Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 29.09.2019 09:13   #41  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Сайёҳлар сафар таёқларини остона яқинига суяшди, эгнидаги плашларини ечиб, девордаги илгакларга осишди. Мерри ҳаммани ортидан эргаштириб, йўлакнинг нариги бошидаги эшиклардан бирини очди. У ердан ўчоқ шуласи билан буғ чиқди.

- Ҳаммом! - хитоб қилди Пин. - О, Худонинг марҳаматига сазовор бўлгур Мериадок!

- Ювиниш навбати қандай бўлади? - сўради Фродо. - Ёши катталар кириб чиқишадими олдин, ё абжирлар? Нима бўлган тақдирда ҳам, охирги бўлиб сиз кирасиз, мистер Перегрин.

- Ҳаммасини ташкиллаштириб бўлганман, - деди Мерри. - Келинглар, Крикхэллоудаги ҳаётимизни ювиниш учун навбат талашиб жанжаллашдан бошламайлик. Ичкарида совун-сочиқлар етарлича бор. Киринглар, тезроқ бўлинглар.

Мерри билан Фредегар йўлакнинг нариги бошида жойлашган ошхона томон йўл олиб, кечки овқат тайёрлашга киришиб кетишди. Кутилмаганда Пин Бильбонинг ҳаммомда айтишни ёқтирадиган қўшиқларидан бирини овози борича чўзиб қолди:

Айтгин қўшиқ, ҳой ҳоббит! Иссиқ сувга кир, яша!
Сафар кири, ташвишини танангдан ювиб ташла!
Таши исқирт, ичи ирқит иссиқ сувни ёқтирмас,
Сен ундай эмас, сен ҳоббитсан, баданингни ишқала!

Ёмғир ёғиб, қатралари бир ажиб куй чаладир,
Тоғ бағрида оққан булоқ суви роса мазадир!
Иссиқ сувдан чиққан буғ вужудингни ёндирар,
Ювин ҳоббит ҳаммомда сен, ғуборларинг чиқадир!

Фавворанинг устунлари осмонни қайноқ ўпар,
Сулув қизнинг қоматидай бир чиройли кўринар,
Лек ҳаммомнинг бўсаси иссиқдир мисоли буғ.
Ювин ҳоббит, хушбуй сувда вужудинг кучга тўлар!

Сувнинг шапиллаши билан Фродонинг «вой-вой»лаб бақиргани эшитилди. Ҳаммом эшигини тақиллатган Мерри ювинаётганлардан сўради:

- Кечки овқат билан муздай пивога нима дейсиз?

Ҳаммомдан биринчи бўлиб бошини артаётган Фродо чиқиб келди.

- Бу ернинг ҳавоси шу қадар намки, бошимни ошхонада қуритганим маъқул, - деди у.

- Йўғ-е! - ҳайрон бўлди Мерри ичкарига бош суқиб.

Тош тўшалган полни сув босибди.

- Дастурхон тузагунимизча ҳаммомни тозалаб, тартибга келтир, Перегрин, - деди у. - Тезлаш, узоқ кутиб ўтирмаймиз сени.

Бироздан сўнг ҳамма ошхона ўчоғига яқин ўрнатилган стол атрофида йиғилди.

- Қўзиқорин емасаларинг керак, деган умиддаман, - сўради Фродо умидсиз оҳангда.

- Еймиз, албатта, - овоз кўтарди Пин.

- Бу менинг қўзиқоринларим! Фермерларнинг хотинлари орасида қиролича саналадиган миссис Бирюк ҳадя қилган, - деди Фродо. - Очкўз қўлингизни тортинг, ўзим пишираман уларни.

Ҳар қандай ҳоббит қўзиқоринни биз, яъни новча халқдан ҳам яхши кўради. Бу ҳолат ёш Фродонинг машҳур Мариш далаларига буюрган узоқ ташрифлари-ю, иззати-нафси олинган Бирюкнинг ғазабини ойдинлаштиради. Фермер аёл бериб юборган мана бу қўзиқорин ҳаммага тўйгунча етади. Овқат мўл бўлди, ҳатто тўйиши осон кечмайдиган Фредегар Болжер ҳам мамнуният-ла кекириб қўйди. Овқатланиб бўлгач стол нари сурилиб, курсилар ўчоқ олдига терилди.

- Идиш-товоқни эртага ювамиз, - деди Мерри. - Энди менга бор гапни оқизмай-томизмай айтиб беринглар. Афтидан, аллақандай саргузаштлар ўтган кўринади бошингиздан. Тўлиқ ҳисобот беришингизни истайман: ҳаммасидан ҳам қария Бирюкнинг бу ишларга нима дахли борлигини, нега у мен билан ғалати оҳангда гаплашганини билмоқчиман. У, гарчи ишониш қийин бўлса-да, нимадандир қаттиқ қўрққан кўринади.

- Фақат угина эмас, ҳаммамиз қўрқдик, - жавоб берди Пин бироз чўзилган сукунатни бузиб. - Фродо гапиришни истамас экан, ўзим айтиб бераман ҳаммасини, - деди у, ўчоғдаги оловга тикилганча индамай ўтирган Фродога кўз қири ила қараб қўйиб. - Сен ҳам қўрқиб кетган бўлар эдинг, агар сени Қора отлиқ икки кун таъқиб қилиб келса.

- Ким экан у? - сўради Мериадок.

- Қора от минган қора шарпалар, - жавоб берди Пин ва Ҳоббитонни тарк этиб чиқишган фурсатдан бошланган саргузаштни батафсил сўзлаб, тавсифлаб берди.

Сэм ҳикоя мазмунини ўтирган жойида бош ирғиб, нидо чиқариб тасдиқлаб борди. Фродо эса овоз чиқармай ўтиришни давом этди.

- Агар бандаргоҳда анави шарпани ўз кўзим билан кўрмаганимда, кекса Бирюкнинг овозида ғайриоддий оҳанг эшитмаганимда буларнинг барини тўқиб чиқаргансиз, деган хаёлга борган бўлар эдим, - хулоса қилди Мерри. - Хўш, Фродо, сен нима дейсан?

- Амакиваччамиз Фродо ичини бировга ёргиси келмай юрибди, - чақиб ўтди Пин. - Лекин бор гапни айтадиган вақт бўлди. Ҳозирча бизда қария Бирюкнинг тахмини бор холос. Унинг фикрича, буларнинг бари Бильбонинг ҳазинаси билан боғлиқ эмиш.

- Бу унинг тахминидан ўзга нарса эмас, - жавоб берди Фродо ҳовлиқиб. - Қария Брюк ҳеч нимани билмайди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 09:14   #42  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
- Кулча юзли қария Брюк – анча зийрак ҳоббит, - деди Мерри. - У кўп нарсаларни билади-ю, суҳбатда сир бой бермайди. Бир замонлар Қадимги ўрмонга кириб-чиқиб юргани-ю, кўплаб эски гаплардан бохабар эканини биламан. Унинг тахмини ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини айтишинг мумкин-у бизга, Фродо?

- Мавриди етди, - пичирлади Пин, Меррига.

Мерри бош ирғиб қўйди.

- Нима ҳам дер эдим, - деди ниҳоят Фродо, узил-кесил қарор қабул қилган кишидай ўтирган жойида қаддини ростлаб. - Ичимда ортиқ ушлаб тура олмайман. Сизларга айтар гапим бор, аммо нимадан бошлашни билмай ўтирибман.

- Бу масалада ёрдамлашиб юборишим мумкин, - деди Мерри хотиржам оҳангда.

- Нимани назарда тутяпсан? - сўради Фродо, Меррига хавотир-ла қараб.

- Биз билан нима деб хайрлашиб чиқиб кетишни билмай бошинг қотаётганидан бахтсиз қиёфа ясаб ўтирибсан, қадрдоним Фродо. Сен Ширни тарк этмоқчисан, аммо хавф тез қувиб етаётгани боис зудлик билан йўлга чиқишинг керак бўлиб қолди. Сен буни истамайсан, албатта. Биз сенга чин юракдан ачинамиз.

Фродо оғзини очди-ю, яна ёпти. Юзидаги ҳайрат қиёфаси шу қадар кулгили чиқдики, ҳамма хандон отиб юборди.

- Қадрдоним Фродо! - деди Пин. - Бизни лақиллата олганингга ўзинг ишонасанми? Ёшинг анчага бориб қолган бўлишига қарамай, бизни лақиллатиш масаласида ақлинг ҳам, тажрибанг ҳам етишмайди. Апрель ойидан буён кузатилаётган хулқ-атворинг – Ширни тарк этишга аҳд қилганингдан далолат бериб борди. Юрган йўлингда: «Бу водийни яна кўриш насиб қилармикан?!» - каби оҳ-воҳ қилаётганингни эшитиб юрибмиз. Пулинг тугаб, қадрдон Бэг-Эндни анави Саквиль-Бэггинсларга сотиб юборганинг-чи? Гэндальф билан ўтган сирли учрашувларинг-чи?

- О, карами кенг фалак! - хитоб қилди Фродо. - Ўзимни эҳтиётли деб билган эдим. Буларнинг барига Гэндальф нима дейди, билмадим. Наҳотки бутун Шир муҳокама қилаётган бўлса кетаётганимни?

- Йўқ, бу масалада хотиржам бўлавер, - деди Мерри. - Ойни этак билан ёпиб бўлмайди албатта, бироқ бу гапларни биз биламиз холос. Ёдингда бўлсин, биз сен билан кўпдан буён дўстмиз, кўп вақтимизни сен билан ўтказганмиз, айтмоқчиманки, сени яхши биламиз. Бильбони ҳам яхши билар эдим ва тўғрисини айтаман, Бильбо кетгандан буён сени диққат-ла кузатиб келмоқдаман. Эртами, кечми, унинг изидан кетишингни билар эдим. Фақат бу ишни Бильбо каби ҳеч кимга билдирмай қилишингдан хавфсирар эдик холос. Ўтган баҳордан буён сени диқат билан кузатиб келяпмиз. Бизни лақиллатиб кетишинг осон кечмайди, биродар!

- Қандай қилиб бўлмасин, зудлик билан кетишим керак, - деди Фродо. - Ва сизлар менга ҳеч қандай ёрдам бера олмайсизлар, дўстларим. Қайғули ҳолат, албатта, лекин кетишимга тўсқинлик қила олмайсизлар. Модомики, кўп гаплардан бохабар экансиз, мени ушлаб қолишга уринмай, аксинча, йўлга чиқишимга ёрдамлашиб юборинг.

- Ҳеч нарсани тушунмабсан, дўстим! - деди Пин. - Сен кетишинг керак, биз эса сен билан боришимиз керак. Мерри иккаламиз сен билан бирга йўлга чиқамиз. Сэм зўр йигит, албатта. Агар ўнг оёғи чап оёғига қоқиниб кетмаса, сени қутқариш йўлида аждарнинг бўғзига сакрашга ҳам тайёр у, лекин бундай хавфли сафарда битта дўст сенга камлик қилади.

- Менинг қадрдон, суюкли ҳоббитларим! - деди қаттиқ таъсирланган Фродо. Мен бунга йўл қўя олмайман. Ширдан кетишга аҳд қилганимга кўп бўлган. Хавф-хатар ҳақида гапиряпсиз-у, лекин қандай хавф кутаётганини аслида тасаввур ҳам қила олмайсиз. Бу ҳазина излаб топиш мақсадида уюштирилган юриш эмас, бориб қайтиш саргузашти ҳам эмас. Мен ҳалокат келтирадиган хавфдан қочиб, ундан-да баттар хавф сари йўл оляпман.

- Биз ҳаммасини тушуниб турибмиз, - деди Мерри қатъий оҳангда. - Шунинг учун ҳам сенга ҳамроҳ бўлишга аҳд қилдик. Узук масаласи ҳам ечими енгил масалалардан эмаслигини ҳам биламиз. Бироқ биз сенга душманга қарши курашда қўлимиздан келганча ёрдам беришга аҳд қилганмиз.

- Узук масаласи?! - чексиз ҳайрат-ла бақрайди Фродо.

- Ҳа, Узук масаласи, - деди Мерри. - Қадрдоним ҳоббит, дўстларинг қанчалик зийрак эканини тасаввур ҳам қила олмайсан. Бильбо Ширни тарк этмасидан анча олдин унинг сеҳрли Узуги борлигини билиб бўлганман. Модомики, у ўша буюмини ҳаммадан сир тутган экан, мен ҳам махфий уюшмамиз шакллангунча тилимни тийиб, индамай юравердим. Тўғри, Бильбони сени билгандай яхши билмас эдим, албатта. Ўшанда мен жуда ёш эдим, у эса сенга нисбатан анча эҳтиётли бўлган, лекин эҳтиётсизликка йўл қўйган ҳолатлар ҳам бўлган. Агар Бильбонинг сеҳрли Узуги борлигини қандай қилиб фаҳмлаганимни билишни истасанг, айтиб беришим мумкин.

- Айт, - деди батамом бўшашиб қолган Фродо.

- Бунга, табиийки, Саквиль-Бэггинслар сабабчи бўлган. Кунлардан бир кун (Бильбо уюштирган катта зиёфатдан бир йилча олдин) йўлда кетар эканман, мендан анча олдинда бораётган Бильбони кўриб қолдим. Кутилмаганда бизга қарши йўналишда келаётган эр-хотин Саквиль-Бэггинслар пайдо бўлишди. Бильбо таққа тўхтади-да, бирдан гум бўлди-қолди! Мен шу қадар лол қолдимки, оддий усулда бўлса ҳам бекинишим кераклигини баъзўр фаҳмлашга улгурдим. Бута-девордан сакраб ўтиб, йўл ёнидан дала тепалаб кетдим. Бута-девор узра йўлга қараб бордим. Анави Саквиль-Бэггинслар ўтиб кетишгач, Бильбо яна текис йўлда ўзидан ўзи пайдо бўлди. Киссасига ниманидир солар экан, тилла буюмнинг ялт этганини илғаб қолдим.

Ўша кундан буён Бильбони диққат-ла кузатиб бордим. Тўғрисини айтаман, жосуслик қилдим. Ҳали йигирма ёшга етмаган мендай ҳоббит учун ўта қизиқ топишмоқ эди-ю, бу, ахир! Назаримда, Фрододан ташқари, қария Бильбонинг сирли китобини кўрган ёлғиз ўзим бўлсам керак.

- Унинг китобини ҳам ўқиб чиққанмисан?! - ҳайрат-ла хитоб қилди Фродо. - Фалакнинг ўзи раҳм қилсин бизни! Наҳотки бу ёруғ оламда бирорта сир махфий бўлганча қолмаса?!

- Ўта махфий нарсанинг ўзи бўлмайди деган бўлар эдим мен, - фикр билдириб ўтди Мерри. - Мен унинг Алвон китобига кўз югуртириб чиқишга улгурдим холос. Шуни ҳам базўр уддаладим. Китобини ҳеч қачон очиқ жойда ташлаб кетмас эди. Қизиқ, ўша китоб қаерда экан ҳозир, а? Яна бир бор кўз югуртириб чиқар эдим унга. Сенда эмасми, мабодо, Фродо?

- Йўқ, Бэг-Энддан чиқмади, ўзи билан олиб кетган кўринади, - деди Фродо.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 29.09.2019 09:18   #43  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
- Шундай қилиб, юқорида айтганимдай, билган нарсаларимни бировга айтмай юравердим, - давом этди Мерри. - Аммо ўтган баҳорда вазият жиддий тус олиб, махфий уюшма тузишимизга тўғри келди. Нозик табиатлик қилиб ўтирмадик. Сен эпга солиб бўлмайдиган ҳоббит бўлиб чиқдинг, Гэндальф эса сендан ўтиб тушди. Агар бош изқуваримиз кимлигини билишни истасанг, уни сенга таништириб ўтишим мумкин.

- Ким экан у? - атрофга аланглади Фродо, кўзаларнинг бирортасидан юзига ниқоб таққан ёвуз киши отилиб чиқишини кутиб.

- Бир қадам олдинга чиқ, Сэм! - буюрди Мерри ва қулоғигача қизариб кетган ҳоббитнинг ёнига бориб турди. - Мана бизнинг маълумот йиғувчимиз. Айтишим жоизки, Гэндальф иккалангиз уни қўлга туширгунизча анчагина маълумот йиғишга улгуриб қолди.

- Сэм! - хитоб қилди Фродо, на ҳайрон бўлиш, на аччиқланиш, на енгил тортиш ва на аҳмоқлигидан лаққа тушганини тан олишни билмай.

- Маъзур тутинг, сэр! - деди Сэм. - Лекин мен сизга ҳам, мистер Фродо, мистер Гэндальфга ҳам зиён етказиш ниятида бўлмаганман. Ишонтириб айтаманки, сеҳргарнинг фикри соғлом, сэр. Сафарга ёлғиз ўзингиз чиқиш истагини билдирганингизда мистер Гэндальф қарши чиқди, ишонч билдирса бўладиган кишини ўзингизга ҳамроҳ қилиб олишингиз кераклигини тайинлади.

- Энди эса бировга ишонч билдирмайдиган бўлдим, - деди Фродо.

Сэм бахтсиз қиёфа ила Фродога бақрайиб қолди.

- Бировга ишонч билдириш, аввваламбор, ўша бировдан нима исташингга боғлиқ, Фродо, - ҳикмат қилган бўлди Мерри. - Сен яхши кунингда ҳам, ёмон кунингда ҳам бизга ишонишинг мумкин. Кунимиз битгунча сенга содиқ қоламиз. Ҳар қандай сирингни бизга ишонишинг мумкин. Биз уни сендан ҳам яхши сақлай биламиз. Унутма, биз сенга душман эмас, дўстмиз, Фродо. Гэндальф сенга айтган гапларнинг кўпини биламиз. Узук ҳақидаги гаплардан ҳам хабаримиз бор. Тўғрисини айтганда биз ўларча қўрқяпмиз, лекин шунга қарамай сен билан кетишга тайёрмиз.

- Нима қилган тақдирда ҳам, сэр, эльфларнинг насиҳатига қулоқ тутмоқ лозим, - қўшимча қилди Сэм. - Гилдор сизга ўз ихтиёри ила ҳамроҳ бўлишни истаганлар билан сафарга чиқишни маслаҳат берди. Буни рад эта олмайсиз.

- Йўқ, рад этаётганим йўқ, - деди Фродо энди тиржайиб қараётган Сэмга диққат-ла разм солиб. - Бироқ бундан буён қаттиқ хуррак отаётган бўлсанг ҳам ухлаётганингга бовар қилмайман. Аниқ ишонч ҳосил қилиш учун яхшилаб келиштириб тепаман. Сизлар эса, - деди у, қолганларга мурожаат қилиб, - ғирт фитначи экансиз! Жин урсин ҳаммангизни! - қўл силтаганча кулиб юборди Фродо. - Енгилдим, Гилдорнинг маслаҳатига амал қилганим бўлсин майли. Агар бизни кутаётган хатарлар унчалик хавфли бўлмаганда, ҳозир қувончдан рақсга тушар эдим. Шунга қарамай ўзимни бахтиёр деб билмоқдаман: кўпдан буён бундай қувонмаган эдим. Ушбу оқшомдан қанчалик қўрққанимни билсангиз эди.

- Жуда соз, масала ҳал! Яшасин сардоримиз Фродо ва унинг жамоаси! - бақирди Мерри.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 09:18   #44  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Қолганлар ҳам Фродонинг атрофида рақс тушганча ушбу қутловни баланд овозда такрорлашди. Мерри билан Пин шу кун учун тайёрлаб қўйилган қўшиқни чўзиб қолишди. Қўшиқ бир замонлар Бильбонинг саргузашти бошланган гномлар қўшиғига тақлид қилинган бўлиб, мавзуси ҳам ўзгармас қолган.

Қўшиқ айтар учовлон,
Хайр ўчоқ, хайр уя,
Кутар бизни Дориломон
Ривенделл водийсида.

Эльфлар яшар у ерда
Ғуборли тоғ бағрида,
Уйни ташлаб кетамиз
Ёвни албат енгамиз.

Кейинги ишларимиз
Ҳал бўлади манзилда,
Осон кечмас йўлимиз
Қайтар яна уяга.

Кетдик энди учовлон
Кутар бизни Дориломон.

- Жуда соз! - деди Фродо. - Ундай бўлса уйқуга ётгунча кўп ишлар қилишимиз керак бўлади. - Ухлаб олишга вақтимиз оз қолди.

- Зўр-у! - деди Пин. - Сен чиндан ҳам тонг отмасдан йўлга чиқиш керак деб ўйлайсанми?

- Билмадим, - иқрор бўлди Фродо. - Мен анави Қора отлиқлардан қўрқяпман. Кўнглим айтиб турибди, бир ерда узоқ қолишимиз мумкин эмас. Айниқса, уларнинг фикрича, мен кўчиб ўтиб яшашга аҳд қилган уйда. Гилдор ҳам бировни кутмай, йўлга чиқишни маслаҳат берган. Лекин мен Гэндальфни жуда кўргим келяпти. Сеҳргардан дарак йўқлигини эшитган Гилдор ҳам хавотирга тушиб қолди. Ҳозир ҳамма нарса иккита шартнинг ижросига боғлиқ, хусусан: Қора отлиқларнинг Баклберига етиб келиши ва имкон қадар тезроқ йўлга чиқишимиз. Сафарга ҳозирлик кўришимизга эса анчагина вақт керак бўлади.

- Иккинчи шарт ижросига киришишга деярли тайёрмиз, - деди Мерри. - Бир соатга қолмай йўлга чиқишимиз мумкин. Ҳамма нарсани сафарга ҳозирлаб қўйганман. Понилар отхонада, егулик билан кийим-кечакдан ташқари, зарурий захиралар қопларга жойланган.

- Махфий уюшмангиз жуда самарали ишлабди, - ижобий баҳо берди Фродо. - Қора отлиқлар борасида нима дейсан, Гэндальфни яна бирор кун кутиш хавф даражасини кучайтирмасмикан?

- Ҳамма гап бизни қувиб етган ўша Қора отлиқлар сени нима қилишларига боғлиқ, - жавоб берди Мерри. - Агар улар баланд ўсган бута-девор кўприкка тақалган жойдаги Шимолий дарвозада ушланиб қолишмаган бўлса, кўп ўтмай эшик тақиллатиб қолишади. Дарвоза қўриқлаш хизмати уларни тунда ўтказиб юбормайди, лекин отлиқлар дарвоза муҳофазасини бузиб ўтиши мумкин. Кундуз куни ҳам қўриқчилар Холл соҳибига хабар бериб, унинг жавобини олмагунча қора меҳмонларни вилоят ҳудудига киритмаслиги мумкин. Турқ-атворини кўриб чўчиб кетган дарвоза қўриқчиларига Қора отлиқлар ёқмаслиги муқаррар. Бакленд отлиқларнинг ҳужумини қайтара олмайди, албатта. Агар улар ўзларини мистер Бэггинснинг меҳмони сифатида таништиришса, эрталаб балким монесиз ўтказиб юборилишлари ҳам мумкиндир. Чунки мистер Бэггинс Крикхэллоуга кўчиб ўтгани ҳаммага маълум.

Фродо маълум вақт ўйланиб турди.

- Гап мундоқ, - қарор қилди у ниҳоят. - Тонг саҳарда йўлга чиқамиз, лекин тўғри йўлдан бормаймиз. Чунки тўғри йўлдан боргандан кўра шу ерда кутган хавфсизроқ. Агар Шимолий дарвозадан чиқадиган бўлсам, Баклендни тарк этганим бир неча кун бўлса ҳам сир сақланиши ўрнига шу заҳоти ҳаммага маълум бўлади. Кўприк билан чегара яқинидаги шарқий йўлни табиийки, Қора отлиқлар ўз назорати остига олишади. Улар нечталигини биз билмаймиз, кам деганда иккита эканлиги аниқ, балким кўпроқдир. Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли – ҳеч ким кутмаган жойдан чиқиб кетишдир.

- Бу фақат Қадимий ўрмон орқали юришни англатади! - даҳшат-ла хитоб қилди Фрекогар. - У ерга кириш мумкин эмас, чунки Қадимий ўрмон Қора отлиқлардай хавфли жойдир.

- Унчалик эмас, - тузатиш киритди Мерри. - Вазиятдан чиқишнинг чиндан ҳам мураккаб йўли-ю, лекин Фродо тўғри айтяпти. Бировга билдирмай чиқиб кетишнинг ягона йўли шу. Омадимиз чопса, ишни яхши бошлаймиз.

- Қадимий ўрмонда омад нима қилади?! - эътироз билдирди Фрекогар. - Бировнинг омади чопмаган у ерда, адашиб қоласиз. Ҳеч ким кирмайди у ерга.

- Киради, - рад этди Мерри. - Брендизайклар баъзан кириб-чиқиб юришади у ерга, қулай шароит туғилганда. Алоҳида сўқмоғимиз бор. Фродо бир замонлар бир мартагина кириб-чиққан холос у ерга. Мен эса бир неча марта бўлганман, одатда, кундуз куни, дарахтлар уйқуга кетган, ўрмон нисбатан тинч бўлган маҳалда, албатта.

- Билганингизни қилинг, - деди Фрекогар. - Шахсан мен ҳаммасидан ҳам Қадимий ўрмонни қўрқинчли деб биламан. Чунки ўша ўрмон ҳақида халқ орасида жуда қўрқинчли ривоятлар юради. Модомики мен юриш иштирокчиси эмас эканман, овозим ҳал қиладиган овоз ҳисобланмайди. Гэндальфни шу ерда кутиб, бор гапни унга ўзим айтиб беришим мумкинлигидан хурсандман. Ишончим комилки, сеҳргарнинг топилиб келиши узоққа чўзилмайди.

Фродони жуда яхши кўрса-да, Фредегар Болжер Ширни тарк этиб, унинг ташқарисида нималар борлигини кўришга иштиёқманд эмас. Унинг оиласи Шарқий Ширнинг Бадифордидан келиб чиққанига қарамай, Брендивайн кўпригининг нариги томонига ҳеч қачон ўтмаган. Фитна режасига мувофиқ, унинг зиммасига юкланган вазифа уйда қолиб, қизиқувчиларнинг саволларига жавоб бериб чалғитиш ва айни вақтда мистер Бэггинс Крикхэллоуда яшаётганини англатадиган вазият қарор топтиришдан иборат. У ўз ролини янада ишонарлироқ ўйнай олиши учун Фродонинг эски-туски кийимларини ҳам олиб келган. Бу роль қанчалик хавфли эканлигини улар тасаввур ҳам қила олишмайди.

- Ажойиб! - деди Фродо фитна режасининг ушбу қисми билан батафсил танишиб чиққач. - Гэндальфга хабар қолдиришнинг бошқача йўли ҳам йўқ-да бизда ўзи! Қора отлиқлар ўқишни билиш-билмасликларидан хабарим йўғ-у, лекин Гэндальфга хат қолдириб, таваккал қилмаган бўлар эдим: уйни тинтув қилишадиган бўлса, хатни топиб олишади. Модомики, Фредегар ушбу қасримизни қўриқлашни истар экан, Гэндальф мен танлаган йўлдан хабар топади. Нима ҳам дер эдим, жуда мамнунман. Эрталаб Қадимий ўрмон томон йўл оламиз.

- Демак, масала ҳал! - деди Пин. - Лекин Фредегар, бу ерда Қора отлиқларни кутиб ўтиришдан сафарга чиқишни афзал кўрган бўлар эдим.

- Ўрмонга кираверчи, ўшанда биласан, - таъкидлаб қўйди Фредегар. - Бу ердан кетганингга пушаймонлар еб юборасан.

- Бу мавзуда ортиқча баҳслашмайлик, - гапни кесди Мерри. - Уйқуга ётгунча баъзи нарсаларни сафар қопларига жойлашимиз керак. Тонг саҳар уйғотаман сизларни.

Кўрпага ётган Фродо анча вақтгача ухлай олмади. Пиёда узоқ юриб оёғи оғриётгани боис, эртага йўлга от миниб чиқишидан қувонди. Аста-секин мудроқ босиб, аллақандай баланд бино деразасидан ўрмон уммонига қараётгандай бўлди. Пастда бинога писиб кўтарилаётган ҳайвонларнинг товуши эшитилмоқда. Эртами, кечми ҳайвонлар унинг ҳидини сезиб қолиши мумкинлигини Фродо идрок этиб турибди. Шундан сўнг, узоқдан келаётган шовқин эшитилди. Дастлаб Фродо ўша шовқинни дарахт баргларининг шитирлаши сифатида қабул қилди. Бироздан сўнг бу олис денгиз шовқини эканлигини англаб етди. Эшитишни орзу қилган, аммо ҳаётда эшитмаган денгиз шовқини. Кутилмаганда у тунда аллақандай сайҳонликка чиқиб қолибди. Ҳавода ғалати бир шўр ҳид бор. Фродо дўнгликка ўрнатилган баланд Оқ минорани кўрди. Ўша минорага кўтарилиб, денгизни томоша қилиш истаги туғилди. Минора томон қадам босган эдики, яшин чақиб, момақалдироқ гумбурлади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 09:33   #45  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Цитата:
Сообщение от Shokir Dolimov Посмотреть сообщение
Афтидан, тонг қуёшининг ёруғи Пинга яхшигина далда берган кўринади, Қора отлиқларнинг бутун бошли қўшини билан тўқнаш келиш истиқболи уни чўчитмаяпти.
Ҳурматли форумдош, шу ерга келганда учинчи бобнинг охири, тўртинчи бобнинг бошидан иборат саҳифани ўтказиб юборибман, узр.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх