Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 04.05.2010 14:38   #61  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Умид Устознинг ҳузурида қай аҳволга тушганини Устознинг ўзига икки-уч қайта айтди, шунчаки айтиб қутилмади, балки ётиғи билан батафсил сўзлаб ҳикоя қилиб берди. Кўпчиликнинг дабдурустдан назар-нигоҳ ташлаши одамга милтиқнинг ўқидан оғирроқ тегишини тасвирлаб бердию, кези келганда, бир кишининг назар-нигоҳи ҳам одамнинг жонини олмаса-да, оёғидан йиқмаса-да, ҳар қалай эс-ҳушидан айириши мумкинлигини, худди шундай ҳолатга Устознинг қабулхонасида дучор бўлгани ҳақида лом-мим демади. Тўғрироғи, уни мисол тариқасида айтиб беришга истиҳола қилди.

****

– Айтавераман, оғир олмасаларинг бас, – деди Азиз ҳар иккала дўстига бирма-бир қараб олиб.
Фарҳод билан Умид чурқ этмай айтадиганингни айтавер, қўрқадиган жойимиз йўқ қабилида кечагина олис хориж сафаридан қайтган Азизнинг оғзига тикилиб ўтираверишди. Ниҳоят, Азиз чертиб-чертиб муддаога кўчди:
– Яшашдан мақсад одамгарчиликми, айт – Фарҳод, айт – Умид! – Азиз шундай деб икки ёнидан ўзига тикилиб ўтирган иккала дўстига бир-бир разм солиб олди-да, давом этди: – Шундай экан, марҳамат, қандингни ур! Фақат одамгарчилик билан шуғуллан. Одамгарчиликни осмонга кўтар, сен бозорни йиғиштир, сен эса олимликни унут. Унут-да, ўзларинг тиш-тирноғинг билан қапишиб олган одамгарчилик соҳасининг пирига айлан! Одамгарчилик орқасидан дунёга танил! Марҳамат!
Орага тушган жиндек жимликни Фарҳоднинг тагдор пичинг аралаш кулгиси бузди.
– Қуруқ одамгарчилик билан қозон қайнамайди-да, ука, – деди у ясама салмоқланиб.
Умид дилидагини тилига кўчирадиган мавриди келмади деган ўйда сукут сақлади. Азиз баттар жиддийлашди. У хорижда орттирган “ақли”нинг барини тўкиб солмаганини сездирмоқчи бўлгандек ҳар иккала жўрасига боягидан-да синчковлик билан кўз югуртириб олди.
– Ҳа, яш-ша-а! – деди у Фарҳоднинг тирсагидан тутиб, – шуни унутмаларинг: қора қозон қайнаб турганига шукр дейдиган замонлар ўтиб кетди, энди қозон мазали қайнасин, жонон масаллиқларга тўлиб қайнасин деб яшайдиган пайти келди. Бунинг учун...
– Бунинг учун ҳамма ўзини бозорга уриши...
Азиз қўлини пеш қилиб, Фарҳоднинг оғзига урди, ўзи бошлаган гапини давом эттирди:
– Бунинг учун нафақат бозорда, балки бошлаган ҳар қандай ишингга бутун ва яхлит одам бўлиб киришмоғинг керак!.. Айтмоқчиманки, бир ишга бош суқдингми, кўзингга бошқа нарса кўринмасин, сени тилка-пора қилиб, майдалаб-бурдалаб ташлайдиган нарсалардан қоч! Андиша, истиҳола, камтарлик, камсуқумлик, орият-морият... хуллас, бизларнинг... одамларимизнинг назаридаги одамгарчилик бор-ку, шуларнинг бари ҳар бир одамни ўзи танлаган мақсаддан чалғитади, бошини қотиради, бутун бўлишига йўл қўймай парчалаб ташлайди!
Суҳбат шу ерга етганда уч оғайни ўртасига очиқчасига совуқчилик тушди. Қарийб уч йилдан буён ўзини соғинтирган Азиз Фарҳоднинг назарида етти ёт бегонага айлангандек эди, Умид қатъий қарор чиқармаган бўлса-да, дўстининг нордон мулоҳазаларини ҳазм қилиш чорасини излаётган, Азизнинг бўғилиб уқдирмоқчи бўлаётган фалсафасини тушунишга уринаётган эди.
– Гапир, ука, – деди Фарҳод Умидни Азизга гиж-гижлаб. – Ман бир бозорчи савдогар бўлсам, сан олим одамсан-ку, истиҳола, орият-пориятни йиғиштириб қўйиб жавобини бер.
– Пичинг қилмай гапиравер, – деди Азиз зўраки жилмайиб.
Фаҳод ўзини базўр босди.
– Уйимда меҳмонимсан, оғирроқ гапириб юбормаслик учун ҳам пичинг қиляпман...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:40   #62  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА,,,

Цитата:
Устоз машварат ўтказаётган хонадаги мўътабар назар-нигоҳлар бир муштга айланиб ўзининг пешонасига гурзидек урилганини Умид бот-бот эслашга одатланди. Ахир у йўқ ердан бўй-басти билан оёқ остига қулашига оз қолди, мувозанатини сақлашга сақладию, ёмон довдиради, нимадир деди, ҳа-я, гап айтиш қаёқ-да! – нимадир деб ғўлдиради, қўр тўкиб ўтирганлар орасидан битта-яримта ҳингир-ҳингирга, пиқир-пиқирга ўхшаш узуқ-юлуқ товушлар чиқди, хуллас, Умид нима қилаётганини ўзи ҳам англаб-англамай хонадан шиша оғзига тиқилган пўкакдек отилиб чиқди, залворли эшик ортидан “қарс” этиб ёпилгандагина Умид уни тутиб қолишга беҳуда қўл чўзди, ўн чақирим масофани бетўхтов югуриб ўтган чопардек “ҳарс-ҳарс” нафас олганича орқаси билан деворга суяниб, тек туриб қолди.

***
Умид бирор касб-кор бошини тутса, онасининг маҳаллама-маҳалла изғиб келинликка лойиқ қиз излашини бас қилиши учуноқ тезроқ уйлана қолса, бу ёқда Опасига кўз-қулоқлик бурчини адо этиб юрса пешонасига битилган тақдири азал ёзувига заррача гина-кудурати йўқ эди. Орзу-ҳаваслари мустажоб бўла қолмаётганидан эзилиб увоққина бўлиб қолган онасини зимдан кузатиб ичи ачишиб кетар, келин топилмаётганининг асл боиси онасини қанчалик изтиробга солса, буни Умид ҳам ич-ичидан шунчалик чуқур ҳис қилар, лекин ҳис қилаётганини на онаси, на-да у оғиз очиб гапирмас, айни шундай кўнгил хуфтон дамларида онасини чалғитиш ва овутиш учун атайдан ҳазил-ҳузуллар ўйлаб топар, топардию, ўзи ичидан зил кетиб юрарди.

***

Умид, ўзи айтмоқчи, орқаси билан деворга беҳол суянганича турганида елкасидан тоғ қулаганини яққол ҳис қилди, азбаройи вазнсизлигидан қуш мисол қанот қоқиб учиб кетишга ҳам шай эди. Нафаси равонлаша бошлади, кўз олди тиниқлашдию, ўзи томон “ялт” этиб қараганча туриб қолган Котиба қизни кўрди.
Бу ёқда девордан ўсиб чиққан тош ҳайкалдек Умид қимир этмади, ундан садо чиқмади. У ёқда қиз ҳам жим эди, у ҳам йигитдан, йигитнинг қўрқув, хавотир ва ҳаяжон тўла нигоҳидан нигоҳини узолмади. Икки ўртада сукутдан бўлак... ҳеч зоғ, ҳеч вақо йўқ эди...

***
– Сукутдан сукутнинг фарқи ер билан осмонча, – деган эди Устоз. – Шундай сукутлар бўладики, ўша лаҳзаларда кўнгилдан кечган кечинмаларни кейин соатлаб сўзлаб ҳам адо қилолмайди одам.

***

Бемор яна тамшанди, лабининг бир чеккаси аранг қимирлаб улгурмай бутун вужудига оғриқ турди чоғи, оғир “уҳ” тортиб юборди. Умид Устознинг муддаосини тушунолмай хавотирда ҳовли томонга ўгирилди, опоқи билан кампир бояги-бояги сўри қирғоғида сўзсиз-несиз бошларини хам қилиб ўтиришарди. Умид ўз тахминича курсича устида турган пиёладан ярим қошиқ совуқ чой олиб Устознинг оғзига тутди. Беморнинг лаблари орасида пайдо бўлган икки томчи совуқ чой қай томон йўналишини билмай турди-турди-да, ярим-ёртиси амал-тақал қилиб беморнинг лаблари орасига сизиб ўтди, ярми унинг яқин уч-тўрт кун мобайнида қиртишланмаган ияги, ундан бўйни томон ўрмалаб тушиб кўздан йўқолди.

***

Телефон садо берди. Умид телефонни оғзига келтириб шивирлади:
– Сабр қилиб ўтиргин, бу ердан чиққан заҳотим ўзим сим қоқаман… Топдингми?
– Топмай қўймайман! Соткаси бор-ку, ахир. Ерга кирса – қулоғидан, осмонга қочса – оёғидан илинтириб топиб келаман, бетайинни. Фақат сен ҳам йўқолиб қолма, тағин!..
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:42   #63  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Йўқолганда Умид ёмон йўқолди. Бошқалар тугул, унинг ўзи ўзини тополмайдиган бўлиб йўқолди. Ётса ҳам, турса ҳам, ҳушидаю тушида Котиба қиз билан суҳбат қурадиган, унинг қадамини пойлайдиган, буниси камлик қилиб, ўтирган, овқатланаётган, юриб бораётган жойида бирдан вужудидан ҳарорат кўтарилар, азбаройи иссиқхонадан чиққан одамдек қизариб кетар, неки юмушга қўл урса, кийим кийса, соч тараса назарида Котиба қиз бир чеккада туриб уни кузатиб қараб тургандек бўлаверар, бунга сайин Умид ўзига Котиба қизнинг назари билан қарайдиган, ўзини Котиба қиз бўлиб кузатадиган, таъқиб остига оладиган одат чиқараётган эди. Шу аснода у онам топган бирортасига уйланавераман-да, деган фикридан қайтди. Онасининг келин излаб эшикма-эшик юришлари унга ўта мазмунсиз ва аҳамиятсиз нарсага айланди.
– Қўйинг, ойи, – деди у асл ниятини ошкор этмай, – овора бўлиб, келин излаб юрманг.
Онанинг кўнгли ўғли пинҳон тутган муддаони фаҳмлаб улгурди, кампирнинг кўзлари намланди.
– Кошкийди! – деди енгининг учига кўз ёшини артиб. – Худонинг ўзи ёмон кўздан асрасин, болам!..

***
Умид ташқарига қаради. Қуёш ботган, супада ҳануз қимир этмай ўтирган опоқи билан кампирнинг устига қоронғи тушаётган, уларнинг юз-кўзини ажратиб бўлмас, кўлагага айланиб улгуришган эди.

***
Мезбон эканлигига қарамай аччиғланаётганини яширолмаган Фарҳод қизишгани сайин аксинча Азиз вазминлашди.
– Сен ҳақсан, оғайни, – деди у Фарҳодни юпатишга ҳаракат қилиб, – мени еб қўядиган важоҳатда ўтирибсан, ҳойнаҳой тўппончанг бўлса отиб ташлашдан ҳам тоймасдинг, шундайми?
Фарҳодга гап топилди.
– Ҳайрият, бизда бунақа ёвузликлар расм бўлиб улгурганича йўқ. Ўша сен ақл ўрганиб келган томонларда жини суймаган одамини отиб ташлаш айб саналмайди, тўғрими? – деди у истеҳзоли илжайиб.
– Намунча бўғилмасанг, Фарҳод, – орага тушди Умид. – Азиз Америка очгани билан бу ердаги одамлар ёппасига ўшанақа бўлиб қолармиди?!
– Бўп кетадиям, бола! Мана машинга ўхшаш ғурбатлардан биттаси келиб айтади, иккитаси айтади-да, эшитган сари қулоғинг ўрганади, кўрган сари – кўз кўникади. Аста-секин бу кўникишлар феъл-атворга кўчади, қарабсанки!..
– Э-э, Фарҳод дўстим... – Азиз бўшашиб, норозиланиб бош тебратди.
Умид беихтиёр зимдан икки дўстини қиёслаётган эди. Илгари бунақанги пайтларда ким бўлмасин юмдалашиб кетгудай талашиб-тортишадиган, айтганидан, билганидан қайтмайдиган Азиз хийла вазмин тортгани, айни тутақиб кетадиган ҳолатларда аксинча босиқ бўлишга одатлангани, Фарҳоднинг эса феълида айтарли ўзгариш йўқлиги кундек равшан кўриниб турарди. Фақат Азиз “кўтариб” келган янгиликни аслида Умиднинг ўзи ҳам кўнглининг бир чеккасида ўйлаб юрар, лекин уни ҳеч ким билан ҳеч ерда ошкор муҳокама қилишга жазм этмаган, энди эса уни “ҳазм” қилиш нечоғли осон кўчмаслигини янада чуқурроқ тушунаётган, шу боис у ҳақда бафуржа мулоҳаза қилиб кўришни мўлжаллаб қўйганди.

***
– Ойдай келин бўганди, кундай келин бўганди! Эрию, қайнона-қайнотаси еру кўкка ишонмасди! Кенг уйнинг эркатойи эди! Шундай боламга қаттан ёпиша қолди, бу тузалмас бало, худойим-а?!
Онаси куюнганидан айтиб-айтиб зорланишича бор, ҳақиқатда Опаси хушрўйгина эди, файзли хонадонга арзанда келин бўлиб тушдию, чиройига чирой, ҳуснига ҳусн қўшилди. “Асал келин”нинг бахти қисқа экан, ким билсин, онаси айтиб-айтиб йиғлаганидек...
– Қайси кўзи тешилгурри кўзи, қайси суллоҳнинг тўймаган суқи кирган бўлса, ўзгинасига қайтсин!..
Умид онасининг алам устида айтадиган бундай қарғишларига ортиқ эътибор бермас эди, кейинги пайтларда ўйлаб қолди. Кўз тегиши ҳам, суқ кириши ҳам назар-эътибор-да!.. Бировларнинг қарашини кўтаролмаслик-да!.. Тўғри, яхши ниятда, ҳавас билан қарайдиганлар бор, ҳасад ўтида ёниб-куйиб назар соладиганлар бор. Ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан қарайдиганлар қанча?! Ҳасад ҳам, ҳавас ҳам кузатувнинг бир хили, кузатилувчи уларга дош берса хўп-хўп, акс ҳолда...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Старый 04.05.2010 14:43   #64  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Умид онасидан яширганини дўстига тўкиб солди.
– Бир қиз бор, кўрмасам ўлиб қолай деяпман!..
– Ҳа, писмиқ! – деди Фарҳод кулиб. – Индамай юрган одамдан қўрқ, деганлари шу-да! Ким ўзи? Кўрсак бўладими? Жа-а, тилингдан бол томаяпти?
– Кўрсатишга кўрсатаману, кўз тегишидан қўрқаман. – Ҳаяжонини босолмади Умид. – Оппоқ, пахтадай! Ўзиям аллақайси замон аслзода сарой маликаларига ўхшайди!
– Йўғ-э! Аслзодалигини қаердан била қолдинг? – ўсмоқчилади Фарҳод.
– Юз-кўзи, гап-сўзи, юриш-туриши шундоққина айтиб турибди. Устозга қариндошлиги бор дейишди.
– Ў-ў, – дея туриб нафаси ичига тушиб кетди Фарҳоднинг. – Буёғи чатоқ, чато-оқ.
Умид чўчиб тушди.
– Нимаси чатоқ? – сўради сипо тортиб, жиддий.
– Баланд дорга осилма, бола! – деди Фарҳод ортиқча гапга ўрин йўқ деган мазмунда каттазанглик билан. – Баланд дорни нағмаси баланд бўлади. Сан билан биз жайдари одамлармиз, ука...

***
Телефон садо берди. Умид уни қулоғига тутди.
– Лаббай, ойи! – деб овоз берди у дарҳол. – Тинчликми?
– Тез қайтаман, дегандинг, ўғлим...
– Тўполон қилмаяптими? – сўради Умид хавотирланаётганини сездирмасликка уриниб.
– Икки марта ҳовлига чиқди, аланглай-аланглай... назаримда сени излади, Умид.
Умид учун бу яна бир янгилик эди. Ахир опаси дарди тутган пайтда ҳеч ким билан гаплашмас, гаплашиш у ёқда турсин, инсон зотини кўрарга кўзи бўлмас, баъзан хонасига қамалиб олиб, кун ё тун бўйи қорасини кўрсатмас эди. Бу сафар...
– Ойи, – деди Умид бу ҳақда бафуржа ўйлаб олишни дилига тугиб, – яхшиси, унинг кўзига кўринманг, ўз ҳолига қўйинг, мен бориб, тезда қайтишга келишга ҳаракат қиламан.

***
Умиднинг ишга жойлашиши осон кўчмади. Лариса Латиповнанинг тегирмонидан бешикаст чиққач пича хотиржам тортдию, унинг натижаси бир неча кунгача мавҳумлигича қолаверди. Шундай кунларнинг бирида иттифоқо Устоз ҳузурига таклиф қилиб қолди. Умид ичкарида қандай саволларга жавоб бериши эҳтимоли борлигини ўйлаб, ҳаяжондан хаёлан неча тер босиб, неча кўчага кириб чиқди. Лекин Устоздек номдор раҳбарнинг ўзаро мулоқот асносида мутлақо оддий одамлардан фарқ қилмаслигини кўриб, бирдан хотиржам тортди, дадиллашди.
– Қизиғи шундаки, – Устоз кутилмаганда муддаога кўчди. Афтидан у на ўзи, на Умидга дахли бўлган мавзудан гап очгандек кўринди. – Дунёда одам деб аталган ғаройиб жондор бор, ука. Етти қават осмонни, етти қават ер-сув остини ўрганаман деб неча-неча умрларни зое кетказадию, ёнидагини билмайди, тушунмайди.
Умид нима деб гап қўшишини билмай Устоздан кўз узмай, унинг оғзига мўлтираб ўтираверди. Устоз ҳазиллашяптими-жиддий айтяптими – бунинг ҳам фарқига етмади. Устоз давом этди:
– Ёнидагини дебман, ўзини билмайди!.. – Устознинг товушига мутойиба аралаш зарда оҳанги қўшилгандек туюлди. Сўнг у ўйга толган кўйи, шунчаки аҳамиятсиз жўн гапни айтаётгандек бўшашиб илова қилди: – Ваҳоланки, ҳамма кузатувчи... ҳамма кузатилувчи...

***
Умид юмуши бўлса-бўлмаса оёғи қабулхона томон тортадиган, Котиба қизни бирров кўрмаса кўнгли жойига тушмайдиган, йўқ ердаги важлар билан уни гапга соладиган одат чиқарди. Ўзини шундай деса, қиз ҳам унга рўпара келди дегунча дув қизарадиган, унинг ҳурмати учун ўрнидан турадиган, кўзини олиб қочадиган, сутга чайилгандек сулув чеҳрасини яширмоқчидек хижолатланиб бошини эгиб оладиган бўлиб қолди.
Бир сафар Умид ёмон изза бўлди.
Тушлик пайти эди, Умид қабулхона бўсағасига етган жойида ичкаридан Котиба қиз чиқиб қолди.
– Тушлик бўлдими? – туйқус оғзига келган саволни берди Умид.
– Ҳамма тушликдаю, – деди Котиба қиз ўзини қўлга олиб.
– Мен ҳам...
Умид нега бундай деди, нима демоқчи эди – ёдида йўқ, аслида нима тўғрисида, қандай мавзуда бўлмасин Котиба қиз билан гаплашса бас, шунинг ўзидан маст эди у!
– Ишингиз бўлса... айтаверинг, – деди Котиба қиз Умиднинг кўзига ер остидан нигоҳ ташлаб.
Умид шу гапни кутаётган эди, илтижоси худога етди, мана, қизнинг ўзи сўраб, айт-айтавер деб турибди! Умид ҳозироқ, ҳеч ким йўғида дилидагини шартта тилига кўчирса олам гулистон!.. Фақат, фақат... Умиднинг тили танглайига ёпишиб қолган, гапирай деса ғўлдираб, баттар шармандаси чиқиши муқаррар эди!..
Умиднинг оёғи ерга тегмаётгандек эди, у қанотга айланган қўлларини сал силкитса учиб кетадигандек эди. Шундай бир ҳолатда Котиба қизнинг меҳрли овозини эшитди:
– Ўзингиз овқатланиб олинг...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:50   #65  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА

Цитата:
Тўсатдан Устозга жон кирди. У узоқ тин олиб ухлаган одамдек қўл-оёқларини баралла чўзиб керишмоқчи эди, яйраб ҳаракатлана олмади, аъзои бадани қақшади, афти бужмайди, аччиқ ва алам аралаш оғир ва чўзиқ “Уҳ-ҳ!” тортди. Умид беморнинг туйқус қимирлашидан кўнглининг бир чеккасини умид учқунлари чарақлаб ёритган эса-да, чўчиб, хавотирга ҳам тушди. Унинг вужуди кўзга айланиб Устознинг ҳар бир ҳаракати, юз-кўз ифодасини назардан қочирмай кузатишга тутинди.

***
Умид опоқига, бораману, бирров хабар олиб изимга қайтаман деб кўчага чиқдию, уйи томон жадал равона бўлар экан кўнглидаги ғашлик баттар зўрайди. У бемор ётган равонни тарк этганида ўзини енгил ҳис қилгандек эди, бироқ бу енгиллик узоқ чўзилмади, назарида Устоз, йўқ, Устознинг назар-нигоҳи унинг изидан эргашиб чиққан, бирон лаҳза-бирон қадам ундан ортда қолмаётган эди. Қисқа фурсатда менга қаттиқ боғланиб қолдинг, деди Устоз Умидга маҳзун тикилиб, ўзимнинг ҳам сенга ихлосим баланд... Мақсуд қатори ўғлимсан, дедим... Умид қувончдан ўзини қўярга жой тополмай қолди... Энди Устознинг уни ўз ҳолига қўймаётган нигоҳлари унга малоллик туғдирмоқда... Устозга бўлган ҳурмати заррача сўнгани йўқ... Неча дафъа у қабулхона остонасидан қайтди, дам хизмат сафарида дейишди, дам зарур топшириқ билан бандлар деган жавобни айтишди. Умид етовсиз қолган бўтадек гангиб юрганди, иттифоқо Котиба оқибат кўрсатди!
– Домла мазалари йўқроқ... – Фақат Умид эшитадиган товушда шивирлаб деди у.
Умид бу совуқ хабардан анг-танг бўлиб қолган бўлса, унинг айтилиш тарзи, яъни Котибанинг ўзига сирдош тутган одамдек шивирлагани Умиднинг қалбидаги чўғни алангалатиб юборди. Демак, қизнинг кўнгли!.. Афсуски, қувончдан дўппини осмонга отиш ёки ипи узилган улоқдек ирғишлаш мавриди эмас, бунинг устига Умиднинг кўнгли аллақандай мавҳум бир хатарни туйгандек баданига муз югурди. Қизга ортиқ савол беролмай серрайганича туриб қолди.
– Икки марта хорижга бориб, катта мутахассисларга кўрсатиб келдилар...
“Тушунарли... “ деган сўз Умиднинг кўксига жазиллатиб чизиқ тортди. – Келадиларми?...
Умид шу саволни овоз чиқариб айтдими ёхуд дилидан тилига кўчирмадими – ёдида йўқ, фақат, ўша куннинг эртасига Котиба қиз шитоб билан юриб унинг хонасига кириб келганида минг бир хаёлда ўтирган Умид қотиб қолди, зумда шуурини қамраб олган қоп-қора гумон таъсирида юраги орқасига тортиб, ҳатто жойидан жилолмади ҳам.
– Сизни домла сўраяптилар, кирар экансиз, – деди Котиба ўктам бир товушда.
Шу топда Умид учун бундан қувончлироқ хушхабар йўқ эди. Ҳозиргина ўтакасини ёраёзган хавотирли ўй у ёқда турсин, аксинча Котибанинг овозидаги кечаги маҳзунлик, тушкунликдан асар қолмаганини сезиб қувонганидан ҳатто қизни қучоқлаб олай деди.

***
Ҳақиқатда Азиз ич-ичидан тутақиб турса-да, ўзини жиловлай олишга одатланибди. Умид дўстини кузатиб ўтириб бунга яна бир карра иқрор бўлди.
– Дунёда энг қадрдон, жонажон дўстларим деб сенларга кўнглимни ёргандим, – деди Азиз маъюс тортгандек бўшашиб. – Дунё кенг, ақлли одамлар кўп, ўшаларни билиб қўйсаларинг, ҳар қалай...
– Билиб қўйишимиз учун бўлса, айтсанг айтавер, – деб унга шафқат қилгандек минғирлади Фарҳод.
Азиз Фарҳоднинг далдаси замиридаги қувликни илғамади, шу хаёлда у боя узилиб-нетиб қолган мулоҳазаларини келган жойидан давом эттиришга киришди:
– Ўша мен борган томонларда одамлар ҳаётда бирор мақсадни кўзладими, тамом, дунёдаги ҳамма нарсани унутади-ей! Нафақат ошна-оғайни, қариндош-уруғ, ота-она, ҳатто фарзандларидан ҳам кечворади. Керак бўлса, худони унутади!.. Энг муҳими, ҳеч ким буни айб санамайди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ, сен нимага бундақ-анавундақ қиляпсан, деб биров бировга қайрилиб қарамайди. Ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар, ақл бовар қилмайдиган ихтиролар, ақл бовар қилмайдиган... ишқилиб, осмондаги юлдузни уриб туширадиган рекордлар шунинг натижаси, меваси! Инсон зотининг эсини тескари қилиб юбораётган тараққиётнинг сири ҳам шунда!..
Орага зилдек жимлик чўкди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:52   #66  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Умид Опасининг дардига даво истаб дўхтирма-дўхтир юрди – бирор тайинли наф топмади, онаси шўрлик не-не илинжларда қатнамаган дуогўй-ю, қилмаган илми-амали қолмади, афсус, уларнинг ҳеч бири қизини бебахт қилган на кўзнинг, на суқнинг кучини қирқа олди. Икки-уч ҳафта, нари борса, тўртинчи ҳафта ўтарида Опасининг дарди ғалаён кўтариб қолар, девона ўйда нима қилади-нима қўяди – олдиндан билиб бўлмас, кундуз бўлса-кундузи, тунда бўлса-тун бўйи она ва ўғил ҳаловатдан воз кечишар, бемор лоақал ўзига шикаст етказиб қўймасин, кўча-кўйга чиқиб кетиб, йўқолиб-нетмасин, уй-пуйга ўт қўйиб юбормасин деган хавотирда уни бирон дақиқа ҳам назардан қочиришмас, Умиднинг қўлидаги васийлик, яъни пойлоқчилик васиқаси шунинг учун берилган эди.

***
Орада кўз илғамас нимадир юз берди, ўша нимадир Умиднинг қўл-оёғини, инон-ихтиёрини, хоҳиш-истакларини, ҳатто ўй-хаёлларини чандиб-чирмаб ташлади. Котиба қиз афтидан Умиднинг ичида юз бераётган ана шу нимадир воқеалардан воқифдек туюлар, лекин у ўзини ўта бепарво тутар, бу бепарволик Умиднинг кўнглида бош-кети кўринмас ғулғулаларни ғужғон ўйнатар, буни у гоҳ қизнинг аслзодалар тоифасидан эканлигига, гоҳ беҳад сулувлигига йўяр, баъзан эса... ўзининг оиласидаги шарт-шароитни ўйлаб ич-этини кемирар, бордию, таваккалига Умид юрагини ёргудай бўлса, Котиба қиз, “Сезиб юрибман Умид ака...” деб табассум ҳадя қилса хўп-хўп, ёки бўлмаса фалокат босиб, бутун жамоа ўртасида шармандасини чиқарса, уйида савдойи опаси борлигини бетига солиб (ҳа, Лариса ялмоғиз буни қизга етказганига Умиднинг имони комил!), подумаешь, мен ундай хонадонга келин бўлиб тушмайман деса ким деган одам бўлади?! Шартта ичкарига кириб, ҳаммасини оқизмай-томизмай Устозга етказса-чи?! У ҳолда Умид қаёққа бош олиб қочади? Қайси бет билан Устознинг ҳузурига киради?..
Ҳар сафар шуларни ўйлаганида Умид хийла ҳушёр тортиб қолар, эзгин ўйларга чўмар, лекин қизнинг садафдек оппоқ манглайи, яноқлари, бўйни... нозик бармоқларига кўзи тушганида тамом дунёни унутар, бу бармоқлар, бу яноқлар, бу кўзлар менга, фақат менгагина аталган деб жони жаҳони ўртаниб кетар, айниқса қадрдон сирдошдек ўзига яқин олиб гапиришлари аллақачон йигитнинг ҳушини ўғирлаган, ҳушига қўшиб кўнглидаги алмойи-алжойи ғулғулаларни тўзондек тўзитиб юборган, шу боис барча-барча шубҳа-гумонлардан қалбини забт этган муҳаббат алангаси устун чиқар ва осилсам, баланд дорга осиламан, дея билганидан қолмас эди...

***
Умид суҳбат кескин тус олиб кетишига йўл қўймаслик дардида дўстларини чалғитиш учун Устоз ҳақида сўз очди. Устозининг муносабатларини, у киши етакчилигида бошлаётган ишини атайин эзмаланиб гапириб берди.
Бу гапларнинг Фарҳод учун янгилиги йўқ эди, шу боис у Умиднинг жигарини хун қилиб ҳикоя қилишига ортиқча эътибор қилмади, Азиз эса Умиднинг гапларини жон қулоғи билан тинглади.
– Жуда қизиқ, – деди у бошини тебратиб. – Умид, мен сенларга уқдирмоқчи бўлаётган гап ҳам асли шунга яқин, илдизи бир!
– Йўғ-э! – деди Умид тушунмайроқ ва фавқулодда қизиқиши ортиб. – Қанақасига яқин бўлади? Устознинг фикрича, ҳамма ҳаммани кузатув остида тутиши бир ҳисобда яхши ва табиий бўлса, иккинчи ҳисобда... ҳали масаланинг бу томонини чуқурлаштириб улгурганимизча йўқ, лекин гап шундаки, ўзини муттасил ўзгаларнинг назари остида ҳис қилиш одамнинг эркини, ихтиёрини бўғади...
– Устозинг “одамни эркини, ихтиёрини бўғади” дебди, мен инсоннинг бутунлигини парчалайди деяпман. Ўша амма-тоғачиликлар, амаки-холачиликлар инсонни асосий ишидан, юмушидан чалғитади, майдалаштириб юборади, биз эса буларнинг барига одамгарчилик, қариндош-уруғчилик деб чиройли ном қўйиб олганмиз! Тўғрими, оғайни?! Бу одатларимизга юз йил муқаддам Қодирий “ошналикка қурбон бўлган халқ” деб қалампир боғлаб кетган!..

***

Ўзи алоҳида яшайдиган хонага ошхона жиҳозларини ташмалаб киритган Опаси пича муддат алланималарга уннадими, овози чиқмади. Лекин бу жимлик узоққа чўзилмади. Капгирнинг даранглаб қозонга урилиши эшитилди. Нимадир тарақлади. Опаси дам минғирлаб, дам шовқин кўтариб жаврашга тушди.
– Сан итга қараб қоган жойим йўқ! Ўзим бўлак рўзғор қиламан, туғаман. Боламга овқатлар пишириб бераман. Ҳу-у, ер ютсин, сенларни!
Умид онасининг имлашини кутмай айвонга чиқди. Оёғининг учида юриб Опаси кириб кетган хона эшигига яқинлашди. Ичкарига мўралади. Опаси ошхонада ишлатиладиган калта этакчани белига боғлаб олган, енгларини шимариб пичоқ билан сабзи тахтани боши узра кўтариб турарди.
Умид дарҳол ўзини четга олди. Бироқ Опаси унинг шарпасини сезиб улгурганди.
– Келдингми? Ичкарига кир, сўтак! Пишириб қўйипман, чапиллатиб е, ит!
Умид зина ёнида гўдак болаларча жонини ҳовучлаб ўзига савол назари билан мўлтираб турган онасини тинчлантирди:
– Ўт ёқмаяпти, ақли жойида.
– Жойида бўмай қолсин-а! Гугурти йўқми?
– Кўринмади... Узоққа чўзилмайди, ойи, ҳадемай қайтади, – деди Умид онасини юпантириб. – Сиз бу ерда пойлаб турманг, боринг, ишингизни қилаверинг, мен бирров Устоздан хабар олиб келаман.
– Пича кетмай тур, болам, бир балони бошлаб қолса мани кучим етмайди.
Умид майли деган маънода бош ирғади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:53   #67  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Умид Устозининг тепасида термилиб ўтириб, у киши айтган гаплари, маслаҳатлари, йўл-йўриқларини бирма-бир ўйлади, ўша гаплар, маслаҳатлар, йўл-йўриқлар ўзи учун доимо асқотишини, уларнинг бирортасини унутишга ҳаққи йўқлигини астойдил англаб етган эди. Бордию, Устознинг аҳволи ўнгланмаса, шу ётиш у кишининг видо онларига айланса... Умид ҳувиллаган дунёда бир ўзи қолаётгандек, эндигина маъно-мазмун кириб бораётган ҳаёти баттар издан чиқадигандек, худди шунинг учун ҳам, қолаверса Устозга бўлган ҳурмати, садоқати ҳаққи у кишининг руҳини шод қилиш йўли Устоз ўгитларини ёдда сақлаш, уларга риоя қилиш деб билаётганди.
Онаси-чи? Шўрлик, муштипар онасининг бирдан-бир суянчиғи – Умид. Ундан ўзга умиди йўқ кампирнинг. Ҳатто Опаси соппа-соғ юрган бехавотир кунларда ҳам онасининг дилидан хавотир аримайди. Қизининг дарди бедаволигидан худога зорини айтиб адо қилолмас, дарди қўзиган кунларда эса унинг ёнида бўлиш, уни қалтис хатти-ҳаракатлардан асрашга ҳоли-мажоли етмас... Онасининг шундай дамлардаги илтижоларга тўла қарашлари, назар-нигоҳлари Умидни узоқ кетишга йўл қўймас, Умид онаси ҳақида ҳам, Опаси ҳақида ҳам бирдек қайғуриш мажбуриятини зиммасидан соқит қилолмас эди.
Мана шундай хаёллар Умиднинг яшаш тарзини, ҳаётий мақсад-маслакларини белгилаб берган, ҳатто уйланиш зарурияти ҳам унинг учун шодумон янгиликдан кўра оддий мажбуриятдек туюлар эди.
Ҳаммаси Котиба қиз туфайли бузилди, пароканда бўлди. Котиба қизнинг назар-эътибори бошқа барча назар-эътиборлардан, мажбурияту заруриятлардан ошиб тушди.
Умид қўл-оёғи билан Котиба қизнинг сиртмоғига – инсоният азал-азалдан оддийгина қилиб атаб келаётган – муҳаббат сиртмоғига боғланди-қўйди.

***
Тонг отиб қолаёзганига қарамай Фарҳодникида қизигандан-қизиган суҳбат кўчада Умид билан Азиз ўртасида давом этди. Умид қилаётган ишлари, Устози ҳақида ҳаяжонланиб гапирди.
– Устозинг кексами? – сўради Азиз тўсатдан.
– Унчалик эмас... ёш ҳам эмас...
– Ёшидан қатъий назар ҳаётий тажрибаси катта, кузатувчан ва донишманд одам экан!
– Нега бундай хулосага келяпсан? – қизиқиб сўради Умид.
– Сенга тушунтиришга уринаётган мавзуни ҳар ким ҳам фаҳмлаб етавермайди, дўстим. Фаҳмлаган тақдирида ҳам унга илмий муаммо тусини кийгизиш жўн иш эмас... – Азиз шундай деб туриб бирдан жим бўлиб қолди. Қоронғуда кўзи чарақлаб нимадандир мамнун бўлгани кўринди. У эҳтиросини жиловлашга уринмай бир нарса топиб олган одамдай ҳаяжонланиб сўради: – Домланг билан танишсак, бир суҳбатлашсак қандай бўларкан?!
Умид афсусланиб бош чайқади.
– Нега? Шунчалик катта раҳбарми?! Вақт ажратолмайдими?
– Бир оз мазаси йўқ... Соғайиб кетса, кейин ўйлашиб кўрамиз...
Азиз “Эҳ, аттанг!” дегандек бош қашиб қолди.
– Мен бўғилиб сен билан Фарҳодга уқдирмоқчи бўлган масала билан Устоз сенга тушунтираётган муаммо бир-биридан узоқ эмас! Жуда яқин! Қарийб битта нарса! Тушуняпсанми, Умид? Гап нима ҳақда бораётганини яхшилаб ўйлашиб олишимиз керак... Иложи бўлса, кўнглингга олмагину, Фарҳодсиз, икковимиз очиқ-ойдин суҳбатлашайлик. Хўпми, Умид? Бу ерда халқимизнинг умуман яшаш, фикрлаш тарзини ўзгартиришга доир муаммо бор! Билиб қўй, Устозинг жўн одам эмас, авлиё экан!..

***
Умид ориққина, бўйдор шифокор йигитни дастлаб яна уч нафар устоз шифокорлар билан йиғилишиб келишганида кўрган эди. Устозлар беморни, унинг хасталигига тааллуқли ёзув-чизувларни, дори қоғозларини синчиклаб кўздан кечиришди, ўзлари тушунадиган тилда ихчамгина машварат ўтказишди. Беозор ҳазил-ҳузуллар билан Устознинг кўнглини кўтаришди. Устоз ҳам бу қадар нуфузли эътибордан миннатдорлигини айтди. Пиравордида сочи кумушдай оқ, кекса шифокор бўйдор йигитни Устозга, опоқига таништирди.
– Бу укамиз орамизда нафақат бўйдорлиги билан, балки ёш ва билимли мутахассислиги билан ҳаммамиздан баланд. Кўряпсиз-а?
Устоз мийиғида кулимсиради. Кекса шифокор давом этди:
– Шу йигит биздан, Марказий шифохонадан ишончли вакил. Сиз шу йигитнинг назоратида бўласиз. Бу йигит эса бизнинг назоратимизда. Келишдикми?
Устоз овоз чиқармай миннатдор бош ирғади. Масала ҳал бўлди. Бўйдор йигит ўз уйига кириб чиққандек кунда-кунора Устоздан хабар олиб туришни канда қилмади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:55   #68  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Ўша – ўртада сукутдан бўлак ҳеч зоғ, ҳеч вақо йўқ сонияларда кўзларини катта-катта очиб ўзига тиккасига қараб турган Котиба қизнинг нигоҳи Умиднинг кўнглига шу қадар фароғат бағишладики, Умид руҳи енгил тортганини, сеҳрли меҳр-шафқат оғушига чўмган гўдакдек эркаланиб кетганини ҳис қилди.
Ҳозиргина елкасидан босиб қолган кўзга кўринмас залворли юк аста-секин сирғалиб туша бошлади, кўз ўнги тиниқлашди, назарида хона чароғонлашиб кетди, у қизнинг кўзида, қарашларида халоскор меҳрни туйди.
Бу ҳолат, бу манзара Умиднинг хотирасига ўчмас бўлиб муҳрланди-қолди. Энг мушкул вазиятларда ҳам ана шу меҳрли боқишдан нажот топди. Сутдек оппоқ чеҳра, меҳр-шафқатга лиммо-лим тим қора кўзлар, кейин ҳар сафар ўйлаганида Умид бу гўзал нигоҳлар тубида қандайдир мунислик, маъюслик пинҳонлигини сезди, шу билан бирга, қиз вужуд-вужудидан фавқулодда бир меҳрибонлик билан йигитнинг аҳволини ҳис қилгани, унинг жонига оро киргани, яна унга нажот, кўмак ва мадад бериш, суянчиқ бўлишга мойиллик кўрсатаётгани сезилиб турарди.

***

Телефон безовта садо берди. Умид унга кўз ташладию, қулоғига тутди.
– Лаббай, ойи? – деди у дарҳол мақсадга кўчиб.
– Бир келиб кетгин, ўғлим. Уйини бир бало қилиб ташлаяпти, зўрайиб кетса, мен эплолмайман, болам...
– Хавотир олманг, кўзига кўринманг. Бир сафар уни ўз ҳолига қўяйлик, ойи. Қайтага яхши бўлади, хўп денг. Салдан кейин бораман.
Умид шундай деб телефонни ўчирганида онаси гапини тугатмаган эди.

***
Икки кун бурун шекилли кечки овқатдан сўнг Опаси дастурхонни йиғиштириб, идиш-товоқларни дасталаганича ошхонага кириб, уларни ювишга тутинди. Умид ғира-шира қоронғилик чўкаётган ҳовлида хаёлга толган, дам яккам-дуккам милтираб кўзга ташлана бошлаган юлдузларга, дам кўз ўнгида бетартиб ўсган дарахт шохларига разм солар, бир замонлар раҳматли отаси даврида амал-тақал қурилиб қолган уй-жойнинг “мункиллаган” қоматига қараб уларни қайтадан бунёд этишни дилига тугар... дарҳақиқат, агар тўй бошланиб қолса, йўқ, дастлаб агар Котиба қиз розилик берса... Умиднинг назарида Котибанинг майли йўқ эмас, у қанчалик сездирмасликка уринмасин буни Умид пайқаб турибди, фақат қиз хоҳишини, йигит эса пайқаб турганини тилига кўчиролмаяпти, холос. Шундай экан, ҳаммадан бурун Котиба Умиднинг хонадонидаги аҳволдан хабар топса, ундан сўнг розилигини билдирса, шундан сўнг совчилар, тўйолди борди-келдилар жой-жойига қўйилса, ана ўшандан кейин, ўша кезларда шу уй-жойни бир кўтариб ташлаб, қайта қурса, келин тушадиган уйнинг қадди тикроқ қурилса, ахир яшайдиган, келди-кетдилар бўладиган тураржой кимсан Котиба қизнинг ҳусни-таровати, аслзодалиги... қадди-қоматига муносиб бўлмоғи керак!.. Котиба қиз келин бўлиб шу ҳовлида елиб-югуриб юрса, дам сайин Умид ака дея тилидан бол томса, оқшом чоғлари ошхонадаги юмушларни ўзидан орттирмай, Опаси бундай юмушларга қўл урмаса!..
– Ҳа, Уми-ид...
Умид чўчиб тушди. У ошхона томондан идишларнинг бир-бирига урилганидан чиқаётган товуш-шовқинлар тиниб-тинчиб қолганига ҳам, ошхона эшиги ғичирлаб очилганига ҳам эътибор бермаган, эшитмаган ҳам, ҳатто ошхонадан чиқиб ёнгинасига келиб қолган Опасининг шарпасини сезмаган ҳам эди.
Опаси унга ниҳоятда меҳрибон, эътиборли эди.
– Нималарни ўйлайдиган бўлиб қолдинг, Умид? – оҳиста сўради Опаси.
Умид кулди, лекин кулгиси зўрма-зўраки чиққанини яширолмади. У Опасига ҳеч қандай устаомонлик ёқмаслигини яхши биларди. Афсуски, бу сафар у сирбой бермаслик эпини қилолмади.
– Бирор ўйда юрган бўлсанг, айт, – деди Опаси. Шундай дедию, ўзи ҳам укасининг бетига қаролмай маслаҳат берган бўлди: – Менга айтмасанг, ойимга айт. Чораси топилади...
– Нега сизга айтмас эканман, опа? – шошиб деди Умид. – Ойимга ҳам, сизга ҳам айтавераман... Ҳозир, нимани ҳам айтардим?.. Зарурат туғилса, айтмай нима қиламан?..
– Майли, ўзинг биласан... – Опаси укасининг кўзига қарамасликка уриниб, гуноҳкорона оҳангда шундай деди.

***
Умид бўйдор шифокор йигит билан кўзтаниш бўлиб қолди. Бир сафар келганида дўхтир йигит аёлларникидек узун-узун ва нозик бармоқларини Устознинг билак томирига оҳиста боса туриб, соатига термилганича ўй суриб қолди, сўнг асбоб-анжомлари ёрдамида беморнинг кўкрак қафасига қулоқ тутди, сўнг алланималарни чамалади шекилли, жомадончасидан узун қорамтир елим ичак чиқарди. Унинг қандай муолажа воситаси эканига ақли етмай турган Умид савол назари билан дам шифокор йигитга, дам Устозга анграйди. Устоз мийиғида кулимсираб, бошини хам қилди.
– Билимдон кишилар анча таъсирчан бўлишади, – деди шифокор йигит қорамтир резина ичакни ҳозирлаётиб, беморга далда берар экан. – Биринчи, иккинчи сафар салгина қийналдингиз, холос. Энди анча кўникиб қолдийз, тўғрими?
Устоз ориқлаб кетган қоқсуяк оёқларини каравотдан осилтириб ўтирган кўйи тақдирга тан бергандек бошини сомеъларча силкиди.
– Бу матоҳни икки қайта ютдим, – деди сўнгра синиқ жилмайиб, – ошқозон-ичакни ёритса ёритгандиру, илло ичим ёришганини сезмадим...
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 14:58   #69  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Котиба қиз билан юзма-юз келиш, у билан бир дам суҳбат қуриш Умид учун шодиёнага айланди. У қабулхона томон қандай бориб қолганини, қизни кўрган заҳоти оғзига келган гапни қай тарзда айтиб юборганини ўзи ҳам билмай қолар, назарида йигитнинг бу тахлит саросимага тушиши Котибага ҳам ёқаётгандек, қизнинг ўзи ҳам Умиднинг кириб келишига илҳақдек туюлаётган эди.
Аксига олиб кечагинда Умид не умид ва журъатлар билан қабулхонага етиб бордию, ичкарида гап сотиб ўтирган Лариса Латиповнага кўзи тушиб, капалаги учиб кетди. Йўқ, Умид ҳужжатхона бекасининг ўзидан эмас, у Умиднинг опаси ва у билан боғлиқ васиқа ҳақида Котиба қизга гуллаб улгурган деган ўйда таъби айниди. “Наҳотки, етказган бўлса?!” Умиднинг қўл-оёғи бўшашди. Манглайида зера-зера совуқ тер томчилари пайдо бўлганини сезди. Вужуди қақшди. Бироқ сир бой бермасликдан бошқа иложи йўқлигини ҳам зудлик билан тушуниб етди.
– Келинг, – деди оҳиста Котиба қиз. У шундай деб бирров кўз қирини ташлаб, йигитдаги ғалати ўзгаришни сезди. Овозини янада мулойимлаштирди:
– Келинг, кираверинг...
Умид салом бердими-йўқми, эслай олмади, лекин Лариса Латиповна бош ирғаб қўйди. Қайтиб Умиднинг тили айланмади. Ранги қум ўчди. Биринчи бўлиб Котиба қиз ўзини қўлга олди.
– Домла ҳали келмагандилар, – деди у совуққонлик билан. – Кечроқ келмоқчи эдилар...
Шу бир оғиз лутф Умид учун ҳалоскорлик вазифасини ўтади. Унинг нигоҳида котиба қизга миннатдорлик изҳори лиммо-лим эди. У ўзини алланима ўқиб ўтиргандек кўрсатаётган Лариса Латиповнага зимдан назар ташлади, Устознинг гапини эслади-да, “шу ерда ҳам вазифасини бажаряпти” деб ичида хотин шўрликнинг шаънини бўралатиб “бежади”...

***
Умид эшикка етай деган жойида Устоз тўсатдан ёдига тушиб қолган гапни айтаётгандек уни тўхтатди.
– Дарвоқе, – деди у ярим жиддий-ярим истеҳзоли табассум билан, – Латиповнанинг муомаласидан ранжиманг. Унинг вазифаси шундай, яъни ҳужжатхона раҳбари сифатида ҳар бир ходимнинг ҳаётига доир маълумотларни алоҳида дафтарга тиркаб қўяди. Билмаган нарсаси йўқ.
“Опамнинг касаллигини, манга васийлик васиқаси расман берилганини шу ялмоғиз етказган” деган хаёл кечди Умиднинг кўнглидан.
– У кишидан раҳбарлар талаб қилишар экан-да, – деди у ўйламай-нетмай ва бу сўзи Устозга иддао бўлиб ботишини кечикиб пайқади.
Устоз мийиғида кулди. Нимадир демоқчи, ёш ва умидли шогирдига нималарнидир очилиб-сочилиб тушунтирмоқ учун оғиз жуфтладию, ўзининг раҳбарлигини эслаб қолдими ёхуд бошқа истиҳолага бордими, гапни қисқа қилди:
– Латиповна тушмагур аломат аёл... Қўл остимда ишлайдию, баъзан менга ҳам бўйсунмайди баччағар!.. Оғзимдан чиққан ҳар бир гапни... неча марта йўталишимгача ёзиб юради. Вазифаси шундай, дедим-ку...

***
Умид уйи томон жадал борар экан, йўл-йўлакай Онасини ҳам, Опасини ҳам, Устозу Фарҳод билан Азиз дўстини ҳам эмас, Котиба қизни ўйлаб кетди. Шу кунларда у ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳақида эмас, фақат Котиба ҳақида ўй суришдан кўнгли таърифлаб бўлмас ором олар, Котиба ҳақида хаёл суриш, у билан хаёлан суҳбатлар қуриш унинг учун жон сақлайдиган бошпанага айланган эди.
Аксига олиб ҳар қандай одам билан (ҳатто Устоз билан ҳам!) дарҳол тил топишиб кетадиган Умид Котибага келганда гунг-соқовга айланар, унга рўпара келди дегунча ўйлаб келаётганларини унутар, бахтига Котиба қиз тортинчоқлик қилса-да, унинг бийрон жавобидан кўнгли равшан тортар, қайси мавзуда суҳбатлашмасин Умиднинг назарида севги-муҳаббат ҳақида сирлашаётгандек, бу тариқа савол-жавоблар муқаррар икки дил розилигининг ифодасига айланаётгандек, ҳатто Котиба қизнинг бошқалар билан мулойим гаплашишлари ҳам Умидга аталгандек туюларди.

***
Икки ҳафта бурун тўсатдан Азиз қўнғироқ қилиб қолди.
– Умид, ярим соат вақтим бор, – деди дабдурустдан.
– Нима, келмоқчимисан? – сўради Умид.
– Бораман, кўришайлик...
Умид кўчага чиқар-чиқмас Азиз етиб келди. Чоққина хиёбон кимсасиз, бу икки сирдош суҳбатдош учун айни муддао эди.
– Умид, дўстим, гапларимга диққат билан қулоқ сол. Мен бу нарсани ўша ёқларда юриб-кўриб, роса ўйладим. Кимга, нима деб айтишни мўлжаллай-мўлжаллай, ниҳоят, сен билан Фарҳоддан ишончлироқ одам топмадим. Афсуски, Фарҳод тушунгиси ҳам келмаяпти.
– Фақат Фарҳод эмас, ҳар қандай одам ҳам дабдурустдан тушунмайди, тушунса-да, ҳазм қилолмайди бундай ғояларни, Азиз, – деди Умид дўстининг кўнглини кўтариб. – Бундай гаплар ётиғи билан, арқонни узун ташлаб, бир чимдим-икки чимдим тушунтирилмаса, Фарҳоднинг жиғибийрон бўлгани ҳолва, сени душманга, мияси айниб қолган девонага чиқаришлари ҳам ҳеч гапмас!
– Тушунтирмоқчи бўлганларим шунчалик хом, ғўр, ахмоқонами, Умид?! Шундай, дегин, қайтиб оғзимни очмай!.. Сен ҳам, одамларимиз ҳам эски ҳаммом-эски тос яшайверсин. Лекин шуни билиб қўй, оғайни, дунё эндиликда сермулоҳазакорликдан, ётиғи билан, арқонни узун ташлаб қўйиб кун кўришдан воз кечган, юз ўгирган! Тезлик, шиддат дунёни ютиб юборай деяпти!.. Наҳотки, яхши ниятда айтаётганим, жоним ачишганидан шу гапларни кўтариб келганим – ниятим яхшилиги сезилмаётган бўлса, оғайни?! Арқонни узун ташлаб ўйчи ўйига етгунича анавилар арқонингни минг жойидан қирқиб, ишини битириб кетяпти. Шунинг учун ҳам дунё ўшаларнинг қўлида, тушуняпсанми?!
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 04.05.2010 15:00   #70  
Offline ID
Аватар для Xurshid Dustmuhammad
Оффлайн
Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77  163/74
– 0  0/0

Uzbekistan
КУЗА...

Цитата:
Устоз эндигина кўчага чиқолмай ётиб қолган кезлар эди. Умид неча сафар келиб, Устознинг оғзини пойлади, лекин Устоз у кутган мавзудан сўз очмади. Умид атайин сўрашга ботинмаган кунларнинг бирида ниҳоят Устоз гапни узоқдан бошлаб муддаога кўчди.
– Умиджон, – деди у каравот қирғоғида оёғини осилтириб ўтирган кўйи тиззалари узра бош эгиб. – Ниятлар катта эди...
Негадир Устоз Умиддан узр сўраётган оҳангда гап бошлади, бироқ у дарҳол жим бўлди. Чамаси у иккиланаётгандек, фикрининг давомини охиригача айтмасликка қарор қилгандек эди. Умид ичида “гапирсин-да, ишқилиб” деган илтижода вужуди қулоққа айланди. Хайрият, илтижосини худо Устознинг кўнглига солди, уни гапиришга ундади. Ундабгина қолмай, энди у пича тайсаллагани демаса, сўнг хасталигини ҳам унутиб, кутилмаган шиддат билан сўзлай кетди:
– Кўп ўйладим... Сиз билан танишганимда шу ишга муносиб, яъни мавзубоп одам топилганидан севиниб кетдим. Афсусландим ҳам... Фақат, биласанми, бу муаммо одамзотни бошини шунақаям қотирадики ҳали!.. Инсоният ўзини ўзи тупикка тиқади!..
Устоз пича нафас ростлаб олгач, овози бардамлашиб сўзида давом этди:
– Қизиқ-да, ҳамма ҳаммани кузатади, демак, ҳамма ҳамма томонидан кузатилади! Шу тўғрими? Мутлақ тўғрими, Умид?.. Ҳозир одамзод шу таомил измида яшайверади, шу мақсадда, яъни бировларни кузатишга қаратилган минг бир хил хийла-найрангларни ўйлаб топади, ақл бовар қилмас асбоб-ускуналарни ихтиро қилаверади, бироқ, шуни унутма, ўғлим, бу таомилдан воз кечган қавм ҳам кўпайгандан-кўпайиб бормоқда ер юзида. Бировларни кузатувчи, қай гўрдаги кимсалар томонидан кузатилувчи бўлиб юришдан қутилишнинг ягона чораси бор. Бу – ўзини ўзи кузатиш!..Иймон билан, диёнат билан кузатиш!.. Инсон ақлининг кемтиклиги шундаки, ҳарчанд кузатма, миллиард кузатувчини жам қилма, бир одамни тўкис тушунолмай овора бўласан!..
Умид Устознинг сўзини бўлмади, унинг жўшиб, ҳаяжонланиб гапираётганидан завқланиб, Устоздан кўз узмади.
– Эҳтимол, – деди Устоз бир оз шаштидан тушиб, – кузатишни бас қилиш керакдир? Шу борада одилона, оқилона яшаш тарзини жорий этаётганлар йўқ эмас... Одамлари кузатув остига олинмайдиган, одамлари энг инсоний фазилатлари измида яшайдиган жамият қуришнинг иложи топилади...
Устоз ўрнидан азот туриб олганини, ҳолсизликдан чайқалиб кетмаслик учун тиззалари билан каравотнинг чеккасига суяниб турганини Умид кейин пайқади, у ҳам ўрнидан турди, Устознинг билагидан тутди.
– Бош қотиб қолди... Балки... бу муаммони қўзғаб одамзотни бошини қотирмаслик керакдир?.. Мавриди билан бўлар, ёки...
Умид хаёлан боши берк кўчага кириб қолди. Нима бу? Устознинг навбатдаги таги “зил” ҳазилми? Ёхуд, наҳотки у жиддий гапираётган бўлса?! Ёки шогирдини синамоқчими?..
– Тўғри, масаланинг бош-адоғи йўқ, – деди Умид, – уни тугал қамраб олиш ҳам мушкул, эҳтимол, имкон қадар шуғулланиб юрилса, вақт-соати етиб...
Ўзи аранг қад ростлаб турган Устознинг қўл-оёғига қалтироқ турди, у жон ҳолатда Умиднинг билагини чангаллади. Умид авайлаб беморнинг ўрнига ётиб олишига кўмаклашди. Оғир-оғир нафас ростлаётган Устоз кўзларини юмиб олган, ранги қум ўчган, пешонасида совуқ тер томчилари пайдо бўлган эди. Умид беморни безовта қилиб қўйганидан хижолат тортиб, уни ўз ҳолига қолдириш ниятида оҳиста юриб равондан чиқаётганида кутилмаганда узоқдан келаётгандек Устознинг хаста товуши базўр эшитилди:
– Вақт-соати етганга ўхшаяпти, уф-ф...

***
Ўғлига муносиб қайлиқ излаш ташвишидан қутилиб, анчагина енгил тортган Умиднинг онаси энди ўғлининг оғзини пойлаб тоқати тоқ бўла бошлади. Умиддан эса садо чиқмас, аксинча ҳар қачонгидан кам гапирадиган, нуқул ўй-хаёлга ғарқ бўлиб юрадиган қилиқ чиқарди. Унинг ҳардамхаёллигини онаси ўзича тушунди.
– Опангни Чуқурсойдаги баннисага ётқизсакмикан, нима дейсан?
– Нега энди ётқизишимиз керак? Тағин Чуқурсойга дейсиз. Биласиз-ку, у ерда соғ одамми жинни қилишади!..
– Айтаман-да... – деди онаси енгининг учи билан ҳали ёшланиб улгурмаган кўзларини артиб. – Одамлар гап қилади-да, анувнақа опаси бор деса, қизини бераман деганлар ҳам ўйлашиб қолади.
Умид онасини юпатди.
– Ўйлашиб қолмайдигани топилади, ойи, – деди у онасини бағрига тортиб елкасидан қучар экан. – Опамнинг касали тузалади, мен ишонаман, ойи, қараб туринг, тузалиб кетади. Опам, биласиз-ку, жуда кўнгилчан одам, фақат унда-мунда асабийлашиб, ўзини бошқаролмай қоляпти, холос. Шунга қарамай, кўнглим сезяпти – опам соғайиб кетади, ойи.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх