Бундай англамаслик келиб чиқмаслиги учун матнни таржима қилишга буюртма берган буюртмачидан қуйидагилар сўраб олинади:
а) таржима намуналари – ўхшаш мавзуга доир олдин таржима қилинган бирор-бир матн ёхуд керакли атамалар қўлланилган бошқа ўхшаш матнлар. Агар буюртмачида бундай матнлар бўлмаса, Интернетда қидирилади;
б) корпорацияга қарашли глоссарий (агар буюртмачининг ўз таржималар бўлими ёки штатида лоақал битта таржимон бўлса) ёхуд ТМ (translation memory) – агар таржима ишлари илгари таржима қилинган матнлар жамғармасининг махсус тизимлари қўлланилган тарзда амалга оширилган бўлса;
в) муҳандислар ва бошқа мутахассислар билан консультация қилиш имконияти – улар чет тилидан умуман бехабар бўлишлари ҳам мумкин, бироқ энг муҳими улар муайян атама ўзбек тилида қандай айтилишини биладилар. Мисол учун, таржимон қуйидагича савол бериши мумкин: «Мана бу ерда самолёт қанотининг шундай қисми тўғрисида гап бормоқдаки, агар уни сўзма-сўз таржима қилсак «охирги тараф» (trailing edge) деган маъно англатади, нима дейсиз?». Авиация мутахассиси шу заҳоти (айниқса расмга қараса): «Ўзбекчасига бу, айтайлик, «қанотнинг ортки қирраси» деб айтилади» дейди.
Шунга эътибор қаратиш керакки, техник адабиётларни таржима қилиш жараёнида расм, чизма ва бошқа кўмакчи материаллар хизмати бебаҳодир. Бундай таржимада чизмаларни ўқий билиш қобилияти хорижий фразеологияларнинг икир-чикирларини билишдан ёки классиклар асарларини ёддан цитата келтириш қобилиятидан афзалдир. Кўпчилик онгида таржима қилиш учун тилшунослик университетларини тамомлаш шарт деган янглиш тасаввур шаклланган. Бундай маълумотнинг фойдаси катта, албатта. Бироқ, техник матнларни таржима қилувчи профессионал таржимонларнинг аксарияти олий илмий-техник маълумотга эга. Келгуси фаолиятларида тилга қизиқишлари уларни тилшуносликка оид иккинчи маълумот олишга етаклаган. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб техник адабиёт таржимонлари учун ўз соҳасига оид маълумотлари етарли бўлиб, ихтисослик бўйича тўплаган тажрибалари таржима соҳасида муваффақият қозонишларига сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам, одатда, энг моҳир техник адабиёт таржимонлари тил мутахассислари орасидан эмас, балки техник маълумотга эга мутахассислар орасидан етишиб чиқади.
Етарлича йирик лойиҳа устида олиб борилаётган таржима ишлари ҳамда буюртмачи корхонасида ишлаётган мутахассислар ва мустақил экспертлар билан консультациялар жараёнида лойиҳанинг ўз луғати шаклланади ва аксарият ҳолларда ушбу глоссарий буюртмачига топширилиб, унинг таржимонлари томонидан келгусида қўлланилади. Баъзи ҳолларда эса ёлланган таржима агентлигининг ишланмалари сақланади ва зарур бўлганда ТМ (translation memory) шаклида ҳавола этилади.
|