Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 08.05.2012 16:53   #81  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
Руҳ олмошлари

Цитата:
С Е Н
Тун эди. Сен чўчиб уйғондинг. Ким учундир яшириб қўйганинг ҳаста юрак, энди ҳеч кимга керак эмаслигини сезганиданми, созанда ёмғирлар чертаётган дераза ойнасидан таралаётган куйга ўзига қасд қилгандек тинимсиз рақсга тушар, унинг бу зарби сенинг кўкрак қафасингга оғирлик қилар эди.
Сен ўзингга бўйсунмаётган вужудингни судраб, бир амаллаб деразани очиб юбординг. Баҳор ва ёзнинг қовушган тунининг ҳавоси хонангга гупириб кирди. Яна ёмғирда ивиган тупроқнинг жуда таниш ҳиди думоғларингни тўлдирди. Ногаҳон унда онангнинг ширин бўйини туйиб, энтикиб қўйдинг.
Дераза рахига суяниб узоқ ўтирдинг. Қизиқ ёмғир ёғаяпти-ю ой ҳеч нарса бўлмагандек булутлар оша кулиб турибди. Шу дамда ойга жуда ҳавасинг келиб кетди. Қанийди мен ҳам барча ғаму-қайғуларим устидан кулиб яшай олсам эди, деб ўйладинг.
Аммо ўйларинг ҳам шу қадар ожиз эдики, руҳингдаги қоронғуликдан чўчиб сени бир зумда тарк этди.
Яна судралиб келиб, совиб улгурмаган ўрнингга ётдинг. Уйқусизликдан оғриётган кўзларингни ҳарчанд юмишга уринмагин, улар ухлашдан бош тортарди.
Шунда бирдан очиқ деразадан кириб келган оппоқ нурга нигоҳинг тушди. У нур хонангни обдон айланди ва ғалати овозда шивирлади:
-Уйқунг келмаяптими?
Аввалига ғайри-табиий бир қўрқувдан титраб кетдинг. Сўнг эса ақлдан озаяпман шекилли, деган ҳаёлга бординг.Нур сенда кечаётган ҳолатни сезди. Ва яна тилга кирди:
-Мени танимадингми, дейман.
-Сен ўзингни қўлга олишга уриндинг ва хаста овозда сўрадинг:
-Сен кимсан?
Нур сенинг ёшликдаги овозингда узоқ қаҳ-қаҳа урди.
Нигоҳингга киргудай бўлиб шивирлади.
- Энди танидингми?
- Танигандайман...
- Мен сенинг жонингдан қочган нурман.
- Нега жонимдан қочдинг?
- Сен билан бирга туғилган эдим. Мен билан нақадар гўзал эдинг, хушбахт эдинг. Афсус, мени қадрлай олмадинг. Менга хиёнат қилдинг.
- Хиёнат, қандай хиёнат?!
- Арзон гаровга қайғу, ғамларни сотиб олавердинг. Сенда шаффоф бир ишқ бор эди. Уни ёлғоннинг бир бўсасига туҳфа қилиб юбординг. Агар ёдингдан чиққан бўлса, мана кўр.
Оқ нур бир айланиб кўзгуга айланди-да, сенинг ўтган кунларинг бу кўзгуда акс эта бошлади. Сен уларни кўра туриб ҳайқириб юбординг:
-Бас, бас етар. Мақсадинг нима ўзи сенинг?
Ё мени ажалимдан бурун ўлдирмоқчимисан?!
-Йўқ, асло ундай эмас ваҳоланки нега йилдан буён эшигинг ортида ажалинг сени пойлаб турибди... Фақат мен уни чалғитиб сени ундан асраяпман.
-Ташаккур, мендан аразлаб кетганингни билдим, аммо қайтишингни боиси нима?
-Сенга жуда раҳмим келди.
-Ҳозир қаерда яшаяпсан?
-Баланд оқ теракнинг учидаги бир япроқда...
-Жонимга қайтсанг бўлмайдими?
-Йўқ, энди у ерга қайтолмайман. Фақат бу дунёни тарк этганингда жонингни кўтариб Ҳақнинг олдига боришим керак..
-Унда айтчи, яна қанча яшайман?
-Буни айтишга ожизман. Фақат қушларнинг кўзига қамалган осмон озод бўлган куни омонатингни топширишингни биламан холос.
-Яқингинамда яшар экансан, нега олдинроқ келмадинг?
-Сени ҳар куни кузатаман. Бу тун жуда абгорсан, таскин берай деб келдим. Биласанми сенинг чеккан ҳар оҳинг менга бориб тегади ва менинг кучимни заифлаштиради. Наҳотки, ҳаётдан рози бўлиб яшашингнинг иложи бўлмаса?!
-Мен кўп ҳаракат қилдим. Аммо...
-Йўқ, бу шунчаки баҳона. Мен сени яна бир сирдан огоҳ этмоқчиман. Барча дўстларингнинг юзида ҳаттоки севган инсоннингнинг юзида ҳам ниқоби бор. Сенинг энг катта фожианг дунёга ниқобсиз боқишингда.
-Йўғ-ей, наҳотки дўстларим мени алдаса?! Айтгандай мен севган инсондан хабаринг борми?! У бахтлими?!
-Уни билмадиму, аммо сени аллақачонлар унутиб юборган...
-Унутиш шунчалар осонми?!
-Ҳар ҳолда ниқоби борларга яшаш анча осон...
Айтгандай тунларда деразангдан қандайдир нигоҳ сени кузатганини сезасанми?
-Сезганман. Менга шундай туюлади деб ўйлардим...
-Йўқ, у бир сенга ўхшаган аламзада аёлнинг нигоҳи.
-Тушунмадим.
-Бу дунёни тарк этар чоғда ҳаётга тўймаган инсонларнинг руҳи дарахтлар руҳи билан қовушади.
-Наҳотки?!
-Ҳа, шундай деразанг олдидаги катта ўрик дарахтига ўша аёлнинг руҳи кўчган. У аёл бир пайтлар жуда дилбар ва давландманд бўлган. Ҳуснининг давлати ортида туриб ўз ишқига хиёнат қилган. Ишқнинг қарғиши урган.
-Қандай қилиб?!
-Яқин бир дугонаси заҳарлаб ўлдирган. Қилган хиёнатини ўзга бир хиёнат оғуси билан ювган бу аёл қиёматгача дарахтдан-дарахтга кўчиб яшайди.
-Сен буларни қаердан биласан?
-Эсингдан чиқарма, мен Оқ Нурман.
-Тушундим. Аммо менга қайтишингнинг ҳеч ҳам иложи йўқми?
-Иложи бўлганда қайтган бўлар эдим. Майли мен кетдим.
-Шошма, шошма яна келасанми?!
-Балки....
-Айтчи, мен қандай қилсам яхши яшайман?!
-Ҳаётнинг кўзига қўрқмасдан қара. Ҳаёт кучлиларни яхши кўради...
Оқ Нур хонангни яна бир бор айланиб чиқди-да, хайр дегандай бир силкиниб чиқиб кетди. Сен эса ўзингни анча бардам ҳис қила бошладинг.
Ёмғир ҳам тинди. Осмоннинг оппоқ шоҳи рўмоли сирғалиб ерга тушди. Тонг майингина жилмайди. Тун бўйи ёмғир бодасидан тўйган ғунчалар керишиб кўз очди.
Фаррошларнинг супургиси тирикликнинг янги қўшиғини куйлай бошлади.
Сен титраб турган баланд оқ теракнинг учидаги япроққа кўз тутдинг. Унда қандайдир нур порлаб турарди. Жонинг ўша нурга ёмон талпинди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 08.05.2012 16:54   #82  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
Руҳ олмошлари

Цитата:
У
У Бухородан анча олис, аммо илдизлари Бухородан сув ичган, кичик бир қишлоқчада яшар эди. Болалиги капалаклар қанотидай ранг-баранг кунлар жилвасида ўтди. Қушлар, қумурсқалар, майсаю гиёҳлар тилини ўрганишлан асло эринмади.
Аммо негадир уни шамол севгиси ўзига жалб қилар, қаерда бўлмасин шамолнинг соғинчи билан яшар эди.
Беда гулларининг нафис ҳидига кўмилган далаларда шамол билан ўйнашдан чарчамас, ичидаги бор йўқ дунёсини унга туҳфа қилгиси келарди. Сунбуланинг сочларига қуёш ўзини осган кунда шамол унинг юрагини сирли чимчилади. Ва Уни ортидан бошлаб катта шаҳарга йўл олди.
У йўл бўйи болаликдан ёд бўлган қўшиқни хиргойи қилиб борди:
Шамол шамол кокили- ҳайдар.
Сен дарбадар, мен ҳам дарбадар...
Бу қўшиқни у шамол билан шу қадар кўп куйладики, бундан чарчаган ҳаёт уларнинг овозини эшитмаслик учун қулоғини беркитди. Шундан сўнг ҳаётнинг қулоғи эшитмайдиган бўлиб қолди.
Хуллас, у шамолнинг ортидан эргашиб, нокаслар оёғи остида таъна маъломатлардан эзилиб юраги тошга айланган шаҳарга келиб қолди.
Шамол билан бу шаҳарни обдон айланди. Узоқ йиллар бу шаҳардан нимадир излади. Аммо нима излаётганини ўзи ҳам билмас эди. У шодликдан ҳам, ғамдан ҳам тўйиб бўлган бир пайтда, содиқ дўсти шамол унинг қулоғига шивирлади:
-Юр сени дунёнинг энг тоза жойига олиб бораман. У аввалига шамолнинг гапига ишонмади. Чунки у бу дунёда тоза жой қолмаган деб ўйларди.

Аммо азбаройи зерикканидан шамолнинг ортидан яна йўлга тушди. Ва ниҳоят боғ деса боққа тоғ деса тоққа ўхшамайдиган жойга етиб келди. Қизиқ боғ деса, дарахтларининг меваси йўқ, ўрта-ўртасида мармар тошлар бош кўтариб турибди. Тоғ деса чўққиси йўқ...
Бу жой шунчалар сокин эдики у кар қулоқларининг ичидаги безори шовқиннинг акс-садоси янада баландлашганини сезди.
Ногоҳон кўзи ялтираб турган қора мармартош устида оёқларини ўйнатиб хотиржам ўтирган ўсмирга тушди. Ўсмирнинг кўзлари ичидаги армонли шулъа, шу қадар оғир эдики, у буни кўтара олмай, беихтиёр ерга ўтириб олди.
Ўсмир ҳайрон бўлиб унга узоқ тикилди. Ва унингг севимли қўшиғини баралла куйлай бошлади:
Шамол, шамол кокили Ҳайдар,
Сен дарбадар, мен ҳам дарбадар.
Авваллига бу бола уни масхаралаётгандай туюлиб, роса, жаҳли чиқди.
-Ҳей, бола уялмайсанми ўзингдан каттни масхара қилишга?!
-Мен ҳеч кимни масхара қилганим йўқ, бу болаликдаги севимли қўшиғим.
-Сенга бу қўшиқни ким ўргатган?
-Шамол ўргатган. Сиз ҳам биласизми бу қўшиқни?!
-Биламан.
-Келинг биргалашиб айтамиз бўлмаса.
Боланинг кўнгли учун У бу қўшиқни жўр бўлиб айтди.
Қўшиқ тугагач, боладан сўради:
-Сен бу ерда нима қиляпсан?
-Мен уч йилдан буён шу ерда яшайман.
-Нега , уйинг йўқми?
-Мана менинг уйим ,-деди бола.
Катта қора мармартошни остини кўрсатиб...
Шундагина унинг кўнгли совуқ бир нимани сезгандай бўлди.
-Сени бу ерга яшашга нима мажбур қилди?
-Ўзим-деди бола пушаймонлигини ошкор этмоқчидай.
У разм солиб болага қаради шундагина боланинг бўйнида қолган арқон изларини кўрди.
-Нега ахир бундай қилдинг?!
-Қадримни ўтқазмоқчи эдим.
-Хўш ўтқаза олдингми?
-Бир йилча эслаб йиғлаб олдимга келиб юришди. Аммо кейин ҳамма дўстларимнинг ёдидан чиқдим. Биласизми, синфимизда жуда гўзал бир қиз бор эди. Уни яхши кўрардим. Аммо у менга қиё ҳам боқмасди. Мен учун қуйдими йўқми билмайман...
Шу пайт юзларига ғам соя солган бир аёл тўғри ўсмир ўрнашиб олган мармар тош томон кела бошлади.
Бу аёлни кўрган бола сакраб тушдию, ойижон деганча аёлга талпинди. Аёл карахт эди. Мук тушиб йиғларкан, бўйнига осилган боланинг меҳрибон қўлларини сезмасди. У мунг хайкалига айланаёзган онага ва ўз хатосини кеч англаган ўсмирга қандай сўз ила таскин беришни билмасди.
Уларни холи қўйиб, яна шамол этаги билан эринмай артаётган мармар тошлар оралаб борар экан, У кар қулоғини қоматга келтирувчи баланд- паст, турли-туман овозларни эшита бошлади.
У гўё қиёматнинг шаҳрига келиб қолгандай эди.
Маҳобатли мармар тошга суянган, қирқ ёшлардаги сочи оппоқ киши ўзидан сал наридаги яқиндагина қорни дўппайган тупроқ бошида абгор ўтирган кекса одамга қаҳрини тўкарди.
-Охири келар экансанку, мен келган жойга. Нега шундай қилдинг-а, сенга менинг унвоним керакмиди, сени дўст деб ишонибман. Уялмай-нетмай ўзинг қилган расволикни менинг бўйнимга юкладинг. Бечора бир қизнинг шаънини булғаб, яна уни ўлдириб юбординг. Ҳаммаси, учун эса мен жавоб бердим. Бу кўргуликларга юрагим дош берганда эди, ҳаммаси бошқача бўларди.
Биласанми, ўша қиз ҳар тунда келиб менга дардларини айтиб кетади...
-Мен нобакорни кечир, дўстим.
-Дўст дема ҳеч қачон дўст дема...
Мармар тошлар аро у ёқдан бу ёққа югуриб юрган бир телба аёлнинг фиғони икки дўстнинг суҳбатини босиб кетди.
Мармартошларнинг совуқ, сирли нигоҳи телба аёлга тикилади:
Аёл тинимсиз:
-Ўғри, ўғрини ушланг, топган барча бойлигимни ўғирлаб кетди....
У бу телба аёлнинг суратини қайсидир мармартошда кўргандай бўлди. Қўрқувданми ёки бу жойнинг совуқ нафасиданми эти жунжукиб кетди.
Телба аёл югура-югура ўша сурати акс этган мармартошнинг оёғида ҳушидан кетиб, оғзидан кўпик оқа бошлади. Аммо ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди.
Зотан, ҳаёт бу гўшадан аллақачон оёғини узган. Унинг қонуни бу ерда кор қилмас эди.
У бу ерда қорни дўппайиб, умид билан фарзанд кутаётган оналарнинг алласини эшитди висол тунидан айро тушган келинчакларнинг ёр-ёрини тинглади. Аммо улар жуда совуқ умидсиз эди. Улардан қуёшнинг нур томирлари аллақачон узилган эди.
Ўзидан кетиб бораётган руҳини маҳкам қучоқлаганча У шамолни чақирди .Аммо шамол жавоб бермади.
Тоғ деса тоққа, боғ деса боққа ўхшамайдиган жойдан бир амаллаб чиқди-ю, ҳаётни тўйиб-тўйиб ҳидлади.
Майли, арзу-додимни эшитмайдиган кар бўлса ҳам Ҳаёт жуда хушбўй, жуда ширин,-деди. У юрагининг рангини ўғирлаб, кўзига қарай олмай ботишга чоғланган офтобга боқиб...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 08.05.2012 16:55   #83  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
Эй, биродар етиб келдик умримизнинг
бу қирғоғига.
Чучкирганда олма гули соғинч ҳидидан
Кўзимизни тўлдирганда мастона ёғду
Ҳеч бир нарса ўзгармади шодлик ҳам, ўша.
Ўша бизни зериктирган қорамтир қайғу...
Ким тирнади орзуларнинг ложувард кўксин.
Ва умиднинг чироғини ким у сўндирган?
Ахир бизнинг манзилимиз бошқа эди-ку?
Айтинг ким у адашмоққа бизни кўндирган
...Зардушт буғдой каби сочган эзгулик донин.
Парваришлаб ўстирдикми қалб даласида,
Ўшал олис ишқ мавжини жоннинг ичига-
Кўчирдикми жунуннафас қушлар сасидан.
Нега бизлар узоқлашдик Навоий боғин-
Безаган ул Сарвигулнинг титроқларидан
Нега ахир кўнглимизнинг ундирмадик боз-
Ниҳол янглиғ илоҳий ишқ тупроқларидан
Нега бизни мафтун этар сув қўшиғимас,
Пул қоғозин шитирлаши, тилло жаранги
Қачон юқди кўнглимизнинг кўйлакларига-
Жаҳаннамнинг бадбўй ҳамда кирчимол ранги?!
Онамизнинг кўксидаги хушбўй меҳрни-
Шамолларга, осонгина сочиб юбордик.
Дўст дардидан қочиб, нечун, оҳидан қочиб
Қарғиш урган кечаларнинг қалбига бордик...
Эй, биродар етиб келдик умримизнинг бу қирғоғига
Ортимиздан йиғлаб қўлин силкитмас ҳеч ким,
Кел, Ҳақ учун куйлаётган ва йиғлаётган-
Тўлқинларнинг қўшиғини эшитайлик жим.
Етиб келдик умримизнинг бу қирғоғига.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 08.05.2012 16:56   #84  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
Сени қайси осмон билан юпатай энди,
Ва қайси ер қудратидан берай тасалли.
Куртакларнинг ичидаги гулнинг нигоҳи,
Ҳақиқатнинг кўзларига тушмади ҳали.

Ҳали Ҳаёт томирини хушбахтлик билан-
Ёмғир ва нур севгисига этмади пайванд.
Ҳали шайтон афсунидан хушнуддир дунё-
Такрорлаймиз “Ла-ил-аҳа” жумласин гарчанд.

Ҳали масжид соясида хурмо ниҳоли-
Қуёш билан ўпишмоққа топмади имкон.
Орзуларнинг пучдан ва пуч уруғин териб-
Хар юракда байрам қилиб юрибди армон..
Ҳали Лайли чиққани йўқ келин саломга,
Руҳнинг тўққиз парда тортган гўшангасидан.
Хабари йўқ,
хабари йўқ жаҳаннамнинг ҳам-
Қайсни телба қилган қоннинг алангасидан.

“Айланаркан бизнинг қисмат тегирмонида,
Айрилиқ ва ишқнинг мавҳум, аччиқ муждаси.
Сенга юпанч, тасаллини қаердан олай
Эй кўнглимда сўлаётган умид ғунчаси.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 08.05.2012 16:57   #85  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
Мен кунларни алдаяпман
ёмон кунларни
Гоҳ кар бўлиб, гоҳ ўзимни солиб мастликка.
Аммо ўздан қайга қочай қаёққа қочай.
Ҳаққим борми юрагимни танимасликка

Оғринмайман, кўзларини
кўзимга тикиб,
Пўрим ҳаёт жиркангандай бурса лабини.
Оғринишга вақтим йўқдир
излайман зотан.
Тушларимга чўкиб кетган қуёш қалбини.
Мен биламан ўша қалбда эди ёшлигим-
Настаринлар кулгусидан ёришган фасл.
Наҳотки мен олиб келдим
елкамга ортиб.
Висолидан айро тушган ишқни йилма-йил.
Наҳотки ҳеч англамадим шамол қўлида-
Фарёд чекиб бўзлаётган ошиқ майсани.
Ҳаёлида покладими бир лаҳза, ёраб.
О, бағримни тилка-пора қилган найзани?!
Нечун тонглар уйғотмайди энди энтикиб,
Шудрингларнинг жаранглаган ашуласида.
Дарахтларда бош кўтарган ғул-ғуласида.
Тушлар қалбга,
қалблар тушга айланган чоғда
Хаста соғинч кўзларимга мамнун: ҳайдайди тунни,
Ва нигоҳин настаринга чайқаб, сўрайди:
Ёдингдами, кўзнглимизнинг туғилган куни?
Ёдингдами кўнглимизнинг туғилган куни.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 08.05.2012 16:58   #86  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
М А Н З И Л
Ёзнинг шаббодага ошиқ тунида ойнинг ёғдусига эргашдим. Ёғдуга чўмилаётган ойнинг хаёлини ўғирлагим келади. Назаримда ўғирлаб бўлдим. Чунки турли-туман дарахтлар кўнглимга тинимсиз мўралай бошлади. Аввал олма дарахтига кўнглимни очдим. Не бўлганда ҳам жаннатдаги дийдор таъми ёдимдан чиққани йўқ!
Олма дарахтининг хаёли жуда ҳам шаффоф эди. Бу хаёлнинг нигоҳи иккинчи қаватдаги ҳарир пардали уйга тикилган эди. Унда қўшиқ тинглаб ўтирган бир бахтиёр эркак ва унинг елкасига бошини қўйиб, эркаланаётган соҳибжамол аёл шамолда ўйнаётган парда ортида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай қоларди. Олма дарахти эса ишққа тўлган шохларини силкитганча ўша деразага талпинарди. Олма дарахтидан рухсат сўраб бир зумгина ўша аёлнинг ўрнида бўлгим келди. Аммо олма дарахти аразлаганча хаёлидан мени қувди.
Оҳиста ўғирлаганим ўрик дарахтининг хаёлига бордим. У букилганча биринчи қаватда онасига меҳр билан боқиб ниманидир гапириб бераётган ўғилни кузатарди. Ҳар замонда завқдан титраб қўярди. Титрагани дам шиғил мевалари дуув тўкиларди, ўрик дарахти эса шундан ҳам роҳатланарди. Она ва ўғил орасидаги меҳр риштаси ўрик дарахтининг илдизлари билан қаердадир боғланган эди. Мен бутун умримни мана шу онанинг ўрнида бир лаҳза бўлиш учун алмаштиришга тайёр эканлигимни шивирлаб ўрик дарахтининг қулоғига айтдим. У мени ҳатто эшитгиси келмай, дағал панжалари билан юлқиб отди.
Кўнглимдаги олча дарахтининг хаёлига бордим. Бу дарахт хаёлида садоқат анқирди. Деразаларидан нур тўкилаётган кўркам бир уйдан дўстларининг ҳалол меҳрини шарбатдек ичаётган, ўз шодлиги билан ҳаётни сархуш қилган инсоннинг қаҳ-қаҳаси эшитиларди.
Олча дарахтининг шафақранг хаёли шу уйда эди. Мен ундан ҳеч бўлмаса шу инсоннинг бир томчи кулгусидан тотиб кўришга рухсат бер деб ёлвориб сўрадим. Олча дарахти эса хаёлини дарҳол туннинг қоронғу ҳижоби билан мендан яширди. Яна ёлғиз қолдим.
Ва ёзнинг шаббодага ошиқ тунида ойнинг ёғдусига эргашиб кетавердим. Шу кетишда мен ўз манзилимни йўқотиб қўйганимни сездим. Кўнглимга мўралаган барча дарахтлардан манзилимни сўрадим. Улар энди ўзларини мени танимаётгандай тутишарди.
Арчаларнинг қорамтир хиргойиси кўрсатган йўлдан манзилим сари ошиқдим.
Ойнинг киприклари осмонининг юзига ботган паллада манзилимни топдим. Уйимнинг нимқоронғу деразаларига одам-дарахт бўлиб тикилдим. Ҳеч нарса топа олмадим.
Қайғунингми, хавотирнингми ёқимсиз ҳиди юрагимга урилди. Шунда ёғдуга чўмилаётган боғни уйимга олиб кирмоқчи бўлдим. Уйим эса мени ҳам, ёғдуга тўлган боғни ҳам танимади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 24.05.2012 21:45   #87  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook


Bunchalar talpindim senga, bunchalar,
Tunni ko'zlarimga cho'miltirgan zot.
Jonim gulzorida so'lgan g'unchalar
Ayting, ozodmanmi, o'zimdan ozod!?

Hali umidlardan o'girmadim yuz,
Azob raqs etadi garchi qonimda.
Hayot jamolini qilsa-da ko'z-ko'z,
Nigohim qiblasi ko'ngil tomonda.

Halima Ahmedova
__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)
Ответить 
Старый 09.04.2013 13:48   #88  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ҳалима ҳикоялари

Цитата:
Туҳфа

Моҳир мусаввирларнинг картина, портрет, манзаралари мазмунини сўзларда ифодалаб бўлмайди. Асрлар қаъридан келаётган халқ куй-қўшиқлари, “Шашмақом” наволари, Бетховен, Моцартнинг мусиқий асарлари ҳам худди шундай сир, сеҳрга эга. Уларни ҳар ким ўзи кўриши, томоша қилиши, тинглаши, эшитиши лозим. Шундагина уларнинг мазмунини тушуниб, жозибасини ҳис этиш мумкин. Адабиётда ҳам мазмунини шарҳлаб, нима ҳақида эканлигини бошқа кишига тушунтириб бўлмайдиган асарлар мавжуд. Аммо айни хилдаги асарлар ҳамиша жуда кам бўлади. Чунки уларни ноёб истеъдод соҳиблари яратади. Ушбу асарлар одатдаги шеър, ҳикояга кўп-да ўхшамайди. Бу асарлар анъанавий шеър, ҳикоя, қисса, романдан хийла фарқ қилади. Анъанавий асарларда ҳаёт ҳодисаларига кўпроқ ақл кўзи билан қаралади. Улардаги сабаб ва оқибатлардан хулосалар чиқарилади. Шунинг учун бу хил асарлар нима ҳақида эканлигини бошқаларга бемалол баён этса бўлади. Мазмунини бошқаларга айтиб бериб бўлмайдиган асарларда эса бирор қизиқарли воқеа нақл этилмайди. Уларда анъанавий асарлардаги каби сюжет сезилмайди. Қаҳрамонлар ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик, можаро юз бермайди. Шундай бўлса-да ушбу ноанъанавий асарларда ҳаётнинг гўзал манзараси акс эттирилганини ўқувчи ич-ичидан сезиб туради. Ўқувчининг хаёл кўзгусида рангин ҳаёт манзараси бор латофати, гўзаллиги билан жонланади. У бу манзарани берилиб, мафтун бўлиб томоша қилади ва беихтиёр ўйга чўмади, шу пайтгача англамаган ҳақиқатларини идрок қилади. Ҳаёт ҳамиша машаққатларга тўлалиги ва айни чоғда ғоят мафтункор экани, яшаш азоб ва айни чоғда ширин, завқли эканини ҳис этади. Айни хил асарлар билан танишаётганида кишининг туйғулари титроққа тушиб, ҳиссиётлари жунбушга келади. Чунки бу асарларда муаллиф ҳаётга туйғу кўзи билан қарайди. У сизни ўзининг ички дунёсига олиб киради. Унда турфа хил ҳиссиётлар мавжланади. Анъанавий асарларда эса табиат ҳодисаларига ҳам, одамнинг оламига ҳам мантиқ мезонларига мувофиқ ёндашилади.
Инсон шундай яратилганки, у ақлига эргашганида ҳамма нарсадан манфаат топмоқчи, ҳар қандай ўзгаришдан фойда ундирмоқчи бўлади. Туйғуларига қулоқ тутганида эса ҳаётдаги ҳар бир ҳодисага – ердаги қум заррасидан тортиб, кўкдаги Қуёшгача ҳайратланиб қарайди, ўзининг нафас олишию сон-саноқсиз нарсаларни кўриб турганининг ўзиёқ мислсиз мўъжиза эканини англай бошлайди. Ҳалима Аҳмад шеърларида ҳаётни туйғулари асосида таърифлайди. Унинг ҳикояларида ҳам худди шу хусусият кўринади. Шоира насрдаги мўъжаз битикларида ҳам кечинмаларини, кўрган-кечирганиларини туйғуларига таяниб тасвирлайди. Шу боисдан ушбу ҳикоялар худди шеър каби таассурот уйғотади. Ҳалиманинг ушбу изланишларида сўзлар анъанавий ҳикоялардаги каби эмас, худди шеърдагидай жаранглаб, жозибадор оҳанг таратади.
Одатда, ҳикояларда ҳаётдаги бирор воқеа баён қилинади. Ҳалима Аҳмад эса қалбига қарайди, хтираларга берилади, туйғулари, кечинмалари, ўзининг болалик дунёсини қаламга олади. Улар тиниқ, жарангдор сўзларда ифодалангани боис қизиқарли воқеадан кўпроқ диққатни жалб этади. Муаллифнинг маҳзун кечинмалари, тиниқ туйғулари кишини тезда ўзига ошно этиб олади. Ўқувчи айни хил туйғулар, кечинмалар ўзида ҳам мавжудлигини, аммо, шу чоғгача пайқамай, сезмай келганини ҳис эта бошлайди ва муаллифдан беихтиёр миннатдор бўлади. Чунки Ҳалима Аҳмад туйғу, кечинмаларни қўл билан ушлаб кўриш мумкиндай жуда тиниқ тасвирлайди.
Сўзлар Ҳалиманинг шеърларида чинакамига жилоланиб, унинг кўнгил сирларини ошкор этади. Улар шоиранинг ҳикояларида ҳам шундай мақомда туради. Ҳалима Аҳмаднинг шеърлари, ҳикояларидаги сўзларнинг жилоси, янгича маъно товланишларидан қалбдаги соҳир туйғулар титроққа тушади. Ҳалима Аҳмад шеърларида бўлгани сингари ҳикояларида ҳам ўз бош қаҳрамон бўлиб кўринади. У ҳикояларида кўпроқ болалигидаги масрур дамларни, ўтган кунларидаги унутилмас хотираларини сўйлайди. Онаси, бобоси билан боғлиқ кечнмаларини, болалиги кечган боғни соғинч ва меҳрга тўлиб таърифлайди. Унинг таърифларида турфа хил туйғулар, ўзаро зид ҳиссиёт, кечинмалар қоришиб кетади. Ҳикояларида ҳам кечинмаларини изҳор этаётганида шоиралигича қолади. Ҳолатларини, манзарани баён қилаётганида ҳеч нарсани яширмайди. Масалан, “Йўқолган одам”да: “Таниш-билишлар одатдагидай хоҳламайгина сўрашиб ўтишяпти” дейди. Ёки: “Гуллару гиёҳларнинг хаёлини ўғирлаб учаётган капалакларга, катта орзусини даст кўтариб у ёқдан бу ёққа югуриб юрган чумолиларга маъносиз тикиламан” деб айтади.
Ҳалима Аҳмаднинг ҳикояларида ҳам шеърларида бўлгани сингари унинг шахсияти, ўй-ташвиш ва тасаввури акс этади. У ҳаёт ва ўзи тўғрисида ўйлар экан, инсон қалбининг беқарорлиги, хатти-ҳаракатларида сабаб ва оқибат муносабатларининг ноаниқлиги хусусида кутилмаган хулосаларга келади. Ҳалима ҳикояларида ҳам истеъдодли ижодкорларга хос илҳом билан ўзининг ички оламига ғаввос бўлиб шўнғийди, руҳиятининг энг қоронғи бурчакларини ёритади, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ҳар биримизни кутилмаган синов майдонига олиб киришига эътибор қаратади. Шоира ўзининг ҳолат, кечинмаларини, хотирасини таҳлил этиш орқали инсон олами мураккаблиги, унда англанганидан кўра англанмаган жиҳатлар кўплигини ёдга солади. Унинг шеърлари, ҳикоялари билан танишаётиб, киши ўзининг ҳолати, кайфияти теварак-атрофида кечаётган ҳаёт билан узвий боғлиқлигини идрок эта бошлайди.
Шоиранинг шеърлари, насрдаги изланишлари ҳаётга чин муҳаббат ижодкорни ажойиб асарлар яратишга илҳомлантиришидан далолат беради. У “Йўқолган одам”, “Машрабнинг хуржуни”, “Нурдаги қоронғилик”, “Айлана ёлғизлик”, “Бухорога қайтиш”, “Ишқ гулининг ҳиди” каби ҳикояларида кузатганлари, ўзининг ҳолатини тасвирлаш орқали ўқувчининг қалбига қўл солиб кўраётганга ўхшайди. Уларни ўқиётганда туйғуларингни тинглаётганингни, ўзинг билан ўзинг савол-жавоб қилаётганингни сезамай қоласан. Ҳалима Аҳмаднинг шеърлари, ҳикояларида тушкун кайфият кўпроқ бўлса-да, уларда ҳақиқат – киши ҳар доим ҳам тан олишга ботина олмайдиган ички ҳиссиётлар, зид туйғулар тўфони мавж уради.
Ҳалиманинг насрдаги изланишлари биз кўниккан ҳикояларга эмас, мансураларга кўпроқ ўхшайди. Бу уларнинг номланишидаёқ сезилади. Шоира уларни “Ёсуман гулининг сояси”, “Ичимдаги одам”, “Осмоннинг орти”, “Ниначи қанотидаги осмон”, “Дарднинг асли” деб атайди. Уларда кечинма, ҳолат, манзаралар тасвирида ҳам истеъдодли шоиранинг эрка, ҳуркак нигоҳи ва кутилмаган мушоҳада тарзи, сўзамоллиги кўринади. “Нурдаги қоронғилик” ҳикояси: “Дарбадар шамол совуқ панжарадан сирғалиб ўтди-да, ертўлани бир айланди. Армонларнинг қўланса ҳидидан кўнгли айниб, шоша-пиша чиқиб кетди. Ертўланинг захида орзулари моғорлаган кимса маъносиз нигоҳларини шифтдан ўтаётган томчиларга тикади. Томчилар кимсанинг ҳиссиз ҳисларидай сап-сариқ. Улар илжаяди. Бир ҳовуч кулга айланган юрак устида рақс этади. Қадам товушлари совуқ: чак-чик, чак-чик, чак-чик” деб бошланади. “Айлана ёлғизлик”да эса : “Сал нарида бир аёл кўрпаларини дорга ёя бошлайди. Саратоннинг қуёши кўрпаларнинг сариқ, яшил, қизил гулларига оҳиста лаб босади. Гуллар бу бўсадан яна очилиб барқ уради. У ҳам хаёли тиккан дорга ўтган кунларини ёя бошлайди” дейилади. Ҳалиманинг насрдаги бу каби шоирона изланишлари машҳур олмон мутафаккири Гётенинг: “Борлиқни жонли ҳис этиш ва уни сўзда ифодалаш шоирни яратади” деган сўзларини ёдга солади. Шоира “ҳикоя” дея тақдим этаётган ушбу ҳадялар ҳар биримиз учун кутилмаган туҳфа саналади.

Абдулла Улуғов
Ответить 
Старый 23.04.2014 10:20   #89  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
ГИРДОБМИСАН, ТЎЛҚИНМИСАН НАМАСАН?
(Махтумқули)
Булут дарахтларнинг учига қўнган,…
Ҳомуза тортади керишиб баҳор.
Қалдирғоч завқига тўлган осмоннинг-
Қўлидан кетгандай, гўё ихтиёр.
Ва яна илғайман нимадир кетар,
Кўнглимнинг чўғию, кўзим нуридан.
Ҳазин хотиралар сирпаниб ўтар-
Жонимнинг умидга, тиккан доридан.
Ва яна дунёбоз қуёш чиқади
Танҳолик дардидан зерикиб, эснаб
Вақтнинг тирноқлари қонатади боз
Ўлган ишқнинг эски ярасин тирнаб-
Бу менман-шамоллар юртидан
Қайтиб
Ва ҳануз ўзига қайтмаган Аёл.
Худди зар ўлчаган заргар мисоли
Умримни ўлчайман мисқолма мисол
Кенгликлар зангори эди қачондир,
Қачондир шафаққа очгандим кўнглим.
Мовий шаббоданинг қанотларида-
Кунлар сулув эди, кунларим сўлим...
...Чуқур хўрсинади баъзида ўғлим.
У тортган оҳ чоҳига тушиб кетаман.
Ҳайрият билмайди бечора ўғлим-
Жасадим юрибди.
Ўзим бу дунёдан ўтганман.
Ўтганман, ўтмаган кун каби маҳзун,
Ўтганман қонимни ичганда фарёд
ИНжиқ бола каби зерикар мендан
Кафтим чизиқларин ўйнаган ҳаёт...
Эшик жиринглайди (эшитмайман йўқ)
Кимдир уни қаттиқ ва қаттиқ муштлар,
Эшикни очаман рангпар бир аёл сўрайди:
Эски нимангиз бор сотиб оламан?
(О, жонимга тегди эски фурушлар)
Дейман: жуда ҳам эскирган
Кўнглим бор олинг.
Аёл каловланиб кўзимга боқиб
Қўрқиб шивирлайди, узр хуш қолинг.
Мен эса ўйлайман,
Қалбимга эски ишқинг билан
Кирган кун ҳақда
(Минг лаънат бўлсин у кунга)
Токи шайтонларнинг макри ишқ бўлса aгар
Энди ишонмайман бу Чархи дунга.
-
Қачондир дегандинг: Ҳаёт бу ишқдир
Ишқингни бахоси айтгин неча пул?
Жонингда нимадир йиғламайдими-
Изғиб юрганингда кўнгилма кўнгил?!
Сен кимсан?
Худога қасамки ҳануз билмайман.
Балки ҳазарларим кўргувчи тушсан.
Эски туйғуларни сотиб кун кўрган.
Ўзини кўрмаган эскифурушсан.
Сароблар оқади кўзим ичида,
Кўзимнинг ичида кун кўради мунг.
Қачондир исмингни айтиб чорлаган-
Соғинчларим ўлган
соғинчларим гунг.
Сен кимсан?
Хотирлар дарёсин уйғотмасман йўқ,
Қайғу рақам чекар гоҳ зер, гоҳ забар
Сени эсламасман ёдингда бўлсин
Ҳаттоки авлиё бўлсанг ҳам агар.

Сен кимсан?
Бенаво, ҳушсиз алфозда-
Билмасдан ичганим заҳарли шароб
Балки суянмоқчи бўлган лаҳзамда
Изтироб ичидан қочган изтироб.

Сен кимсан?
Эсласам уйғонар нафратли титроқ
Сенла ўтган кунлар бунча шармисор.
Эссиз қанча умрим тортиб кетибсан.
Зулматнинг қаърига бир гирдоб мисол.

Сен кимсан?
Балки соядурсан янчилган соя,
Бегуноҳ гўдаклар узра тўкилган.
Балки қарғишдирсан исмсиз тунда-
Гуноҳ китобидан ўқилган...
Рангин ниқобларинг ечарсан бир кун,
Кўнгил кўзгусига боқарсан беҳол.
Шунда кимлигингни кўриб қўрқарсан
Ва ё жирканарсан ўздан эҳтимол...

Шукр руҳимдаги илинжлар сўнган.
Ёлғон ўртанишдан олисман, илло.
Энди кўришмаймиз, кўргим, йўқ сени
Ҳақ тонги- қиёмат қойимгача то.

Қуёш дарахтларнинг учига қўнган,
Ва ёдим япроқлар ичида ниҳон.
Видо куйи янглиғ ғамгин шаббода-
Қадим сеҳргардай ўйнатади жон.
Дунёдан кечганман , дунё кечмаган-
Баҳримдан юлдузлар сув ичар ҳамон.
Аршингни титратган бўлса фиғоним.
Тавба қилдим тавба, кечир Художон
Булут дарахтларнинг учига қўнган.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 23.04.2014 10:21   #90  
Offline ID
Аватар для Halima Ahmedova
Оффлайн
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22  178/73
– 0  0/0

Uzbekistan
ИСТАМА СЕВГУВЧИ ДИЛ...

Истама севгувчи дил, сен истаган ёр мандадур,
Ишқ уйида авлиё этган қизил хор мандадур.

Ўйнашур жон шуъласида умрими марги хазон,
Ул хазон кафтида ётган дўзахий зор мандадур.

Дайри муғ савдосида май бўлса гар кўнгил қони,
Ич, ғамим сархуш бўларсан майхона бозор мандадур.

Ҳақ агар ошуфтадур, ошуфтадур жоним менинг,
Мансури Халложда кетган соҳири зор мандадур.

Қайғунинг эҳсонида ялдога ошиқ ой каби,
Бемурод бахтни ёпинган қайғучан аттор мандадур.

Бефасл ўтган умр дарвозаси дард зангидир,
Сўнгагим ичида ётган беқалов қор мандадур.

Бу кўнгил вайрон этилган чорасиз ишқ шаҳридир,
Сен хиёнат тошин отган Кабаи-ғор мандадур.

Ўлдиму икки кўзим қабрим бўлиб қолди менинг,
Руҳлар орзусида безовта мозор мандадур.

Гарчи жаннат қайғуси этмас мени девона ҳол,
Бир ёруғ қайғу ўзим аросат девор мандадур.

Сен ғуломсан қисмати Шайхи Саънон сандадур,
Ҳур бало даштидаги ул зулфи зуннор мандадур.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх