Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 30.12.2012 17:31   #131  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
ШАБАДА

Цитата:
Сафарга “отланган” юклар топширилди ҳамки, ака-ука ўртасида суҳбат қовушмади. Комрон Камолдан, Камол Комрондан ниманидир кутаётган, лекин улардан ҳеч бирлари оғиз очишга жазм этолмаётган эдилар. Ниҳоят, Комроннинг сабри тугади. У Камолни четга тортди.
− Кама, − дедию сўзини давом эттиролмади, соатига қаради. Фурсат ғанимат эди. Учоқ чиптасини рўйхатдан ўтказса, шу заҳоти ичкарига кириб кетади. Ваҳоланки, унинг барча умиди, ишонгани укасида эди. Шу боисдан у айтадиганини айтиб ташлади: − Мен жуда оғир аҳволдаман. Сенга айтаману, жўнаб кетаман. Укам бўлиб, эркак бўлиб тингла. Менга ёрдам бер.
Камол акасининг аҳволини тушуниб етган, лекин унга қандай ёрдам бериши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмаётган эди. Комрон давом этди:
− Ётиғи билан онамга тушунтирасан... кўндирасан.
− Нималар деяпсиз, ака? Бу гапларни айтиш сиз ўйлагандан кўра анча оғир. Оқибати эса ундан баттар, шуларни ўйлаб кўрдингизми?
− Тўғриси, ўйламадим, кўрдиму ақл-ҳушимдан айрилдим... Тамом бўлдим...
− Кимни? Кап-катта эркаксиз-а! Ким экан, қаерда дуч кела қолдингиз, ака?!
Комрон Камолнинг билагидан тутди, сўзсиз уни кузатувчилар издиҳоми томон бошлади. Боядан бери ака-укадан кўз узмай хавотирда турган гулдек нозик-нозанин... Нозикой улар томон бир-икки одим ташладию ерга қараганича тўхтади.
Камолнинг тили айланмай қолди. Шу топда айтиши мумкин бўлган сўзи йўқ эди унинг. Аъзои бадани мажолсизланиб беихтиёр нари кетди. Комрон унга етиб олди.
− Янгамнинг аҳволи нима кечади? Болаларнинг-чи?.. − деди Камол паришон хаёлларини йиғолмай. Комрон нимадир деди, лекин жавобнинг қизиғи қолмаганди Камол учун. Давом этди: − Мен сиз айтаётган юкни зиммамга ололмайман, қолаверса...
− Нима, қолаверса?!
Комроннинг товуши Камолнинг қулоғига оғир ботди. У атайин бир зум сўзсиз қараб турди-да, сўнг гапирди:
− Ҳозир сиз оғир аҳволда экансиз, агар бундан кечмасангиз, − деди у Нозикой турган томонга ишора қилиб, − ҳаммамизни оғир аҳволда қолдирасиз. Онам кўтаролмасликлари эса аниқ, ака...

Комрон хашамдор машинасини дарвозага тақаб тўхтатди-да, ўтирган жойида пульт тугмасини босди. Юқорига йиғилиб очиладиган дарвоза тиқ этмади. Комрон кафтида тутиб турган матоҳнинг тугмаларини бир-бир босиб чиқди, яна натижа бўлмади.
− Кичик эшикдан киринг-да, ичкаридан дарвозани очинг, − у шундай деб Нозикойга калитни тутқазди.
Яқиндагина ёмғир ёғиб ўтган, ҳовли қоронғи, уйда ҳеч ким йўқ, чироқни ёқиш учун йўлакка қадар етти-саккиз қадам юриш керак. Комрон хотинининг якка тавақали кичик эшик ёнига етиб борганига, калитни қулфга суқаётганига қараб турдию нимагадир чалғиб, ундан кўзини узди. Зум ўтмай йўлак чироғи ёнгани кўринди, кўриндию... Комрон нима воқеа юз берганини англолмай қолди, лекин кимдир “В-вой!” деганини аниқ эшитди, юраги аллақандай нохушликни сезиб, машинадан отилиб чиқди, югуриб ҳовлига кирди. Не кўз билан кўрсаки, Нозикой деворга суянганича бехуш йиқилиб ётарди.
− Нозикой! Нозик-к! Менга қаранг! Менга қара, Нозик!
Комроннинг ўтакаси ёрилди, назарида шу тобда суюкли, ардоқли, гўзалдан-гўзал арзандасидан айрилиб қолаётгандек эди. Йўлак деворидаги жўмракни бураб ҳовучига сув олди-да, Нозикнинг бетига сепди. Яна ва яна сепди. Нозик сесканиб кўзини очди. Ўрнидан туришга ҳаракат қилатуриб, ҳуш-беҳуш ҳўнграб юборди.
− Нима бўлди, Нозик? Айтинг, нима бўлди ахир?! − Хотинидан баттарроқ қўрққан Комроннинг бетига сув сепадиган кимса йўқ эди.
− Нариёққа, − деди Нозик қўли билан ҳовли томон кўрсатиб, − нариёққа ўтиб кетди...
− Ким? Ким ўтиб кетди? − Сапчиб қад ростлади Комрон. Ҳовлиқиб ҳовли томонга югурди. − Кўрдингми? Сенга тегдими?! Қанақа?..
− Қоп-қора... шарпа... Баланд... Бетини кўрмадим...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 30.12.2012 17:32   #132  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
ШАБАДА

Цитата:
Комрон “у томон”да туриб ҳам укасини ҳолижонига қўймади. Сен гапни бошлаб берсанг бас, қолганини ўзим тушунтираман деб кунда сим қоқишдан чарчамади. Камол ҳар сафар оғиз жуфтлаганида дам онасининг қандай аҳволга тушишидан хавотирланар, дам назарида янгаси билан жиянлари ундан умидвор бўлгандек илтижо тўла кўзларини унга қадаб турган бўлишар... акасини қандай жин урганини сира-сира тушунмас, худди узун туш кўраётгандек ўй-хаёлларини йиғолмас эди. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам ўша кун-ўша дам етиб келди.
Камол мавридини пойлаган эди − мавридини онасининг ўзи келтирди.
Нима бўлдию, она-бола ёлғиз қолишди, Камол энди ўтирган жойидан қўзғалган ҳам эдики, онаси уни тўхтатди.
− Камол, ўғлим, − деди у вазмин бир товушда, − ичимда бир хавотир бор, шуни кимга ёрилишни билмай эзилиб кетяпман.
Камол онасига бирров разм солдию, индамади. Раҳима ая эса ундан садо чиқишини кутди.
− Қандай хавотир, ая? − дея савол қотди у.
− Қандай бўларди, акангнинг қадам олиши ёқмаяпти...
Камол темирни қизиғида босди:
− Менга ҳам, − деди у хуноби тошиб.
Раҳима ая ўрнидан турди, бир-бир қадам ташлаб Камолнинг рўпарасига келиб тўхтади.
− Хавотирим бежиз эмасми?! Хабаринг борми?! Қадам олиши...
− Номаъқул қадамини босиб бўлган, акам!
У шундай дедию, бирдан юраги орқасига тортиб кетди. Шу тобда оғзидан чиққан гапи онасига ўқ теккандек таъсир кўрсатиши мумкинлигини кейин ўйлаб қолди. Назарида онаси ҳозир унинг кўз ўнгида беҳуш бўлиб ўзини ташлаб юборадигандек эди. Камол шу ўйда шайланиб ҳам олди. Бироқ онаси кутилмаганда ўзини дадил тутди. Раҳима ая бор иродасини жамлаб ич-ичидан отилиб чиқаётган ғазабними, ўкирикними, нафратними бўғзида тутиб қолди, ўзи дунёга келтириб, ўзи вояга етказган ўғлининг афтига игнадек нигоҳларини суққудек бўлиб қадади. Камол бу нигоҳга дош беролмади, кўзини олиб қочди. Менда нима гуноҳ, дея ўзини оқлаш мавриди эмаслигини тушунди. Раҳима ая бошқа чурқ этмади, ётоқ бўлмаси томон аста-аста одимлаб борди-да, очиқ эшик ёнида ортига ўгирилди, бир зум равон деразаси орқали ҳовлига нигоҳи етганича термилиб турди-турди-да, бошини хам қилганича ичкарига кириб эшикни оҳиста ёпди.

Мушарраф овсинининг ёнида алламаҳалгача қолиб кетди. Кейинги кунларда қоронғи тугул, куппа-кундузлари ҳам Нозик иккинчи қаватга чиқмас, чиқмагани-чиқмаган, Мушаррафни ёнидан жилдирмасликка одатланди. Мушарраф унинг ранг кўр-ҳол сўр бўлиб қолганига, фақат бу эмас, Нозик бўлар-бўлмасга чўчиб кетадиган, тиқ этган шовқиндан таҳликага тушадиган бўлиб қолганди. Мушарраф аста-секин унинг кўнглига қўл солди, ҳозир айни ўйнаб-яйраб қоладиган пайтингиз, бундай шароитлар биздақаларнинг етти ухлаб тушимизга кирмаган, ўзингизни қўлга олинг, кўзга яқин келинсиз, сиздақаларга кўз тегиши аниқ, шунинг учун унда-мунда ирим-сиримини ҳам унутманг, икки-уч қайта ўқитворсангиз қушдай енгил бўлиб юрасиз деб насиҳатлару меҳрибончиликларга кўмиб ташлади, кўмиб ташлагани сайин ҳам Нозикнинг чеҳраси очилмади, унинг зўраки жилмайишларида бурунги таровотдан асар қолмаганди.
− Хўп исмни топиб танлашган экан-да, ўзиям! − деб атайин шарақлаб кулди Мушарраф. Кула туриб ўзи атрофга аланг-жаланглаб қўяр, назарида хонанинг қайсидир бурчагидан қора шарпа икки овсин мажлисини кузатиб тургандек, мана ҳозир, шу тобнинг ўзида ўша шарпа ҳали сенларми, менга қарши тил бириктираётган деганча тиккасига келиб, бир ҳамлада!..
Мушарраф Нозикой қандайдир ҳуркак бўлиб қолганини, лекин овсини ундан буни яшираётганини сезиб улгурган, Нозикой ҳам ўзидан кўра анча-мунча дадилроқ бўлган Мушаррафнинг қаттиқ-қттиқ гапиришларида, кўз қарашларида хавотир, таҳлика шарпасини илғай бошлаган эди.

− Намунча, − деди Камол тўшакда ёнбошлаб ётган жойидан, ҳовлига чиқаверишдаги эшикни маҳкамлаб қулфлагач ҳам уни қайта-қайта тортиб кўраётган хотинининг ҳаракатларини кузатиб. − Бунақа одатинг йўқ эди-ку?
− Ҳа, қулфлаб қўйгим келди-да, − деди-қўйди Мушарраф. − Болалар ойимникига кетишди, икки-уч кун ўйнаб келишади, шунга...
Камол индамади, чироқни ўчириб ўринга кирган Мушарраф шифтга термилганича кўзини юммай ётди.
− Тунда ташқарига чиқсангиз... − Тўсатдан гап бошлади Мушарраф. Камол ҳиринглаб кулди.
− Тунда ташқарига чиқадиган одатим йўқ-ку, хотин, кўзинг илинмай туриб туш кўра бошладингми?
− Кеча кечаси турмадингизми?
− Кеча кечаси?... − Ўйлаб қолди Камол. − Тош қотиб ухладим-ку, Мушар.
− Ҳазиллашманг!
− Нега ҳазиллашай, қаттиқ чарчаган эдим, ёстиққа бош қўйганча тош қотибман...
Мушарраф чаён чаққандек сапчиб ўрнидан ирғиб турди. Турасолиб хона чироқларининг барини кетма-кет ёқиб юборди. Унинг рангида ранг қолмаган, лаблари гезариб кетган, худди тўшагига бегона махлуқ кириб қолгандек дағ-дағ қалтирарди. Камол хотинини бу аҳволда биринчи бор кўриши эди, ўзини вазмин тутишга ҳаракат қилиб, аста ўрнидан қўзғалди.
− Нима бўлди, Мушар, гапир, нимадан бунчалик эсхонанг чиқиб...
− Аниқ кўрдим!..
− Нимани? Қачон?
− Тунда, қора шарпа! Бўйи сиздей... Тепамга келиб қараб турди!..
Мушарраф гапини тугатар-тугатмас ўзини эрининг пинжига урди. Комил хотинини тинчлантирди.
− Қойил-э! Эс-ҳушингни еб қўйибсан, хотин! Нима деб алжираяпсан?!
− Алжираётганим йўқ, дадаси, худо урсин. Болаларингиз пайқаса юраги ёрилиб...
− Болаларга кўринмайди, дейишади-ку.
− Демак!.. Бундан чиқди, сиз ҳам сезиб юрибсиз, шундайми? Очиғини айтақолмайсизми, энди!
Камол мижғовланди.
− Ҳеч замонда чой қайнаткич ичи тўла суви билан ёниб кетадими? Нозик ёнимдан жилмайдиган бўлиб қолди, бежизга эмас бу! Ким билади дейсиз, назаримда бехосиятроқ уйми, дейман-да...
− Секин!.. Бу сўзни оғзингдан чиқара кўрма, ахир акам...
Камол акаси билан бу хонадонга илк сафар келишганини эслади. Ўшанда ака-ука юқори қаватда суҳбатлашиб қолишди, шунда тўсатдан пастдаги аллақайси эшик ўзидан-ўзи қисирлаб ёпилди... Камол аниқ эслади ўша ҳодисани...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 30.12.2012 17:33   #133  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
ШАБАДА

Цитата:
Раҳима ая узуккун уйга қамалиб ётадиган одат чиқарди, кампир ҳеч ким билан гаплашмас, ҳузурига бошқалар киришини хушламас, келинларига сўзни қисқа қилиб, борақолинглар, деб чиқариб юборар, Комиланинг кўзига қаролмас, Имрон билан Гўзал невараларини кўрганида ўпкаси тўлиб кетар − таркидунё қилган одамдек унинг учун ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаганди...

Ўтганларнинг руҳларини шод қилиш ниятида лорсиллаган қора қўчқорнинг жони бахшида қилинди. Беш-олти нафар қўни-қўшни иштирокида ўтказиш мўлжалланган “ис чиқариш” тадбири кичкина тўйга айланди. Хабарланганларнинг бари келди, тоға келмади.
− Аканг энди менга бегона, − деди Мирсаййид тоға, ўзини аранг вазмин тутиб, − мен-ку, майли, онасининг бетига оёқ қўйдими, гулдек оиласининг, ўғил-қизининг уволидан қўрқмадими, ўнта қўй атамайдими! Юзта қўй атамайдими!..
Камол келди-кетдида хизмат қилгандек юрди-турди, лекин ҳеч нарса татимади унга. Акасини шу йўлдан қайтаролмагани учун ўзини айбдор ҳис қилар, қандай бўлмасин онасидан қолган ҳовлига қайтиб бориш, кеннойиси ва жиянларининг ҳолига кўз-қулоқ бўлиб ўша ерда яшаш ҳаракатига тушган эди.

Ая қай вақт кўчага чиқиб кетганини ҳеч ким пайқамай қолди. Қўни-қўшниларникини қарашди, суриштиришди − ая топилмади. Намозшом палласи Камол уйга қайтганида онаси пешиндан бери уйда йўқлигини эшитиб юраги орқасига тортиб кетди.
− Тоғамникидан суриштирмадингларми? − сўради дарҳол эсига тушиб.
Келинлар шоша-пиша тоғаникига қўнғироқ қилишдию, хавотирлари ариди.
− Ака-сингил роса соғинишган экан, кун бўйи уйга биқиниб гурунглашиб ўтиришди, − деди тоғанинг кенжа келини. − Яқингинада кетдилар.
Уйга келган заҳоти ая Камолни чақиртирди. Камол аясининг ҳеч кимни огоҳлантирмай кетиб қолгани учун унга танбеҳ бермоққа оғиз жуфтлаган ҳам эди, онаси уни гапиришга қўймади.
− Телефон қил, − деди қўлини узоққа деган маънода боши узра силкиб. − Қаерда бўлсаям топ.
− Хўп... Фақат ҳозир у ерда ярим тун, ҳамма уйқуда... − тайсаллади Камол. − Ухлаб ётган бўлса...
− Ўлиб ётган бўлсаям уйғот!
Раҳима ая шундай дедию, тилини тишлади. Камол онасининг ранги қум ўчганини пайқади, онаси шуни яширмоқчидек бетини тескари ўгирди.
Камол онаси тўнини тескари кийганини, энди унга ҳеч кимсанинг гап-сўзи кор қилмаслигини билди. Шу аснода акаси билан боғландию, телефонни онасига узатди. Раҳима ая кафтидаги телефонни қулоғига босган заҳоти муддаога кўчди:
− Ҳм... Эртага кечгача етиб кел!.. Билмадим!.. Эшитяпсанми, ернинг остидамисан-устидамисан, охирги гапим шу: эртадан қолмай етиб кел!..

− Асал ойи бир ой давом этади деб ким айтса айтаверсин, бизнинг умримиз, ҳаётимиз асал-л!
Комрон тунги чироқ шуъласида зулукдек буралиб кўринган гулнинг қошини бармоқларининг учи билан силади, дудуоқларига бетини босиб тўйиб-тўйиб ҳидлади. Гулнинг ғаши келганидан бетини олиб қочди, эркаланиб кулди. Ёстуқ узра ёйилган узун қуюқ қора соч ғира-ширада қандайдир жондорга ўхшаб кетди, Комрон унинг учини кафтларига ўраб олди. Гул Комронга чирмалди. Комрон ўрнидан тура солиб гулни бели ва тақимлари остидан икки қўллаб кўтариб олди. Унинг дуч келган жойидан устма-уст, устма-уст, устма-уст бўса олганича бир-бир қадам ташлаб учинчи қаватдаги хос хонага йўналди.
− Осмонга, − деди кулиб, − осмондан ҳам тепага − аршга олиб чиқаман! − Комрон шодумон эди, шодлигини баралла нишонлашни истаётган эди.
− Йўқ, − деди Нозик, − у ёққа чиқмайлик.
Комрон аҳдидан қайтмади. Гулни бир қўлидан қўймай иккинчи қўли билан учинчи қаватга олиб чиқадиган дарча эшиги илгагини туширди.
− Қўрқяпман! Тўхтанг, очманг!
− Асал ойи! Асал-л...
Биллур ҳовузча ичига икки кишилик пар ўрин тўшалган, оппоқ чойшаб тунги шабадада муаттар ҳид таратиб қўш вужудни ўзига чорлар эди.
Ҳамон гулни бағридан қўймаган Комрон бир оёғини кўтариб биллур ҳовуз девори оша ошириб ўтишга улгурдими-йўқми, нимадир лоп этди.
− Қочинг! − дея нола чекиб юборди Нозик.
Комрон оёғини тортиб улгурдими-йўқми, кўз ўнгида оппоқ чойшабнинг бир чеккаси тутаб, димоғига ачимсиқ ис урилди.

Комроннинг бу қадар зудлик билан етиб келишини ҳеч ким кутмаганди. Бироқ ўғлиз келдилар дея суюнчи ундириш хаёлида аянинг ҳузурига югургилаб кирган Мушаррафнинг фарёдини биринчи бўлиб Комила эшитди. Комила қайнонасининг тепасига етиб бормай хона ўртасида тек турган кўйи кафтларини бетига босганича унсиз, лекин аччиқ-аччиқ ўкраб юборди.


Мушарраф эрининг қулоғини тинчитмади.
− Уйимизга кетақолайлик, дадаси, − деди у ҳиқиллаб, ўзимизнинг кулбамиздан қўймасин. Бу ерда омонат яшаяётганга ўхшаймиз.
− Уйга кун ора кираман... Кеннойимга, жиянларнинг кўзига қаролмайман... Дадам чет элдалар, фақат телефон қилмаяптилар дейди Имрон...
− Билмадим... Бу аҳволда юрагим адо бўлади, дадаси.
− Қўйгин, бир нарсани гапираверасанми, Мушар! − деди Камол хотинига уқдиришга уриниб. − Сен айтаётган нарса одамнинг назарида бўлади, ҳаётда эмас.
− Ҳаётда йўқ бўлса, кўзга кўриняптику? Тунда тепамга келиб қараган ким?! Буёқда Нозик ҳомиласини тушириб қўйганидан хабарингиз йўқ.
− Ҳомиласини туширган бўлсаям чидаб ўтирибди-ку!
− Қаёқда чидайди! Тиқ этса ёнимга келиб олади, бир ўзи тепа қаватга қадам босмайдиган бўлган. Шўрлик эсдан оғиб қолмаса деб қўрқаман...
− Ҳозиргина кўрдим-ку, тепага чиқиб кетаётув...
− Опа!!.
Мушарраф жим бўлди. Деразадан ҳовли томон бошини чиқариб қулоғини динг қилди.
− Чақирди, − деди Камол чўчигандай диққатини жамлаб.
− Опа-а! О-опа-а-а!..
Чинқириқдан шошиб қолган Мушарраф билан Камол изма-из қувалашгандай Комрон билан Нозикой яшайдиган томондаги айвон зинасидан чиқишганида иккинчи қават эшиги бўсағасидаги супачада йиқилиб қолган Нозикойни кўришди.
− Ана! − деди Мушарраф ва ётоқ бўлмасига кираверишдаги эшик ёнида ҳолсизланиб ўтириб қолган Нозикойнинг ёнига олдинма-кетин кўтарилишди.
− Қаранг... ичкарига қаранг... − дея олди ҳамон ўзини қўлга оломаган Нозикой. У қалт-қалт титирар, беихтиёр халатининг этаги билан оппоқ яланг болдирларини ёпишга уринарди.
Мушарраф кўрқа-пуса ҳобхонага бош суқдию, “Вой, ўла-ай-й!” деб қичқирганича ёқасини чангаллади.
− Нима, нима гап? − Сўради унинг ортидан келган Камол.
Бу орада базўр қад ростлаган Нозикой эшикка беҳол суяниб пичирлади:
− Ювиниб чиқдим, қарасам!..
Пардоз-андоз жавони устида нима бўлса, ҳаммаси уй билан битта бўлиб сочилиб ётарди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 30.12.2012 17:34   #134  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
ШАБАДА

Цитата:
− Онанг раҳматли бўлишини кутиб юрган экансан-да?! Ўтган ўтди, тамом-вассалом деб ўйладингми?! Тупроғи совумай-а?! Руҳини чирқиратиб...
− Қўйинг, тоға, бу гаплар ортиқча...
− Ортиқча бўлса, сенга − катта кўча! Илло синглимдан қолган уй-жой Камол билан Комиланики, сен эса... Садқаи ўғил кет-э!..

Ҳаммаси тунда юз берди.
Комрон уйга кеч қайтишини қўнғироқ қилиб айтибди. Нозикой Мушаррафни ҳолижонига қўймай ўзи билан бирга ўтиришга кўндирди. Овсинларнинг гаплашмаган гаплари қолмади шекилли Мушарраф уйига чиқиб кетишга баҳона излай бошлади. Нозикойнинг ўтакаси ёрилгудай овсинининг этагига тармашди.
− Сиз кўрмаган кинолардан қўйиб бераман, − деди Нозикой Мушаррафни кўндиришнинг бошқа чорасини тополмагач.
У овсинининг розилигини кутмай деворга илинган гиламнинг ярмича келадиган телеойнани ёқди, ойнаижаҳон ойнаси бир оз жимир-жимир қилиб турди-да, қорайди-қолди. Нозикой қўлида устма-уст тутиб олган сертугма пультни пайпаслай-пайпаслай кўп уннади, фойда бўлмади.
− Тавба, − деди у, ажабланиб, − ҳеч қачон бундай бўлмаган.
− Камол акани чақирайми, қараб берсалар...
− Йў-ўқ, ҳозир ўзим қарай-чи.
Нозикой шундай деб телеойна ёнига борди-да, унинг ён-верини қарай бошлади. Мушарраф чироқ тугмасини босди.
− Ия, Нозикой, чироқ йўқ-ку, − деди кулиб. Мушарраф унга қўшилди. Шунда...
− Ана, ёниб турибди-ку!
Нозикой қўшни хонага имо қилиб ҳайратдан оғзини очиб қолди. Унга Мушарраф қўшилди.
− Ҳа-я...
Мушарраф, унинг изидан Нозикой қўшни хонага ўтишди, ўтишган заҳоти бу хонанинг ҳам чироғи ўчди.
− Кимдир майнабозчилик қиляпти шекилли? − деди ҳамон ажабланганини яширолмай деди Мушарраф.
Нозикой Мушаррафнинг биқинига суқилиб олди.
− Ундай деманг!.. Чўчияпман...
− Камол ака-а! Ҳо-ой, дадаси!
Шу замони зина томонда Камол пайдо бўлди. Мушарраф зумда чироқ ўчиб қолаётганини оқизмай-томизмай айтиб берди. Камол ҳам ҳайрон, ҳам ишонқирамай бош чайқаб турди.
− Бўлиши мумкин эмас... − У шундай деб туриб тўсатдан аёлларни чалғитиш чорасини топди. − Жуда яхши бўлибди ўчгани, баҳона топилди, юринглар, бизникига чиқамиз.
Нозикой рози бўлишдан ўзга чораси қолмаганди.
Улар ҳовлига тушиб улгурмасларидан уй томондан Камолнинг қулоғига қизининг овози эшитилди.
− Дада-а, чироқ ўчиб қолди-и!..
Камол, Мушарраф, сўнг Нозикой кулишларини ҳам-кулмасликларини ҳам билмай турган жойларида қотиб қолишди...

Комрон билан Нозикой аллапаллада тўйданми-меҳмондорчиликданми қайтишганида ҳали чироқ ёнмаган − қоматини ғоз тутиб турган шоҳона кошона қора зулмат оғушида қаққайиб турарди.
− Ётақолайлик, эрталаб шуғулланамиз, − деди Комрон.
Нозикойнинг кўнгли ғаш эди, аввалига ухлолмай, хаёлан минг кўчага изғиди, ниҳоят эрининг билагидан тутганича... кўзи илинган экан, қаттиқ шовқиндан чўчиб уйғонди. Уйғондию, эшикни устма-уст тарақлатиб жонҳолатда “Ака! Ака!”лаб бақираётган Камолнинг овозини таниди.
− Ёнғин! Чиқинглар! Ака-а!..

− Ўт нимадан чиқибди? − бетини терс буриб савол қотди Мирсаййид тоға.
− Чироқнинг симидан деганмиш... − У шундай дедию, ўша тунда уйда чироқ ўчганини эслаб ҳайрон бўлиб елкасини қисди.
Орага оғир сукунат чўқди, ниҳоят тоға бошини чайқай-чайқай, афсусланган оҳангда салмоқланиб гапирди:
− Гулдек оиланинг бузилиши аршни ларзага келтиришини айтгандим. Тушунмади, тушунишни ҳам истамади. Айтиб қўй, ялтир-юлтир уйидаги машмашаларнинг бари ўша мен айтган ларзанинг шабадаси, холос... Уқдингми, шабадаси...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 08.01.2013 10:33   #135  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Feruza Xodjayeva
Оффлайн
UZINFOCOM
Сотрудник ZiyoNet при МНО
Сообщений: 243
+ 1,712  447/160
– 4  1/1

Uzbekistan
Ҳурматли Устоз! Бугунги қутлуғ айём-таваллуд кунингиз билан муборакбод этаман!
Омад, тинчлик ва хотиржамлик тилайман. Хонадонингиздан файз, дастурхонингиздан барака кўтарилмасин.

__________________
ZiyoNet.uz - Все про образование, науку, культуру и спорт: Деятели| Образование| Учреждения| Блоги| Форум| Гранты
Прими участие в развитии сети ZiyoNet: Создай сайт на ZiyoNet| Добавь книгу в библиотеку| Загрузи видео
Ответить 
Старый 28.02.2013 16:40   #136  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Куни кеча "Тафаккур" журналининг 2013 йил, №-1 сонида чоп этилган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Жоди" ҳикоясини ўқидим. Ҳикоя умуминсоний қадриятларни ифодалаган бўлиб, "Андрей Сахаров хотирасига бағишланади" деб бошланади.
Ҳикоядаги воқеалар XVIII асрнинг охирларида Францияда бўлиб ўтади ҳамда унда Жозеф Игнас Гильотеннинг гильотина ускунасини ўйлаб топганлиги ва уни Франция давлати ҳаётига татбиқ қилиши жараёни акс эттирилган, олим "итальян маданияти"га қарши ўлароқ ўзига хос "француз маданияти"ни ҳаётга ташвиқ қилади. Жозеф фанда янгилик яратдим деб ўйлаб қилган хатосини англамайди, қатл жазосининг осон усулини ўйлаб топдим деб ўйлайди. Ҳатто Франция аёллари гильотина ускунасига мос тақинчоқлар тақишади, сумкачалар тутишади, шундай шаклдаги пишириқлар пиширишади. Ҳаттоки бир аёл гильотинада ўзини қатл этишлари учун атайлаб оғир жиноятга қўл уради. Бу оммавий маданиятнинг оламонга тарқалишининг бир белгиси эмасми?.. Алал оқибат гильотина қатлига рухсат берган қирол Людовик XVI нинг ўзи ҳам, Жозеф Гильотин ҳам, жаллод ҳам ушбу ускунада қатл қилинадилар.
Ҳикоянинг бош ғояси- Тангри инъом этган умрни ҳеч ким тортиб олишга(инсонни ўлдиришга) ҳақи йўқ. Қирол Людовик XVI бегуноҳ қалдирғочларни отиб, ўлдириб ҳузур қилади, жаллод эса гильотин орқали инсонларни ўлдириб ҳузурланади. Умр сўнгида эса тирик жонзотни қатл этиш, ҳаётга тўймаслик нима эканлигини англашади. Жаллод Борте "Мен фақат ижрочиман" дейди, холос. Бироқ гильотин орқали инсонларни олма дарахтидан олмаларни қоқққандек ҳаётларидан жудо қилганлигини суд мажлиси ҳайъатига маълум қилади.
1981 йил 10 октябрда эса "гильотина орқали қатл этиш" жазоси бекор қилиниши ҳақидаги хабар билан ҳикоя тугайди.
Ответить 
Старый 07.01.2014 16:51   #137  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Ватан, инсон ва тафаккургина эмас, изтироб хам озодлик истайди. Истиклолга етишган озод изтироб чексиз коинотни, бепоён дунёни, халки, узлиги, кадрияти ва маънавиятини янада чукур, янада теран идрок этолмаётганидан озор чекади.

Хуршид Дустмухаммад
Ёзувчи, публицист Хуршид Дўстмуҳаммадни таваллуд айёмлари билан муборакбод этамиз. Улардан янги асарлар кутиб қоламиз.
Ответить 
Старый 29.01.2014 16:59   #138  
Аватар для AbdulAziz
Оффлайн
www.ziyouz.com
Главный редактор
AKA:AbdulAziz
Сообщений: 1,932
+ 273  2,100/980
– 3  0/0

UzbekistanОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью MSNОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью YahooОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью Skype™LiveJournalFacebook
Ғулом Карим. Руҳият мусаввири



Ҳикоя жанрида фаол ижод қилаётган таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ушбу жанрда шу пайтгача яратган қарийб барча асарлари “Шарқ” нашриётида “Беозор қушнинг қарғиши” номи билан китоб ҳолида чоп этилди. Тўпламдаги ҳикоялар мавзусига қараб саккизта бўлимга бўлинган.
Мутолаа жараёнида дарҳол кўзга ташланадиган жиҳат шуки, ҳикояларда қизиқарли воқеалар тасвирига асосланган, бўртиб турган сюжет йўқ ҳисоби. Бу ҳол Х.Дўстмуҳаммад ижодий услубининг ўзига хослиги билан боғлиқ. Ҳикоя ёзиш жараёнида муаллифни воқеагўйлик эмас, балки бадиий санъаткорлик қизиқтиради.
Davomi...
__________________
www.ziyouz.com | www.ziyouz.uz - Зиё истаган қалблар учун!
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх