Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > ZiyoNET
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

ZiyoNET Общественная образовательная сеть ZiyoNET


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 15.02.2014 00:24   #1  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Афғон уруши (1979 - 1989 йиллар). Ҳарбий шифокор хотиралари

Бундан роппа-роса 25 йил муқаддам, яъни 1989 йил 15 февраль куни Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти Афғонистон ҳудудидан чиқарилди.
40- умумқўшин армия тасарруфидаги қўшилма ва ҳарбий қисмларни чиқариш тадбирларига қўшинлар контингентининг сўнгги қўмондони генерал-лейтенант Б. В. Громов раҳбарлик қилиб, энг охирги бўлинма чегара дарё – Амударёни кесиб ўтгач: «Менинг ортимда бирорта ҳам совет аскари қолмади», - дея баёнот қилди.
Бироқ генерал Б. В Громовнинг ушбу тарихий баёноти ҳақиқатдан анча йироқ бўлган. Зеро, Давлат хавфсизлиги қўмитаси Чегара қўшинлари тасарруфидаги айрим бўлинмалар қўшинлар контингентининг ССРИ ҳудудига қайтиб чиқишини таъминлагач, 1989 йилнинг апрель ойига қадар совет-афғон чегарасини Афғонистон ҳудудида туриб қўриқлаган. Кўплаб совет жангчилари эса афғонлар қўлида асир бўлиб, бегона юртда қолиб кетган.

Бир ҳафтача олдин эски танишим, истеъфодаги тиббий хизмат полковниги, Афғон уруши иштирокчиси Алимхон Аллоханович Валиевни учратиб қолиб, ушбу санани эслаганча, анча суҳбатлашиб ўтирдик. Кўп қизиқ нарсаларни айтиб берди. Суҳбат охирида ўз хотираларини қоғозга тушириб беришини илтимос қилдим. Йўқ демади, лекин ўта камтарин, кўплаб жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолган, дардини енгиллатган ушбу инсон икки соат тинмай гапирган нарсаларини қисқагина баён этиб берибди. Ҳа, майли, шунисига ҳам шукур. Унинг хотираларини таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола этмоқдаман.

ҲАРБИЙ ШИФОКОР ХОТИРАЛАРИ

Истеъфодаги тиббий хизмат полковниги Алимхон Валиев

Фарғона шаҳридаги, мен ҳарбий хизмат ўтаган муҳандислик-сапёр парашют-десант батальони тугатилгани боис, бошқа лавозимга тайинланишим керак эди ва шу сабаб, қўмондонликнинг буйруғига биноан, 1979 йил 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрига, Туркистон ҳарбий округи штабига етиб келдим.
Уйланганман, ўзим 26 ёшда, тўнғич ўғлим эса ўша вақтда эндигина 4 ёшга тўлган эди.
Мени Кадрлар бошқармаси фронт орти таъминоти бўлинмаларини кадрлар билан бутлаш бўлимининг ёши анчага бориб, сочи оқарган бошлиғи полковник Ерхов қабул қилди.
Кейинчалик, орадан кўп йиллар ўтгач, ўша вақтда қанчалик дўлвар бўлганим, хусусан, Туркистон ҳарбий округи қўмондонлиги 1979 йилнинг ноябрь ойидаёқ ССРИнинг Афғонистонга бостириб кириш режасидан бохабар бўлганини англаб етдим. Ўшанда ҳарбий округ штаби йирик миқёсли ҳужум операциясига ҳозирлик кўриш билан боғлиқ бесарамжон ҳаёт кечираётган экан.
Шахсий ҳужжатларим жилди билан танишиб чиқиб, уйланганим, фарзандим борлигидан воқиф бўлган полковник Ерхов, бироз ўйга толди. Шундан сўнг, менга иккита бўш лавозимдан бирини танлашни таклиф қилди. Биринчиси Чирчиқ шаҳрида жойлашган фуқаро муҳофазаси полкининг «капитан» тоифасига мансуб тиббиёт хизмати бошлиғи лавозими бўлса, иккинчиси – Термиз шаҳрида жойлашган танк полкининг «майор» тоифасига мансуб тиббиёт хизмати бошлиғи лавозими.
Уч йилдан буён парашют-десант батальони тиббиёт пункти бошлиғи лавозимида хизмат ўтаб келганим учун бўлса керак, Термиздаги майорлик лавозими мендек катта лейтенантнинг иззати нафсига хуш келди.
Полковник Ерхов одамгарчилик қилди шекилли, масъулиятни ўз зиммасига олганча, ёзма кўрсатмамни расмийлаштирар экан, 18 ноябрни ҳарбий қисмга етиб бориш санаси сифатида қайд этди.
- Мана сенга бир ҳафта вақт, - деди у, қандайдир сирли-хомуш оҳангда, ҳужжатни қўлимга тутқазиб, - Оиланг даврасида ўтказ уни.
Афтидан, мени муқаррар урушга жўнатаётганини билиб турган кекса офицернинг виждони қийналган кўринади.
Ниҳоят, 1979 йил 18 ноябрь куни хотиним ва ўғлим билан хайрлашганча, маҳаллий ҳаво йўллари самолётига ўтириб, ҳеч қандай ғам-ташвиш тортмай, ҳеч нарсани ўйламай, Термиз шаҳри томон йўл олдим. Ўша куни Фарғона осмонини булут қоплаган, ҳаво совуқ, шамол эсаётган бўлса, Термизда аксинча, кун иссиқ, қуёш чарақлаб турибди. Ўқувчилик йилларимда Термиз ССРИнинг энг иссиқ шаҳри эканлигини эшитган эдим. Бугун эса бунга ўзим шоҳид бўлиб турибман. Ушбу минтақанинг илиқ, қуёшли кунлари декабрь ойигача сақланиб қолди. Шаҳар аэропортида йўловчиларни чегара наряди самолёт трапи ёнида қарши олиб, паспортларни синчковлик билан текшириб чиқди. Термиз давлат чегарасига туташ шаҳар эканлигини тушуниб турган бўлсам-да, бу қадар қатъий текширув мени бироз ҳайратлантирди.
Ҳарбий хизматимни давом эттириш учун тайинланган янги жой – 75115- ҳарбий қисмга (108 мотоўқчи дивизиянинг 234- танк полкига) етиб боришим ҳамоно, ҳарбий қисм командири подполковник Анатолий Михайлович Серицкийнинг ҳузурига кириб, ўзимни таништирдим.
Ушбу дивизия таркиби қисқартирилган қўшилма бўлиб, тўла таркибга қадар эндигина тизилаётгани боис, янги келган офицерларнинг бари дивизия командири генерал-майор Е. С. Кузьминнинг шахсан ўзига учраши шарт экан. Ушбу шахс ва унинг генераллик тантиқликлари ҳақида афсоналар юрар эди. Эгнимдаги ҳаво-десант қўшинлари офицерининг кийими, кўксимда эса Ҳарбий-тиббий академия битирувчиси ва парашютчи кўкрак нишонларини кўргани учун бўлса керак, генерал мени илиқ қарши олди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 15.02.2014 00:25   #2  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Полк тиббиёт пункти ўзига муносиб бинода жойлашган бўлиб, шахсий таркиб, техника ва тиббий анжом-аслаҳалар билан тўлиқ бутланган, тиббиёт хизматининг барча офицерлари ҳали ўзим каби ёш, улардан икки нафари муқаддам ҳарбий хизмат ўтамаган экан.
Қўшинларда даволовчи ҳарбий шифокор лавозимида уч йил ҳарбий хизмат ўтаб, тажриба тўплаганим боис, ўз хизмат мажбуриятларим ижросига ҳеч бир қийинчиликсиз киришиб кетдим.
Кўп ўтмай, бизга, омборда сақланаётган тиббий анжомлар, дори-дармон ва шу кабилар берилди. Бундан ташқари, полк тиббиёт хизмати ва унинг тасарруфидаги барча бўлинмалар омборда сақланган ёки эндигина автомобилсозлик заводидан чиққан юк ташиш машиналари, тиббий автомобиль транспорти, тиббий эвакуация машиналарига эга бўлди.
Афғон чегараси яқинида йирик миқёсли ҳарбий машқлар ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳақида миш-миш гап тарқади. Биз, полк офицерлари, келгуси ҳодисалар ҳақида, зиғирдай бўлсин, тасаввурга эга эмасмиз. Командирлар ҳам, сиёсий ишлар офицерлари ҳам, лом-мим дейишмайди. Шубҳа йўқ-ки, улар ҳам, бўлажак ҳарбий операция ҳақида ҳеч нарса билишмайди.
1979 йил 6 декабрь куни тревога эълон қилиниб, полкимиз шаҳар ташқарисидаги даштликка чиқарилди. Текис далада чодир тикиб, тиббиёт пунктининг фаолиятини йўлга қўйганча, кундалик ишимиз билан шуғулланишни давом эттирдик. Бўлинмаларга уруш даври тиббий анжомларини тарқатиш командаси берилди. Полкимизга юқори поғонага мансуб ҳар хил полковниклар тез-тез ташриф буюрадиган бўлиб қолишди. Шундай бўлса-да, полк шахсий таркиби орасида бехабарлик ва беғамлик муҳити ҳукм сурмоқда.
Дашт ҳавоси совуқ эмас, ҳаво-десант қўшинларининг ўта оғир кундалик дала фаолияти билан таққосланадиган бўлса, ерда ўрмалаб юрадиган мана бу танк қўшинларига яратилган шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди. Бундан ташқари, бизга эски русумга мансуб бўлса-да, юқори сифатли, яп-янги иссиқ қишки кийим – фуфайкалар-у, кигиз этиклар берилди.
Декабрь ойининг ўрталарига келиб, сиёсий ишлар офицерлари мужмал гап тарқата бошлашди: нима эмиш, Афғонистонда вазият мураккаблашиб, анави лаънати америкаликлар ўзларининг ядровий ракеталарини афғон тоғларида жойлаб, хавфсизлигимизга таҳдид солишни ният қилишган эмиш. Нима қилган тақдирда ҳам, полк офицерлари рўй бераётган ишларни жиддий қабул қилишмади.
Бироқ кутилмаганда, 25 декабрь куни Термиз дарё порти томон йўлга чиқиш командаси берилди. Соат тахминан 20.00 да портга етиб бордим. Совет-афғон чегарасининг биз томондаги мустаҳкамлик даражаси мени ҳайратда қолдирди: 12 қатор тиканли сим, фақат фильмларда кўрсатиладиган машҳур назорат-из йўлаги, соқчи миноралари, чегарачиларнинг қўлидан юлқиб чиқишга уринаётган хизмат итларининг дарғазаб акиллашлари, йирик прожекторларнинг ёрқин нурлари...
Муҳандислик бўлинмалари томонидан дарёнинг роса кенг, чуқур қисмида ётқизилган понтон кўприкни кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ушбу кўприк орқали танкларимиз колоннаси Афғонистон ҳудудига ўта бошлади. Кечув бошида генерал-майор Е. Кузьмин турибди. У доимо менга нисбатан дўстона муносабатда бўлган. Ихтиёримдаги санитария хизмати автомобили билан кўприк бошида туриб, полк техникаси Афғонистон ҳудудига охиригача ўтишини кутиб, кечув тадбирининг тиббий таъминотини амалга ошириш бурилди.
1979 йил 25 декабрь соат 21.32 да ўзимнинг УАЗ русумли автомобилимда понтон кўприк орқали ўтиб, Афғон тупроғига бостириб кирдим. Ушбу юртда зимистон ҳукм сурмоқда. Техникамизнинг чеки кўринмас колоннаси етарлича тез илгарилаб бормоқда. Йўл тор бўлгани билан, қопламаси мустаҳкам. Ҳеч қандай қаршиликка учрамадик, йўлда деярли ҳеч ким кўринмади, агар катта ёпқичга ўраниб олган, елкасига алмисоқдан қолган узун милтиқни осиб олганча, йўл четида турган бир сарбоз ҳисобга олинмаганда, албатта. Унинг инглизларга тақлид қилиб, ҳарбий техника колоннасига ҳарбийча салом беришга урингани, турган жойида кулгили депсиниб қўйганини кўриб қолдим.
Бир неча соат йўл юрилгач, тўхтаб, машинадан тушмай, тунаш командаси берилди. Ҳаво илиқ. Кўпчилик бироз мизғиб олишга улгурди. Ҳаммага юқори сифат-ла нашр этилган, ниҳоятда аниқ ишлаб чиқилган жой харитаси тарқатилди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 15.02.2014 00:27   #3  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Эрталаб чиндан ҳам ёт юртда юрганимизга амин бўлдик. Колоннамиз яқинида афғонларнинг бир нечта оғир юк ташиш машинаси: «Мерседес», «Интернэшнл» ва «Бедфорд» турибди. Уларнинг бари ранг-баранг бўялиб, занжирлар, тангалар, садаф уламалар ёпиштириб, безатилган. Кузовларининг олд панелларига эса ҳинд киносининг соҳибжамоллари, пушти тусли бутада ўтирганча, шеърхонлик қилаётган тўти тасвирланган расмлар ва шу каби, мемаъни-бетасир нарсалар ёпиштириб ташланган. Машина ҳайдовчилари ва уларнинг ёрдамчилари эгнига, бизнинг кўзимизга ғалати кўринган ниҳоятда кенг оқ яктак-иштон, тор қора камзул кийган бўлиб, бошига салла ўраган. Юк ташиш машинаси ҳайдовчилари қандайдир нуфузли кишилар эканлиги дарҳол кўзга ташланди, улар ўзларини жа сипо тутиб, кўп гапирмайди, атрофида эса қандайдир кўримсиз, мўғулга ўхшаш ёрдамчилар югуриб-елиб юради. Бири ўт қалайди, бири чой дамлайди, бири олдинга чиқиб, йўл ҳолатини истиҳборот қилиб қайтади, тўхташ жойида машина ғилдираги остига ёғоч кунда ётқизади ва ҳоказо. Ҳайдовчилар уларга жуда қўпол муомала қилишади. Айтайлик, ҳайдовчи машинани жойидан кескин қўзғатар экан, ёрдамчиси машина ҳаракати давомида кабинага сакраб чиқишга улгурган-улгурмагани, уни мутлақо қизиқтирмайди. Кейинчалик билишимча, мўғул қиёфали ушбу кишилар қадимда, 5-10- асрларда Марказий Осиёни истило қилиб, қуйи Волгадан Кавказгача бўлган ерларда давлат тузган мўғуллар авлоди, кўчманчи туркий қабилаларга мансуб хазарлар экан. Хазарлар доимо афғон халқининг энг қашшоқ, ҳақ-ҳуқуқсиз табақаси бўлиб келган, ҳозир ҳам ўша аҳволда яшайди.
Кундуз куни эса афғон жандармериясининг 2 кишидан иборат патруль хизматига, хусусан, чамаси 36 – 40 ёшли, кадимдан қолган узун милтиқ билан қуролланган патрулларга дуч келдик. Орамизда ҳарбий хизматга захирадан чақирилган термизлик доктор бор эди. У форс тилини билгани учун афғон жандармларини суҳбатга чорладик. Ўзини хотиржам тутган ушбу патруллар биз билан ҳеч тортинмай мулоқот қилишди. Қуролларини кўрсатишни илтимос қилдим. Lee Enfield русумли 1912 йили ишлаб чиқилган намунага мансуб инглиз милтиғи. Ушбу қуролдан қўлланиладиган патронларни ҳам кўрсатишни сўрадим. Бироз иккиланган жандарм милтиқ затворини шартта очиб кўрсатди. Йирик милтиқ-пулемёт патронлари. Эскилигига қарамай, қурол яхши сақланган. Афғонлар ҳам, ўз навбатида, қўлимиздаги АКМни ушлаб кўришга ижозат сўрашди. Уларнинг илтимосларини одоб-ла рад этдик. Автоматдаги, калибри 7,62 миллиметрли 30 дона патрон истайсизми-йўқми, кетини ўйлаб иш қилишни тақозо этади.
Ҳаракатни давом эттириш командаси берилди. Яна тахминан 2 соат марш юргач, кенг текислик жойда тўхтадик. Билишимча, Афғонистон шимолидаги Пули Хумри шаҳри бўсағасига етганмиз. Чодирли лагерь тикишга киришилди. Биз ҳам дала тиббиёт пункти чодирларини тикдик. Чодир тикиб, пункт фаолиятини йўлга қўйиш ишларини эндигина тугатган эдик ҳам-ки, ҳамма нарсани қайтадан йиғиштириб, колонна таркибидаги ҳаракатни давом эттириш, Афғонистон ҳудудининг ичкариси, Қобул шаҳри томон йўл олиш командаси берилди.
Жанговар техника колоннаси Саланг довони йўналишида, тоғли ҳудудга ичкарилаб кетди. Гарчи бироз тор бўлса-да, шоссе ўша вақтда сифатли, асфальт-бетон қопламасига эга эди. Орадан 3 – 4 ой ўтиб-ўтмай, занжир-тасмали совет зирҳли-танк техникаси, ушбу йўлнинг расвосини чиқариб ташлади. Саланг довонининг вертикал деворида зирҳли-танк техникасининг занжир-тасмаси қолдирган изни кўриб, ҳайрон бўлдим. Колоннамиз довон туннелига кириб борар экан, бетартиблик юзага келганига эътибор қаратдим. Ўнлаб танклар, пиёдалар жанговар машиналари, юк ташиш автомобиллари, афғон машиналари тирбанд қадалганча йиғилиб олиб, бир-биридан ажрай олмай, туриб қолган. Айни вақтда, уларнинг бари шу қадар газ босишмоқда-ки, туннель ичи нафасни қайтарадиган кўкимтир тутунга тўлган.
Туннелга кириш қисмида газниқобимни тақиб олдим ва билишимча, тўғри қилган эканман. Двигатель ишлаб чиқарган заҳарли газ ҳамда денгиз сатҳидан 4000 метр баландда жойлашган Саланг довонидаги кислород танқислиги ўз таъсирини кўрсатди: ҳайдовчим хушдан кетди, менинг бошимга қаттиқ оғриқ кириб, лоҳас бўлиб қолдим. Машина бошқарувини ўзимга олиб, уни туннелдан бир амаллаб чиқариб олдим. Довон совуқ, қор босган. Арзимас ҳаракат учун ҳам анчагина куч сарфлашга тўғри келмоқда. Ҳайдовчига тиббий ёрдам кўрсатиб, хушига келтиргач, йўлни давом эттирдик.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 15.02.2014 00:29   #4  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Довондан ошиб ўтгач, кейинчалик мудҳиш ном чиқарган Чорикор аҳоли пункти яқинидаги кичик чойхона олдида тўхтаб, унинг соҳиби билан гаплашдик. Шифокор эканимиздан хабар топган чойхоначи қўлини қайноқ сув билан куйдириб олган ўспиринга тиббий ёрдам кўрсатишни илтимос қилди. Боланинг жароҳатини кўздан кечириб чиқдик – қаровсиз қолган 2- даражалик куйиш ҳолати. Антибиотикли боғлама билан муолажа ўтказгач, керакли дори-дармон ва бинт захирасини қолдирдик. Чойхоначи миннатдорлик тариқасида, бир жуфт кичкина чойнакда чой дамлаб келтирди. Бирига кўк, иккинчисига қора чой дамлабди. Кейинги ҳаётим давомида дунёга довруғи кетган, юқори сифатли чой навларининг жуда кўпини ичганман, лекин ўша чойнинг муаттар ҳиди ва мазали таъмини ҳалигача эсламан. Бундай чойга ҳеч қандай ширинлик керак эмас, чунки чойнинг ўзи ҳар қандай ширинликдан қолишмайди. Ўша чойнинг бир пиёласи бош оғриғимни бир зумда қолдирди.
Марш юриш давомида кириб ўтилган тоғ қишлоқларидан бирида ҳали ёш, ташқи қиёфасидан маданий кўринишга эга қишлоқ ўқитувчисидан ғалати янгилик эшитдик – биз ёрдам қўлини узатган Хафизулло Амин ҳокимиятдан ағдарилиб, ўлдирилибди. Ўрнига эса аллақандай Бабрак Кармаль деганлари келибди. Бундай хабарни эшитиб, юз бераётган ушбу ҳодисалар борасида менинг ёш, ҳали анчагина ғўр қалбимда бебақо шубҳа туғилди.
Ниҳоят, 1979 йил 30 декабрь куни бутун бошли дивизиянинг жанговар машиналар колоннаси Қобул шаҳрига етиб бориб, шаҳарнинг кимсасиз четида чодирли лагерь тикди. Биз ҳам тиббиёт пункти чодирларини тикдик. Кечки овқатдан сўнг, ётишга ҳозирлик кўриб турган эдик ҳам-ки, пунктимизга 2- танк батальони командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари катта лейтенант Иванов кириб келди. Бизнинг ҳазиломуз, хайрихоҳ салом-аликимизга ғамгин жавоб қайтарди.
У ўзининг ЗиЛ-131 русумли машинасида колоннадан қолиб кетиб, пистирмадаги афғонлар томонидан отиб ўлдирилган тўрт нафар аскаримизнинг жасадини олиб келибди. Улардан икки нафари муддатли ҳарбий хизматчи бўлса, икки нафари Термиз вилоятидан, захирадан чақирилган. Совуқ ойдин кечада букчайиб ётган тўртта жасад – ниҳоятда совуқ, даҳшатли манзара. Санитарларга жасадларни машинадан тушириб, тиббиёт пунктининг овлоқда тикилган чодирларидан бирига киритишни буюрдим. Санитарлар Тошкент вилоятидан чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар бўлиб, буйруғимни бажаришдан қатъий бош тортишди. Эндигина 18 ёшга тўлган, ажал билан, айниқса, унинг мана бундай даҳшатли қиёфаси билан илк бор юзма-юз келган ушбу йигитчалар қасддан бўйсунмасликни хаёлларига ҳам келтиришмагани тушунарли, албатта.
Командирлик қаҳримни кўрган ёши каттароқ ўзбек фельдшер билан захирадан чақирилган украиналик ёшгина лўли Гриша Сандуленко буйруқ ижросига киришиб кетди. Хуллас, ёт юртдаги саёҳатнинг романтик қисми шу билан ўз ниҳоясига етиб, урушнинг бегим кунлари бошланди.
1980 йилнинг январь, февраль, март ойларини чодирда ўтказдик. Ҳаво совуқ эди-ю, шахсий таркиб сифатли озиқ-овқат, чодир анжомлари, иссиқ кийим билан етарлича таъминланганлиги, дала ҳаммомида мунтазам ювиниб боргани боис, ҳар хил касалликларга дучор бўлмади.
Шахсий таркиб бекор қолгани, ўқли қуролни доимо ўзи билан олиб юргани туфайли, гоҳо касдан, гоҳо бехосдан етказилган жароҳатлар, шу жумладан, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг сони сезиларли даражада ошиб кетди. Жароҳатлар, шу жумладан, ўлим билан якун топган жароҳатлар, одатда, бўш вақтини доимо бирга ўтказган яқин дўстлар-у, юртдошлар томонидан етказилган. Негаки, қўлидаги жанговар қурол билан болалик ёшидан эндигина чиққан ёш йигитчалар худди ўйинчоқ каби, муомала қилган.
Кўп ўтмай, Қобул шаҳрининг биринчи бўлиб биз эгаллаган четида бутун бошли чодирли шаҳар вужудга келди. Бу ерга ҳарбий қисмлар, ҳарбий-дала госпитали, алоҳида тиббиёт батальони ва дала суд-тиббиёт лабораторияси жойлашди. Жангда ҳалок бўлганларнинг жасадларини суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш ва патологик-анатомик жиҳатдан тадқиқ қилиш учун айнан мана шу лабораторияга олиб борар эдик. Шундан сўнггина, жасадлар рухдан тайёрланган тобутга солинганча, самолётга жойланиб, 200- юк сифатида ССРИга йўлланар эди. Ушбу муассасага кўп маротаба бориш, ҳалок бўлган жангчиларнинг жасадларини аутопсия қилишда бевосита иштирок этишга тўғри келди. Тунда, хира ёритилган чодирда, сув танқислигида бажарилган аутопсия амаллари юрагимда битмас жароҳат қолдирди.

Почта хизмати яхши ишлар, қавм-қариндошлар, ёр-у, биродарлардан хатлар мунтазам келиб турар, самолётлар совет газеталарини мунтазам етказиб турар эди. Барча бўлинмалар совет радиостанциялари томонидан узатиладиган радиоэшиттиришларни яхши тутадиган радиоқабулқилгичлар билан таъминланган. Вақтни чоғ қиладиган эшиттиришлар орасида гоҳо ССРИдан етказилган мусиқали саломлар эшитилиб қолади.
Бахтимизга, тоғли ўлкада кечган партизанларга қарши урушда танк мутлақо фойдасиз, ортиқча сарф-харажат талаб қиладиган қуролли кураш воситаси бўлиб чиқди ва шу боис, ярим йил ўтгач, бизни ортга, ССРИга қайтариб юборишга қарор қилинди. Шундай бўлса-да, полкимиз бўлинмалари баъзи турдаги жанговар операцияларда фаол иштирок этди. Мудофаани кучайтириш мақсадида Қобулга олиб келадиган йўлларда чуқур қазилиб, ичига танк жойланди. Айниқса, полкимизнинг муҳандислик-сапёр ротаси Қуруқликдаги қўшинлар тасарруфидаги бошқа ҳарбий қисм ва бўлинмалар томонидан ўтказилган жанговар операцияларда жуда фаол иштирок этди. 1980 йилнинг июль ойида 234- танк полкимиз тўла таркибда Самарқанд шаҳрига қайтариб юборилди.
Орадан 35 йил ўтиб, менинг ҳаётим, қуролдош дўстларим ҳаёти оқланмаган ҳалокатли хавф-хатарга қўйилганини мана энди англаб етмоқдаман. Ҳарбий шифокорлик фаолиятимни ССРИ ҳудудида давом эттирар эканман, Совет Армиясининг оғир даражада майиб-мажруҳ бўлган жуда кўп аскар ва офицерларини даволашга тўғри келди. Қолаверса, гарчи шифокор сифатида жароҳатдан сўнгги қаттиқ руҳий ҳаяжон эканлигини идрок этган бўлсам-да, ўзим ҳам қўрқув ва кечинмалар таъсирига дучор бўлдим.
Сейчас мне уже седьмой десяток лет, - дея, ҳикоясига якун ясади Алимхон ака, - За плечами большой жизненный опыт, небезуспешная карьера, накопленные знания, но до сих пор я не пойму: Как и зачем мы оказались в Афганистане? По какому праву мы нарушили мирную жизнь чужой страны и принесли афганцам и самим себе столько страданий?
Небольшим личным оправданием может быть то, что я ни в кого не стрелял и добросовестно исполнял обязанности военного врача.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 15.02.2014 00:33   #5  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ҳа, жуда оғир савол кўтарган, Алимхон ака.
Афғон уруши ҳақида ўқиб ўтирар эканман, Совет Армияси Бош разведка бошқармасининг собиқ офицери, профессионал разведкачи Виктор Суворовнинг ўзи учун ҳаёт-мамот китоби деб билган асосий асари – «Музёрар» («Ледокол») орқали: «Аслида Иккинчи жаҳон урушини бошлаган давлат ССРИ ҳукумати бўлади», - дея илгари сурган концепциясини беихтиёр ёдга олдим.
Алимхон ака кўтарган саволга топган жавобимда ССРИ Коммунистик партиясининг олий раҳбариятига доир В. Суворов томонидан билдирилган ўша фикр-мулоҳазалар яна бир бор ўз тасдиғини топгандай кўринади.
Бугун мен, ёшларимизга Афғон уруши ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни лозим топдим.

АФҒОН УРУШИ (1979 - 1989 йиллар) – Афғонистон ҳукумати қўшинлари ва Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти билан бир қатор давлатларнинг сиёсий ва молиявий кўмагидан фойдаланган афғон партизанларининг кўп сонли қуролли тузилмалари ўртасида Афғонистон Демократик Республикаси (1987 йилдан эътиборан Афғонистон Республикаси) ҳудуди ва Покистоннинг, ушбу республикага чегарадош ҳудудида бўлиб ўтган қуролли можаро.
Совет Иттифоқи ҳукумати томонидан амалга оширилган ушбу ҳарбий акция БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан «Ҳарбий куч миллий чегарадан ташқарида очиқдан-очиқ қўлланилган ҳолат ва босқинчилик ҳаракати (ҳарбий интервенция)» сифатида таснифлади.

(Изоҳ: БОСКИНЧИЛИК (ИНТЕРВЕНЦИЯ) битта ёки бир нечта давлат томонидан муайян давлатнинг ички ишлари ва бошқа давлатлар билан йўлга қўйган муносабатларига ҳарбий жиҳатдан бевосита аралашиш ҳолати (шу жумладан, ҳарбий акция). Тажовуз (агрессия) шаклларидан бири. Бевосита амалга ошириладиган ҳарбий интервенциядан ташқари билвосита сиёсий, дипломатик ва иқтисодий интервенция қўлланилиши ҳам мумкин. Тажовузкор ғояларни оқлаш мақсадида бундай босқинчилик ҳаракатлари, баъзан «Инсонпарварлик намоён этилган интервенция» термини билан ҳам ниқобланади).

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг юқорида зикр этилган резолюциясига овоз бермаган ССРИни Хавфсизлик Кенгашининг учинчи даражали давлатлар сирасига кирган бешта аъзоси қўллаб-қувватлади.
1980 йил 14 январь куни эса БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг Фавқулодда сессиясида 14 та овозга қарши 108 та овоз билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мулоҳаза юритилаётган резолюциясини тасдиқлади.

Афғон урушининг юзага келиш сабаби сифатида ССРИ Коммунистик партиясининг олий раҳбарияти «дўстона муносабатдаги» Афғонистон Халқ-демократик партиясини қўллаб-қувватлаб, фаолиятини совет тузуми изига йўналтиришга, шунингдек, ССРИнинг жанубий чегарасини хавфдан сақлашга интилгани эътироф этилмоқда.

Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти 150 минг кишидан ташкил топгани қайд этилган. Ушбу контингентга қарши курашган кучлар таркибидаги одам сонига оид аниқ маълумотлар йўқ Советлар томонидан берилган маълумотларга Караганда, можахидлар сони 1980 йили тахминан 25 минг кишидан иборат бўлган бўлса, 1988 йилга келиб 140 минг кишига етган. Хорижий экспертлар томонидан берилган маълумотларга қараганда эса партизанлар сони 400 минг кишигача бўлган.
Совет Армияси партизанларга қарши узоқ давом этадиган урушга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Ушбу армия партизанлар базасини забт этар, довонларга ҳужум қилиб, кўп талафотлар кўрар эди-ю, лекин партизанлар тоғ сўқмоқлари бўйлаб чекинганча, ўз сафларини тўлдириб, боз қайтиб келишар эди. Тоғ йўлларининг барчасини баравар тўсиб қўйишнинг иложи йўқ. 1986 йилга келиб, Афғонистон ҳудудининг деярли 70 фоизини ўз назоратига олган партизанлар совет гарнизонлари ва ССРИдан озиқ-овқат ва ўқ-дори захиралари ташиб келтирилаётган йўлларни ўққа тутишар эди. Бундан ташқари, Афғонистон Халқ-демократик партиясининг армияси ўз юртдошларига қарши истар-истамас уруш олиб борган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
2 "+" от:
Старый 15.02.2014 00:38   #6  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Афғонистон ҳудудида олиб борилган жанговар ҳаракатлар тажрибасини умумлаштириш билан машғул бўлган ССРИ Мудофаа министрлигининг бир гуруҳ офицерлари совет қўшинларининг Афғонистонда бўлган даврини шартли равишда қуйида санаб ўтилган тўртта босқичга бўлиб чиқишган:
биринчи босқич (1979 йилнинг декабрь ойидан 1980 йилнинг февраль ойига қадар) - совет Қўшинларининг Афғонистон ҳудудига кириб бориб, гарнизонларга тақсимланиб жойлашиши;
иккинчи босқич (1980 йилнинг март ойидан 1985 йилнинг апрель ойига қадар) – фаол, шу жумладан йирик миқёсли жанговар ҳаракатлар олиб борилиши, Афғонистон Демократик Республикаси Қуролли Кучларини янгидан тузиб, мустаҳкамлаш ишлари;
учинчи босқич (1985 йилнинг апрель ойидан 1987 йилнинг апрель ойига қадар) – фаол жанговар ҳаракатлардан асосан афғон қўшинларига совет авиацияси, артиллерия қўшинлари ва сапёр бўлинмалари томонидан мадад берилиши, махсус бўлинмалар томонидан Афғонистон ҳудудига хориждан қурал-яроғ ва ўқ-дори етказиб берилишига қарши кураш олиб борилиши, совет қўшинларининг муайян қисми Афғонистон ҳудудидан чиқарилиши;
тўртинчи босқич (1987 йилнинг январь ойидан 1989 йилнинг февраль ойига қадар) – афғон қўшинларига мадад беришни давом этган совет қўшинларининг миллий муросага келтириш сиёсати рўёбга чиқарилишида иштирок этиши.

Кенг тарқалган расмий маълумотларга қараганда, Афғон уруши оқибатида:
Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти таркибига кирган 15051 киши ҳалок бўлган, 53753 киши яраланган ва 417 киши бедарак йўқолган;
Афғонистон қарийб 2 миллион кишини йўқотган бўлиб, уларнинг аксарияти тинч аҳоли бўлгани қайд этилган;
Афғонистон ҳудудига бостириб кирган 40- умумқўшин армия:
147 та танк:
1314 та жанговар зирҳли машина (яъни зирҳли транспортёрлар, пиёдалар жанговар машиналари, десантчилар жанговар машиналари, зирҳли разведка-дозор машиналари);
510 та муҳандислик машинаси;
11369 та юк ва ёқилғи ташиш машинаси;
433 та артиллерия тизими;
118 та самолёт;
333 та вертолёт (чегара қўшинлари ва Ўрта Осиё ҳарбий округи қўшинлари ихтиёридаги вертолётлар ҳисобга олинмаганда) йўқотган. Айни вақтда, ушбу рақамларга аниқликлар киритилмаган. Хусусан, авиациянинг жанговар ва жанговар бўлмаган талафоти, йўқотилган самолёт ва вертолётларнинг русумларига оид маълумотлар эълон қилинмаган;
Қобул ҳукуматини қўллаб-қувватлаб бориш учун ҳар йили ССРИ Давлат бюджетидан 800 миллион АҚШ доллари ажратилган бўлса, 40- умумқўшин армия учун 3 миллиард АҚШ доллари сарф этиб борилган.

Афғон урушига якун ясаладиган бўлса:

ССРИ раҳбарияти ўзининг ҳарбий-сиёсий мақсадларига эриша олмади, демакки, афғон халқи томонидан совет қўшинларига қарши олиб борилган миллий озодлик учун урушда мағлуб бўлди;
БМТга аъзо аксарият давлатлар томонидан ССРИнинг суверен Афғонистон давлатига қарши амалга оширган тажовузи қаттиқ қораланди, Совет давлатининг сиёсий обрўсига путур етди, 1980 йили ўтказилган Москва Олимпиадасида иштирок этишдан кўплаб етакчи давлатлар бош тортди, «Совуқ уруш» қайтадан бошланди, ССРИ ичида ва унга иттифоқдош давлатларда сиёсий норозиликлар бошланди;
ССРИ қайта тикланмас йирик иқтисодий зарар кўрди:
Совет Армиясининг ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий бўлмаган ходимлари орасида оқлаб бўлмайдиган талафот кўрилди;
Афғонистон иқтисодиёти батамом издан чиқди, давлатнинг марказий бошқаруви йўқотилди, тинч аҳоли орасида оммавий йўқотишлар, минг-минглаб одамлар мажруҳ, ногирон бўлиб қолгани, 5 миллионга яқин туб аҳоли қўшни давлатлар ва олис юртларга кўчиб кетгани кузатилди:
қурол-яроғ аҳоли орасида назорат қилиб бўлмайдиган даражада кенг тарқалди, юрт ҳудуди дала командирлари ва этник тўдалар томонидан назорат қилинадиган зоналарга парчаланиб кетди;
наркотик моддалар оммавий равишда ишлаб чиқарила бошланди, бундай моддалар транзити, савдоси ва истеъмол қилинишига собиқ совет республикалари аралашиб қолди;
охир-пировардида Варшава шартномаси ташкилоти ва ССРИнинг таназзулга юз тутиб, парчаланиш жараёни фаол тус олди;
энг ёмони – Марказий Осиё минтақаси ҳарбий-сиёсий кескинлик марказига айланди;
Афғонистон ҳудудидаги фуқаролар уруши, бошқача айтганда биродаркушлик уруши ўнлаб йилларга чўзилиб кетди, АҚШ қўшинлари контингенти ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашувчи халқаро кучлар бу йил Афғонистон ҳудудидан чиқарилиши режалаштирилгач, ушбу уруш хотимасини ҳал қилиш масаласи мужмал қолмоқда.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
2 "+" от:
Старый 15.02.2014 00:38   #7  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
ССРИ Коммунистик партиясининг олий раҳбарияти томонидан олиб борилган Афғонистон билан боғлик сиёсатнинг мудҳиш оқибати, яъни Марказий Осиё минтақаси ҳарбий-сиёсий кескинлик марказига айланганини, юртимиз Ўзбекистон ва қўшни давлатлар учун ўша раҳбарият қолдириб кетган оғир «мерос» сифатида кўраман ва ижозатингиз билан, ушбу масалада ҳам икки оғиз сўз айтиб ўтаман.
Сир эмаски, геосиёсий ва геостратегик аҳамиятга эга, минерал хомашё манбаларига ниҳоятда бой Марказий Осиё минтақаси, сўнгги йилларда, йирик давлатларнинг диққат-эътибор марказига, стратегик манфаатлари тўқнаш келаётган минтақага айланиб бармоқда.
Бинобарин, минтақамиздаги бугунги ҳарбий-сиёсий вазият турли мазмунда, тез-тез ўзгариб бориши, ҳар қандай фурсатда мураккаблашиб, янада чигаллашиб кетиши, беқарорликнинг доимий манбалари вужудга келиши, ядро қуроли ва бошқа турдаги оммавий қиргин қурол яратиш технологиялари кенг тарқаб кетиш хавфи юзага келиши кутилади. Минтақанинг айрим давлатларида ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани, ўша давлатлар аҳолиси орасида ижтимоий норозиликлар келиб чиқиши, демакки, экстремистик кучлар сафи мунтазам кенгайиб боришига замин яратади. Бундай ҳолат эса ўз навбатида, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан жиддий хавф тугдириши муқаррар.
Ушбу минтақада турли можаро ва тўқнашувлар кечаётгани, ҳар хил зиддиятлар мавжудлиги, халқаро терроризм ва диний экстремизм тобора кучайиб, наркотик моддаларнинг тажовузкор тавсифга эга ноқонуний савдоси миқёсан кенгайиб бораётгани, юртимизга чегарадош ҳудудларда юзага келаётган очиқ ва яширин хавф ва таҳдидлар даражаси тобора ўсаётгани, жанубий чегараларимиз ва қўшни ҳудудлардаги аҳвол янада кескин тус олиш эҳтимоллиги борлиги бизни, тинчликсевар, тараққийпарвар юртнинг кўп миллатли бунёдкор халқи, хар бир фуқаросини, қолаверса, жамики жаҳон жамиятини чуқур ташвишга солмай куймайди, албатта.
Зикр этилган ҳолат яқин истиқболдан бошлаб Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар учун жиддий синовга айланиши мумкинлигини рад этиб бўлмайди. Шундай экан, оқибатини олдиндан кўриб бўлмайдиган ушбу мураккаб жараёнлар бугун барчамиздан, хусусан. фақат аъло ва яхши баҳоларга ўқиши керак бўлган ўқувчидан тортиб, то республика раҳбариятига қадар огоҳ бўлиши кераклигини, бетакрор юртимиз ҳудудининг қаерида, қандай мазмун, кўриниш ва миқёсда бўлишидан қатъи назар, фитна чиқариш нияти кўзланган уринишларга мутлақо йўл куймаслик, ўхшаш кайфиятларга муросасиз муносабатда бўлишни, ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайдиган бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг кадрига етиб, уни кўз қорачиғидай асрашни, давлатимизнинг мудофаа қобилияти ва имкониятларини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамма ўз ўрнида, ўз ўқиши, меҳнати, қалами ва хизмати билан қўлдан келганча ҳаракат қилиши кераклигини талаб этади.

Эътиборингиз учун раҳмат.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 15.02.2014 08:39   #8  
Аватар для Dj SHOD
Оффлайн
Ишсизман
Рассом
AKA:Dj SHOD
Сообщений: 24
+ 53  5/3
– 1  10/5

UzbekistanОтправить сообщение для Dj SHOD с помощью YahooОтправить сообщение для Dj SHOD с помощью Skype™LiveJournalМой КругМой мирFacebook
Шокир ака катта рахмат, шундай маълумотлар бериб утганингизга, ман ён кушни афгон халки ва афгонистон диёрига кизикишим жуда хам катта, вокеаларни укиб бир нарса эсга тушди ва сиздан сурамокчиман, интернетда бир укиб колган эдим, яъни афгонистонда уруш пайтида бориб ва уша ерда бутунлай колиб кетган бир самаркандлик узбек бор экан, хозирги куриниши афгонларга ухшаб колган, вахоланки олдинги харбий вактида тушган расми эса бутунлай бошка киёфа эди... Ундан сурашибди сизга азалий ватанингизга кайтишга имконият бор, кайтасизми дейишганда у "йук, кайтмайман" деб жавоб берибди, кизик... Лекин мени фикримча афгон диёрида битта самаркандлик эмас хозиргача тирик яшаётган жуда куплаб ватандошларимиз бор деб тахмин киламан. Сиз улар тугрисида нималар дея оласиз? Бу биринчи саволим эди, иккинчи саволим эса куйидагича бу ерда СССР ни Афгонистондаги холати тулик ёзилган, лекин СССРга карши ватани учун курашган хакикий афгон углонлари хакида жуда кам ёзилган, жуда куп гаплар юради, СССРга карши курашган афгонистонликлар узбекларни жуда купини улдирмастан, жарохат еткизмаган холда куйворишган экан шу ростми? Охирги саволим афгон халки уша пайтда хам жуда кийин ахволда хаёт кечиргани хеч кимга сир эмас, лекин уруш вактида афгонларни кимлар ёки кайси давлатлар асосан куроллар еткизиб турган ва нима учун?
Шу саволларимга жавоб топсам бошим осмонга етар эди, чунки Афгон халкига хурматим жуда баланд, нима учун, Коммнустлар бизни диёримизга уруш килиб келганда, жуда куп ота-боболаримизга афгонлар ёрдам кулини чузган. Олдиндан рахмат Шокир ака!
Ответить 
2 "+" от:
Старый 15.02.2014 17:37   #9  
Аватар для Anvar Atakhanov
Оффлайн
AKA:3Dman
Сообщений: 1,556
+ 1,993  1,466/628
– 253  99/50

Uzbekistan
Рахмат, кизикарли чикипти. Хозир америка худди шу холатга тушиб колган. Кизик Корея уруши уларни аклини киритмаган эканда.
Ответить 
"+" от:
Старый 15.02.2014 21:48   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ҳурматли Dj SHOD, Афғон заминидаги жанговар операцияларда бевосита иштирок этган синфдош дўстларим Мусожон ва Рустамжон билан боғланиб, ушбу саволларингизнинг дастлабки иккитасига доир фикр-мулоҳазалари билан қизиқдим. Дўстларимнинг сўзларига қараганда:
1. Сиёсий ишлар бўйича офицерлар томонидан собиқ совет жангчиларининг олдинги ва айни вақтдаги расмлари кўрсатилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган ва тегишли мазмунда йўл-йўриқлар берилган.
2. Иймон келтириб, калима қайтаргани, Қуръони каримдан сураларни ёддан айтиб бергани учун асир олинган мусулмон жангчилар камдан-кам ҳолатларда бўлса ҳам, қўйиб юборилган.
Совет асирлари афғон партизанларининг қўлидан, асосан, ушбу асирларнинг бўлинма командирлари томонидан норасмий равишда уюштирилган ўқ-дори алмашинуви эвазига халос этилган ҳолатлар нисбатан кўпроқ бўлган экан.
Шунингдек, Ўрта Осиё халқлари тилини (асосан ўзбек ва тожик тилларини) яхши билган совет қўмондонлигининг афғон маслаҳатчилари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари совет жангчилари билан бевосита мулоқот қилган фурсатда:
- Сен юртимизга ўз ихтиёринг билан бостириб келмаганингни биз яхши тушунамиз, халқларимиз асрлар оша яхши қўшничилик қилиб келишган, шундай экан, ўзингни эҳтиёт қил, анави коммунистларнинг гапларига кўп қулоқ солаверма, бу уруш узоққа бормайди, улар бари-бир мағлуб бўлиб, қайтиб кетишади, - дея уқтиришган экан.

Учинчи саволингизга жавобни Википедияда келтирилган катта мақоланинг «Зарубежная помощь афганским моджахедам» бўлимини ўқисангиз, топасиз, деган умиддаман.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
"+" от:
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх