AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
“Момо Ер” билан саҳнада сирлашув
|
|
Цитата:
“Қўрқут ота” китобида баён этилишича, туркийлар ўзга қавм ва уруғлар устидан эришган элга “оқ” ва “оқсуяклар” дейишган. Бундан ташқари “оқ” ранг ҳурлик, мустақиллик ва ҳокимликни билдирган. Спектаклда кийилган либослар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Тўлғаной дастлаб қизил рўмолда, сўнг эса бошига оқ шол рўмолда кўринади. Дастлаб рўмолни кайвони аёллардек кунгурадор(мамлакатимизда одатда Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилояти аёллари шу каби рўмол танғишади), сўнг эса азадор аёллар ташлаб олган сингари бошига ташлайди. Бу ҳам либослар бўйича рассом Флюра Газизованинг спектаклда анъана ва расм-русмларни ёритиб бериш жараёнидаги ютуғи ҳисобланади.
“Момо Ер” спектаклида мизен саҳна ва деталлар яхшигина топилган. “Қоп”, дастлаб овулдошларини бошқариш каби масъулиятли юкни ўз зиммасига олган аёлнинг қоп орқалашида намоён бўлса, кейинги ўринда эса Тўлғоной эл-юртнинг сўнгги буғдойини уруғлик учун деб йиғиб олганида ўғирланиш жараёнида халқнинг ризқига кўз олайтирувчилар ва уни ҳимоя қилувчилар доимо бўлганлигини кўрсатиш вазифасини бажарган. Спектакль жараёнида Ер, Сувонқул, Қосим, Жайноқ, Майсалбек, Алиман, ўғри образларини Ихтиёр Отажонов нутқидаги паст-баланд, кўтаринки-тушкун овози, ҳатти-ҳаракатлари орқали бериш жараёнида турли воситалардан ҳам фойдаланган: ёзда ҳосил мўл бўлганлиги комбайндан тушаётган буғдой бир идишдан иккинчи идишга юқоридан пастга қаратиб солиниши ёрдамида; Алиманнинг Тўлғанойлар хонадонига келин бўлиб тушиши ҳамда вафот этиши қўнғироқлар осилган сочпопукларнинг ҳаракати ва оқ рўмолга кафандек ўралганлик ҳолатида; Тўлғонойнинг тақдир зарбаларига дуч келиши хипчин кўринишидаги арқоннинг ерга шаҳд билан урилишида кўрсатилган. Булар, албатта, режиссёр Ғафур Мардоновнинг топилмаларидир.
Воқеаларнинг йўналиши ва ривожланиш жараёни Тўлғаной ва Ер ўртасидаги рамзий савол-жавоблар қаҳрамонларнинг ички дунёсини очишда, воқеаларни кўламлироқ ифодалашда қиссадан айнан “териб олинган”. Спектакль ижрочилари ўйнаган қаҳрамонлар халқ ва ватан олдидаги инсонийлик бурчларини чуқур ҳис этадилар. Эзгулик, инсонга чексиз меҳр-муҳаббат уларнинг муқаддас шиоридир. Эътибор беринг-а, Тўлғонойнинг кенжа ўғли Жайнақ спектаклда қатнашмайди, бироқ биз уни онанинг ўғли ҳақидаги “урушдан эвакуация қилинган қаҳратонда дийдираб ўтирган бир болага устидаги тўнини ечиб бериши орқали боланинг қалбида бировга яхшилик қилиш бурч эканлиги ҳақидаги тушунчани сингдирганлиги” хусусидаги сўзларидан биламиз. Майсалбекнинг жанггоҳдаги ҳолати ҳамда ҳалок бўлиши айнан кўрсатилмайди, аммо Ихтиёр Отажоновнинг “Майсалбек монологи”дан унинг шахсиятини англаймиз.
Малика Ибрагимова нутқи орқали ифода этилган Алиман образи хусусида ҳам тўхталсак. Алиман Қосим билан севишиб турмуш қурган, ўзини усиз тасаввур эта олмайди. Бироқ Алиман ҳаётида биринчи ва охирги қалтис қадамини ташлайди, ихтиёрини бошқа инсон-чўпон қўлига топширади. Бу қалтис қадам оқибати ўлароқ виждон азобида ҳалок бўлади. Ёш жувоннинг инсоннинг табиий эҳтиёжи устун келган экан, бунинг туб моҳияти Алиманнинг шахсий ҳирсини қондиришни кўрсатиш эмас, балки уруш фожеасининг қурбони эканлигини намоён этишдир. Чўпон ва Алиман муносабатларини очишда, “Ола бош ҳўкиз чўх-чўх,/ Қайт чўлоқ қуйруқ чўх-чўх./
Жала-жала бўлиб ўт, /Бизнинг уйга қуюб ўт”, - халқ қўшиғи куйланади.
Жала-сел йўлида дуч келган барча нарсани ювиб кетувчи табиий офат. Бу билан режиссёр томошабинни саҳнада юз бериши мумкин бўлган фожеадан огоҳлантираётгандек бўлади. Алиман образи Тўлғанойнинг юксак инсоний фазилатлари, улуғворлигини саҳнада кўрсатишга яна бир асос бўлган. Келини вафот этади, набира туғилади. Тўлғаной бирини кузатиб, бирини кутиб олади, бахтсизлик ортидан бахт эшик қоқади. Натижада Тўлғанойда ҳаётдан безиш, унга нисбатан аламзадалик, нафрат, умидсизлик ўрнига “ҳаёт учун курашиб яшаш” некбинлик ҳолатини Малика Ибрагимова ёрдамчи актёр томонидан юқоридан қўлига тутқазилган йргакланган гўдак мисолида кўрсатган. Образлар мисолида қиёслайдиган бўлсак, Алиман-иродасиз, Тўлғаной-қатъият соҳибаси. У инсонийлик бурчини унутмайди.
Спектаклнинг тўрт ўрнида “Осмонга қарасам, Сомон йўли худди ёшлик пайтимдагидек...”- деган Тўлғонойнинг нутқи бор. Ушбу нутқ бош қаҳрамон турли хил вазиятга тушганда яққол намоён бўлиб алоҳида аҳамият касб этади. Дастлаб-икки севишган қалб – Тўлғаной ва Сувонқул учрашуви, бир қучоқ сомон кўтариб, ризқ-рўз улашиш мақсадида олам-олам орзуларга кўмилиш жараёнида; машъум Иккинчи жаҳон уруши бошланиши ҳақидаги энг осойишта “сўнгги” тунда; учинчи ўринда Тўлғонойнинг турмуш ўртоғи Сувонқул ва бош ўғли Қосимдан “қора хат” келиб, онанинг “шилқ этиб” тушишидан аввал; охирги ўринда эса аёлнинг умр сафари қариганида сўнгги манзилга етиш олдидан ҳаётидан мамнун ҳолида кетиши олдидан айтилган.
Инсон ўзгаради, Ердаги жамият ҳаёти ўзгаради, умр мазмуни ўзгаради, бироқ осмондаги Сомон йўли ўзгармайди. Қадимдан инсонлар йўлдан адашишса, тунда Сомон йўли юлдузлар туркумига қараб ўз манзилларини топиб олишган. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, Тўлғаной тақдир зарбалари олдида эсанкираб қолмай, умрининг қоронғу кечасида ўз “йўлчи юлдузи”ни топа билганлигини, эртанги кунига умид билан қараганлигини кўрамиз. “Ниятинг – йўлдошинг”-дейишади. Актриса яратган Тўлғоной “ҳаёт зарбалари”га дуч келганида ҳам эсанкираб қолмай, “Ғалаба”га умид боғлади. Малика Ибрагимова,- “Кечир, Ғалаба, ҳаммамиз ёлғиз аскарга ёпирилиб, “Бошқалар қани?” деб сўраганимизни, Алиманни - “Қани мени Қосимиииммм...” деб йиғлаганини, мени эса Жайноғим, Майсалбегим, Қосимим, Сувонқулим қаниии...” деб йиғлаганимизни кечир Ғалаба... кечир..”- деган нутқининг ўзи шарқ аёлида Тўмарисдек, Қурбонжон додҳохдек қанчалик сабот борлигини, ўтганни қайтариб бўлмаслик лозимлигини билгани ҳолда, энди эришилган тинчликнинг қадрига етиш шарт эканлигини қатъий ифода этган. Нутқда дард, нутқда алам, шу билан бирга ишонч ва матонат кўрсатилган.
Берган барча неъмати - ташвишга ҳам, қувончга ҳам шукроналик келтира билиш - инсонлигини англаган кучли бандасига хос. Дастлаб ўғли Қосим, уни уруш туфайли йўқотгач эса, орадан анча йиллар ўтиб набираси, “Энажон, енг..-дея буғдой нони тутгандаги, “Нон ўлмас экан, меҳнат ўлмас экан – ҳаёт ўлмас экан. деб осмонга қарасам, сомон йўли худди ёшлик пайтимдагидек. оламнинг у бетидан, бу бетигача тўшалиб ўтибди. бугун дунёда яна бир деҳқон туғилди-ку, - дея кўзим уйқуга кетди...”- деб спектакль сўнггида сўзлагани ер юзига тинчлик уруғини экувчи, бурда нонга қаноат қилувчи бунёдкор шахс юзага келганлигини билдиради.
Муқаддима ва хотиманинг узвийлигидаги Ер билан Тўлғонойнинг учрашуви ва хайрлашувидаги Осмондаги ва Ердаги сомон парчалари бир-бири билан боғлиқлигини; инсоннинг боши кўкда бўлса-да, оёғи ердан узилмаслиги. инсонийлик бурчини бажаргани ҳолда ўз манзилига юлдуздек чақнаган ҳолда енгил руҳ ила етиши ҳолатини очиб бериш “Момо Ер” спектакли ижодкорларининг бош мақсади бўлган бўлса не ажаб?!..
Саҳна кўринишлари жараёнида “Самаал” қирғиз ансамблининг чанқовуз оҳанглари, композитор Вивальди, серб-хорват этнографи Горан Греговичнинг скрипка, мандолинада ижро этилган мусиқалари, инсонларни огоҳликка ундашга чорлаётгандек поъезднинг чинқириғи садоси эшитилиб турди. Ғира-ширалик орқали урушни худди туш сингари тасвирлашга ундовчи тутунлар, Тўлғаной “сўнгги уйқу”га кетганда устига ташланган сомон парчалари спектакль тилини англашга, уни “ўқиш”га ёрдам беради.
“Момо Ер” спектаклни кўрган томошабин маиший турмуш муаммоларигагина ўралашиб қолмай, инсонпарварлик. ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, бошга оғир кулфат тушганида ҳам ўзини йўқотиб қўймаслик каби юксак инсоний фазилатларни асраш даркор деган фикрда томоша залини тарк этади. Зеро, унда “оналарнинг кўзида қонли ёш оқиб, йиғиси тошни ёриб йўл пойлашлари”, “урушга юборилган “вагон-вагон” овулдаги йигитлардан биргина аскарнинг қайтиб келиши”ни кўрсатилиши тинч ва осуда кунларимизга осонликча эришилмаганлиги ҳам шукроналик келтира билиш фазилатига эга бўлишимиз кераклиги кўрсатилган.
|
Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 19.01.2016 в 12:57.
|