AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Цитата:
Сарлавҳа машаққати
Одил аканинг ўзларига хос бир одатлари ҳақида тўхталиб ўтсам. У киши ёзган асарларига муносиб ном танлашга алоҳида масъулият билан ёндашардилар. Яна аниқроқ айтадиган бўлсам, Одил ака асарларига сарлавҳа қўйишда жуда қийналар эдилар. Эсимда бор, «Қанот жуфт бўлади» деган қиссалари бошда «Давр табассуми» деб номланган, ҳатто ундан парчала¬р ҳам эълон қилинган эди. Худди шу каби, «Кўҳна дунё»нинг парчалари ҳам дастлаб «Қайтар дунё» номи билан эълон қилинган. «Излайман» қиссаси эса токи Одил ака бир қарорга келгунларича рус тилида «Гвардия капитани Даврон Ғозиев» номи билан чоп этилган.
Одил ака, айниқса, «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё» романларини номлашда жуда кўп изланганлар. Баъзан кечалари ухламасдан юзлаб номларни ўйлаб чиқардилар. Кўп ҳолларда: «Маря-м, сиз ҳам ўйланг. Ахир, сиз қўлёзманинг сиёҳи қуримасидан бошлаб машинкадан чиққан сўнгги нусхасигача бир неча марта ўқигансиз-ку! Асарни ёзишдан асл мақсадим нималигини англаб етгансиз. Ана шу мақсадни ифода этадиган бир ном топишга сизнинг ҳам ёрдамингиз керак бўлаяпти», дердилар. «Диёнат» романини дастлаб «Пулсирот кўприги», кейинчалик «Боқий умр» деб номлаганлар. Лекин
бу номлардан кўнгиллари тўлмаган. «Бу номлар
асарнинг мазмун-моҳиятига торлик қилаяпти-а, сиз нима дейсиз?» деган саволларни юз марталаб бердилар.
Бир куни кечқурун асарнинг чоп этишга тайёр нусхасни ўқиб ўтириб: «Топдим, хоним, топдим!» – деб қичқириб юбордилар.
Ёнгиналарида китоб варақлаб ўтиргандим, ҳайрат билан қарадим:
– Ҳа, тинчликми, нимани йўқотувдингиз? – деб сўрадим.
– Йўқотмагандим, йўқ, топа олмаётгандим, холос. Ҳозир «диёнат» сўзи хаёлимга ярқ этиб келиб қолди. Назаримда, ана шу гўзал сўз асар мазмунига ишора бўладигандек туюлаяпти. Асарни «Диёнат» деб номлайман. «Диёнат» – жуда кенг тушунча. Шу биргина сўз виждон, уят, ор-номус, тўғрилик, ростгўйлик, одамгарчилик, хуллас, жуда кўп маънони англатади. Мана шу ном асарда мен улуғламоқчи бўлган инсоний фазилатлар ва қораламоқчи бўлган нуқсонларга жуда мос келади. Мана энди излаганимни топдим, – дедилар.
– Жуда ажойибсиз-да! Тайёр асарга ном қўйиш ҳам қийин иш эканми? – дедим.
– Ҳа-да. Биласизми, – дедилар, – Михаил Шолоховнинг машҳур «Очилган қўриқ» романи аввалига «Қон ва тер билан» деб номланган экан, – дедилар у киши. – Эрнест Хеменгуэй юзлаб ҳикоялар ёзаркан-да, сарлавҳаларни кейин қўяркан. Борис Полевой бўлса, асар ёзишни унга сарлавҳа топишдан бошларкан. Баъзан ёзувчи ёзадиган асарининг сарлавҳасини олдиндан ўйлаб, ўша сарлавҳага қараб бутун асарнинг мазмунини бўйсундиради. Классикларнинг тажрибаси бу гапларда асос йўқлигини кўрсатади. Масалан, «Уруш ва тинчлик»нинг номини Толстой асар корректурасини ўқиётган пайтида топган. У улкан романини ёзиб тугатгунча ўнлаб сарлавҳалар қўйган. Лекин бу сарлавҳалар муаллифни қониқтирмаган, улар романга ёпишиб тушмаган. Бизга оддий кўринаётган «Уруш ва тинчлик» деган ном шу роман ёзиб бўлинганидан кейин, анча вақт ўтгач қўйилган. Хуллас, ҳаммада ҳар хил кечади бу жараён...
Асарга мавзу ва сарлавҳа танлашда айрим ҳолларда оиладаги муҳит ҳам аҳамият касб этади. Одил акани таниганлар, уйимизга келиб турганлар у кишининг ортиқча ҳашаматга, кибр-ҳавога тоқатлари йўқлигини яхши билишади. Уй жиҳозларининг оддий ва камтарона бўлишини яхши кўрардилар. Бироқ фарзандларимиз балоғат ёшига етиб, уйимизга қуда-андалар, нозик дидли меҳмонлар ташриф буюра бошлашгач, Одил акага: «Меҳмонлар учун ажратилган хонага қандил олишимиз керак», – дея хархаша қила бошладим. Аёл киши эмасманми, уйи¬мизни замонга мослаб жиҳозлашни истардим. Биламан, уйда мен орзу қилган қандилга етадиган пул бор. Аммо у кишин¬инг розилигини ололмай, ҳалак бўлиб юрган кунларимда уйимизга Одил аканинг узоқ қишлоқдоши келиб қолди. Ҳарбий хизматдан қайтаётган йигит: «Қишлоққа қуп-қуруқ қўл билан бора олмайман, уч-тўрт сўм берсангиз. Кейин, албатта, қайтараман»,– деди. Менинг қошларим чимирилса ҳам, овозим чиқмайди. Шунда Одил ака ҳеч ҳам иккиланиб ўтирмай, қандилга аталган пулни бериб юбордилар. Йигит кетгач: «Барибир пулни қайтариб бермаса керак. Агар мабодо олиб келса, кейин қандил оламиз», дедилар. Тилимни тишлаганча қолдим.
Ниятим холис экан, бирор муддат ўтиб, қайси бир асарлари учун каттагина қалам ҳақи келди-ю, дардимга даво топилди...
Ана шу оилавий вазиятлар таъсирида «Биллур қандиллар» қиссаси ёзилган.
|
|