимияти ҳарбийларга тегишли, бўлислар ва маҳаллалар халқ бошқарувига тааллуқли. Демак, ўша Низомга кўра, маҳаллий халқ ўз-ўзини бошқариши керак ва бошқарув ишига сиз фақат тавсия бера оласиз, фармойиш эмас. Модомики шундай экан, халқ ҳаётига қурол билан аралашмоқ Низомингизга зид-ку. Тўфон кўтарилмасдан туриб бу хунрезликларни тугатсангиз, икки томонга ҳам хайрли бўлур эди. Мен ўз фикримни губернатор жанобларига тушунтира олдим, деб ўйлайман.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:29   #235  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Вревский Эшоннинг гапларини, исботларини диққат билан эшитди. Эшоннинг “биргина йўлбошчи бўлса бас”, деган гапи генерални чўчитди. У Эшоннинг Туркистон ва унинг атрофларида катта обрўси борлигини биларди.
— Ҳазрат, — деди ниҳоят, — сизнинг нафақат Тошкент, балки Туркистоннинг барча вилоятларида ҳурматингиз баландлигини биламиз. Шунинг учун ҳам шахсан менинг буйруғим билан Азизёр эшонга, сизга, Зиёмуҳаммад оқсоқолга тегинмадилар.
— Қуллуқ, — деди Эшон қуруққина, одоб юзасидан.
— Аммо, — давом этди генерал-губернатор, — халқнинг ўзи бошлади; шаҳар маҳкамасига ҳужум қилиб, шаҳар ҳокими Путинцев жанобларини ўласи қилиб калтаклади, бизнинг Эски шаҳардаги ишончли вакилимиз ҳурматли бой Муҳаммад Ёқубни чалажон қилиб қўйишди. Гапингиз ўринли, тўфоннинг олдини олиш керак, шунинг учун биз Сирдарё вилоятидан генерал-губернатор Гредековни аскарлари билан чақиришга мажбур бўлдик...
Бу гапларга Эшон дарҳол эътироз билдирди.
— Ана шу иш катта хатоликнинг ўзидир, жаноби олийлари. Қуролсиз халққа қарши тиш-тирноғигача қуролланган аскарларнинг келиши, айнан, ҳали айтганимиз Низомингизга зиддир. Сиз воқеанинг бошланишини айтмадингиз. Вабо тарқалишида ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Аммо ҳукумат бунинг олдини олиши керак эди-ку. 12 та қабристонни ёпдингиз, бунинг ўрнига тўртта қабристон очиб беришга ваъда қилдингиз. Аммо қани ўша ваъда қилинган тўртта қабристон?
— Биттасини очдик... — деди барон бўшашибгина.
— Битта билан ҳар куни содир бўлаётган ўнлаб жанозаларни тинчитиш мумкинми? Янги шаҳарда қанча касалхоналарингиз бор, маҳаллий аҳолидан биронтаси шу касалхоналарга жойлаштирилдими? Шу пайтгача Эски шаҳарда касалхоналар очилдими? Халқ исён кўтарар экан, унинг сабаби бўлмоғи керак. Сиз насронийсиз, шундайми? Биз мусулмонлар Исо алайҳиссаломни ҳурмат қиламиз ва унинг пайғамбарлигига иймон келтирганмиз. Агар бирон насроний Исонинг суратига тупурса, нима қилардингиз?
Бундан ярим йилгина олдин Тошкент черковининг епископи Григорий ота билан гаплашгани эсига тушди бароннинг. Ўшанда епископ: “Агар бу муҳаммадийлар жиндек бўлсин Исони ҳақорат қилишга оғиз жуфтласалар эди, уларни етти пуштигача қириб ташлашга шахсан ўзим фатво берар эдим, аммо муҳаммадийлар биздан қўрққанларидан эмас, азбаройи муқаддас китобларининг ҳурматидан бу ишни қилмайдилар”, – деган эди.
Вревский бош ликиллатиш билан Эшоннинг гапини маъқуллади.
— Агар шундай ҳодиса рўй берса, ўша кофирни ўз қўлим билан бўғиб ўлдирардим.
— Баракалла! Муҳаммад Ёқуб мусулмончиликни пулга сотган одам. Сизларга хизмат қилсин, қилмасин демайман, аммо мусулмончилик ҳисобига, халқ қони ҳисобига эмас. Модомики, биз сизларнинг динингизни ҳурмат қилар эканмиз, бизнинг динимиз ва унинг расм-русумларини ҳам ҳурмат қилишингиз лозим эди. Тўғри, майитни кафанлашга рухсат бермаганингизга рози бўлдик, чунки вабодан ўлган одам ҳам шаҳидлар қаторидадир. Аммо жаноза ўқилишини ман этишингиз халқнинг нафсониятига тегиб, сабр косасини тўлдирди. Исён шунинг учунгина эмас, ўша Путинцев ва Муҳаммад Ёқублар халқ қонини сўриб ташлаганлар, бу эса далиллар билан мана шу аризада битилди. Аскарларингиз ўқидан ҳалок бўлган 3 мусулмон, аскарларингиздан қочиб, ўзини Анҳор сувига ташлаб ўлган 80 кишининг қони кимни тутади? Қуролсиз халқ аскарларингиздан қочган экан, уларни то Хожа Аҳрор валий масжидигача қувиш, қувиб келиб, масжид олдида 10 кишини ўққа учириш, бир неча юз одамларни ярадор қилиш инсофданми!
20 минутдан зиёдроқ суҳбатда Вревский бўшашди. Нима қилсинки, қаршисида ўтирган бу салобатли одамга қаттиқ гапира олмайди, у яхши биладики, агар Эшонга озор етса, нафақат Эски шаҳардаги 80 минг аҳоли, бутун Туркистон, балки бутун Шарқ қўзғалиши мумкин. Бу одамнинг обрўси Вревскийга ўхшаган амалдорлар ёки подшо ҳазратларининг министрлариникидан юз баробар зиёдроқ. У аризани, албатта, ижобий ҳал қилишга сўз бериб, Эшонни эшиккача кузатиб қўйди.
Ўша куниёқ Эски шаҳардаги хунрезлик тўхтатилди.
Абулқосимхон эшон эртаси, жума куни — 30 июнда Хожа Аҳрор валий жоме масжидида хутба ўқиди.
— Аллоҳ таолога ҳазор шукроналар бўлсинким, — деди Эшон, — халқимиз бошига келган вабодан баттар қирғин тугади, Эски шаҳарда тинчлик ўрнатилди. Оқпошшо соллотларининг қадами қирқилди. Худодан илтижо қиламиз, вабо касаллиги ҳам биздан фориғ бўлгай.
Эшон хаста эди. Кечаги қабул пайтида ҳам мадори сусайган бўлса-да, губернатор олдида ўзини тутди, Иродасини бир жойга тўплади, овози ҳам дадил янгради. Қабулдан чиққач, дуч келган жойга ўтириб дам олгиси келди. Аммо ироданинг кучи билан анча жойгача юриб борди. Яхшиямки, икки муриди от олиб келишибди. Икки азамат уни кўтариб эгар устига ўтқазиб қўйишди.
Илгарилари хутба ўқиганда овози масжид саҳнига ҳам эшитиларди. Бу гал паст, синиқ овозда гапиргани учун муаззин янгроқ овози билан қавмга эшиттириб турди.
Ўша кундан эътиборан у ўз хонақосидан чиқмай қўйди. У истихора намози ўқир экан, фақат ва фақат Тошкент халқига омонлик, касалликдан фориғлик, ўзига эса бунинг эвазига ўлим тиларди. Тошкент аҳолиси бошига келган балонинг фақат ўз бошига келишини Аллоҳ таолодан илтижо қиларди.
Абулқосимхон эшоннинг жияни, Саййид Қосимхон эшоннинг набираси, геолог олим Ҳабибуллохон Қосимов бу ҳақда бошқа бир воқеани айтади:
Абулқосимхон эшон Ўрда кўприги ёнидаги шаҳар ҳокимияти биноси олдига тўпланган исёнчилар олдига чиққан, маъруза айтган ва вабонинг тез кунда тарқалишини ва бунинг учун қурбонлик кераклигини каромат қилган. Халқ жунбушга келиб:
— Қачон? Қандай яна қурбонлик? — деб ҳайқирганда, Эшон икки қўлини кўксига қўйиб, бошини эгиб таъзим қилган. Бу қурбонлик — менман, дегани экан. Ўша издиҳом куни 3 июль бўлса, 4 июлда Эшон жойнамоз устида қазо қилган. Баъзи манбаларда Эшон мадраса ортидаги ўз ҳовлисида, дейилса, бошқаларида мадраса хонақосида вафот этган, деган маълумотлар учрайди. Н.Остроумовнинг ёзишига қараганда, Абулқосимхон эшоннинг ўлими куни Тошкентдан вабо тарқаган ва бу фалокатнинг тарқалишини Эшоннинг ўлимига нисбат берганлар.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:32   #236  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
4 июль куни ташқарида Эшоннинг ишорасини кутиб маҳтал турган муридлари унинг тиловатларини эшитмай қолишди. Эшон одатда ўз хонақосида ёлғиз намоз ўқиганда ҳам азон айтар, кейин такбир тушириб, намоз бошларди. Ақоид китобларида ёзилишича, мусулмон ёлғиз намоз ўқиганда ҳам азон айтиши мустаҳаб, унинг азонига фаришталар қўшиладилар.
Мадраса Мўйи муборак хонақоси ёнида эди. Эшон мадраса тархини меъморларга чиздираётган пайтда, мадраса биноси шу хонақоҳга муайян ва узвий бўлсин, деб та- йинлаган эди. Бино тарҳи тайёр бўлгач, 1855 йилда қурила бошланди. Мадрасанинг олд кўриниши икки қаватли, қолган қисми эса, бир қаватли. Мадрасанинг бинолари битгач, Эшон жануби-шарқ тарафга икки гумбазли ҳаммом, шимол тарафида эса, уч хонадан иборат синчкор масжид солдирди. Мадраса саҳнига кенггина ҳовуз қазитди ва унга тиниқ сув тўлдириладиган бўлди. Ҳовузнинг жануб тарафидан сал нарида кичик қабристон бор, бу аждодларнинг хилхонаси, ҳозирча учта сағана турибди: Азимхон тўра, Эшонхон тўра ва Саййид Қосимхон тўра сағаналари...
Дарвоқе, кўп нарсани олдиндан кўра биладиган Абул- қосимхон эшон усти ёпиқ сардоба қурдиришни ҳам унутмаган эди. Ҳозирда Муқимий театрининг эшиги ҳисобланиб турган дарвоза аслида Абулқосимхон мадрасасининг олд эшиги. Ўратепалик машҳур ўймакор уста Ҳасанбой бутун маҳоратини ишга солиб ясаган дарвоза эди бу. Театр 1948 йили қурилганда ҳашаматли дарвоза ўрнатиш фикри туғилди. Шўро раҳбарларининг буйруғи билан мадрасанинг ҳашаматли эшиги кўчириб олиб келинган эди.
Мадрасанинг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида, унинг ташқи ўлчами 55х46 метр, ички ҳовлиси эса 22х28 метр. Пишиқ ғиштдан кўтарилган мадраса маҳалладаги бошқа бинолардан баланд ва салобатли бўлиши кераклиги учун ҳам, меъморлар ташқи кўринишга кўпроқ эътибор берганлар. Шунинг учун 16 метрли пештоқ қурилган. Эшоннинг ўзи истиқомат қиладиган хонақоҳ катта дарвозадан киргач, жануби-шарқ тарафда, масжид олдида эди.
Мадраса пештоқига ушбу таърих ёзиб қўйилган:
Инчи муборак бино аст,
Арши барин жабҳаст.
Чунки буд музмали мўйи латифи Расул.
Зи он зи сари фахр кунат муяссар ба таърихи ў: Бақаъ ъалайҳи мўйи шарифи Расул.
Таржимаси: Бу бино арш мисоли муборак бўлди, чунки бу ерда Расулуллоҳнинг муборак латиф мўйлари бордир, шунинг учун ҳам таърихи бақаъ ъалайҳи мўйи Расул бўлди.
“Бақаъ ъалайҳи Расул” жумласини абжад билан ҳисобланса, 1856 йил келиб чиқади. Бу бинонинг қуриб тугатилган йилидир.
Масжидда жамоат бўлиб намоз ўқишга чоғланган муридлар хонақоҳдан азон овозини бу тонг эшитишмади. Намознинг суннатини ўқиган бир мурид хонақоҳ олдига келиб, ичкарига қулоқ солди. Сукунат. Иккиланибгина эшикни ғира очди. Анчадан бери мойланмаган эшикнинг ошиқ-мошиғи ғижирлаб кетди. Мурид ичкарига мўраладию ранги ўчди. Югуриб ичкарига кириб, Эшоннинг осилиб қолган жағини боғлади, йирилиб кетган икки оёғини жуфтлаштириб, бошмалдоқларини бир-бирига дока билан бириктириб қўйди. Мурда ҳали совумаган, афтидан, Эшон бомдод намозининг суннатини ўқиб бўлибоқ жон таслим қилган.
Хонақоҳдан йиғлаб чиқмади. Аранг ўзини тутди. У ғамгин ҳолатда намозхонлар сафига келиб қўшилди. Муаззиннинг ҳазин овози эшитилди: “Аллоҳу акбар!...”
Намоз тугаши билан мурид Эшон ҳазратларининг риҳлат этганларини эълон қилди. Ҳамма дув этиб хонақоҳга югурди. Шу пайт Эски шаҳардан чопар етиб келди. У мадраса эшигидан кирмасданоқ “Суюнчи”, деб бақирдию одамларнинг ҳўмрайишларидан жойида таққа тўхтади. Кимдир унинг олдига келди: “Нима гап”.
— Вабодан фориғ бўлибмиз, Эски шаҳардаги дўхтир айтди. Вабо чекинибди, — деди чопар энди минғирлаб.
Майит пешинга чиқариладиган бўлди. Муҳаммадраҳим ғассол келди. Бу одамни оддийгина Мамарайим ғассол де- йишарди. У майит ётган хонақоҳга кириб келар экан, такбир айтар, аммо кўзларидан шашқатор ёш оқарди.
— Э, эшон бува, — деди соф тошкентча гапириб. — Жонингизни халқ учун берибсиз-ку, пирим. Менга буни Худо билдирди, ҳазрат. Шаҳримизнинг фахри, нури эдингиз, эшон бува. Халқнинг отаси эдингиз, халқ етим қолди-ку, пирим. Ана кўчаларда ёшу қари йиғлаб юришибди. Уларга йиғламанглар, майит учун йиғланмайди, дедим, лекин ўзим кўзёшларимни тия олмасам на қилай, эшон бува?!
У шу зайл жавраб майитни ювишга киришди. Унга сув қуйиб турган Ҳошимхон тўра ўзини аранг ушлаб турарди, охири чидолмай, ўкраб юборди...
Эшонни мадраса ҳовлисига дафн этишга қарор қилдилар. Тошкент уламолари шу қарорга келганда издиҳомни ҳисобга олишди. Ахир таъзияга бутун Тошкент, унинг атрофидаги қишлоқлар, Тошкент вилоятидан ташқаридаги одамлар етиб келишга улгурган, одамларнинг сафи бир томони Бешёғочгача, иккинчи томони Хадрагача, учинчи томони Пиён бозоргача, тўртинчи томони Мирободгача етган эди. Бу издиҳом тобут талашиши мумкин, натижада фалокат рўй бериши ҳам кутиларди. Хонақоҳдан эса дафн манзили етти қадам, холос.
Шоми шарифдан Шошгача йўлни босиб ўтган Саййид Азимхон эшонга жаноза ўқилди, янги ердан янги қазилган қабрга дафн этилди. Эшонлар дахмаси катта қабристоннинг ўртасида қолди. XX асрнинг 30-йилларигача ўша ҳажарнинг икки ёнида яна учтадан қабр тоши ўрин олди. Улардан бири Саййид Азимхон эшоннинг фарзанди Эшонхон тўраники, яна иккитаси Абулқосимхон тўра ва Саййид Қосимхонники эди...
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:32   #237  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
...Мустақил Ўзбекистоннинг ўзига хос меъморлик обидасига айланган Олий Мажлис биноси қуриб битирилгач, ўша етти қабрда ётганларнинг авлодлари йўқланди. Ма- йитларни ўзга қабристонга кўчириш масаласи ўртага қўйилди. Азимхон, Эшонхон тўра, Абулқосимхон, Саййид Қосимхонларнинг авлодлари, хусусан, халқ академиги Ҳабибулла Қосимов, халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовлар боболари руҳини безовта қилмасликни, гўрдан гўрга олмасликни сўрадилар. Бешёғочлик машҳур зотлар мангу қарор топган маскан гулзорга айлантирилди” (Абдуғафур Расулов, “Ардоқли адиб“ китобидан).
Отам (исмлари Эшонхон эди) бу таъзия даврида уч яшар бола, бувам (исмлари Абдусамадхон бўлган) эндигина эмчи эшон деган рутбага эришган 27 ёшли йигит экан. Отам катта йигит бўлгач, бувам шу воқеани айтиб берибди. Қишнинг узун кечаларида танчага тиқилиб ўтирар эканман, отам ва амакиларимнинг китобхонликларини эшитардим. Шундай кечалардан бирида отам бувамдан эшитган шу воқеани айтиб берган эди, эшитганларимни ёздим, холос.
Отамнинг исми нега “Эшонхон” деб аталиши сабабини билиш учун бош қотирардим. Отамдан сўрашга журъат қилмасдим. Ўртанча амакимнинг исми Соатхон эди. У кишига гапиришга ботина олардим.
— Амаки, нега исмингизгни Соат қўйишган? Ахир соат нарсанинг оти-ку.
Ўшанда эндигина овозим дўриллаган ўсмир эдим.
— Ҳа, энди вақти-соатида туғилган бўлсам керак-да, жиян, — деди амаким кулиб. — Тўғриси, мен вабодан кейин туғилганман, шунинг шукронасига бувам шундоқ исм қўйибдилар.
— Адамнинг исмлари нега Эшонхон бўлган?
— Ойимнинг айтишларича, бувам Жўёнхон эшон Тошкентнинг машҳур эшони Абулқосимхонга мурид бўлган эканлар. Бош набирасининг исмини ўша кишига ҳурмат юзасидан Эшонхон, деб қўйган эканлар-да. Менинг билишимча шунақа.
Демак, Ўткир Ҳошимовнинг аждоди менинг бобокалонимга пир бўлса, адибнинг ўзи, акалари Эркин ва Тўлқинлар, укаси Ҳабибулла, опалари Пирзодахон, Озодахон аялар менга пирзода бўлар эканлар. Ана шу пирзодаларимга ҳурмат юзасидан ушбу китобни ёзмоқ учун қўлимга қалам олдим.


Последний раз редактировалось Asror Samad; 26.01.2016 в 15:35.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 26.01.2016 15:39   #238  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Шариатда марҳум хотираси бор, аммо маъракалар йўқ, дейишади. Тўғри. Аммо ўтмишда, ҳатто уйғониш даври ва ўрта асрларда ҳам маъракалар фақат табаррук одамларга бағишланган. Масалан, Абдураҳмон Жомий вафот этганда Навоий пирининг барча маъракаларини бир ўғилдек ўтказган, юртга ош берган. Навоий вафот этганда Ҳусайн Бойқаро бир йилгача белини ечмаган ва мутафаккирнинг бутун маъракаларига ўзи бош бўлган. Фирдавсийнинг маъракаларига Маҳмуд Ғазнавий хазинадан анчагина маблағ ажратган... Лекин иқтисодий шароитларнинг яхшиланиб бориши билан маъракалар оммалашиб кетди. Ҳатто эндигина она қорнидан ингалаб тушган чақалоқ ўлса ҳам катта маърака қиладиганлар бор.
Абулқосимхон эшон улуғ сиймо эди. Бобомнинг айтишига қараганда, у кишининг таъзиясига ҳатто генерал-губернатор (яъни ярим пошшо)нинг ўзи ҳамда насроний руҳонийлари ҳам келишган экан.
Эсимда бор: маҳалламизда беш вақт намоздан бошқасини тан олмайдиган мутаассиб бир одам бор эди. У нас- роний у ёқда турсин, ҳатто мусулмон татарлар билан ҳам сўрашмасди. Нега бунақа қиласиз, татар ҳам ўзимизнинг мусулмон-ку, дейишса, барибир, ўрис қавмида, ўшалар билан ош-қатиқ, деб жавоб берибди. Бу гапни шунчаки сатр тўлдириш учун айтаётганим йўқ. Абулқосимхон эшон байналминалчи (А.Расулов) одам эди. Абулқосимхон эшон, албатта, Фирдавсий, Шайх Фаридуддин Аттор, Мавлоно Жалолиддин Румий, Низомий-Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Мир Алишер Навоий сингари Шарқ мутафаккирларининг асарларини мутолаа қилиш билан бирга, Европа адабиётини ҳам яхши билганлиги эҳтимолдан холи эмас. Юқорида айтиб ўтдик, ул зот форс, араб тилларидан ташқари рус тилини ҳам мукаммал билган. Тилни билган одам, албатта, ўқийди. Эшон ўзи қурдирган мадрасада схоластик фанларни эмас, балки дунёвий илмларни ҳам жорий қилганлигига гувоҳлар бор. Аммо у кишининг бирон ёзма мерос қолдирганми, деган масала ҳамон очиқ қолмоқда.
1996 йили мен ишлаган нашриётга Ҳабибуллахон Қосимов “Тошкент эшонлари” деган қўлёзма олиб келди. Алибек Рустамий таҳрир қилибди. Бу рисолача рус шарқшуноси Н.Ликошин қаламига мансуб бўлиб, ўз давридаги барҳаёт эшонларнинг қайси тариқатга мансублиги ва маблағи қанчаю тўлайдиган солиғи қанчалигини қайд қилган, муридларининг миқдорини санаган, холос. Рисола 1898 йилда ёзилган ва шу давргача вафот этган эшонлар рўйхатга киритилмаган. Бу рисолада Абулқосимхоннинг фарзандлари номи, шу жумладан, Ҳошимхон тўранинг ҳам номи учрамайди. Чунки Ҳошимхон тўра гарчи эшонзода бўлса-да, эшонлик рутбасини зиммасига олмаган эди. Рисолани, албатта, ўша йилиёқ нашр этдим. Шу рисола баҳона Ҳабибуллахон акадан эшонлардан, шу жумладан, бобокалони Абулқосимхон эшондан ёзма ёдгорлик қолган-қолмаганлигини суриштирдим. У лаб буриб, елка қисди, холос.
Мен бу саволни берганимнинг сабаби бор эди. Рус миссионери Н.Остроумовнинг “Фон Кауфман – Туркистон ўлкасининг ташкилотчиси“ китобини ўқиган эдим. Унда Абулқосимхон эшон ҳақида кўпгина қизиқарли далиллар бор эди. Жумладан, Н.Остроумов Абулқосмхон эшоннинг “Одамзотнинг нафси ўлганидек, илмсиз одамнинг дили ўликдир“, – деган фикрини келтирган.
Суҳбатда иштирок этган Алийбек ака “бўлиши керак, ундай одамлар фикрини қоғозга туширмасдан туролмаслиги аниқ”, деди. Шу билан бу масала очиқ қолди. Ташвишларим кўпайиб, бу масалани унутдим ҳам. Аммо мана бу китоб баҳонасида яна синчилигим тутиб, Абулқосимхон эшон меросини суриштара бошладим. Бунга Ўткир Ҳошимовнинг ўзи таъминот берди: “1991 йили таниқли олим ва журналист Сирожиддин Аҳмедов шажарамиз тўғрисидаги маълумотни қўлимга топширди”.
Ҳозирча синчилик изланишлари натижа бергани йўқ. Бироқ масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор: 1929 йилда лотин ҳарфига асосланган ўзбек имлоси жорий қилинди. Бу тадбир ҳозирги лотин ҳарфига асосланган ўзбек имлосига ўтиш сингари беғубор амалиёт эмас эди, унинг замирида ёвуз сиёсат ётарди; айнан ўша имлога ўтилгач, шўро ҳукумати араб имлосидаги китобларни йўқ қилишга киришди. 30-йилларда араб имлосидаги китоблар ва қўлёзмалар оловга ташланди. Эҳтимолки, Абулқосимхондан қўлёзмалар қолган бўлса, ўша талатўпда ёқиб юборилган бўлиши ҳам мумкин.

Хуллас, Абулқосимхон эшон таъзияси издиҳом билан ўтди: Ҳошимхон тўра ҳаққ ул-абда қўл қовуштириб турар экан, жанозага йиғилган одамлар олдида имом: “Агар отангизнинг кимдандир қарзи бўлса ва у одам ҳужжатлар билан келиб исбот қилса, уни тўлашни зиммангизга оласизми?” — деб сўраганда ҳали Ҳошимхон тўра жавоб бермасдан оломон гувиллаб юборди. Ахир, Абулқосимхон эшондек одамнинг кимдан қарзи бўлиши мумкин? У ахир жонини халқ учун Аллоҳга топширди-ку. Оломоннинг бу гувиллашида ана шу маъно бор эди.
Абулқосимхон эшоннинг йигирмасида Тошкент одати бўйича юртга ош берилди.
Одатда эркаклар азани узоқ ушламайдилар. Ҳошимхон тўра ҳам азани узоқ муддат ушлаб турмай, вабо касофати билан беркилиб қолган мадрасани очди. Талабалар яна гуриллаб кела бошладилар. Мадраса ёпилиб, уйда ўтириб қолган уламолар яна мадрасага келиб талабаларга дарс бера бошладилар, фиқҳ дарсини Ҳошимхон тўра ўз зиммасига олди.
Лекин Ҳошимхон тўра отаси тириклик пайтида ҳам кўпинча Тошкентда бўлмас, тижорат ишлари билан юртма-юрт кезар эди. Отасидан кейин ҳам ётиб қолган тижорат ишларини юргизиб юборди. Аммо Абулқосимхон эшоннинг бир насиҳатини эсидан чиқармасди.
— Озда барака, ўғлим, беш панжа оғизга сиғмайди. Олтин ноёб нарса, аммо унинг кўпи васвасага солади. Тижорат қилар экансиз, молингизни икки баробар қимматига сота кўрманг, токи харидор озорланмасин. Шариат молга 10 фоиз ҳақ қўйиб сотишни буюради, имкон бўлса ундан ҳам камроқ. Шунда савдо ишингизга барака киради. Ана шундай бўлса, савдогарчилик ҳалолдир.
Ҳошимхон тўра ота насиҳатини унуггани йўқ. Ота айт- ганидек ва шариат буюрганидек савдогарчилик қилди ва уйида бўлган пайтларида мадрасада дарс берди. XX аср бошларида мазкур мадрасада таълим олган Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Ғулом Зафарийлар Ҳошимхон тўрадан сабоқ олган бўлишлари мумкин. Зеро, эслатиб ўтилган сиймоларнинг асарларида Абулқосимхон эшон мадрасаси бот-бот тилга олинади.
(Мазкур китоб қўлёзмасини ўқиб, менга қимматли маслаҳатлар берган, Ўткир Ҳошимовнинг кўп китобларини нашр этиб, уларга сўзбошилар ёзган профессор Ҳамидулла Болтабоев бир гап айтди: “Ўткир ака раҳматлик улуғ бобоси Абулқосимхон эшон ҳақида ҳужжатли роман ёзиш ниятида эди, афсус, ажал бунга монелик қилди”.)
Эҳтимол? адиб бу ҳужжатли романнинг баъзи бобларини миясида пишириб қўйган бўлиши ҳам мумкин эди.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 26.01.2016 15:39   #239  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Агар шундай бир мўъжиза бўлсаю ўликлар тирилса ва улардан бу дунёдаги армонлари сўралса, қанча армонлари борлигини айтишаркин... Айниқса, ҳаммасининг армони фарзандлари хусусида бўлса ажаб эмас. Ҳошимхон тўра юртма-юрт юрганиданми, ҳар ҳолда, касалга чалиниб, ҳали 50 ёшга бормай қазо қилди ва беш яшар ўғли Атоуллохон тўрага таълим беролмай армонда ўтди.
Тожирлар савдо ишлари билан сафарларда кўп бўладилар ва савдо пишмаса, бир шаҳарда узоқ қолиб кетишлари ҳам мумкин. Ҳошимхон тўранинг бир сафари шунақа чўзилди. У Уфага борган эди. Ҳа деганда савдо ишлари пишмай, зерикди. Уфа мадрасасининг хонақосида истиқомат қилар, Абулқосимхон эшонни уфалик уламолар ҳам таниганлигидан у кишининг фарзандини иззат-икром билан меҳмон қилишарди. Шу зайл Ҳошимхон тўра Уфада олти ой қолиб кетди. Шариат бўйича олти ойдан кейин никоҳ мансух бўлади. Демак, Ҳошимхон тўра олти ойдан кейин бўйдоқ ҳисобланди ва уламолар маслаҳатлашиб, уни бошқирд бир қизга уйлаб қўйдилар. Мусофир одам ўша шаҳардан кетаётганда хотинини талоқ ҳам қилиши мумкин. Аммо Ҳошимхон тўранинг қонида номардлик йўқ эди. У савдо ишлари битгач, хотинини олиб Тошкентга келди. Албатта, бу ердаги хотинини қайта никоҳлади. Ҳошимхон тўранинг кейинги хотинидан 1897 йили бир ўғил туғилди ва унга Худонинг атоси деган маънода Атоуллохон деб исм берди.
Ўғилга ота дийдорига тўйиш ва ундан таълим олиш насиб этмади. 1902 йилда Ҳошимхон эшон касалга чалиниб, навқирон ёшида вафот этди.
Атоуллохон тўрада ҳам бобо, ҳам ота қони гупирарди. Аммо у йигит бўлиб етилгунга қадар замоннинг тўс-тўполони чиқиб кетди. Кампирнинг охирги тишидек қимирлаб турган чоризм салтанати биринчи жаҳон урушига аралашди. Подшолик мустамлака ўлкалардан ички фронтга мардикорлар ола бошлади. Бу тадбирга қарши Туркистон ўлкасининг барча вилояту туманларида исёнлар бўлди.
Осмон узоқ, ер қаттиқ замонлар келди. Нон томда, калит Худода. Бир кун уруш бўлган уйдан қирқ кунгача барака кўтарилади. Ахир Россиянинг урушга аралашуви Туркистон халқларининг ҳам моддий шароитларини ин- қирозга учратди. Бу орада чоризмнинг бўшашиб қолганлигидан фойдаланган инқилобчилар тўс-тўполон бошлашди. Керенский дегани февраль инқилоби (1917 йил) қилиб, Петербург саройини эгаллади. Саккиз ойгина ўтиб большовой деган тўда Керенскийни ағдарди. Шундан кейин фуқаролар уруши бошланиб, одамлар синфларга ажралиб қолди. Анави бой, бу савдогар, ўттаси эшон-мулла, биз эса йўқсул деган гаплар чиқди. Атоуллохон тўрада илм қилишга на имкон, на шароит бор эди. Ота мерос мадрасани большовойлар эгаллаган, мадрасанинг вақф ерлари ислоҳот рўйхатига тушган эди. Боз устига эшонзода деган тамға билан уни турткилай бошладилар. Биргина Атоуллохон тўра эмас, Абулқосимхон эшон авлодларининг ҳаммаси таъқиб қилина бошланди. Худони ҳам, пайғамбарларни ҳам, уларнинг нурларини ташувчиларни ҳам баралла сўкадиганлар кўпайди. Даҳрий деган ном фахрийлашди. Атоуллохон тўрада худо берган ақл, куч, жасомат бор эди. Боз устига отадан эрта етим қолгани учун Қуръон, ҳадис илмларидан хабардор бўлган онаси уни ўзи ўқитган эди. Аммо онасидан олган бу илм замонга асқотмас, Худо бор, деган одамлардан ҳам синфий душман чиқарадиганлар топиларди.
Атоуллохон тўра таъқиблардан безди. Ота-боболаридан қолган китобларни сандиққа солиб беркитди. Қул ўлмас, ризқи камимас. Билакда куч бор экан, тирикчиликни ўтказиш мумкин. У Янги маҳалладаги ота ҳовлисини ташлаб Дўмбиробот деган мавзега сурилди. Бу ерда эндигина артеллар ташкил этила бошлаган, ишлайдиган одамларга ер берилаётган эди. Атоуллохон бола-бақраси билан ер олиб, деҳқончилик қила бошлади...
Ҳозирги Бешёғоч атрофлари Абулқосимхон эшонга тегишли ерлар эди, албатта, мерос тариқасида бу ерлар энди Атоуллохон тўрага тааллуқли бўлиши керак. Аммо большовойларда мулк муқаддас эмас, ҳамма нарса ўртада бўлиши керак экан.
Шу ўринда Ўткир Ҳошимовнинг ўзидан узунроқ кўчирма қилмаса гап ўхшамайроқ қолади. Бинобарин, у таржимаи ҳолида аждодлари ҳақида батафсил тўхталади, кенгроқ маълумот беради, бу шунинг учунки: “... эллик ёшга чиққунимча бобокалонларимнинг ким бўлганини билмаганман. 1991 йил таниқли олим ва журналист Сирожиддин Аҳмедов шажарамиз тўғрисидаги маълумотни қўлимга топширди. Кекса ёшдаги қариндошларимдан бу далилларни нега менга айтишмаганини сўраганимда, жуда асосли жавоб эшитдим. Гап шундаки, агар бу гапларни билганимда, қаердадир айтишим ёки ёзишим муқаррар эди. Шўро сиёсати эса, “халқ душманлари”га алоқадор бўлган одамни кўкартирмаслиги аниқ эди”.
Мен бу гапга ишонаман. Чунки Ўткир Ҳошимов ҳақиқат олдида ҳеч нарсадан тоймаслигини биламан. Аммо шундай таниқли одамлар бўлганки, отаси ё онаси “халқ душмани“ сифатида қораланган бўлса, буни то Мустақиллик йилларигача яширганлар, ҳатто ўша даврнинг ўзидаёқ фамиялиларини ўзгартирганлар. Таржимаи ҳолларини ёзганларида “пролетар ўғли“ бўлганларидан фахрланганлар. Агар қариндошларидан биронтаси “халқ душмани“ сифатида бадном этилган бўлса, ўша қариндошларининг авлодлари билан бегоналашиб кетганлар. Бундайлар, жойи келса, ватанни ҳам сотишлари турган гап.
Ўткир Ҳошимов давом этиб ёзади: “Фуқаролар уруши қизиган йиллари Бегларбеги мадрасаси олдида минглаб одамларни тўплаб, уларнинг дилига ваҳима солиш учун “намунали” қилиб отиб ташланганлар орасида онамнинг тоғаси Абдусафийхон ҳам бўлган. Бу бегуноҳларнинг “гуноҳи” ўз эътиқодидан воз кечмаганида эди, холос. Ўз ерларини шўрога топшириб, деҳқончилик билан кун кечирган Носирхон тўрани эса қўшниси Тўлаган қора деган шахс- нинг чақуви билан сургун қилиб, ўлдириб юборадилар. Тўлаган қора ўзи абгор қилган оила номусига ҳам кўз олайтирганда, оиланинг тўнғич фарзанди, ўн олти ёшли Абдуллажон бунга чидай олмай, маразни маст-аласт бўлиб ётганида чопиб ташлайди. Оила номусини асраб қолган йигитчани эса суд қилиб, отувга ҳукм этадилар”.
Бундай фожиали воқеаларни ҳам адиб болалагида эшитган, ўзи айтмоқчи, “элас-элас қулоғига чалинган”.
Фуқаролар уруши қизиган даврда, Сталин салтанати қутуриб, одам овлайдиган пайтда Тўлаган қоралар каммиди! Шундай маразлар биргина Абдусафийхон тоғага ёки Носирхон тўрагагина эмас, Абулқосимхон эшоннинг барча авлодларига тазйиқ ўтказганлар.
Кейинчалик Ўткир Ҳошимов “Тушда кечган умрлар“ романида болалигида эшитган бу воқеани Эшон, Фотима ва Ҳусан, Қурбоной образлари орқали ифода этган.
Атоуллохон тўранинг ободгина уй-жойини ташлаб Дўмбироботга сурилиб чиқиб кетиши беасос эмас эди. Оғзида, шуурида шунча илм бўлган Атоуллахон тўра бола-чақаси билан Дўмбиробот яқинидаги Текстилькомбинатда, кейин шу комбинат қошидаги болалар дам олиш лагерида ишлашга мажбур бўлди.
Халқда арпа буғдой бўлди, буғдой арпага айланди, деган гап бор. Ана шундай арпа-буғдойлар аралашган замонлар келган эди. Шўро сиёсати ана шу нарсани амалга оширди. Бу сиёсат бешта бармоқни кесиб баробарлаштирди.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:42   #240  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Тушса сенга бир худоёрнинг кўзи,
Ёр бўлур сенга Худойимнинг ўзи.
Жалолиддин Румий


Ҳар қандоқ касб-ҳунар эгаси онасининг қорнидан ўша касбини ё ҳунарини олиб тушмайди. Аммо истеъдод туғма бўлади, деган гап рост. Пушкин туғма истеъдод бир фоиз бўлади, меҳнат билан камол топиб, юз фоизга етади, деган экан. Эҳтимол. Нафсиламрини айтганда, ўша бир фоиз истеъдод модомики туғма экан, демак, у илоҳий. Бинобарин, бу илоҳий неъмат юқтирганга юқади. Аммо истеъдоднинг том бўлиши учун муҳит ва тарбия ҳам муҳим аҳамият касб этади. Гегелнинг қайд қилишича, истеъдодли одамларни муҳит яратмайди, балки унинг ҳали юзага чиқиб улгурмаган ички руҳиятининг туғёни истеъдодини вужудга келтиради.
Гегель бу фикрни қайд этганда илоҳиётга суянган бўлиши керак; маълумки, Гегель ўз диалектик назариясини яратишда Жалолиддин Румийнинг олам ва одам ҳақидаги фикр- ларини асос қилиб олган. Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”, “Ичиндаги ичиндадир” сингари йирик асарларида, ғазалларида инсон комиллиги ва комилликка олиб борувчи тарбия ҳақида гапирар экан, инсондаги ички қувват ва қудратни юзага қалқитишда энди илоҳий неъмат эмас, энг аввало, муҳит, муҳит ичида эса инсоннинг нафсга қарши кескин кураши катта аҳамият касб этишини таъкидлаган эди.
Аммо ички туғён ҳар бир инсонда бор; шуниси борки, ҳар қандоқ туғён истеъдодни юзага чиқаравермайди, айтайлик, ҳаммолда ҳам ички туғён бўлади, у ҳам нимадандир норози, нималар биландир келишмайди, қандайдир ҳодисалар унинг жиғига тегади, буйруқлар уни толиқтиради, ҳатто таҳқирлайди, аммо унинг бу ички туғёнлари истеъдод дегани эмас. У ички туғёнини бақириқ-чақириқ, сўкиниш, борингки, кўз ёшлари билан ташқарига чиқаради, холос. Бу туғён шахсий норозиликни қўполгина ифода этади. Ёзувчи, шоир, санъаткор ёхуд олимнинг туғёни бошқа: у халқ дилидаги туғённи ифодалайди. Бунинг учун шу туғённи ифодалай оладиган даражада катта истеъдод керак.
Масалан, Ўткир Ҳошимовнинг “Қалбнинг оппоқ дафтари” мақоласини оддий педагог ҳам ёзиши мумкин; у ҳам ўқитувчи обрўси ҳақида тўлиб-тошиб гапира олади, аммо унинг ёзганлари дилларни туғёнга сола билмайди, чунки бадиият, бадиий сўзни танлай билиш қобилияти йўқ.
Истеъдоднинг икки омили бор: нозик таъб ва ингичка ҳиссиёт. Бу икки омилни кучайтирадиган, уларга қувват бахш этадиган яна бошқа ёрдамчи кучлар бор:
биринчиси — кузатувчанлик, иккинчиси — ҳофиза қуввати, учинчиси — тасаввур, тўртинчиси — танлаш, бешинчиси — баён қила олиш. Лекин бу омилларни етаклаб юрадиган нозик таъб ва ингичка ҳиссиётдир. Ана шу икки омилни Худо юқтиради.
Кузатувчанлик ҳамма одамда бор: одам Ер юзидаги заррадан осмондаги ғуборгача кузатиши мумкин; ёки астроном телескоп орқали коинотнинг зарра-зарраларигача кузатади; қайси самовий мавжудот қаерда ва қандай жойлашганлиги ва қай томонга силжишини ҳам билади. Агар унда нозик таъб бўлмаса, ингичка ҳиссиёти ишга тушмаса, у ойни кузатгани билан “ой-да”, деб қўя қолади, аммо “ойнинг нурафшон нурлари” ёки “кўройдин”, дея олмайди. “Ёнғоқзор ортидан нимтатир тутун кўтариларди” (“Икки эшик ораси”). Бундай тасвирни келтириш учун ёзувчидан синчков кузатувчанлик талаб этилади. тутуннинг нимтатирлигини ифодалаш учун эса, нозик таъб керак.
Эмил Золя натурачи адиб сифатида бирон дарахт баргининг ингичка томирларидан тортиб, рангларигача, унга қўнган чангнинг зичлигигача тасвирлайди. Оддий кўз билан кузатганда ҳам шундай тасвирлаш мумкин, ботаник эса, буни жуда билимдонлик билан тасвирлай олади, аммо у тасвир кишини тўлқинтирмайди, ҳатто зериктириши мумкин, лекин Эмил Золяда нозик таъб ва ингичка ҳиссиёт бўлгани учун унинг тасвиридан китобхон зерикмайди, завқ олади.
Ёки одамнинг қиёфасини, бўй-бастини аниқ, жонли кўрсатиб бериш учун ҳам ҳиссиёт ва нозиктаъблик керак. Бадииятдан узоқ одам бўйи паст одамни пакана, пакар, калта, жиллақурса, бир қарич деб қўя қолади. Ўткир Ҳошимов “Икки эшик ораси” романида Ҳусан дўманинг бўй-бастини кўрсатиш учун жонли бир образ яратган: “Худди ерга чуқур қоқилган қозиққа ўхшайди”. Бу тасвир дарҳол кўз олдимизга ер тагидан бўй кўрсатган пиёздек пак-пакана одам қиёфасини келтиради. Ёхуд шу романда момақалдироқ тасвири бор. Оддий одам момақалдироқнинг жуда ҳам даҳшатли гумбурлашини тасвирлаб беролмайди ёки кўз олдингизга келтиролмайди. Табиатшунос момақалдироқ гумбурлади ёки жуда образли қилиб айтгиси келса, қалдиради, дейди, корафта ёзувчи эса: “...момақалдироқ гумбурлади. Бу сафар шунақа қаттиқ сурон солдики, назаримда осмон чил-чил бўлиб кетди...” (“Икки эшик ораси”), деб момақалдироқнинг даҳшатини кўз олдингизда гавдалантиради.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх