Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > ZiyoNET
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

ZiyoNET Общественная образовательная сеть ZiyoNET


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 05.05.2018 18:14   #1  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ўзбекистон ва ўзбек халқининг Совет Иттифоқи таркибидаги аҳволи

ЎЗБЕКИСТОН ВА ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ СОВЕТ ИТТИФОҚИ ТАРКИБИДАГИ АҲВОЛИ

Халқининг бошидан ўтган фожиали ҳодисалар Ватанини севадиган ҳар қандай инсонни қайғуга солмай қўймайди. Зеро, бундай даҳшат, ушбу замин фарзанди учун руҳий уқубат, дард, алам, андуҳдир. Халқ тақдири, Ватан қисмати олим-уламолар, ёзувчи ва шоирларни ҳамиша руҳлантириб, қалбини тўлқинлантириб келган. Юрт фуқароларининг халқ тарихи, маданияти, анъаналари ва удумларидан воқиф бўлиши жамиятимиз тараққиёти манфаатларига хизмат қилади. Ҳар бир инсон ўз Ватанининг ўтмишига ижобий муносабатда бўлиш кераклигини англаб етиши, жамият эволюциясидаги ҳар бир тарихий босқичнинг бошланиши эса айнан мана шундай муносабатнинг тўғри шаклланишига боғлиқдир.

Миллий мустақиллигимизни тиклаб олганимиздан буён чорак аср ўтди. Ватанимиз озодлиги учун курашиб, жонини фидо қилган аждодларимиз бу кунларга етишни орзу қилишган. Миллий озодлигимизни биров бизга кафтида кўтариб келиб, туҳфа қилмаган. Халқимиз давлат мустақиллигини тиклаш учун бир асрдан кўп вақт давомида курашиб келган. Ушбу кураш ҳеч қачон тўхтамаган, маълум бир босқичда қотиб ҳам қолмаган, 1991 йили миллий мустақиллигимизни тиклаб олгунимизга қадар юрт озодлиги учун кечган жанговар ҳаракатлар, қонли тўқнашувлар, ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маданий кураш давом этган. Халқимиз босиб ўтган ушбу тарихий йўлни ҳар биримиз чуқур идрок этишимиз, теран англаб етишимиз даркор. Зеро, бу йўл Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасини эҳтиром-ла ёдга оладиган авлод учун миллий ор-номус ва қадр-қимматнинг ўчмас рамзи бўлганча қолади.

Ҳар қандай давлат ўз тузуми ва фуқароларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишга ҳақлидир. Ҳаётда киши онгини емирадиган ҳар хил ғоялар, жиноят сари етаклайдиган ниятлар ва нопок фикрлар мавжуд. Бундай ният ёки мулоҳаза учун ҳеч ким судланмайди, албатта. Бироқ мурдор ният-ла амалга оширилган жиноий ҳаракат ҳар қандай давлатда қораланади. Шуни ҳам инобатга олмоқ даркорки, ҳар бир киши ўзининг фуқаролик позициясидан келиб чиққан ҳолда йўл тутишга қонуний ҳуқуқи бор. Хориждаги соҳиблари кўзлаган ғаразли геосиёсий манфаатларни юртимиз ҳудудида рўёбга чиқариш мақсадида қўпорувчи мафкуравий ва сиёсий технологияларни синаб кўриш истагида юрган шахслар йўқ эмас. Бинобарин, бундай ғояларни илгари сураётган каслар фаолиятини кескин қоралашга ўзбекистонлик ҳар бир фуқаро маънавий-руҳий жиҳатдан ҳақлидир.

Тарих ва тарихий хотиранинг ўзи ниҳоятда мураккаб мавзу бўлиб, уни тўғри тушуниб олиш янада қийин кечади. Ўтмиш борасида мулоҳаза юритиш, юртнинг бугунги мустақиллигини англаб етиш инсонга ўз иши, сўзи, фикр-мулоҳазасида шахсий эрк ҳавасини уйғотади ва шунинг учун ҳам киши тарихни ўрганади. Бинобарин, совет жаҳолатпарастлиги даврида халқимиз бошига тушган фожиалар кўламини теран англаб, тўлиқ тушуниш талаб этилади.

Шундай экан, эътиборингизга Ўзбекистон ва ўзбек халқининг Совет Иттифоқи таркибидаги аҳволига доир мулоҳазаларни тақдим этмоқчиман. Бунда ҳурматли тарихшунос-ёзувчиларимиз Анвар Назир ва Шуҳрат Барлас (Саламов) қаламига мансуб бўлиб, камина таржима қилган материаллардан фойдаланаман.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:16   #2  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
«Ёвузлик империяси» дея ном олган совет режимининг асосан жазо воситаси сифатида хизмат қилган Фавқулодда комиссияси (рус. ЧК (Чрезвычайная комиссия)), Ички ишлар халқ комиссариати (рус. НКВД (Наркомат внутренних дел)), Давлат хавфсизлиги қўмитасининг (рус. КГБ (Комитет государственной безопасности)) тарихидан маълумки, қатағон ва зўравонлик – совет мустамлакачилик империяси даврида ҳукм сурган одатий ҳол бўлган.

1918 йилдан 1935 йилгача кечган «Қизил террор»дан бошлаб юрт эрки ва мустақиллиги учун курашган, мўътабар номлари романларимиз ва ривоятларимизда достон бўлган миллий қаҳрамонларимизга ўрис большевиклари томонидан «басмач», «бандит» тамғасини босилганча қириб юборилди.

1925 йили Коммунистик партия Марказий қўмитасининг 18 нафар аъзоси Троцкий учун ариза берган. «Троцкист»лар тамғаси босилиб «18 кишили гуруҳ» номи берилган ушбу гуруҳ ҳибсга олиниб, кўп ўтмай отиб ташланган. Шундан сўнг, нафақат Совет Иттифоқи ҳудудида, балки бутун дунёда қидирилган «троцкист»лар гўё Ўзбекистонда ҳам топилган.

Ўша даврда Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг матбуот бўлими мудири, Ўзбекистон ССР Маърифат масалалари бўйича халқ комиссари Раҳим Иноғомов ўз тарафдорлари билан бирга ҳибсга олинди. «Ўрис большевикларининг минтақамизда амалга ошираётган сиёсатини мустамлакачилик сиёсатига тенглаштирса бўлади», - дея биринчи бўлиб баёнот қилган тарихий шахс айнан Раҳим Иноғомов бўлади. Унинг атрофидаги одамлар доирасига ўрис босқинчилари томонидан «иногамовщина» тамғаси босилиб, қатағон қилинди. Ушбу масала борасида Сталиннинг тегишли кўрсатмаси ҳам бўлган. «Троцкийга тарафдор эмасми, демак уларни тарафдор сифатида «тайинлаш» ва қолганларга даҳшатли сабоқ бўлиши учун жазога тортиш» – Сталин йўллаган ўша кўрсатманинг асосий мазмуни бўлган. Террор сиёсатидан ўзга нарса эмас-у, бу!

1929 йили буюк маърифатчи, ўзбек болалар адабиётининг отаси Мунаввар қори Абдурашидхон ҳибсга олинди. У билан бирга «Миллий истиқлоол» ташкилоти аъзолари ҳам пантуркизм, аксилинқилобчилик, чет эл манфаатларида амалга оширилган жосуслик каби совет айблаш «шодаси» билан айбланиб, қамоққа ташланди.

1930 йил 1 февралдан 25 февралгача Ўзбекистон бўйича колхоз тузилишига қарши 33 та намойиш ўтиб, унда 14 минг 170 нафар деҳқон иштирок этди, 25 февралдан 17 мартгача ўтган бундай эътироз иштирокчиларининг сони 42 минг 743 кишига етди. Большевиклар томонидан олиб борилган қабиҳ сиёсат натижасида миллат деҳқонларининг 40 минг нафари қулоқ қилиниб, улардан қарийб 32 минг нафари қатағон қилинди.

Совет қамоқхоналарига 5 минг 758 нафар ўзбек ёзувчилари, журналистлари, жамоат арбоблари ташланиб, улардан 4 минг 811 нафари отиб ташланди.
Ўша йили Давлат банки ходимларини қатағон қилиш жараёни бошланди, Ўзбекистон ССР Олий Судининг собиқ раиси Саидулло Қосимов бошчилигидаги суд, прокуратура ходимлари, раҳбар кадрлар ҳибсга олинди. «Касымовщина» деб ном берилган жиноий иш очилди.

1934 йили анавиларнинг М. С. Кирови ўлдирилганидан сўнг, бутун Совет Иттифоқи бўйлаб «зиновьевчи», «каменевчи», «бухаринчи»лар қидирилди. Шу баҳонада Ўзбекистоннинг кўзга кўринган йирик партия арбоблари, давлат идораси ходимларининг бари ҳибсга олинди.

1937 йилдан 1953 йилга қадар, яъни «Қизил террор» ўтиб, сталинчилар томонидан «Катта террор» бошлангач, ўзбек халқининг «контрреволюционер», «пантюркист» тамғаси босилган зиёлилари йўқ қилинди. Ўрис большевикларининг соғлом ақлга тўғри келмайдиган новациялари оқибатида кўп миллатли совет халқи кўп жабр кўрди. Ушбу даврда Ўзбекистонда қарийб 100 минг киши қатағон қилиниб, улардан 13 минг нафари отиб ташланди. Ўзбекистоннинг сиёсий раҳбарияти тўқиб чиқарилган сохта айблар билан деярли тўла таркибда йўқ қилиб юборилди. Қатағон қилинганлар орасида Ўзбекистонда яшаган бошқа миллат вакиллари ҳам бўлган.

Режали қатағоннинг навбатдаги жараёнини бошлаган қонли совет режими ҳар бир жазо кампаниясига ўзига хос ном бериб борди. Чунончи, қамоққа ташланганлар оппортунизм, «жаҳон миқёсида татбиқ этилаётган коммунизм ғоялари»дан четга чиқиш, «троцкизм», «касымовщина», «иногамовщина» кабиларда айбланиб, уларга «Япония, Германия, Британия жосуслари», «Халқ душманлари» тамғаси босилди.
Уруш арафасида, яъни 1938 йили ўзбек зиёлиларининг 60 фоизи қатағон қилинди. Агар Сталин яна бир неча йил умр кўрганида борми, миллат зиёлилари 100 фоиз қириб ташланиши муқаррар эди. Зеро, Кремль уларнинг қатағон қилиниши лозим бўлган рўйхатини тузган бўлиб, унда, айрим шахслардан ташқари, яна 60 кишининг номи қайд этилган эди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:21   #3  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Пойтахтимизнинг Сирғали тумани ҳудудида бир вақтлар бутун Совет Иттифоқига номи чиққан концлагерь фаолият юритган бўлиб, унда иблис коммунистлар томонидан яратилган шарт-шароитларга Освенцемни қурган немис фашистларининг «ҳаваси келса арзигулик» эди. Ўзбек халқининг совет қатағони қурбонлари ҳам ўша концлагерда қаттиқ азоб тортишган.

«Халқ душманлари»нинг оилалари ўз уйларидан қабиҳларча қувиб чиқарилиб, ёт юртлардан эвакуация қилинган бегона одамларга ҳадя этиб юборилди. «Халқ душманлари»нинг фарзандлари совет ҳукуматига ёлвориб, оналарига қўшиб кўчага қувиб чиқармасликни илтимос қилган хатлар архивларда сақланиб қолган. Бу ҳам миллат тарихидаги бир фожиа, улар ҳам миллатимиз фарзандлари. Буни ҳам унутмаслик даркор. Шундай экан, совет режими қурбонларини зимдан эмас, миллатга мурожаат қилган ҳолда ёдга олмоқ даркор. Масалан, 1929 йили ўзбек зиёлиларининг биринчи гуруҳи, 1938 йил 5 – 7 октябрь кунлари эса раҳматли Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби буюк қаҳрамонларимиз қатл қилинганини унутмаслик лозим. Бундай саналарни совет режимининг қатағон қурбонларини ёдга олиш куни сифатида қайд этмоқ керак.

1941 – 1945 йилларда, яъни ўрис большевиклар уюштирган қатағон давридаги қирғин-барот орасида ўтган Иккинчи жаҳон уруши давомида ҳам юртимиз кўпдан кўп миллий кадрларини йўқотди.

Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида 300 000 нафар ватандошимиз ҳалок бўлди, уруш йилларида 1 000 000 га яқин одам Россия, Украина, Белоруссия ва Молдавиядан Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Улардан 200 000 га яқини ёш бола бўлган. Ҳаммасига 135 000 квадрат метрдан зиёд яшаш майдони ажратилиб, иш билан таъминланди. Ўзбекистон ҳудудига 113 та ҳарбий госпиталь жойлаштирилиб, уларга 750 дан ортиқ маҳаллий корхона, муассаса, колхоз ва совхозлар ҳомийлик қилди.

Бундан ташқари, ўзбек халқи вакилларидан «Ишчи батальон»лар тузилиб, Россия ҳудудига жўнатилди. Улар орасида касб-ҳунар билим юртини эндигина тамомлаган 16 ёшли ва ундан сал каттароқ ўспиринлар ҳам бўлган. Архивлардаги 1943 йилга тааллуқли маълумотларга қараганда, ўша «Ишчи батальонлар» таркибига киритилган ўзбеклар сони 155 000 дан зиёд бўлган. Бундай тузилмалар ёши катта кишилар, кексалар ва «халқ душманлари»нинг оила аъзоларидан ташкил топган. Ишчи батальон иштирокчиларининг бари урушнинг номаълум қаҳрамонлари бўлиб, совет манбаларида улар юзаки эсланган, аксарият ҳолларда эса кўз юмиб ўтилган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:25   #4  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Бироқ ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрган улкан талафотлари беҳуда кетди. Гап шундаки, Сталин бошчилигидаги совет раҳбарияти миннатдорлик ўрнига ўзбекнинг бетига тупуриб, уруш тугаганига уч йил бўлмай, Ўзбекистонга Совет Иттифоқининг қуролли вазирлик ва идоралари вакилларидан ташкил топган комиссияни йўллаб, миллат вакиллари орасидан «халқ душманлари»ни аниқлаб топишнинг навбатдаги жараёнини бошлади. Ўзбекларга бадаҳлоқлик даражада ишончсизлик билан қаралиб, иш большевикларнинг махсус органи яратилишига, яъни ВКПБ Марказий қўмитасининг Ўзбекистон бўйича бошқармаси тузилишига, бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон бевосита Москвадан бошқарилишига қадар бориб етди. Ушбу бошқармага, амалда эса Ўзбекистонга раҳбар этиб А. Игнатьев исмли кас тайинланди (кейинчалик бу шахс совет КГБсини бошқарди). Ўзбек миллатига мансуб амалдор бор-ки, ишончни оқламаган тоифа сифатида республика раҳбарияти таркибидан тўла-тўкис чиқариб ташланди. Шу тариқа, урушда мисли йўқ талафот кўрганига қарамай, совет раҳбарияти томонидан бутун бошли ўзбек миллатига «ишончсиз миллат» тамғаси босилди.

Даҳшатлиси шундаки, юқорида айтиб ўтилган бошқарма ягона бўлиб, бунақаси бошқа бирорта совет республикасида бўлмаган. Ушбу бошқарма фаолиятининг натижаси – ўзбек зиёлиларининг Шайхзода, Ойбек, Х. Сулаймон, Миртемир, Шуҳрат, Шукрулло, С. Аҳмад, М. Қориёқубов каби кўплаб кўзга кўринган вакилларини қатағон қилиш бўлди. Бадиий асар қаҳрамони, ўзбек миллатига мансуб қайнона ўзининг ўрис келинини койиб бергани учун «Қўшчинор» муаллифи А. Қаҳҳор миллатчиликда айбланди. А. Навоийнинг асарлари билан «Алпомиш» эпоси «ўрта асрга хос эскирган асарлар» сифатида эътироф этилди, навоийшунослар «феодал ўтмишни мадҳ этиш»да айбланди, Шошмақом эса «мотам, умидсизлик ва дилгирлик куйи» дея эълон қилинди. Совет раҳбариятининг фикрича, буларнинг бари советлар юртида коммунизм қуришга тўсқинлик қилган. Қонхўр И. Сталин бошчилигидаги расмий Москва урушда кўрган талафотлари учун ўзбек халқига шу тариқа «миннатдорлик» билдирди.

Шундай экан, немис фашизми устидан қозонилган ғалабамиз учун бизга бирон-бир яхши нарса насиб этгани йўқ. Буни тан олиш айримларга оғир кечади, албатта, лекин тарихий фактдан қочиб қутулиб бўлмайди.

Золим Сталиннинг ўлимидан сўнг, қатағон қурбонларининг номлари оқланишига умид бағишлаган сиёсий илиқлик даври бошланди. Аммо 60- йиллар бошида ўзбек тили ва миллат динига қарши навбатдаги кураш, пахта яккаҳокимлиги, янги қурилган уйлар калитининг 90 фоизи келгиндиларга топширилган Тошкент зилзиласи бўлиб ўтди.

Тошкент вайроналарини тиклаш учун 60- йиллар охирида юртимизга келган ўрис ишчилар «Пахтакор» стадионида ўзининг шовинистик табиатини очиқдан-очиқ намоён қилганча, ўзбек миллатини ниҳоятда қўпол камситишди. Бу эса, ўз навбатида, республика аҳолисининг норозилик билдирган ижтимоий исёни кўтарилишига сабаб бўлди. Шундан сўнг, Орол муаммоси, бутифос, саратон касаллигининг оммавий эпидемияси, бола ўлимининг собиқ СССР бўйича энг юқори кўрсаткичи кузатилди. Буларнинг барига Москва мажбур қилган, миллат қонига ботган оқ олтиннинг яккаҳокимлиги сабаб бўлди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:30   #5  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Юртимиз аҳолисининг маълум бир тоифаси ҳанузгача тарихнинг совет даврида яратилган талқини ила яшаб, фақат совет мафкурасига амал қилган, тарихий фактларни қўпол равишда бузиб кўрсатган, ўзининг ҳукмрон мафкураси манфаатларига хизмат қилган совет тарих мактабидан қолган тарихий воқеалар солномасини қаттиқ тутиб келмоқда. Хусусан, совет солномасининг 9 май санасига алоҳида урғу бериши ҳам айнан шу сабаблидир. Ваҳоланки, Германиянинг эмас, Россиянинг мустамлака тизимида эзилган халқимизнинг сиёсий тақдири Иккинчи жаҳон урушининг ибтидоси билан ҳам, хотимаси билан ҳам мантиқан боғланмаган. Ўша даҳшатли ҳодисаларнинг биз учун аҳамиятли жойи – халқимизнинг тортган жафоси, берган қурбонидир.

Ҳар қандай уруш – фожиа, ҳар қандай урушдан қолажак мерос эса – халқ кўрган талафотдир. Аслида, ўзга миллат тили ва маданиятига хос тарзда битилган ҳарбий мавзудаги қўшиқлар-у, ҳарбий маскарадлар кўринишидаги уруш чиройи бўлмайди, биз ўзбеклар маданиятида, умуман айтганда, Марказий Осиёнинг туб халқлари маданиятида урушда азият чекиб ҳалок бўлганлар хотираси бўлади холос. Зеро, хотира инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган жиҳатлардан биридир.

Совет режими урушда қозонилган ғалабани ўз халқига жабр-зулм қилиш, мустамлакачиликни янада мустаҳкамлашга йўналтирди. Бундай қабиҳ сиёсат Ўзбекистонда янги қатағонлар, пахта қуллиги, ўзбек тили ва миллат динига қарши кураш, Орол денгизини қуритиш, «ўзбеклар иши»нинг даҳшати кабиларда ўз аксини топди.

Шундай экан, 1941 – 1945 йилларда бўлиб ўтган уруш тарихини ўзбек халқининг солномасидаги ўта муҳим воқеа эмас, шунчаки, тарихий ҳодисалардан бири сифатида эътироф этмоқ лозим. Юқорида айтилгандек, ҳар қандай уруш, фожиадир. Ушбу фожиа якун топган сана эса, виждонини, миллий ўзлигини йўқотмаган соғлом ўзбек учун уруш қурбонларини жимгина эслаб, ҳақига дуо қиладиган кун ҳисобланади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:35   #6  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ўтган асрнинг 80- йилларида Ўзбекистон халқининг ижтимоий ҳолати қишлоқ хўжалигидаги пахта яккаҳокимлиги туфайли ниҳоятда мушкул аҳволга тушиб қолди. Республикамиздаги суғориладиган ерларнинг 65 фоизига Москванинг кўрсатмасига кўра фақат пахта экилди. Ўзбек қишлоқларида яшайдиган аҳоли ҳар йили пахта экиб, ҳосилини арзимас пулга топшириб борди. Кремлнинг нокаслари эса ушбу пахтани дунёнинг 34 та давлатига валютага сотди. Пахтадан ташқари, Ўзбекистон, Совет Иттифоқида олтин чиқариш бўйича 2- ўринни эгаллаб келган. Ушбу олтиннинг бирон грамми ҳам Ўзбекистонда қолдирилмай, совет Россиясининг ғазнасига ташилган. Ўзбек халқи ўз миллий бойлигини – ёмби шаклидаги олтинини совет режимининг марказига ҳар йили 50 тоннадан топшириб борган. Юртимизнинг йиллик даромади эса 80- йилларда атиги 20 – 21 миллиард сўмни ташкил этган.

Асл металлар таркиби бўйича Навоий вилоятидаги Мурунтов олтин конини жаҳондаги энг бой конлар жумласига киритиш мумкин. Таркибида олтин бўлган руда захираси, олтин сифати, уни қазиб чиқариш рентабеллигига кўра Ўзбекистон жаҳоннинг пешқадам давлатларидан бири саналади. Мурунтов тоғ-бойитиш комбинати ўз қуввати ва технологияси бўйича дунёда ягона корхона бўлганча қолмоқда. Олтиндан ташқари, Ўзбекистонда мис, асбест, корунд, графит, феруза, гранит, оҳактош турлари, бентонит, кўмир, нефть, газ кабилар қазиб чиқарилади. Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон, ўз вақтида Москва ғазнасига анчагина даромад келтирди.

Ер усти ва ер ости бойликларимиз кўплигига қарамай, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси совет режими даврида ўта ачинарли аҳволга тушиб кетган. Ўзбекистон қишлоқларида тўланган энг кам иш ҳақи суммаси Совет Иттифоқи таркибига кирган 15 та республика орасида энг кам миқдорда бўлган. Совет Иттифоқининг бошқа минтақаларида қишлоқ аҳолисига тўланадиган энг кам ойлик иш ҳақи 75 сўмни, Ўзбекистонда эса ўртача 59,4 сўм ташкил этган. Бироқ статистик хўжакўрсинчиликларда совет қишлоқларининг аҳолиси ўртача 91,5 сўм миқдорда ойлик олиши кўрсатиб борилган. Ўтган асрнинг 80- йилларида умумиттифоқ миқёсидаги савдо-сотиқ ҳажмига, аҳолининг жон бошига истеъмол қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (гўшт, сут, ёғ, тухум, мева, сабзавот ва ҳ.) ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажмига нисбатан Ўзбекистон халқи истеъмол қилган маҳсулот ҳажми 1,5 – 2 баробар кам бўлган.

Ўзбекистон алоқа хизмати турлари (почта, телеграф, телефон хизматлари) бўйича 15- ўринни эгаллаган, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича 14- ўринда бўлган, туб аҳолини турар-жой билан таъминлаш, унга транспорт хизматини ҳавола этиш бўйича 13- ўриндан кўтарилмаган.

Юртимиз аҳолисини ижтимоий жиҳатдан қолоқ аҳволга туширгани камлик қилгандай, Кремль ўзбек халқининг раҳбар кадрларини йўққа чиқаришга аҳд қилиб, ўз «тажрибаси»нинг ижросига киришди. Гарчи Совет Иттифоқи таркибига 15 та республика кирган бўлиб, уларнинг ҳар бирида коррупция, қариндош-уруғчилик, кўзбўямачилик гуркураб ётган бўлса-да, совет режимининг маркази намойишкорона «бош кесиш» тадбирларини айнан Ўзбекистонда амалга оширди.

Кремль совет режимининг жиноий иллатлари учун жавобгарликни ўзбекнинг гарданига қўйиб, миллатимизни янада сазойи қилган «ўзбеклар иши»ни қўзғатди. Бунда, расмий Москва бирон-бир бошқа миллатни айбламади, дейлик, қозоқлар, белоруслар, эстонлар ёки арманлар ишини қўзғамади, фақат «ўзбеклар иши»ни юритди. Ўша даврда табиати уятдан йироқ бўлган келгинди чекистлардан бири: «Ўғрилар, мафиячилар ва босмачилар яшайдиган Ўзбекистонни тиканли сим билан ўраб ташлаш керак», - дея таклиф киритган эди. Кремлнинг садоқатли вакили бўлмиш Р. Нишанов ушбу қабиҳ сўзлардан тўлқинланганча, жўшиб қарсак чалди. Ўтган асрнинг 40- йиллари охирида Кремль ўзбекларга ишончсизлик-ла қараган бўлса, бундай қараш СССР парчаланиши арафасида большевик-чекист Ю. Андропов ҳукм сурган даврда боз кузатилди. Ўзбекнинг совет тизими учун берган улкан талафотлари ўриснинг эсига келмади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:39   #7  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
1983 – 1989 йиллари гдлянчилар вакханалияси ҳукм суриб, ўзбек халқи совет режими томонидан қатағон қилинган сўнгги тадбир бўлди. Ушбу алғов-далғовлик Кремль томонидан уюштирилиб, унга дастлаб «пахта иши», кейинчалик эса «ўзбеклар иши», «рашидовщина» каби номлар берилди. Кремль томонидан ўзбек халқига нисбатан олиб борган ушбу қатағон сиёсати, гўр ёқасига келиб, парчаланиб кетишига бир бахя қолган Совет Иттифоқи таркибидаги Ўзбекистоннинг аянчли аҳволини ўзида акс этади. Ижозатингиз билан мазкур «Ўзбеклар иши» ҳақида батафсил тўхталиб ўтаман.

1983 йилнинг февралида Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Сиёсий бюроси ўзининг «Ўзбекистондаги пахтачиликда йўл қўйилган суиистеъмолликни тергов қилиш тўғрисида» деб номланган тамтароқли қарорини қабул қилди ва Совет Иттифоқи Бош прокуратураси олдига тергов комиссиясини тузиб, фаолиятини йўлга солиш вазифасини қўйди.

Сиёсий бюро ушбу комиссияга кенг ваколат берди. Зудлик билан ўзбек халқига қарши жазо кампанияси уюштирилиб, Тельман Хоренович Гдлян исмли биров танимайдиган шахс ушбу тадбирга раҳбар этиб тайинланди. Кейинчалик «Ўзбеклар иши»га айлантирилган ушбу «Пахта иши»нинг дастлабки ташаббускори Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитасининг раиси Л. Н. Мелькумов, жазо кампаниясининг асосий ижрочиси Т. Гдлян, унинг ўринбосари ва яқин одами Альберт Карташян бўлди, Совет Иттифоқи Покуратурасининг ички ишлар органларида олиб борилаётган тергов ва суриштирув ишлари устидан назорат бошқармаси бошлиғи Г. П. Каракозов эса уларнинг ҳимоясини таъминлади.

Олдиндан ишлаб чиқилган сценарийга кўра Кремль Совет Иттифоқининг барча бурчакларидан жалб этилган терговчилардан иборат бутун бошли жазо армиясини тузиб, Ўзбекистонга юборди. Хусусан, Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги қўмитасининг 3 минг 400 нафар тезкор ходими ҳамда 700 кишидан зиёд ҳисобчи ва иқтисодчилар ушбу жазо армиясини ташкил этди. Деярли 5 минг жаллод Кремль назорати остида ўзбек халқининг «бошини кесиш»га киришди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 05.05.2018 18:42   #8  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
1983 йилдан 1989 йилгача ўтган олти йил давомида Т. Гдлян раҳбарлигидаги гуруҳ Ўзбекистонда тергов фаолиятини олиб борар экан, ўзбек халқини даҳшатга солиш, қалбаки ҳужжат тайёрлаб мансабдор шахсларни ғайриқонуний ҳибсга олиш, уларнинг айбсиз фарзандлари-ю рафиқаларини ҳам қамоққа ташлаш билан шуғулланди, иши тергов қилинаётган одамлар ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказилган бир неча ҳолатларга йўл қўйди. Хусусан, 1983 йили Ўзбекистонда мансабни суиистеъмол қилганда айбланган 22 минг киши қамоққа ташланди (айрим маълумотларга қараганда, ғайриқонуний қамоққа олинганлар сони 27 минг кишидан ошди). Кейинчалик «Ўзбеклар иши»га айланган «Пахта иши» совет «ёвузлик империяси» ҳалокатга учрашидан олдин бутун иттифоқ бўйлаб шу тариқа дув-дув гап бўлди.

Вилоят партия қўмитаси котиблари, Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси котиблари, Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, Ўзбекистон Ҳукумати раиси, барча ўринбосарлар, ички ишлар генераллари қамоққа тиқилди. Ўзбекистон пахта тозалаш саноати вазири отиб ташланди. Ўлим жазоси кенг татбиқ этилди. Аксарият ўзбек оилалари гдлянчилар тўдасининг фаолияти оқибатида ҳеч бир айбсиз жабр кўрди, ўзбек халқи том маънода бошсиз қолди.

1989 йилга келиб амалдор шахсларнинг 58 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Судланганлар орасида 10 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ҳам бўлган. Ўзбекистон ва Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирликларининг 29 нафар раҳбар ходими, Ўзбекистон ССР КП МҚнинг 4 нафар котиби пора олишда айбланиб, судланди. КПСС МҚ номенклатурасига мансуб 172 нафар ходим, Ўзбекистон КП МҚ номенклатурасига мансуб 1813 нафар ходим ўз лавозимидан ғайриқонуний равишда четлатилиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Улар орасида 52 нафар вилоят партия қўмитаси котиби (65 нафардан), 408 нафар шаҳар ва туман партия қўмитаси котиби бўлган. Уларнинг бари Ўзбекистон раҳбариятининг 70 фоизини ташкил этган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини гдлянчасига қамоққа тиқиш усуллари кенг тус олгач, Ўзбекистонда бандитизм гуркураб, жиноий тўдалар фаолияти авж олди. Ўша йиллари Ўзбекистонда 308 та қуролли йўлтўсарлик ҳолати, 1406 та талончилик ҳолати, 5101 та уй ўғирлиги қайд этилди. Ўзбекистонта «Нарик Ташкентский» лақабли Нарек Мамиконович Каграманян жиноятчи бошчилигидаги мафия фаолият бошлади.

Ғалати бир савол туғилади: Совет Иттифоқи раҳбарияти этник арманларга асосан мусулмонлар яшайдиган республикамизнинг деярли барча амалдор шахслари ва уларнинг оилаларига нисбатан оммавий тергов олиб боришга ижозат берганини стратегик хато деб тушуниш керакми, ё бу бошқариладиган алғов-далғовликни юзага келтириш мақсадида Кремль томонидан қўлланилган, олдиндан режалаштирилган сиёсий технология бўлганми? Совет Иттифоқи гирифтор бўлган сиёсий ҳалокат сабаблари чуқур таҳлил қилинса, ушбу саволларга жавоб топиш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:45   #9  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ўзбекистон фуқароларини пора сифатида олинган қимматбаҳо буюмларни сақлашда иштирок этгани ҳақида ўзларига қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилган гдлянчилар гуруҳи терговчилари исбот-далиллар мажмуини сунъий равишда шакллантирган. Айбни бўйнига мажбуран олдириш ишлари шу даражага бориб етганки, жиноятга умуман дахли бўлмаган одамлар ўзларининг тежаб-тергаб юрган пулини гдлянчилар гуруҳига топширишга, ўз жамғармаси бўлмаган одамлар қариндош-уруғ ва танишларидан қарз олиб топширишга мажбур бўлишган. Узоқ муддатга қамалиб кетишни истамаган одамлар қимматбаҳо буюмларни заргарлик дўконидан харид қилиб, гўё жиноий йўл билан орттирган буюми сифатида гдлянчилар гуруҳига топширган. Бундай «мусодара» бутун Ўзбекистон бўйича авж олган. Тергов ишларининг ғайриқонуний, хусусан, одамларни дўқ-пўписа, шантаж, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, сўроқ жараёнида таҳқирлаш каби йўллар орқали кўрсатма беришга мажбур қилиш усулларини Т. Х. Гдляннинг шахсан ўзи тергов гуруҳи амалиётига жорий этиб, кенг қўллаб борган. Айби исботланмаган, жиноятга мутлақо дахли бўлмаган аксарият одамлар қамоқхонада ғайриқонуний равишда, процессуал меъёрлардан четга чиққан ҳолда сақланган.

Қамоққа олинганларга психологик тазйиқ ўтказиш мақсадида, улар узоқ вақт ғафлатда сақланиб, ойлаб сўроққа чақирилмаган. Бу билан гдлянчилар тўдаси гапга кўнмаган маҳбусларга куни битганига ишора қилишган, уларни узоқ вақт ғафлатда сақлаб, даҳшатли келажак ҳақида ўйлашга мажбур қилиб ҳолдан тойдирганча сўроққа чақиришларини ёлвориб илтимос қилдиришган.

Қонун ман этганига қарамай, гувоҳларни тунги маҳалда чақириб, сўроққа тутиш гдлянчилар гуруҳи томонидан қўлланилган оддий усулга айланди. Ҳибсга олиш учун етарли асосга эга бўлмай, прокурор санкциясини олмай, одамларни милиция ёки прокуратура биносидаги хизмат хонасида устидан қулфланган ҳолатда қолдириш – гдлянчилар тўдасининг кундалик амалиётига кирган. Т. Гдлян томонидан ўзбек халқига нисбатан ўтказилган жазо кампанияси даврида ўнлаб одамлар ўз жонига қасд қилган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2018 18:47   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Бухоро вилояти истеъмолчилар уюшмаси (рус. облпотребсоюз) раиси Ғани Маҳмудов ҳибсга олингач, укаси Маҳмуд Мирзабаев 1984 йил 6 июль куни тахминан тунги соат бирда сўроққа олиб кетилди. Бундай ғайриқонуний ҳаракатлар доимий тус олган, яъни кимдир қамоққа олинадиган бўлса, шу заҳоти унинг айбсиз оиласи, қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари, таниш-билишлари ҳам ёппасига ҳибсга олинган.

Маҳмуд Мирзабаев Т. Гдлян раҳбарлигидаги тергов гуруҳи учун қароргоҳ бўлиб қолган Давлат хавфсизлиги қўмитасининг Бухоро вилояти бошқармаси биносидаги хизмат хоналаридан бирида ғайриқонуний равишда сўроқ қилинди. Шундан сўнг, иккинчи қаватдаги хонага киритилиб, устидан қулфланди. Эрталаб эса бошқарма ҳовлисида М. Мирзабаевнинг мурдаси топилди. Аниқланишича, Маҳмуд Мирзабаев деразадан асфальтга сакраб, ўз жонига қасд қилган. Ушбу фуқаронинг ўлимига олиб келган вазият юзасидан тергов ҳаракати ўтказилди. Совет Иттифоқи Прокуратураси тергов бўлими прокурори Г. К. Мазуркевич (Г. П. Караказовнинг бўйсунувчиси) текширув ўтказгач, «М. Мирзабаев ўзини ўзи ихтиёрий равишда ўлдиргани исбот қилингани тўғрисида»ги қарорни тўқиб бичган терговчиларнинг қилмишида жиноят аломатларини топа олмай, жиноий иш қўзғатишни рад этган.

Ааслида эса айбсиз фуқаро М. Мирзабаев озодликдан ғайриқонуний равишда маҳрум қилиниб, хизмат хонасида устидан қулфланган ҳолатда сақланган. Унинг уйида тунги вақтда ўтказилган тинтув натижасиз якун топди. Бу борада бирон-бир процессуал ҳужжат тузилмади, терговчилар учун М. Мирзабаевни озодликдан маҳрум қилишга асос топилмади. М. Мирзабаевга нисбатан зўравонлик қўллаб, шахсини таҳқирлаган терговчи-гдлянчилар ушбу фуқаро ўз жонига қасд қилишига шу тариқа сабабчи бўлишди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх