Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 29.09.2019 08:22   #21  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Буларнинг барига қандайдир бошқа, Узук бунёдкорининг хоҳиш-истагига мос келмаётган ўзга куч таъсир ўтказмоқда. Фикримни аниқроқ ифода эта олмайман-у, лекин айтишим мумкинки, Узукни топиб олиши учун Бильбо танланган, аммо уни Узук ҳукмдори танламаган. Шундай экан, сен ҳам Узукка соҳиблик қилишинг учун танлангансан. Мана шу фикр далда берувчи фикрдай туюлади менга.

- Сени тўғри ва тўла-тўкис тушунганимга ишончим комил эмас, Гэндальф, - деди Фродо. - Бильбо билан Голлум ҳақидаги ушбу тафсилотларни қаердан била қолдинг? Буларнинг барини сен чиндан ҳам биласанми, ё фаҳмлаяпсанми?

- Кўп нарсани шундоқ ҳам билар эдим, янада кўп нарсани энди билиб олдим, - жавоб берди кўзи ярқираган Гэндальф. - Қилган барча ишларим ҳақида сенга ҳисобот бериб ўтирмоқчи эмасман. Элендил, Исилдур ва Узукнинг тарихидан оқилларнинг ҳаммасига воқиф. Сенинг Узугинг Ҳукмдорлик Узугидан ўзга нарса эмас. Зеро, бошқа далиллардан ташқари, оловли ёзув бунинг исботидир.

- Хўп, буни қачон билиб олган эдинг? - гапни бўлди бетоқат Фродо.

- Ҳозиргина, мана шу хонада, - кескин оҳангда жавоб берди Гэндальф. - Лекин мен шундай бўлишини билар эдим. Олис юртларга сафарлар ва узоқ давом этган изланишлардан сўнг ўтказилган охирги текширув эди бу. Узук тарихида етишмаган ҳодисалар силсиласи ва Голлумнинг ушбу тарихда тутган ўрнини аниқлаш учун анчагина куч сарфлашга тўғри келди. Илгари Голлум билан боғлиқ ҳодисаларни тахмин қилар эдим, энди эса аниқ биламан. Чунки мен уни қидириб топдим.

- Топдинг?! - таажжуб-ла хитоб қилди Фродо.

- Энг мулоҳазали иш шу бўлди. Мен уни узоқ қидириб, ниҳоят суҳбатини олдим.

- Бильбо ундан қочиб қутулганидан кейин нима бўлди, Голлумнинг ўзига нима қилди? Булардан ҳам хабаринг борми?

- Унчалик эмас. Мен сенга Голлумдан эшитганларимни қисқача айтиб бердим. Гарчи, йўқ, ҳаммасини эмас. Голлум ёлғончи, унинг гапларини яхшилаб ғалвирдан ўтказиш керак. Масалан, Узукни у «туғилган кунимга берилган совға» деб, шу гапини қаттиқ туриб маъқуллар эди. Унинг гапига қараганда, Узук унга бундай чиройли буюмлари кўп бўлган энасидан мерос қолган. Жирканч уйдирма. Смеагорлнинг энаси матриарх кампир бўлганига шубҳа қилмайман, бироқ унинг бисотида кўплаб эльф узуклари бўлгани, уларни бировга совға қилгани – бемаъниликдан ўзга нарса эмас. Туғилган кунига совға тариқасида олгани ҳам, бошқа гаплари ҳам ғирт ёлғон.

Диагорлни ўлдиргани учун Голлум узоқ йиллар давомида маънан қийналган. Ниҳоят у виждон таъқибидан ҳимоя ўйлаб топган ва ушбу ёлғонини «ўз малоҳати» билан гаплашаётганда ҳам, зулматда ўлжасининг суягини ғажиётганда ҳам такрор ва такрор талаффуз этиб, охири ўзи ҳам ишониб юборган, яъни ўша кун унинг туғилган куни бўлиб, Диагорл унга Узук совға қилган ва табиийки, Узукни «туғилган кунимга берилган совға» деб юрган.

Унинг ёлғонига бардошим етгунча чидадим, лекин менга ҳақиқат керак бўлгани боис қаттиққўллик кўрсатишга мажбур бўлдим. Унга хассамдан чиқарган олов-ла пўписа қилдим ва ниҳоят дам ҳиқиллаб, дам хўнграб йиғлаётган Голлумнинг ичидаги бор ҳақиқатни суғуриб олдим. Ўз ҳикоясини зимистондаги топишмоқлар-у, Бильбонинг қочиб қутулгани билан якунлагач, бир нечта тушунарсиз шамадан бошқа ҳеч нарса айта олмади. Мендан кўра бошқа бировдан қўрқар эди у. Ўз мулкини қайтариб олиши кераклиги ҳақида пўнғиллади. Одамлар уни кўриб қолиши, роса тепиб, аллақандай уяга тортиб кетишлари ва ўша ерда шилишларини айтди. Энди Голлумнинг қудратли дўстлари борлиги, унга яқиндан ёрдам беришлари, Бэггинс ўз қилмиши учун жавоб бериши ҳақида гапирди. Бильбо Бэггинснинг жазога тортилиши Голлумнинг асосий фикри бўлди. У Бильбодан нафратланар, унинг исмини лаънатлар эди. Боз устига у Бильбо қаерлик эканини билади.

- Қаердан била қолди у?

- Бильбо Голлум билан учрашган фурсатда шу қадар калтафаҳмлик қилиб қўйганки, ўзини мистер Бильбо Бэггинс эканлиги, гномлар ва сеҳргар шеригини йўқотиб қўйгани, ўзи қаердалигини билмай, тезроқ ташқарига чиқиб кетишни исташини айтиб қўйган. Кейинчалик ташқи дунёга чиққан Голлум ҳақиқатни англаб етиш борасида қийинчилик сезмаган. Ҳа, ниҳоят у зимистондан ташқи дунёга чиққан. Узугини қайтариб олиш истаги орклар ва табиий ёруғлик олдидаги қўрқувдан устун келган. Биласанми, гарчи эгалик қилишни истаса-да, энди Узук уни ўзига қарам қилмай қўйгани боис Голлум аста-секин жонлана бошлаган. Ўзини ниҳоятда кекса ҳис этган-у, дадиллашиб, илгариги журъатсизлигидан халос бўлган, иштаҳаси очилган.

Ой билан қуёш нурини ҳамон ёмон кўрадиган Голлум шайтонтабиат бўлиб, кундузги ёруғлик ва ойдин кечадан бекиниб юриш йўлини топган. Ойсиз тунда совуқ, хира нигоҳи ила эҳтиётсиз юрган майда жониворларни тутиб еганча, бировга сездирмай тез ҳаракатланган. Егуликнинг янги турлари, тоза ҳаво таъсирида борган сари кучли, дадил бўлиб борган. Кутилгандек, охири у Ёвуз ўрмонга етиб борган.

- Ва сен уни ўша ерда топиб олгансан, шундайми? - сўради Фродо.

- Мен уни ўша ерда кўрганман, - жавоб берди Гэндальф. - Аммо ўша кунгача у Бильбонинг изидан юриб кўп нарсалардан хабар топишга улгурган. Ундан маънили гап олиш қийин кечди, ҳар сўзи орасида Бильбога лаънатлар ўқиб, дўқ-пўписа ёғдириб борди. «Киссасида нима борлигини билмаган эдик, малоҳатим менинг! - дер эди у. - Алдади. Нотўғри топишмоқ берди. Ўйин қоидасини бузди. Кўрибоқ бўғишимиз керак эди уни, малоҳатим менинг. Ҳеч қиси йўқ, улгурамиз ҳали бўғиб, жонини суғуриб олишга!...»

Бу унинг нутқидан кичик бир иқтибос холос. Давомини эшитишни истамасанг керак, деб ўйлайман. Ўша кунлар шахсан мен учун оғир кунлар эди. Бироқ пўписалари-ю лаънатлари орасида Голлумнинг ясси товони кўл шаҳри бўлмиш Эсгарот ва ҳатто Дейл кўчаларида из қолдирганини, шаҳар аҳолисининг гап-сўзларини пинҳон эшитиб, хатти-ҳаракатларини яширинча кузатиб юрганини англадим. Буюк ҳодисаларга доир янгиликлар ёввойи ўлкалардан узоқ-узоқларга тарқаган. Бильбонинг исмини, қаердан келганини кўпчилик эшитган. Ғарбга қайтганимизни биз ҳеч кимдан сир тутмаганмиз. Шундай экан, Голлумнинг ўткир қулоғи керакли маълумотларнинг барини эшитган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 29.09.2019 08:23   #22  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
- Ундай бўлса, нега у Бильбонинг изидан юришни давом этиб, Ширга етиб келмаган? - сўради Фродо.

- Ана энди биз асосий масалага етдик, - деди Гэндальф. - Ўйлашимча у айнан шундай қилмоқчи бўлган. Голлум азим дарё бўйлаб ғарб томон йўл олган, бироқ негадир унинг йўли кескин бурилган. Ишончим комилки, уни йўлнинг олислиги чўчитмаган, қандайдир бошқа нарса чалғитган. Уни мен учун кузатиб борган дўстларим шундай хулосага боришган.

Голлумнинг изига биринчи бўлиб ўрмон эльфлари тушишган. Бу масалада улар қийинчилик сезишмаган. Чунки Голлумнинг изи янги бўлган. Гарчи улар Голлумни қувиб етишмаган бўлса-да, Ёвуз ўрмонга кириб, тарк этган изларини топишган. Ўрмон Голлум ҳақидаги миш-миш гапга тўлган, ҳатто ҳайвонлар-у қушлар ҳам у ҳақда қўрқинчли эртаклар тўқишган. Ўрмон аҳли орасида жониворларнинг қонини тиригича ичадиган янги махлуқ пайдо бўлгани ҳақида гап тарқаган. Ул махлуқ ин қидириб дарахтга чиқиши, бола қидириб уяларга кириши, бешик қидириб дераза ошиб тушиши тилларда достон бўлган.

Бироқ Ёвуз ўрмоннинг ғарбий чегарасига етган Голлумнинг изи ортга қайтган. У жануб томон йўл олиб, эльфлар назоратидаги ҳудуд чегарасидан чиқиб кетганча гум бўлган. Шу ерга келганда мен катта хатога йўл қўйганман. Ҳа, Фродо, гарчи энг катта хато бўлса-да, йўл қўйган хатоларим орасида биринчиси эмас эди. Шу ерга етган Голлумни таъқиб қилишни тўхтатдим. Мендан узоқлашиб кетишига имкон бердим. Чунки ўша пайтда қиладиган ишларим кўп бўлиб, Саруманга ҳамон ишонар эдим.

Орадан йиллар ўтди. Йўл қўйган хатоим учун ўша кундан буён бошимдан кўплаб мудҳиш кунлар ўтди. Бильбо Ширни тарк этгандан кейин яна қидиришга киришар эканман, Голлумнинг изи аллақачон совиб бўлган эди. Замонамизнинг буюк сайёҳи-ю, энг моҳир овчиси саналмиш дўстим Арагорн ёрдам бермаганида менинг саъй-ҳаракатларим беҳуда бўлар эди. Иккаламиз Голлумни ёвуз ўлкада хўп қидирдик, ишимиз умидсиз, муваффақиятсиз кечди. Қидирув ишларидан эндигина воз кечмоқчи бўлиб турганимда Голлум топилиб қолди. Катта хавф-хатарни енгиб ўтган дўстим Арагорн ўша ожиз махлуқни тутиб келтирди.

Голлум ўз қилмишини бизга айтмади. Фақат йиғлаб, дағал муносабат кўрсатаётганимиздан нолиди. Бироз сиқувга олган эдик, чириллаб дод солди, қўлини уқалаб, бармоқларини ялади, қандайдир қийноқни эслаб, жони оғригандай бўлди. Голлум қаеда бўлиб чиққани борасида шубҳа қолмади. Чунки у илон изи бўйлаб аста юрганча, Мордор замини томон қадам-бақадам йўл олган эди.

Хонага оғир сукунат чўкди. Фродо ўз юрагининг тепишини эшитиб ўтирибди. Ташқарида эшитилган шовқин ҳам тинган. Майса ўраётган Сэмнинг ўроғи ҳам ишдан тўхтаган.

- Таассуфки, Мордор жамики ёвуз нарсаларни ўзига тортади, ёвуз куч жаҳоннинг жирканч нарсаларини шу ерга йиғади. Дунёнинг барча халқлари жанубда пайдо бўлган янги кўланка ҳақида, унинг ғарбга бўлган нафрати ҳақида пичирлаб гапиради. Голлум ўша ерда Бильбодан қасос олиш масаласида ўзига дўст топишга умид қилган.

Толеи паст аҳмоқ-да! Ўша ҳудудда ўз тинчи учун жуда кўп нарсаларни билиб олди. Эртами, кечми Мордор ҳудудида у қўлга тушиши муқаррар эди. Изига қайтаётганда қўлга олинди ҳам.... Арзимас бир хато туфайли. Энди бунинг аҳамияти йўқ, энг ёмон хатога йўл қўйиб бўлган эди.

Минг афсуски, душман Узук топилганини айнан Голлумдан билиб олди. Исилдур қаерда ҳалок бўлганини у шундоқ ҳам билар эди. Голлум Узукни қаердан топиб олганини фаҳмлади. Бу Узук буюк Узуклигини, соҳибига узоқ умр бахш этишини табиийки, билади. Тўққизта ёки еттита узуклардан бири эмаслигини ҳам билади. Чунки уларнинг бари аллақачон қўлга киритилиб, санаб чиқилган. Бу Узук якка Узук эканлигини билади ва ўйлашимча, энди у ҳоббитлар ва Шир ўлкаси борлигидан ҳам хабар топди.

Фикримча, ҳозир у Шир ўлкасини қидиряпти, агар ушбу ўлка қаерда жойлашганини аллақачон билиб олмаган бўлса. Илгари у Бэггинс исмини ҳеч қачон эшитмаган бўлса, ушбу исм энди унинг учун катта аҳамият касб этиб қолган, Фродо.

- Даҳшат! - хитоб қилди ҳоббит. - Сенинг огоҳлантиришларинг-у, шамаларингдан фаҳмлашим керак бўлган хавфдан ҳам беш баттар даҳшат! Ҳой Гэндальф, дўстларим орасидаги энг қадрли дўстим Гэндальф! Ўзинг айт, нима қилай энди мен? О, аттанг-а! Имкони бўла туриб, ўша жирканч қабоҳатни Бильбо ўз вақтида ўлдирмагани ёмон бўлибди-да, афсус!

- Афсус дейсанми? Тўғри, айнан шафқат туйғуси бир замонлар Бильбонинг қўлини тўхтатиб қўйган эди. Раҳм-шафқат маълум бир жонзотни эҳтиёжсиз ўлдирмасликни англатади. Ва бунинг учун Бильбо рағбат топди, Фродо. Ҳеч шубҳа йўқки, айнан мана шу иши учун у ёвузлик таъсирига берилмади ва охир-пировардида Узукдан воз кеча олди.

- Маъзур тутасан мени, Гэндальф. Лекин вужудимни қўрқув қамраб олган ва шу боис Голлумга нисбатан шафқат туйғусини ҳис этмаяпман.

- Чунки сен уни кўрмагансан, - гапни бўлди Гэндальф.

- Ҳа, кўрмаганман, кўришни ҳам истамайман, - деди Фродо. - Сени тушунмай қолдим. Наҳотки сен эльф дўстларинг билан уни шунча мудҳиш ишларидан кейин ҳам тирик қолдирган бўлсанг? Ҳозир унинг оркдан фарқи йўқ ва у бизнинг душманимиз саналади. У ўлимга лойиқ.

- Ўлимга лойиқ дегин?! Ҳа, албатта. Ҳозир яшаётганлар орасида кўпчилик ўлимга лойиқ бўлса, ўлганлар орасида кўпчилик яшашга лойиқ эди. Уларни ҳаётга қайтара оласанми, Фродо? Қайтара олмайсан. Шундай экан, бировни ўлимга ҳукм қилиш масаласида шошилма. Зеро, энг оқил киши ҳам барча оқибатларни олдиндан кўра билмайди. Голлумнинг табиати то ўлим топгунча ўзгаришига ишонмайман, лекин келгусида нима бўлишини биров билмайди... Боз устига унинг қисмати Узукнинг тақдири билан боғлиқдир. Кўнглим сезиб турибди, ожиз Голлум яхшими, ёмонми ўз ролини албатта ўйнайди. Ана ўша фурсатда Бильбонинг шафқати кўпчиликнинг тақдирида, шу жумладан, сенинг қисматингда ўз аксини топади. Биз ҳам уни ўлдирмадик, чунки у ниҳоятда кекса, заиф ва жуда бахтсиз эди. Ўрмон эльфлари ҳозир уни ўз қамоғига сақлашмоқда ва оқил қалбларига мос равишда унга меҳр-ла муносабат кўрсатишмоқда.

- Бильбо Голлумни ўлдирмаган бўлса ҳам Узук Голлумнинг қўлига тушишини истамас эдим. Унга ҳеч қачон етиша олмаслигини, мен ҳам Узукни қўлга олмасликни истаган бўлар эдим. Нега сен Узукни қўлга олишимга йўл қўйдинг? Нега уни дарҳол улоқтириб юбориш ёки йўқ қилишни буюрмадинг?
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:25   #23  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
- Шунча вақтдан буён қулоғингга танбур чалиб ўтирдимми, Фродо? - таажжубланди сеҳргар. - Ўйлаб гапиряпсанми гапингни? Узукни улоқтириб юбориш мумкин эмас. Уни бошқа биров топиши муқаррар. Ёвуз қўлга тушиб қолгудай бўлса, кўпчиликнинг шўри қурийди. Агар Узук душманнинг қўлига етгудай бўлса бундан беш баттар бўлади. Унга етиши эса турган гап. Чунки бу ягона Узук бўлиб, уни қидириб топиш учун душман бор кучини сарфламоқда.
Қадрдоним Фродо, ушбу Узук сен учун ҳам жуда хавфли, албатта. Ва бу мени чуқур ташвишга солади. Аммо таваккал қилишдан ўзга чорамиз йўқ. Ўзим олис юртларни кезиб юрар эканман, Ширни ҳамиша зийрак кўзлар кузатиб, ҳимоя қилиб борган. Узукдан фойдаланмас экансан, у сенга таъсир ўтказа олмайди. Боз устига ёдингда бўлса керак, тўққиз йил муқаддам мен кўп нарсаларни билмас эдим.

- Модомики, сенинг таъбиринг ила айтганда, Узук аллақачон йўқ қилиниши керак экан, нега шу кунгача йўқ қилмадик уни? - овоз кўтарди Фродо. - Бир оғиз хабар юборганингда аллақачон йўқ қилиб юборган бўлар эдиму уни.

- Ростданми?! Хўш, қандай уддалаган бўлар эдинг сен бу ишни? Ҳеч уриниб кўрганмисан ўзи?

- Йўқ, уринмаганман. Болға билан уриб мажақласа ёки оловга ташлаб эритса бўлар ахир?

- Қани бошла, уриниб кўр! - деди Гэндальф. - Ҳозироқ йўқ қилиб юборчи уни!

Фродо киссасидан чиқарган Узукка қаради. Энди Узук унинг кўзига тоза, силлиқ, сиртида ёзув аломати йўқ. Тилла буюм Фродонинг кўзига янада чиройли порлаб кўринди. Ҳоббит Узукнинг мафтункор рангларга бойлиги, юмалоқ шаклининг мукаммаллигидан ҳайратланди. Унинг Узуги таҳсинга лойиқ қимматбаҳо буюм экан-у! Заргарлик буюмини киссадан чиқарар экан, Фродо уни зудлик билан оловга ташлашни ният қилган эди, энди эса бу ишга қўли бормаслигини, вужудида ички кураш кечаётганини ҳис этди. Узук вазнини қўлида тортиб кўргандай бўлиб, иккаланганча ўзини Гэндальфнинг ҳозиргина айтиб берган ҳикояларини эслашга мажбур қилди. Шундан сўнг катта куч сарфлаганча Узукни улоқтиргандай ҳаракат бажарди-ю, аслида киссасига солаётганини ҳис этди.

Гэндальф ғамгин кулиб боқди.

- Кўрдингми ана, Фродо, Узук соҳиби бўла туриб уни йўқ қила олмайсан. Мен эса бу масалада сенга ёрдам бера олмайман. Куч қўллашим мумкин, албатта, аммо бу сенинг онг-у ақлингга ниҳоятда жиддий зиён етказади. Боз устига, Узукка нисбатан куч қўллашнинг фойдаси йўқ. Агар Узукка оғир жисм, дейлик, темирчининг болғаси билан зарб берсанг, болға синса синадики, Узукка бало ҳам урмайди, силлиқ сирти ўзгармай, силлиқлигича қолади. Уни на сенинг ва на менинг қўлим билан йўқ қилиб бўлади.

Ўчоғингда ёнаётган тафти паст олов оддий тиллани ҳам эрита олмайди, албатта. Унга ташланган Узук муздайлигича қолаверади. Дунёда Узукка таъсир ўтказадиган бирорта ҳам темирчилик ўчоғи топилмайди. Ҳатто гномларнинг сандони-ю, юқори ҳароратли ўчоғи ҳам кор бермайди. Айтишларича, аждарнинг бўғзидан чиққан олов Ҳукмдорлик Узугини эритиб, йўқ қилиб юбориши мумкин экан, аммо ер юзида пуркайдиган оловининг тафти етарлича иссиқ бўлган бирорта ҳам аждар қолмаган. Бироқ ушбу ягона Узук Сауроннинг ўзи ясаган Ҳукмдорлик Узуги бўлиб, уни қудратли аждарларнинг бирортаси, ҳатто Қора Анкалагон лақабли энг мудҳиш аждар ҳам, агар тирик бўлганида, ҳеч нима қила олмас эди.

Узукни йўқ қилишнинг ягона йўли – оловли Ородруин тоғи марказидаги Тақдир тирқишига ташлашдир, агар сен чиндан ҳам душманни Узукка ҳукмдорлик қилиш имконидан маҳрум қилиш мақсадида уни йўқ қилишни истасанг, албатта.

- Истайман, албатта истайман! Аммо мен хавфли саргузашт-у, қидирувлар учун яралмаганман, - хитоб қилди Фродо. - Нега кўриб қолдим-а ўша Узукни? Нега энди у айнан менга насиб қилди-я?! Нима учун айнан мен танландим...

- Бундай саволларга жавоб топилмайди, ортиқ куюнма, - деди Гэндальф. - Бироқ ишончинг комил бўлсинким, ҳаддан ортиқ оқил бўлганинг-у, аллақандай қудрат соҳиби эканлигинг учун эмас, бошқаларнинг ҳам табиатида бор фазилатларингга, кучинг ва ақл-фаросатингга зўр беришинг учун танлангансан холос, сен бу ишга.

- Лекин мен жа ақлли ҳам эмасман, - хўрсинди Фродо. - Сен мендан кўра анча доно ва қудратлисан. Нега Узукни ўзинг олмайсан?

- Йўқ! - овоз кўтарди Гэндальф, ўрнидан ирғиб туриб. - У ҳолда мен ниҳоятда улкан, даҳшатли ҳокимиятга эга бўлиб қоламан. Мен туфайли Узук янада қудратли, янада хавфли буюмга айланади. Йўлдан оздирма мени, Фродо! - кўзи ярқираб, юзи ич-ичидан порлаганча хитоб қилди у. - Зулмат хоқонига ўхшашни истамайман. Йўлдан оздирма! Фойдаланмаслик шарти билан ҳам олишга журъат этмайман уни. Узукка эгалик қилиш истаги кучимни ошириб юборади. Кун ўтиб бир кун унинг ёрдами керак бўлиб қолиши мумкин менга. Ниҳоятда мудҳиш хавф кутади у ҳолда мени.

Дераза олдига борган Гэндальф пардани очиб, тавақани туртди. Хонани қуёш нури тўлдирди. Сэм дераза остидан шамолдай елиб ўтди.

- Узук ҳар қандай бошқа одамнинг қалбига нисбатан менинг қалбимга сингиб кириш йўлини жуда яхши билади. Хўш, энди, - ҳоббитга юзланди сеҳргар, - бир қарорга келишинг керак. Мен ҳамиша ёнингда бўламан, сенга яқиндан ёрдам бераман, - деди у, қўлини Фродонинг елкасига қўйиб. - Ушбу машаққатни енгиш масаласида сени ёлғиз қўймайман. Аммо ҳаракатимизни тезроқ бошлашимиз керак. Душман яқинлашмоқда.

Орага чўккан сукунат узоқ чўзилди. Гэндальф жойига ўтириб, трубкасини тутатганча чуқур хаёлга чўмди. Бир қарашда кўзи юмуқдай бўлса-да, қалин киприги ортидаги кўзи Фродони диққат-ла кузатмоқда. Ҳоббит эса ўчоғнинг қип-қизил чўғига қараб, дўзахнинг ловуллаётган тубини кўргандай бўляпти. Ҳозир унинг фикр-хаёлларини ҳар хил Тақдир тирқишлари-ю, оловли тоғ даҳшатлари қамраб олган.

- Хўш! - овоз чиқарди ниҳоят Гэндальф. - Бирор-бир қарорга келдингми?
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:27   #24  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Хаёли зулматдан воқеликка қайтган Фродо ўзининг шинам хонаси, дераза ортидаги қуёш ёритган боғини кўрди.

- Йўқ! Ҳа! - жавоб берди у. - Агар сени тўғри тушунган бўлсам, Узукни ёнимда олиб юриб ҳам сақласам бўлаверади, шундайми? Ҳар қалай, ҳозирча у менга ҳеч қандай таъсир ўтказмади-ю.

- Агар сен ундан фойдаланмасанг, таъсири секин кечади, - эслатиб ўтди Гэндальф.

- Шунга умид қиламан, яна шунга умид қиламанки, тез орада сен Узукка мендан кўра яхшироқ соҳиб топасан. Чунки ҳозир мен атрофимда яшаётганлар учун хавф туғдирмоқдаман. Узукни сақлар эканман, бу ерда қола олмайман. Бэг-Эндни ташлаб чиқишим, Ширни тарк этишим, ҳамма нарсамдан воз кечиб кетишимга тўғри келади, - чуқур хўрсинди у. - Агар қўлимдан келса, Ширни қутқариб қолишни истаган бўлар эдим, гарчи унинг аҳолиси кўзимга баъзан ғирт аҳмоқдай кўриниб, унинг ақлини зилзилами, душман босқиними, ё бошқа бир баломи киргизиб қўядигандай туюлса-да. Аммо энди ундай туйғу йўқ. Ортимда қолган Ширнинг хавфсизлиги таъминланар экан, ўйлайманки, саргардонлигим осон кечади: қаердадир олисда ишончли таянчим борлигини ҳис этаман, гарчи бу ерга қайтишим амри маҳол бўлса-да.

Тўғри, баъзан хаёлимга Ширни тарк этиш фикри келиб турган, албатта. Лекин мен буни ўзига хос таътил, сайр ёки Бильбонинг саргузаштига ўхшаш бирор-бир енгилроқ, охири бахайр сафар сифатида тасаввур этганман. Энди эса бу ердан даф бўлишим, муаян бир хавфдан қочиб, ундан-да баттар хавф сари югуришим керак бўлади. Ва модомики, дунёни сақлаб қолишим керак экан, назаримда, ёлғиз ўзим йўлга чиқишим керак бўлади. Ўзимни ўзим ниҳоятда майда, нотавон лапашангдай, душманни эса ўта даҳшатли, улкан ва қудратли кучдай кўраман.

Кутилмаганда пайдо бўлган истагини Гэндальфга айтмади-ю, лекин ҳозир у ҳамма нарсани ташлаб Бильбонинг изидан югуришни, уни тезроқ топишни истади. Фродонинг ушбу истаги шу қадар кучли эдики, ҳар қандай қўрқувни енгиб, бир замонлар Бэг-Эндни дастрўмолсиз тарк этган Бильбодай кўчага бош кийимсиз югуриб чиқишига сал қолди.

- Қадрдоним Фродо! - хитоб қилди Гэндальф. - Илгари айтганимдек, ҳоббитлар – ажойиб халқдир. Бир ой ичида уларнинг барча удум ва одатларини ўрганиб чиқиш мумкин бўлиб, ҳатто юз йил ўтиб ҳам ўзгармас қолишлари ила кишини ҳайратга солишади. Жавобинг тахминан шу мазмунда бўлишини кутган эдим. Ўзига ворис танлаган Бильбо адашмабди, гарчи ўшанда ушбу танлови қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлиши ҳақида ўйламаган бўлса-да. Афсуски, гапинг тўғри. Узукни Ширда сақлаб бўлмайди энди. Ўз манфаатинг йўлида ва бошқаларнинг хавфсизлиги учун Ширни тарк этиб, ҳозирча Бэггинс исмини унутганинг маъқул. Зеро, ушбу фамилия Шир ташқарисида жуда хавфлидир энди. Сафар давомида бошқа исм билан юрганинг маъқул, дейлик Накручинс бўлиб.

Лекин сафарга ёлғиз ўзинг чиқишинг нотўғри бўлади. Ҳамроҳ сифатида ишончли, сен билан сафарга чиқишга розилик берадиган бирор кишини ол. Аммо бу масалада эҳтиёт бўл! Дўстларинг билан мулоқотда ҳам гапингни ўйлаб гапир. Душманнинг жосуслари кўп, бировнинг суҳбатини пинҳона эшитиш усуллари ҳам оз эмас.

Сеҳргар кутилмаганда гапини тўхтатиб, атрофга қулоқ тутди. Фродонинг назарида ичкарида ҳам, ташқарида ҳам жимжитлик ҳукм сурмоқда. Дераза томон қадам босган Гэндальф токча орқали чуқур энгашди-да, узун қўлини пастга узатди. Кимдир чийиллади. Бироздан сўнг, қулоғидан тортиб кўтарилган Сэм Скромбининг боши кўринди.

- Хўш, хўш! Оппоқ соқолим-ла онт ичаманки, бу киши Сэм Скромби бўлади! - маълум қилди Гэндальф. - Нима қиляпсан бу ерда?

- Ҳеч... ҳеч нарса, мистер Гэндальф! - инқиллади Сэм. - Дераза остида ўт ўряпман, - деди у, исбот тариқасида қўлидаги ўроқни кўтарганча силтаб.

- Ёлғон гапиряпсан, - қошини чимирди Гэндальф. - Ўроғингнинг шовқини эшитилмай қолганига анча бўлди. Қачондан буён гап пойлаб ўтирибсан?

- Гап пойлаб? Нималар деяпсиз, қўсангизчи, мистер Гэндальф.

- Ўзингни овсарликка солма, - ўшқирди узун қоши найзалардай хурпайган Гэндальф кўзи ярқираб. - Нима сабабдан, нималарни эшитдинг?

- Мистер Фродо! - оғриқ ва қўрқувдан бақира бошлади Сэм. - Менга зарар етказишга рухсат берманг унга! Мени аллақандай мудҳиш қабоҳатга айлантириб қўйишига имкон берманг! Кекса отамнинг юраги кўтара олмайди буни. Онт ичаман, бирор бир ёмон ниятни кўзлаганим йўқ!

- Зиён етказмайди у сенга Сэм, - жавоб берди ўзини кулгидан базўр тийиган Фродо. - Ниятинг ёмон эмаслигини Гэндальф иккаламиз биламиз. Шовқин солишни бас қилиб, саволларига жавоб бер.

- Хўп бўлади, сэр, - рози бўлди Сэм, бироз тутилиб. - Эшитганимни яхши уқмадим, сэр. Аллақандай душман-у, унинг узуклари, мистер Бильбо ҳақида, аждарлар, оловли тоғлар ва... эльфлар ҳақидаги гапларни эшитдим. Ўзимни идора қила олмаганим учун эшитиб ўтирган эдим, сэр. Мени койисангиз ҳам майли, лекин эртакларни жуда яхши кўраман. Эльфлар, сэр. Уларни жуда, жуда кўргим келади. Мени ҳам ўзингиз билан олиб кетинг, сэр. Сиз билан сафарга чиқиб эльфларни кўрмоқчиман.

Гэндальф кутилмаганда хандон отиб юборди.

- Бу ёққа кир! - деди у, иккала қўли билан боғбон ҳоббитни қўлидаги ўроғи билан кўтариб, полга қўяр экан. - Эльфларни кўргим келяпти, дегин?! - сўради у, кулиб боққанча Сэмга бошдан оёқ синчковлик-ла разм солиб. - Демак сен мистер Фродо Ширни тарк этиб кетаётганидан бохабарсан, шундайми?

- Ҳа, сэр. Шунинг учун нафасим тиқилиб қолди. Сиз эса эшитиб қолдингиз. Дилим қаттиқ оғриганидан ўзимни уддалай олмадим.

- Менга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, Сэм, - деди Фродо ғамгин оҳангда.
Ширдан қочиб чиқиш шунчаки шинамгина Бэг-Эндни тарк этишгина эмаслигини Фродо кутилмаганда англаб етди.

- Мен юртни ташлаб кетишим керак. Бироқ... - Фродо Сэмга диққат-ла қаради. - Агар чиндан ҳам менга ёрдам бермоқчи бўлсанг, бу гапларни сен сир сақлашинг керак бўлади. Тушундингми? Агар тилингни тийиб юрмас экансан, мистер Гэндальф менинг илтимосимга кўра сени қурбақага, теварак-атрофдаги боғларни эса қурбақахўр илонларнинг энг зўр маконига айлантиради.

Дағ-дағ титрай бошлаган Сэм гурс этиб тиззага йиқилди.

- Тур ўрнингдан, Сэм, - буюрди Гэндальф. - Мен бундан-да яхшироқ нарса ўйлаб топдим. У шундай бир чораки, бировларнинг гапини пинҳона эшитиб юришни яхши кўрганинг учун жазо бўлади. Сен мистер Фродо билан бирга сафарга чиқасан!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:28   #25  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
УЧИНЧИ БОБ. УЧ НАФАР ҲАМРОҲ

- Албатта, сэр, чиқаман сафарга! - хитоб қилди Сэм, кўпдан буён уйда қамалиб, ниҳоят сайрга чақирилган итдай ўрнидан қувонч-ла ирғиб туриб. – Мен ҳам бораман, эльфларни кўраман! Ана шундай! Ура-а!

- Ҳозирча эса сен бу ердан тез, шовқин солмай чиқиб кетишинг керак, - амр этди Гэндальф.

Орадан икки-уч ҳафта ўтган бўлишига қарамай, Фродо йўлга чиқишга шайлигини кўрсатмаяпти.

- Биламан чўзмаслик кераклигини, лекин Ширни ташлаб кетиш осон эмас, - эътироз билдирди у. - Агар мен Бильбо сингари кутилмаганда гум бўлиб қолгудай бўлсам, бутун ўлка бўйлаб миш-миш гап тарқайди.

- Кутилмаганда гум бўлишинг мумкин эмас, албатта, - маъқуллади Гэндальф. - «Тез» тушунчаси «Зудлик билан» деган маънони англатмайди, тўғри. Ширни бировга сездирмай тарк этиш усулини ўйлаб топишинг керак. Бунинг учун бироз ушалиб қолса арзийди. Аммо узоқ чўзма.

- Туғилган кунимиздан кейин келадиган куз масаласига қандай қарайсан? - сўради Фродо. - Ўйлайманки, ўша вақтга келиб йўлга чиқишга тайёр бўлсам керак.

Тўғрисини айтганда, йўлга чиқишга ҳозирлик кўришни Фродо мутлақо истамаяпти. Бэг-Энд энди унинг кўзига илгаригидан ҳам ардоқли кўриниб, кўнгли Ширда ўтадиган сўнгги ёз мавсумидан завқланиб олишни истамоқда. Куз келса ҳар доимгидай, йилнинг ушбу фаслидаги сафар ҳақида ўйлаш осон кечишини билади. Эллик ёшга тўлгач йўлга чиқишини онгининг қайсидир бурчаги ила аллақачон ҳал қилиб бўлган. Бу вақтга келиб Бильбо 128 ёшини нишонлайди. Сафарга чиқиш учун унинг назарида айнан мана шу кун маъқул келади. Бильбонинг изидан бориш – Фродонинг доимий орзуси бўлиб, саргузашт бошлашга доир фикрга кўникишни енгиллаштирмоқда. Узук ҳақида, ўша буюм уни қаёқларга етаклаб кетиши ҳақида имкон қадар ўйламасликка ҳаракат қилмоқда. Бироқ у ушбу мулоҳазаларини Гэндальфга айтмасликка қарор қилди. Гэндальфнинг ўзи нималар ҳақида ўйлаётганини эса фаҳмлаб бўлмайди.

- Маъқул, - кулиб боқди Гэндальф. - Лекин ундан узоққа чўзиб юборма. Мен хавотирга тушиб қолдим. Ҳозир эса эҳтиёт бўл, қаёққа кетишинг ҳақида бировга шама ҳам қилма. Сэм Скромби ҳам тилини тийиб юраётганини кузатиб бор. Тиймас экан, уни чиндан ҳам қурбақага айлантириб қўяман.

- Қаёққа кетишимни бировга бехос айтиб қўйишим қийин кечса керарагов. Чунки қаёққа боришни ҳозирча ўзим ҳам билмайман.

- Бемаъни гапни қўй! - аччиқ қилди Гэндальф. - Борадиган манзилингни почтага ташлаб кетишни хаёлингга ҳам келтирма, демадим шекилли. - Сен Ширни тарк этасан, мана шу гапни билмаслиги керак биров. Ширни эса тарк этишинг шарт. Бунда сен қаёққа – шимол йўналишидами, жануб, ғарб ёки шарқ томон кетдингми, ҳеч бир зоғ билмаслиги керак.

- Бэг-Энд ва Шир билан хайрлашиш хаёли билан шу қадар банд бўлдимки, ҳаракат йўналиши ҳақида ҳали ўйлаб ҳам кўрганим йўқ, - иқрор бўлди Фродо. - Қаёққа боришим, нималарга амал қилишим, нимани қидириб топишим керак ўзи? Бильбо-ку тушунарли, ҳазина қидириб кетиб, уйига қайтди. Мен-чи, тушунишимча, қайтиб келмаслик учун кетишим керакми?

- Бу қадар узоқ келажакни кўра олмайсан, - деди Гэндальф. - Мен ҳам кўра олмайман. Балким вазифанг Тақдир тирқишини қидириб топишдан иборат бўлар, балким бу иш билан бошқа биров шуғулланар, билмадим. Нима қилган тақдирда ҳам, сен ҳозирча узоқ сафарга тайёр эмассан.

- Тўғри, тайёр эмасман, - рози бўлди Фродо. - Хўш, қаёққа йўл олишим керак экан мен?

- Хав-хатарларга қарши йўналишга, аммо шошилмай, оёқни қўлга олганча, зинғилламай боришинг керак, - жавоб берди сеҳргар. - Агар ушбу саволингга жавоб олишни, аниқроқ айтиладиган бўлса, тавсия олишни истасанг, Ривенделл водийсига бор. У йўл, гарчи илгаригидай равон бўлмаса-да, нисбатан хавфсиз. Йилдан йилга бу йўналишда юриш қийин кечаверади.

- Ривенделлга?! - ҳайрон бўлди Фродо. - Жуда соз, шарққа, Ривенделл водийси томон йўл оламан. Эльфлар меҳмони сифатида ўзим билан Сэмни ҳам етаклаб оламан, роса хурсанд бўлади.

Фродо қувноқ оҳангда гапиряпти-ю, аммо ярим эльф Элронднинг кошонасини, сеҳрли халқ яшаётган чуқурликдаги мовий туман пардасини кўришга юраги ила иштиёқман бўлди.

Ёз оқшомларидан бирида «Печак новдаси» меҳмонхонаси билан «Яшил аждар» майхонасига ақлни шоширадиган янгилик етиб келди. Шир чегарасидан ўтган гигантлар-у, бошқа турдаги махлуқлар дарҳол унут бўлиб, нисбатан жиддий янгилик, у ҳам бўлса, мистер Фродо Бэггинс Бэг-Эндни сотувга қўйгани, аниқроғи, Саквиль-Бэггинсларга сотгани қизғин муҳокама қилинди.

- Мўмайгина пулга сотилибди, - таъкидлашди айримлар.

- Миссис Любелия харидор бўлар экан, ундай пулни қўлга ушлаш осон кечмайди, - қўшимча қилди яна биров. - Отто бир неча йил муқаддам 102 ёшга тўлиб боқий дунёга рихлат қилди, гарчи ҳоббит учун бу энг улуғ ёш саналмаса-да.

Бунда, мистер Фродо ўзининг ажойиб уясини қанчага сотгани эмас, нима сабабдан сотгани кўпроқ муҳокама қилинди. Айримлар мистер Бэггинснинг бош ирғишлари-ю, айрим пурмаъно шамалари ила қўллаб борилган назарияни ривожлантиришди: эмишки, жамғармаси тугай деб қолган мистер Фродо Бэггинс Ҳоббитоннни тарк этиб, энди Бакленд вилоятида «Саквиль-Бэггинслардан имкон қадар нарида», ўз қариндошлари – Брендизайклар орасида тинчкина яшашга аҳд қилган. Бироқ Бэг-Энд ҳазинасининг битмас-туганмаслигига бўлган ишонч шу қадар кучли эканки, аҳолининг аксарият қисми бундай назарияга бовар қилмай, олди-соттининг бошқа сабабини топишга уринишди. Кўпчилик бунда Гэндальфнинг фош этилмай, қоронғи бўлганча қолаётган фитнасини кўришди. Гарчи сеҳргарнинг хулқ-атвори камтарин кечиб, кундуз куни кўчага чиқмаётган бўлса-да. Гэндальф Бэг-Эндга «бекиниб олгани» кўпчиликка сир эмас. Фродонинг кўчишини унинг сеҳр-жодуси билан боғлаш қийин кечса-да, факт фактлигича қолмоқда: мистер Фродо Бэггинс Бакленд вилоятига кўчиб ўтмоқда.

- Ҳа, кузда кўчиб ўтаман, - дер эди у сўраганларга. - дўстим Мерри Брендизайк мен учун шинамгина уя, агар нархи тўғри келиб қолса ихчамгина уй қидиряпти.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:30   #26  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Умуман айтганда у аллақачон Меррининг ёрдами билан Баклберидан кейинги Крикхэллоу қишлоғида кичик бир уй топиб, олди-сотти ишларини амалга ошириб бўлган эди. Фродо ушбу уйга доимий яшаш учун кўчиб ўтиши Сэмдан ташқари ҳаммага маълум қилинди. Уй айнан шу ерда танлангани бўлғуси саргузаштнинг шарқий йўналиши ила изоҳланади: Бакленд вилояти Ширнинг шарқий чегарасида жойлашган ва модомики, Фродонинг болалиги ўша ерда ўтган экан, унинг Баклендга қайтиши мантиққа тўғри келадигандай кўринади.

Икки ой вақтини Ширда ўтказган Гэндальф Фродонинг режаси аниқ бир мазмунга эга бўлгач, июнь ойининг охирида кутилмаганда «эртага эрталаб кетаман»га тушиб қолди.

- Узоқ йўқолиб кетмасам керак деган умиддаман, - деди сеҳргар. – Нима янгиликлар борлигини билиш мақсадида жанубий чегараларга бориб келай. Бу ерда керагидан ортиқ ушланиб қолдим.

Гэндальф қувноқ оҳангда гапираётганига қарамай, Фродонинг назарида сеҳргар нимадандир хавотирланаётганини сезиб турибди.

- Тинчликми ўзи, нима бўлди? - очиқчасига сўради у Гэндальфдан.

- Ҳеч нима бўлгани йўқ, лекин мен бир нарса ҳақида эшитиб, уни ўз кўзим билан кўришга аҳд қилдим. Агар сен бу ерни зудлик билан тарк этишинг кераклигини фаҳмласам, тез қайтиб келаман ёки тегишли хабар йўллайман. Сен ҳамиша йўлга чиқишга шай туриб, айниқса, Узук билан муомалада огоҳ бўл. Такрор эслатиб ўтаман: ундан ҳеч қачон фойдаланма!

Эртасига тонг саҳар маҳалда Гэндальф Бэг-Эндни тарк этди.

- Мен ҳар қандай фурсатда, кечи билан – хайрлашиш зиёфати куни кириб келишим мумкин - деди сеҳргар. - Йўлда сенга ёрдамим керак бўлиб қолиши мумкин, деб ўйлайман.

Бошида Фродо хавотирга тушиб, Гэндальф нимани эшитган бўлиши мумкинлиги ҳақида узоқ ўйланиб юрди. Вақт ўтган сари унинг хавотири барҳам топиб, ҳаво очиқ кунлари ҳар қандай ташвишини унутадиган бўлди. Бундай ажойиб ёз, бундай ғаройиб куз Ширда ҳали бўлмаган: мевасининг оғирлигидан олма шохи эгилиб тушган, арихоналар асалга тўлган, буғдой баланд ва ниҳоятда қалин ўсган.

Фродо яна Гэндальфдан хавотир ола бошлаганида куз кириб келганига анча бўлиб қолган эди. Сентябрь охирлаб қолганига қарамай, сеҳргардан ҳамон хабар йўқ. Туғилган кун санаси билан кўчиб кетиш учун белгиланган кун яқинлашмоқда, Гэндальфдан эса ҳеч қандай дарак йўқ. Бэг-Эндда ғимир-ғимир бошланган. Тугун-терсагини йиғиштиришга ёрдам бериш учун Фродонинг дўстлари, хусусан, Фрекогар Болжер билан Фольс Булкинс ҳамда унинг қадрдон дўстлари Пин Тук билан Мерри Брендизайк келган. Тўртовлон Фродонинг Бэг-Энддини алғов-далғов қилиб ташлади.

Йигирманчи сентябрь куни Фродонинг янги уйини жиҳозлаш учун мебель ва бошқа нарсалар ортилган иккита юк арава Бакленд вилояти томон йўл олди. Ушбу аравалар Брендивайн кўприги орқали ўтиши керак. Эртаси куни Фродо ростакамига хавотирланиб, Гэндальфнинг йўлидан кўз узмай юрди. Туғилган куни – пайшанба тонги кўп йиллар олдин Бильбо уюштирган катта зиёфатда кечгандай қуёшли бўлди. Гэндальфнинг қораси кўринмайди. Кечқурун Фродо хайрлашув зиёфатини уюштирди. Ушбу тадбир тор доирада, ўзи ва ёрдамчилари иштирокида ўтди. Хавотири кучайиб бораётган Фродонинг кайфияти кўтарилмади. Болалик йилларидан буён дўстлашиб келган ҳамюртлари билан хайрлашиш фикрининг ўзи унга азоб бермоқда. Буни уларга қандай айтишни билмай боши қотган.

Қолган тўртовлон ҳоббит маза қилмоқда. Гэндальф кела олмаган бўлса-да, кечки овқат таомили кўп ўтмай қувноқ кечага айланиб кетди. Стол ва курсилардан ташқари, ошхонада бошқа ҳеч нарса йўқ. Лекин таомлар зўр, ичимликлар мазали. Фродо ўз вино захирасини Саквиль-Бэггинсларга сотилган буюмлар рўйхатига киритмади.

- Саквиль-Бэггинслар бор бисотимнинг қолган қисмига қўл теккизиб, нималар қилса қилсин, майли, лекин вино захирасига ета олмайди, бунинг учун яхши жой топиб қўйдим! - хитоб қилди Фродо, қадаҳини бўшатар экан.

Бешовлон кўп қўшиқ айтди, анчагина мавзуларни муҳокама қилиб чиқди, Фродо томонидан жорий этилган анъанага мувофиқ Бильбо билан Фродонинг соғлиги учун кўп қадаҳ кўтарилди. Шундан сўнг улар тоза ҳаводан нафас олиб, юлдузларни томоша қилиш учун ташқарига чиқишди ва кўп ўтмай уйқуга ётишди. Шу билан Бэг-Энд меҳмонлари учун уюштирилган зиёфат ўз ниҳоясига етди, Гэндальфдан эса дарак бўлмади.

Эртасига эрталаб улар қолган нарсаларни яна бир аравага ортиш билан машғул бўлишди. Ушбу аравада Фредегар Болжер билан бирга Мерри ҳам йўлга чиқди.

- Кимдир олдинроқ бориб, сизларнинг келишингизга уйни иситиб қўйиши керак-ку, - деди Мерри. - Хўп, майли. Индинга учрашгунча, агар йўлда ушланиб қолмасангиз.

Нонуштадан кейин Фольс ҳам уйига кетди. Фродо билан энди фақат Пин қолди. Фродонинг хавотири кучайиб, Гэндальфнинг қадамини эшитишга беҳуда уринмоқда. У тунгача кутишга аҳд қилди. Агар Фродо Гэндальфга зудлик билан керак бўлиб қолгудай бўлса, Крикхэллоудаги уйига бориши мумкин-у ҳар қалай. Балким Гэндальф аллақачон ўша ерда кутиб ўтиргандир. Фродо Ҳоббитондан Баклберига пиёда кетмоқчи. Бунда, кўплаб бошқа баҳоналар орасида Шир ҳудудига сўнгги бор кўз югуртириб чиқиш сабаби ҳам бор. «Боз устига, бироз машқ қилиб олишим ҳам керак», - деди у ўзига ўзи, чанг қоплаган кўзгуга қараб.

Кўпдан буён олис масафога пиёда юрмагани боис, назарида, кўзгудаги акси аллақандай ланж кўринмоқда.

Нонуштадан сўнг, Бэг-Эндга Фродони домангир қилганча Саквиль-Бэггинслар, хусусан, Любелия ва унинг тўнғич ўғли Лотто кириб келишди.

- Ва ниҳоят бизники бўлди бу уй! - хитоб қилди кекса аёл.

Уларнинг ташрифи нотўғри, қолаверса беҳурматлик ҳам эди. Чунки Бэг-Эндга оид олди-сотди шартномаси тунги соат ўн иккида кучга киради. Лекин ёши 100 дан ошган Любелиянинг гуноҳини кечирса бўлади, ахир ушбу фурсатни у ўзи кўзлаган муддатдан 77 йилдан зиёд вақт кутди-ю. Кампир пули тўланган жиҳозларнинг бари жойида турганига ишонч ҳосил қилиб, уйнинг калитини олиш учун келган эмиш. Ўзи билан узундан-узоқ рўйхат олиб келган кекса аёлнинг истагини қондириш учун анча вақт сарфлашга тўғри келди. Калитни қабул қилиб олган кампир ниҳоят ўғли Лотто билан бирга Бэг-Эндни тарк этар экан, иккинчи калит Скромбининг Бэгшот-Роудаги уйига ташлаб кетилишига умид боғлади. Пишқириб қўйган кампир қария Хэмфаст Скромбига ишонмаслиги, кекса боғбон тун ярмигача Бэг-Эндни шилиб кетиши мумкинлигига шубҳа қилмаслигини яққол намоён этиб кетди. Фродо унга бир пиёла чой ҳам таклиф қилмади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:32   #27  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Чойни у ошхонада дўстлари Пин ва Сэм Скромби билан бирга ичди. Ёш Скромби мистер Фродо билан бирга Бакленд вилоятига кетиб, боғбонликни Фродонинг янги ҳовлисида давом этиши илгари расман эълон қилинган. Бэг-Энднинг олди-соттисига доир шартномани Любелия билан қўшничилик қилишга мажбурлигидан домангир бўлаётган Гаффор имзолаган.

- Бэг-Эндда сўнгги бор ўтадиган кечки овқатимиз бу, - маълум қилди, креслода ўтирган жойида чўзилиб олган Фродо.

Учаласи зиёфатда ишлатилган идиш-товоқларни ювишни Любелияга қолдиришди. Пин билан Сэм уч кишининг сафар қопларини кўтариб, остонага олиб чиқишди. Пин боғни сўнгги бор айланиб чиқишга аҳд қилди. Сэм эса шу заҳоти қаёққадир ғойиб бўлди.

Кун ботди. Бэг-Энд қандайдир ғамгин, нохуш, ҳурпайиб олгандай кўринмоқда. Фродо хонама-хона изғиб, деразалардан деворга тушган ёруғлик хиралашаётгани, бурчак-бурчаклардан узун кўланкалар чиқиб келаётгани кўрди. Ҳовлида қош қораймоқда. Остона ҳатлаб Бэг-Эндни тарк этиб чиққан Фродо боғ эшиги томон йўл олиб, бироз пастлаб борган йўлдан кетди. Ўша ерда қоронғиликдан чиқиб келадиган Гэндальфни учратишга умид қилди.

Тоза осмонда юлдузлар кўриниш бера бошлади.

- Ажойиб тун бўлади бугун, - баланд овозда маълум қилди Фродо. - Сафаримиз боши учун ёмон эмас. Дайдишни ёқтираман. Гэндальфни ортиқ кутмайман, йўлга чиқавераман. Керак бўлсам, қувиб етади мени.

Изига қайтишга ҳозирланган Фродо кескин тўхтади. Бэгнот-Роу кўчасига ўтиладиган муюлиш ортидан қандайдир овоз эшитилди. Суҳбатлашаётганлардан бирининг, яъни кекса Хэмфаст Скромбининг овозини Фродо дарҳол таниди. Иккинчи овоз нотаниш ва қандайдир илғаб бўлмайдиган даражада ёқимсиз эшитилмоқда. Нотаниш овоз соҳиби нима деётгани Фродога аниқ эшитилмаяпти, аммо кескин оҳангда гапираётган қариянинг жавоби аниқ янграмоқда. Чол нимадандир аччиқланаётган кўринади.

- Мистер Бэггинс бу ерда йўқ, кўчиб кетган. Бугун эрталаб йўлга чиққан. Ўғлим Сэм ҳам у билан бирга кетган. Кўч-кўронини олдиндан жўнатиб юборган. Айтдим-у, сизга, уйини сотиб кўчиб кетди деб. Нега дейсизми? Мен қаердан билай. Йўқ, қаёққа кўчгани сир эмас. Баклберига бош олиб кетди у. Ҳа, ўша томонга. Умрим бино бўлиб бунчалик олис масофага бормаганман... Ғалати халқ яшайди ўша Бакленд вилоятида. Йўқ, мен унга ҳеч нарса айтиб қўя олмайман. Узр, хайрли тун.

Дукур-дукур қадам товуши дўнгликдан пастга қараб кетганча сўнди. Ўша товуш яқинлашмай, аксинча, узоқлашганидан Фродо ўзини енгил тортди. «Афтидан, атрофдагиларнинг ишларимга оид қизиқувчанлиги ва ҳар хил саволларидан касал бўлиб қолган кўринаман, - хаёлдан ўтказди у. - Намунча қизиқувчан бўлмаса, а, халқимиз!» Дастлаб у кекса Хэмфаст Скромбининг уйига кириб, уни ким тергаб келганини сўраб билмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтиб, тез Бэг-Энд томон одимлади.

Пин остонада сафар қопида ўтирибди. Учинчи ҳамроҳ кўринмайди.

- Сэм! - Бэг-Энднинг қоронғи хоналарига қараб бақирди Фродо. - Сэм, вақт бўлди!

- Чиқяпман, сэр!

Кўп ўтмай, оғзини артганча Сэмнинг ўзи ҳам пайдо бўлди. Афтидан, йигитча ертўладаги пиво бочкалари билан хайрлашиб чиққан кўринади.

- Ҳамма нарса тайёрми, Сэм? - сўради Фродо.

- Худди шундай, тайёр, сэр!

Фродо Бэг-Энднинг юмалоқ эшигини қулфлаб, калитни Сэмга узатди.

- Уйингга югур, Сэм! - тайинлади у. - Калитни отангга топшириб, Роу бўйлаб югурганча, бизни яйлов дарвозаси яқинида қувиб етасан. Тунда қишлоқ бўйлаб юрмаймиз, қизиқувчан кўз-қулоқлар ҳаддан ортиқ кўп.

Сэм югурганча қоронғиликка кириб кетди.

- Ана бўлди! - деди Фродо.

Пин иккаласи қопларни елкага ташлаб, сафар таёқларини қўлга олишди-да, Бэг-Эндни ғарб томондан айланиб ўтишди.

- Алвидо! - деди у, кулбанинг қоронғи деразаларига қўл силтаб.

Перегриннинг ортидан боғ сўқмоғи бўйлаб одимлаган Фродо ўзи билмаган ҳолда Бильбонинг изидан йўл олди. Икковлон чакалак деворнинг пастқам жойидан сакраб ўтиб, далага ўтганча, ўт-ўлан шовқини сингари қоронғиликка чўкиб кетди.

Бироздан сўнг иккаласи дўнгликнинг ғарбий бўсағасидаги тор сўқмоққа олиб чиқадиган боғ эшигига етишди. Шу ерда тўхтаб, сафар қопларининг елка тасмаларини мослаб олишди. Кўп ўтмай тез юриб оғир нафас олаётган Сэм ҳам иккаласини қувиб етди. Елкасига оғир қоп ташлаб олган Сэм бошига шляпа деб аталадиган, аслида фетрдан тикилган шаклсиз челак кийиб олган. Қоронғиликда у нима биландир гномни эслатмоқда.

- Ишончим комилки, иккалангиз энг оғир нарсаларни менга кўтаргизиб қўйгансиз, - вайсади Фродо. - Ўз уйини белида кўтариб юрадиган шиллиққуртга ачинаман.

- Сизнинг қопингизни ҳам кўтариб олишим мумкин, сэр. Менинг қопим чиндан ҳам енгил, - алдашга уринди Сэм.

- Керак эмас, Сэм! - деди Пин. - Шундоқ ҳам яхши унга. Унинг қопига ўзи тайинлаган нарсалар солинган. Ҳеч қиси йўқ, бироз юрса юкининг оғирлигини сезмай қолади.

- Қариб қолган шўрлик ҳоббитга ачинмайсизлар-а! - кулиб боқди Фродо. - Бу кетишда Бакленд вилоятига етгунимизча тол новдасидай озиб кетсам керагов. Назаримда, Сэм, ўзингга ҳаддан ортиқ оғир юк ортиб олгансан. Кейинги дам олиш жойида қопларимиздаги нарсаларни қайта тақсимлаб чиқамиз, шекилли. Хўш... - деди у, сафар таёғини қўлига олиб, - зулмат сари олға. Тунаш жойини танлашдан олдин бир неча миля бўлса ҳам йўл босишга улгурайлик.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:33   #28  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Учаласи муайян вақт шу йўлдан юриб, ғарб йўналишида боришди. Сўнг, йўлни тарк этиб, далага киришди. Тун тобора қуйиқлашар экан чакалак тўсиқлар-у, дарахтзорлар четидан юришди. Эгнидаги қора плашлари ила улар тун қоронғисида сеҳрли узук тақиб олишгандай кўринмас бўлиб қолишган. Учала ҳоббит шовқин солмай юришга ҳаракат қилишаётгани боис, ҳеч қандай товуш чиқаришмаяпти. Ҳозир дала ва дарахтзорларнинг тунги овга чиққан ёввойи жониворлари ҳам уларни сезиши амри маҳол.

Маълум вақтдан сўнг учаласи Ҳоббитон ғарбидаги катта ариқ устига ётқизилган ёғоч кўприкдан ўтишди. Илонизи оқаётган ариқнинг иккала қирғоғида мажнунтол ўсган. Сайёҳларимиз жануб томон бир икки миля юриб, Брендивайн дарёсининг нариги қирғоғига олиб ўтадиган кўприкка олиб борадиган катта йўлни тез кесиб ўтишди. Энди улар Укролье қишлоғи ҳудудида жанубий-шарқ йўналишида юриб, яшил дўнгликлар бўсағасига яқинлашишмоқда. Биринчи қияликка кўтарилишар экан, ортга ўгирилиб олисда қолган Ҳоббитоннинг милт-милт этаётган чироқларини кўришди. Кўп ўтмай ўша чироқлар ҳам қоронғиликда кўринмай қолди. Фродо қадрдон қишлоғи томон яна ўгирилиб, қўл силтади.

- Чироқларингни яна кўриш насиб қиладими менга Ҳоббитон, йўқми, билмадим, - деди у вазмин оҳангда.

Яна уч соат йўл босиб, дам олишга тўхташди. Тун ҳавоси совуқ, осмони мусаффо, серюлдуз бўлиб, яйлов ва жилғалардан тутунни эслатадиган паға-паға туман кўтарилмоқда. Танаси ингичка оқ қайинлар енгил эсаётган шамолда тебраниб, шохлари бош устида хира осмонни тўсган тўр ҳосил қилган. Учовлон ҳоббитлар нуқтаи назаридан қаралганда енгил овқатланиб, йўлни давом этди. Кўп ўтмай улар иланг-биланг кетган, дам кўтарилиб, дам пастлаганча, нариги боши қоронғиликда кўзга илашай қолаётган сўқмоққа чиқишди. Ушбу йўл Вудхолл, Сток ва Баклбери-Феррига олиб бориб, асосий йўлдан тармоқланганча Истфартинг вилоятининг ёввойи бурчакларидан бири саналмиш Буди-Энд томон чўзилган.

Бироздан сўнг улар қоронғиликда қуруқ барглари ила шовқин солаётган баланд дарахтлар орасидаги айри йўлга келиб қолишди. Тун зимистонга айланди. Сафар бошидаги қизиқувчан қулоқлардан анча узоқлашгач, паст овозда қўшиқ айтиб, шивирлашиб кетишди. Толиқишгач жим юришди, Пин ортда қола бошлади. Тик нишабликка кўтарилишаётганда эса чуқур эснаган Пин таққа тўхтади.

- Шу қадар уйқум келяптики, ҳозир мана бу сўқмоққа таппа ташлайман-да, тарашадай қотиб ухлайман, - деди у. - Сизларчи, юрган йўлингизда ухлаб кетасизларми? Тун ярмига етди-ю.

- Қоронғиликда юришни ёқтирасан деб ўйлаган эдим, - эслатиб қўйди Фродо. - Лекин чиндан ҳам шошадиган еримиз йўқ. Мерри бизни эртадан кейин, кундузи кутади. Шундай экан, ихтиёримизда яна икки кун бор. Тунаш учун қулай жой топишимиз билан тўхтаймиз.

- Шамол ғарбдан эсяпти, сэр. Анави дўнгликни айланиб ўтсак, нариги томонида шамолдан пана, қулай жой топилади, - фикр билдирди Сэм. - У ерда қуриб қолган оққарағай бўлиши керак, адашмасам.

Сэм Ҳоббитон атрофининг йигирма миля наридаги жойларни жуда яхши билади, бироқ унинг географик билими шу билан чекланади.

Дўнглик ортига ўтишлари билан улар қуриб қолган оққарағайлар қаторига дуч келишди. Сўқмоқни оғган йўловчиларимиз дарахт ширасининг ҳиди гупуллаётган қоронғиликка кириб, гулхан ёқиш учун синиб тушган қуруқ шох-у, сўта теришди. Кўп ўтмай, йирик оққарағай остида гулханнинг тасир-тусур ёниши эшитилди. Уйқусираб ўтирган йўловчилар дарахтнинг ердан бўртиб чиққан илдизлари орасига жойлашиб, плаш ва адёлларига ўранганча ухлаб қолишди. Улар соқчилик хизматини жорий этишмади. Шир бағрида юришар экан, ҳатто Фродо ҳам ҳеч нарсадан қўрқмади. Гулхан ўчгач, уларнинг атрофида бир нечта майда ўрмон жониворлари ўралашиб қолди. Ўз юмуши билан югуриб ўтаётган тулки бир неча сонияга тўхтаб, пишқириб қўйди.

- Ҳоббитлар-у! - таажжубланди у. - Яна кимларни учратар эканман бу атрофда? Бу ҳудудда ғалати ишлар бўлаётганини эшитган эдим. Бироқ ҳоббитларнинг бир эмас нақ уч нафари дарахт тагида мана бундай ётиши?! Фавқулодда ғалати ҳолат.

Тулки ҳақ эди, гарчи бошқа ҳеч нима била олмаган бўлса-да.

Хира, ҳавоси совуқ тонг отди. Биринчи бўлиб уйғонган Фродо дарахт илдизи белига ботгани, бўйни увишиб қолганини сезди. «Кўнгил очиш сайири эмиш! От аравада йўлга чиқсам бўлар эди-ю?! Мана бу илдиз қурғур битта қўймай анави ярамас Саквиль-Бэггинсларга сотиб юборилган партўшакларимнинг ўрнини босмас экан», - хаёлдан ўтказди у.

- Қани, уйғонинг-чи, ҳой, уйқичи ҳоббитлар! - бақирди у, яхшилаб керишиб олгач. - Ажойиб тонг отибди.

- Нимаси ажойиб экан? - домангир бўлди Пин, адёл остидан бир кўзи ила қараб. - Сэм! Нонушта тўққиз яримга тайёр бўлсин. Ваннани иссиқ сувга тўлдириб қўйдингми?

- Йўқ, сэр, улгурганим йўқ ҳали! - талмовсираганча жавоб берди ўрнидан ирғиб турган Сэм атрофга аланглаб.

Фродо Пиннинг устидаги адёлини тортиб, бир ёнбошидан бошқасига ағдарди-да, дарахтзорнинг нариги чети томон одимлади. Шарқда, ерни қамраган туман орасида қуёшнинг қизил гардиши хира кўринмоқда. Кузнинг тилла тусига бурканган дарахтлар туман денгизида оқаётгандай гўё. Сал пастроқда йўловчиларимизнинг сўқмоғи водийга тушиб, кўздан ғойиб бўлган.

Сэм билан Пин гулхан ёқишга улгуришибди.

- Сув қани? - ҳайрон бўлди Пин, ётоқ жойига қайтиб келган Фрододан.

- Чўнтагимда сув олиб юрадиган одатим йўқ, - истеҳзо қилди Фродо.

- Сувга кетгансан деб ўйлабмиз, - фикрини тушунтирган бўлди Пин, егулик билан идишни сафар қопидан чиқарар экан. - Мана идиш, бор, сув олиб кел.

- Юр, бирга борамиз, - деди Фродо. - Ҳали ишлатилмаган янги сув идишлари ҳам бор эди, уларни ҳам чиқар.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 29.09.2019 08:34   #29  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Дўнглик этагида ариқ оқиб ўтади. Икковлон сув идишларини бир неча фут баландликдаги кулранг тошдан тушаётган шаршарага тутиб тўлдиришгач, юз-қўлини муздай сувда пишқирганча ювди.

Нонуштадан сўнг, ҳамма нарса яна қопларга жойланди. Бу вақтга келиб соат ўндан ошди. Бугунги кун равшан ўтиши аён. Йўловчилар қиялик бўйлаб пастга тушиб, сўқмоқни кесиб ўтган ариқдан ҳатлаб ўтишди, навбатдаги дўнгликка чиқишди, яна пастга тушишди. Бу вақтга келиб плаш, адёл, сув, егулик каби нарсалар оғир юкдай кўринди.

Кундузги йўл оғир, ҳолдан тойдирадиган кўринади. Яна бир неча милядан сўнг йўлнинг паст-баланд қисми тугаб, тик кўтарилган тепалик бағридаги зериктириб юборадиган илонизи сўқмоққа айланди. Тепаликка чиқишгач, уларнинг кўз олдида туманга ғарқ бўлган олис ўрмонга уланган майда-майда дарахтзорларга эга ясси текисликдан иборат манзара очилди. Ҳозир йўловчиларимиз Вуди-Энд тепалигида туриб Брендивайн дарёси томон қарашмоқда. Сўқмоқ оёқ остида ётган арқон бўлаги каби пастга иланг-биланг чўзилган.

- Йўл тиним билмайди, мен эса чарчадим, - маълум қилди Пин. - Дам олмасам бўлмайди. Ленч вақти ҳам бўлиб қолдиёв.

У дастлаб сал наридаги табиий супачага, сўнг туман қоплаган шарққа қаради. Туман ортида дарё бўлиб, болалиги ўтган Шир ҳудуди ўша ерда чекланади. Пиннинг ёнида турган Сэм йирик тангадай очилган кўзи ила муқаддам кўрмаган ҳудудга бақрайиб қолган.

- Эльфлар ҳўв анави ўрмонда яшайдими? - сўради у.

- Унақа гапни эшитмаганман, - жавоб берди Пин.

Фродо индамади. У ҳам умрида йўл кўрмагандай шарққа қараб қолган. Кутилмаганда у, худди ўзига ўзи айтаётгандай баланд овозда гап бошлаб қолди:

Йўлга чиқ, ҳой беғам йўловчи,
Ғам-ғуссадан халос бўл энди.
Сўқмоқ остонангдан нари қочмоқчи
Қизиқ саргузаштлар кутмоқда сени.

Минглаб сўқмоқлар ўралиб бирга
Айланар узоқ сафар йўлига
Қаёққа элтар у, ҳақ гап билмайман,
Олиб кетсин майли дунё четига.

- Бильбо тўқиган шеълардан бирига ўхшар экан, - фикр билдирди Пин. - Ё ўз ижодингданми бу? Кишини руҳлантириб юборди деб бўлмас экан.

- Билмадим, хаёлга келиб қолди, - жавоб берди Фродо. - Балким бир вақтлар эшитиб хотирамда сақланиб қолгандир. Чиндан ҳам, Бильбонинг Ширни тарк этишидан олдин ёзган сўнгги шерларидан бири бўлса керак. Дунёда фақат битта йўл бўлиши, у ҳам катта дарёга ўхшаб кетиши ҳақида тез-тез гапириб турар эди. Ўша йўл Бильбонинг фикрича, ҳар бир остонадан бошланадиган сон-саноқсиз сўқмоқлардан бошланар эмиш. «Кулба эшигини очиб, кўчага остона ҳатлаб чиқиш ўта хавфли иш, - дер эди ҳар гал Бэг-Эндни тарк этиб чиқаётганда. - Йўлга чиқиб, олға одимладингми, энди оёғингни идора қил! Акс ҳолда ким билади дейсан қаёқларга бориб қолишингни. Ҳар бир сўқмоқ Ёвуз ўрмонга ёки Сўққа тоққа ёхуд янада олис ва мудҳиш ерларга олиб кетиши мумкинлигини идрок этяпсанми?»

- Хўш, нима ҳам дер эдим. Сўқмоқ мени елкасига ортиб, бирор соат давомида ўзи хоҳлаган ерга олиб кетаверсин, майли, - деди Пин, сафар қопининг тасмасини елкасидан ечиб. - Мен бироз дам олай.

Қолганлар ҳам шу ишни қилди. Учовлон йўл четидаги супачага ўтириб, оёғини йўлга ташлади. Бироз дам олгач тамадди қилишди ва яна бироз дам олиб ўтиришди.

Учаласи тепалик этагига тушишганда қуёш оға бошлади. Шу вақтгача улар йўлда бирор кишини учратишмади. От арава юриши учун мўлжалланмагани боис, ушбу йўл серқатнов эмас. Бир соат юришгач Сэм тўхтаб атрофга қулоқ солди. Энди улар текис ерга етишган. Кўп иланг-биланг муюлишлардан сўнг йўл ҳам майса қоплаган, икки четида баланд дарахтлар ўсганча таранг тортилди.

- Ортимиздан ё от, ё пони келяпти, - маълум қилди Сэм.

Учовлон орқага қаради, аммо ҳозир ўтилган муюлиш узоқни кўриш имконини бермади.

- Балким Гэндальф қувиб етаётгандир бизни, - тахмин қилди Фродо.

Ўзи айтган гапга ўзи ишонмаган Фродо онгининг бир бурчагида йўлни тарк этиб, қувиб келаётган анави чавандоздан бекиниш истаги пайдо бўлганини ҳис этди.

- Балким сал ошириб юбораётгандирман-у, - узр оҳангида пичирлади у, - лекин мени йўлда кўришларини истамайман. Ҳар хил саволлар-у, ғийбатлардан чарчаганман. - Агар ўша отлиқ Гэндальф бўлиб чиқса, кечиккани учун бир боплаймиз. Қани, бекиндик!

Учовлон чап томон тез югурди-да, йўлдан сал наридаги ўпирилган ерга сакраб тушиб, хандақда чалқанчасига ётиб олди. Иккиланиб ётган Фродонинг ичида бекиниш билан қизиқувчанлик ўзара курашмоқда. Яқинлашаётган туёқ товуши тобора аниқ эшитила бошлади. Ўпирилган ердан чиққан Фродо ўзини сояси йўлга тушган дарахт остидаги баланд ўсган майсага вақтида ташлади. Бошини бироз кўтариб, дарахтнинг ердан бўртиб чиққан илдизлари орасида ҳосил бўлган тирқиш орқали йўлга қаради.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:37   #30  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Муюлиш ортидан қоп-қора от чиқди. Бу от, одатда, ҳоббитлар миниб юрадиган пони эмас, баҳайбат от бўлиб, уни эгнига қайтарма қалпоқли плаш кийган дароз бўйли бақувват киши эгарлаган. Плаш остидан узангига қўйилган этиккина кўринмоқда холос. Қора отлиқнинг юзини кўланка тўсган.

Фродо бекиниб олган дарахт рўпарасига етган отлиқ кутилмаганда таққа тўхтаб бошини хам қилиб олганча қилт этмай теварак-атрофга қулоқ тутди. Қайтарма қалпоқ остидан қандайдир ғалати товуш чиқди. Афтидан, атрофни ҳидлагандай бўлди шекилли, боши ўнг ва чап томон бурилди.

Кутилмаганда Фродонинг вужудини даҳшат қамраб, негадир Узуги эсига тушди. Нафас чиқаришга журъат этмаётган ҳоббитнинг Узукни киссасидан чиқариш истаги шу қадар кучли бўлдики, қўли беихтиёр ҳаракат бошлади. Узукни бармоғига тақса бас, хавфсизлиги таъминланишини ҳис этди. Гэндальфнинг насиҳати ҳозир ғирт бемаъни гапдай туюлди. Бильбо фойдаланган-у ахир узукдан. «Боз устига мен ҳамон Шир ҳудудидаман», - хаёлдан ўтказди бармоғи Узук занжирига етган Фродо. Шу фурсатда қора отлиқ ўтирган жойида қаддини ростлаб от тизгинини тортди. Баҳайбат ҳайвон дастлаб секин одимлаб, узоқлашган сари қадамини тезлатди.

Фродо Қора отлиқнинг изидан, токи кўздан ғойиб бўлгунча қараб қолди. Назарида от сўқмоқдан ўнгга бурилиб, дарахтлар гуруҳи орасига кириб кетгандай бўлди.

«Жуда ғалати ва хавотирга соладиган ҳолат», - хаёлдан ўтказди Фродо, ҳамроҳларининг ёнига қайтар экан. Пин билан Сэм ўпирилган ердаги майса орасида қилт этмай ётгани боис ҳеч нарсани кўришмабди. Шу боис Фродога кўрганини айтиб беришга тўғри келди.

- Сабабини тушунтириб бера олмайман-у, назаримда у менинг изимга тушган, - тахмин қилди Фродо. - Ва ишончим комилки, мени қидириб топишини умуман истамайман. Бунақанги отлиқлар Шир ҳудудидан ҳали ўтмаган.

- Новча бўйли халққа мансуб ўша Қора отлиқнинг бизга нима дахли бор? - тушунмади Пин. - Ширнинг бу томонида нима қилиб юрибди ўзи у?

- Камдан-кам бўлса ҳам новча бўйли одамлар бу томонларга ҳам ўтиб туришади, - деди Фродо. - Жанубий Шир аҳолиси билан ушбу одамлар орасида жанжал кўтарилган ҳолат ҳам бўлган. Аммо мен анави Қора отлиққа ўхшаш одамлар ўтганидан хабарим йўқ. Қизиқ, қаерлардан келган экан у?!

- Маъзур тутинг, мен биламан қаердан келаётганини, - деб қолди кутилмаганда Сэм. - Ҳоббитондан келяпти у, агар Қора отлиқлар кўп бўлмаса, албатта. Қай томон йўл олганини ҳам биламан.

- Нималар деяпсан? - кескин бурилди Фродо, Сэмга таажжуб-ла қараб. - Нега шу вақтгача индамай келдинг?

- Ҳозиргина эсимга тушиб қолди, сэр. Кеча калитингизни олиб уямизга югурдим. Отам мени кўриб ҳайрон бўлди: «Салом, Сэм! Мистер Фродо билан эрталаб йўлга чиқиб кетгансан, деб ўйлаган эдим. Қандайдир ғалати нотаниш Бэг-Эндда яшайдиган мистер Бэггинсни сўраб келди. Ҳозиргина кетди остонамиздан. Уни Баклберига юбордим. Ёқмади у менга. Мистер Бэггинс эски уйини тарк этиб, бу ерлардан кўчиб кетганини айтган эдим, жаҳли чиқиб кетса бўладими. Менга қарата ҳуштак чалиб юборди. Вужудим титраб кетди-я». «Ким экан ўзи у?» - сўрадим мен отамдан. «Кимлигини билмадим-у, ҳоббит эмаслиги аниқ, - жавоб берди отам. - Бўйи дароз, эгнидаги кийими ҳам, оти ҳам қоп-қора. Мен билан энгашиб гаплашди. Новча халққа мансуб одам. Лекин инглиз тилида акцент билан гапирди».

Ортиқ ушалиб қола олмас эдим, сэр. Чунки сизлар мени кутиб қолишларинг мумкин эди. Ўша ҳолатга аҳамият бермабман. Отам қари, кўзи хира. Нотаниш киши бизнинг тепалигимизга келган пайтда қош қорайиб қолган эди. Отам янглишган бўлиши ҳам мумкин, деган хаёлга борган эдим.

- Йўқ, у янглишмаган, - хулоса қилди Фродо. - Отанг билан ўша отлиқ ўртасидаги суҳбатни эшитган эдим. Отангнинг олдига бориб, отлиқ ҳақида сўраб билмоқчи ҳам бўлдим. Сал эртароқ айтсанг бўлар эди шу гапни. Йўлда эҳтиётроқ бўлиб юрар эдик.

- Балким анави Қора отлиқ билан қариянинг кечки суҳбатдоши ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқдир, - тахмин қилди Пин. - Биз Ҳоббитонни яширинча тарк этиб чиқдик. Ортимиздан эргашиб келиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман.

- Бегона отлиқнинг теварак-атрофни ҳидлаш одати борасида нима дейсиз, сэр? - сўради Сэм. - Отам ҳам анави йигитнинг эгнидаги кийим қоп-қоралигини айтган эди.

- Гэндальфни кутиб ўтиришим керак эди, - пўнғиллади Фродо. – Хўп, майли, ҳар ёмоннинг бир яхшилиги бўлади.

- Демак сен анави Қора отлиқ ҳақида нимадир билар экансан-да? - сўради афтидан, Фродонинг сўнгги гапидан чўчиган Пин.

- Билмайман-у, лекин фаҳмлагандай бўляпман, - жавоб берди Фродо.

- Жуда соз, қариндошим Фродо! - деди Пин эътироз оҳангида. - Сирли бўлганча қолишни истасанг фаҳмлаб юрган ўша гапларингни бемалол сир сақлаб ўтиравер. Бироқ биз-чи, нима қиламиз? Тамадди қилиб олмоқчи эдим-у, яхшиси туёғимизни шиқиллатганимиз маъқул бу ерлардан. Юзи кўринмас исковуч чавандозлар ҳақидаги гапларингиз ёқмади менга.

- Тўғри, мен ҳам бу ердан тезроқ кетиш керак, деган фикрдаман, - маъқуллади Фродо. - Фақат йўлдан юрмаймиз. Чунки анави отлиқ изига қайтиши ёки ортидан шериги эргашиб келаётган бўлиши мумкин. Бугун кўпроқ йўл босишимизга тўғри келади. Бакленд вилоятигача ҳали анчагина миля бор.

Ҳоббитлар ҳаракат бошлашган вақтда дарахт кўланкалари ўт-ўланлар устига тушиб бўлди. Энди улар тасодифий кузатувчилардан панада бориш учун йўлнинг чап томонидаги харсанглар тизмаси бўйлаб кетишди. Бироқ юриш осон кечмаяпти: ўт-ўлан қалин ўсган, йўл нотекис, дарахтзорлардаги дарахт таналари йўғонлашган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх