Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 04.05.2010 15:01   #71  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Умиди узилмаган одамнинг жони ҳам узилмайди деган эди Устоз. Устознинг бу гапи Умиднинг сира хотирасидан кетмас, айниқса қийин дамларда шу гап унга далда берар, уни эслагани, ичида такрорлагани сари Умид вужудига куч-қувват оқиб кираётгандек ҳис қиларди ўзини.
Шу топда у ўзидаги ана шу ишонч ва умидворлик туйғуси қандай бўлмасин Устозга кўчиб ўтишини жуда-жуда истар, шунинг иложини топса шифокор йигитнинг ашқол-дашқолларига ҳам ҳожат қолмас эди. “Умиди узилмаган одамнинг... Умиди узилмаган одамнинг... Умиди узилмаган одамнинг...” Умид шу гапни бир неча бор Устознинг қулоғига энгашиб такрорлади, ҳадемай, мана, ҳозир у киши кўзини очади, баралла очиб унга қарайди, “Ҳа, ўғлим, ўтирибсизми?” деб сўрайди. Умид шунга ишонади, Устоз кўзини очган заҳоти унга танбеҳ беради – “Уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит” дейди. Аввалига Устози тушунмайди, ҳайрон бўлади, шунда бирдан фикри тиниқлашади, хотираси жонланади, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборади. “Оббо, Умидвой-ей, мени бопладингиз-ку!” деб елкаларини силкита-силкита кулади, кулгани сайин вужудини забт этган дард тўкилиб-тўкилиб кетади!.. Умид бунга ишонади!..

***
Телефон нағма қилди. Умид уни қўлга олди. Фарҳод.
– Топдингми? – шивирлаб сўради Умид дўстининг гап бошлашини кутмай.
– Топилмаганига қўймадим, топдим! – Фарҳоднинг овозида ғолибона кўтаринкилик сезилиб турарди. – Астойдил киришдим-да, ўзиям! Қаловини топсанг – илонни инидан суғуриб чиқарасан, ука!
– Уйингда ўтирган жойингда изқуварлик қилибсан-да? Қойил!
– Хуллас, аллақандай ҳужжати тайёр бўлмаган экан, аллақайси идора раҳбарининг қабулхонасида қон бўлиб кутиб ўтирганакан. Ўша ҳужжати бут бўлмаса, самолётга чиқармас экан.
– Самолётга чиқадиган ҳужжати шу кунгача тайёр эмас экан-да?! Ол-а!..
– Уйида қариндош-уруғи тўпланиб ўтиришибди. Ҳаммалари хайрлашиш учун келишган акам билан.
Умид Фарҳоднинг кесатишга ўтганини сезиб, жиддийлашди.
– Фарҳод, мен бу ердан чиққач, бирров уйга кириб ўтаман, ўзинг тушунасан-ку...
Фарҳод тушунди.
– Майли, бемалол кириб чиқавер, хотиржам бўлиб, кейин борарсан. Унгача, мен ҳам улфатлардан бирига учрашиб келаман.
– Бугун улфатчилик йўқ эди, шекил?
Зарур иш чиқиб қолди, Азиз билан боғлиқ!..

***
Азизнинг жонини жабборга бериб бўғилишларими ёки юз йил муқаддам айтилган “қалампир” гапми – Фарҳодга бошқача таъсир қилди. Тўсатдан у Азизнинг оғзидан чиққанини маъқуллашга тушиб кетди.
– Азизтой, қадрдоним, – деди у дона-дона гапириб, – ҳамма ҳаммага хўжайинми, хўжайин эмасми ёки боши оғримаган Умид айтмоқчи, ҳамма кузатувчими-кузатилувчими – ўзбекча қилиб айтганда, булар қариндош-уруғчилик, маҳалла-кўйчилик, ошна-оғайнигарчилик, амма-холачилик деб аталади. Бу одат оиладан, гўдакликдан бошланади. Бола туғилганидан бошлаб ота-онаси учун – бола, гўдак! Элликни, борингки, юзни уриб қўйсаям, ота-онанинг измида.
– Ота-она – кузатувчи, ўғил-қиз – кузатилувчи, – илова қилди Умид.
– Кўчага чиқди дегунча қўни-қўшни, маҳалла-кўй – кузатувчи, одамлар – кузатилувчи!
– Қариндош-уруғ, ёру биродар – кузатувчи!
– Бозорда паттачи, налогчи – назоратчи, бизга ўхшаш бозорчилар – кузатилувчи!
– Ишхонада раҳбар – кузатувчи, ходимлар – кузатилувчи!
– Лариса Латиповналар – кузатувчи, бошқа ҳамма – кузатилувчи!..
– Индамаган сайин санайвермаларинг, баракаси учади, – деди Фарҳод сўз ўйинига киришиб кетган дўстларини тартибга чақириб. – Кузатувчининг додалари бозорда! Илло, бозордан гап оча кўрма! Бозор ҳангамаларидан бошласам бугун тонг отмайди, оғайни! Так что, бозорда нон топиб юрганларга осон тутмаларинг...
– Энг осони – қонунга биноан ишлаш, ҳеч кимдан, ҳеч қандай текшир-текширу назоратдан чўчимай ишлайверасан.
Фарҳоднинг очиқчасига энсаси қотди, Азизнинг бу гапини эшитмагандай бақрайиб ўтираверди. Умид Фарҳоднинг таъби тирриқлашаётганини пайқади, Азиз оғиз жуфтлаганини кўриб туриб, қўл кўтариб уни гапиртирмади. Ўзи гапирди:
– Қонун – кузатувчи, одамлар – кузатилувчи!
– Ҳаддингдан ошма, қонунга тил теккизма, дедим, – Фарҳод жиддийлашиб, ҳазил-мутойибага чек қўйди. – Аслида қонун одамларни текшириш учун ўйлаб топилган нарса!.. Биз бозорчилар қонуннинг ўзидан эмас, қонунни пеш қилиб келадиган назоратчидан ҳайиқамиз. Ишқилиб, нимани восита қилмасин кузатувчи ўзини кузатилувчидан зўр деб билади. Бу ерда мен ҳукмрон, деган ўйда юради у.
– Ҳозир учовимиз санаб ўтган кузтилувчилар бор-ку, – дея гап бошлади Умид, ҳазилни бас қилиб. – Ўшаларнинг зиммасида айни вақтда кузатувчилик вазифаси, бурчи, миссияси бўлади. Фақат доим кузатув остида яшайдиган одам палағда одамга айланади, ундайлар ўзгаларни кузатув остига олишга ярамайди. Қарабсанки, ўзи қисиниб юрган одам бировни назорат остига олиш у ёқда турсин, ўзи қисиниб нафас олади, қисиниб гапиради. Ўйлови қисинган одамнинг ўзи эркин бўлолмайди, қисинган бўлади унақа одам.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:03   #72  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Устоз ҳолдан тойиб ўтирган ҳолида ҳам ўзига хос тагдор мутойиба топишга ҳаракат қилди.
– Тараққиётнинг шарофати, – деди у беҳол ва синиқ жилмайиб, – сочингдан оёғингача кузатувда... Ичингга чироқ ёқиб кузатадиган асбоб топишганидан кейин уёғини қўявер!..
Устознинг ҳазили тагидаги “зил”га шифокор йигитнинг фаҳми етмади.
– Учига чироқ ўрнатилган ичакни ютганингизда ичингиз ёришгану, ўзингиз сезмагансиз. – Шундай деб шифокор йигит муолажани самарали йўлга қўйишда касалликни аниқлаштириб олишнинг аҳамияти ҳақида гапга тушиб кетди. Чамаси шу билан у тиббиётнинг тараққий топганлигидан, шифокорларнинг илми ошганлигидан нах уриб беморнинг руҳини кўтаришга уринаётганди. – Бу ҳали ҳолва. Ҳозир клиникамизга янаям замонавий ускуналар келтирилган, домла розилик берсалар, раҳбарларга айтиб, уларни ҳам опкелтирамиз. Инсоннинг баданида қанча аъзо бўлса, уларнинг ҳар бири қандай ишлаяпти, ўз вазифасини қанчалик тўғри ва тўла-тўкис бажаряпти – ҳаммасини экранда кўрсатади. Так что...
Устознинг беҳол-бемажол гавдаси узоқ ва унсиз силкиниб турди, у киши ич-ичидан қуйилиб чиқаётган кулгини босолмаётган, бу ҳол лаҳза сайин уни баттар ҳолдан тойдираётгани кўриниб турарди. Ниҳоят, беморнинг мадори қолмади ва у оҳиста ёнбошлаб ётиб олди. Умид чўк тушганча беморнинг елкаларидан авайлабгина тутиб, унинг ўрнашиб ётиб олишига кўмаклашди. Устоз жиддий тортди. Кўзини ғира-шира очиб, Умидни имлади. Умид қулоғини Устозга яқинлаштирди.
– Уст-бошингга ҳам... ичингга ҳам ўзинг кўз-қулоқ бўлиб юр, болам...
Умид бир нарса эсига тушди чоғи, ўрнидан туриб бориб дераза токчасидаги газета тўпламидан биттасини олиб, варақлашга тушди.
– Бугун ўқидим, – деди у ҳам Устозга, ҳам шифокор йигитга бир йўла мурожаат қилиб. Сўнг газетанинг керакли саҳифасини очди-да, ўқишга тутинди: “Кишиларнинг саломатлигини сақлаш, хавфсизлигини ҳамда жамоат ҳаловатини таъминлаш мақсадларида яратилган турли хил кузатув асбобларидан кенг фойдаланилади, бироқ Ғарбда бу каби ускуналардан айғоқчилик ва бошқа мақсадларда ҳам унумли фойдаланиш кўпчиликка маълум ҳақиқатдир”.
Устоз шогирдига “ялт” этиб қаради.
– Сиз одамларнинг одамлар томонидан кузатилишини, умуман инсон кузатувчи ва кузатилувчи мавжудот–махлуқ эканлигини ўрганмоқчисиз, кузатишда фойдаланиладиган замонавий ускуналарнинг ривожланиб кетгани эса, эҳ-ҳе-е, алоҳида мавзу.
– Тўғри, – деди Умид бош ирғаб. – Буларнинг Ғарбда янгилиги қолмаган, биздаги газеталар эса ҳаммадан кейин худди янгилик топгандек кўчириб босишади.

***
Умид Устоздан эшитганларини ўзиникига қўшиб-чатиб гапиришга одатланган эди. Ўйлай-ўйлай Устоз уни шогирдликка танлаб, ўғлидек кўргани сабабини ҳам ўзича топди. Ахир Устоз унга тақдим этаётган мавзу, муаммо Умиднинг бошидан ўтяпти-ку?! Бундан чиқди, Устоз Умиднинг турмуш шароитини ҳам, уйидаги аҳволдан тортиб унинг феъл-атворигача обдон ўрганган, шундан сўнггина унга шу мавзуни раво кўрган. Умид ичида яна бир бор Устозга тан бериб, бош чайқади... Устознинг назари кўз ўнгидан кетмайдиган бўлиб қолди... Қачон, қаерда ва қай алфозда бўлмасин онасининг маъюс ва дардчил назаридан ҳоли қололмайди. У қўлига тутқазиб қўйилган васийлик паттасида белгиланган шартларга сўзсиз риоя қилади, муштипар онаизорининг “Опангга кўз-қулоқ бўл, болам” деган илтижолари қулоғининг остидан кетмайди, ўзи гарчи опасига изма-из, қадам-бақадам пойлоқчилик қилса-да, хаёлининг бир чеккасида аксинча опаси уни назардан қочирмаётгандек туюлади. Бошқалар билан ишим йўқ деб ўйлар эди Умид, шу ақидада у ҳеч ким билан апоқ-чапоқлашмас, ошна-оғайниларини кўпайтирмас, борларини ҳам уйига бошлаб келмас, уни сўраб эшик қоқиб келадиганлар ҳам деярли йўқ эди. Фақат кейинги пайтда Устозга қаттиқ боғлангани демаса!..
Аввалига Устознинг “таъқиб” этиши Умидга малол келди, малол ҳам эмас, уни ўйлагани сайин Умид ўзини қўярга жой тополмай қолар, ўнғайсизланар, лекин Устознинг унга кўрсатган меҳрибончилиги боис шекилли кўп ўтмай Устозни ўйламай юриш ғалати туюладиган бўлиб қолди. Лекин орада Котиба қизнинг пайдо бўлиши ҳамма нарсани, Умиднинг тасаввурида дунёни остин-устун қилиб юборди.
– Бизда ҳамма ҳамманинг назарида... – деди ўйчан бир алфозда Умид.
Азиз ҳам ўз хаёлларига андармон эди.
– Аслида бу ёмон нарса эмас, – деди у, – ҳамма ҳамманинг назарида яшаш бир томондан яхши ва тўғри ҳам, фақат...
– Нима, фақат? – кўзини лўқ қилиб савол ташлади Фарҳод.
Азиз Фарҳоднинг иддаосига эътибор қилмай сўзида давом этди:
– Фақат одамлар нима деркин, мени таниган-нетганлар қилаётган ишимга, юриш-туришимга қандай баҳо бераркин деган ўй, хавотир, ҳадик одамни ўз ҳолига қўймайди, эмин-эркин юришига, ўзига ўзи хўжайин бўлишига тўсқинлик қилади, охир оқибат бундай ҳаёт тарзи одамнинг фикрига, ўйларига кишан солади. Дунё миқёсида олсак... у томонларда who is who... кимнинг ким эканлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ... сен ёлғизсан, одамлар уммони ичида эсон-омон қолишнинг бирдан-бир чораси – кучли ва мустақил инсон бўлиб етишиш!.. Нимага қодир бўлсанг, марҳамат, ўшангга эришгин-да, машҳурлик гаштини ҳам суравер, ақчангни ҳам қурутдек санаб ол-да, қандингни ур!.. Биздаги одатлар эса тараққиёт йўлида югуриб бораётган одамнинг оёғига сиртмоқ илдиришдек гап! Фалончи менга эътибор қиляптими, пистончи нима дейди деб минг ёққа аланг-жаланг қилгунча бошқалар ишини битириб, дунёни жиғилдонидан ўтказиб юборяпти!
– Назар-эътибордан ҳоли қолиш керак демоқчисан-да, шундайми?
– Назар-эътиборга учмаслик, унга алданмаслик, ундан ҳайиқмасликка одатлантиришимиз керак, одамларимизни!
– Буни нимадан бошлаш керак, Азиз? – савол қотди Умид. – Бошқаларни қўя турайлик, ўзинг шундай яшай оласанми?
– Яшай оламан! Яшаяпман ҳам! Шундай яшасам ва ўзим дилимга тугиб қўйган, кўзлаган энг катта натижаларга эришсам одамларга, сизлар қайғусини чекаётган одамларимизга сен билан Фарҳод ёпишиб олган, ҳаётларингни бағишлаган одамгарчиликлардан кўра кўпроқ нафим, фойдам тегади деб ҳисоблайман. Нимадан бошлашга келсак, бугун мен айтсам ва сен тушунсанг, эртага Фарҳод англаб етса... шу тариқа тарқайди! Мана шундай яшаш афзалроқ эканлигини одамлар ўз ҳаётларида кўрадилар, иқрор бўладилар! У ёқда...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:04   #73  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Онаси дарвозадан кириб келган ўғлини кўрдию, хўрлиги келиб йиғлаб юборди.
– Қаёқда қолиб кетдинг, болам? Қара, бор. Мени яқин йўлатмаяпти.
– Яқин борманг, эътибор бераверманг, дедим-ку.
– Бор, айвонга чиқ, тирқишдан қара-чи, – деди онаси унга шипшиб.
– Секин, ойи! – Қарийб жеркиб юборди Умид. – Оҳ-воҳингизни эшитиб қолса, баттар қилади.
– Мен ов-воҳ қилмасам, сани юришинг шу аҳвол... Бепарво бўлиб қоляпсан, ўғлим, сезиб турибман. Ман бир ёқли бўлиб кетсам!..
Умид бундай пайтлардаги онасининг дийдиёларига эти қотиб кетганди. Шу сафар у касали тутган Опасига атайин одатдагидек эътибор қилмасликни, яъни уни изидан қолмай, пойлоқчилик қилмасликни, шу билан уни ўз ҳолига қўйишни синовдан ўтказаётганини онасига тушунтиргиси келмаётган эди. У айвонга чиқиб борса қайтанга ишнинг пачаваси чиқиши муқаррарлигини биларди, фақат буёқда онасининг кўнглини ўкситмаслик учун ҳам... Шу пайт опасининг хонасида нимадир гурсиллади, кетидан чинни идишнинг шарақлаб тушиб, чил-чил сингани эшитилди.
Опаси қозонни боши узра кўтариб токчага отган шекилли, Умид айвонга ирғиб чиқиб бориб, сездирмайгина эшик тирқишидан мўралаганида опаси ҳамон икки қўлини боши тепасида кўтарганича девор томонга хезланиб, зарбанинг зўридан оёқ остига чил-чил бўлиб тушган чинни парчаларига ғолибона анграйиб турарди.
Опаси капгир қирраси билан токча деворини уришга тушди. Умид мўралаб турган эшик тирқишидан оппоқ ғубор паға-паға бўлиб, сизиб- сирғалиб чиқа бошлади. Опаси ўқчиб йўталди.
– Рўзғоримми бўлак қиламан! Кўрсатиб қўяман, сенларга!..
Опаси шундай деб жавраганича қозонни токчага қўйди, унинг теграсига косаларни қаторлаштириб терди.
– Ўчоқни шетга қураман!.. Қозонни тўлдириб-тўлдириб овқатлар пишираман! Кўрасанлар ҳали!..
У шундай деб улгурмай, қўлида гугурт пайдо бўлди. Умид чўчиб тушди. Нима қилишини билмай, орқага аланглади. Онаси айвонга чиққан, ўғлининг орқасидан келиб минг хавотирда вужуди қулоққа айланиб турарди. Ичкарида гугурт чақилди.
– Гугуртни беркитиб юринг, дегандим-ку, ойи!..
– Вой, шўрим қурсин!.. Қаттан оганини билмасам!..
Умид зудлик билан бир қарорга келиши, қандай бўлмасин, ичкарига кириб опасининг қўлидан гугуртни тортиб олиши ёхуд алдаб-сулдаб бўлса-да, унинг гугурт чертишига йўл қўймаслиги керак эди. Шу пайт мутлақо фавқулодда воқеа юз берди!

***
Азиз хорижда орттириб келган қарашларидан қайтадиганга ўхшамадию, вазиятни кескинлаштирмай Фарҳоднинг тутунини пасайтириш эпини ҳам топди.
– Мен ҳам ўзбекман, ўзбекчиликдан кечиш ниятим йўқ, – деди у кўксига муштлаб. – Бундай каззоблик менинг қўлимдан келмайди.
– Отиб ташлашимдан қўрқдинг-а? – боягиндан анча юмшаб тиржайди Фарҳод.
– Сендек қиёматли дўстимнинг кўнгли отишни тусаган бўлса, мен тайёр! – деб юборди Азиз тантанавор оҳангда. – Шартта отиб ташла, “ғринг” деган номард!
– Ана – ўзбек, мана – ўзбек! – Ха-холаб Азизни қучоқлаб олди Фарҳод. – Мард йигитнинг одамгарчилиги мана шунақа бўлади. Тўғрими, ука?!
У шундай деб Умиднинг елкасига кафти билан урди. Умид кулимсиради.
– Тиржайиб қутиласан-а, айёр! Бирор нарса де, гапир!
Умид Фарҳоднинг талабини ерда қолдирмади.
– Ўзбек одамгарчилик йўлида ҳам ўлиб кетаверади...
Умид бир ўқ билан икки қуённи мўлжалга олган, зеро у ўзича Азизнинг ғояларига ҳам, Фарҳоднинг норозиланишларига ҳам тўла қўшилмаган, ҳар қандай икки хил тўғри қарашдан учинчи бир янада теша тегмаган оқилона йўлни топиш мумкин деган ақидасидан кечолмаётган эди...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:06   #74  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Азизга қолса, Умид... онасининг кўзёшларини, ожизона илтижоларини эътиборсиз қолдириши, Опасининг дарди тутган пайтлар... у соғлигида укасидан меҳрини аямайди... Оталик қилаётган Устоздан воз кечиши, унинг тепасида юрагини зардобга тўлдириб ўтиришдан кўра, илмини пухталаштириш йўлини ўйлаши... ҳатто Котибанинг баҳридан... “Мусофирчиликда юриб, уйланишни унутиб юборма, тағин” деди Умид дўстига самимий танбеҳ бериб. Азизнинг жавобидан ҳайратга тушди. “Тўғрисини айтсам, оила қуришни хаёлимга ҳам келтирмадим. Ўйласам, юрагим увишади, чунки, уйлансанг, тамом, хотин, бола-чақанинг измидан қочиб қутилолмайсан!” Умид Котибага ошиқу беқарор бўлиб қолганини яширмади, Умид жуда совуққонлик билан тўғри, деган маънода бош ирғади. “Севиш-севилишга нима етсин, бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган мўъжиза, лекин унинг исканжасига бир илиндингми, умринг бўйи ундан қутилолмай хасратда ўтасан. Буёғини ҳам унутма, оғайни!” Демак, Умид Котибанинг баҳридан... қабулхонада ўрнидан қад ростлаб, ўзига илтижо, меҳр-шафқат билан тикилиб-термилган нигоҳлари билан унинг устидан босиб тушаётган тоғдек юкдан халос қилган Котибанинг... Устознинг хасталигидан ўзига сирдош тутиб бохабар қилган Котибанинг... “Овқатланиб олинг” деган, уни кўрганда ўзини йўқотиб қўяётган, хаёлини бир зум бўлса-да, тарк этмаётган, тасаввурида ҳатто ҳовлисига, уйига бориб, у билан ёнма-ён юрган, турган Котибанинг баҳридан ўтиши!.. Олим бўлиш йўлида шуларнинг барчасидан воз кечиши!.. Азиз! Азиз дўстим, қаёқдаги ғалваларни матоҳ дея кўтариб келдинг, бизга, оғайни?!

***
Орага тушган жимлик тўфон бўсағасидаги қалтис ва омонат сукунат эканини Умид сезиб турганди. Азиз нима деса барини маъқуллашга ўтган Фарҳоднинг кутилмаганда мулойимлашиб, ичида йиғиб турган заҳрини пуркаш мавридини пойлаётганини ҳам тахмин қилиб турганди. Ўйлаганидек бўлди ҳам.
– Азизбой, оғайни, – деди Фарҳод тамом ақлдан озган одамни инсофга
чорлаётган оҳангда ясама босиқлик билан, – инсон инсон бўлибдики, бир биридан андоза олиб яшайди, бир бирига ўргатади, бир бирини тарбиялайди. Назорат дейсанми буни, оёғига урилган кишан дейсанми – ихтиёринг, лекин ўзбек шундай я-шай-дд-и! Ўзбекчиликни, ўзбекона одамгарчиликни чидаганга чиқарган!.. Ҳеч ким ҳеч ким билан иши бўлмаслик, ҳар ким ҳушига келган номаъқул бузоқнинг тезагини титиб юравериши... гапнинг ўғил боласини айтсам, бола-чақадан, ота-онадан воз кечиш эвазига эришиладиган ва сен мақтаётган ўша тезликнинг ҳам, шиддатнинг ҳам тараққиётига қўшиб афтига тупурдим! Эришган тараққиётига қўшмозор қилади, ўшаларингни, худо, тушундингми?! Ўзбек икки дунёдаям сен осмонга кўтараётган, ақл-ҳушингни ўғирлаган йўлга юрмайди. Қаерда яшаш ихтиёринг, илло-билло бу гапларимни қулоғингга қуйиб ол, бола!..

***

– Оғир беморлар ётадиган палаталар бор-ку, – деди Устоз рўпарасида ёки ёнгинасида ўтирган кишиларга ортиқча эътибор ҳам қилмай қўйган кунларнинг бирида, – реанимация дейишармиди?.. Менга қолса, ўшандай палаталар шифтини гумбазли осмон қилиб ишлашса...
Умид жимгина Устоздан кўз узмай ўтираверди. Устоз бирмунча фурсат жим бўлиб қолди. Чамаси у бошлаган гапининг мазмунини унутиб қўйгандек эди. Умид аввалига саволназари билан қарадию, беморни ортиқ уринтирмаслик ниятида индамай қўя қолди. Шунда Устоз гапининг давомини айтди:
– Айтмоқчиманки, ўша гумбазга юлдузлар сурати туширилса, оғир ётган одамнинг хаёли осмонга, юлдузларга кетади... Ҳар кимни кўкда ўз юлдузи кузатиб турган бўлади. Одамларга айтолмай, ошкор этолмай ичингда қолган гап-сўзларингни, орзу-ниятларингни бор-борича ўша юлдузларга тўкиб солсанг, майли-да, анча енгил тортасан...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:07   #75  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
– Яна, менга қара, – деди қарийб дағдаға билан Фарҳод забтига олиб, – “Бу ёқда”, “У ёқда” деб жа катта кетаверма! Аслини айтадиган бўлсак, ҳар бир одамми изидан тушиб, пойлаш ўша сенинг юртингдан чиққан! Одамларни пойлаш, босган қадамини кузатиш, оғзидан чиққанини хуфёна ёзиб олиш – таъқиб этиш ускуналарининг энг додаларини ҳам ўша томонларда ўйлаб топишган. Тўғрими?!
Умид мунозара даҳанаки жангга айланиб кетишидан хавотирда гапни ҳазилга бурди:
– Фарҳод ҳам унча-мунча халқаро шарҳловчидан кам эмас, – деди кулиб. – Уйида телевизорга ёпишиб олиб, ҳамма нарсани билиб ётади. Ҳақиқатни айтганда, ҳар бир одамни таъқиб этиш, кузатишни қўя турайлик, оғайни, ўша сен мақтаётган давлатинг ер юзидаги ҳамма давлатларни тепасида турган кузатувчига айланиб олмоқчи-ю! Бурнини суқмаган жой қолмади ер юзида!
Азиз қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
– Нега менинг давлатим бўлади, Фарҳод?! Нега менинг юртим бўлади у томон, Умид?! Сал ўйлаб гапирсаларинг-чи!
– Ўзинг...
Азиз Фарҳодни гапиргани қўймади.
– Гуноҳим уч йилга ўша ёқларга бориб келганимми?! Кўрган-нетганимми сенларга гапириб берганимми?! Шунинг учун мени она юртимдан бадарға қилмоқчимисанлар?! Мендан юз ўгирмоқчимисанлар?!

***
–Барибир овқат пишираман!.. Қозонни тўлдириб пишираман!..
Опаси шундай дея қозонни токчадан олиб, уни девор пойига тақаб ўрнатди, чўк тушди-да, бир парча қоғозни ғижимлаб уни ёқишга тутинди. Умиднинг қўли беихтиёр эшикка тегиб кетди.
– Изимдан пойлаб ўл-а! Ҳу, турқинг қурсин, исковуч!..
Опаси шундай деб кескин қад ростламоқчи бўлдию, қалқиб кетиб, жойига ўтириб қолди. Капгирни олиб, ўтирган жойидан қуруқ қозонни даранглатиб кавлашга тушди. Бу орада Умид ичкарига мўралаб улгурган, лекин ичкарига қадам босишга жазм қилмаган эди. Кутилмаганда... Опаси ўтирган жойида бир нуқтага тикилганича хийла фурсат жим қолди, шу ҳолида у жонсиз танага ўхшар эди. Умид Опаси яна қанча вақтгача қимир этмаслигини ўзича тахмин қилиб чамалаётганида Опаси гўё боши қаттиқ оғриган одамдек икки кафтини икки чаккасига босганича кўзларини чирт юмди, бошини орқага ташлади, кўзини очдию, бу сафар кафтларини кўзларига босди. Умид Опасининг бундай хатти-ҳаракатини биринчи бор кўриши эди, эшик тирқишидан ичкарига кириб кетгудек алфозда тумшуғи, башараси билан эшикка тирғалди.
– Келдингми, Умид, ке...
Опасининг товуши шу қадар мулойим эшитилдики, азабройи Умиднинг юраги эзилиб кетди. Опасининг шу икки оғиз сўзида ҳам илтижо, ҳам боягина айтган ҳақоратлари учун хижолатвозлик, ҳам... ҳавас оҳанги бор эди. – Киравер, укам, еб қўймайман. Ёнингдан кетмай қолди-ку, яхши қиз экан, қўрқмай келаверсин...
Умид лом-мим деёлмади, ҳали ҳеч кимга ошкор қилмаган, ҳатто онаси ҳам равшанроқ пайқаб улгурмаган “ёнидаги”ни, мана, Опаси худди кўрган, билган, танигандек айтиб турибди! Умид Опасига маъқул келадиган сўз топишни ўйлаётиб, оёғининг ёнгинасида ётган гугуртни сездирмай олишни мўлжаллади. Бироқ у бунга жазм этиб улгурмай Опаси бояги-бояги алфозда ўтирган жойидан гугуртни олиб, укасининг қўлига тутқазди. Унинг хаёли ҳамон тиниқлашмаган эди, паришонлиги кўзидан сезилиб турганди. Умид гугуртни кафтида тутганича, атайин уни яширишга шошилмади. Чунки унинг ҳар бир ҳаракати, кўз қараши, ҳатто хаёлидан кечаётганлари Опасига қаттиқ таъсир қилишини яхши биларди.
– Мен тузалиб қолдим, Умид, – деди Опаси бошини қуйи эгиб маҳзун товушда, – ҳаммаларинг кираверинглар, овқат сузиб бераман...

***
Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай Умид Азизникига етиб боранида ҳовли чароғон ва гавжум эди. Чамаси Азиз ҳам анча ҳаяллаб эндигина кириб келган чоғи, уни кутавериб тоқати тоқ бўлган қариндош-уруғ, ёр-биродарлар уни ўртага олишган, бири олиб-бири қўйиб чекка-чеккадан савол ёғдиришар, Азиз шунчалик толиққан эдики, уларнинг ҳеч бирига ёлчитиб жавоб беролмаётганди.
Умид эса... Опасидаги ўзгаришни кўрган кўзларига, гапини эшитган қулоқларига ишонолмаётганди. Наҳотки, Котибадан хабар топган, наҳотки, Умиднинг ҳардамхаёл бўлиб юришларидан кўнгли сезган бўлса?! Келиннинг пойқадами ёқиб, Опаси тузалиб кетса-чи!.. Қўрқмай келаверсин, деди, демак, Опаси Умиднинг уйланишига қарши эмас, унга тўсқинлик қилмайди, балки келин тушишини орзу қилаётгандек!..
Азиз қолиб, ҳаммани ўзига қаратиб ўтирган Фарҳоднинг оғзи қулоғида экани дарҳол сезилди. Умид сўрамаса-да, Фарҳод бунинг боисини тушунтира кетди:
– Ёру дўстларнинг кўплиги шундай пайтларда иш беради, ука, – деди у Умидга. – Акам қарағай ҳужжатларни топшириб қўйибдилар-да, буёғи қонуний битаверади де-еб юраверибдилар! Бир ойда ҳам навбат келмаган! Ман айтиб қўя қолай, умрингни охиригача кут, навбат кемайди ҳам!.. Воҳ-ҳо, хей-й!.. Битта печат деб, акам йўлдан қолиб кетарди, ўзиям!..
– Печатни сен қўйиб бердингми? – истеҳзо аралаш сўради Умид.
– Тўғирладим-да, ишқилиб. Янги улфатлардан бирининг амакиси ўша идора каттаси билан ошна деб эшитгандим. Дангалига бордим. Иш халта, дедим. Гап йўқ, деди. Самолёт учишига тўрт соат қолганда Азизтойнинг ҳужжатига печат юмшоққина қилиб босилди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:09   #76  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Бир фавқулодда ҳолат бошқасини етаклаб келади деган гапнинг қанчалар тўғри эканини Умид ўз тажрибасида бошидан ўтказди. У Опасидаги ўзгаришдан ҳамон ўзини қўярга жой тополмас, уни бировга айтишга ҳам шошилмаётган, бир кўнгли Устоздан хавотири аримаган бўлса-да, қиёматли дўсти билан олис сафар олдидан хайрлашиб қўйиш ниятида ниҳоят Азизларникига етиб келганига хурсанд, шу кайфиятда хаёлларини йиғиштиролмай Фарҳоднинг ҳангамаларини эътиборсиз тинглаб ўтирганида телефон овоз берди. Ким қиляпти? Онаси эмасдир? Фарҳод шу ерда, бошқа... тинчлик бўлсин-да, ишқилиб!.. Устознинг уйидан бўлса-чи?.. Худо сақласин!.. Хаёлига келган ўйдан Умиднинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Шошилиб, ҳатто телефон ойнасига кўз югуртирмай, унинг қулоғини очди.
– Лаббай!
– Умид ака!..
Умид турган жойида қотиб қолди. Аста-аста юриб, ўзини одамлардан четга олди.
– С... сиз... Сизми? Мен ўзимман. Гапираверинг, эшитяпман, гапираверинг!..
– Умид ака, – Котиба қиз, афтидан у ҳам ҳаяжонландими ёхуд йиғламсирадими, умид шошганидан тушунмади, диққатини жамлашга ҳаракат қилиб, қулоқ солди. Қиз зумда ўзини қўлга олиб, айтди: – Опоқи қўнғироқ қилдилар, тезда уйларига етиб борар экансиз!..

***
Умиднинг кўз олдида новча дўхтир йигитнинг бўй-басти пайдо бўлди. Уни биринчи сафар кўрганида опоқи, “Марказнинг баннисасидан, домлага бириктирилган дўхтир” деб таништирган, ўша-ўша Умид дўхтир йигит билан кўп-кўп мулоқотда бўлди, унинг ўз касбини пухта эгаллагани, босиқ ва синчковлиги Умиднинг унга нисбатан ҳурматини ошгандан-оширди. Нега у кеча ё бугун Устоздан хабар олмади? Ваҳоланки, беморнинг аҳволи олдинга қарайдиганга ўхшамаяпти.

***
Умид Фарҳод ва Азиз билан ёнбошла-аб отамлашиш уёқда турсин, улар билан бемалолроқ гаплаша ҳам олмади. Айниқса Котибанинг қўнғироғидан кейин у тамом ўзини йўқотиб қўйди. Азизнинг ўзи ҳам гурунглашадиган аҳволда эмасди, бунинг устига, ҳадемай йўлга отланиши, унга қадар юкларини тартибга келтириши керак, буёқда онаси шўрлик келганингдан бери тўйиб гаплаша олмадим-а, ўғлим, деб кўз ёши қилиб олди.
Азиз Умидни кўчага кузатиб чиқди. Қучоқлашиб, хайрлашишди.
– Юр, олиб кетаман, – деди Азиз ҳазиллашиб. – Дунё жуда кенг, оғайни...
Умид Устознинг уйига ета-етгунича шуни ўйлаб борди. Дарҳақиқат, нега бирон марта чет юртларга боришни кўнгли тусамади? Ўйлаб кўрмади, ҳавас ҳам қилмади? Азиз тенгқури, ўзи билан бирга улғайди, ҳаётда йўлини топиб олди. Йўлини топганмикан? У асли шундай: доим ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бир ғалвани бошлаб юради. Хорижда, мусофирчиликда нима қилиб тентираб юрибди? Боя кимдир сўради-я: топиш-тутишингни тайини бўлмаса уёқларда нима қилиб юрибсан, ўзи, Азиз? Дарвоқе, Умид ҳам, Фарҳод ҳам шуни сўраб-нетишмади. Нима қилиб юрибди, Азиз мусофирчиликда?.. Икки ҳафта бурун учрашишганда Умид шунга яқин савол қотди. Ўзим ҳам билмайман, деди Азиз. Бир оз ўтиб, тўсатдан ўзи худди энди англаб етган янгиликни айтаётгандек чиройи очилиб деди: у ерда мени кузатувчилар йўқ. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Мен ўзимга ўзим хўжайинман. Фалончи нима деркин, фалончига ёқармикан-ёқмасмикан, деган тушунчаларни унутиб ҳам юборасан, бундай яшаш завқини тушунтириб беролмайман, Умид... Талабалик йиллари Катта чўлга пахта теримига боришган. Кунда-кунора баракда Азизни излаб қолишар, сабоқдошлар орасида ўрнатилган қаттиқ тартиб-интизомга, устма-уст берилаётган танбеҳу дашномларга қарамай, Азиз яна туман ё вилоят марказига кетиб қолаверар эди. Уёқларда нима қиласан, сандироқлаб Азиз, деб сўради бир куни Умид. Азиз айтди – район марказими, област марказими аҳамияти йўқ, муҳими сени ҳеч ким танимайдиган, бирортаям таниш-билиш бўлмаган жойларда юрсанг ўзингни мутлақо бошқача ҳис қиласан, одам!.. Демак, бундан чиқди, Азиз ўзи билмаган, англаб етмаган ҳолда Устозни ўйлантираётган, Умид ўрганишга чоғланаётган бир ҳолатни ўзида синаб кўрган, ҳамон синашда давом этмоқда.
– Устозингни котибасига шунчалик ишқинг тушибди, қандингни ур, севги-муҳаббат одамни бошқа барча машмашалардан халос этади, – деди Азиз. Бу гапни у Умидга ҳаваси келиб айтгандек туюлди.
– Раҳмат, – деб оғзининг таноби қочди Умиднинг. Бироқ Азизнинг гапи тугамаган экан.
– Дунёнинг ташвишларидан қутқаришга қутқарадию, унинг ўзи дунёга сиғмайдиган ғалва, изтиробларга дучор қилади одамни...
Дўстининг гапи қанчалик оғир ботмасин, ҳаққи рост, Умид буни кўриб-билиб юрибди: ҳамма ўй-ташвишлари ҳам бир, Котиба қиз ўғирлаган хаёллари ҳам бир!.. Унинг дийдорига етишиш учун Умид бошқа ҳар қандай азиз нарсасини бой беришга тайёр!..
У бутун диққат-эътиборию саъй-ҳаракатини бир нарсага бағишламоқчи, шу йўлда, Азиз дўсти уқдирмоқчи бўлаётганидек, ҳеч нарсага чалғимасликка, ўзини шу мақсадга бағишламоқчи ва одамлардан кузатувчимисан ё кузатилувчимисан дея сўрамоқчи, шу биргина саволни “Уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит” дегандек жуда оддий, жўн ва кундалик саволга айлантирмоқчи, насиб этса одамларни ҳамиша ушбу саволга жавоби тайёр бўлмоқликка ундамоқчи, одатлантирмоқчи... Опасига васийлик, яъни пойлоқчилик, яъни кузатувчилик бурчи ҳақида... ундай деса, чуқурроқ ўйлаб кўрса, у Опасини эмас, Опаси уни кўпроқ, синчковроқ кузатишини сезиб қолди, буёқда онаси, Устози, қолаверса, жонажон дўсти Фарҳод ҳам уни ҳоли-жонига қўймай кузатиши, умид улар учун кузатилувчи эканлиги – умид буларнинг ҳеч биридан халос бўлиб, ўзини улардан дахлсиз ҳис эта олмаслигини ўйлаб, ахир онасининг илтижолари қулоғида, фикр-хаёли Опасида, устознинг тепасидан жилаётгани йўқ, қиёматли дўстлари билан одатдагидек ҳамнафас, фақат шундай бир пайтда фавқулодда мўъжиза юз берди!.. Бу мўъжиза Умиднинг тамомила ўзига банди қилди-қўйди!.. Буни биринчи бўлиб Опаси сезди, топиб айтди у – фақат Котиба қиз унинг ёнида эмас, ичига – вужуд-вужудига сингиб кетди, фикри хаёлига, нафасига айланди!..
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:10   #77  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Умид шошганича Устознинг ҳовлисига кириб келди, тўхтамай юриб бораркан, опоқи билан кампирнинг равонда – бемор ётган каравот тепасида куймаланишиб туришганини кўрди. Опоқи Умиднинг шарпасини сездию, пиқиллаб йиғлаб юборди. Умид Устознинг катта-катта очилган ва лекин ҳеч бир маънони уқиш қийин бўлган кўзларига қараб қўрқиб кетди. Гапирай деганди, тили калимага келмади.
– Келақолинглар! – деди опоқи ҳовли томонга қараб.
Равонга аввал кекса ёшдаги оқ сочли киши, изидан новча дўхтир йигит киришди. Кекса киши вазмин қадамлар билан беморнинг тепасига борди, дўхтир йигит кўзини бемордан узмай бош эгиб каравот ёнида укасининг елкасига кафтини босиб турган кампирга салом берди. Кампир бетини терс бурди, унинг умид иплари узилган қарашларида “Сенлар уддасидан чиқадиган юмуш қолмади” деган аччиқ иддаони уқиш мумкин эди.
Новча дўхтир йигит шошилинч жомадончасини очиб, ундан аллақандай асбоб-анжомларини чиқариб, оқ сочли кишига узатди. У киши керак эмас деган маънода бош чайқади. Шифокор йигитнинг шундайига ҳам офтоб кўрмаган бетидан баттар қон қочди.

***
Умиднинг вужудини қўрқув қамраб олди. У ўзига ўзи жудаям ожиз, бечора туйилиб кетди. Нима қилиш керак?! Қандай воқеа юз беряпти? Нима бўлади энди?! Шартта равондан, сўнг ҳовлидан чиқиб дуч келган томонга қочиб чиқса-чи? Устознинг шу аҳволини кўрмаса, ҳеч нарсани эшитмаса?! Қочиб чиқсаю, ҳамма-ҳаммасини унутса?.. Кўзига ҳеч нарса кўринмаса... Кўринмаса... Кўзларига...
– Жуда ғалати бўлган-а, Умид ака! Тавба, ичкаридан шундай бир аҳволда чиқиб келдингизу, сизга қараганимча ўзим ҳам кўз узолмай қолибман! Сиз ўзингиз ҳам чурқ этмай қараб туравергансиз-а?
– -алал бермай деганман...
– Нимага халал бермай дегансиз?
– Фаришталарга... Ўша жим бўлиб бир-биримизга тикилиб, термилиб қолганимизда фаришталар келиб қолишган-да, четдан туриб обдон кузатишган ва ўша заҳоти икковимизнинг қалбларимизни қовуштириб қўйишган. Шунга халал бермай деганман!..

***
Ҳовлидаги сўри ёнида пайдо бўлган кўлаганинг Мақсуд эканлигини Умид бир қарашда таниди. Мақсуд шошилиб, лекин шовқинсиз юриб келиб, ўзини равонга урди. Ҳеч кимга қарамай, тўғри отасининг ёнига келиб чўк тушди.
– Дада!..
– Мақсуднинг товуши бўғилди. У дик этиб туриб эшик томон югурди. Остонада пайдо бўлган қора соқолли, басавлат, узун чакмон кийган, кўк дўппили мўйсафид домлани ичкарига шоширди. Уни кўрган аёллар изма-из равонни тарк этишди. Мўйсафид вазмин юриб, беморнинг тепасига борди. Икки бармоғининг сиртини Устознинг манглайига теккизиб, иссиғини билмоқчидек бир зум жим қолди. Беморнинг оғир-оғир, узуқ-юлуқ нафас олишига разм солди. Ер остидан шифокор йигитга назар ташлади. Шифокор йигит қўлини қовуштирганича ўзини четга олган, боягиндан кўра хийла хомуш тортган, бу орада оқ сочли киши ташқарига чиқдими, равонда кўринмай қолган эди.
Мўйсафид домла хонтахта ёнидаги кўрпачага чўк тушганича овозини пастлатиб, ўзига ўзи гапираётгандек пичирлади:
– Ҳар жоннинг изни ўзингда, парвардигор... Бор қилгувчи ҳам, йўқ қилгувчи ҳам ўзинг...
Умид “ялт” этиб домлага қаради. Мўйсафид унга эътибор қилмади. Ярим тун сукунатига озор етказмайгина жаранглай бошлаган садони эшитган Умиднинг аъзои бадани жимирлаб кетди :
– Я-си-ин-н. Вал қуръанил ҳаки-и-м-м...

ТАМОМ
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Реклама и уведомления
Старый 05.05.2010 10:12   #78  
Аватар для AbdulAziz
Оффлайн
www.ziyouz.com
Главный редактор
AKA:AbdulAziz
Сообщений: 1,932
+ 273  2,100/980
– 3  0/0

UzbekistanОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью MSNОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью YahooОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью Skype™LiveJournalFacebook
Xurshid Do'stmuhammad. Bozor (roman)



Muallif: Xurshid Do'stmuhammad
Hajmi: 21,4 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
__________________
www.ziyouz.com | www.ziyouz.uz - Зиё истаган қалблар учун!
Ответить 
Старый 17.05.2011 10:37   #79  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Хуршид ака!

Янги нашр этилган китобингизни "Ижод-кўнгил мунавварлиги" деб номлабсиз. Ижодкорнинг кўнгли мунаввар бўлиши учун у нималар қилмоғи керак? Бадиий адабиёт инсон руҳиятини тарбиялар экан, адиб нафақат ўз кўнглининг мунавварлигини , балки китобхоннинг кўнгли мунавварлигини ҳам ўйлаши керак эмасми?
Зеро, яхши, савияси юксак асар ўқиган китобхоннинг кўнгли нурафшон бўлади.

Ответить 
Старый 17.05.2011 10:39   #80  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Хуршид ака!

Янги нашр этилган китобингизни "Ижод-кўнгил мунавварлиги" деб номлабсиз. Ижодкорнинг кўнгли мунаввар бўлиши учун у нималар қилмоғи керак? Бадиий адабиёт инсон руҳиятини тарбиялар экан, адиб нафақат ўз кўнглининг мунавварлигини , балки китобхоннинг кўнгли мунавварлигини ҳам ўйлаши керак эмасми?
Зеро, яхши, савияси юксак асар ўқиган китобхоннинг кўнгли нурафшон бўлади.
Инсон ҳаёти ўрганишдан иборат. Туғилганидан то умрининг сўнгги лаҳазасигача бирон дақиқа бўлсин, ўрганишдан тўхтамайди одам. Бу жараён гоҳ ихтиёрий, гоҳ ихтиёрсиз суръатда давом этади. Шу мақсад - шу ниятда у ўзидаги бор имкониятни сафарбар этади: кўзи, қулоғи, фаҳм-фаросати, илми-билими, хотираси, заковоти, истеъдоди, эпчиллиги, уддабуронлиги, бойлиги... яна аллақанча “воситалари” ҳам ялписига унинг ўрганиши йўлида тиним билмай хизмат қилади. Етти қават самога парвоз қилишидан, етти қават замин қаърига тушишидан, баҳри муҳитнинг туб-тубини ўз кўзи билан кўрмагунича тиниб-тинчмасликдан кўзлаган муроди ҳам битта – ўрганиш!
Инсониятнинг қисмати, умрининг мазмуни – ўрганиш.
Ўрганиш йўлидаги ҳеч қандай саъй-ҳаракатни камситиш мумкин эмас, лекин бир ҳақиқат борки, уни инкор этиш қийин. У ҳақиқат жуда оддий ва жуда боқий: инсон дунёни ва ўзини ўрганиши учун энг катта, энг беқиёс, энг беҳисоб, энг беминнат бойлиги ва минг афсуски, энг... қадрсизи ҳам ИНСОН!
“Мўъмин мўъминга кўзгу” деган ҳадиси шариф моҳиятидаги маъно-мазмунни салгина кенгайтиришга изн берилса, бани башарга татигулик ҳикмат келиб чиқади. Яъни, ҳар бир инсон ҳар бир инсон учун кўзгу, ибрат ва сабоқдир!
Ҳар бир инсонни кўзгу, ибрат ва сабоқ деб билиш учун эса уни қадрлай билмоқ, уни асраб-авайламоқ, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсата билмоқ, унга ишонмоқ керак. Инсонпарварликнинг аввали – фикрпарварликда, ғояпарварликда. Ана шу туйғуларни умуминсоний фазилатлар мақомига қадар юксалтиришга эришилган тақдирдагина бу ёруғ дунёни асраб қолиш имкони топилади...
Ҳар бир халқ ўрганилган одамлари билан халқ даражасига кўтарилади, ҳар бир жамият ўрганилган фуқаролари билан тўлақонли жамиятга айланади. Зеро, ҳар бир индивид (кимлигидан қатъи назар!) ўз халқи, ўз жамиятининг мулки ҳисобланади, агар у алоҳида истеъдод, алоҳида қобилият эгаси бўлса, нур устига нур – унинг мулклик даражаси, қиммати чандон зиёда бўлади. “Бир сўз билан айтганда, – деб ёзади муҳтарам Юртбошимиз “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деб номланган фикр-мулоҳазаларида, – халқимиз адабиётни муқаддас ва улуғ бир даргоҳ деб билади. Ана шундай баҳонинг ўзи эл-юртимиз ҳаётида бу соҳа намояндаларига, уларнинг ҳаққоний сўзи, чуқур маъноли асарларига ишонч, ҳурмат-эътибор ва эҳтиром азалдан юксак даражага кўтарилганини яққол кўрсатиб турибди”. Ҳақиқатан ҳам ижодкор шахслари қадр топгани сайин халқнинг қадри ошади, халқнинг қалбида ғурур, ифтихор улғайгандан-улғаяди, қадди-қомати тикланади.
Ҳар қандай миллий бадиий тафаккур умуминсоний бадиий ижод кенгликларида яшайди, унинг ҳавосидан нафас олади. Бинобарин, башариятга дахлдор юксак маънавий меросни қадрлаш билан бир вақтда улардан ўрнак ола билган халқнинг ўзи ҳам башарият маънавиятининг бир бўлагига айлана боради.
Америкалик ўзбек журналисти Зулфия Назар йигирма йил муқаддам Нобель мукофотига сазовор бўлган, лекин кўпчилик томонидан унутиб юборилган физик Джо Нейшл ҳақида 1000 кишидан (!!!) интервью олди, шу интервьюлар асосида олим ҳаётига бағишланган китоб ёзди (китоб бир неча марта қайта нашр қилинди), китоб асосида “Тафаккур ўйинлари” деб номланган машҳур бадиий фильм ишланди, у фильмда иштирок этган актёр ва актрисалардан тўрт нафари Оскар мукофотига сазовор бўлди! Инсонни, истеъдодли шахсни ўрганиш-эъзозлаш мактаби очилгудай бўлса, мазкур воқеа ўша мактабда ўқитиладиган асосий дарсликдан жой олиши ва унда ўзбек аёлининг исм-шарифига алоҳида урғу берилиши муқаррар!..
Ёзувчи, шоир, олим ва мусаввир тафаккури, умуман, бадиий ижод моҳияти ва мўъжизаларига берилган таърифу тавсифларни санаб адоғига етиб бўлмас, лекин шуниси муқаррарки, бадиий ижод – кўнгил мунавварлигидир. Бу – халқнинг, юртнинг қалби, шуурини – иқболини нурафшон қиладиган мунавварликдир. Бу мунавварликдан ҳар қанча баҳра олинг, у туганмас-битмасдир, зеро уларнинг ҳар бирини истаганча тадқиқ қилинг, уларнинг ҳар бири ҳақида истаганча ёзинг, уларни истаганча “гапиртиринг”, куйлатинг, баҳсга чорланг – фикр тугамайди, гурунг тугамайди, уларни батафсил, тўла-тўкис идрок қилиб бўлдим ёки кашф этиб охирига етдим дея олмайсиз. Шу боисдан ҳар қандай хотира, ҳар қандай суҳбат, ҳар қандай баҳс-мунозара, таассуроту тасаввурлар ўша инсон, ўша асар ҳақидаги билимларга дебоча, ўша мунаввар оламга олиб борувчи сўқмоқ йўлнинг бошланишидир, холос. Ушбу йўлга эзгу ниятлар билан қадам ранжида қилган каттаю кичикнинг қалбида ҳам чироқлар ёнади, кўнгли чароғонлашади, у мунаввар ўйлар, мунаввар туйғуларга ошно бўлади...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 09.09.2011 в 13:15.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх