Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 05.01.2012 17:02   #1  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Томошабинлар кўнглини чарағон этган етук санъаткор - Ёдгор Саъдиев билан суҳбат

Азиз форумдошлар!

Шундай актёрлар бўладики, улар ижро этган роллари орқали миллатининг, халқининг юраги тўридан муносиб ўрин олади. Уларнинг роль ижро этаётган давридаги ижод завқи чоғларидаги кўнглидан таралаётган нур томошабинлар қалбини забт этади, ижобий қаҳрамонларининг хислатлари томошабинга маълум маънода "юқади". Навбатдаги суҳбати аржумандимиз Ўзбекистон халқ артисти Давлат мукофотининг совриндори Ёдгор Саъдиев биландир.
Ушбу мавзуда актёримизнинг ижоди ҳақидаги ўзингизни қизиқтирган саволларингизни қолдиришингиз мумкин.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 11.01.2012 в 17:38.
Ответить 
Старый 05.01.2012 17:33   #2  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:



Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Ёдгор Саъдиев 1946 йилнинг 12 июнида Тошкентнинг Себзор даҳасида таваллуд топган.
1971 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1968 йилдан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаган. Шунингдек, 1998 йилдан Ўзбекистон Ички ишлар Вазирлиги қошидаги “Қалқон” студиясининг бадиий раҳбари.
Ёдгор Саъдиевнинг ижоди ижтимоий, фалсафий, ғоявий мазмун билан йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради. Қаҳрамонга драматик ҳатти-ҳаракат, оҳанг, имо-ишора топа олиши, унинг ички ва ташқи томонини уйғунлаштира олиши билан диққатга сазовордир.
“Мирзо Улуғбек” спектаклидаги Франция элчиси театр саҳнасидаги илк образидир. Карл Морр (“Қароқчилар”), Кочкарёв (“Уйланиш”), эртакчи (“Қор маликаси”), Ғофир (“Бой ила хизматчи”), Прометей (“Оловни ташлама, Прометей”), кичик ўғил (“Ғариблар”), Бобур (“Юлдузли тунлар”), Климков (“Рўйхатларда йўқ”), Арслон (“Ойна”), Абдураҳмон (“Меҳробдан чаён”), Филипп (“Рўё”, 1983 йилда шу роли учун “Йилнинг энг яхши эркак роли” номинациясига сазовор бўлган), Аброр Ҳидоятов (“Томоша давом этади”) , Маъмур (“Келинлар қўзғалони”) каби 60 дан ортиқ ролларни маҳорат билан ижро этган.
Ёдгор Саъдиев кинода Абдусалом (“Дилбарим”), Олимжон (“Ўн уч терак кўчаси”, Довженко номидаги киностудия), Шайх Жаъфар (“Енгилмас”), Дадабўри (“Армон”), Тагай (“Минорхўрлик Жўра овчи”), Майор Мицуми (“Манжур варианти”, Қозоқфильм), 20 қисмли “Шайтанат” да Асадбек, “Иблис девори”да Иброҳим амаки роллари билан шуҳрат қозонди. “Шайтанат”нинг 7 қисмидан 20 қисмигача, “Иблис девори” фильмларига режиссёрлик қилган. Шунингдек, телефильм, видеофильм ва телепостановкалар: “Абу Али ибн Сино”да Ибн Сино, “Диёнат”да Жаббор, “Гирдоб”да Йўлдош, “Алишер Навоий”да Бадиуззамон, “Имон”да Орифжон, “Ичкуёв”да Ўринбой, “Сўнгги ўқ”да Жаҳонгир образларини яратган.
Режиссёр сифатида Ж. Пуаренинг “Алдагани хотин яхши”, Ф. Богдановнинг “Тунги меҳмон”, С. Сирожиддиновнинг “Ҳаёт эшик ортида” спектаклларини саҳналаштирган.
Дубляжда 700 га яқин фильмда овоз берган.
1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофотига, 1998 йилда “Ўзбекистон халқ артисти”, 2005 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 06.01.2012 в 09:33.
Ответить 
Старый 06.01.2012 18:18   #3  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Қуйидаги мақола Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновга тегишли. Устоз актёр ушбу йилнинг 1 январида муборак 91 ёшга тўлдилар. Устозга сиҳат-саломатлик, фарзандлари, набиралари, эваралари, чеваралари ардоғида юриб 100 ёш билан юзлашмоқликни тилаб қоламиз.



Зикир Муҳаммаджонов рафиқалари Машҳура ая билан.

Цитата:
Ўзбекистон халқ артистлари Хайрулла Саъдиев ва Ёдгор Саъдиевларнинг отаси - Ҳабиб Саъдиев машҳур артист бўлиб, раҳматли уруш йиллари ҳаётдан кўз юмган эди. У жуда эрта Ҳамза театрига ишга кирган. Дастлаб "Тарих тилга кирди" пьесасида Қўрқмас роли билан халқ орасида обрў қозонади. Уни кўча-кўйларда Ҳабиб дейиш ўрнига Қўрқмас деб аташар эди. Унинг ёқимли лирик овози бўлгани туфайли ўша йиллари музикали драма театрига ишга таклиф этишади. Ва бу театрда бир неча ролларни ижро этади. Айниқса, "Фарҳод ва Ширин"даги Шопур ролини моҳирона ижро этади. У ҳатто Фарҳод ролига тавсия этилади ва бир неча арияларни тайёрлаб, айтиб юради. Унинг артистлик ҳаёти жуда қизиқ тасодиф ва ҳангомалар билан тўла.



Ҳабиб Саъдий


Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 06.01.2012 в 18:41.
Ответить 
Старый 06.01.2012 18:39   #4  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Зикир Муҳаммаджонов хотиралари

Цитата:
Ўша йиллари "Аршин мол-олон" спектакли тайёрланадиган бўлди. Хизматчи аёл ролини машҳур артистка Марям Ёқубова (сиз уларни "Маҳаллада дув-дув гап" фильмидаги Ойпошша роли орқали яхши танийсиз) ижро этган эди. Маълумки, Марям Ёқубова ниҳоятда баланд бўйли бўлиб, оғирлиги 100 килодан ошарди. Ҳабиб Саъдий эса жуссаси ниҳоятда кичкина жингалак сочли, ғоятда ёқимли кўринишга эга эди. Бу асардаги воқеа бўйича у хурсандчилигидан аёлни кўтариб айлантириши керак. Аммо жуссаси кичик Ҳабиб Саъдий саҳнада Марям Ёқубовани кўтаришга бир неча бор уриниб кўради-ю, аммо кўтара олмайди. Бунга чидолмаган Марям Ёқубова қани нима бўларкин, деб ёнида турган Ҳабиб Саъдийни даст кўтариб гирдикапалак қилиб айлантиради. Буни кўриб турган артистлар ҳам, режиссёр ҳам қаҳқаҳадан ўзларини тўхтатиша олмай ичаклари узилгудек куладилар. Натижа шунга олиб келадики, томлшабинларга ҳам шу тахлитда кўрсатиш таклиф этилади ва бир неча йил шу алфозда икки артистнинг ажойиб ижроси билан спектакль руҳи ниҳоятда кўтарилади.



Ҳабиб Саъдий "Аршин мол-олон"да Сулаймон ролини ижро этган.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 07.01.2012 в 11:23.
Ответить 
Старый 06.01.2012 19:03   #5  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Зикир Муҳаммаджонов хотиралари

Цитата:
Ҳамза номидаги академик драма театрида Мақсуд Шайхзоданинг "Жалолиддин" пьесаси саҳналаштириладиган бўлди. Унда Темур Mалик қамалда қолганида лашкарлар руҳига мадад берадиган бир ашула айтилиши айтилиши лозим эди. Унга машҳур композитор Манас Левиев куй басталади. Мақсуд Шайхзода ашула сўзларини ёзиб берди.

Қийғоч учган кўк каптар,
Бунда бир пас чўк каптар.
Ғариб кўнглим интилар,
Интизорлик бас, етар.


Драматик истеъдодга эга бўлган Ҳабиб Саъдий ушбу ашулани шундай айтар эдики, залдаги томошабинларгина эмас, балки саҳнадаги иштирокчиларнинг ҳам кўзларига ёш келар эди. Ҳатто шу пьессадаги Темурмалик ролини ижро этган Аброр Ҳидоятов уни ҳар сафар спектаклдан сўнг бағрига босиб қўяр эди. Кунлардан бир куни шу спектаклдаги ана шу ашулани айта туриб саҳнада йиқилади. Гўё саҳнага сўнгги бор чиқаётгани, гўё шу азиз саҳна билан хайрлашаётганини ифода қилаётгандек эди. Шундай ҳам бўлди. У шу ётганича қайтиб ўрнидан турмади. Ўша пайтларда унинг катта ўғли- Хайрулла икки ёшда-ю, Ёдгор эса она қорнида эди. Фарзанд киши умрининг давомчиси деганлари тўғри. Ҳабиб Саъдий ўлими олдидан Хайруллани бағрига босиб, шундай васият қилган эди: "Менинг жону дилим саҳна. Афсус, минг афсуски мўлжалдаги ролларимни ижро этолмай кетяпман. Аммо менинг фарзандларим санъаткор сифатида халқимга хизмат қилишса, армоним йўқ". Унинг васиятлари ижобат бўлди. Хайрулла билан Ёдгор санъаткор бўлиб танилдилар.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 10.01.2012 в 21:45.
Ответить 
Старый 09.01.2012 10:38   #6  
Аватар для Kavsar
Оффлайн
Сообщений: 769
+ 2,104  1,209/531
– 1  2/2

Uzbekistan
Assalomu alaykum, hurmatli Yodgor aka! Uforumimizga xush kelibsiz, O'zbek xalqining eng tajribali, iste'dodli, qolaversa barcha tomoshabinlar qalbidan joy olgan aktyori bilan online uchrashib turganimizdan juda ham xursandmiz. Sizga avvalambor oilaviy sihat-salomatlik, baxt va barcha ezguliklarni tilaymiz.

Savolim: Sizning hozirga qadar erishgan barcha muvaffaqiyatlaringizga, ham aktyor ham inson sifatida xalq mehrini qozonishingizga nima asosiy sabab bo'lgan deb o'ylaysiz?
__________________
Necha insonlar ko'rdim, siyrati bor surati yo'q. Rumiy
Ответить 
Старый 09.01.2012 16:02   #7  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ассалому алайкум, Ёдгор ака!

Форумимизга хуш келибсиз. Шундай бир гап бор: "Ҳаёт- бу театр". Унинг акси сифатида "Театр-бу ҳаёт". Сизнингча, "ҳаёт - бу театр" ёки "театр-бу ҳаёт"ми?
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 09.01.2012 16:25   #8  
Аватар для Ёдгор Саъдиев
Оффлайн
"Қалқон" киностудияси
Бадиий раҳбар
Сообщений: 14
+ 18  97/14
– 0  0/0

Uzbekistan
Ваалайкум ассалом!

Мен учун "Театр-бу ҳаёт" тушунчаси тўғрироқ. "Ҳаёт-бу театр" - қайсидир бир одамларнинг фикрининг йўналишида бу шундай. Улар "Ҳаётда ҳамма ҳар доим роль ўйнаш керак, бу дунё - бир театр", деган ақидага суянишади. Мен бу фикрга қўшилмайман. Дунёда ҳаётда "роль ўйнамайдиган" одамлар ҳам жуда кўп. Менинг ўзим ҳеч қачон ҳаётда "роль ўйнамайман", роль ўйнасам ҳам фақат саҳнада ўйнайман: шарт-шарт гапириб юбораман, одамларни алдай олмайман, дарров тутилиб қоламан, чунки шундай тарбия топганман.
Менимча, "Театр-бу ҳаёт". Бунга ҳар тарафлама қараш мумкин:Ҳаётимни давом этиши ҳам театрга боғлиқ бўлиши мумкин, яшаётганлигимнинг ўзи ҳам шу театрда ишлаш учун бўлаётгандир. Ҳозирча мен театрдан йироқроқдаман, лекин мен ўзимни театрдаман, деб ҳис қиламан. Бу энди кимга қандай? Ҳаётда "ўйналгандан" кейин софлик йўқолиши мумкин, беғуборлик йўқолиши мумкин. Шуни орқасидан иймон ҳам кўтарилиб кетади, инсоф ҳам секин-секин четга чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳаётда "ўйнамаслик керак"-, деб ўйлайман.
Ответить 
Старый 09.01.2012 16:39   #9  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Сиз яратган ўйнаган образларни томошабин кузатиб турар экан, ундан, албатта, бирор бир ижобий фазилатни ўзига "кашф қилади". У хоҳ ижобий образ бўлсин, хоҳ салбий образ бўлсин, мухлисларингиз ўзларига ибрат бўлгулик жиҳатларини олади. "Салбий қаҳрамон"нинг салбийлигида ҳам атроф-муҳитнинг катта таъсир кўрсатади ҳамда ўша қаҳрамон ҳам қилмайман деган ёмонликни қилишга мажбур бўлади.
Сиз ўзингиз яратаётган салбий образларнинг ижобий жиҳатларини топиб яратишга ҳаракат қиласизми?
Ответить 
2 "+" от:
Старый 09.01.2012 17:29   #10  
Аватар для Ёдгор Саъдиев
Оффлайн
"Қалқон" киностудияси
Бадиий раҳбар
Сообщений: 14
+ 18  97/14
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Сиз яратган ўйнаган образларни томошабин кузатиб турар экан, ундан, албатта, бирор бир ижобий фазилатни ўзига "кашф қилади". У хоҳ ижобий образ бўлсин, хоҳ салбий образ бўлсин, мухлисларингиз ўзларига ибрат бўлгулик жиҳатларини олади. "Салбий қаҳрамон"нинг салбийлигида ҳам атроф-муҳитнинг катта таъсир кўрсатади ҳамда ўша қаҳрамон ҳам қилмайман деган ёмонликни қилишга мажбур бўлади.
Сиз ўзингиз яратаётган салбий образларнинг ижобий жиҳатларини топиб яратишга ҳаракат қиласизми?
Нега менга бу саволни бераётганлигингизни сезиб турибман. "Шайтанат" масаласида Асадбек ўзи салбий образ бўлишига қарамай, одамларга бироз ёққанлиги ҳақида айтяпсиз. Мен буни атайлаб шундай ўйнаганман. "Китобдаги Асадбек" билан бизнинг "фильмимиздаги Асадбек"нинг орасида фарқи катта. Тоҳир ака буни китобда маккорроқ, айёрроқ қилиб яратган. Асарда Тоҳир Маликнинг "Бу палаги тоза оиладан эди. Бир кун ўзини-ўзи топади" деган гапи бор. Шунинг учун мен кўпроқ Асадбекнинг салбий эмас, ижобий тарафларини кўпроқ кўрсатишга мойилроқ бўлганман, Асадбекнинг деярли яхши тарафларини очиб беришга ҳаракат қилганман. Шунинг учун ҳам одамлар Асадбекни ёқтиришади. Чунки унда мардлик бор, қатъиятлик бор, ростгўйлик бор, яхши одамларда учрайдиган хислатлар бор. Ҳақиқатан ҳам уни келиб чиқиши тоза. Асадбекнинг бу муҳитга тушиб қолишига давр сабабчи, муҳит сабабчи. Биз кўпроқ ўша даврга урғу беришимиз керак. Агар ўша машъум қатағон бўлмаганида Асадбек "Асадбек" бўлиб вояга етмасди. Менинг ички дунёйим шундайки, ўзимнинг миллатимдан чиққан шахсларни саҳна орқалими, телеэкран орқалими, ёмон қилиб кўрсатгим келмайди. Грузинлар кичик-кичик лавҳали фильмлар яратишарди-да, шунда фильмнинг бошида қаҳрамонни ёмон жиҳатларини кўрсатиб ерга уришарди. Фильм сўнгида эса ўша қаҳрамонни чўққига олиб чиқиб қўйишарди ҳамда томошабин "бундай буюк миллат дунёда йўқ" деган якуний хулосага келарди. Мен ҳам миллатимни образлар орқали худди шундай қилиб тасвирлаб беришни хоҳлайман. Чунки бу- менинг миллатим. Бу гап миллатчиликдан қатъий назар бўляпти. Ўзбекистонда яшаётган барча инсонларни ижобий тарафларини кўрсатгим келади.
Биласизми, "Иблис девори" фильмида келин образи бор. У ака-укалар ўртасидаги машмашаларга, "Иблис девори" қўйилишига сабабчи бўлган инсонлардан биттаси. Фильм сценарийсида Тоҳир ака (Тоҳир Малик) дан илтимос қилганман, шуни ҳам "оқлайлик", деб ҳамда фильм сўнгида ўша келин, "Мен ҳам болаларим сизлрни бекаму-кўст оила қуришингизни хоҳлаб, елиб-югургандим, шунинг учун жонимни жабборга бергандим. Ўзим минг ямоқда юрсам ҳам, сизнинг ярақлаб кийиниб юришингизни истагандим"- деган гапларини қўшганмиз. Шу гаплар билан аёлнинг қилган ҳатти-ҳаракатини ҳам "оқлаб юборганмиз". Ўзбек ўзини демаса ҳам, бола-чақасини дейишини кўрсатиб берганмиз. Мен бу ҳақида кўп ўйлайман ва кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан.
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх