Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Результаты опроса: 2011 йил, 10 июнда бўлиб ўтадиган ижодий мулоқотда қатнашасизми?
Ҳа 10 90.91%
Йўқ 1 9.09%
Голосовавшие: 11. Вы ещё не голосовали в этом опросе

Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 30.06.2011 18:39   #91  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Каъбатуллоҳ

Имону намозу рўзаю закот —
Фарзин адо этмай, эл кўзи учун —
Хожи деган номни олмоқ бўлган зот —
Қулоғига гапим, бир ўзи учун:

Нафи йўқ зар сочиб гуноҳ ювишнинг,
Раҳмон ҳам жаббор ҳам ёлғиз Оллоҳдир.
Бир дардманд қариндош, бир муҳтож қўшнинг
Озурда юраги Каъбатуллоҳдир.

1999
Ответить 
2 "+" от:
Реклама и уведомления
Старый 30.06.2011 18:42   #92  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Ёлғон ҳақида

Гар ҳаким ўсалга тасалло бергай,
Сўзи ёлғон бўлса, Оллоҳ кечиргай.
Айрилган дўстларни қовуштирган зот
Алдаса, тадбири гуноҳдан озод.
Хунук хотинингга айт, юзинг — офтоб,
Бу асли ёлғонмас, гуноҳмас, савоб.
Росту ёлғонларнинг ҳисоби бордир,
У дунё, бу дунё жавоби бордир.
Ёлғончи оламда гуноҳимиз кўп,
Кечирувчи танҳо парвардигордир.
Жаҳонда ёлғон бор лекин энг ёмон —
Элни жаҳолатга бошлаган ёлғон.
У халқ юрагига отилган ўқдир,
Унга икки олам мағфират йўқдир.

2000
Ответить 
Старый 30.06.2011 18:44   #93  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Кичкина катталар

Мартаба берганда феъл ҳам берса кенг,
Адлу мурувватдан қилмаса жудо.
Даргоҳи катталар бор бўлсин, лекин
Кичик катталардан асрасин худо.
Сен бирор эшикка бош уриб борсанг,
Юз бор ҳақ бўлсанг-да битмаса ишинг,
Билки, кўкси ичра қалб эмас, харсанг,
Кичкина каттадир учраган кишинг.
Сен олим бўлсангу ихтиро билан
Лол қилгудек бўлсанг агар дунёни,
Сенга йўл очгунча бир имзо билан
Кичкина каттанинг узилар жони.
Тадбиркор бўлсангу эл нафи учун
Бир тадбир ўйласанг, изласанг чора,
Улар топар албат ечилмас тугун,
Суягинг қолгунча қилар овора.
Аскар қасам ичар бўлмоққа фидо,
Табиб қасам ичар бахш этмоққа жон.
Кичкина катталар онт ичар аммо
«Фалон бўлай, сени қилмасам сарсон».
Чинор бўлсанг, улар кемиргувчи қурт,
Пўлат бўлсанг улар емиргувчи занг.
Эй тангрим, эл унмас, қад кўтармас юрт
Кичик катталарга инсоф бермасанг.
Ҳеч кимса бўлмаган дунёга устун,
Уқбога зар олиб кетмаган одам.
Каттаю кичикнинг бошида бор кун
Келар, ахир кичик катталарга ҳам.
Мен шеър айтдим, холос, не ҳам қилай ман,
Не илож, изтироб жонга ўт қалар.
Фақат кўнглингизга имон тилайман,
Диёнат тилайман, кичик катталар.
2000
Ответить 
Старый 02.07.2011 13:18   #94  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Арслон ўргатувчи

Ванкувер томошагоҳида

Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб,
Арслон узра-
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар,
Наърасидан
Томошагоҳ ларзага келар:
- Ожиз одам!
Бас бошимда қамчи ўйнатма!
Кўксимдаги
Ухлаб ётган ҳисни қўзғатма!
Ҳаддан ошма!
Ўз бошингга ўзинг етарсан,
Этларингни
Нимта-нимта қилсам, нетарсан!
Кўриб қўй,
Бу панжаларни сийнангга солсам,
Шуҳратпараст юрагингни
Суғуриб олсам,
Йилтираган баданингдан
Тирқиратсам қон,
Нажот бермас-
Сенга қарсак чалган оломон.
Бор!
Оловдан сакрамасман!
Бўлма овора!
Биласанми-
Мен кимману сен ким, бечора!

Мен тўқайлар шоҳи,
Тутқун бўлсам-да агар,
Сен-чи,- нўноқ масхарабоз,
Пасткаш бозингар!
Шуҳратга маст,
Ўз ҳолини билмаган басир!
Номард тақдир
Мени қилди қўлингга асир!
Ҳалол кучга завол берган,
Ҳийлага қудрат,-
Мени банди қафас этган
Дунёга ланъат!
Эй, ивишиқ кўкрагини
Завқ билан кериб,
Шер зотини масхарабоз
Қўлига бериб,
Мард ҳолидан
Роҳат олиб қилган хандалар,
Ланъат сизга,
Томошабин, гумроҳ бандалар!

Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб.
Арслон узра
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар-
Ўргатувчи
Аста унинг ёнига келар.
Қулоғига бир сўз айтар
Эгиб қоматин:
- Нодон дема,
Мен биламан арслон қудратин.
Сен тўқайлар подшосисан,
Мен-бечораман,
Ҳамла қилсанг,
Бир лаҳзада тилка-пораман.
Фалак иши-
Бизнинг бундай турфа шериклик,
Менга қамчи,
Сенга қафас берди тириклик.

Сен тантисан,
Наздингда мен қув, доғулиман.
Асли ўша тирикликнинг
Сендек қулиман.
Менга недир оломоннинг
Олқиш, қарсаги,
Сенинг ҳар бир ўтли наъранг-
Менга тарсаки.
Нетай, мен ҳам эгалик қул,
Бошда хўжам бор,
Ғазаб қилса,
Кўзларимга дунё бўлар тор.
Менда-ку дард, истеъдод бор,
Бор андак сеҳр,
Ҳеч бўлмаса, ҳайвонотга
Шафқату меҳр,
Томошагоҳ эгаси ким
Менинг қонимда!
Аммо қамчи ўйнатар у
Доим бошимда.
Ҳолатимни тушун,
Исён қилма, биродар,
Чарх олдида иккимиз ҳам
Асли баробар.
Гарчи арслон ўйнатаман.
Гарчи мен- Одам.
Ой сўнгида қанд кутаман
Хўжамдан мен ҳам.
Гоҳ жонимдан ўтса зулм,
Наъра тортаман,
Лекин бундан
Фақат бошга бало ортаман.
Бу сўзларга чидолмади,
Тўлғонди арслон:
- Бўлди, бас қил!
Юрагимни қон қилма, инсон!
Ўт олсин бу чархи фалак
Ризқ рўзини!..

Арслон
олов чамбаракка
Отди ўзини.

1977 йил
Ответить 
Старый 02.07.2011 13:24   #95  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Қумурсқалар жанги

Бир туп олма узра кеча
Жуда катта жанг бўлди,
Бошлар кетди неча-неча,
Неча оёқ ланг бўлди.

Ҳашаротлар урушгани
Даҳшат экан,
Қарадим.
Охир битта қумурсқани
Ушлаб олиб сўрадим:

— Сўйла,
Нечун бу можаро?
Нимадандир бу нифоқ?
Қумурсқалар аҳли аро
Зўр эди-ку иттифоқ?

Қумурсқавой душманидан
Узиб олган оёқни —
Туфлаб,
Одам тили билан
Тушунтирди нифоқни.

«Асли бизлар
Бир тан, бир жон,
Бир уядан чиққанмиз.
Бир чўп топсак,
Кўрсак бир дон,
Бир кавакка йиққанмиз.

Шу пайтгача бир саф бўлиб,
Не иш қилсак тенг қилдик.
Бугун бир иш сабаб бўлиб,

Уч гуруҳга айрилдик.

Кеча бир гап топди бизнинг
Тунги соқчи — тингчимиз.
Эшитдигу ҳаммамизнинг
Барбод бўлди тинчимиз.

У тун бўйи бедор бўлиб
Кўкка қараб юрибди.
Унда сонсиз дон сочилиб
Ўтганини кўрибди.

Қумурсқалар бугун тонгда
Эшитиб бу хабарни,
Йўлга чиқдик ўша онда
Кечиктирмай сафарни.

Аҳд қилганга ёр дея бахт,
Тупроқ ошдик,
Қум ошдик,
Ниҳоят, шу катта дарахт
Танасига тирмашдик.
Мақсадимиз шу нарвондан
Етмоқ эди осмонга...
Аммо бир йўл
Ногиҳондан
Бўлинди уч томонга.
Бир саф йўлни ўнгга бурди,
Бошқа йўлга боқмади.
Бир саф эса чапга юрди,
ўнг уларга ёқмади.

Мен танладим ўрта шохни,
Энг тўғри йўл менга шул.
Эргаштириб минг ҳамроҳни,
Тик осмонга солдим йўл.

Алҳол қанот қоқди дарға,
Ғазаб билан бонг урди.
Ўнгу сўлдан кетганларга,
Қайтинг, дея буюрди.
Сўнг деди:
Биз қумурсқалар
Тўғри йўлдан юрамиз.
Ким шу йўлдан юрмаса гар,
Битта қўймай қирамиз.

Бурғу чалди бизнинг подшоҳ,
Жангга кирдик баробар.
Шундан дарахт бўлди жанггоҳ,
Мозор бўлди саросар».

Диққатимни тортди шу пайт
Қанотли шоҳ қумурсқа.
Учиб-қўниб, у пайдар-пай
Чорлар эди урушга.

Қараб турдим бир нафас тек,
Сўзи қизиқ кўринди,
Яқин борсам,
Темучиндек
Кўзи қисиқ кўринди.

Узоқ-яқин тарихларга
Мени хаёл учирди.
Кўп даҳшатни митти дарға
Хотирамга туширди.

Чидолмадим.
Чертки солиб
Йўқотдим бу бадбахтни.
Сўнг
Супурги, оҳак олиб
Оқлаб қўйдим дарахтни.

1977
Ответить 
"+" от:
Старый 02.07.2011 14:20   #96  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Ватан истаги

Бу ватанда бир Ватан
Кўрмоқни истайдир кўнгил,
Ўзни озод қуш каби
Кўрмоқни истайдир кўнгил.

Бу Ватан тимсоли бўлса
Тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх-
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватанга байроқ-инсоф,
Туғи сарҳад муҳри-меҳр,
Сарҳад узра соқчидек
Турмоқни истайдир кўнгил.

Ким бу тупроқ қадрин истар
Айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватан елканларини
Маърифат уммонида
Қиблаи имон сари
Бурмоқни истайдир кўнгил.

Бас, етар ёлғон саодат,
Ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин
Сурмоқни истайдир кўнгил.


Қутлуғ истиқлол кунида,
Эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб
Юрмоқни истайдир кўнгил.
1990 йил.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 02.07.2011 в 15:51.
Ответить 
Старый 02.07.2011 15:28   #97  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин ака, Сиз бир неча йиллар давомида "Ғазал оқшоми" кўрсатувини бошқариб боргансиз. Болалигимизда оила аъзоларимиз билан ушбу кўрсатувни жамулжам бўлиб кўриб ўтирирдик. Ўзингиз ҳам "Ёшлик девони"ни яратгансиз.
Мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари Сизнинг қилган ғазаллар шарҳингизни севиб мутолаа қилишади.
Сиздаги ғазалга, аруз вазнига бўлган шайдоликнинг боиси нимада?
Ответить 
2 "+" от:
Старый 02.07.2011 15:50   #98  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Эркин ака, Сиз бир неча йиллар давомида "Ғазал оқшоми" кўрсатувини бошқариб боргансиз. Болалигимизда оила аъзоларимиз билан ушбу кўрсатувни жамулжам бўлиб кўриб ўтирирдик. Ўзингиз ҳам "Ёшлик девони"ни яратгансиз.
Мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари Сизнинг қилган ғазаллар шарҳингизни севиб мутолаа қилишади.
Сиздаги ғазалга, аруз вазнига бўлган шайдоликнинг боиси нимада?
Ҳақиқатан ҳам телевиденияда беш йилча "Ғазал оқшоми" кўрсатувини олиб бордим. Мен ғазалга мурожаат қилиб кўп мақтов ҳам эшитдим, "калтак" ҳам едим. Мақташ кимга ёқмайди-ю, калтакланиш кимга алам қилмайди? "Ёшлик девони" баҳона бўлиб аруз вазни, ғазалчилик атрофида кўп ширин-шакар ва аччиқ-чучук гаплар бўлди. Мен бу гапларга аралашмадим. Сабаб: мен "манфаатдор шахс" сифатида бу масалага объектив муносабат билдира олмасдим.
Нега мен арузга қўл урдим?
Мен арузга мурожаат қилганда бир неча мақсадни кўзда тутган эдим:
Биринчидан, ўзимни янгилаш, одатий фикрлаш услубидан, одатий вазн ва қофиялардан узоқлашиш.
Иккинчидан, мумтоз шеърият мактабини ўрганиш шеърга қуюқ ранглар бериш, образли фикрлаш, санжоб мисралар тузиш санъатига яқинлашиш.
Учинчидан, шеъриятдаги буюк соддалик йўлида шоир дастлаб оддийликдан мураккабликка қараб юради. Мақсадим- шу босқичга қадам қўйиш ҳам эди.
Тўртинчидан, ўша пайтдаги ёшлар мумтоз шеъриятимиздан бир оз узоқлашиб қолган эдилар. Навоий, Бобур, Огаҳийларнинг фақат номинигина биладиган аҳволга келиб қолган эдилар. Маданий мерос эса катта бойлигимиз. Бу бойликни ташлаб юборишга ҳаққимиз йўқ. Фақат мерос бўлгани, асрлар давомида яратилгани учунгина эмас- бугунги фозил инсонга хизмат қилиши мумкин бўлгани учун. Арава юз йиллар хизмат қилган... лекин аруз арава эмас.
Нимаики яшаётган экан, демак, у керак; демак у хизмат қиляпти.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 02.07.2011 15:56   #99  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ижодкор жанр шакли орқали фикрлайди. Мумтоз адабиёт жанрлари Сизга бугунги кишиларимизнинг кайфиятини реал ифода этишга, бугунги кишилар тилидан гапиришга монелик қилган томонларини ҳеч ҳис этганмисиз?
Ответить 
"+" от:
Старый 02.07.2011 16:04   #100  
Real ID Group
Аватар для Erkin Vohidov
Оффлайн
Сообщений: 107
+ 22  475/106
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Ижодкор жанр шакли орқали фикрлайди. Мумтоз адабиёт жанрлари Сизга бугунги кишиларимизнинг кайфиятини реал ифода этишга, бугунги кишилар тилидан гапиришга монелик қилган томонларини ҳеч ҳис этганмисиз?
Бу саволингизга қуйидаги икки ғазал билан жавоб бераман:

Фурсатинг етмайди доим,
ҳеч қачон етган эмас,
Меҳнатинг битмайди доим,
ҳеч қачон битган эмас.

Чун замондек бепоёндир
Кўксинг ичра орзу,
Фурсату орзуни қувлаб
Ҳеч киши етган эмас.
Интилар борлиқни инсон
Баркамол этмоқ учун
Не ажаб, инсонни борлиқ
Баркамол этган эмас.
Менда не борлиқ хаёли,
Менда на йўқликка ғам,
Манглайимга чунки шеърдан
Ўзга зар битган эмас.
Вақт келур, меҳнат битар,
Бўлғуси фурсат бемалол,
Чунки у дунёга ҳеч ким
Иш олиб кетган эмас.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх