Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 14.02.2011 17:46   #1  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Бир пиёла сув

Цитата:

Бир пиёла сув

(ҳикоя)

Менга вазифа юклатилган эди. Бироқ нима учун айнан менга? - билмайман. Ким ва қандай вазиятда топшириқ берди? - буни ҳам негадир эслай олмайман. Ёдимда қолгани – нимадир ортилган, иккита от қўшилган аравани шом тушгунга қадар манзилга элтишим зарур. Нега энди шомга қадар? Бу саволнинг жавоби ҳам менга қоронғи... Яна “йўлда чалғимасанг бас, юкни манзилга ўз вақтида эсон-омон элтасан”, дейилгани ҳаммасидан ошиб тушди: жумбоқмисан жумбоқ!
Тавба, ўзимга ҳам қизиқ бу иш. Шунча замонавий улов турганда, алмисоқдан қолган аравага нима бор? Унга ортилган юк-чи? Нима у ўзи? Устига аллақандай матолар ташланган, ўралган, чирмалган. Аммо бори – шу. Ортиғини истасам ҳам сизга айтолмайман.
Энди бош кўтарган бобоқуёш навқирон танимга илиқ нурларини сочади. Отлар бир маромда йўртиб бормоқда. Аҳён-аҳёнда жиловни қимирлатиб қўяман, шунинг ўзи фаросатли ҳайвонларга кифоя – имиллаш йўқ. Намунча эсли бўлмаса булар? - дейман ўзимга ўзим. - Худди вазифадан бохабардек! Тавба...
Аввалига овозимни баланд қўйиб қўшиқ айтаман. Куч-қувватни тежаш зарурлигини пайқабми, беихтиёр хиргойига ўтаман, билган-билмаган қўшиқларимдан замзама қиламан. Кейин ғинғиллашга ора бериб атрофга аланглайман, шу кўйи ёш дилимни овутишга чоғланаман.Уфқларга туташ кенгликлар ҳисларимни жунбишга келтиради. Ичим тўла ҳаёт, кучим танамга сиғмай теваракни титратиб ҳайқираман – “Ууу–лууу-уууғ!..” Сал ўтмай атрофдан акс-садо қайтади: “Ғууу-лууу-ууу-ууу!!!” Илкис чўчиб тушаман, ичим музлаб кетади. Саратоннинг иссиғида пешонамдан совуқдан совуқ тер қуйилади. Нажот истаб кўзларимни яна атрофга оламан. Бошқа ҳайқиргим келмайди... Бир пас юргач эса жавонибдаги бир хил йўл манзарасию осудаликдан зерика бошлайман...
Бу орада кун ёйилиб, оламни ўз оғушига ола боради. Бир маҳал ичимга ўрмалаб кирган чанқоқни ҳис қиламан. Тадбирга бош ураман: йўлнинг икки бетига кўз югуртириб чашмами-булоқми қидираман. Лекин савил ҳа деганда топила қолмайди. “Йўл юраман, йўл юрсам ҳам мўл юраман” – ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Ҳаммасига боис чанқоғимдир, эҳтимол. Аслида унчалик кўп йўл юрмагандирман. Э-э, нима бўлсаям майли. Ҳозир бунинг муҳокамаси эмас, сув муҳим, уни топишга қаратилган ўй муҳим. Қани энди бу қақраган чўл аро бир зилол сувли қудуққа дуч келсаму ундан қониб-қониб ичиб ташналигимни қондирсам. Ақалли бир пиёла сув бўлсаям розийдим. Бир пиёла сув...
Қуёшнинг қиёмга келишига ҳали анча бор – олазарак қараб-қараб қўяман. Фақат кўк юзида парча-парча булутлар сузиб юрибди. Сарсор солсам, отларнинг юришига ҳамоҳангдек. Яъни уларнинг устига соя ташлаб бораётгандек. Сал олдинда икки-уч қуш ҳам ажабтовур чуғурлашганча учиб боришяпти. Эсладим: улар сафаримизнинг ибтидосиданоқ ҳамроҳимиз бўлган чиқди. Ажабо!.. Бир пасда ийиб-жўшиб кетдим. Ахир бутун борлиқ: ерда йўл, ўркач-ўркач қумтепаликлар, кўкда эса булут ва қушлар... ҳамма-ҳаммаси менга кўмакдош экан, ҳеч шубҳа йўқки, уҳдамдаги вазифани бекаму кўст бажаргумдир! Ақлимга келган бу фикрдан оламни тўлдириб яна бир ҳайқиргим келдию қўрқдим: истагим боягидек тескарига айланиб кетмасин тағин...



Ответить 
Старый 14.02.2011 17:48   #2  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Бир пиёла сув

Цитата:
Ёз эмасми, ҳалитдан қиздиргани қиздирган. Ташналик жон-жонимдан ўтганда йўл узоғи чайқалиб-жимирлаб, ҳалқоб-ҳалқоб сувга айланади: “саро-о-о-об” дейман-у изтироб билан тамшанаман. “Шунчалар нодон бўламанми, - койийман ўзимни ўзим, - нега биттагина кўзада сув олволмадим? Ахир йўлга чиқаётганимни билардим, боз устига жазирамада!..”
Ичимга беҳузурлик кириб нажотни атрофдан излай бошлашим билан негадир аравамнинг маромига ҳам путур етди: отлар сезиларли даражада секинлашди. Энди жиловни силташни бас қиламан – бошустларида булутлардан шамсия бўлса-да, иссиқда бояқиш жониворларга ҳам жабр, дейман. Ўзлари хоҳлаганча тортиб боришаверсинчи, бир гап бўлар – ўйланаман. Аммо вақт ўтгани сайин аравага ортилган юк залвор босаётганини, уловнинг ғичирлаб бораётган ғилдираклари тобора ёвош айланаётганини ич-ичимдан сезаман. Бу ёғи неча пулга тушди? деб қўяман пешонамга тошиб чиққан реза-реза терни қўлимдаги оппоқ дурра билан сириб артаркан.
Манзил!.. Эҳ-ҳе, у ҳали жуда олисда, уфқларга ёндаш сарҳадларга эш гўё. Аммо менга бир текисда ҳаракатлансанг, қош қорайгунча мазгилга дорийсан, шу йўлнинг ўзи у ерга элтади, деб уқтиришган. Мен ҳам шунга ишонганман, чанқоқни айтмаганда, ишончим ҳали-ҳамон бус-бутун. Бироқ чанқоқ ҳам борган сари забтига олар, ичимга анави ўркач-ўркач қайноқ қумликлар кўчиб ўтаётганга ўхшарди.
Бир маҳал узоқдан сардобамонанд нимадир кўзга чалинди. Бошда кўпда умидланмадим, зеро саробдан юрак олдириб қўйгандим-да. Бироқ ёвуқлашсам ҳамки, сардобанинг қораси ўчавермади. Қайтага тобора тиниқ тортиб, кўз ўнгимда бутун маҳобати билан юксалиб, қад кўтарди. У - йўл четидаги каттакон карвонсарой бўлиб чиқди. Қувонганимдан отларни қандай тўхтатиб, аравадан қандай тушганимни-ю кўз очиб юмгунча табақалари ланг очиқ дарвоза қаршисида қандай пайдо бўлганимни билмайман. Оҳ! Шу тобда менга ҳаёт гўё қайтиб берилгандек эди!..
Бўсағада мени сарвқомат, кўзлари оҳуникини эслатадиган жонон қиз қирмизи дудоқларида ним табассум ила кутиб олди. Оғиз очишга улгурмасимдан нарироқда шилдираб оқиб турган чашмага ишора қилди. Чопиб ўша ерга ўзимни урдим. Қулоғига - олиб кетилмаслиги учун бўлса керак, - ингичка занжир боғланган мунаққаш мис пиёлани тўлатиб ичдим. Ютоқиб-ютоқиб симирдим. Тўрт-беш пиёла сипқораман, деб ўйлагандим, янглишган эканман, бир пиёла кифоя қилди. Ажабландим. Бақувват, яғриндор йигит бўлсам, ёзнинг чилласида, қуёшнинг тиғида субҳи содиқдан бери йўл юриб обдон чанқаган эсаму қаёқдаги мунчоқдек бир пиёла сув билан ташналигим тамоман қонса?.. Ҳай майли, бу гапларни ҳам қўяйлик. Муҳими, азобларим барҳам топиб, кўзларим ярақлаб очилди. Вужудим ором олиб, йўл юришга ўзимни яна тайёр сездим. Кейин юз-қўлимни ювдим. Ва, бас!..
Энди олға интилишим керак!Бу ерда ва умуман ҳеч қаерда ҳаяллашим мумкин эмас, оғишмай манзил томон йўл юришим шарт! Менга шундай жиддий бир вазифа тайинланган, мен ҳам сидқидилдан қабул айлаган эдим. Қабул айламаганимда сафарга чиқмасдим, буниям билардим. Фурсатни бой бермай ёнимни кавлаб ақча чиқардим. Лекин мутавозеъқиз уни олмай, қўл ишораси билан ичкарига йўллади. Яъни у ёққа бориб тўланг, демоқчи бўлди. Мен беихтиёр ичкарига одимладим. Эҳ-ҳе! Қаерга келиб қолдим ўзи! Намунча серҳашам ва мўл-кўл бўлмаса биёбоннинг қоқ ўртасидаги бу гўша! Одамни айтмайсизми, қайнайди-я қайнайди! Чор томондаги қўшқаватли иморату ҳовли саҳни қалдирғочдек тизилиб ўтирган хўрандалар билан тўла. Уларнинг нашъали юзларига боқарканман, ҳавасландим. Агар... агар масъулиятли вазифам бўлмаганида мен ҳам шу ерда қолардим, улардек маишатга толардим, деб суқландим. Агар вазифам бўлмаганида...
Бир зум каловланиб қолдим: қаерга бориб, кимга тўлайман сув ҳақини?..
Кўзим этакдаги, умумий манзарадан панароқдаги одамларга тушди: улар саф тортиб туришарди. Аммо юзларида негадир шодлик аломатини кўрмадим. Тавба-а-а, дедим тонг қолиб. Чунки тунд қиёфалар бу ердаги салобатга, дабдабага, еб-ичиб, кайф-сафо қилиб ўтирган кишиларнинг ялпи кўтаринки кайфиятига уйғун келмасди-да! Беихтиёр ўша ёққа юрдим: ҳақ тўланадиган туйнук деганлари шу томонда бўлса керак - чамаладим. Хушхон ва мастон давраларни айланиб ўтарканман, оғзимнинг суви қочди...



Ответить 
Старый 14.02.2011 17:49   #3  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Бир пиёла сув

Цитата:
Воқеан, менга керакли бўлган жой шу ер чиқди. Навбатга туришга турдиму ичимга ғулғула тушди: наҳотки, бир пиёла сув ҳақини тўлайман деб шунча одамни пойласам, олтиндек вақтимни кўкларга совурсам? Ахир менинг вазифам бор эди, вазифам!.. Аланглаб хизмат қилиб юрган лаганбардорларга, кўринишларидан маъмурият ходимларига ўхшаган олифта кишиларга умид билан қарадим, ҳатто икки-учтасининг олдигаям бордим, не ёзиқки, улар дардимни эшитишниям хоҳлашмади: ҳаммаси совуқ бир тарзда туйнук тарафни, у ерда қатор турган одамларни кўрсатишди. Шундагина хўрандаларнинг ҳолини, забун кайфиятларини тушундим. Бояги англашилмовчилик тумандек тарқаб кетди. Индамай бориб, қуйруққа тиқилдим.
...агар билганимда, бир пиёла сувни деб шунча вақт оёқда тик туриб кутишимни, вақтимни сувларга оқизишимни, вазифамни ўйлаб виждон азобида қолишимни олдиндан сезганимда бу ерга кирармидим? Айтишга осон, холос. Аслида, тоқатим тоқ бўлди. Қисматдошларим билан дардлашаман, дея оғиз очаману жавоб ололмайман. Ҳаммасининг оғзида талқони борми? - ўйланаман. Ё бари соқовми?..
Қоқилган қозиқдек тик туравериш жонга тегади. Оёқларга бир зум дам бериш учун чўккалайман, кўп ўтмай эса тиззаларим уюшиб чор-ночор қўзғаламан. Энди менинг ҳам гаплашишга на ҳушиму на кучим қолади... Шунда мен ҳам сафда турганларнинг биттасига айланганимни алам билан ҳис қиламан: соқов ва гунг бўлиб оламан... Шу кўйи саҳнада ўтирганлару навбатда тик турганларга азмойиш-ла қарайман: ҳайҳот! - бу ерга кираётганда ҳамманинг кўзларида умид ва қувонч чарақлардию, чиқаётганда эса ўкинч ва малол ёлқинланарди. Қаторда тураркан, саҳна ва қўшқаватда ястаниб олганча кўнгилхушлик қилаётганларга энди ачиниш билан боқаман. Қанийди бир пасдан кейинги ҳолларини кўра-билсайдилар, дейман... ичимда...
Вақт айланди, мен атрофни кузатишдан ҳам чарчадим. Чўкка тушган кўйи кўзларимни юмдим. Лаҳза ўтмай вужудимда яна таниш ташналик ўрмалай бошлади - ярқ этиб кўзларимни очдим! Во дариғ, бу нимаси? Мен чанқоғимни босиш учун бир пиёла сув сипқордиму, унинг ҳақини тўлаш учун сирада тураркан, тағин сувсадимми?!.. Тушиб қолган ҳолимга маймунлар йиғлайдиган эди. Лекин навбатни тарк этиб, яна ўша чашманинг бошига бориб сув ичишга ботинмасдим: ахир, сирам қўлдан кетади. Ахир, навбатда турган одамлар издиҳомининг на боши, на охири кўринади!.. Шу ерда ҳам ўз ўрнингга эга бўлишинг кераклиги мени жинни қилаёзди... Шундай экан, навбатдан чиқишга кимнинг ҳам юраги дов берарди? Тишимни тишимга босиб кутишда давом этдим...
Ғоят имиллаб олдинга ҳаракатланаётган сафда баъзан худ, баъзан бехуд эдим. Гоҳ ҳушимга келиб, олдиндаги сафдошимни туртиб юришга ундасам, гоҳ, иссиқ ва ташналикдан, зўриқиш ва диққинафасликдан не кўйларга тушганимни билмай алаҳсаганимда, изимдан келаётган шўрлик мени нуқиб ҳаракатланишга ундарди... Шу тарзда қанча фурсат кечди? - билмайман. Елкамдан биров қаттиқ итарди, ўзимга келиб кўзимни очиб қарасам, туйнукнинг шундоқ рўпарасидаман! Оҳ, деб юбордим беихтиёр. Азза базза киссамдан пул чиқариб ғазначига узатдим-да, шошиб у ердан узоқлашдим...
Одим отарканман, негадир вужудимда лоҳаслик, чарчоқ сезардим. Қадамларим ҳам негадир бу ерга илк кирганимдагидек дадил эмас, аллақандай оғир, кучсиз ва ҳафсаласиз... лекин нега? Ё шунчалар узоқ вақт қолиб кетдимми бу ерда: толиқдимми, эзилдимми?..
Аммо, булар нима деган гап? Ахир навбатдан қутулдим-ку! Ташқарига эсон-омон чиқиб олганимдан севинчим ичимга сиғмасди, ҳадеб кўкка сакрагим келарди. Шу маҳал аллақандай ғайришуурий савқ ила сезиб қолдимки, вужудим бу ишга қодир эмас! Ҳайрон бўлиб қўл-оёқларимга қарадим: ё Парвардигор! Бу нимаси!? Қандай жодуга учрадим мен? Кирганимда ёшлик шижоати уфуриб, тийиқсиз куч-қувватга тўлган таним тиришиб, эти устихонига ёпишиб қолган, суяклар теридан бўртиб чиқиб турар, жуда-жуда мўрт ва қувватсиз туюларди. Анграйиб, оғзим очилганча атрофга кўмак илинжида боқдим ва... ва кўзларим яна ўша эшикбон қизга тушди! Тушдию лолу ҳайронлигим минг чандон ортди: қиз мен кираётганда қандай зириллама ёш ва лобар бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўшандоғича турар, қирмизи лабларидаги нимтабассум билан ташналарни ичкарига тинмай чорлар, ташрифчиларнинг бўлса кети узилмасди... Дарвоқе, назаримда биронта арава ҳам карвонсаройни четлаб ўтиб кетмаётгандек, аксинча, бари-барчаси тўхтаб, улардан сакраб тушаётган аравакашлар ўламан саттор деярчасига ўзларини ёш қиз кўрсатаётган ўша чашмага, унинг бир пиёлагина сувига ураётгандек эди...
Ответить 
Старый 14.02.2011 17:51   #4  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Бир пиёла сув

Цитата:
Бошим айланиб, гандираклаб юзтубан йиқилдим. Кўзимга, оғзимга тупроқ кирди. Негадир у илиқ эди. Лабларим ёрилди, шекилли, ачиша бошлади. Ётган кўйи суриндим, пайпасландим. Иттифоқо, бармоқларим таёқни ҳис қилди: маҳкам тутиб, суяниб дол қаддимни ростлашга уриндим. Юз-кўзларимни артиб, қобоқларимни очдим: қаршимда арава турарди. Лоп этиб ҳаммаси ёдимга тушди. Ахир... ахир менинг вазифам бормасмиди, жуда муҳим топшириқ билан йўлга тушмаганмидим! Кейин... кейин тўсатдан қош қорайганини пайқаб, даҳшатдан кесакдай қотдим: ҳаммаси соб бўлдими?! Ўз зиммамга юклатилган муқаддас вазифани уддалаёлмай доғда қолдимми?!.. дея бақирмоқчи бўлдим... лекин овозим чиқмади, аммо ҳайқириқ миямда портлаганини аниқ ҳис қилдим...
Ҳассага таяна-таяна, бир-бир босиб аравага яқинлашиб, ҳасрат-ла унга суяндим. Шунда ўмганим, ёнбошим жиққа ҳўл бўлганини сезиб, тисландим-да кўзларимни йириб аравага қарадим: ундан ерга сув сизару тупроқ бетида кичик бир кўлмакча ҳосил қилган эди. Ажабландим, бор мадоримни тўплаб, арава устига ёпилган матони қалтироқ, рамақижон қўлларим билан тирмалаб очдим... Э воҳ, шу чоққача бошимга тушган ажабтовур воқеалар бир ёну буниси бир ён бўлди: не кўз билан кўрайки, араванинг ичида сув тўла кўзалар қатор тизилишиб турар, улардан биттаси йиқилиб синггану суви қуйига – асрий ташна қумликларга чак-чак томарди...

2011 йил, февраль
Ответить 
Старый 15.02.2011 15:18   #5  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Золимларни адо қил

(Беҳбудий, Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби истибдод қурбонлари тилидан)

(Золимнинг хор бўлиб ўлганин кўрай. Р.Р.)

Мазлум бўлдим, Худойим,
Золимларни адо қил.
Гулдек сўлдим, Худойим,
Золимларни адо қил!

Кучим етмай толдим мен,
Золимларни адо қил.
Куним сўзга қолди, Сен
Золимларни адо қил!

Зулмни танлаганнинг
Йўлларини тўсиб ол.
Юртимни талаганнинг
Қўлларини кесиб ол!

Золим бўлган олимлар
Маърифатни сўлдирар.
Олим бўлган золимлар
Мамлакатни ўлдирар.

Мазлум бўлдим, Худойим
Золимингни тўхтат, Сен.
Золимингга сотилган
Олимингни тўхтат, Сен!

Ҳақни сўрсам, оғзимдан
Қип-қизил қоним оқди.
Қип-қизил қон-ла тошиб
Оғриган жоним оқди.

Ўтинаман, йиғлайман,
Истагимни адо қил:
Ўз халқини қул қилган
Фираъвнни гадо қил!

Мангу адолат ҳаққи,
Майдон қурган шомонман.
Золим қайда бўлса, мен
Мазлум турган томонман.

Кучим етмаса етмас,
Тилим билан олишгум.
Тилимни суғурсалар
Дилим билан олишгум!

Дилда эса Сен борсан!
Сен борсан-ку дилимда!
Сен бор экан, Оллоҳим,
Нега қўрқай ўлимдан?

Тутарсан Сен қўлимдан
Бошлагайсан Жангоҳга.
Мени сўйган золимнинг
Бошини тез олмоққа!

Кесилган бошин кўрсам,
Қолмас эди армоним.
Ёлбораман пойингда,
Бергин энди фармонинг...

Сўзда сеҳр бор бўлса,
Золимларни адо қил!
Золимларни адо қил,
Сўзда сеҳр бор бўлса!..
Ответить 
2 "+" от:
Старый 28.02.2011 16:40   #6  
Real ID Group
Аватар для Sanjar Nazarov
Оффлайн
Издательство "Академ.нашр"
директор
Сообщений: 13
+ 8  23/13
– 0  0/0

UzbekistanМой мир
Улуғбек ака!
Назаримда, юксак идеалларга талпиниш ва гўзал туйғуларнинг тубида, асл моҳиятида ўта примитив маиший эҳтиёжлар яшириндек. Биз бу эҳтиёжларни аллақачонлардан бери ўз номи билан атамаймиз. Уларни чиройли, жимжимадор атамалар ортига яширганмиз ва асл номларини унутиб юборганмиз. Масалан, аслида миллат, эътиқод ёки маслак атрофида бирлашишдек баландпарвоз ҳаракатларнинг остида "жамоа нартсисизми" деб аталадиган руҳий ҳолат ётиши ёки ватанпарварлик бир пайтлар ғорда яшаган бобокалонимизнинг ўз ошёнини харсанг билан беркитишининг чиройли такрори эканлигини ҳеч биримиз қабул қилишни хоҳламаймиз. Негаки, эҳтиёжларни ўз номи билан аташ олийнасаблигимиз ва бошқа улуғвор сифатларимизга соя ташлайди. Мақсадга ўтсам, назаримда барча санъат турлари, шу жумладан, шеърият ҳам инсониятга бутун тараққиёт давомида йўлдош бўлиб келаётганига сабаб унинг моҳиятида яширинган эҳтиёжга боғлиқдек. Сиз бу фикрга қўшиласизми? Қўшилсангиз, шеъриятнинг асосида қандай эҳтиёж(лар) турибди, деб ҳисоблайсиз?
Ответить 
"+" от:
Старый 07.10.2010 16:04   #7  
Аватар для AbdulAziz
Оффлайн
www.ziyouz.com
Главный редактор
AKA:AbdulAziz
Сообщений: 1,932
+ 273  2,100/980
– 3  0/0

UzbekistanОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью MSNОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью YahooОтправить сообщение для AbdulAziz с помощью Skype™LiveJournalFacebook

Kimki bir ko‘ngli buzug‘ning xotirin shod aylag‘ay,
Oncha borkim, Ka’ba vayron bo‘lsa obod aylag‘ay.
Alisher Navoiy

Ko‘klam keldi-yu hovlidan bir qushcha ketmas bo‘ldi. Avvallari e’tibor qilmagan ekanmi, Husan endi uni kunda ko‘radi: qushcha goh u, goh bu daraxtga qo‘nib oladi. Gullash paytida esa boshiga oq ro‘mol tashlagan o‘rikdan negadir ayrilmay qoldi. Bo‘shadi, deguncha deraza qarshisida mixlanganday o‘tirib uzun-uzun xayollar suradigan sherigini Hasan o‘ng‘ay har fursatda bir yanib oladi. Hozir ham shunday bo‘ldi: “Hm-m, tag‘in qo‘zg‘adimi darding? Undan ko‘ra majlisni o‘ylamaysanmi? Shayx Ahmad Junayd hazratlari bilan uchrashuv hayotingda burilish yasashi mumkin, Husan! Hoy, kimga gapiryapman men? Devordan farqing yo‘g‘-a!.. – deya jirilladi u. Lekin muhatobining parvosiz o‘tirgani badtar jahlini chiqardi. – Qo‘y-e, go‘yo jannatga yo‘llanmasi naqd odamdek tutasan o‘zingni?..” davomi...
__________________
www.ziyouz.com | www.ziyouz.uz - Зиё истаган қалблар учун!
Ответить 
2 "+" от:
Реклама и уведомления
Старый 25.11.2010 10:24   #8  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Улуғбек ака!
"Узоқдаги Дилнура" тўпламингизда "Тош"(ёки ёвузликнинг туғилиши) деб номланувчи ҳикоя бор. Бу ҳикояни маҳоратли таржимон Иброҳим Чориев рус тилига таржима қилган ва ҳикоя "Звезда Востока" журналининг жорий йил, 1-сонида босилиб чиққан.
Ҳикояда инсон кўнглидаги тушкунлик борган сари оғир тошга айланиши ва инсон туйғулари исканжасида қийналиши, алал оқибат инсонларнинг ўзига томон йўналтирилиши маҳорат билан тасвирланган. Инсоннинг бўҳронга тушиб қолиши ва бўҳрондан чиқиб кетиши ҳам атроф-муҳитга боғлиқ бўлади.
"Тош" ҳикоясининг ёзилишига туртки бўлган нарса нима?

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 25.11.2010 в 10:39.
Ответить 
"+" от:
Старый 25.11.2010 10:57   #9  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Улуғбек ака!
"Узоқдаги Дилнура" тўпламингизда "Тош"(ёки ёвузликнинг туғилиши) деб номланувчи ҳикоя бор. Бу ҳикояни маҳоратли таржимон Иброҳим Чориев рус тилига таржима қилган ва ҳикоя "Звезда Востока" журналининг жорий йил, 1-сонида босилиб чиққан.
Ҳикояда инсон кўнглидаги тушкунлик борган сари оғир тошга айланиши ва инсон туйғулари исканжасида қийналиши, алал оқибат инсонларнинг ўзига томон йўналтирилиши маҳорат билан тасвирланган. Инсоннинг бўҳронга тушиб қолиши ва бўҳрондан чиқиб кетиши ҳам атроф-муҳитга боғлиқ бўлади.
"Тош" ҳикоясининг ёзилишига туртки бўлган нарса нима?
"Тош" рамзий ҳикоя бўлиб, асарда инсоннинг мураккаб ички дунёси ва ундаги зиддиятларқаламга олинган. Инсон бор экан, эзгуликка, яхшиликка интилади, ҳар доим ёруғлик бўлса, дейди. Лекин у минг айланиб- ўргилсин, хар доим хам некбин ниятига етавермайди. Қизиғ-а, инсон яхшиликка талпинса-ю, мақсадига етолмаса, демак, қайдадир қандайдир хато бор экан-да! "ТОШ" да шу нарса қаламга олинган. Ҳикоя қахрамони атроф муҳитдаги иллатлар таъсирида юрак баҳрида пайдо бўлган тошдан халос бўлмоқ истайди. Ҳаётида учраган гўзал аёл унга бу йўлда ёрдам бериши керак эди гўё. Аммо минг афсус... мазкур жумбоқни ечишда гўзаллик тимсоли ҳам ожизлик қилади. "Дунёни гўзаллик қутқаради" деб эълон қилганди ўз вақтида улуғ рус ёзувчиси Достоевский. Лекин мазкур ҳикоя қахрамонининг оғирини енгил қилмайди бу гўзаллик. Аксинча, қахрамон гўзалликка интилади, интилади-ю, бир дардин бўлади: гўзаллик моҳиятининг ўзи ғоят зиддиятли чиқади. Яъниким, у интилган гўзаллик тимсоли бўлмиш аёлнинг бағрида оддий нафс билан боғлиқ ёвузлик яшаётган экан: балиқ ва унинг аянчли ҳоли ҳамда шу жониворга аёл муносабатини эсланг... Қахрамон маннашуларни қабул қилолмайди. Чунки у истаган гўзаллик ҳар қандай ёвузликдан, қотилликдан узоқ бўлиши керак эди-да! Шу боис у қалбида яна ўша чўкиб ётган тошни туяди, бундан эса изтиробга тушади, алам билан бобо қуёшга ўз норозилигини намоён этади.
"Тош" инсон фитратида кристалл,
ҳар қандай салбий қоришиму қатронлардан тоза, шаффоф бир гўзаллик соғинчидан пайдо бўлган ҳикоядир.
Ответить 
Старый 25.11.2010 17:05   #10  
Аватар для Pfefferminze
Оффлайн
net
net
Сообщений: 497
+ 612  393/230
– 41  22/22

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Ulugbek Hamdam Посмотреть сообщение
Ҳикоя қахрамони атроф муҳитдаги иллатлар таъсирида юрак баҳрида пайдо бўлган тошдан халос бўлмоқ истайди. Ҳаётида учраган гўзал аёл унга бу йўлда ёрдам бериши керак эди гўё. Аммо минг афсус... мазкур жумбоқни ечишда гўзаллик тимсоли ҳам ожизлик қилади. "Дунёни гўзаллик қутқаради" деб эълон қилганди ўз вақтида улуғ рус ёзувчиси Достоевский. Лекин мазкур ҳикоя қахрамонининг оғирини енгил қилмайди бу гўзаллик. Аксинча, қахрамон гўзалликка интилади, интилади-ю, бир дардин бўлади: гўзаллик моҳиятининг ўзи ғоят зиддиятли чиқади. Яъниким, у интилган гўзаллик тимсоли бўлмиш аёлнинг бағрида оддий нафс билан боғлиқ ёвузлик яшаётган экан: балиқ ва унинг аянчли ҳоли ҳамда шу жониворга аёл муносабатини эсланг... Қахрамон маннашуларни қабул қилолмайди. Чунки у истаган гўзаллик ҳар қандай ёвузликдан, қотилликдан узоқ бўлиши керак эди-да! Шу боис у қалбида яна ўша чўкиб ётган тошни туяди, бундан эса изтиробга тушади, алам билан бобо қуёшга ўз норозилигини намоён этади.[/SIZE]
"Тош" инсон фитратида кристалл, ҳар қандай салбий қоришиму қатронлардан тоза, шаффоф бир гўзаллик соғинчидан пайдо бўлган ҳикоядир.
Assalomu alaykum

Sizga bitta savolim bor edi. Siz hikoyani yozishdan oldin, Dostoyevskiyning go'zallik haqida yozgan tafsilotlarini batamom, batafsil o'qib, o'rganib chiqib keyin yozganmisiz yoki shu aytgan bir qatordan iborat fikri bilan chegarlanib qolib, hikoyani yozganmisiz?

Hurmat ila Ra'no

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 25.11.2010 в 17:12.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх