Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Результаты опроса: 2011 йил, 10 июнда бўлиб ўтадиган ижодий мулоқотда қатнашасизми?
Ҳа 10 90.91%
Йўқ 1 9.09%
Голосовавшие: 11. Вы ещё не голосовали в этом опросе

Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 30.06.2011 17:30   #71  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Шум бола

Шундоқ деди, қуллуқ қилиб,
Гапни қўйиб жойига
Янги замон Шум боласи
Янги замон Бойига:

«Қошингизга яна келдим,
Қулоқ солинг, Бой ота,
Сидқи дилдан хизмат қилай,
Ишга олинг, Бой ота.

Фазилатим кўпдир, яна
Айбимни ҳам айтганман.
Лекин энди янги замон,
Мен ёлғондан қайтганман.

Чунки энди ёлғонни ҳеч
Айбгина деб бўлмайди.
Алдаганни бало урмас,
Алданган ҳам ўлмайди.

Шарт эмас Шум бола бўлиш,
Ёлғон букун осондир.
Газет тўла, китоб тўла,
Мажлис тўла ёлғондир.

Битта йиғин — Котибият,
Битта йиғин — Раёсат.
Ёлғон энди давлат иши,
Ёлғон энди Сиёсат.

Иннайкейин демай туринг,
Қулоқ солинг, Бой ота.
Сидқи дилдан хизмат этай,
Ишга олинг, Бой ота.

Ўн кишилик меҳнат қилиб,
Парча нонга тўяман,
Бир айбим бор, фақат баъзан...
Рост гапириб қўяман».

Бой отанинг жаҳли чиқди,
Деди, кўнглим зормиди?
Ёлғонингга чидаб эдим,
Рост гапинг ҳам бормиди?

Йўқол, сени ишга олсам
Хонавайрон бўламан.
Ёлғонингдан омон қолдим,
Рост гапингдан ўламан!


Ғазаб билан ҳассасини
Қўлга олди Бой ота.
Янги замон Шум боласин
Қувиб солди Бой ота.
1991
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:31   #72  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Бизлар арра тортмоқдамиз

Бизлар арра тортмоқдамиз,
Аррамизнинг тиши йўқ.
Нега арранг тиши йўқ, деб
Сўрайдиган киши йўқ.

Чунки бизлар анойимас,
Пишиб кетган кўзимиз.
Арра тушган ўша шохда
Ўлтирибмиз ўзимиз.

1991
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:35   #73  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Оғриқли саволлар

Чойхонада ошхўрликни бахт деб билган
оғайни,
Шу бир кунлик халоватни накд деб билган
оғайни,
Қумурсқадек тирикликдан ўзга ғами
бўлмаган,
Дил олами, ишқ олами, руҳ олами
бўлмаган,
Имонни ҳам, виждонни ҳам қурбон қилган
ҳалқум деб,
Сени хаёл қилдимми мен куйганимда
халқим деб?
Эл мулкини бир чеккада тинч кемириб
ётган зот,
Беш тийинга қадрини ҳам, халқини ҳам
сотган зот,
Кўкрагида на ҳиммату на ғайратдан асар
бор,
Юрагида на орият, на шавқ бор, на кадар
бор,
Умрида ҳеч қилган эмас мулкдан ўзга бир
ният,
Сени дея тиладимми юракларга ҳуррият?

Эй, кўнгилда можаролар орзу қилиб ётган
жон,
Тангринг — амал, мартабадир,
пайғамбаринг — шуҳрат, шон.
Бу давлатга ўт қўясан, йўқотасан
хилқатдан,
Гар ҳокимлик тегар бўлса сенга янги
давлатдан.
Қуруқ гапдир сенга Ватан, халқу озод
истиқбол,
Сенинг учун истадимми юртимга мен
истиқлол?
Мудом кураш азобини фидойилар
кўрганлар,
Инқилоблар ҳосилини муттаҳамлар
ўрганлар.
Сиз ҳам бугун панадасиз, жангга бизни
қайрайсиз,
Биз бу жангда шаҳид бўлсак, аввало сиз
яйрайсиз.
Ғофил халқим! Тингларманми сенинг
наъра — унингни,
Кўрарманми зулуклардан озод бўлган
кунингни?

1991
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:38   #74  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Бу замон ғазали

Тиллашибдир бўри бирла тозилар,
Бирлашибдир ўғри бирла қозилар.

Не деб айтар ул баобрў анжуман?
Қўл кўтарсин ушбу ҳолга розилар.

Зўр баҳодирмиз, жасорат биздадир,
Пашша қонин тўккан эй мард Қозилар.

Биз чунон хизматга белни боғладик,
Борми ҳиммат ўлчагич торозилар?

Бизга нелар дер халойиқ бу замон?
Нелар айтар келгуси ҳам мозийлар?

Мен ғазал ёзмоқчи эрдим, не қилай?
Бу замон тарихга шундоқ ёзилар.

1991
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:40   #75  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Туш


Бир ой бўлди,
Такрор-такрор
Мен бир хил туш кўраман,
Тушларимда мудраб юрган
Эл ичида юраман.
Улар билан
Мен ҳам мудраб
Аста қадам судрайман.
Бу — туш, дейман,
Уйғон, дейман,
Уйғонолмай мудрайман.

Ҳар тун шу ҳол,
Фалак берган
Бу не бало қийноқдир!
Эй худойим,
Эй худойим,
Кечанг бунча узоқдир?!

1991
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:45   #76  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Султонмурод

Султонмурод давлатманд одам эди. Сахий, маърифатли бой эди. Совет ҳокимияти унинг мол-мулкини мусодара, ўзини элдан бадарға қилди. Бор-йўғидан, ватанидан мосиво бўлиб узоқ элларга жўнаб кетар экан, Султонмурод алам ичида шундай сўзларни айтди.

Шафқат этмай бахтим қаро қилганлар
Шафқатга зор, бахти қаролар бўлгай.
Мени ватанимдан жудо қилганлар
Ватанда ватандан жудолар бўлгай.
Ҳеч қачон, ҳеч ерда ҳеч кимсага, бас,
Талаб олган моли буюрган эмас,
Ер-сувимни олган нобакор ул кас
Ер устида ерга гадолар бўлгай.
Соҳиблик мулк — обод, соҳибсиз — вайрон.
Эгасиз биядан соғилар айрон.
Юз йил «Хўжасизлик қайдан?» деб ҳайрон
Халойиқ тутгани яқолар бўлгай.
Бунда гаплар кўпу ишлар бўлгай оз,
Эл маъруза егай ва кийгай қоғоз,
Юртнинг эгалари мудом ваъдабоз,
Ишларида юз минг хатолар бўлгай.
Ерида заҳр унар бўлгай бу ўлка,
Жафоларга кўнар бўлгай бу ўлка,
Камоли беҳунар бўлгай бу ўлка,
Дўконида ўтмас матолар бўлгай.
Бенамоз, бехудо, бедин бандалар
Устидан шайтонлар қилгай хандалар,
Имон, эътиқоди парокандалар
Бошида кичкина худолар бўлгай.
Ҳукумат! Қотилинг ўзингдан чиқар,
Адил чинорларинг қўпорар, йиқар,
Лак-лак сургун қилар, зиндонга тиқар,
Бошингда туганмас жазолар бўлгай.
Юртбошилар оқил эса, ҳойнаҳой
Эл ҳоли бунчалар бўлмас эди вой,
Инсон бой бўлмаса халқ бўларми бой?
Саволим авлодга нидолар бўлгай.

Султонмурод шу сўзларни айтиб, отга қамчи босиб, Олатоғдан ошиб Қашқарга равона бўлди...

1989

Последний раз редактировалось Erkin Vohidov; 30.06.2011 в 17:48.
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:48   #77  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Раис ва шоир


Пиллакор раиснинг даъвати ила
Шоир меҳмон бўлгач қишлоққа келиб
Мадҳ ёзди юксак шеър санъати ила
Пиллани тиллага қофия қилиб.

Йил ҳам ўтгани йўқ, меҳмондўст раис
Чорвадор колхозга ўтганин билиб
У қасида ёзди қалби тўла ҳис
Туяни бияга қофия қилиб.

Раис ишдан кетди, у энди собиқ,
Шоир хабар олмас назарга илиб.
Энди у шеър ёзар услубга содиқ
Раисни даюсга қофия қилиб.

1989
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 30.06.2011 17:50   #78  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Узоққа бормадик андиша билан...

Узоққа бормадик андиша билан,
Тил топаолмадик ҳамиша билан.

Одамзодга дўст ҳам ёв бўларкан тил,
Кўприк бўларкан ҳам ғов бўларкан тил.

Олисга етмасдан ўчди унимиз,
Чунки бегонага қолди кунимиз.

Гул бўл, тиканак бўл — чаманингда бўл,
Булбул бўл, қарҚа бўл — ватанингда бўл.

1989
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:53   #79  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Юрагингда макон тутган қул


Билмам, қандоқ, не сабаб, қачон
Ҳаётингга ошно бўлган ул —
Боши эгик, бесўз, беисён
Юрагингда макон тутган қул.

Кимга даъво қилурсан, билмам,
Қайси маслак, қай тузум масъул?
Кетмас бўлиб жой олмиш маҳкам
Юрагингда макон тутган қул.

Исканжадан етим зурриёд,
Қатағондан бева қолган тул,
Кўҳна замин қаъридан фарёд
Юрагингда макон тутган қул.

Бургут эдинг, парвози баланд,
Сенга ҳам ёр зулфиқор, дулдул.
Нечук увол мусича монанд
Юрагингда макон тутган қул?

Умр қошу киприк ораси,
Гадоликдан адолик маъқул.
Қуллар ичра энг бечораси
Юрагингда макон тутган қул.

Кел, уйқулик кўзингни оч сен,
Ўз ҳолингдан қаҳ-қаҳ уриб кул.
Шундай кулки, ичингдан қочсин
Юрагингда макон тутган қул.

1991
Ответить 
Старый 30.06.2011 17:55   #80  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Қитъа

Истасанг тоза кўнгилга қўнмасин зарра ғубор,
Пок сўзу пок иш ва пок дил,
пок хаёл бўлмоқ керак.

Жисму жонимга десанг, бегона бўлсин хасталик,
Ишқ завқу дарди бирлан хастаҳол бўлмоқ керак.

Қалбга истарсан шифо гар, бўл ёмон сўздан йироқ,
Корвалол ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.

1991
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх