Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 10.01.2013 17:14   #21  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Ойбек - нафақат Навоий ижоди билан шуғулланган адабиётшунос ва тарихчи олим, айни пайтда замонавий адабий жараённинг ҳам нозик билимдони ва тадқиқотчиси бўлган. У 1934-1937 йилларда ҳозирги Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими, 1943-1951 йилларда эса янги ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги ва академия гуманитар фанлар бўлимининг раҳбари бўлиб хизмат қилган. Шу даврда у «Сўнгги йиллар ўзбек поэзияси», «Ўзбек поэзиясида тил» (1934), «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» (1936), «Ўзбек совет адабиётининг юқори ғоявийлиги учун» (1947), «Ўзбек поэзиясининг тарихий тараққиёти тўғрисида» (1948), «Йигирма беш йил мобайнида ўзбек совет поэзияси» (1949) сингари тадқиқотлар, А.С. Пушкин, И.А. Крилов, Л.Н. Толстой, А.П. Чехов, А.М. Горький, Н.С. Тихонов сингари рус, Ҳамза, Садриддин Айний, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ҳасан Пўлат каби ўзбек, Файз Аҳмад Файз, Мухтор .Ауэзов, Берди Кербобоев сингари Шарқ адабиёти намояндалари тўғрисида кўплаб мақолалар ёзган. (Афсуски, Ойбекнинг Отажон Ҳошим билан 1935 йилда ёзиши режалаштирилган 12 босма табоқли «Мустамлака даври адабиёти» ҳамда 5 босма табоқли «Муқимий ва унинг «Танланган шеърлари» тадқиқотларининг тақдири бизга маълум эмас.)
Ойбекнинг адабиётшуносликка оид тадқиқот ва мақолалари орасида Абдулла Қодирий ва Чўлпонга бағишланганлари, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» монографияси шўро дври мафкурасининг таъсиридан холи бўлмаган ва буни Ойбекнинг ўзи ҳам эътироф этган бўлса-да, мазкур тадқиқотнинг асосий пафоси «Ўтган кунлар» романи муаллифининг бадиий маҳоратини очишга қаратилди. Ойбек бу тадқиқоти билан биринчи ўзбек романини вульгар социологизм марраларидан туриб баҳолаган Сотти Ҳусайнга кескин зарба берди. Унинг 1927 йилда Усмонхон Эшонхўжаевнинг «Ўзбек шоирлари. Чўлпон» ғайриилмий мақоласига қарши «Шоир Чўлпон ижодини қандай текшириш керак», яна шу муаллифнинг «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласига қарши «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласининг муаллифига жавоб» деган мақолалари эса унинг том маънода илмий ва ижодий жасоратидир. Ойбек бу мақолаларида Чўлпонни рус аристократиясидан етишиб чиққан Пушкинга муқояса қилиш орқали устоз шоирни доноларча ҳимоя қилди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 10.01.2013 17:15   #22  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Ойбекнинг бой адабий меросида таржима алоҳида ўринни эгаллайди.
Адиб 1937 йилнинг бўронли кунлари тингач, 1938 йил охирида Ўқув-педагогика Давлат нашриётига таржимон лавозимида ишга қабул қилинди. Шу даврда у «Антик адабиёти» мажмуасининг Рим адабиётига бағишланган 2-жилдини таржима қилиб, ўзбек китобхонларига жаҳон адабиётининг илк манбаларидан бири билан танишиш имконини яратди. Шундан аввал ва кейин у А.С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, М.Ю. Лермонтовнинг «Маскарад» драмаси, В.Г.Белинскийнинг машҳур мақолалари, Мольернинг «Тартюф» комедияси, «Довуд Сосунли» арман эпоси ҳамда қатор хорижий шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирди.
У ҳаётининг бир кунини ҳам адабий меҳнатсиз ўтказган эмас. Ҳамиша ижод иқлимида яшаган адиб учун адабиёт халқ ва мамлакатни юксак ғоялар ва идеаллар асосида олға етакловчи буюк куч эди. У ўзининг олтин қалами билан ўзбек халқини ер куррасидаги маданияти тараққий этган халқлар қаторига олиб чиқишга интилди. Афсуски, 30-40 йиллар шароитида шундай истак ва орзу билан ижод қилган қаламкашлар мустабид давлат раҳбарлари назарида «миллатчи»лар бўлишган.
Сталинча қатағоннинг навбатдаги тўлқинида 1937 йил доридан базўр омон қолган Ойбек бошига туҳмат ва маломат тошлари ёғилди. «Дўстлар» «Навоий» романини титкилаб чиқиб, ундан миллатчилик нишоналарини, «Ўзбек поэзиясининг антологияси»га ёзган кириш мақоласи ва Ойбек муҳаррирлик қилган «Ўзбек адабиёти» дарслигидан мафкуравий «хато»ларни «топдилар». Адиб қардош ёзувчилар билан бирга Покистонга борганида ўша ерда қолмоқчи бўлган, деб иғво тарқатдилар.
Ойбекнинг кундан-кунга ортиб бораётган шуҳрати туфайли кимлардир роҳат ва фароғатларини йўқотган эди. Улар НКВДнинг Ойбек атрофига қўйган тузоқларини интиқлик билан кузатибгина қолмай, унинг шу тузоққа илиниши учун баҳоли қудрат саъай-ҳаракат ҳам қилдилар. Натижада 1951 йил 16 апрель куни Ойбек инсульт хасталигига йўлиқиб, тили ва ўнг қўлидан ҳаёт асари кетди.
Бу, Ойбек ижодининг минглаб мухлислари учун фожиа эди. Ўзбекистон шу кунларда Ойбек ташвиши билан яшади. Китобхонлар севимли ёзувчиларининг соғайиб кетиши учун турли-туман табибларни, даво усул ва воситаларини тавсия этдилар.
Тошкент, Москва ва Пекиндаги бир неча йиллик даволанишдан сўнг Ойбек яна ижодий ҳаётга қайтди. У ўз қўли билан ёза олмагани сабабли кўнглида туғилган катта-кичик асарларни вафодор хотини Зарифахонимга қийинчилик билан бўлса-да, айтиб турди. У шундай йўл билан 1968 йили вафот этгунига қадар «Олтин водийдан шабадалар» романини қайта ишлади, чала қолган «Қуёш қораймас» романини тугатди, «Улуғ йўл» романи, «Нур қидириб», «Болалик хотираларим», «Бола Алишер» қиссалари, «Даврим жароҳати», «Гули ва Навоий» достонлари, талайгина шеър ва мақолаларини ёзди.
Ижодга ўта ташна адиб 1959 йили дилидаги орзу ва армонини ифодалаб, бундай ёзган эди:

Ҳастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен…

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур – менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам.

Ойбекнинг бу мовий орзуси рўёбга чиқмади. Аммо у хаста ҳолда ҳам, шоир айтмоқчи, ўлимларни доғда қолдириб, умрининг сўнгги нафасига қадар она халқи учун, адабиёт учун мардона меҳнат қилди. Унинг 17 йил давом этган хасталик даврида шу қадар самарали ижод қилганининг ўзи мислсиз жасоратдир. Ойбек ўзининг 20 жилдлик адабий мероси билан кўп асрлик ўзбек адабиётининг энг юксак чўққиларидан бирини забт этиб турибди.
Бу, Ойбек чўққисидир.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 31.01.2013 12:52   #23  
Offline ID
Аватар для Utkir Hoshimov
Оффлайн
журнал "Театр"
главный редактор
Сообщений: 65
+ 42  316/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Рус адиблари орасида: "Биз ҳаммамиз Гоголнинг шинелидан чиққанмиз", деган ибора бор. Шу гапни "ўзбекчалаштирсак", ўтган асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келган авлод шоирлари "биз Ғафур Ғуломнинг, адиблар эса биз Ойбекнинг, Абдулла Қаҳҳорнинг тўнидан чиққанмиз", деса муболаға бўлмайди. Сабаб, биз — уруш ва ундан кейинги йиллари мактабга борганлар Ғафур Ғулом шеърла ри, Ойбек романлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари билан "танглайи кўтарилган” авлодмиз. У паллада Қодирий, Чўлпон, Фитрат деган улуғ ижодкорлар ўтганини эшитган бўлсак-да, уларнинг биронта асарини ўқиган эмасдик.
Афсуски, мен Ойбек домланинг суҳбатида бўлиш бахтига эриша олмаган- ман. Бунга ўзим сабабчи бўлсам керак. Негаки, бирон марта бу улуғ адиб эшигини тақиллатиб боришга журъат қилмаганман. Бошқа устозим — Абдулла Қаҳҳор эса бир қатор тенгқурларим қатори менинг ҳам илк машқларимни ўқиб, хат ёзган ва шу сабаб Қаҳҳор домла сабоқларини олиш насиб этган... Шунга қарамай, Ойбек иштирок этган катта-кичик йиғинларда биз — талабалар ҳам бир чеккада қисиниб-қимтиниб ўтирганмиз. Ойбек домла қатнашган издихомга аллақандай осойишта, вазмин руҳ киргандек бўлар, устоз адиб йирик-йирик кўзларидаги теран маъно, ҳам виқорли, ҳам ўта самимий туйғу бу инсонни ич-ичидан ёритиб, нурлантириб турганга ўхшар эди. Ойбек ўзининг салобати билан ҳаммани "босиб турган"дек бўлар, айни пайтда унинг бутун қиёфасида боладек беғуборлик ҳам барқ уриб турар эди...
Мана шу улкан истеъдод, табиийлик ва самимийлик адиб асарларида ҳам намоён бўлади. Зеро асар муаллиф қалбининг кўзгуси, ёзувчининг "фарзанди” ҳисобланади...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 31.01.2013 12:53   #24  
Offline ID
Аватар для Utkir Hoshimov
Оффлайн
журнал "Театр"
главный редактор
Сообщений: 65
+ 42  316/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Адибнинг машаққатли мактаби

Ойбек ижодининг ёрқин қирраларини ҳам, адиб босиб ўгган мактабнинг машаққатли ва чалкаш сўқмоқларини ҳам биргана "Қутлуғ қон" романи мисолида кўрса бўлади. Аслида хавф-хатарга тўлиқ бу мактаб "сабоқлари" Ойбек домла тенгқурлари бўлмиш ижодкорларнинг ҳаммасига тааллуқли. Бир наъра тортса, жаҳонни ларзага солишга қодир Ғафур Ғулом шеърларида ўқтин-ўқтин "улуғ оға"нинг тарихий хизматларини эслатиб туришга мажбур бўлгани, Абдулла Қаҳҳор энг тагдор, энг ҳаққоний ҳикояларини минг бир қобиққа ўраб "едириш" йўлини излагани бежиз эмас. Золим сиёсат кечагина ёнингда турган эл эътиқодини қозонган ижодкорларни, ҳақиқий халқ фидойиларини "халқ душмани" деб қирғин қилган, ўзи эмас, болаларини халқ қамоқда чиритаётган паллада ижод қилиш қилич дамида юриш билан тенг эди (Мустақиллик йилларида онги шаклланган авлод буни тасаввур ҳам қилолмайди).
Мана шу доимий хавотир кўп йиллар ўзбек насрининг намунаси ҳисоб-ланган "Қутлуғ қон" романида ҳам сезилиб туради. Синчиклаб ўқисангиз бу ҳолатни англашингиз қийин эмас. Асарнинг деярли ҳар саҳифасида камбағал қароллар бойларнинг золимлиги, бу дунёнинг адолатсизлиги, ўзининг қорни чалақурсоқлиги ҳақида шикоят қилади. Романдаги бойларнинг ҳаммаси ёмон: Мирзакаримбой — золим, алдоқчи, Салимбойвачча — қотил, Тантибойвачча — қиморбоз, бузуқ, унинг отаси кўчада занглаган мих ётса, туфлаб уйига ташийдиган мумсик... Ойбекдек улуғ адиб ҳам “бу ёзувчи” “синфийлик позицияси"ни билмайди ёки билса ҳам атайлаб бузиб кўрсатади!" деган даҳшатли айбномага йўлиқмаслик учун (демак, Сталин қамоқхоналарида суяги чиримаслиги учун) айнан шундай тасвир воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлган. (Эҳтимол бугунги китобхон буни билмас, бироқ ҳушёр ўқувчи роман саҳифалари қатида қандай ваҳимали "сирлар" яшириниб ётганини англаши қийин эмас)...
Адиб табиат манзаралари — қаҳратон совуғи, саратон иссиғи, чечаклар ранги кабилар тасвирида яйраб-яшнаб, эмин-эркин қалам тебратади. (Табиат сиёсатга бўйсунмайди.) Шунингдек, ўзбек удумлари — тўйлар, тортишмачоқлар, қуёв жўралар бошидан ун сепишларни маҳорат ва ички ҳаяжон билан тасвирлайди...

... Одатда, ҳар қандай бадиий асар, айниқса, катта прозаик полотнода китобдаги одамлар қанчалик "тирик", нечоғли жонли бўлиши жуда муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Асар қаҳрамонига "жон ато этиш" эса шунчаки, осон юмуш эмас. "Қутлуғ қон"даги энг тирик ва шу туфайли узоқ эсда қоладиган одамлардан бири — Ёрмат. У ҳалол меҳнати билан рўзғор қимирлатиб турган, ўта содда, бир қадар мақтанчоқ, ҳовлиқма одам. Асар бошида бир лавҳа бор. Йўличи даладаги бедани ўришга киришиш олдидан Ёрмат унга бедазорни кўрсатиб, "мана, бедам!" деб керилади. Йўлчи беда яхши ўсганини айтиб, "сизникими?" деб сўраса, Ёрмат "Мирзакаримбой отаси"нинг остонасида ўн олти йил ишлаганини, шу боисдан "сеники-меники" деган гап йўқлигини айтади. Гўё бойнинг ярим давлати ўзиникидек. Бойваччаларнинг гапига (зиёфатига) бозордан ҳориб-чарчаб кўй етаклаб келганида калла-почанинг бир улуши ўзига тегишидан хурсанд, бой тўй қилса, тартиб сақлашга балогардон. (Гўё тўй ҳам ўзиникидек!) Охир-оқибат кўрган каромати шу бўладики, кўзининг оқу-қораси Гулнорнинг ўлиги бойникидан чиқади!.. Ёрматнинг қарийб йигирма йиллик меҳнатига олган ҳақи эса Салимбойваччанинг исловотхонада бир кечада бузуқ аёлларга сарфлаган пулининг ярмига ҳам етмайди! Ёрматнинг Гулнор ўлимидан чеккан изтироблари табиий ва самимий бўлгани учун ҳам ўқувчини ларзага солади...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 31.01.2013 12:54   #25  
Offline ID
Аватар для Utkir Hoshimov
Оффлайн
журнал "Театр"
главный редактор
Сообщений: 65
+ 42  316/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Адибнинг машаққатли мактаби

Қизиғи шундаки, романдаги энг жонли образлардан бири Нури! У асарда кўп кўринавермайди. Бироқ тирик одам сифатида китобхоннинг хотирасида сақланиб қолади. Негаки, унинг хатти-ҳаракатлари ғоят табиий. Нури ўн сак-кизга чиққан, соғлом, тўқ, бой оилада ўсган қиз. Унинг жунбуши, туйғулари жиловсиз. Албатта, у Йўлчини яхши кўрмайди. Аммо ёш, келишган йигитнинг қучоғига киришни жудаям хоҳлайди. Бу йўлда минг хил баҳоналарни ўйлаб ҳам топади. Нури "эзувчи" синф вакили сифатида, салбий образ сифатида тасвирланган. Бироқ "салбий"ми, "ижобий"ми, у — тирик одам.
"Қутлуғ қон"да яна бир боб бор. (Битгагина, ихчамгина боб.) Унда Йўлчи туҳмат билан қамоққа тушгач, қамоқхонада Петров деган инқилобчи "масте-ровой" билан танишуви тасвирланади, тўғрироғи, баён қилинади. Петров Йўлчини ўзининг "революцион руҳи ва севгиси билан тарбиялайди". (Романда айнан шундай дейилган.) Қисқа вақт ичида Петров Йўлчининг "онгини ўстиради", умрида қўлига китоб-дафтар олмаган йигитнинг саводини ҳам дарров чиқара қолади. Икковлари қамоқдан қочишади... Баённинг маъноси шу.
Тасаввур қилинг: Ойбеқдек тажрибали адиб қамоқ манзараларини, у ердаги муҳит, темир эшиклар, инсонлигини унутаёзган ашаддий жиноятчилар, тўнка-мижоз соқчиларни аниқ-равшан тасвирлаши мумкинмиди? Қамоқдан қочиб қутулиш осон эмас. Ёзувчи мана шу драматик ҳолатни ёрқин бўёқларда чизиши мумкинмиди? Албатта мумкин эди! Ва ҳатто керак эди! Хўп, адиб нега шундай қилмаган? Бу саволга китобхон эмас, ёзувчи сифатида жавоб беришим мумкин. (Агар адашсам, устознинг руҳи мени кечирсин!) Гап шундаки, асарни яратиш жараёнида бу бобни ёзиш ниятининг ўзи бўлмаган. Эҳтимол романнинг биринчи варианти (қўлёзма)да ҳам бу боб бўлмаган. Сўнг кимдир ёки кимлардир романда "улуғ рус халқининг мазлум халқлар революцион онгини ўстириб “одам каторига қўшишдаги” тарихий ролини кўрсатиш лозимлиги"ни "эслатиб қўйган" ёки шундай қилмаса, "чатоқ бўлиши"ни англатган! Ойбек домла ўлганининг кунидан "бор-е, шуни қўшсам қутуламанми, сенлардан!" деган-ку, беш-олти варақли шу ахборотни қоғозга туширган. "Сиёсий ҳушёр" мунаққидлар эса "Қутлуғ қон"нинг айнан мана шу жойини байроқ қилиб кўтарганлар! "Мана, социалистик реализм намунаси бунақа бўлади!", деб айюҳаннос солганлар. Донишманд Ойбек эса индамай кулимсираб қўя қолган. "Социалистик"ми, "носоциалистик"ми, чинакам реализмни, ҳаёт ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга айланишини романнинг бошқа талай саҳифаларидан топиш мумкин.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 31.01.2013 12:54   #26  
Offline ID
Аватар для Utkir Hoshimov
Оффлайн
журнал "Театр"
главный редактор
Сообщений: 65
+ 42  316/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Адибнинг машаққатли мактаби

Гулнор бўйнидан боғлангандек бўлиб Мирзакаримбойга эрга тегади. Бойга тегади ва ёши етмишни қоралаган чолдан... ҳомиладор бўлади! Мана шу — ҳақиқий реализм! Истеъдоди ўртачароқ ёки ҳаётни теран билмайдиган ёзувчи бўлса Мирзакаримбойнинг ёш қизга уйланишини ярим карикатура тарзида тасвирлаб, шарти кетиб, парти қолган чолни "масхара" қилиши ёки Гулнор-нинг бўйида бўлишини умуман ўйлаб кўрмаслиги ҳам мумкин эди. Ойбек эса бундай қилмайди. Албатта, адиб Гулнорнинг иккиқат бўлиши унинг ўлими учун ҳукм эканини, бойнинг ўғил-қизлари, куёв-келинлари мерос васвасаси учунгина ёш "она"дан қутулиш йўлини излаши муқаррарлигини билган. Бу эса романдаги воқеалар оқимининг мантиқий ривожига хизмат қилган. Аммо Гулнор бўйида бўлганини англаган ҳолатни шу қадар теран, психологик аниқ тасвирлаганки, буни фақат катта санъаткоргина эплай олади.
Гулнор тасодифан хизматкорлар яшайдиган хонага кириб қолади ва қозиққа илинган, чанг босган эски дўппига кўзи тушади. Бу Йўлчининг дўпписи эканини эслайди ва дўппининг чангини қоқиб, бағрига босади, кўзларига суртиб ўпади... Ҳақиқий аёл психологияси! Бироқ унинг дардли онлари бу билан тугамайди. Мана, ўша ҳолатнингдавоми:
"Ташқарида каптарларнинг "ғу-ғу"си, чумчуқларнинг чирқиллашидан бош-қда товуш йўқ... Гулнор бирдан чўчиб кетди: қорнида бир ниманинг сезиларли равишда урганини туйди... Дарров англади: у ҳомиладор! Шу онда қалтираган, оёқларида қитдай куч қолмаган каби ерга йиқилаёзди... Кўз олди қорайиб, борлиғини оғриқ-алам сиқиб олди... Бошида ҳорғин, паришон фикрлар учди. "Бахтсиз бола! Тезгина дунёга қадам қўйиб, дадангни набиралари, эваралари кетидан пилдираб югурмоқчимисан? Мана мен — онанг сени унутибман! Ўз борлиғингни ўзинг билдирдинг. Мирзакаримбойнинг боласи, унинг эварасидан ҳам кичик боласи!"
Иккита ўта драматик ҳолат — севган кишисини (камоққа тиқилган Йўлчи-ни қўмсаш ва чол Мирзакаримдан болали бўлганини дафъатан ҳис этишни бир вақтда тасвирлаш тагида чуқур, жуда чуқур маъно ётади. Бундай ҳолатни айнан шу тарзда тасвирлаш учун йирик санъаткор бўлиш керак).
Ойбек домланинг тили содда ва жозибали, ниҳоятда табиий. Романни қайта ўқишда бир нарсага эътибор бердим. Ёзувчи бутун бошли асар давомида "ва" деган боғловчини нари борса тўрт ёки беш марта ишлатган экан. Шунда ҳам муаллиф тилидан. Асар персонажлари эса гап орасида бирон марта "ва" демайди. Жуда зарур бўлиб қолса "ҳам" деган "боғловчи"ни ишлатади. Ниҳоятда табиий жараён! "Ва"ни араблар кўп такрорлайди. Оддий ўзбек эса ("оддий" эмас, "нооддий", яъни тил билимдони ҳам) жонли суҳбатда "ва"ни деярли оғзига олмайди... Бу ғалати ҳолатга эътибор берганимнинг сабаби асардаги одамлар тилига атайлаб ёки “шунчаки чиройли бўлсин”, деб "ва"ни солиб қўйиш асарнинг табиийлигини бузишини биламан.
Бу — шунчаки йўл-йўлакай кузатув... Романда бир қарашда оддий, аммо
китобхон хотирасида муҳрланиб қоладиган ғалати эпизодлар бор. Мана, шундай ҳолат. Салимбойвачча заҳар солган таомни ичган Гулнор ўлим билан олиб ётибди. Шунда шўрлик она — Гулсумнинг эсига бир "дори" тушади. У қаердадир эшитган. Заҳар ичган одамга қўй қумалоғини сувга эзиб ичирилса даво бўларкан! Гулсум зиналардан думалаб тушиб оғилхонага югуради ва бир кафт қўй қийини косага эзиб Гулнор томон ошиқади... Ўлим тўшагида ётган фарзандининг жонига ора кириш учун ҳар нарсага тайёр она ҳолатини бундан теранроқ тасвирлаш қийин.
... Хуллас, Ойбек домла ижодини синчиклаб ўрганган киши бу улкан адиб нақадар машаққатли ижод мактабини ўтагани, дилидаги армонларнинг кў-ў-ўп қисмини қоғозга тўколмай ҳасратда кетганини, бироқ замона зайлининг зуғумларига қарамай китобларида қатор-қатор инсонларга “жон ато” қилганини, Қаҳҳор домла ибораси билан айтганда, ўзбекнинг "адабий оиласи"ни бойитишга катта улуш қўшганини тушунади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 10.01.2014 20:46   #27  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
10 январь буюк ижодкор Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд топган кун.
"Бир ўлка-ки, қишларида шивирлар баҳор..." деб ёзган эди Ойбек. Гарчи қиш фасли эса-да, баҳор тафти балқмоқда. Қуёшли чарағон кун.





Адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков, Сувон Мели, Ҳулкар Олимжонова, Бахтиёр Назар, Наим Каримовлар.


Бугун Ойбек уй-музейида бир гуруҳ ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, Ойбек ижодининг ихлосмандлари билан буюк адибни хотирлаб суҳбати аржуманд бўлди. Суҳбати аржумандда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Собир Мирвалиев, Шуҳрат Ризаев ва адибнинг фарзандлари иштирок этишди.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 10.01.2014 в 20:49.
Ответить 
"+" от:
Старый 24.06.2014 01:24   #28  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ҳақиқий санъат асари гўзалликни соғиниш ва гўзаллик яратиш туйғусидан дунёга келади. У инсонқалбига кучли таъсир этиб, руҳини яйратиб юборади. Қалбга таъсир кўрсата олмаган ва четдан уни кузатиб турган инсоннинг кўнглини ўзига ром этишга яроқсиз асарни санъат асари дея олмаймиз. Санъат асарини четдан кузатиб мухлиснинг кўзлари ҳайратга туша олиши керак, ижодкор ижод қилиши жараёнидаги ҳайрат беихтиёр асар ихлосмандининг кўзига "юқиши", яратганнинг мўъжизавий гўзаллигини у ҳам пайқай олиши даркор. Гўзалликдан ҳайратланиш эса қалб кўзи очиқ инсонгагина хос бўлган фазилатдир.
Санъаткор юракдан эмас, юрак тили билан сўзлайди. Рассомлик ва адиблик. Рассом Ўрол Тансиқбоев ва Ойбек. Бу икки ижодкор ҳаёт санъаткори эдилар. Улар яратган рангин асарлар хаёл олами ва ҳаёт руҳини, ҳаёт шавқини ўзида акс эттиради. Улар ижодни тарғиб ва ташвиқ воситаси деб билмаган ижодкор эдилар. Балки уларнинг ҳаммаслаклиги ҳам шундадир...
Бу йил Ўрол Тансиқбоев таваллуд топганлигининг 110 йиллиги 25 майда нишонланди. Рассомнинг 60 йиллик таваллудида Ойбек дўстига ёзган табрикнома хати Ойбек уй-музейининг архивидан яқиндагина топилди. Уни эътиборингизга ҳавола этиБ, сизларни ҳам бохабар қилишни лозим топдим, форумдошим!






Мактуб-табрикнома эски ўзбек алифбоси-араб ёзувида Ойбекнинг рафиқаси Зарифахоним Саидносирова томонидан қоғозга туширилган. 5 варақдан иборат.

Хабарингиз бор, Ойбек руҳий зарбалар орқали сакта касаллигига чалинган, ўнг қўли яхши ишламас, дудуқланиб гапирар эди.


Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 24.06.2014 в 09:44.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 24.06.2014 01:40   #29  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ўрол Тансиқбоев 1924 йилда профессор Н.Розанов студиясида рассомликдан таҳсил оларди. У билан бирга гўзал Зарифа ҳам рассомлик сир-асрорларини ўрганишга қизиқарди. Ойбек ўзарифасининг олдига тез-тез ташриф буюргани боис Ўрол билантанишиб қолади ва дўстлашади. Кейинчалик Ойбек сўз рассоми, Ўрол Тансиқбоев эса табиат тасвирини нафислигини тасвирловчи буюк рассом бўлиб етишди. Зарифахоним эса биринчи ўзбек кимёгар олимаси сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Зарифахоним рассомликка бўлган ҳавасини ташламади. Вақти-вақти билан мойбўёқда рангтасвирлар чизиб турди.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 02.07.2014 в 21:54.
Ответить 
Старый 24.06.2014 01:47   #30  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Демак, эътиборингизга Ойбек айтиб турган ва Зарифахоним қоғозга туширган табрикномани ҳавола этамиз.


Курси ва иш столини кўрдим-у, бу ерда ҳозиргина буюк ёзувчимиз Ойбегимиз ўтирган-у, чучмал сўзлар билан рафиқаси - Зарифасига дўсти учун ёзилажак табрик хатини айтиб тураётгандек туюлди гўё...

Цитата:
Табиат ошиғи
(Ярим асрли табрик)

Баҳор келиши билан гулларнинг чеҳраси очилиб кетади. Дарахтларни буркаб олган, чаманзорларни яшнатган ҳар бир гулда баҳор табассуми, ариқларда қўшиқлардан тинмаган шарқироқ сувлар дарёларни тўлдириб юборди.
Баҳор рассомни ҳам чақирди. Мана, қирқ йил бўлдики, қирқ дафъа баҳорни рассом интизорлик билан кутиб олади. Ҳар йил баҳор келар экан Ўрол Тансиқбоев, ажойиб рассом, севгилиси бағрига ошиққандай, табиат бағрига жўнайди, нозик кечинмалар, ҳислар, орзуларга тошиб, ҳаяжон билан, шавқ билан йўлга тушади. Илк баҳорда энди уйғонган табиат нафасин олишга шошилади рассом. Дарахтлар куртагининг бош кўтарганини, қабарганини, улардан ғунчалар туғилиб, гуллар ёйилганини, боғларни қучиб олган гуллар булутини томоша қилишга шошилади рассом. Ўрол ҳар баҳорни янги орзулар билан қаршилаган меҳнаткаш халқнинг ғайратидан шавқланиб, илҳомланиб, ҳис ва туйғуларини, қалб қўшиғини бўёқлар – ранглар билан ифода этишга чанқоқлик ва эҳтирос билан киришади.
Рассомнинг туғилганига бу йил 60 йил тўлди. Мен ниҳоят хурсандман, дўстимни қутлашга шошиламан. Унга кўп йиллар, кўп баҳор билан учрашувга, ажойиб ижод булоғининг тинмай, тоғ шалоласидай абадий гуркираб оқишини тилайман.
40 йил бўлади, 1924 йилдан бери биз қалин дўстмиз. Профессор Н.Розановнинг студиясига тез-тез кириб туришни севар эдим. Шундан бери бу буюк рассомнинг санъати, ижоди менинг қалбимга ўрнашиб олган; унинг янги асарини зориқиб кутаман, кўргазмалардан унинг асарларини ахтараман, журналларда расмлар нусхасини кўрар эканман, асарларининг ўзини кўришга шошиламан.
Тошкентнинг сокин бир масканида яшайди рассом. Унинг ишхонасига, ижодхонасига кирар эканман, ҳаяжондан ва шодликдан тўлқинланаман. Унинг расмларида юртимнинг гўзал, ажойиб, жонли лавҳаларини, ватандошларимнинг ва халқимнинг қаҳрамонона меҳнатларини кўриб шавқланаман.
Ўролнинг расмларига термилиб боқар эканман, у билан танишган чоқларимизни , ёшлигимизни эслайман. Биз ёш эдик, ҳар биримизда ўзимизнинг орзуларимиз, келажакдан кутган умидларимиз кўп эди. Ҳозир мен шодланиб ўйлайманки, дўстимнинг ҳам, менинг ҳам орзуларим амалга ошди. Биз ҳар биримиз ўз ижод булоғимизни топиб халқимизнинг қалбини, меҳнатини куйлашга муваффақ бўлдик.
Мен Ўролнинг расмларини севаман, айниқса «Тоғда саҳар», «Иссиқкўл оқшоми », «Қайроққум ГЭСи тонги», «Сирдарё » ва бошқа кўп расмларини. «Тоғда саҳар»ни олайлик. Бу расмга боқар экансиз, ўзингизни кўргазма залида эканингизни унутасиз, тоғларнинг сокин бағрида ҳис қиласиз ўзингизни, тоғлар қучоғида кўрган саҳарларингизни эслайсиз. Саҳар чоғи... Осмоннинг мовий чойшаби нечук оқарганини, тоғ чўққиларида ясланган қорларнинг гоҳ қизариб, гоҳ олтиндай ёнганини эслайсиз. Тубсиз қоронғуликни ёриб ўтган қуёшнинг биринчи шуълалари бўсасидан тоғ қоялари қаршингизда бир он пайдо бўлади, бир онда ёлқинланади, оловланади. Тонг кўкаради, оқаради, ёришади; булутлар ҳам турли рангларда ёлқинланади, олтинланади. Бирдан ҳамма ёқ жонланиб кетади. Гуллар юзларини бирдан очиб юборади, табиатнинг бутун рангини кўрасиз шунда; ҳаво илиқланади, хушбўйланади. Қандай ажойиб Ўролнинг бу асари, қандай жонли, илиқ ранглар билан ёзилган...
«Қайроққум ГЭСи тонги»да Ўрта Осиёнинг бугунги ҳаётини кўрасиз, ғайратга тўлиб-тошган меҳнаткаш халқларнинг дўстлигини, меҳнатга муҳаббатини, ғайратининг муҳташамлигини кўрасиз.
«Иссиқкўл оқшоми», «Тоғ яйловида» асарларини севаман, буларни томоша қилиб тўймайман.
Ўролнинг расмлари шоирона тантанали равишда ҳаётимизни куйлайди, юртимизни куйлайди. Ўролнинг кучи, маҳорати унинг кенг самимий тоза қалбида, ижодининг порлоқ нурланиши ҳам шундан, рассомнинг ҳақиқий инсонлигидадир.
Рассомнинг ижодга эҳтироси чексиз ва буюкдир. Ўрол ўзини унутиб ишлайди, мароқ билан, завқ билан ишлайди. Унинг санъатининг қудрати, ижодининг поэтиклигининг сири шундадир. Бутун ёш санъаткорларимизга Ўрол каби саъи-ижтиҳод, ғайрат билан ишлашни тилаймиз. Толмас, ҳақиқий рассом, талантли ва пок қалбли инсон Ўрол халқнинг ҳурмати ва муҳаббатига сазовордир. У халқ учун ижод этади, халқ уни чуқур севади.
Дўстим Ўрол яна кўп баҳорларни кўрсин! Ҳар янги баҳордек унинг ижоди янада яшнасин, янада гуллаб-яшнасин!

(20.05. 1964 йил) Ойбек


Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев
(1904- 1974)

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 24.06.2014 в 02:03.
Ответить 
2 "+" от:
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх