Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Регистрация
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 10.06.2013 23:55   #1  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Вафо ва садоқат, сабр- қаноат тимсоли: Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова

"Қаноатда Саида филча бўлурми ҳай-ҳай..."

"Қадрласанг инсонлигингни,
Вафо қилсанг ўзингга-ўзинг,
Фақат-фақат шундамен билан
Тўғри келур тақдир - юлдузинг".

Саида Зуннунова

Бир-бирларига суяниб яшаган, вафо ва садоқатлари вақтнинг шафқатсиз синовидан ўтиб, тобланган икки улуғвор сиймо Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова... “Қаноатда Саида филча бўлурми , ҳай, ҳай...” Бир аёлнинг турмуш ўртоғига бўлган вафо-садоқати бўлса, Саида Зуннуновачалик бўлар. Севишиб турмуш қуришгач, чилласи чиқмаган куёвни “халқ душмани” сифатида қамашади. Саида Зуннуновага турмуш ўртоғидан воз кечишни айтишади. Қатъиятли аёл турмуш ўртоғидан воз кечмайди,ўқишдан ҳайдашади, ишдан ҳайдашади. Эндигина танилиб бораётган шоиранинг шеърларини чоп этишмайди. Шунга қарамай Саидахоним кекса қайнонаси билан яшайди, турмушида бўлажак порлоқ кунларга, турмуш ўртоғини ноҳақ қамашганлигига ишонади. Рўзғорни тебратиш учун машинисткалик қилиб ижодкорларнинг асарларини машинкада ёзиб беради, одамларнинг, қадами узилган қариндош-уруғларнинг дашномларига эътибор бермайди. Балки бу кичиккина жуссасида инсонлар тарафидан отилган ноҳақликларга ўзини бепарво тутган метиндек бардош эгаси барча “заҳар-зуққумлар”ни ичига ютгандир...
Турмуш ўртоғининг ноҳақ эмаслигига кучли ишонган ёш жувоннинг умидлари зое кетмади. Унинг Саиди Сталин вафотидан кейин оқланди. Улар бахтли ҳаёт кечиришди. Бироқ бу бахтнинг умри ниҳоятда қисқа бўлди. Энди синов даври Саид Аҳмадга етди. Аввал Саид Саидасини тарк этиб, сўнг қайтиб келган бўлса, Саидаси Саидини мангуга тарк этди. Бир-бирига суяниб, оғир-енгил кунларда сирдош, дарддош, ҳаммаслак бўлган бу икки ижодкорнинг айрилиғи жисман бўлса-да, бири иккинчисини доимо руҳан ҳис қилиб яшади. Кўз ўнгида унинг ажабтовур сиймоси ҳар лаҳзадан гавдаланди.


Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Миллий боғининг ижодкорлар хиёбонида Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова тимсолларига бағишланган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Президент Маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ Қаҳрамони, шоир Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева, икки улуғвор адиб -Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг фарзанди Нодира Ҳусанхўжаевалар сўзга чиқишди.
Ушбу ҳайкал вафо ва садоқат тимсоли сифатида пойтахтимизнинг сўлим гўшасида савлат тўкиб турибди. Ҳайкал муаллифи ҳайкалтарош уста Равшан Миртожиев.


Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 11.06.2013 в 00:38.
Ответить 
Старый 11.06.2013 00:02   #2  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook

Ҳайкалнинг очилиш анжуманида ёзувчи Саид Аҳмаднинг Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олиш жараёнидаги ёзиб олинган нутқи қўйиб эшиттирилди. Қатағон йилларининг азобини тотиб кўрган инсон сифатида Мустақиллигимизнинг қадрига етишимиз даркорлиги хусусида пурмаъно нутқ ирод этган эканлар.
Цитата:
Ўлиш осон, яшаш қийин. Инсон ҳаёти давомида барча қийинчиликларни мардоновор сабру қаноат билан енгиб ўта билиши керак....

Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад
Ответить 
Старый 11.06.2013 00:07   #3  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Саид Аҳмад нафақат ҳикоя, қисса, роман, драмалар, балки шеърлар ҳам ёзган эканлар. Ҳа, шеърлар, ёзганлар. Жезқазғонннинг Бадбахтдаласидан ёшгина келинчак Саида Зуннуновага атаб... Ушбу шеърни Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг қизи Нодира опа ўқиб бердилар:

Цитата:
Саид Ахмаднинг қатағон йилларида рафиқаси Саида Зуннуновага бағишлаб қамоқхонадан ёзган шеъри.

Хаёлим қалбингга бўлиб ҳамқанот
Олис-олисларга этдилар парвоз.
Уқдим ғазалларни дўстим, азизам,
Ижод оламига берибсан пардоз.

Юлдузлар чақнаган сахро тунида
Сомончи йўлига чиқдим пешвоз.
Эфир тўлқинлари чайқалган кўкда
Қулоққа урилди бир таниш овоз.

Бу овоз ёшликнинг қўшиғи балки,
Балки ғариб йўлдошимнинг дардли нидоси.
Хаёл бўлиб учган бу қўшиқ балки
Жондош азизимнинг ахду вафоси.

Хаёл бўлиб келдинг бугун қошимга
Қондошлик ахдини этгали адо.
Қанча чўллар босиб, кечиб дарёлар
Мағрур қоматингла бўлибсан пайдо.

Не бўлди, эгилган мағрур қоматинг,
Кўзингда аламу хасрат белгиси?
Не бўлди, хаёлинг тарқоқ паришон
Лабларингда кўринмас ёшлик кулгуси?

Сочларингда кўринди кумуш толалар
Не бўлди. Шу билан битдими ёшлик?
Хижрон панжасида юзларинг сўлғин.
Не бўлди азизам кўзларинг ёшлик?

Сочингни хар оқи қалбингдан нишон,
Бир қалбки мен учун ишонч ва имон.
Сўлғин юзларингда менинг соям бор,
Шу учун бахтимдан қилмайман гумон.

Ёшлик хали ўтмаган, кексалик узоқ
Хали ечилмаган юзларча жумбоқ.
Қуёшдек порлоғу-булоқдек тиниқ
Оламни кўрасан ўз қалбингга боқ!

Билиб қўй, эртанинг қулоғи сенда.
Янги ғазалларла бўл Зебунисо.
Тақдир жиловини олгил қўлингга,
Ижод оташида тобланиб расо.

Шу улуғ карвондан қолма орқада
Кўтарил мехнатла пояма-поя.
Илхом қанотида учгил юксакка
Эрк олган кишига йўқдир нихоя.

Мен эса олисда, сенинг ёдингла
Ўтли нафасингла юпатиб гохо
Симоб томчисидек беқарор қалбни,
Ўтган кунларимга бераман бахо.

Ғариблик парчалаб ташлаган танни
Қалбинг хароратила этасан шифо.
Эй менинг покиза дўстим, сирдошим,
Бормикин дунёда шунчалик вафо.

Пок эдим. Покдирман ва бўлғайман пок
Элнинг ғазабига эмасман сазо.
Гар қилсам хиёнат шу азиз элга
Кўзларим ўйилсин, кўрмасин зиё.

Туққан ер бағридан бермай парча жой
Хавода муаллақ қолсин жасадим.
Оқ сутин кўкларга совурсин онам,
Саидам демасин мени Саидим.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 11.06.2013 в 00:17.
Ответить 
Старый 11.06.2013 00:14   #4  
Аватар для Halima Xudoyberdiyeva
Оффлайн
поэтесса
Сообщений: 64
+ 21  226/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Мангу порлар ўт - икки шоним

Саида Зуннунованинг 75 йиллигида ўқилган

Саидахон, Саидахоним,
Сизни десам титрайди жоним.
Гарчанд ниҳон, кўздан нарисиз,
Қандоқ парисиз.

Узун ҳаёт бўлди, кўприк қил,
Бир жононга беролмади дил.
Тушларида севиб, севдириб,
Ўнгларида ўтди ўлдириб-

Бир эркакни этдингиз сарсон!
Юз йил ўтди Сиз учун бир жон.
Яна кимни-
Эркакларнинг шўх жононини
Ўзбекистон Қаҳрамонини!

Булар ҳазил, чиндан келай мен,
Уй кўрмади бошқа бир қайлиқ.
Қувонч-ғамиқўшу-қўш бўлди,
Ёстиғининг ярми бўш бўлди!

