Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 25.09.2012 11:36   #191  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Ҳур қиз мактуби.

“Менинг қиз бола эканимни билгач, ойим ҳар куни кўзёш тўкадилар. Чорасизликдан, афсус билан пичирлайдилар: “Энди нима қиламиз, болажоним? Кўчада қоламиз-ку...” Бу йиғи сабабини фақатгина бу йил мактабга чиққан Асила опам тушунади. Васила опам беш, Рисола опам уч ёшда. Кенжа опам Робия эса, энди ёшига етди. Баъзан, яқиндан бери оёқлари бироз қалтираб, қийналиб қадам ташлаётган Робия опам билан гаплашаман. У мени жуда яхши кўради, тушуна олади. Айниқса, ойим йиғласа, сиқилса, ёнига бориб, рақсга тушади, ишқилиб, уларни чалғитишга уринади. Чунки, мен ҳали бунча қайғу-ғамни кўтара олмаслигимни Робия опамга айтгандим.
Анчадан бери ойим даҳшатли нарсани ўйлашни бошладилар: “Қизалоғим, мени кечир... Лекин сен туғилмаслигинг керак. Йўқса, бувижонинг бизни уйдан ҳайдаб солади...” Юрагим тўхтаб қолаёзди. Начора, пешонамга ёзилгани шу экан... Ахир, қандай қилиб бунда ойимни айблашим мумкин?! Шифокор хола “Кеч қолгансиз. Аборт ҳаётингиз учун хавфли!” - деб, ойимни йўлдан қайтарди.
Йўл бўйи унсиз йиғлаб келдилар. Тақдирга лаънат, бувимга нисбатан нафрат, менинг тириклигимга, борлигимга шукроналик қоришиб кетганди бу кўзёшларда...
Охирги пайтлар турган еримдан пастлаб бораётганимни сезаман. Баъзан юрагим уришдан тўхтаб қолади, шундай пайтларда ойим қаттиқ оғриқ сезарканлар. “Кечиринг, ойи, дунёга келмай туриб, сизни шунча қийнаяпман...” Ойим ҳам мени тушунгандек, пичирлайдилар: “Сенинг ҳеч қандай айбинг йўқ, ҳаммасига жодугар бувинг айбдор!”
Тушунолмайман. Дадам ойимга севиб уйланганлар. Бувим эса, дадамни ойимдан рашк қилиб, сира тинч яшашга қўйиб бермаганлар. Ойим бувимга нима ёмонлик қилган эканлар-а? Баъзан ойим қўшнига ҳасрат қилгани чиққанларида, қўшниларнинг ҳам бу адолатсиз дунё ҳақидаги гапларини эшитиб, тушунганларим шу бўлдики, инсон зоти борки, ўзидан бир поғона пастда турганларни оёқости қилгиси, эзиб-қийнагиси келаркан. Ўзидан бир поғона баландда турганларга нисбатан хасад уларнинг ич-этини кемираркан. Худди бувимга ўхшаб. Ойим етимхонада катта бўлганлари учун доим ойимни ҳақорат қиладилар, алоҳида солинган уйлари остонасидан туриб эълон қиладилар: “Ҳали Аслиддинжоним келсин, бу етимчани жавобини бердириб, онаси ўпмаганини олиб бераман. Бир йилга қолмай, ўғил туғиб беради!” Дадам чет эл сафаридалар. Уйда кам бўладилар. Бизнеслари яхши. Ойим рўзғорда кам кўрмай, шукур қилишдан бўшамайдилар.
Кунларнинг бирида бувим яна остонада туриб, дийдиёларини бошладилар. Ойим мен билан анча оғирлашиб қолганлар. Мактабдан қайтган Асила опам бувимнинг гапларини эшитиб, чидаб туролмадилар: “Худодан қўрқмайсизми, буви?”
Шу чоғ аммам етиб келиб, опажонимни калтаклар остида қолдирди. Аммам ўша пайтлар эри билан жанжалли эди, шунинг учун бувимнинг пинжига кириб олганди. Ойим опамни ажратиш учун жонҳолатда аммамнинг қўлига ёпишдилар, аммам эса... бизни итариб юбордилар... Айни шу пайтда дадам чет эл сафаридан қайтиб қолдилар. Аммам салом-алик ўрнига яхшигина тарсаки билан сийланиб, Васила, Рисола ва Робия опамга қарашга маҳкум қилиндилар. Аммам Асила опамни шунчалик ёмон урган эканки, дадам тиббий ёрдам кўрсатиш учун уни ҳам биз билан олиб кетишга мажбур бўлдилар. Дадам ойимни кўтариб олган, Асила опам оёғида зўрға туриб, бизга эргашиб келяпти. Аллақайси суякларим синган, оғиз-бурнимга қон тўлган эди. Кўчага чиқиб, машина тўхтатган дадам ҳайдовчидан тезликни оширишни илтимос қилдилар. Ойим оғриқ зўридан инграр, “Худойим, бундан кўра жонимни олиб қўяқол!” – деб йиғларди. Дадам эса ўз ёғига қоврилар, бувим ва ойим ўртасида хуноб эди. Бугунги воқеалар оқибатида, пичоқ бориб суякка қадалган, дадамнинг ўз онасидан, синглисидан кўнгли совиб улгурган эди.
Ниҳоят, етиб келдик. Асила опамни шифокор опалар бошқа хонага олиб кетиб қолишди. Биламан, оғритиб укол қилишса ҳам, опам йиғламайдилар. Жуда оғир-вазмин қиз бўлганлар. Бизни эса, дарров туғруқ хонасига олишди. Ойим ҳушида эмасдилар. Мен эса ўзим учун ҳаммасини ҳал қилиб бўлган эдим. Агар, яшаб қолишни истаганимда, бунинг учун курашган бўлардим. Бироқ, нима учун яшашим керак? Бувимга ўхшаган дилозор бўлиш учунми? Ўз яқинларимга азоб бериб, роҳатланиш, хўрлаш, оёқости қилиш учунми? Ёки ойим сингари хўрликлар юкини елкамга олиш учунми? Йўқ, мен туғилишни истамайман. ИНСОН бўлишни истамайман!
“Сени туғилмаслигинг керак...” “Бувинг уйдан ҳайдаб чиқаради!” “Етимнинг кўрган куни қурсин...” Бу жумлалар қаторига менинг сўнгги ўйларим ҳам қўшилди: “Мен туғилишни истамайман... Мен яшашни истамайман...”
- Болангизни сақлаб қололмадик. Нафас аъзоларига қон тўлган. Яна... саккизинчи ой... Сабр тилайман... – шифокор аёл дадамга шу гапларни айтгани ҳамоно, бир ноҳушликни сезиб, дадамни ойим ётган палатага бошладим. Дадам, гарчи мени кўрмасалар-да, ҳар ҳолда, “кўнгиллари ўша ёққа ундаётганини” англаб етдилар. Ойим... томчидори тизимини узиб ташлаб, унинг игнаси ёрдамида томирига ҳаво киришини кузатиб ётар, шу йўл билан ўзини ҳалок қилишга уринарди!
- Зарина! Нималар қиляпсан? – дадам кела солиб, игнани ойимнинг билагидан суғуриб олдилар. – Ундай қилма, жоним, мен ҳали ҳаммасини ўз ўрнига қўяман, ҳеч ким ҳаётимизга аралашолмайди!
- Ҳаммасини ўрнига қўясиз?! Увол бўлган ҳаётимни ўз ўрнига қўя оласизми? Ҳур кетган қизимни қайтариб бера оласизми?! Қандай чидайман ахир?! Сувратимдан бошқа нимам қолди?! – ойим кўз ёшларини тўхтатолмасдилар. Шифокорлар тинчлантирувчи укол қилиб, ойимни ухлатиб қўйишди. Мен эса ойимнинг тушларига кирдим: “Ойижон, мен яхшиман. Хавотир олманг. Сизни доим ҳимоя қилиб юраман...”
Бир неча кундан сўнг уйга қайтишди. Албатта, мен ҳам улар билан бирга келдим. Жисман жуда олисларда бўлсам-да, қалбан ва руҳан доим улар билан бирга эдим. Энди дадамнинг қатъий огоҳлантиришларидан сўнг бувим ҳам, аммам ҳам уларга ўйлаб муомала қиладиган бўлишган. Тўғри, баъзан пана-паналарда ойимга нишини санчиб олмоқчи бўлишади, бироқ, ҳозир ойим дадамнинг кўмаги сабабми, анча дадиллашганлар, муносиб жавоб қайтарадилар. Бир неча марта аммам ойимни дадамга ёмон кўрсатиш учун, айни қайнона-келин баҳси қизиган пайтда уларнинг ёнига чақириб қолар, мен эса қандай йўл билан бўлмасин бу томошанинг олдини олишга муваффақ бўлардим.
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...
Ответить 
Старый 25.09.2012 11:37   #192  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Ҳур қиз мактуби. (Давоми.)

Охири бўлмади. Биз тарафларда кенг тарқалган шундай бир иллат борки, шайтон ҳам у ишни қилишдан ҳазар қилса керак. Аммам эри билан ярашиб, келинлик уйига қайтгач, ёлғизланиб қолган бувим нафақасини кўтариб, Зулфинисо отинникига югурадиган бўлган. Ҳаракатлари самара берибми, кунларнинг бирида аммамни чақириб олди. Ойим Асила опамнинг ота-оналар мажлисига кетганлар, дадам ишда, учта опам бувимга “ишониб топширилган”. Бувим уйда ойимнинг эски кўйлагини излаш билан оввора бўлган бир пайтда мен унинг ёнида туриб, фикримни бир жойга жамладим. Стол устидаги симли телефондан дадамнинг рақамларини тердим. Жавоб бердилар. Бироқ мен гапира олмайман, гапирганим билан мени барибир эшитмайдилар. Нариги тарафдан жавоб бўлмагач, хавотирлана бошладилар. Айни шу пайтда мен Робия опамнинг қўлини тишлаб олдим. Буни қандай қилганимни билмайман, лекин дадам опамнинг чинқириғини эшитганларига ишончим комил. Хавотирланиб, уйга етиб келганларида эса, бувим уйимиздан олиб чиққан эски кўйлакни ёқаётган аммам-у, эшигимиз остига кул ва сув сепаётган бувимга рўпара бўлдилар. Шаҳд билан уйга кирмоқчи бўлганларида бувим йўлларини тўсдилар: “Кирма, болам!”
Дадам югуриб бориб, ҳали тўлиқ куйиб улгурмаган кўйлакни аммамнинг қўлидан тортиб олиб, ташқаридаги челакка ташладилар. Ёнаётганда сезилмаганди, сувда олов ўчиб, ҳавога ачимсиқ ҳид тарқалди. Ғазабдан ўзини боса олмаган дадам аммамни судраб остонагача олиб келдилар, роса калтакладилар. Мактабдан опам билан бирга қайтган ойим ҳеч нимани тушунмадилар.
- Зарина, йиғиштир кўч-кўронингни, энди бу уйда бизга жой йўқ!
- Отангни уйи кимларга қолади, болам?
- Бошингизда қолсин! Мен ўз ҳаётимни ўзим қураман. Ҳеч ким, ҳатто туққан онам ҳам ҳаётимга аралашишига йўл қўймайман!
- Сени ўғилсиз ўтмасин, деб шундай қилдим-ку!
- Мени тинч қўйинг!
Аввалига дадамнинг бир дўсти ижарага уй топиб берди, кейин ўзлари уй сотиб олдилар. Мен ҳам бироз хотиржам бўлдим. Кўпинча ёлғиз қолган Робия опам билан ўйнардим. Лекин тиллари чиқиб, у-бу нарсанинг фарқига бориб қолгач, мен билан гаплаша олмай қолдилар, мени кўрмасдилар ҳатто.
Баҳор охирларига келиб, аммам бошини эгиб, кўзда ёш билан бизникига келдилар: бувим оғирлашиб қоптилар. Мен бу бир хийла эканини билардим, бироқ буни уларга қандай тушунтиришни билмасдим. Дадам ноилож қайтиб боришга кўндилар, ҳар ҳолда туққан оналари, қариганда ташлаб қўйибди, деган гап яхши эмас. Инқиллаб-синқиллаб ётган бувим дадам хонани тарк этгач, ирғиб ўрнидан туришини мен ва аммамдан бўлак ҳеч ким кўрмасди-да афсуски...
- Анави яна иккиқат кўринади, овқат пишириш бир ўзимга қолиб кетди, - аммам бувимга янгиликни етказди.
- Яна қиз бўлса керак-да, Худо илонга билиб оёқ бермаган, дейишади.
- Бу сафар эҳтиёт бўлиш керак, ойи. Мен эртага яна бориб келаман. Овқатига солиб берса, боласи билан бирга йўқ қилиб юбораркан.
- Шубҳаланиб юрмасин яна...
- Бошида сал-пал оғриқ бераркан, кейин бироз кучаяркан, охирида... – аммам овқатни оғзига олмоқчи бўлди-ю, дарров қошиқни қайтариб жойига қўйди, кейин ташқарига югуриб кетди...
Тушундим. У ҳам ҳомиладор. Менга эса барибир. Туни бўйи укажоним билан гаплашиб ётдим. Худога шукурки, у мен каби, ойимнинг қайғуларини кўтаришга мажбур бўлмайди, опаларимдек нимжон туғилмайди. Мен бунинг учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан.
Бундай томошани одамзод умри бино бўлиб, кўрмаган бўлса керак. Кечқурун бувим гўё “узр сўрамоқчи бўлиб” ойимни чақирдилар. Ойимга бироз ноқулай бўлди, бувим йиғлаб-сиқтаб ҳамма иш учун узр сўрадилар, опаларимни дуо қилган бўлдилар. Кейин қўярда-қўймай, овқатга таклиф қилдилар. Бу пайтда аммам ҳаёлида ўша дам солинган тупроқни ойимнинг овқатига қўшган бўлди. Мен кафтимни тутиб турганимни қаердан ҳам билсин? Хуллас, зум ўтмай ўша тупроқни аммамнинг косасига сепиб юбордим...
Ойим кетма-кет туққанлари, бунинг устига мени деб анча қийналганлари сабаб, бу сафарги ҳомиладорлик ҳам оғриқлар билан ўтди. Аммам эса боласи уч ойлигида йиқилди, шундан сўнг касалдан боши чиқмай қолди. Ой-куни яқинлашиб, икковларини ҳам бир кунда туғруқхонага олиб кетишди. Бувим ойимнинг кетидан қарғаниб қолдилар: “Илойим, шу туғруқхонадан ўлигинг келсин!” Эҳ, бувижон... Нега шундайсиз-а? Ундан кўра аммамни дуо қилсангиз бўлмасмиди? Ойим сизга нима ёмонлик қилган эдилар-ки, уларга нисбатан шунчалик хусуматингиз бор?! Ахир, бу дунёда ҳамма қилган ишига яраша мукофот олишини жуда яхши биласиз-ку!
Ойим укажонимни эсон-омон қўлларига олдилар. Аммам эса... ўлик туғилган қизалоғини кўрмай, оламдан ўтган эди. Буни эшитган бувим турган ерида ўзини ташлаб юборди. Қайтиб кўз очмади...
Балки, мен ойим ва укамнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга, бувим ва аммамдан ўч олгандирман. Йўқ, бу қасос эмасди. Улар ўз қилмишларига яраша жазоларини олишди. Ойим айтганларидек: “Болажоним, сенинг заррача айбинг йўқ. Ҳаммасига бувинг сабабчи...”

Бу мактубни қаердан, қандай аҳволда топишларини билмайман. Бироқ, билиб қўйишсинки, Она-Ер шундай инсонларни ҳам кўтариб юрибди. Худодан бувимга ўхшаганларга инсоф, ойимдек аёлларга эса фақат сабр сўраган ҳолда
Ҳур қиз”
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...
Ответить 
Старый 26.09.2012 15:00   #193  
Аватар для pipicron
Оффлайн
"SDK Group And" FC LLC
Quality Manager
AKA:Ali Al Mehr
Сообщений: 455
+ 136  615/253
– 10  3/3

UzbekistanОтправить сообщение для pipicron с помощью Skype™Мой мирFacebook
Цитата:
Сообщение от Aliya Посмотреть сообщение
Балки, мен ойим ва укамнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга, бувим ва аммамдан ўч олгандирман. Йўқ, бу қасос эмасди. Улар ўз қилмишларига яраша жазоларини олишди. Ойим айтганларидек: “Болажоним, сенинг заррача айбинг йўқ. Ҳаммасига бувинг сабабчи...”
Сабрли бўл қизалоқ, сабрли бўл...
Хеч қачон кимдандир қасос олишга сабаб топилмасин. Қанчалар сабрли бўлмайлик, барибир кечиримли бўлишимиз қийин. Қалбимни парчалаган, хидоятга бошлаган хикоя учун миннатдорман.
__________________
Масофага хамрох, манзилга тинчлик керак...
Ответить 
Старый 10.10.2012 15:25   #194  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Аёл ва Муҳаббат

- Салом, мен келдим! – майин табассум қилди Муҳаббат.
- Хуш келибсан! Қандай қиёфада келдинг? – савол берди Аёл.
- Истасанг, Қор маликаси каби совуқ, истасанг, қуёш нурлари каби илиқ, истасанг, гулхандаги чўғ каби қайноқ.... Ҳар бир қалб ўз тасаввурида мени турлича яратади... Ўз тасаввурича...
Аёл индамади.
- Мени нега чорладинг? – сўради Муҳаббат.
Аёл хўрсиниб жавоб берди:
- Нега чорладим? Менда ҳам қалбимни, ҳаётимни тўлдирадиган муҳаббатим бўлишини истайман. Ҳаммада бўлгани сингари! Ахир, ҳар бир инсоннинг қалбида Муҳаббат бўлиши шарт-ку!
- Мен ҳеч кимдан қарздор эмасман! – хитоб қилди Муҳаббат. – Қаердаки, “шарт”, “мажбур” деган сўзлар ҳукмронлик қилса, мен у ерда ҳаёт кечира олмайман. Кетаман. Ўламан...
- Ахир, сен барҳаёт, мангу, абадий туйғу эмасмисан?! – ажабланди Аёл.
- Мени ўлдиришади. Бироқ мен Қақнус қуши сингари қайта-қайта дунёга келаман. Фақат, бошқа маконда, бошқа тасаввурда, бошқа тимсолда... Рост, қайсидир маънода мен ҳеч қачон йўқликка юз тутмайман.
- Бироқ, сени қандай қилиб ўлдиришлари мумкин?!
- Шубҳа билан. Ёлғон билан. Алам, хиёнат, рашк, мажбурият билан... Инсоният ҳаёти давомида мени ўлдириш учун минглаб сабаб ва баҳоналарни ўйлаб топишади... – қайғу билан жавоб берди Муҳаббат.
- Ҳа, Муҳаббат кўпинча, бахтсизлик билан тугайди!
- Йўқ, Азизам, адашасан! Муҳаббат бу – Бахт, демакдир. Агар Муҳаббат Бахтсиз бўлса, демак, у – мен эмас, сен мени бошқа туйғу билан адаштирган бўласан...
- Муҳаббатни бошқа туйғу билан адаштириш мумкинми?!
- Меҳр билан адаштириш мумкин. Кимгадир керакли бўлиш истаги билан, бошқалардан кам эмаслигини исботлаш истаги билан... Инсонлар – ҳақиқатга тик боқишдан қўрқадиган адашганлардир... Уларнинг кўпчилиги Асл Муҳаббат нималигини билишмайди ҳатто...
- Шошилма! Ахир, мен Муҳаббат ҳақида канчадан-қанча китоблар ўқидим... Ромео ва Жульетта, Отелло ва Дездемона, Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин... Унда нега Асл Муҳаббат нималигини билганлар ҳам бахтга ета олишмади, қайғу ва изтироб уммонига ғарқ бўлишди?
- Нималар деяпсан? – ҳайратга тушди Муҳаббат. – Наҳотки, шунга ишонсанг?! Фикрингча, уларни мен – Муҳаббат шу аҳволга солдимми? Мен инсонларни заҳарлайман, тушкунликка тушураман, нафассиз қолдираман, ўлдираманми?
- Ахир, барча фожиалар сабабчиси Сен-ку, ёки ундай эмасми?
- Йўқ, асло! Бунинг сабабчиси Муҳаббат эмас, Қўрқув. Йўқотиш қўрқуви. Алданиш қўрқуви. Ташлаб кетилиш, ёлғиз қолиш қўрқуви. Жавобгарлик, масъулият ва ўз-ўзига ишонмаслик қўрқуви. Бу қўрқув Муҳаббатни маҳв этади, Азизам!
Аёл бир зум ўзини йўқотди: Наҳот Муҳаббат шу таъна-маломатлар юкини елкасига ортиб ҳам, қалбларда жон сақлаб қолишдан умидвор?!
- Унда айт-чи менга, Асл Муҳаббат нима ўзи?
- Муҳаббат бу – Бардош. Муруват. Муҳаббат ҳавас қилмайди, баландпарвозликни ёқламайди, ғурурни тақозо қилмайди, ғуборли ҳаёлларга бошламайди, манфаат изламайди, бегона деган сўзни билмайди, ғазабга қул бўлмайди, ноҳақликдан қувонмайди, фақат ҳақиқат ҳукм сурган жойда кулади, ҳаммага ишонади, умидда яшайди!
- Майли, мен сенга ишонаман. Умидим ўлмас. Бироқ, кутганим сари сен келмайсан...
- Чунки, сен қўрқасан. Муҳаббат сен учун адоқсиз дард-азоб бўлиб кўринади...
- Аслида ҳам шундай-ку!
Муҳаббат титраб кетди:
- Ундай эмас! Менда ҳеч қандай дард йўқ! Буни инсонлар ўйлаб топишган. Мен гўзалман, нозикман ва эркинман! Мен гўё кафтингга қўнган капалакман. Сен бир марта бўлса ҳам капалакни тутиб, кафтингга қўйганмисан?
- Ҳа, қачонлардир... Болалигимда... Капалакларни севардим. Уларни тутганимда, қанотлари билан кафтимни енгил қитиқлашарди...
- Агар уни қанотларидан жудо қилсанг, кафтингда эзиб тутсанг, нима бўлади?
- У ўлади.
- Мени ҳам қанотларимдан айиришса, асирликда сақлашса, мен ҳам ўламан...
- Унда мен сен учун нима қила оламан?
- Мени Худо юборган бебаҳо туҳфа деб бил. Эркин парвозимга қўйиб бер. Менга кафтингдан жой бер. Қалбингдан жой бер... Ахир мен ҳам Инсонларни соғинганман...
- Сен мени ҳеч қачон тарк этмасликка сўз берасанми?
- Мен ҳеч қачон кетмаганман. Доим сен биланман. Мен доим кутаман...

...Бу ширин туш эди... Уйғондим... Дераза пардаларини очганимда, ҳовлидаги гулларга кўзим тушди. Қийғос очилган гуллардан бирида нозик капалак қўниб турарди...

Алия
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 10.10.2012 в 18:51.
Ответить 
Старый 10.10.2012 15:35   #195  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Ноламсан...

...Кўнглим нотинч... Баҳор ёмғири ювиб ўтган йўллардан аста одимларканман, фасли хазондан ёд қолган япроқлар бир-бир шамолда чайқалиб, йўлларимни тўса бошлайди. Баҳор бағрида... хазон! Бу хазонлар менга яна сиздан сўз оча бошлади, яна сизнинг ҳаёлларингиз сари етаклади: жони соғмикин, ожизгина юраги нотаниш бир қизнинг исмини айтиб, уриб турганмикин? Ўзга сарҳадлар чегаралаган олис мамлакатда сиҳатига сафарбар қилинган совуқ тиғнинг заҳрига бардоши етармикин?
Бу шамоллар, бу эпкинлар бунчалар совуқ бўлмаса? Негадир кўзларимга ёш қуйилиб келяпти. Лабларимни қаттиқ тишлаб, юрагимда кўтарилган оғриқ исёнини босишга уринаман. Бекор... шу қадар ожизманки, кўз ёшларимни тутишга-да қудратим етмайди. Журъатим етмайди. Шу лаҳза имконим бўлса-ю, сизга қўнғироқ қилолсам, соғинч нафаси сезилиб турган овозингизни эшита олсам...
Гарчи, кўнгил уйингиз эшикларини мен учун буткул ёпган бўлсангиз-да, доим кўзларингизда менга интизор нималарнидир кўрардим. Умид, илинж, чорасизлик... Билолмасдим. Изн бермасдингиз қалбингиз осмонини қоплаган қора булутларни тарқатишга. Уларнинг кўланкасида ниманидир мендан яширишга, сир тутишга уринардингиз. Дод солиб юбормаслик учун қаршингизда лабларимни тишлаб яшашга мажбур қилгандингиз...
Кунларнинг бирида тоқатим китоби сўнгги саҳифага етди:
- Нега бунчалар узоқдасиз? – (ҳаё чегарасидан ярим одим ўтган бўлсам-да!)
- Тақдир ҳукмига бўйсуняпман холос...
- Инсон тақдирини ўзи яратади ахир! – туйғуларингизга шубҳа қилишга ўзимни ҳақсиз сезаман.
- Мен ҳам ўз тақдиримни яратишга уриняпман.
- Тошюраксиз! – кўзёшларимни яшириш учун сиздан юзимни ўгираман.
- Қанийди, тошюрак бўлганимда... – изимдан оҳиста пичирлайсиз.
Йўл бўйи кўз ёшларимни тия олмай, аламли ўйларга эрк бераман. “Бўлди, бас! Ортиқ исмингизни тилга олмайман! Ортиқ қўнғироқ қилмайман! Сиз юрган йўллардан юрмайман... Етар шунча хўрликлар! Ҳар куни дуч келганим – умидсиз нигоҳларингиз, ҳароратсиз сўзларингиз, ўзингиздан ҳам сир тутадиган ўша совуқ сўз... Мени ёлғизлик денгизига ғарқ этиб бўлдингиз!”
Рангсиз ўта бошлаган кунларимнинг бирида опангизнинг қўнғироғи дарди-дунёимни зулматга кўмди: энди барчаси аён эди... Нега ахир?! Нега мендан яширдингиз? Ўша дамда юрагингиз тошга айланиб қолишини, ҳар қанча хасталикни енгиб ўтишга иродангиз етишини қанчалар истаганимни билсангиз эди... Ёнингизга боришга юзим қора-ю, журъатим нолон эди. Ҳар тоатимда Худойимдан сизни асрашини сўраб, илтижо қилардим. Ниҳоят... Ниҳоят улар сизни олиб кетадиган кун келди. Сизни кузатгани чиқолмадим. Сўнгги кун. Сўнгги дийдор. Сўнгги... Шу сўзга рўбарў келишдан қўрқдим. Йўқ, барибир кўнгил устунлик қилди. Югурдим. Сизни яна бир кўриш илинжида, кўзларингизда ўша ўзим соғинган умидни кўриш илинжида... Етолмадим... Темир қанотли оқ қуш самога кўтарилди.
Кечадан буён Худойимга ёлвораман: “Бор дунёларнинг соҳиби, тирикликнинг сабабчиси, кўкни замин қошига соқчи қилган зот! Дунёингда заррача адолатинг бўлса, унинг дардини олиб, менга бер! Токи, у бугун тонгда ҳушҳол кўз очсин. Дунёларга ҳавас билан боқсин. Нурини йўқотган ҳаётига ранг бер! Эвазига унинг жонини тирнаб ётган азобларни менга рўпара қил...”
Тонгга яқин кўзим илинади. Гўзал тушлар кўраман. Сизнинг истиқболингизга шошиламан. Ва ногоҳ бевақт қўнғироқ овозидан уйғониб кетаман.
- Мен, тошюракман...
- ... – йиғидан ўзимни тутолмайман. Севинч ёшларининг асирасига айланаман.
- Йиғлама! Тез кунда қайтаман.
- Соғ бўлсангиз, менга шунинг ўзи кифоя...
- Сени тушимда кўрдим...
- Ўзингизни уринтирманг, сизга мумкин эмас...
- Менга ҳеч нима бўлгани йўқ. Тошюракман-ку!
- Ҳадеб эслайвераркан-да...
- Жиннивой!
- Тонг отяпти. Қуёш чиқяпти. Бирам чиройли манзара...
- Бу ерда ҳали тонг отмади.
- Майли, қайтганингиздан сўнг гаплашармиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг...
- Сен ҳам ўзингни эҳтиёт қил. Мен учун ҳам!
- Кўришгунча... – алоқа узилган бўлса-да, анча пайтгача телефонни бағримга босиб туравераман. Кутилмаганда юрагимда санчиқ туради. Мен эса... Табассум қиламан. Лабларим эса биргина сўзни пичирлайди: “Ўзингга шукр, Худойим... Нолаларим сенга етди!”



Асрларга чўзилади тун...
Юрагимда симиллар оғриқ...
Сокин эртак бошлабон очун,
Ширин тушга кўмилар борлиқ...

Шу бир ҳаёл - менга етакчи,
Ва борлиги - борлиқ борлиги...
Изларига кўз тутдим, гарчи -
Пешонада видо ёрлиғи...

Юрагимга кафтимни босиб,
Юрагида оғриқ - туяман...
Ҳақ оташни билса муносиб -
Унинг ўтда ўзим куяман...

Тилайманки, жони соғ бўлсин,
Тикан кўрса - бағримда ханжар...
Дард билмасин, шодлигим билсин,
Билмасин, дард - ханжарин санчар...

Хушҳоллигин кўрсам - бўлгани,
Шу бир куним ўтар-да... Mайли...
Дунёимга ўт кетган мани -
Қўлим етмас орзу туфайли...

Эртагингни бошла, эй, очун,
Тонгда зорим кўз очсин шодон...
Не бўлса ҳам...
Уни мен учун -
Паноҳингда асра, Художон!!!

Алия
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 10.10.2012 в 18:51.
Ответить 
Старый 17.10.2012 17:21   #196  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Гулбашакарни яхши кўрасанми?

...Уни Фериде деб аташарди. Худди Чолиқуши сингари бебош, эркин ва мағрур эди. Дард келганда қаҳ-қаҳ отиб кулар, ўзига энг яқин деб билган инсонларига озор беришдан чарчамасди. Қаерда шумлик, тўполон бўлса, Феридени албатта ўша жойдан топиш мумкин эди.
Нима бўлди-ю, кунларнинг бирида Комронни учратиб қолди. Йўқ, аслида уни болалигидан танир, бир синфда олти йил бирга ўқиган эди у билан. Ҳар куни бир тўполонни бошлайдиган Фериде унга жуда кўп дилозорлик қилган, узоқ қариндош бўлган Комрон эса, мана шу қариндошлик ҳурмати, қизга ҳатто овозини кўтариб гапирмаганди.
Вақт ўтиб, бошқа шаҳарга кўчиб кетган Фериде улғайиб ҳам, шумлигини сира қўймади. Ҳусн-у камолига кўз тиккан ошиқларни ерга уриб, ўзи кўкка сапчиб, кунларни тунларга, тунларни кунларга сари кузатаверди. Турмушга чиқиб, бахтиёр ва шодон кунларни қарши олган холаваччаси Назмияни ҳам, муҳаббат шаробидан маст бўлиб юрган камина – Мужгонни ҳам кўрганда энсаси қотар, қандай дилозорлик қилишни билмай, Назмияга “бей афанди”сидан келган хабарларни ўчириб ташлар, менга эса ойлар давомида асраб юрганим – нишонлим ҳарбийдан ёзган ишқ уфуриб турган мактубларни яшириб қўйишдан чарчамасди. Худойимнинг юборган “мукофоти” бўлибми, кунларнинг бири уни яна Комронга дуч қилди.
Комрон орадан шунча йил ўтиб, Феридени қайта учратганидан шод эди. Ахир, атрофдаги “шамсия остидаги нозикойим” қизлар билан Фериденинг биргина самимий қараши ўртасида ўн саккиз минг олам кенглигича фарқ бор эди! Ўтаётган кунлар Комронни Феридега ипсиз боғлар, Фериде эса, атрофдагиларни ҳайратга солиб, кундан-кунга эс-ҳушини “таниб” борарди.
Бироқ, худди “Чолиқуши”даги сингари, “Кичик хоним”нинг рўпарасидан чиққан қора либосли қиз – севгисига иқрор бўлган Фериденинг бахтига ичи куйган дугонаси, Комроннинг курсдоши Сабоҳат эди. Кутилгандек, Фериде мағлубиятни қаҳ-қаҳа билан қарши олди:
“Комрон! “Сариқ гул” романини бошдан-охир ўқиб чиқдим. Энди ўлгунимизча бир-биримизни кўриш йўқ. Сендан нафратланаман!
ФЕ-РИ-ДЕ!”
Комрон бошида ҳеч нимани англамади. Кейинчалик, хабар етишича, курсларидаги Сабоҳат Феридега “Комрон дугонам Мунаввар билан неча йиллардан буён ошиқ-маъшуқ, улар оила қуришларига сиз тўсиқ бўляпсиз, кичик хоним!” – деб айтган экан.
“Менга ишонасанми, Фериде?”
“Нега сенга ишонай, Комрон? Юрагимни парчалаб бўлдинг-ку!”
“Етти ёт бегоналарга ишонибсан-ку, кичик хоним?!”
“Лекин сен мени ишонтира олмадинг...”
“Бари ёлғон ахир!”
“Кет... Мени ўз ҳолимга қўй. Сариқ гулнинг ёнига бор. Меҳрингсиз сўлиб қолмасин!”
“Унда яхши. Кетаман. Севгинг ёлғон бўлса... Менингсиз ҳам яшаб кўр!”
Кунлар бағрига хазонлар тўшала бошланди. Фериденинг кўзларидаги ўт сўниб, ўрнини сел эгаллади. Ҳар куни ўтга ташланиб, қайтиб олинаётган мактублар четларига ўт туташди.
Комрон эса одамови бўлиб қолди. Соатлари саҳифасига Фериденинг исмини муҳрлаб, узлатга чекина борди. Бўлмади. Мен – Мужгон бир четда жим қараб туролмадим. Фериденинг ёқасидан олдим:
“Хой, золим қиз, бей афандингга озор беришдан завқ оляпсанми?! Қара, ҳижрондан бағри қонга тўлиб кетди-ку!”
“Мужгон! Бей афандим менинг кўз ёшларимда масхара балиқларини овлаш билан банд. Ҳолимни сўрамагинки, англаш учун авом ақлинг калталик қилишига ишончим комил!
Комронга юзландим:
“Худонинг балоси, Феридени намунча қийнамасанг! Сени соғиниб, чеккан оҳи осмонга етди-ю, сенинг тош юрагингга етмадими?”
“Кичик хоним, ишон, мен ҳам уни осмон билан ер ўлчови ожизлик қилар даражада соғиндим, бироқ, Фериденинг телбавор болалиги борки, унинг қаршисига чиқишга юзим чидаса ҳам, ғурурим йўл бермайди!”
“Сенга ғуруринг азизми ё бахтинг?!”
“Фериде!”
“Унда, унинг қаршисига чиқ! Йўлини тўс, қўнғироқ қил! Мактублар ёз, ўз ҳолига қўйма! Токи, у сен учун “Сариқ гул”лардан нақадар азизлигини ҳис этсин!
Ўша пайтларда менга устозлик қилиб, сабоқ бераётган моҳир таржимон, таниқли, қалами ўткир шоир бир шоирнинг суҳбатига ноил қилган Раббимга қуллуқ қилиб, ундан Комрон тилидан Фериде учун тўрт қатор шеър ёзиб беришни илтимос қилдим. Бей афанди, барака топсин, ўтинчимни ерда қолдирмади:

“Сенсиз кунлар ўтар рангсиз, мазмунсиз,
Сенсиз тунларим ҳам ўтмоқда бедор.
Сенсиз... Юрак йиғлар – кўзёшсиз, унсиз,
Айт, қачон келасан қошимга, дилдор?!”


Хуллас, Фериденинг муз қалбини эритиш биз учун осон бўлмади. Ўша пайтда Комрон ҳам севгиси учун курашдан тўхтамади. Ва ниҳоят, кичик хоним ўтган куни таслим бўлди:
“Айтган сўзларингга, севгингга афсус қилмасанг, шунинг ўзи мен учун юксак саодат. Сен яхши кўраман, Комрон! Сен ҳам... Гулбашакарни... Яхши кўрасанми?!”

Алия.
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 30.10.2012 09:05   #197  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook
Нидо (Бир филмдан таъсирланиб)



Оналар оёғи остида жаннат (Ҳадис)
Онажон…
Мен бугун кеч қолдим, кеч билдим қадрингизни…
Қалбингиз тафтларидан соғинчларга қўшиб берган меҳрингизни билмабман.
Мен сизни “ёмон” дебман-а… Сизни “золим она” деб атабман-а… Мен нотавонман, мен нодонман..
Қани эди ўша менга “азоб” бўлиб кўринган сўзларингиз яна тингласам. Қани эди ўша мен гумроҳ ёмон деб қабул қилган танбеҳларингизни, насиҳатларингизни такрор эшитсам. Афсус… Улар энди йўқ.
Аслида мен бемеҳр эканман. Ёмон деб билган насиҳатларингиз меҳрга тўла экан. Аслида ўша танбеҳларингиз менга суянчиқ экан. Бугун уларни соғиндим, Онажон!...

Майли дўстлар кетсин, мендан юз буриб,
Майли улар душман дея отсин тош.
Фақат бугун сиз келсангиз бош уриб
Пойингизга “кечир” деб тўксам мен ёш.

Афсус надоматдан энди йўқ чора,
Сизни ёмон дебман, она мен гумроҳ,
Ҳатто онажоним дея бир бора,
Бағримга бир босмабман-а, эҳ воҳ!..

Онанинг ризоси жаннатга йўлдир,
Мен дўзахий…
Сизни қилайин дуо.
Кечиринг, болангиз юраги чўлдир,
Сизни жаннат билан сийласин Худо…

(c)
Ответить 
Старый 10.11.2012 15:02   #198  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Бугун ёнимдасан...

Бугун ёнимдасан...
Бугун ҳаётим ранглари ўзгача, тубсиз айрилиқ зиндонларига ҳукм этилган толеъим кабутарлари ҳурликка дахлдор... Шамснинг минг бир ўтида ёниб, киприкларимга қўнган ҳаё сен томон биргина нигоҳ ташлашдан ихота қилмоққа бел боғлаган: гўё, сенга боқсам, нигоҳинг ботинимга ўтли пайконларини аёвсиз ёғдиради, чалажон ғурурим борлиғини оёқларинг остига ташлайди...
***
Уларга илинж, ўкинч, изтироб аксланган қароғларимдаги ёшлар билан термуламан. Чақмоқ чақнайди. Тушларимга-да ҳижрондек аянч тус берган тўсиқлар қаршимга чиқиб, юрагимга алам тошларидек ёғилади:
- Шу сенинг тенгинг бўлдими?!
- Ойижон...
- Унинг исмини ҳам тилингга олма!
- Унинг исмини забоним эмас, қалбим такрорламоқда, унинг исми юрагимда акс-садо бериб турибди. Бу исм шу қадар муқаддаски, унда юрагим уриб туришига кафил бўлган қудрат намоён. Менга унинг исмини айтишни таъқиқлашингиз юрагимга чопиб бораётган йўлида таққа тўхташни буюришингиз кабидир...

***
Бугун ёнимдасан...
Шу онда бахт қадар тотли, кундуз қадар ёруғ тушлар измига асир тушгим келади. Орзуларга лиммо-лим кўнглимни соғинч ҳануз тарк этгиси йўқ: басир, етим, гунг... Ёнимда бўлсанг-да, дийдоринг бир оби-ҳаёт, унга қўл узатишга, қайрилиб қарашга ўзимни ҳамон ўта ҳақсиз, ночор санашга идроким кўникиб улгурган кўринади... Сенинг юрагингдаги ҳаёт нафаси ёниб турган томирлар кўнглимнинг аллақайси торларига боғланган, илоҳий... Ботинимни куйдириб ўтган, андишага йўғрилган ўйларни англагандек, ҳис қилиб тургандек, қўлларимдан тутасан. Зоҳирим ботиний алангага кўмилади...
***
Таниш манзиллардан ўйларим денгизига ғарқ бўлганча кетиб борарканман, изма-из келаётган қисмат шартини пайқамайман ҳам...
- Уни тинч қўй! Уни орзуимдаги қизга уйлантираман!
- ... - кўз ёшларимни сукут бағрига яшираман.
- Сен у учун баланд дорсан... Унга бахтсизлик келтирасан. Сенга қўлимиз етмайди. Уни ҳам, ўзингни ҳам қийнама!
- Кечиринг... - шундан ўзга сўз тополмайман.
- Уни унут!
Билмайдиларки, мен ўзимни унутиб, сенга топиндим, ўзимни йўқотиб, сени топдим...
Индамай бурилиб кетадилар.... Шу чоғ фируза осмон абгор елкамга оғирлик қилаётган алам юкига чидай олмай, кўзёшлар ёмғирини қуяди. Энди менинг мужгонимдаги намлар самовий ҳамдардликка қоришиб кетади...

***
Бугун ёнимдасан...
Бир лаҳза аввал қўлларимдан тутган қўлларингни қўйиб юборасан. Юзимни кафтларинг орасига тутиб, сенга нигоҳ ташлашга ҳукм қиласан... Шу онда кўкка ўрлаган ғурур кунпая-кун бўлади, юрагимни ҳовучимга олганча, қаршингда тиз чўкишимга бир баҳя қолади. Шу онда ногоҳ пайдо бўлган нажот фариштаси чилторини қўлига олганча сокин мусиқа бошлайди. Сенинг измингга ўзлигимни топшираман: кўксингга бошимни қўйиб, қўлларимни оҳиста елкангга узатаман. Мусиқага хос одим ташлаймиз... Гўё, бугун, ҳозир бу дунёда иккимиздан бўлак ҳеч ким йўқ... Фақат Сен ва Мен...
***
Саратонда қолган лоладек сўлиб боряпман, қовжираяпман. Тақдир ҳам заъфарон рангига бўялишимни жим кузатмоқни ният қилган томошабин сингари интиҳоимни кутишга киришган... Кунларнинг бирида... юришни унутиб қўяди оёқларим, менга исён кўтаришга шайланган мисоли... Йиғлолмайман. Кўздаги алам дарёлари сенсизлик кунлари бағрига тўкилиб бўлган, юрагимда дуд бўрони бош кўтаради. Борлиққа назар ташларканман, рангсиз дунёдан чарчаган кўзларим бир неча лаҳзаларга юмилиб, ҳуш отли қуш вужудимдан узилиш олдидан заиф, нолаваш овоз билан исмингни айтаман...
Яна такрор ўзимни таниганимда... Сенинг қалбингда уйғонaман, шу тоб, дунё кўзларимга фирдавс қадар гўзал, ҳаёт эса атиргул ифори қадар ширин кўриниб кетади...

***
Бугун ёнимдасан...
Ойинг ҳарир парда ортида бахтдан, ҳаёдан лола рангини олган юзимга суқланиб-суқланиб қарайди. Бугун... ҳеч кимга ишонгиси келмайди мени... Туш кўрмаяпмикинман, дея ҳадиксирайман, уйғониб кетишдан қўрқаман...
Тумонат одам бизнинг кўк қадар юксак саодатга дохил бўлишимизни тилаб, қадаҳ кўтаради. Кўзларимга ишонгим келади: Мана сен... Ёнимда...
Бугун ҳаёт китобимизда саодат рангли янги саҳифа очилмоқда...
Бугун... ёнимдасан!!!

Олисдан турналар қайтади ортга,
Ёмғир шивирлайди, хазон шитирлар...
Сеҳрли эртакка дўнган ҳаётга
Соғинч ўз тилида недир пичирлар...

Ботаётган қуёш – сўнаётган нур,
Тун қанча зулматдир – шунча ёруғ ой.
Бахтнинг изларини кўзларингга сур,
Бугун тахтимизга юлдузлар чирой...

Мана мен.
Қаршингда – эрка қўғирчоқ,
Орзудек оқ рангли либосим билан.
Хазонлар бағрига чекинди фироқ,
Кузги хиёбонлар айтганда айтганда ўлан...

Қара –
Нурли қуёш бахт улашмоқда,
Бугун Ер-у Осмон бизники мутлақ!
Энг эзгу туйғулар қутлаган чоғда –
Садоқат ваъдасин бармоғимга тақ...

Ёмғир шивирлайди.
Хазон шитирлар...
Сен бахтсан – шу дам юз очган жонимда...
“Бугун бахт тўйимиз...” – қалбим шивирлар,
Бугун ёнимдасан...
Бугун ёнимда!

Алия.
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...
Ответить 
Старый 01.12.2012 09:01   #199  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Сўзсиз муҳаббат.

Бугун ҳаво салқин бўлса-да, осмон мусаффо, қуёш чиққан, зўр бериб, тафти билан Она-Замин бағрини иситишга уринади. Аҳён-аҳёнда қушлар галаси номаълум манзиллар сари учиб ўтади, аллақаерларда мусичалар кукулашади. Мен эса ўша хиёбонда, ёнингизда ўтириб, сўзларингизни диққат билан тинглашга тиришаман.
Бугун унинг туғилган куни. Сиз унга нима ёқиши, қандай совға манзур бўлиши ҳақида сўрадингиз. Рост-да, уни ҳеч ким менчалик яхши билмайди, ҳеч ким менчалик тушунмайди. Мени эса... Ҳеч ким тушунмайди...
Бир пайтлар сиз билан ҳовлимизда қувлашмачоқ ўйнаб юрардик, бирга мактабга бордик, битта олийгоҳда ўқидик... «Сен»ларим «Сиз»га айланган кун англадимки, кўнглимда тушуниксиз ҳислар туғён кўтарганда, болаликнинг беғубор онлари, биргаликда ўтган йиллар бу туғён, бу сирли дунё камол топишига хизмат қилган экан... Ойингиз «Ўқишга кетяпсанми, фақат ўқи, қизларга қарама, сенга Саидани олиб бераман!» - дердилар доим. Қизариб кетардим. Кўзларимни ердан ололмасдим. Олийгоҳда ўқиб юрганимизда ҳам доим менга кўмаклашардингиз, яхшилик қилишга уринардингиз... Ҳатто, бир гал қор ёққанда, қўлқопларингизни кийгизиб қўйгандингиз... Қайтариб бергим келмаганди уларни...
Доим қаршингизда уялиб қолмаслик, изза бўлмаслик учун ўзимни тузатишга, камчиликларимдан қутулишга, изланишга ҳаракат қилардим. Шу сабаб, муҳаббат - инсонни ҳам жисман, ҳам қалбан, ҳам руҳан покловчи туйғу эканлигига ишонч ҳосил қилгандим... Баъзан ойим қўнғироқ қилиб, сизни ёки сизнинг ойингиз қўнғироқ қилиб, мени сўраганларида, бир-биримизга кўмакдош, йўлдош бўлиб келаётганимизни билиб, хотиржам бўлишарди. Сизни менга, мени сизга ишонишарди!..
Кунларнинг бирида курсдошимнинг туғилган кунида қоронғига қолиб кетганимда, дўстингиз билан машинада келиб, мени олиб кетдингиз. Ўшанда... Хатога йўл қўйдим: ўзимни ухлаганга солдим. Манзилга етганимизда мени уйғотишга уриндингиз, аммо...
Мен гўё буни истамасдим, дунёнинг бор ташвишини ҳал қилиб, толиққандек, кўзларимни очгим келмасди. Мени даст кўтардингиз-у, ижара уйимиз томон одимладингиз. Машинадан то уйгача бўлган йўл тугамаслигини қанчалар истаганимни билсангиз эди...
Эшикни у очди, мени кўтариб олганингизни кўриб, бирор кор-ҳол бўлди, деб ўйлаб қўрқиб кетди. Мени хонамга олиб кириб, ётоққа қўйганингизда, у ёқимли овоз билан сизга савол берди:
- Бахтиёр деганлари сизмисиз?
- Ҳа, менман. Мени қаердан танийсиз?
- Саида сизни тилдан қўймайди, доим сиз ҳақингизда гапиради...
Мен Зайнабнинг гапларини эшитиб, қизаришга чоғланмай туриб, қалбимни парчалаган бир сўз айтдингиз:
- Ҳа, албатта. Мендан бошқа суянадиган одами йўқ. Уни синглимдек яхши кўраман, синглимдек эҳтиёт қиламан...
Ўша кун... Сиздан буткул бошқа гапни, ўзгача изҳорни кутгандим, сеҳрли сўзларингиз хотирида тунни орзуларим бағрида бедор ўтказишни истагандим. Бедор ўтказдим ҳам... Ашк билан бирга... Эртасига олийгоҳда учрашдик. Бошқа-бошқа гуруҳда ўқиганимиз сабаб, фақат танаффусларда кўришардик.
- Йиғладингми? - мени кўриб, биринчи берган саволингиз шу бўлди.
- Кечаги кун учун узр...
- Ҳалиги қиз ким эди? Кеча эшикни очган?
- Зайнаб. Бир ҳафта бўлди, биз билан бирга ижарада туряпти...
Шу билан... Сизни унга қўшқўллаб топширдим, уни бир кўришдаёқ севиб қолганингизни билиб, ўзимни четга олдим. У ҳам бора-бора сизга кўнгил қўйди. Мен эса, яшашда давом этдим: Сизга сингил, унга дугона бўлиб... Ҳамон ойим, ойингиз Сизни менга, мени Сизга ишониб келишмоқда эди ўшанда ҳам...
Ҳар куни иккимизни турли кўнгилочар жойларга олиб борардингиз, кўнглимизни биргаликда кўтаришга уринардингиз. Ичимдан зил кетардим: мен кимман ўзи, қайси гуноҳим учун жазо оляпман?!
Истироҳат боғида икки кишилик чархпалакда у билан бирга учишингизни томоша қилардим. Ҳа, мен томошабин эдим, ҳеч нимага таъсир ўтказолмайдиган, ҳеч нимани ўзгартира олмайдиган томошабин!
Сизнинг олдингиздаги сингиллик бурчимни бажардим, ҳа, бир пайтлар бир синфда ўқиганимиз, ҳовлимизда қувлашмачоқ ўйнаганларимиз, хилватда, ҳаммадан яшириб, «Саи, сени яхши кўраман...» деганларингизни унутиб, ойингиздан Сиз ва Зайнабга оқ фотиҳа беришларини ўтиниб сўрадим... Болаликдаги беғубор ҳисларни болаликка йўйдим, сизни акамдек кўришимни айтдим... Тўйингизда... Йиғладим. Тўйиб-тўйиб...
Худойим менга Сизни берди, Сизни севиш бахтини берди. Гўзаллик берди, илм берди, қалб берди, ғурур ва шаън берди. Севгимни айтишга, курашишга имкон бермади. Сўз бермади. Сўзсизгина севиб ўтдим...
Мен ёқтирган гуллар дастасини олиб, уни хиёбонга чорлайсиз. Гул-гул очилиб, доғ туша бошлаган юзларида табассум билан узоқдан У кўринади. Бўғзимга нимадир қадалади...

Бир севгандим.
Гўзал. Мусаффо.
Осмон эди бошим узра тож.
Шевам ҳаё. Суянчим - вафо,
Кулгичимда куларди қуёш.

Кўзларингиз олов ёқарди
Ёноғимнинг кулчаларида.
Бир кун...
Ташлаб кетдингиз дардим –
Болаликнинг кўчаларида...

Тополмайман ўша йўлларни –
Хотирамга сингиб кетасиз.
Мен соғинган атиргулларни
Энди Зайнабларга элтасиз...

Бир севгандим...
Сукутда... Сўзсиз...
Дугонамга ҳадя бўлди бахт...


Алия
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...
Ответить 
Старый 09.01.2013 16:50   #200  
Аватар для Aliya
Оффлайн
AKA:Aliya
Сообщений: 385
+ 597  718/286
– 4  5/3

UzbekistanАккаунт на TwitterМой мирFacebook
Қоракўз

Чағалайларнинг чуғур-чуғури атрофни тутиб кетган, сокин тўлқинлар соҳилдаги қумга бош уриб, умидсизгина ортига қайтади. Ҳар йигирма-йигирма беш қадамда ўрнатилган соябонлар остидан оломон паноҳ топган, кун тандирдек қиздиради. Ҳамма ўзи билан ўзи оввора. Ўзга мамлакат, ўзга тамаддун, ўзга маданият...
Аёллар кўзойнак таққан, шляпа кийган, баъзилари бутун дунёни унутган кўйи, аллақандай ажнабийча, уларнинг таъбирича, мамлакатнинг энг оммабоп журналларини мутолаа қилиш билан банд. Улар шунчаки, чиройли қорайиш учун ҳам бир дунё пул сарфлаб, фалон мамлакатдан келишлари мумкин.
“Ҳа, улар жонининг қадрини билишади. Асабийлашганда, керак бўлса, туққан онасидан ҳам холи қолдиришни талаб қилишади, ёшига етмаган боласини энага ихтиёрига топшириб, хотиржам уйқуга кета олишади... Эри уйда ўтирганда, кеч тушиши биланоқ ҳамкори билан ресторанма-ресторан изғишади. Тонгга яқин уйга қайтса ҳам, эр қурғур “қаерларда санғиб юрибсан?” - дейишни ўзига эп кўрмайди.
Бизда эса, ҳаммаси буткул бошқача... Аёллар оқшом тушгач, остона хатлаб, кўчага чиқишмайди. Эридан рухсатсиз ота уйига ҳам боришмайди. Овозини кўтариб гапириш у ёқда турсин, ҳатто, тик қараш ҳам уларнинг ҳадди эмас. Тун бўйи ухламай чиқса ҳам, боласини ухлатмай туриб, уйқуга кетишмайди. Йиллар юзига босиб кетган асоратлар - уларнинг ҳусни, сочларига эрта оралаган оқ - ҳурмати... Ўзига қараш, соғлиғига эътибор бериш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бу - ўзбек аёлининг насаби, мақоми, унвони! У учун аёллик, оналик - шараф, у фарзандлари билан муқаддас...”
Улуғбек йиғма ўриндиқда ҳаракатсиз ўтирган Ферузага термулиб, шуларни ўйларкан, юраги ачишди. Беш йилки, шу аҳвол. Феруза билан тоққа дам олишга чиқишганди. Доим бир қояга чиқиб, қуёш ботишини томоша қилишарди. Фалокат оёқ остида, деганлари шу бўлса керак, бир сониялик эҳтиётсизлик Ферузанинг қоядан йиқилишига сабаб бўлди. Тилаб олган қизининг аҳволини кўриб, Хайрия холанинг фарёди кўкка ўрлади:
- Йигирма йил ўтиниб, қирқнинг остонасига етдим, деганда берган давлатингни ўлимимни кутмай қайтариб олмоқчимисан, Худойим?! Ахир, бир кун мана бу норасида гўдак мендан онасини сўраса, нима деб жавоб бераман?! Адолатинг қани, Художон?! Мен учун бўлмаса ҳам, мана шу Қоракўз учун жигарбандимнинг ҳаётини сақлаб қол...
Ҳартугул, Хайрия холанинг нолалари Яратганга етдими, шифокорлар елиб-югуриб, Ферузанинг ҳаётини сақлаб қолишди. Фақат, у уйқуда, оғиз очиб бир сўз айтмайди. Киприк қоқиб, гўдагига нигоҳ ташлаб қўймайди. Қоракўз қора кўзларини жавдиратиб, онасига термулади, икки томчи ёш Ферузанинг киприкларини намлайди... Улуғбек суюклиси уйғонишини кутиб, кунларни ойларга, ойларни йилларга улади. Ферузанинг йигирма ёши йигирма беш бўлди ҳамки, уйғонмади, эрининг табибма-табиб, дўхтирма-дўхтир югуриши самарасиз кетмоқда эди.
Феруза атрофдагиларнинг айтишича, “сабрнинг фарзанди” эди. Хайрия хола беш йил ичида уч фарзандини тупроққа бериб, юрак-бағри эзилди. Кейин, ўн беш йил тирноққа зор бўлиб яшади. Ниҳоят, ўттиз тўққиз ёшга етганда, қизалоғини дунёга келтирди. “Худойим сабримизни синаб, умидимизни узмаганимиз мукофоти қилиб берган қизими第¬ ҳаёт синовлари олдида енгилмасин, боши доим баланд бўлсин, доим ғолиб бўлсин!” – деган ниятда Феруза деб исм қўйишди. Ота-онанинг доимий эътибори унинг соғлом, ақлли қиз бўлиб улғайишига замин яратди.
Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиди. Бироқ, уни қаттиқ эҳтиёт қилган ота-она таълимни давом эттиришига руҳсат беришмади. Ўн тўққиз ёшгача уйда ўтириб, ҳунар ўрганди. Кейин турмушга беришди.
Ҳозир улар Қора денгиз соҳилларида. Навбатдаги қабул экстрасенснинг ҳаво алмаштириш, денгиз соҳилларига олиб бориш таклифи билан якунланди. Улуғбек Ферузани қаттиқ севар, бирор киши “уни тузатадиган дори борсакелмас томонларда экан,” – деса ҳам, ҳеч иккиланмай ўша ёққа кетарди.
- Феруз, қачон уйғонасан? Денгизга олиб бор, дейишди, мана олиб келдим. Уйғона қол энди... Менга раҳминг келмаса ҳам, Қоракўзга раҳминг келсин... Она бўлиб, уни бирор марта бағрингга босмадинг, эркалаб-суймадинг. Алам қилмайдими ахир?! Уни соғинмайсанми, атрофингда парвона бўлишларини кўриб, қувонишни истамайсанми?
- Дада, қаянг, мен бийнайса топтим, - соҳил тарафда ўзи танимайдиган, ҳатто тилини ҳам тушунмайдиган болалар билан ўйнаётган Қоракўз югуриб келди. Унинг қўлида миттигина чиғаноқ турли рангда товланарди.
- Мени асал қизим чиғаноқ теряптими? Ўзимни эрка қизим, Қоракўзим, - Улуғбек қизини кўтариб олиб, тиззасига ўтқизди, қизалоқнинг қўлларида омонатгина турган чиғаноқ ёғоч стол устига тушиб, очилиб кетди, ичидан тушган дур қум устида “югуриб” кетди. Улуғбек Қоракўзни ерга қўйиб, чиғаноқ ичидан тушган дурни “тутиб олди”, кейин қизига узатди.
- Қизим, бу сеники! Ялтирашини қара!
Гарчи, Қоракўз унинг нималигини тушунмаган бўлса-да, ялтираб турган дурни кўриб, ойиси томонга бир қараб олди-ю, дурни дадасига қайтарди:
- Шу ейга туйинг, мен ҳози яна топиб кеяман. Буям шу ейга туйсин, яна опкейганимни кушиб, аямга беяман!
Қоракўз Улуғбекнинг жавобини ҳам кутмай, яна болакайлар томонга югуриб кетди. Болалар бараварига қум титишар, чиғаноқларни очолмай, ота-оналари томонга югуриб келишарди. Бир-икки аёллар болаларини уришиб ҳам беришди. Қоракўз териб келган чиғаноқларнинг бошқа бирортасидан дур чиқмади. Бироз хафа бўлган бўлди-ю, яна соҳилга югуриб кетди. Энди болалар сафи қисқарган, беш-олтита бола кўринарди холос.
Узоқдан митти шляпа кийиб, соҳилда қум титиб юрган Қоракўз яққол кўзга ташланарди. Болалар барчаси бир хил кийинган бўлса-да, Улуғбекнинг назарида, Қоракўз ҳаммадан айрича ажралиб турарди. Улуғбек унинг зийраклиги, меҳрибонлиги ҳақида Ферузага гапира бошлади:
- Қара, Феруза, Қоракўз сенга нима олиб келибди! Ҳеч бўлмаса, унга раҳмат дейиш учун ҳам уйғонишинг керак...
Қум юзасидаги чиғаноқлардан ҳеч нима топилмагач, Қоракўз сув томонга борди. Денгиз кўпиклари остида йиғилиб қолган чиғаноқларни кўриб, кўзи қувнади. Ҳаммасини қум устига чиқариб, тўплай бошлади. Сув ичида турган чиғаноқлардан бирини олиб, қулоғига яқин келтирди, силкитиб кўрди. Ичида нимадир шиқиллагандек бўлди. Кейин бошқа чиғаноқларни ҳам шундай “текширувдан ўтказди.” Учтагина чиғаноқни чўнтагига солди, қолганлари соҳилда қолди. Кейин яна сувга қараб кетди.
- Қоракўз, бу ёққа кел, бунча узоққа кетиб қолдинг? – Улуғбек сувнинг анча ичкарисига кириб қолган Қоракўзни кўриб, хавотирга тушди. Қизалоқ эгилиб, тиниқ сув ичидан чиғаноқ излаш билан оввора эди. Дадаси уни чақираётганини эшитиб, қаддини ростламоқчи бўлди, бироқ, мувозанатни йўқотиб, йиқилди. Қўрқувдан чинқирган эди, овози сувда ютилиб кетди. Улуғбек бир зум ҳеч нимани англолмай карахт бўлиб қолди. Шунда...
Кутилмаганда Феруза ўрнидан туриб кетди! Елдек учиб, соҳилга етиб борди-ю, сув ичида ҳушини йўқотган Қоракўзни кўтариб олди:
- Қоракўз, кўзингни оч! Болажоним, кўзларингни очсанг-чи! Менга сен кераксан, ҳар қандай қимматбаҳо тошлардан ҳам қадрлироқ, қимматлироқ бойлигим сенсан-ку!
- Феруза, уйғондингми?.. – ҳаллослаганча етиб келган Улуғбек бир аёлига, бир кўзлари юмуқ қизалоғига қаради. Феруза эса, гўё унинг гапларини эшитмас, Қоракўзни бағрига босганча, юз-кўзларидан ўпарди. Соҳилдагилар бир зумда тиббий хизматчини чақиришди. Уларга ҳамроҳлик қилиб келган гид ҳам воқеанинг асл моҳиятини англаб, ҳайратга тушди.
Улуғбек экстрасенс янглишганини тушунди. Ферузани денгиз ҳавоси эмас, оналик меҳри уйғотганини англаб етган эди. Шундай бўлса-да, қайтиб боргач, экстрасенсга ташаккур изҳор қилишни кўнглига тугиб қўйди.
- Ая, мана, ойинг... – оҳиста кўзларини очган Қоракўз ойисига тўртта чиғаноқ тутқазди. Чиғаноқлар унинг ҳавода муаллақ турган қўлидан пастга тушиб кетди. Аммо, Феруза бунга парво қилмади. У Қоракўз ўзига келганини кўриб, Яратганга шукрона келтирар, уларни суратга олаётган ажнабийлар ҳам жуда олисда тургандек туюларди...

Алия
__________________
Olloh oqibatimizni xayrli qilsin...
Ответить 
"+" от:
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх