Ulugbek Hamdam |
17.06.2011 14:32 |
Жаҳолатга қарши исён
Цитата:
“Руҳлар исёни” достонининг бадиий ҳақиқати ана шундай аччиқ ҳаёт ҳақиқатини инкор этмайди. Аксинча, шоир унда борини борича акс эттиришга, тўғрима-тўғри бўлмаса, айланма йўллар билан дардини айтишга уринади ҳамда бунга, асосан, эришади ҳам.
Достонда “Исён қўшиғи” бор. Унда шоир Эркин Воҳидов Назрул Ислом тилидан зулм ва истибдодга қарши оташин қўшиқ битади:
“Сўйла, инсон,
Сўйла, қаддинг кўтариб баланд
Юксакликда сенинг қадринг
Ҳимолай монанд...
Уйғонмоқнинг вақти келди,
Бош кўтар, уйғон!
Бош кўтаргил,
Минг йил тўккан
Кўз нуринг ҳаққи.
Қўзғал,
Асрий қуллик буккан
Ғуруринг ҳаққи.
Қўзғал,
Буюк Тожмаҳалнинг
Шукуҳи учун.
Қўзғал,
Улуғ боболарнинг
Пок руҳи учун.
Эрк бонгин ур,
Сен интиқом –
Таблин баланд чол.
Туғулгансан озод,
мудом
Озод бўлиб қол”.
Асрлар мобайнида бундай ижтимоий-сиёсий мазмундаги шеърга дуч келмаган шарқ инсони ҳайратланиб ёқа ушлайди. Кими “бу шеър эмас, агар шеър бўлса, қани унда гуллар рақсию булбуллар навоси?” деса, бошқаси “Бу шеър Шарққа хосдир, наҳот! На ишқий, на риндона. Бундай ашъор Саъдийга ёд, Ҳофиз учун бегона” дея ёзғиради. Ниҳоят, улардан ҳиндулари Назрул Исломни “жобон”, мусулмонлари эса “кофир” деб эълон қилишади. Қаранг, оломон ҳам Назрул Исломнинг тўғри гапни айтаётганини билишади, лекин... “Ул кун Будда: Мард агар сен Дардни ичга ют, деган. Ул юзингга сен, Бул юзинингни тут, деган”, “У дунёда бахтинг таъмин, Бу дунёда чексанг ғам”, Шундай дея берган таълим Ул... Устоди мукаррам” дейишади ва шоирнинг исён қилгани учун, зулм ва истибдодга, ҳақсизликка қарши чиққани учун, қадим Шарқ анъаналарига риоя этмагани учун маломат қилишади. Эътибор беринг, азиз ўқувчим, айнан шу фаслда оломонга хос бўлган бир қирра очилиб қолмоқда, у ҳам бўлса, ҳақиқатни кўриб туриб ундан кўз юмиш, билиб туриб ўзни билмасдек тутиш:
“Ҳа, зулм бор, ҳақсизлик бор,
Барчага бу аёндир.
Аммо буни зинҳор-зинҳор
Айтиб бўлмас замондир”, –
дейди оломоннинг бир томони. Бошқа томони унга жўр бўлади:
Ҳамма билар,
Инсон эркин – яшаши шар пойидор,
Биз ҳам айтсак бўлар,
лекин
Уйда бола-чақа бор”.
Мана, кўринг, томоша қилинг энди. Назрул Ислом кўриб, тушуниб етган ҳақиқатни қолганлар ҳам билар экан... Улар ҳам мамлакат ёвнинг мустамлакаси остида эзилиб ётганини кўриб туришар экан. Фақат... фақат тиллари соқов қулоқлари кар экан уларнинг. Чунки шундай қилинганда ҳеч ким уларни бошқалардан айириб олиб туртмас, урмас, қийнамас, чопмас ва оловда ёқмасди. Оломон зўр келганда, аслида, бола-чақасини ҳам ўйламайди, бола- чақа бу – бир ниқоб, улар шу ниқоб остига одатда, ўз ширин жонларини яширмоқчи бўлади. Қолаверса, бу ўринда ишлатилган “бола-чақа” сўзи фарзандлар сўзининг синонимигина эмас, балки ундан каттароқ, кўпроқ маъноларга эгадир. “Уйда бола-чақа бор” дегани бир томонда ҳақиқатни айтиш ва балоларга гирифтор бўлиш бўлса, бошқа томонда тинчгина умргузаронлик қилиш бор ва бунинг ичига уйдаги бола-чақаю хотин-халаждан тортиб қозон-товоғу ширин таомгача киради, деганидир.
Юқорида шоир Эркин Воҳидов достон майдонида айтмоқчи бўлган дард даражасига етган айрим оғриқларини айланма йўллар билан бўлса-да, барибир, ўқувчига етказади, дедик. Бу адабиётнинг, санъатнинг буюк имкониятидир, аслида. Эндигина ўқиганимиз парчалар бир томондан оломон психологиясини очиб беришга хизмат қилса, иккинчи томондан оломон тилидан айтилаётган аччиқ ва алмли иқрорлар достон ёзилган етмишинчи йиллар адоғида ҳукмрон советлар давлатига нисбатан ўзига хос айбловдек жаранглайди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, воқеалари ўзга мамлакатда кечаётган достонда бировнинг номидан бошқа бировга қарата айтилаётган бўса ҳам шоир: “Ҳа, зулм бор, ҳақсизлик бор, Барчага бу аёндир. Аммо буни зинҳор-зинҳор Айтиб бўлмас замондир” деб турса, бу мисралардаги ҳақ гап қўштирноғу ўтмишлар занжирини, чет мамлакатлар чегараларидаги симтиконлар тўрини парчалаб шоир яшаётган улкан мустамлакачи мамлакат сарҳадларига, у орқали бутун ўқувчилар армиясининг ақл ва юрак майдонларига вулқондек отилиб кириб келмаслиги мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки менинг ўзим ўн тўрт ёшимда тузукроқ англаб-англамай айнан юқоридаги мисраларни достондан узиб олиб мактабда, пахта далаларида баралла айтиб юрганимни аниқ-тиниқ хотирлайман. Худо раҳмат қилгур акам Ойбек бўлса, тўйларда сўзга чиқиб келин-куёвга бағишлаб бутун бир достонни ёддан айтиб берарди. Албатта, базмдагиларнинг кўпчилиги тушунмас ва бу қадар узун “шеър” ўқиган ҳамқишлоқларидан норози бўлишарди. Лекин алпқомат ва қайтмас акам билан юзма-юз бўлишдан қўрқиб, уларниг биронталари юрак ютиб ошкора қаршилик кўрсатишмасди. Гўринг нурга тўлгур акам бўлса, кўзларини чирт юмганча худди ёрига ўзи ёзган ишқий шеърини ўқиб бераётгандек ҳаяжон, ҳарорат ва баландлик билан достонни айтиб тебранар, тебраниб айтарди. Энди ўйлаб қарасам, акам мендан каттароқ бўлгани учун “Руҳлар исёни” достонининг асл моҳиятини кенгроқ ва чуқурроқ тушунган. Инчунин, ҳар сафар уни ёддан ўқиганда достондаги Назрул Ислом ҳақиқатига ўз ҳақиқатини, Назрул Ислом дардига ўз дардини қўшиб ўқигандек яйраган экан. Йўқ эса, йигит ёши яшнаб турган акам нега ёр васфи куйланган шеърларни эмас, тутқунлик ва озодлик, жаҳолат ва маърифат дарж этилган достонни худди ўз дардидек кўча-кўйда, тўй-ҳашамда, ҳамма-ҳамма ерда куйлаб юрарди... Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ёддан ўқилганда шеърнинг нуқта-вергули, қўштирноғи айтиладими? Мисол учун, “қўштирноқ, Ҳа зулм бор, ҳақсизлик бор, Барчага бу аёндир...” дейиладими? Йўқ, албатта! Достон парчаси “енгилмас ва парчаланмас, абадул-абад туради” дейилган Советлар давлатининг фуқаро-тингловчиси қулоғига айнан “Ҳа зулм бор, ҳақсизлик бор...” шаклида етиб боради ва у мушоҳада қила бошлайди: ноҳотки, буни ёзишяпти экан? Чоп этишибди-ку. Нима бўлганда ҳам барака топишсин. Ўзи бор гапда!.. Эртасига қарабсизки, ўқувчи ҳам тахминан ўша мисралар маъносига яқин гапларни айтиб юрган бўлади. Ахир, достон 1978 ва 1979 йилларда ёзилган. Улкан мамлакатдаги қайта қуришга, демократияга ва ниҳоят, мустақил давлатлар ҳамдўстлигига бор йўғи беш-ўн йил қолганди ўшанда. Демак, – дея хулоса қилсак ярашади, – қайта қуришлар, демократиялар ва мустақил давлатлар ўз-ўзидан бино бўлгани йўқ, балки одамларнинг ҳаққа ва ҳақиқатга бўлган ана шундай интилишидан, кайфиятидан дунёга келган “Руҳлар исёни” достони эса ўзбек зиёлиларининг ҳақиқат ва озодлик томон энг катта парвозларидан бирида ёзилгандир!
|
|