Тўлдирувчи, ўлдиргувчи ИШҚ,
Узун умр унга ишқ бўлди!
Саидахон тунда У билан
Тонгда учиб кетар қуш бўлди!

Омон бўлсин жуфти –ҳалоли,
Ундан ёдгор Нодира-боли,
Деб бор умрин тиколган инсон-
Шул қадарки юксалган инсон!

Ёдга тушар қалтис йилларки,
Тиғда юриб ўтказганлари.
Ёлғизликнинг тунда, тонгида-
Михда юриб ўтказганлари.

Худди қувиб ғам-шон ўтдилар,
Ҳар довондан полвон ўтдилар!
Ўтди. Аммо бир оҳ ўтмади,
Юрагидан бир доғ ўтмади.

Шеър саҳнидан бошқа бир сокин,
Саидадай булоқ ўтмади!
Гарчанд ҳижрон, гарчанд фироқ-Сиз,
Эл онгида ёнган чироқсиз!

Мангу порлар ўт, икки шоним-
Саид Аҳмад, Саидахоним!

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 11.06.2013 в 00:17.
Ответить 
Старый 11.06.2013 00:24   #5  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Раҳматли (афсусларким, бугунги кунда раҳматли дейишга тўғри келмоқда) ёзувчи, ардоқли адибимиз Ўткир Ҳошимов устозлари Саид Аҳмад ва Саидахоним Зуннунова ҳақида шундай хотирлаган эдилар:

Цитата:

Бир фарзанд вояга етиши учун ота-онанинг қанча меҳнати сингади. Бир дарахт ҳосилга кириши учун боғбон қанча азият чекади! Бир одамнинг қаддини ростлаб эл-юртга нафи тегиши учун қанча устоз парвариш қилади. Шу маънода ҳамма қатори менинг устозларим ҳам оз эмас. Мактабда саводимни чиқарган, университетда сабоқ берган, биринчи асаримни эълон қилган устозларнинг барчасини бирдек ҳурмат қиламан. Бироқ шулар орасида ўзим алоҳида эҳтиром билан қадрлайдиган, қувончли дамларда ҳам, бошимга “булут” келган онларда ҳам ёнимда турган, ҳамиша тўғри йўл кўрсатган икки инсонга айрича ихлос қўйган эдим. Бири-Озод Шарафиддинов, бири Саид Аҳмад ака эди... Афсуски, бугун Саид Аҳмад ака ҳақида ҳам “эди” дейишга тўғри келади...
Саид Аҳмад тўла маънода халқ ёзувчиси эди! Устоз билан мамлакатимизнинг турли чеккаларида бўлганмиз. Бу атоқли адибни ҳамма ерда бошига кўтаргудек бўлишар, бир лаҳза бўлса-да суҳбатини олиш учун ёпирилиб келишар, қувончини ҳам, ташвишини ҳам ёзувчи билан сидқидилдан бўлишар эдилар. Бунинг боиси Саид Аҳмад ака оддий инсонларнинг турмушини, қувонч ва армонларини жуда яхши билар, ўзининг теран ва гўзал асарларида шу туйғуларни тасвирлар эди.
Адибнинг тўнғич ҳикояларидан тортиб “Уфқ” трилогиясигача, кичик ҳажвияларидан тортиб ўнлаб мамлакатларда саҳналаштирилган “Келинлар қўзғалони” комедиясигача ўзбек халқининг содда-донишмандлиги, бағрикенглиги, жўмардлиги мамаман деб кўриниб туради. Биргина “Келинлар қўзғалони”ни олинг! Ғарб томошабини комедияни кўрганида бир нарсага ҳайрон қолиши табиий. Фармонбиби ёшибир жойга борган кампир бўлса, оддий нафақахўр бўлса, савод масаласи ҳам “жуда мақтанадиган” даражада бўлмаса, нега казо-казо лавозимда ишлайдиган ўғиллари, келинлар унинг олдида икки букилиб таъзим қилади? Нега ҳар гапига “хўп бўлади, ойижон” деб туради. Қизиғи шундаки, айнан ўша ажнабий томошабин бир жиҳатдан ҳайрон бўлади, иккинчи томондан Фармонбиби билан унинг оиласини, фарзандларини яхши кўриб қолади! Дунёда ўзбек деган халқ борлигига, унинг ота-онани эъзозлаш деган ғаройиб удуми борлигига қойил қолади! Биргина шу ҳолатнинг ўзиёқ Саид Аҳмад деган улкан санъаткор ўз халқининг фазилатларини жаҳон саҳнасига олиб чиқди, деган маънони англатади. Биргина шунинг учуноқ адиб санъатига тасанно айтсак, истеъдодига таъзим қилсак арзийди...
Саид Аҳмад юзлаб дилкаш ҳикоялар, ўнлаб қисса ва романларяратган адибгина эмас, ўнлаб шогирдлар тарбиялаган устоз ҳам эди. Халқ ёзувчиси бўладими, оддий талабами, ким яхши асар ёзса қувониб кетар, худди ўз устози Абдулла Қаҳҳор каби ўша қаламкашни, албатта, топиб бошини силар эди. Саид Аҳмад мактабидан баҳрамандбўлганим билан фахрланаман. Ҳали айтганимдек, устозим билан мамлакатимизнинг деярли барча туманларида бўлганман. Саид Аҳмад кириб борган даврага айрича файз қўнар, ўша хонадон нурга тўлиб кетгандек бўларди. Кўплар Саид Аҳмадни дунёдаги энг бахтли, хушчақчақ инсон деб ҳисоблар, аммо бу одам қалбида қанчадан-қанча армонлар борлигини ҳаммаям билавермас эди...


Ответить 
Старый 11.06.2013 00:27   #6  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ёзувчи Ўткир Ҳошимов

Цитата:


Саида Зуннунова гўзал ва дардли шеърлар ёзган шоира эди. Саида Зуннунова теран мантиқли ҳикоялар ёзган адиба эди. Саида Зуннунова – вафодор аёл, пўлат иродали инсон эди...
Устозим Саид Аҳмад аканинг хонадонида кўп бўлганман. Саида опанингдастурхонидан туз ичганман. Бир қанча асарларим қўлёзмасини Саид Аҳмад ака билан бирга саида опа ҳам ўқиган. Самимий, жўяли маслаҳатлар берган...
Бир сафар Саид Аҳмад ака билан Водилга бордик. Устоз ўзининг “теша тегмаган” хушчақчақ гурунги билан даврани обод қилиб ўтирди. Иттифоқо бир киши Саида опанинг ҳаётдан эрта кетгани ҳақида ўкиниб гапириб қолди. Саид Аҳмад ака индамай ўрнидан турди-да, сигаретининг учини эзғилаган куйи нари кетди. Анчагача устоздан дарак бўлмагач, кўнглимга ғулғула тушди. Излаб борсам, сой бўйидаги каттакон харсангтош устида сигарет чекиб ўтирган экан.
Сувнинг шовуллашидан келганимни эшитмадими, қайрилиб қарамади. Яқин бориб қарасам, ботиб кетаётган қуёшга тикилиб ўтирибди. Икки кўзи жиққа ёш! Қўрқиб кетдим. “Унақа қилманг, устоз” деб елкасига кафтимни қўйган эдим, чуқур хўрсинди. “Болам, бу дунёга нуқул азоб чекиш учун келган эканман”,- деди-да юзини кафти билан тўсиб олди...
Шу кеча бошига тушган савдоларни бирма-бир айтиб берди. Умрининг энг бахтли онлари ҳам бахтсизлик билан қоришиб кетганини айтди. Саида опага уйланган куни Тошкентда тўй бўлган, Андижонда - аза! Ўша оқшом Саида опанинг укаси тўсатдан вафот этиб қолган... Ёш келин-куёв бир-бирининг дийдорига тўймай туриб, 1950 йил баҳорида кўчада кетаётган ёш ёзувчини икки сўхтаси совуқ икки қўлидан ушлаб, машинага тиққан-у, “ҳе йўқ - бе йўқ” “халқ душманисан”, деб ўн бир ой “одиночка”га ўтқазиб қўйган. Гуноҳи нималигини билмаган одамнинг, айниқса кўнгли қоғоздек оппоқ ижодкорнинг салкам бир йил қоронғу камерада бир ўзи ўтиришини тасаввур қилинг! Буниси ҳам майли. Ёзувчи Саид Аҳмад қамалгач шоира Саида Зуннуновани ҳам сиқувга оладилар. Ёзувчилар уюшмасида мажлис қилиб, “Ёки “Эрим халқ душмани – ундан воз кечаман”- деб тилхат ёзиб берасан, ёки ёзувчилар сафидан ўчириласан” - деб шарт қўядилар.
Ўша машъум йилларда эрининг “халқ душмани” эканини тасдиқлаб, газетага ёзиб чиққанлар ҳам, эрини қаматиб юборганлар билан “апоқ-чапоқ” бўлиб кетган хотинлар ҳам бўлган... Балки шоирани ўртага олиб “талаган” ҳамкасблар Саида Зуннуновадан ҳам шуни кутгандир. Аммо Саида опа бошқача йўл тутган:
- Майли, эримни “халқ душмани” дейишим мумкин. Аммо менингҳам битта шартим бор. Мени эрим билан юзлаштиринглар! Эрим ўз оғзи билан “Ҳа, мен халқ душманиман”.-деса, ўшанда ишонаман!
Шоирани ҳақорат қиладилар. Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдайдилар. Асарларинибосишни таъқиқлаб қўядилар... Ёш келинчак билан қайнона амалда оч қолади... Шунда Саида опа келинлик бисоти – тилла тақинчоқларини сотиб, машинка харид қилади. Қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг Давлат нашриётида чиқаётган “Абай” романи таржимасини машинкадан чиқарадива меҳнати эвазига ҳақ олиш учун нашриётга боради.
Ўша йиллари нашриётда Касабов деган машҳур бухгалтер ишлаган экан. Унинг лақаби “Қассобов” бўлган. Сабаби – қалам ҳақи олишга келган одам борки, “Қассобов”га “чўтал” тўлашга мажбур бўлган. Ҳатто Ойбек, Ғафур Ғулом каби алломалар ҳам “Қассобов”га ширинкома беришган...
Шундай қилиб Саида Зуннунова ҳам “машинисткалик” қилиб топган пулини олиш учун нашриётга боради. Ўзига тегишли бўлган ҳақни олгач, “Қассобов”га “улуш” ташлаб чиқиб кетади. Шунда бухгалтер унинг орқасидан югуриб чиқади. Йўлак бошида унга етиб олиб, шундай дейди:
- Қизим, келиб-келиб сендан пул оламанми? Ма, ўзингга ишлат! Сен қизим, хафа бўлма. Худо хоҳласа, эринг қутулиб келади. Бу кунлар унутилиб кетади!
Хўрликлар кўравериб, ҳақоратлар эшитавериб, юраги тш қотиб кетган, бутун иродасини муштига тугиб, ҳеч кимнинг олдида бир томчи ёш тўкмасликка қасам ичган Саида опа, қўни-қўшнилар у ёқда турсин, унча-мунча қариндошлар ҳам “халқ душмани”нинг хотинидан юз ўгирган бир пайтда етти ёт бегона одамдан бу гапни эшитиб, дод солиб йиғлаб юборади!
Агар мен ҳайкалтарош бўлсам, Саида Зуннунованинг бошини силаб турган Касабов ҳайкалини яратардим!

***
Саид Аҳмад ака шунча кўргуликларга қарамай, нолимади, ҳаётдан безмади. Аксинча, бир-биридан гўзал, нурли асарлар яратди. Адиб ижоди Мустақилликдан сўнг янада самарали бўлди. Мустабид тузум зуғуми туфайли бошига тушган шўришлар тасвирланган китоблари бугунги ёш авлодни Истиқлолни қадрлашга ундовчи хитоб каби янграйди.
Мен бир нарсага қаттиқ ишонаман. Яратганнинг тарозуси бехато ишларкан! Саид Аҳмад Бадбахтдала деган қор саҳросинингмис конида минг бир азобда ўтказган йилларини Аллоҳ унга нурли қилиб қайтариб берди. Ўзининг ибораси билан айтганда бир вақтлар она шаҳри – Тошкентдан қўлига кишан уриб “халқ душмани” сифатида бадарға қилинган адиб Халқ ёзувчиси бўлди. Юртбошимиз фармони билан Ўзбекистон Қаҳрамони деган унвонга сазовор бўлди.
Саид Аҳмад аканинг ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган тағин бир бойлиги бор. Бу – Китобхон меҳри! Имоним комилки, янгидан янги авлодлар Саид Аҳмад исмли улуғ адиб асарларини яна кўп йиллар бағрига босиб ўқийди!
Ответить 
Старый 11.06.2013 00:29   #7  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Шоирамни изладим мен арғувонлар бағридан,
Гулга тўлган маконлардан, ломаконлар бағридан.
Фариштадай ўлтирарсиз қадру иймон тахтида,
Шу - ҳаётнинг Саидаси, даврон сўзли сози шул,
Шу – ҳаётнинг Саид Аҳмади, карвон сўзли сози шул...

Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 11.06.2013 09:23   #8  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook


Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг фарзанди аржумандлари Нодира опа Ҳусанхўжаева билан.
Ответить 
Старый 11.06.2013 09:37   #9  
Real ID Group
Аватар для Gulchehra Ibragimova
Оффлайн
UZINFOCOM
Сотрудник ZiyoNet при МНО
Сообщений: 1,475
+ 2,162  2,935/1,026
– 31  24/20

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Миллий боғининг ижодкорлар хиёбонида Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова тимсолларига бағишланган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Президент Маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ Қаҳрамони, шоир Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева, икки улуғвор адиб -Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг фарзанди Нодира Ҳусанхўжаевалар сўзга чиқишди.
Ушбу ҳайкал вафо ва садоқат тимсоли сифатида пойтахтимизнинг сўлим гўшасида савлат тўкиб турибди. Ҳайкал муаллифи ҳайкалтарош уста Равшан Миртожиев.

Нигорабону бўлиб ўтган ушбу тадбирни жуда мукаммал ва чиройли ёритибсиз. Раҳмат!
Тадбир ҳақида яна айрим лавҳалар мана бу ерда
http://fikr.uz/posts/poems/14762.html
__________________
ZiyoNet.uz - Все про образование, науку, культуру и спорт: Деятели| Образование| Учреждения| Блоги| Форум| Гранты
Прими участие в развитии сети ZiyoNet: Создай сайт на ZiyoNet| Добавь книгу в библиотеку| Загрузи видео
Ответить 
Старый 22.06.2013 21:10   #10  
Offline ID
Аватар для Xudoyberdi To'xtaboyev
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 77
+ 29  215/71
– 0  0/0

Uzbekistan
Устоз Саид Аҳмаднинг 60 йиллигига бағишлаб Андижонда, Қўқонда, Наманганда юбилейларда ўқилган шеър

Шукурким, Аллоҳ берди устоз Саид Аҳмадни,
Ҳам дўсту шогирдга денг бу илоҳий муқоматни.

Ҳалол ёзгин, чин ёзгин, ёзганинг нурга тўлсин,
Шу хусусда дарс берар ҳар кун қилиб насиҳатни.

“Уфқ”дек кенг қалбида меҳру муҳаббат мавж урар,
Ижодда қусур бўлса, билмас асло шафқатни.

Иқтидор кўрса ёшда, жони фидо камолига,
Бошин силар эрта-кеч Муроду, Ўткир, Неъматни.

Дардинг олар сўз билан қайғура берсанг агар,
Даф қилишга чоғланар бошингдаги мусибатни.

Кулдириб айтганда сўз неки деса шифо бўлгай,
Шифо топгай рақибҳам, ҳам унутгай хусуматни.

Кўнгли очиқ, қўли очиқ Дўрмондаги дарвозадек,
Топганим дўстга дейди холо билмас маломатни.

Таълим олдик, ўргандик, гўзаллик шайдоси бўлдик,
Устоздан олиб оз-оз ушбу гўзал фазилатни.

Тагобий қуллуқ қилгин, Аллоҳнинг чин Саидига,
Тангрим унга мўл бергин, бахту умр саодатни.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2021, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх