Кеч соат саккизларда ишдан чиқиб метро томон пиёда кетаётганимда жуда қаттиқ қор ёғаётган эди. Ҳар бир қадамим, номига сирғанарди, қор ҳаммаёқни қоплаган. Айрим жойларда кундузи номига эриб, машиналар ғилдирагидан сўнг эриб, сув холатига келган қорлар жирканч холатда эди. Этигим негадир сув ўтказиб юборди. Жуда дискомфорт холат. Метрога тушиб кетаётганимда бир бола тиланчилик қилаётганини кўрдим. Совуқ ўзимдан ўтиб кетганигами, оёғим хўл бўлганигами, бу болага қараб жуда рахмим келди. Чўнтагимдан 500 сўм пул чиқариб узатдим. Пулни олмасдан, ” - Ака, ман тиланчи эмасман, бир гап этаман, агар ишонсангиз пулни оламан” – деди. Индамай, ноқулай аҳволда турганимни кўриб гапида давом этди. “– Бу ёғаётган қор, аслида йўқ. Ман совуқ йеб ўтиришим ҳам сизга кўриняпти халос. Этигиз сув ўтказиб юборгани ҳам сизга туюляпти, қаранг, аслида туфлидасиз. Ва мани бу ерда анави милиция ходими ўтиришимга йўл қўймас эди.” Қандайдур томи кетган болами деб, совуқда турмай, индамай йўлимда давом этиб уйга кетдим.
Орадан вақт ўтди. Яна ишдан соат саккизларда чиқиб метро томон юрдим. Метрога тушиб кетаётиб жетон учун пул олиш мақсадда чўнтагимдан пул чиқарганимда битта 500 сўмим ерга тушиб кетти. Энди оламан деб турганимда, бир бола қаердандур пайдо бўлиб, пулни олиб, “ – Энди ишондизми?” – деб йўлида давом этиб метрога тушиб кетти. Жойимда туриб, 2 ой олдин бўлган воқеа эсимга тушди. Осмонга қарасам, мусаффо, битта ҳам булут йуқ, тинч турар эди. Оёғимга қарасам туфлидаман. Нарироқда эса бир милиция ходими вазиятга қараб турарди...
© Миамир ва Ман.
|