Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 22.02.2012 14:35   #1  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат
университети Ўзбек филологияси
факультети 3- босқич толибаси
Юлдуз Нафасованинг саволларига жавоблар.
Синглим Юлдузхон, йўллаган мактубингизни ва ундаги саволларни ўқидим. Эътиборингиз учун раҳмат. Таъкид этмоғим жоизки, саволларингиз юзаки эмас, аксинча, ўйлаб жавоб қайтаришни талаб этади. Мазкур саволлар сизнинг китобни қандай ўқишингизни, фикрлашингизни, қандай тушунишингизни англатиб турибди. Бу фазилатингиз учун сиз фақат мақтовга лойиқсиз. Келажакда илмий иш билан шуғулланиш ниятингиз бор экан, бу ҳам таҳсинга лойиқ. Илм оламида камолингиз юксак бўлишини тилаб, дуо қиламиз. Саволларингизнинг барчасига батафсил жавоб қайтарадиган бўлсам, саҳифалар етмаса керак. Шу сабабли мавзу ўқувчиларини қизиқтирадиган тарзда қисқароқ жавоб бераман. Илмий ишга доир савол-жавобни, Худо хоҳласа, кейинроққа қолдирамиз.
-Ижод сири, асар яратилиш жараёни, бу борадаги изланишлар, ёзишдан олган маънавий завқ, шунингдек, бадиият қонун-қоидалари ҳақидаги фикрларингизни айтиб ўтсангиз.
-Ижод жараёнининг ҳеч қандай ажабтовур сири йўқ. Тўғри, айрим адиблар нима ёзаётганларини олдиндан гапирмайдилар, лекин, агар буни “маҳфийлик” десак, асар нашр этилиши билан бу сир фош бўлади. Ижод жараёни ҳар бир ёзувчида ҳар хил тарзда кечади. Биров тез фикрлайди, тез ёзади. Биров шошилмайди. Биров ярим кечада ёзади, биров кундузи... Айтиш керакки, ўзбек адибларидаги ижод жараёни Европа, хусусан, рус адиблариникига нисбатан қийинроқ кечади. Европаликлар ижод пайтида ҳатто ўз оила аъзолари билан ҳам гаплашмай, таъбир жоиз бўлса, хилватга чекинадилар. Бу пайтда улар учун қўни-қўшни, қариндош-уруғ ҳам йўқ. Бизда аксинча, ёзувчи иш билан банд пайтда қўшни чиқар ё қариндош келиб қолар... Тонгда илҳом билан ёзиш ўрнига тўй ошига бориш, тўй эгаларининг кўнглини олиш мажбурияти ҳам мавжуд. Бизнинг муҳитда “ижод билан банд” деган тушунча йўқ. Энг яқин одамлар ҳам буни ҳис эта олмайдилар. Ҳатто бир ёзувчи иккинчисиникига келганда, ижод билан банд эканини кўрса ҳам, гапини айтиб олмагунича орқасига қайтмайди. “Бандман”, дегудай бўлса, “ўн дақиқа вақтини мендан аяди”, деб аразлайди. Тўғри, суҳбат учун кам вақт кетиши мумкин. Лекин бунинг учун ёзувчи ижод боғидан чиқиши керак, қаҳрамонларидан узоқлашиши лозим. Ўн дақиқалик суҳбатдан сўнг ўша ижод боғига қайтишга хоҳиш бўладими? Фикрлари чалғиб кетмайдими? Шоирона тил билан айтганда, “илҳом париси” учиб кетмайдими? Агар суҳбат дилни хира қиладиган бўлса, ёзувчи бир неча кун, ҳатто ҳафта давомида ёзув столига яқинлаша олмаслиги мумкин. Мен бу ҳолатни қораламоқчи эмасман, фақат... ижод жараёнининг бу оғир томони борлигини айтмоқчиман. Ҳар ҳолда кишини бошқалар йўқлаб тургани яхши. Йўқламай қўйишдан Худо асрасин!
Ёзувчиларимизнинг деярли барчалари бирон идорада ишлашади. Демак, асосий ишдан бўш вақтда ижод билан шуғулланилади. Ижод учун шароитни ёзувчига биров тайёрлаб бермайди. Шу сабабли кўпчилик тунни тонгга улаб ижод қилади. Камина ҳам шундайлардан. Бир ёш ёзувчи хотини билан аразлашиб, ҳатто ажрашмоқчи бўлди. Сабабини сўрасам, “ёзаётганимда чой дамлаб бермайди”, дейди. Ажаб, хотин “ёзувчи эрим қачон чой ичар экан”, деб ухламай ўтириши керакми? “Кеннайингиз билан турмуш қурганимизга салкам йирқ йил бўлди, бирон марта кечаси чой дамлаб бермаган”, десам ишонмайди. Ижод жараёни бошқа, оилага муносабат бошқа. Бир ёш шоир “хотиним шеърларимга тушунмайди”, деб аразлабди. Хотин биринчи галда оилавий масалаларга, хусусан, бола тарбиясига яхши тушуниши керак. Шеърга тушунмагани учун уни айблаш инсофдан эмас.
Ижод жараёни фақат қўлга қалам олиб ёзишдан иборат эмас. Фикрлар қоғозга тушгунича анча вақт ўтади. Фикр – ер қаъридаги уран рудасига ўхшайди. Уранни қазиб олишингиз билан у қудратли кучга айланмайди. Уни бойитиш, бошқача айтганда, тўйинтириш керак. Фикр ҳам ана шундай тўйинтиришга муҳтож. Хаёлингизга келган фикрни ўша заҳоти қоғозга тўксангиз, муддатидан эрта туғилган заиф чақалоққа ўхшаб қолади. Демак, хаёлда фикр туғилганидан то қоғозга тушиб, сўнг китоб бўлиб нашр этилгунгача бўлган барча ишларни “ижод жараёни” ҳудудига киритишимиз мумкин. Китобнинг намуна нусҳаси чиқиб кўзингизни қувонтирганда ижод жараёнининг асосий босқичи якунига етиб, иккинчи босқич бошланади, яъни китобни ўқиган мухлислар билан бўладиган мулоқот ҳам шу жараённинг давоми ҳисобланади. Сиз айтган маънавий завқ шу босқичда бўлади.
Асар ёзилаётган пайтда, кўп ўтирилгани сабабли жисмоний оғриқлар ҳам уйғониб туради. Қалам тутган бармоқлар толади, кўз тинади, бош айланади... Мухлислар билан учрашувда, айниқса, улардан яхши гап эшитилса, ўша барча азоблар унутилади, чарчоқлар кўтарилиб, янги ишларга қувват беради.
Бадиият қонун-қоидалари бор, айниқса адабий тил талаблари мавжуд. Лекин барча учун бир хилдаги қонун-қоида йўқ. Ҳар бир ёзувчи ўзининг услубига эга. Агар барча бир қолипда ёзганида эди, асарлар корхона чиқараётган сифатсиз ғиштларга ўхшаб қоларди. Қўшиқчилик санъатида машҳур санъаткорга тақлид қилувчи, ўшандай овозда, ўшандай йўналишда айтувчилар кўп учрайди. Лекин улар санъатда ўсмай қолаверадилар. Тақлид адабиётда кам учраса-да, тақлидчи ёшнинг қисмати ҳам ўзгача бўлмайди. “Чинор сояси бўлма, чинорнинг ўзи бўлишга интил”, деб бежиз айтилмаган. Бадиий адабиётнинг ўзгармас айрим талаблари ҳам бор: асарни юзаки ёзишдан қочиш керак, ўқувчининг ўзини, хусусан, унинг қимматли вақтини ҳурмат қилиш, аяш шарт. Ёзувчи ҳар қанча билимли бўлмасин, ўзини ўқувчидан устун қўймаслиги лозим. Асардан кибр, риё нафаслари уфуриб турмасин.
Даврга қараб, адабиётдаги йўналишлар ўзгариб туради: тарихдан биламиз, романтизм, танқидий реализм, социалистик реализм, сюрреализм... Ижодда тажриба ўтказишни яхши кўрадиган ёзувчилар шунақа “изм”ларни яратишади. Бу “изм”ларга вақт ўзининг шафқатсиз баҳосини беради. Ижоддаги изланишларни рад этиш тўғри эмас. Лекин ўқувчига раҳм қилишимиз керак, деймиз. Аммо... ўқувчининг даражаси ҳам бир хил эмас-да! Энг паст даражадаги ўқувчига мосланиш эса бадиий адабиётни саёзлаштириб қўяди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 22.02.2012 14:36   #2  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-“Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди”, деган эдилар пурҳикмат бобомиз Имом Аъзам. Бу фикрни адабиётга муқояса қилсак, бадиий асар ҳам ўзига хос бир олам. Тугал яхлитликларни далолатлайди. Шу нуқтаи назардан кузатсак, халқ қиёфасини акс эттиролмаган асарлар ҳозир кўпайиб кетмадими?Бунинг асосий сабаби нимада экан? Қисса талабидаги асарларни “роман”, ҳажми сал каттароқ ҳикояларни “қисса” деб номлаб, нашр қилдиряптилар. Бу жанр талабларининг бузилиши эмасми?
-Жанр талабларининг бузилиши ёш дўстларимизнинг бу масалага енгилроқ қарашлари оқибати бўлса керак. Ёшларимиз ёзган асарларининг жанрини (тарзини) белгилашда асосан унинг ҳажмига қарайдилар шекилли? Аввало, ёзувчи асарининг биринчи жумласини қоғозга туширмасидан олдин, қайси жанр йўлида боришини аниқ билиши керак. Шунга қараб, қамров олинади. Ўқувчига айтадиган гапи “роман” деб аталувчи кенг майдонни қамрай оладими? Шунга яраша гапи бўлмаса, унинг асари чексиз чўлдаги қуриган дарахтга ўхшаб қолади. Ёшларнинг назарида “роман” ёзган одам катта ижодкор ҳисобланади. Ҳолбуки, жанр ёзувчининг мавқеини белгиламайди. Улуғ Рабиндранат Тҳакур ижодига баҳо берилганда, “унинг ҳар бир ҳикояси бир романга тенг”, деб эътироф этишган. Чингиз Айтматов ҳам қиссалари билан дунёга танилган.
Қадим Европа адабиётида “роман” дейилганда “ишқий қисса” назарда тутилган. Французлардан тарқалган бу йўналишда 30-40 саҳифали романлар ҳам бўлган. Бу романлар икки ёшнинг муҳаббат можаролари баёни билан чекланган. Қўшиқчилик санъатидаги “романс” ҳам кўпроқ ишқий кечинмаларни баён қилади. Юқорида тилга олганимиз “романтизм” ҳам (романтика) шу маънога яқин. Бизда “сурур” деб юритилган. Эркин, ёқимли фикрлар оқими, дейиш ҳам мумкин. Ёқимли фикр эса кўпроқ муҳаббатга даҳлдор бўлади. Шарқ адабиётида насрий асарлар “ҳикоят”, “ривоят”, “қисса” деб юритилган. Масалан, араб адабиётида ҳозир ҳам, асарнинг ҳажми ёстиқдай бўлса-да, “роман” деб қўйилмайди.
Ўзбек адабиётидаги “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” ишқий кечинмалар, тақдирлар баёнидан иборат бўлгани учун “роман” деб тўғри белгиланган. Лекин колхоз раиси билан парткомнинг баҳсларидан ёки чўлни ўзлаштирувчиларнинг фидойиликларини тасвирлашдан иборат асарларни “роман” дейиш ғалати. Шу сабабли ҳам ўтган асрда яратилган романлар орасида ҳозирги ёшларга ҳам тақдим этишга арзийдиган романлар кам.
Суҳбатимизни ёш ижодкорлар ҳам ўқиши мумкинлигини инобатга олиб, бу масалани ўхшатиш орқали тушунитиришга уриниб кўрай: қишлоқни ичимлик суви билан таъминлашга доир муаммолар билан туман ёки вилоятнинг бу борадаги муаммолари орасида катта фарқ бор, тўғрими? Агар бир одам қишлоғини “вилоят” деб атаса, нодонлик бўлиб туюлади. “Ҳикоя”ни “қисса”, “қисса”ни “роман” дейиш ҳам шунга ўхшайди.
“Ҳикоя”да асосан бир-икки қаҳрамон образи яратилади, баёндаги воқеалар ҳам шу одамларга боғланган бўлади. “Қисса”нинг аҳолиси кўпроқ, “роман”ники унданда кўпроқ. Воқеалар занжирининг уланиши ҳам шунга кўра бўлади. “Романнинг қаҳрамонлари кўпроқ бўлар экан”, деб ёзавериш ҳам тўғри эмас. Бир қаҳрамонни шундай “михлаб” ташлаш керакки, уни “суғириб олиш” мумкин бўлмасин. “Ўтган кунлар”даги Отабек, Кумуш, Зайнаб, Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Ҳомид, Қутидор, уста Олим... булардан биронтасини олиб ташлаш мумкинми? Йўқ! Ҳар бирининг ўз ўрни, ўз вазифаси бор.
Ўзимдан мисол келтирсам, 80-йилларда “Алвидо болалик”, деб номланган қисса ёзилган эди. Унда адашган ўсмирлар қисмати баён қилиниб эди. Асрор-Дилфуза-Қамариддин муносабатларида севги ғунчалари борлиги эътибордан тушириб қолдирилганди. Чунки, қамраб олинувчи воқеа, айтилмоқчи бўлган гап шуни талаб қиларди. Бир неча йил муқаддам бу мавзуга яна қайтдим. Қамров кенгроқ олинди ва ёшлар қалбидаги муҳаббат туйғуларига ҳам ўрни берилди. Шу боис “Талваса” асарининг жанри “роман” деб белгиланди. “Шайтанат” ҳам шундай. Аввалги тўрт китоби “қисса” деб белгиланди. Асар ниҳоясига етгани учун бешинчи китобга “роман” деб қўйдик. Бунда чалкашлик йўқ. Аввалги китобларда воқеалар баёни охирига етмагани, тақдирлар ҳам сўнгги нуқтага бормагани сабабли “роман” қамровини ололмаган эди. Энди, назаримизда, шундай қамров бор. Лекин бу борадаги асосий баҳони ўқувчи беради.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 22.02.2012 14:38   #3  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-“Одамийлик мулки” китобингизда адабиёт одоблар йиғиндиси... бадиий адабиёт қайси йўналишда ёзилмасин, инсонларни тарбия қилишга хизмат этишини ва бундай талабларга тарихий китоблар жавоб беришини айтгансиз. Сизнингча, ҳозирги адабий жараёнда модернизм (кўр-кўрона тақлид қилиш, аслида модернизм эмас!)да яратилган бадиий асарлар ана шу талабга жавоб берадими?
-Юқорида айтганимдай, барча “изм”ларнинг ҳаками –вақт. Ёшларимиз орасида Лотин Америкаси адабиётига тақлид қилиш ҳолатлари ҳам бор. Майли уриниб кўришсин. Эҳтимол, яхши гап чиқиб қолар, эҳтимол... Мен ўзлари ҳам бекорга уринмасалар, китобхонни ҳам уринтириб қўймасалар, деган мулоҳазадаман. Кейинги йилларда “Алкимёгар”ни тўлиб-тошиб мақташяпти. Назаримда, бу мақтовчилар шарқ адабиётини, хусусан, Мавлоно Румийни билмайдилар. Шу “Алкимёгар”нинг асосий ғояси Румий ҳазратларида бериб қўйилган-ку? Эҳтимол, ёзувчи шу ривоятни ўқиб, ҳаяжонлангандир. Биз ҳам биринчи манбаъни ўқиб ҳаяжонлана қолмаймизми? Бадиий адабиётнинг вазифаси ҳақида ҳам айрим ёшларимиз ўзгача фикрда бўляптилар. Шу боис “Бадиий адабиётнинг асосий вазифаси – тарбиядир!” деган фикрдан чекинмайман. Айни ўринда дидактика- насиҳат китобларини бадиий адабиёт билан чалкаштирмаслик керак. Тўғри, насиҳат китоблари баёнида ҳам бадиийлик мавжуд, лекин уларнинг ўрни бошқа.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 22.02.2012 14:39   #4  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-Ёзувчи сифатида шу пайтгача дилингиздаги энг муҳим гапни китобхонларга айта олдим, деб ўйлайсизми?
-Агар ёзишдан тўхтаб қолсам, билингки, шу фикрга келибман. Айтадиган гапим қолмаган бўса, ёзишдан нима фойда, тўғрими?
-Немис шоири Гёте “ҳар бир ижодкор то машҳурликка эришгунича ўзини ўзи ифода этади”, деган эди. Ўзингизни ифода этган асарларингиз қайсилар?
-Гёте бу фикрни айтганда эҳтимол, шоирларни назарда тутгандир. Насрда ўзини ўзи ифода этиш қийиндир. Тўғри, айрим қаҳрамонларнинг ҳаракати ёки гапи муаллифнинг ўзидан олинар, лекин тўлалигича бир асар ёки бир образнинг “ўзини ўзи” ифода этишини мен тасаввур эта олмайман. Балки, немис шоири “муаллифнинг дунёқараши акс этади”, демоқчи бўлгандир? У ҳолда шоир мутлақо ҳақ. Дунё муаммоларини ёзувчи қандай қабул қилса, қаҳрамонлари ҳам шундай қабул қилади. Дунё муаммоларига ёзувчи қандай ечим топса, қаҳрамонлари ҳам шундай ечиб беради. Ҳаёт фалсафаси ҳусусида ёзувчи қандай фикр юритса, қаҳрамонлари ҳам шундай фикрлайди. Кишининг айрим фалсафий қарашларида қарама-қаршилик бўлиши ҳам табиий. Ана шунда ёзувчи бир-бирига зид фикрларнинг айримларини ижобий, бошқаларини салбий қаҳрамонларига “оширади” ва улар орасидаги “олишув” орқали ҳақиқатга етиб боришга интилади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 22.02.2012 14:40   #5  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-Бугунги кунда жамиятимиздаги қайси муаммолар сизни ташвишга солади?
-Жиддий муаммолар, афсуски, фақат бир жамиятгагина хос бўлмайди. Дунё тирик жон каби, нуқтадек жойи оғриса, бутун бадан азоб чекади. Ўн мингларча чақирим наридаги юртда бир юқимли касаллик уйғонса, кўп ўтмай бизга ҳам етиб келади. Маънавий касаллик ҳам шундай. Тиббий касаллик жисмонан заиф вужудга тезроқ юқади. Маънавий хасталик ҳам маънавий қашшоқ одамни тез ўзига бўйсундиради. Мустақилликнинг дастлаб кунлариёқ муҳтарам президентимиз “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган ажойиб шиорни кун тартибига қўйганлар. Хўш, келажаги буюк давлатни ким қуради? Албатта илмли ёшлар, манавияти бой авлод қуради. Илм олишга лаёқати бор, аммо ғайрати йўқ, гиёҳванд, лоқайд, Ватан севгиси нима эканини хис эта олмайдиган ёшларнинг мавжудлиги биз учун энг катта муаммо. Иқтисодий муаммоларни ҳал этишда чет давлатлар ёки банкларнинг кўмагидан фойдаланишимиз мумкин. Лекин маънавиятга доир муаммоларни ҳал этиш фақат ўз кучимиз билан бўлади. Ёшлар тарбиясини Англия ёки Испания мисолида олиб боролмаймиз. Европа олимлари ёшларимизга математика ёки иқтисод фанларини ўргатишлари мумкин, лекин одамийликни улардан ўрганолмаймиз. Чунки уларнинг ўзлари ҳозир маънавий қашшоқликдан нолишяпти.
Ёшларни маънавий қашшоқликдан асраб, руҳан бойитишда бадиий адабиётнинг вазифаси салмоқли экани барчага маълум. Бу соҳада камчиликларимиз борлигини эса доим ҳам тан олавермаймиз. Ёшларимиз, айниқса, болалар ва ўсмирларимиз учун қизиқарли ва фойдали китобларимиз етарлими? Болаларимизнинг севимли қаҳрамонлари борми? Биз эллик йил муқаддам Чиполино, Буратино, Гуливерларни ўқиб улғайган эдик. Невараларимиз ҳам шуларнигина ўқишади. Бу асарларни камситмаймиз, уларни ҳам ўқиш лозим. Бироқ, ўзбек болалар адабиётида бундай қаҳрамонларнинг ҳануз йўқлигини ачиниш билан қайд этишнинг ўзи кифоя эмас. Буни ҳам жамиятнинг зарур муаммоси сифатида кун тартибига қўйишимиз керак. Биз ёшлар билан учрашиб, китобхонлик ҳақида сўзлаганимизда улар томонидан “бизни кам китоб ўқишда айблаяпсиз, нималарни ўқийлик, тавсия қилинг”, деган эътирозлар ҳам бўлади. “Шарқ” нашриёти “ХХ аср ўзбек романи” туркумида китоблар чиқармоқчи бўлганида йигирмата асар тўпланди. Хўп, киши ўн беш ёшида китобга қизиқиб, шу романларни ўқий бошласа, йилда иккита китобни мутолаа қилса ҳам, йигирма беш ёшигача ўқиб тугатади. Кейин нимани ўқисин? Бу ҳам фақат адабиётнинггина эмас, жамиятнинг жиддий муаммоси. Ҳамонки, ёшларни қизиқтира оладиган асарлар керакли даражада ёзилмаётган экан, ёзувчилар бунга муҳим ижтимоий муаммо сифатида қарашлари керак эмасмикин, деб ўйлаб қоламан.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 22.02.2012 14:41   #6  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-Тараққиёт, ахборот алмашинуви, глобаллашув деган жараёнлар шу даражага бориб етдики, ўйлаб инсоннинг ақли шошади. Айнан шу масалага Сизнинг муносабатингиз, қарашларингизни билмоқчи эдик.
-Тўғри, сиз тилга олган оқимлар сел каби бостириб келяпти. Айрим ҳолларда буни цунамига ҳам ўхшатиш мумкин. Бу оқимлар рўпарасида инсон ожиздек кўринади. Лекин бу оқимларни ким яратди? Инсонми? Демак, инсоннинг ўзи бу оқимларни енгиш чорасини топа олади. Шундай чоралардан бири – илм. Илмли инсоннинг ақли ҳар нарсага шошавермайди. Ўша даҳшатли ахборот оқимларини элакдан ўтказа олади. Бу оқимлар илм элагидан ўтмаса, барча балчиғу, хаслари билан инсон онгини банд этиб қўяди. Иккинчи чора – вақтдан тўғри фойдаланиш. Бекорчиликдан қочиш, бекорчи ўйинлардан қочиш, бекорчи маишатлардан қочиш...
Тараққиётни ҳеч ким, ҳеч қачон инкор этмаган, этмайди ҳам. Лекин ҳар қандай тараққиётнинг икки кўриниши бор: масалан, атом электр станциялари ва атом бомбаси бор. Бир хил темирдан трактор ҳам, танк ҳам ясалади. Коинотдаги минглаб сунъий йўлдошларнинг оз қисми илмга хизмат қилади, кўп қисми ҳарбий мақсадларга. Бири инсониятни чиройли тараққиёт чўққисига етаклайди, иккинчиси босиб янчади. Ўтган йили Россия, Исроил, Испания, Португалияда ўрмонлар ёнди. Бу ёнғин ҳар йили юз беради, аммо ўтган йилгиси даҳшатли бўлди. Сув сепадиган самолётлар, вертолётлар ихтиро қилинганига кўп йиллар бўлди. Ўша мамлакатларнинг минглаб бомба ташловчи ва қирувчи самолётлари, вертолётлари бўлгани ҳолда сув сепувчи мосламалари ғоят камлиги ақлсизлик эмасми?
Тараққиёт ақл асосида бўлсагина гўзалдир. Ҳозирча гўзалликни ваҳшийлик босиб кетай деяпти. Бу ўринда мен табиатни аёвсиз қиришни, илмий тил билан айтганда “экологик кризис”ни назарда тутяпман. Бугунги экологик кризис, ҳусусан иқлимнинг бузилиши ҳақидаги илмий ҳақиқатлар бундан қирқ йил аввал ҳам маълум эди. Ҳатто рус адиби Антон Чехов ёки Константин Паустовский асарларида рус ўрмонининг аянчли аҳволи ҳақидаги ачинарли сатрларни ўқиймиз. Демак, бу муаммони ақл эгалари юз-юз эллик йил илгари кун тартибига қўйганлар.
Советлар даврида “Табиатни енгамиз!” шиори остида ўрмонлар қирилди. Экин майдонларига заҳарли кимёвий дорилар сепилди... Устоз Асқад Мухтор бир ибратли воқеани айтиб берган эдилар. Эллигинчи йиллари ёш шоирлар машғулот ўтаётганида осмонда ўзидан оппоқ тутун-из қолдирувчи самолёт пайдо бўлади. Самолёт самода доира ясаганида унинг тутунли изи ҳалқа ясайди ва Қуёш шу ҳалқа орасида қолади. Самолёт гўё Қуёшни арқон билан боғлаб олгандай бўлади. Устознинг таклифи билан шоирлар бу ҳолатни шеърга соладилар. Барча шеърлар ўша “Табиатни енгамиз, бўйсундирамиз! Инсон табиат олдида тиз чўкмайди!” деган хитоб атрофида бўлади. Орадан йигирма йил ўтиб, осмонда худди шундай манзара пайдо бўлганда ёш шоирлар энди табиатни ҳимоя қилиш ҳақида фикр юритадилар. Бошқача айтганда, Қуёшнинг бу ҳолатидан ачинадилар, одамзоднинг нодонлиги ва аёвсизлигидан афсусланадилар...
Табиатга бўлган нодонларча муносабатни ҳозир қўшни жумҳуриятларда кўриб, ажабланамиз. Масалан, алюмин савдосидан топаётган пулларини тарозининг бир томонига қўяйлиг-у, табиатнинг озор чекиши натижасида кўрилаётган умумбашарий зарарни бир палласига қўяйлик. Алюминдан тушадиган фойдадан воз кечсалар камбағал бўлиб қолмайдилар, бусиз ҳам асрлар бўйи яшаб келишган. Лекин табиатнинг ярасини даволаш учун қанча пул сарфланишини қўя турайлик, неча йиллар керак бўлади? “Умумбашарий” деб ошириб юборганим йўқ. Табиатнинг зарар кўришидан бир-икки вилоятгина азият чекмайди. Ер курраси тирик жон каби экан, оёққа кирган зирапча бутун танани зириллатади. Орол фожиаси бир-икки жумҳурият эмас, дунё муаммоси эканини энди тан олишяпти-ку? Ўтган йили Россиядаги катта ГЭС ҳалокати ҳам қўшниларимизга ибрат бўлмагани янада ажабланарли. Ер сатҳи, хусусан, тоғлар худди тирик жонга ўхшайди, тананинг бир ерига бармоқ қаттиқ ботирилса, вужуд зирилламайдими? Тоғ бағрида тўпланадиган сувнинг оғирлигини тасаввур қилиб кўрайлик? Неча миллион тонна оғирлик билан босади? Худо кўрсатмасин-у, тоғ бағри бунга чидай олмасдан силжиса... Бу иншоотларни маблағ билан таъминлаб, фойда олишни мўлжаллаётган Россия зарар кўрармикин ё шу ҳудуд аҳолиси бошига балолар ёғилармикин? Буни ким ўйлаши керак? Қилинаётган шу ишлар ҳам “тараққиёт” тамғаси остида олиб бориляптики, бунинг росмана тараққиётга даҳли йўқ эканини таъкидлашга мажбурмиз. Очиқроқ айтсак, бу аксилтараққиётдир.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 22.02.2012 14:42   #7  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-“Цивилизация натижасида инсон ўз ҳис-туйғуларидан, ўзлигидан жуда узоқлашиб, бегоналашиб боряпти”, деган гап-сўзлар матбуотда ҳам, телевидениеда ҳам қулоққа чалинаётир... бунга муносабатингизни билдирсангиз.
-Саволингизга жавоб беришда озгина мақтанаман шекилли, айбга буюрмайсиз... Сиз айтган гапларни ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёзилган “Даврон”, “Девона”, “Мутаассиб”, “Гулливернинг хатоси” каби асарларда баён қилган эдим. Афсус шундаки, цивилизация (тараққиёт) билан инсоний туйғулар орасида зиддият мавжуд ва бу зиддият Европада юқри чўққиларга чиқиб олган. Француз адиби, Нобел мукофоти соҳиби Албер Камюнинг “Бегона” асари худди шу мавзуда. АҚШ ва Европада одамлар иқтисодий жиҳатдан яхши яшайдилар, илм-техника тараққиёти ҳам юқори даражада, аммо одамлар орасидаги, ҳатто энг яқин қариндошлар орасидаги меҳр-оқибат пастлашиб кетди. Айрим жойларда ҳатто йўқ даражага тушиб қолган. Мисол: бир аёлнинг укаси вафот этиб, қабристондан жой танлаш учун бориб, кичик ўғлининг қабрини кўради. Ўғлининг вафотидан огоҳ қилмагани учун ўша шаҳарча идораларини айблайди. Қизиқ-а? Ўғил бир йил олдин вафот этган. Демак, она-бола узоқ вақт бир-бирини кўрмай, ҳатто хабарлашмай ҳам яшайверган. Москвада бир кампирнинг ошхонасида ўлиб қолганини бир ярим йилдан кейин билиб қолишган. Уй, сув, газ ҳақи вақтида тўланмагани учун талаб қилувчи идора эшикни бузиб кирганда қарздор кампир суякларини кўрган. Ана шу тўлов муаммоси бўлмаганида кампирнинг суяклари Қиёматга қадар ҳам ошхонасида ётган бўлармиди...
Булар цивилизация келтириб чиқарган маънавий хасталиклар. Даволаниши қийин бўлаётган, ҳатто бедаво тиббий хасталиклар эса ҳисобсиз...
Афсусли ери шундаки, аслида цивилизация деганимиз одамларни яхшилашга хизмат қилиши керак, ҳозир эса биз Ғарбда бунинг аксини кўряпмиз. Ҳайриятки, бизда қадриятлар эъзозланади. Демак, аждодлардан қолган удумларимизни қадрлашни фарзандларимизга ҳам ўргатишимиз керак. Бир одам донишманддан: “Мен ота-онамнинг қабрига ҳар ҳафта бораман, ўлсам, болам ҳам борармикин?” -деб сўрабди. “Қабристон зиёратига болангиз билан бирга борасизми?”-деб сўрабди донишманд. “Йўқ, бир ўзим бораман”, дебди у киши. Шунда донишманд: “У ҳолда болангиз қабрингизни зиёрат қилгани бормайди”, деган экан.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 22.02.2012 14:43   #8  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
-“Келинлар дафтарига” китобингиз яхши туҳфа бўлди. “Куёвлар дафтарига” деган рисола ёзиш ниятингиз борми?
-Ҳозирча йўқ. Чунки китоб “Келинлар дафтарига” деб номлангани билан, куёв тўраларга, қайнота-қайноналарга айтиладиган гаплар ҳам ўрин олган. Кейинчалик бу мавзуда ёзиш эҳтиёжи туғилса... бир гап бўлар.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 22.02.2012 14:56   #9  
uParty Member Known ID Group Ultimate
Аватар для OmoN
Оффлайн
програмщег
Сообщений: 4,971
+ 2,743  5,086/2,116
– 69  99/68

Uzbekistan
Ассалому алайкум. "Шайтанат"нинг 6-китобини қачон ўқишимиз мумкин бўлади?
__________________
Ошибки прошлого, мудрость будущего. (с)Д.Тернер.
Ответить 
Старый 22.02.2012 15:16   #10  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от OmoN Посмотреть сообщение
Ассалому алайкум. "Шайтанат"нинг 6-китобини қачон ўқишимиз мумкин бўлади?
Аслида ирим қилиб айтмаганим маъқул эди. Лекин ўқувчилардан дуо олиш мақсадида айтаман: 2012 йилда асарни ёзиб битиришга ҳаракат қиламан. Шу кунларда тарихий-маърифий йўналишда туркум ҳикояларни қоралаб қўйдим. Кейинроқ янги саргузашт асар ҳам ниҳоясига етади. Агар муҳтарам ўқувчиларимиз бизнинг ҳақимизга хайрли дуолар қилиб турсалар, ниятга етмоғимиз енгилроқ бўлади, инша Аллоҳ! Биз эса ўз навбатида ўқувчиларимизни, дуо қиламиз: Аллоҳ хонадонларингизга қут ва баракот бериб, барча офатлардан асрасин. Омийн!
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх