Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Спорт и игры
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Спорт и игры Все, что связано со спортом


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 20.06.2019 20:47   #1  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Биринчи Европа ўйинларининг қисқача тарихи

«ИЛҲОМ АЛИЕВ. ЎЗГАРИШЛАР ЖАРАЁНИДАГИ ПРЕЗИДЕНТ ТАСВИРИ» НОМЛИ АСАРНИНГ

«КАТТА СПОРТ – КАТТА СИЁСАТ» БОБИ

Муаллиф Эльмира Ахундова

Таржимон Шокир Долимов


1997 йили Миллий олимпиада қўмитаси раиси бўлгач, Илҳом Алиев, оммавий спортни ривожлантириш билан бир қаторда, юртимизда олимпиада ҳаракатини ривожлантириш соҳасида иш бошлади. Натижа, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, жуда зўр бўлди. Келинг, фактларга мурожаат қилайлик.

1996 йилги XXVI Олимпиада ўйинлари АҚШнинг Атланта штатида ўтиб, унда 197 та давлатдан жами 10 788 нафар спортчи иштирок этди. Улар спортнинг 26 тури бўйича 271 та медаллар тўплами учун кураш олиб боришди. Ўшанда Озарбайжондан 4 нафар енгил атлетикачи (Элвира Жаббарова, Ариф Ахундов, Васиф Асадов, Алексей Фатянов), 2 нафар юнон-рум курашчиси (Вилаят Агаев ва Таир Захидов), 6 нафар эркин курашчи (Намиг Абдуллаев, Ариф Абдуллаев, Элшад Аллахвердиев, Мамедсалам Гаджиев, Магомед Ибрагимов, Давуд Магомедов), 2 нафар дзюдочи (Адалят Мамедов, Илҳом Керимов), 2 нафар оғир атлетикачи (Асиф Меликов, Тофик Гейдаров), қиличбоз Элхан Мамедов, сузувчи Эмин Гулиев, сувга сакровчи Эмин Джабраиов, спортча отувчилар Ирода Ашумова ва Сергей Тимохин иштирок этишди. Бу мустақил Озарбайжоннинг биринчи Олимпиада жамоаси бўлиб, кураши осон кечмади, албатта.

Шундай бўлишига қарамай, Озарбайжон жамоаси медалсиз қайтмади. Курашчимиз, икки марта Европа чемпиони Намиг Абдуллаев ишончни оқлади. Америкалик Лоу Рассел, япониялик Сасаяма Хидео, ўзбекистонлик Адҳамжон Очилов, эронлик Гуламирза Магомедовни енгиб, финалга чиқди. Болгариялик Иорданов билан ўтган кураши жуда оғир кечиб, рақиб бироз кучлилик қилди ва Намиг кумуш медалли бўлди. Бу озарбайжонлик курашчилар томонидан Олимпиада ўйинларида қўлга киритилган иккинчи, мустақил Озарбайжон байроғи остида эришилган биринчи медаль бўлди. Атлантада ўтган Олимпиадада 23 нафар спортчи билан иштирок этган Озарбайжон жамоаси 197 та давлат ичида 61- ўринни эгаллаб қайтди.

2000 йил 15 сентябрда Австралиянинг Сидней шаҳрида очилган XXVII Олимпиада ўйинларида Озарбайжон 9 та спорт тури бўйича 31 нафар спортчиси билан мустақил давлат сифатида иккинчи марта иштирок этди. Дзюдо, бокс, кураш, спортча отиш мусобақаларида спортчиларимизнинг чиқишлари муваффақиятли кечди. Озарбайжон жамоасига дастлабки медални аёллар ўртасида стендда отиш мусобақасида иштирок этган Земфира Мефтахетдинова олиб келди. У иштирок этган спорт тури Олимпиада ўйинлари дастурига биринчи дафъа киритилган эди. Спортнинг ушбу турида Земфира иккита рекорд қўйганча, рақибидан уч очкога ўзиб, Олимпиада чемпиони бўлди.

Иккинчи олтин медални юртимизга Атлантадаги ўйинларда кумуш медаль совриндори бўлган Намиг Абдуллаев олиб келди. Гуруҳ мусобақаларини муваффақиятли якунлаган Намиг ярим финал ва финал ўйинларини ҳам юксак даражада ўтказди. Финалда америкалик спортчи Самюэл Хенсоннинг курагини ерга теккизган Намиг Абдуллаев Олимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:49   #2  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Озарбайжон боксининг солномасига ҳам биринчи Олимпиада медали ёзилди. Уни юртимизга 19 ёшли спортчимиз Вюгар Алекперов олиб келди. Сайёрамизнинг энг кучли спортчисига матонат-ла қаршилик кўрсатишига қарамай, ярим финал мусобақасида мағлуб бўлган ёш йигит Сидней Олимпиадасининг бронза медали совриндори бўлди.

Иккита олтин ва битта бронза медалини қўлга киритган Озарбайжон жамоаси жами 80 та медалчи-давлат ичида 34- ўринни, Европа давлатлари орасида эса 23- ўринни эгаллади. Юртимиздаги Олимпиада ҳаракати тарихида бу энг катта муваффақият бўлди.

Афинада ўтган XXVIII ёзги Олимпиада ўйинларида Озарбайжон Республикаси 31 нафар спортчиси билан иштирок этди. Юртимиз ўз спорти тарихида биринчи марта бешта, хусусан, битта олтин, тўртта бронза медалини қўлга киритиб, мусобақада иштирок этиш сифати бўйича 75 та медалчи-давлат ичида 50- ўринни, медаллар сони бўйича эса – 37- ўринни эгаллади.

Озарбайжонлик юнон-рум курашчиси Фарид Мансуров Олимпиада чемпиони бўлди. Отиш мусобақасида иштирок этган Земфира Мефтахетдинова билан Ирода Ашумова, боксчиларимиз Агаси Мамедов ва Фуад Асланов ҳам ушбу нуфузли мусобақаларда учинчи совринли ўринларни эгаллашди. Шунингдек, Афинада ҳакамлик қилган юртдошларимиз Октай Гусейнов (кураш) билан Нифтали Гулиев (бокс) ҳам Олимпиадада муносиб иштирок этишди.

Пекинда ўтган 2008 йилги Олимпиада ўйинларида Озарбайжон 10 та спорт тури бўйича 44 нафар спортчиси билан иштирок этди. Ўшанда Озарбайжон якуний жадвалнинг 39- сатридан жой олди. Жами 7 та медални қўлга киритган Озарбайжон совринлар сони бўйича ўз рекордини қўйди.

2012 йилнинг ёзги Олимпиада ўйинларида энди юртимиз 15 та спорт тури бўйича 53 нафар спортчи (39 нафар эркак, 14 нафар аёл) билан иштирок этди. Олимпиадада иштирок этиш тарихида бу энг кўп сонли жамоа бўлди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг фармонига мувофиқ олтин медаль учун мукофот 400 минг манатни, кумуш медаль учун – 200 минг манат, бронза медали учун эса – 100 минг манатни ташкил этди. Озарбайжон Миллий Олимпиада қўмитаси эса олтин медаль совриндорини 200 минг, кумуш медаль совриндорини 100 минг, бронза медали совриндорини эса 50 минг манат билан тақдирлашини эълон қилди.

Лондон ўйинларида Озарбайжон ўз тарихида биринчи марта оғир атлетика бўйича медаль соҳиби бўлди. Умуман айтганда, Лондонда ўтган Олимпиада ўйинларида 10 та (илгаригидан ҳам кўп) медални қўлга киритган Озарбайжон олтин медаллар сони бўйича ҳам, медалларнинг умумий сони бўйича ҳам олдинги, яъни 2008 йилги Пекин Олимпиадасида эришган ютуқлари даражасидан ўтиб кетди.

2014 йили Хитойда, ўспиринлар орасида ўтган Олимпиада ўйинларида 5 та олтин, жами 12 та медални қўлга киритган Озарбайжон жамоаси қарийб 200 та иштирокчи-жамоалар орасида 10- ўринни эгаллади.

Ва ниҳоят, Рио-де-Жанейрода ўтган 2016 йилги XXXI Олимпиада ўйинларида 56 нафар спортчи билан иштирок этган Озарбайжон Республикаси Лондон Олимпиадасида қўлга киритган ютуғини деярли икки чандон яхшилади. Жами 18 та медалга (1 та олтин, 7 та кумуш, 10 та бронзага) сазовор бўлган озарбайжонлик олимпиадачилар, Рио ўйинларида иштирок этган спортчилар сони нисбатига кўра эришилган медаллар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади. Буюк Британиянинг нуфузли «The Telegraph» нашри Озарбайжон терма жамоасига «2016 йилги Олимпиада ўйинларининг энг зўр жамоаси» дея ном бериб, ҳеч адашмади.

* * *
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:50   #3  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
«Катта спорт» соҳасида жуда чиройли ғалабаларга эришган, халқаро Олимпиада ҳаракатига муваффақиятли қўшила билган Озарбайжон Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш ниятида Халқаро олимпиада қўмитасига ариза берди. Бу вақтга келиб юртимиз иқтисодий жиҳатдан анча қудратли давлатга айланиб, ривожланган спорт инфратузилмасини бунёд этди (ўтган 10 йил ичида замон талабларига жавоб берадиган қарийб 40 та Олимпиада марказларини қуриб, фойдаланишга топширди), спортнинг ҳар хил турлари бўйича Европа ва жаҳон чемпионатларигача бўлган нуфузли халқаро мусобақалар ўтказиш борасида катта тажриба тўплади.

Озарбайжон Миллий олимпиада қўмитаси (МОҚ) 2016 йил ва 2020 йил Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш мақсадида икки марта ариза берди. Иккала ҳолатда ҳам бошқа номзодлар ғолиб чиққан бўлишига қарамай, МОҚ томонидан тўпланган тажриба жуда катта фойда берди.

2015 йили Олимпиада-2024 ўйинларига мезбонлик қилиш учун ариза берилаётган вақтда Озарбайжон таваккалига иш тутмасликка аҳд қилди. Чунки ўша давр Олимпиадага мезбонлик аризасини бериш вақти эмас эди. Гап шундаки, 2015 йилнинг ёзида Бокуда қитъа тарихида биринчи марта Европа ўйинлари, 2017 йили эса IV Ислом бирдамлиги ўйинлари (Исломиада-2017) ўтказилиши керак эди.

Европа олимпиада қўмитасининг (ЕОҚ) 2012 йил 8 декабр куни Римда ўтган 41- Бош ассамблеясида биринчи Европа ўйинлари 2015 йили Бокуда ўтказилишига доир қарор қабул қилинди. Мазкур Ассамблеяда Бокунинг кўрки ва унда мавжуд спорт иншоотлари намойиш этилди. ЕОҚ президенти Патрик Хикки бундай ўйинларни ўтказиш ғоясига доир маълумотлар бериб ўтар экан, уларни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказиш таклифини маъқуллади. Натижада, биринчи Европа ўйинлари Бокуда ўтказилишига доир ЕОҚ Бош ассамблеясининг қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинди, хусусан, 48 нафар иштирокчидан 38 нафари қарор таҳририни маъқуллади (8 киши ушбу қарорга қарши овоз берган бўлса, 2 киши бетараф қолди).

Озарбайжон спорти тарихида янги, чиндан ҳам бутун бошли даврни ташкил этадиган, улуғвор ва айни вақтда жуда қийин ва ўта масъулиятли саҳифа очилди. Гап шундаки, Европа ўйинлари ўтказилишига ҳозирлик кўриш учун атиги 2,5 йил ажратилган бўлиб, ушбу вақт ичида ўнлаб спорт обектларини модернизация қилиш ёки янгитдан қуришга, жамики спорт инфратузилмаси, Олимпиада қишлоғи, замон талабларига жавоб берадиган матбуот марказларини тайёрлаш ва шу каби, кўплаб ишларни бажаришга улгуриш керак эди. Ушбу Ўйинларда 16 та тури Олимпиада дастурларига киритилган жами 20 та спорт тури бўйича 6 мингдан зиёд спортчи иштирок этиши кутилган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:51   #4  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ниҳоятда қизғин ишлар бажарилиши кераклигини теран англаган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев жуда оқил қарор қабул қилди: 2015 йили Бокуда ўтказиладиган биринчи Европа ўйинларининг ташкилий қўмитасига раҳбарлик қилиш масъулияти, унинг 2013 йил 17 январдаги фармойишига мувофиқ Ҳайдар Алиев фонди президенти, Озарбайжон Миллий олимпиада қўмитаси (МОҚ) ижро қўмитасининг аъзоси, ЮНЕСКОнинг эзгу ният элчиси Меҳрибон Алиеванинг зиммасига юкланди.

Бир қарашда нозик кўринган ушбу аёл метиндай ирода ва юксак ташкилотчилик қобилиятига эга бўлгани ҳамда у бошқарган Қўмита жамики Озарбайжон жамияти томонидан қўллаб-қувватлаганидан руҳланиб кетгани боис, ижроси аксарият юртдошларимиз ва хорижликлар кўзига маҳол кўринган ниҳоятда улкан ишлар амалга оширилди, яъни жамики спорт обектларини қуриб, фойдаланишга топшириш ишлари муддатидан олдин ниҳоясига етказилди, Европа ўйинлари расман очилгунча 35 та синов тадбирларининг бари ўтказилди.

Шу билан бирга Меҳрибон Алиева ва унинг кам сонли жамоаси ўйинларга ҳозирлик тадбирларини йирик Европа пойтахтлари – Рим, Лондон, Париж, Афина, Анкара, Берлин, Москва шаҳарларида намойиш қилиб борди. Буларнинг бари ёш, мустақил Озарбайжон Республикасининг спорт соҳасида ҳам, иқтисодиёт ва маданият соҳаларида ҳам қўлга киритган ютуқларининг ёрқин намойиши бўлди.

Биринчи Европа ўйинларининг ташкилий қўмитаси раиси Меҳрибон Алиеванинг, ушбу ўйинларга ҳозирлик тадбирларини Москвада намойиш этиш вақтидаги нутқидан лавҳа:

«Тайёргарлик учун ихтиёримизга атиги икки ярим йил берилганига қарамай, ушбу ўйинларни ёзги Олимпиада ўйинлари даражасида ўтказишни ният қилганмиз. Бунинг учун ўта кучли Ташкилий қўмитамиз барча зарурий ишларни амалга оширмоқда. Биз халқаро спорт ташкилотлари, Европа олимпиада қўмитаси, халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Кўнгилли ёрдамчилар бизга жуда зўр ёрдам кўрсатишмоқда. Минг-минглаб Озарбайжон ёшлари ушбу ўйинларда кўнгилли ёрдамчи бўлиш истагини билдиришмоқда. Атлетлар қишлоғи билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ишончим комилки, россиялик спортчилар ушбу қишлоқда яшаб, ҳузур кўришади. Чунки биз мусобақага тайёргарлик кўриш учун ҳам, мароқли ҳордиқ чиқариш учун ҳам максимал қулай шарт-шароитлар ҳавола этишга ҳаракат қилдик. Медиа қишлоғи билан ҳам фахрланамиз. Мазкур тузилма атайин медиа вакиллари учун бунёд этилган бўлиб, энг қатъий жаҳон стандартларига жавоб беради. Европа ўйинлари 50 дан зиёд компанияларда фаолият юритаётган 1000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик мухбирлар томонидан 100 дан зиёд давлатларга ёритиб борилади.

Модомики, биринчи Европа ўйинларининг мезбони бўлар эканмиз, табиийки, юртимиз меҳмонлари Озарбайжон ҳақида кўпроқ билиб кетишларини истаймиз. Мустақил давлат сифатида республикамиз ҳали ёш, бироқ юртимиз чуқур тарихий илдизларга, жуда бой маданиятга эга. Ўзингизга маълум, Ватанимиз ва унинг пойтахти Боку шаҳри Буюк ипак йўлида, Ғарб билан Шарқнинг туташиш жойида бўлиб, қадимдан кўплаб халқ ва элатларнинг руҳи ва маданиятларини ўзига сингдириб келган. Биз кенг кўламли, жуда қизиқарли маданий дастур тайёрладик. Умид қиламизки, Озарбайжонга ташриф буюрган меҳмонлар қадимий ва айни вақтда жуда ёш юртимиз ҳақида кўп нарсаларни билиб кетишади. Европа ўйинлари бошланишига атиги 2 ой қолган бугунги кунда, диққат-эътиборимиз сўнгги тайёргарлик ишларига қаратилган. Лекин айтиш мумкинки, бугун Боку жамики Европани қарши олишга тайёр. Биз ҳаммамиз ниҳоятда катта байрам – тинчлик, дўстлик ва спорт байрами арафасида турибмиз. Ишончим комилки, биринчи Европа ўйинлари бирлик, бирдамлик, соғлом ва адолатли рақобат руҳида ўтади...»
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:53   #5  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Европа олимпиада қўмитасининг 2014 йил ноябр ойида Боку шаҳрида ўтган 43- Бош ассамблеясида сўзга чиққан Халқаро олимпиада қўмитасининг раиси Томас Бахнинг нутқи ҳам худди шундай некбинлик руҳига эга бўлди. Озарбайжон президентига мурожаат қилар экан, Томас Бах қуйидагича фикр билдирди:

«... Озарбайжон спорти ва жамиятингиз таълимотининг равнақига кўрсатаётган эътиборингиз таҳсинга лойиқдир. Спортга оид инвестиция инфратузилма яратилиши билангина чекланиб қолмайди, албатта. Ушбу инвестиция, табиийки, таълим соҳасининг равнақ топишида муҳим роль ўйнайди. Сиз олиб бораётган иш, соҳага қўшаётган ҳиссангиз, умуман жамият ривожи, таълимот тизимини такомиллаштириш ишларининг давом этиши ва янада самарали бўлишига ижобий таъсир кўрсатиши билан бир қаторда, юртингиз спортчилари халқаро мусобақаларда муваффақият қозонишига, Озарбайжоннинг халқаро майдондаги нуфузи янада мустаҳкамланишига ҳам омил бўлади...»

Халқаро олимпиада қўмитасининг раиси келаси йилда Бокуда биринчи Европа ўйинлари бўлиб ўтиши ҳақида фикр юритар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: «Бу ерда амалга оширилган ишларни кўриб, ўйинлар муваффақиятли ўтади, деган хулосага келиш мумкин. Биринчи Европа ўйинлари бўлажак мусобақаларнинг катта тарихи бўлади. Ишонч-ла айтишимиз мумкинки, спортчи атлетлар Европа ўйинларида ёрқин натижалар кўрсатишади. Шунингдек, Озарбайжоннинг биринчи хоними, Ташкилий қўмита раҳбари Меҳрибон Алиевага ҳам ўз миннатдорлигимизни изҳор этамиз. Европа ўйинлари муносабати билан маданий тадбирларнинг ниҳоятда бой дастури тайёрлангани ҳақида кеча хабар топдик. Бу бизга, агар ўхшатиб гапирадиган бўлсам, ғайриоддий, мисли йўқ ҳузур бахш этади. Спорт мусобақалари билан маданий тадбирларнинг уйғунлашиши жуда қизиқарли бўлишига аминман».

12 июнь куни Бокудаги Олимпиада стадионида очилиб, 2 ҳафта давом этган улкан спорт байрамини телевидение ва Интернет тармоғи орқали жамики жаҳоннинг миллионлаб спорт ишқивозлари кузатиб боришди. Улар ушбу байрам кўрки ва кўламига, биринчи Европа ўйинлари юксак даражада ташкиллаштириб, ўтказилганига муносиб баҳо беришди. Хорижлик спортчилар эса Озарбайжон халқининг хушмуомалалиги ва меҳмондўстлигини ўз кўзи билан кўришди, Озарбайжон таомларининг тансиқлиги, кўркам Бокунинг фусункор жозибаси-ю, мафтункорлигига шоҳид бўлишди. Аксарият меҳмонлар Озарбайжонни кўзда ёш-ла тарк этишди ва ҳеч шубҳа йўқки, мазкур байрамдан сўнг, улар, юртимизнинг азиз меҳмонлари сифатида, она заминимизга қайта ва қайта келаверишади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:54   #6  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Европа ўйинлари якунига етгач, «Каспий» газетасида мазкур китоб муаллифининг «Биз буни уддаладик!» сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда Европа ўйинларини ташкиллаштириб, ўтказган Озарбайжон томонидан эришилган муваффақиятнинг таркибий қисмларини ҳамда ушбу байрам билан юртимиз спортининг равнақи ўртасидаги сабабли-натижали боғлиқлигини дона-дона қилиб баён этишга уриниш бўлган.

«Интизор бўлиб кутиш, ҳаяжон ва ташвишда юриш кунлари ҳам мана ўтди-кетди, қулоқни қоматга келтирган тантаналар, спорт соҳасида эришилган улкан зафарлар, фахр ва қувонч ёшлари, бир лаҳзадек кўринган унутилмас 17 кун орқада қолди. Буларнинг бари тарихга айланганча, ёш Озарбайжон давлатчилигининг солномасига зарҳал ҳарфлар ила битилганча, мангуликка ўтиб кетди. Мана, биринчи Европа ўйинлари ҳам орқада қолди...

Соҳа экспертлари, юртимиз ва жаҳон спорти арбоблари, ҳар хил қитъаларда яшаётган спорт мухлисларининг фикр-мулоҳазаларини тинимсиз иқтибос келтириш мумкин. Уларнинг бари якдил баҳо беришмоқда – тинчлик, дўстлик ва спорт байрами жуда муваффақиятли чиқди! Йўқ, бу байрам кутилгандан ҳам ортиқ бўлиб чиқди. Зеро, жамоалар орасида иккинчи ўринни эгаллашимиз, бошимизга олтин медаллар ёмғири ёғилиши – етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган орзу эди. Озарбайжон спортчилари Европа қитъасида энг кучли спортчилардан эканлигини, спортнинг айрим турлари бўйича эса, деярли ҳеч ким уларга бас кела олмаслигини кўрсатиб қўйишди.

Спорчиларимиз ушбу ёшлик ва саломатлик байрамида жуда фаол бўлишди. Дарҳақиқат, улар бор кучини сарф этиб, баъзан ўз имкониятларини охиригача ишлатиб, жуда юксак натижаларга эриша билишди. Бунинг учун уларга раҳмат! Фикримча, спортчиларимиз эришган муваффақиятга она заминимиз тафти, мусобақаларда ҳукм сурган хайрихоҳона муҳит, спорт шинавандаларининг ўз оиласи билан бирга мухлислик қилган юртбошимиз раҳбарлигида қўллаб-қувватлаб боргани омил бўлди. Озарбайжон президенти, унинг рафиқаси, фарзандлари, ҳатто жажжи набиралари спортчиларимизга мухлислик қилаётганини кўришнинг ўзи ғаройиб томоша бўлди. Мусобақа сўнгида эса Илҳом Алиев билан Меҳрибон ханум ғолибларни олтин медаллар билан тақдирлаш, спортчиларни ўз фарзандларидай кўриб, бағрига босганча, ўпиб қўйиш учун залга чиқишди. Улар 17 кун спортчиларимиз ёнидан жилишмади – бу жуда катта гап!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:56   #7  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ўйлашимча, бундай улкан ғалабалардан сўнг, юртимизда спорт икки карра оммавий ҳодисага айланиши керак. Озарбайжоннинг барча туманларида қурилган кўп сонли Олимпиада мажмуалари ниҳоят тўла-тўкис ишга тушади, спорт федерацияларимиз эса янги истеъдодларимизни қидиришга янада зўр беради. Истаймизми буни биз, йўқми, ўтган кунлар давомида катта спорт – катта сиёсат эканлигини ўз кўзимиз билан кўриб, амин бўлдик. Бундай сиёсат эса, ўз навбатида, ўз қоидаларига амал қилинишини тақозо этади.

Бугун айрим ишонмовчилар Европа ўйинларини тайёрлаб, ўтказишга сарф этилган маблағ миқдорини ҳисоб-китоб қилишар экан, савол беришмоқда: шунча пул сарфлашга арзигулик иш бўлдими ўзи? Масъулият-ла айтаманки, жуда ҳам арзигулик иш бўлди! Ушбу ҳодиса юртимиз нуфузини ошириб, жаҳонга чинакамига машҳур қилиб юборганидан ташқари, моддий жиҳатдан ҳам катта фойда келтирди. Биринчидан, юртимиз ҳудудида қурилган спорт иншоотлари Ўйинларнинг ёпилиш маросимидан сўнг, буғланиб кетмай, Озарбайжон заминида қолди. Энди МОҚ олдида турган биринчи навбатдаги вазифа – эришилган муваффақиятни мустаҳкамлаш борасида Ёшлар ва спорт вазирлиги билан биргаликда қизғин музокаралар олиб бориш, яъни Озарбайжонда кенг миқёсли янги мусобақалар, кам деганда Европа ва жаҳон чемпионатларини ўтказиш истагини билдирган шериклар ва манфаатдор томонларни қидириш саналади. Бундай вазифа муваффақиятли ҳал этилаётганидан хабарим бор – бизни «Формула-1» пойгаси босқичи, Ислом бирдамлик ўйинлари, Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва шу каби, кўплаб бошқа тадбирлар кутмоқда. Бу узоқ йўлнинг бошланиши холос. Биз Бокуни, умуман, Озарбайжонни қитъа ва умумпланета миқёсидаги мусобақалар кундалик воқеликка айланган жаҳон спорт пойтахтлари қаторига қўшишимиз керак. Шунда стадион ва спорт қасрларини қуришга сарф этилган маблағ давлат бюджетига ортиғи билан қайтади.

Европа ўйинларининг иккинчи ижобий томони, ушбу тадбирда 20 мингдан зиёд кўнгилли ёрдамчиларнинг иштирок этгани, уларнинг учдан икки қисми Озарбайжон фуқаролари бўлганидир. Юртимизнинг турли минтақаларидан келган йигит-қизларимиз ушбу кунларда кўп нарсаларни, хусусан, одамлар билан чиқишимли бўлиш, сулукатли муомала тарзи, хорижликлар билан мулоқот қилиш одоби, тезкор вазиятда ишлаш кўникмасини ўзлаштириб олишди. Уларнинг кўпчилиги, ушбу ўйинларда иштирок этиш учун инглиз, рус ва шу каби, бошқа чет тилларини янада пухта ўрганиб олишди. Умуман олганда, Озарбайжонда қўллаб-қувватлайдиган қудратли куч шаклланиб, келгусида ўхшаш тадбирларни ташкиллаштириш энди анча осон кечади.

Яна бир ижобий натижа: оддий озарбайжонликларнинг спорт тадбирларига бўлган қизиқиши бир неча баробар ошди. Ўзим ҳам олти ёшли набирам билан турли-туман мусобақаларни томоша қилишга бориб, фуқароларимизнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш имконига эга бўлдим. Улар мусобақаларга бутун бошли оиласи билан келиб, одатда, охиригача ўтиришди, одоб қоидаларидан чиқмаган тарзда фаол мухлислик қилишди. Ўз спортчиларига ҳаддан ортиқ эҳтирос-ла мухлислик қилаётган чехларга (ё немисларга) қараб-қараб ўтирган ёнимдаги бир ўспирин менга мурожаат қилганча: «Холажон, анавилар ўзларини идора қила олишмас экан, а?» – деб қолди. Беихтиёр кулиб юбориб, болакайга мухлислар ўз жамоасига далда бериш учун стадионда овози борича қичқириши, ҳаммаси баравар шиор айтиши мумкинлигини, шу боис, хорижликларнинг бундай хулқи ахлоқ доирасидан чиқмаганини тушунтириб ўтдим. Бир сўз билан айтганда, биз беҳуда ташвиш чекиб, қайғурган эканмиз: мусобақа намойишгоҳларида ўзаро хайрихоҳлик ва соғлом рақобат руҳи ҳукм сурди. Юртдошларимиз учун эса ушбу ўйинлар яхшигина мухлислик мактаби бўлди.

Баъзан стадион намойишгоҳида ёки экран қаршисида ўтириб, қўлимни чимдилаб олгим келар эди: қўйсангиз-чи, наҳотки буларнинг бари туш бўлмаса? Наҳотки бундай улкан ҳодиса она юртимиз Озарбайжонда кечаётган бўлса? Наҳотки биз буни уддалаган бўлсак?

Ҳа, биз буни уддаладик – Европа ўйинларини қаерда, қандай форматда ўтказиш кераклиги борасида 20 йил баҳслашиб, умумий махражга кела олмай юрган кекса Европага ҳақиқий спорт байрамини туҳфа қилдик. Биз масъулиятни ўз зиммамизга олдик – Европа спорти тарихида янги саҳифа очдик. Бундай ўйинларни ташкиллаштиришнинг юксак даражасини кўрсатиб қўйдик. Энди давомчиларимизга осон бўлмайди. Қисқаси, биз қўлимиздан келганини қилдик, бошқалар майли, биздан ўзиб кетсин.

Европа ўйинлари бундай юксак даражада ташкиллаштирилиб, ўтказилгани Озарбайжоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кўп нарсаларга қодир эканлигини, жамики ташкилотларининг фаолияти пухта кечишини, бетўхтов ишлайдиган президент жамоасининг яхлитлиги ва ҳамжиҳатлигини исботлади. Ушбу Ўйинлар халқимиз сафини янада жипслаб, миллий ўзлигимизни, ҳар бир фуқаромизнинг ўша кунлари Озарбайжон заминида кечаётган ҳодисалардан, ушбу ҳодисаларга дахлдорлигидан фахрланиш туйғусини ҳайрон қоларли даражада кучайтириб юборди. Бундай бирдамлик, бундай иттифоқ ҳам биринчи Европа ўйинларининг ўта таъсирли ижобий якуни саналади.

Озарбайжонни ва биринчи Европа ўйинларини бадном қилишга қаратилган айрим Ғарб сиёсий доираларининг самарасиз кампанияси ҳеч қандай натижа бермади. Улар бойкот қилишнинг ҳам, ёрқин спорт байрамининг аҳамиятини камситишнинг ҳам уддасидан чиқа олишмади. Қитъадаги барча давлатлардан, шу жумладан Арманистондан ташриф буюрган 50 та делегация бунга ишончли далилдир! Ҳа, спорт бу, катта сиёсатдир. Бироқ у – тинчлик, дўстлик ва спорт боғлаган биродарлик сиёсати саналади. Бинобарин, унда сиёсий дастак ва нопок сохталикка ўрин бўлмаслиги даркор. Бўлган тақдирда ҳам, жазоланганлар курсисидагина бўлиши мумкин.

... Фахримиз бўлмиш Олимпиада стадионидаги машъалалар ўчди. Илиқ муносабатларимиз, меҳмондўстлигимизни кўнглига жо қилган спортчилар ўз юртларига қайтиб кетишди. Уларнинг кўпчилиги қайтиб келишга ваъда беришди. Дарҳақиқат, улар қайтишади. Зеро, олдинда забт этилмаган чўққилар турибди. Бу эса, ўз навбатида, енгни шимариб, яна ишга киришишни англатади. Оромни энди тушимизда кўрамиз холос...»
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 20.06.2019 20:58   #8  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
* * *

«Биринчи Европа ўйинлари – Европа олимпиада қўмиталарининг фахр туйғусини уйғотадиган кунлар бўлди», - деди ЕОҚ раиси Патрик Хикки 2015 йил 12 июнь куни биринчи Европа ўйинларининг очилиш маросимида. Ўйинларнинг ёпилиш маросимида эса Хикки Озарбайжон келгуси Европа ўйинларининг стандартларига асос солганини маълум қилди.

2016 йил 21 январь куни Лозаннада Европа олимпиада қўмиталари Ижро қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Европа олимпиада қўмиталари Ижро қўмитасининг қарори билан «Боку-2015» биринчи Европа ўйинлари Ташкилий қўмитасининг раҳбари, Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиевага Европада спортни ривожлантириш учун қўшган алоҳида хизмати учун Европа олимпиада қўмиталарининг олий мукофоти – Олий орден топширилди. Озарбайжоннинг биринчи Европа ўйинларида ғолиб чиққан спортчилари, уларнинг мураббийлари ва спорт жамияти вакиллари билан 2015 йил 29 июнь куни ўтган учрашувда эса Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Озарбайжонда маданият, таълим, соғликни сақлаш ва спорт соҳаларини ривожлантириш ишларида самарали фаолият олиб бораётгани, Озарбайжон халқининг маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилгани ҳамда биринчи Европа ўйинларини ташкиллаштириш ишларида кўрсатган фидокорона хизмати учун Меҳрибон Алиевага «Ҳайдар Алиев» орденини топширди. Ва бу ниҳоятда адолатли иш бўлди.

2015 йили эришилган спорт натижаларига бағишланган маросимда (2015 йил 23 декабрь куни) сўзга чиққан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Европа ўйинларининг якуни ва умуман «катта спорт»даги ишлар ҳолатига қуйидагича баҳо берди:

«Ҳар бир йил ниҳоясида спортчиларимиз билан учрашиб, уларни тақдирлаймиз, ҳар бирига янгидан-янги муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ушбу анъана кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда... Спорт соҳасидаги ютуқларимиз йилдан-йилга ошиб бораётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Қўлга киритилган ўлжалар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Халқаро мусобақаларда иштирок этаётган спортчиларимиз юртимиз шаънини кўкларга кўтариб келишмоқда. Шу йилнинг ўзида улар халқаро мусобақаларда жами 823 та медални қўлга киритишди. Улардан 321 таси эса олтин...

Спортчиларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳам юксак даражада. Машур спортчиларимизнинг маиший муаммолари ҳар йили ҳал этиб борилмоқда. Ўн йилдан зиёд вақт давомида спорт мутахассисларига давлат томонидан хонадонлар ҳавола этиб борилди... Бугунги кунга келиб машур спортчиларимизнинг бари шинам хонадонлар билан таъминланган. Модомики, давлат юрт спортини ривожлантириб боришни ният қилар экан, ушбу жараён бундан буён ҳам давом этади...

Янги спорт базалари яратиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб юртимизнинг спорт клублари ва федерациялари ўз спорт базаларини яратаётганидан жуда мамнунман. Республика минтақаларида бир вақтда 41 та олимпиада марказлари бунёд этилди. Яна ўнта марказ қурилиши давом этмоқда. Ушбу лойиҳалар якунига етгач, Озарбайжоннинг ҳар бир минтақасида спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё бўлади. Аслида бундай шароитлар аллақачон яратилган. Боку шаҳрига келсак, бу ерда энг нуфузли халқаро мусобақалар ўтказиш учун барча имкониятлар мавжуд. Европа ўйинлари буни яна бир бор тасдиқлади. Бокудаги янгидан бунёд этилган ва таъмирдан чиқарилган спорт инфратузилмаси жаҳон андазаларига тўла-тўкис жавоб беради. Мавжуд спорт иншоотлари юксак функционал бўлишидан ташқари, меъморий ёдгорлик қимматига ҳам эгадир. Биз атайин шундай қилдик, спорт иншоотларимиз ҳам гўзал пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб туришини истадик. Замон талабларига жавоб берадиган спорт базалари, спорт инфратузилмаси, соҳага оид тўғри сиёсат, спортчиларимизга кўрсатилган ғамхўрлик, ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорлар шундай бир ҳолатни юзага келтирдики, бугун Озарбайжон жаҳон миқёсида биринчилар қаторига қўшилди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 20:59   #9  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Бу йил – Европа спорти ҳаётида тарихий йил бўлди, илк бор Европа ўйинлари ўтказилди. Озарбайжон давлати ушбу масалада ҳам ўз қудратини намойиш этди. Атиги икки ярим йил ичида ёзги Олимпиада ўйинлари савиясида ўтказилган Европа ўйинлари ташкиллаштирилди. Ушбу ўйинларни бундай савияда ўтказа олишимизга ҳеч ким, жумладан, хорижий шериклар ҳам бовар қилмаган бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, бир ёқадан бош чиқарган бутун Озарбайжон халқи том маънода бирдам эканлигини кўрсатиб қўйди. Зеро бу тадбир умуммиллий масалага айланиб, Европа ўйинлари биринчи бўлиб айнан Бокуда ўтказилиши ҳаммамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклади.

Сўнгги йилларда юртимизни жаҳон миқёсида муносиб кўрсата биляпмиз. Ватанимизнинг бой маданияти, тарихий мероси, Озарбайжондаги бугунги воқелик кўрсатилган турли-туман тадбирлар, намойишлар, кўргазма ва концертлар ўтказилди. Бироқ Европа ўйинларининг ўрни ўзгача бўлиб, она заминимизга ташриф буюрган минглаб меҳмонлар юртимиз билан яқиндан танишиб кетиш имконига эга бўлишди. Олти мингдан зиёд спортчи, мингдан ортиқ мураббий, турли юртлардан ташриф буюрган меҳмонлар, спорт мутахассислари пойтахтимиз Бокуда қарийб уч ҳафта яшаб, шаҳримиз чиройи, халқимизнинг меҳмондўстлигини ўз кўзи билан кўришди, Озарбайжоннинг шиддат-ла равнақ топаётганига шахсан шоҳид бўлишди. Ўйинларни бундан-да юксак даражада ўтказиб бўлмаслиги – меҳмонларнинг умумий фикри бўлди. Мусобақалардаги иштироки ниҳоясига етган айрим спортчилар юртимизни тарк этишни истамай кетишди. Улар Олимпиада қишлоғида қолишни хоҳлашди. Чунки у ерда қарор топган ёқимли муҳит спортчи-меҳмонларга жуда хуш келди. Зеро, бундай муҳит юзага келишига Ўйинларнинг юксак даражада ташкиллаштирилгани, спорт обектларининг замон талабларига жавоб берадиган қиёфаси ва Озарбайжон халқининг меҳмондўстлиги сабаб бўлди. Бу унутилмас кунлар бўлиб, Озарбайжон нималарга қодир эканини, юртимиз мустақиллиги қайта тикланган кундан эндигина 24 йил ўтганига қарамай, энг юқори чўққиларни забт эта билганини жамики жаҳонга кўрсатиб қўйди.

Айниқса, спортчиларимизнинг муваффақиятли чиқишлари бизни жуда қувонтирди. Озарбайжон жамоаси 50 та олимпиада жамоалари орасида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринни Россия жамоаси эгаллагани инобатга олинадиган бўлса, бу табиий, албатта. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Бинобарин, биз энг юксак чўққини забт этдик, деб ҳисоблайман. 21 таси олтин бўлган, жами 56 та медални қўлга киритдик. Бу Озарбайжон спортининг катта ютуғи бўлди...

Буларнинг бари ҳаммамиз эришган ютуқлардир. Спортчиларимиз халқаро мусобақаларда қалбларимизни қувонтиришмоқда, замон талабларига жавоб берадиган инфратузилма бунёд этдик, юртимиз Озарбайжонда дунёнинг энг нуфузли спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Ўн - йигирма йил муқаддам бунинг имкони йўқ эди, ўшанда биров шундай кунлар келишини айтганда, ҳеч ким ишонмаган бўлар эди. Бугун эса бу ишлар ҳаётий воқеликка айланди. Ҳаётий воқеликни эса сиз-у, биз яратдик. Озарбайжон давлати, юрт халқи яратди...»

2015 йилнинг ўзида Бокуда Шахмат бўйича жаҳон кубоги ўтказилди. Бундан ташқари, Озарбайжон 2016 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини Бокуда ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу спорт турини ривожлантириш бўйича давлат дастури қабул қилинган ягона давлат бўлмиш юртимиз мазкур соҳада қўлга киритган ютуқлари ила шахмат бўйича энг йирик жамоалар биринчилигини ўтказишга тўла ҳақлидир. Қолаверса, Халқаро шахмат федерациясининг (ФИДЕ) Истанбулда ўтган конгрессида Озарбайжонга бас келадиган рақиб топилмади. Чунки София билан Таллин ФИДЕ қўйган талабларнинг барини бажара олмади.

Бундан ташқари, 2016 йили Бокуда Формула-1 – Европа Гран-при синфига мансуб Автомобиль пойгаси бўйича жаҳон чемпионатининг босқичларидан бири ҳам катта муваффақият-ла ўтказилди. Пойтахт марказида тайёрланган трассага ҳамда мусобақани ташкиллаштириш савиясига спортчилар ва соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳо берилди.

Келаси 2017 йили ҳам Озарбайжонда яна бир катта спорт байрами – Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу ўйинларни тайёрлаб, ўтказиш ишлари ҳам юксак даражада бўлишига шубҳа йўқ. Чунки Ташкилий қўмитага раҳбарлик масъулиятини президентимиз яна юртимизнинг биринчи хоними Меҳрибон Алиеванинг зиммасига юклади. Киши қобилияти қанчалик кучли бўлса, ундан талаб қилинадиган нарсалар ҳам шунчалик кўп бўлади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.06.2019 21:06   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Эртага 2019 йил 21 июнь куни Белорусь Республикасининг пойтахти Минск шаҳрида бошланиб, 30 июнгача давом этадиган Иккинчи Европа ўйинларидан олдин келтирилган қисқача тарихий маълумот эди бу.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх