Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 05.12.2011 15:04   #161  
Аватар для Lobar AZIZ
Оффлайн
"7x7" gazetasi
adabiy bo`lim muharriri
Сообщений: 17
+ 29  76/17
– 0  0/0

Uzbekistan
БЕВАФО
БУГУН
Ярим тунда жаранг сочган ногаҳоний қўнғироқ қизни уйқунинг фараҳбаҳш дунёсидан суғуриб олди. Бир бирини маҳкам қучиб қолган киприклар айрилиқни истамагандек, кўзлар очилиб улгурмаёқ тугмача босилди:
- Алло…
- Сени соғиндим!
Мудроқ шуурга совуқ сув сепиб юборилгандек, ёстиққа сингиб кетган шалола сочлар сапчиб бош кўтарган вужудга чирмашиб, тўлғониб кетди…
Бу ўша, ўша! Наҳот? Нега аҳир?!
Қиз шоша-пиша телефонни ўчириб, хона бурчига улоқтирди.
“Мумкин эмас! Мумкин эмас…”

КЕЧА
Осмон тўла қора булут эди.
Кўнгил тўла қора изтироб…
Эндигина томчилай бошлаган фалак кўз ёшлари бошланажак айрилиқ кўз ёшларига қоришиб кетганди.
Эр-у кўк мотам либосини эгнига илган, кўзга кўринган неки бор – бари қоп-қора эди.
- Мени кечир…- шивирлади ошиқ лаблар. – Қўлимдан келмади.
- Қайси гуноҳим учун?- титради заиф дудоқлар.
- Сенинг гуноҳинг йўқ. Муҳаббатнинг умри қисқа экан, начора? Кеч бўлди, уйингга қайтақол. Мен ҳам борай энди.
- Тўй қачон?!
- …
- Қўрқманг бормайман. Сиз бахтли бўлсангиз, шу менинг бахтим. Сиз омон бўлсангиз бас, менинг кўнглим ҳотиржамлиги шунда тўкис бўлади…
- Кечир Гули, кечир мени…
- Керакмас…
- Тўй индинга. Майли, яхши қол.
Узоқлаб бораётган қадамларнинг ҳар зарб товуши олислашиб, заифлашгани сайин юраклар дукури ҳам тўхтаб қолаётгандек эди… Фалакнинг кўз ёшлари кучайди.
Қоп-қоронғу оламнинг қоп-қоронғу кўчаси мотам либосини кийгандек эди.
Ер-у кўк қоп-қора эди.
Кўнгил тўла қора изтироб…

Унутишни қанча истаганинг сари унутишинг қийинлашиб бораверар экан.
Қиз сўзида турди. Изламади, бормади. Қўнғироқ ҳам қилмади.
Тўғри-да, бундан нима фойда? Энди у ўзга бир кўнгилнинг соҳиби, бегона энди у…
Кўзёшларга ювилган оппоқ тонглар ҳаққи, унга бахт тилади.
Азоб, азоб, азоб…
Ўтаётган ҳар лаҳза, ҳар кун, азобларни раво кўрган бедилни вафосизликда айбларди. Ҳа, вафо қила олмади у! Берган сўзида тура олмади. Курашмади! Ташлади, кетди… Вафосиз, вафосиз!

БУГУН
Нега қўнғироқ қилди?
Яна ярим тунда… аҳир бу вақтда у бошқа бировнинг ёнида бўлиши керак эмасми? Нега бита бошлаган ярани қайта тирнади? Нега шу вақтгача ақалли бир марта йўқламади-ю, орадан шунча фурсат ўтгач… Қиз ҳозиргина, ўз қулоқлари билан эшитган овоз та’сиридан чиқа олмаси, бутун вужуди дир-дир титрарди. “У энди оилали. Мумкин эмас! Бу нотўғри!...”
Қоп-қоронғу оламнинг қоп-қоронғу кўчасидаги қоп-қоронғу хона тўрида, айрилиқ озоридан азоб чеккан қизгина кўнглида қайта бош кўтарган қора изтироблар исканжасига асир тушган бир паллада, деворга урилиб ўчиб қолган телефонга яқиндагина “вафосиз” томонидан юборилган ҳабар “кира олмай” қийналарди:
“Гули, Гулижон… Мени кечир, сенга… ёлғон гапиргандим. Сендан беркитган дардим бор эди. Операциядан қайтиб чиқа олмасам керак деб ўйлаб, сенинг изтироб чекишингни истамай айрилиққа ҳукм бергандим Гули. Уйланяпман деб ёлғон айтгандим! Шукрки, мен омон қолдим. Эҳтимол сен учун асраб қолгандир жонимни Худо….Мени кечир, илтимос! Кечирақолгин…
Сени соғиндим…”



Шивирлаб айтасиз:
“Кечир яхши қол…
Бир бўлмас тақдирлар қисмати – айро”
Бедил кўксингизни этдими ҳушҳол,
менинг юрагимнинг бўлгани вайрон?!
Қайрилиб, кетасиз…
Ҳаммаси тамом.
Сочилар –
синган ул илинжлар увол…
Йўқ бўлиб кетардим,
билганим ҳамон-
Дунёда борлигим келганин малол...
Урилиб кетади тошларга бошим,
Тиканлар санчилар ортимга қайтсам.
Тоқат қилолмаса сўқир бардошим,
Майлими, сўнгги бор исмингиз айтсам?..
Ҳайрлар-
Гулбаргга ўралглан видо.
Айрилиқ- севгига тутилган оғу…
Кўнглида кўзларим кўргандим, Худо!
Кўксимда кўнглини кўрмади, ёҳу!..
Узилиб боради-
Ришталар беҳол.
Узоқлаб кетади қадамлар айро.
Айтинг, кўнглингизни қилдими ҳушҳол,
Менинг юрагимнинг бўлгани вайрон?!

Шивирлаб айтасиз:
Кечир.
Яхши қол…(С)
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 09.12.2011 18:20   #162  
Аватар для Alouddin
Оффлайн
"Megabyte" jurnali
редактор
Сообщений: 99
+ 48  129/44
– 1  3/2

UzbekistanОтправить сообщение для Alouddin с помощью Skype™Мой КругМой мирFacebook
Мен хам бир уннаб кургандим...
Автобусдаги ҳангома

Ҳар куни ишга 88- автобусда қатнайман. Йўл узоқ, агар олдинга «рақобатчи» маршрутлар – 10, 14 ёки 85- автобуслар тушиб олган бўлса, яна ҳам чўзилиб кетади. Бундай пайтда салондаги одамларнинг гап-сўзлари, турли кутилмаган воқеалар ва ҳангомалар билан чалғишдан бошқа илож қолмайди.
Ана шундай ҳангомалардан бири бугун эрталаб рўй берди. Автобусда одам кўп эмас, олдинда «14» кетаётгани боис, тошбақа юриш билан аста одимламоқдамиз. Эшик қаршисидаги ўриндиқда бир аёл ўтирибди, ёнида оқ юпқа футболка билан баданни сириб турувчи жинси шим кийган 16-17 ёшлардаги қиз. Орқа ўриндиқларда ўтирган йигитлар ҳалиги қизни муҳокама қила бошлашди.
- Қара, даҳшат фигураси бор экан!
- Шимниям топиб кийибди ўзи, бор нарсасини кўз-кўз қилиб турибди.
- А манга футболкаси ёқди, худди киймагандек, ичида нимаси борлигини телевизорда кўргандек кўри-и-иб кетаверасан…
…бу гапларни эшитиб кимдир йигитларга «жим бўлинглар» дегандек қараб қўйди, кимдир суҳбат «объект»ига кўзини қадаб, уларнинг нечоғли ҳақ эканликларини «ўргана» бошлади.
Ўтирган аёл – қизнинг онаси экан – йигитларни жеркиб берди.
- Уялмайсизларми, бегона қиз ҳақида шундай гаплар гапиргани? Одобсизлар!
Йигитлардан бири, қуюққина қошли, озғиндан келган, кўринишидан талаба бўлса керак, жавобни куттирмади:
- Ие, мана бунақа кийиб олиб, ўзини намойиш қилишга қизиз уялмасинде, уни томоша қилиб маза қилишга бизлар уялайликми?
- Сен қарама,- сенсирашга ўтди қизишиб кетган аёл,- сен қарашинг учун кийинмаган!
- Ол-а! Қарамай бўларканми? Витринада ясатиб қўйилган товардек ўзига жалб қилиб турибди-ку!
Бунга ёнидаги дўсти қўшимча қилди:
- Шунақаде, кўрмоқ бору, емоқ йўқ. Аслида қиз бола дегани худди денгиздаги дурга ўхшаши керак-да. Сувга шўнғиб, керакли чиғаноқни тополсанггина эриша оласан. Бундайларни бўлса, ўрислар «легкодоступний» дийди, кеннайи!
- Оғзингга қараб гапир, қизим ҳеч қанақа «қўлга гаҳ деса қўнадиганлар»дан эмас!
- Э, ҳамма бало шунда-да,- баҳсга қўшилди йўловчилардан бири.- Бундай қизлар йигитларни кўзини ўйнатади-ю, муродига етказмайди. Кейин бу бечоралар совунни қийнай бошлашади.
Гурр, этиб кулгу кўтарилди. Бундан руҳланган киши гапида давом этди.
- Кейин яна ўзинглар хафа бўлиб юрасизлар, куёвим заиф чиқди, фарзанд бўлмаяпти деб. Бўлмайди-да, уруғларнинг сони бору сифати кетиб бўлганидан кейин.
Аёл қизариб-бўзариб, нима деб жавоб қайтаришини билмай қолди. Автобусдагилар эса, қизларнинг кийинишларию, бунинг йигитлар қувватига зарари ҳақида баҳслашиб кетдилар. Қолаверса,бизнинг «тошбақа»мизни 10- автобус ҳам қувиб ўтдию, одамлар бемалол суҳбатлашиб олишсин дегандек, ҳайдовчи тезликни яна ҳам камайтирди.
- Бу дўстимизнинг гапида жон бор, деди 30-35 ёшлардаги, зиёлинамо йигит.- Эркаклардаги шаҳват худди наркотикка ўхшайди – борган сари кучлироқ дозани сўрайди. Бир нарсани кўравериб кўзингиз ўрганиб қолса, у кейин шаҳватни қўзғотмайдиган бўлиб қолади. Мана, нима учун Ғарбда эркакларнинг кўпчилиги заиф. Уларда аёлларга қизиқиш қолмаган. Аёллар кўрсатишлари мумкин бўлган ҳамма нарсаларини кўрсатиб бўлганлар-да! Натижада уларда энди аёллар қолиб, эркаклар эркакларга рағбат билдиришяпти, худо асрасин.
- Шу гапингизга қўшиламан,- гап бошлади четроқда ўтирган отахон. Катталар айтиб беришарди – ёшлик-бебошлик пайтларида қудуқларнинг ёнида ўтириб олишаркан-да, қизларнинг қудуқдан сув олгани келишини пойлашаркан. Сув олаётганида қизларнинг билаги бир оз очилиб қоларкан, шунинг ишқибози бўлардик, деб айтишганди. Ҳозиргилар бўлса, билаги тугул, бошқа жойларини ҳам очиб ташлашди.
- Очилмаган жой қолмади, денг, дода! Ман уйда, оиламнинг олдида юришга уяладиган калта иштонда қизлар кўчада юришибди. Уларни кўрган йигитлар бошида қизиқишади-қизиқишади-да, кейин кўзлари ўрганиб, кўникиб кетадилар. Ана шу кўникиш ёмон экан. Бекорга қадимда етмишбой-саксонбойлар бўлганми? Ҳозиргилар биринчисигаям неча марта дўхтирга бориб эришяпти.
Бу орада гап очилишининг сабабчиси бўлган она-бола автобусдан тушиб кетиб бўлишган, аммо мавзу ҳали ҳам муҳокама қилинарди.
- Бу ҳаммаси Ғарбнинг таъсири. Айниқса ёшлар, қизлар, нима Ғарбники бўлса, замонавий деб деб ўйлашади. Тақлид қилишга интиладилар. Аслида Ғарбнинг ўзи бу ишларига пушаймон бўлиб, даво излаб юрибди. Булар ҳам ҳали боши бориб деворга урилгандан кейин кўзи очилади.
- Ўзимизнинг миллий либослардан қўймасин. Қандай сипо, ўзбек қизларимизга ундан кўра кўпроқ ярашадиган кийимнинг ўзи йўқ. Яна бизнинг иқлимга мослигини айтмайсизми!
- Миллий либослар бир кунда яралмаган-да, отахон! Неча асрлар давомида шаклланган Эътибор берсангиз, ҳамма ернинг ўзига мос либоси бор. Ўзининг урф-одатлари, табиати, об-ҳавосидан келиб чиқади-да!
- Бизникилар эса, Ғарбники деса, «зўракан» деб ўйлашади. Ғарб ботган ботқоққа кўзини чирт юмиб ботиб кетаётгани хаёлига ҳам келмайди…
Шу ерда мен тушадиган бекатга етиб келдик. Автобусдан тушдиму, лекин кўнглим сезиб турибди, бу суҳбат яна узоқ давом этади.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 10.12.2011 в 12:43.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 10.12.2011 17:07   #163  
Real ID Group
Аватар для Masud Mahsudov
Оффлайн
Freelancer
consultant
Сообщений: 1,749
+ 4,053  3,248/1,245
– 266  151/145

Uzbekistan
Оффтоп:
Алоуддин ака, бир тарафдан кийиниш маданияти тўғри танқид қилинган юқоридаги ҳикоянгиз бошқа томондан сал очиқ-сочиқ ёзилгандек... Шариатда шарм йўқ, деймиз, бироқ адабиётнинг меъёрларига амал қилсак, ёмон бўлмайди...
__________________
Мой ЖЖ
Ответить 
Старый 16.12.2011 18:47   #164  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
Азиз форумдошлар. Эътиборингизга ёш шоир ва адиб Шукур Жабборнинг "Шум боланинг давоми" номли асарини хавола этмоқчиман.
ҲАйратларингизни ўртоқлашасиз деган умиддаман.


Shukur Jabbor:

ШУМ БОЛАНИНГ ДАВОМИ

МУҚАДДИМА ЎРНИДА

Устоз ижодкор Ғафур Ғулом қаламига мансуб “Шум бола” ҳажвий қиссаси ўзбек адабиётининг энг нодир асарларидан биридир. Бу асар қувноқлиги, сатира ва юмор орқали ижтимоий муаммоларни кўтарганлиги билан жуда севиб мутолаа қилинади. Афсуски, “Шум бола”нинг давомини ёзишга адибнинг умри вафо қилмади.
Ғафур Ғуломнинг мазкур асарини доим мутолаа қилганимда ҳар сафар янгитдан ўқиётгандай таассурот оламан. Ёзувчи унинг давомини ёзиб улгурмай қолганига ўкинган вақтларим кўп бўлди. Кейинчалик, қанийди ҳажвни нозик тушунадиган забардаст ёзувчиларимиздан бирортаси шу асарни давом эттириб қўйганида яхши бўларди, деб ҳам ўйладим. Ўзи адабиётда шу ҳодиса борми, яъни бир киши ёзган ва турли сабабларга кўра тугалланмаган муайян асар бошқа одам томонидан давом эттирилганми?
Адабиётда бундай ҳодиса жуда кўп бўлган экан. Энг аввало бунга ҳиндларнинг “Рамаяна”, “Маҳабҳарат” эпослари, ўзимининг “Алпомиш”, “Гўрўғли”, қирғизларнинг “Манас” достонлари, шарқ халқларининг маҳсули бўлган “Минг бир кеча” эртаги, афсонавий ва реал қаҳрамонлар ҳақида ёзилган турли асарлар мисол бўлади. Кўп тадқиқотчилар “Маҳобҳорат” қаҳрамонлари шу реал ҳаётда яшаганликларини ёзганлар. Яъни уларнинг аксарияти эпоснинг прототипи бўлган. Масалан, Бҳоратлар сулоласи, Кунти, Ганхари, Шакуни, Дропади, Анг ҳукмдори Карнлар тарихий шахслар бўлган. Фақат булар яшаган даврларда, йилларда фарқ бор. Кейинчалик шу минтақадаги ҳар хил миллатлар буни эпос сифатида тўплаганлар, ижодкорлар томонидан ҳар хил шаклда давом эттирилган. “Рамаяна” ҳам шундай. Шу асар сабабли ҳиндлар билан низолашишгача бориб етган Шри-Ланка халқининг (улар Ланка шаҳри ҳукмдори Раванни ижобий талқин қиладилар), яъни цейлонларнинг, бенгалларнинг, тамилларнинг, шу эпос қаҳрамонларига ижобий ёки салбий тус беришда ўзларига хос ёзилган “Рамаяна”лари бор. Жаҳонда Александр Македонский, Исо Масиҳ алайҳисалом ҳақида ёзилган асарларда ҳам ворисийлик кўзга ташланади.
Яна Америка адабиётида ҳам энг машҳур роман – “Унесённые ветром” асарининг муаллифи Маргарит Митчелл вафот этиб кетгандан сўнг, чамаси беш-олти нафар ёзувчи шу асарнинг қаҳрамонларини иштирок эткизиб романлар ёзганлар. Дунё адабиётида машҳур бўлган “Бетмэн”, “Скарлет”, “Скарлетнинг ёшлиги” каби романлар ҳам сўзимизга мисол бўлади. Мавзудан чиқмай, ўзимизнинг гапимизга келсак, “Шум бола” асарини давом эттирилса бунга энг аввало машҳур, иқтидорли ёзувчилар ҳақли эмасмиди?! Ёзишга маънавий ҳақ қидираётган, хали бирор нарсани қойиллатиб ёзмаган, мендек оддий кишига йўл бўлсин. Хатто Ғафур Ғуломнинг ўзи давомини қоралашга “илгариги Ғафур Ғулом эмасман” деб кўп тараддудга тушган бўлса...
Лекин менга Ғафур Ғуломнинг ўзи Саид Аҳмадга “энди давомини сизлар ёзасизлар”, деган васияти таскин берди. Агар асарнинг давоми мувафаққиятсиз чиқса, бу албатта мис тангалар ичида ётган тилланинг қадри тушиб қолмаганидек, Ғафур Ғулом шуҳратини ерга урмайди-ку. Аксинча, мувафаққиятли ёки мувафаққиятсиз давом эттирилган асар аввалги муаллиф ёзганларининг асл ва мукаммаллигини янада ойдинроқ кўрсатади.
Дунёда кинофильм қилинган асар китоб шаклидаги асар воқеаларини реал кўрсатишнинг ҳеч қачон уҳдасидан чиққан эмас. Қанчалик мувафаққиятли ишланган бўлмасин, бу гап “Шум бола” бадиий фильмига ҳам тегишли. Ғафур Ғулом “Шум бола”ни қандай тугатганлиги ҳаммага маълум. Лекин фильм ижодкорлари асар сўнгига ўзларидан қўшиб, Шум боланинг уйга қайтганлиги, йўлда Тешавой деган кишидан онасининг вафот қилганлиги, у синглиси билан кўришиб турган лавҳасида фильмга социалистик реализм унсурини зўрма –зўраки қўшиш ҳамда гўёки инқилоб бошланиб қолгандай таассурот қолдириш учун одамларнинг бир томонга бақиришиб югураётган ғала-ғовурини киритишган. Бу нарса онг остига таъсир этишнинг самарали усули сифатида тадқиқ этилаётган 25-кадр сингари муҳлислар онгидан мустаҳкам ўрин олган. Энди “Шум бола”нинг давомини минг марта бошқача бошласа ҳам мухлис илгаригидек қабул қила олмайди. Нима қилиш керак? Ғафур Ғулом Шум болани Ҳиндистонга жўнатмоқчи эди-ку! “Шум бола”ни давом эттиришнинг биргина йўли уни уйига келтириб кейин сафарга жўнатишдир. Яна бунинг устига Тимур Қаюмов, Бахтиёр Назаров, Комил Яшин бошлаган, сценарий муаллифлари Шуҳрат Аббосов ва Александр Наумовлар ҳамроҳлигида режиссёр Дамир Салимовлар яратган фильм билан “позитив”, “компромистик” алоқа ўрнатиш йўлидан бориш, ўзбекчасига айтганда улар тутган ҳолатни бироз “рандалаш” маъқул топилди.
Азиз китобхон, ҳеч қандай маънавий ҳаққим бўлмаса-да, менга мана шу асарни давом эттиришга ижозат бергайсиз. Агар асар мувафаққиятли чиқса, бу мени эмас, устоз Ғафур Ғуломнинг ютуғи, мабодо асар яхши чиқмаса бу менингдек хали ғўр бир одамнинг хатоси деб қабул қиларсиз.
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...

Последний раз редактировалось мафтун; 16.12.2011 в 18:50.
Ответить 
Старый 16.12.2011 18:53   #165  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
“Шумбола”нинг давоми

Ўттизинчи йиллар Ғафур аканинг ижоди авжи ширага тўлган пайт эди. Адабиётнинг деярли ҳамма жанрларида тинмай ёзарди. “Қизил Ўзбекистон”да шеър босилган бўлса, ўша куни Ёшлар газетасида ҳикояси ҳам босиларди. Фельетон, очерк, публицистик мақола, Маяковский ё Асеевдан таржима ёки бирон областдаги янги тузилган колхоздан хабар...
Хуллас, Ғафур ака ўйин кулгига ҳам, ёзишга ҳам, Инжиқободдаги боғига бориб, деҳқончилик қилишга ҳам вақт топарди. Бирон кун ҳам тек турмасди.
Газетада ҳикояси босилган куни Ғафур ака албатта эски шаҳар расталарини, гузарларини айланиб юрарди. Ҳикояси одамларга қандай таъсир қилганини билгиси келарди.
Бу пайтларда Ғафур ака кулги ҳикоялари устаси сифатида ном чиқарган эди. Ўттиз иккинчи йилда “Нетай” қиссасини ёзди. Ана шундан кейин унинг фақат кулгили воқеаларни тасвирлаш билан чегараланмай, инсондаги кучли психологик ҳолатларни тасвирлашга ҳам ниҳоятда уста эканлиги маълум бўлди. “Соялар” ҳикояси ундаги шу хусусиятини янада яққол кўрсатди.
Ғафур ака ёзишдан тинмасди. Ҳамманинг оғзига тушган “Кўкан”дан кейин “Икки васиқа”, “Тўй” деган достонларини ёзди. Адабиёт ишқибозлари бу достонларнинг мағзини чақиб улгурмаёқ, Ғафур ака ўнлаб ҳикоя, очерк, фельетонлар ёзди. Ўттиз олтинчи йилга келиб у бирдан икки катта қиссани эълон қилди. Бири – “Ёдгор”, бири – машҳур “Шум бола”.
“Гулистон” журнали “Ёдгор”ни боса бошлади. “Муштум” эса бутун йил давомида “Шум бола”нинг саргузаштларини босди.
Бу журналларнинг навбатдаги сонлари чиққанда газета киоскаси олдида узундан-узун навбат пайдо бўларди. “Шум бола”нинг учинчи қисми ёзилаётганида мен Ғафур аканинг ёнида эдим. Қиссани тезроқ ёздириш учун “Муштум”дан мени Ғафур аканинг уйига “командировка” қилишган эди.
Уйига борганимда Ғафур ака йўқ, қўлёзма стол устида тахланганча турарди. Ғафур ака менга қўлёзмасини ишонарди. Чунки араб алифбосини билганим учун унинг бир нечта шеър ва ҳикояларини машинисткаларга диктовка қилганман.
Стол устидаги қўлёзмаларни варақлай бошладим. Шуни ҳам айтиб қўяйки, журналимиз қиссани битмаёқ эълон қила бошлаганди. Ғафур ака навбатдаги бобларни пешма-пеш келтириб турарди. Бирон сабаб бўлиб Ғафур ака командировкага кетиб қолса, журналхонлар олдида хижолат бўлиб қолишдан қўрқардик. Шунинг учун ҳам Ғафур акани ҳол-жонига қўймай, саҳарлаб уйига борардим. Мен борганимда қисса охирлаб қолган, Шум бола Тошкентга қайтиб, Кўса Маддоҳ ҳикояларини тинглаб турган пайтда тўхтаган эди.
Домла Шоаҳмад акани кузатгани чиқиб кетган эканлар. Келиб сал хижолат чеккандек бўлдилар.
- Битказолмадик, укажон, нима қилсанг қил, вой деган номард!
- Шу бугун олиб кетмасам, мени “Муштум”дан ҳайдаб юборишади.
Домла кўчага чиқиб кетиш учун ўзини у ёқ-буу ёққа ташлаб баҳоналар қидира болади. Эплолмади. Охири ўтирди.
- Бўпти. Шу бугун “Шум бола”га нуқта қўйиб бераман. Сен чиқиб Эски Жўвадан битта “Казбек” опкелиб бер. Мен ёзиб тураман.
Ғафур ака мени ишга буюриб, қочиб қолишини билиб турибман. Муҳаррам опа: “Ҳушёр бўлинг, акангиз Мирза Абдулла ака билан аллақаёққа кетишмоқчи”, деб айтиб қўйган эди. Нима қилишимни билмай қолдим. Ҳовлига чиқсам, Жўрахон шимини чўткалаётган экан.
- Жон ука, битта папирос опкелиб беринг, -деб ялиндим. Жўрахон пулни олиб, зинғиллаганча кетди. ( Жўрахон Ғафур аканинг фронтда ҳалок бўлган ўғли. Қирқ биринчи йили “Соғиниш” шеърини унга бағишлаган эди.) У Мирза Абдулла аканинг ўғли Фатхулланинг велосипедида кетган экан, бир пасда папиросни олиб келди. Ғафур ака энди ҳеч қандай баҳона тополмай қолди.
- Қув бола экансан. Мени енгдинг.
Ана шундан кейин Ғафур ака оғзи ён тарафдан қўйилган сиёҳдонга ручкани тиқиб ўйлаб кетди. Ручкани сиёҳдондан чиқармай турибоқ ҳиринглаб кула бошлади.
- Қизиғи келди. Антиқаси келди. Агар эртага ёзсам бу гап ё келарди ё келмасди.
Ғафур ака ручкани қитирлатиб ёза бошлади.
Ҳожи бобо Шум болага иссиқ нонни орқалатиб, эзмаланиб гаприб келаётган жойи эди. Қоғозга шундай сўзлар ёзилди.
“Ҳа, шунақа, болам. Ота-она дунёга мўрт келади. Энди битта она топсанг бўлди. Ота ўз оёғи билан келади...”
Бу ёзилаётган сатрлар қиссанинг учинчи қисмига хотима бўлиши керак. Ҳожи бобо образи бутун қисса давомида учрамаган, бутунлай янги персонаж эди. Воқеа Тошкент четидаги такялардан бирида ўтяпти. Бунда кўкнори балосига учраган турли табақага мансуб кишилар иштирок этади. Ғафур ака икки образни фавқулодда бир маҳорат билан чизарди. Ҳожи бобо билан ҳинд саррофи санъаткорона чизилган портретлар эди.
- Ҳожи бобога марҳум дадамнинг кўп қизиқ хислатларини, сўзларини шундоққина ёзиб қўя қолдим. Дадам ҳам кўчада юрганларида хассаларининг учи билан йўлдаги қоғозларни титиб кўрардилар, нон тушиб қолган бўлса олиб ўпардилар, кўзларига суртиб, кейин девор кавагигами, баландроқ жойгами қўярдилар. Ҳожи бобо ҳам шунақа қилади.
Шу баҳона бўлиб, Ғафур ака Тошкент бозорларида одамларнинг пулларини майдалаб фойда кўрадиган ҳинд саррофлари тўғрисида гапириб берди.
- Ҳинд сурмасидек яхши сурма дунёда бўлмайди. Буни Тошкент қизлари, келинчаклари яхши билишарди. Ҳинд саррофлари ўтадиган кўча тупроғига бармоқлари билан кўндаланг чизиқ тортиб қўйсалар ҳинд ундан ўтолмасди. Сурма бергандагина улар чизиқни кафтлари билан ўчириб ташлардилар. Шундан кейингина ҳинд ўтиб кетарди. Умуман, ўша пайтларда хина, сурма сотадиган ҳиндлар, қоғоз гул сотадиган, фокус кўрсатадиган хитойлар кўп бўларди. Қиссага киритилган ҳинд саррофи ўшаларнинг умумлашган образи бўлди...
Хуллас, ўша куни мен ҳовлида қоровул бўлиб ўтирдим. Ғафур ака гоҳ мени сўкиб, гоҳ мақтаб, қиссага охирги нуқтани қўйди.
Умуман, Ғафур акани ёзув столи ёнига ўтириши қийин эди. Бир ўтириб олгандан кейин эса турмасди. Айниқса, шеър бўлса битта тўртлик, ҳикоя бўлса биринчи саҳифа тўлгандан кейин ўзи қизиқиб кетиб, то асар битмагунча ўрнидан турмасди. Аввалига хиралик қилиб, кўзига ёмон кўринардик. Битгандан кейин эса ўзи миннатдорчилик билдирарди.
- Хўп иш қилдинг-да. Баҳона билан қисса битиб қолди. Маладес.
Бу қиссанинг дунёга келишида Ғафур аканинг болалик ўртоғи, журналист уста стенограф Шоаҳмад Шораҳмедовнинг хизматлари катта бўлган. У биринчи бўлиб, шу қиссани ёзишга ундаган, ўзи стенографлик қилиб, адибнинг оғзидан чиққан жумлаларни сўзма-сўз ёзиб борган. Қиссанинг ҳамма қисмларини ўша киши ёзиб олганлар.
Ғафур ака билан ҳамиша ёнма-ён бўлган талантли таржимон Ваҳоб Рўзиматов ҳам Ғафур аканинг жуда кўп ҳикоя, шеър ва фельетонларини ёзиб олган эди.
“Шум бола”нинг учинчи қисми ҳам “Муштум”да давомли босилиб, журнал қўлма-қўл бўлиб кетди. Бу эса Ғафур Ғулом шуҳратига яна шуҳрат қўшди.
Кейинчалик, уруш йиллари ҳам, урушдан кейинги йилларда ҳам Ғафур ака “Шум бола”ни қўлига олиб варақлар, ўқиб кулиб-кулиб қўярди.
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...
Ответить 
Старый 16.12.2011 18:53   #166  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
(давоми)

1947 йилнинг охирларида Ғафур ака яна “Шум бола”ни кўп гапирадиган бўлиб қолди.
Бир куни Ғафур ака ўзи туғилган Қўрғондаги маҳалласига бир ўртоғининг тўйига бориб келди. У ерда бирга ўсган ўртоқларини учратганини, кўчаларда айланганини, онасини танийдиган кампирлардан бир-иккитасини кўрганини айтди.
Ғафур ака икки-уч кун хаёлчан бўлиб юрди...
- “Шум бола” яна тинч қўймаяпти. Бир балоларни ёзворгим келяпти. – Шундан кейин Ғафур ака қиссанинг тўртинчи қисмини ёзмоқчилигини, ҳатто баъзи бир бобларини ўйлаганини айтди. Ўйлаган бобларидан баъзилари эсимда қолган.
Ҳинд саррофи Шум болага Ҳиндистонни кўп мақтарди. “Ҳиндистонда қўй текин, она-бола фил биттанга, нон дарахтда пишади”, дерди. Шум болада Ҳиндистонга бориш иштиёқи туғилиб қолади. Такядан орттирган чақаларини эҳтиёт қилиб Ҳиндистон сафарига тайёрланиб юради. Эрмакталаблар уни лақиллатишади. Ҳиндистонда фил бўлгани учун занжир етишмас эмиш, кўпроқ занжир олиш керак. Ҳиндистонда илон ўйнатадиганлар хуштакка зор. Йигирма-ўттизта чулдироқ хуштак ола кетиш керак. Иложи бўлса, Тўйчи ҳофизнинг пластинкасидан элликтача, самовар карнайдан қирқтача ола кет, деб маслаҳат беришади.
Шум бола бу гапларга ишонади. Занжир, хуштак, пластинка, самовар карнайларни орқалаб пиёда йўлга тушади.
Қисса сюжети тайёр эди. Аммо Ғафур ака ёзишга шошмасди. Сабабини сўраганимда , у киши шундай деб жавоб берган эдилар:
- Айнидим. “Шумбола” ёзилганига ўн йилдан ошди. Мен ўн йил олдинги Ғафур Ғулом эмасман, ҳозирги билимим, маҳоратим билан қиссани бошқатдан ёзиб чиқишим, ундан кейин давомига ўтиришим керак. Барибир таҳрир қилмаганимда ҳам Ҳиндистонни кўрмай туриб қандай қилиб қаҳрамонимни у ёққа олиб бораман.
Шундай қилиб, қиссанинг тўртинчи қисми қолиб кетди. Аммо Ғафур ака уни ёзмаганидан афсусланган пайтлари ҳам кўп бўлган.
- Муни қара. Ёзаверсак бўларкан. Барибир “Шум бола” Ҳиндистонга бормасди. Шунча юк билан бориб бўлармиди, Ўратепада қолиб кетарди. Аттанг. Ўшанда сен бўшлик қилгансан, хиралик қилганингда шу қисса дунёга келиб қоларди.
Минг тўққиз юз олтмиш иккинчи йили Ғафур ака “Шум бола”ни қўлига олди. Шу қиссанинг биринчи сатрларидан бошлаб стенография усулида ёзиб олган Шоаҳмад Шораҳмедов Ғафур акани ишга солди. Қисса бошдан-оёқ таҳрир қилинди. Янги боблар киритилди. Ҳожи бобо образига жуда кўп деталлар қўшилди.
Айниқса, қиссанинг боши, охири, ўрталарида ўзгаришлар бўлди. Ғафур Ғулом “Шум бола” қиссасини салкам йигирма беш йил ишлади, деса янглиш бўлмайди. Қиссанинг биринчи ва иккинчи қисмлари 1936 йилда ёзиб тугатилган. Учинчи қисми қирқинчи йилларнинг охирида тугатилган. Олтмишинчи йилларнинг бошларида қайта таҳрир қилинган. Ғафур ака ҳаётлигида босилиб чиққан охирги нашрини ўпиб кўзига суртганди.
- Тамом, энди бўлди, деди кўзлари яшнаб.
- Нега? Дедим. –Бир қизиқиб кетсангиз, буёғини ҳам ёзворасиз.
- Йўқ. Буёғини энди сизлар ёзасизлар. Сен ёзасан. Шум бола энди академик, лауреат, депутат...
Ғафур ака “Шум бола”нинг ойнайи жаҳон орқали намойиш қилинган телепостановкасини кўролмади. У орамиздан кетган эди. Кўрганда қандай севинарди.
Ҳар гал “Шум бола”ни қўлимга олганимда устозимни ўйлаб кетаман. Бу қисса ёзилаётган пайтдаги унинг кулгилари қулоғимга эшитиларди. Бир кўзини қисиб “қотирдимми!” дегандек, мақтанганнамо қарашлари шундоққина кўриниб кетади.
Буюк қаламкаш билан қилган суҳбатларимиз, биргаликдаги сафарларимиз, ижодхонасидаги сокин, фақат ручканинг қитирлашигина эшитилиб турадиган дақиқалар хотирамда жонланаверди, жонланаверди...
Саид АҲМАД, Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Ушбу материал Саид Аҳмаднинг “Йўқотганларим ва топганларим” номли эссе ва ижодий портрет жанрида ёзилган асаридан олинган


________________________________________
[1] Саид Аҳмад. Йўқотганларим ва топганларим. –Т.: Шарқ, 1999, -Б.297.
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...
Ответить 
Старый 16.12.2011 22:08   #167  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
Shukur Jabbor:

Шумбола “Ҳиндистонда” ёхуд
Қоравойнинг янги саргузаштлари


IV бўлим
“Семизликни қўй кўтаради”, дегандай шунча катта давлатдан ўзим ҳам қўрқар эдим. Пулни ёқа баҳясига тикиб битказай деганимда уста Мирсалим тепамга келиб қолди.
- Нима қилиб ивирсияпсан, болам?
- Ҳайдалишга-ку ҳайдалдим, энди кўчага шу йиртиқ-ямоқ билан чиқаманми. Ҳеч бўлмаса, у ер-бу еримни чатиб олай.
- Паррихтагина бола. –деди уста Мирсалим, - ишқилиб, шу кўзи тор сарроф устингдан тўнингни тортиб олмаса бўлгани эди. Кўп зиқна одам-да. Бўлмаса, шунча пул-а? Битта сариқ чақани “Манг, уста, чой ичинг”, деб олдимга ташлаганини билмайман. Эртага сен шўрликка варрак қилиб бермоқчи бўлиб дилимга тугиб қўйган эдим. Хитой қоғоз билан қамиш ҳам савил қоладиган бўлди. Ҳа, майли пешонанг экан.
Юрагим шув этиб кетди.
- Ўзи берган тўн-ку, қайтиб сўрармикан?
- Сўрайди у тўнг кўз. Сўрамаганда ҳам Ҳожи бобо берган иш ҳақингни қўлингдан қоқиб олади. (Саррофнинг менга нисбатан жўмардлигини уста Мирсалим билмасди. Сарроф тўнини ҳеч қачон сўрамас, қайтанга ҳайдалганимни билиб яширинча икки сўлкавой бахшиш берган эди). Уста Мирсалим сўзида давом этди:
- Ҳозир ойдин кеча, шомдан эндигина ўтди, ҳали ҳам гап-сўзни чувалаштириб ўтирмай, ҳайр-маъзурни нася қилиб кетавер. Кетаверишинг Ҳожи бобога ҳам маъқул тушади. У камчиқим одамларни ёқтиради.
Бу гап менга сариёғдек ёққан эди.
Уста Мирсалимнинг бу гапининг тагида пиёзи бор. Мен билар эдимки, Илҳом самоварчи самоварга одамни кўпроқ чақириш учун тўти сақлагандай, Ҳожи бобо уста Мирсалимни тўти қилиб боқар эди. Уста Мирсалимнинг менга қилган “меҳрибон”лиги менинг учун эмас, Ҳожи бободан яна бошқа даъво қилиб ўтирмасин, тезгина кўздан йўқола қолсин, демоқчи эди. Шунинг учун мен унга:
- Сизга шу маслаҳат маъқул бўлса, майли кетаман,- дедим.
Самовардан қумғонга сув қўйиб чапиштирдим, ташқарига чиқиб шу ерда озод бўлиш шарафига бет-қўлимни, оёқларимни яхшилаб ювдим.
Қора-қурум босган сассиқ такяхонадан ташқарига чиқиб, кўкрагимни тўлдириб нафас олдим. Энди мен пок-покиза, қушдай енгил, кўнглим тонгдай тиниқ. Тўрт томоним қибла. Лекин қаёққа қараб йўл олсам экан?..
(1936-1962) Ғафур Ғулом
* * *
...Озодликка нима етсин. Боягина ювиниб олганим учун этим жунжика бошлади. Лекин “камбағал борини кийгани учун совқотмайди”, деб ўзимни юпатиб йўлга тушдим. Ихтиёримда иккита йўл турарди. Бири – Ҳиндистон, бири – уйим. Ҳиндистон ҳаёли борлиғимни қамраб олган бўлса-да оёқларим уйга тортиб кетмоқда эди. Бошқа йўлни билмасам нима қилай? Ширвонбу холанинг фолидан билармидим? Ҳиндистон йўлини шу ярим кечада кимдан ҳам сўрар эдим. Саррофдан яхшилаб сўраб олмаганим учун афсусландим. Ҳей, қоқбош, бир оғиз сўрасанг асаканг кетармиди?! Ҳа у ҳам “кун чиқарга қараб уч тош ё кун ботарга қараб тўрт тош йўл юрсанг Ҳиндистон” деб айтган бўлмасмиди?!. Овлоқ кўчалардан ўтарканман алвасти чиқиб қолишидан қўрқиб, ўликни чевати қилиб ювиб балога қолган домлам ва Ҳожи бободан ўрганган калималаримни чала-чулпа айтиб, куф-суф қилиб ўзимга дамида қилиб борардим. Шу пайт орқамдан бир қора шарпа эргашди. Қадамимни тезлатдим. Оёқ товушимни эшитган бўлса керак, қайсидир хонадондаги бир қозоқи ит хуриб берди. Унинг овозига бошқа уйлардаги итлар ҳам қўшилишди. Ҳиёлотимда ҳамма итлар мени қуваётгандай туюлди. Шундоқ қочдимки, агар Ҳожи бобо ривоят қилган Жаъфари тайёр[1]тирилиб келиб мен билан пойга ўйнаганида ҳам етолмасди. Итлар товуши олислаб ўзимга келганимда, мени яна алвасти ваҳми босди. Одамга иккита қўрқув бирданига жам бўлмаслигини билиб олдим. Қўрқиб-қўрқиб кўз қиримни орқамга ташлашни биламан, яна Абуҳавлдай[2] бир шарпа изимга тушибди...
Бир бало қилиб субҳи козиб[3]да бир гузарга етиб келдим. Қарасам таниш жойлар. Гузарда озгина нафас ростлаб, қўрқиб-қўрқиб орқамга қарасам ҳалиги қора шарпа ўзимни кўланкам экан. Машойиҳи киромлар “қўрққанга қўш кўринади” деганлари рост экан. У ер-бу ердан ишига, бозорга кетаётган одамлар қораси ҳам кўриниб қолди. Шу ўтаётган одамлар далда бўлсин деб бироз йўл ўртасида айланиб, юриб турдим. Субҳи содиқ[4] ҳам кириб қолган эди. Мен то тонг ёришмагунча бу ердан кетмасликка қарор бердим...
Бир маҳал бир қора яқинлашиб келаверди. Яқинлашганда билдимки келаётган одам ўзимизнинг маҳалламиздаги Тешавой ака экан. Менимча, ё Каласга ё Кўктерак бозорига кетаётган бўлса керак.
-Ассалому алайкум, Тешавой ака!
- Ие, бу санмисан, Қоравой ,- деб у мени елкамдан маҳкам ушлади, - қаёқларда сандироқлаб юрибсан. Сан йўғингда онанг бечора... дийдорингни кўролмай... Етим қолдиларинг!.. Бардам бўл!..
Бу гап мени этимдан муз терни чиқариб юборди. Тешавой акани бир силтаб қўлидан чиқиб уйга қараб югурдим. Чопаётганимда ҳам ўзим йиғидан тўхтатолмасдим. Ҳожи бобо айтгани тўғри экан, одам ота-онасидан айрилганда, мол аччиғида ё жон аччиғида йиғласа ва ёким молини ўғри урганда йиғласа кўзига қайноқ ёш келар экан. Агар киши хурсандчиликда, тилла топса ва ё фарзанд кўрганда севинчдан йиғласа кўзига муздек ёш келар экан, буни Ҳожи бобонинг тили билан айтганда, “қурратул аюн”[5]дейилади. Маҳалламизга ҳам етиб келдим. Кичик укамни етаклаб ўтин орқалаб уйимизга кириб кетаётган синглимни орқасида бақирдим:
- Шапа-а-ағ!
- Қоравой!
Йиғлашиб кўришдик. Бизнинг йиғлаётганимизни кўриб қўрқиб кетган кичик укам ҳам йиғлаб келди. Уни бағримга босдим. Шу пайт кўчамизда тўс-тўполон бўлиб қолди. Носир қассобни боқувдаги сузонғич новвоси бўшаб кетган экан. Шунга қўни-қўшнилар тезакка ўралашган пашшадай гуриллаб қолишган экан.
Синглим билан укамни бағримга босиб ҳиқиллай бошладим.
-Ойим раҳматли...ойим раҳматли...
-Жиннимисан, ойим тирик-ку!-деди синглим. Мен озгина серрайиб қотиб қолдим.
- Унда нега йиғлаяпсан?-дедим ўзимга келиб.
- Сан қоранг ўчкурни соғиниб кетганим учун йиғладим. –деб, синглим ойимдан ўрганиб олган сўзларини такрорлади.
- Ҳаҳ, хумса, ярамас Тешавой! Бир тавбанга таянтирай! –деб, мени алдаган Тешавой акани ичимда сўкиб унга қилган шумликларимни сарҳисоб қила бошладим.
- Кимни сўкаяпсан?
- Ишинг бўлмасин. Ҳозир келаман!
- Қаёққа?
- Ваҳ, бу занталоқни қара, новвосни ушлашиб қўяй!
- Вай ўлай, ҳозир ойимга айтиб бераман. Ойим касал. Сани дийдорингни кўраман, деб шу ҳолга тушдилар. Ҳеч одам бўлмас экансан-да, -деб синглим укамни етаклаб, ўтинини кўтариб уйга кириб кетди. Бу ёқда новвос кишиларга сўз бермай, бирини сузиб биридан қочиб, пишқириб олдига ҳеч кимни қўймай шаталоқ отарди. Шундоқ томошадан бебаҳра қолганимга ачиниб, умримда биринчи марта ўзимни раъйимга қарши бориб, синглимни ортидан уйга киришга мажбур бўлдим. Ойим мени кўрибоқ касалликлари ҳам эсдан чиқиб, тўшакларидан сакраб туриб ялаб-юлқаб ўпа бошладилар.
- Вой, ўзим қоқинай! Вой, ўзим айланай! Шумгина болам! Худога айтганим бор экан! Худога шукур!..
Дийдорлашувдан кейин бошимдан ўтган воқеаларни ўзимдан ҳам “жичча” қўшиб гапириб бера бошладим. Айниқса, оғзимдан бол томиб Ҳиндистонни мақтай бошладим. Мақсадим Ҳиндистондай сафарга омода[6] бўлиш учун бир бало қилиб “она ризоси”ни олиш, холос. Аслида сафаримга ойимнинг рози бўлиш ё бўлмасликлари менга чикора. Ҳар ҳолда эсим сағал кирган бўлса керак, ойимни ранжитиб кетмаслик йўлини қидирардим. Ҳиндистонни ҳудди ўзим кўргандай, текинга тушган филнинг боласини эрчитиб мингандай мақтаяпман-у бир ҳаёлим кўчадаги тўпалонда. Шунинг учун бўлса керак, улоққа кираётган отдай депсиниб турардим. Ойим эса менинг ажойиботларимга қулоқ солмай юзимни силаш билан овора.
- Вой, куйдирги! Лабинга нима қилди? Ўтир мундоқ! Намунча оёғи куйган товуқдай типирчиламасанг. Мундоқ қил-чи, темираткими, эшак емими, учуқми!.. Ўтир дедим!..
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...

Последний раз редактировалось мафтун; 16.12.2011 в 22:10.
Ответить 
Старый 16.12.2011 22:42   #168  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
Саррофдан қандай эшитган бўлсам, шу гапларга тўн кийдириб, “сағал” кўпиртириб Ҳиндистонни таърифлар эканман, гапимнинг орасида у ер унча узоқ эмаслигини, шундоқ боғи эрамга бормасам бўлмаслигини қистириб ўтдим. Ойим эса ранги-рўйимни текшириш билан банд.
- Бундоқ қил, қора мой суртсаммикан... Нима дединг? Йўқ-йўқ Ҳиндистон балосини эсдан чиқар! Мани кўмиб, синглингни турмушга узатиб, укангни уйлаб бўлгандан кейин Ҳиндистонинга борасан. Йўқса гўримдаям тинч ётмайман!
Мен гапимни орасига яна “сағал ёлғон” қўшмаслигимни тушуниб, тўним астарини, ёқам баҳясини сўкиб йиртиб пулларимни чиқариб кўз-кўзлаб, уни ҳиндларнинг хизматини қилиб топганлигимни, сафарга ҳинд ошналарим билан кетаётганлигимни, ўша “қишлоқ аҳли” сигирни худо ўрнида кўргани учун экинини пайхон қилсаям қўллари кўксида илжайиб туришларини, у ерда қўй, сигир, маймун, тўтиқуш текинлигини, она-бола фил биттангалигини, нон шундоқ дарахтда пишиб ётишини, сурма, мушки анбар, сақич дарахтлари кўп шохлаб кетгани учун йўловчиларнинг юришига қийинчилик бераётганлигини айтиб, росса таърифини келтирдим.
Ойим эса менга қанақадир малҳам қўйишга нариги хонадаги сандиқни очиш учун кириб кетишлари билан ўзимни эшикка урдим. Кўчада аллақачон қассобнинг новвоси ушланган, одамлар тарқаб бўлган, лекин ҳаммомчи Ниғматни қалтисроқ сузиб қўйган, уни кўтар-кўтар қилиб табибникига олиб кетишган аҳвол рўй берган экан. У ёқ-бу ёқда ивирсиб юрган ошналаримни топиб ҳаммасини оғзимга қаратиб ҳикоямни бошладим. Бир пасда асалга қўнган пашшадай ўртоқларим –Ит Обид, Бит Обид, Туроббой, Йўлдош, Ҳусни, Солиҳ, Абдулла, Пўлатхўжа, Миразизлар атрофимни ўраб олиб олишди. Уларга ҳам Ҳиндистон таърифини ойимга қандай айтган бўлсам, шунга яна сағал қўшиб гапириб бера бошладим. Айниқса, менинг “Ҳиндистонда марварид, жавоҳир, ёқутлар шундоқ кўчада сочилиб ётади, уларни ҳинди болалар териб олиб чўзмасига, кўнгалагига, айри палаҳмонига солиб отади, осмондаги қора ялоқ, хаккаларни ёқут отиб уриб туширадилар”, деган гапим болаларга жуда ёқиб тушди. Мендан бундай ажабтовур гапларимни эшитмаган ўртоқларимнинг оғизлари худди пашша кириб бемалол ишини бажариб чиқиб кетса бўладиган даражада очиқ қолган эди. Ўртоқларим худди Юпатов томошасини кўраётгандай ҳайрат билан оғзимга тикилишарди.
Шу пайт афтини тўмтайтириб Омон пайдо бўлди. Назаримда у менга илгаригидан ҳам кўпроқ кек сақлаётганди. Биринчи бўлиб мен гап қотдим.
- Ҳа, ўзингизча бойвачча бўп қолиб, биздан ҳазар қилгандай четда турибсиз-ми, а?!
У мен билан гаплашмади. Болалар бизни яраштириб қўймоқчи бўлишди. Мени ва уни ушлаб ўнг қўлларимизни олдинга тортиб жимжилоқ бармоғимизни чиқариб бир-биримизга мажбуран узаттиришди. Мен эса бўйсиниб бармоғимни узатдим. Омон бўлса хиралик қиларди. Жимжилоғим унинг жимжилоғига теккач, болалар “чий-чий де” деб бармоғимни қошимга текказишди. Энди бош бармоғимни ёзишди. Болалар унинг ҳам шу бармоғини ёзиб “бўм-бўм де” деб бармоғимга текказишди ва қорнимга қўлим олиб бориб нуқишди. Омон бўлса хамон тихирлигини қўймасди.
- Бу касофат билан ўлсамам ярашмайман. Кўрмадиларингми, шум қадами “ёқиб”, Носир қассобнинг буқаси бўшаб кетиб Ниғмат акани сузиб қўйди!..
Менинг ҳам жаҳлим чиқиб кетди. Эшитган, билган сўзларим билан уни тузламоқчи бўлдим.
- Вой-вой буни қаранглар. Ҳой, хумса, хали Гирмонда бўлган урушниям мандан кўрарсан, қайсидир юртда фаранг кофир билан мусурмонлар жиққамушт бўлиб уришаётган экан шуниям манга шумларсан. Тошканнинг Тупроққўрғониданми қайсидир бўлук- бурчагидан бачажиш чиқди, Оқ пошшо ер солиғини оширибди, бозорда донни нарҳи ошди бунгаям ман сабабчидирман, балким, а?! Нима дейсан?!-дедим. Бизни муросага келтириш учун гапга Абдулла аралашди:
- Сан энди жим бўл! Пишай деб турган ошни расво қилма!
- Ҳа, оғайни бунга қолса қадимги воқий-ҳодисниям манга оп келиб шумлайди. Ўтган замонда Або Муслими Соҳибқирон минан Носири Сайёр жанг қилган эканлар. Жанг пайти Носири Сайёр гурзи гавронини мандан насяга оп турмаганмикин, сўра-чи?!
Мот бўлган Омон жим бўлиб қолди. Бундан фойдаланган болалар мени Омонга яхши кўрсатиш учун мақтай кетдилар. Улар пулим кўпайиб қолганини, энди Ҳиндистонга жўнаётганлигимни айтиб, яраш ошини ҳам усталик билан менга юклашди.
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 16.12.2011 22:43   #169  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
Омоннинг бўлса хали ҳам паст тушгиси келмасди.
- Дийдорига кўзим учиб тургани йўқ. Муни қаранг-а?! Пули кўпмиш. Султон киссовурнинг қўлидан қандоқ қутқардим, балким яна қорин ғамида ялтоқланиб бориб ўша ўғрига шогирд тушгандир. Ёким пули кўп бўлса бирорта бойга баччалик қилаётгандир...
- Нима?! Мана санга бачча!- унинг менга орқа ўгириб гапираётганлигидан фойдаланиб шундай шиддати зарб билан кетига тепдим, йиқилиб юзи лойга беланди. Омон тура солиб мени қува бошлади. Бу қувди- қочдига томошабин бўлиб турмай болалар ҳам қўшилишди. Улар яраш оши ғамида икковимизни ҳам ушлаб яраштирмоқчи бўлиб чопардилар.
Қочиб борар эканман Ҳожи бобонинг гапи эсимга тушиб қолди: “Қочган ҳам, қувган ҳам худо дейди”. Рўзимат баззозни бабақ хўрозидай чопиб бориб Нарзи зиқнанинг пушта олиб уруғ сепиб қўйган томорқасига ўзимни урдим. Тўс-тўполонда Нарзи зиқна мени кўрмадию Омонни кўриб қолиб, икки хатлашда унга етиб олиб, чалиб йиқитди. Омон ҳам қўлига кирган тупроқни унинг юзига сепиб тура қочди. Рақибим қурмағурнинг аламига алам қўшилиб мени қувишда бардавом бўлди. Мени қуваркан ўз навбатида у ҳам қочарди. Бу қувди-қочди сафи яна биттага кўпайди. Бу сафнинг энг бошида мен, кейин Омон, унинг ортидан Нарзи зиқна, ундан кейин болалар. Омоннинг оёқлари узун эди. Лекин чаққонликда мен ҳам ундан қолишмасдим. Омон ким бўпти, ўн тўрт қовун пишиғи яшаб, ҳали ҳеч кимга тутқич бермаганман. Бир марта қочиб ўтган жойимиздан иккинчи марта ҳам ўтдик шекилли. Кўчада одамлар нимага югураётганимизни сўраб ҳам улгуролмай қолишарди. Мирза чегачи йўлимни тўсиб чиқиб мени ушламоқчи бўлиб “Нима гап?” деб сўради. Ундан ўзимни қутқармоқчи бўлиб, шумлигим тутиб, “Ҳукумат гузарда текинга буғдой тарқатармиш!” деб ўтиб кетдим. У ҳам сафимиздан ўрин олди. Биринчи қаторда қочиб борар эканман, Тешавой аканинг хассага суянган отаси “Нима бўлди?” деб сўраб қолди, Тешавой аканинг саҳармардондаги қилиғидан ўч олиш мақсадида ёлғонладим.
- Тез бўлинг, Тешавой акани арава босиб қопти!
Бу гапимни эшитган чол юрагини ушлаб ўтириб қолди, олислаб борар эканман у ҳам зўр-базўр қувди-қочдига қўшилганини кўрдим. Биз бошқа маҳаллаларни ҳам бир қур “зиёрат” қилиб ўтдик. Йўлда қочиб бораётиб, Асра кални туртиб ўтиб кетдим. У симлари сариқ, зарҳал қафасда тўти олиб кетаётган экан, йиқилганда қафасдаги тўти тагида қолиб кетди. Тўти эса қафас симларига қисилиб “Асра, меҳмонга қара” деб, ўрганиб қолган сўзини айти-ю, сулайди - қолди. Асра сўкиниб, қуваётганларга қўшилиб мени қува бошлади. Босиб ўтган жойларимиз – Тиконлимозор бир томонда, Қўрғонтеги бир томонда қолди. Битта жойдан иккинчи марта ўтиш табиатимга тўғри келмасди. Шунинг учун бу сафар ўзимни Бўзсув томон урдим. Бўзсувга етгач роса чарчаб, ҳансираб орқамга қарасам, қуваётганларнинг сони анча сийраклашиб қолибди. Қочиб-қочиб юриб ахийри кунни номоздигар қилдим. Тентакка Тўйтепа бир қадам дегандай, мен билан кечгача югуришга ҳеч кимнинг тоқати етмади. Фақат Омонгина барча аламлари учун алакини итидай ортимдан қолмай қувиб келарди.
Бўз сувнинг бир жойида осма кўприк бўларди. Ўша жойни кўзда тутиб чопиб бордим ва шу “қил кўприк”ни топиб сувдан нариги томонга ўтдим. Илгари болалар билан ўша ерда чўмилардик. Ҳар сафар худди шу жойда балиқ тутиб ўтирган бир ўрис чол бизни “вон от сувда хўл егани[7]”, деб ҳайдарди. Бўз сувнинг у қирғоғидаги жойлар ҳаммаси ўрис даҳа дейиларди. Бу қирғоқда ўзбек, қозоқ ва бошқалар яшашади. Ҳатто бир пайтлар қизиқувчанлик устун келиб бир тўда болалар “Минди-минди”, “Ердан баланд”, “Бекинмачоқ” ўйнаб ўрис даҳага ўтиб ўрис аскар, гинироллари сариқ сочли маржалар билан танса тушадиган жойгача борганмиз. Ичимизда фақат битта Ибройнинг жияни Башир ўрис тузим мактаби[8]га қатнарди. Башир ўша танса тушадиган жойдаги никалай эшикка осилган ўрисча ёзилган ёрлиқ тахтачани хижжалаб ўқиб туриб бизни роса қўрқитган. Тахтачага “сартам, сабакам нельзя” деган, ие, ҳозир бизни ушлаб олиб итга талатишар экан, деб ўтакамизни ёрган. Кейин ҳаммамиз орқамизга қарамай қочганмиз.
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...
Ответить 
Старый 17.12.2011 17:39   #170  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
(давоми)


Ҳозир эса осма кўприкдан ўтиб бўлишим билан Омон етиб келди. У ҳам ўтаман деганда жон-жаҳдим билан кўприкни силкита бошлади. Кўприк лиқиллайвергани учун мени олдимга ўтишга унинг юраги дов бермади. Кейин мени етти пуштимни ахтариб сўка бошлади. Мен ҳам қолишмадим. Омон ўзбек қирғоқда, мен ўрис қирғоқда бир-биримизга қараб сўкиша бошладик. Омоннинг ўзбекча сўкиш луғати тугагач, ўрисча сўкишни бошлади. Мен ҳам тожикча аралаштириб уни тоза “алқадим”. Ҳожи бобонинг такясида юрган пайтим бозорга тушганимда Омоннинг ўрисча сўкишларни ўрганиб олгани ҳақида Убай мени огоҳлантирганди. Демак, Убай чини билан гапирган экан. Сўкишларим тугаганда у бўралаб айтган сўзларни мен ҳам такрорлайвердим. Шуларнинг баҳонасида менинг луғат бойлигим ҳам “сув ол ич”, “вўттаямат”, “хаттивой”, “чурка”, “мараз”, “баран”, “пашўлти” каби сўзларга бойиди. Ахийри Омон менга тенг келолмаслигини билиб, ғудраниб-ғудраниб қайтиб кетди. Бекорчиликда қирғоқ бўйлаб бориб бир ўрис гинироли яшайдиган уй ёнига етдим. Мен ўша ердаги қайрағочга чиқиб гиниролнинг уйини бахузур томоша қила бошладим. Гинирол калта шим кийиб олиб ҳовлиси сахнига ажабтовур идишда сув қуярди. У мени кўриб қолиб “чў хочиш” деди. Мен ҳам тушуниб-тушунмай “томоша” дедим. Гинирол “тамаша хочиш, хиди сувда” деди. Мен қайрағочдан тушиб қўрқиб-қўрқиб ёнига бордим. У мени устимга бостириб кела бошлади. Мен сув ёқасига келиб қолдим. У бўлса “вот тамаша” деб калта шимини туширворди, мен қўрқиб кетиб сувга чалқанча йиқилдим. Зўр-базўр бу қирғоққа сузиб ўтиб, уни Омондан ўрганиб олган бир қанча ўрисча сўкиш билан тузладим ва келган йўлимга қайтдим. Гинирол оғзини очганча ангайиб қолаверди.

Кўкламнинг илк кунлари бўлгани учун совуқ еган этим товуқнинг терисига ўхшаб ғадир-ғудур бўлиб қолганди, жунжикиб ҳеч ким йўқ жойга бордим. Усти бошимни ечиб, сиқиб, Ҳожи бобо ривоятидаги баҳайбат Авжи Миниқ тиззасидан келадиган бахри уммонда балиқ тутиб, қуёшга тоблаб, сўклаб егандай кийимларимни ботаётган қуёшга тобладим. Кейин чала ярим қуриган, намиққан кийимларимни кийиб офтобни охирги нурларини қидирдим.

“Қувди-қочди” номоздигарда тугаган бўлса ҳам уйга вақтли қайтсам дарвозамиз олдида хап сани, деб муштига тупуриб, пойлаб турганлар қўлига тушмаслик учун шу тариқа кунни кеч қилдим. Яна мен Саъбондаги аммам билан поччам келиб қолишидан ҳам хавфсирардим. Поччамнинг қушларига қатиқ бериб ўлдириб қўйганим кечагина юз бергандай кўчада ҳам олазарак бўлардим. Ҳаммадан беркиниб, номозшомда кўчада одамлар сийраклашгач уйга кириб келдим. Ойим мени кўриб қарғишни бошладилар.

- Ҳаҳ, қоранг ўчгур! Жувонмарг, сени дастингдан тузукроқ напас олиб бўлмай қолди! Соли бобога нима қилдинг?!
- Қайси Соли бобо, ойижон?
- Сани дастингдан бутун Тошкан дод дейди. Сан қоранг ўчгурни Тешавой уч-тўрт марта қидириб келди. Бекорга эмасдир. Отасини бир нарса қилдингми?! Соли бобо ўсал бўб қолибди. Табибга кетди. Отасизлигингни пеш қилиб, ёнингни олавериб юзим шувит бўлди, ер юткур. Ҳали бу ҳам каммиди. Омон, Нарзи ака, хув нариги маҳалладаги самоварчи Асрага нима қилдинг?! Ҳўл ўтдай куйдирдинг мани, жувонмарг!

Ойим мени яна қочиб кетишимдан хавфсираб, фақат қарғаш билан кифояландилар. Мени судраб олиб кириб, дастурхон ёнига ўтқизиб олдимга бир товоқ аталани “дўқ” эткизиб қўйдилар. Қорним роса очган эди, аталани мазза қилиб ичдим.

Эртаси кун сахарда туриб кўчага отилдим. Билиб бўладими анави югур-етим бўлганлар ўчакишиб келиб қолсалар ушлаб олишлари мумкин. Гузарга чиқдим. Яна кечагидай ўртоқларимни топиб воқеани суриштира бошладим. Бахтимга харифларимдан бирортаси кўринмасди. Айниқса, ўчакишганларнинг хавфлиси Омон эди. Эшитишимча, у Абдулла қорақошга шогирд тушиб от боқиб юрган бўлиб, бугун эса Пиёнбозорга ҳўжайинига овқат олиб кетган экан.

Кўчада эса одамлар анча бесарамжон кўринарди: биров бировига тугун қўлтиқлатаётган, дашти қиёмат бўлиб, сури Исрофил чалингандай кап-катта кишилар у ёқ-бу ёққа чопаётган, яна кимдир кимнидир қулоғига шивирлаётган. Кейин билишимизча, Оқ пошшо “повиски” қилиб, йигитларимизни мардикорчиликка тўплаётган экан. Бунга Тошкандан Саидаҳмад деган бой билан бир ўрис пристав масъул эканлар. Ўртоқларим ҳаммаси ўзидан ховотирлана бошлади. Яна Абдулла билимдонлик қилиб ёшимиз тўғри келмаслигини айтиб, бизни тинчлантиргандай бўлди. Менда эса Ҳиндистонга кетиш учун анча жўяли, янги баҳона пайдо бўлди.

(давоми бор)
__________________
Ўзингга ёқмаган ишнинг бир хайри бор...
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх