Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 23.09.2010 17:56   #61  
Аватар для ilm izlagan
Оффлайн
Сообщений: 27
+ 0  15/13
– 0  0/0

Turkmenistan
Цитата:
Сообщение от Husen Посмотреть сообщение
Хабарларга кўра Ўш қирғинида нафақат шоирнинг уйи, балки унинг номига қўилган бутун кўчанинг кули ҳам кўкка совурилган
Буни энди шоирга алоқаси бўлмаса керак. Ёки шоир ўша ерда яшагани учун кули кўкка совирилибдими?
Ответить 
Старый 26.10.2010 15:39   #62  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Нодир Жонузоқ. Қалб қадрдони...

Цитата:
Нодир Жонузоқ

Қалб қадрдони...

Шавкат Раҳмон билан учрашиш, афсуски, менга насиб қилмаган.
Шавкат Раҳмон билан ҳар куни биргаман.
Бирон ножўя иш қилиб қўйсам, ярашиқсиз сўз сўйласам, кўнглимдан ёмон ўй ўтса, шоирнинг ўткир нигоҳи кўксимга қадалгандай бўлади: “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” то тавба-тазарру қилиб ўзимни бир қадар покламагунимча қиличдай кескир нигоҳ мени тинч қўймайди...

* * *

“Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик...”Кўз олдимизда сўзни қиличдай қайраётган шоир қиёфаси намоён бўлади.
Шоир фақат ўз шеърларида эмас, балки таржималарида ҳам сўзларни тоблайди. Хусусан, Федерико Гарсиа Лорканинг “Ғар” номли шеъридаги ушбу мисраларни ҳар гал ўқирканман, беихтиёр ҳайратланаман:

Ялтир-юлтур, кофур бадан –
нард гулидан форам, нафис –
шандир шабий ойнакларда
сузган ойнинг нури каби.


“Кофур бадан”, “нард гули”, “форам”, “шабий ойнаклар” каби сўзлар, иборалар – ўзимизники, бироқ тан олайлик, омма тугул шоирлар, сўз усталарининг ҳам назаридан четроқда туради. Шоир, айнан, ана шундай сўзларни териб олади ва Лорка шеъриятига хос бўлган сирлилик, фусункорликни пайдо қилади. Гоҳо ўйлайман: бу мисралар испанчада қандай янграркин? Афсуски, тил билмаслигим панд беради. Бироқ рус таржимони билан қиёслаш имконимиз йўқ эмас:

Ее жасминная кожа
светилась жемчугом теплым,
нежнее лунного света,
когда скользит он по стеклам.
..

Ўзбекча ва русча матндаги айрим тафовутлар эътиборингизни тортган бўлса ажаб эмас. Русчада бошқачароқ-ку, деб шошилинч хулоса чиқарманг. Негаки, иккинчи рус таржимонида ушбу мисралар яна-да, бошқачароқ тарзда янграйди:

Нардом, жемчугом ракушки
тело женское сверкало.
Так вовеки не блестели
ни хрусталь, ни лунный камень...


Умуман олганда, қиёсий таржима – алоҳида, катта иш. Бунинг учун таржимон ўзбек, рус ва испан тилини мукаммал билиши ва устига-устак, нозик поэтик дидга ҳам эга бўлиши лозим. Лекин, нима бўлганда ҳам, бир нарсани тан олиш керак, шеърнинг ўзбекча таржимасида табиий оҳангдорлик, мусиқийлик кучлироқ. Мисралар испан романслари каби ўйноқилаб оқади. Ва, беихтиёр тилингизга ўрнашиб қолади. Ўзингиз билиб-билмай хиргойи қила бошлайсиз:

Шандир шабий ойнакларда...
Ответить 
"+" от:
Старый 26.10.2010 15:41   #63  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Нодир Жонузоқ. Қалб қадрдони...

Цитата:
Ҳар бир истеъдодли шоирнинг ижодида бевосита ўз қисматига дахлдор, ўз ёзуғини башорат қилувчи, ҳеч бўлмаса, битта шеъри бўлади, деб ўйлайман. Шавкат Раҳмонда бундай шеърлар кўп. Бироқ, унинг “Авж” деб номланган, бошқа асарларига нисбатан қисқароқ – тўрт бандли шеъри шоир қисматини тўлиқ белгилаб берган, назаримда.
Ҳа, белгилаб берган, деяпман.
Негаки, бу шеър шоир айни кучга тўлган, шеър сарлавҳасига мутаносиб тарзда авж нуқтада ижод қилаётган паллада – ҳали зулмат элчилари бўй кўрсатмаган, ажал қўнғироғи сукунат қаърида мудраб ётган, уйғоқ тоғлар дунёга довруқ солаётган кезларда ёзилган эди.
Шеър шундай бошланади:

Мен, шубҳасиз, парчаланаман, -
Шундай тугар буюк хизматим.
Кимга кўзим, кимга пешонам,
Кимга тегар қизиқ қисматим.


Шоир сохта камтарлик қилиб ўтирмайди. У “...хизматим”дан олдин “ажиб”, “сирли” каби бетараф сифатларни ҳам ишлатиши мумкин эди. Аммо, у ўз қисматининг бошқаларникидан кўра қизиқ, фавқулодда кечаётганини ҳис қилади ва, англайдики, тақдир уни буюк хизматга сафарбар қилмоқда. Бу хизматнинг сўнгида, шубҳасиз, у парчаланиб, бор-будини эл-юртга бўлиб, топшириб кетади.

Ғалаёнга тўла вужуддан,
Охир, дунё бўладир, халос.
Ер остига кириб кетарман
барча мўмин бандаларга хос.

Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Фақат икки хил товланишга эга бўлган, охир, сўзига эътиборингизни тортмоқчиман. Мустақил тарзда у ғалаёнга тўла вужуд қисмати якунини билдиради. Аммо, ёнидаги дунё сўзига уриларкан, охирзамон бирикмасини эслата бошлайди. Зотан, ғалаёнга тўла вужуддан халос бўлишга охирдунё интиқ эди. Шу боис, шоир бўлади сўзини бўладир тарзида Р ундоши билан мустаҳкамлаб тамбалайдики, бу интиқлик тугалроқ, яққолроқ акс этади. Зеро шоирнинг нафосат, эзгулик, ор-номус ҳақидаги ўйлари охирдунё табиатига мос эмас, демакким, шоирнинг ўзи ҳам унга бегонадир.

* * *

“Шавкат Раҳмоннинг илк шеърлари гўзал!” дейди кимдир.
“Шавкат Раҳмоннинг сўнгги шеърлари ўтли!” дейди бошқа биров.
Иккаласи баҳслашади. Гўё иккита шоирнинг тарафдорларидек.
Уларни жим кузатаман. Нимаям дердим: иккаласи ҳам ҳақ.
Ўзимга келсак, кайфиятимга қараб, гоҳ шоирнинг илк шеърларини, гоҳ кейинги даврда ёзганларини ўқийман.
Шоирнинг “Сайланма”сини бир бошдан варақларкансиз, дарадаги шаффоф булоқ бўйида гўзал табиат манзараларидан завқланиб юрган сайёҳнинг қандай қилиб хатарнок, илонизи сўқмоқлар орқали тоғ чўққисидаги даҳшатли вулқонлар қошигача чиқиб борганини кўрасиз. У бу йўлчилик мобайнида сокин кузатувчидан ёвқур жангчига айланиб боради. Олдин Сўз унинг учун мўйқалам бўлган бўлса, энди шамширга дўнади. Ортидан келаётган маънавият аскарларига қарата хитоб қила бошлайди: “Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик – идрок-ла совутиб тағин қайрайлик – ўзбекнинг қоракўз болаларига – битта дунё қолсин ҳайратлик...” Негадир шоир ўзидан олдингиларга эмас, кўпроқ ортидагиларга суянади. Навқирон авлодга ишонгиси келади: “Ҳозирги ёшларда покизалик бор - тирик қалбларига диёнат эга – гўё пок табиат ёмон кўзлардан – асраб қўйганларин шуларга берган...”
У энг қўрқадиган нарса бу – хиёнат, фитна. Негаки, “жангда ўлган эмас бирор баҳодир – бари ҳалок бўлган хиёнатлардан...” Шу боис шоир бетўхтов тарзда аҳли мардумни мард бўлишга, сўнгги сонияда ҳам сабот кўрсатишга чақиради. Бироқ дунёнинг буқаламунлиги, чиркин иғво-бўҳтонларнинг сассиқ оқаваси очиққалб жангчини баъзан толиқтиради: у яна бир пайтлардаги беғам ёшлигини, мусаффо табиат қўйнидаги тоза, рангин лаҳзаларни қўмсаб қолади.

Бир ойким
арчазор тоғлар бағрида
бир ўктам арчадай яшнадим қасддан.
Бир синиқ булоқдай кунга қарадим,
файласуфлик қилдим
бамисли харсанг...


Ҳа, у яна зулмсиз, беғубор боладай кунларга дил бергиси келади. Бироқ, бу вақтинчалик ҳолат. Негаки, ўзи ҳам яхши билади, энди ортга йўл йўқ: кўксидаги гулханни бешафқат шамоллардан ҳимоя қилганча, олдга интилади у. Бераҳм қасирғаларга юз тутар экан, ўзига хайрихоҳ ахтаради. Аммо қани ўша жавонмард?! Ойга қараб увлаган бўридай нола чекади шоир: “Жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?!” Ҳадеганда сас-садо келавермайди. Ниҳоят, у афсус-надомат комида тан олади: “Мен жангчи эмасдим – мен шоир эдим, дилимни қаритди бесамар жанглар...” Унинг кўз олдида оқ сукунат портлаган саҳарда ялангоёқ чопиб юрган яшил дарахтлар жонланади. “Яшил шажар эдим... Қандоқ соғиндим... Кўзимни яшнатса рубобий ранглар...” – деб ич-ичидан ўксийди. Бир пайтлар ошиқлар бошидан тангачалар сочган шохларига қарар экан, эмранади; энди сокин туйғулар пинжидан асло ҳаловат тополмаслигини англаб тақдирга тан беради: “Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир – бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон...”
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Старый 26.10.2010 15:42   #64  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Нодир Жонузоқ. Қалб қадрдони...

Цитата:
“Шоир” сўзи “виждон” атамасининг синонимига ўхшайди.
Шу боис виждонига хиёнат қилган шоир яхши шеър ёзолмай қолади.
Яхши шоирлар ҳамиша виждон кўзгусига тик боқиб яшайдилар.
Шавкат Раҳмон каби...
Бундай шоирлар жисман йўқ бўлсалар-да, маънан ҳамиша сафимизда. Уларнинг овози, нигоҳи бизни ҳамиша ҳалолликка чорлаб, мард яшашга ундаб туради.
Йўлдан тойсак, биздан аввал “оҳ” тортади.
Тушларимизга кириб безовта қилади.
Қулоқларимизга пахта тиқсак ҳам, хитоби қалбимизда акс-садо бераверади. Жумладан, бу хитобга мен ҳам бот-бот дуч келаман. Ҳарқанча чап беришга уринмай, у кўзимга санчилаверади. Нима қилишни билмай, охири уни шеърга айлантириб, қоғозга ҳибсламоқчи бўламан. Аммо у қолипга сиғмайди, сирғалиб кўк сари ўрлайди. Менга насиб қилгани – унинг кўзгудаги акси, сояси, холос. Кўринг-чи, балки, у сизга ҳам бегона эмасдир...

Нодир Жонузоқ
Ответить 
2 "+" от:
Старый 26.10.2010 17:24   #65  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Нодир Жонузоқ. Қалб қадрдони...

Цитата:
1996 йил эди, адашмасам.
Шоир дўстим Ориф Тўхташ билан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ишлайдиган газета таҳририятига бордик. Биз – Самарқанддан келган талабалар учун бу учрашув муҳим ҳодиса эди. Фақат газета-журнал, китоблари орқали мулоқот қилганимиз катта шоир билан юзма-юз келишни ўйлаб, ҳаяжонланардик.
Устоз шоир бизни очиқкўнгиллик билан кутиб олди.
Шеърларимиз билан танишди. Маъқул топганларини газета учун саралаб олди. Ва... қайси шоирларни ўқишимиз билан қизиқди.
Айтдик.
“Шавкат Раҳмонни-чи? Ўқиганмисизлар?”
Рости, бу шоир ҳақида эшитган бўлсак-да, ўқимаган эдик.
“Ўқинглар. Зўр шоир!”
Самарқандга қайтибоқ, Шавкат Раҳмон китобларини излаб топдик. Шоир шеърияти биз учун кашфиёт бўлди. Унинг мусаввирона, сокин шеърлари бизни ҳайрат водийсига олиб кирди.

Ой гуллади. Осмон тоқига
юлдузларни кимдир қоқади.
Ўзанларда сокин тўлғаниб
Тағин қуюқ кундуз оқади...


Тасаввур қилиш мароқли эди. Гуллаган ой, осмон тоқига нарвон қўйволиб бирма-бир юлдузларни қоқаётган сеҳргар, ўзанларда ёйилиб оқаётган қуюқ кундуз...
Шоир зўрма-зўраки кучанишсиз, зўриқишсиз нафис манзараларини чизиб беради сизга. Унинг мўйқалами – тил, бўёғи – сўз. Ҳар бир ранг, чизги ўз ўрнида ишлатилади. Ортиқча бежамалардан холи.

Боғларда кўзларим қамашар
Шохларга илинган ойлардан...
Тошларга урилиб, шарқираб
Юлдузлар оқади сойларда...

Бундай қараганда, жуда оддий мисралар. Қофиялар ҳам эски. Шарқ шеъриятида “ой”ни “сой”га қофия қилмаган шоир бўлмаса керак. Бироқ, энг муҳими, туйғу янги. Манзара оҳорли. Ва ҳар мисрада шилдираб турган Ш товуши бир-бирига уриларкан, сойдаги тошларга тегиб шарқираб оқаётган юлдузларнинг товушини эшитгандай бўласиз. Биринчи мисранинг сўнгги бўғини (қама-шар) ва учинчи мисранинг сўнгги сўзидаги илк бўғин (шар-қираб)нинг бир хил экани, устига-устак, ҳар иккала сўзда ҳам қайроқдай қаттиқ Қ товушининг борлиги яширин уйқашлик, ички қофияни юзага келтирадики, ўқувчи буни сезмайди. Қофиянинг – ой ва сойга терс ўлароқ – бундай ўзини панага олиши, кўздан четроқда одоб сақлаб туриши – шоирнинг ютуғи, шубҳасиз.
Шавкат Раҳмон ижодидаги ҳар бир шеър улкан тадқиқот манбаи бўлиши мумкин.
Фақат бунинг учун ҳафсала, куюнчаклик ва шубҳасиз, нозик дид ва уйғоқ виждон бўлса бас...
Ответить 
"+" от:
Старый 26.10.2010 17:27   #66  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Нодир Жонузоқ. Қалб қадрдони...

Цитата:
Шавкат Раҳмон шеърларини шартли равишда уч қисмга ажратаман.
Биринчиси - “Табиат”.
Бу турга мансуб шеърларда, юқорида таъкидлаганимиздек, табиатнинг рангин манзаралари акс этади. Шоирнинг туйғуси тонгги шабнамдек тоза. У капалак қанотидай ҳарир хаёлидан баҳра олади. Энтикиб-энтикиб мусаффо ҳавони ичга симиради. Севинч ёшлари зилол сувларга қўшилиб кетади. Завқланиб учгиси келади. Шамол – тоғ хўрсиниғи, гуллаган дарахтлар – оқ машъала эканини илғайди; кўзларини эриниб очаётган тонг, ёбонда гуркираб ўсаётган тун, довдираб ухлаётган боғ, яшашни ўргатувчи дарахт – ҳамма-ҳаммаси шоирнинг назаридан четда қолмайди. У бошқа мавжудотлар каби ўзини табиатнинг тенг ҳуқуқли фарзанди деб ҳисоблайли. Ҳа, айнан тенг ҳуқуқли фарзанди – бошқалардан кўра кўпроқ имтиёзга эга, ҳокими мутлақ деб эмас!
Бу шеърлар беғубор қалбга дахлдор бўлиб, тоза туйғу силқиб, товланиб туради.
Иккинчи қисм – “Табиат ва Жамият”.
Лирик қаҳрамон энди ўт-ўланлар, тоғ-тошлар, турли набототу-ҳайвонот, ой-юлдузлар оламида мангу қололмаслигини, улардан фарқли ўлароқ жамиятга боғлиқ бурчлари борлигини англаб ета бошлайди. Энди унинг бир оёғи Табиат қўйнида бўлса, бир оёғи Жамият бағрида бўлади. Мабодо у энди табиат унсурларига мурожаат қилган тақдирда ҳам хулоса жамиятга тегишли бўлиб чиқаверади. Бир қўли билан майсадаги қўнғизни силаётган бир пайтда иккинчи қўли билан номуссиз одамнинг юзига тарсаки тортади. У энди аввалгидай фақат мусаффо манзараларни эмас, балки ўрмонга қўшоғиз милтиқ кўтариб кириб келган одамнинг қандай қилиб бўрига айланишини; ғаройиб даврадаги одамлар оёғининг турфа ҳайвонлар туёғига дўнишини; бетайин кимсалар номини кўтариб ўсаётган гунг қояларни; завол топаётган безабон, хокисор ернинг мунгли кўзларини; баланд дарахтларнинг ингроқларини; ва шунга ўхшаш маъюс ҳолатларни кўра бошлайди, уларнинг ғамгин овози борлиғида акс-садо беради.
Шеърлар ҳам бироз бўйига қараб ўсгандай. Таассурот ҳам энди кўнгилдан онг томон кўчади. Яъни бу шеърлар кўпроқ тафаккурга дахлдор бўлиб, лўнда фикр бўртиб туради.
Учинчи қисм – “Жамият”.
Энди шоир иккинчи оёғини ҳам Жамият узра қўйган. Унинг эътиборини табиатнинг мафтункор манзаралари эмас, балки жамиятнинг оғриқли ҳолатлари жалб қилади. У инсонларнинг ўзаро кураши ваҳший ҳайвонларникидан ҳам кўра бешафқатроқ эканини, агар йўлбарс-у бўрилар очиқ, юзма-юз тишлашса, одамзот орқадан ханжар санчишини тушуниб етади. Шу боис ҳар сония ҳушёр туришга, ғафлатда қолмасликка мажбур у. Негаки, “қалтис лаҳзалар йўқ – қалтис умр бор”, бу умрни кўзлари тўймаган жобирлар ямлаб-ютишга тайёр, у энди муҳаббатга эмас, нафратга суянади: “ишқимни ғажиган бўридир қаҳрим” дея, иғволар қуртлаган шўрлик диёрда замону маконин буткул йўқотган бир улуг ФАРЁДга айланади! Бу шунчаки бир шахсий нола бўлиб қолмасдан, турфа фитналар исканжасида Истибодга қарши тиш қайраган Улуғ Элнинг Фарёди эди...
Энди акс-садо, замзамалар онгдан руҳга кўчади. Шеърлар Безовта Руҳга дахлдор бўлиб, тўлғонишу-туғёнлар қуршовида қоламиз.
Кўнгил – Онг – Руҳ.
Кўнгил япроғидан Онг чўққисига сакраган шоир Руҳ осмонига парвоз қилади ва... тубан ерга қайтиб тушмайди.
Бир сўз билан айтганда, Шавкат Раҳмон шеърияти баҳор осмонига ўхшайди: унинг рангин, гўзал камалаги жилоланиб, кутилмаганда кескир шамширга айланадики, булутлар бағри ситилиб, еру-кўкни момоқалдироқ овози, умидбахш чақинлар тута бошлайди.

Рангин лаҳзаларга тўлмоқда ҳаёт,
Юрак қирралари бўртган чоғларда.
Очиқ кунлар йўқлаб келаётир бот,
Тошлар гулламоқда уйғоқ тоғларда...



Ответить 
"+" от:
Старый 26.10.2010 17:28   #67  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Хитоб

Бир овоз янгради
Айни Қавс ойи,
Оғритиб кўксимнинг яраларини:
“Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир
Бир куни қайтадан яраладими?!”
Ўзимга қарадим:
Ич-у тошимда
Не-не синиқларим бўлди бир-бир фош.
Англадим –
Қайралган йигит ёшимда
Бир қилич зарбига беролмам бардош.
Сув ичган чўғ каби тутар исёним,
Шуъласи зулматнинг қаърида заиф.
Баногоҳ ёришган толим зиёни
Кўзимнинг нурига оламан чайиб...
Тобора хитобнинг шиддати ортар,
Тобора залворли овоздаги юк.
Қарайман –
Ёнимда, олдимда, ортда
Бирон-бир жавонмард,
Кўнгли куйган йўқ.
Ҳамма жим...
Гўёки кетмиш ўлдириб
Миллатнинг бошидан қуйилган дори.
Бир овоз келади ҳамон гулдираб:
“Жувонмарг бўлгурлар,
Жўмардинг борми?!”
Бу сўроқ - ?
Бу ундов - !
Қинга сиғмаган
Шамширдай бошимда ўйнайди ҳар кеч:
Айт-чи, ҳей биродар, бирор синмаган
Тик сўзинг –
Исёнинг борми дилда ҳеч?!
Не дейин – виждоним қақшаган, зада,
Ўқ еган йўлбарсдай имоним додлар.
Қанчалар қалтис ва қийин бўлса-да,
Ҳечқурса, сиз жавоб беринг, авлодлар!
Йўқса, бу чақмоқдай овоз
Ҳар доим
Янгилар кўксимнинг яраларини:
“Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир
Бир куни қайтадан яраладими?!”
“Ҳа” денг сиз – эгасин топсин бу хитоб,
“Ҳа” денг сиз –
Безовта Руҳга ачининг.
Бир қутлуғ савашга отланинг шитоб,
Ҳимоя қилганча кўнгил ганжини.
Мен эса...
Рубобий шеър ёзиб, бир пас
“Яшил шажар каби турай мушаккал”.
Токи келар экан ғолибона сас,
“Заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар”.
Ўйламанг,
Курашдан турмасман четда,
Сизнинг ёнингизда ҳамиша борман.
Маккор ҳийлаларга бўлурман четан,
Сиз зобит бўлсангиз –
Яловбардорман...

Нодир ЖОНУЗОҚ
2010 йил, 6-12 январь
Ответить 
2 "+" от:
Старый 25.11.2010 11:16   #68  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Эълон!
Яқин кунларда шоир Шавкат Раҳмоннинг сингиллари ва рафиқалари Манзура опа билан мулоқат уюштиришни режалаштирганмиз.
Кимда Шавкат Раҳмоннинг ҳаёти ва ижоди ҳақида саволлар бўлса мавзуда қолдиришингизни илтимос қиламиз.
Ответить 
Старый 09.12.2010 16:54   #69  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар). Биринчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И


(Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар)



Эй, гулим,
Кўзларга ёшлар тўлганда
Соямиз қўшилган дамларни эсланг!

Шавкат Раҳмон.


… У юзини терс ўгирди.
– Нимага келдингиз?
Нафаси сиқилиб, бутун вужуди бўғриққан, юз томирларигача таранглашиб, тобора қорайиб бораётган дарё тошларидек захали, уйдум-чуқур юзи энди бурунгидек қоя тошни эслатмас; ўшлик мусаввир полотносидан боқиб турган бургут нигоҳлардан асар ҳам қолмаган; аёвсиз дард билан олишавермоқдан тинкаси батамом қурғаган; кетмончиникига ўхшаш бақувват қўлларига ботган игналарнинг сон-саноқсиз излари ўрнида кўкиш-қора доғ билакларига ёйилиб, ток зангига ўхшаёзган; қадимги юнон ҳайкалтарошларининг ҳавасини келтирувчи мардонавор ва асл ўзбекона қиёфадан бир бурда эт қолган; қаттиқ ва тиғиз сочларига сўнгги пайтларда туйқусдан ёғилган оқ қировлар энди қирқ олти ёшни қоралаган забардаст шоирни етмиш яшар мўнкиллаган мўйсафидга айлантирган эди. «Мўйсафид» нафас ололмасди. Кўкраги тобора сиқилиб борар, унинг бошида изиллаб турган аёлига хона ҳавосизликдан портлаб кетадию деразада турган ва гази чиқариб юборилган минерал сувнинг идиши қаёққадир улоқиб кетадигандек туюларди. Нафсиламрини айтганда, аёлнинг назарида ҳаво фақат хонада жон талвасасида ётган беморнинг кўксидагина эмас, бутун коинотда тугаб қолгандек, энди ўзи ҳам бу кўзга ташланмайдиган тансиқ неъматга тўймаётгандек эди.
– Нимага келдингиз?..
Мен руҳонияти чўққилардек ўктам ва қайсар, ҳеч қачон ҳеч кимнинг наздида бош эгмаган, жисмининг ҳар заррасида мардлик, ҳалоллик, тўғрилик, содиқлик, эътиқод, номус ва гўзаллик яшаган шоир айни пайтдаги ҳолатига тоқат қилолмаётганини ҳис қилардим. У бундай бўлиши мумкин эмасди. Дард номардларча уни оёқдан олганига, бир қултум ҳаво учун бутун вужудини қон қақшатаётганига чидаёлмасди. Йўқ, ўлимдан қўрқадиганлардан эмасди. У бошқача ўлимни истарди ва ҳатто ўшандек бир ўлимни яширин орзу қиларди. Дейлик шеърларига ўхшаш гўзал, аёвсиз, аччиқ, фожиали ва кутилмаган ўлимни… Мен ҳеч нарса демадим. Ҳаммаси кундек аён эди. Сўлғин кўзларининг тубида қотиб қолган «туркона» (бу унинг ибораси) битиклар ўзбек шеъриятининг Алп Тегини умрининг охирги лаҳзарини яшаётганини тасдиқларди. Бу битикларда миллат қисматининг бор фожеъ ва мусибатлари, Ташқи душманлар қутқусига учиб бир-бирини аёвсиз қирғин қилган жигарлар, Помир-Олой тизмаларида қолиб кетган беғубор болаликнинг учқур хаёллари, Ўш остонасида унинг йўлларига кўз тикавермоқдан қорачиғлари йўлларга тўкилган ва ниҳоят довон оша Тошкентга келиб, жон талашаётган боласининг ҳолсиз вужуди ёнида Худога нола қилаётган онаизор лабларининг пичир-пичирлари, самбит қоматли сулув қизларининг бўйига боқиб, уларга каҳкашондек бахт орзу қилган аёлининг маъюс хаёллари, ягона Шоҳруҳнинг беғубор ва содда нигоҳлари… ва яна кўп нарсалар ифодаланаётгандек эди. «Туркона» қарашлар чўғидан кул тўкилиб борар, асл «туркона» зарбдан шукуҳ кетиб бормоқда эди. Сўз айтиш, кўнгил кўтаришдек бемаънилик хаёлимга ҳам келмади. Жим унинг нигоҳларига боқдим ва хонани тарк этдим. Қайтиб бормадим. Энди бориб бўлмасди. Ростини айтганда, ўзим ҳам уни бу ҳолда кўришни истамасдим.
Тошкентнинг талаблар шаҳарчаси ён бошидаги онкология маркази биноси жойлашган дарахтзор ҳовлида юрган одамларнинг қиёфасида ҳам алланечук мунг бор эди. Асосан, саратон касалига чалинганлар билан шуғулланувчи духтурларнинг аҳволини тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Улар беморларга қандай қилиб умид бағишлашар экан? Нега чорасиз бу дард қошида ожизлигини тан олмаган табибу табобат деярли қолмади? Наҳотки, саратон ўз чангалига олган ва олаётган кишиларнинг кўз ўнгида фақат саратонда қуриб-қақшаб қолган биёбондан бошқа ҳеч нарса бўлмаса?.. Бу нарсаларга ақлим етмаслигини билардим. Мен тобора бу дунёдаги ризқи қирқилиб бораётган «ўжар шоир»нинг қисматини ўйлай бошладим. Ажал одам танламаслигига ишонсам-да, аммо бундай одамга ақалли бир оз шафқат қилиш лозим бўлган кучлар бордек туюларди. Ахир, шундай буюк қалбни яратиб, уни қандай қилиб қайтариб олиш мумкин? Унинг борлиққа ҳали қониб тўймаган нигоҳи, райҳон бўйларига бўлган гўзал соғинчи, ҳамма-ҳамма нарсага чексиз муҳаббати, қиличдек кескир орияти, ватан ва эл-юртга бўлган буюк муҳаббати ҳаққи-ҳурмати уни асрагувчи кучлар бор деб ўйлардим… Аммо, ҳамма ва ҳамма нарса саратоннинг қаршисида ожиз эканлигини ошкор тан олдилар.
Шеърни том маънода ҳар нечук тутқунликдан озод қилган, ҳар қандай зоҳирий сарҳадларни бузиб ташлаган, сўзга жон бағишлаш санъатини яратган, сафсата, қасидавозлик, маддоҳлик ва қуруқ баёнчилик, арзон панд-насиҳат, маталнамо сўзамоллик, файласуфлик, риторика ва ҳайқириқлар карнай-сурнайларини адабиёт майдонидан ҳайдаб солмоқчи бўлган, янги ўзбек шеърияти мактабини бунёд этган, жонли тилнинг бор имкониятларини амалда қўллай олган, рамзий ифоданинг қироли, мажоз танлаш, жиловсиз эҳтиросни сўз билан бўйинсундиришни илк бор жорий қилган ва яланғоч ҳақиқат туйғусига илоҳийлик либосини кийдирган сўз сеҳргари омонсиз дард чангалида сурункасига уч юз олтмиш олти кеча-кундуз олишиб, ҳали тугалланмаган шеъридек жон таслим қилди. Балки Паганини шундай жон бергандир, балки Машраб ҳам шундай ҳолатда дор остига боргандир. Балки Лорка… Аммо улар ўз аҳволидан «хижолат чекмаган». Дор тўшак эмас. У буни яхши биларди ва қачонлардир, жангда қурбон бўлиш ҳақида сўйлаганди. Энди эса, бир қултум ҳаво ҳам йўқ, борлиқ олам гулдираб, айқириб, қутуриб нафас олиб ётибди, ҳатто унинг Аравонида, Новқат ва Сулаймон тоғларида тошлар ҳам нафас оляпти. Дарёлар шовиллаб, мирза тераклар Ўш кўчалари бўйлаб солланиб, ютоқиб нафас олмоқда, майса ва гиёҳлар, қурту қумурсқалар, илону чаёнлар ҳам нафас олаяптилар. Фақат у… бир қултум нафас олиш учун бутун вужуди билан тиришиб, зўриқиб азоб чекади.

Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
Пешонамнинг шўридан
Бино бўлган бу дарё…
Осмон тўла ҳаволар
Фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
Боринг, қорли тоғларга:
Бир шоир ётибди денг
Худонинг ҳовлисида…
Осмон тўла ҳаволар
Фақат менга етмайди…

У атрофида саркаш анҳорлар бўйидаги худрўй гулларга қўниб юрган ниначилардек қизларига нима демоқчи? Наҳот «осмон тўла ҳаволар» фақат уларнинг отасигагина етмайди? Нега фақат у бутун борлиқда сиқилиб ётган ҳавога тўймайди ва ҳансираб нафас олмоқчи бўлади. Ололмайди. Бўғриқади. Йўталади. Ҳаво жон бўлганда эди, ҳаво ҳаётнинг ўзи бўлганда эди, уни бермоқ осонроқ кечарди, аммо ҳаммага етган ҳаво фақат унгагина етмайди. «Худонинг ҳовлиси» қаер? Дунёми? Касалхонами? Худонинг кенг даргоҳига сиғмаётган шоир энди унинг «ҳовлиси»да ётибди. Бу даргоҳ эмас, қўрғон эмас – ҳовли. Бу ҳовлидаги дарахтлар шохидан чарсиллаб узилаётган япроқлар қисмат фаррошининг супургисига илашади ва ҳовлидан четга супурилади. Кимдир унга ўт қўяди. Бурқсиб ёнаётган баргларнинг аччиқ тутуни «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этади. Аслида ҳаммамиз бу «фаррош» оёқлари остидаги суприндилармиз. У бизни ўзининг аёвсиз қўллари билан улоқтириб ташлайди. Бироқ ҳаётбахш нигоҳларидан сўнмас ишқ нурлари таралган, юрак-бағри гўзалликка тўла, азалдан зил-замбил қисмат юкини ўз елкасига олиш масъулияти билан яралган, одамларга фақат яхшилик тилаган, ҳамма нарсага шафқат ва муҳаббат билан муносабатда бўлишга буюрилган, ягона илоҳий имконият – сўз қудрати билан инсонлар ҳаётига мазмун бахш айлаган шоир шу кўйга тушадими? Наҳотки ундан ҳавони қисинишди? Наҳотки…
Ответить 
"+" от:
Старый 09.12.2010 16:57   #70  
Аватар для Muhammad Dovud
Оффлайн
Сообщений: 96
+ 7  80/47
– 0  5/3

Uzbekistan
А Д А Б И Ё Т И Б О Д А Т И (Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар) Иккинчи қисм. Оқ китоб. Асқар Маҳкам

Манзура опа, бирор нафаси ҳалол дуохон бўлсайди, деди овози титраб. У кейинги кунларда қарийб эрининг аҳволига тушиб қолганга ўхшарди. Ўшандек эти бориб суякка ёпишган, ўшандек юз-кўзлари куюк ва дардли, ўшандек синиқ. Хаёлимдан Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ўтди. Шогирди. Даланинг одами. Нафас ололмаётган устозига Кўктош томонлардан, Рангон тоғларидан, азиз-авлиёларнинг марқаду мазорларидан, Иброҳимбекнинг тулпорлари кишнаган дала-даштлардан устози учун тоза ҳаво олиб келади, ўйладим мен. Аммо…
Уч юз олтмиш олти кеча-кундуз энг аламли шеърга айланди ва назаримда, ўтган асрнинг энг фожиали мусибати содир бўлди. Бир қучоқ устухонга айланган шоирга дунё нафас бермади. Энди қирқ олти ёшга тўлган забардаст чинорнинг улкан япроқлари бир-бир узилди ва қалқиб-қалқиб ерга тўшала бошлади.
Коридорда дуч келган Тоҳир ака «Шавкат ўтибди», деди. «Шоира кетди…»
Мен Ҳофизга қўнғироқ қилдим.
– Кўчага чиқиб туринг. – Доимий асабий овоз титради.
Кўча. Одамлар ўша-ўша шўх-шодон. Қаёққадир шошган, қаёқдандир шошиб келаётган. Кимдир редакцияларга шеър элтяпти ва энг буюк шеър жон таслим қилаётганини билмайди. Кимдир мақоласи қаҳрамони билан суҳбат қурмоқда. Мошиндан тушиб таҳририят биносига йўл олган машҳур танқидчи қатағон қилинган адиблар ҳақида мақолалар ёзади ва у ҳам қаердадир Сибир ёқда, қандайдир ГУЛАГларда эмас, бир чақирим наридаги касалхонада буюк ўзбек шоири жон узаётганини билмайди. Қаёқдан ҳам билсин?
Есениннинг бир ҳолати эсимга тушди. 1922 йил. Берлин. Есенин Ойдинбоғда М. Горький билан учрашади. Ойдинбоғ айқириб ётибди. Одамларнинг бахтиёр кулгулари атрофни тутган. Ким музқаймоқ шимади, ким алвон пуфагининг бандидан тутиб чопади. Ошиқ-маъшуқларнинг қайноқ бўсалари.
– Менга, – дейди М. Горький мутлақо руҳсиз Есенинга, – анови ит ҳақидаги шеърингизни айтиб берсангиз. Кучуклари нобуд бўлган ит…
Есенин «Қуёш ўйнар жавдар хирмонда…» деб бошланувчи ва шафқатсиз соҳиби етти нафар кучугидан жудо қилган она итга бағишлаган маъюс шеърини ўқийди. Россияни ларзага солган шоир мана бу сатрларни ўқиётиб беихтиёр Горькийга назар ташлайди. Буюк пролетар адиби йиғлаётган эди.

Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Том устида қалқиб турган ой
Боласига ўхшаб кўринди…
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги ой ҳам аста ғилдираб,
Тушиб кетди уфқдан пастга.
Бечорга эрмаклаб, кулиб
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб,
Қорга оқди томчи-томчи ёш…
(Эркин Воҳидов таржимаси).

Есенин шеърни тугатиб, Горъкийга юзланди:
– Нима дейсиз, шеърият, умуман, менинг шеърларим керакми? Ойдинбоғ Шиллерсиз ҳам маза қилиб яшаяпти?..
Буюк пролетар адиби Есенин нималарни назарда тутаётганини биларди. Ҳали шеър таъсиридан қутулмаган адиб ҳеч нарса демади.
Машина йўл четида тўхтади. Орқа ўриндиқда чопон, ҳаракат маромини ўзгартирадиган дастак ёнида бир даста пул.
– Қутилибди, – деди Ҳофиз паришон. – Мен ҳаётимда бунақа тўғри одамни кўрганим йўқ. Тўғрилик фақт Худога хос экан, бандага эмас…
Шавкат Раҳмоннинг ўлими ҳақида Тоҳир Маликка етиб келган хабар бемаҳал бўлиб чиқди. Ўшанда Шоира (шоирнинг ўртанча қизи) «Робита» журналида ишлар, Тоҳир Малик журнал бош муҳаррири эди. Шоир оғирлашиб қолган кун кимдир Шоирани зудлик билан касалхонага чақирган. Эҳтимол бояги совуқ хабарнинг тарқалишига Шоиранинг таҳририятдан йиғлаб чиқиб кетаётгани сабаб бўлгандир?..
Биз касалхонага кириб борганимизда аллақачон дўстлар ўша ерда жам эдилар. Мирза Кенжабек калима қайтарар, Манзура опа бутун жисмига турли хил тиббий воситалар боғлаб ташланган умр йўлдошининг бошида нима қиларини билмай жонҳалак айланар, қизлар бир бурчакда мунғайиб туришар, духтурлар, дўст-ёрлар, қариндош-уруғлар… Ҳофиз ич чўнтагидан мўъжаз Қуръонни олди ва менга узатди. Мен уни варқаладим ва «Ёсин» сурасини топиб, тиловат қила бошладим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, духтурлар беморнинг аҳволи бироз ўнгланганлигини айтишди ва иёдатга келганларга рухсат беришди. Соат кеч ўнлар эди. Биз қайтдик. Йўл-йўлакай Набижон Боқий аллақандай ноёб дори ҳақида гапира бошлади. Энди қулоқларимга на дори, на дармон кирмас, назаримда шоир энг сўнгги нафасларини олаётгандек туюларди. Менга сакарот лаҳзалари таниш эди. Бундай пайтда одамнинг нафаси ғарғарага айланади. Жон ҳалқумга келиб, қалдирай бошлайди. Юрак уриб туради, жон томоқ остида лаҳзаларни санайди. Умр чегарасига довур қалдираб овоз чиқаради. Руҳ танадан жудо бўлиб, мия фаолияти тўхтайди. Жон ўлчаб берилган нафас тугамагунча чиқмайди.
Эрта тонг, соат бешларда телефон жиринглади. Набижон Боқий Шавкат Раҳмоннинг оламдан ўтганлигини айтди. Шоирнинг Қорасув даҳасидаги бешинчи қаватда жойлашган квартирасида одам гавжум эди. Хона тўрига ётқизилган шоир жасади ниҳоят Ҳофиз айтганидек, бу дунёнинг бор ғам-ғуссаларидан қутилиб осуда ва тинч ором оларди. Кимдир айтганидек буюк тўфон тинганди. Энди ҳаммаси тугади. Ҳаммасига нуқта қўйилди. Бир чеккада Набижон Боқий ва Иқбол Мирзо қон бўлиб йиғлар, бир чеккада Мирза Кенжабек шоир жисмини Тошкентга дафн этиш ёки Ўшга олиб кетиш тўғрисида баҳслашар, дераза ёнида ётган шоир гўё мана бу сатрларини ўқиётгандек, аммо ҳеч ким бу сатрларни эшитмаётгандек эди.

Айт, эй хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
Нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим – Ўшим кўринди,
Султон – Ўшим кўринди…

Бу унинг энг сўнгги васият шеъри эди. Аммо ҳозир ҳеч ким шеър ҳақида ўйламас, «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этган бетакрор ўзбек шоирининг бемаҳал ўлими барчани эс-ҳушдан жудо қилганди..
Шоир Тошкентнинг Қорасув мавзесидаги Яланғочота мазорига дафн этилди. Бутун аҳоли кўчиб чиққандек, одамлар кўчаларга сиғмас, мошинлар саф-қатор бўлиб, Яланғочотага томон йўналди. Гўё осмон, гўё борлиқнинг ўзи мотам тутаётгандек, гўё у севган япроқ ва гиёҳлар, қушлар ва еллар, жажжи-жажжи болалар, тупроқ ва тошлар, бутун борлиқ мотамга чулғанган, одамлар сафига ошиқаётган, жаноза намозини адо этиш учун масжид саҳнига жам бўлаётгандек туюларди. Муҳташам қабристон улкан музейни эсга солар, турли ёшда дафн этилган марҳумларнинг бюст ва ҳайкаллари, анвойи тусдаги мармарларга ўйиб солинган тасвирлари, сердарахт қабристонни марҳумлар галереясига айлантиргандек эди.
Шавкат Раҳмон оламдан ўтди. Қорасувни бошига кўтариб, «Ўғлимни Ўшга олиб кетаман», деб йиғлаган она охир қизларнинг раъйига қарши боролмади. Рози бўлди… Не-не улуғларни бағрига олган Тошкент шоирни ўзига чорлади.
Ҳали шоир тириклигида Ёзувчилар уюшмаси ҳавоси тоза, тинч деган мақсадда Дўрмон боғидан дала-ҳовли ажратган эди. Вафотидан кейин дала-ҳовли қандайдир вазирга бўшатиб берилди. Ниҳоят, шоир ўлимидан бир йил ўтганидан сўнг чоп этилган «Сайланма»сини тушларида кўра-кўра охират диёрига сафар қилди…
Ответить 
Реклама и уведомления
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх