Хотирамда ёрқин из қолдирган яна бир ўқитувчим Меҳмонали Турсунов домла бўлиб, бу киши, болалик тасаввуримда Эрматовдан ҳам олийжаноб эди. У бизни тўртинчи ўқитганди. 1947 йили еттинчи синфни битираётган йилимиз мактабимизга тўрт киши Қўқон шаҳридаги ўғил болалар педагогика билим юртида ўқиши учун таклиф билан келибди. Шундан тўрт болани танлашди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Меҳмонали домла колхоз аравасида бизни олиб жўнади. Фарғона каналидан ўтгач, Охунҳайдар деган жойга етганимизда Маҳмуджон ўртоғим "бизни уруш бўлган ерларга қурол-яроғ тердиргани олиб кетишяпти", деб қолди. Бу гап тўртталамизга ҳам бирдан қаттиқ таъсир қилди.
Ўша йиллари урушнинг даҳшати ҳали тугамаганди. Кўз очиб юмгунча аравадан сакрадик-да, домланинг ҳай-ҳайлашига қарамай ура солиб қишлоқ томон қочдик. Ўқитувчимиз изма-из қувлаб келяпти. Аравакаш Холбек ака эса ортимиздан от солиб, Фарғона каналининг кўприги олдида йўлимизни тўсиб бизни тўхтатди. Ортимиздан ҳансираганча етиб келган Меҳмонали ака қўлларимизни ушлаганича, тўсатдан ҳўнграб йиғлаб юборса бўладими.
- Болаларим! Мен сизларни ўқисин, қишлоққа маданиятли қиши сифатида қайтсин, ўрнимга ўқитувчи бўлсин, деб Қўқон шаҳридаги ўғил болалар педагогика билим юртига олиб кетаяпман, сизлар нима деб ўйладинглар, болаларим,-деб йиғларди. Биз унинг гапларига ишониб, яна йўлга тушдик. Етиб борганимиздан кейин бизни жойлаштирди. Қочиб кетишимиздан хавфсираб илим юрти ёнидаги чойхонада ўқитувчимиз уч-тўрт кунгача қолди. Ҳар куни келиб, бизни овқатлантирар, илиқ гаплар айтиб ўқиб муаллим бўлишга ундарди. Биздан ваъдани олгач, кейин қайтиб кетди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
|