Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 29.09.2019 08:38   #31  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Орқада қолган қуёш тепаликлар устига етиб қизғиш тус олди. Бир неча миляга чўзилган узундан-узоқ йўлга чиқиб олишганда кун поёнига етди. Шу ерга келганда йўл чапга оғиб Жейл текислигига тушар экан, шарқий йўналишидаги қадимий эман ўрмонига иланг-биланг кириб кетди.

- Мана бизнинг йўлимиз, - эълон қилди Фродо.

Кўп ўтмай йўловчилар улкан дарахтга етишди. Кўхна дарахт ҳали батамом қуриб битмаган, танасидан чиққан ёш новдаларда янги барг кўкариб турибди. Бироқ дарахт танаси ковак бўлиб, йўловчиларнинг ҳаракат йўналишига тескари томонида кенг тирқиш ҳосил бўлган. Ҳоббитлар дарахт ковагига кириб, ҳазон ва деярли чириган ёғочдан ҳосил бўлган тўшакка жойлашиб ўтиришди, дам олиб, енгил тамадди қилиб олишди. Шивирлаб суҳбатлашар экан, вақти-вақти билан теварак-атрофга қулоқ тутиб ўтиришди.

Қош қорайган маҳалда сайёҳлар йўлни давом этишга аҳд қилишди. Ғарбдан эсаётган шамол дарахтлар орасида шовқин солиб, баргларини шитирлатмоқда. Бироздан сўнг қош қорая бошлади. Дарахтлар устидаги осмоннинг шарқий этагида ёрқин юлдуз кўринди. Ҳоббитлар тетикликни сақлаб бориш мақсадида ёнма-ён, бир хил қадам ташлаб юришмоқда. Осмон юлдузларга тўла бошлагач бироз тинчланган йўловчилар туёқ товушини илғаш ҳаракатини бас қилишди, юриш давомида, айниқса, тунаш жойига яқинлашиб кўнгил кўтарилганда ҳоббитлар орасида удум бўлгандай қўшиқ айтиш одатига кўра паст овозда куйлай бошлашди. Аксарият ҳоббитлар бундай пайтда кечки овқат ёки уйқу ҳақида қўшиқ чўзиб қолишади, бироқ мана бу учаласи юриш ҳақида куйлашмоқда. Қўшиқ матнини бир замонлар Бильбо Бэггинс ёзган бўлиб, мавзуси анави дўнглик сингари эски. Бильбо бу қўшиқни Фродога Шир далалари-ю ўрмонлари бўйлаб бирга сайр қилиб, саргузаштлар ҳақида суҳбат қуриб юришган йиллари ўргатган.

Қўшиқ мисралари қуйидагича:

Уйқусираган уйимиз, хонаси совимаган,
Ўчоғида кули оз, чўғи ҳануз ўчмаган.
Биз уйғондик эртароқ, энди йўлга чиқайлик,
Сафарда қизиқарли манзаралар кўрайлик.

Кўрайлик қишлоқларни, боши оппоқ тоғларни,
Шошиб оққан сойларни, кенг дала-ю боғларни.
Қувонар кўзларимиз, юлдузлар ҳамроҳимиз,
Давом этар йўлимиз, келди яна уйқумиз.

Тоғ остидан юрармиз, осмонларга чиқармиз,
Ўтказиб юборсак гар, йўлимиз яна тушар
Ер куррасин айланиб, қуёш, ойга эргашиб
Қайтдик уйга биз яна, ўчоққа тез ўт қала.

- Фақат уйга эмас, дарахт ковагига кириб олдик, - киноя қилди Пин.

- Жим! - деди Фродо. - Назаримда, туёқнинг дупури эшитилгандай бўлди.

Йўловчилар кескин тўхтаб, теварак-атрофга қулоқ тутишди. Орқа томондан чиндан ҳам туёқ товуши эшитилди. От шошмай келаётганига қарамай, туёғининг зарбаси аниқ янграмоқда. Ҳоббитлар зудлик билан йўлдан чиқиб, эманларнинг қуюқ кўланкасига бекиниб олишди.

- Узоқ кетманг! - пичирлади Фродо. - Бизни кўрмаслиги керак, лекин мен унинг кимлигини билмоқчиман. Балким бошқа Қора отлиқдир у.

- Яхши! - деди Пин. - Фақат унинг исковучлигини унутма.

Туёқ дупури яқинлашмоқда. Ҳоббитларнинг дарахт соясидан кўра дурустроқ панагоҳ қидиргани вақти йўқ. Сэм билан Пин улкан дарахт ортига бекинишди. Фродо эса йўлга бир неча ярдга яқинроқ эмаклаб борди. Йўл қоронғиликда хира кулранг тусда баъзўр кўринмоқда. Осмон гумбази юлдузларга тўла бўлса-да, ой йўқ.

Дупур-дупур тинди. Иккита дарахт орасидан диққат билан разм солган Фродо йўлнинг кулранг тусини кесиб ўтиб, кескин тўхтаган кўланкага эътибор қилди. Кўланка ҳоббитлар йўлдан чиққан жойда тўхтаб, у ён бу ёнига тебрана бошлаганча, пишқирган товуш чиқарди. Кўланка паст энгашиб, ҳоббитлар бекинган жойга писиб яқинлаша бошлади.

Фродонинг вужудини яна Узук тақиш истаги қамраб олди. Ушбу истак бу сафар илгаригидан кучли кечди. Нима қилаётганини идрок этишга улгурмаган Фродо қўли киссасига кирганини ҳис этди. Шу фурсатда кимнингдир вазмин қўшиқ айтиб, кулгани эшитилди. Тиниқ овоз аллақандай ёғду ёрган ҳавода янграмоқда. Ҳоббитларнинг изига тушган қора шарпа қаддини ростлаб, ортга чекинди-да, баҳайбат отига миниб, зимистонга кириб кетди. Фродо бироз нафас ростлади.

- Эльфлар! - пичирлаб хитоб қилди Сэм хириллаб қолган овози ила. - Кўряпсизми, сэр, эльфлар!

Агар кийимидан маҳкам ушлаб қолинмаганда Сэм дарахтни тешиб ўтиб бўлса ҳам ўзи билмаган ҳолда анави нотаниш отлиқнинг ортидан қувиб кетган бўлар эди.

- Ҳа, эльфлар, - деди Фродо. Вуди-Энд ҳудудида улар кам учрайди. Эльфлар Ширда яшашмайди, лекин баҳор ва куз фаслларида ўз ҳудудини тарк этиб, миноралар ортидаги тепаликлар томон йўл олишганда шу ерлардан ўтишади. Бунинг учун улардан миннатдорман! Анави Қора отлиқ отидан тушиб, биз томонга писиб келаётганини, эльфларнинг овозини эшитиб жуфтакни ростлаб қолганини кўрмадиларинг.

- Эльфларни кўриб келсам майлими? - сўради ҳаяжони тийилмаган Сэм, аллақандай отлиқ борасида ташвиш тортмай.

- Эшит, улар шундоқ ҳам биз томон келишяпти! - деди Фродо. - Бироз сабр қилсанг бас, кўрасан.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:40   #32  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Дарҳақиқат, қўшиқ айтаётганлар яқин келиб қолишди. Эльфлардан бирининг овози қолганларнинг овозидан баланд янграмоқда. Қўшиқ элфларнинг сеҳрли тилида айтилмоқда. Фродо бу тилни сал-пал билади, ҳамроҳлари эса умуман тушунишмайди. Қўшиқ учун басталанган куй ҳам чиройли эшитилмоқда. Мана ўша қўшиқ маъноси:

Олис денгиз ортидаги
Кечки шафақ шуъласи
Мангу умид-ла ёнавер
Тоғларимиз қудрати.

О Элберет! Гильтониэль!
Чуқур таъзимдир сенга.
Ишонч бахш этавер
Оқшом тусли ерларга

Ёвуз зулматни енгдинг
Қора осмон гумбазида
Юлдузларни ёритдинг
Тунги тожинг шуъласи-ла.

Гильтониэль! О Элберет!
Мовий қаср машъаласи!
Мангу умид-ла ёнавер
Тоғларимиз қудрати.

- Буларни олий табақали ғарб эльфлари, қисқа қилиб олий эльфлар деб аташади! Чунки улар Элберт исмини тилга олиб ўтишди! - хитоб қилди Фродо. - Олис-олисларда яшайдиган ушбу халқ Ширда деярли учрамайди. Ўрта ерда жуда кам қолишган, фақат Буюк денгизнинг шарқидагина кўриш мумкин уларни. Фавқулодда ҳодиса!

Ҳоббитлар йўл яқинидаги кўланкада ўтиришибди. Эльфлар анави йўлдан одимлаб водийга тушиб кетишмоқда. Улар аста-секин ўтишаётгани боис, ҳоббитлар уларнинг сочлари ва кўзлари таратаётган юлдуз шуъласини кўришмоқда. Эльфларнинг қўлида машъала йўқ, лекин улардан таралаётган шуъла ой ёруғлигини эслатади. Ҳозир улар қўшиқ айтишни бас қилиб жим одимлашмоқда. Ҳаммаси ўтиб бўлгач, саф охирида кетаётган эльф ҳоббитлар томон юзланиб кулиб боқди.

- Салом, Фродо! - кўришди у. - Сайр учун кеч бўлмадими, ё йўлдан адашиб қолдингми?

Эльф ҳамроҳларига алланима деди. Эльфлар тўхтаб ҳоббитларни қуршаб олганча, диққат-ла кўздан кечириб чиқишди.

- Тунги ўрмонда бир эмас нақ уч нафар ҳоббит! Қизиқ! Бильбо кетгандан буён бунақасини кўрмаган эдик. Нимадан дарак бўлиши мумкин бу?

- Биз ҳам сизлар кетаётган йўлдан бораётганимиздан даракдир бу, о сеҳрли халқ! - деди Фродо. - Юлдузлар ёғдусида сайр қилишни яхши кўраман мен. Жамиятингизни қутлаймиз, о қадрли эльфлар.

- Ҳеч қанақанги жамият эмасмиз биз. Ҳоббитлар ғирт аҳмоқ бўлади дейишганча бор экан-да, - кулишди айрим эльфлар. - Қай томон йўл олганимизни билмайсан-у, сизлар кетаётган йўлдан бораётганимизни қаердан биласан?

- Менинг исмимни қаердан биласиз? - саволга савол билан жавоб берди Фродо.

- Биз кўп нарсани биламиз, - деди эльфлардан бири. - Бильбо иккалангиз бирга сайр қилиб юрганингизни кўп кўрганмиз, гарчи сизлар бизни сезмаган бўлсангиз-да.

- Сизлар ким бўласизлар, раҳнамонгиз ким? - сўради Фродо.

- Менинг исмим Гилдор, - жавоб берди Фродога биринчи бўлиб салом берган эльф. - Финрод сулоласига мансуб Гилдор Ингларион. Хеш-ақраболаримизнинг аксарияти аллақачон кетиб бўлган, мана энди биз ҳам Буюк денгиз томон йўл олдик. Лекин айрим қариндошларимиз Шир ва Ривенделлда ҳамон яшашмоқда. Хўш, Фродо, энди сенинг галинг, қани айт-чи бизга, нима қиляпсиз бу ерларда? Сизлар нимадандир қаттиқ қўрққанингиз яққол кўриниб турибди.

- Эй, оқил халқ! - гапни бўлди Пин. - Қора отлиқлар ҳақида билганингизни бизга айтиб беринг.

- Қора отлиқлар? - пичирлашди эльфлар. - Нима сабабдан қизиқиб қолдингиз ўша Қора отлиқлар билан?

- Чунки уларнинг иккитаси бугун бизни таъқиб қилмоқда. Балким иккита эмас биттадир, - деди Пин. - Ҳозиргина ўшалардан бири шу сўқмоқдан ўтиб кетди.

Эльфлар ўз тилида ниманидир ўзаро муҳокама қилишди. Бироздан сўнг Гилдор ҳоббитларга юзланди.

- Ўша Қора отлиқлар ҳақида бу ерда гаплашмайлик, - деди у. - Сизлар биз билан юрсангиз ўйлашимизча яхши бўлади. Гарчи бу бизнинг одатларимизга кирмаса-да, сизларни ўзимиз билан олиб кетишимиз мумкин, агар истасангиз, албатта.

Сэм ҳаяжонланиб кетганидан сўз айта олмади.

- Эй, буюк халқ! Бу таклифингиз менинг орзу-умидларимдан ҳам ошиб тушади! - хитоб қилди Пин.

- Сендан бағоят миннатдор бўлар эдим, Гилдор Ингларион, - чуқур таъзим бажо айлади Фродо. - Элия сийла луммен оментиельво. Учрашувимиз боис ситоралар янада ёрқин порлади.

- Огоҳ бўлинг, дўстларим! - деди Гилдор ўз қабиладошларига кулиб боқиб. - Сирларимиз ҳақида гап очманг. Мана бу ҳоббит қадимий тилимиздан бохабар экан. Бильбо дурустгина устозлик қилибди унга. Салом сенга, эльфлар дўсти! - қутлади у, Фродога таъзим айлаб. -Дўстларинг билан сафимизга қўшил. Адашиб қолмаслигингиз учун яхшиси саф ўртасида боринг. Биз тўхтагунимизча сизлар толиқиб қолишингиз мумкин.

- Қай томон йўл олгансиз? - сўради Фродо.

- Бугун тунда Вудхоллнинг юқори қисмидаги дўнгликларда ўсган ўрмонга борамиз. Манзилгача яна бир неча миля бор. У ерга етгач дам оласиз, эртага эса йўлингиз қисқаради.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:42   #33  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Шовқин солмай юриш масаласида керак бўлган пайтда ҳоббитлардан ҳам ўтиб тушишадиган эльфлар соядай жим одимлай кетишди. Кўп ўтмай уйқусираётган Пин тошларга қоқила бошлади, лекин уни ҳар гал новча бўйли бир эльф йиқилиб тушмаслиги учун қўлтиғидан тутиб борди. Вужудида қўрқув ва ҳайрат уйғунлашган Сэм эса Фродо билан ёнма-ён одимламоқда.

Сўқмоқнинг иккала томонидаги ўрмон тобора қалинлашиб бормоқда. Ўрмон дарахтлари ҳали ёш. Йўл сойликка тушиб борар экан, атрофда бутасимон ўсимлик бўлмиш ўрмон ёнғоғи кўринди. Ниҳоят эльфлар очилиб бораётган сўқмоқдан чиқиб, ўнгга, деярли кўз илғамас хиёбонга киришди. Иланг-биланг кетган ушбу хиёбон йўловчиларни дарёли сойликнинг қуйи қисмидаги дўнглик чўққисига олиб чиқди. Кутилмаганда улар дарахтлар соясидан чиққанча, тунда кулранг кўриниб, ўт-ўлани баланд ўсган ялангликка ўтишди. Уч томондаги дарахтлар анча нарида ўсган, дўнгликнинг шарқий нишаби эса тик тушган бўлиб, унда ўсган дарахтларнинг учи кўринмоқда. Пастдаги ясси текислик манзараси юлдузлар ёруғлигида хира кўринмоқда. Олисда эса Вудхолл қишлоғининг чироқлари милтилламоқда.

Майсазорга жойлашиб ўтирган эльфлар ҳоббитларга эътибор ҳам қилмай, ўзаро пичирлай бошлашди. Уйқу босаётган Фродо ва унинг дўстлари плашга ўраниб олишган. Тун қалинлашиб, қишлоқ чироқлари бирма-бир ўча бошлади. Бошини эгатга қўйган Пин шу заҳоти ухлаб қолди.

Шарқнинг баланд осмонида Риммират ялтираётган бўлса, туман узра кўмирнинг чўғидай қизарган Бергил кўтарилмоқда. Бироздан сўнг шамол туманни очилаётган пардадай ҳайдаб кетгач, осмонда камари ялтираёган қиличбардор милтиллади. Қўшиқ бошлаган эльфлар дарахт остига гулхан ёқишди.

- Туринг, тез даврамизга қўшилинг! - чиқиришди эльфлар ҳоббитларни. - Қўшиқ айтиб, рақс тушиш вақти етди!

Пин ётган ўрнига ўтириб, бироз титраганча кўзини ишқалади.

- Залга гулхан ёқилган, очиққан меҳмонларимиз учун егулик тайёр, - деди ҳоббитларнинг ёнида турган эльф.

Жануб томонда чиндан ҳам залга ўхшаш тўртбурчак хона пайдо бўлибди. Иккала томонда дарахтларнинг яшил тусли таналари устун каби тик ўрнатилган бўлиб, ўртада гулхан чарсилламоқда. Гулхан ёнига ўрнатилган хонтахтага терилган идишлар олтин ва кумуш тусда ялтирамоқда. Эльфлар хонтахта атрофида майса ёки ғўлаларга жойлашиб ўтиришибди, уларнинг бир неча нафари егулик билан ичимлик тарқатмоқда.

- Таомларимиз камтаринроқ, чунки биз уйдан бироз олисроқдамиз. Уйда бўлганимизда Фродонинг туғилган куни муносабати билан яхшигина зиёфат уюштирган бўлар эдик, - тушунтириш берган бўлишди улар ҳоббитларга.

Пин кейинчалик ўша кеча нима егани-ю, нима ичганини элас-элас хотирлади. У асосан оловнинг эльфлар юзида акс этган шуъласини, тушида эшитгандай ёқимли овоз ва товушларни, мазали оқ нон, ширин-шакар меваларни, булоқдан олингандай совуқ, ёз кунидай тилла тусли ичимликларни эслайди.

Сэм кейинчалик ўша кечани бошқаларга айтиб бериш нари турсин, ўзига ўзи бўлса ҳам тавсифлаб ўтишга сўз топа олмади, гарчи ҳаётидаги энг муҳим ҳодисадай хотирасида аниқ сақланиб қолган бўлса-да. Айта олган гапи қуйидагича бўлди холос: «Биласизми, сэр, агар мен ҳам эльфлар берган олмадай мазали мевалар етиштира олганимда, ўзимни ҳақиқий боғбон деб билган бўлар эдим. Уларнинг қўшиқлари эса, агар нима демоқчи бўлганимни тушунаётган бўлсангиз, қалбим тўридан жой олди».

Фродо ўз уйида ўтиргандай еб, ичди. Эльф тилини яхши унчалик билмаса-да, мезбонларнинг гап-сўзларини диққат-ла эшитиб ўтирди, хизмат кўрсатаётган эльфларга уларнинг тилида миннатдорлик билдириб борди. Кулиб боққан эльфлар эса бунга жавобан: «Ҳоббитларнинг тилласи!» - дея мақтаб ўтишди.

Бироздан сўнг Пин тарашадай қотиб қолди. Эльфлар уни кўтариб, дарахтлар орасидан олиб ўтишганча, жойига элтиб қўйишди. Юмшоқ кўрпа-тўшакка бурканган Пин туннинг қолган ярмини қилт этмай ўтказди. Сэм ўз соҳибидан нари кетишни истамади. Фродонинг ёнида мизғиб ўтирганча, ниҳоят ухлаб қолди. Фродо эса уйқусиз, Гилдор билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди.

Икковлон эски ва янги мавзуларга доир суҳбат қуриб ўтирди. Бунда, Фродо асосан Шир ташқарисида, ёввойи ўлкаларда кечаётган ҳодисалар билан қизиқиб, ҳар хил саволлар бериб борди. Янгиликлар мазмунан қайғули, баъзан ваҳимали бўлиб, зулматнинг қуюқлашиб бораётгани, одамлар дунёсида кечаётган урушлар, эльфларнинг Ўртаердан қочиши ҳақида бўлди. Ниҳоят Фродо кўпдан буён қийнаб келаётган саволини беришга журъат этди:

- Бэг-Эндни тарк этган Бильбони ҳеч кўрдингми, Гилдор?

- Кўрдим, - кулиб боқди Гилдор. - Бир эмас икки марта кўрдим. Айнан мана шу ерда у биз билан хайрлашиб кетган эди. Лекин мен уни кейинчалик яна кўрдим, бу ерлардан анча олисда.

Гилдор Бильбо ҳақида бошқа ҳеч нима демагани учун Фродо ортиқ хиралик қилмади.

- Ўзларингга тааллуқли нарсалар ҳақида нега сўрамаяпсан, Фродо? - қизиқди эльф. - Мен сизлар ҳақингизда кам биламан, лекин юзларингиздан кўп нарсаларни уқиб олишим мумкин. Сен Ширни тарк этиб кетяпсан, лекин қидираётган нарсангни топишинг, вақти келиб юртга қайтишинг борасида иккиланяпсан. Шундай эмасми?

- Шундай, аммо Ширни тарк этаётганимни Гэндальф билан Сэм билади холос деб ўйлаган эдим, - жавоб берди Фродо пишиллаб ётган Сэмга қараб.

- Душман ушбу сирингни биздан била олмайди, - тинчлантирди уни Гилдор.

- Душман? - ҳайрон бўлди Фродо. - Демак Ширни нима сабабдан тарк этаётганимни ҳам билар экансан-да?

- Душман сизларни нима сабабдан таъқиб қилиб келаётганини билмайман, - жавоб берди Гилдор, - лекин изларингга тушганига ишончим комил. Огоҳлантириб ўтишим жоизки, хавф сизларни олдинда ҳам, ортда ҳам, икки ёнингизда ҳам таъқиб қилиб боради.

- Анави Қора отлиқларни назарда тутяпсанми? Ўйлашимча, улар душманга хизмат қилади. Ким ўзи улар, ўша Қора отлиқлар?

- Гэндальф ҳеч нима демаганмиди улар ҳақда?

- Йўқ, менга ҳеч нима айтиб бермаган.

- Демак, мен ҳам гапирмаслигим керак, акс ҳолда қўрқув ҳисси сизларга машаққатли сафарингизни охирига етказишга ҳалал беради. Назаримда, агар кеч қолмаган бўлсанг, Ширдан ўз вақтида чиқиб кетгансан. Ортга қайтмай, олға илдамлашинг керак. Энди Шир сени ҳимоя қила олмайди.

- Шамали гапинг-у, огоҳлантиришингдан-да қўрқинчли нарсаларни тасаввур қила олмай қолдим! - хитоб қилди Фродо. - Йўлда мени хавф-хатар кутаётганини билар эдим, албатта, лекин унга Шир ҳудудидаёқ дуч келишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Наҳотки энди ҳоббит ўз ўлкасидаги бир дарёдан бошқа дарёгача хотиржам юра олмаса?!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:49   #34  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Афтидан, тонг қуёшининг ёруғи Пинга яхшигина далда берган кўринади, Қора отлиқларнинг бутун бошли қўшини билан тўқнаш келиш истиқболи уни чўчитмаяпти.

- Мумкин, - жавоб берди Фродо, ўша отлиқлар ҳақида ўйлашни истамай. - Лекин умид қиламанки, дарёни кечиб ўтгунимизча улар бизни кўришмайди.

- Улар ҳақда Гилдордан бирон нима сўраб билдингми?

- Кўп эмас. Шама-ю, жумбоқлардан нари ўтмади, - мужмал жавоб берди Фродо.

- Сафаримиз ҳақида-чи, сўрадингми?

- Бу ҳақда гап очилмади, - иқрор бўлди оғзини нонга тўлдириб олган Фродо.

- Очиш керак эди. Ишончим комилки, бу жуда муҳим мавзу.

- Ўйлашимча, Гилдор бирор-бир тушунтириш бермаган бўлар эди, - кескин оҳангда жавоб берди Фродо. - Энди илтимос сендан, бироз тинч қўй мени, нонушта қилиб олай. Оғзимда егулик билан сенинг бир олам саволингга жавоб бера олмайман. Ўзимнинг ҳам ўйлаб кўрадиган нарсаларим бор!

- Ё, фалак! - хитоб қилди Пин нари кетар экан. - Нонушта вақтида ўйлаш-а!

Мана бу «хиёнаткор ёрқин тонг» Фродо ўйлагандай, таъқиб қилувчилар олдидаги қўрқувни онгидан қувиб чиқармади. Ҳозир у Гилдорнинг сўзларини фикр тарозисидан ўтказиб ўтирибди. Сал нарида Пин қувноқ қўшиқ бошлаб қолди.

«Йўқ, ундай қила олмайман! - эътироз билдирди Фродо ўзига ўзи. - Ёш дўстинг билан Шир бўйлаб сайр қилиб юриш, толиқиб, очқаганингда тайёр овқатни еб, юмшоққина кўрпага кириб ухлаш бошқа, юртдан бирга қочиб чиқиб, бегона ўлкаларда оч-наҳор юрган бошқа. Бу фақат менинг қисматим. Ҳатто Сэмни ҳам олиб кетмаслигим керак ўзим билан».

Сэмга қараб қўйган Фродо ушбу ҳамроҳининг диққат-ла разм солиб ўтирганини кўрди.

- Хўш, қалайсан, Сэм? - қизиқди Фродо. - Мен Ширни имкон қадар тезроқ ташлаб чиқаман. Гэндальфни кутиб ўтиргани бир кун бўлсин, вақтим бўлмайди.

- Жуда яхши, сэр!

- Сен ҳалиям мен билан бирга йўлга чиқиш ниятидамисан?

- Ҳа, сэр.

- Сафаримиз жуда хавфли кечади, Сэм, жуда хавфли. Бирортамиз омон қайтишимиз амри маҳол.

- Сиз қайтмайдиган бўлсангиз, мен ҳам қайтмайман, сэр, - деди Сэм. - «Уни ёлғиз қолдирма» - дея тайинлашди улар менга. - «Ёлғиз қолдириш? Нималар деяпсиз, хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Ойга чиқса ҳам ёнида бораман. Агар анави Қора отлиқлар мистер Фродони йўлдан тўхтатишга уринадиган бўлишса шахсан ўзим адабларини бериб қўяман», - дея жавоб бердим. Улар эса роса мириқиб кулишди.

- Улар деганинг ким? Кимлар ҳақида гапиряпсан?

- Эльфлар ҳақида, сэр. Тунда бироз суҳбатини олдим уларнинг. Афтидан, эльфлар иккаламиз Ширни тарк этишимиздан бохабар, шекилли, сир тутиб ўтирмадим. Ажойиб халқ экан эльфлар, сэр! Ажойиб!

- Ҳа, ажойиб, - маъқуллади Фродо. - Мана, уларни яқиндан кўрдинг, танишдинг, илгаригидай ёқтирасанми уларни?

- Эльфлар, нима десам экан, - аста жавоб берди Сэм. - Менинг уларга бўлган муҳаббатибдан ҳам юксак халқ экан. Улар ҳақида қандай фикрга борганимнинг аҳамияти йўқ. Эльфлар мен кутгандай эмас экан. Кекса-ю, ёш, қувноқ ва ғамгин.

Фродо Сэмга ҳайрат-ла қараб, ҳамроҳида юз бераётган ғалати ўзгаришлар сабабини идрок этишга уриниб кўрди. Рўпарасида ўтирган ҳоббит ғайриоддий тарзда ўй суриб қолган ўша Сэм Скромби бўлишига қарамай, овози бошқача чиқиб, Сэмнинг таниш овозига ўхшамади.

- Эльфларни кўриш орзуинг ушланди-ю, Ширни тарк этиш ниятидан қайтарсан энди?

- Йўқ сэр, ундай ниятимдан қайтмайман. Қандай изоҳлаб беришни билмайман-у, эрталаб туриб ичимда нимадир ўзгарганини ҳис этдим... Олдинга, келажакка назар солгандай бўлдим. Зулмат ичра узоқ юришимиз кераклигидан хабарим бор, лекин ортга чекина олмайман. Гап менинг эльфларни, аждар ёки ҳақиқий тоғларни кўриш истагимда эмас. Тўғрисини айтганда, нима истаётганимни ўзим ҳам билмайман, лекин мен қандайдир ишни бажаришим кераклигини ва у ишнинг ижроси Шир ташқарисида бўлишини биламан. Мен узоқ йўл босиб ўтишим керак, сэр, агар нима демоқчи бўлганимни тушунган бўлсангиз.

- Тўлиқ тушунмадим, лекин шуни англадимки, Гэндальф менга яхши дўст танлаб берибди. Сендан мамнунман, майли, сафарга бирга чиққанимиз бўлсин.

Фродо ортиқ гапирмай нонуштани охирига етказгач, ўрнидан туриб йўлга қаради-да, Пинни чақирди.

- Ҳамма нарса тайёрми, сафаримизни давом этишга? - сўради у, югуриб келган Пиндан. - Зудлик билан йўлга чиқишимиз керак. Биз ҳаддан ортиқ узоқ ухладик, олдинда эса яна бир неча миля кутяпти бизни.

- Биз эмас, сен узоқ ухладинг, - аниқлик киритди Пин. - Уйғонганимга анча бўлди. Сэм иккаламиз боядан буён энангни уйида ўтиргандай узоқ нонушта қилишинг-у, ўйлаб ўйингга етишингни кутиб ўтирибмиз.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:51   #35  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
- Ўйлаб бўлдим. Баклбери-Ферига имкон қадар тезроқ етиб боришга аҳд қилдим. Кечагидек йўлдан бормаймиз, тиккасига кесиб чиқамиз.

- Ундай бўлса юриш эмас, учишимизга тўғри келади, - деди Пин. - Тиккасига пиёда юриб бўлмайди.

- Шунга қарамай, тўғри йўлдан эмас, қисқа йўлдан борамиз. - Ферри Вудхоллнинг шарқида жойлашган, лекин йўл чапга бурилган, ана, шимол томонда унинг муюлиши кўриняпти. Йўл Маришнинг шимолий четини айланиб ўтиб, сой кўпригига олиб борадиган тош йўлга бориб тақалади. Бироқ бу йўл сафаримизни бир неча миляга чўзиб юборади. Агар Феррига шу ердан тиккасига кесиб чиқадиган бўлсак, йўлни тўртдан бир қисмига қисқартирган бўламиз.

- Тикка кетган ушбу қисқа йўл вақтимизни олади, - таъкидлаб ўтди Пин. - Ҳудуд нотекис бўлиб, ботқоқлик ва бошқа турдаги табиий тўсиқлардан иборат. Бу ерларни яхши биламан. Агар сен анави Қора отлиқларга рўбару келишдан хавотир олаётган бўлсанг, фикримча, улар билан ўрмон ёки далада эмас, катта йўлда тўқнаш келган маъқул.

- Бизни ўрмон ёки далада топиш қийинроқ кечади, - жавоб берди Фродо. - Модомики, улар бизни йўлда излаб топишган экан, бундан буёғига ҳам катта йўлда қидиришади.

- Яхши, - маъқул топди Пин. - Сенинг ортингдан ҳар қандай чуқур-у, ботқоққа кириб кетишга тайёрман. Бироқ яна бир огоҳлантириб қўяй: йўл қийин кечади! Тўғри йўлдан бориб, қуёш ботгунча Сой соҳилидаги «Яшил қўноқ» меҳмонхонасига етиб олишга умид қилган эдим. У ернинг майхонасида шарқий Ширнинг энг зўр пивоси сотилади. Ичмаганимга анча бўлди уни.

- Дарҳақиқат, қисқа йўл вақт олса, меҳмонхонага ташрифинг вақтимизни баттар ўлдиради, - деди Фродо. - Нима қилган тақдирда ҳам сени «Яшил қўноқ»қа киритиб бўлмайди. Қош қорайгунча Баклберига етиб олишимиз шарт. Нима дединг, Сэм?

- Мен сиз билан, мистер Фродо, - жавоб берди Сэм, гарчи юзи Шир шарқидаги энг зўр пиводан қуруқ қолаётгани учун ачинаётганини айтиб турган бўлса-да.

- Модомики, бугунги қисматимизга ботқоқлиг-у, чангалзордан ўтиш ёзилган экан, бўлган ишнинг бўлгани маъқул, шошилайлик! - таклиф киритди Пин.

Бугун кечагидай иссиқ, лекин ғарб осмонидан булут сузиб келмоқда. Афтидан, ёмғир ёғадиганга ўхшайди. Ҳоббитлар тўғри йўлни қўйиб, бўм-бўш ўрмон томон одимлашди. Улар Вудхоллни ҳаракат йўналишининг чап томонида қолдириш, дўнгликнинг шарқий қиялигидаги ўрмонни кесиб ўтиб, сайхонликка чиқишни ният қилишган. Шунда улар очиқ жой бўйлаб юриб, тикка Феррига боришлари мумкин. Йўлда бир нечта зовур ва чакалак деворларни енгиб ўтишга тўғри келади. Фродонинг ҳисоб-китобига кўра тикка кесиб чиқадиган йўналиш бўйлаб ўн саккиз миля йўл юришади.

Кўп ўтмай йўловчилар бир қарашда ўтиш осондай кўринган ўрмон қалинлашиб, чигаллашиб кетаётганини фаҳмлашди. Етилмаган дарахтлар ораси зич бўлиб, сўқмоқ йўқлиги боис олға илгарилаш суст кечмоқда. Дара тубига етишгач, қирғоқлари тик кўтарилган чуқур сойликдаги дўнгликдан оқиб тушаётганча йўлларини кесиб ўтаётган жилғани кўришди. Уни ҳатлаб ўтишнинг иложи йўқ, кечиб ўтиладиган бўлса кийим хўл бўлиб, лойга беланади.

- Биринчи ғов! - кулиб боқди Пин.

Атрофга аланглаган Сэм Скромби дарахтлар орасидан ҳозиргина тарк этилган дўнглик чўққисига эътибор қилди.

- Анавини қаранг! - деди у Фродонинг қўлидан тутиб.

Учовлон Сэм кўрсатган томон қараб, юқорида, кўм-кўк осмон тусида баҳайбат от ва унинг ёнида турган қора кийинган кишини кўрди.

Ортга қайтиш фикри шу заҳоти барҳам топди. Йўл бошлаб бораётган Фродо зудлик билан жилға қирғоғидаги қалин буталар орасига шўнғиди.

- Жин урсин, иккаламиз ҳам ҳақ бўлиб чиқдик! - деди у Пинга. - Тиккасига кесиб чиқадиган йўл узоқ чўзиладиган бўлди, лекин биз вақтида бекиниб олибмиз. Қулоғинг яхши эшитади, Сэм: бирор бир шубҳали товуш эшитилмаяптими?

Улар нафас чиқармай тек қотганча атрофга қулоқ тутишди. Таъқиб аломати эшитилмади.

- Бу ёққа туша олишига шубҳа қиламан, лекин биз қаердалигимизни билса керак, - тахмин қилди Сэм. - Бу ердан тезроқ кетганимиз маъқул.

Юриш осон кечмаяпти. Дарахт новдалари, бута шохлари сафар қопига илиниб юришга тўсқинлик қилмоқда. Қиялик уларни шамолдан тўсган, сойликдаги ҳаво дим бўлиб, ҳаракатсиз қотган. Нисбатан очиқ жойга етгунча толиқиб, терлаган йўловчиларнинг аъзойи-бадани роса тимдаланди. Боз устига, танланган йўналиш тўғри эканлигига шубҳа қилиб қолишди. Дара қиялиги янада тик кўтарилиб, нисбатан текис ерга етган жилға кенгайиб, чуқурлашиб, катта ариққа айланди.

- Боя мен айтган Сойнинг бошланиши-ю, бу! - деди Пин. - Танланган йўналишни сақлаб боришни истасак, сув кечиб ўтишга тўғри келади.

Сойни кечиб ўтган ҳоббитлар ўрмонсиз, онда-сонда бута ўсган очиқ жойда шоша-пиша одимлаб кетишди. Ушбу яланглик тугаб, яна ўрмон бошланди. Бу ерда асосан эман ўсиб, баъзан якка қайрағоч ёки шумтол кўриниб қолмоқда. Ҳудуд текис, етилмаган ниҳоллар йўқ, мавжуд дарахтлар йирик бўлиб, теварак-атрофни кузатиб бориш имкони чекланган. Қисқа вақтга кучайиб бораётган шамол йўловчиларнинг боши устидаги баргларни шитирлатмоқда. Булут қоплаган осмондан баъзан ёмғир ёғиб, тинмоқда. Бироздан сўнг шамол тиниб, ёмғир кучайди. Баъзи-баъзида орқага қараб, индамай одимлаётган ҳоббитлар майса ва хазон кўрпасини тепалаганча, рутубатли ҳавода имкон қадар тез юришга ҳаракат қилишмоқда.

- Умид қиламанки, жануб томон кўп оғмадик, йўлимиз ҳам ўрмоннинг узунаси бўйича кетаётгани йўқ, - деди Пин ярим соатдан сўнг. - Ушбу ўрмон минтақаси кенг эмас, эни бир милядан ошмайди. Тахминимча, ҳозир биз уни кесиб чиққан бўлишимиз керак эди.

- Айланма юрган бўлсак чатоқ. Йўналишимиз тўғрилигини текшириб кўришимиз керак, кутилмаганда очиқ жойга чиқиб қолишни истамайман - деди Фродо.

Учовлон яна бир неча миля йўл юрди. Ёмғир тиниб, булутлар орасидан қуёш кўринди. Кун ярмига етиб, овқатланиш вақти бўлганини ҳис этишди. Ҳоббитлар барги сарғайган бўлса ҳам ҳали тўкилмаган, таги қуруқ улкан бужун остига жойлашиб ўтиришди. Егулик тугунини очишар экан, эльфлар уларнинг идишларини хира тилла тусли ичимликка тўлдиришганига аҳамият беришди. Таъми жуда ёқимли ушбу ичимликдан асал ҳиди келади. Бироздан сўнг ҳоббитларнинг юзига кулги югуриб, ёмғир ва анави Қора отлиққа доир ҳазил-мутойиба қилиб ўтиришди. Кўп ўтмай улар бироз кучга тўлиб, сўнгги бир неча миляни ортда қолдира олишларини ҳис этишди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 29.09.2019 08:53   #36  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Дарахтга суянган Фродо кўзини юмди. Сэм билан Пин эса қўшиқ чўзиб қолишди:

Улисин шамол ойга қараб ёвуз ўрмонда,
Жимжитликни аямай қувиб соламан,
Қора гумбаз юлдузи милтиллайди устимда,
Ўтмишда айтишгандай қўшиқ чўзаман.

Ўкирсин ўксиб ўрмон, қуйсин оламга жала,
Мардонавор одимлаб, фақат олға бораман,
Сув идишда нима бор, дўстим бир қара,
Йўл азоби осон кечсин, қониб ичаман.

- Йўл азоби осон кечсин, қониб ичаман! - янада баландроқ куйлашди улар.

Фродо кутилмаганда оёққа сакраб турди. Сэм билан Пин қўшиқ айтишни бас қилишди. Нимадир паст овозда узоқ улиб, ўрмонда ёлғиз яшайдиган ёвуз махлуқни эслатди. Улиш товуши кўтарилди, пасайди ва баланд нотада кескин тўхтади. Ҳоббитлар эсанкираб, қўрққанидан гапиролмай туришар экан, олисдан анави улишга жавобан нисбатан паст, киши томиридаги қонни баттар музлатиб юборадиган бошқа улиш эшитилди. Шундан сўнг ўрмонга шамол шовқини-ю, баргларнинг шитирлаши билан бузиб борилаётган сукунат чўкди.

- Нима эди у? - сўради ниҳоят Пин, енгил титраётгани билинаётган бўлса-да, вазмин оҳангда гапиришга уриниб. - Агар қуш бўлса, бундай сайрайдиган қуш овозини Ширда ҳали эшитмаганман.

- Қуш ҳам, ҳайвон ҳам эмас эди у, - деди Фродо. - Кимдир шеригини чақирди, ё унга сигнал берди. Ушбу қичқириқ, гарчи аниқ тушунмаган бўлсам-да, ишончим комилки, сўзлардан иборат бўлди. Шуни айтишим мумкинки, ҳоббитнинг овози эмас эди.

Бу ҳақда бошқа гап очилмади. Учала ҳоббитнинг хаёлига келган фикр Қора отлиқлар бўлди-ю, бир-бирига индамай қўя қолишди. Пана жойдан чиқишни хоҳлашмаса-да, эртами-кечми очиқ майдонни кесиб ўтишлари керак бўлгани боис, бу ишни куннинг ёруғида бажарган маъқул деб топишди. Йўловчилар сафар қопларини кўтариб, зудлик билан йўлга чиқишди.

Кўп ўтмай ўрмон кескин узилиб, ҳоббитларнинг қаршисида майса ўсган кенг сайхонлик очилди. Улар чиндан ҳам жануб томон кўп оғиб кетишганига ишонч ҳосил қилишди. Олисда, дарёнинг нариги соҳилида фақат энди чап қўлда Баклберининг пастқам дўнгликлари кўринди. Дарахт панасидан аста чиққан ҳоббитлар очиқ сайҳонликда имкон қадар тезроқ одимлай кетишди.

Ўрмондан чиққан дастлабки паллада ҳоббитлар бироз қўрқиб юришди. Ортда, олисда, учаласи нонушта қилган дўнглик кўринди. Фродо у ерда Қора отлиқнинг шарпасини кутди, лекин ҳеч нима кўзга ташланмади. Эрталабдан буён булут ортига бекиниб келган қуёш оламни яна ёрқин ёритмоқда. Хавотир ҳисси батамом тарк этмаган бўлса-да, ҳоббитларнинг вужудини қамраб олган қўрқув ҳар қалай анча чекинди. Ерга ишлов берилиб, теварак-атроф парвариш қилинган аломатлар кўзга ташлана бошланди. Кўп ўтмай экин майдонлари, яйловлар бошланиб, боғ эшиклари, зовурлар кўринди. Ширнинг оддий бир бурчаги каби атроф тинч-хотиржам тус ола бошлади. Қишлоққа ўтиладиган дарё яқинлашган сари йўловчиларимизнинг кайфияти кўтарилиб, Қора отлиқлар уларнинг тасаввурида ўрмонда қолиб кетган мудҳиш арвоҳларга айланиб борди.

Ҳоббитлар кенг шолғом даласидан ўтиб, мустаҳкам ўрнатилган боғ эшигига етишди. Эшик ортида икки четида чакалак девор ўсган бўлиб, ҳув наридаги дарахтзорга олиб борадиган узундан-узоқ йўл чўзилган.

- Бу эшик ва анави дала эгасини танийман, - деди Пин тўхтаб. - Бу ер Бэмфарлонг деб аталиб, қария Бирюкнинг мулки ҳисобланади. Анави дарахтзор ортида унинг фермаси бор.

- Шамолдан қочиб, довулга учрабмиз-да! - деди ранги бўздай оқарган Фродо, ҳудди Пин мана бу йўл аждар маконига олиб боришини эълон қилгандай чўчиб.

Ҳамроҳлар Фродога ҳайрат-ла бақрайишди.

- Қария Бирюк нима ёмонлик қилди сенга? - қизиқди Пин. - У Брендизайклар уруғининг қадрдон дўсти саналади-ю. Тўғри, у ўғриларнинг адабини бериб, ёвузлашган ит галасини боқади. Лекин буни тўғри тушуниш керак, чунки бу ер чегара ҳудуди бўлиб, хушёр юришга тўғри келади.

- Биламан, - деди Фродо. - Лекин шунга қарамай мен Бирюкнинг ўзидан ҳам, унинг итларидан ҳам қўрқаман. Кўп йиллардан буён мен уни ва унинг фермасини четлаб ўтадиган бўлиб қолганман. Брендихолл қишлоғида яшаб юрган болалик кезларимда унинг ҳудудида қўзиқорин тераётганимда бир неча бор тутиб олган мени. Сўнгги бор қўлга тушганимда мени роса савалаб, итларига обдон искатди-да: «Мана бу йигитчанинг сассиқ ҳидини яхшилаб эслаб қолинглар, ҳайвонлар. Агар ушбу валакисаланг яна бир бор менинг еримга оёқ босгудай бўлса, товонини тишлаб узинглар. Қани, бир қувиб солинглар-чи энди уни», - дея тайинлади. Итлар мени Ферригача қувиб боришди. Бунчалик қўрқмаган эдим, гарчи итлар ўз ишини билиб, менга тегишмаган бўлса-да.

Пин мириқиб кулди.

- Нима ҳам дер эдим. Модомики, Бакленд вилоятига кўчиб ўтишга аҳд қилган экансан, орани очиқ қиладиган вақт етибди, - деди у. - Қария Бирюк яхши йигит, агар биров унинг қўзиқоринларига тегмаса, албатта. Мана бу йўлдан борсак ўғрига ўхшамаймиз. Агар унга дуч келадиган бўлсак, ўзим гаплашиб қўяман у билан. Бирюк Меррининг дўсти бўлади. Мен у билан бир неча марта келганман бу ерга.

Учовлон дарахтлар ортидаги, томига қамиш босилган уйни кўргунча келаётган йўлдан юрди. Бирюклар Мариш аҳолисининг аксарият қисми ва сойлик Узуноёқлар каби ер остида эмас, ер устига қурилган уйда яшашади. Бирюкнинг фермаси ғиштдан кўтарилган бўлиб, атрофи баланд девор билан ўралган. Йўл ушбу девор орасига ўрнатилган катта дарвозага бориб тақалди.

Сайёҳлар яқин келишлари билан ичкарида итларнинг баланд вовуллаши-ю, кимнингдир ингичка овозда:

- Гринг, Фэнг, Вулф! Олға! - дея қичқиргани эшитилди.

Фродо билан Сэм турган жойида қотиб қолишди, Пин яна бир неча қадам одимлади. Дарвоза очилиб, ичкаридан учта йирик ит отилиб чиқди. Дарғазаб акиллаётган итлар Пинни назар-писанд қилмай, тикка Фродо билан Сэм томон елишди. Иккитаси Сэмни ўраб олган бўлса, энг йирик, бақувват ит Фродонинг олдига югуриб келиб, қилт этиши билан баланд ириллаб турди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:54   #37  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Дарвоза остонасида гирдиғумгина, юмалоқ юзи қизғиш тус олган ҳоббит кўринди.

- Салом! Салом! - кўришди у. - Ким бўласизлар? Нима керак сизларга бу ерда?

- Хайрли кун, мистер Брюк! - кўришди Пин.

Кекса фермер Пинга диққат-ла разм солди.

- Ҳа, танидим сизни, мистер Пин, йўғ-е, мистер Перегрин Тук! - хитоб қилди қария, бадқовоқ юзи қувноқ қиёфа касб этиб. - Кўпдан буён кўринмай қолдингиз бу ерларда. Бахтингизга таниб қолдим сизни. Бегоналарга ит солишга аҳд қилиб чиққан эдим. Бу ерда бугун ғалати нарсалар содир бўляпти. Тўғри, ғалати махлуқотлар илгари ҳам ўтган бу ерлардан. Дарё яқин, - имо қилди у. - Аммо анави йигит ҳаддан ортиқ ғалати экан, шу ёшга етиб унақасини кўрмаган эдим. Иккинчи ўтмайди энди у менинг еримдан, агар уни тўхтата олсам.

- Қанақанги йигит экан у? - сўради Пин.

- Наҳотки учратмаган бўлсангиз? - хайрон бўлди фермер. – Яқинда катта йўлдан шу томон бурган эди. Ғайриоддий кийинган бўлиб, саволлари ҳам ғайриоддий эди. Балки ичкарига кирарсизлар, нисбатан қулай вазиятда суҳбат қурармиз? Мазали пивом бор, ичиб ҳузур қиласиз, мистер Тук, агар сиз ва дўстларингиз таклифимни рад этмасангиз, албатта.

Фермернинг ичи гапга тўлиб қолган шекилли, ўзи билганча сўзлаб бериш имкони бўлса, кўп нарсаларни айтиши мумкинлиги кўриниб турибди.

- Ит масаласи нима бўлади? - хавотир-ла қизиқди Фродо.

- Мен буюрмагунча тегмайди сизга, - деди қария кулиб. - Гринг! Фэнг! Олдимга! - қичқирди у. - Вулф! Олдимга!

Нари кетган итлар ҳоббитларга эътибор қилмай қўйишди.

Пин дўстларини фермерга таништирди.

- Марҳамат қилиб танишинг, мистер Фродо Бэггинс! - деди у. - Балким эсингизда йўқдир, лекин илгари у Брендихолл қишлоғида яшаган.

Бэггинс фамилиясини эшитган фермер сесканиб тушиб, Фродога диққат-ла разм солди. Фродонинг хаёлига келган фикр: ҳозир фермер бир замонлар ўғирланган қўзиқоринларини эслаб, яна ит солиши бўлди. Бироқ фермер ит солиш ўрнига қўл узатди.

- Чиндан ҳам ғалати нарсалар! - хитоб қилди у. - Ростдан ҳам мистер Бэггинсмисиз? Ичкарига киринг, сиз билан алоҳида гаплашиб олишимиз керак.

Меҳмонлар ошхонага кириб, ўчоқ яқинига жойлашиб ўтиришди. Миссис Брюк катта кўза тўла пиво келтириб, тўртта қадаҳга қуйиб чиқди. Пиво чиндан ҳам мазали бўлиб, «Яшил қўноқ»қа кириб чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган Пин ачинмади. Сэм эса пивони шубҳа ила таътиб кўрди. У Шир ўлкасининг бошқа бурчакларида яшайдиганларга ҳамиша шубҳа ила қараб келган. Боз устига, ҳозир у соҳибини кўп йиллар муқаддам бўлса-да, калтаклаган кишига нисбатан дўстона муносабат билдиришни хаёлига ҳам келтирмай ўтирибди.

Бу йилги об-ҳаво ва кўзланган ҳосил мавзуси бироз муҳокама қилингач, фермер Брюк қўлидаги қадаҳни столга қўйиб, ҳаммага бирма-бир разм солиб чиқди.

- Хўш, мистер Перегрин, қаердан келяпсиз-у, қай томон йўл оляпсиз? Наҳотки ҳолимдан хабар олгани келган бўлсангиз? - сўради у. - У ҳолда сиз негадир асосий дарвозадан сездирмай ўтдингиз.

- Тўғрисини айтганда, биз бошқа томондан, экин далаларингиз томонидан келдик. Бироқ бу тасодифан рўй берди. Чунки биз Феррига тезроқ етиб боришни кўзлаб, Вудхолл ўрмонида адашиб қолдик.

- Шошилган бўлсангиз Сой орқали боришингиз керак эди, - таъкидлаб ўтди фермер. - Бироқ мени хавотирга солган нарса бу эмас. Менинг ерларимда истаганингизча юришингиз мумкин, мистер Перегрин. Сизга ҳам тааллуқли бу, мистер Бэггинс, агар илгаригидай қўзиқоринларимни хуш кўрсангиз ҳам, - кулиб боқди қария. - Сизни яхши эслайман. Ёш Фродо Бэггинс Бакленд вилоятининг учига чиққан безориси бўлганини ҳам эслайман. Ҳозир мен қўзиқоринлар ҳақида ўйлаётганим йўқ. Бэггинс фамилиясини бу ерга кириб келмасингиздан олдин эшитганим ҳақида ўйлаяпман. Нима деб ўйлайсиз, анави ғалати йигит мендан нималарни сўраган бўлиши мумкин?

Меҳмонлар хавотир-ла ҳикоянинг давомини кутишди.

- Хўш, - давом этди қария, ҳикоясининг асосий мазмунига шошилмай яқинлашиб, - у қоп-қора баҳайбат от миниб келди. Очиқ дарвозадан бемалол ўтиб, эшигим олдида тўхтади. Эгнидаги кийими ҳам қоп-қора. Биров уни эслаб қолмаслиги учун бўлса керак, бошига ҳам қора қайтарма қалпоғини ташлаб олган. «Ширда нима керак экан унга?» - хаёлдан ўтказдим мен. Чегара яқинида яшар эканмиз, новча халқ вакилларини тез-тез кўриб турамиз, лекин бунақасини хали учратмаганман.

«Хайрли кеч! - сўрашдим мен унга яқинроқ бориб. - Бу йўл менинг уйимга элтади холос, агар бошқа манзилни кўзлаган бўлсангиз, ортга қайтганингиз маъқул» - дедим мен унга. У йигит менга ёқмади: Гринг ҳам яқинроқ бориб ҳидлаб кўргач, думини икки пути орасига қисиб, тепки егандай ангиллаганча нари қочди. Қора бегона эса эгарда хотиржам ўтирганча қолди.

«Мен анави томондан келдим, - деди у, гапириши ниҳоятда қийин кечганча, экин майдонларим томон ишора қилиб. - Бэггинсни кўрдингизми?» - ғалати оҳангда сўради у мен томон эгилиб. Қайтарма қалпоғи паст тушгани учун юзини кўра олмадим. Этим жимирлаб кетди, лекин нима учун бу киши бировнинг даласида бемалол юриши мумкинлигини тушунмадим.

«Кетинг бу ердан! - дедим унга мен. - Бэггинслар йўқ бу ерда. Ширнинг тескари томонида қидиряпсиз сиз уни. Ҳоббитонга бориб сўранг. Фақат бу сафар тўғри йўлдан боринг»

«Бэггинс Ҳоббитондан кўчиб кетибди, - пичирлаганча жавоб берди у. - Аниқланишича, шу томон келяпти. Сизнинг ерларингиз орқали ўтса, менга хабар берасизми? Келаси сафар олтин билан қайтаман»

«Керак эмас менга сенинг олтининг, - дедим мен унга. - Туёғингни шиқиллат бу ердан. Бир дақиқа вақт сенга. Кейин ортингдан ит соламан».
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:57   #38  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Қора кийинган киши ҳуштакка ўхшаш овоз чиқарди. Балким шу тариқа кулгандир, билмадим. Шундан сўнг у отини мен томон йўналтирди, базўр чап беришга улгуриб қолдим. Този итларимни чақирдим. У отини қайтариб дарвозадан чиқди-да, йўлдан яшин тезлигида от чоптириб кетди. Нима деб ўйлайсиз бу борада?

Фродо ўчоқда ёнаётган ўтга қараганча ўтирибди. Ҳозир уни ўйга толдирган ягона фикр – Феррига соғ-саломат етиб бориш муаммосидир.

- Нима дейишга ҳам ҳайронман, - деди у ниҳоят.

- Унда мен айтаман, - деди Бирюк. - Ҳоббитон аҳолисига илашмаслигингиз керак эди, мистер Фродо. Жуда ғалати ҳоббитлар улар.

Сэм ўтирган жойида бир типирчилаб, фермерга ёвқараш қилиб қўйди.

- Сиз ҳамиша бемулоҳаза бўлгансиз, - койишни давом этди қария. - Брендизайкларни тарк этиб кекса мистер Бильбонинг уйига кўчиб ўтаётганингизни эшитган куним ўзингизга ўзингиз ташвиш орттириб кетаётганингиз ҳақида индамай қўя қолдим. Ўшанда айтган гапларимни эсланг, буларнинг бари мистер Бильбонинг ғалати ишлари туфайли бўляпти. Миш-миш гапларга қараганда у ўз бойлигини ёт юртда сеҳр воситасида қўлга киритган эмиш. Балким кимдир унинг Ҳоббитондаги уясига кўмиб яширган олтинлари-ю, жавоҳирларининг пайига тушгандир.

Фродо индамади. Фермернинг гапга тўн кийдириб айтган фикри, умуман олганда, ҳақиқатдан йироқ ҳам эмас.

- Лекин кеч бўлса ҳам, Баклендга қайтишга фаросатингиз етганидан хурсандман, - ўзиникини маъқуллаганча туриб олди қария. - Сизга маслаҳатим шуки: она юртингизда қолиб, ажнабийлар билан илашиб юрманг. Шу ерда ҳам дўст топилади сизга. Анави қора кийинганлардан яна бирортаси пайдо бўлса менга рўбару келиши муқаррар. Мен уларга омонатингизни топширганингиз ёки Ширни тарк этиб кетганингизни айтаман, нима десангиз шу бўлади. Эҳтимол улар кекса мистер Бильбо ҳақида бирон нима билишни хоҳлашаётгандир.

- Балким чиндан ҳам сиз ҳақдирсиз, - деди Фродо нигоҳини фермердан яна оловга олиб ўтиб.

Бирюк ўйга толганча Фродога қараб қолди.

- Ўйлаб қўйган режангиз борлигини кўриб турибман, - деди у ниҳоят. - Шуниси аёнки, сиз билан анави Қора отлиқ бу ерга бир кунда кириб келганингиз тасодиф эмас. Мен вайсаб ўтирган гаплар сиз учун янгилик бўлмаса ҳам керак. Хаёлингизга намалар келганини сўраб ҳам ўтирмайман. Балким Феррига етиб боришингиз осон кечмаслиги ҳақида ўйлаётгандирсиз?

- Ҳа, айнан шу ҳақда ўйлаётган эдим, - иқрор бўлди Фродо. - Лекин осон кечадими у ерга етиб боришим, қийинми, барибир йўлга чиқишимиз керак. Бу ерда хаёл суриб ўтиргандан фойда йўқ. Сизга катта раҳмат, биз энди йўлга чиқайлик. Ўттиз йилдан буён мен сиздан ва итларингиздан қўрқиб келган эдим, фермер Бирюк, гарчи бу гап сизга кулгили эшитилса-да. Минг афсус, бу билан мен содиқ бир дўстни йўқотган эканман. Энди эса бу ердан, тўғрисини айтсам, кетишни истамаяпман. Кун ўтиб бир кун қайтарман, уддалай олсам агар.

- Ва қувонч-ла қарши олинасиз, - деди Бирюк. - Лекин ҳозир менда бир таклиф бор. Кўп ўтмай қош қораяди. Бу вақтда биз овқатланиб, кун ботгач, уйқуга ётамиз. Агар сиз, мистер Перегрин ва қолганлар кечки овқатни биз билан бирга баҳам кўрсангиз, бошимиз осмонга етган бўлар эди.

- Биз ҳам ҳеч шубҳасиз, ниҳоятда мамнун бўлар эдик! - жавоб берди Фродо. - Лекин афсуски ҳозироқ йўлга чиқишимиз керак. Шундай қилган тақдирда ҳам Феррига қоронғи тушганда етиб борамиз.

- Бир дақиқа! Келинг мундоқ қилайлик: кечки овқатдан сўнг пониларимга соябонли аравамни қўшиб, сизларни Феррига элтиб қўяман. Бу сизнинг вақтингизни тежаб, ортиқча хавотирдан халос этади.

Пин билан Сэмни қувонтирган Фродо ушбу таклифга мамнуният-ла рози бўлди. Кун ботиб, ғарб дўнгликларида қоронғи тушди. Бирюкнинг икки нафар ўғли билан уч нафар қизи ичкаридан чиқиб ўлчами ўртача хонтахтага бой дастурхон тузашди. Ўчоққа ўтин ташлаб, ошхона фонусларини ёқишди. Миссис Бирюкнинг қўл-оёғи тинмади. Фермада ишлаётган бир неча нафар ҳоббитлар ҳам дастурхон атрофига жойлашишди. Кўп ўтмай хонтахта атрофига йиғилганларнинг бари овқатланишга киришди. Пиво етарлидан кўп узатилди, қўзиқоринли, гўштли таомлар берилди. Итлар ўчоқ ёнида чўзилганча, дастурхондан ортган суяк ва пайларни ғажиб ётишди.

Ҳамма овқатланиб бўлгач, ҳовлига фонус ушлаб чиққан фермер ўз ўғиллари билан пониларга соябонли арава қўшишди. Тун анча қалинлашибди. Меҳмонлар сафар қопларини олиб, аравага чиқишди. Фермер извошчининг курсисига ўтириб, бир жуфт бақувват понига қамчи солди.

- Эҳтиёт бўл, Бирюк, - тайинлади фермернинг остонада қўл силтаб қолган хотини. - Ажнабийлар билан айтишиб юрмай, тез уйга қайт.

- Хўп, - жавоб берди фермер, пониларнинг бошини дарвоза томон буриб.

Қилт этган шабада йўқ: сокин туннинг совуғи сезилди. Арава фонуси ёқилмагани боис ҳаракат суст кечмоқда. Бир-икки милядан кейин ниҳоясига етган тупроқ йўл дарага шўнғиди, пастак дўнгликка кўтарилди ва ўша ерда тош ётқизилган катта йўл билан туташди. Аравадан тушган Бирюк йўлга диққат-ла разм солди-ю, кўзи ҳеч нимани илғамади. Дарёдан кўтарилаётган туман пағалари дарадан кўтарилиб, дала томон сузмоқда.

- Туман қалинлашяпти, - маълум қилди Бирюк. - Лекин аравамни ортга бурагунимча фонус ёқмайман. Йўлда биров пайдо бўлса, эшитамиз.

Бирюкнинг фермаси билан Ферри орасидаги масофа беш миля чиқади. Плашга ўраниб олишган ҳоббитлар теварак-атрофга диққат-ла қулоқ тутиб боришмоқда. Ғилдиракнинг ғачир-ғучири билан туёқнинг дукур-дукуридан бошқа товуш эшитилмади. Фродонинг назарида от-арава шиллиққурдан ҳам секин юргандай туюляпти. Унинг ёнида ўтирган Пин пинакка кетяпти. Ҳамманинг нигоҳи қалинлашиб бораётган туманда.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:59   #39  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Йўловчиларимиз ниҳоят Феррига етиб боришди. Ўнг томондаги оққа бўялган иккита баланд устун паромга кириш жойини кўрсатмоқда. Соябонли от арава ғажирлаганча тўхтади. Йўловчилар аравадан тушиш ҳаракатини бошлашган эди ҳамки, йўл давомида эшитиб қолишдан қўрқиб келишган товуш янгради: олдинда от туёғининг тақир-туқури эшитилди. Афтидан, бегона от ҳоббитларга яқинлашмоқда. Извошчининг ўриндиғидан сакраб тушган Бирюк пониларининг ёнида туриб, олдинга синчиклаб қаради. Тақ-туқ, тақ-туқ... Отлиқ киши яқинлашиб келмоқда. Туёқ товуши ҳаракатсиз туманли ҳавода тобора баланд эшитилмоқда.

- Бекиниб олганингиз маъқул, мистер Фродо, - хавотир-ла таклиф қилди Сэм. - Аравада қолиб, адёлга ўраниб олинг. Биз эса анави отлиқни тегишли жойга жўнатиб юборамиз.

Аравадан тушган Сэм фермернинг ёнига бориб турди. Қора отлиқ аравага етишидан олдин иккаласининг ёнидан ўтиши керак бўлади.

Тақ-туқ, тақ-туқ... Отлиқ киши янада яқин келди.

- Ҳой, сиз! - овоз кўтарди Брюк.

Туёқ товуши тўхтади. Отлиқ киши плашга ўраниб олгандай кўринди.

- Ҳой, сиз! - такрорлади Брюк, жиловни Сэмга тутқизар экан, олдинга одимлаб. - Яқинлашманг! Сизга нима керак ўзи? Қаёққа йўл олгансиз?

- Менга мистер Бэггинс керак, кўрмадингизми уни? - сўради бўғиқ эшитилган овоз.

Мерри Брендизайкнинг овози-ю! Фонус ёниб, шуласи фермернинг ҳайратланган юзини ёритди.

- Мистер Мериадок?! - хитоб қилди қария.

- Мен, албатта! Сиз кимни кутган эдингиз? - сўради Мерри яқинроқ келиб.

Ҳоббитларнинг қўрқуви барҳам топгач, тумандан чиққан Меррининг бўй-басти оддий ҳоббитнинг ўлчамигача кичрайгандай туюлди. Бўйни ва иягини шарф билан ўраб олган Мерри пони эгарлаб келибди.

Фродо аравадан сакраб тушди.

- Мана ниҳоят! - хитоб қилди Мерри. - Бугун ҳам келишмаса керак, деган хаёлга бориб, кечки овқат ҳақида ўйлаб қолган эдим. Туман кўтарилгач Сойликка бориб, бирор-бир хандаққа қулаб тушмаганингизга ишонч ҳосил қилмоқчи бўлдим. Лекин бу томондан пайдо бўлиб келишингизни ўлай агар, кутмаган эдим. Қаердан топиб олдингиз уларни, мистер Бирюк? Товуқхонангизданми?

- Йўқ, шолғом ўғирлашаётган экан, - жавоб берди фермер. - Ит солишимга сал қолди. Бўлган гапни ўзлари айтиб беришар. Энди маъзур тутинг, мистер Мерри, мистер Фродо ва қолганлар, мен борай, миссис Брюк ухламай, хавотир олиб ўтиради. Ҳаммангизга хайрли тун! - деди у от аравасини ортга буриб. - Кунимиз яхши ўтди, ҳатолардан халос бўлмаса-да. Ҳодисалар яхшилик-ла поёнига етса яхши-да. Гарчи бу гапни уйга эсон-омон етиб олгандан сўнг айтган маъқул бўлса-да.

Фермер арава фонусини ёқиб, извошчининг ўрнига ирғиб чиққач, ўриндиқ остидан катта сават чиқарди.

- Ёдимдан кўтарилиб, қайтариб кетишимга сал қолипти-я. Миссис Брюк мистер Бэггинсга эзгу тилаклар-ла мана буни бериб юборган эди...

Саватни ушлатган фермер от қамчилаб, миннатдорлик ва хайрли тун тилаклари остида йўлга чиқди.

Ҳоббитлар туман қаърига кирганча хиралашиб бораётган арава чироқларига қараб туришди. Кутилмаганда Фродо хандон отиб юборди: қўлидаги қопқоғи очилган саватдан қўзиқорин ҳиди гупиллади.

БЕШИНЧИ БОБ. ФОШ БЎЛГАН ФИТНА

- Биз ҳам уйга борайлик энди, - деди Мерри. - Қизиқ бир гап бор-у, уни уйга бориб айтса ҳам бўлаверади.

Ҳоббитлар Ферри қишлоғи томон йўл олишди. Сифатли ётқизилган тўғри йўлнинг икки четига юз йилча муқаддам дарёнинг олисдаги ёғоч бандаргоҳидан келтирилган йирик оқ тошлар терилган. Йўлдан қайиқ боғлаш жойи ҳам, унда турган каттагина ясси паром ҳам кўринмоқда. Сув четидаги оқ рангли кема боғлаш устунлари баланд дўнгликларда ёнаётган бир жуфт фонус ёруғида ярқирамоқда. Тўқ қорамтир сув юзасида бир нечта туман пағалари ҳавода муаллақ осилиб қолибди. Нариги соҳилда туман деярли йўқ.

Мерри понини тахта зина бўйлаб етаклаб паромга тортди. Қолганлар ҳам унинг ортидан эргашди. Узун ходани қўлига олган Мерри паромни соҳилдан туртгач, сол нариги қирғоқ томон ҳаракат бошлади. Брендивайн дарёси паром остида сокин оқмоқда. Нариги қирғоқ тик бўлиб, унда иланг-биланг сўқмоқ кўтарилган. Соҳилда ёнаётган фонуслар ортида Баг-холл дўнглиги кўринмоқда. Туман орасида ушбу дўнгликнинг, яъни Брендизайклар сулоласига қарашли қадимий қишлоқнинг кўплаб деразалари сариқ ва қизғиш тусда ярқирамоқда.

Кўп йиллар муқаддам Маришнинг, умуман олганда Шир ўлкасининг қадимий оилаларидан бири – Побегайклар сулоласининг оқсоқоли Грехендад Побегайк ҳоббитлар юртининг шарқидаги табиий чегара вазифасини ўтаган Брендивайн дарёсининг нариги қирғоғига сузиб ўтиб, соҳилга яқин дўнгликлардан бирида уя қазиди ва бу билан бугунги Брендихолл қишлоғига асос солди. Ўзига Брендизайк фамилиясини олган ўша ҳоббит шу ерга кўчиб ўтгач, кам сонли мухтор жамият соҳибига айланди. Йиллар ўтиб, Брендихолл қишлоғи қуйи дўнгликни батамом эгаллади, унда учта каттагина кириш эшиги, юзлаб катта-кичик деразалар очилди ва шу тариқа Брендизайклар сулоласига мансуб оилалар сони ошиб бораверди. Кейинчалик Брендизайклар ва уларнинг кўп сонли авлодлари атрофдаги дўнгликларга тарқаб уя қазиганча, Бредивайн дарёси билан Қадимий ўрмон орасида аҳолиси зич яшайдиган Баклендга – Ширнинг ўзига хос мухтор вилоятига асос солишди. Брендихолл дўнглиги қиялигида жойлашган Баклбери қишлоғи эса бу ерда бош қишлоғига айланди.

Мариш аҳолиси билан Бакленд вилоятининг ҳоббитлари ўртасида дўстона муносабатлар бугунги кунгача сақланиб, Холл соҳибининг (Брендизайклар сулоласининг раҳнамоси шундай деб аталади) ҳокимлиги Сток ва Ремей фермерлари орасида тан олинган. Гарчи баклендликлар Ширнинг қолган тўртта вилоятида яшайдиган ҳоббитлардан умуман фарқ қилишмаса-да, эски Шир аҳолисининг аксарияти уларни ғалати, ярим ажнабий халқ деб билади. Адолат юзасидан айтмоқ жоизки, ҳақиқатан ҳам баклендликларнинг қолганлардан фарқ қиладиган истисно тариқасидаги бир жиҳати бор, албатта: улар қайиқда сузишни, кўпчилиги эса дарёнинг илиқ сувида чўмилишни ёқтиради.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 09:11   #40  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Дастлабки йилларда Бакленд ҳудуди шарқ томондан ҳимоясиз қолган. Кейинчалик қалин ўсадиган бута экилиб, кўп авлодлар парвариши ила зич ўсган баланд бута-девор ҳосил бўлган. Бредивайн кўпригидан бошланиб, катта ҳудудни қамраб олган ҳалқа ҳосил қилганча дарёдан нари кетган. Ўрмондан оқиб чиқадиган Видивайл сойи Брендивайнга қуйиладиган жойдаги Хейсен қишлоғида яна дарё билан туташадиган ушбу қалин бута-деворнинг узунлиги қарийб йигирма миляча келади. Турган гапки, девор мутлақ ҳимоя бўла олмайди. Ушбу бута-деворнинг кўп жойларига Қадимий ўрмон бевосита тақалган. Ширнинг қолган вилоятларида яшайдиган ҳоббитлардан фарқли ўлароқ баклендликлар тунги вақтда эшик-деразаларини маҳкам тамбалаб ётишади.

Паром сув бетида аста сузиб, Бакленд соҳилига яқинлашмоқда. Йўловчиларимиз орасида фақат Сэмгина умрида дарё кечмаган. Ҳозир у бутун вужуди ила шошмай шилдираётган дарё-ю, сув юзасида сузаётган мана бу туман пағалари унинг ўтган ҳаётини оқизиб кетаётгани, олдинда мажҳуллик кутаётганини ҳис этмоқда. Бошини бир силтаб олган Сэм хаёлига келган фикр, яъни мистер Фродо ҳеч қаёққа кетмай, Бэг-Эндда яшашни давом этишини исташи билан боғлиқ ўйни миядан чиқариб юборган бўлди.

Тўрала ҳоббит паромдан қирғоққа тушгач, Мерри солни устунга боғлади, Пин эса унинг понисини сўқмоққа тортди, Шир билан хайрлашиш учун ортга қараган Сэм кутилмаганда хириллаб пичирлади:

- Анавини қаранг, мистер Фродо!... Кўрдингизми?

Фонус ёритаётган нариги соҳилда аллақандай шарпа қирғоққа оғиб қолган катта қора тугундай кўринди. Ҳоббитлар унга тикилиб туришди. Шарпа ердан бироз кўтарилиб, ғалати ҳаракатланганча қирғоқ бўйлаб эмаклади. Бироздан сўнг яна ерга қапишиб, қоронғиликда кўринмай қолди.

- Ниманинг шарпаси у? - сўради Мерри.

- Сафар давомида ортимиздан аллақандай қабоҳат эргашиб келди, - жавоб берди Фродо. - Савол-жавобни бас қилиб, тезроқ кетайлик бу ердан.

Тўртовлон тик кўтарилган сўқмоқдан юрганча соҳилга чиқиб, юқорига етгач яна ортга ўгирилиб қарар экан, туман қалинлашган нариги қирғоқда ҳеч нимани кўримади.

- Яхшиямки, ғарбий қирғоқда қайиқ сақланмас экан, - деди Фродо.

- От дарёдан ўта оладими? - сўради Сэм.

- Шимол йўналишида юрса йигирма миля нарида кўприк бор ёки шу ернинг ўзида сув кечиб ўтиши мумкин, - жавоб берди Мерри. - Лекин ҳали бирорта от Брендивайнни сузиб ўтганини эшитмаганман. Тушунмадим, отнинг нима дахли бор бу ерда?

- Кейин айтиб берамиз, - деди Фродо. - Кетдик бу ердан, уйга бориб, бемалол гаплашиб ўтирамиз.

- Яхши! Пин иккалангиз йўлни биласиз. Мен понида тезроқ борай. Фредегар Болжерга сизлар келаётганингизни айтиб, иккаламиз кечки овқат тайёрлашга киришамиз.

- Биз яқинда фермер Брюкнинг уйида овқатландик, - деди Фродо. - Лекин яна овқатланишимиз мумкин.

- Жуда соз. Ундай бўлса саватингни бер, - қўл узатди Мерри.

Олға илдамлаган Мерри бироздан сўнг қоронғида кўринмай қолди.

Брендивайндан Фродонинг Крикхэллоудаги янги уйигача маълум бир масофа бор. Ҳоббитлар Бакхилл билан Брендихолл қишлоқларини чап қўлда қолдириб, Баклбери қишлоғининг охирига етганда Бакленд вилоятининг кўприкдан жануб томон кетган асосий йўлини кесиб ўтишди. Ярим миля юришгач, ўнг томон кетган тупроқ йўл кўринди. Ҳоббитлар ушбу йўлдан дам дўнгликка чиқиб, дам увага тушганча яна бир неча миля йўл юришди.

Ниҳоят учовлон қалин ўсган бута деворда очилган энсиз боғ эшигига етди. Теварак-атроф қоронғи бўлгани учун йўлдан нарида, кенг яйлов марказида, бута-девор ортидаги дарахтзор ўртасида қад кўтарган бир қаватли уй кўринмаяпти. Фродо ушбу уйни катта йўлдан узоқроқда жойлашгани, яқин ўртада бошқа уй бўлмагани учун танлаган. Бу ерда бировга билдирмай келиб-кетиб юриш мумкин. Ушбу уй бир замонлар Брендизайк томонидан меҳмонлар ёки Брендихолнинг тиқилинчидан бироз дам олмоқчи бўлган оила аъзолари учун қурилган. Қишлоқ шароитида эскича лойиҳа асосида қурилган бир қаватли, узун, пастқам, томига чим босилган, эшик ва деразалари юмалоқ ушбу уй ҳоббитларнинг дўнглик қиялигида қазиладиган ерости уясидан кўп фарқ қилмайди.

Боғ эшигидан ўтиб, яшил сўқмоққа ўтган ҳоббитлар бирорта бўлсин ёнган чироқ кўришмади: уй қоп-қоронғи. Фродо тақиллатган эшикни Фредегар Болжер очди. Ичкарида чироқнинг ёқимли шуъласи кўринди. Ҳоббитлар тез остона ҳатлаб, эшикни ичкаридан ёпишди. Сайёҳларимиз яхши ёритилган, ичкарига кириб кетган узун йўлакнинг икки томонида қатор эшиклар очилган кенг даҳлизга кириб қолишди.

- Хўш, нима дедингиз? - сўради ичкаридан чиқиб келган Мерри. - Фредегар иккаламиз ўтган куни келганимизга қарамай, мана бу кулбани уйга ўхшатиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилдик.

Фродо атрофга назар солиб чиқди. Чиндан ҳам уйга ўхшабди. Ўзи ва Бильбо ёқтирган кўп нарсалар Бэг-Эндда қандай жойлашган бўлса, имкон қадар шундай жойлаштирилган. Бу уй жуда шинам, ҳар томонлама қулай, пишиқ маскан экан. Фродо чиндан ҳам шу ерда қолиб, одамлардан узоқда ёлғиз ўзи яшашни ич-ичдан истади. Дўстларини анави ташвишларга аралаштиришни хоҳламади. Ҳозир уларга Ширни зудлик билан тарк этиб кетиши кераклигини қандай айтишни билмай, боши қотган. У шу бугуноқ, дўстлари уйқуга ётишини кутмай уйдан чиқиб кетиши керак.

- Ажойиб! - базўр айта олди у. - Ҳеч қаёққа кўчиб ўтмагандайман гўё.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх