PDA

Просмотр полной версии : Шеъриятни қалбларга кўчирган шоир - Эркин Воҳидов


Nigora Umarova
06.06.2011, 13:49
Шоир бўлсанг бўлсин қалбинг
Элга қурбон бўлгулик
Шоир бўлсанг, бўлсин халқинг
Сенга қалқон бўлгулик.
Эркин Воҳидов

Эркин Воҳидов. Эл суйган шоир Эркин Воҳидов қўлига ижод қаламини олганига ҳам олтмиш йилдан ортиқ вақт ўтди. Устоз шоирнинг шеъриятга ошно бўлишларида Ғайратий тўгараги, Миртемир семинари, Ўзбекистон Миллий университетидаги ижодий муҳит катта таъсир қилганлигини қўп марта эътироф этганлар..
Эркин Воҳидов шоир сифатида шаклланган эллигинчи йиллар ўрталари, 60 -йиллар бошлари жамиятда янги руҳ, янгича қарашлар қарор топаётган давр эди; адабиёт ва санъатда ҳам янгиланиш белгилари пайдо бўлди, ижод заминий ҳисларга, ҳақиқатга, инсон қалби манзараларига яқинлаша бошлади. Бироқ бу жараён осонликча кечгани йўқ. Шоирнинг шеърлари 50-йиллар бошида ёзган табиат манзаралари ҳақидаги болаларча содда масъум сатрларидан тортиб, 1992 йили чоп этилган мардона, шафқатсиз ҳақиқат ёғдулари билан йўғрилган, ўзини чуқур тафтиш этган қалб туғёнидан иборат шеърларига қадар босиб ўтган ижодий йўлига назар ташланганда, бунга яна бир бора иқрор бўласан киши.

Муҳтарам форумдошлар!
Навбатдаги суҳбатдошимиз Ўзбекистон халқ қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, халқимизнинг ардоқли фарзанди Эркин Воҳидовдир.

albatros
06.06.2011, 14:18
Vatanimiz boshiga musibatli kunlar tushganida ham o'z istiqloli uchun qalbdagi tuyg'ularini baralla ayta olgan bu shoirimizga tasannolar aytsak arziydi. Uning har bir she'rlarida insonning yuragida his uyg'otadigan kuch mavjud.

O`ZBEGIM

Qasida

Tarixingdir ming asrlar
Ichra pinhon, o‘zbegim,
Senga tengdosh Pomiru
Oqsoch Tiyonshon, o‘zbegim.

So‘ylasin Afrosiyobu
So‘ylasin O’rxun xati,
Ko‘hna tarix shodasida
Bitta marjon, o‘zbegim.

Al Beruniy, Al Xorazmiy,
Al Forob avlodidan,
Asli nasli balki O’zluq,
Balki Tarxon, o‘zbegim.

O’tdilar sho‘rlik boshingdan
O’ynatib shamshirlarin
Necha qoon, necha sulton,
Necha ming xon, o‘zbegim.

Tog‘laring tegrangda go‘yo
Bo‘g‘ma ajdar bo‘ldi-yu,
Ikki daryo - ikki chashming,
Chashmi giryon, o‘zbegim.

Qaysari Rum nayzasidan
Bag‘rida dog‘ uzra dog‘,
Chingizu Botu tig‘iga
Ko‘ksi qalqon, o‘zbegim.

Yog‘di to‘rt yondin asrlar
Boshingta tiyri kamon,
Umri qurbon, mulki toroj,
Yurti vayron, o‘zbegim.

Davr zulmiga va lekin
Bir umr bosh egmading,
Sen - Muqanna, sarbador - sen,
Erksevar qon, o‘zbegim.

Sen na zardusht, sen na buddiy,
Senga na otash, sanam,
Odamiylik dini birla
Toza imon, o‘zbegim.

Ma’rifatning shu’lasiga
Talpinib zulmat aro,
Ko‘zlaringda okdi tunlar
Kavkabiston, o‘zbegim.

Tuzdi-yu Mirzo Ulug‘bek
Ko‘ragoniy jadvalin,
Sirli osmon tokiga ilk -
Qo‘ydi narvon, o‘zbegim.

Mir Alisher na’rasiga
Aks-sado berdi jahon,
She’riyat mulkida bo‘ldi
Shohu sulton, o‘zbegim.

Ilmu she’rda shohu sulton,
Lek taqdiriga qul,
O’z elida chekdi g‘urbat,
Zoru nolon, o‘zbegim.

Mirzo Bobur - sen, fig‘oning
Soldi olam uzra o‘t,
Shoh Mashrab qoni senda
Urdi tug‘yon, o‘zbegim.

She’riyatning gulshanida
So‘ldi mahzun Nodira,
Siym tanni yuvdi ko‘z yosh,
Ko‘mdi armon, o‘zbegim.

Yig‘ladi furqatda Furqat
Ham muqimliqda Muqiym,
Nolishingdan Hindu Afg‘on
Qildi afg‘on, o‘zbegim.

Tarixing bitmakka, xalqim,
Mingta Firdavsiy kerak,
Chunki bir bor chekkan ohing
Mingta doston, o‘zbegim.

Ortda qoldi ko‘hna tarix,
Ortda qoldi dard, sitam,
Ketdi vahming, bitdi zahming,
Topdi darmon, o‘zbegim.

Bo‘ldi osmoning charog‘on
Tole xurshidi bilan,
Bo‘ldi asriy tiyra shoming
Shu’la afshon, o‘zbegim.

Men Vatanni bog‘ deb aytsam,
Sensan unda bitta gul,
Men Vatanni ko‘z deb aytsam,
Bitta mujgon, o‘zbegim.

Faxr etarman, ona xalqim,
Ko‘kragimni tog‘ qilib,
Ko‘kragida tog‘ ko‘targan
Tanti dehqon, o‘zbegim.

O’zbegim deb keng jahonga
Ne uchun madh etmayin!
O’zligim bilmoqqa davrim
Berdi imkon, o‘zbegim.

Men buyuk yurt o‘g‘lidurman,
Men bashar farzandiman,
Lek avval senga bo‘lsam
Sodiq o‘g‘lon, o‘zbegim.

Menga Pushkin bir jahonu
Menga Bayron bir jahon,
Lek Navoiydek bobom bor,
Ko‘ksi osmon, o‘zbegim.

Qayga bormay boshda do‘ppim,
G’oz yurarman, gerdayib,
Olam uzra nomi ketgan
O’zbekiston, o‘zbegim.

Bu qasidam senga, xalqim,
Oq sutu tuz hurmati,
Erkin o‘g‘lingman, qabul et,
O’zbegim, jon o‘zbegim.

Nigora Umarova
06.06.2011, 14:19
Шоирнинг бутун ижод йўли баҳс-мунозаралар ичида кечди. Шоир ўз қўлига қурол-шеър, унинг табиати, шоирнинг бурчи, масъулияти хусусида қўп ўйлайди, шеър ва шоир ҳақидаги қарашларини баён этади. У шеър ва шоир хусусида сўз очганида, ҳар доим ижод машаққатларини, шоир учун осон эмаслигини алоҳида таъкидлайди. "Шоирлик-бу ширин жондан кечмакдир", шоир инсон ва жамият, инсоният яшайдиган заминдаги ҳамма воқеалар учун ниҳоятда масъул шахс; "Инқилоб зилзиласининг марказида шоирлар қалби", у "Ҳақ йўлда фидойи аскар", "Шоирнинг дарди-халқнинг дарди". "Агар ҳар бир сўзи халқнинг, даврнинг нидоси бўлса, у шоир-бахтли", дейди у. Шоир халқнинг, даврнинг нидоси бўла оладиган асарлар яратгунга қадар ҳар хил кўчаларга кириб чиқди.

https://img.uforum.uz/images/cofvwuj9006636.jpg

Nigora Umarova
06.06.2011, 14:25
Эркин Воҳидов

1936 йил. Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. Тоғаси юрист Карим Саҳибоев қўлида тарбияланади.
1945-55-йиллар. Ўрта мактабда ўқиди, Островский номли ўқувчилар саройида шоир Ғайратий раҳбарлик қилган тўгаракка қатнайди.
Биринчи шеъри 7-синфда ўқиётган пайтида “Муштум” журналида чиқади.
1955-60 йиллар. ТошДУ(ҳозирги Ўзб.Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олади.
1960-63 йиллар. “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир. “Буюк ҳаёт тонги” достонини ёзди.
1961 йил. Биринчи шеърлар тўплами - “Тонг нафаси” нашр этилди.
1962 йил. “қўшиғимиз сизга” шеърий китои босилди.
1963-70 йиллар. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир.
1963 йил. “Юрак ва ақл” шеърий тўпламини нашр эттиради.
1964 йил. Сергей Есениннинг “Форс тароналари”ни таржима қилади.
1965 йил. “Нидо” достони яратилади.
1966 йил. “Палаткада ёзилган достон” асарини ёзади.
1969 йил. “Ёшлик девони” китоби босилди, “Олтин девор” комедияси саҳналаштирилди.
1970 йил. “Чароғбон” шеърий китоби (ундан “Чароғбон” достони ўрин олган) чрп этилди.
1970- 75 йиллар. Немис шоири Иоган Волфганг Гётенинг “Фауст” трагедиясини таржима қилди.
1972 йил. “Қуёш маскани” достони ёзилди.
1975 йил. “Ҳозирги ёшлар” шеърий тўплами, “Бахмал” асари яратилди.
1975-82 йиллар. “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир.
1976 йил. “Муҳаббат” шеърий тўплами босилди.
1978 йил. “Тирик сайёралар” шеърий тўплами чиқди.
1980 йил. “Руҳлар исёни” достонини ёзди.
1981 йил. “Шарқий қирғоқ” шеърий тўплами яратилди.
1982 йил. “Кўҳи нур” достони ёзилди.
1982 йил. “Ёшлик” журнали бош муҳаррири.
1983 йил. “Келажакка мактуб” шеърий китоби яратилди.
1983 йил. “Шарқий қирғоқ”, “Руҳлар исёни” достони учун республика Давлат мукофоти берилди.
1986 йил. “Бедорлик” шеърий китоби чоп этилди.
1986 йил. Икки жилдлик “Сайланма” (“Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома”) шеърий тўплами босилди.
1986 йил. “Истамбул фожиаси” драмаси яратилди.
1986 йил. Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди.
1987 йил. “Шоиру шеъру шуур” китоби босилди.
1991 йил. “Ўртада бегона йўқ”, “Куй авжида узилмасин тор” шеърий китоблари босилди.
1991 йил. Туркия ёзарлар бирлигининг Юнус Эмро номли мукофоти соҳиби.
1996 йил. "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланди.
1999 йил. Ўзбекистон қаҳрамони унвони берилди.
2000 йил. “Ишқ савдоси” китоби чоп этилди.
2001 йил. “Шеър дунёси”, “Умрим дарёси” тўпламлари босилди.
2006 йил. “Ўзбегим” шеърий тўплами чиқди.
2010 йил. “Орзули дунё”, “Табассум” китоблари чоп этилди.

Nigora Umarova
06.06.2011, 14:35
Муҳтарам форумдошлар!

Шеърият ихлосмандларини жорий йилнинг 10 июнида, соат 14.30 да UZINFOCOM марказига Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов билан "Шоиру шеъру шуур" деб номланувчи ижодий мулоқотимизга таклиф этамиз.

Nigora Umarova
06.06.2011, 15:59
Vatanimiz boshiga musibatli kunlar tushganida ham o'z istiqloli uchun qalbdagi tuyg'ularini baralla ayta olgan bu shoirimizga tasannolar aytsak arziydi. Uning har bir she'rlarida insonning yuragida his uyg'otadigan kuch mavjud.

O`zbegim
Qasida

Tarixingdir ming asrlar
Ichra pinhon, o‘zbegim,
Senga tengdosh Pomiru
Oqsoch Tiyonshon, o‘zbegim....


"Ўзбегим" қасидаси ҳақида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов билан бўлиб ўтган суҳбатларимиздан бирида шундай деган эдилар: "Ҳақиқий ижодкор ўз халқининг фидойи ва содиқ фарзанди бўлади. Бу ҳамма замонларга, ҳамма халқларга хос удум. Эркин Воҳидовнинг талай асарлари бунга мисол бўла олади. Биргина "Ўзбегим"ни олинг! Ўз вақтида шоирнинг бошига кўп савдолар солган, "пешонасини ғурра қилган" бу қасидани ўзбекнинг гимни дейиш мумкин. Аммо бу оддий мадҳия, фахрия эмас. Ҳажми кичик асарда халқимизнинг минг йиллик тарихи, қувонч ва изтироблари ғоят табиий, ғоят теран акс этган. Бир мактабга борганимда бутун синф болалари "Ўзбегим"ни бошидан охиригача жўр бўлиб ёддан ўқиганини кўрганман ва халқимизнинг шундай шоири борлигидан фахрланганман..."

Muhammad Ismoil
06.06.2011, 21:02
Ассалом алайкум муҳтарам устоз ! Авваломбор Форумимизга хуш келибсиз! Иштирок этишга розилик билдирганингиздан беҳад хурсандмиз.Сизга савол билан эмас, илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Ҳали ҳеч жойда чоп этилмаган энг янги шеърларингизни Форумга тақдим этаоласизми ?

Husen
07.06.2011, 10:12
Бу каби учрашувларнинг тез-тез уюштириб турилаётганлиги учун ташкилотчиларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз!
Аммо, учрашувда иштирок этолмаганлар ёки иштирок этишга имкони йўқларнинг қизиқишларини ҳам унутиб қўймаслик керак. Одатда бу каби учрашувлардан сўнг фоторепортаж тақдим қилиш билан кифояланиб қолинмоқда. Учрашувда қандай саволлар ўртага ташланди, жавоблар қандай бўлди батафсил репортажлар, имкони бўлса учрашувнинг тўла матн версияси тақдим қилинса яна ҳам аъло бўларди. Акс ҳолда бу каби учрашувларнинг унда иштирок этган саноқли кишилардан ташқари кенг жамоатчиликка нафи тегмай қолади!

Ҳурмат билан...

Bekmirzo
07.06.2011, 11:20
... Учрашувда қандай саволлар ўртага ташланди, жавоблар қандай бўлди батафсил репортажлар, имкони бўлса учрашувнинг тўла матн версияси тақдим қилинса яна ҳам аъло бўларди. Акс ҳолда бу каби учрашувларнинг унда иштирок этган саноқли кишилардан ташқари кенг жамоатчиликка нафи тегмай қолади!
...:buba:
Husenga shunaqa ijodiy uchrashuvlarda stenograflik (yoxud protokol) vazifasini yuklashni taklif qilaman. :) ;)

Bekmirzo
07.06.2011, 11:33
1) Yohann Volfgang fon Gyote o'zining "Faust" tragediyasini 1770-yilda yozishni boshlagan. Hurmatli shoirimiz Erkin Vohidov esa ushbu asarni O'zbek tiliga tarjima qilishni 1970-yilda boshlagan ekan.
Savol: Erkin aka, oradagi ushbu 200 yillik farq tasodifmi yoki tarjima asar yozilishining 200 yilligiga bag'ishlab boshlanganmi?


2) Erkin aka Vohidov Gyotening "Faust" tragediyasini tarjima qilish uchun 5 yil vaqt sarflagan ekan. Buning uchun Erkin aka tarjima jarayonida g'oyibdan bo'lsa-da, asardagi muhit bilan tanishgan.
Savol: Erkin aka, siz Germaniyada bo'lganmisiz? Agar Germaniyaga borgan bo'lsangiz (balki, bir necha marotaba), Weimar shahrida Gyotening uy-muzeyida bo'lganmisiz? Javob ijobiy bo'lsa, uy-muzeydan olgan taassurotlaringiz bilan o'rtoqlashsangiz. Rahmat!



Quyidagi rasm Gyotening Weimardagi uy-muzeyidan olingan (Rasm muallifi men emas. Lekin, men 2004 yil noyabr oyida ushbu uy-muzeyda bo'lgandim...).
Gyote janoblari rasmdagi kresloda o'tirgan joyida bu foniy dunyoni tark qilgan ekan.

http://bilder.bild.de/fotos-skaliert/goethe-starb-in-diesem-bett-17489132-mfbq-13848008/2,h=343.bild.jpg

Nigora Umarova
07.06.2011, 13:00
Учрашувда қандай саволлар ўртага ташланди, жавоблар қандай бўлди батафсил репортажлар, имкони бўлса учрашувнинг тўла матн версияси тақдим қилинса яна ҳам аъло бўларди. Акс ҳолда бу каби учрашувларнинг унда иштирок этган саноқли кишилардан ташқари кенг жамоатчиликка нафи тегмай қолади!

Ҳурмат билан...

Шундай нафи тегади-ки... :)

Батафсил репортаж ва матн версиясини қатнашганлар бошқа форум иштирокчиларига баён этишса, яхши бўларди.

Husen
07.06.2011, 15:21
чрашувда қандай саволлар ўртага ташланди, жавоблар қандай бўлди батафсил репортажлар, имкони бўлса учрашувнинг тўла матн версияси тақдим қилинса яна ҳам аъло бўларди. Акс ҳолда бу каби учрашувларнинг унда иштирок этган саноқли кишилардан ташқари кенг жамоатчиликка нафи тегмай қолади!

Шундай нафи тегади-ки... Батафсил репортаж ва матн версиясини қатнашганлар бошқа форум иштирокчиларига баён этишса, яхши бўларди.

Демак, таклиф рад этилди деб қабул қиламиз, шундайми?!!! Начора.... :(

Nigora Umarova
07.06.2011, 15:31
Демак, таклиф рад этилди деб қабул қиламиз, шундайми?!!! Начора.... :(

Gapning "berdisi"ni ham sabr qilib kuting-de ;)

Uchrashuvni videolavhaga yozib olib utube.uz saytiga joylashtirishni rejalashtirganmiz. Ishqilib rejamiz amalga oshsin-de. :)

Kavsar
07.06.2011, 21:10
Ассалому алайкум қадрли устоз!
Ижодингизда ҳаёт ҳақиқатлари куйлангани учун ҳам, менга жуда ёқади. Самимий ва эзгу тилаклар билан сизга ўзим учун қизиқарли бўлган саволларни берсам:

1. Илк ёзган шеърингиз нима ҳақида бўлган? Мумкин бўлса, ўша сатрларни келтирсангиз.
2. Шоирликнинг масъулияти нимада деб ҳисоблайсиз?
3. Устоз Ғайратийга аталган шеърингиз ниҳоятда гўзал ва қалбдан чиққан. У кишининг (Устоз Ғайратийнинг) сизга ёққан энг чиройли фазилатларини эслаб ўтсангиз.
4. Шоирнинг шеър ёзишдан мақсади нима деб ўйлайсиз? Сиз шеъриятни инсониятга нима учун керак деб ҳисоблайсиз?
5. Европа адабиётининг асосан, қайси жиҳатлари ёки оқимларини шарқ адабиёти учун керакли деб қарайсиз?
6. "Фауст"ни таржима қилишингизга нима ундаган?
7. Сиз нима деб ўйлайсиз, адабиёт ва шеъриятни тушуниш учун фақат филолог ёки шоир бўлиши керакми инсон? Баъзан шоирлар шеърининг таҳлилини сўраганингизда буни фақат ҳис қилиш керак. Тушунтира олмайман деб чекланишади, бунга сизнинг муносабатингиз?
8. Ижод оламида ва ҳаётда сиз топган ҳақиқат нима бўлди?

Жавобларингиз учун олдиндан ташаккур, ҳурмат билан Кавсар.

Kavsar
07.06.2011, 23:37
Устоз Ғайратийга

Не бахтким, бизни устоз
Бир замон ашъорга ўргатмиш.
Нафосат деб аталган
Ул ажиб асрорга ўргатмиш.

Қалам тутгандин илк бор,
Бизни ўргатмиш садоқатга.
Навоий бирла Пушкин,
Саъдию Атторга ўргатмиш.

Қади ё бир ҳилол гўё
Йиғиб атрофга юлдузлар,
Жилою нур дарсин
Гумбази давворга ўргатмиш.

Не ҳайрат, ҳайратомуз -
Қуш бўлиб учсак, бизим устоз
"Лисонут тайр" бирла
"Ҳайратул аброр"га ўргатмиш.

Ким ўргатмиш демангким,
Ғайратий ул; Хайриддин, Анвар,
Томилла, Матлуба, мен,
Тўлқину Сайёрга ўргатмиш.

Эркин Воҳидов, 1972-1975

Nigora Umarova
08.06.2011, 00:04
Ассалом алайкум муҳтарам устоз ! Авваломбор Форумимизга хуш келибсиз! Иштирок этишга розилик билдирганингиздан беҳад хурсандмиз.Сизга савол билан эмас, илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Ҳали ҳеч жойда чоп этилмаган энг янги шеърларингизни Форумга тақдим этаоласизми ?

Муҳаммад ака, ижодий мулоқот пайтида муҳтарам шоиримиз янги шеърларидан форумга ҳам, тингловчиларга ҳам тақдим этадилар деб умид қиламиз.
Ҳозирча эса, қуйидаги -ҳеч қаерда эълон қилинмаган тўртликларини биз форумдошларга ҳамда форум ўқувчиларига баҳраманд бўлишимиз учун бериб юбордилар.


Мева берма болангга,
Асра меҳмон холангга.
Маҳкам беркит, яшавор,
Қорайтириб ташавор.

Эркин Воҳидов

albatros
08.06.2011, 19:14
Ассалому алайкум ҳурматли Устоз!

Доимо ҳақиқатни мадҳ этувчи, баъзида инсонларга кулгу бахшида этадиган, баъзида ўйга чорлайдиган , қалбларни камтарлик ва инсонийликнинг энг буюк хислатлари сари ундайдиган шеърларингиз болалик давримдан қалбимни забт этган.

Ана шундай ижод намуналарингиздан бири бўлмиш шоир Нарзул Ислом ҳақида ёзган кўнгил битигингиз дилимда чуқур ўрнашиб қолган. Ҳар гал бу шеърингизни ўқиганимда қалбимда қайтадан ҳаяжон ва изтироблар уйғонади. Айтингчи Нарзул Ислом ҳақида ёзишингизга нима туртки бўлди сизга?

Биламизки сиз кўплаб шоирларимизнинг шеърларини ўзбек тилида таржима қилгансиз. Ваҳоланки таржимонлик, айниқса назмда таржимонлик жуда ҳам қийин. Чунки ҳар бир таржима қилинган шеърларда унда битилган туйғуларни ўз "Кучи"ни ёқотмасдан таржима қилиш машаққат. Айтинчи сиз "таржима қилган шеърларим, асл ҳолидаги туйғуларини ифода этиб бера олармикан" деб қўрқмайсизми?

Келгусидаги ишларингизга ва ижодингизга муваффақият, ўзингизга узоқ умр ва тани -соғлик тилаб ҳурмати эҳтиром ила Комилжон Аслонов .

Feruza Xodjayeva
09.06.2011, 17:43
Сиз менинг осмоним, моҳитобимсиз,
Моҳитобим эмас, офтобимсиз,
Ишончим, қувончим, юпанчим, яна
Соғинчим, ўкинчим, изтиробимсиз.

Сиз менинг қалбимсиз, қалбимдаги шеър,
Битмоқ орзу қилган бош китобимсиз.
Севгим, умрим, яна умрим давоми,
Бахтим, роҳатимсиз ва азобимсиз.

Сиздан шодлик кўриб кўзларимда нур,
Алам чексам майли, шунга ҳам шукур,
Бу дардли дунёда яхшики борсиз,
Борлигингиз учун сизга ташаккур.

Эркин Воҳидов. 1998

PS. Бу шеърни хонанда Зиёда маромига етказиб ижро этган.

Kavsar
09.06.2011, 19:37
Адибимиз шеърларининг форс-точик тилига таржимаси

Тарчумаҳо
Эркин Воҳидов,
Қаҳрамони Ўзбекистон

Инсон
(Қасида)

Дар собиту сайёраҳо инсон туи, инсон туи,
Андар чаҳони бекарон хоқон туи, хоқон туи.

Собит ба маъвои худи, сайёри дунёи худи,
Ҳам сорбон, ҳам корвон дар дашти ин кайҳон туи.

Гармии дил аз ҳимматат, сайёраҳо дар хидматат,
Олам забун аз қудратат, ҳам боғбони он туи.

Дунё ачаб кошонаест, ғамхонае, вайронаест,
Баҳри ту меҳмонхонаест, ҳам мизбони он туи.

Ин чо сапеду ҳам сиё, зулмат, зиё, шоҳу гадо
Доранд бо ҳам размҳо, дар байн саргардон туи.

Дар байни покиву риё ту дар балоҳо мубтало,
В-андар чаҳони фитназо фаттон туи, қурбон туи.

Гаҳ бо адолат ҳамнишин, гаҳ бо адоват ҳамнишин,
Дар дил миёни ону ин шайтон туи, ғилмон туи.

Гоҳе гуливу гоҳ хор, гаҳ бардаи, гаҳ точдор,
Чун чуғз гаҳ дар хорзор, гаҳ булбули хушхон туи.

Дунё ба сони бешае, ҳар ки ба ҳар андешаи,
Бо шер гаҳ ҳампешаи, гоҳе ба чанги он туи.

Kavsar
09.06.2011, 19:45
Қалам

Улфате чун шамъ бошад дар дили шабҳо қалам.
Ман агар Мачнуни шеърам, сарвқад Лайло қалам.
Ранч бошад то қиёмат улфатии аҳли шеър,
Чун кунад, розист бо ин қисмату савдо, қалам.
Чун қалам тимсоли шеъри теғу тимсоли ҳақ аст
Сар буриданаш, вале сар хам накард асло қалам.
Умрро меҳри диёру ёр бар яғмо барад,
Ман на истисно аз инам, на ту мустасно, қалам,
Ҳаргиз Эркин, дар забонат чо наёбад сактае,
Бори даври хеш макеш бо сари боло, қалам.

Ғазали Эркин Воҳидов,
тарчумон Жаъфар Муҳаммад.

Nigora Umarova
10.06.2011, 17:45
https://img.uforum.uz/images/ozyznap5026297.jpg

Ijodiy uchrashuvdan keyingi lavhalar.

https://img.uforum.uz/images/andvdgg6769302.jpg

Eronda chiqquvchi "Sino" jurnalida shoirimiz Erkin Vohidovning fors tilida chop etilgan she'rlari forsiyzabon muxlislar uchun ajoyib tuhfa bo'ldi.

Erkin Vohidov
10.06.2011, 17:58
Улар тош отсалар...
Чеккан чекмаганни ёмон кўради,
Ичган ичмаганни ёмон кўради.
Юртидан, иймону ор-номусидан
Кечган кечмаганни ёмон кўради.

Молинг сот, боринг сот, юрт сота кўрма,
Юрт сотганлар билан туз тота кўрма.
Сенга тош отсалар- ғурурлан, севин,
Номарддек тенг бўлиб тош ота кўрма.

2009, февраль

Erkin Vohidov
10.06.2011, 18:00
Бўсаға
Ўпмоққа қўлин бермади,
остонани мен зор-
Ўпдим. Бўсаға бўсаға ном –
олмади бекор.

2011, март.

Иш буюрсанг
“Йўқ” деган одамга
Ёлбор, кўндиргин.
“Хўп” деб бажармаса,
Уриб ўлдиргин.

2011, апрель

Билағоннинг жавоби
“ Сан-Марина қайда экан?
Атлас кўрдим, тополмадим”.
Билағондан сўрсам, деган:
“Ўлай агар, мен олмадим!”

2011, апрель

Erkin Vohidov
10.06.2011, 18:02
Кейинроқ...
Етмишингни ғанимат дегин,
Саксонингда йўл ғамин егин.
Кейингиси келсин кейинроқ,
Юздан кейин, юз ўндан кейин...
2010, октябрь


Одам бўл
Урфий Шерозийдан(XVIаср)
Одам бўл! То кетсанг кўз юмиб,
Инсон борки, чексин қайғулар.
Мусулмонлар замзамга ювиб,
Ўтга ёқсин сени ҳиндулар!
2011, январь


Ҳаёт йўли
Замон тез, фурсат оз,
Ҳар лаҳза зиқдир,
Ҳар лаҳза зиқлиги билан қизиқдир.
Ҳаёт йўли надир? Қабр тошида
Икки сана аро қисқа чизиқдир.
2011, апрель

Erkin Vohidov
10.06.2011, 18:05
Зўравон
Ким дер мени майда ҳашарот?
Тепким худди олти яшар от.
Қоч, четга ўт, йўл бер йигитга!-
Дея тоғни тепди чигиртка.
2010, сентябрь

Ёмонга ёндошмоқ
Тош билан ўйнашса,
дарз кетар чинни ҳам,
Арига дўст бўлса,
таланар шинни ҳам.
Ёмонга ёндошмоқ
оқибат нимадир,
Сен англаб етмадинг,
биларди жинни ҳам.
2010, сентябрь

Erkin Vohidov
10.06.2011, 18:06
Шоирга мактуб

- Мен бир қизни севаман, аммо
Қиз дер: - Боринг, тошингиз теринг.
Шоир ака, сиздан илтижо,
Менга битта шеър ёзиб беринг.

Ўқисин-у ўша парвосиз-
Юрагида меҳр уйғонсин.
Қасамимга ишонмаган қиз
Ўша ёниқ байтга ишонсин.

Шундай ёзинг, токи қиз қалби
Эриб кетсин бўлса ҳамки тош.
Жонига ўт тушсин мен каби,
Оқиб кетсин кўзларидан ёш.

Ошиқда ишқ бўлса мукаммал
Маъшуқани этармиш шайдо.
Мажнунлигим англаб у гўзал
Зора севса бамисли Лайло.

Қучоғимга отилса дилбар,
Юрагимда армон қолмаса...
Ахир шоир шоирми агар
Бир юракни эритолмаса.

Шеър кутарман сиздан умидвор,
Ёрга етсам бахтли бўларман.
Йўқса менга ҳаёт не даркор,
Тоғдан ўзни ташлаб ўларман.

- Оҳ, бечора ошиқ укажон,
Андуҳларинг менга аёндир.
Ишқ-вужудни ўртаган армон,
Англаб бўлмас сирли жаҳондир.

Бир бевафо ишқида мен ҳам
Поёни йўқ дардга тўлганман
Шу дард менга тутқазган қалам,
Куя-куя шоир бўлганман.

На оҳимга парво қилган у,
На шеъримни назарга илган.
Неча дафтар тўлдирганману
Улар бари йиртиб отилган.

Укам, менга қилмагин ҳавас,
Юрагимда юз минг армонлар.
Бахтли бўлсанг битта шеър эмас,
Ёзиб берай сенга достонлар.

Ташбеҳларим қадрига етиб,
Ёринг кўнгли тушса жойига.
Менинг бор-йўқ ёзганим элтиб
Ташла ўша қизнинг пойига.

Бўлсин, укам, умринг чарағон,
Мен етмаган бахтга етгин сен.
Ёрингни ишқ деган бепоён
Осмонларга олиб кетгин сен.

Гул очди, деб, бир қалб сўзимдан
Баҳра олди, деб, биргина жон-
Рози бўлай мен ҳам ўзимдан,
Бу дунёдан ўтай беармон.
2011, апрель

Erkin Vohidov
10.06.2011, 18:08
Амалиётдан сўнг

Амалиётдан сўнг кўз очган бемор
Дейди:- Раҳмат, доктор, муташшакирман.
Доктор айтар:-Сўзинг кўп жимжимадор,
Лекин мен доктормас, Мункарнакирман.

Бемор кулар: - Эҳ-ҳа, фариштаман, денг,
Ҳазилингиз бунча совуқ, докторжон!
Мункарнакир айтар: - Сўроққа келдинг,
Раббинг ким, жавоб бер, гуноҳкор инсон.

Бемор дер: - Хўп, сўранг. Умримда лекин
Кўп Мункарнакирга сўроқ берганман.
Раббимни сўрсалар деганман – Ленин,
Диним-динсизлик, деб кўкрак керганман.

Умрим кўпи ўтди ёлғонга ҳамроҳ,
Ишончим оз қолган алдовлар сабаб.
Мана, сиз ўзингиз-қўли гул жарроҳ
Мункарнакирман деб турибсиз, ажаб.

Ахир гўдакка ҳам аён ривоят-
Мункар билан Накир икки малакдир.
- Рост, лекин бизда ҳам қисқарган штат,
Иш кўп, улгуролмай жоним ҳалакдир.

- Хўп, Накир бўлсангиз Мункар қаёқда,
Мункар бўлсангиз не иш қилар Накир?
-Жонга тегдинг, сенми ё мен сўроқда?
Бор, йўқол, кўзимга кўринма, фақир!

Амалиётдан сўнг кўз очган бемор,
Мункарнакир қувган фақир мен ўзим.
Оғриқларим унут, олам беғубор,
Шунчалар ёруғки, қамашар кўзим.

Қайтдим мулки бақо остонасидан,
Уйғондим қайта бу ажиб гулшанда.
Ё жой олдим фирдавс кошонасидан
Гуноҳи авф бўлган мен осий банда?

Кўзимни яшнатиб кезган боғ аро
Фаришталарми ё гулрухсоралар?
Жаннат насими ул субҳи сабо,
Бу Оби Кавсарми ё фавворалар?

Қайдаман? Қўз тўла, дил тўла ҳайрат.
Равзаи ризвонми ё ўз чаманим?
Мен ватанда бўлсам, демак, у жаннат,
Агар жаннатдаман, жаннат-Ватаним.

Гўё икки олам менга ошино,
Уйғоқлигим тушдек, уйқуда бедор-
Қадамлаб юрибман ер ва кўк аро
Амалиётдан кўз очган бемор.
2011, май.

Erkin Vohidov
10.06.2011, 18:11
Ҳазил
Бир замонлар Эрон шоҳи
Ҳоким бўлган дунёга.
Юнон юзта олтин тухум
Бож тўлаган Дорога.

Ёш Искандар Юнон тахтин
Олгач деди:-Бас хирож!
Тухум қилган у товуқлар
Ўлиб кетди, на илож!

Шу ҳазилдан жанг бошланди,
Юнон енгди Эронни.
Шоҳ Искандар ҳазил билан
Олди ярим дунёни.

Кўҳна тарих кўп турфа хил
Ҳазилларга гувоҳдир.
Ҳазил борки, кони савоб,
Ҳазил борки, гуноҳдир.

Массагетга ҳазил қилмоқ
Йўқ, деб айтган Искандар.
Окс ёнида оёғидан
Ўқ еб қайтган Искандар.

Соҳибқирон қудратидан
Бехабар эл қолмаган.
Ман-ман деган жаҳонгир ҳам
Ҳазиллаша олмаган.

Наполеон Россияга
Қалтис ҳазил ўйлади.
Совуқ уни ҳуштак чалиб
Парижгача қувлади.

Юз ўттиз йил ўтиб яна
Бир ҳазилкаш юз тубан.
“Катюшалар” қаҳ-қаҳ отиб
Кулдилар ёв устидан.

Бекормаски, эл қадимдан
Ҳазил таги зил, дейди.
Ўйнаб ҳазил қилганда ҳам
Ўйлаб ҳазил қил, дейди.

Ўйнашмагин арбоб билан,
Арбоб гарчи минг дилкаш.
Билки, бўри қўзичоққа,
Шер оҳуга ҳазилкаш.

Бўғма илон қуёнга дўст,
Қучоқлашни ўйлайди.
Мушук эса сичқон билан
“Микки-маус” ўйнайди.

Менинг ҳам дўстларим бор,
Кўп келишар ёнимга.
Улар-юз хил хасталиклар,
Ҳазилкашдир жонимга.

Дору билан меҳмон қилсам
Тинчигандай бўлишар.
Зум ўтмасдан яна йиқиб,
Юмалатиб кулишар.

Мен-ку битта сабил жонман,
Ўзига дард тилаган.
Ҳазил билан, инсон недир,
Салтанатдир қулаган.

Завол топди буюк давлат,
Горбачевда гуноҳ йўқ.
Райкин Шўро қалъасига
Ҳажв тўпидан отди ўқ.

Қитмир арман радиоси
Паймонасин тўлатди.
Йиқитолмас эди НАТО,
Латифалар қулатди.

Ҳазилни ҳеч ўйин дема,
Ҳазил таги пуч эмас.
Қанот ёзган бир ҳазил сўз
Ҳазилакам куч эмас.

Бу дунёда яйраб яша,
Шўх, ҳазилкаш бўл, майли.
Лекин англа, ҳазил билан
Ҳазиллашиб бўлмайди.
2011, май

Kavsar
10.06.2011, 22:13
Hali hech qayerda e'lon qilinmagan shunday ajoyib she'rlar bilan tanishayotganimizdan juda minnatdorman. Menga ustozning barcha she'rlari yoqdi!
Ayniqsa mana bu misralar : Kavsar haqida ham she'rlari bor ekan-da :) ;)

Кўзимни яшнатиб кезган боғ аро
Фаришталарми ё гулрухсоралар?
Жаннат насими ул субҳи сабо,
Бу Оби Кавсарми ё фавворалар?

Ijodiy uchrashuvdan juda ajoyib va katta taassurot bilan qaytdim, hammaga katta rahmat chin dildan :)

Nigora Umarova
11.06.2011, 11:52
Ijodiy uchrashuvdan juda ajoyib va katta taassurot bilan qaytdim, hammaga katta rahmat chin dildan :)

Kavsaroy!

Tarjimon, shoir Ja'far aka Muhammadning Erkin Vohidov she'rlaridan qilgan forsiy tildagi tarjimalarini ham ushbu mavzuga joylashtirsangizlar, iltimos.
Imkon bo'lsa, she'rning asl-o'zbek tilidagi matni bilan yonma-yon qo'ysangiz yaxshi bo'lardi.

"Sino" jrnali uchun rahmat. U yerdagi adabiy maqolalar, hikoyalar, she'rlarni o'qib zavq oldim. Ko'pdan beri forsiy tilda matn o'qimagan edim. :) ;)

Nigora Umarova
11.06.2011, 12:04
Эркин ака, ХХ аср ўзбек замонавий шеъриятини сизнинг шеърларингизсиз тасаввур этиш қийин. Шеърларингизни ўқиган инсон ундаги юксак бадииятни, инсонпарварлик ғоялари билан суғорилганлигини ҳис қилади, улар кўнгилларимизни завқу шавқ ҳамда ифтихор туйғулари билан, онгимизни эзгулик фикрати билан бойитади. Шеърият оламига ошно бўлишингизда оилавий муҳитнинг ҳам таъсири бўлганми?
Таржимаи ҳолингизни гапириб берсангиз.

Erkin Vohidov
11.06.2011, 12:07
Таржимаи ҳолингизни гапириб берсангиз.

Мен бир минг тўққиз юзу ўттиз олтинчи йилнинг... Йўқ, мен таржимаи ҳолимни туғилган кунимдан эмас, илгарироқдан бошлашим керак экан. Менинг дунёга келишим тарихи бундай бўлган: минг тўққиз юз ўттизинчи йилда тошкентлик ёш ишчи Каримжон йигирма беш мингчилар қаторида коллективлаштириш ишида қатнашиш учун Фарғонанинг Олтиариқ туманига сафарбар қилинади. У оиласи-хотини, чақалоқ қизи, ўн беш ёшлик снглиси билан Олтиариққа кўчиб боради. Ўша пайт Тошкент педтехникумининг сиртқи толибаси бўлган синглиси Розияхон тез орада география ўқитувчиси дипломини олади ва қишлоқ мактабида дарс бера бошлайди. Тақдир қизни бу ерда ёш муаллим Чўянбой Воҳидовга дуч қилади ва бу никоҳдан... Мана энди таржимаи ҳолимни бошласам бўлади. Мен бир минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилнинг йигирма саккизинчи декабрида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида қишлоқ ўқитувчилари оиласида туғилганман. Бу оилада биринчи фарзанд қиз бўлиб, у гўдаклигида зотилжам касаллигидан вафот этган экан. Укам Элбурсни эслайман. Мендан уч ёш кичик эди. Қизамиқ билан оғриб икки яшарлигида ўлган.
Отамни Олтиариқнинг ўқимишли, обрўли одамларидан бўлган деб эслашади. Ундан сабоқ олган, шогирд бўлган, бирга ишлашган одамлар мен ҳар гал қишлоққа борганимда отамнинг ишларини, гапларини хотирлаб айтиб беришарди, қувноқ, дилкаш, сўзга чечан одам бўлганлигини эслашади. У тарих муаллими, сўнг турли нуфузли ташкилотларда ишлаган. Иккинчи Жаҳон урушининг дастлабки йилларида фронтга кетиб, бош миясида осколка жароҳати ва ўпка шамоллаш касали билан қайтиб келди, минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилда ўттиз уч ёшида Тошкентда Олмазордаги касалхонада вафот этди. Бир йилдан сўнг онам ҳам дунёдан ўтди. Икки қисқа умрнинг ёлғиз ёдори бўлиб мен тоға қўлида қолдим.
Урушдан аввалги даврдан кўз олдимда қолганлари: отам Марғилонга ишга тайинланган эди. Кеч куз ёмғир билан қор аралаш ёғиб турганда Олтиариқдан Марғилонга кўчганмиз. Занжирғилдиракли тракторга прицеп уланган, унга юкларимиз, шкаф, сандиқ, кўрпа-тўшаклар ортилган эди. Йўлда прицепнинг ғилдираги ариққа тушиб кетган ва юкларимиз ағдарилган эди. Мен онам, эмизикли укам билан кабинада ҳайдовчи ёнида ўтирган эдик...
Тол новдасидан ясаб олган “тойчоғим”ни миниб билқиллаган иссиқ тупроқ кўчада чанг кўтариб чопиб юрганларимни эслайман.
Отам фронтда эканида онам қишлоқ советида секретарь вазифасида ишлар, қийинчилик билан кун кечирар эдик. Жўхори поясини шимиб тилимни қонатганим, болаларга қўшилиб кунжара еганим учун онам юзимга шапалоқ ургани ва ўзи кечгача йиғлаганини унутмайман. Ўйлаб қарасам, болалик хотираларимнинг кўпчилиги шеърларга, достонларга кўчган экан. “Нидо”, “Қуёш маскани” достонлари, “Болалик”, “Оқсоқол”, “Болалик экан-да...” шеърлари ўша мурғак тасаввур, илк хотираларнинг меваси бўлган.
Тошкентда кечган болалик ва ўсмирлик йилларимдан қолган энг ёрқин эсдаликлар Островский номли пионерлар саройидаги шоир Ғайратий тўгараги ва тоғамнинг хонадонида бўлиб турадиган адабий суҳбатлар билан боғлиқ. Тоғам касби юрист бўлса ҳам адабиёт ва санъатга қизиққан, шеъриятни нозик тушунадиган киши эди. Уйимизга шоир Чустий, хонандалар ака-ука Шожалиловлар, Маъруфхўжа Баҳодиров, кенг билим эгаси бўлган олим, таржимон Алихонтўра Соғуний тез-тез келиб туришар эди. Менинг шеъриятга қизиқишимни сезган тоғам бу суҳбатлардан мени ҳам баҳраманд қиларди. Оддий почта хизматчмси Мулла Шукуржон ака, савдо ходими Акмалхон акаларнинг зукко баҳсларига маҳлиё бўлиб ўтирар эдим. Улар Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулий байтларини таҳлил қилиб, ҳар бирлари ўзларича талқин бериб ўтиришарди. Бу суҳбатлар ичкиликсиз, фақат шеър ва қўшиқ кайфи билан, аския завқи билан музайян бўларди. Афсуски, бундай давралар энди йўқолиб бормоқда.
Пионерлар саройидаги адабиёт тўгарагига қатнашиб юрган вақтимда “Муштум” журналида биринчи шеърим босилди. Шеър тагига 22-мактаб 7-“А” синф ўқувчиси деб исм-фамилиям ёзилган эди. Тўгарак ҳақидаги таассуротим устоз Ғайратий тўғрисида ёзган хотираларимда баён этилган.
Эллик бешинчи ва олтмишинчи йилларни ўз ичига олган “олтин даврим” талабалик умримнинг унутилмас ва ўзлигимдан йироқлашмас бир қисмидир. Бу йилларда биринчи шеърлар китобим “Тонг нафаси” ёзилди, Сергей Есенин шеърларидан таржималар қилдим, Ёзувчилар Уюшмасининг ёш ижодкорлар семинаридаги қизғин баҳслар, улуғ устозлар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзодалар билан илк мулоқот ва учрашувлар, университет даргоҳидаги адабий муҳит ҳаётимда ўчмас из қолдирди.
1960 йилда университетни тугатиб “Ёш гвардия” (ҳозирги “Чўлпон”) нашриётига ишга кирдим. 1963 йилда бадиий адабиёт нашриётига ўтиб, то 1970 йилгача муҳаррир, бўлим мудири вазифаларида ишладим. Бу ўн йил ичида менинг еттита шеърий китобим, Есенин, Украинка, Светловдан қилган таржималарим босилиб чиқди. Ҳамза номли академик театрда(ҳозирги Миллий театрда) “Олтин девор”(1969) комедиям қўйилди. Республикадаги ёшлар мукофотига сазовор бўлдим(1967)
1970 ва 1975 йиллар орасида буюк немис шоири Иоганн Вольфганг Гётенинг “Фауст” трагедиясини ўзбекчалаштирдим. Бу давр ичида ҳеч бир идорада ишламадим. Бор вақтим, кучим, имкониятимни шу ишга сарфладим. Умуман, жаҳон адабиётидан, рус классиклари ҳамда қардош халқлардан қилган таржималаримни тарозунинг бир палласига қўйиб, ўз асарларимни бошқа паллага қўйсам, таржималар оғирлик қилса ажаб эмас. Бу меҳнат менга адабий қардошлик бурчини адо этиш баробарида бебаҳо ижодий тажриба, катта сабоқ мактаби ҳам бўлди.
1975 йилда “Ёш гвардия” нашриётига бош муҳаррир ўринбосари вазифасига тайинланган бўлсам, ўтган ўн икки йил давомида аввал ўша нашриётда бош муҳаррир, сўнг янги ташкил қилинган “Ёшлик” журналида муҳаррир бўлиб ишладим, ниҳоят Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида директорлик вазифасини ҳам адо этдим. Бу давр ичида ўндан зиёд китобим босилиб чиқди, республика Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номли мукофотини, Ҳамза номли Ўзбекистон давлат мукофотини олдим, “Халқ шоири” унвонига мушарраф бўлдим. Истиқлолга эришгач 1999 йили Ўзбекистон қаҳрамони унвони билан тақдирландим.

Erkin Vohidov
11.06.2011, 12:07
Бундай қараганда битта шоир қилиши мумкин бўлган ишни қилиб қўйгандекман. Лекин ҳеч қачон қилган ишимдан кўнглим тўлган эмас. Ҳамиша ёзганимдан ёзадиганим муҳимроқ ва азизроқ туюлади. Мен ижодий меҳнатни фаол жамоат ишлари билан қўшиб олиб боришдек шарафли вазифа юкини доимо елкамда ҳис қиламан. Одамларга фақат шеъринг эмас, ўзинг ҳам кераклигингни сезиш-бу катта бахт. Шунинг учун ҳам жамоат меҳнатидан ҳеч қачон ўзимни олиб қочган эмасман. Қайноқ ҳаёт ичида яшаб, ишлаб ўрганганман, гўшанишинлик табиатимга бегона.
Таржимаи ҳолим борича ёзган шеърларимга, юрган йўлларимга, ҳаётимда учраган одамларга сочилган. Мана бу икки сатр ўйлаб топилган эмас, балки кўнгилдан чиққан сўзлар:
Одамлар, сиз менинг ҳаётим,
Ҳар бирингиз умрим парчаси.

Nigora Umarova
11.06.2011, 12:09
Биринчи шеърлар тўпламингиз “Тонг нафаси” нашр қилинганига ҳам бу йил эллик йил бўлибди. Илк шеърий тўпламингиз чоп этилганида 25 ёшда бўлгансиз. Бугунги кунда ёш ижодкорларнинг ижодини кузатадиган бўлсак, 25 ёшда 2-3 та китобга муаллифдирлар. Бироқ китобнинг ичидаги шеърларни ўқиб кўрсангиз, нимадир етишмаётган бўлади. Ижодкор ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак эмасми? Шеъриятда мукаммалликка эришмоқ учун нималар қилмоқ керак?

Erkin Vohidov
11.06.2011, 12:13
Биринчи шеърлар тўпламингиз “Тонг нафаси” нашр қилинганига ҳам бу йил эллик йил бўлибди. Илк шеърий тўпламингиз чоп этилганида 25 ёшда бўлгансиз. Бугунги кунда ёш ижодкорларнинг ижодини кузатадиган бўлсак, 25 ёшда 2-3 та китобга муаллифдирлар. Бироқ китобнинг ичидаги шеърларни ўқиб кўрсангиз, нимадир етишмаётган бўлади. Ижодкор ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак эмасми? Шеъриятда мукаммалликка эришмоқ учун нималар қилмоқ керак?

Ўқувчи учун муаллифнинг ёшу қариси, унвонли, унвонсизи йўқ. У ҳамиша ёзилган сатрларга қараб муаллифга ўз муносабатини билдиради: ё қалбига жо қилади, ё унутади, йўқликка маҳкум этади.
Афсуски, бизда юзаки ёзилган асарлар анчагина бор. Баъзи ёзувчиларимиз, шоирларимиз сўз устида меҳнат қилишга иккинчи даражали иш деб қарасалар керакки, уларнинг асарларини ўқиб она тилимизнинг бойлиги ва рангинлигини ҳамиша ҳис қилавермаймиз. Улуғ адибларимиз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғуломлар қолдирган мероснинг кўп жиҳатларини таҳлил қилиб, ўрганиш талай ёш ва ёш бўлмаган ёзувчилар учун мактаб бўлар эди.
Биз ғоят шиддатли бешафқат замоннинг восифларимиз. Ер сайёрасининг тақдири, одамзод тарихининг давом этиш ё этмаслиги масаласи ўртада турган бир даврда яшаяпмиз. Аслида, курраи арзимизнинг “ё ҳаёт – ё мамоти” олдида, башариятнинг аламли нидоси олдида қадим замон фожеалари нима деган гап? Эхсиллар, Шекспирларнинг замонларида ҳаёт-мамот саволи инсон олдида турган бўлса, бугун бу савол инсоният олдида турибди. Қадимда улуғ ёзувчилар нидоси замон устида юксалиб турган бўлса, бизнинг қаршимизда замонлар нидоси даражасига кўтарила олиш масаласи бор.
Ҳақиқатан ҳам биринчи китобим чиққанига 50 йил тўлади. Ортга боқсам куни кечадай.
Янги минг йилликнинг “ёш шоири”га айтадиган сўзим бор: Бизни эркалаб бағрига босган ҳам, шоир қилиб бийрон тил берган ҳам жафокаш, ҳам меҳнаткаш, бағри кенг, орзуларидай улуғ халқимиз. Шоир бўлишдан олдин шу халққа фарзанд бўлайлик, садоқатли, фидойи бўлайлик. Агар шоир бўлсак унинг юзига қараганда уялмайдиган шоир бўлайлик. Халқимиз жасоратли, матонатли, зукко халқ, Навоийхон, Бедилхон халқ. У олтин билан миснинг, олмос билан шишанинг фарқини билади. Ана шу ҳалол, қўли қадоқ, ақли теран халқимиз олдида ҳалол бўлайлик. Зар килолаб эмас, мисқоллаб ўлчанишини унутмайлик.
Камчиликсиз асар бўлмайди, ҳар тўкисда бир айб деб ўзимизга тасалли берамиз. Аммо китобхон учун, адибнинг чин мухлиси учун ижодкор пир ва устоздир. Ихлос нуқсонни тан олмайди. Санъатнинг, адабиётнинг шарти-баркамоллик ва мукаммалликдир.

Nigora Umarova
11.06.2011, 12:15
Шеър ёзиш кўнгил эҳтиёжи, сўзни шеърга солиш бир санъат. Нимаки кўп бўлса, унинг қадр-қиймати паст бўлади. Бугунги кунда шеър деб аталувчи шиғирлар ниҳоятда кўпайиб кетдики, бу ўз навбатида шеърнинг қадрини пасайтираётгандек назаримда...

Erkin Vohidov
11.06.2011, 12:21
Шеър ёзиш кўнгил эҳтиёжи, сўзни шеърга солиш бир санъат. Нимаки кўп бўлса, унинг қадр-қиймати паст бўлади. Бугунги кунда шеър деб аталувчи шиғирлар ниҳоятда кўпайиб кетдики, бу ўз навбатида шеърнинг қадрини пасайтираётгандек назаримда...

Шеърни ҳеч ким бировдан ўрганиб ёзмайди, ҳеч ким бировга шеър ёзишни ўргатолмайди. Лекин шеърий иқтидори бор бўлган бошловчига маҳорат сирларини ўргатувчи устоз керак. “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган ҳалқ мақолининг шеърий ҳунарга ҳам дахли бор. Матбуот саҳифаларида босилаётган сон-саноқсиз шеърларни ўқмганда шеърият у ёқда турсин шеърий нутқнинг ибтидоий қоидалари вайрон бўлаётганини сезиш қийин эмас. Ростини айтганда, ҳамма вақт ҳам истеъдод эгаси бўлган ҳақиқий шоирлардан кўра ноқобил ҳавасмандлар кўпроқ бўлган. Лекин ҳеч қачон шеър бунчалик ўз қадр-қийматини йўқотмаган бўлса керак. Шеърият деб номланувчи муқаддас даргоҳ бедарвоза шаҳар бўлиб қолди.
Биз матбуот саҳифаларини ҳавасмандликка кенг очиб қўйдик. Бу масаланинг иккита нозик томони бор. Биринчидан, яхши ният билан қўлига қалам олган, ватани, халқи меҳри билан ҳаяжонга тушган, ўз қалб туйғуларини оқ қоғозга туширмоқ истаги билан кечаларни бедор қилган ҳар бир йигит-қиз ҳар томонлама таҳсин ва мададга лойиқ. Бизнинг инсоний нуқтаи назаримиз шуни тақазо қилади. Иккинчи томондан эса, бир яхши йигитнинг эзгу орзусини рўёбга чиқариб минглаб, миллионлаб ҳақиқий шеърият мухлисларининг эътиқодини дарз кетказиш мумкин.
Лекин биз қанчалик шафқатли бўлмайлик, ҳаваскорнинг бошини силашга, инсоний яхшилик қоидасига кўра яшашга уринмайлик-адабиёт ўзи жуда бешафқат. Ҳаёт-ку яхши йигитларнинг, мулойим қизларнинг бошини силаши мумкин, лекин қайсар шеърият учун хушфеъл, эзгу ниятларнинг ўзи камлик қилади.
Учта хотин қишлоқ йўлида гаплашиб кетишяпти:
-Менинг ўғлим шифокор бўлса керак,-дейди биринчиси,-нега десангиз, ҳозирдан қайси касалга нима дорилигини айтиб беради.
- Менинг ўғлим ҳисобчи бўлса керак,-дейди иккинчиси,-нега десангиз, ҳозирдан ҳисоб – китобни яхши кўради.
- Менинг ўғлим шоир бўлса керак,-дейди учинчиси,-нега десангиз, ҳозирдан ёлғон гапиради.
Икки аёлнинг гапида ҳақиқат борми-йўқми билмадим, лекин учинчи аёлнинг гапида жуда нозик ҳақиқат бор.
Гар деса Фузулий, ки гўзалларда вафо вор,
Алданмаки, шоир сўзи албатта ёлондур.
Ҳа, шоир сўзи ёлғондир деган гап жуда қадимдан қолган ривоят қиладиларки, Нуширвони одил шоирларни ҳузурига чақирмб айтибди: “Бу не бетавфиқликки, сиз шоирлар мендек одил шоҳ давронида ёлғон шеърлар ёзасизлар? Ҳеч замонда ошиынинг оҳу фиғони саҳрога ўт қўядими? Қиз боланинг киприги ўқ бўлиб ошиқ йигитнинг кўкрагига санчилармиш. Бу гапга ким ишонади? Хуллас, шу бугундан бошлаб ким ёлғон шеър ёзса боши дорда, мулки талонда”.
Шу фармондан кейин узоқ вақт ҳеч ким шеъ ёзмай қўйди. Ниҳоят бир шоир шундай шеър ёзди:
Тонг отса юлдузлар сўниб осмонда,
Хўрозлар қичқирар Мозандаронда.
Халафда кечқурун қуёш ботади,
Кечаси одамлар ухлаб ётади.
Нуширвони одил ҳеч бир ёлғони йўқ, бошидан-охиригача ҳақиқат бўлган ушбу шеърни ўқиб елкасини қисди, бошини қашлади ва яна фармон берди: “Шоирлар ўша ўзининг ёлғонини ёзаверсин”.

Erkin Vohidov
11.06.2011, 12:22
Шундан “Шоир сўзи ёлғондур” деган гап қолган, шундан Фузулий: “Алданмаки, шоир сўзи албата ёлондур”,-дея лутф қилган.
Шеъриятнинг ана шу “ёлғонида” жуда чуқур ҳақиқат, сеҳрли ҳақиқат бор, буюк ишонтириш кучи бор. Ақл бовар қилмас бир қонуниятга кўра кишилар кўп айтилган рост сўзга эмас, ўша “ёлғон”га ишонади.
Нега энди мен шеъриятнинг зукко билгичлари ўлтирган бу йиғинда адабиётнинг ибтидоий қонуни, алифбоси бўлган бу гапни, ҳаётий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқат муносабатини айтиб турибман? Негаки, минг афсус, биз кўп ҳолларда, ҳатто тўқсон фоиз шеърларимизда шу қонуниятга амал қилмаймиз, “Кечқурун Халафда қуёш ботади” деб ёзамиз.
Мана бир пайтлар “Шарқ юлдузи” журналида босилган иккита ўртоқлик ҳазили. бири кўзга кўринган олимга:
Ўйчан олим, ишчан олим,
Лабзи ҳалол муаллим.
Тўғри гапми? Тўғри гап. Ҳақиқат. Биз ўша олимнинг ишчанлигини, ҳалоллигини биламиз.. энди савол: Агар бу гап рост бўлса-нимаси ўртоқлик ҳазили? Ва аксинча, бу гап ҳазил бўлса, қочирим бўлса, демак, олимнинг ишчанлиги, ҳалоллиги шубҳа остига олинган бўлади? Бундан чиқадики, бу ҳазил эмас, тўғри шеър. Энди шу икки сатрни тўғри шеър сифатида таҳлил қилайлик. Мантиқ нуқтаи назаридан қараб чиқайлик.
Ишчан олим деган сўзга тушуниш мумкин. Лекин нега ўйчан олим? Ўйлаш, фикрлаш олимликнинг шарти-ку! Бу гап худди шеър ёзадиган шоир, ашула айтадиган хонанда деганга ўхшамайдими?
Иккинчи сатрда олимнинг муаллимлиги ҳақида хабар берилади. Муаллим сифатида олимга қандай шарҳ бериш мумкин? Яхши муаллим, уста муаллим, меҳрибон, борингки, талабчан, қаттиққўл муаллим –дейиш мумкиндир. Лекин нега энди “лабзи ҳалол” муаллим? Лабзи ҳалол деб ваъданинг устидан чиқадиган одамни айтадилар. Олим муаллим сифатида қандай ваъда берди-ю, ўша ваъдасининг устидан чиқди? Ҳар юз бош талабадан ўнтадан кандидат етиштираман деб ваъда қилдими?
Икки сатргина шеър. Бор-йўғи етти сўз. Етти дона сўзда ўн хил мантиқсизлик. Беихтиёр русча “еще” сўзини “ишчо” деб ёзиб уч ҳарфли сўзда тўртта хато қилган ўқувчи кўз олдимга келади.
Энди яна бир шоирага ўртоқлик ҳазилини кўрайлик.
Лирикаси “ёр-ёр” гўзал,
Яратмоқда достону ғазал.
Ўз-ўзига талабчанки у,
Бўлиб борар ижоди тугал.
Бу сатрларнинг нимаси ҳазил? Оддий баённинг ўзи. Яна ёдингизга соламан:
Халафда кечқурун қуёш ботади...
Бундай жўн, саёз, бадииятдан йироқ сатрлар аҳёнда учраса майли эди. Матбуотимиз, радио-телевидениямиз, китобларимиз саҳифаларини бундай ноқобил назмбозлик тўлдириб юборди. Кеча биз баҳорги сойлар деб мақтаган оқим бугун селга айланди. Бу офатдан қутқаринглар дея бонг урадиган даражага етдик. Шеъриятни бу офатдан якка шахслар қутқариши қийин. Ҳамма бир бўлиб курашиши керак. Бу ҳақда айниқса танқидчи олимларимиз, ўша “ишчан” ва “ўйчан”, ўша “лабзи ҳалол” олимларимиз жиддий ўйлашлари лозим.

Kavsar
11.06.2011, 12:42
Қалам

Улфатимдир шам янглиғ
Кечалар танҳо қалам,
Мен-ку шеър Мажнунидирман,
Сарвқад Лайло қалам.

Аҳли шеърга то қиёмат
Улфат ўлмакдир азоб,
Не илож этсин, бошида
Бор экан савдо қалам.

Рост, қалам тимсоли шеър,
Тимсоли тиғ, тимсоли ҳақ,
Бошини минг кесдилар,
Бош эгмади асло қалам.

Ёр, диёр меҳрини куйлаб
Умримиз бўлгай адо.
Мен на истисно эрурман,
Сен на мустасно, қалам.

Янграсин Эркин сўзинг,
Асло тилинг лол ўлмасин.
Даст кўтар даврон юкини,
Этма қаддинг ё, қалам.

1967

Қалам

Улфате чун шамъ бошад дар дили шабҳо қалам,
Ман агар Мачнуни шеърам, сарвқад Лайло қалам.

Ранч бошад то қиёмат, улфатии аҳли шеър,
Чун кунад, розист бо ин қисмату савдо, қалам.

Чун қалам тимсоли шеъри теғу тимсоли ҳақ аст,
Сар буриданаш, вале сар хам накард асло қалам.

Умрро меҳри диёру ёр бар яғмо барад,
Ман на истисно аз инам, на ту мустасно, қалам.

Ҳаргиз Эркин, дар забонат чо наёбад сактае,
Бори даври хеш макеш бо сари боло қалам.

2010

Kavsar
11.06.2011, 13:00
Сарв

Кеча ойдин, мавжли денгиз,
Куй тўқир бедор сарв,
Ой келиб сарв узра қўнди,
Бўлди ойрухсор сарв.

Икки сарвнинг ўртасида
Мен турибман лолу гунг,
Бир томон сарв қадли дилдор,
Бир томон дилдор сарв.

Лолу гунгман, боиси сарв,
У сени кўрган кеча
Ерга кирмабдир, таажжуб,
Бу қадар беор сарв.

Бир боқишда ошиқ ўлмак
Бул ажаблик демагил,
Бир кўриб қаддингга мангу
Бўлди-ку хуштор сарв.

Бўй чўзиб ҳар ён қарайдур,
Бундаман деб айт, санам,
Қоматингни бир кўрарга
Кечадин хуммор сарв.

Мен-ку ёр васлига келдим
Сарв тагин хилват билиб,
Эрта тонг оламга сўйлаб
Қилмагин ошкор, сарв.

Лабларидан бўса излаб
Жон сувин топдим бу кеч.
Сарв тагида бахтли бўлдим,
Ҳам бу бахтга ёр сарв.

Сочу қаддинг ёдин Эркин
Гар унутса бир нафас,
Унга сунбул сиртмоғ ўлсин,
Майли, бўлсин дор сарв.

1967

Сарв

Шоми маҳтобй зи рақси мавчҳо бедор сарв,
Ҳамнишин шуд бо маҳу гардид маҳрухсор сарв.

Мўҳр бар лаб дар миёни сарвҳо афтодаам
Сарвқад дилдор як сў, як тараф дилдор сарв.

Қомати сарват шабе ки дид, ҳавронам чаро,
Хокро бар сар накард аз шарму нангу ор сарв.

Эй кй дорй шубҳа бар дил бохтан бо як нигоҳ,
Пас чаро сарви туро диду бишуд бемор сарв?

Қад кашида ҳар тараф чўянд туро, овоз деҳ
Дар хумори дидани болои ту афгор сарв.

Ман ки зери чатри ту бо ёр дорам хилвате,
Фош манмо бар чаҳон ин розро, зинҳор сарв!

Бахт шуд дар сояи сарфи саҳй ҳамдам маро,
Оби чон нўшидам имшаб аз лабони ёр, сарф.

Гар шавад фориғ даме Эркин зи мўю қоматат,
Сунбул ўро ҳалқа гардад бар гулўву дар сарв.

2010

Kavsar
11.06.2011, 13:39
Хаёл

Кечалар киприкларимда
Тарки хоб айлар хаёл,
Ўз ҳаётимдан ўзимга
Сарҳисоб айлар хаёл.

Қисса айтур мозидин гоҳ,
Эртадан афсона гоҳ,
Гоҳ савол айлар кўнгилга,
Гоҳ жавоб айлар хаёл.

Кўкда сузган ойни кўзга
Бир кичик фонус этиб,
Пирпираб ёнгувчи шамни
Моҳи тоб айлар хаёл.

Май тўла жом ичра тўфон
Мавжини пайдо қилур,
Тонг шафақ алвонини
Гулгун шароб айлар хаёл.

Минг асрлар кори ҳолин
Қилгай у бир сония,
Лаҳзанинг мазмунини
Минг бир китоб айлар хаёл.

Неки забт этмиш шуур,
Боис хаёл ўлса, не тонг,
Дилга парвоз айла деб
Мангу хитоб айлар хаёл.

Бу шитоб асрим хаёлга
Этдиму тезликни бахш,
Билмадим, асримни олға
Ё шитоб айлар хаёл.

Бор экан инсон қўлида
Орзу ёққан чароқ,
Бу чароқни, ўйла, бир кун
Офтоб айлар хаёл.

Бўлгин, Эркин, ҳар нафас
Эзгу хаёлга ошино,
Пок эса ният, сени
Олижаноб айлар хаёл.

1967

Хаёл

Кай паёмеро ба мижгонам зи хоб орад хаёл,
Зиндагиямро ба ман чун сарҳисоб орад хаёл.

Қисса аз мозй гаҳе, афсона аз фардо гаҳе,
Гаҳе суоле бар дили ман, гаҳ чавоб орад хаёл.

Киштии маҳро чу фонусе ба чашм афрўхта,
Шамъро андар радифи моҳтоб орад хаёл.

Мавчи тўфоне даруни чоми май барпо кунад,
Лолагун шамси саҳарро чун шароб орад хаёл.

Асрҳоро васл бахшида ба ҳам дар лаҳзае,
Лаҳзаеро дар ҳазору як китоб орад хаёл.

Ҳар чизе ки забт месозад шуур, аз они ўст,
Қалби сокитро аср аст дар ҳар чорхези чархи ў.

Ё ки чархи асрро дар печу тоб орад хаёл
Бар чароғе ки фирўзон кард дасти орзў.

Мужда аз васли арўси офтоб орад хаёл
Назм кардам ман хаёли хешро, аммо бидон,

Хом бошад бар сарат ранчу азоб орад хаёл.
Бо хаёли нек бош, Эркин ҳамеша ҳамнафас,
То ба ту сад неъмати оличаноб орад хаёл.

2010

Erkin Vohidov
11.06.2011, 14:27
Устоз Ғайратийга аталган шеърингиз ниҳоятда гўзал ва қалбдан чиққан. У кишининг (Устоз Ғайратийнинг) сизга ёққан энг чиройли фазилатларини эслаб ўтсангиз.

Эллик биринчи-эллик иккинчи йиллар эди. Биз олтинчи-еттинчи синф ўқувчилари Лабзакдаги Островский номли ўқувчилар саройига қатнашиб юрар эдик. Саройнинг катта майдони айниқса ёзда гавжум бўларди. Драма тўгараги қатнашчилари спектакллар қўйишар, футбол, волейбол, шахмат мусобақалари ўтказиб туриларди. Уста Маҳмуд Усмоновнинг ганчкор шогирдлари иши ҳамманинг диққатини тортарди.
Ёш адабиётчилар тўгарагини шоир Ғайратий бошқарар эди. Бу нуроний, вазмин, мулойим, меҳрибон устознинг сиймоси менинг кўз олдимдан сира кетмайди. У бизнинг илк ибтидоий машқларимизни диққат билан эшитар, аввал ўртоқларимизнинг фикрини сўрар, охири ўзи якун ясаб ёзганларимизнинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатар эди. Бу билан устоз бизни фақат шеър ва ҳикоя ёзишгагина эмас, ҳар бир асарнинг бадиий қиммати ҳақида фикр қилиш, бу фикрни баён қила олишга ҳам ўргатарди. Ғайратий мумтоз шеъриятнинг зукко билгичларидан бўлган. Форс тилида, қадимий туркий тилда битилган жуда кўп ғазал, рубоийларни ёд билар, бизга ўқиб бериб ўтирарди. Мана, йиллар ўтиб ўз-ўзимга савол бераман. Ўша вақтда-ку бизлар каттамиз ўн беш-ўн олтида, кичкинамиз ўн бир-ўн икки ёшда бўлган болалар эдик. Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулийларнинг ҳозирги кунда ҳам луғатсиз англаш мушкул бўлган байтларини устоз Ғайратий бизга нега ўқиб берарди? Биз ахир у байтлардаги фалсафанинг, мажозларнинг мингдан бирини ҳам илғаб ололмасдик.
Чуқурроқ ўйласам, шоир Ғайратий катта педагог ҳам экан. Биз ўша вақтда буюк шарқ алломаларининг нозик бадиий образларини тушуниб етмаган бўлсак ҳам, мурғак хаёлимизга сеҳрли шеъриятнинг шуъласи тушган экан. Ақлимиз билан англамасак ҳам шууримиз билан шундай юксак, самовий, мўъжизавий шеърият оламда борлигини сезган эканмиз.
Устоз Ғайратий ҳеч қачон ҳеч биримизга “сен” деб мурожаат қилмаган. У болалигимиздан бизни ўзаро ҳурматга, бир-бировни қадрлашга ўргатди. “Шоир қавми, - дер эди у, - бир-бирига ўхшамаган бўлади. Кўнглида ҳеч қачон бошқасини тан олмайди. Лекин истеъдод эгасида мавжуд бўлган ақл, фаросат унга доим бир нарсани уқдириб туради: адабиётга бир хил фикрлайдиган инсонлар керак эмас. Шоирлар ўзларининг ҳар хиллиги билан қадрли”.
Устознинг яна бир ўгити қулоғимдан кетмайди: “Адабиёт ҳалол, пок инсонларнинг даргоҳи. Унга шону шуҳрат таъма қилиб кирган, қалам ҳақидан келадиган бойликни ўйлаган киши ҳеч нарсага эриша олмайди. Аксинча, оқибатда беобрў бўлади. Сизлар ўқишни, ўрганишни, қунт билан меҳнат қилишни билинг. Сиз орзу қилган ҳамма нарса ўзи эшигингизни қоқиб келади”.
Ўша йиллар шоир Ғайратий учун қийин йиллар эди. У ноҳақ айбланиб, адабий давралардан четга сурилиб қолган, ғариб, афтода бир ҳолда эди. Шоир ўзининг ёш дўстлари билан овунар, кўнглидаги гапларини биз билан ўртоқлашарди. Ўша пайтда кўрган қийинчиликлари шоирга кейинчалик катта бахт бўлиб қайтди, устозлик бахти-шогирдларнинг камолини кўриб қувониш бахти бўлиб қайтди.
1965 йилда шоирнинг 60 йиллик тўйи (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида ўтказилган эди) ҳеч эсимдан чиқмайди. Биз унинг шогирдлари- Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Сайёр, Тўлқин, Анвар Исроилов, Анвар Юсупов, Анвар Эшонов, Тамилла Қосимова, Матлуба Исломова ва бошқалар устоз ҳақида ўз дил сўзимизни айтган эдик. Устоз кипригида ёш қалқиб турарди.
Устознинг хотираси миннатдор қалбларимизда узоқ яшаб қолади.

Kavsar
11.06.2011, 14:38
O`ZBEGIM
Qasida

Tarixingdir ming asrlar
Ichra pinhon, o‘zbegim,
Senga tengdosh Pomiru
Oqsoch Tiyonshon, o‘zbegim.

So‘ylasin Afrosiyobu
So‘ylasin O’rxun xati,
Ko‘hna tarix shodasida
Bitta marjon, o‘zbegim.

Al Beruniy, Al Xorazmiy,
Al Forob avlodidan,
Asli nasli balki O’zluq,
Balki Tarxon, o‘zbegim...

ЎЗБЕКАМ

Дар ҳазорон қарн таърихи ту пинҳон, ўзбекам,
Бо ту ҳамсол аст Помиру Тиёншон, ўзбекам.

Аз хати Урхуну аз Афросиёб ояд садо,
Гўиё дар шодаи таърих марчон, ўзбекам.

Вориси Беруниву Хоразмиву Фаробийи,
Шоядо аз насли Ўзлук, ё ки Тархон, ўзбекам.

Бар сари бадбахти ту шамшербози кардаанд,
Эй басо хоқону сулотону шаҳу хон, ўзбекам.

Кўҳсорат бар сарат чун аждаҳо шуд посбон,
Аз ду чашмат рехт ду дарёи Уммон, ўзбекам.

Доғҳо дорй зи теғи Қайсари Рум дар чигар,
Дар раҳи Чингизу Боту сангаристон, ўзбекам.

Бар сарат аз чор сў тиру акмонҳо рехтанд,
Куштаву торочдида, хонавайрон ўзбекам.

Лек умре хам накарди сар ба чаври рўзгор,
Эй Муқаннаъ, аз табори сарбадорон, ўзбекам.

Ту на зардушти, на буддои, на муғ, на бутпараст,
Бо шиори одамият пок иймон, ўзбек.

Нур бахшидй ба зулмат бо чароғи маърифат,
Рехт шабҳо аз ду чашмат кавкабистон, ўзбекам.

Чун муназзам кард Улуғбек чадвали асрорро,
Бар фазои осмон бигзошт нарбон, ўзбекам.

Олам аз бонги Алишери ту дод акси садо,
Чун ба мулки шеърият гардидй султон, ўзбекам.

Шоҳи иқлими адаб, аммо ғуломи сарнавишт,
Дар диёри худ ғарибу зору нолон ўзбекам.

Оташе афрўхт Бобур бо фиғони худ ба даҳр,
Дар вучудат хуни Машраб кард туғён, ўзбекам.

Нодира пажмурда шуд дар гулшани шеъру бишуст,
Симтанро ашку гўраш карда армон, ўзбекам.

Фурқатат бигрист дар фурқат, Муқимат дар мақом,
Аз фиғонат Ҳинду Афғон карда афғон, ўзбекам.

Эй басо Фирдавсй бояд назми таърихи туро,
Чунки ҳар оҳест аз ту чанд достон, ўзбекам.

Пушти сар шуд дарду доғи кўҳнаи таърихи ту,
Захмҳои чонгудозат ёфт дармон, ўзбекам.

З-офтоби бахт гардид осмонат нурбор,
Зулмати сад асраат шуд шўълаафшон, ўзбекам.

Боғ бошад гар ватан, як шаҳгули хандон туй,
Чашм бошад гар ватан, як тори мижгон, ўзбекам.

Сарбаландиҳои мо аз туст, эй халқи азиз,
Бори кўҳеро кашида нек деҳқон, ўзбекам.

Аз чи мадҳатро нагўям дар чаҳони бекарон,
То шиносам хешро, пайдо шуд имкон, ўзбекам.

Гарчи ман фарзанди ин кишвар, зи авлоди башар,
Як чигарбанди сазовори туям, ҳон, ўзбекам.

Пушкину Байрон бароям ду чаҳони беназир,
Фахрам аммо бо Навоию ниёкон, ўзбекам.

Ҳар кучо рафтам ба сар тоқй, гиромй доштанд,
Шуҳра шуд исми шарифи Ўзбекистон, ўзбекам.

Ҳурмати шири сафедат, ҳаққи нозу неъматат,
Ин қасида бар ту бахшад Эркинат, чон, ўзбекам.

2008

Nigora Umarova
11.06.2011, 14:49
Ҳазрат Низомиддин мир Алишер Навоийнинг номисиз ўзбек маданиятини, шеъриятини тасаввур қила олмаймиз. Ҳазратнинг нурли шеърияти, ёруғ сиймоси руҳиятимизга, шууримизга сингиб кетган. Алишер Навоийнинг ижодингизда тутган ўрни ҳақида айтиб ўтсангиз

Kavsar
11.06.2011, 15:00
Устоз Ғайратий ҳеч қачон ҳеч биримизга “сен” деб мурожаат қилмаган. У болалигимиздан бизни ўзаро ҳурматга, бир-бировни қадрлашга ўргатди. “Шоир қавми, - дер эди у, - бир-бирига ўхшамаган бўлади. Кўнглида ҳеч қачон бошқасини тан олмайди. Лекин истеъдод эгасида мавжуд бўлган ақл, фаросат унга доим бир нарсани уқдириб туради: адабиётга бир хил фикрлайдиган инсонлар керак эмас. Шоирлар ўзларининг ҳар хиллиги билан қадрли”. Устознинг яна бир ўгити қулоғимдан кетмайди: “Адабиёт ҳалол, пок инсонларнинг даргоҳи. Унга шону шуҳрат таъма қилиб кирган, қалам ҳақидан келадиган бойликни ўйлаган киши ҳеч нарсага эриша олмайди. Аксинча, оқибатда беобрў бўлади. Сизлар ўқишни, ўрганишни, қунт билан меҳнат қилишни билинг. Сиз орзу қилган ҳамма нарса ўзи эшигингизни қоқиб келади”.

Миннатдорман, саволимга жуда гўзал қилиб жавоб берибдилар. Аллоҳ рози бўлсин! :)

Ижодларида мен кўрган камтарин шоиримиз ҳаётда ҳам камтарин ва хушфеъл, чинакам инсонпарвар эканликларига ҳар гал у киши билан ўтказиладиган ижодий учрашувларда гувоҳ бўламан. Шеъриятдаги Эркин Воҳидов ҳаётдаги Эркин Воҳидов билан ўзаро уйғун эканлиги учун ҳам ижодларига ҳурматим баланд. Зеро, қалам аҳли шундай бўла олиши керак деб ҳисоблардим.

Юртимизда "ҳалқум" деб эмас, "халқим" дея яшайдиган адиблар кўпаяверсин, ҳамиша!

Erkin Vohidov
11.06.2011, 15:40
Ҳазрат Низомиддин мир Алишер Навоийнинг номисиз ўзбек маданиятини, шеъриятини тасаввур қила олмаймиз. Ҳазратнинг нурли шеърияти, ёруғ сиймоси руҳиятимизга, шууримизга сингиб кетган. Алишер Навоийнинг ижодингизда тутган ўрни ҳақида айтиб ўтсангиз

Ҳазрат Алишер Навоийнинг юксак бадиият билан музайян бўлган, чуқур инсонпарвар ғоялар билан йўғрилган ижоди асрлар оша бизни ҳануз ўзига ром қилади, кўнгилларимизни завқу шавқ ҳамда ифтихор туйғулари билан, онгимизнпи эзгулик фикрати билан бойитади, бизни адолат учун, инсон қалбининг мангу эрки учун курашмоққа чорлайди.
Алишер Навоий шеъриятининг буюк қудрати халқпарварлиги ва одамга сўнгсиз меҳрида. Ўз элини, инсонларни шундай катта муҳаббат билан севолган шоирнинг қаламидангина шундай ноёб дурдоналар тўкилади. Навоий “Хамса”си, “Хазойинул маоний” девонлари биргина менинг эмас, шеър меҳнатига ошно бўлган ҳар бир ижодкорнинг, ҳар бир шеърхоннинг хонтахтаси устида туради, қалби тўрида эъзозланади. Бу ўлмас ижодиёт бизнинг бебаҳо мерос мулкимиз, жавоҳирга бергисиз бойлигимиз.
Навоий яшаган замон билан бизнинг давр ўртасида узоқ беш юз эллик йилллик тарих бор. Бу фурсат ичида ҳаётимизда кўп нарсалар ўзгарди, халқ ўз бошидан кўп нарсаларни, ҳодисаларни кечирди. Дунёқарашлар ўзгарди, она тилимиз луғати янгиланди. Навоийна ҳатто ўзимиз-унинг энг изчил муҳиблари ҳам баъзан қомусларга қараб тушунадиган бўлдик. Лекин буюк даҳонинг ўз замонидан анча илгарилаб кетган ғоялари бизнинг дилимизга яқин, у бамисоли ёнимизда турганга ўхшайди.
Навоий шундай улкан чўққики, ундан узоқлашган сари маҳобати кўпроқ намоён бўлади. Биз бу чўққига зинҳор ортимизда қолган даражада деб эмас, доимо олдинда турган, биз доимо интилиб яшайдиган юксаклик деб қараймиз.
Навоий барча замон шоирлари учун маҳорат мактабидир. Ҳеч бир замонда ҳеч бир туркигўй шоир шеър санъатини шу қадар кўтара олмаган. Навоийнинг санъаткорлигига фақат ҳайратланиш мумкин. Унинг шеърияти мўъжиза даражасида.
Баъзан менга Навоий байтлари инсон фикратида пайдо бўлган эмас, балки илоҳий қудрат томонидан яратилгандек туюлади.


Саҳар ҳовар шаҳи чарх узраким ҳайли ҳашам чекди,
Шуои хат била қўхсор уза олтун алам чекди.

Қазо фарроши чекди субҳнинг сиймин супургисин,
Музаҳҳаб парлари андоқки, товуси ҳарам чекди.

Муаззин каъба тоқи узра гулбонги самад урди,
Барахман дайр айвонида оҳанги санам чекди.

Бу мисраларда нафақат гўзал ташбеҳлар, теран фалсафий ўйлар мавжуд, балки ақлни лол этгувчи сеҳр, самовий оҳанг бор. Бундай сатрларни инсон қўли битганига ақл бовар қилмайди...

Muhammad Ismoil
14.06.2011, 09:12
Эркин Вохидов - давримизнинг энг улуғ аллома шоиридир ! Мен 10-июнь куни бўлиб ўтган ижодий учрашувдан жуда катта завқу-шавқ олдим ва ниҳоятда улкан таассуротдаман ! Илойо, шоиримиз миллатимиз бахтига, адабиётимиз бахтига омон бўлсинлар ! Эркин Вохидов – шеъриятимизнинг кўрки, фахри, ифтихоридир ! Давримизнинг ҳақиқий – қахрамонидир !

Muhammad Ismoil
14.06.2011, 23:06
Эркин ака ! Сиз жуда ҳам қизиқарли ҳаёт йўлини босиб ўтгансиз. Жуда кўп машҳур одамлар, улуғ алломалар билан учрашгансиз. Айтингчи,автобиографик асар ёзиш келажак режангизда борми?

Erkin Vohidov
16.06.2011, 20:43
Ха ёзяпман

Muhammad Ismoil
17.06.2011, 00:26
Эркин ака ! Ўша асарингиздан уФорум саҳифалари орқали бирор парча ўқисак бўладими? Чунки унинг жуда қизиқарли эканлигига шубҳам йўқ !

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:28
1


Ҳар бир санъаткор, – хоҳ у қўшиқчи, рассом бўлсин, хоҳ шоиру ёзувчи, – ижодининг энг баланд чўққилари бўлади. Бу чўққилар ё ўз вақтида (муаллифнинг тириклигида) ёҳуд маълум замонлар ўтгач (муаллифдан кейин) кўзга ташланади. Ўзбекнинг улкан шоирларидан бири Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шоир ижодидаги ана шундай чўққилардан бири. Не бахтким, шоиримиз ҳам, достон ҳам (ёзилганига 28 йил бўлди!) тирик! Назаримда у нафақат Эркин Воҳидов шеъриятининг гултожи, балки ХХ аср ўзбек достончилигининг энг вазмин тоши, энг чиройли порлаган юлдузи, фахри ва шарафидир!..
Келинг, қуйида ана шу даъвомизни илмий жиҳатдан текшириб чиқамиз...
Сўзимизнинг индаллосида замона кайфияти, одамларнинг руҳияти ва уларнинг тинимсиз ўзгариб-турланиб бориши масаласига тўхталсак. Яшириб нима қилдим, саккизинчи ва ўнинчи синф орасида ўқиб юрган чоғларим Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеъриятининг чинакам шайдоси эдим. (Очиғи, бундай ашаддийлик ҳозир Оврупа футбол мухлислари орасида бор, деб ўйлайман). Матбуотнинг қай бир нуқтасида шеърият тўғрисида суҳбат кетса, мақола чоп этилса, кўзларим, аввало, шу икки номни излаб қоларди. Бор бўлса, кўнглим жойига тушиб, мақолани қониқиш билан ўқиб чиқардим, йўқ бўлса-чи?.. Биласизми, қанақа ҳиссиёт юрагимни қамраб оларди? Гўё мавжуд ҳақиқатга хиёнат қилингандек, гўё ўша мақола ёки нутқ муаллифи атайлаб бу икки шоирни четлаб ўтиб кетгандек сезардим ўзимни. Ҳолбуки, дердим ўзимча, энг катта ҳақиқатни шулар ёзяпти, энг дилбар, оҳанрабо шеърлар шуларники, демак, уларга албатта тўхталиш шарт эди. Лекин нега тахталишмайди? Нега адабиётдаги асосий гап қолиб, бошқа майда-чуйдалар тўғрисида соатлаб гап сотиб, километрлаб мақола ёзишади?.. Бу хил изтиробли эътирозлар мурғак онгимни, қалбимни захалаган, озорлаган эди – эсимда. Яна шу нарсалар эсимдаки, ўша кезлар улғайсам, албатта, бир хил ёлғонларга чек қўяман, ўзим улар ҳақида, уларнинг оловли ва ростгўй, дилбар ва донишманд шеърлари тўғрисида тинимсиз-тинмсиз ёзаман, ўз дардимга қўшиб уларникини ҳам тарғибу ташвиқ қиламан, деб кўнглимга тугардим. Аммо ўқитувчим, эътибор беринг, фалакнинг гардишини қарангки, ўша чоғлар 15 ёшда бўлсам, бугун 38 даман, тахминан, Пушкин ва Чўлпонлар кетган ёшдаман, бироқ мен ҳам Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов шеъриятига бағишланган битта ҳам алоҳида мақола ёзмабман! 1997 йилда “30 йиллар ўзбек шеъриятида “соф лирика муаммоси” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқламаганимда ўрта мактабда адабиётдан дарс берган Ёқубжон Исмоилов деган муаллимимиз ҳайрон бўлиб сўраганди: “илмий ишни нега Воҳидов ва Орипов шеърларидан ёзмадингиз? Ахир, мактаб программасига киритилмаган эса-да “Воҳидов” ва “Орипов”ни сиз ва сизга ўхшаган яна бир-икки ўқувчи учун ўтар эдим, эсингиздами? Сизни диссертация ёқлаяпти, деб эшитганимдаёқ “шу икки шоир ижодидан!” дея ўйлагандим...” Шунда мен айни саволни икки забардаст шоирларимизнинг ўзларига бергим, эҳтимол, сизлар ёрдам берарсизлар, дегим келганди... Ахир, мен юрагимда неча ўн йиллар мобайнида “Сен баҳорни соғинмадингми?”, “Қани, най бер менга, дўстгинам...”, “Биринчи муҳаббатим”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси”, “Жаннатга йўл” каби Ориповнинг, “Инсон қасидаси”, “Ишқ истилоси”, “Дебоча”, “Мажнунтол”, “Руҳлар исёни” каби Воҳидовнинг шеър, ғазал ва достонларини олиб юрганим ҳолда тадқиқот фурсати етганда нега бутунлай ўзга табиатли шеър устида илмий изланиш олиб бормадим? Ёхуд мен-да кўнглимдаги ва ҳаётдаги ҳақиқатга хиёнат қилдимми?.. Бу хил саволларга бугун менинг жавобим бор, (лекин кеча улар мени қийнаганди). Жавоб шундан иборатки, ижодда замон билан ҳамнафаслик деган тушунча бор экан ва у фақат баландпарвозлик билан, ясамалик билан алоқадор бўлмай, айни чоғда реал, самимий мазмунга ҳам эга: шоир ўз даврининг тепиб турган юраги бўлиши шарт экан. Олтмишинчи ва етмишинчи йилларда юқоридаги икки шоир чиндан ҳам “юрак” эдилар. Улар ўша узоқ ўн йилликлар кайфиятини энг ёрқин ва энг тўла ифода қила олган ижодкор эди. Энди иккинчи томон – ўқувчи айнан шундай кучга эҳтиёжманд эди. Етмишинчи йиллар охири ва саксонинчи йилларнинг аввалида мен ҳам бир ўқувчи сифатида давримизнинг уриб турган “қайноқ юрак”ларига қулоқ беришим ва улар орқали ўзимни, муҳитни тушунишга уринишим табиий эди... Кейин эса (саксонинчи йилларда) мамлакат ҳаётида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди ва жамият, унинг бир бўлаги инсон жуда кескин эврилишларга мубтало бўлди. Социализм парчаланиб, капитализм элементлари кириб кела бошлади. Натижада инсон ва у яшаётган муҳитнинг кайфияти тубдан ўзгарди. Демак, у кечаги китобни ёпиб, бугунги кайфиятни ифода қилган санъат ва адабиётга эҳтиёж сезди. Айни чоғда ўзига бир ҳақиқатни ҳам тушуниб етдим: маълум бир тузум ва унинг устивор йўналишини куйлаган адабиёт вақти келиб шу тузум даврадан кетгандан сўнг ўз ҳукмрон қийматини йўқотар экан. Шунинг учун ҳам 90-йилларда ўқувчи-тадқиқотчи адабиётимизнинг мангу ҳақиқатлар тараннум этилган саҳифаларига эътибор қилишга уринди. Назаримда “соф лирика” муаммоси” деган мавзуда тадқиқот олиб борганлигимизнинг сабаби – ана шу! Кўнгил шеърияти ижтимоий буюртмалар билан “дунёга келган” ғояпараст поэзиядан бир қадар чарчаган менинг авлодимнинг ўша кезлардаги кайфиятига бир қадар мос тушганди 90-йиллар ўрталарида. Лекин Эркин Воҳид ва Абдулла Орифнинг менга ёд бўлиб кетган шеърлари ва достонлари ҳам кўнгилдан чиққан, кўнгилнинг маҳсули эди, лекин негадир уларни танламадим... Эҳтимол, маълум муддат вақтнинг, замонларнинг ҳукмига ҳавола этиб синагандирман: қани-чи, бир оз фурсат ўтгандан кейин ҳам тушларимга кириб чиқадиган бу шеърлар, бу достонлар яна тўлқинлантирармикан, онгим ва қалбимни ларзага солармикан, дегандирман. Мадомики, шундай бўлган экан, қачонки бу икки забардаст шоир ашъоридан сўзламоқчи бўсам, негадир ҳамиша ўттиз-қирқ йил орқага кетаман ва у ердаги мавжуд шеърлар ҳалигача юрагимни куйдиради, ҳисларимни жунбишга келтиради. Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шулар қаторида ва унинг жовидонлигига илк гаров шудир, достоннинг ҳар икки замон синовларига бардош бера билганидир.

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:29
2


Достон ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган оташқалб ҳинд шоири Назрул Исломнинг ҳаётига бағишланади. Унда Ҳиндистонни инглиз мустамлакаларидан озод кўришни истаган ва шу муқаддас курашга нафақат ижодини, балки ўз эрки ва ҳаётини ҳам бахшида этган оташқалб шоирнинг тутқунликдаги аччиқ қисмати, қисматидан-да аччиқроқ ўй-хаёллари бирин-сирин ҳикоя қилинар экан, Эркин Воҳидов вақти-вақти билан ўқувчи нигоҳини инсоният тарихида юлдуздек порлаган турли-туман ажойиб ривоятларга қаратади. Хўш, нега? Нега шоир ўз бадиий мудаосини Назрул Исломнинг ҳаёти ва ижоди орқалигина баён этиб қўя қолмади? Нега у ўқувчини ўзи янглиғ қийнагиси, уни ўтдан олиб ўтга солгиси, зулм, истибдод, жаҳолат каби сиртмоқларда осгиси келди?.. Чунки муддао Назрул Ислом эмас, бу – бир баҳона. Асл муддао – башарият табиатининг икки тоифага эътиборни қаратиш: оқ ва қора, ёруғлик ва зулмат, маърифат ва жаҳолат, истибдод ва озодлик...
Назрул Ислом ва унинг аламли қисмати бир дурбинким, шоир мазкур устурлобнинг бир учини ўқувчи кўзига тутиб, иккинчи оғзини инсониятнинг хатоларга лиқ тўла кечмиши ва бугунига қаратади. Натижада ўқувчи Назрул Ислом кечмиши орқали ўзи одамзотнинг ботинига назар ташлаш имкониятига эга бўлади, инсон табиатидаги ўзак масалаларга бир нуқтадан қараш ва уни кузатиш майдонини қўлга киритади. Бу майдоннинг исми Назрул Ислом ҳаёти акс эттирилган “Руҳлар исёни” достонидир! Ёши ва давридан қатъий назар, ўқувчики бор, энди шу майдонга тушса, албатта истибдод ва озодликдан, жаҳолат ва маърифатдан, оломон ва халқдан... дарс олади. “Руҳлар исёни”нинг даврлар чиғириғига дош бериб келаётганининг сабаби – шу. Бу эса достонни шарафлаган унсурлардан тағин биридир.

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:30
3


Бутун ер куррасини улкан зулмат қоплаб келаётгани ҳақида бутун оммавий ахборот воситалари дунё бўйлаб тинмай жар солаяпти. Замондошимизнинг – она сайёрамизнинг қайси нуқтасида истиқомат қилишидан қатъий назар, – бундан хабари бор. Нимасини айтай, бу ҳақда жаҳоннинг энг қудратли мамлакатларининг давлат раҳбарларидан тортиб, энг пулдор бойларию энг таъсирли корчалонларигача беш қўлдек билади... Бироқ ачинарлиси ва ажабланарлиси шундаки, неча замонлардир одамзод ўзи билиб, ўзи кўриб, шундоқ бурнининг остида нафасини туйиб келган ёв – зулматга қарши ўзаро бирлаша олмай келаётир. Гўё ҳамма бир-бирига олдиндан тубсиз бир чоҳ борлигини гапира-гапира, лекин ўз йўлини ўзгартирмай, ҳатто шу йўлни ўзлаштириш тўғрисида ҳам лақиллай-лақиллай, айни чоғда тўппа-тўғри ўша қаърга томон одимлаётгандек. Во ажаб!.. Ўйлаганинг сари инсоннинг ақлли мавжудот эканлигига шубҳалана бошлайсан. Алам қилади, ахир ўзинг, авлодларини, одамзодни, жамики тирикликни ҳалокатдан қутқара олмаган ақл ақлми? Биз сизларга ақл бердик, фикр қилмайсизларми? дея амр этилмайдими муқаддас битикларда. Гарчи Фолкнер каби дунёнинг энг жиддий ёзувчиларидан бири алал оқибатда инсонга, унинг ҳар қандай ёвузликлар, ёвуз кучлар устидан ғалабасига ишониб ўтган бўлса-да ҳали инсон ўз қалбидан мустаҳкам ўрин олган, унинг томирларидаги қонида шовуллаб оқаётган жаҳолату нафс балосидан кўп-да узоқ кетолгани йўқ-да!.. Дарвоқе, шундай ишончнинг ўзи учун улуғ ёзувчига олтиндан ҳайкал қўйса арзийди. Чунки инсоннинг ер шарини коптокдек думалатиб жар ёқасига тепиб келаётганини кўра-била туриб яна шу одамга, унинг эзгу ниятига ишонч билдириш ҳазил гап эмас!..
Ҳар гал “Руҳлар исёни” достонини мутолаа қилар эканман, юқоридаги каби мулоҳазалар фикру ёдимни чулғаб олади. Чунки ундаги ғоя, пафос айни масалаларнинг бағридан сизиб чиқади. Шу билан бирга фикрловчи инсоннинг юқоридаги мавзу бўйича асосий саволларига ўзига хос жавоб бўлиб янграйди ҳам!
Албатта, достон жуда кўп масалалар бор. Эркин Воҳидов абадият, шоир қалби, исён, фидойилик, тутқинлик, истибдод, озодлик, шоҳ ота ва шоҳ ўғил, зоҳидлик ва орифлик, олий руҳлар ва ҳоказо мавзуларни алоҳида фаслларда текшириб чиқади, уларнинг фалсафий, инсоний моҳиятини тушунишга интилади. Гарчи ҳар-хил тарихий замонлар, турли-хил ижтимоий сиёсий даврлар, бир-биридан узоқ воқеалар, одамлар қисмати достон саҳнасида қоришиб кетган эса-да, буларнинг барчаси шоир мушоҳада призмаси остида бир нуқтада бирлашадилар. Бирлашиб, истибдодга кўнмаган, озодликдан тонмаган, исёнкор қалб ҳаёт йўли кўз ўнгимизда намоён бўлади. Натижада бу исёнкор қалб абадий ҳаёт сувини тупроққа тўкади, эвазига ўз даврида ўз замондошининг қон сирқиб турган дардлари билан яшаш йўлини танлайди. Йўл табиий равишда уни мамлакатни, одамларни ўз қаърига тортган истибдодга қарши курашга чорлайди. У курашади. Чунки туғилгандаёқ фидойилик ҳақидаги ривоят унинг томирларида қон ўрнида оқарди. Озодлик учун кураш эса ҳамиша тутқинликни бошлаб келади. Лекин чинакам исёнкор қалб ўз тавридан воз кечмайди, хаёлини ҳар-хил ўйлар илма тешик қилиб юборса-да, “Шоҳи жаҳон ва Аврангзеб”, “Олий руҳлар” каби ривоятлардан мадад олиб, жисмининг нолаларига қулоқ бермай, руҳни зиён-заҳматсиз равишда кўкларга олиб кетади...
Лекин достон ҳақидаги шунча гапдан кейин ҳам масала моҳияти очилмай қолаётгандек. Чунки биз ундаги битта фаслга тегинмадик ҳали. Бир мушоҳада қилиб кўрайликчи, инсонни мана шундай яшаб ўтишига, достонда айтилганидек, гўзаллар ҳақида эмас, тинимсиз-тинимсиз озодлик тўғрисида шеър ёзишга, озодлик учун жонини жабборга беришга ва натижада қамоқларга тушиб, аёвсиз зулм, шафқатсиз қийноқлар исканжасида жон таслим қилишга мажбур қилаётган ким ёки нима ўзи?!. Одамлар нега бу бебақо дунёга уруш-жанжаллар даъвосисиз жимгина келиб, бир-бирларини жимгина севиб, ардоқлаб кетавермайдилар? Ахир, инсон қўлига нимаики олмасин, паймонаси тўлгач, ҳаммасини қайтиб биришга маҳкум-ку ва буни ҳар ким биладику!.. Яна нега?!. Бу мазмундаги юзлаб, минглаб сўроқларимизнинг битта жавоби бор: ЖАҲОЛАТ!!! Шоир Эркин Воҳидов ижод асосида асарга яна бошқа бадиий мақсадлар юкламоқчи бўлган эса бордир, лекин “Руҳлар исёни” достонини тутиб турган ўқ, унинг марказий нуқтаси менимча битта – “Жаҳолат тўғрисидаги ривоят”. Чунки қайси замондаки одамзоднинг келажаги, ер юзидаги тирикликнинг эртанги тақдири ҳақидаги муаммолар кўтарилар экан, ҳамма йўллар инсонни тўппа-тўғри жаҳолатнинг бўсағасига элтаверган... Ҳа, одамийзод ирқию динидан, мавқеию касб-коридан қатъий назар, бир-бирини худди туғишган ака-сингилдек севмоқчи бўлса, аввало, жаҳолатни ўлдирсин, эртага, индинга, ундан кейин... минг йилдан кейин ҳам авлодим қуёшни кўрсин деса, аввало, жаҳолатни ўлдирсин!.. Ҳа, ақлингизга нимаики келмасин, ҳаммасининг шарти – шу! “Жаҳолат тўғрисидаги ривоят” достонда бошқа ривоятлар қаторидагина келадиган навбатдаги бекат эмас, асло! Бу ривоят ўша Назрул Ислом ва унинг каби дунё бўйлаб минглаб, миллионлаб истибдодга қарши чиққан, чиқаётган ўлмас ва ўчмас исёнкор қалбларни тириклайин қамоқда чиришига, оловда ёнишига, виждон азобида қовурилишига сабаб бўладиган нодон ва жоҳил оломонга, жаҳолатга отилган ўзига хос лаънатловдир! Ахир, иссиқ танангизга бир ўйлаб кўринг, хастани турли хил дарддан ҳатто кўрликдан даволаб, соғлар қаторига қўшган донишманд ҳакимни ўтда тириклайин куйдиришларига яна шу беморнинг овоз бериши, оловга сомон элтиши бу – жаҳолат эмасми!? Шундай қилаётган ёки шундай қилаётганларга жим қараб турганлар, булар – оломон эмасми? Бас шундай экан жоҳиллик ва оломон қайсидир маънода бир-бирига синоним, маънодошдир ҳамда инсон қандай ривожланган мамлакатда ва қайси халқнинг ичида яшамасин, магар у жоҳил эса, баланд савияли халқнинг орасида туриб ҳам оломонга тааллуқлидир. Ёки аксинча, оломоннинг ичида туриб ҳам киши маънавий даражасининг юксаклигига, жасоратига ва ҳоказо кўплаб фазилатларию амалларининг сажиясига қараб туриб халққа тегишли бўлиши мумкин. Ҳа, жаҳолат ва маърифат одамларни икки қутбга айириб ташлайди, натижада бир ёнда тўда, оломон, иккинчи томонда эса халқ, миллат пайдо бўлади. Достондаги “Жаҳолат тўғрисидаги ривоят”да ҳар иккиси ҳам бор. Бир тарафда жоҳил, нодон оломон, иккинчи ёқда эса донишманд ҳаким ва оловда ёқиб бўлгандан кейин ақл ва маърифат кўзлари очилган одамлар!
Ўт қўйдилар.
Ёнди гулхан.
Қаро бўлди самовот.
Жаҳолатнинг ҳукми билан
Қурбон бўлди буюк зот.
Гулхан ёнди кўкка ўрлаб,
Чўғи ҳар ён сочилди.
Шу оловдан элнинг, ажаб,
Ақл кўзи очилди.
Ўкиндилар,
Аза тутиб
Йиғладилар, куйдилар.
Донишмандга йиллар ўтиб
Олтин ҳайкал қўйдилар...

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:31
Қани эди достонда айтилганидек, ўзининг битта хатосидан таъсирланиб ёппасига бутун элнинг кўзи очилиб кетса! Унда ер юзида умуман оломон қолмаган, ҳамма миллат деган шарафли денгиз бағрида ўз елканларини ҳилпиратиб мағрур сузиб юрган бўларди. Йўқ-да, ҳеч қачон бундай бўлмаган ва дунёда фуқароси миллат бўлиб шаклланмаган биронта мамлакат қолар экан, бўлмайди ҳам! Одатда, бармоқ билан санарли одамларниггина ақл кўзлари очилади ва баъзан ўзлари қилмаган гуноҳлар учун жавоб беришга интиладилар. Оловда тириклайин ёқиб юборилган донишманд ҳакимга олтин ҳайкал қўйганлар ҳам аслида оломон эмас, балки халққа айланган, ёки айланаётган озчиликдир! (Аслида, миллат, халқ ана шуларнинг маърифатидан ўсиб чиқиб, шаклланади). Бу озчилик, кўпинча, ўзи мансуб бўлган халқнинг ўтмишда ё бугун қилган, қилаётган жоҳилликлари учун изтиробга тушади, инсоният виждони қаршисида изза бўлади ва хатоларни тузатишга киришади. Ҳамиша шундай бўлган ва жаҳолат бор экан, оломон мавжуд экан, шундай бўлиб қолади...

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:32
4


“Руҳлар исёни” достонининг бадиий ҳақиқати ана шундай аччиқ ҳаёт ҳақиқатини инкор этмайди. Аксинча, шоир унда борини борича акс эттиришга, тўғрима-тўғри бўлмаса, айланма йўллар билан дардини айтишга уринади ҳамда бунга, асосан, эришади ҳам.
Достонда “Исён қўшиғи” бор. Унда шоир Эркин Воҳидов Назрул Ислом тилидан зулм ва истибдодга қарши оташин қўшиқ битади:
“Сўйла, инсон,
Сўйла, қаддинг кўтариб баланд
Юксакликда сенинг қадринг
Ҳимолай монанд...
Уйғонмоқнинг вақти келди,
Бош кўтар, уйғон!
Бош кўтаргил,
Минг йил тўккан
Кўз нуринг ҳаққи.
Қўзғал,
Асрий қуллик буккан
Ғуруринг ҳаққи.
Қўзғал,
Буюк Тожмаҳалнинг
Шукуҳи учун.
Қўзғал,
Улуғ боболарнинг
Пок руҳи учун.
Эрк бонгин ур,
Сен интиқом –
Таблин баланд чол.
Туғулгансан озод,
мудом
Озод бўлиб қол”.

Асрлар мобайнида бундай ижтимоий-сиёсий мазмундаги шеърга дуч келмаган шарқ инсони ҳайратланиб ёқа ушлайди. Кими “бу шеър эмас, агар шеър бўлса, қани унда гуллар рақсию булбуллар навоси?” деса, бошқаси “Бу шеър Шарққа хосдир, наҳот! На ишқий, на риндона. Бундай ашъор Саъдийга ёд, Ҳофиз учун бегона” дея ёзғиради. Ниҳоят, улардан ҳиндулари Назрул Исломни “жобон”, мусулмонлари эса “кофир” деб эълон қилишади. Қаранг, оломон ҳам Назрул Исломнинг тўғри гапни айтаётганини билишади, лекин... “Ул кун Будда: Мард агар сен Дардни ичга ют, деган. Ул юзингга сен, Бул юзинингни тут, деган”, “У дунёда бахтинг таъмин, Бу дунёда чексанг ғам”, Шундай дея берган таълим Ул... Устоди мукаррам” дейишади ва шоирнинг исён қилгани учун, зулм ва истибдодга, ҳақсизликка қарши чиққани учун, қадим Шарқ анъаналарига риоя этмагани учун маломат қилишади. Эътибор беринг, азиз ўқувчим, айнан шу фаслда оломонга хос бўлган бир қирра очилиб қолмоқда, у ҳам бўлса, ҳақиқатни кўриб туриб ундан кўз юмиш, билиб туриб ўзни билмасдек тутиш:

“Ҳа, зулм бор, ҳақсизлик бор,
Барчага бу аёндир.
Аммо буни зинҳор-зинҳор
Айтиб бўлмас замондир”, –

дейди оломоннинг бир томони. Бошқа томони унга жўр бўлади:

Ҳамма билар,
Инсон эркин – яшаши шар пойидор,
Биз ҳам айтсак бўлар,
лекин
Уйда бола-чақа бор”.

Мана, кўринг, томоша қилинг энди. Назрул Ислом кўриб, тушуниб етган ҳақиқатни қолганлар ҳам билар экан... Улар ҳам мамлакат ёвнинг мустамлакаси остида эзилиб ётганини кўриб туришар экан. Фақат... фақат тиллари соқов қулоқлари кар экан уларнинг. Чунки шундай қилинганда ҳеч ким уларни бошқалардан айириб олиб туртмас, урмас, қийнамас, чопмас ва оловда ёқмасди. Оломон зўр келганда, аслида, бола-чақасини ҳам ўйламайди, бола- чақа бу – бир ниқоб, улар шу ниқоб остига одатда, ўз ширин жонларини яширмоқчи бўлади. Қолаверса, бу ўринда ишлатилган “бола-чақа” сўзи фарзандлар сўзининг синонимигина эмас, балки ундан каттароқ, кўпроқ маъноларга эгадир. “Уйда бола-чақа бор” дегани бир томонда ҳақиқатни айтиш ва балоларга гирифтор бўлиш бўлса, бошқа томонда тинчгина умргузаронлик қилиш бор ва бунинг ичига уйдаги бола-чақаю хотин-халаждан тортиб қозон-товоғу ширин таомгача киради, деганидир.
Юқорида шоир Эркин Воҳидов достон майдонида айтмоқчи бўлган дард даражасига етган айрим оғриқларини айланма йўллар билан бўлса-да, барибир, ўқувчига етказади, дедик. Бу адабиётнинг, санъатнинг буюк имкониятидир, аслида. Эндигина ўқиганимиз парчалар бир томондан оломон психологиясини очиб беришга хизмат қилса, иккинчи томондан оломон тилидан айтилаётган аччиқ ва алмли иқрорлар достон ёзилган етмишинчи йиллар адоғида ҳукмрон советлар давлатига нисбатан ўзига хос айбловдек жаранглайди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, воқеалари ўзга мамлакатда кечаётган достонда бировнинг номидан бошқа бировга қарата айтилаётган бўса ҳам шоир: “Ҳа, зулм бор, ҳақсизлик бор, Барчага бу аёндир. Аммо буни зинҳор-зинҳор Айтиб бўлмас замондир” деб турса, бу мисралардаги ҳақ гап қўштирноғу ўтмишлар занжирини, чет мамлакатлар чегараларидаги симтиконлар тўрини парчалаб шоир яшаётган улкан мустамлакачи мамлакат сарҳадларига, у орқали бутун ўқувчилар армиясининг ақл ва юрак майдонларига вулқондек отилиб кириб келмаслиги мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки менинг ўзим ўн тўрт ёшимда тузукроқ англаб-англамай айнан юқоридаги мисраларни достондан узиб олиб мактабда, пахта далаларида баралла айтиб юрганимни аниқ-тиниқ хотирлайман. Худо раҳмат қилгур акам Ойбек бўлса, тўйларда сўзга чиқиб келин-куёвга бағишлаб бутун бир достонни ёддан айтиб берарди. Албатта, базмдагиларнинг кўпчилиги тушунмас ва бу қадар узун “шеър” ўқиган ҳамқишлоқларидан норози бўлишарди. Лекин алпқомат ва қайтмас акам билан юзма-юз бўлишдан қўрқиб, уларниг биронталари юрак ютиб ошкора қаршилик кўрсатишмасди. Гўринг нурга тўлгур акам бўлса, кўзларини чирт юмганча худди ёрига ўзи ёзган ишқий шеърини ўқиб бераётгандек ҳаяжон, ҳарорат ва баландлик билан достонни айтиб тебранар, тебраниб айтарди. Энди ўйлаб қарасам, акам мендан каттароқ бўлгани учун “Руҳлар исёни” достонининг асл моҳиятини кенгроқ ва чуқурроқ тушунган. Инчунин, ҳар сафар уни ёддан ўқиганда достондаги Назрул Ислом ҳақиқатига ўз ҳақиқатини, Назрул Ислом дардига ўз дардини қўшиб ўқигандек яйраган экан. Йўқ эса, йигит ёши яшнаб турган акам нега ёр васфи куйланган шеърларни эмас, тутқунлик ва озодлик, жаҳолат ва маърифат дарж этилган достонни худди ўз дардидек кўча-кўйда, тўй-ҳашамда, ҳамма-ҳамма ерда куйлаб юрарди... Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ёддан ўқилганда шеърнинг нуқта-вергули, қўштирноғи айтиладими? Мисол учун, “қўштирноқ, Ҳа зулм бор, ҳақсизлик бор, Барчага бу аёндир...” дейиладими? Йўқ, албатта! Достон парчаси “енгилмас ва парчаланмас, абадул-абад туради” дейилган Советлар давлатининг фуқаро-тингловчиси қулоғига айнан “Ҳа зулм бор, ҳақсизлик бор...” шаклида етиб боради ва у мушоҳада қила бошлайди: ноҳотки, буни ёзишяпти экан? Чоп этишибди-ку. Нима бўлганда ҳам барака топишсин. Ўзи бор гапда!.. Эртасига қарабсизки, ўқувчи ҳам тахминан ўша мисралар маъносига яқин гапларни айтиб юрган бўлади. Ахир, достон 1978 ва 1979 йилларда ёзилган. Улкан мамлакатдаги қайта қуришга, демократияга ва ниҳоят, мустақил давлатлар ҳамдўстлигига бор йўғи беш-ўн йил қолганди ўшанда. Демак, – дея хулоса қилсак ярашади, – қайта қуришлар, демократиялар ва мустақил давлатлар ўз-ўзидан бино бўлгани йўқ, балки одамларнинг ҳаққа ва ҳақиқатга бўлган ана шундай интилишидан, кайфиятидан дунёга келган “Руҳлар исёни” достони эса ўзбек зиёлиларининг ҳақиқат ва озодлик томон энг катта парвозларидан бирида ёзилгандир!

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:35
5

Достон фақат айтилганлардан иборат эмас. Унинг деярли ҳар бир боби тўғрисида бутун бошли китоб ёзса бўлади. Чунки унда ёлғон йўқ, шеърий романтика кўзингизга рангин тўр солмайди, сизни ҳаёт ва унинг муаммоларидан хаёлнинг камалакдек товланган ўзга оламига юлиб олиб, фикрингизни ипакдек мулойим тўрлар билан занжирбанд этмайди, асло! “Руҳлар исёни” достони Эркин Воҳидовнинг йигит ва зиёли бўлиб ғарқ пишган 42-43 ёшларида ёзилган ва ўзида шоирнинг бутун Жасорати, Истеъдоди, Донишмандлигини... бир нуқтага жамлаган энг умрзоқ, энг жозибали ва энг ҳақиқатпараст асаридир! Агар шоир бошқа ҳеч нима ёзмаган бўлган тақдирда ҳам биргина “Руҳлар исёни” достони уни миллат ва адабиёт кўксида ўчмас юлдуздек порлаб туришига кифоя қиларди. Чунки у одам ва одамзоднинг энг тансиқ, энг азиз... орзу армонлари ҳақида гўзал, ҳазин, айни чоғда, мағрур қўшиқдек юракларимизда, онг ва руҳларимизда акс садо беради. Чунки у қуллик ва зулмга рози бўлмаган, унга кўнмаган, унга қарши курашган ва озодлик учун ширин орзулари не, азиз жонларидан воз кеча олган инсониятнинг чинакам қаҳрамонларини мадҳ этади!.. Ахир, достонда ҳиндистонлик шоир Назрул Ислом тилидан “Туғилгансан озод, мудом Озод бўлиб қол” дея айтилган оловли мисралар бундан олтмиш-етмиш йил бурун халқни жонидан севган, унинг учун ҳар нега тайёру оқибатда бўйнига “халқ душмани” тавқи лаънати осилиб ваҳшийларча отиб ташланган улуғ Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен!” деган оташин чақириқларини ёдга солмаяптими!? Лекин оёқларида ҳали мустаҳкам ва бутун дунёга ўз зўравонлигини ўтказиб турган Империя ҳудудида ўша етмишинчи йилларда миллат учун ҳаёт ва жонларини фидо қилган буюк жадидлар тўғрисида ёзиш мумкинмиди? Шу билан бирга, агар Эркин Воҳидов ботинида гўрлари нурга тўлгур маърифатпарвар боболаримизнинг озодлик, истиқлол, маърифатпарварлик каби умуммиллат ғояларига жиндеккина ҳурмат бўлмаса, чет эллик, деярли бизнинг чўлпонлар йўлини босиб ўтган шоир Назрул Ислом ҳақида бундайин кўнгилга яқин достонни битиши мумкинмиди!? Кўринадики, “Руҳлар исёни”да дарж этилган ва достоннинг пафоси даражасида куйланган дард айни чоғда бизники ҳамдир! У ўз тупроғимизда, ўз назрул исломларимиз қисматларида мисқол-мисқол йиғилган ва қалб тўримизда ардоқланган, бироқ тақдир тақозоси билан ҳиндистонлик шоир ҳаёт йўли мисолида акс эттирилган умуминсоний дарддир!

Ulugbek Hamdam
17.06.2011, 14:37
6


Назаримда “Руҳлар исёни”ни ёзар экан, шоир Ҳақиқатнинг кўзларига тик қарай олган. Ёки буни бошқача айтамиз: Ҳақиқатнинг кўзларига тик қарай олган муддати давомида шоир кўнглидан кечганлари бу – “Руҳлар исёни” достони!

7


Аммо “Руҳлар исёни” достонининг Ҳақиқат кўзларига дош бериш муддати инсоният умрига тенг!

8


Достонда кўпгина фасллар сўнгида шоир беихтиёр ўз кўнглига мурожаат қилади. Ажаб мурожаатларнинг асллари муножаатга айланиб, ўқувчи кўнглига дуодек ёғилади:
Ҳақ учун
Бош тутган тикка
Мардлар руҳи ёр бўлсин.
Бу дунёда
ноҳақликка
Кўнмаганлар бор бўлсин!
Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз ўлчови бор. Жумладан, инсонликнинг, маданиятлиликнинг, жўмардликнинг... Одамнинг ҳайвондан фарқи, унинг кишилик ғурури, мардлиги... боринки, одамнинг инсонлиги энг аввал, унинг ҳақиқатга, ҳаққа қай даражада яқинлашиб келгани билан ҳам ўлчанса, ажаб эмас! Чунки инсон қўй ёки эшак эмаски қайси томонга ҳайдаса, шу томонга кетаверса!.. “Инсон – бу мағрур жарнглайди!” дейди улуғлардан бири. Бас шундай экан, Инсонлик бу – юксак мартабаким, унга тинимсиз интилмоқ, интилмоқ ва интилмоқ зарур. Шуларни ўйлаганда инсон номига муносиб бўлишдан ортиқ шараф йўқ дунёда деб ҳайқиргинг келади! “Руҳлар исёни” достонидаги руҳлар исёни ҳам аслида, инсоннинг қулликка, жаҳолатга, зулм ва истибдодга кўнишига қарши кўтарилган муқаддас ҳаракатдир: “Туғилгансан озод, мудом Озод бўлиб қол!” дейди Эркин Воҳидов бенгал шоири Назрул Ислом ва ўзбек шоири Чўлпонларга жўр бўлиб. Достонга кўнгил қўйган ўқувчики бор, руҳан беихтиёр бу шоирлар сафига келиб қўшилади.
2006

Muhammad Ismoil
17.06.2011, 19:47
Раҳмат Улуғбек ака ! Бугунги кунда мана шундай достонларни ўқишнинг ўзиёқ катта қаҳрамонлик бўлиб қолди. Ёзиш учун эса супер қаҳрамон бўлиш керак! Шу достон баҳонасида айтган кўпгина жасоратли фикрларингизга қўшиламан ! Ўзбек шеъриятида бундай достонлар кўпайишини интиқлик билан кутиб қоламан !

Erkin Vohidov
27.06.2011, 10:56
Нўноқ шоирлар

Биз бир замон муҳаррир бўлдик,
Қисмат экан, бўлдик ноширлар.
Ўлсак ёмон шеърлардан ўлдик,
Адо қилди нўноқ шоирлар.

Қўлёзмалар ўқирдик дил ғаш,
Кўргиликдан оҳлар урардик.
Сўзи чалкаш,
Ўзи жанжалкаш
Шеърбозлардан қочиб юрардик.

Йиллар ўтди.
Танидик одам,
Дунё надир, қилдик тафаккур.
Энди ўша ташбиҳи мубҳам
Нозимларга деймиз ташаккур.

Кўп зотларни кўрдик,
Алҳазар,
Ёқа тутдик, астағфируллоҳ!
Энди бизга энг зўр байтёзар
Валий бўлиб кўринар, биллоҳ!

Шеър йўлласа-
Ҳатто саёз. хом-
Ёш шоир ё ҳаваскор бахши
Мақтаб-мақтаб тилаймиз илҳом,
Шеър ёз, деймиз, ёзганинг яхши.

Сени шоир билишмаса ҳам,
Шеърингни чоп қилишмаса ҳам,
Қофияси келишмаса ҳам
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Оқ қоғозга қоматинг эгиб,
Оқ кўнгилга умидлар экиб,
Муҳаррирлар жонига тегиб
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Бахтни уйғоқ тунлардан сўра,
Бўлма кину ҳасадга жўра,
Юмалоқ хат ёзгандан кўра
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Дунё нўноқ шеърга тўлса ҳам,
Мунаққидлар хуноб бўлса ҳам,
Диди нозик ўқиб ўлса ҳам
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Зинҳор-зинҳор бу ишдан тўйма,
Ишқибозлик умрнинг нақши.
Бизга ўхшаб ёзмасдан қўйма,
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Nigora Umarova
27.06.2011, 15:41
Сиз севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг Ҳамза театрида бўлиб ўтган 70 йиллик юбилий тантанасидаги табрик сўзингизда кўпчиликни ҳаяжонлантириб юборган бир воқеа тафсилотини айтдингиз. Яъни, сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳорнинг ўша долғали 60-йилларда Сиз ва Абдулла Ориповга нисбатан “Сизларни бу аждаҳоларга ем қилиб бериб қўймайман” деганларини эслатганингизда ўтирганлар бир қалқиб тушгандек бўлди. Агар мавжуд воқелик нуқтаи назаридан олиб қараганда ростдан ҳам бу сўзлар ҳақиқий жасорат тимсоли эди.
Назаримда худди мана шу жойда адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи бўй кўрсатади. Адабиётнинг яшовчанлиги ва софлиги ижодкор эътиқоди ва фидойилиги билан чамбарчас боғлиқ ҳодисага ўхшайди. Сиз бунга нима дейсиз?

Erkin Vohidov
27.06.2011, 15:43
Ўтган асрнинг 70-йилларида адабиётга кириб келган янги авлод — бамисоли навбаҳорнинг илк бойчечаклари бўлдик. Чинакам баҳорга ҳали узоқ эди. Қиш хатари кетмаган, бир совуқ ел бизларни адо қилиши ҳеч гап эмасди. Лекин биз буни сезмас, ўйламас эдик. Танқидларни самимий қабул қилардик. Кўпни кўрган устозлар, қатоғон йилларини бошдан кечирган кекса авлод бу хил айбловлар оқибатини билиб, ҳис этиб, хавотирланишар эди.
Ғафур Ғулом 1966 йилнинг апрелида Тожикистон ёзувчилари анжуманига борар экан, Комил Яшинга айтиб мени ҳам рўйхатга киритганини, йўл-йўлакай бу боланинг қулоғини чўзиб қўяман, деб айтганини эшитганман. Дарҳақиқат, у киши ўша сафардан қайтишда менга танбеҳ бериб: “Сиёсатга тўғри келмайдиган шеърлар ёзармишсан. Ҳукумат билан ўйнашма, жимилдоқдек шоирсан. Бу давлат маршалларни ҳам отган”, дегани қулоғимдан кетмайди.
Бу отадек меҳрибон, куюнчак устознинг сўзлари эди.
Абдулла Қаҳҳор табиатан исёнкор адиб сифатида бизни йўлдан қайтариш эмас, аксинча қўллаб-қувватлаш, қалқон бўлишдек масъулиятни зиммасига олган эди. Ўз асарларига бизнинг шеърларимиздан эпиграф олгани, “мен шу ёшлар томонидаман, уларга тега кўрманг”, деган жасоратли хитоби эди.
Ижодкорлар бир-бирига ўхшамаганлари каби устозларимиз: Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Саида Зунунова, Озод Шарафиддиновларнинг бизга меҳру ардоғи ҳам турли йўсинда бўлган. Уларнинг ёди олдида қарздормиз ва бу қарзни ижодкор ёшларга меҳр кўрсатиб узмоғимиз керак. Сиз айтган адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи ҳам аввало сўз санъатининг келажаги тўғрисида қайғуришдан бошланади. Адабиётимиз олдида қайғуришга лойиқ муаммолар бор. Замон янги, авлод янги, дунёқараш, муносабатлар янги. Рақобатли дунёда китобнинг қудратли, сеҳргар рақиблари кўп. Аввалги мавқеини тиклаш учун янги авлоддан фавқулодда истеъдод ва мислсиз жасорат талаб этилади.

Nigora Umarova
27.06.2011, 15:44
Ҳар бир миллат адабиётининг ўз овозлари бўлади. Бу “овозлар” ўша миллат адабиётининг, маънавиятининг тимсоли саналади. Ўтган ХХ-аср ўзбек шеъриятида ўнлаб янгроқ овозлар пайдо бўлди ва авж пардаларда жаранглаган бу овозларнинг акс-садоси ҳамон эшитилиб турибди.
Хассос шоир Абдулла Ориповнинг шеърияти ўзининг теран фалсафаси билан, шоир Рауф Парфи ижоди шакл ва моҳиятдаги янгиликлари билан, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим ва Мирзо Кенжабек сингари шоирларнинг шеърияти ўзининг бетакрор жозибаси ва оҳанглари билан алоҳида ажралиб турди. Сизнинг ижодингиздаги Сўз эса жўшқинлиги ва сержило оҳанглари билан ўқувчи қалбини забт этди.
Айтмоқчи бўлганим: эндиликда адабиётимизда бу янгроқ овозларга ҳамоҳанг ва сафдош овозлар намоён бўлмаётгандек. Нима, истеъдоднинг юзага келишига ҳам ижтимоий-тарихий ҳаётнинг таъсири бўладими?

Erkin Vohidov
27.06.2011, 15:46
Ҳар бир замоннинг ўз идеаллари, ихлос қўйган санъати бўлади. Миллий театримизнинг Маннон Уйғур, Етим Бобожон раҳбарлик қилган, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхон, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраевалар гуркираган даврини эсланг. Марғилонда Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Хоразмда Комилжон Отаниёзов авж пардаларда куйлаган даврларни ёдга олинг. Муқимий номидаги театрни жаранглатган Маҳмуджон Ғофуров овози ҳам санъатимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлган. Бугун энди эстрада замони. Овоз борми-йўқми, фарқсиз, ҳамма қўшиқ айтадиган бўлди. Савод борми-йўқми, ҳамма қўшиққа сўз ёзадиган бўлди. Овоз кучайтиргичлар қулоқ пардаларини ёриш даражасига етди. Не илож, ҳозрги ёшлар шуни яхши кўрадилар.
Тегирмон навбати билан айланар экан. Шеърият ҳам қирқ-эллик йил аввалги шуҳратини тиклаб олар. Ёшлардан умид катта. Уларга эътибор ва ғамхўрлик ҳам ҳар қачонгидан юксак. Адабиётимизнинг келажаги муҳтарам Президентимиз диққат марказида турган масалалар сирасига киради. Юртбошимиз топшириғи билан тузилган Ижод фонди энг бой ва фаолият доираси кенг жамғармалардан бири. Янги таъмирдан чиқарилган Дўрмон боғи энг шинам ижод маскани бўлиб қолди. Бу ғамхўрликлар албатта ўз ҳосилини беражак.

Nigora Umarova
27.06.2011, 15:48
Биз мактабни тамомлаётганимизда Ҳазрат Навоийнинг 550 йиллик тўйи нишонланган эди. Ростини айтиш керак, биз ўрта мактабдан Навоий ҳақида бор-йўғи уч-тўртта жумла ўрганиб чиқдик. Тўғри, ўша пайт дарсликларида Ҳазратнинг қарашлари, иделлари бузиб кўрсатилган, ҳукмрон мафкура “мусиқаси”га мослаштирилган эди. Бугун орадан 20 йил ўтибди. Мустақиллик йилларида Навоий ижодини ўрганиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамнуният билан айтишимиз мумкинки, шу кунларда бир гуруҳ заҳматкаш олимларимиз томонидан Ҳазратнинг тўлиқ асарлар тўплами қайта нашрга тайёрланмоқда. Аммо мени ўйлантирган масала шундаки, Ҳазрат Навоий ҳақида бугунги ўрта мактаб битирувчиси, биз — 20 йил бурунги битирувчилардан кўпроқ нарса билишига ишониш қийин. Назаримда, ўрта мактабларимиздаги педагог-кадрлар савиясига кўп нарса боғлиққа ўхшайди. Сиз нима дейсиз?

Erkin Vohidov
27.06.2011, 15:49
Ҳар бир миллатнинг келажаги истаймизми йўқми, ўқитувчилар савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим. Биз эндиликда шўроча мафкурадан, адабий мезонлардан бутунлай қутулдик. Адабиётимизни, хусусан, мумтоз адабиётимизни бутун бўй-басти билан кўрсатадиган вақтлар келди.
Биз улуғ адибларимизнинг мумтоз асарларини боқий деб атаймиз. Дарҳақиқат, юз йиллар, минг йиллар ўтиб оҳорини йўқотмаган ижод намуналари бор. Мумтоз адабиётимиз намуналари орасида баъзан шундай байтлар, мисралар борки, уларни мутолаа қилган инсон қалби ва руҳиятида ажиб бир ўзгариш, покланиш содир бўлганини ҳис этади. Бу ғазаллар оддий илҳом лаҳзаларида эмас, илоҳий илҳом тўлқинларидан туғилган бўлса ажабмас. Болаларимиз мана шу бебаҳо ва беқиёс маъволардан бебаҳра қолмаслиги керак.
Лекин бу борада бошқа бир ҳақиқатни ҳам тан олишга мажбурмиз. Ҳар замоннинг ўз тафаккур тарзи бўлади. Бугунги ёшлар онгини ҳар дақиқа босиб келувчи ахборот тўфони кўмиб ташлаган. Ўрта аср хотиржамлиги йўқ. Тамоша, ўйин-эрмакнинг ҳам минг хил тури бор. Ҳақиқатга очиқ кўз билан қараган инсон бугун Навоийнинг оммавий мутолаа қилинмаслигини тўғри тушунади.
Мен ўзим ҳазрат ғазалларини ёшликдан ўқиб қалбга сингдирганман ва бу соҳир сўздан ҳамманинг баҳраманд бўлишини истайман. Лекин бу ширин орзу, холос.
Навоийни 15-асрда ҳам барча бирдек тушунган эмас. Сўзларининг мазмунини билганлар ҳам сўз остида ётган чуқур маънонинг илдизига етиб боролмаганлар. Буюк шоир ташбеҳларини англаш учун мадраса илми камлик қилган.
Ҳазратнинг муҳташам “Хазойинул-маоний”сини бошлаб берган:

Ашрақат мен акси шамсил-каъси анворул – xудо,
“Ёр аксин майда кўр” деб, жомдин чиқти садо.

— байтларини Алихон Тўра Соғуний ҳазратлари бир соатга яқин шарҳ қилган эдилар. Кейин англасам, бу шарҳ тасаввуф илмидан ажиб бир сабоқ бўлган экан.
Миртемир домладан: “Нега ижодхонангизда Пушкин сурати стол устида, ўзимизнинг Навоий панароқ жойда турибди”, деб сўраганимизда, устоз шоир шундай жавоб берган эдилар: “Мен Пушкинга тик қарашим мумкин. Уни бошдан оёқ ўқиганман, кўп таржима қилганман. Лекин Навоийни ростмана англаб етмадим, барча асарларини ўқиб мағзини чаққан эмасман”.
Устознинг бу сўзларини машҳур Навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметовга айтсам, у киши камтарлик билан: “Биз ҳам шундай”, деган эдилар.
Бу сўзларим, Навоийни ўқиб англашга уринмай қўяқолайлик, деган маънони билдирмайди. Ҳазрат – ўзбекнинг ота шоири. Унинг асарларини бошдан оёқ ўқиб тахлил қила олмасак-да, энг машҳур ғазал, рубоий, туюқ, фардларидан, достон ва маснавийларидан бир шингил бўлса-да ёд билмасак, улуғ шоир бундоқ деганлар, деб ҳикматли сатрларни айтолмасак, ўзбеклигимиз қаерда қолади?

Nigora Umarova
27.06.2011, 15:52
Дунё моддийлашиб бормоқда. Эндиликда ҳар бир нарса моддий қиймат билан ўлчанадиган бўлиб қолди. Кишилардаги романтик руҳият ўрнини реалистик кайфият эгаллаб бормоқда. Табиийки, бундай шароитда одамларни, хусусан, ёшларни китобга, бадиий адабиётга қизиқтириш осон кечмайди. Бироқ китобсиз яшаб ҳам бўлмайди. Шундай экан, сизнинг-ча, “қизиқтириш” жараёнини қаердан ва қай йўсинда бошлаган маъқул?

Erkin Vohidov
27.06.2011, 15:54
Бунинг учун қўлимизда турган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Имкониятларимизни фарзандларимизнинг келажаги, миллатимиз маънавияти, адабиётимиз равнақи учун фойдали ишларга сафарбар этишимиз лозим.
Бугунги кунда интернет деярли ҳар бир хонадонга кириб улгурди. Бироқ телевидение оммавийликда ўзининг етакчи мавқеини бўшатиб бергани йўқ. Уни ҳамма кўради, эшитади. Элга танилишнинг йўли – телевидениеда кўриниш. Қайси хонанда телевизорда кўпроқ чиқса, тўйларнинг тўри уники. Шоир, ёзувчилар тўйга юрмайдилар, телевизорда чиқишдан манфаатлари йўқ, ойнаи жаҳондан ўзларини тортиб юрадилар. Бу тўғри эмас, албатта. Элга кўриниб туриш, эл ичида бўлиш одамларда адабиётга, китобга меҳр уйғотиш учун керак. Ахир меҳр кўзда деган гап бекорга айтилмаган.
Биз ўзбекларда истиҳола кучли. Ўзни намоён қилишдан тортинамиз. Ахир бизнинг ўнлаб ноёб истеъдод эгаси бўлган, юрт ардоғидаги шоиларимиз ёзувчиларимиз бор. Улар зинҳор телевизорда кўринмайдилар. Шеърлари ўқилса ҳам кадр ортидан, муаллифга айтилмай ўқилади. Бу камтарликнинг фойдасидан зарари кўпроқ.
Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Саксонинчи йиллар эди. Мени ўртача лавозимдаги вазифага тайинлаш учун ҳужжат тайёрлаётган юқори идора мансабдори таржимаи ҳолимни ўқиб шундай деган эди: “Мен сизни жиддий раҳбар деб ўйласам ҳали шеър ҳам ёзасизми?”
Бундай тушунча ҳамон йўқолмаган кўринади. Бизнинг тортинчоқлигимиз адабиётни ўлдириши мумкин. Яна такрор айтаман, улкан рақобат асрида яшаяпмиз. Инсон қалбидаги ҳудуднинг ҳар қаричи учун кураш кетаётган замон. Биз чекинаётган қўшин каби анчагина ҳудудимизни бой бердик. Муҳтарам Юртбошимизнинг ўтган йил адибларга йўллаган мактуби ва бадиий ижодга улкан шароитлар яратиб бергани бежиз эмас. Адабиёт ҳамиша маънавиятнинг олдинги қаторида борган ва шундай бўлиши керак. Бунинг учун етарли куч-қувватимиз бор. Энди ўша истеҳолани йиғиштириб, халқ билан мулоқотнинг ҳамма шаклларидан фойдаланишимиз лозим. Бу замон олдидаги, Ватан олдидаги бурчимиздир.

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:19
Уятчанлик

Бу қалтис дард,
Зийрак бўлинг,
Белгилари аёндир:
Бош сал эгик, қўл кўкракда,
Тил чучук, юз алвондир.

Уларга кўп дуч келганман,
Кўнглим дарҳол сезади.
Уятчанлар одоб билан
Юрагимни эзади.

Мана, унга қаранг!
Хушрўй,
Мўмингина боладир.
Порахўрмас, қўлингизни
Қайтаролмай оладир.

Дўкондор ҳам кўп уятчан,
Қизил қоғоз қасдида
Бош кўтармас.
Икки кўзи
Пештахтанинг остида.

Бу — отадир,
Аслида у
Оталикка яролмас.
Дада, дея чопиб келган
Боласига қаролмас.

Ҳамкасбим бор —
Соҳиб зиё,
Эл дардини туёлган.
Лекин ҳақ сўз айтмоққа у
Катталардан уялган.

Бу амалдор кўтарилган
Кимларгадир суялиб.
Трамвайда юрмайди ҳеч
Халойиқдан уялиб.

Унга сира иш тушмасин,
Бағринг қонга бўялар.
«Хўп» дегани тортинади,
«Йўқ» дегани уялар.

Мулойим зот сеҳргардир,
Нақд қурбони бўласиз.
Кулиб туриб пичоқ урса,
Раҳмат айтиб ўласиз.

Уятчанлик эга шундоқ
Киши билмас қувватга.
Бир уятчан бутун элни
Қўяолар уятга.

Биз улардан кулсак, ичда
Улар биздан кулади.
Бу касални йўқ қилмасак
Жуда уят бўлади.

1988

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:22
Амалдорлар талашиб ўрин,
Бир-бирининг қуритар шўрин.

Тентак бермай тентакка тўрин,
Қуритади тентакнинг шўрин.

Шахматчилар излашиб зўрин,
Бир-бирининг қуритар шўрин.

Олим топиб олимнинг Қўрин,
Касбдошининг қуритар шўрин.

Қассоблар-ку ҳаммадан бурун
Танишининг қуритар шўрин...

Шоирлар-чи? Бериб қалб қўрин,
Шеър ёзмоқнинг ўрнига, кўринг —

Ўлмай туриб талашиб гўрин,
Бир-бирининг қуритар шўрин.

1988

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:23
Тўра йигит

Тўра йигит, ажаб рафторинг бўлак,
Сувратинг бўлакдур, асроринг бўлак.

Менинг ошноларим девоналардан,
Парвоналар сенда, дўст-ёринг бўлак.

Лутфинг бўлакчадир, хулқинг бўлакча,
Белдан пастинг бўлак, юқоринг бўлак.

Бизнинг эҳтиёжга на парвойинг бор?
Дўконинг бўлакдир, бозоринг бўлак.

Ўар кас охиратда хоки туробдур,
ўшанда ҳам сенинг мозоринг бўлак.

«Элга дастёр»лигинг ўзи латифа,
Хизматингда юзта дастёринг бўлак.

На ишчи, на деҳқон, на зиёлисан,
Мустақил синфсан, қаторинг бўлак.

Эл бошига ёққан қор сенга ёҚмас,
Уйинг бўлак, томинг, деворинг бўлак.

Тилдаги тилагинг ошкораликдир,
Ботинда, аёнки, шиоринг бўлак.

Халқ ўз сардорларин сайлар, лек сенинг
Орзу қилган қаттол сардоринг бўлак.

Эрк юрти бўлгай юрт, аммо сен истар
Тикан сим ўралган диёринг бўлак.

1988

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:30
Шум бола

Шундоқ деди, қуллуқ қилиб,
Гапни қўйиб жойига
Янги замон Шум боласи
Янги замон Бойига:

«Қошингизга яна келдим,
Қулоқ солинг, Бой ота,
Сидқи дилдан хизмат қилай,
Ишга олинг, Бой ота.

Фазилатим кўпдир, яна
Айбимни ҳам айтганман.
Лекин энди янги замон,
Мен ёлғондан қайтганман.

Чунки энди ёлғонни ҳеч
Айбгина деб бўлмайди.
Алдаганни бало урмас,
Алданган ҳам ўлмайди.

Шарт эмас Шум бола бўлиш,
Ёлғон букун осондир.
Газет тўла, китоб тўла,
Мажлис тўла ёлғондир.

Битта йиғин — Котибият,
Битта йиғин — Раёсат.
Ёлғон энди давлат иши,
Ёлғон энди Сиёсат.

Иннайкейин демай туринг,
Қулоқ солинг, Бой ота.
Сидқи дилдан хизмат этай,
Ишга олинг, Бой ота.

Ўн кишилик меҳнат қилиб,
Парча нонга тўяман,
Бир айбим бор, фақат баъзан...
Рост гапириб қўяман».

Бой отанинг жаҳли чиқди,
Деди, кўнглим зормиди?
Ёлғонингга чидаб эдим,
Рост гапинг ҳам бормиди?

Йўқол, сени ишга олсам
Хонавайрон бўламан.
Ёлғонингдан омон қолдим,
Рост гапингдан ўламан!


Ғазаб билан ҳассасини
Қўлга олди Бой ота.
Янги замон Шум боласин
Қувиб солди Бой ота.
1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:31
Бизлар арра тортмоқдамиз

Бизлар арра тортмоқдамиз,
Аррамизнинг тиши йўқ.
Нега арранг тиши йўқ, деб
Сўрайдиган киши йўқ.

Чунки бизлар анойимас,
Пишиб кетган кўзимиз.
Арра тушган ўша шохда
Ўлтирибмиз ўзимиз.

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:35
Оғриқли саволлар

Чойхонада ошхўрликни бахт деб билган
оғайни,
Шу бир кунлик халоватни накд деб билган
оғайни,
Қумурсқадек тирикликдан ўзга ғами
бўлмаган,
Дил олами, ишқ олами, руҳ олами
бўлмаган,
Имонни ҳам, виждонни ҳам қурбон қилган
ҳалқум деб,
Сени хаёл қилдимми мен куйганимда
халқим деб?
Эл мулкини бир чеккада тинч кемириб
ётган зот,
Беш тийинга қадрини ҳам, халқини ҳам
сотган зот,
Кўкрагида на ҳиммату на ғайратдан асар
бор,
Юрагида на орият, на шавқ бор, на кадар
бор,
Умрида ҳеч қилган эмас мулкдан ўзга бир
ният,
Сени дея тиладимми юракларга ҳуррият?

Эй, кўнгилда можаролар орзу қилиб ётган
жон,
Тангринг — амал, мартабадир,
пайғамбаринг — шуҳрат, шон.
Бу давлатга ўт қўясан, йўқотасан
хилқатдан,
Гар ҳокимлик тегар бўлса сенга янги
давлатдан.
Қуруқ гапдир сенга Ватан, халқу озод
истиқбол,
Сенинг учун истадимми юртимга мен
истиқлол?
Мудом кураш азобини фидойилар
кўрганлар,
Инқилоблар ҳосилини муттаҳамлар
ўрганлар.
Сиз ҳам бугун панадасиз, жангга бизни
қайрайсиз,
Биз бу жангда шаҳид бўлсак, аввало сиз
яйрайсиз.
Ғофил халқим! Тингларманми сенинг
наъра — унингни,
Кўрарманми зулуклардан озод бўлган
кунингни?

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:38
Бу замон ғазали

Тиллашибдир бўри бирла тозилар,
Бирлашибдир ўғри бирла қозилар.

Не деб айтар ул баобрў анжуман?
Қўл кўтарсин ушбу ҳолга розилар.

Зўр баҳодирмиз, жасорат биздадир,
Пашша қонин тўккан эй мард Қозилар.

Биз чунон хизматга белни боғладик,
Борми ҳиммат ўлчагич торозилар?

Бизга нелар дер халойиқ бу замон?
Нелар айтар келгуси ҳам мозийлар?

Мен ғазал ёзмоқчи эрдим, не қилай?
Бу замон тарихга шундоқ ёзилар.

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:40
Туш


Бир ой бўлди,
Такрор-такрор
Мен бир хил туш кўраман,
Тушларимда мудраб юрган
Эл ичида юраман.
Улар билан
Мен ҳам мудраб
Аста қадам судрайман.
Бу — туш, дейман,
Уйғон, дейман,
Уйғонолмай мудрайман.

Ҳар тун шу ҳол,
Фалак берган
Бу не бало қийноқдир!
Эй худойим,
Эй худойим,
Кечанг бунча узоқдир?!

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:45
Султонмурод

Султонмурод давлатманд одам эди. Сахий, маърифатли бой эди. Совет ҳокимияти унинг мол-мулкини мусодара, ўзини элдан бадарға қилди. Бор-йўғидан, ватанидан мосиво бўлиб узоқ элларга жўнаб кетар экан, Султонмурод алам ичида шундай сўзларни айтди.

Шафқат этмай бахтим қаро қилганлар
Шафқатга зор, бахти қаролар бўлгай.
Мени ватанимдан жудо қилганлар
Ватанда ватандан жудолар бўлгай.
Ҳеч қачон, ҳеч ерда ҳеч кимсага, бас,
Талаб олган моли буюрган эмас,
Ер-сувимни олган нобакор ул кас
Ер устида ерга гадолар бўлгай.
Соҳиблик мулк — обод, соҳибсиз — вайрон.
Эгасиз биядан соғилар айрон.
Юз йил «Хўжасизлик қайдан?» деб ҳайрон
Халойиқ тутгани яқолар бўлгай.
Бунда гаплар кўпу ишлар бўлгай оз,
Эл маъруза егай ва кийгай қоғоз,
Юртнинг эгалари мудом ваъдабоз,
Ишларида юз минг хатолар бўлгай.
Ерида заҳр унар бўлгай бу ўлка,
Жафоларга кўнар бўлгай бу ўлка,
Камоли беҳунар бўлгай бу ўлка,
Дўконида ўтмас матолар бўлгай.
Бенамоз, бехудо, бедин бандалар
Устидан шайтонлар қилгай хандалар,
Имон, эътиқоди парокандалар
Бошида кичкина худолар бўлгай.
Ҳукумат! Қотилинг ўзингдан чиқар,
Адил чинорларинг қўпорар, йиқар,
Лак-лак сургун қилар, зиндонга тиқар,
Бошингда туганмас жазолар бўлгай.
Юртбошилар оқил эса, ҳойнаҳой
Эл ҳоли бунчалар бўлмас эди вой,
Инсон бой бўлмаса халқ бўларми бой?
Саволим авлодга нидолар бўлгай.

Султонмурод шу сўзларни айтиб, отга қамчи босиб, Олатоғдан ошиб Қашқарга равона бўлди...

1989

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:48
Раис ва шоир


Пиллакор раиснинг даъвати ила
Шоир меҳмон бўлгач қишлоққа келиб
Мадҳ ёзди юксак шеър санъати ила
Пиллани тиллага қофия қилиб.

Йил ҳам ўтгани йўқ, меҳмондўст раис
Чорвадор колхозга ўтганин билиб
У қасида ёзди қалби тўла ҳис
Туяни бияга қофия қилиб.

Раис ишдан кетди, у энди собиқ,
Шоир хабар олмас назарга илиб.
Энди у шеър ёзар услубга содиқ
Раисни даюсга қофия қилиб.

1989

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:50
Узоққа бормадик андиша билан...

Узоққа бормадик андиша билан,
Тил топаолмадик ҳамиша билан.

Одамзодга дўст ҳам ёв бўларкан тил,
Кўприк бўларкан ҳам ғов бўларкан тил.

Олисга етмасдан ўчди унимиз,
Чунки бегонага қолди кунимиз.

Гул бўл, тиканак бўл — чаманингда бўл,
Булбул бўл, қарҚа бўл — ватанингда бўл.

1989

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:53
Юрагингда макон тутган қул


Билмам, қандоқ, не сабаб, қачон
Ҳаётингга ошно бўлган ул —
Боши эгик, бесўз, беисён
Юрагингда макон тутган қул.

Кимга даъво қилурсан, билмам,
Қайси маслак, қай тузум масъул?
Кетмас бўлиб жой олмиш маҳкам
Юрагингда макон тутган қул.

Исканжадан етим зурриёд,
Қатағондан бева қолган тул,
Кўҳна замин қаъридан фарёд
Юрагингда макон тутган қул.

Бургут эдинг, парвози баланд,
Сенга ҳам ёр зулфиқор, дулдул.
Нечук увол мусича монанд
Юрагингда макон тутган қул?

Умр қошу киприк ораси,
Гадоликдан адолик маъқул.
Қуллар ичра энг бечораси
Юрагингда макон тутган қул.

Кел, уйқулик кўзингни оч сен,
Ўз ҳолингдан қаҳ-қаҳ уриб кул.
Шундай кулки, ичингдан қочсин
Юрагингда макон тутган қул.

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:55
Қитъа

Истасанг тоза кўнгилга қўнмасин зарра ғубор,
Пок сўзу пок иш ва пок дил,
пок хаёл бўлмоқ керак.

Жисму жонимга десанг, бегона бўлсин хасталик,
Ишқ завқу дарди бирлан хастаҳол бўлмоқ керак.

Қалбга истарсан шифо гар, бўл ёмон сўздан йироқ,
Корвалол ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 17:58
Бизга сўз тегди кеча


Вале барча рост ҳам дегулик эмас.Алишер Навоий

Катталардан ортди минбар,
Бизга сўз тегди кеча,
Сўз тегиб шод бўлдик, аммо
Сўзга кўз тегди кеча.

Рост билиб нобоп сўз айтдик,
Таъна, дашномлар ёғиб,
Бизга калтакдан иборат
Ризқу рўз тегди кеча.

Мажлис аҳли ўзгаларга
Ўпди мақтов бахмалин,
Бизга сарпойи сазо —
Қарғишли бўз тегди кеча.

Яхшидир ҳар кимса гар
Ҳар ерда қилса ўз ишин,
Мисли деворзан ишига
Кавшдўз тегди кеча.

Тавба қилдик, мажлисингиз
Бизсиз ўтсин энди, бас,
Янглишиб бордик-да, янглиш
Бизга сўз тегди кеча.

1991

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:04
Найнинг қисмати

Най даставвал наво бўлиб
Кирди дилу ўйларга.
Ҳамма унга шайдо бўлиб,
Олиб кетди тўйларга.

Тўйларда у қилди нола,
Эл ундан завқ симирди.
Вақт ўтиб най —
Камтар бола
ўзни қўйди, семирди.

Бора-бора аввалгидек
Хонишлари қолмади.
Мухлисларнинг ҳар галгидек
Олқишлари қолмади.

Лекин тақдир уни ошно —
Қилган эди куйларга.
Сур най номин олди,
Аммо
Бораберди тўйларга.

Туғилса қай уйда гўдак,
Хабар топиб бешикдан,
Айтмаса ҳам айтилгандак,
Келаверди эшикдан.

Хотин-халаж чуввос қилиб,
Болалар шод зерикмай,
Гоҳ ғийқиллаб,
Гоҳ бўғилиб,
Куйлайберди собиқ най.
Охири у қариб қолди,
Бўғилдию томоғи,
Ҳам овоз,
Ҳам кўздан қолди,
Битди тамом қулоғи.

Лек, барибир,
Ёшликдаги
Истеъдоди учун ҳам,
Ҳалол хизмат,
Пок юраги,
Пок ижоди учун ҳам —
Сақлар уни эл назарда
Ҳурмат қилиб қўяди,
Кар най катта сайлларда
Ғат-ғат қилиб қўяди.

1977

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:06
Ёмоннинг сўзи

Сен яхшисан,
Мен ёмондирман,
Сен борсанки, мен омондирман.
Мени қаттол яратган ҳаёт,
Сени қилган ожиз, бенажот.
Сен — ниҳолсан, заволинг ўзим,
Сен — тириклик, мен эса — ўлим.
Кундуз бўлсанг, мен тун бўламан,
Сен бор бўлсанг, бутун бўламан.
Беомонман, лекин омонман,
Чунки сендек мен ҳам инсонман.
Бу оламнинг даргоҳи кенгдур,
Яхшисию ёмони тенгдур.
Қуёш кезиб кўкда саросар,
Нур сочади бизга баробар.
Фақат менинг қўйнимда тош бор,
Бундан сенинг кўзингда ёш бор.
Сен тутгансан қўлингга чироқ,
Мен қўйганман йўлингга тузоқ.
Мен ёмонман,
Жуда ёмонман,
Аввалига ожиз илонман,
Омон бўлса бу бошим менинг,
Боис раҳминг — қўлдошим менинг,
Бир кун бўлиб улкан аждаҳо
Бўлажакман қаршингда пайдо.
Шунда ўткир тишларим санчар
Сенинг юмшоқ кўксингга ханжар.
Мен яшайман, гарчи ёмонман.
Чунки мен ҳам бир тирик жонман.
Сололмайсан бошимга соя,
Мендан ҳужум, сендан ҳимоя.
Дунё иши шу асли, ошнам,
Ёмондан даф, яхшидан чидам.
Сен яхшисан,
Мен ёмондирман,
Сен борсанки, мен омондирман.
Тилагим, сен доим бор бўлгин,
Аммо мендан миннатдор бўлгин.
Мен бўлмасам, эй яхши одам,
Дод деб қочар эдинг дунёдан.

1978

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:12
Деманг, шоир тиниб кетди

Деманг, шоир тиниб кетди,
Сиёсатга иниб кетди.

Ва ё айтмангки, мўрт толдек,
Шамолларда синиб кетди.

Сиз, эй лутф баҳрида ғаввос,
У сизни соғиниб кетди.

Деманг, шоир жимиб кетди,
Ғазал ёзмай тиниб кетди.

Тиниб кетса, билингизки,
Ёғоч отга миниб кетди.

1996

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:15
Кексалик гашти

Қарилик гаштини мақташдан кўра,
Мухбир болам, уни бизлардан сўра.
Мана, биз бу гаштни сураётирмиз,
Эрталаб инқиллаб тураётирмиз,
Оғриқдан қақшаган белимиз силаб,
Кавушимиз судраб, чунон имиллаб,
Белимиз чангаллаб юраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.
Билакдан куч кетган, кўздан эса нур,
Пашшамизни зўрға қўраётирмиз.
Бир маҳал оқ уриб қилардик ҳузур,
Энди валокардин ураётирмиз.
Келар ичимиздан хўрсиниқ чуқур.
Асқар тоғ эдик-ку, нураётирмиз.
Кўнамиз, не илож, шунга ҳам шукур,
Ўарқалай кўз тирик, кўраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.
Қариликни ҳавас қилмагин, болам,
Ёмон кўринади кўзингга олам.
Қариганда ачиб қоларкан одам,
Баъзан бобов бўлиб ҳураётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.
Қарилик гашт эмас, юлғунли дашт ул,
Қарилик тикандир, ёшлик эса гул,
Ёшликка не етсин, у ўзи маъқул,
Ёшлик хазинадир, қарилик — бир пул.
Йигитларга айтар насиҳатим шул:
Ёш ёшликда ёшлик гаштини сурсин,
Кексалик ҳам келар, уни ҳам кўрсин,
Ҳозирча қаришга шошмасдан турсин —
Белангиси қурсин, йўтали қурсин.
Агар маъқул бўлса фахрий деган ном
Барча нишонимиз олиб, бир оқшом
Ёшлигини бизга қарз бериб турсин.
Қарилик гаштини мақташдан кўра,
Мухбир болам, уни бизлардан сўра.
1996

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:18
Шахмат устида айтилган шеър

Мен эркак ўрнида туришим керак,
Ё хотин измига юришим керак.

Хотиннинг, тўй, лозим омадаси кўп,
Ҳа, деса лаббай, деб туришим керак.

Ҳа, деса лаббай, деб туришим учун,
Уйимда пул завод қуришим керак.

Уйимда пул завод қура олмасам,
Энг катта банкани уришим керак.

Энг катта банка ҳам қўлдан келмаса,
Ҳа, деса шалвираб туришим керак.

Шалвираб турувчи эркак бўлгандан
Йўқ бўлиб дунёдан, қуришим керак.

Дунёдан йўқ бўлиб кетмаслик учун
Мен эркак ўрнида туришим керак.

Яъни эркакларнинг ишини қилиб,
Мазза қилиб шахмат суришим керак.

1996

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:21
Менинг ёрим

(Айтишув)

Менинг ёрим кичкина, йўқдеккина,
Тўппончадан отилган ўқдеккина.
Тотли сўзин эшитиб эрталабдан
Кечга қадар юрамиз тўқдеккина.

Менинг ёрим қорача, холдеккина,
Арининг думидаги болдеккина.
Бизнинг аҳвол — қуймичга ари босиб
Беланги даволаган чолдеккина.

Менинг ёрим ингичка, мўрдаккина,
Мўрдаккина бўлса ҳам зўрдаккина.
Тунов кун бир кўтариб ерга урди,
Ғозгина эдим, бўлдим ўрдаккина.

Менинг ёрим сайроқи қушдеккина,
Сайроғи қулоғимга хушдеккина.
Гапларини тинглайман сакраб, сакраб,
Ҳаммомдан кейин совуқ душдеккина.

Менинг ёрим кампиру — қиздеккина,
Сиздек эдик, сиз бўлинг биздеккина.
Музхонада ҳар нарса узоқ турар,
Узоқ яшаб юрибмиз муздеккина.

1998

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:22
Тайёрада

Парвоз чоғи тайёранинг дилбар келини
Кўк тоқини бизга тахти Сулаймон қилди.
Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини
Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.

1998

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:27
Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Олтин бошнинг калла бўлгани шудир.
Бедил қолиб Демьян Беднийни суйса,
Қора сочнинг малла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Дод демоққа палла бўлгани шудир.
Маърифатдан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир.
Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса,
Пайтаванинг салла бўлгани шудир.

Эл комил бўлмаса юрт эмас улуғ,
Беқадр маҳалла бўлгани шудир.
Қалб тўла нур халқнинг ризқи ҳам тўлуғ,
Омбор тўла ғалла бўлгани шудир.

Ўзбек ўзлигини англаса бекам,
Унинг «Баракалла» бўлгани шудир.
Оламга Навоий наслиман деган
Овози баралла бўлгани шудир.

1971—2000

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:37
Учрашув

Олмон ватанимни забт этолмаган,
Ажиб ишлар қилар бул чархи гардун.
Милтиқ эмас, қалам тутган Йоганн
Менинг кулбам аро меҳмондир бугун.

Қўлида Саъдийнинг «Гулистони» бор,
«Шарқ-Ғарб девони»дин ўқир менга шеър.
Бунда ногоҳ икки соҳиби ашъор
Дардлашиб қолдилар — Гёте, Алишер.

Даҳоларга йўқдир замон ва макон,
Улар малак янглиғ олам боласи.
Ошиқ юракларни титратар ҳамон
Мажнун фарёди-ю, Вертер ноласи.

Гарчи ўтиб кетмиш асрлар қатор,
Гарчи букун ўзга курраи олам.
Аммо ҳануз ерда ёсуманлар бор,
Ҳануз ўлгани йўқ Мефистофель ҳам.

Лайло, Маргарита соф дил тўлқини
Гоҳи харсангларда бўлади чил-чил.
Икки олам аро инсон руҳини
Ҳануз талашади Ҳақ ва Азозил.

Лекин Фарҳодга-ю, Фаустга армон
Меҳнат, ижод юрти бу менинг ўлкам.
Устозларим уни кўрсин деб бир он
Тўхта, эй сония, деюрман бу дам.

1999

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:39
Каъбатуллоҳ

Имону намозу рўзаю закот —
Фарзин адо этмай, эл кўзи учун —
Хожи деган номни олмоқ бўлган зот —
Қулоғига гапим, бир ўзи учун:

Нафи йўқ зар сочиб гуноҳ ювишнинг,
Раҳмон ҳам жаббор ҳам ёлғиз Оллоҳдир.
Бир дардманд қариндош, бир муҳтож қўшнинг
Озурда юраги Каъбатуллоҳдир.

1999

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:42
Ёлғон ҳақида

Гар ҳаким ўсалга тасалло бергай,
Сўзи ёлғон бўлса, Оллоҳ кечиргай.
Айрилган дўстларни қовуштирган зот
Алдаса, тадбири гуноҳдан озод.
Хунук хотинингга айт, юзинг — офтоб,
Бу асли ёлғонмас, гуноҳмас, савоб.
Росту ёлғонларнинг ҳисоби бордир,
У дунё, бу дунё жавоби бордир.
Ёлғончи оламда гуноҳимиз кўп,
Кечирувчи танҳо парвардигордир.
Жаҳонда ёлғон бор лекин энг ёмон —
Элни жаҳолатга бошлаган ёлғон.
У халқ юрагига отилган ўқдир,
Унга икки олам мағфират йўқдир.

2000

Erkin Vohidov
30.06.2011, 18:44
Кичкина катталар

Мартаба берганда феъл ҳам берса кенг,
Адлу мурувватдан қилмаса жудо.
Даргоҳи катталар бор бўлсин, лекин
Кичик катталардан асрасин худо.
Сен бирор эшикка бош уриб борсанг,
Юз бор ҳақ бўлсанг-да битмаса ишинг,
Билки, кўкси ичра қалб эмас, харсанг,
Кичкина каттадир учраган кишинг.
Сен олим бўлсангу ихтиро билан
Лол қилгудек бўлсанг агар дунёни,
Сенга йўл очгунча бир имзо билан
Кичкина каттанинг узилар жони.
Тадбиркор бўлсангу эл нафи учун
Бир тадбир ўйласанг, изласанг чора,
Улар топар албат ечилмас тугун,
Суягинг қолгунча қилар овора.
Аскар қасам ичар бўлмоққа фидо,
Табиб қасам ичар бахш этмоққа жон.
Кичкина катталар онт ичар аммо
«Фалон бўлай, сени қилмасам сарсон».
Чинор бўлсанг, улар кемиргувчи қурт,
Пўлат бўлсанг улар емиргувчи занг.
Эй тангрим, эл унмас, қад кўтармас юрт
Кичик катталарга инсоф бермасанг.
Ҳеч кимса бўлмаган дунёга устун,
Уқбога зар олиб кетмаган одам.
Каттаю кичикнинг бошида бор кун
Келар, ахир кичик катталарга ҳам.
Мен шеър айтдим, холос, не ҳам қилай ман,
Не илож, изтироб жонга ўт қалар.
Фақат кўнглингизга имон тилайман,
Диёнат тилайман, кичик катталар.
2000

Erkin Vohidov
02.07.2011, 13:18
Арслон ўргатувчи

Ванкувер томошагоҳида

Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб,
Арслон узра-
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар,
Наърасидан
Томошагоҳ ларзага келар:
- Ожиз одам!
Бас бошимда қамчи ўйнатма!
Кўксимдаги
Ухлаб ётган ҳисни қўзғатма!
Ҳаддан ошма!
Ўз бошингга ўзинг етарсан,
Этларингни
Нимта-нимта қилсам, нетарсан!
Кўриб қўй,
Бу панжаларни сийнангга солсам,
Шуҳратпараст юрагингни
Суғуриб олсам,
Йилтираган баданингдан
Тирқиратсам қон,
Нажот бермас-
Сенга қарсак чалган оломон.
Бор!
Оловдан сакрамасман!
Бўлма овора!
Биласанми-
Мен кимману сен ким, бечора!

Мен тўқайлар шоҳи,
Тутқун бўлсам-да агар,
Сен-чи,- нўноқ масхарабоз,
Пасткаш бозингар!
Шуҳратга маст,
Ўз ҳолини билмаган басир!
Номард тақдир
Мени қилди қўлингга асир!
Ҳалол кучга завол берган,
Ҳийлага қудрат,-
Мени банди қафас этган
Дунёга ланъат!
Эй, ивишиқ кўкрагини
Завқ билан кериб,
Шер зотини масхарабоз
Қўлига бериб,
Мард ҳолидан
Роҳат олиб қилган хандалар,
Ланъат сизга,
Томошабин, гумроҳ бандалар!

Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб.
Арслон узра
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар-
Ўргатувчи
Аста унинг ёнига келар.
Қулоғига бир сўз айтар
Эгиб қоматин:
- Нодон дема,
Мен биламан арслон қудратин.
Сен тўқайлар подшосисан,
Мен-бечораман,
Ҳамла қилсанг,
Бир лаҳзада тилка-пораман.
Фалак иши-
Бизнинг бундай турфа шериклик,
Менга қамчи,
Сенга қафас берди тириклик.

Сен тантисан,
Наздингда мен қув, доғулиман.
Асли ўша тирикликнинг
Сендек қулиман.
Менга недир оломоннинг
Олқиш, қарсаги,
Сенинг ҳар бир ўтли наъранг-
Менга тарсаки.
Нетай, мен ҳам эгалик қул,
Бошда хўжам бор,
Ғазаб қилса,
Кўзларимга дунё бўлар тор.
Менда-ку дард, истеъдод бор,
Бор андак сеҳр,
Ҳеч бўлмаса, ҳайвонотга
Шафқату меҳр,
Томошагоҳ эгаси ким
Менинг қонимда!
Аммо қамчи ўйнатар у
Доим бошимда.
Ҳолатимни тушун,
Исён қилма, биродар,
Чарх олдида иккимиз ҳам
Асли баробар.
Гарчи арслон ўйнатаман.
Гарчи мен- Одам.
Ой сўнгида қанд кутаман
Хўжамдан мен ҳам.
Гоҳ жонимдан ўтса зулм,
Наъра тортаман,
Лекин бундан
Фақат бошга бало ортаман.
Бу сўзларга чидолмади,
Тўлғонди арслон:
- Бўлди, бас қил!
Юрагимни қон қилма, инсон!
Ўт олсин бу чархи фалак
Ризқ рўзини!..

Арслон
олов чамбаракка
Отди ўзини.

1977 йил

Erkin Vohidov
02.07.2011, 13:24
Қумурсқалар жанги

Бир туп олма узра кеча
Жуда катта жанг бўлди,
Бошлар кетди неча-неча,
Неча оёқ ланг бўлди.

Ҳашаротлар урушгани
Даҳшат экан,
Қарадим.
Охир битта қумурсқани
Ушлаб олиб сўрадим:

— Сўйла,
Нечун бу можаро?
Нимадандир бу нифоқ?
Қумурсқалар аҳли аро
Зўр эди-ку иттифоқ?

Қумурсқавой душманидан
Узиб олган оёқни —
Туфлаб,
Одам тили билан
Тушунтирди нифоқни.

«Асли бизлар
Бир тан, бир жон,
Бир уядан чиққанмиз.
Бир чўп топсак,
Кўрсак бир дон,
Бир кавакка йиққанмиз.

Шу пайтгача бир саф бўлиб,
Не иш қилсак тенг қилдик.
Бугун бир иш сабаб бўлиб,

Уч гуруҳга айрилдик.

Кеча бир гап топди бизнинг
Тунги соқчи — тингчимиз.
Эшитдигу ҳаммамизнинг
Барбод бўлди тинчимиз.

У тун бўйи бедор бўлиб
Кўкка қараб юрибди.
Унда сонсиз дон сочилиб
Ўтганини кўрибди.

Қумурсқалар бугун тонгда
Эшитиб бу хабарни,
Йўлга чиқдик ўша онда
Кечиктирмай сафарни.

Аҳд қилганга ёр дея бахт,
Тупроқ ошдик,
Қум ошдик,
Ниҳоят, шу катта дарахт
Танасига тирмашдик.
Мақсадимиз шу нарвондан
Етмоқ эди осмонга...
Аммо бир йўл
Ногиҳондан
Бўлинди уч томонга.
Бир саф йўлни ўнгга бурди,
Бошқа йўлга боқмади.
Бир саф эса чапга юрди,
ўнг уларга ёқмади.

Мен танладим ўрта шохни,
Энг тўғри йўл менга шул.
Эргаштириб минг ҳамроҳни,
Тик осмонга солдим йўл.

Алҳол қанот қоқди дарға,
Ғазаб билан бонг урди.
Ўнгу сўлдан кетганларга,
Қайтинг, дея буюрди.
Сўнг деди:
Биз қумурсқалар
Тўғри йўлдан юрамиз.
Ким шу йўлдан юрмаса гар,
Битта қўймай қирамиз.

Бурғу чалди бизнинг подшоҳ,
Жангга кирдик баробар.
Шундан дарахт бўлди жанггоҳ,
Мозор бўлди саросар».

Диққатимни тортди шу пайт
Қанотли шоҳ қумурсқа.
Учиб-қўниб, у пайдар-пай
Чорлар эди урушга.

Қараб турдим бир нафас тек,
Сўзи қизиқ кўринди,
Яқин борсам,
Темучиндек
Кўзи қисиқ кўринди.

Узоқ-яқин тарихларга
Мени хаёл учирди.
Кўп даҳшатни митти дарға
Хотирамга туширди.

Чидолмадим.
Чертки солиб
Йўқотдим бу бадбахтни.
Сўнг
Супурги, оҳак олиб
Оқлаб қўйдим дарахтни.

1977

Erkin Vohidov
02.07.2011, 14:20
Ватан истаги

Бу ватанда бир Ватан Кўрмоқни истайдир кўнгил,
Ўзни озод қуш каби Кўрмоқни истайдир кўнгил.

Бу Ватан тимсоли бўлса Тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх- Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватанга байроқ-инсоф, Туғи сарҳад муҳри-меҳр,
Сарҳад узра соқчидек Турмоқни истайдир кўнгил.

Ким бу тупроқ қадрин истар Айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватан елканларини Маърифат уммонида
Қиблаи имон сари Бурмоқни истайдир кўнгил.

Бас, етар ёлғон саодат, Ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин Сурмоқни истайдир кўнгил.


Қутлуғ истиқлол кунида, Эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб Юрмоқни истайдир кўнгил.
1990 йил.

Nigora Umarova
02.07.2011, 15:28
Эркин ака, Сиз бир неча йиллар давомида "Ғазал оқшоми" кўрсатувини бошқариб боргансиз. Болалигимизда оила аъзоларимиз билан ушбу кўрсатувни жамулжам бўлиб кўриб ўтирирдик. Ўзингиз ҳам "Ёшлик девони"ни яратгансиз.
Мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари Сизнинг қилган ғазаллар шарҳингизни севиб мутолаа қилишади.
Сиздаги ғазалга, аруз вазнига бўлган шайдоликнинг боиси нимада?

Erkin Vohidov
02.07.2011, 15:50
Эркин ака, Сиз бир неча йиллар давомида "Ғазал оқшоми" кўрсатувини бошқариб боргансиз. Болалигимизда оила аъзоларимиз билан ушбу кўрсатувни жамулжам бўлиб кўриб ўтирирдик. Ўзингиз ҳам "Ёшлик девони"ни яратгансиз.
Мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари Сизнинг қилган ғазаллар шарҳингизни севиб мутолаа қилишади.
Сиздаги ғазалга, аруз вазнига бўлган шайдоликнинг боиси нимада?

Ҳақиқатан ҳам телевиденияда беш йилча "Ғазал оқшоми" кўрсатувини олиб бордим. Мен ғазалга мурожаат қилиб кўп мақтов ҳам эшитдим, "калтак" ҳам едим. Мақташ кимга ёқмайди-ю, калтакланиш кимга алам қилмайди? "Ёшлик девони" баҳона бўлиб аруз вазни, ғазалчилик атрофида кўп ширин-шакар ва аччиқ-чучук гаплар бўлди. Мен бу гапларга аралашмадим. Сабаб: мен "манфаатдор шахс" сифатида бу масалага объектив муносабат билдира олмасдим.
Нега мен арузга қўл урдим?
Мен арузга мурожаат қилганда бир неча мақсадни кўзда тутган эдим:
Биринчидан, ўзимни янгилаш, одатий фикрлаш услубидан, одатий вазн ва қофиялардан узоқлашиш.
Иккинчидан, мумтоз шеърият мактабини ўрганиш шеърга қуюқ ранглар бериш, образли фикрлаш, санжоб мисралар тузиш санъатига яқинлашиш.
Учинчидан, шеъриятдаги буюк соддалик йўлида шоир дастлаб оддийликдан мураккабликка қараб юради. Мақсадим- шу босқичга қадам қўйиш ҳам эди.
Тўртинчидан, ўша пайтдаги ёшлар мумтоз шеъриятимиздан бир оз узоқлашиб қолган эдилар. Навоий, Бобур, Огаҳийларнинг фақат номинигина биладиган аҳволга келиб қолган эдилар. Маданий мерос эса катта бойлигимиз. Бу бойликни ташлаб юборишга ҳаққимиз йўқ. Фақат мерос бўлгани, асрлар давомида яратилгани учунгина эмас- бугунги фозил инсонга хизмат қилиши мумкин бўлгани учун. Арава юз йиллар хизмат қилган... лекин аруз арава эмас.
Нимаики яшаётган экан, демак, у керак; демак у хизмат қиляпти.

Nigora Umarova
02.07.2011, 15:56
Ижодкор жанр шакли орқали фикрлайди. Мумтоз адабиёт жанрлари Сизга бугунги кишиларимизнинг кайфиятини реал ифода этишга, бугунги кишилар тилидан гапиришга монелик қилган томонларини ҳеч ҳис этганмисиз?

Erkin Vohidov
02.07.2011, 16:04
Ижодкор жанр шакли орқали фикрлайди. Мумтоз адабиёт жанрлари Сизга бугунги кишиларимизнинг кайфиятини реал ифода этишга, бугунги кишилар тилидан гапиришга монелик қилган томонларини ҳеч ҳис этганмисиз?

Бу саволингизга қуйидаги икки ғазал билан жавоб бераман:

Фурсатинг етмайди доим,
ҳеч қачон етган эмас,
Меҳнатинг битмайди доим,
ҳеч қачон битган эмас.


Чун замондек бепоёндир
Кўксинг ичра орзу,
Фурсату орзуни қувлаб
Ҳеч киши етган эмас.


Интилар борлиқни инсон
Баркамол этмоқ учун
Не ажаб, инсонни борлиқ
Баркамол этган эмас.


Менда не борлиқ хаёли,
Менда на йўқликка ғам,
Манглайимга чунки шеърдан
Ўзга зар битган эмас.


Вақт келур, меҳнат битар,
Бўлғуси фурсат бемалол,
Чунки у дунёга ҳеч ким
Иш олиб кетган эмас.

Erkin Vohidov
02.07.2011, 16:09
Десам, мен сенга парвона,
У бепарвода парво на?

Замон жонони фарқ этмас
На жон, жонон на, жоно на.

Ғазал ҳам бир, ғизол ҳам бир,
Не фарқ девону девона?

Писанд этмас сўзим дурин,
Ўзим дур, дейди Дурдона.

Дил англар дил тополмасман,
Бу савдо на, бу савдо на?

Қочиб парвоси йўқлардан,
Кетарман, қайда Фарғона?

Бу ғазал бугунги кишиларнинг кайфиятини ифода қиладими? Ҳозирги тилда ёзилганми? Ғазалда айтилган фикрларга қўшилиш ёки қўшилмаслик-иккинчи масала.

Nigora Umarova
02.07.2011, 16:34
Шеър ва шоирлик хусусида, бугунги ёзувчининг бурчи ва вазифалари тўғрисида Сиз нималар деб ўйлайсиз?

Erkin Vohidov
02.07.2011, 17:22
Шеър ва шоирлик хусусида, бугунги ёзувчининг бурчи ва вазифалари тўғрисида Сиз нималар деб ўйлайсиз?

Шоир аввало ўзининг шахсий ҳаёти йўқ эканлигига тан бериши керак. Шоирнинг дарди-халқнинг дарди. Томчида қуёш акс этганидай, шоир-истеъдод гавҳарида кўринган халқнинг юраги! У ўзининг пинҳоний умрида шу гавҳарни эҳтиёт қилиши керак. Агар ҳар бир сўзи халқнинг, даврнинг нидоси бўлса, у шоир-бахтли. Унинг номини биров билмаса ҳам, бир байтини эл билса, бу яхши гап. Шу ўринда мен номсиз шоирлар тўғрисида сўзласам дейман. Адабиёт тарихида айтилган шундай байтлар борки, уларни ким ёзганлиги номаълум. Мана, бир форсий қитъа:

Дар шеър се кас
паямбаронанд
Гарчанд "Ло навбиюл баъди".
Авсофу қасидаву ғазалро
Фирдавсию Анварию Саъдий.

Яъни, гарчанд Қуръони каримда пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ)дан кейин бошқа пайғамбар бўлмайди, дейилган бўлса-да, шеъриятда уч киши пайғамбардирлар: Васфда-Фирдавсий, қасидада-Анварий, ғазалда-Саъдий.
Бу байтни айтган шоирнинг номи маълуммас. Бизда шундай шоирлар борки, номини ҳамма билади-ю, чинакам бир сатрини ҳеч ким билмайди. Бундан кўра, номи ўчиб кетса ҳам, бир байти эл орасида қолгани аълодир.
Бизда шаклан керакми, керакмасми, деган баҳслар аллақачон ҳал бўлган. Ҳамма нарсага нур берадиган нарса-истеъдод шами. Истеъдод шами ҳам, илҳом ҳам ғайриоддий нарса эканини эътироф этиш керак. Шу юксак лаҳзаларда одам боласи қилиши мумкин эмасдай туюлган ишлар қилинади. Мумкин бўлмаган соддалик! Шундай содда байтлар борки, бундай содда қилиб айтиш ҳеч бир мумкин эмасдай туюлади.
Шоирни минглар ва миллионлар ўқиши шарт эмас. Шоирлар бўладики, уларни бир киши ёлғиз ўзи кечасм ўқийди. Китоби ёстиғининг тагида туради. Бу - шоир учун бахт.
Хўш, бугунги куннинг шоири қандай бўлиши керак? У, бизга ниҳоятда улкан бўлиб кўринадиган, аммо сайёралар ичида нуқтадек кичик бўлган ер дарди билан яшамоғи шарт. Бу кичик нуқтанинг ҳасратлари кўп.

Замин-тасаввур қил,
борлиқда танҳо
Барҳаёт юлдуздир
балқиб турибди.
У бугун тириклик ва
йўқлик аро
Симоб қатрасидай қалқиб
турибди.

albatros
02.07.2011, 18:58
Assalomu alaykum hurmatli Ustoz.Meni quyidagi savollarimga ham javob bersangiz xursand bo'lardim.


Доимо ҳақиқатни мадҳ этувчи, баъзида инсонларга кулгу бахшида этадиган, баъзида ўйга чорлайдиган , қалбларни камтарлик ва инсонийликнинг энг буюк хислатлари сари ундайдиган шеърларингиз болалик давримдан қалбимни забт этган.

Ана шундай ижод намуналарингиздан бири бўлмиш шоир Нарзул Ислом ҳақида ёзган кўнгил битигингиз дилимда чуқур ўрнашиб қолган. Ҳар гал бу шеърингизни ўқиганимда қалбимда қайтадан ҳаяжон ва изтироблар уйғонади. Айтингчи Нарзул Ислом ҳақида ёзишингизга нима туртки бўлди сизга?

Биламизки сиз кўплаб шоирларимизнинг шеърларини ўзбек тилида таржима қилгансиз. Ваҳоланки таржимонлик, айниқса назмда таржимонлик жуда ҳам қийин. Чунки ҳар бир таржима қилинган шеърларда унда битилган туйғуларни ўз "Кучи"ни ёқотмасдан таржима қилиш машаққат. Айтинчи сиз "таржима қилган шеърларим, асл ҳолидаги туйғуларини ифода этиб бера олармикан" деб қўрқмайсизми?

Келгусидаги ишларингизга ва ижодингизга муваффақият, ўзингизга узоқ умр ва тани -соғлик тилаб ҳурмати эҳтиром ила Комилжон Аслонов .

Erkin Vohidov
04.07.2011, 16:41
Assalomu alaykum hurmatli Ustoz.Meni quyidagi savollarimga ham javob bersangiz xursand bo'lardim.
Доимо ҳақиқатни мадҳ этувчи, баъзида инсонларга кулгу бахшида этадиган, баъзида ўйга чорлайдиган , қалбларни камтарлик ва инсонийликнинг энг буюк хислатлари сари ундайдиган шеърларингиз болалик давримдан қалбимни забт этган.

Ана шундай ижод намуналарингиздан бири бўлмиш шоир Нарзул Ислом ҳақида ёзган кўнгил битигингиз дилимда чуқур ўрнашиб қолган. Ҳар гал бу шеърингизни ўқиганимда қалбимда қайтадан ҳаяжон ва изтироблар уйғонади. Айтингчи Нарзул Ислом ҳақида ёзишингизга нима туртки бўлди сизга?


Ваалайкум ассалом. Самимий ва илиқ тилаклар учун раҳмат.

Оташин бенгал шоири Назрул Исломнинг қаҳрамона ва фожиали тақдири кўпдан мени ҳаяжонга солиб келар, у ҳақда бирон нарса ёзиш хаёлида юрар эдим. Шу мақсадда шоир ҳаёти ва ижодини қўлимдан келганча ўргандим, шоир ҳаётига оид маълумотлар билан яқиндан танишиш ниятида Ҳиндистонга бордим, шоир яшаган жойларда бўлдим, шоирни яқиндан билган кишилар билан суҳбат қурдим. Шу материаллар, таассуротлар асосида дастлаб бир шеърий қисса ёзилди, унда Назрул Исломнинг ҳаёт йўли, кураши, фожиали тақдири анча батафсил ҳикоя қилинган эди... Лекин бу асардан, негадир, кўнглим тўлмади. Ўйлаб қарасам, унда мен Назрул Ислом ҳаётига оид кўпчиликка таниш маълумотларни шунчаки беллитристик йўлда шарҳлаш, ҳикоя қилиб бериш билан чекланиб қолган эканман. Ёзувчи-шоирнинг вазифаси бирор шахс ҳаёти, саргузаштини шунчаки ҳикоя қилиб беришдан иборат бўлса, дунёда ёзувчиликдан осон ҳунар бўлмасди. Ижодкор ўз ҳаёти, тақдирини бадиий таҳлил этиши, шу баҳонада ўзининг ҳаёт ҳақидаги кузатишлари, ўй-мушоҳадаларини ўртага ташлаши керак-ку, ахир! Менинг қаҳрамоним Назрул Ислом тақдири мана шу жиҳатдан ғоят бой материал берарди. Мушкул ижодий изланишлар палласи бошланди, достоннинг тайёр илк вариантидан воз кечишга тўғри келади, кўп уринишлардан кейин достоннинг ўқувчиларга тақдим этилган ҳозирги варианти пайдо бўлди.
Биласиз, "Руҳлар исёни" гарчи Назрул Исломга бағишланган бўлса-да, асар фақат оташин шоир ҳаёти ифодасидан иборат эмас. Унда мен шоир ҳаёти баҳонасида ўзимнинг умуман шоирлик, инсонлик, фидоийлик, эрк ташналиги ҳақидаги, эркка ташна ижод аҳлининг замонаси, халқи билан мураккаб муносабати ҳақидаги, қолаверса инсон ҳаётининг маъноси, ҳаётнинг ҳам шафқатсиз, ҳам адолатли ҳақиқати ҳақидаги ўй-мулоҳазаларимни китобхон билан баҳам кўришга интилдим.
Достоннинг шаклига келсак, унда реал ҳаёт воқелиги билан ёндош ҳолда берилган афсона, ривоятлар ҳам бевосита қаҳрамон ҳаёти ҳақида ўйлаш жараёнида туғилди. Эҳтимол, бошқа бирор ижодкор Назрул Ислом ҳақида бошқача планда ёзиши мумкиндир, лекин менинг асарим беихтиёр худди шу шаклда туғилди, ўша дамларда мен ўзгача йўлни-дилимдагиларни ифода этадиган бошқача шаклни тасаввур ҳам қила олмасдим.

Erkin Vohidov
04.07.2011, 17:24
Биламизки, сиз кўплаб шоирларимизнинг шеърларини ўзбек тилида таржима қилгансиз. Ваҳоланки таржимонлик, айниқса назмда таржимонлик жуда ҳам қийин. Чунки ҳар бир таржима қилинган шеърларда унда битилган туйғуларни ўз "Кучи"ни йўқотмасдан таржима қилиш машаққат. Айтингчи, сиз "таржима қилган шеърларим, асл ҳолидаги туйғуларини ифода этиб бера олармикан" деб қўрқмайсизми?


Таржима меҳрталаб меҳнат. "Муҳаббатсиз иморат вайрон бўлади" дейди ўзбеклар. Меҳрсиз, ёлғиз қалам ҳақи умидида қилинган таржима муҳаббатсиз никоҳдан туғилган етим боладай мунғайиб туради.
Худди аруз устида бўлгани каби таржималарим туфайли кўп мақтовлар билан бирга таъналар ҳам эшитдим. Таржимага "вақт исроф қилганим " учун ҳатто шеъриятимизнинг энг зукко заҳматкашларидан бири дашном берди. Ростини айтсам, бу менга бироз малол келган. Шахсан мен бадиий таржимани, унинг миллий-маданий тараққиётдаги бебаҳо қадр-қимматидан ташқари, профессионал маҳоратни чуқур ўзлаштириб олишнинг, жаҳон маданиятини ўрганишнинг беқиёс воситаси деб биламан. Жаҳон ва қардош халқлар адабиётларидаги буюк сиймолар тажрибаси ҳақида ёзилган энг ёрқин тадқиқотлар ҳам шоир ёки ёзувчига бевосита таржима билан машғул бўлишда олган сабоғу билимлардан ортиқроқ нарса беролмайди. Ахир шоҳ асарни таржима қилаётганда, озгина бўлса-да, руҳан унинг муаллифи даражасига кўтариласан ёки ўша муаллиф ролига кирасан, данте, Шекспир, Гёте, Толстой, Чехов, Есенин бўлиб гапирасан. Нақадар масъулиятли ва мароқли машғулот!
Энг муҳими, таржима ижодкорнинг масъулият туйғусини оширади, ўз бўйи-бастини жаҳон маданияти чўққилари билан қиёс қилишга чорлайди, бинобарин ижодкорни аслиятда хом асарлар ёзишдан сақлайди.
Йигитлик умримнинг энг аъло дамлари таржима учун сарф бўлди. Бунга унчалик афсусланмайман. Чунки аслиятда ўртачароқ асар ёзиб юргандан кўра жаҳон ва қардош халқлар маданиятининг нодир намуналарини она тилимда янгратиш завқи менга таскин беради.
Кўпинча таржима ҳақида гап борганда тил билиш масаласи ўртага тушади. Тил билганга-ку нима етсин. Лекин таржимон шоирдан буни талаб қилиш ҳам қийин. Аввало бирор халқ шеъриятини бутун назокати билан тушуниш учун шу тилни жўнгина билишнинг ўзи етмайди. Баркамол ўрганиш учун эса умр камлик қилади. Мен ҳам "Фауст"ни немис тилидан эмас, балки рус тилидан қилинган сўзма-сўз таржима ва шарҳлар ёрдамида , сўнгра бир неча бадиий таржималарни чоғиштириб ўрганиш натижасида ўзбекчалаштирганман. Немис тилини тушуниш ва тушунтира олиш даражасида билиш учун бир-икки йил шуғулланиш кифоя. Лекин Гётенинг "Фауст"ини бутун фалсафаси, теран маъно товланишлари билан тушуниш учун немис бўлиб туғилиш ҳам камлик қилса керак.
Есенин, менинг назаримда, руҳи жиҳатдан биз ўзбекларга жуда яқин. Деҳқон боласи бўлгани учун ҳам Россия манзараларини шунчалик зўр таърифлаганки! Уларни ўқиганимда, кўз ўнгимда беихтиёр Фарғона кенгликлари намоён бўларди. Кейин, назаримда, у ўта самимий- Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғуломлар каби юрагини кафтига қўйган шоир.
Агар Пушкин, Лермонтов, Маяковский мен учун доно устозлар саналса, Есенинга худди ўз ўртоғимдек (мен уни ўқиганимда ўспирин эдим-да, қаттиқ боғланиб қолдим. Ана шу меҳр туфайли таржимага ўтирдим. Уни таржима қилишга ҳеч ким ундагани йўқ.
Шоир-таржимон, менга қолса, бошқа тилни юзаки ўрганиш ўрнига ҳам ўз она тилини чуқурроқ ўрганса яхши бўларди. Чунки таржима санъатида ўз она тилини бутун нозиклиги ва бойлиги билан билмаслик ҳам, бошқа тилни чала билиш ҳам бирдай зарарлидир.

Ой ўртанар кўзларида ёш,
Кўкси доғу юраги қийма.
Дер: "Эй фалак, мен эдим қуёш,
Нега мени қилдинг таржима?"

albatros
07.07.2011, 15:08
Savollarimga to'liq va aniq javob berganinggiz uchun katta rahmat sizga Ustoz. Ilohim ijod yo'lingiz yuksak cho'qqilarni zabt etaversin.

Pfefferminze
20.07.2011, 16:28
Assalomu alaykum, muhtaram Ustoz, Erkin aka Vohidov. Men, bo'sh vaqtlarimda, mumtoz Sharq adabiyoti bilan qiziqqanim sababli, A.Navoiy, Hofiz Sheroziy, Dehlaviy kabi ulug' insonlarning asarlarini o'qib, mutoala qilib turaman, tabiiy, kuchim, aqli ojizim yetgunicha. O'qiganda ham men ularning fikrlarini solishtirib, taqqoslayman va shu paytda fikrlarining qarama-qarshiligini ko'rib, hayolga botaman. Aslida maqsad, nima yaxshiyu nima yomonni bilib olish v.h.k...Lekin, men qanchalik Hofiz Sheroziyni o'qisam, shunchalik fikrlaridagi keskinlikka duch kelib, hayron qolaman. Misol uchun A. Navoiy bilan Hofiz Sherozinyni solishtirsam, A.Navoiy yomonlikka bari-bir yaxshilik bilan javob qaytar deydi, ammo ul zotdan farqli o'laroq Hofiz Sheroziy:"Yomongliqqa yaxshilik qilma yomonligi ortadi" deydi...va hokazo...bunaqa misollardagi qarama-qarshi fikrlarni ko'p keltirish mumkin...shunda o'ylanib qolaman...hozirgi zamonda qaysi yo'lni tutish kerak?...Ustozimiz, sevimli yozuvchimiz O"tkir Hoshimov aytganlariday, seni o'ng betingdan ursa, Sen ham unga qaytar,shunda u boshqalarga nisbatan ham senga nisbatan ham bu noma'qul ishini qaytarmadi...

Siz, muhtaram, Ustoz, qaysi yo'lni tanlashda maslahat berar edingiz, biz yoshlarga? Keskinliknimi yoki bari-bir kechirimli bo'lishliknimi yoki vaziyatga qarab ish tutishnimi?


Javobingiz uchun oldindan rahmat,


Cheksiz hurmat va ehtirom ila

Ra'no

pipicron
20.07.2011, 22:04
Ассалом алайкум устоз.
Устоз дейишимга изн беринг, зеро болалигимдан куп шеърларингизни укиб таълим олганман.
Мен оддий бир мухандисман, хатто тилимни хам рус ва инглиз тиллари билан аралаштириб юбордим. Ижод килишга эмас, калбим кувончини, дардини, исёнини назмда ва насрда ифода килишга интиламан. Сунгги вактларда хаммасини интернет оркали дустларим хукмига хавола киламан. Аввал эса уларни факат узим учун асрардим. Сиздан маслахат сурашим боис, мен уз ижодимни, уз калбим сирларини дустларим хукмига хавола килиб хато килиб куймайманми? Негаки ижод ахлидан булмаган инсон уз "ижоди" билан ижодкорларга нисбатан муносабатни, эътиборни тушириб юбориши мумкин, униб келаётган авлодни шаштини кайтариши мумкин. Албатта, халк узи танлаган ижодкорлар бундан мустасно. Халкка чикиш учун эмас, халкка сузимни ошкор айта олишим учун нима килишим керак, узимни кандай тутишим керак, нималарга эътибор беришим керак?
Сизга энг самимий тилаклар ила Алишер.

Muhammad Ismoil
06.08.2011, 12:43
Мен ҳамон ёш болага ўхшайман. Аёвсиз йиллар яшин тезлигида ўтиб кетмагандай, баъзан Мирзачўл далаларида оёқ яланг югургим келади. Худди куни кеча пахтазор пайкаллари оралаб чопиб юрардим-у, завқли машғулотимни бугун эрталаб, яна давом эттирмоқчидай, шоша-пиша йўлга отлангим келиб қолади.
Гоҳида пахтакорларни гапга тутардим: - Пленум қарорлари ростдан ҳам сизни руҳлантирдими?
Пахтакорлар нима дейишини билмай елка қисишарди. Ҳадеб қистайверсам, “Қўйсанг-чи у гапларни” – дея кулишарди. Ўшанда илк бор газеталарнинг ёлғон ёзишларига гувоҳ бўлганман ва бу ёлғонларни қандай фош этсам экан дея узоқ ўйлаганман. У пайтларда туман газеталарига кичик – кичик лавҳалар, мақолалар ёзар, иложи борича ҳаётий воқеаларни юзага чиқаришга тиришардим. Яъни, ўша пахтакорлар елка қисгани-ю, пленум қарорларидан бехабарлиги, тирикчилик ташвиши туфайлигина пахта далаларида “жавлон ура”аётганини айтгим келарди.
Шундай кунларнинг бирида Эркин Воҳидовнинг “Бизлар ишлаяпмиз” деган шеъри қўлимга тушиб қолди.
...Пахтакор халқининг шох бутоғи йўқ.
Фақат меҳнатимиз сал ўзига хос.
Қўл қадоғи бор-у, иш адоғи йўқ,
Бизлар ишлаяпмиз, бу меҳнат холос.

Шеър назаримда Мирзачўл далаларида ёзилгандай эди. Эркин Воҳидов далама дала юриб, пахтакорлар билан сўзлашган-у, уларни тинглаб, ҳақиқатни рўй-рост очиб ташлагандай туюларди. Бу шеър бутун бир даврнинг ёлғончилигига қарши ўқилган суд ҳукмномасидай ақлимни шошириб ҳайратга соларди. Бу шеър ҳақиқатни қандай очиқ айтиш кераклигининг изоҳсиз намунаси эди Бу шеър - жаҳолатга қарши курашиш мумкин, мана яққол исбот деган тасалли берарди. Шу билан бирга бўғзидан олов пуркаб турган аждарҳонинг майлига тескари гап айтиб, жаҳлини қўзғаб, яна фавқулодда омон қолиш, яна аждарҳонинг ёнида ғарибгина юриш, яна аждарҳонинг ёнида беихтиёр шижоатга тўлиб рост сўзлаш учун юксак маҳорат, сўзни санъат даражасига кўтариш керак бўлади.
Эркин Воҳидов мен учун бир умр мана шундай юксак маҳорат тимсоли бўлиб келган.
Эсимни таниганимдан буён бу тимсол ўзининг юксак қоясидан силжигани йўқ. Эсимни таниганимдан буён Ой, ўша – ўша Ой, Қуёш ўша – ўша қуёш! Юлдузлар ўша! Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Эркин Воҳидов ҳам ўша – ўша! Болалигимда у мен учун қанчалик баланд чўққида бўлса, ҳали ҳамон бу чўққи юксак ва қўл етмас! Унинг шеъриятда эришган маҳорати инсон зоти эришиб бўлмайдиган маҳоратдай туюлади.
Шеъриятнинг мактаби йўқ дейишади. Шоирликка ўқиб бўлмайди, дейишади. Йўқ, ундай эмас. Шеъриятнинг мактаби бор. Дарслиги ҳам бор. Устозлари ҳам.
Шахсан мен, Эркин Воҳидов мактабида йиллар давомида ғойибона таълим олиб келдим. Китобларидан дарслик сифатида фойдаландим. Ўқитувчим билан ўттиз йил ўтгач илк бор юзма – юз кўришдим. Устознинг адабиёт назарияси ҳақида бирорта китоби йўқ. Устознинг шеърий китобларининг ўзи қўлланма, ҳақиқий шеъриятнинг намунаси, адабиёт оламига олиб кирувчи дастур. Шеър қандай бўлиши кераклигининг яққол исботи ! “Ўзбегим” қасидасини ўқисангиз, ўзбек миллатини қандай севиш кераклигини ўрганасиз, “Руҳлар исёни”ни ўқисангиз, умр ва ўлим нима эканлигига жавоб топасиз, “Ёшлик девони”ни ўқиб, Навоийни қандай қилиб замонавийлаштириш кераклигига жавоб топасиз, “Ҳозирги замон “Шум бола”сини ўқиб, ҳақиқатнинг ҳаётдаги ўрни нақадар муҳимлигини англайсиз. Бу дарслар, сабоқлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Ўттиз йиллик сабоқлар мажмуасини бир китобга сиғдириб бўлармикан. Умуман, устоз деганда, муаллим деганда мактабда, ёйинки дорилфунунда дарс берган ўқитувчиларимизни назарда тутамиз. Ва ўшаларни ҳақиқий устоз деб биламиз, ҳатто улар берган сабоқлар, мутлоқо ёдимиздан кўтарилиб кетган, ёинки келажак ҳаётимизда бирор муҳим ўрин тутмаган сабоқлар бўлса ҳам. Ҳақиқий сабоқ, бу -юракда бир умр муҳрланиб, керакли пайтда, хаёлда лип этиб пайдо бўлиб, тўғри йўлни танлашингда муҳим ўрин тутган сабоқлардир. Масалан, устознинг яқинда нашрдан чиққан “Орзули дунё” китобини варақлаб, яширин хикматни уқдимки, бирдан ҳушёр тортдим.
Устоз табаррук 75 ёшга кирган, эркалик қилишлари малол келмайдиган, нуқсонлари фазилатдай туюлиб кетадиган мартабада бўлсалар ҳам, бу китобда бирорта бўш шеър, ёинки бўш мисра йўқ. Устоз айни навқирон пайтдагидай сатрларни жаранглатиб, асл сўзларни марварид донасидай териб – териб, заргарона юксак дид ва фасоҳат билан китобни тарашлаган эканлар. Устоз, ўзлари “умринг адо бўлмай туриб, чўғинг адо бўлмасин”, деганларидай, устознинг ҳаётга муҳаббатлари чўғ бўлиб эмас, олов бўлиб аланга олиб турганини ушбу китоб тимсолида яққол кўриш мумкин эди.
Эркин Воҳидовнинг “Бу дунёда аёл мадҳига достон тугамайди”, “Кўнгил мулкини тарож айлаган ишқ истилосидир” сингари мисралар билан бошланувчи шеърлари бор. Бундай шеърларни ёзиб бўлмайдигандай туюлади. Худди шеъриятда кутилмаган тасодифий воқеа рўй бергандай туюлади. Бўлмайдиган иш рўй бергандай туюлади. Чапдастлик, маҳорат, истеъдод ярқ этиб санъатнинг ёрқин намунаси мўъжаз гулдаста янглиғ туҳфа этиб қолдирилгандай. Ҳар гал ўқисам ҳайратга тушавераман. Бу шеърлар шак-шубҳа йўқки биздан олдинги авлодни ҳам, биздан кейинги авлодни ҳам ҳайратга солиб йиллар синовидан, даврлар, тузумлар, замонлар синовидан мардоновор ўтиб биринчилар қаторида намоён бўлаверади. Мустамлака замонида ҳам бу шеърлар ўзбек санъатининг ёрқин наъмунаси эди. Мустақиллик замонида ҳам энг олдингилар қаторида турибди. Эркин аканинг ўн тўрт ёшида ёзган шеъри бор:

Қора қушлар қўнарлар мажнунтолнинг бошига,
Бошин ерга эгарлар, боқмай сира оҳига,
Раҳми келиб булутнинг йиғлаб тўкар ёшини,
Қуёш чиқар, мажнунтол кўтаради бошини.

Қора қуёшларга, мустамлакачиларга қарши исён - бу шеър. Кейин бу исён олови йиллар мобайнида гуркираб борди. Кейин бу исён “Ўзбегим”га айланди , “Руҳлар исёни”га айланди. “Бир эркни, озодликни истайди кўнгил” сингари ўнлаб ашъорларга айланди. Эркин аканинг “Коммунизм, чол ва чумоли қиссаси” деган шеъри бор. Унда чумоли юлдузларга етмоқ бўлиб, дарахт тепасига тирмашиб чиқаверади. Дарахтнинг энг тепасига чиқиб қараса юлдузлар ҳали узоқда. Уларга ҳеч ҳам етиб бўлмас эканда, дейди чумоли. Эркин Воҳидов коммунизм учун кураш авж олган йиллар, коммунизм ҳеч қачон амалга ошмайдиган сафсата дея, ишора қилганди бу шеъри билан.
Йиқилганни ҳамма тепкилаётган ва сен ҳам тепкила дея буйруқ берганларида, узни четга олиб, аралашмай жим туриш ҳам жасорат.
Эркин ака суҳбатлардан бирида, 80-йилларда машҳур рус ёзувчиси Юлий Семёнов билан ўн саккиз кун Авғонистонда бўлганлигини, бу жасорати учун Авғон уруши қатнашчиси унвонини ва имтиёзли нафақа тайинламоқчи бўлганликларини айтиб бергандилар. Эркин ака ҳамма имтиёзлардан воз кечадилар. Ва интернационал дўстлик ҳақида бирор жойда бирор сатр мақола эълон қилмайдилар. Марказий қўмита, марказий нашрлар, республика раҳбарияти, республика газеталари тинмай сўраб турган пайтда, индамай туриш, чет элга ижодий сафарга юборилиб ҳисобот мақолалар ёзмаслик ўша пайтларда кўз кўриб қулоқ эшитмаган катта жасорат эди.
“ Оддий одамнинг оддий мардонавор қадами ёлғонда иштирок этмаслик, ёлғон ҳатти – ҳаракатни қўлламасликдир,” - деган эди Александр Солженицин.

Muhammad Ismoil
06.08.2011, 12:46
Эркин Воҳидов ҳамиша сара мавзуларни танлайди. Давр синовларидан, асрлар синовидан ўтувчи мавзуларни танлайди. Афғон уруши даврида қўлланилган социалистик сафсата ўн йил, беш йилда эскириши ва ижодида бир умрлик қора доғ бўлиб, мисқоллаб йиққан обрўсига қарши ишлашини, кечирилмас хато бўлиб туришини биларди.
Шунинг учун биз устозларнинг фақат ёзган эмас, ёзмаган шеърлари учун ҳам тасанно айтишимиз керак. Бундай ёзилмаган шеърлар Эркин Воҳидов ижодида кўплигига шубҳа қилмаса бўлади.
Эркин Воҳидов ижоди ўзбек шеъриятида янги даврни бошлаб берди.
Нобелъ мукофоти лауреати, Михаил Шолохов Олий адабиёт курси талабалари билан учрашувда: - Сизнинг ичингиздаги энг камтар шоир ёки ёзувчи ҳам, ҳали дунёда адабиёт йўқ, жаҳон адабиёти мана энди менинг ижодим билан бошланади деб ўйлайди, ва шундай ўйлаб тўғри қилади, шундай катта хаёл бўлмаса, мен дунёга янги адабиёт олиб кираман, кечаги адабиёт ижодим олдида бир пул, деган улкан мақсад бўлмаса, ижодкорнинг адабиётга кириб келиши бекор, – деган экан.
Бундай ўзига катта мақсад қўйган одам, ўз адабиётимни яратаман деган ижодкор, бизнинг адабиётимизда бармоқ билан саноқли. Бармоқларингизни икки – учтаси ортиб қолади ҳатто. Айнан ўша улкан ижодкорлардан бири – шубҳасиз Эркин Воҳидовдир. Ўзбек шеъриятини Эркин Воҳидов шеъриятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа шоирларни ўнтасини, ҳатто юзтасини олиб ташласангиз ҳам ўзбек шеърияти ҳувиллаб қолмайди. Лекин Эркин Воҳидов ижодисиз бу шеърият қулаб тушади, ёки анчайин пасайиб, ғариб бўлиб қолади. Эркин Воҳидов шеъриятга, ўша Шолохов айтган талаблар билан кириб келгандай: - Ҳали дунёда адабиёт йўқ, жаҳон адабиёти мана энди, менинг шеъриятим билан бошланади!
Ҳақиқатдан ҳам Эркин Воҳидов шеърияти унгача ижод қилган салафларининг бирортасини шеърларига ўхшамайди, не ажабки, бугунги кунда, ҳатто Эркин Воҳидовга тақлид қилиб ёзганларнинг шеърияти ҳам ўхшамайди. Фавқуладда бир ҳодиса янглиғ ажраб туради – бу шеърият! Эркин Воҳидовнинг оддий бир тўртлиги ҳам юзлаб тўртликлар ичида ажралиб туради. Ҳатто Эркин Воҳидов таржималари ҳам ўзгача. Бир туркум таржима шеърларни ўқиб туриб, мундарижага қарамай ким таржима қилганлигини ўқиб кўрмай, ичидан Эркин Воҳидов қилган таржималарни ажратиб олиш мумкин:
Менинг куфримни айбларга
муҳаққақ сизда имкон йўқ.
Бу дунёда менинг пок,
иймонимдек иймон йўқ.
Замон аҳли аро ёлғиз
мусулмон мен эдим, э, воҳ
Агар мен ҳам, кофир эрсам,
бу дунёда мусулмон йўқ!
Ҳазрат Абу Али ибн Синонинг ушбу рубоийлари ошуфта дилларни мафтун этгувчи нафосат билан жаранглайди.
Эркин Воҳидов суҳбатларимизнинг бирида шахмат бўйича бир неча бор жаҳон чемпиони Анатолий Карпов билан шахмат ўйнаганини айтиб берганди.: - Бешинчи юришдан кейин аҳволим танглигини сезиб қолдим, сўнгра чапдастлик билан, - Майли, дурангга розиман деб, Анатолийга қўл узатдим. У ҳам шуни кутиб тургандай, дурангга аллақачон рози бўлганман, деб қўл узатди. Бўлмаса бор йўғи эндигини бешта юриш қилганмиз – деди кулиб ва шахмат ҳақида, унинг шеъриятга ўхшаши ҳақида, шеър бўғинлари, қофиялар, туроқлар шахмат қоидалари сингари қатъий бўлиши, шахматда ҳам асосий хужум шоҳга қаратилиши ҳақида узоқ гапирдилар ва хўрсиниб, шахматни кашф этган ҳинди қандай бахтиёр одам эканки, неча асрлар ўтса ҳам шахмат ўйинлари, партиялари бошланади-ю, тугагани йўқ ва тугамайди ҳам – дедилар. Мен шаҳматни кашф этган ҳиндига ҳавас қиламан. Қандай бахтиёр инсон! Қанчалик юксак заковат эгаси у! Дунёга келсанггу, мана шундай кашфиёт эгаси бўлсанг! Кейин бу дунёдан беармон кетсанг бўлади!
Эркин ака! Биламиз, “Умринг адо бўлмай туриб, чўғинг адо бўлмасин” деб ёзгансиз. Хавотирланишга ўрин йўқ. Сизнинг юрагингизда нафақат чўғ, улкан гулхан ловуллаб турибди. Сиз бизга абадул – абад ўзбек шеърияти салтанатида давру – даврон сурувчи қудратли шеърият инъом этганингизга қарамай, яна ва яна гўзал шеърлар туҳфа этиш истагидасиз. Биз уларни бажонидил кутиб қоламиз ва айтамизки, шахматни кашф этган ҳиндига ҳавас қилмасангиз ҳам бўлади. Сиз яратган шеърият худди шахмат сингари сир – синоатга, антиқа мўъжизаларга, кашфиётларга тўла ва адо бўлмасдир. Даврлар алмашиши билан янги авлодлар шахматнинг янги – янги қирраларини очгани сингари, асрлар оша шеърият ишқибозлари янгиланаверади, сизнинг шеърларингизнинг янги – янги қирраларини, жилваларини, сирру – синоатларини кашф этаверадилар, завқланаверадилар, баҳру – дилларини ёзиб ошуфта бўлаверадилар. Сизнинг шеъриятингизнинг умри ҳам адабул – абад, туганмас, ва янгиланиб боргувчидир! Бизлар, яъни шеърият ишқибозлари шаҳматни кашф этган ҳиндуга эмас, кўпроқ сизга ҳавас қиламиз, шаҳматнинг туганмас ўйинлари сингари, ҳар ўқиганда янгича тароват, янгича жозиба, янгича кашфиёт барқ уриб тургувчи шеърларингизга ҳавас қиламиз!
Миллатимиз бахтига, маданиятимиз бахтига, адабиётимиз бахтига омон бўлинг Эркин ака!

Erkin Vohidov
15.08.2011, 13:15
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Дўстим, сен ўзни кўп хокисор тутма!
Ожиз бандаман деб эгиб юрма бош!
Юртнинг эгасисан, зинҳор унутма!
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Мустақил, мўътабар мамлакат сенсан.
Мамлакатда олий машварат сенсан.
Халқсан, ҳукуматсан, салтанат сенсан.
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Панада турмоқнинг фурсати эмас.
Ватанинг ғарибнинг турбати эмас.
Давлат дастгоҳининг мурвати эмас,
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Ғайрати йўқларга замонлар ёмон.
Жасорат йўқ ерда ёмонлар омон.
Давлат не, сен агар бўлмасанг қалқон?
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Юрт фарзанди асли ўзи юрт бўлар.
Кўкси қалқон бўлар, кўзи ўт бўлар.
Мардлар билан ватан бағри бут бўлар.
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Nigora Umarova
21.12.2011, 16:59
Муҳтарам форумдошлар!

27 декабрь куни севимли ижодкоримизнинг таваллуд топган кунлари. Шу муносабат билан ZiyoNET ахборот ресурс тармоғи томонидан қуйидаги тадбирни уюштирдик. Ижодкоримиз тақдим этган ушбу байтларни нафис шарҳлаган форумдошимиз Эркин Воҳидов дастхати ёзилган ижодкорнинг китоби ҳамда ZiyoNET ахборот ресурс тармоғининг эсдалик совғалари билан тақдирланади:

Жаҳоннинг меҳри иккидур бири - сенсан, бири - офтоб,
Тарозу палласи икки: бири-Ердур, бири гардун.

Эркин Воҳидов

Nigora Umarova
22.12.2011, 12:56
Муҳтарам форумдошлар!

Жаҳоннинг меҳри иккидур бири - сенсан, бири - офтоб,
Тарозу палласи икки: бири-Ердур, бири гардун.
Эркин Воҳидов


Илтимос, байтнинг таҳлилини 26 декабргача қолдирсангиз.

Masud Mahsudov
22.12.2011, 19:51
Жаҳоннинг меҳри иккидур бири - сенсан, бири - офтоб,
Тарозу палласи икки: бири-Ердур, бири гардун.


“Рубобим тори иккидур...” деб бошланмиш ғазалнинг ушбу байтини таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўраман...

Биринчи қаторда шоир ўз маҳбубасининг меҳрини қуёшга қиёслайди. Биламизки, офтоб ҳамиша чирой, тафт, иссиқлик, меҳр-муҳаббат тимсоли бўлиб келган. Қолаверса, муаллиф ўзини (меҳр олувчи ер сифатида) ҳокисор тутади. Шамссиз ердаги ҳаётни тасаввур қилиб бўлмаслиги баробарида, ғазалнавис ўз ёрисиз яшай олмаслигига шаъма қилмоқда. Шу ўринда, “меҳр” каломига тўхталиб ўтсам. Меҳрни ҳамма ҳар хил талқин қилиши мумкин, бироқ уни оддий қилиб таърифлайдиган бўлсак, у зиё, ҳидоят, яхшилик, эзгуликни бошқаларга улашишдир. Заминнинг кундан нур олишини инсоннинг ўз суюклисидан оладиган меҳрига ишора қилиниши адибнинг талмеҳ санъатидан ажойиб тарзда фойдаланганидан нишонадир.
Энди байтнинг иккинчи қаторига эътибор қаратадиган бўлсак: бу ерда доимий мувозанат рамзи бўлган тарозининг икки томонида ер ва осмон (яъни гардун) нинг тенглашишини айтиб ўтилмоқда. Кўчма маъносини оладиган бўлсак, бадиий адабиётда гардун – тақдир, қисмат, пешона маъноларида қўланилади.

(Фарёдким, гардуни дун.
Айлар юрак бағримни хун...
(Муқимий) - бу ерда Муқимий ўз қисмати(гардуни дун – пасткаш дунё)дан нолимоқда).

Биринчи қаторда муаллиф ўзининг ердек ҳокисор тутганини ҳисобга олсак, кейинги қаторда ўз тақдирига битилган инсоннинг ўзига муносиблиги, тенглигини куйламоқда. Бадиий адабиётдаги тарози рамзи тенглик, баробарлик, адолатни акс эттиради. Осмон билан ернинг тенглиги эса инсониятнинг тўла-тўкис бахтга эришиши, тоғ қадар, само қадар орзуларининг ижобатидир. Ердаги инсоннинг осмонга тенглашуви – бу иқболнинг олий даражаси, тасаввуф нуқтаи назаридан олиб қаралганда эса, Маҳшар кунидан нишонадир. Бас, бу билан шоир ёри ила Қиёматга қадар бирга бўлишни азм этган бўлса, ажаб эмас...

albatros
23.12.2011, 11:47
Муҳтарам форумдошлар!

Жаҳоннинг меҳри иккидур бири - сенсан, бири - офтоб,
Тарозу палласи икки: бири-Ердур, бири гардун.

Эркин Воҳидов



Hayotning mazmuni savob va gunoh,
Umring adosida taroziga boq.
Ezgu pallasida jannat tuhfadir,
Birida turadi olovli do'zah.
Yuqoridagi misralarni shu ma'noda tushinibman. Aslida ...
Aslida nima ifoda etilganini tadbir so'ngida Ustoz Erkin Vohidovning o'zlaridan o'rgansak yaxshi bo'lardi.

Kavsar
23.12.2011, 23:22
Yuqoridagi misralarni shu ma'noda tushinibman. Aslida ...
Aslida nima ifoda etilganini tadbir so'ngida Ustoz Erkin Vohidovning o'zlaridan o'rgansak yaxshi bo'lardi.

Hoy, ukam shoshmay turing, bizlar hali sharhimizni joylaganimiz yo'q.... G'azalni davomini sharhlardan keyin berishlarini iltimos qilaman.

Hali sharhlovchilarimiz ko'p nasib bo'lsa... :)

albatros
24.12.2011, 10:27
Yuqoridagi misralarni shu ma'noda tushinibman. Aslida ...
Aslida nima ifoda etilganini tadbir so'ngida Ustoz Erkin Vohidovning o'zlaridan o'rgansak yaxshi bo'lardi.

Hoy, ukam shoshmay turing, bizlar hali sharhimizni joylaganimiz yo'q.... G'azalni davomini sharhlardan keyin berishlarini iltimos qilaman.

Hali sharhlovchilarimiz ko'p nasib bo'lsa... :)

Shoshmayapman. Aytdimku tadbir so'ngida deb:).Har holda she'rda nima ifoda etilganligini shoirdan ko'ra ortiqroq hech kim his eta olmaydi. O'.Hoshimovning gaplari borku: "Bilingki siz o'qigan asar, sizni ko'zingizdan bir tomchi bo'lsa ham yosh paydo etsa, yozuvchi bu asarni rosmana yig'lab yozgan. Agar asar sizni biroz jilmaytirsa, bilingki yozuvchi bu asarni xandon otib kulib yozgan" *. Xuddi shunday yuqoridagi satrlarda nimani ifoda etmoqchi ekanliklarini shoirimizning o'zilari aytib o'tsalar, biz qay darajada tushunganliklarimizni bilib olarmidik...

* -"Daftar hoshiyasidagi bitiklar" asaridan olingan bu fikrlarni asli kabi yozolmagan bo'lishim mumkin, ammo ma'nosi asli kabi deb o'ylayman.

Masud Mahsudov
24.12.2011, 10:38
Ғазалнинг тўлиқ шакли қуйидагича:

Дуторим тори иккидур: бири кувноқ, бири маҳзун
Ки, байтим сатри иккидур: бири дилхуш, бири дилхун.

Нигорим чашми иккидур: бири яғмо, бири жоду,
Бу жодудан икки кўзим: бири Сайҳун, бири Жайҳун.

Жаҳонда икки дилбарнинг бири сенсан, бири Лайло,
Жаҳонда икки ошиқнинг бири менман, бири Мажнун.

Жаҳонда икки юлдуз бор: бири сенсан, бири Зухро,
Мисоли икки нуқтамнинг, бири остин, бири устун.

Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири сенсан, бири офтоб,
Тарозу палласи икки: бири ердур, бири гардун.

Макони икки лочиннинг — бири қоя, бири осмон,
Қаноти икки шоирнинг — бири ўлка, бири очун.

Ғазал битмакда сачрабдур кўзимдан ёш, дилимдан ўт.
Шу боис икки сатримнинг бири қатра, бири учқун.

Келиб боғ сайридан Эркин ғазалга тўлқин излардим,
Кириб келди икки дўстим: бири Сайёр, бири Тўлқин.

Ёшлигимизда ушбу шеърни куйга солиб, маромига етказиб куйлаган Шерали Жўраевнинг қўшиқларини эшитиб катта бўлганмиз...

Shokirbek
24.12.2011, 11:49
Дарҳақиқат, ғазал ёзишда ҳозирда шоир Эркин Воҳидовга тенг келадигани бўлмаса керак. Айниқса, у кишининг шу ғазали ва "айрилиқ они яқиндир" деб бошланадиган ҳазрат Навоийга тахмиси жуда ажойиб чиққан.

Юқоридаги ғазалнинг "Бу жодудан икки кўзим" ва "Кириб келди икки дўстим" ибораларидаги "икки" сўзи "ики" шаклида ёзилиши лозим, йўқса вазн бузилиб қолади.


Кейин, "Жаҳоннинг меҳри иккидур" жумласида "меҳр" сўзидан шоир унинг форсий маъноси - қуёшни назарда тутган бўлишлари ҳам мумкин.

Kavsar
24.12.2011, 12:40
Assalomu alaykum, Uforum ahli! Kelayotgan Yangil Yilingiz bilan barchangizni qutlayman!
Bu Uforumdagi bayram oldi men uchun eng qiziqarli mavzu bo'ldi... :)

G'azalning to'liq matnini ko'rib turganimdan xursandman. ))
Tug'ri, Albatros aytganlaridek, kitobxonning talqini bu aynan muallifning gapi degani emas. Men bu g'azalni ilgari o'qimaganim uchun faqat shu baytdan kelib chiqib talqin etishga urindim.

Sevimli adibimizning kelayotgan Yangi yil bayramlari qolaversa tug'ilgan kunlari bilan chin dildan qutlayman! Va ushbu go'zal baytning kamtarona Kavsar talqinini hadya etmoqchiman.

Ustoz, hamisha xalqimiz baxtiga sog' bo'lib yuring.. :)


Табиат гўзал қилиб яратилган. Шу коинот ичра инсон, шубҳасиз мўъжизадир. Унинг икки кўзи, қоши, забони ниҳоятда нафис, бетакрор...
Ҳаётдан мўъжизалар излаймиз, аслида бу борлиқ, инсон ва унинг қалби шундай мўъжизаки, ақл бундан ҳайратдадир. Фикрларимизни севимли адибимизнинг шундай байтлари мисолида далиллаймиз:

Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири – сенсан, бири – офтоб,
Тарозу палласи икки: бири Ердур, бири Гардун.1

Меҳр, оҳанрабо мисоли қалби пок инсонларни бир ерда жамъ этган кўз илғамас зиёдир. Унинг соҳиби эса – Меҳрибон. Яратган меҳрини яралмишларнинг ҳар бир заррасида кузатиш мумкин. Само юлдузларининг жойлашуви, вақтнинг бир маромда ўтиши, дарахтларнинг куртак ёзиши, буларнинг бари мўъжизадир. Аммо шоир дунёда икки нарсани меҳр сифатида кўради. Булардан бири “офтоб” бўлса, бири “сенсан” дейди. “Сен” деганда кимни тушуниш мумкин? Ўзимизни, қалбимизни, умуман инсоннинг ботин дунёсини.

Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири – сенсан, бири – офтоб,

Қуёш – оламнинг кўзи. Унинг заррин нурлари етган ҳар бир қадамда ҳаёт балқийди. Аммо кўнгил, бундай қуёшларнинг мингтасидан афзаллик қилади. Чунки “қалб” – “Байтуллоҳ”дир. Ундан таралгувчи зиёнинг ҳурматидан нафақат шамс, балки ўн саккиз минг олам ҳаракатдадир.
Агар инсон, “кўнгил уйи”ни қанчалар озода, саришта тутса, бу уйда илму ҳикмат нурлари шунчалар бисёр бўлади. Офтоб жаҳонни ёритгани каби, озода қалб, руҳни равшан қилади. Руҳ қанчалар бахтиёр ва эркин бўлса, жамиятни, оламни шунчалар эзгуликка, гўзалликка бойитиш мумкин. Чунки, дунёни бошқариш инсон қалбидан бошланади. Шундай экан, илк мисрада: “Агар жаҳоннинг меҳридан бири қуёш бўлса, бириси ўзингсан. Агар бу офтобнинг беминнат нур сочишда бардавом бўлишини истасанг, олдин ўз ботиний оламингга назар сол. Қуёш қалбингга тутилган бир ойнадир. Табиатни асраш эса ўз қўлингда”, – деган маънони англаш мумкин. Бу бизга бир жиҳатдан “Инсон” қасидасини ҳам ёдимизга солади.

Байтда “икки” сўзининг такрор келиши ҳам яна бир гўзалликка ишорадир. Яъни, У барча нарсани жуфт қилиб яратди. Ернинг жуфти Осмон, Офтобники Моҳтоб, Дарёники Қирғоқ...
Коинотдаги ўзгаришлар эса шу жуфтликнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятидан содир бўлади. Бунга ҳаётнинг “сабаб” ва “оқибат” фалсафаси деб қараш ҳам мумкин. Сабабларни яратувчи Сабабчи эса Ҳақ таолодир. Мавлоно Румий ҳазратларининг “Ичиндаги ичиндадир” асарлари фикримизга етарлича далил бўла олади.


Тарозу палласи икки: бири Ердур, бири Гардун.

“Гардун” сўзи нафақат “осмон”, форс-тожик тилида қуйидаги маъноларни ҳам англатади:

“Гардун” – 1. Фалакат, сипеҳр, осмон;
2. маж. Рўзгор (давр, замон қисмат), сарнавишт (қисмат), тақдир;
3. Олам, дунё, даҳр;
4. Ароба; муқобили гардуна.2

Кейинги мисрада эса: “Тарозининг палласи иккита бўлганидек, оламнинг ҳам ўз тарозиси бор. Унинг бир палласида курраи Замин турса, иккинчисида Фалак туради. Сен шу икки паллани ушлаб тургувчи мувозанат нуқтасисан. Яъни, ҳаёт – Осмон ва Ернинг ўртасидадир. Бу икки палланинг муқим туриши шу ўртада ҳаёт кечираётган инсонларнинг ҳаракатларига боғлиқ. Бу ҳаракат эса, инсоннинг ўз тақдирига ҳам, замонга ҳам дахл қилади”, – дея оламга ибрат назари ила разм солади шоир.

Дарҳақиқат, дунёда икки меҳр бўлса, булардан бири ўзимиз ва иккинчиси қуёшдир. Унинг тарозиси бўлса, унинг бир палласи Ер, иккинчиси Фалакдир. Аммо шу тарози мувозанатини сақлаш бизнинг қалб оламимизга, унинг қандай нарсалар билан тўйинаётганлигига боғлиқ. Шундай экан, қалбни беҳуда нарсалар билан эмас, фақатгина эзгуликлар, поклик билан, соф муҳаббат билан безайлик. Ўз қалбида ана шу нозик ва беғубор ҳисларни мужассам эта олган шоиримиз ҳам дунё аҳлига фақат шу эзгуликни раво кўраётган, ўз вақтида жамиятни пок руҳиятнинг уйғоқ оламига чорлаётган бўлсалар ажаб эмас.

____________________

1. Устоз Эркин Воҳидов ғазалларидан олинган байт.
2. Фарҳанги забони тожики. М. 1969 й., 256-б.

Yaxshiliklarda ko'rishish umidi ila Kavsar.

Muhammad Dovud
25.12.2011, 15:32
Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири сенсан, бири офтоб,
Тарозу палласи икки: бири ердур, бири гардун.

Менинг интерпретациям :

Айбга буюрмайсизлар, шарх жуда эркин қилинди
Жаҳоннинг меҳри иккидур: бири сенсан, бири офтоб,

Қуёшдек мехрибон бу - шоирнинг халқи. Бу ерга ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз, шунчаки, душманига хам мехр кўрсата оладиган халқнинг иккинчиси дунёда йўқ.

Тарозу палласи икки бири ердур, бири гардун.

Тарози адолат тимсоли. Икки палласи, бири Ер – замона, иккинчиси фалак – қисмат.

1968 йил - аксарият истибдод холатини ўзларига мақом қилиб олган давр эди, яъни марказсиз, «дохий оталар»сиз бир қадам ҳам қўйишга қодир эмаслиги халқнинг аксарияти учун энг катта ҳақиқат бўлган бир давр эди. Вахоланки, шоир билади, бу халқ бир пайтлар маърифат осмонида Зухро юлдузидек чароғон бўлган. Бугун бу хаммага аён. Аммо у давр кишилари мутлақо бошқача тасаввурда бўлишган. Бир мисол, бошига не кунларни солмаган Сталин ўлса, мотам сақласа, энг ачинарлиси, бунга уни хеч ким мажбур қилмаган, буни у ўз ўзидан қилган. Мафкура меваси.

У давр кишиси мустақил бўлиш у ёқда турсин, хатто у ҳақда орзу қилишга ҳам қодир эмас. Ва буларнинг барчаси фалакнинг иши. Чарх айланиб юзага келган манзарага боқинг, бир пайтлар шоирнинг бобоси Москов остонасигача бориб, босиб олишни эп кўрмаган, назар писанд қилмаган бир халқ энди, “мен сени одам қилдим” деб турган бўлса.
Маърифат ҳақида гапирмаса хам бўлади. 3000 йил бурун “Авесто”ни яратиб қўйган халқга минг йил бурунгина ёзишни ўрганган халқ “мен сени оқартирдим” деса.

Аммо дод дейсанми, вой дейсанми бу қисмат…

Ва ўртадаги 300-400 йиллик ғафлат учун адолатли ҳам бир жихатдан.

Шундан, икки қанотидан бири – Ватанининг қисматини туйиб турган, халқига Мажнундек ошиқ – шоир дуторининг бир тори махзун, байтининг бир сатри дилхун.

Маъшуқаси – халқи кўзи ўнгида уни ғорат қилсаларда, жоду таъсирида у буни кўрмайди, шундан шоирнинг икки кўзи Сайхун ва Жайхун.

Умуман ўша даврларда хурриятдек баланд ғоялар ҳақида орзу қилишга хар ким хам журъат эта олмас эди, бунинг учун киши фитратида бу тушунчалар мухрланган бўлиши лозим эди, унинг асли қул бўлмаслиги керак эди. Макони қоя ёки осмон бўлган лочингина эрк нималигини билади.

Шоир шуларни хис этади, бу унинг қалбида ўт чақнатади, аммо фалакни ўзгартиришга қодир эмас, ҳеч ким бунга қодир эмас, кўзлардаги ёш шундан.

Шоир баланд ғоялари учун тўлқин, хаммаслакларни излайди, аммо икки дўстидан бўлак хеч ким йўқ.

Nigora Umarova
28.12.2011, 17:41
El ichida yashab, elning orzu-umidlari, kurashlari, shodlik va qayg'ularini o'z she'riyatiga jo aylagan shoirimiz Erkin Vohidov (http://uforum.uz/member.php?u=16019) bu kun muborak 75 yoshga to'libdilar!

Erkin aka, tavallud ayyomingiz muborak bo'lsin!
Siz, "O'zbegim" qasidasi orqali qasida yozilgan ilk yillardanoq millatimiz farzandlarini uyg'oqlikka chaqirdingiz: yuvvosh tarqoq va bechorahol bo'lmaslikka undadingiz. "Inson" qasidasi orqali o'z haqqi, huquqini tanigan inson-butun insonligini, o'z qadr-qiymati, shonu sharafini asrayotgan xalq-butun xalqligini ta'kidladingiz. Xalqining ulug'ligini, millatining buyukligini ehtirom ila ko'rsata olgan ijodkor har doim xalqining e'zoziga sazovor bo'lgan va bugungi kunda ham sazovor bo'lib kelmoqda. Siz she'rlaringiz, asarlaringiz orqali xalqimiz kechmishini qiyshiq oynaga solib emas, butun boyligi va qarama-qarshiligi bilan, haqqoniy, ajdodlarimiz madaniyatini hurmatlab, chinakam insonparvarlik an'analari asosida tasvir etgansiz. Shu jihatdan asarlaringiz xalqimizning qadriyatiga aylangan, yaqin o'tmish 60 yil mobaynida xalqimiz sevib ko'ziga to'tiyo qilib mutolaa qilib, yod olib kelmoqda. Bundan keyingi yuz yillar mobaynida ham bu qadriyat millat ruhiyatida asrab-avaylanadi.

Ustoz Erkin Vohidov!
Millatimiz, xalqimiz baxtiga sog'-omon bo'ling, yuz bilan yuzlashib yuring. Sizdan qorong'u dillarni yorituvchi mayoqdek she'r, doston, qasidalarni-nazmiy javohirlarni kutib qolamiz.

Bekmirzo
28.12.2011, 21:13
Sevimli shoirimiz Erkin Vohidovni qutlug' 75 yoshlari bilan muborakbod etaman! Yaratgandan ularga sermazmun va serfayz umr hamda serbaraka ijod tilab qolaman. Adabiyot muxlislari baxtiga sog'liqlari mustahkam bo'lsin!

Kavsar
29.12.2011, 13:25
Assalomu alaykum!

Qadrli ustozimizga sihhat-salomatlik, oilaviy baxt, tinchlik va xotirjamlik tilayman! 75 Yillik yubiley yoshingiz qutlug' bo'lsin! Hamisha xalqimiz baxtiga sog' bo'lib yuring va ziyo istagan qalblarga ziyo ulashuvchi asarlaringiz yanada ortib borishini tilaymiz!..

"G'azalni sevgan qiz" degan she'ringiz menga juda juda yoqadi...

Sen kulib turibsan, har qanday shoir,
Ko'zlaring o'tida erib ketadi.
Hofizi Sheroziy tirilib hozir,
Xolingga dunyoni berib ketadi...


Ijodingizdagi pok va ko'tarinki, shodlik ulashuvchi ruhiyat hamisha nur taratib tursin... :)

Hurmat va samimiyat bilan
Kavsar

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:11
Мен айтиб турай, сен ёз!



1960 йили мен эндигина университетни битириб, ёшлар нашриётида иш бошлаган эдим. Торгина хонада тўрт киши ўтирардик: уч муҳаррир ва мен – кичик муҳаррир.
Бир куни хонамизга орден таққан кекса бир одам кириб келди ва салом - аликдан сўнг: - Менга шоир керак, ичингизда ким шоир? - деб сўради. Нашриётнинг энг катта шоири Қудрат Ҳикмат эди. Лекин у кишининг чоллар билан суҳбат қуришга тоби йўқ эди шекилли, меҳмонга пойгакда ўтирган мени кўрсатиб, ана шоир, деди ва ўзи ўтирган стулни қарияга бўшатиб ташқарига чиқди. Қолганлар ҳам бирин-сирин чекиш баҳонасида хонани тарк этдилар. Қария стулга бафуржа чўкиб, муддаони баён қилди:
- Гап бундай, ўғлим, ёшим етмишдан ошди, урушни кўрдим, Фарғона каналида ишладим, колхоз қурилишида қатнашдим. Кўрган кечирганларим ўзим билан кетмасин, мен айтиб турай, сен ёз. Айтаберсам катта рўмон бўлади.
Ёши улуғ, муҳтарам меҳмонга қандай баҳона қилишни билмай турган эдим, “рўмон” сўзи жонимга оро кирди. – Мен рўмон ёзмайман, - дедим афсус оҳангида - фақат шеър ёзаман.
- Барибир эмасми, - дея эътироз қилди меҳмон – Биз китоб ёзадиганларнинг ҳаммасини “шоир” деймиз.
Хуллас, ўша куни орденли қарияни хурсанд қилолмадим. Минг узр ва баҳоналар айтиб кузатдим. Чолнинг ғамгин чеҳраси кўз ўнгимдан кетмайди. Мана бугун замонлар ўтиб ўзим дунёнинг аччиқ-чучугини тотиб кўргач ўша қариянинг эҳтиёжини сезиб турибман. Бирор қаламкашга, мен айтиб турай, сен ёз, дегим келади-ю, аммо мен қалбдан кечирган туйғуларни ким ўзимдек баён қилолади?
Инсон умрида кўрган кечирганларини ёзиб чиқса яна битта умр керак бўлади. Ўйласам, ўтган фурсат оқиб кетган қум экан. Ботмонлаб қумдан мисқоллаб олтин олинганидек ҳаётинг мазмуни бўлган, сени инсон қилиб шакллантирган, дил тубига чўккан олтин лаҳзалар бўлар экан. Бундоқ бойликни фарзандларга мерос қилиб қолдирса арзийди. Яхши ният билан қўлга қалам олдим. Кўрганларим сиз ёшларга ибрат бўлсин, мен қоқилган тошларга сиз қоқилманг, дейман. Биз бош урган баланд деворларни, биз тўрт букилиб кирган паст эшикларни сиз кўрманг. Ўзга олам, ўзга даврон, озод ва обод Ватан сизники. Йўлингиз ойдин бўлсин.

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:13
Ҳаётнинг биринчи зарбаси

1962-йилда мени бир гуруҳ ноширлар қаторида Боку ва Ереванга, Озарбайжон ва Арманистон нашриётчилари билан тажриба алмашиш учун сафарга юборишди. Кавказнинг сеҳрли манзаралари, денгизу тоғлари мени лол қолдириб, бир туркум романтик руҳдаги шеьрлар ёзган эдим. Айниқса, ғазалларини жондан севиб қолганим Муҳаммад Фузулийнинг мармар сиймосини Бокуда кўриб чексиз ҳаяжонга тушганман. Ўшанда бамисоли ўз-ўзидан қуюлиб келган “Фузулий ҳайкали қошида” шеьри мен учун ҳали-ҳамон қадрлидир.
Ўшанда мен мумтоз шоир шеьрларига маҳлиё бўлиб, ўзим ёзган сатрлардан ўзим завқланиб юрганимда, бу шеьр менга талай кўргиликлар келтиришини ўйлабмидим?
Шеьр “Ўзбекистон маданияти” газетасида босилгач кўп ўтмай Ёзувчилар уюшмасининг йиғинида ушбу даргоҳ раҳбарларидан бири мени аёвсиз танқид остига олиб, шеьрларимни сиёсий тутуриқсизликда, ёт ғояларни тарғиб қилишда, пессимизм ва яна аллақанча мен тушунмаган “изм”ларда айблади. Танқид марказида “Фузулий ҳайкали қошида” турди. “Бизлар, - деди нотиқ, - ёш шоирни Кавказга сафарга юборганимизда у Боку нефтчиларининг қаҳрамонлик меҳнатидан илҳом олиб, кўкка бўй чўзган нефт қурилмалари ҳақида залворли шеьрлар ёзар, деб ўйлаган эдик. У бўлса аллақайси шоирнинг кўз-ёшларини шеьрга солибди. Партия шоирлар олдига улкан вазифалар қўйиб турганда, бундай ижод намуналарини ёзиш ўтакетган маьсулиятсизликдир!” Ўшанда гулдурос қарсаклар билан қарши олинган оташин бу нутқ Ёзувчилар уюшмаси деворларидан ошиб, компартия ва комсомолнинг баланд минбарларига кўтарилди. Аввал менинг исмим комсомол сьездида маьрузага тушди, сўнг Ўзкомпария котибининг пленумдаги нутқида тилга олинди. Барча танқиднинг мазмуни ўша Ёзувчилар уюшмасидаги дашномнинг ўзи эди. Ёш умидли шоир бўлиб юрган йигит бир лаҳзада буржуа ғояларини ташувчи ёт унсурга айланиб қолдим. Менинг изтиробли, аламли, ички исён билан тўлиб тошган кунларим бошланди.
Ҳар балонинг дафьи бор, ҳар зарарнинг нафьи бор, дейдилар. Юқори даргоҳларнинг ғазабли наьраси акс-садо бериб, элдан менга эьтибор, ҳамдардлик бўлиб қайтди. Танимаганлар таниди. Бирор шоирни ҳалқ ичида машҳур қиламан, деган ҳукумат унга мақтовлар ёғдириб тарғиботлар қилмасин, балки аёвсиз дўппосласин экан. Айниқса, шўро давридаги каби эл назаридан қолган ҳукумат учун бундай тескари тадбир айни муддао бўлар экан.
Шундай қилиб менинг ҳеч ким танимаган номим миш-мишлар қанотида элга тарқалди, биров ўқимаган шеьрларим қидириб топиб ўқиладиган бўлди. Ахир Ўзкомпартиянинг мафкура котиби ўзи олий фирқа минбаридан тилга олиб турса мен машҳур бўлмай ким машҳур бўлсин? Менга томон йўналтирилган қудратли зарба бамисоли митти қушга қарата отилган замбарак эди. Бу зарба ҳар жиҳатдан менга фойдали бўлди. Аввало мени элга танитди, ўз юртимда ва қардош ҳалқлар ичида дўст ва ҳайриҳоҳларим кўпайди. Ўзим ҳушёр тортиб, ёшлик, ҳаваскорлик қобиғини тезроқ ёриб чиқишим учун ҳам бундай “совуқ сув”нинг фойдаси бўлди.
Аслида бизнинг устимизга етиб келган қора булутларнинг туғилган макони Москов шаҳри эди. Шўро раҳбари Никита Хрушевнинг бир гурух янгича фикрловчи ижодкорларга минбарни муштлаб қилган дардағаси, мафкурада мен сталинчиман, дея ўшқирган овози Тошкентда ҳам акс-садо берган эди. Московдаги каби бу ерда ҳам адашган ёш ижодкорларни топиб танбеҳ бериш керак эди. Шу талабга “лаббай” деб жавоб берган ўзимиз бўлиб чиқдик.
Бу тарихни эслашдан мақсад зинҳор ўзимни ўтмиш жабрийдаси қилиб кўрсатиш эмас. Шукрки, ўттизинчи ёки эллигинчи йилларнинг довуллари бизнинг бошимизга келмади. Давр бошқа, муҳит бошқа эди. Ҳаётнинг илк зарбасидан омон чиқдик, лекин синовлар ҳали олдинда эди.

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:14
Болалигим боғлари

Тахтапулдан чиқиб кунчиқар томонга бирор чақирим юрмасдан кенг дала ва боғлар бошланарди. Биз ёз бўйи билқиллаган иссиқ тупроқни ялангаёқ босиб, олмазор, узумзорларда ўйнар, полизлардан ҳандалак, қовун-тарвуз узиб, ёриб ердик, ариқларда чўмилардик.
Тошкент аҳлининг кўпчилиги ёзда дала ҳовлисига кўчиб кетар, кеч кузгача меҳнат қилиб қишликни ғамлаб қайтарди.
Ҳозирги кичик ҳалқа йўл билан Уста Ширин кўчаси оралиғида қариндошларимизнинг боғлари, полизлари бўлар, баҳорги қулупнай мавсумидан то кузги хазончинаккача, ҳам ҳашар, ҳам ошар деганларидек, у ерлардан қадамимиз узилмасди. Ёнғоқ қоқиш ва териш борми, тутга чиқиб шох силкитишу тут тагида чодир тутиб туриш борми, ҳаммаси бизнинг бўйнимизда, ўйнаб-яйраб бажарар эдик.
Кекса тут шохлари бизга ҳам топ-аттракцион, ҳам люкс ресторан эди.
Ўша болалик кунларимни эсласам димоғимга жийда гулининг ҳиди келади. Дала ҳовлининг эшиги ёнида ўсган бир туп жийдадан атрофга ширин бўй таралар, унинг тагидан нари кетгим келмасди.

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:15
Кўмилган тракторлар

Ўттиз еттинчи йилнинг “қама-қама”сида кунлардан бир кун Олтиариқ тумани прокурорига махфий конверт келади. Конверт ичида судья Карим Сахибоевни қамоққа олиш тўғрисида ордер бўлади. Прокурор ўз дўстини, яъни менинг тоғамни бу гапдан огоҳ қилади ва тунги поезд билан Тошкентга жўнатиб юборади. Эртаси куни ўзи қамоққа олинади.
Мен бу улкан гавдали одамни биринчи бор 1956 йилда кўрганман. Маҳкам ака Сибирнинг қаҳратонларини кўриб, Магадан, Воркута лагерларида соғлиқдан айрилиб қайтган эди. Бизникига ҳарсиллаб-гурсиллаб, оёғини зўрға судраб келар ва айвонга ўтириб сув сўрарди. Чўмичда эмас, пақирда олиб кел, дерди.
Ҳозир энди фикр қилсам, у шўрлик исканжа азобларида минг дард қатори қанд касаллигини ҳам орттирган экан.
Мустабид тузумнинг қурбони бўлиб тирик вайронага айланган бу инсон ўз бошидан кечирган антиқа ва даҳшатли воқеаларни менга сўзлаб берарди.
Маҳкам акани Фарғона ҳибсхонасига қамагач уни сўроқ қилиш ўрнига олдига бир варақ оқ қоғоз қўйиб, шундай дейдилар: “Ўзинг прокурорсан, бизнинг ишимизни биласан. Сени қийноққа солиб ўтирмайлик. Халқ душмани эканингни бўйнингга олиб, иқрорномани ўзинг ёз.
Замон сиёсатини тушунган Маҳкам Каримбоев шундай мазмунда иқрорнома ёзади: “Мен ҳақиқатдан ҳам колхоз тузумига қаршиман, халқ душманиман. Бунинг исботи шуки, колхознинг элликта тракторини жарликка кўмдириб юборганман…”
Тутқун прокурор албатта бундай “иқрорнома”га бирор оқил инсон ишонмаслигини билган. Биринчидан, ўша замонда колхозда элликта трактор нима қилсин! Иккинчидан, яқин атрофда жарликнинг ўзи йўқ. Учинчидан, трактор игна эмаски, элликтаси кўмиб юборилса-ю биров тополмаса.
Ўшанда айбим текширилар, адлия тизимида бирор эсли одам бордир, деб ўйлабман. Адашган эканман, - дерди Маҳкам ака, - Бундай тизимнинг ўзи йўқ, адолат эса отиб ўлдирилган экан. Ўзим тўқиган бетайин гуноҳ билан ўн тўққиз йил маҳбуслик азобини чекдим.
Бу сўзларни эшитганда мен биринчи курс талабаси эдим. Менинг ёш кўнглимга ғалаён солган, содда хаёлларимни ағдар-тўнтар қилган бу дардли ҳикояни эсласам ҳали ҳануз вужудим ларзага келади.

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:17
Бир хатонинг изтироблари

Беайб – Парвардигор. Инсон зоти ҳатолардан эмин эмас. Бу чалкаш дунёда, айниқса, биз бошдан кечирган янглишлар тўла давронда адашмоқ табиий эди, бугун ҳам шундай ва балки одамзод ноқисликдан ҳеч қачон ҳоли бўлмас. Лекин бу оламда шундай хатолар борки, уларнинг чоҳига тушган киши умрбод ёруғликка чиқолмайди. Мен ўз кўзим билан кўрган бир воқеа бундай фалокатнинг аянчли намунасидир.
Иккинчи жаҳон уруши тугаб, ғалаба ҳайқириқлари тинмасдан, байрам мушаклари сўнмасдан Шўролар давлатида ялпи қаматишларнинг навбатдаги тўлқини бошланди. Бу тўлқиннинг дастлабки зарбасига зиёлилар – атоқли олимлар, шоирлар, ёзувчилар учрадилар. Миллий адабиёт вакиллари ичида умумэьтироф этилган барҳаёт мумтоз адиб, ўша замонда, шуҳасиз, Ойбек эди ва шўро мафкуравий сиёсатининг палаҳмон тоши даставвал шу улуғ ёзувчига қарата отилди.
Биз бошдан кечирган тузумнинг ўта нозик, кўп синалган ва очиғини айтганда ўта қабиҳ услуби бор эди. Уни қисқача қилиб, сопини ўзидан чиқариш услуби дейиш мумкин. Агар бирор миллат фарзандига зарба уриш керак бўлса, бу иш албатта ўша миллат вакилининг қўли билан қилинар, ҳукмни ижро этувчи ўша юртнинг ўзидан топилар эди.
Тақдир тақозоси билан Ойбекка отилган тошга адабиётшунос Ботир Файзиев палаҳмон бўлди. Ўзкомпартия газетаси бўлган “Қизил Ўзбекистон”да Ойбекни миллатчиликда айбловчи мақола шу олим имзоси билан босилди. Ёзувчига қўйилган айб ўтакетган уйдирма, кулгили даражада саёз ва мантиқсиз эди. “Навоий” романида тасвир этилган бир қаҳрамоннинг шароб ичиши лутф билан қозоқнинг қимиз сипқоришига ўхшатилган. Мақолада айтилишича, бу ўхшатиш қозоқ ҳалқини масхара қилиш бўлар экан. Бундан хулоса, Ойбекнинг романида миллатчилик ғояси олға сурилган, ҳалқлар дўстлигига бегона руҳ мавжуд.
Аввало қозоқнинг қимизхўрлиги, ўзбекнинг чойхўрлиги, француз ёки гуржининг мусалласхўрлиги каби одатий ҳол ва бундан ор қилиш ўринсиз. Бильакс, миллий одат сифатида қадрланадиган ҳолатдир. Қолаверса, асардаги тасвирда азал-азалдан ўзбекка биродар, туғишган, ҳазилкаш дўст ҳалққа нисбатан беозор ва меҳр тўла лутфдан бошқа туйғу йўқ. Буни қозоқ ҳам ўзбек ҳам ҳис қилиб турганда улуғ адиб бошида гумбурлаган момақалдироқ, айниқса бугунги кўз билан қараганда, бағоят таажжублидир. Лекин у замонда ёзувчини миллатчиликда айблаш, унга ўлим ҳукмини чиқаришдек даҳшатли иш эди. Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир каби ўнлаб ижодкорларнинг шу каби танқидлардан сўнг йўқ қилинганини ўз кўзи билан кўрган Ойбек адолатсизлик изтиробидан фалаж ҳолатга тушди ва умрининг сўнгигача ўнгланолмади. Бу зарбадан кейин яратилган асарлар яримта жон билан, кучли сабот ва ирода эвазига дунёга келган ижод намуналаридир.
Ойбекни фалаж қилган аслида қаттол тузум эди. Аммо тузум кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган бир қудрат бўлгани учун элнинг ғазаб ва қарғиши ўша тузум ҳукмини ижро этган аниқ ва мавжуд шахс – Ботир Файзиев бошига ёғилди.
Мен 1960-йили университетни битириб ёшлар нашриётига ишга келганимда Ботир Файзиев шу даргоҳда муҳаррир бўлиб ҳизмат қилар экан. Тақдирнинг тақозосини қарангки, Ойбек ижодининг ашаддий мухлиси, Ойбек сўзининг сеҳрига маҳлиё бўлиб юрган ёш шоир Ойбекка тош отиб ўзбекнинг Дантеси дея ном олган одам билан бир ҳонада бир йилга яқин рўбарў ўтириб ишладим.
Ошкора ва пинҳон надоматлардан, таҳқир ва қарғишлардан зада бўлган бу одам кун бўйи қоғоздан бош кўтармай ишлар, ҳеч ким билан гаплашмас, девонаваш ҳолатда хаёл суриб юрар эди. Ҳеч бир гуруҳ, ҳеч бир улфат уни ўз қаторига чақирмас, ўзи ҳам бунга интилмас, ёлғизликни ҳаёт тарзига айлантирган инсон эди у. Бундайлар тўғрисида, ерда унинг ўзи эмас, сояси юрипти, дейдилар.
Бир йилга яқин индамас одам билан бир хонада ўтириб ишлаш осон эмас. Мен неча бор оғиз жуфтлаб Ботир Файзиевдан ўша машьум мақоланинг ёзилиш тарихи тўғрисида, уни шундай ишга мажбур қилган ҳолат тўғрисида сўрамоқчи бўлдим. Лекин бу мажруҳ юракнинг ярасини янгилагим келмади. Уни биринчи кўргандаги ҳушламаслик ойлар ўтиб ачинишга, замоннинг тирик қурбони бўлган инсонга нисбатан раҳм-шафқатга айланди.
Ҳар қандай жазо гуноҳга яраша бўлса дуруст. Салгина паришонлиги учун машина уриб ўлдирган йўловчининг очиқ қолган кўзларида ҳайрат қотиб қолади... Ботир Файзиевни замон машинаси тириклай тилка-пора қилган эди. Бу йигирма йиллик қамоқдан ёки сургундан оғир жазо. Ботир Файзиевнинг изтиробларини ҳеч ким англамади ва кечирмади. Фақат бир олижаноб инсонгина уни кечириб, мадад қўлини узатди. Бу инсон - Ойбекнинг ўзи эди. Адашган олимнинг илмий асарини улуғ адибнинг ўзи қўллаб қувватлади.

Бу воқеа – мен гувоҳ бўлган бир тақдир ҳикоясидир. Ойбекнинг ўзи кечирган инсонни Оллоҳ ҳам раҳматига олган бўлсин. Улуғ адиб ва улуғ инсон бўлган устозга эса ўзи гўзал шеьрларида таьрифлаган боғу чаманлар бақо салтанатида насиб этсин. Биз - янглиш тўла дунёда яшаб юрганларни Оллоҳ оғир хатолардан, умрни ҳазон қилгувчи гумроҳликлардан асрасин.
Яна бир тилагим, жамият баркамол, ҳаёт маьноли ва ёруғ бўлмоғи учун инсонлар ичида Ойбек каби олижаноб, кечиримли қалб эгалари кўпроқ бўлсин.

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:19
Бир отим нос хумори
Эски шахарнинг Коҳота маҳалласида турардик. Девор қушнимиз боғдор эди. Шаҳар ташқарисидаги каттагина дала ховлисида ёз бўйи мева, сабзавот етиштириб, рўзғордан ортганини бозорга чиқарар, ундан ҳам қолса Сибир томонларга олиб бориб пулларди. Ўзи бениҳоя меҳнаткаш, тиниб тинчимаган одам, хотини ҳам саранжом-саришта, режали аёл эди. Шаҳар ховлида мол, қўй, товуқ боқишар, Тошкентда биринчилардан бўлиб иссиқхона қурган шу оила бўларди. Бу хонадонда ҳамма вақт хам нарса бор, кимга нима керак бўлса, боласини Болтабой аканинг уйига югуртирар эди.
Бир кун ишдан қайтаётсам, Болтабой ака эшиги тагида бошини чангаллаб ўтирибди. Доим қувнок, ҳаракатчан бу одамни ҳечқачон шундай ахволда кўрмагандим. Салом бериб ҳол-аҳвол сўрадим.
- Э, нимасини айтаман! Новосибирга мева-чева юборган эдим. Сотишга қўйган шеригим телеграмма юборибди. Чекадиган носи қолмаган эмиш. Эртага нос етказсанг етказдинг, бўлмаса олма-анорингни ташлаб кетаманг, дебди.
Бу гап менга нашьа қилди. Ўзимни кулгидан тўхтатолмадим.
- Кулма, ука. Битта банги носкаш хонумонимга ўт қўймоқчию, сен куласан. Энди мен бошимдан ошиб ётган ишларни йиғиштириб ўша нос жиннисининг хуморини ёзишим керак. Эртага укамнинг никоҳ тўйи бўлмаса ҳам майли эди...
Шу пайт ҳаёлимга бир фикр келди. Ҳожатбарор бу инсоннонг ҳожатини чиқарсам дедим:
- Ғам еманг, Болтабой ака, Новосибирга нос олиб бориш бўлса, мана мен тайёрман. Эртага шанба, индинга якшанба. Зарур ишим йўқ, сайр қилиб келаман.
Қўшнимнинг чеҳраси ёришиб кетди:
- Раҳмат, барака топ, ука. Сенинг ҳам тўйингда хизмат қилай.
Шундай қилиб эртаси тонгда самолёт чиптаси билан бир халта нос қўлимга тегди ва мен “ҳаё-ҳай, Новосибир, қайдасан,” деб учиб кетдим.
Тайёрадан тушиб таксида тўғри шаҳар бозорига кетдим. Тошкентнинг олтин кузидан чиқиб росмана қаҳратон қишга келибман. Қор босган қарағайзор йўллардан ўтиб бозорга келганимда совуқнинг забтини сездим. Йигирма-ўттиз даражадан кам эмас.
Шахар бозори кўзимга Эски Жуванинг кичик бўлимидек туюлди. Негаки, пештахталар ёнида беқасам тўн ё қора чопон кийган кўпгина водийлик юртдошларимни кўрдим.
Ўша лаҳзада мен кўрган манзара умрбод эсимдан чиқмайди. Совуқда қақшаб тургвн мусофирларнинг бирортаси ҳам эгнига поча пўстин, бошига қулоқчин киймаган, иссиқ юртда қандай юрган бўлсалар шундай холда келган эканлар. Тўн остида юпун яктак, бошда дўппи, минглайга шоҳи қийиқчи боғланган, кўкраклар очиқ, оғиздан чиққан ҳовур соқол-мўйловларни, жундор яғринларни оппоқ қировга кўмиб, шўрликларни тайёр қорбобога айлантирган эди. Болтабой аканинг шеригини зўрға топдим. Жонузоқ дегани чўтир, чўлоқ, баджаҳл одам экан, мени ким юборганини эшитдию бозорни бошига кўтариб сўкакетди. Умримда бунақа хунук, ахлоқсиз ва бунақа бадиий ёрқин, ташбиҳларга бой сўкишни эшитмаганман. Ўша онда хаёлимдан кечди: агар сўкиш саньат бўлса, шу одам буюк классик бўлар эди.
Боғдор қўшним тайинлаганди. Жонузоқни кўришинг билан энг аввал қўлига носни тутқаз, ўзингни кейин таништирасан, деганди. Шеригининг феьлини билган экан. Мен дарҳол хатони тўғрилаб носни узатдим. Жонузоқнинг овози ўчди. Бир кафт носни тил тагига ташлаб, тунука пақирга лой чаплаб ясалган қўлбола манқол ёнига чўкди, кўз юмганча қўлларини иситди. Ҳалиги бақириққа йиғилиб келган бозорчилар тарқалиб кетгунча кўз очмай, чурқ этмай ўтирди. Мен ҳам унинг чўтир башарасига тикилиб ўтирдим. Кўз олдимда бу хунук, бефайз башарага аста-секин қон югуриб, лаблар асабий титрашдан тўхтади, бўртиб чиққан томирлар жойига келди, ёноқларга нур таралиб дақиқалар ичида махлуқий турқ инсоний чеҳрага айланди. Жонузоқ кўз очганда у энди бошқа Жонузоқ эди. Пештахта остига носни туфлаб ўрнидан турди, менга ҳижолатомуз табассум билан, келинг, ука, кўришиб қўяйлик, деди ва қучоғини очди.

Ўша куни мен саноқли соатларда айни пишиқчилик фаслининг қаҳратонга алмашганини, сонияларда бир инсоннинг тамоман бошқа инсонга айланганини кўрдим. Бундай синоат учун минглаб чақиримга парвоз қилсанг арзийди.
Эртасига шаҳарни айландим, Обь дарёси бўйларида ёлғиз кездим. Минг йиллар нарисида шу дарё соҳилларида умргузаронлик қилган олис аждодларим билан хаёлан суҳбатлашдим. Дарё менга уларнинг қўшиқларини айтгандек бўлди. Тўрт юз йил нарида Бухородан кўчиб келган, шу яйловларда мол ҳайдаб юрган ватандошларим билан ғойибона сўзлашдим...
Бу воқеа 1962 йил ноябр ойида юз берган бўлса, шундан буён эллик йил яшаб дунёнинг ярмини кездим. Ватан соғинчи нима эканини кўп бор ҳис қилдим. Юртимнинг бир тишлам иссиқ тандир нонига, карсиллаган бир шингил узумига , бир тилим қовунига зор бўлсам, ҳар гал ўша Жонузоқ ёдимга келади, унинг кўзига дунёни қоронғу қилган бир отим нос хуморини эслайман.

Erkin Vohidov
09.01.2012, 13:20
Соддалик қурсин

Содда одам қароқчидан ёмон бўлади, десалар авваллари ёқа ушлардим. Ажабо, гўллигидан доим чув тушадиган, бошқаларга ем бўладиган содда одам эмасми, унинг нимаси қароқчи, дердим! Соддалик боис ўзим бир шўрликни ўлар ҳолга келтириб қўйганимдан сўнг бу ҳикматнинг тагига етдим. Воқеа шундай бўлган эди:
1971 йили “Москвич” сотиб олдим. У замонда машинали “бойвачча”лар кам. Каттагина маҳалламизга биринчи енгил машина кирди. Шодлигим чеку чегарасиз. Бир ёқда ёзиб қўйган комедиям ҳамма театрларда узлуксиз ижро этилиб, қалам ҳақи селдай оқиб турипти. Иш жойим – уйдаги ижодхонам. Нашриётдан “ўз аризамга кўра” кетганим, шеърларим бадарға бўлганини, турли дашномлар ёғилиб турганини, яъни шу “арзимас” савдоларни демаса, мендан бахтли одам йўқ. Тагимда ғилдирак, тўрт томоним қибла. Бу ён Самарқанду Бухоро, бу ён Фарғонаю Андижону Ўш. Гоҳ Чорвоқда, гоҳ Зоминда, гоҳ Иссиқкўлдаман. Оиланг ёнингда бўлса машина ҳам хонадон бўлар экан. Ҳайдовчилик маҳоратини сўраманг. Фақат олдинга қараб ҳайдаш бор. Хатто капотни очиб қараш йўқ... Шу зайил ярим йил давру даврон сургач, бир кун шаҳарнинг ҳалқа йўлида машина таққа тўхтади. Ёрдамга келган ҳайдовчилар кўп уриндилар. Машина ўт олмади. Охир бир юк машинасига судратиб устахонага олиб бордик. Уста моторни очиб, “корзина” кетибди, алмаштириш керак, деди.
Кошки эди, мен машина сотиб олмаган бўлсам, кошки эди у бузилиб, “корзина”си ишдан чиқмаган бўлса-ю, мен “корзина” излаб автомагазинга бормаган бўлсам.
У замонда керакли нарсалар ҳаммаси ноёб эди. Илтимоссиз на дуруст кийим, на мебель ё гилам олиш мумкин эди. Ҳатто ўзимизда чиқадиган атлас, чинни идишлар ҳам анқонинг уруғи бўларди.
Автомагазин директори йўқ экан, хушбичим, силлиқ юзли ўринбосар ёнига кириб, ўзимни таништирдим. У юксак ҳурмат ва тавозе кўрсатиб чой узатди, кўп ширин сўзлар айтди. Лекин илтимосга келганда, “корзина”нинг кўп вақтдан бери дўконда йўқлигини, ўзининг туғишган укасига ҳам топиб беролмай хижолат бўлганини сўзлаб мени одоб билан эшиккача кузатди.
Ташқарига чиқиб, қаёққа боришни билмай ҳайрон бўлиб турсам, ёнимга “Запорожец” келиб тўхтади. Ногиронларга мослаштирилган машина рулида ўтирган тўлагина рус киши менга қараб: “Эй, чў надо”, деди. Мен саволга жавоб қилмадим. Айтганим билан топиб берармиди? Магазин раҳбари ўзи қидириб юрган “корзина” сен чўлоқда нима қилсин, – деган гап кўнглимдан ўтди. Чўлоқ киши мени гаранг деб ўйлади шекилли, такрорлади: “Слыш, чў надо?” Мен парвосиз: “Корзина” дедиму тескари қарадим. Чўлоқ “тридцать рублей”, деди. Мен ўз қулоғимга ишонмай, ундан нима дединг, қайтар, дея сўрадим. Ўша онда ўттиз сўм у ёқда турсин, минг сўм бўлади, деса оладиган ҳолатдаман. Ногирон менинг ҳайрат аралаш берган саволимни ўзича тушунди: “Ладно, двадцать пять” деди. Мен дарҳол ёнимдан пул чиқардим: “Давай!” У ҳозир олиб келаман, деб машинасини орқага қайтарди. Шу лаҳза хаёлимга бир фикр келиб уни тўхтатдим. Мабодо иккита топиладими, деб сўрадим. У индамай машинани учириб кетди ва ўн дақиқада иккита “корзина” қўлимга тегди. Суюниб кетганимдан айтган пулини ортиғи билан бериб, директор ўринбосарининг хонасига югурдим: “Омадни қаранг, – дедим ҳаяжон ичида, – қидирган нарсамиз топилиб қолди. Укангизга ҳам олдим. Мендан эсдалик. Китоб ёзиб беришга қарздорман”, – дедим.
Ўринбосар суюнар деб ўйласам, у лоладак қизариб кетди. Пешонасига маржон-маржон тер чиқди. Ўшанда мен ўз хатоимни англадим. Уни севинтираман деб соқов қилиб қўйибман. Соддалик қурсин.
Кейин билсам, ноёб бутловчи қисмлар автомагазинга “бошида шапкаси, елкасида погони” билан келар экан. Бунинг маъноси шуки, “корзина” давлат нарҳида саккиз сўм бўлса, қўлдан қўлга ўтиб дўконга ўн беш сўмга келар ва пештахта остидан йигирмага сотиларкан. Уддабурон воситачиларнинг қўлидан ўтиб бизга ўхшаш оддий бандаларга ўз асл баҳосидан уч карра семириб келар экан. Шу бир парча темир гардишда юзлаб “заҳматкаш”нинг рисқи борлигини мен содда қаёқдан билай? Қаёқдан билайки, дўкон раҳбари шоирдан “шапка” ололмайди, “шапка”сиз беролмайди.
Биз бошдан кечирган кунлар ҳозирги ёшларга эртак бўлиб туюлар. Энди “дефицит” деган сўз архивга тушиб кетди. Ҳечким ҳечкимдан ҳечнарсани илтимос қилиб топмайди. Пул бўлса ҳамма нарса бор. Тўғри, баҳоси заҳардаккина, сотувчиси инсофсизгина, олувчиси камхаржгинадир. Лекин ҳамма нарса бор. Дўконларда навбатга туриш йўқ, номардларга бош эгиб бориш йўқ. Шунга минг-минг шукр.

Erkin Vohidov
13.02.2012, 16:24
Эркин Воҳидов
Жаҳоннинг меҳри иккидур бири - сенсан, бири - офтоб,
Тарозу палласи икки: бири-Ердур, бири гардун.
Бир байтнинг бир неча хил таҳлили ва талқинларини ўқиб, ҳозирги ёшларнинг кенг миқёсли тафаккуридан хурсанд бўлдим. Барча шарҳларда мажозий фикрлаш бор, ҳақиқат бор.
Бадиий асар бирор фикрнинг зеҳниятдаги баёни эмас. Таг маънолари бўлмаган, ҳар кўнгилга ўзгача шукуҳ бермаган сўз, у ҳар қанча донишманд сўз бўлмасин, бадиий адабиёт эмас.
Мирзо Бедил, ўйласам, ўз замонида модерн шоир бўлган экан. Унинг ғазалларини тушуниш қийин бўлганлиги учун "бедилхонлик" деб аталмиш фан вужудга келган. Етук бедилхонлар кам бўлганлигидан ривоят қиладиларки, Мирзо Бедилнинг бир байтини қирқ улфат қирқ хил шарҳ қилибди. Шоирнинг ўзидан сўрасалар, шоир қирқ биринчи маъносини айтган экан.
Сизлар шарҳлаган байтга келсак, унда чуқур фалсафа ҳам, мураккаб ташбеҳлар ҳам йўқ. "Меҳр"нинг икки маъноси бор. Бири-муҳаббат, иккинчиси- Қуёш. Биринчи сатрдаги ёр тимсолидаги аёл қуёшга ўхшатилган, қуёшдек меҳр оташидан, нурдан яралганига ишора қилинади. Иккинчи сатрда аёл қалбидаги мунавварлик, севги оташи қуёшдан ортиқ эканлиги тасвирланган. Ҳусн тарозуси йўқ. Лекин шеърият мажоз воситаси билан йўқни бор қилади. Агар фалакни ва ер юзини тарозунинг икки палласи деб тасаввур қилсак ва хаёлан бир паллага қуёшни, бир паллага Ёрни қўйиб ҳусн вазни ўлчанса, Ёр ҳуснининг вазни оғир келиб тарозу босади ва ерда қолади. Қуёш енгил келиб осмонга кўтарилади.
Буни тасаввур қилиш учун икки паллалик қўл тарозусини кўз олдимизга келтиришимиз керак. Техника асрининг болалари оғир палласи ерга тегиб, енгил палласи баландга кўтариладиган осма тарозуни билмайдилар.
Мумтоз адабиётимизда ўзини пастроқ тутган камтар инсонни “қалби тўла олтину гавҳар” -дейдилар. Билъакс ўзини осмон билган кибр эгасини енгил, ичи бўш деб, айнан ўша эски тарозуни тимсол қиладилар.
Муҳокама иштирокчиларига ташаккурларимни билдираман.

Erkin Vohidov
13.02.2012, 17:00
Assalomu alaykum, muhtaram Ustoz, Erkin aka Vohidov. Men, bo'sh vaqtlarimda, mumtoz Sharq adabiyoti bilan qiziqqanim sababli, A.Navoiy, Hofiz Sheroziy, Dehlaviy kabi ulug' insonlarning asarlarini o'qib, mutoala qilib turaman, tabiiy, kuchim, aqli ojizim yetgunicha. O'qiganda ham men ularning fikrlarini solishtirib, taqqoslayman va shu paytda fikrlarining qarama-qarshiligini ko'rib, hayolga botaman. Aslida maqsad, nima yaxshiyu nima yomonni bilib olish v.h.k...Lekin, men qanchalik Hofiz Sheroziyni o'qisam, shunchalik fikrlaridagi keskinlikka duch kelib, hayron qolaman. Misol uchun A. Navoiy bilan Hofiz Sherozinyni solishtirsam, A.Navoiy yomonlikka bari-bir yaxshilik bilan javob qaytar deydi, ammo ul zotdan farqli o'laroq Hofiz Sheroziy:"Yomongliqqa yaxshilik qilma yomonligi ortadi" deydi...va hokazo...bunaqa misollardagi qarama-qarshi fikrlarni ko'p keltirish mumkin...shunda o'ylanib qolaman...hozirgi zamonda qaysi yo'lni tutish kerak?...Ustozimiz, sevimli yozuvchimiz O"tkir Hoshimov aytganlariday, seni o'ng betingdan ursa, Sen ham unga qaytar,shunda u boshqalarga nisbatan ham senga nisbatan ham bu noma'qul ishini qaytarmadi...

Siz, muhtaram, Ustoz, qaysi yo'lni tanlashda maslahat berar edingiz, biz yoshlarga? Keskinliknimi yoki bari-bir kechirimli bo'lishliknimi yoki vaziyatga qarab ish tutishnimi?
Javobingiz uchun oldindan rahmat,
Cheksiz hurmat va ehtirom ila
Ra'no
Ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш тўғрими, деган савол мени ҳам кўп қийнаган. Китобларда ўқиганим ҳаётда кўрганимга тўғри келмаган. Болаликдан шумтакаларни мушт билан тарбиялаш заруратини ҳис қилганман. Бўш-баёв болалар ҳамиша калтак еган, кучлилар ҳурматда бўлган. Ҳаётнинг ҳар фаслида, дунёнинг ҳамма ерида қоида - шу. Зўравонга яхшилик қилсанг, қўрқди, дейди ёки кўпроқ сиқувга олади. Андишанинг отини қўрқоқ, деб бекорга айтмайдилар. Агар ёмонликка яхшилик қилиш жамиятда қонун даражасига чиқса, унда қамоқхоналарни истироҳат боғларига айлантириб, ўғри, мутаҳҳамларга юксак мукофотлар бериш жорий қилинарди.
Нега шоирлар, ёмонлик айлаганга яхшилик қил, - деб ёзадилар?.. Нега Лев Толстой, “У юзингга урганга бу юзингни тут”,- деган ..
Ижодкорлар эзгулик куйчиларидир. Кишилик жамияти меҳр-муҳаббат асосига қурилишини истайдилар. Лекин хаёл бошқа-ю, ҳаёт бошқа экан.


Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами,


деганда ҳазрат Навоий турмушнинг аччиқ тажрибасини ёзган деб ўйлайман.
Яхшиликни билган одамга қилиш керак, деймиз. Лекин дунёда энг қийин фан инсоншуносликдир. Одамни таниш, билиш учун биргаликда бир пуд туз емоқ керак, деб бежиз айтмаганлар.
Савол берган қизимизга ёмон одамларга яхши бўлмаслик бахтини тилайман.

Nigora Umarova
01.05.2012, 13:44
Yurtdoshim bog'ingga bir nihol qada,
Bu nihol nomini Yaxshilik ata.

Niholing yoniga bir gul ekib qo'y,
U gulning ismini Go'zallik ata.

Gulu niholingga baxsh etib hayot,
Suv ber va bu suvga Mehr deb qo'y ot.

Sendan farzandingga bog' qolsin, ey do'st,
Bog'ing Vatan degan nom olsin, ey do'st.

Erkin Vohidov

Gulinoz
19.05.2012, 06:49
Tush

Bir oy bo’ldi,
Takror-takror
Men bir xil tush ko’raman,
Tushlarimda mudrab yurgan
El ichida yuraman.

Ular bilan
Men ham mudrab,
Asta qadam sudrayman.
«Bu – tush», - deyman,
«Uyg’on!», - deyman,
Uyg'onolmay mudrayman.

Har tun shu hol,
Falak bergan
Bu ne balo, qiynoqdir?!
Ey, Xudoyim,
Ey, Xudoyim,
Kecha buncha uzoqdir!

Erkin Vohidov

Nigora Umarova
12.10.2012, 12:53
Menga tosh otdi bir johil,
Kechir yo Rab, kechirdim men,
U quldir, bandai g'ofil,
Kechir, yo Rab, kechirdim men,

Jahonda fitnalar bordir,
Adolat gohi nochordir,
Adolat qil, o'zing odil,
Kechir, yo Rab, kechirdim men,

Yomon bo'ldim, yomon bo'ldim,
Xato o'qqa nishon bo'ldim,
Xato qilgan emas qotil,
Kechir, yo Rab, kechirdim men,

Gunohidan o't ul jonning,
So'ziga kirdi shaytonning,
Ko'ngil aldanmog'a moyil,
Kechir, yo Rab, kechirdim men,

Tutarman ul siniq odam
Siniq motamiga motam,
Diliga e'tiqod jo qil,
Kechir, yo Rab, kechirdim men,

U ham, men ham qiyomatda
Turarmiz lol xijolatda,
Bo'lib dargohingga doxil,
Kechir, yo Rab, kechirdim men,

Kechir, yanglishmagan kim bor,
Mening ham ko'p gunohim bor,
Odamzod asli nokomil,
Kechir, yo Rab, kechir yo Rab

Erkin Vohidov

albatros
16.10.2012, 00:22
Қизим, бахтли кунда дунёга келиб,
Умрим осмонини безаган моҳим.
Қувончим, эрта-кеч ниятлар қилиб,
Дедим, тўйларингни кўрай илоҳим.

Тетапоя юрган чоғларингда ҳам
Меҳр тўла кўзим тикиб бўйингга,
Дедим, юрагимда қолмас эди ғам
Қизалоғим, етсамбахтли тўйингга.

Шукрким, ниятим бўлдию йўлдош,
Иқбол шундоқ кунни насибим этди.
Тўйингга етдиму, воҳ, шашқатор ёш
Кўзимдан дувиллаб тўкилиб кетди.

Қиз ўстирган ота толеи шудир,
Меҳри риштасини боғлаб жонингга —
Ардоқлаб, эркалаб улғайтгач охир
Меҳмон бўлиб қолар хонадонингга.

Кўнарман, не илож, умрингга оқ йўл,
Кўзларим севинчнинг ёшига тўлсин.
Дуога қўл очдим, эркам, бахтли бўл,
Янги хонадонинг муборак бўлсин.

Э.Вохидов

Erkin Vohidov
30.12.2012, 11:04
Биз университетнинг биринчи босқичида таҳсил олаётганимизда Озод Шарафиддинов аспирантурани эндигина тугатиб, дарс бера бошлаган ёш домла эди. Қардош халқлар адабиётидан бир туркум маъруза ўқиган Озод ака Низомий Ганжавийнинг "Хусрав ва Ширин" достонидаги лавҳани шундай баён қилган эди:
- Фарҳод сеҳрли тешаси билан тоғни кесиб, водийга сув очди. Ширин эрта тонгда қараса тоғдан шарқираб сув оқиб ётибди. Малика ҳайрат ваҳаяжон ичида "Ничего себе!", деди.
Талабалик йиллари пахта теримида қишгача қолиб кетардик. Ётар жойимиз молхона, тўшагимиз похол, ташнобимиз очиқ дала. Ҳаммомни тушда кўрардик. Арқон билан қор тўкиб пахта териш ҳам, ҳўл тўнкаларни ёриб овқат тайёрлаш ҳам азоб эди.
Шундай вақтларда Озод ака ёнимизда бўлиб маъноли суҳбатлари билан руҳий мадад берарди.
Бир кун домламиз тўнка ёришни бизга ўргатиб қўймоқчи бўлиб қўлимиздан болтани олдилар. Ҳўл ўрик ғўласи чайир экан, устозимизни қийнаб қўйди. Ўн карра болта уриб, ўн карра "чёрт побери" десалар ҳам тўнка ёрилмади. Шунда қишлоқда ўсган бир курсдошимиз Озод акадан болтани олиб шундай деган эди:
- Тўнка-тўнка-да, домла! Ақли йўқ. Бўлмаса ҳурматингиз учун ҳам ёрилиши керак эди. бу ишни бизга қўйинг, сиз "чўрт побери" деб туринг, биз болта урайлик. Русчага тилимиз келишмайди.
Бу икки воқеани дўстлар даврасида айтиб берсам, Озод ака сира бўйнига олмас, мен бундай демаганман, ҳеч қачон ўзбек тилига ўрусчанм аралаштирган эмасман, аралаштирмайман! "Ни в коем случае!", дердилар.
Домланинг ўша биринчи дарсию тўнка ёриш воқеаси билан сўнгги суҳбатимиз орасида роппа-роса эллик йил ўтибди. Ярим аср! Бутун бошли умр! Бунча замон орасидаги ёш фарқи ҳам унут бўлар, устозу шогирд ака-укага, ҳазилкаш дўстларга айланиб қолар экан. Озод аканинг одамохунлиги, ўз номига муносиб озод муҳит ярата олганлиги учун биз ҳам ўзимизни устоз олдида ўз номимизга яраша эркин тутардик, очиқ-очиқ латифалар айтиб, қалтис аскиялар қилишга журъат этардик.
Лекин ҳар қанча ҳазил-ҳузул қилмайлик, устоз-устоз мақомида бўлган. Мен ҳам домланинг русча сўзларини ҳикоя қилганда бир гапни қўшардим:
- Мана эллик йилки, шеър ёзсак Озод Шарафиддиновга ёқармикан, дея ҳаяжонда юрамиз. Домланинг сўзлари ўша-ўша, ёқса "ничего себе", дейдилар, ёқмаса- "чёрт побери"! Лекин ёзганимизни эътиборсиз қолдириш йўқ. "Ни в коем случае!"

Шеър ёзганда юрак сўзидан
Бошқа сўзни уққан эмасмиз.
Нозирларнинг қаттол кўзидан,
Ғазабидан қўрққан эмасмиз.

Фақат шеър росмана тиниб
Етилмаса, хом чиқса бехос,
Устоз Озод Шарафиддинов
Қовоғидан қўрққанмиз, холос.

Шундай улкан истеъдод соҳиби, ҳақгўй инсон, дил мунаққид билан замондош бўлганимдан фахрланаман.

Nigora Umarova
04.01.2013, 16:02
Кимда иқтидор йўқдир,
Илм ила ҳунар зое,
Иқтидор берурман деб
Чекма ранж кетар зое.

Кимда асли толе йўқ,
Нақди ҳам кетар қўлдан,
Берганинг билан бўлмас
Олтину гуҳар, зое.

Кимки беҳамиятдир,
Четдадир назардан ҳам,
Чунки беҳамиятга
Солганинг назар зое.

Кимки муз юрак бўлса
Ўйлама эритмакни,
Минг қуёш ёқиб қўйсанг
Қилмагай асар, зое.

Гар қуён юракли эр
Жазм этар баҳодирлик,
Унга арғумоқ эсиз,
Тилла нақш камар зое.

Бу "насиҳат"ни Эркин
Ёзди бир сабаб бирлан,
Кўнглида сезар аммо,
Шеъри бесамар, зое.

Эркин Воҳидов, 1967 йил

Erkin Vohidov
04.01.2013, 16:49
Кечиккан қаҳқаҳа

Бу воқеага қарангки, қирқ йилдан ошибди. Ёзувчилар анжуманида содир бўлгани учун у тезда тилдан тилга, китобдан китобга кўчиб шуҳрат топди ва эшитмаган одам деярли қолмади. Биласиларки, адиблар тўқимага уста бўладилар. Битта рост гапга ўнта ёлғонни қўшиб, оддий воқеани латифага айлантириб ҳикоя қиладилар. Қизиқ бўлсин деб туппа-тузук инсонларни гўл, далли-девона қилиб тасвирлайдилар.
Аслида воқеа бундай бўлган.
Ёзувилар уюшмасининг йиллик ижодий ҳисобот йиғинида ўша вақтда ёш мунаққид бўлган Салоҳиддин Мамажонов ёш ёзувчи Юсуф Шомансурнинг "Қора марварид" романини таҳлил қилиб, роса пўстагини қоқди. Яроқсиз асарга чиқарди. Унга жавобан Юсуф Шомансур сўз олиб, танқидини нохолисликда айблади:
-Мамажоновнинг менда қасди бор,-деди у.- Уюшма боғида биллиард ўйнаб, унинг мазасини қочирган эдим. Аламини олаяпти.
Залда қаҳқаҳа кўтарилди.
Мажлисда ўтирган Миртемир доланинг қулоғи оғир эмасми, танқидни ҳам, жавобни ҳам эшитмади. У то ён атрофдагилардан кулгунинг сабабини сўраб билгунча Юсуф аллақачон гапини тугатиб бўлган, минбарда академик Воҳид Зоҳидов ижодкорнинг замон олдидаги, инсоният олдидаги бурчи тўғрисида чуқур фалсафий фикрларни баён қилиб турар эди. Анжуман аҳли улкан файласуфнинг сеҳрли овозига маҳлиё бўлиб жим эшитарди.
Шу вақт залда бирданига Мртемир домланинг кучли қаҳқаҳаси янграб кетди:
- Оббо тентагей, оббо жиннивоей! Топган гапини кўринг!
Домла завқдан ўзини тўхтата олмас, минбарга қарамай кулишда давом этар эди. Ҳамма ҳайрон. Академик олим минбарда қотиб қолган. Унинг кўнглидан ўша лаҳзада нималар кечди экан?
Вазиятни Носир Фозилов енгиллаштирди.
-Домла ўтиб кетган гапга кулаяпти. Юсуф Шомансурнинг жавоби нашъа қилди.
Залда яна кулгу кўтарилди. Бу галги қаҳқаҳа аввалгисидан ҳам қаттиқ ва узоқ бўлди.

Erkin Vohidov
04.01.2013, 18:20
Ёрдонга келган Иордан

Бир вақтлар булғор ёзувчиси Иордан Милев Ўзбекистонга келганда уни Фарғонага олиб бордик, шоҳимардонни кўрсатдик. Гўзал тоғ қишлоғи Ёрдонга келганимизда таниқли адиб Ўлмас Умарбеков дўстига ҳазиллашиб деди:
- Сен бу қишлоққа келган биринчи чет эллик ёзувчисан. Кеча оқсоқоллар кенгаши қарор чиқарди. Қишлоқ сенинг номинг билан аталадиган бўлди.
Биз ҳаммамиз буни тасдиқладик. Атрофда юрганларни чақириб бир-бир қишлоқнинг номини сўрадик. "Ёрдон" сўзини эшитиб, меҳмонимиз яйраб кетди. Уни боплаб алдадик, деб биз ҳам хурсанд. Кечки зиёфат вақтида Иордан сўз олиб шундай деди:
-Бу ажойиб сўлим масканга менинг номим берилгани учун бошим осмонга етди. Араблар бир замон катта дарёсини Иордан деб, бир мамлакатни Иордания деб атаган эдилар. Мана, улар ёнига қишлоқ ҳам қўшилди. Булғорияда биров таниб, биров танимаган бир ёзувчига дунёда шунча иззат, эътибор1 Араб дўстларимга раҳмат, лекин уларнинг дарёси ҳам, малакати ҳам менга керак эмас. Булбуллар сайраган, сойлари шарқираган аннат шамоли эсиб турган бу қишлоққа оламни алишмайман!
Иордан Милев Ўзбекистонга кўп бор келди. Ҳар келганда биринчи биринчи саволи шундай бўларди:
Қишлоғимга қачон борамиз?

albatros
15.01.2013, 17:28
ОЛТИАРИҚДА САККИЗ ЙИЛ — Ота юртим — Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани. Шу ерда дунёга келганман. Онам тошкентлик бўлган. Фарғонага келин бўлишининг сабаби, бобомиз дунёдан ўтгандан кейин онамнинг катта акаси Олтиариққа ишга юборилади. Колхоз қурилишига оиласи билан келган тоғам синглисини шу ерда турмушга беради.
Отам тарих, онам география ўқитувчиси эди. Отам урушдан оғир ярадор бўлиб қайтгач, Тошкентга даволангани келиб, шу ерда вафот этади. Мен ёлғиз фарзанд эдим. Шунинг учун онам иккимиз Тошкентга келганмиз. Онам ҳам вафот этгач, тоғамнинг қўлида қолдим. Болалигим 7-8 ёшгача Олтиариқда ўтган.
Олтиариқдан кўчиб келиб янги ҳаёт бошлаш, ота-онанинг дунёдан ўтиши, янги муҳит ва шароитда, тоғамнинг оиласида яшаш албатта мурғак қалбимга катта зарба бўлган. Аммо тоғамнинг уйида уларнинг болалари билан бирга меҳр кўриб ўсдим.

«МЕН ЎҚИГАН МАКТАБ…»
Илк шеърларимни мактабда ўқиб юрганимда ёзгандим. Тахтапулдаги 22-мактабда ўқиганман. Мактабимизнинг деворий газетасида ёш ҳаваскор шоирларнинг шеърлари чиқарди. Шеърий муҳит мактабимизда жуда кучли эди. Пўлат Мўмин, Ғафур Ғулом, Уйғунларнинг мактабимизга келганини эслайман. Ўша пайтлар пионерлар саройи бўларди. 6-7-синфда мен ҳам ўша ердаги шеърият тўгарагига қатнашиб, шоир Ғайратийдан сабоқ олганман. Буларнинг барчаси менинг шеър ёзишимга тутки бўлган. Дастлабки шеърларим Ғайратий домлага маъқул келиб, у киши ижодимдан намуналарни «Муштум»да ва бир неча газеталарда чоп эттирган.

БИРИНЧИ КУРСДА…
Энди ўйлаб қарасам, камтарлик ҳақидаги шеъримни биринчи курсда ўқиб юрган пайтимда ёзган эканман. Бу шеърни бадиий жиҳатдан жуда юқори деёлмайман-у, аммо ундаги образли тафаккур — чойнакнинг жўмраги бурнини кўтариб турган одамга ўхшаши, пиёланинг камтарлиги, одамнинг чой ичганда уни ўпгандек бўлиши ўша пайтда ҳамманинг эътиборига тушган. Албатта бу шеърни бугун ёзсам, бутунлай бошқача ёзарган бўлардим.
Ундан кейин «Пўлат» деган шеърим оғизга тушди. Тўгаракда гап-сўз бўлди. Газеталарга чиққанидан кейин одамлар ёд олишди.

КИТОБДАН МАШҲУР МАҚОЛА!
Яхши устозлар насиб этди, менга. Кўзга кўринган адабиётшунослар Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмовлар сабоқ беришди. Озод Шарафиддинов тўгарак очганди. Ўша тўгаракда «Пўлат» ва камтарлик ҳақидаги шеърларим Лазиз Қаюмов томонидан юқори баҳоланган.
1961 йилда биринчи китобим чиқди. Китобга «Талант ва масъулият» деган сўзбошини Озод Шарафиддинов ёзганди. Бу пайтга келиб устоз анча машҳур, адабий танқидчиликнинг пешқадам арбобларига айланган кишилардан эди. Ёш бўлса-да, фикри теран, сўзи ўткир, оргинал фикр қиладиган, эскича фикрларга қарши курашадиган, Абдулла Қаҳҳор мактабининг олди вакилларидан ҳисобланарди. Менинг китобимдан ҳам ўша сўзбоши сифатида ёзилган мақола машҳур бўлган. Озод Шарафиддинов ўта талабчан, қўлига тушган асарни аёвсиз пийпалаб ташлайдиган, қаттиқ танқид қиладиган, яхши баҳони кам берадиган мунаққид эди. Мана шундай инсон китобимга хурсанд бўлиб, яйраб мақола ёзгани учун кўпчилик қидириб ўқиган ва китоб қўлма-қўл бўлиб кетганди.

ДАРДГА МАЛҲАМ — ҚАСИДА!
Навбатдаги “бекат” мен учун «Ёшлик девони» бўлди. Бу китоб мени дабдурустдан бутун Ўзбекистонга машҳур қилган. Айниқса, «Ўзбегим» қасидаси.
1968-69 йиллар… «Ўзбегим»ни ҳамма ёд олди. Фахриддин Умаров, Умар Атоев, Шерали Жўраевлар қўшиқ қилиб куйлашди.
Бу шеър ёзилган пайтда одамларда шундай сўзга эҳтиёж катта бўлган. Чунки она тилимиз ниҳоятда орқага суриб қўйилган, камситилган тил эди. Ундан кейин ўзбек халқининг тарихига бўлган муносабат ҳам жуда ёмон эди. Гўёки, тарихимиз фақат қоронғиликдан иборат-у, биз октябр инқилоби туфайли бахт, илм топгандик. Унгача масалан, саводлилар икки фоиз бўлган деган гаплар бўлган. Шунча олимларимиз, алломаларимиз қаёққа кетган? Рус алифбосини, тилини билмаганларни ҳисоблашган, назаримда. Балки, ўша пайтда рус тилини билганлар икки фоиз бўлгандир?
Тарихий асар ёзганлар оқланмайдиган, совет даврини улуғлаб ёзиш лозим бўлган давр. Бу эса халқнинг меъдасига теккан эди. Чунки ёлғон гап кимга ҳам ёқарди? Биздан Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби олиму уламолар чиққан бўлса-ю, қандай қилиб ўзбек халқини саводсиз, оми, илмсиз дейиш мумкин? Шунинг учун бу шеър халқнинг дардига малҳамдек бўлган. Лекин у пайтда «Ўзбегим» деган сўзни баралла айтиш осон эмасди. «Биз совет ҳалқимиз», деган гап бўрттириб гапирилар, «ўзбекмиз», «қозоқмиз», «қирғизмиз», дейиш миллатчилик ҳисобланарди. Шу туфайли бу қасидани матбуотда чоп эттиришим осон бўлмаган. Олиб борган жойимда ҳам «ўзбегим» сўзини «халқимиз» деб ўзгартириб беринг, дейишганди. Бир қанча мисраларини олиб ҳам ташлашган. Дастлабки китобимга кирмаган байтлар ҳам бор:

Сен на зардушт, сен на буддий
Сенга на оташ, санам
Одамийлик дини бирлан
Тоза иймон, ўзбегим.

albatros
15.01.2013, 17:29
ТАЗЙИҚ ВА ВАЪДАЛАР Бу қасида учун мен жуда кўп сўроқлар берганман. Аввало органдагилар бу миллатчилик руҳидаги шеърнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлди, дея роса сиқувга олишган. Назаримда, бу Ўзбекистондан ҳам ташқарига чиқиб кетганди. «Юқори»га — Москвагача етиб борган. Идеологларни бироз чўчитган нарса шеърнинг халқ ичида жуда оммалашгани бўлган. «Нега шеърда совет тузумида ўзбек халқининг бахт-саодат топгани акс этмаган? Лениннинг номи йўқ! Москва тилга олинмаган. Партия, Октябр инқилоби йўқ, шуларни киритиб беринг», дейишган менга. Мен бундай деб ёзолмасдим ҳам, киритолмасдим ҳам. Энг юқори даргоҳлардан ҳам шу талаблар бўлган. Яна ваъдалар ҳам бўлганки, агар шу сўзларни қўшсам, китобим жуда катта «тираж»да чиқади, мукофотлар бўлади… Аммо мен бундай қилмадим. Таъқиблардан безганим учун «Фауст»нинг таржимасини баҳона қилиб нашриётдан ишдан кетдим. Бунга муҳарриримиз ҳам рози бўлди. Чунки у кишига ҳам анчагина тазйиқлар бўлган.

ТУШКУН ВА КАЙФИЯТСИЗ ЙИЛЛАР…
Натижада, 1970-75 йиллар оралиғида ишсиз юрдим. Ҳеч қаерда шеърларим ҳам чоп этилмади. Бу йиллар менинг энг эзилган, тушкун ва кайфиятсиз йилларим бўлди. Мана шу беш йил ичида ҳеч нарса ёзмаганман. Ёзсам ҳам чиқмасди-да! Вақтни бекор ўтказмаслик учун «Фауст»ни ўзбек тилига ўгирдим. Буни таржима қилишимга туртки бўлган нарса Гётенинг шарқ дунёсига яқинлиги эди.
Ғарб билан шарқ шеърияти ўртасида жуда катта фарқ бор. Редьярд Киплинг айтган: «Ғарб бу — Ғарбдир, Шарқ бу — Шарқ, улар ҳеч қачон қўшила олишмайди». Ҳақиқатан ҳам шундай. Гарчи Ғарбда Саъдийни, Ҳофизни катта қизиқиш билан ўқишса-да, асл маъносини англашмаган. Фақатгина Гёте ростмана Шарқ адабиётини ўрганган. Буюкларимиз ижоди ҳақида юксак сўзларни айтган. Ўз фалсафасига ҳам, «Фауст»нинг туб мағзига ҳам Шарқ дунёқарашини сингдирган.
Ғарб дунёсидан иккита шоир мени кўпроқ банд қилган. Бири — рус шоири Сергей Есенин, бири — немис шоири Иоган Гёте. Шуларнинг ижодини таржима қилганман. Талабалигимда ҳам бир қанча парчалар таржима қилгандим. Бу менда рағбат уйғотган. Шу боис, имкон туғилганида Гёте 60 йил давомида ёзган «Фауст»ни беш йилда таржима қилдим. Беш йиллик ижодимдаги танаффусни мана шу билан тўлдирдим. Кейин яна нашриётга, ижодга қайтдим.

АЗГАНУШГА РАҚОБАТЧИ…
Отам тошкентликка уйланганидек, мен ҳам тошкентликка уйландим. Гулчеҳрахон билан битта университетнинг, битта факультетнинг талабаларимиз. Мен филология факультетини битираётган пайтимда Гулчеҳра биринчи курсга келган. Мендан ҳазиллашиб сўрашганди: «Нега арман қизи Азганушга шеър ёзгансиз-у, тошкентлик қизга уйлангансиз?». Мен жавоб бергандим: «Қандоқ қилайки, шундоқ ёнимда, шундоқ қўшни маҳаллада пешанамга битилгани бор экан. Ўзбек бекорга айтмайди «фалокат оёғинг остида», деб. (Кулади).
Биз осонлик билан турмуш қурмаганмиз. Чунки мутлақо бошқа-бошқа, бир-бирига ўхшамаган оилалар фарзанди эдик. Мен ота-онасиз, тоғасининг қўлида ўсган етим бўлганман. Шоирлигим ҳам маълум эмас. Тоғам зиёли, ўзига яраша обрўли инсон бўлса-да, мен у кишининг фарзанди эмаслигим, яна Фарғонадан келганлигим дастак бўлган-да! Шунинг учун Гулчеҳранинг оиласи қаршилик қилган. Айниқса, катта опаси… Кейинчалик турмуш қуриб, фарзандларимиз туғилиб, яхши яшаб кетганимиздан сўнг, у киши «мени кечиринг, синглимни шунчалик бахтли қилишингизни билмаган эканман», деб қолди. Жиддий туриб ҳазиллашдим: «Ўша вақтда қаттиқ турмаган экансиз-да!» (Кулади).

«ФАРЗАНДЛАРИМ ВА НЕВАРАЛАРИМ ҲАҚИДА…»
Фарзандларим ичида менинг йўлимдан кетгани йўқ. Ўзим шоирликнинг жабру жафолари, қийинчиликлари, уйқусиз кечалар, улар эвазига бошингизга келадиган маломатларни, яна ўрта даражадаги шоирларнинг беобрўлигини кўрганим учун бу касбга ташвиқ қилмаганман. Улар ҳам майл билдиришмаган. Катта қизим Нозима — шифокор, кейингиси Моҳира — тилшунос, ўғлимиз Хуршидбек — шарқшуносликни битирди, сўнг халқ хўжалиги бўйича таҳсил олди. Аммо ҳозир кўпчилик ёшлар сингари тижорат билан шуғулланади. Кенжа қизим Фозила ҳам — шифокор.
Невараларимга келсак, улар ичида ҳам шоир бўламан, дегани йўқ. Тўртта қиз, саккизта ўғил неварам бор. Катта невараларим ўғил, ҳали уйланмаган. Агар улар қиз бўлишганда аллақачон турмушга бериб, эвара ҳам кўрган бўлардим.

КЎП БЕРИЛАДИГАН САВОЛ
Иш жойим иккита бўлган. Йигирма йилдан ортиқроқ ноширлик қилган бўлсам, ундан кейинги йигирма йилим депутатлик билан ўтди. Олий Кенгашнинг ошкоралик масалалари қўмитаси ва Олий Мажлиснинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлиб фаолият юритдим.
Менга бир саволни жуда кўп беришади: «Давлат ишида ишлаб ижодни тўхтатиб қўйдингизми?»
Йўқ. Асло ундай эмас. Мен ижоддан тўхтаганим йўқ. Бунинг исботи сифатида сизга янги шеъримни тақдим қиламан.

МАЪЛУМОТЛАР:
1. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983 йилда).
2. 1987 йилда Ўзбекистон халқ шоири.
3. «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби (1997 йил).
4. 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони.

Наргиза Усанбоева ёзиб олди
Манбаа: (http://darakchi.uz/interview/2378-erkin-vo-idov-menga-bir-savolni-zhuda-k-p-berishadi)

Nigora Umarova
25.01.2013, 12:37
Мен ижоддан тўхтаганим йўқ. Бунинг исботи сифатида сизга янги шеъримни тақдим қиламан.

Замонамиз мутафаккири билан куни кеча суҳбатлашганимда улар "Даракчи"га янги шеърларини эмас, "Дил тубига чўккан лаҳзалар"ни тақдим этганликларини билдирдилар.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:45
Ўзбек бўлиш осон эмасдир

Инсон ҳар ким бўлмоғи мумкин,
Ғайрат қилса, қунт қилса басдир.
Бир рутба бор оламда лекин –
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Кўп юрт кўрдим, кўп кездим жаҳон,
Кўра-кўра келтирдим имон:
Араб бўлиш, рус бўлиш осон,
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Япончилик демайди япон,
Немисчилик демайди олмон,
Ўзбекчилик бор бўлсин омон,
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Ўзбек бўлиш фидолик демак,
Роҳатидан жудолик демак,
Шаън деб, ор деб адолик демак,
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Дини – поклик, инсоф, мурувват,
Тариқати – мардлик, футувват,
Дўсти – меҳнат, ёри – уқубат,
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

У ҳаммани ўйлаши керак,
Кўнгил олиш, йўқлаши керак.
Ўзбек қачон ухлаши керак?
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Боласига макка, мош берган,
Дош қозонда юртга ош берган,
Борми бундоқ урфга дош берган,
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Битмас ишни битирувчи халқ,
Йўқни топиб келтиргувчи халқ,
Егувчимас, едиргувчи халқ
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Оғиз очмас каму кўстидан,
Ҳасадгўй кўп лекин дўстидан,
Ошини еб кулар устидан.
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Қонда бор феъл – ҳиммати баланд,
Файз-барака шу феълга монанд.
Минг йилларни кўрган донишманд
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Ўзбек азал яралган омил,
Фанда устоз, ҳунарда комил
Фотиҳларга дарс берган оқил
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Неча бўлиб йўқликка маҳкум,
Тилдан, диндан бўлмаган маҳрум,
Синиб, сингиб кетмаган мардум –
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Даҳрийликка асло кўнмаган,
Гаҳ деганда қўлга қўнмаган,
Жанозасиз ўлик кўммаган
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Миллат ҳисси борки, курашар,
Миллатман деб жам бўлиб яшар.
Ўз йўлини танлаган башар
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Янги аср, янги давронда,
Низоларга тўла жаҳонда,
Зўрлар тўқнаш келган маконда
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Бу идроку фаросат асри,
Кураш асри, жасорат асри,
Сабру бардош, матонат асри
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Ватанида янги бир ватан
Қураётир ўзбек қайтадан,
Осон эмас, такрор айтаман,
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.


Даст кўтармоқ замона юкин,
Юрт асрамоқ обод ва тўкин
Енгил ишмас, айниқса букун
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Шеърим битди айни тонг саҳар,
Зуҳро майин тўкар эди зар.
Шу юлдуздек бағрида гавҳар
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Қалби тўла меҳру зиёга,
Эътиқоди ёлғиз Худога,
Лаббайка, деб келган дунёга
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:46
Нўноқ шоирлар

Биз бир замон муҳаррир бўлдик,
Қисмат экан, бўлдик ноширлар.
Ўлсак ёмон шеърлардан ўлдик,
Адо қилди нўноқ шоирлар.

Қўлёзмалар ўқирдик дил ғаш,
Кўргиликдан оҳлар урардик.
Сўзи чалкаш,
Ўзи жанжалкаш
Шеърбозлардан қочиб юрардик.

Йиллар ўтди.
Танидик одам,
Дунё надир, қилдик тафаккур.
Энди ўша ташбиҳи мубҳам
Нозимларга деймиз ташаккур.

Кўп зотларни кўрдик,
Алҳазар,
Ёқа тутдик, астағфируллоҳ!
Энди бизга энг ғўр байтёзар
Валий бўлиб кўринар, биллоҳ!

Шеър йўлласа –
Ҳатто саёз, хом –
Ёш шоир ё ҳаваскор бахши
Мақтаб-мақтаб тилаймиз илҳом,
Шеър ёз, деймиз, ёзганинг яхши.

Сени шоир билишмаса ҳам,
Шеърингни чоп қилишмаса ҳам,
Қофияси келишмаса ҳам
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши

Оқ қоғозга қоматинг эгиб,
Оқ кўнгилга умидлар экиб,
Муҳаррирлар жонига тегиб
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.


Бахтни уйғоқ тунлардан сўра,
Бўлма кину ҳасадга жўра,
Юмалоқ хат ёзгандан кўра
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Дунё нўноқ шеърга тўлса ҳам,
Мунаққидлар хуноб бўлса ҳам,
Диди нозик ўқиб ўлса ҳам
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Зинҳор-зинҳор бу ишдан тўйма,
Ишқибозлик умрнинг нақши.
Бизга ўхшаб ёзмасдан қўйма,
Шеър ёза бер, ёзганинг яхши.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:46
Тўкислик

Бутликка не етсин,
Камликдан кўра
Инсон тўкис бўлиб юргани яхши.
Лекин яратгандан бир бахтни сўра,
Нимангдир етмасдан тургани яхши.

Шукрона дилингга ошно бўлсину
Армоним йўқ, десанг хато бўлади.
Дунёнинг энг кўҳна фалсафаси бу:
Орзу ўлса ҳаёт адо бўлади.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:50
Сўз – забаржад

Сўз – забаржад,
Сўз – гавҳар, олтин,
Заргарликнинг машаққати кўп.
Сўзни байтга қадашдан олдин
Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!


Эркак бўл

Эрмисан, эркак бўл, саналмас бутун
Бир аёлни бахтли қилмаган эркак.
Бошимда эрим бор, деган сўз учун
Аёлни бошингга қўйишинг керак.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:51
Буюк садоқат

Шоирларнинг бари бевафо,
Қўш хотинлик бари-бариси.
Битта уйда эр-хотин аро
Кундош яшар – илҳом париси.

Бир истисно – Навоий ҳазрат,
Садоқати даҳоларга хос.
Устоз икки паридан фақат
Биттасига уйланган холос.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:52
Рост гап

Туққанингга рост гап ёқмаса,
Хотинни-ку гапирмаёқ қўй.
Ростгўй эрнинг ҳар куни аза,
Ёлғончининг бутун умри – тўй.

Сен ёрингга тўқиб ташла байт,
Париваш де, ата сарвиноз.
Рост гапингни мажлисларда айт,
Тўғри сўзни газетага ёз.

Писта кўмир қовурса ёринг,
Сен ўшани оҳ-оҳ деб егин.
Ташаккур айт совурса боринг,
Заҳар сочса “асалим” дегин.

Тўлиб кетсанг тоғларга бақир,
Садо берсин нолаларингга.
Хотинингни “жоним” деб чақир,
У онадир болаларингга.

У жонфидо, умрингга ҳамдам,
Фақатгина бир айби бордир.
Айби шуки, ёлғон бўлса ҳам
Битта ширин сўзингга зордир.

Аслида-ку гуноҳ ёлғон гап.
Лекин гуноҳ тўла дунёда
Ёлғон гапир аёлни мақтаб,
Рост гап йўқдир бундан зиёда.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:53
Ўғрига насиҳат

Ўғри бўлсанг, жон ука,
Бозорга бор, дўмга бор.
Ўзбек маҳалласига
Кирма зинҳор ба зинҳор.

Шаҳарлар кўп, бировнинг
Биров билан иши йўқ.
Тоғни кўтариб кетсанг
Ҳой, дейдиган киши йўқ.

Маҳалла ҳам замонбоп
Бўла қолса қанийди...
Бемазалар ҳаммаси
Бир-бирини танийди.

Салом берар учраган,
Сўзсиз, алик оласан.
Алик олиб, сен шўрлик
Балоларга қоласан.

“Йўл бўлсин”, деб аввало
Тўсиб олар йўлингни.
Етти пуштинг сўроқлаб
Эзғилайди қўлингни.

Зўрлаб уйга етаклар,
Меҳмон қилар ош билан.
Бундан ургани яхши
Бошгинангга тош билан.

Кузатиб, чўнтагингга
Қант-қурс солиб қўяди.
“Насиба” деб куйдириб
Сени тиғсиз сўяди.

Чуқур эҳтиром билан
Кавушингни тўғрилар.
Маҳаллага бормайди
Эси бутун ўғрилар.

Иккала қулоқ билан
Эшитиб ол сўзимни.
Сенга насиҳат қилдим
Яқин олиб ўзимни.
Ростин айтсам, бизда ҳам
Касб шу, кўнглинг бўлсин тўқ.
Навоий сандиғига
Қўл солмаган шоир йўқ...

Ўғрилик – гулдай ҳунар,
Омад сенга бўлсин ёр,
Ўзбек маҳалласига
Борма зинҳор ба зинҳор.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:55
Ҳазрат Хизр ва замон аёли

Бу эртак эмас ё шоир хаёли,
Ҳангома ҳам эмас суҳбат қизирга.
Шу кунларда бизнинг замон аёли
Учради ногаҳон Ҳазрат Хизрга.

Ул Алайҳиссалом одатга кўра
Тила тилагингни, деб қилди хитоб,
Хизрман, хоҳлаган нарсангни сўра,
Муҳайё қилурман борини шитоб.

Эртак ҳақиқатга айланган даврон,
Ҳайратни унутган бизнинг аёллар.
Айниқса уларга хуш келар ҳар он
Тила тилагингни, деб турса чоллар.

Жувон лол қолмади, арз қила кетди,
Рўйхат айта кетди беҳаду поён.
Ҳазрат чарчаб ўлар ҳолатга етди,
Хизр бўлганидан юз минг пушаймон.

Шўрлик кўкка қараб ҳасратда, доғда,
Деди: ишингни ол, ё парвардигор.
Йўқ эса, эй тангрим, ёруғ дунёда
Мени аёлларга дуч қилма зинҳор.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:56
Дангасалар

Ғайратлилар елиб-югуриб,
Меҳнат билан мудом овора.
Дангасалар эса ўй суриб,
Ётиш учун излашар чора.

Ишчан азал тинмай ер чопган,
Ўғир туйган, совурган сомон.
Ялқов ўйлаб чархпалак топган,
Ижод қилган шамол тегирмон.

Парвоз этсам юксак самода
Замонавий лайнерда букун,
Раҳмат дейман ёруғ дунёда
Дангасалар борлиги учун.

Йўқса юрар эдик ҳойнаҳой
Ҳануз яёв чангитиб тупроқ.
Хўб юртим бор, хаёлкашга бой,
Ишчанидан ўйчани кўпроқ.

Рост айтсам, бу менинг ҳам дардим,
Холимасман бу касалликдан.
Ғайрат қилсам бир касб топардим,
Шоир бўлдим дангасаликдан.

Ётоқчилар ҳолини тушун,
Эй дўст, бунга чидаган чидар.
Шахталарда узала тушиб
Ётиб ишлар қора кончилар...

Бизнинг меҳнат шундоқ,
Нима бор –
Дабдаба-ю асъасаларга.
Сизлар тинманг, ишланг фидокор,
Халал берманг дангасаларга.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:59
Вафо

Қабристонда кеча ёққан қор
Милдир-милдир эриб ётибди.
Гўр устида бир ит инграб зор,
Лойга бағрин бериб ётибди.

Кеча тобут кўтарилган дам
У беором югурган-елган.
Қувсалар ҳам, тош отсалар ҳам
Эл ортидан мозорга келган.

Отасидан айрилса агар
Бунча куймас одам боласи.
Ёлғон эди кеча йиғилар,
Рост эди шу итнинг ноласи.

Совуқ тунда қотиб, дийдираб,
Қабрга у қўйиб ётди бош.
Эриган қор каби милдираб
Кўзларидан тинмай оқди ёш…

Биз инсонмиз, соҳиби дунё,
Қудратлимиз, мағрурмиз, тўқмиз.
Садоқатда, меҳрда аммо
Шу бечора бир итча йўқмиз.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 12:59
Игнанинг ҳасрати

Игна айтар эмиш инсонга,
Қадримга ет, кўзни оч, дермиш.
Кийим тикдим жумла жаҳонга,
Ўзим эса – яланғоч, дермиш.

Асли унга либос нима ғам,
Бу ҳасратнинг сабоғи бордир.
Шу беминнат игначанинг ҳам
Раҳматга зор қулоғи бордир.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:01
Ўлмас эди балки одамзод..

Ўлмас эди балки одамзод,
Бўлар эди дунёга устун.
Ақли бўлса жаҳлидан зиёд,
Сабри бўлса нафсидан устун.

Ажал дея аталувчи чоҳ –
Ичра зинҳор тушмасди одам,
Бўлса эди озгина огоҳ,
Ўйлабгина қўйсайди қадам.

Иш ўлдирмас, ишкал ўлдирар,
Жон заволи юз ёшмас, кўз ёш,
Инсон нега дунёдан кетар
Қувлаб унга отмасалар тош?!

Таҳқир заҳру ханжар ила тенг,
Туҳмат ортиқ ўқдан ва дордан.
Инсон ўлмас бири бирининг
Ўлишига бермаса ёрдам.

Инсон ўлмас ўлдирмаса ғам,
Макон қилмас қаро турбатни
Кўрса агар тиригида ҳам
Ўлганида топган ҳурматни.

Олам тўла фитна, адоват,
Мангу қолиб нетар одамзод?
Бир кун чарчаб, излаб фароғат
Тинч дунёга кетар одамзод.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:03
16 февраль 1999 йил

Бу дунёда яхши, ёмон кунлар кўрдим,
Ўкинчим йўқ, майли, йиллар қаддим эгсин.
Мен ҳамон бир аскарингман, она-юртим,
Сен томонга отилган ўқ менга тегсин.

Ҳали комил атолмасман маконимни,
Бекам одил санолмасман замонимни.
Лек киприкда сақлайман бу давронимни,
Бу давронга отилган ўқ менга тегсин.

Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор,
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор,
Эл дардида ҳаловатсиз ўғлонинг бор,
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин.

Тонг нурисан, ватан, қалбим осмонида,
Эркинг азал аждодларнинг армонида,
Меҳринг абад авлодларнинг имонида,
Шу имонга отилган ўқ менга тегсин.

1999

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:04
Боқий хотира

Ўйлайман, очилса ҳар йил навбаҳор
Мовий кенгликларда алвон лолалар,
Булар лола эмас, ёт элларда зор
Лолага айланган аскар болалар.

Ўйлайман, офтоб уйғониб саҳар,
Кунчиқар уфқига тикканда ялов,
Бу гулгун шафақмас, осмонга қадар
Бевалар оҳидан туташган олов.

Ўйлайман, ҳар кеч шамс етса заволга,
Борлиқнинг тугамас мотами ростдир.
Тун эмас, оналар эгнида қолган
То маҳшар ечилмас қора либосдир.

Юр, болам, Майдонга борайлик бугун,
Қўлингда дона гул яноғингдек ол.
Бу гул сенинг бахтинг, шод кулгинг учун
Фидо бўлган бобонг қалбига тимсол.

Йўқ, сен ўзинг гулсан, ватанинг – чаман,
Улғай, асл зотинг унутма сира.
Билки, қадр билмак аслида – ватан,
Ватаннинг маъноси боқий хотира.

1998

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:06
Кузатиш
(Фахриёрга)

Маъсум кўзларингда севинч бир олам,
Мурғак кўнглинг ичра дунё ҳаяжон.
Бугун қўймоқдасан мактабга қадам,
Мустақил юртимга тенгдош болажон.

Отанг ғурурланар, онанг билмас тин,
Бувинг бўйларингдан юз бор айланди.
Янги ҳаёт сенга муборак бўлсин,
Озод Ватанимнинг озод фарзанди.

Биринчи сентябрь, биринчи наҳор,
Биринчи қўнғироқ, биринчи таълим.
Осмонинг беғубор, дилинг беғубор,
Бахтли кун дунёга келган асалим.

Сени кузатаркан, ойижон эмас,
Фаришталар сочинг тараб турибди.
Хаёлимда шу бир хонадон эмас,
Олам йўлларингга қараб турибди.

Ойдин истиқболинг, иқболинг билан
Кўнглимнинг энг ширин хаёлидирсан.
Ниҳолсан, эртанги камолинг билан
Умидлар юртининг тимсолидирсан.

Ҳур мамлакат сенинг, ҳур юрак сенинг,
Буюк тарих сенинг, сенинг замонанг.
Инқилоб зурёди эмас Ватанинг,
Қуллуқдан бошланмас миллий таронанг.

Шукур, шундоқ кунга етказди тақдир,
Ёруғ пешонангдан, кел, битта ўпай.
Юксакларни кўзла, қарчиғай ахир
Палапон бўлса ҳам, зоти қарчиғай.


1998

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:08
Кексалик гашти

Қарилик гаштини мақташдан кўра,
Мухбир болам, уни бизлардан сўра.
Мана, биз бу гаштни сураётирмиз,
Эрталаб инқиллаб тураётирмиз,
Оғриқдан қақшаган белимиз силаб,
Кавушимиз судраб, чунон имиллаб,
Белимиз чангаллаб юраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Билакдан куч кетган, кўздан эса нур,
Пашшамизни зўрға қўраётирмиз.
Бир вақт юз-юз отиб қилардик ҳузур,
Энди валокардин ураётирмиз,
Келар ичимиздан хўрсиниқ чуқур,
Асқар тоғ эдик-ку, нураётирмиз.
Кўнамиз, не илож, шунга ҳам шукур,
Ҳарқалай кўз тирик, кўраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Қариликни ҳавас қилмагин, болам,
Ёмон кўринади кўзингга олам.
Қариганда ачиб қоларкан одам,
Баъзан бобов бўлиб ҳураётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Қарилик гашт эмас, юлғунли дашт ул,
Қарилик тикандир, ёшлик эса гул,
Ёшликка не етсин, у ўзи маъқул,
Ёшлик хазинадир, қарилик – бир пул.
Йигитларга айтар насиҳатим шул:
Ёш ёшликда ёшлик гаштини сурсин,
Кексалик ҳам келар, уни ҳам кўрсин,
Ҳозирча қаришга шошмасдан турсин –
Белангиси қурсин, йўтали қурсин.
Агар маъқул бўлса фахрий деган ном
Барча нишонимиз олиб, бир оқшом
Ёшлигини бизга қарз бериб турсин.
Қарилик гаштини мақташдан кўра,
Мухбир болам, уни бизлардан сўра.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:11
Менга бир саволни жуда кўп беришади: «Давлат ишида ишлаб ижодни тўхтатиб қўйдингизми?»
Йўқ. Асло ундай эмас. Мен ижоддан тўхтаганим йўқ.

Деманг, шоир тиниб кетди

Деманг, шоир тиниб кетди,
Сиёсатга иниб кетди.

Ва ё айтмангки, мўрт толдек
Шамолларда синиб кетди.

Сиз, эй лутф баҳрида ғаввос,
У сизни соғиниб кетди.

Деманг, шоир жимиб кетди,
Ғазал ёзмай тиниб кетди.

Тиниб кетса, билингизки,
Ёғоч отга миниб кетди.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:13
Фарғонанинг йўлларида

Дейдиларки, эр кишининг
Уялгани ўлгани.
Фарғонанинг йўлларида
Қувиб ўтдик “Волга”ни.

Довон ошиб, шамол бўлиб
Учар бизнинг “Жигули”,
“Жигули”мас, гўё Дулдул,
Нақд Бойчибор дегули.

“Жигули”да биз – тўрт улфат,
Дунё билан иши йўқ.
Ўзимиздан жуда мағрур,
Бизга етар киши йўқ.

Кечқурунги базми жамшид –
Тўйга шошиб борамиз.
Кўринган ҳар ғилдиракни
Қувиб ошиб борамиз.

Бир пайт бизнинг жайрон тойни
Билолмадик не сабаб,
Пачоққина “Запорожец”
Қувиб қолди, воажаб.

Ўзмоқ бўлиб йўлни гоҳ сўл,
Гоҳи ўнгга солади.
Тумов бўлган хўроз каби
Бибилдоғин чалади.

Бизлар эса бўш келмаймиз,
Мингга қўйиб босамиз.
Қий-қийлашиб, тил кўрсатиб,
Масхаралаб қочамиз.

“Запорожец” нима бўпти,
Қувиб ўтдик “Волга”ни.
Бос, дер Парпи, эр кишининг
Уялгани – ўлгани.

Рихситилло қичқиради:
“Тоғорангни нари ол”.
Эгамберди қаҳ-қаҳ урар:
“Эски қумғон, яхши қол!”.

“Запорожец” чидамади,
Тўрт улфатни гангитиб,
Шартта йўлни қирга солди,
Ҳаммаёқни чангитиб.

Тариллади, вариллади,
Қувиб ўтди, воҳ, қаранг!
Қувиб ўтиб машинани
Йўлга қўйди кўндаланг.

Биз тўхтадик. Йўл беркилган.
Ўтишга ҳеч имкон йўқ.
Тўртов ҳайрон ўлтирибмиз,
Тиззаларда дармон йўқ.

“Запорож”дан чиқиб келди
Фарғоналик барзанги.
Барзангининг ҳар елкаси
Нақд Чотқолнинг харсанги.

Белбоғига осиб олган
Пичоғи ҳам бир қулоч.
Қалтираймиз, олдга йўл йўқ,
Қайтишга ҳам йўқ илож.

Машинани ташлаб қочсак
Қаерга ҳам кетармиз?!
Битта-битта ушлаб олиб
Чавақласа нетармиз?!

Ана, қаддин ростлади у,
Сўнг атрофга аланглаб –
Бизга қараб аста юрди
Кинг-Конг мисол лапанглаб.

Шу пайт илож бўлса эди
Биз тўрт аканг қарағай
Тошкентгача қочар эдик
Орқамизга қарамай.

Яқин келди, салом берди,
Эртакларда дейдилар:
Девлар аввал салом бериб,
Кейин тутиб ейдилар.

Деразадан қўлни тиқди.
Улкан, жундор, даҳшат қўл.
“Сўрашайлик” демаганда
Додлар эдик, шимлар ҳўл.

Гулдираган овоз билан
Гап бошлади: “Минг узр.
Йўлингизни тўсиб сизни
Қилган бўлсам беҳузур.

Машинангиз ғилдираги
Бўшаётир, акалар.
Мотордан ҳам мой кетганга
Ўхшаётир, акалар.

Шуни айтиш учун қувиб,
Йўлни тўсдим, кечиринг!
Энди ўзим кўриб берай,
Мотор ўтин ўчиринг”.

Шундай дея кириб кетди
Машинанинг тагига.
Сўнгра чиқиб насос урди
Орқа ғилдирагига.

Сеҳрланган одамлардек
Турар эдик биз ҳайрон.
Қарашайлик десак қўймас:
“Фарғонага сиз меҳмон”.

Иш ораси латифалар
Айтиб яна кулдирди.
Хуллас, шу кун деҳқон йигит
Бизни тирик ўлдирди.

Ишни созлаб, ариқчада
Ювар экан қўлини,
Сўраб борар манзилимиз,
Айтди яқин йўлини.

Сўнг бор қараб машинага,
Ён кўзгуни тузатди.
“Оқ йўл”, деди, ўзи кетмай
Аввал бизни кузатди.

“Хайр, қамчи босинг, энди
Тойчоғингиз ҳеч толмас.
Бизнинг эски қумғон тугул
Самолёт ҳам етолмас”.

Йўлга чиқдик изза бўлиб,
Қип-қизариб, шарманда.
Энг ёмони кейин бўлди –
Тўйхонага борганда.

Остонада ўша йигит
Бизни кутиб турарди.
Қўлда қумғон, елкасида
Сочиқ тутиб турарди.

Кўзи кулиб боқар эди,
Сир бермасди у бироқ.
Бундан кўра бизни тутиб
Урса эди яхшироқ.

Ўзимизга аён шу кун
Бўларимиз бўлгани.
Дейдиларки, эр кишининг
Уялгани – ўлгани.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:22
Масканим Фарғонадир

Бу Ватанда бир макон бор, мен учун бир донадир,
Кўҳна Туркистон садаф бўлса, у ер дурдонадир.
Ким парихона деб айтар, ким учун Парконадир,
Аҳли шеър таърифида уйқудаги жононадир,
У менинг уйғоқ диёрим ўктаму мардонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Чин парилар маскани, Зуҳрою Тоҳирлар ери,
Олиму шоир, ҳунарманд, фазли нодирлар ери,
Кўп ажиб мўъжиза бунёдига қодирлар ери,
Кифтда тўн, белда қийиқ, марду баҳодирлар ери,
Мақтаниб юрдим жаҳонда, менга бу юрт онадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Кечмишинг хобимга кирса, сесканиб уйғонаман,
Сочи қирқилган момом фарёдидан тўлғонаман,
Шоиринг ёзмиш: “Шул айбим – мардуми Фарғонаман”.
Шукрларким, бу алам андуҳига бегонаман,
Эл аро фарғоналикман, деб ғурурим қонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Масканим Фарғонаю кўҳна Самарқанд ҳам маним,
Хоразм – фахрим, Наманган меҳриму жоним-таним,
Ёшлигим ардоқлаган Тошкент кўнгулдан севганим,
Андижон, Сурхон, Бухоро, ўз чўлим, ўз гулшаним,
Лек, десам Фарғона, дилда ўзга оташ ёнадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Мустақил тинчу омон юртим саодат ўлкаси,
Келмасин бошига ҳеч ранжу балолар кўлкаси,
Ризқи бут бўлсин унинг, ер кўрмасин ҳеч елкаси,
Янграсин оламда мен ҳурман деган озод саси,
Бу замин оби ҳаёт бирла тўлуғ паймонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:23
Меҳмон ва мезбон



(Ўзбекчилик лутфларидан)

– Мени меҳмонга айтсангиз,
Туртмасангиз борай,
Юмшоқ ўрнимдан бўйрага
Сурмасангиз борай.
Қовоғингиз осиб, лабни
Бурмасангиз борай.
Томоғимга ханжар тираб
Турмасангиз борай.
Менинг учун темир қафас
Қурмасангиз борай.
Қамаб мени аямасдан
Урмасангиз борай

– Сиз мен учун азиз меҳмон,
Туртарканман нега?
Юмшоқ жойдан қоқ бўйрага
Сурарканман нега?
Қовоғимни осиб, лабим
Бурарканман нега?
Бўғзингизга ханжар тираб
Турарканман нега?
Сизнинг учун темир қафас
Қурарканман нега?
Ким ўз меҳмонин урипти?
Урарканман нега?

– Борсам, юқори чиқинг, деб,
Мени туртасиз-ку,
Хоҳлаган жойимни бермай
Тўрга сурасиз-ку.
Паққос ошингиз емасам,
Лабни бурасиз-ку,
Май ичмасам, ханжар тираб
Зўрлаб турасиз-ку,
Кетай десам, қўймай темир
Қафас қурасиз-ку,
Нодонга ҳамсуҳбат қилиб
Мени урасиз-ку.

Erkin Vohidov
25.01.2013, 13:24
Ватан, то танда жоним бор,
Сенингдирман, сенингдирман,
Таним ҳок ўлса ҳам сен ёр,
Сенингдирман, сенингдирман.

Жаҳон кенгдир, фалак кенгдир,
Юрак кенгдир, чу сен борсан,
Сенингсиз икки дунё тор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Менга бегона элларда насиб гар
Ўлса юз роҳат
Чекай бағрингда минг озор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Агар шодликларинг оздир,
Менингдирсан, менингдирсан,
Магарким ғамларим бисёр,
Сенингдирман, сенингдирман.

Бугун бор, эртага йўқ жисмим,
Ва лек руҳим учун мангу
Сенинг мангулигинг даркор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Сенинг ишқинг билан ёндим,
Кетар жонимда бу оташ,
Сенингдирман, яна такрор,
Сенингдирман, сенингдирман.

albatros
10.02.2013, 00:57
9 fevral O'zbek she'riyatining yetuk vakili, mutafakkur shoir Alisher Navoiy tavalludining 572 yilligi munosabati bilan Toshkent Axborot Texnologiyalari Universiteti(TATU) da shoir, O'zbekiston qahramoni Erkin Vohidov bilan ijodiy uchrashuv bo'lib o'tdi. Bu ijodiy kechada Universitet talabalari, o'qituvchilar, shuningdek, O'zbekiston Xalq hofizi Orolmirzo Safarov ham ishtirok etdilar.

https://img.uforum.uz/images/tdvkako92718.jpg

Elimiz suygan shoir E. Vohidov Hazrat Navoiy haqida gapirar ekan quyidagilarni alohida ta'kidlab o'tdi:
Men xo'p xalqlarni adabiyotini o'rgandim.Jumladan, ingliz tilini o'rgandim, ingliz tilida she'r yozgan shoirlar she'rlari bilan tanishib chiqdim. Turk adabiyotini o'rgandim, rus, slavyan adabiyotidagi nazmda qalam tebratgan ijodkorlar ijodiga alohida e'tibor qaratdim. Ammo ularning hech biri bobomiz Alisher Navoiy kabi mukammal va yetuk, Navoiy kabi adabiyotimizning she'riy janrlarida ijod qila olmagan.
Bir vaqtlar men Moskvada borganimda "Qani endi bizning ham ajdodlarimizni, allomalarimizni nomlari shu shaharda biror ko'chalarda qo'yilarmikin, Ibn Sino, Beruniy, Navoiy kabi dunyo tan olgan ajdodlarizga bu katta shaharda haykallar o'rnatilarmikin" - deya orzu qilardim. Mana bugun aynan shu orzular ro'yobini ko'rishim mumkin. Rossiyaning eng katta maydonlaridan birida Alisher Navoiy bobomizning haykali qad ko'tarib turibdi. Bu esa bizning ajdodimiz bo'lgan Mir Alisher Navoiyning butun jahonda buyuk siymo sifatida qadrlanishidan dalolatdir. https://img.uforum.uz/images/ioojolf1199432.jpg

Barchaning qalbida o'z qo'shiqlari bila joy topa olgan hofiz Orolmirzo Safarov ham Navoiy g'azallari ijrosida, shuningdek shoir Erkin Vohidov qalamiga mansub "Dutorim tori ikkidur" so'zlari bilan tayyorlangan ashulasini va yana xalqimiz sevib eshitadigan bir nechta ashulalarini aytib tadbir ishtirokchilarining kayfiyatiga ko'tarinlik bag'ishladi:

https://img.uforum.uz/images/ocqoovm7010361.jpg

https://img.uforum.uz/images/faljanx1379614.jpg

Ijodiy kechada ishtirokchilar Shoir E.Vohidovning "Navoiyni o'qimay qo'ysa" she'ridan ham bahramand bo'lishdi:

https://img.uforum.uz/images/ywqgbjn8265281.jpg


O'zbek Navoiyni o'qimay qo'ysa,
Oltin boshning kalla bo'lgani shudir.
Bedil qolib Demyan Bedniyni suysa,
Qora sochning malla bo'lgani shudir.

O'zbek Navoiyni o'qimay qo'ysa,
Dod demoqqa palla bo'lgani shudir.
Ma'rifatdan ayri o'ynasa, kulsa,
Aza chog'i yalla bo'lgani shudir.

O'zbek Navoiyni o'qimay qo'ysa,
Aldangani, alla bo'lgani shudir.
Yulg'ich aziz bo'lib, bilgich xor bo'lsa,
Paytavaning salla bo'lgani shudir.

El komil bo'lmasa, yurt emas ulug',
Beqadr mahalla bo'lgani shudir.
Qalb to'la nur xalqning rizqi ham to'lig',
Ombor to'la g'alla bo'lgani shudir.

O'zbek o'zligini anglasa bekam,
Uning "Barakalla" bo'lgani shudir.
Olamga Navoiy nasliman degan
Ovozi baralla bo'lgani shudir.
Shuningdek ijodiy kecha qatnashchilari o'zlarining qiziqtirgan savollariga ham Ustoz shoir Erkin Vohidovdan javob olishdi.

https://img.uforum.uz/images/qeryiuv4841364.jpg https://img.uforum.uz/images/mthgatt6047736.jpg


https://img.uforum.uz/images/bdgjasq519910.jpg

Shu tariqa qiziqarli o'tgan ijodiy kecha o'z nihoyasiga yetdi

https://img.uforum.uz/images/qnzqdex2932745.jpg

albatros
04.03.2013, 18:09
Muxlislar savollariga javob berar ekan shoir E.Vohidov "Aruz"vazni haqida jumladan shunday deydi : *

5000df75f275cdd

*- video sifati biroz yomonligi uchun uzr so'rayman

Erkin Vohidov
04.02.2014, 14:56
Дунёнинг энг ажиб, энг сирли ва сеҳрли саёҳатларидан бири Сўз оламига саёҳатдир. Негаки, Сўз яралишдан мўъжиза. Аввал Сўз бўлган, дейилади муқаддас китобларда. Ҳазрат Навоий айтганлар:
Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра,
Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.
Чунки мавжуд бўлса нуктаи “кун”,
Бўлди мавжуд тоза, йўқса кукун.
Яъни, аввал Сўз келган, Оллоҳнинг “бўл” деган нидоси келган ва майда заррачалар оламидан янги Олам яралган. Агар шу илоҳий Сўз келмаганда олам кукунлигича қолган бўларди.
Холиқи олам одамзодга идрок ва Сўз айтиш неъматини бериб, уни барча хилқатларидан устун яратди, жонли ва жонсиз оламга ҳоким қилди. Оламни идрок қилган инсон Сўзни идрок қилади. Сўзни идрок қилиб оламни янада теранроқ идрок қилади. Сўзнинг илдизига етган киши дунёнинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан.
Оламни охиригача англаб бўлмагандек, Сўзнинг ҳам тубига етиш имконсиздир. Биз кўзламоқ, кўзикмоқ, кўзгунинг кўздан келиб чиқишини биламиз, лекин кўз нима сабабдан кўз дейилганини, нега уни биров айн, биров чашм, биров глаз, биров ай деб аташини билмаймиз. Нега тошни бизнинг аждод тош деган, бошқалар хажар, санг, камень, стоун, штайн атаганлар, бу юзлаб номлар қаердан келган, билолмаймиз. Биз фақат фаразлар қиламиз, асил ҳақиқат эса сирлар уммони тубида ётибди. Лекин барибир тинчимас идрок эгаси бўлган одамзод ғаввос бўлиб бу уммон остини кезади, кашфиётлар қилади ва кашфиётлари ҳам чексиздир.
Лекин, ўйласам, изланишларимиз каби ғофиллигимиз-да поёнсиз экан. Сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, лекин Сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди. Нега шундай деймиз, дея ўзимизга савол бермаймиз. Бу синоат тўла олам бамисоли олисдаги юлдузлардек ноаён қолаверади. Узум едим, “узум” дедим, билсам, токдан узиб едим, дегандек, ўз қўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан қолган кулни қурум, деймиз. Оғизга солиб ютганимиз ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да, дея ўз содда кашфиётимдан суюнган эдим.
Курайдиган қуролимиз курак, ички аъзо ичак, гул тубида турадиган идиш тубак ― биз уни тувак деймиз― эканини билиш қийин эмас, лекин кўксимизда гурсиллаб урган юракни юрак дейиш тўғрими ёки урак? Юрак юрадими, урадими? Кўкрак-чи? Нега кўксимизни шундай атаймиз? Кўксим осмон, дегандек бу ном кўк, яъни осмон билан боғлиқми? Ундоқ десак, эмикдош маъносини англатувчи кўкалдош сўзидаги кўк ўзаги нимани англатади? Кўкракка алоқаси йўқмикан?.. Бундай жумбоқлар юзлаб, минглаб сўзларимиз замирида ётибди. Улар бизни қийнаши, уйқу бермаслиги керак, Маҳмуд Қошғарий бобомизнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи керак.
Биз табаррук қадриятларимиз тикланаётган замонда яшамоқдамиз. Истиқлол йилларида она тилимиз ривожи учун сезиларли ишлар қилинди. Лекин кўп асрлик йўқотишни саноқли йилларда тиклаш мушкул экан.
Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир. Эски тузум барбод бўлди, Остановка турганда бекат, район турганда туман, вилка турганда санчқи дейишга нима бор, дегувчиларнинг даври ўтди. Тилимиз секин-асталик билан бўлса-да ўзбекчалашиб бормоқда.
Адабий ижод ҳамиша Сўз оламига саёҳатдир. Ижодкор Сўзни тирик жон деб билади ва Сўз билан сўзлашади. Менинг бу ёзганларим ана шундай жонли тил билан жонли суҳбат бўлишини истайман. Умрини яшаб бўлган ва барҳаёт, мен англаган ва англаб етмаган соҳир хилқат билан кўнгил боғларида кезиб, хаёлан Сўз билан сўзлашсам, Тил билан тиллашсам, дейман. Сиз азизларимни ҳам бу сайрда ҳамроҳ бўлишга таклиф этмоқчиман. Сўз мўъжизаси қошидаги ҳайратларимга ошно қилмоқчиман.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 14:58
Уч дарёдан сув ичган денгиз
Она тилимни муаззам ва улуғ десам, эъзозлаб бошга кўтарсам, бунинг боиси ўзимники бўлгани, жонимга яқинлиги учун эмас. Шунга ишонганим, иймон келтирганим учун, менинг ҳам бир икки тилдан хабарим бўлиб, қиёслаш имкониятларим борлиги учундир.
Бир томчи шабнамдек мўъжаз ва тиниқ элчи деган соф ўзбекча туркий сўзда қанча хикмат бор!
Эл деб, элат деб халқни айтамиз. Яна ёв ҳечқачон эл бўлмайди, деймиз, ёмонга элакишма деган ўгитимиз бор. Бу ўринда эл дўстлик, яқинлик маъноларини билдиради. Эл қадимда давлат тушунчасини ҳам ифода қилган. Элчи бир халқдан, бир давлатдан бошқа юртга юборилган вакилгина эмас, балки элни элга эл қиладиган одам, халқлар ўртасида меҳр риштасини боғловчи, дўстлик кўпригини қурувчи ҳамдир.
Сўзнинг ўзида шахс зиммасидаги залворли юк бор. Элчи адолат ва эзгулик йўлида ҳақ сўзни айтишга бурчли инсон.
Унинг жонига эса кафолат хужжати қилиб, қонундек мустаҳкам, шоҳлар ҳукмидек қатъий ҳикмат, айтилган: Элчига ўлим йўқ!
Омонат деган ўзбекона сўзга қалб қулоғини тутинг. Қанчалар теран инсоний туйғулар бор бу сўзда. У мулк ҳақида айтилса бировнинг омонати, жон ҳақида айтилса оллоҳнинг омонати. Банда учун дунё омонат, дунё учун банданинг ўзи омонат.
“Ёғилур ҳар дам фалакдан бошингга гарди фироқ,
Ўт равонроқким, омонатдир басе бу эски тоқ.”

Инсон бошига осмондан гард ёғилиб туради. Биз бугун бу гардни космик чанг, деймиз. Фазовий жисмларнинг Ер атмосферасида ёниб кетишидан хосил бўлган кул, деймиз. Бундай гардни Ҳазрат Навоий беш аср муқаддам қаёқдан билган, дея ҳайрон бўлманг. Берунийлар, Улуғбеклар яшаган юртда фазо сирлари аён эди. Ҳайратга сабаб бошқа, яъни бу илмий ҳақиқатнинг фасафий хулосаси, бадиий тимсолидир. Эй одамзод, дейдилар ҳазрат, бошингга ёққан само чанглари айрилиқ гардларидир. Томидан тупроқ ёғилган уйда узоқ туриб бўлмайди. Бундай уй омонат. Чириган том остида яшаш хатарли. Осмонидан гард ёғилган дунёни, бу эски тоқни ҳам равонроқ, тезроқ тарк этган яхшидир. Омонат сўзининг маъно товланишига қаранг. Уй омонат, олам омонат.
Сўз― забаржад,
Сўз ―гавҳар, олтин,
Заргарликнинг машаққати кўп.
Сўзни байтга қадашдан олдин
Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!
Она тилимни севмасам, сўзларига маҳлиё бўлмасам, ҳайратланмасам менга шоирлик қайда эди!
Офтоб чиқди, қуёш чиқди, кун чиқди,
Меҳру шамсу хуршиди гардун чиқди.
Бир замон болалар учун айтилган шу жўнгина ва ғўргина икки сатрнинг ўзида қуёшнинг олтита номини топасиз! Саноқни яна давом эттириш мумкин. Олимлар, топиб беринг, қайси тилда қуёшнинг ўндан ортиқ исми бор! Қайси тилда осмонни камалак рангларидек етти хил ном билан атайдилар? Осмон, фалак, само, чарх, гардун, фазо, кўк... Булар дафъатан хаёлга келганлари холос! Арш, даввор, мину сингари кам ишлатиладиган хос сўзлар ҳам саналса рўйхат янада узаяди.
Маънодош сўзларимизнинг кўплигига сабаб бор. Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган. Диний, илмий, ижтимоий атамаларимиз асосан араб тилидан, кўпгина иш қуролларимиз, жомадон, ҳокандоз, дастшу, жомашу, дазмол, қоғоз каби ҳунармандликка оид сўзларимиз, шунингдек юксак шеърий услубга хос суханлар форс тилидан келган. Лекин бу қатъий қоида эмас. Аксар ҳолат десак тўғрироқ бўлади. Араб тилидан ўтган нарса ва буюм номлари ҳам тилимизда кўп: Ароба, мусаллас, истеҳком, қалам сингари. Шунингдек, форс тилидан кирган фалсафий атамалар ҳам талайгина. Жавонмард, сарбадор, чархи кажрафтор, Оинаи Искандар ва ҳоказо. Ҳаракат номлари асосан туркийча. Алишер Навоий туркий тилдаги юзта ҳаракат номи, яъни феълларни санаб, форс тилида уларнинг муқобили йўқ эканини айтганлар ва туркий тилимизнинг бойлиги, қудратини намойиш этганлар.
Қадимда туркий тил оддий халқ тили ҳисобланган. Аскарликка оддий халқдан олингани учун ва феъл ўзаклари тур, ёт, юр, от, чоп сингари асосан бир бўғинли сўзлардан таркиб топгани ва буйруқ беришга қулайлиги боис харбий тил туркча бўлган.
“Темур тузуклари” ни бизга етиб келган форс тилидаги матндан ўзбекчага таржима қилар экан, Алихон Тўра Соғуний, “мен таржима қилмадим, балки асл тилига қайтардим,” деган эдилар ва мисол тариқасида тингчи, болонғар, жалонғар каби туркий атамаларнинг форсча муқобили топилмай, матнда ўз аслича қолганини кўрсатган эдилар.
Ўзбек тилининг буюк денгизи ана шу уч буюк дарё ― туркий, арабий ва форсийдан сув ичиш баробарида эски лотин, хитой, мўғул, рус, Европа тилларидан баҳраманд бўлган.
Шу сабаб тилимиз бой. Ҳеч бир бошқа тилда бўлмаган шаклдош сўзлар санъати туюқ ўзбек тилида бор. Ҳеч бири бошқа халқда йўқ азкия, сўз ўйини бизда мавжуд.
Ҳазрат Навоий тўпори қора халқ тили ҳисобланган туркий ўзбек тилини шеърият осмонига кўтариб қўйдилар. “Муҳокаматул луғатайн”ни ёзиб она тилимизнинг форс тилидан устун бўлса устунки, кам эмаслигини исбот қилдилар.
Ушбу рисолада ёзилишича, Навоий ҳам ёшлик йилларида бошқа шоирлар каби асосан форс тилида шеърлар ёзиб нафосат аҳлининг олқишини олган эканлар. Хусусан, форсийда битилган “Туҳфатул афкор” қасидасининг матлаи тўғрисида ҳазрат Жомий “Баҳористон” номли асарда ёзмишларки, мазмуни шундоқ: “Бу давлат ёрлиғини осмоннинг пештоқига осилса арзийди ва бу саодат тамғасини Муштарий юлдузининг бўйнига илиб қўйса, унга қувонч, ифтихор бўлгай.”
Навоийнинг сўз бойлиги беқиёс. Сабаби ҳазрат форс тилини қанчалар мукаммал билсалар ― ўз эътирофлари бўйича: “форс алфозин киши мендин кўпрак билмайдур”― араб тилини ҳам шу қадар баркамол эгаллаганлар ва уларни тўла истифода этганлар. Туркий тилнинг эса бутун назокатини, сўзга бойлигини “Муҳокаматул луғатайн”дагина эмас, бутун умр, бутун ижод жараёнида намоён қилганлар. Ўзбекнинг содда, тўпори сўзларини ҳам, шеърга солиш мумкин бўлмаган даражада оддий ва жўн гапларни ҳам нозик ғазалга киритаолганларки, бундоқ сеҳрдан лол бўлмай илож йўқ.
Саҳар ҳовар шаҳи чарх узраким ҳайли ҳашам чекди,
Шуои хат била кўҳсор уза олтун алам чекди.
Шундай юксак услубда ёзилган ғазалга “супурги” деган сўзни киритиб бўладими? Мутлақо мумкин эмас, дейсиз. Энди шеърнинг давомини ўқинг:
Қазо фарроши сунди чархнинг сиймин супургусин,
Музайян парлари андоқки, товуси ҳарам чекди.
Ажабо, буюк истеъдод нафаси тегса ўзбекнинг қора ерда ётган супургиси ҳам осмонга кўтарилиб, қуёшнинг тарам-тарам шуъласига айланар экан.
Ёки “тиш қирчиллатиш” иборасини бугунги шоирларимиз арузий байт у ёқда турсин, ҳатто халқона содда бармоқ вазнида айтишни ўзларига эп кўрмайдилар. Навоийга қулоқ тутинг:
Тушда кўрдим ёрни, шодон рақибим ўтруда,
Рашкдин ҳар лаҳза тиш қирчиллатурман уйқуда.
Бундай халқ иборалари, лапарлари, мақолларини “Хазоинул маъоний”да кўплаб учратамиз ва ҳар гал бу хил жўн сўзлар тагида ётган маънолардан, бадииятдан ҳайратга тушамиз.
Бизнинг шундай улуғ шеъриятимиз бор, бойликда беқиёс она тилимиз бор. Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор ― миллат бор. Тил йўқ ― миллат йўқ. Истиқлол унут бўлган давлатчилигимизни тиклади, йўқ бўлишга маҳкум қилинган тилимизни, демакки миллатимизни асради ва азиз қилди. Энди унинг биз йўқотиб улгурган бойлигини тиклаш, турлича “изм” тамғаларини қўйиб истеъмолдан чиқарилган сўзларни ўрнига қайтариш, бунинг учун мумтоз адабиётимизни чуқур ўрганиш ҳозирги авлод зиммасидаги шарафли бурчдир.
Гоҳи хаёл қиламан, агар мустақилликка эллик йил аввалроқ етишганимизда балки икки азим дарёдан сув ичган Орол денгизимиз бу аянчли ахволга тушмас эди ва агар собиқ тузум яна эллик йил яшаб қолганда уч денгиздан сув ичган она тилимизнинг қисмати ҳам Оролнинг қисматидек бўларди.
Тикланаётган сўзларимиз истиқлол чечакларидир. Очилажак гуллар хали беҳисоб...

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:00
Энг аввалги сўз
Холиқи оламнинг Бўл деган сўзидан борлиқ яралган, инсон бунёдга келган.
Одамзод тилга кириб у айтган биринчи сўз нима эди? Бу саволга жавоб ҳеч бир китобда йўқ. Олимлар, инсониятнинг илк сўзлари товушга тақлидан пайдо бўлган, дейдилар. Дарҳақиқат, қадимги аждодларимиз тоғдан шовиллаб тушган сувни шовва, шар-шар тўкилганини шаршара деган. Қушларнинг чурқ-чурқ қилгани чумчуқ, лак-лак қилгани лайлак (аслида лаклак) қағиллагани қарға, бул-бул дея ёқимли сайрагани булбул бўлган. Кейинчалик ўзи ясаган буюмларга ҳам шу тарзда ном берган. Тўқиллаб урилгани тўқмоқ, туёқ остида тақиллагани тақа, зангиллаган қўнғироқ занг аталган. Бу аён, лекин биринчи сўз нима эди?
Юртимизда юз минг йил муқаддам яшаган неандертал одамнинг тарих музейимиздаги қиёфасига қараб ўйлайман. Хаёл қиламанки, росмана инсонга айланмаган бу ибтидоий онг эгаси тошни тошга уриб чақ этган товушни эшитгану чақ дея овоз чиқариб ўзининг биринчи сўзини айтган. Тошни тошга чаққан, кейинроқ тош билан данак чаққан, ёнғок чаққан, боласига ҳам чақ! деб буюрган.
Бора-бора тошдан ўт чиқариб уни ҳам чақ деди. Кўкда чақ этиб ёнган олов ҳам чақ бўлди. Кейинчалик чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди.
Тош бир бирига урилганда учган ери чақа.Тошга қоқилганнинг бармоғи чақа. Кўп гапирганнинг тили чақа.
Тош майдалаб чақа деган инсон минг йиллар ўтгач пул майдалаб чақа деди. Майда болаларини ҳам бола-чақа деди.
Тараққиёт инсонга ақл ва заковат берди. Заковатли инсон тош чақишни қўйиб гап чақишга ўтди. Тошдан ўт чиқарган бўлса, гапдан аланга чикарди. Гап чақиб ўз қардошининг хонумонига ўт қўйди.
Гап чақувчининг оти ҳам чақдан узоқ кетмади.Уни чақимчи, чақмачақар дедилар. Чақимчининг ниши илоннинг тишидан оғриқли ва хатарли. Ари, илону чаённинг наштар уришини ҳам бесабаб чақиш демаганлар. Демак, чақимчи билан газанданинг ҳунари бир.
Чақмачақарнинг ҳам катта-кичиги бўлар экан. Бировнинг гапини бировга айтса бу чақимчилик, инсоннинг гапини юқорига, подшоликка ёки ҳукуматга етказса чақув бўлади. Чақув олдида чақмачақарлик ҳолва бўлиб қолди. Чақимчиликдан бир инсонга озор етса, чақувдан юзмингларнинг ёстиғи қуриган.
Чақув давлат сиёсати даражасига етиб, чақувчи тенгсиз қудрат соҳиби бўлган заминларни кўрди жафокаш халқ. Бир имзосиз мактуб инсоннинг эмас, бутун бир авлоднинг, уруғ-аймоқнинг хонумонига ўт қўювчи гугурт бўлди. Инсон гугурт ёндиришни ҳам гугурт чақиш деди .
Башарият тош чақишдан сўз мағзини чақишгача бўлган масофани миллион йиллар ичида босиб ўтди. Биз ҳам сизлар билан чақ сўзининг аччиққина мағзини чақдик, чақ тўғрисида чақчақлашиб олдик. Сиз бу сўзларнинг ҳазил эканини англаб турибсиз. Лекин аёнкиҳарқандай ҳазил остида бир чимдим ҳақиқат ётади.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:02
Ой фарзанди
Американинг Лос-Анжелес шаҳрида Ўзбекистоннинг садоқатли бир дўсти яшайди. Келиб чиқиши можар бўлган бу турколог олим Лос-Анжелес университетида махсус курс очиб, америкалик талабаларга ўзбек тилини ўргатади. Улар диёримиз нафасини ҳис қилиши учун Ўзбекистондан олим ва ижодкорларни таклиф этиб, суҳбатлар уюштиради. Исми Андраш, насаби Бодроглигетти.
Талаффузи қийин, ёдда сақлаш ундан қийин бўлган бу фамилияни илк бор эшитганимда олимни италиялик деб ўйлагандим. Лос-Анжелесда кўришиб, унга шу саволни бердим.
― Фамилиям аслида Бадроглигетти. Бад сўзи форсча ҳам, инглизча ҳам ёмон деган маънони билдиргани учун бу юртда насабимни бир ҳарф ўзгартириб Бодроглигетти қилиб олдим. Лекин италиялик эмасман. Фамилиям соф туркча.― Шундай деб Андраш домла қўлига қалам олди ва ўз фамилиясини уч қисмга бўлиб ёзди: Бадр огли гетти. Бадр сўзини биламиз, ой дегани. Қолган сўзлар ҳам таниш. Ўғуз туркчасидан ўзимизнинг шевага ўгирсак, Ой ўғли кетди, деган маъно чиқди.
―Тўйда туғилган Тўйчи, йўлда туғилган Йўлчи, жумада туғилган Жумавой, Одина деб исм олганидек, аллақайси бобокалоним ойдин кечада туғилгани учун Бадр ўғли деб ном қўйишгандир. Ўз юртидан кетиш наслимиз қисматида бор экан шекилли, мен ҳам асл ватанимдан узокларда Бодроглигетти бўлиб юрибман.
Шарқу ғарбнинг ўнлаб тилларини билган, уларни чоғиштириб тахлил қилган Андраш домланинг бу сўзларини аввал балки хаёлот меваси, шунчаки ҳазилдир, деб ўйладим. Ахир тилимиз шу қадар бой ва рангинки, ҳар сўзни ўн ёққа буриш мумкин, ўт деган сўзнинг ўттиз хил, юз деган сўзнинг юз хил маъно товланиши бор. Лекин миллат тақдирини ўйласам, можарнинг туркий халқларга тарихан туташлигини ҳаёлга келтирсам бу гап ҳазилга ўхшамади. Олис ўтмиш манзаралари кўнглимдан кечди. Халқларимизнинг эгиз кечмишини ўрганиш учун жонини хатарга қўйиб Марказий Осиёга келган Вамбери кўз олдимга келди. Ўз юртида қўним топмаган, қисмат дунёнинг турли бурчакларига тарқатиб юборган қадимги аждодларимизнинг сарсон саргардонлиги фикримни чулғади.
Бадр ўғли кетди... Бу сўзларда бутун бир тарих намоён бўлди. Тўрт юз йил наридан Бухорони тарк этиб олис ва совуқ Сибирда қўним топган ўзбекларнинг ноласи келди, яна икки юз йил ўтиб улардан мингга яқин оиланинг Туркияга кўчгани, сибирликлари ҳам, туркияликлари ҳам то ҳануз ўзларини бухорийлар (русча бухарцы) деб аташларини ўйлаб кетдим. Тақдирни қарангки, икки карра беватан қолган ғарибларга Туркияда Бағри тилик деб аталган тоғ этагидан жой берилибди. Хаёл мени яна минг йил нарида Идил ва Ёйиқ сохилларида яшаган, ҳозирда Волга ва Урал аталган дарёлардан сув ичиб, бепаён кенгликларда от сурган ўзбеклар юртига олиб учди. Халқимиз татар, булғор, можар, ўрус эллари билан елкадош кун кечирган яйловлар кўз олдимга келди.
Бадр ўғли кетди... Хаёлан мен ўн минг йиллар олисда Сибирдан Аляскага кўчган туркий қабилаларнинг қўшиқларини эшитдим. Америкалик ҳиндуларнинг бахшилар каби бўғиздан чиқариб айтган қўшиқлари қулоғим остида янгради. Бу минг йилар тубидан келган дард садоси эди.
Можар халқи ўз илдизларини қадимги туркий қавмлар билан туташ кўргани учун Можаристонда туркология фани асрлар давомида ривож топган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этади. Бу ўлкада икки юз йилча аввал яшаган Герман Вамберидан тортиб замондош дўстларим Иштван Конгор ва Андраш Бодроглигеттигача дунёга танилган неча-неча туркшунос олимлар етишдилар. Улар юртимизга сафар қилганларида Самарқанду Бухорони тамоша қилишни кўзлаб эмас, можар халқининг теран томирларини излаб келганлар.
Бадр ўғли кетди... Можарнинг ҳам, ўзбекнинг ҳам Ой ўғли эканига ишончим бор. Бадр ўғли Сибирга кетди, Аляскага кетди. Идил ва Ёйиқ соҳилларидан Ҳазар ва Орол бўйларига кетди. Бу юртда мингйиллар яшаган ерлик аждодларимиз билан дунёнинг энг кўҳна давлатларидан бири бўлган Хоразм давлатини тузди.
Яна минг йиллар ўтиб Босфор бўйларига кетди ва ҳозирги Туркияга асос солди. Ой ўғли кетди. У оламнинг тўрт ёғига кетди.
Жавоҳирлаъл Неҳру Мирзо Бобур тузган давлат тўғрисида ёзаркан, Марказий Осиёликлар дастлаб Ҳиндистонга тўрт минг йил муқаддам кўчиб келабошлаганлар, дейди. Улар орасида туркий қавмлар ҳам бўлгани, бу қавмларнинг қадимий ривоятлари, достонлари ҳам Ҳиндистонга боргани шубҳасиз.
Ой арабча бадр, форсча маҳ дейилади. Туркий тилларда арабча ва форсча сўзлар кўҳна замонлардан бор. Ой ёнида бадр ҳам маҳ ҳам ишлатилган. Ҳиндлар Деҳлини Дели, Неҳруни Неру деганлари каби Маҳ ўғлини Маугли деган бўлсалар ажаб эмас. Инглиз адиби Радяр Киплинг Ҳиндистон мавзусида ёзган машҳур асар қаҳрамонининг исми Маугли.
Демакки, Радяр Киплингга шуҳрат келтирган Маугли эртагининг мавзуси қадимги туркий халқлар афсонасидан олинган бўлиб чиқади. Яна бизга маълумки, ривоятлар турк наслини бўри зотига боғлайди, она бўри эмизиб катта қилган, дейилади. Мауглига ҳам бўри оналик қилган.
Қадим-қадим замонларда аждодларимиз қуёшга, ойга, юлдуз ва сайёраларга топинганлар. Дашту саҳролар оша олис, машаққатли йўлларда кундузи қуёш, кечаси ой ва юлдузлар уларга машъала, қибланамо бўлган. Ўғлонлари исмини Кунтуғмиш деб, Ойбек деб, қизларини Ойбарчин, Тўлганой, Юлдузхон, Зуҳро, Сурайё, Ситора деб атаганлар.
Бадр ўғли, Маҳ ўғли, Ойбек нақадар ўхшаш исмлар! Арабий, форсий, туркий маънодош сўзлар. Юртимизда қадимдан бу уч тилнинг ёндош яшаганига яна бир тимсол.
Америкалик дўстимиз профессор Бодроглигетти насаби ҳаёлимни шунча олисларга элтди, узоқ замону маъволарда кездирди. Сўз шундай мўъжиза эканки, унинг замирида қатлам-қатлам бўлиб тарих ётар экан.
Молдавияда туркий тилда сўзловчи гагауз ҳалқи яшайди. Илм аҳли бу номни қора ўғизга боғлайдилар. Ўша қариндошларни мен олимона эмас, шоирона сўз билан қоракўзлар дегим келади. Чунки қоракўз деб ўзбек ўзини, ўз биродарини, яқин жигарини айтади.
Андраш Бодроглигетти ҳам ўша қоракўзлардан бўлса, дунёга сочилиб кетган уруғларимиздан бўлса не ажаб! Олимнинг сўзи ҳақ. Бизлар ҳаммамиз Ой фарзандларимиз. Ойдан тушган каби соддамиз. Дилимиз ойдин, ниятимиз ойдин.
Бу тимсоллар ярим тунда тўлин ой ёруғида хаёлимга келди. Бамисоли неъмат тўла лагандек улкан кумуш гардиш кўкдан нуроний чеҳра билан сокин, меҳрли қараб турарди.
Ўзбек бежиз онани ойи деб, Ойни оймомо деб атамаган. Эй, Ой, ҳалқим йўлларини шуъланг билан мунаввар қил, истиқболини ойдин қил, моможон!.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:03
Кўмирга айланган умр
Халқ мақоллари, маталларида бир ҳикмат бўладики, у ҳикматли сўз деб аталади ва асрлар оша оғиздан оғизга кўчади.
Гап кўп, кўмир оз, деган иборада мен чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса сандалнинг чўғи совуб қолгани учун шундай дейдиларми? Бу гапда не бадиият, не ҳикмат бор?
Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз бўлган.
Ку юкламасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр кўмирга айланган. Аслиятни тикласак , дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади.
Бу сингари замонлар оша тилдан тилга ўтиб, сўзлар, товушлар ўзгариб кетган, асл маъносини йўқотган мақол ва маталлар кўп.
Халқда Меҳмон отангдан азиз, Устоз отангдан улуғ деган ҳикмат бор. Бирор ақлли зот, отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда Меҳмон отангдек азиз, Устоз отангдек улуғ дейиш урф бўлди.
Отадан улуғ ва азиз кишининг йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ ишлатилади. Мақол халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз бўлмайди. Инсон боши тошдан қаттиқ, деймиз. Тошдан қаттиқ нарса йўқлиги учун шундай деймиз. Тоғни урса талқон қиладиган йигит, деган гап бор. Тоғни майдалаб бўлмаслиги учун бу мақол қудратли ва боқий. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам, дейиш, ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, чанги чиқса сув сепай кўзлардаги ёшим билан, дея куйлаш завқи йўқ одамнинг ақлига сиғмайди. Бир дўстимиз бўларди. Латифа айтсалар кулмас, “йўғ-ей” деб турарди. Шу дўстимиз адабий танқидчи бўлди, лекин адабиёт нима эканини, гўзаллик нима эканини англамай хўмрайганча дунёдан ўтиб кетди.
Меҳмон отангдан улуғ, деганда биз аввало отани улуғлаймиз. Отадан азиз, отадан улуғ зотнинг йўқлигини муболаға воситаси билан тасдиқлаймиз.
Нега мен бу арзимас хатога ёпишиб олдим? Гап шундаки, одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли хол. Ўзбек азкияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, сўзнинг латофатини англамай қолса бу фалокатдир.
Мақолни тахрир қилувчи ошиноларга маслаҳатим бор: Агар “дан” ўрнига “дек” қўшишни жуда хохласангиз, халқнинг бошқа бир ибораси борки, уни шундай таҳрир қилса савобли иш бўлади.
“Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай,” дейдилар.. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади. Қамиш неча бўғинли бўлса шунча карра бели боғлиқ. Ичининг бўм-бўшлиги емай-ичмай хизмат қилишга, шамолда тебраниши тинч турмасликка, иш учун эгилишга, елиб югуришга тимсол. Хипчалиги, ингичкалиги эса меҳнатга шай турган ёш йигитчадек. Мана буни ҳикмат деса бўлади.
Шу ўринда озроқ “лирик чекиниш”. Қамиш мумтоз адабиётимизда садоқат рамзи ҳисобланади. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг машҳур байти ўзбекчада шундай :
Тингла найдин, не хикоятлар қилур,
Айрилиқлардан шикоятлар қилур.
Яъни, най аслида қамиш эди. Ботқоқ тўқайда ўсган эди. Уни кесиб най қилдилар, саройга келтирдилар, бахмалларга ўраб олтин нақшли ғилофларга солдилар. Эъзозлаб, суйиб лабга босдилар. У эса нола қилди, фарёд кўтарди. Ўзи ўсиб унган тўқайзорини соғинди. Ҳашаматли саройларни, топган иззат икромини асл макони бўлган ташландиқ қамишзорга алмаштиролмади. Шу боис найдан ҳамиша нола оҳанги чиқади.
Ватанга садоқат, юрт соғинчи ҳақида айтилган абадиятга дахлдор байт! Ҳазрат Навоий айтганларидек, ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш.
Биргина қамишдан шунча фалсафий хулосалар чиқарган, бир байтга дунё-дунё мазмун сиғдиролган мавлонодек буюк аждодларимизни ўрганиш ўрнига ёшлигимизнинг олтин дамларида “Шумел камиш” ни айтиб юрдик. Мана буни ёниб кетган фурсат, кўмирга айланган умр деса бўлади ...
Сўз мулкининг султонларини англаш учун аввало ўзимизнинг жўнгина хатоларимизни англамоғимиз лозим. Чуқур фикр қилмай пойма-пой гаплар айтиш, ўзимизга осон қилиш учун сўзнинг ярмини ютиш, исмлар, жой номларини таниб бўлмас даражада қисқартириш тилга беҳурматликдан бошқа нарса эмас.
Кўзингни оч, оёқ остингга қара, деган гапни қисқача қилиб, кўзингга қара, деймиз ва қизиқчиларимизга кулгу бўламиз. Сўзни қисқартиришга жуда устамиз. Муҳаммад Раҳим деган исмни Мамараим, бу ҳам узун туюлиб Мараим деймиз. Хоразмлик эса Мирим дейди қўяди. Анжан, Ангрен, Бувайда, Риштон, Хўжаландарбува... рўйхатни узоқ давом этдириш мумкин. Бу номлар ўз асл маъносини йўқотиб бўлган.
Душманни яксон қиламиз, дейиш ҳам қисқартиш натижасидаги мантиқсизликдир. Яксон дегани баробар, тенг демакдир. Душманни ер билан, тупроқ билан яксон қилинади.
Тўйга чорлаганда таклиф қиламиз, ёки лутфан ташриф буюришингизни сўраймиз, дейилади. Бизга биринчи жумла ўта қисқа, иккичиси ўта узун туюлиб, ўртачасини танлаймиз: Лутфан таклиф қиламиз! Ўзимиз билмаган ҳолда меҳмонни камситиб, ўз шахсимизни улуғлаймиз. Бу ҳақда ёзмаган тилчи, гапирмаган адабиётчи қолмади. Бизнинг хато одатимиз ҳам йўқолмади.
Бу гаплар тилшунос олимнинг ҳукми эмас, бир қаламкашнинг ўйлари холос. Сизнинг ҳам кўнглингизда шундай оғриқли гаплар кўп. Лекин, менга гапиришни ким қўйибди, дея индамайсиз, баҳсга кирмайсиз. Ваҳоланки, тил ҳаммамизники. Фақат тилшуносларга боғлаб берилган томорқа эмас.
Илм ҳам, ижод ҳам баҳс билан тирик. Маърифат излаган инсон хато қилишдан чўчимайди. Маърифатли инсон бировнинг хатосидан кулмайди. Билмасанг гапирма, жим ўтир, демайди. Хатони тузатади, ўз фикрини айтади. Хато айтган ҳам қизариб бўзармайди. Баҳс қилади, ё “фикрингиз маъқул,” дейди.
Оғзингни юм, овозингни ўчир, деган сўзни туғилгандан ўлгунча эшитамиз. Жим бўлиш бизга асрлар давомида сингдирилган. Хужайраларимизга жо бўлган. Яшаган юртимиз ўчган овозлар мамлакати бўлди. Ғунча то оғзини очди, бўлди вайрон оқибат деган шеърлар бизни тарбиялади. Озод ва мустақил бўлиб ҳам ички ҳадикдан тўла фориғ бўлмадик. Дарҳақиқат, шаҳар қуриш осону онгни ўзгартиш қийин экан.
Бу сўзлардан мурод она тилимиз жонкуярларини баҳсга чорлаш, дадил фикрлар билдиришга чақирмоқдир. Танқиддан, эътироздан чўчиманг. Фақат айтганларингиз сукунат дарёсига чўкиб кетишидан, ҳечким муносабат билдирмаслигидан, лом-мим демаслигидан қўрқинг.
Фикрат ― дарё, ғафлат кўлмакдир,
Дарё―ҳаёт, кўлмак ўлмакдир.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:03
Дамашқда машқ
“Девони луғати турк”да эдгу деб битилган, яхшиликни англатувчи бу асл туркий сўз бугунги адабий тилимизда эзгу ва шаклида қўлланилади. Бамисоли арабча дарбни зарб, даифни заиф деб айтганимиз каби. Тил тараққий этгани сари қаттиқ товушлар юмшоқлари билан алмашиб боради, чоғи, қадимги одоқ сўзи оёқ, адиқ сўзи айиқ бўлди. Усмонли турк тилида қаттиқ қ товуши йўқолиб бўлган.
Эзгуга айланган эдгу сўзидан бора-бора жўн халқ тилида з ҳам тушиб қолди. Эгиликнинг кечи йўқ, дейдиган бўлдик. Дарҳақиқат, яхшиликнинг кечи йўқ.
Турк қардошларимиз талаффузни енгиллаштиришда биздан ҳам ўзиб кетдилар. Улар эдгу ҳам, эзгу ҳам,эги ҳам деб ўтирмай ийи дедилар қўйдилар Яхши сўзи турк тилида ийи бўлди.
Агар тилни муайян халқнинг жамоавий интеллектуал мулки десак, сўзларни бузиш, қисқартириш, ҳарқандай ўзгартириш қатъий тақиқланиши керак эди. Лекин тил тўғрисида халқаро битим йўқ. Халқлар бир биридан сўз ва атамаларни хеч бир ижозатсиз оладилар, ўзларига мослаб истаган шаклга соладилар, хохлаган маънони юклайдилар, таниб бўлмас холга келтирадилар.
Ривоят қиладиларки, Мирзо Бедил кўчада кетатуриб ўз байтларини бузиб хиргойи қилаётган деворзан ёнида тўхтабди ва индамай унинг терган ғиштларини йиқитаверибди. Ҳай-ҳайлаб дод солган деворзанга қараб шоир шундай дебди: Мен фақат деворингни буздим, сен шеъримни бузиб менинг хонумонимни вайрон қилдинг. Ким кўпроқ фарёд кўтариши керак, сенми ё менми?
Деворзан тавба қилиб узр сўраган экан.
Ажабо, шеърнинг эгаси бор, лекин сўзнинг эгаси йўқ. У бамисоли чарақлаган юлдуз, оқиб ётган дарё, эсиб турган шамол каби хамманики.
Ҳеч ким ҳеч кимга, ҳеч бир халқ бошқа ҳеч бир халққа, менинг сўзимни олдинг, ўзгартирдинг, буздинг, дея даъво қилмайди.
Руслар фиръавнни фараон, Бобилни Вавилон, Сурияни Сирия деб айтсалар, бизнинг исмларимизни Кадыр, Таджи, Гулям деб талаффуз қилсалар биров, ҳай, нима қиляпсан, демайди. Чунки бу хол кўпга келган тўй. Ўзимиз ҳам талай хорижий сўзларнинг додини берганмиз.
Дамашқда бир араб шоирига Алишер Навоий девонларидан бирининг номи “Бадоиул васат” деб тушунтиролмадим. Араб тилида бунақа сўз йўқ, деб туриб олди. Ҳарқанча уринмай уқтириб бўлмади. Жаҳлим чиқиб ичимда, эҳ, ўзининг тилини билмаган араб, дедим.
Бу баҳсни узоқдан эшитиб турган бошқа араб ёнимизга келди-да, мендан сўради: ―Балки “Бадоиул” эмас, “Бадоъиул васатдир?
У сўз ўртасидаги айн товушини чуқур бўғиздан чиқариб шундай ғайритабиий овоз билан айтдики, мен ҳечқачон бунақа талаффузни ўхшата олмасман.
― Худди шундай, дедим қувониб, ― фақат бундай талаффуз қилиш учун араб бўлиб туғилиш керак экан.
Ўша куни, ўзининг тилини билмаган араб, деб ичимда айтган гапимни яна ичимда қайтиб олдим.
Биз меҳмон бўлган Сурия арабларининг катта қисми христиан динида. Халафдан қайтишда йўл четидаги насронийлар мозорида тўхтаб ўтдик. Мармар лавҳаларга арабча хат ўйилган, устида хоч ― крест ўрнатилган эди.
Араб ёзуви бизнинг онгимизга Қуръони Карим хати, ислом белгиси бўлиб жойлашгани учун бу манзара менга ажабтовур бўлиб кўринди.
Мени ажаблантирган яна бир нарса шу бўлдики, араб адиблари грамматика, яъни сарфу наҳв устида тортишиб қилсалар Замаҳшарийни “қози” қилар эканлар. Замаҳшарий бундоқ ёзган, дейилса, тамом, баҳс тугар, эътирозга ўрин қолмас экан.Менинг бу икки ҳайратимдан Дамашқда бир тўртлик қоғозга тушган эди. Ён дафтарда қолган ўша машқ будир:
Замаҳшарий бобом сарфу наҳв битиб,
Араб ўз тилини ўрганиб олмиш.
Дунёнинг ярмини мусулмон этиб,
Бу эл ўзи ярми насроний қолмиш.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:04
Маош ва ош
Маош деганда биз бугун ойлик иш ҳақини тушунамиз. Маош олдингми, маошинг қанча, деб сўраймиз бир биримиздан. Аслида бу сўзнинг маъноси тириклик, ҳаёт кечириш, яшамоқдир. Ҳазрат Навоий ҳам “Маош айламак аждаҳо комида”, дея бу сўзни худди шундай маънода айтганлар. Яъни шоҳ ҳузурида унинг истак-иродаси билан яшамоқ аждаҳо оғзида тириклик қилмоқ билан баробар.
Биз англаган маош асли шу маъно ҳосиласи. Қадимдан давлат хизматидаги кишиларга маош тайинланган, яъни тириклиги таъминланган.
Бу сўзга ўзакдош бўлган маишатнинг қисмати ажойиб. Яшамоқ маъносидаги бу сўз бугун ўзбеклар орасида айш-ишратни билдирса, урду тилида сўзлашувчи ҳиндлар уни иқтисод маъносида ишлатар эканлар.
Биламизки, ҳинд, урду тилларида бизга таниш сўзлар кўп. Бу сеҳрли юрт хонандаларининг қўшиқларида муҳаббат, инсон, олам, осмон сўзларини эшитсак яйраймиз. Халқларимиз ўртасидаги асрий дўстлик ришталарини эслатиб туради бу жаҳонгашта сўзлар.
Яна унутмаслигимиз керакки, бизга таниш ҳамма сўзлар ҳам биз тушунган маънони англатмайди.
Агар Ҳиндистонга журналист сифатида борган бўлсангиз зинҳор ба зинҳор камина мухбирман, дея кўрманг. Мен ярамас жосусман, деган бўласиз.Чунки камина тубан, пасткаш маъносини англатади. Мухбир эса айғоқчи демакдир.
Яна бир маслаҳат, Ҳиндистонлик дўстингизни ватанга таклиф қилмоқчи бўлсангиз, асло, сенга таклиф олиб келдим, ёки таклиф юбораман, деб айтманг. Негаки, таклиф сўзи кулфат келтиришни англатади.
У юртларда биров сизга хор-зор одамларни кўрсатиб, уларни ифлос деса, ёки ифлосдан қутулиш ҳақида гапирса хаёлингиз бузулмасинки, гап қашшоқлар тўғрисида, қашшоқликни йўқотиш устида бораётган бўлади.
Ифлос ва муфлис сўзларини мумтоз адабиётимизда ҳам фақир, йўқсил маъносида кўплаб учратамиз.
Келинг, ёмон сўзларни четга суриб, ўзимизнинг ҳар жиҳатдан ёқимли маош сўзимизга қайтайлик.
Бу сўзнинг емак ва ишҳақи маънолари бизга юнон тилидан кириб келган диета сўзининг икки маъносини эслатади. Диетани биз парҳез ўрнида ишлатамиз. Лекин аслида диета таом демакдир. Емакнинг ҳамма хили, қази-қарта ҳам, ёвғон шўрва ҳам диета ҳисобланади. Арслоннинг диетаси кийик, кийикнинг диетаси гиёҳ.
Қадимги Юнонистонда энг юқори давлат органи бўлган халқ мажлиси аъзоларига бериладиган иш ҳақи ҳам диета деб аталган.
Юнонча бу сўзнинг ҳаёт кечириш маъноси ҳам, тановул маъноси ҳам, маблағ маъноси ҳам арабча маошга мувофиқ келди. Энди бир савол қолди. Ўзимизнинг ош маош дан келиб чиққан эмасмикин ва ё, аксинча, ош сўзимиз плов сингари жаҳонгашта бўлиб араб юртига саёҳат қилмадимикан?
Бу масала ечимини билимдон тилшуносларимизга қолдириб, сўзимни нуқта билан эмас, каттакон савол белгиси билан тугатаман.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:06
ИСМИЯМИННИНГ ИСМИ ЯМИНМИ?

Исломнинг бағри кенг дин экани оламга аён. Қуръони Каримнинг “Оманту” ояти билан ҳарбир мусулмон учун Оллоҳга, унинг фаришталари, расуллари, муқаддас китобларига имон келтирмоқ фарз этилган. Ёлғиз Муҳаммад алайҳиссалом эмас, балки насаро, яҳудий динларининг-да барча пайғамбарларини азиз тутмоқ, танҳо Қуръони Карим эмас, Таврот, Забур, Инжилни ҳам табаррук билмоқ буюрилган. Буни англаб етган Европа, Россиянинг буюк шоир ва ёзувчилари, олимлари Ислом динига юксак эҳтиром кўрсатганлар, чуқур ўрганиш, тарғиб қилишга жазм этганлар. Иоганн Ҳёте ва Лев Толстой бундай улуғларнинг энг улуғларидир.
Диний бағрикенгликка халқимиз табиатидаги очиқкўнгиллик, меҳмоннавозлик қўшилиб, букунда Ғарб учун табаррук фазилат ва юксак орзу бўлган толерантлик ғояси бизнинг азалий эътиқодимизга айланиб бўлган. Ота-боболаримиз толерантлик деган истилоҳни билмаган бўлсалар ҳам унга амал қилиб яшаганлар. Амал қилибгина қолмай, яҳудий ва насаро динининг набилари, азиз авлиёлари исмини фарзандларига қўйганлар. Исломдан кўп асрлар муқаддам яшаб ўтган Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Мусо, Довуд, Сулаймон, Илъёс, Юнус, Зикриё, Яҳё, Исо каби пайғамбарлар, Луқмон, Узайр, Искандар каби азиз авлиёларнинг исми билан аталган мусулмонлар дунёнинг ҳар ерида бор. Ҳечким бу исмларнинг асл эгалари қандай динга эътиқод қилганлари ва қандай миллат вакиллари бўлганларини суруштирмайди. Уларнинг аслида Абраам, Исаак,Иаков, Иосиф, Соломон, Моисей, Иусус бўлганлари билан бировнинг иши йўқ. Шуни биламизки, бу расуллар ҳам Оллоҳнинг элчилари бўлганлар, бу азиз авлиёлар ҳам бизникилар.
Диний мутаассиблик хатарли тус олган бизнинг кунларда Ислом маърифатини англаш ва англатиш, қонимизга сингиб кетган бағрикенгликни оламга тушунтириш бениҳоя олижаноб ишдир. Токи Қуръони Каримни ўтга ёқиб савоб топмоқчи бўлган ғарблик жаҳолат бандалари билсинлар: Улар Қуръонга қўшиб ўз худолари ва пайғамбарларини ёқаётирлар.
Истанбулда Аё Суфия жоме масжиди бор. У бир замон насронийлар ибодатхонаси бўлган. Ҳозирда қадамжога айланган масжид гумбази ва деворларидаги Исо алайхисалом, Биби Маръям ва бошка насаро азиз авлиёларининг музайян сувратларига боқиб Исломнинг буюк ва олижаноб қадриятини ўйлайман. Хаёлимда Аё Суфия жомеси бамисоли ўзи жойлашган шаҳарда Босфор кўрфази устига қурилган маҳобатли кўприк каби Шарқ билан Ғарбни, икки буюк эътиқод қитъаларини туташтириб турибди. У мисли диний бағрикенглик, эътиқодлар биродарлигига тимсол обида бўлиб, Истанбул ва Константинопол дея икки эгиз ном билан аталган шаҳарда қад кўтарган.
Энди навбат сарлавҳадаги саволга келди. Ҳазрат Ёқуб алайҳиссалом Роҳила исмли хотинидан кўрган фарзандининг исмини Бенямин деб қўйган экан. Бу исмнинг маъноси иброний тилда “ўнг қўл” бўлиб, ҳазрат Ёқуб, ўғлоним менинг ўнг қўлим бўлади, деган ният билан шундай ном қўйган экан. Бу ном Қуръони Каримда Ибн Ямин тарзида келади. Бенямин, ёки Бенжамин Ғарбда кенг тарқалган исм. Ўн саккизинчи асрда яшаган, АҚШнинг мустақиллиги учун курашган маърифатпарвар олим, мутафаккир, давлат арбоби Бенжамин Франклин уларнинг улуғидир. Букунда Американинг юз долларлик пулида шу буюк инсоннинг суврати бор.
Дунёда машҳур бўлган Беняминлардан бири Исроил Бош вазири Нетаньяху бўлса, яна бири Ўзбекистонда таниқли бўлган хофиз Сосон Беняминовдир. Унинг “Тошкент осмони” деган қўшиғи қулоғимизда ҳамон янграб туради.
Бу исм ўзбекчада Ибниямин, Эмниямин, Исмиямин шаклида айтилади. Бугун халқимизнинг гўзал хонанда қизи Дилноза Исмияминова боис бу исм яна шуҳрат топди.
Демак, Исмиямин исмининг ўзаги, дарҳақиқат, Яминдир. Ямин эса ўнг томонни билдиради. Бағри кенг ўзбекнинг овози дунё бўйлаб таралсин, иши ҳамиша ўнгидан келсин.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:08
Қатағон
Тилимизда қаттиқ сўзига асос бўлган қат ўзаги бор. Қатқалоқ десак қат, қотган лой десак қот бўлади. Бу ўзакнинг яна бир маъноси қават. Қат-қат, қатлам, қатлама сўзлари шундан. Қатилмоқ сўзининг илдизи ҳам қат. Қўшилмоқ, аралашмоқ деган мазмунда. Маъдан қотишмаси шу тушунчадан. Мис билан қалай эритиб аралаштирилса қотишма бўлади. Қатнинг бу маъноси ҳозир кўпроқ мақолларда, шеваларда қолган. Қўшилув, аралашув, бирикув сўзлари қатилувни четга суриб қўйганлар.
Ажабки, мен қатиқни сутнинг ивиб қаттиқ ҳолга келгани, қотгани, деб тушунар эканман. “Девону луғатит турк”да ёзилишича қатиқ― қатилувчи, яъни таомга қўшиб, аралаштириб тановул қилинувчи емак экан. Шу ўринда бир илова. Бирқанча Оврупо тилларида қатиқни йўгурт дейдилар. Бу соф туркий ўзбек сўзи. Уни дунёга совға қилиб, ўзимиз қатиқ деймиз. Бамисоли олов, чўғ маъносидаги ўт сўзидан ясалган ўтуг сўзимизни утюг шаклида бошқаларга бериб, ўзимиз дазмол деганимиз, ёки қафтанимизни бировга кийдириб, ўзимиз тўн, чопон кийганимиз каби. Бундай ҳиммат инглизларда бор. Улар апельсин деган инглизча сўзни бутун оламга улашиб, ўзлари оранж дейдилар.
Қат билан қот ўзагининг Қошғарий бобо битмаган маънолари бугун бизда бор. Ишни, гапни қотирамиз, фарғонача айтсак, қатириб ташлаймиз. Сўзамоллик билан бошқаларни лол қилиб, қотириб қўямиз. Бундай “қотириш”лар қадимда бўлмаган чоғи, эски луғатларга кирмаган.
Қаттиқ деган сўзнинг ўзи қулоққа қаттиқ эшитилади. Гўё оҳангда маъно яширингандек. Араб тилида ҳам қатъий, қатъият сўзларининг ўзаги қатъ. Бу қаттиқ товушли сўз узиш, кесишни англатади. Қатъий сўз ― кесиб айтилган сўз. Қизиқки, инглиз тилида ҳам кесиш, қирқиш кат дейилади. Ҳечбир қариндошлиги бўлмаган бу уч тилдаги оҳангдошликка сабаб нима? Ўзбекча қатнинг қаттиқлиги, арабча қатъ, инглизча катнинг мато кесгандаги товушга ўхшашлиги аён. Демак, ҳар бир атама замирида инсоннинг нозик ҳиссиёти, қалби ва онгидаги товушлар, ранглар дунёси, яна биз англаб етмаган олтинчи, еттинчи, саккизинчи туйғулари яширин экан.
Сўз орасида сўз: ўзбекча емак билан русча есть сўзларининг ўзаги битта ― е! Биз е, десак, руслар ешь, дейдилар. Еда, ем, едим сўзлари рус тилида емиш, емоқдаман, емоқдамиз деган маънони билдирса, ўзбекчалаб, е-да, десак, егин-да, деб қистаган бўламиз. Ем, деганда биз молга бериладиган емишни англаймиз. Едим эса еб тугатдим, деганимиз бўлади.
Агар бу ҳолни тилларнинг ўзаро таъсири, десак, туркий халқларнинг Русия билан алоқаси узоқ минг йилларга бориб тақалиши керак. Чунки ҳар икки тилдаги бу ўзак сўзнинг тарихи халқларимиз тарихи қадар кўҳнадир. Мабодо ҳар икки халқда е ўзаги мустақил равишда азалдан бор, бири-биридан олмаган десак, бундай мувофиқликка ҳайратланмай чора йўқ.
Мана энди асосий мақсадга келдик. Ўзбекча қат ўзагидан ясалган яна бир атама бор. Бу қатағон. От чопағон, ит қопағон, одам топағон бўлганидек, қаттиқланган нарса қатағон дейилади. Қаттиқ беркитилган эшик, қаттиқ ўрнатилган тартиб, қаттиқ манъ қилинган ишга нисбатан бу сўз айтилади. Чор Россияси ҳукмрон бўлган вақтлар ўзбекларнинг Ўрда кўпригидан ўтиб рус зодагонлари яшайдиган янги шаҳарга кириши қатағон, русча айтганда запрет эди. Ундан ҳам аввал Тошкентнинг ўн икки дарбозасидан бири Қатағон деб аталган. Кейинча Қўймас деганлар. Қатағон ҳам, Қўймас ҳам битта маънони англатади. Бу дарвоза ёпиқ.
Қаттиқ нарса қатағон, дедик. Қандай қилиб бу сўз берк маъносини олди? Бу саволга жавобни Самарқанддан топдик. Шаҳар айланиб юриб бир дўконга кирдик. Пештахта ёнида чой ичиб ўтирган сотувчилардан бири бизга қараб: ― Маҳкам!― деди. Биз бу сўзга эътибор қилмадик. Бирор Маҳкам исмли ўртоғини чақираяпти, меҳмонларга қара, хизмат қил, демоқчи, дея ўйладик. Кириб келавердик. Сотувчи ўрнидан туриб, жаҳл билан сўзини такрорлади: ― Ҳой, мен сизга айтаёбман: ― Маҳкам! ― Шунда англадикки, маҳкам сўзи ― берк, кириш мумкин эмас, дегани экан. Бир тилда сўзлашувчи одамлар бир-бирини тушунмаса қизиқ бўларкан. Биз узр айтиб дўконни тарк этдик.
Маҳкам деган сўзни биз қаттиқ, мустаҳкам, деб тушунамиз. Бу сўз берк маъносини ҳам англатса, демак қаттиқ сўзидан чиққан қатағон ҳам ёпиқ, кириш мумкин эмас, деган тушунчани англатиши табиий. Маҳкам ва мустаҳкам сўзларига ўзакдош бўлган истеҳкомда ҳам шу маъно бор.
Қатағонни бугун репрессия ўрнида ишлатамиз. Сўзнинг ўзаги пресс бўлгани учун тўғридан-тўғри таржима қилиб, босим ҳам дейдилар. Дарҳақиқат, у машъум йилларда босим ҳам, таъқиқ ҳам кучли бўлган. Лекин репрессия биз учун атамагина эмас, аянчли тақдир, фалокатли тарих ҳамдир. Шу маънода иккала истилоҳ ҳам халқимиз бошдан кечирган даҳшатни ифода қилолмайди. Миллионларнинг ёстиғини қуритган репрессияни қатағон, босим эмас, истибдод деса тўғрироқ бўлади. Истибдод чекланмаган ҳуқуқ билан жабр-зулм ўтказиш демакдир. Бу сўзда босим ҳам, ҳақсизлик ва шафқатсизлик ҳам, зиндон азоблари ҳам бор. Истибдод дод сўзига ўзакдош эмас. Лекин бу калимада жабрдийдаларнинг доду фарёди эшитилиб туради.
Мустабид тузумнинг тутқунлиги ― истибдод, мустақил Ватаннинг эркинлиги ― истиқлол. Истибдоднинг заволи, истиқлолнинг камоли мангу бўлсин.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:11
Қойил!

Биз гапни қойил қиламиз, бошқаларга қойил бўламиз, лекин қойил ўзи нима, маъноси қандай ― суруштирмаймиз. Қойил ― сўзловчи дегани. Бу сўз аслида сўзамол одамга нисбатан ишлатилган. Гап билган қойил, иш билган омил аталган. Қойиллар ва омиллар баҳсида сўзамоллар устун келган чоғи, омил сўзи чекиниб, қойил сўзи ғолиб бўлди ва омилнинг ҳудудларини-да эгаллади. Ишга устани ҳам қойил дейдиган бўлдик. Биров тўп тепишни қойиллатса, биров ёғоч йўнишни қойиллатади. Биз эсак уларга қараб жим турсак ҳам қойил бўламиз. Ҳунар эгаси қойил мақомини олгач, ўринлатиб бажарилган ишни қойилмақом дейдиган бўлдик..
Бу оламда қойилмақом ишлар кўп. Ёқа ушлаб тавбалар дейсиз. Нашриётда муҳаррир бўлиб ишлардим. Бир шеърий баёзни босмахонага топширдик. Бир ой ўтиб терилган нусҳа ― корректура келди. Не кўз билан кўрайликки, бирор саҳифа бехато ёзилмаган. Харф терувчи ҳамма шеъларни ўзи тушунганча тўғрилаб чиққан. Музофот мукофотга, мухаммас мусалласга, пеша тешага айланган. Ҳаммасидан қизиғи, бир ғазалхон шоиримизнинг, Не муаттарликки бор, ул мушки анбардин келур, деган сатрини мушук омбордан келур, деб тузатибди. Ўша харф терувчини суҳбатга чақирдик. Хатоларини кўрсатдик. У эса узр айтиш ўрнига биз билан баҳс қилишга тушди. “Мушук омбордан келади-да, бошқа қаердан келади,” деб туриб олди. Биз сўзларнинг маъносини чақиб, қозоқнинг тўққиз пулидек қилиб тушунтирганимиздан кейин ҳам хатосини бўйинга олмади, ўзимизни айбдор қилди. ― Одамзод тушунадиган қилиб ёзинглар-да, ― деди у бизга ва ғолибона қадам ташлаб чиқиб кетди.
Ўшанда биз ижодкорлар, муҳаррирлар эмас, оддий харф терувчи устун чиқди. Унинг айтганлари ўша замоннинг сўзи, давлатнинг, ҳоким мафкуранинг талаби эди. Йўқсил маданияти дея аталган дунёқарашнинг ифодаси эди. Биз ҳаммамиз насл-насабимизнинг уламо, мударрис ўтганини яшириб қашшоқ, батрак бўлган дея кечмишимизни гўёки улуғлаган бўлардик, ёзган шеърларимизнинг оддийлиги, жўнлиги билан мақтанар эдик. Шоир учун энг буюк мақтов ― шеърининг оддийлиги ҳисобланарди. Етмиш йил ҳокимлик қилган бу сиёсат бошқа тиллар каби ўзбек тилини ҳам абгор қилди.
“Одамзод тушунадиган қилиб ёзинглар-да!” Қойил! Лисоний бойлик юз минглаб сўзларни ўз ичига олади. Лекин инсонга тириклик ўтказиш учун уч-тўрт минг сўзни билиш кифоя. Кўчада ўйнаб юрган гўдакнинг луғат бойлиги юзта сўздан ошмайди. Унга шу етарли. Уни ҳам қойил деймиз. Агар ўша қашшоқликка сиғиниш мафкураси яна эллик йил давом этса, сўз хазинамиз гўдакнинг луғат бойлигидек бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди.
Жаҳолатнинг энг олий даражаси нодонлик билан ғурурланишдир. Қуръонни танимаслик, тасаввуфни англамаслик, мумтоз шеъриятни уқмаслик, тарихимизнинг улуғвор саҳифаларини тан олмаслик, халқ қадриятларини билмаслик ва бу билан гердайиш ҳар бир амалдор учун фарз эди, юксак мартабаларга кўтарилишнинг равон йўли эди. Бундай кўзқарашни юрагига жо қилган кишилар ҳозир ҳам бор. Қулликка кўнган ва кўниккан бу тоифа кишилар ҳануз кечмишни соғинадилар, эгаллаган ўриндиқларини қўмсайдилар. Уларга ҳам қойилмиз.
Айтар сўзни айтдим. Яна нима демоқчи эдим? Дарвоқе, гап орасида қозоқнинг тўққиз пулидай, деган ибора тилга олинди. Тўққиз пул нима эканини ёши улуғ кишилар билишади. Билмаганлар билиб қўйса ёмон бўлмас.
Аввало пул ўзи нима? Луғатларда пул юнонча сўз дейилган. Тийин маъносида. Форс тилида бу сўз кўприк демакдир. Ажабки, юнонча пул билан форсча пулнинг мазмуни туташ. Кўприк қирғоқларни туташтирса, пул олди-берди қилувчи одамларни туташтиради.
Юртимизда пул муомиласи тарихи жуда қадим замонларга бориб етади. Соҳибқирон бобомиз зарб қилдирган олтин тангалар дунё саҳнида ҳозирги доллар, евро каби қудратга эга бўлган. Тангамиз Россияга бориб деньги бўлди, олтинимиз алтын шаклига кириб пул бирлигига айланди. Қарангки, рус тангалари олтин эмас, кумушдан, кумуш аралашмасидан, бора-бора мисдан зарб этилиб, қадри тўққиз пулга тушганда ҳам номи алтын бўлиб қолаверди. Энг қадрсиз нарса тўққиз пулга қиммат дейилганидек, руслар, ни гроша, ни алтына нет, деб қуруқ чўнтакни айтадиган бўлдилар.
Қозоқ тўғри ва содда халқ эмасми, сартчалик, ё ўзбекчалик савдога уста бўлмаган. Бухорода зарб қилинган турли-туман тангаларнинг ўлчовини фарқламай, савдони жўнгина русча пул ҳисобида қилган. Русларнинг грош дегани уч пул, алтын дегани тўққиз пул бўлган. Шу сабабдан оддий тушунарли нарсани қозоқнинг тўққиз пулидай, дейилади. Ажабки, бундай пул бирликларининг йўқ бўлиб кетганига юз йилдан ошса ҳам маталга айланган ибора ҳали тирик. Ҳикматли Сўзнинг умрбоқийлигига қойил бўлмай илож йўқ.
Пул ҳақидаги сўзни Ҳазрат Навоий сатрлари билан тугатгим келади. Улуғ устоз бу сўзнинг ҳар икки маъносини истифода этганлар:

Кирпик эрмаским, Навоий ўтгай ул чобук дебон,
Кўз қаро суйиға боғлайдур қамишлар бирла пул.


Яъни кўз ёшим бамисоли оқиб келган сел, тошқин қора сув. Севгилим бу сойда ғарқ бўлмасин дея киприкларимни қамиш қилиб кўприк солдим. ― Гўзал ташбеҳ, беқиёс муболаға!
“Сабъаи сайёр”да нўноқ котиблар устида сўз бораркан, улар учун китобат санъатидан кўра моддий манфаат юқори туриши шундай тасвирланган:

Қора пул узра можаро қилса,
Юзидек сафҳани қаро қилса...

Қора пул бу ўринда арзимас чақа маъносида келган. Қора чақа учун қоғозни қора қилувчи хаттот қоғозни эмас ўз юзини қора қилади. Бошқа бир байтда айтиладики, инсонни икки дунё бахту саодатига олиб боручи йўл ― сироти мустақим, ҳақиқат кўприги орқали ўтгувчи шариат йўлидир. Бу пулдан, яъни кўприкдан ўтмай жаннатга киролмассан.

Сироти мустақим ўлди шариат
Ки, жаннат топмоғунг ўтмай бу пулдин.

Ҳазратнинг ушбу байти ила қойил сўзи ҳақидаги сўзга нуқта қўйдик.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:16
Қилиб туркларча яғмони



Шарқнинг буюк шоири Ҳофиз Шерозийнинг дунёга довруғи кетган нодир ғазалини биласиз, ёд олгансиз, севиб такрорлайсиз. Ғазал шундай байт билан бошланади:

Агар он турки шерозий ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.

Шоир Хуршид маромига етказиб уни ўзбек тилига таржима қилган:

Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.

Рус тилида бу байт шундай жаранглаган:

О, если та ширазская турчанка
Захочет сердцем моим обладать,
Я не поскуплюсь за родинку на щечке
Ей Самарканд и Бухару отдать.

Бу гўзал байтда Турки шерозий, ёки Шероз жонони, ва ё Ширазская турчанка дея ким тасвир этилган? Бунда не мажоз борки, қарийб етти юз йил ўтса ҳам унутилмайди, бизни ҳайратга солади. Нега Рум гўзали эмас, Чин париси эмас, айнан турк жонони учун шоир дунёнинг энг чиройли икки шаҳрини бағишлади? Бунда не ҳикмат бор? Туркнинг бошқалардан айрича белгиси нима?
Бу саволга жавоб излаб “Девону луғатит турк”ни варақлаймиз:
ТУРК ― Тангри ярлақагур Нуҳ ўғлининг оти. Бу от Нуҳ ўғли Турк авлодларига Тангри берган номдир.
Улуғ Тангри айтади: “Менинг бир тоифа аскарим бор. Уларни Турк деб атадим. Уларни кунчиқарга ўринлаштирдим. Бирор халқдан ғазаблансам, туркларни уларга қарши йўллайман.”
Бу нарса уларнинг (туркларнинг) бошқаларга нисбатан фазилатли эканини кўрсатади. Хатто Тангри уларга ўзи от қўйган, исм берган. Уларни энг баланд ерларга, хушҳаво жойларга ўрнатган ва ўзининг ботирларидан санаган. Туркларда кўркамлик, ёқимлилик, одоблилик, сўзининг устидан чиқишлик, дадиллик, камтарлик каби мақташга сазовор хулқлар сону саноқсиз...
Ушбу иқтибос “Девон...”нинг ўзбекча таржимасидан айнан кўчирилди. Эътибор беринг, туркларнинг фазилатлари саналганда биринчи навбатда кўркамлик айтилган. Дарҳақиқат, тарихга оид рисолаларда туркларнинг адил қоматли, хуш сувратли инсонлар экани ёзилади. Айниқса шеъриятда турк сўзи гўзаллик тимсолига айланган. Ҳофиз байтида ҳам турки шерозий Шероз гузали маъносида келган. Шоир Хуршид байт моҳиятини чуқур англаб, Шероз жонони, дея аслиятга мос сўзни топабилган.
Турк атамасининг яна бир мазмуни бор. Барча эски луғатларда бу — халқ номи экани билан бир қаторда жангарилик, жанговарлик, аскарлик маънолари ҳам айтилган. Турк ёнида турктоз, турки торож, турки яғмо, турки фалак, турки хито, туркизарб, турки ҳижоз, туркона аёғ, туркона соз, туркигўй сингари сўзлар келади ва уларнинг ҳар бирида халқ тарихи, хос белгилари яшириндир.
Сиз турктознинг отлиқ аскар эканини, турки торож, турки яғмонинг жангу жадал маъносини биласиз. Турки фалак ― Миррих сайёраси, Марс демакдир. Қадимги юнонлар жанг, қирғин тангрисини Марс деганлар ва Миррих сайёрасининг қизил рангида қон белгисини кўриб, уни ҳам Марс атаганлар. Шарқда туркнинг жанговарлиги шу даражада машҳур бўлибдики, Миррихни ҳам турки фалак дея атабдилар. Бу халқнинг кўркам чеҳраси, юзидаги нур тилларда достон бўлибдики, қуёшни турки хито, яъни Хитойдан, шарқдан кўтарилган турк дебдилар. Туркнинг хусни, баҳодирлиги, шаҳарлар устига от солиб келиши шеърий мажозга айланибди. Шоирлар маъшуқанинг гўзаллигини ҳам, юракни забт этишини ҳам, ошиқ жонига офатлигини ҳам, ёрдан етган хижрон изтиробларини ҳам турки яғмо сўзи билан ифодалайдиган бўлдилар.
Ҳофизнинг ўша машҳур ғазалида шундай байт бор:

Фиғон к-он лўлиёни шўхи ширинкори шаҳрошуб
Чунон бурданд сабр аз дил-ки, туркон хони яғморо.

Бу байт маъносини таржимон шоир соддагина қилиб ўзбекчага шундай ўгирган:

Шу алдоқчи, қизиқчи, фитнагар шўхлар қўлидан дод,
Кўнгулдан элтдилар сабрим, қилиб туркларча яғмони.

Алдоқчи, қизиқчи, деган сўзлар сизга жуда жўн, мумтоз шеърият услубидан йироқ туюлиши мумкин. Балки, байтдаги форсий сўзларнинг ҳаммаси ўзбек мумтоз адабиётда бор-ку, нега Хофиз сўзлари таржимада айнан қолдирилмаган, дерсиз. Гап шундаки, халқимиз эски ўзбек тилини унутиб қўйган, буюк шоир ишора қилган тимсолларни англашдан йироқ эди. Ҳозир ҳам шундай. Лўлиён, ширинкор, шаҳрошуб сўзларини замонавий луғатлардан тополмайсиз. Шу боис шоир Хуршид байтни жўнгина, бизга тушунарли қилиб ўгирган.
Фақат турклар эмас, бошқа бирнеча халқлар ҳам ўзларининг хос белгилари билан тимсолга айланганлар. Ўзбекнинг тўғрилик ва соддалиги, лўлининг шўхлик ва алдоқчилиги, ҳиндунинг нозу карашмаси, қорачалик белгилари ташбеҳларга сингиб кетган. Хофизнинг ушбу ғазалида ҳинду ҳам, ― ба холи ҳиндуяш бахшам ― турк ҳам, ― турки яғмо, турки шерозий, лўли ҳам, ― лўлиёни шўх ― бор. Уларнинг ҳар бири катта меҳр билан тилга олинган. Дунё билган, таниган халқлар, шуҳрат топган жой номларининг тизилиб келгани ― Самарқанду Бухоро, Рукнободу Мусалло ― дилбар самимият, юксак маҳорат билан омухта бўлиб, ғазалнинг жаҳоншумул довруғини таъминлаган.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:23
Илми ғайб

Болалигимизда “мушт кетди” деган ўйинимиз бўларди. Маҳалла болалари бир қаторга тизилиб ўтирардик. Ёши каттароқ, донороғимиз бошловчилик қилар, қаторда биринчи ўтирган боланинг қулоғига шивирлаб бир сўз айтарди. У бола эшитган сўзини ёнидаги ўртоғининг қулоғига шивирлар, ўртоғи ўртоғига айтиб, ўн-ўн беш тилдан ўтгач, охирги бола эшитган сўзини овоз чиқариб айтарди. Бу сўз одатда бошловчи айтганидан тамоман бошқа бир сўз бўларди. Аслида тошбақа бўлса, охирида мошкичирига айланарди. Маза қилиб кулишардик. Бошловчи ким нима эшитгани, қўшнисига нима деганини бирма-бир сўраб чиқарди. Тошбақанинг қай йўсин мошкичирига айлангани маълум бўларди. Тошбақа ― бошқача бўлиб, бошқача мошқачага айланиб, у ҳам мош қанча шаклини олиб, яна уч-тўрт юмалаб мошкичири бўлгани ажиб ҳангома эди.
Ўйласам, Сўз оламининг эврилишлари улкан “мушт кетди” ўйини экан. Ҳар калима минглар, миллионлар тилидан ўтиб, баъзан аслиятга мутлақо алоқасиз сўзлар пайдо бўларкан. Биз эсак шаҳру қишлоқларимиз, минг хил ашёларимиз, дарахту кўкатларимиз номини танимай, асли нима эди, деб юрар эканмиз. Қўқон ― ҳўк ― тўнғизга кон бўлган, Форишнинг номи Париж, Паркент аслида Парикент эди, дея таҳминлар қиламиз. Форишга қўшиб Фарғонадаги Боғдод, Самарқанд яқинидаги Мотритга Соҳибқирон бобомиз ном берганлар, Париж, Мадрид, Бағдод шаҳарлари номи билан қишлоқларни атаганлар, дея ривоят тўқиймиз. Ҳақиқат эса тилсим қулфлик сирлар сандиғи ичида яширин, уни аниқлашдан кўра тошбақанинг мошкичирига айланганини билиш осонроқ экан.
Бундай ҳол фақат бизларда эмас, дунёнинг барча тилларида бор. Жуда кўп мамлакатлар, элу элатларнинг номи қандай маънони англатиши, аслида қандай аталгани номаълум. Биз ўзимиз ҳам ўзбек деган номимиз қачондан бери мавжуд, асл маъноси нима, тахмин қиламиз холос. Ҳар янги топилган хужжат шаҳарларимиз ёшини улғайтириб боргани каби ҳар янги археологик кашфиёт тарихимиз тўғрисида янги фаразни яратади.
Дейдиларки, халқ ва мамлакат исмининг мазмунини бошқа тиллардан ахтариш даркор. Негаки, ном халқнинг ўзига эмас, яқин ва узоқ қўшниларга керак, уларни бошқалардан фарқлаш учун керак. Араблар бошқа ҳамма халқларни Ажам деганлар, ҳиндлар учун ўзларидан бошқа барча Хуросоний бўлган. Тошкентлик ҳам тошкентлик бўлмаганларни Анди атаган. “Ўтган кунлар” да бу тўпори одат ёрқин бадиий ифодасини топган.
Биз ўз миллатимиз номини ўзбек деймиз ва ўзига бек бўлган халқ дея талқин қиламиз. Қозоқлар, ўзбек ўз оғам, дейди. Бу ҳикматли сўз ўзбеклар ҳам қадимда кўчманчи чорвадор халқ бўлгани, қозоқ билан ёндош поёнсиз яйловларда от сургани учун айтилган бўлса ажабмас. Ҳазрат Навоий ҳам ўзбекни чўл фарзанди, бағри кенг, содда бир қавм шамойилида суйиб тасвир этганлар.
Ҳалол она сутидекдур гар ўзбаким тутса
Тобук қилиб юкуниб тўстағон ичида қимиз.

Тобук қилиш ― эгилиш, тавозе кўрсатиш дегани. Тўстағон ― қимиз ичадиган ёғоч коса. Бугунда чойхўр дея ном чиқарган ўзбек, демакки, Навоий замонида қозоқ қардоши каби қимизхўр бўлган, қўшни халқнинг ўз оғаси бўлган. Қозоқ-чи? Унинг номи қандай пайдо бўлди? Мирзо Бобур ўзининг қувғинда юрган чоғларини қазоқ деган ибора билан баён этган. “Андижонга келгандан сўнг Али Дўстнинг атвори тамом ўзгача бўлди. Менинг била қазоқлиқларда ва меҳнатларда бўлғон кишилар била ёмон маош қилиша киришди.” Қазоқлиқ ва меҳнат ― қочоқлик ва азоб-уқубат демакдир. Яна бир ўринда: “Тўлун Хожа отлиқ Бориннинг мардона ва саромад қазоқ йигитларидан эди...” дейилган. Қазоқ бу ерда саҳро одами, кенгликларда юрган озод одам маъносида келган. Бу каби ном олган халқлар, қавмлар дунёда бор. Дон, Кубан казаклари ҳам қозоққа отдош бўлганлар. Қозоқнинг эрки ўз қўлида бўлганидек, казак ҳам вольный казак дейилган. Поляк дала одами, саҳройи дегани. Қипчоқ даштидан Русияга таҳдид солган кўчманчи халқлар ҳам половецлар, яъни саҳройилар эди. Украина ― чекка ер, эски ўзбек тилида айтсак, қир маъносини билдиради. Бу ўлкада яшаган гайдамаклар ўзимизнинг хайдамак сўзимиздан ном олганлар. Улар ҳам, болқонда озодлик учун курашган гайдуклар ҳам қозоққа отдош десак бўлади. Руслар край деб атаган жамъи ерларни қир десак адашмаймиз. Айтаберсам, дунёнинг ярми қозоқ бўлиб чиқади.
Агар биров сизга Ўзбекистон, Қозоғистон ― ўзбек ва қозоқлар тўхтаган станция, деса албатта куласиз. Кулманг. Форсча истодан ва ситон, инглизча stand ва station, русча становиться ва стан (полевой стан, летний стан), француз тилидан русча орқали бизга етиб келган станция ва казаклар яшайдиган станица ― бари бир ўзакдан чиққан. Стан ― туриладиган ер, село ― ўтириладиган ер. Шу ўринда бир савол: остона сўзи ҳам ситон билан қариндошми? Ундай десак, дўстона, мардона, ошиқона, деган сўзларимиз бор. Уларда ўзак дўст, мард, ошиқ бўлгани каби остонанинг ўзаги ост бўлиши керак. Ахир остона остимизда бўлади-ку! Мабодо сиз бу ишончли, мантиқли гапга хўп десангиз... янглишасиз. Шоир сўзи ёлғондир, деган қадимги ибора рост бўлиб чиқади. Остона ҳам ситон ўзагидан. Ситона ва остона бир сўз.
Остонани биз бўсаға деб ҳам атаймиз. Бўсаға қандай сўздан олинган? Бу саволга шоирона жавоб шундай:
Ўпмоққа қўлин бермади, остонани мен зор Ўпдим, бўсаға бўсаға ном олмади бекор. Яъни, ёр қўлидан ўпмоққа борган ошиқ ниятга етолмай, остонасини ўпиб қайтди. Бўсаға аслида бўса учун, бўсага, асл ўзбекча айтсак, бўсаға жой демакдир. Сиз бу лутфни тушунасиз ва шоирни ёлғончига чиқармайсиз, деб ишонаман. Бўсаға асли қандай сўздан олинган? Буни бизга олимларимиз айтсин.
Ситон сўзи аслида санскрит тилидан тарқалган, дейилади. Ҳозир ҳеч ким санскрит тилида гапирмайди. Бу каби умрини тугатган тиллар дунёда кўп. Улар минг-минглаб сўз ва атамаларни ўзлари билан қабрга олиб кетганлар. Бизга Сўз қандай шаклда етиб келган бўлса, шундай айтамиз, қай мазмунни касб этган бўлса шундай қабул қиламиз. Одамзодга аён бўлмаган ва аён бўлмас, биргина Тангри таолога маълум сирлар олами илми ғайб дейилади. Сўзнинг мўжизавий дунёси ҳам инсон ақли етмас илми ғайбдир.

Erkin Vohidov
04.02.2014, 15:26
Баркамол соддалик

Одатда шоирлар маҳорат пиллапояларидан юксалиб, аввал соддаликдан мураккабликка, сўнг мураккабликдан яна соддаликка қараб борадилар. Лекин бу орқага қайтиш эмас. Икки соддалик ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Дастлабки соддалик жўнлик даражасида бўлса, кейингиси баркамоллик саналади. Шеърим соддаликда шуҳрат қозонган, деб ёзганда Ғафур Ғулом бадиий маҳоратнинг юксак босқичини кўзда тутган.
Ўйласам, тиллар тараққиёти ҳам шундай босқичлардан ўтар экан. Дунёда луғат бойлиги мингта сўзга етиб етмайдиган ибтидоий қабилалар ҳам, сўз хазинаси миллиондан ошадиган мутараққий миллатлар ҳам бор. Қабила учун мингта сўз етиб ортади, лекин маданияти юксак халқларга миллион ҳам камлик қилиб, бошқа тиллардан сўз оладилар.
Тилларни қиёсий ўрганувчи олимлар сўз қурилишининг соддалигини, қоидаларнинг аниқ ва изчиллигини, истисноларнинг камлигини муайян тилнинг баркамоллиги деб қарайдилар. Бу айни ҳақиқат. Тил тараққий этгани сари чигалликлардан қутулиб борар экан. Шу ўлчов билан торозуга қўйсак, ўзбек тили дунёнинг энг ривожланган тиллари қаторида туради.
Баркамоллик сўз ясашнинг соддалиги, қулайлигидан бошланади. Биз икки сўзни ёнма-ён қўйиб, ортиқча қўшимчаларсиз янги сўз ясаймиз. Сопол товоқ, темир йўл, кумуш қошиқ, ёғоч оёқ, тахта кўприк, тилла узук, деймиз-қўямиз. Бошқа тиллардаги каби икки сўз ўртасига воситачи тиркама қўйиб ўтирмаймиз. Инглизларда ҳам сўз ясаш жуда оддий. Оёқнинг ёнига тўпни қўйиб, футбол сўзини қурганлар. Ўзбекчада оёқ тўп деса бўлади. Лекин рус тилида нога билан мячь ўзича бириколмайди. Уларни қўшиш учун дастлаб нога сўзини сифатга, яъни ножнойга айлантириш керак. Энди мячь сўзининг музаккар ё муаннаслигини, мужской ё женский родда эканини аниқлаш лозим. Охирида юмшатиш белгиси бор сўзларнинг ярми музаккар, ярми муаннас. Буни аниқлашнинг қоидаси йўқ. Мячь ножной бўладими ё ножная? Нега нога сўзи сифат шаклига кириб нож бўлди ва пичоққа айланди? Билмаган одам билмайди. Бундай мураккабликлар тилнинг безаги эмас.
Биз ўз тилимиздаги соддалик ва аниқлик қадрига етишимиз керак. Бошқа тилларга тақлид қилиб сўз ясаш қоидасини илмий таҳрирдан ўтказишга ҳожат йўқ. Нон дўкони, қўл соати, қор одами, кўз ёши ― ясама сўзлар. Оддий халқ ― қўл соат, нон дўкон, қор одам, кўз ёш дейди ва ўзбек тили қоидасига риоя қилади. Қоида яратувчилардан кўра тўғрироқ айтади. Ахир билак узуги, ер ёнғоғи демаймиз-ку. Ҳамма бирдай билагузук, ерёнғоқ дейди.
Биз бирор калимага оддийгина чи қўшсак касб-ҳунар эгасининг номи чиқади. Ишчи, ёзувчи, ўрмончи, бўёқчи, асалчи каби. Бундай содда сўз ясаш ҳам барча тилларга хос эмас. Руслар биз санаган атамаларни рабочий, писатель, лесник, маляр, пчеловод дейдилар. Ҳунар эгаси ясашнинг шакли кўпу аниқ қоидаси йўқ. Ҳар сўзнинг бирлиги ва кўплигини ёдлаб олиш керак бўлади.
Биз бирор ишга ё воқеага сабаб бўлган одамни сабабчи деймиз. Рус тилида причина бор, лекин бу сўздан сабабчи ясаб бўлмайди. Шу боис тўй-тантана сабабчисини ярим ҳазил билан виновник торжества дейдилар. Бошқа сўз бўлмаса нима қилсинлар?
Жўналиш келишиги ясаш ҳам ўзимизда осон. Ҳамма сўзга тиркаса бўладиган га қўшимчамиз бор. Руслар Киевга борсалар в Киев, Украинага борсалар на Украину, ишга кетсалар ― на работу, ишхонага ― в кабинет, уйга эса ― домой, дейдилар. Кавказга бошқа, Бокуга бошқа, далага, овга бир хил, гулзорга, дарёга бошқа хил, даволанишга алоҳида, шифохонага алоҳида сўқмоқ орқали борадилар. Бу сўқмоқларда адашиш ҳеч гап эмас.

Nigora Umarova
04.02.2014, 15:43
Ушбу мақолалар туркуми "Китоб дунёси" газетасида ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи чоршанба кунлари чоп этиб борилмоқда. Уни тақдим этишганлиги учун ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидовга, "Китоб дунёси" газетасининг бош муҳаррири Шодмонқул Саломга форумдошлар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Шодмонқул Салом: Газетанинг ўтган йили сонида чоп этилган атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сўз — забаржад, сўз — гавҳар, олтин” сарлавҳали мақоласи ўқувчиларимиз томонидан катта ҳаяжон ва қизиқиш билан қабул қилинди. Сўз тақдири, тилимиз кечмиши ва келажагига дахлдор бўлган бу мақоланинг узвий давоми ўлароқ пайдо бўлган қуйидаги мақола ҳам бевосита ва билвосита Сўз кўрки, тарихи, тилдаги ҳаёти хусусидаги ўзига хос тадқиқотдир. Шу боисдан ушбу мақолани ҳам “Сўз — забаржад, сўз — гавҳар, олтин” сарлавҳаси остида беришга қарор қилдик.

Erkin Vohidov
20.02.2014, 12:02
НАРХИ НАВО ВА ОБУ ҲАВО
Биз наво сўзининг биргина маъносини биламиз. Ҳазрат Навоийга тахаллус бўлган куй, қўшиқ, оҳангни тушунамиз. Дарҳақиқат, наво аксар шу мазмунда келади.
Бир вақтлар “Муштум” журналининг, нарх-навони қандай тушунтирасиз, деган саволига шундай ҳазил жавоб берилган эди:
Наво ― қўшиқ, мусиқа, оҳанг,
Нарх маъноси ― баҳо бўлади.
Нархни кўриб ашула айтсанг,
Ўшанда нарх наво бўлади.


Бу аскиянамо жавоб наво сўзини фақат бир маънода тушунувчиларга ҳам қаратилган ҳазил эди. Аслида, нарх-навонинг ашулага алоқаси йўқ. Ҳаёт учун зарур бўлган нарсалар мажмуи ҳам наво дейилади.


Навосиз улуснинг навобахши бўл,
Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл!


Сиз кўп бор эшитган бу байтдаги наво айнан шу мазмунда. Навосиз улус ― эҳтиёжманд халқ. Бенаво ҳам шу. Навобахш бўлмоқ ― бенаволарга нажоткор бўлмоқдир. Улуғ шоир ва давлат арбобининг ўз укаси Дарвешалига қилган насиҳати юксак инсонпарварлик тараннуми бўлиб қалбларимиздан жой олган.
Нархи наво ― фақатгина лозим нарсалар баҳоси эмас. У кенг тушунча ― бозорнинг аҳволи, қимматчилик ё арзончилик белгиси, халқнинг турмуш даражасига кўрсатгич.
Наво сўзи тўғрисида бир оғиз сўз: Бу калиманинг маънолари кўп. Тартибу интизом, ризқу емак, лашкару қурол, бойлигу равнақ, фарзанду авлод, сабру шукрона, туҳфаю садақа, тутқунлигу занжир ..
Ҳофиз Хоразмийнинг шундай байти бор:


Фақр йўлига бос қадам, изла навони дам-бадам,
Хони жаҳонда чунки йўқ ҳеч наволага наво.

albatros
27.12.2014, 12:00
Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовдан муҳлислари учун яна бир ажойиб туҳфа! Яқиндагина ўзининг "Сўз латофати" китоби билан китобхонларни хушнуд этган шоир, яна бир янги "ЯНГИ ШЕЪРЛАР" деб номланувчи китобини нашрдан чиқарди.
Китобда шоирнинг сўнги йилларда ёзган шеърлари (китобнинг номидан ҳам буни англаш қийин эмас), шунингдек болалик даврларида ёзган, аммо маълум сабабларга кўра эълон қилинмай қолиб кетган шеърлари, ва яна Дўрмон мушоираси туркумидан бир қатор ҳазил шеърлар ўрин олган. Китоб "Вафо", "Дўрмон мушоираси", ""Дафтарларда қолган сатрлар" туркумидан", "Шогирдлик ҳазиллари" каби бўлимлардан иборат.
Ҳикматларга йўғрилган, шунингдек, ҳазил-мутойиба мазмунида битилган кўплаб шеърлар барча мухлислар учун ажойиб совға бўлса ажаб эмас!


http://img.uz/d/2014/12/549e579b64c6d.jpg (http://img.uz/)

Тўкислик

Бутликкка не етсин,
Камликдан кўра
Инсон тўкис бўлиб юргани яхши.
Лекин Яратгандан бир бахтни сўра,
Нимангдир етмасдан тургани яхши.

Шукрона дилингга ошно бўлсину
Армоним йўқ, десанг хато бўлади.
Дунёнинг энг кўҳна фалсафаси бу:
Орзу ўлса ҳаёт адо бўлади

Эркин ВОҲИДОВ
"Янги шеърлар" китобидан

albatros
02.04.2015, 14:39
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ Шоири Эркин Воҳидовдан саккиз жилддан иборат “Тўла асарлар тўплами” мухлислари учун кутилмаган совға бўлди десак, муболаға бўлмаса керак.
Шундан тўрт китоб умрнинг тўрт фаслини ифода этувчи ижод намуналаридан иборат. Улар асосан шеърлар, достонлар, драма ва баъзи таржималардан тузилган.

Биринчи китоб: “БАҲОР ТАРОBАТИ”
Иккинчи китоб: “ЁЗ ҲАРОРАТИ”
Учинчи китоб: “КУЗ САҲОВАТИ”
Тўртинчи китоб: “ҚИШ ҲАЛОВАТИ”

Мақолалар, баҳслар, адабий ўйлар, суҳбатлар, шарҳлар, хотиралар, ҳикматли ёдномалар, турли таржималар кейинги жилд китобларидан ўрин олган.
Бешинчи китоб: “ҚАЛБ САДОҚАТИ”
Олтинчи китоб: “ЭРК САОДАТИ”
Еттинчи китоб “ФАУСT” (Гётенинг шу номли достони таржимаси)

Саккизинчи китобда ҳам турли таржималар киритилган бўлиб, унда француз адиби Виктор Гюго, рус шоирлари Сергей Есенен, Александр Блок, Михаил Светлов асарларининг шоир томонидан қилинган таржималари ўрин олган.
Ҳамиша халқ, Ватан, миллат дарди билан елкадош огоҳ дил билан яшаган сермаҳзул шоиримизнинг бу туҳфаси шоир мухлислари қалбидан ва китоб жавонидан муносиб ўрин олишига ишонамиз.

http://img.uz/d/2015/04/551d0d9cdca34.jpg (http://img.uz/)

albatros
08.05.2015, 10:42
Ўйлайман, очилса ҳар йил навбаҳор
Мовий кенгликларда алвон лолалар,
Булар лола эмас, ёт элларда зор
Лолага айланган аскар болалар.

Ўйлайман, офтоб уйғониб саҳар,
Кунчиқар уфқига тикканда ялов,
Бу гулгун шафақмас, осмонга қадар
Бевалар оҳидан туташган олов.

Ўйлайман, ҳар кеч шамс етса заволга,
Борлиқнинг тугамас мотами ростдир.
Тун эмас, оналар эгнида қолган
То маҳшар ечилмас қора либосдир.

Юр, болам, Майдонга борайлик бугун,
Қўлингда дона гул яноғингдек ол.
Бу гул сенинг бахтинг, шод кулгинг учун
Фидо бўлган бобонг қалбига тимсол.

Йўқ, сен ўзинг гулсан, ватанинг – чаман,
Улғай, асл зотинг унутма сира.
Билки, қадр билмак аслида – Ватан,
Ватаннинг маъноси боқий хотира.

Эркин ВОҲИДОВ

Nigora Umarova
28.07.2015, 14:12
Кеча "Туркистон" саройида бўлган концертга бордик. Ёшгина(тўғрироғи ўрта ёшлардаги) қизиқчи одамларни кулдираман деб Эркин Воҳидовнинг "Нидо" достонининг турли шеваларга солиб тўртлик шаклида ўқиб берди: хоразмча, бухороча, наманганча, андижонча, ҳатто Тошкентнинг Эски шаҳар шеваси ҳам қолмади. Одамлар маза қилиб кулишди.
Тўғриси, қизиқчининг кулдираман деган гапларини эшитиб ижарғандим. "Нидо" кучли дард билан, отани қўмсаб ёзилган достон. Одамларни кулдириш учун эмас. бечора қизиқчи достон билан шеърнинг фарқига бормас экан, "савод гуллаган".
Ёнимда қизиқчининг гапларига кулаётган одамларга ҳайрон бўлиб қарадим. Нимага кулаётганликларини билишармикан? Ўлганнинг устига тепган эмасмикан бу?!.
Эҳ.... "Нидо"даги сатрлар хаёлимдан чарх ура бошлади.
"...Менинг тенгсиз армоним,
Юрак қони билан битган достоним-
Сизга бағишладим, ОТАЖОН!..."
Саҳна ҳаётдан юқори туради. Бироқ бачканалик туфайли уни омма олдида пастга урилишига гувоҳ бўлдим. Аввалги томошада кўрганим, "Ўнгга қараб чапак чалинг. Чапга қараб чапак чалинг. Энди ўзингизга-ўзингиз чапак чалинг. Баракалла..."дан ҳам ошиб тушди буниси.
Ёки, қизиқ, мен кулгуни тушунмай қолдиммикан-а?!...

Sparc
28.07.2015, 14:38
қизиқчи одамларни кулдираман деб Эркин Воҳидовнинг "Нидо" достонининг турли шеваларга солиб тўртлик шаклида ўқиб берди: хоразмча, бухороча, наманганча, андижонча, ҳатто Тошкентнинг Эски шаҳар шеваси ҳам қолмади.
Шу қизиқчи туфайли одамлар Эркин Вохидов ёзган "Нидо" достони борлигини билишибди, ҳеч бўлмаса айримлари достонни топиб ўқишса қанийди.

Nigora Umarova
28.07.2015, 15:17
Шу қизиқчи туфайли одамлар Эркин Вохидов ёзган "Нидо" достони борлигини билишибди, ҳеч бўлмаса айримлари достонни топиб ўқишса қанийди.

"Нидо" достони 5-синфнинг "Адабиёт" фанида мактаб дастурига киритилган.
Шеър билан достоннинг фарқига бормайдиган қизиқчидан одамлар нимани ҳам ўргана олишар эди?...

Nigora Umarova
24.11.2015, 10:37
УЯТЧАНЛИК

Бу қалтис дард,
Зийрак бўлинг,
Белгилари аёндир:
Бош сал эгик, қўл кўкракда,
Тил чучук, юз алвондир.

Уларга кўп дуч келганман,
Кўнглим дарҳол сезади.
Уятчанлар одоб билан
Юрагимни эзади.

Мана, унга каранг!
Хушрўй,
Мўмингина боладир.
Порахўрмас, кўлингизни
Қайтаролмай оладир.

Дўкондор ҳам кўп уятчан,
Қизил коғоз қасдида
Бош кўтармас.
Икки кўзи
Пештахтанинг остида.

Бу — отадир,
Аслида у
Оталикка яролмас.
Дада, дея чопиб келган
Боласига қаролмас.

Ҳамкасбим бор —
Соҳиб зиё,
Эл дардини туёлган.
Лекин ҳак сўз айтмокка у
Катталардан уялган.

Бу амалдор кўтарилган
Кимларгадир суялиб.
Трамвайда юрмайди ҳеч
Халойикдан уялиб.

Унга сира иш тушмасин,
Бағринг қонга бўялар.
«Хўп» дегани тортинади,
«Йўк» дегани уялар.

Мулойим зот сеҳргардир,
Нақд қурбони бўласиз.
Кулиб туриб пичоқ урса,
Раҳмат айтиб ўласиз.

Уятчанлик эга шундок
Киши билмас қувватга.
Бир уятчан бутун элни
Қўя олар уятга.

Биз улардан кулсак, ичда
Улар биздан кулади.
Бу касални йўк килмасак
Жуда уят бўлади.

Эркин Воҳидов

Nigora Umarova
24.11.2015, 10:38
Оғриқли саволлар

Чойхонада ошхўрликни бахт деб
билган оғайни,
Шу бир кунлик ҳаловатни нақд деб
билган оғайни,
Қумурсқадек тирикликдан ўзга ғами
бўлмаган,
Дил олами, ишқ олами, руҳ олами
бўлмаган,
Имонни ҳам, виждонни ҳам курбон
қилган халқум деб,
Сени хаёл қилдимми мен куйганимда
халқим деб?
Эл мулкини бир чеккада тинч кемириб
ётган зот,
Беш тийинга қадрини ҳам, халқини
ҳам сотган зот,
Кўкрагида на ҳиммату на ғайратдан
асар бор,
Юрагида на орият, на шавқ бор,
на кадар бор,
Умрида ҳеч қилган эмас мулкдан ўзга
бир ният,
Сени дея тиладимми юракларга ҳуррият

Эй, кўнгилда можаролар орзу килиб
ётган жон,
Тангринг — амал, мартабадир,
пайғамбаринг — шуҳрат, шон.
Бу давлатга ўт қўясан, йўқотасан
хилқатдан,
Гар ҳокимлик тегар бўлса сенга янги
давлатдан.
Қуруқ гапдир сенга Ватан, халқу озод
истиқбол,
Сенинг учун истадимми юртимга мен
истиқлол ?
Мудом кураш азобини фидойилар
кўрганлар,
Инқилоблар ҳосилини муттаҳамлар
ўрганлар.
Сиз ҳам бугун панадасиз, жангга бизни
қайрайсиз,
Биз бу жангда шаҳид бўлсак, аввало сиз
яйрайсиз.
Ғофил халқим! Тингларманми сенинг
наъра — унингни,
Кўрарманми зулуклардан озод бўлган
кунингни?

Эркин Воҳидов

Nigora Umarova
24.11.2015, 10:40
Юрагингда макон тутган қул

Билмам, қандоқ, не сабаб, качон
Ҳаётингга ошно бўлган ул —
Боши эгик, бесўз, беисён
Юрагингда макон тутган қул.

Кимга даъво қилурсан, билмам,
Қайси маслак, кай тузум масъул?
Кетмас бўлиб жой олмиш маҳкам
Юрагингда макон тутган қул.

Исканжадан етим зурриёд,
Қатағондан бева қолган тул,
Кўҳна замин қаъридан фарёд
Юрагингда макон тутган қул.

Бургут эдинг, парвози баланд,
Сенга ҳам ёр зулфқор, дулдул.
Нечук увол мусича монанд
Юрагингда макон тутган кул?

Умр қошу киприк ораси,
Гадоликдан адолик маъқул.
Қуллар ичра энг бечораси
Юрагингда макон тутган кул.

Кел, уйкулик кўзингни оч сен,
Ўз ҳолингдан каҳ-каҳ уриб кул.
Шундай кулки, ичингдан қочсин
Юрагингда макон тутган кул.

Эркин Воҳидов

Sparc
24.11.2015, 11:50
Дўкондор ҳам кўп уятчан,
Қизил коғоз қасдида
Бош кўтармас.
Икки кўзи
Пештахтанинг остида.
Хозирги ёшлар бу сатрлар маъносини тушунишмаса керак, пештахта тагидан сотиш, дефицит деган нарсалар хозир йук хам. Кизил когоз хам актуал эмас, яшил когоз уни урнини эгаллаган.

Nigora Umarova
24.11.2015, 12:10
Хозирги ёшлар бу сатрлар маъносини тушунишмаса керак, пештахта тагидан сотиш, дефицит деган нарсалар хозир йук хам. Кизил когоз хам актуал эмас, яшил когоз уни урнини эгаллаган.
Тушунишмаса тушунтириш керак. :)

Шукурлар, барча нарса бисёр. Бир пайтлар шундай замонлар бўлганини билган ёшлар зора шукроналик туйғусини англашса...

Sparc
24.11.2015, 12:21
Чойхонада ошхўрликни бахт деб
билган оғайни,
Шу бир кунлик ҳаловатни нақд деб
билган оғайни,
Қумурсқадек тирикликдан ўзга ғами
бўлмаган,
Рус тилида обыватель деган суз бор, бу фукаро дегандек гап. Чет элларда уларга эътибор катта. Улар худди биздагидек кундалик хаёт юмушлари билан овора, ишлайди, оила куради, фарзандларини катта килади, дам олади. Буни хеч ким ёмонламайди, аксинча фукаро кундалик туриш-турмуши билан давлатни усишида, моддий бойликларни яратишда уз хиссасини кушади. Хеч ким уларга сан кумурска хаёти билан яшаяпсан, узингни рохат фарогатингни уйлайсан, ресторан-кафеда кунгил очишдан бошка ишинг йук деб таъна килмайди.

Бизда эса нимагадир бунинг акси, кечагина шундай оилада тарбияланиб, сал-пал шеър-пер ёзиш, бир икки хикоя коралаш, ул-булни таржима килишга улгурган ёшлар хам дарров "катта" ёзувчилардан "орифлар ва авом" темасини илиб кетишади. Якинда миллий кутубхонада булган учрашувларнинг бирида журналларни бирини ёшгина ходимаси журнал обуначилари сони камлигини важ килиб, "адабиёт хамма учунмас" деган мавзуни кутариб колди. Бечора фукароларнинг буйнига энди шу айб хам юкланди.

Шу "илгор орифлар" нега фукароларнинг топиш-тутиши кам, нега чорак асрдан бери мустакил булсак хам фукароларнинг иш хаки 1991 йил даражасига кутирилгани йук, нега чорак аср ичида ахолини узлуксиз электр, газ билан таъминлаш йулга куйилмаганини ва бошка минглаб муаамоларни мардлик билан кутариб чикишмайди, кани "миллатнинг виждони" була оладиган орифлар ?

Nigora Umarova
24.11.2015, 12:44
Рус тилида обыватель деган суз бор, бу фукаро дегандек гап. Чет элларда уларга эътибор катта. Улар худди биздагидек кундалик хаёт юмушлари билан овора, ишлайди, оила куради, фарзандларини катта килади, дам олади. Буни хеч ким ёмонламайди, аксинча фукаро кундалик туриш-турмуши билан давлатни усишида, моддий бойликларни яратишда уз хиссасини кушади. Хеч ким уларга сан кумурска хаёти билан яшаяпсан, узингни рохат фарогатингни уйлайсан, ресторан-кафеда кунгил очишдан бошка ишинг йук деб таъна килмайди.
Шунга аста-секинлик билан келаяпмиз. Ҳамма ўзининг кундалик турмуш ташвишлари билан овора. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ бир-бирининг ҳолидан хабар олмайди. "Мен яхши яшаяпман, демак, атрофимдагилар ҳам яхши яшаяпти"- деб яшаётганлар бисёр, кундан-кун уларнинг сони ортмоқда. Ресторан-кафеда кўнгил очилмоқда, айримлар шодиёнасини ресторанларда фалон пулга ўтказмоқда-ку, қўни-қўшниси оч-наҳорми, пулга зориқмаяптими, асло иши йўқ. "Эплабдими, қандини урсин!"-дейдиган бўлиб қолдик. Тўғри-де, пул топишнинг йўлини ҳамма ҳам билавермайди. Пули борлар ош қилишади, зиёфат беради.



Бизда эса нимагадир бунинг акси, кечагина шундай оилада тарбияланиб, сал-пал шеър-пер ёзиш, бир икки хикоя коралаш, ул-булни таржима килишга улгурган ёшлар хам дарров "катта" ёзувчилардан "орифлар ва авом" темасини илиб кетишади. Якинда миллий кутубхонада булган учрашувларнинг бирида журналларни бирини ёшгина ходимаси журнал обуначилари сони камлигини важ килиб, "адабиёт хамма учунмас" деган мавзуни кутариб колди. Бечора фукароларнинг буйнига энди шу айб хам юкланди.

"Буюклик" даво қилиш иллати билан касалланиш барча даврларда бўлган. Ҳақиқий буюклар камтарин бўлишарди одатда. Яримта иш қилиб қўйиб, ўзини "буюкман" дейиш тўғримикан, билмадим. "Самохваллик"ни негадир ёқтирмайман.
"Шиғир"ни ҳамма ёзиши мумкин, бироқ ҳақиқий шеър ижод қилиш барчага ҳам эмас.


Шу "илгор орифлар" нега фукароларнинг топиш-тутиши кам, нега чорак асрдан бери мустакил булсак хам фукароларнинг иш хаки 1991 йил даражасига кутирилгани йук, нега чорак аср ичида ахолини узлуксиз электр, газ билан таъминлаш йулга куйилмаганини ва бошка минглаб муаамоларни мардлик билан кутариб чикишмайди, кани "миллатнинг виждони" була оладиган орифлар ?

Буни энди "Орифлар"дан сўраш керак...

Nigora Umarova
24.11.2015, 16:48
Бизда эса нимагадир бунинг акси, кечагина шундай оилада тарбияланиб, сал-пал шеър-пер ёзиш, бир икки хикоя коралаш, ул-булни таржима килишга улгурган ёшлар хам дарров "катта" ёзувчилардан "орифлар ва авом" темасини илиб кетишади. Якинда миллий кутубхонада булган учрашувларнинг бирида журналларни бирини ёшгина ходимаси журнал обуначилари сони камлигини важ килиб, "адабиёт хамма учунмас" деган мавзуни кутариб колди. Бечора фукароларнинг буйнига энди шу айб хам юкланди.



"Буюклик" даво қилиш иллати билан касалланиш барча даврларда бўлган. Ҳақиқий буюклар камтарин бўлишарди одатда. Яримта иш қилиб қўйиб, ўзини "буюкман" дейиш тўғримикан, билмадим. "Самохваллик"ни негадир ёқтирмайман.
"Шиғир"ни ҳамма ёзиши мумкин, бироқ ҳақиқий шеър ижод қилиш барчага ҳам эмас.


Ҳозиргина бир суҳбатни ўқидим. Шоирлар сўз санъаткорлари бўлгани учун бу жумлани келтираяпман:
Ўзбекистон халқ артисти, санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев: (http://uforum.uz/showthread.php?p=1055530&postcount=598)"...санъатда ҳам, адабиётда ҳам тақдирларига тадбир излаб юрган ҳаваскорлар кўп. Яна битта жиҳат ҳам бор: асл санъаткорлар билан сохта санъаткорларнинг ўртасидаги фарқ. Яқинда бир донишманд киши билан гаплашиб қолдим. Ундан нега асл санъаткорлар улуғ ишларни амалга оширадилар-да, сукут сақлайдилар, сохта санъаткорлар эса ҳеч нарса қилмайдилар-да, лекин оламни бузиб, ҳадеб бақиргани бақирган, деб сўрадим. Шунда у киши образли қилиб жавоб берди: эътибор беринг, эндигина кўзи очилган кучукчанинг ҳам ҳургиси келади. Чунки у она итнинг боласи бўлгани учунмас, ҳуришни билгани учун ҳуради".

Sparc
31.05.2016, 11:39
Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов 80 ёшда оламдан ўтибдилар. (https://www.gazeta.uz/2016/05/30/vohidov/)

"Ёшлик девон"идан "Руҳлар исёни"гача қолдирган ижодий мерослари бизни ва кейинги авлодларни юрагида қолади.

Жойлари жаннатдан бўлсин.

Nigora Umarova
31.05.2016, 18:58
КУЗАТИШ
Эркин оғам кетдилар чин
Тупроқ билан сирлашгани,
Куз қўлида сарғарган жим
Япроқ билан сирлашгани...

Кўнгил, кўнгил!
Дардни ютгил,
Ул зот кетди, англаб етгил -
Камчиликни ташлаб буткул,
Кўпроқ билан сирлашгани.

Кўз ёшларим - қалбий нисор,
Кетдилар, оҳ, дилда озор,
Яқинларин йиғлатиб зор,
Йироқ билан сирлашгани.

Чирт узилди боғимда гул,
Кетдилар жим мисли булбул,
Азал Котиби ёзмиш ул
Авроқ билан сирлашгани.

Шу-да энди бўларимиз,
Кетдилар, оҳ, биларимиз –
Эртан қўйиб келаримиз
Тупроқ билан сирлашгани.

Хайрулла Ҳамидов

Nigora Umarova
31.05.2016, 19:29
Бўри чақирган мажлис ва беодоб от ҳақида латифа

Бўрининг қорни тўйди,
Гўшт ҳам тегди жонига.
Эчки, қуён, от, қўйни
Чақирди у ёнига.
Деди: ҳозир тўқ пайтим,
Фойдаланиб қолинглар.
Менга дашномлар айтиб,
Танқид қилиб олинглар.
Қани, бошла, қуёнбой,
Бир эшитай сўзингни.
Ботирсан-ку, бийронбой,
Кўрсатиб қўй ўзингни.
Ўртага чикди қуён,
Авайлаб ўз жонини.
Ўлтирар бўри полвон
Қашлаганча қорнини.
Қуён деди: «Минг раҳмат,
Менда ҳеч шикоят йўқ.
Сиздек олий марҳамат
Соҳиби иноят йўқ.
Мен қулингиз на дердим,
Сизга фидодир жоним...»
Бўри хурсанд ҳайқирди:
— Баракалла, Қуёним.
Бунча ширинсан, оқил,
Чидаш қийин, не дейман.
Ҳозир тўқман, тонгда кел,
Наҳорга сени ейман.
Қуён кетди бош эгиб,
Мунғайганча дилхаста.
Сўнг қўйга навбат тегиб
Минбарга чиқди аста.
Деди: Ҳеч вақт ҳеч бўри
Биздан ҳол сўрган эмас.
Минбар бериб, жой тўрин
Муносиб кўрган эмас.
Бу обрў, бу ҳурматдан
Мен теримга сиғмадим.
Бундай зўр марҳаматдан
Таъсирланиб йиғладим.
Бизлар мўмин, маъқул эл,
Раҳм эт, ўзга не дейман.
Бўри деди: индин кел,
Сени тушликка ейман.
Қўй кўз ёш тўкди баъраб,
Исён қилмади лекин.
Кетаркан маъюс қараб,
«Раҳмат» деб қўйди секин.
У кетгач келди навбат
Узунсоқол эчкига.
Унга тегди таклиф хат
Пайшанба кун кечкига.
Ниҳоят охирги гап
Навбати отга етди,
У бўрини мўлжаллаб
Жағига чунон тепди.
Олов сачраб кўзидан
Бўрида жон қолмади.
Кетганича ўзидан
Қайтиб тура олмади.
Ҳамон унутмас отнинг
Бу ишин ва дер ҳар вақт:
— Мендек демократнинг
Падарига минг лаънат!
Бемаъни мажлисга мен
Икки дунё қайтмайман.
От — беодоб, от ўлсин,
Зиёфатга айтмайман.
Лекин унга тан бериб,
Ичида «қойил» деди.
Қуён, эчки ва қўйни
Айтган вақтида еди.

Эркин Воҳидов, 1989

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:12
Икки буюк устоз, буюк инсонлар. Буюкларнинг буюклиги нимада экан-а? Ҳавойилиги эмас, тупроқдек хокисор камтарлиги ва самимийлигида эмасмикан? Ҳар сафар раҳматли Ўткир ака ва Эркин акалар билан суҳбатлашганимда салобатлари босган тақдирда ҳам савол бериб қўйиб, жавобимни тинглашар ҳамда ўз муносабатларини билдиришар, баъзан ёзишнинг айрим масалалари юзасидан бирор маслаҳатга муҳтож бўлганида уларга мурожаат эта олишим мумкин эди. Эркин ака Пиримқул Қодировни сўнгги манзилга кузатаётган пайтда сўзлаган нутқларида "Буюк устозлар сони тобора камайиб бормоқда, охиратингиз обод бўлсин, устоз" дея, Ўткир акани кузатув маросимида эса, "Дўсти азиз, адабиётдаги сафимиз тобора сийраклашиб бормоқда",- деб нутқ ирод этгандилар...

https://img.uforum.uz/images/mjyzxpx7924781.jpg
Адабиётшунос олим, таржимон Раҳматилла Иноғомов вафот этганларида устозимиз Омонилла Мадаевга ички мусибатлари ўлароқ "Ота-онанг ўлса, йиғларсан бир йил/ Фалак битмас аза бошимга солди/ Мен дўстдан айрилдим, йиғла, эй, кўнгил,/ Сенга то қиёмат йиғламоқ қолди", -деган сатрларини ўқиб берган эканлар. Қиёматли дўстлик балки шундай бўлса керак...

https://img.uforum.uz/images/svegdto6278125.jpg
Бугун, бугун эса... Тумонат инсон. Барча марҳумнинг руҳи покига дуо ўқиш билан бирга, шеърий мисраларидан ҳам иқтибос келтириб ўқишмоқда.Ёзувчи Миркарим Осим Ҳазрат Навоий хусусидаги "Зулмат ичра нур" қиссасида буюк шоирнинг вафоти келтирилган ўриндаги Ҳирот манзарасини эслатди бу кун.
Аллоҳим бул икки нурли зотни ғариқи раҳмат шойистайи жаннат айлагин.

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:16
https://img.uforum.uz/images/knhzwgd7936378.jpg

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:18
https://img.uforum.uz/images/kmzvooc2481171.jpg

Абдулла Қаҳҳорнинг дала ҳовлисида

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:22
https://img.uforum.uz/images/kwyhjjm9420036.jpg

Адабиётшунос олим Умарали Норматов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Омон Матчон.

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:26
https://img.uforum.uz/images/fvzwwzu3922048.jpg

Азим Суюн, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Дадахон Нурий, Иброҳим Ғафуров

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:28
https://img.uforum.uz/images/idbeace3756732.jpg

Ўткир Ҳошимов, адабиётшунос олим, таржимон Иброҳим Ғафуров ва Эркин Воҳидов

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:34
https://img.uforum.uz/images/lfiwzbk4147226.jpg

https://img.uforum.uz/images/nngcxxp7594533.jpg

https://img.uforum.uz/images/hypwcar8127010.jpg

Форумдошлар

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:39
https://img.uforum.uz/images/hgvygwc4720782.jpg

https://img.uforum.uz/images/llyjxgx6874770.jpg

https://img.uforum.uz/images/uouuups5349065.jpg

Nigora Umarova
31.05.2016, 20:41
Марҳум устоз Эркин Воҳидовнинг сўнгги шеърларидан:

* * *
Дўстнинг ўлимига қандоқ кўнармиз?
Жон парчасин ерга қўшиб кўмармиз.
Айрила-айрила адо бўлгач жон
Дўстлар кетган юртга биз ҳам жўнармиз.

* * *
Беш маҳал дуога қўл очади чол:
– Оллоҳим, оз оғриқ, осон ўлим бер.
Ақрабо жонига тегмай жоним ол,
Йўлга қаратмасдан сўнгги йўлим бер.

* * *
Кимдир мени ёқтирмай қолса,
Ўчирилса исмим қатордан,
Не қайғум бор!
Номлар саналса,
“Ва бошқалар” ичида борман.

* * *
Элга фақат шодлик ҳадя этарман,
Ғамни ўзим билан олиб кетарман.
Айтсам, кўтаролмай ногоҳ заминнинг
Меҳвари узилиб кетса нетарман.

Nigora Umarova
31.05.2016, 21:05
Устознинг ёш шоирга дегани

Менга қуллуқ қилма,
Юрт тупроғин ўп,
унга қуллар эмас, фидолар керак.
Унинг мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак.

Қаддингни баланд тут,
Бўлма сертаъзим,
Чўққи бўлолмасанг, маҳкам қоя бўл.
Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл...

Эркин Воҳидов, 1983 йил, "Келажакка мактуб" китобидан

Nigora Umarova
31.05.2016, 21:22
Садоқат

Кекса қайрағочнинг
Илдизин очиб,
Тортдилар қўш арқон солиб белидан.
Лекин у тупроққа панжасин санчиб,
Сира қўзғалмасди
Унган еридан...
Ниҳоят гурс этиб ерга қулади,
Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар, бироқ-
У ўз панжасида олиб жўнади
Яшаган еридан
Бир сиқим тупроқ.

ЭРКИН ВОҲИДОВ, 1964 йил

Nigora Umarova
01.06.2016, 21:43
Абдулла Шер:
АЗИЗ ДЎСТЛАРИМ!
Раҳматли Эркин Воҳидов сиймосида ҳам улуғ Шоир, ҳам улуғ Инсон мужассамлашган эди. Бир хил одамларнинг ёнида юрсанг, хушбўй атр ҳидини туясан. Бу яхши, Ҳазрати Пайғамбаримиздан суннат. Эркин ака билан суҳбатлашганингда эса, ўзингни жаннатнинг хушбўйини ҳис қилгандек сезасан. Эркин ака билан биз 1982 йили раҳматли Сарвар Азимовнинг топшириғи билан “Ёшлик” журналини ташкил этдик. У киши – бош муҳаррир, мен – масъул котиб. Эркин ака кадрлар масаласини менга топширди. Мен бир пайтлар ўзим 10 йил ишлаган афсонавий “Гулистон” журналининг собиқ ходимларини йиғдим: Саъдулла Сиёев, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Сулаймон Раҳмон... Кечалари соат 12 дан кейин, баъзан ундан ҳам кеч уйга қайтардик. Эркин акани ҳамма яхши кўрарди. Ажойиб ва қизғин дамлар эди... Насиб этса, бу ҳақда хотираларимда бафуржа тўхталаман.
Ҳозир мен анча йиллар аввал ёзилган ва менга устоз мақомидаги буюк шоиримизга бағишланган шеъримни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
Илоё, Тангримнинг азиз бандаси Эркин аканинг жойи жаннатдан бўлсин! Омийн!
ШОИРЛАР
Эркин Воҳидовга

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Ҳайиқмай тутдик биз Тақдир қўлидан;
Юлдузлар жунжиккан кечаларида
Ловуллаб қайтдик биз Сомон Йўлидан.

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Тонггача кезарди бизга ҳамқадам
Дўстларнинг ижара ҳужраларида
Ижара ҳақисиз яшаган олам.

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Шеър билан шом қўнди, ёришди осмон;
Миртемир ташбеҳин инжаларида
Яқинлаб куйлади олис Туркистон.

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Биз тирик ишқ бўлиб умрбод қолдик.
Бир қизнинг чўғ каби муччиларида
Йигит ёшимизни куйдириб олдик.

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Бизни тарк этмади кўсаклар ўйи:
Дунёнинг энг хушбўй ғунчаларида
Бу қадар ўткирмас Ватаннинг бўйи!

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Анграйиб мозийнинг Кўкалдошига,
Бугун, шўх ёшликдан андак нарида,
Не тонг, биз қоқилсак хотир тошига;

Тошкентнинг олчазор кўчаларида
Қадримиз гоҳ қиммат, гоҳида арзон, –
Шу бедор замоннинг мижжаларида
Бир зийрак мардумдек яшаймиз ҳамон.

Тошкент, 1985

Nigora Umarova
22.07.2016, 17:49
Муслим бўлдик арабдан ортиқ,
Ўрис бўлдик русдан зиёда.
Бирни топсак ёруғ дунёда,
Ўн каррани қилганмиз тортиқ.

Ичдик, чекдик, шўро юртида
Ўздик барча оғалардан ҳам.
Юзсизликдан ошмасак бўлди
Овропалик тоғалардан ҳам.

Эркин ВОҲИДОВ

Nigora Umarova
26.12.2016, 22:58
ЯНГИ ЙИЛ ОРЗУЛАРИ

Умримнинг китобидан
Бир варақ очиб бу дам,
Соқийдан сўрайман гап
Бенавбат, бетакаллуф.

Янги йил шаробидан
Бир қултум ичган одам
Бўлар экан, во ажаб,
Дафъатанда файласуф.

Майли ахир қадаҳ ҳам
Дилкушо дўстлар аро
Юракни очмоқ учун
Сабабу баҳонадир.

То бор экан бу олам,
Биз бор экан даҳр аро
Янги йил бор, май гулгун
Сукунат бегонадир.

Юртнинг ташвишу заҳмат,
Севинч, ҳаяжонлари
Бизнинг ҳам юракларда
Садо берар доимо.

Ортга бир ташланг нигоҳ,
Бир йилда юрт-паҳлавон
Неча йилга баробар
Йўлларни юргани рост.

Яна виждонлар огоҳ,
Довон ортида довон,
Мураккаб муаммолар
Олдинда тургани рост.

Агар янги ўн йилнинг
Қутлуғ остонасида
Олам режалар учун
Белимизни боғлаймиз.

Демакки, учинчи минг-
Йиллик кошонасида
Яшамоққа биз бугун
Ўзимизни чоғлаймиз.

Муқаддас ул кошона,
Остонаси мўътабар,
Пок этсин руҳан, қалбан
Иймон, диёнат бизни.

Довон ошмоқ баҳона
Сарҳисоблар баробар
Инсоф мезони билан
Ўлчайлик умримизни.

Дилга берайлик савол,
Йўлга боқайлик бир дам,
Бир бутун ҳаёт ортда,
Олдда бир бутун ҳаёт.

Яшай олдикми ҳалол,
Бўла олдикми одам,
Кетсак, биздан ҳаётда
Не қолгуси хотирот?!

Қолмасин юракда занг,
Дилда заррача ғубор.
Кўнгиллар кўзгусини
Тоза қилиб ювайлик.

Келажакка биз билан
Кириб бормасин зинҳор,
Манманлик туйғусини
Кўнгиллардан қувайлик.

Ётган бўлса мабодо
Дилнинг қай бурчагида
Риё, тама, кин, ҳасад,
Бир-бир термоқ чоғидир.

Зар ишқи ҳам бир савдо
Одамзод юрагида,
Уни абадул абад
Ўтга бермоқ чоғидир...

Юкладик футувватга
Мўъжизий рақамларни,
Бор экан ғайрат, истак,
Адо этурмиз, бироқ-

Энг олий балоғатга
Бошламак одамларни,
Юракларни пок этмак
Анчайин мураккаброқ...

Янги йил даврасида
Фақат ўзимиз эмас,
Ўртада бизлар учун
Жон берганлар руҳи бор.

Дастурхон теграсида
Улар билан ҳамнафас
Суҳбат қурмоқнинг букун
Ўзгача шукуҳи бор.

Руҳлар сокин хобидан
Туриб келдилар бу дам.
Улар ҳисобот талаб
Бедаъво, бетаассуф...

Янги йил шаробидан
Бир қултум ичган одам
Бўлар экан, во ажаб,
Дафъатанда файласуф.

Майли, ахир қадаҳ ҳам
Ишонган дўстлар аро
Юракни очмоқ учун
Сабабу баҳонадир.

То бор экан бу олам,
Биз бор экан даҳр аро
Янги йил бор, май гулгун,
Сукунат бегонадир.

ЭРКИН ВОҲИДОВ

Nigora Umarova
26.12.2016, 23:00
28 декабрда Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтади.

Sparc
27.12.2016, 11:36
Маълумот учун рахмат, албатта, лекин хотира кечаси ёпиқ ҳолда ўтказилишини ҳисобга олсак, бу шунчаки маълумот холос.