Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 26.11.2015 12:26   #21  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:
Бошланди тўполон, бошланди ур-йиқит. Улар кўпайлашиб шоирга ҳамла қилаётиб — биз ҳали жанжалга аралашмаган эдик — шоир бир курсини даст кўтариб улоқтирган эди, курси бориб тўкилибгина турган пастак қандилга урилди. Қандил чил-чил бўлди. Қий-чув, ресторан хизматчилари аралашган, бақирган-чақирган. Ҳаял ўтмай милиса етиб келди. Ҳаммамизни, ановиларни ҳам элтиб қамади. Шундай қилиб, бир кеча милисахонада ётиб чиққанмиз. У ердан бизни қутқарган ҳам шоирнинг ўзи бўлди. Кимнингдир номини қўшдими, қолган-қутган ақчасини бердими, ишқилиб, эртаси баримизни гаровга олиб чиқди. Кетган жами чиқиму жаримани бир ўзи тўлади. Китоб ҳақидан бир тийини ҳам ўзига қолмаган бўлса керак. Ана шундай мард, танти эди шоиримиз! Бугун бундай гаплар кимгадир ёқмаслиги ҳам мумкин. Аммо мен ўзим кўрган-билган нарсаларни айтяпман. Хуллас, қизиқ воқеалар кўп бўлган, бари эсимда турибди, келинглар, ҳозир вақтларингни олиб ўтирмайин. Ахир, одам ана шундай шўх бўлмаса, чақнаб турмаса, ундан шоир чиқадими?! Мана, ўзимиздан қиёс: жимгина, юрардик, шоирга ўхшаганларга эргашиб. Шоир бўлмадик-ку! Лекин ўша вақтларда мен уни шоир бўлади, деб сира ўйламаган эдим. Бу тантанаю бу иззат-ҳурматни қаранг! Дунё қизиқ экан-да, бари тушга ўхшайди. Одам ишонгиси келмайди. Кечагина билла униб-ўсган дўстинг, жўранг бугун келиб шундай катта шоир бўлиб, донг таратиб турса! Қанийди, бу кунларни унинг ўзи ҳам кўрса эди! Илоё, руҳинг шод, ётган жойинг обод бўлсин, Оллоҳу акбар! — шундай деб Темирйўлчи минбарда турибоқ юзига фотиҳа тортди. Беихтиёр жунбушга келган жамоат ҳам «Омин!» дея унинг дуосига жўр бўлди. Ҳайъатдагилар-гина нима қиларини билмай серрайиб қолишди. Мафкурахоним бениҳоя дарғазаб эди: масжидга айлантириб юборди-ку бу ерни! Ким эди ўзи бу одам? Бузғунчи ғаламисми? Гапирган гапларини: ресторан, ичкилик, жанжал, милиса, пул, пора! Ишқилиб, бу «ЧП» Энг каттамизнинг қулоқларига етмаса эди! Анови ялангоёқ исқиртни ким минбарга чиқарди ўзи? Оқсоқол шоирми?.. Дарвоқе, м-да, да, да!

Мафкурахоним йўл қўйилган жиддий хатони туза-тиш мақсадида Темирйўлчига зарба бермоққа чоғланаётган эди, Оқсоқол ундан берухсат, саросимада сўз навбатини Оташқалбнинг жиянига берди: у олдинги қаторда шаҳд билан ўрнидан тураётган Ёш шоирни кўриб қолган эди.

Жиянбека ҳайъат столини атай олдидан айланиб ўтиб, эшила-тўлғона минбарга яқинлашди. Таманно билан пастга назар ташлаб, бир лаҳза сукут сақлади. Шоирнинг жиянига хос шоирона сукут.

Жиянбека мана шу олиймақом анжумандаги олий-шаън минбарда туриб гўё ялтираб ётган сип-силлиқ йўлка бўйлаб яхмалак отди: у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа. «Биза Сибирга бориб келдивуза: ман, Захматкаш домла, Масъул окамиза ва Ёш шоир. Амакимлани қабрлигини кўриб келдивуза: жа обод атрофи панжара минан ўралган. Бюстлариям бор. Утта амакимлани жа яхши кўришаркан, мактабга номлигини беришиб-ди. Битта хотин бор экан, эриям бор, ўша амакимла-ни… амакимлани… билар экан, гапириб берди. Умуман, жа зўр бўлди. Бунинг учун Мафкурахон опавуза-га, Оқсоқол домлага кўпдан-кўп раҳмат. Бизага шароит яратиб беришди. Амакимла жа зўр шоир бўлганла, жа кўп шеърлар ёзганла-де. Биза, бутун оилавуза улани доимо эслаб, қувониб юравуза. Шўрлик амаким! Мана шундоқ кунларни кўрмай кетдила-я!..» Жиянбека дафъатан ҳиқиллаб юборди. Йиғлагани-ку майли, жиян, жигар бўлгандан кейин эслаб йиғлайди-да, лекин кўз-қошининг бўёғи чиқиб юзига чаплашгани чатоқ бўлди. Қурғур рўмолчасиям стоддаги сўмкачасида қолибди, аксига!

— Амакисини кўрганми ўзи? — деди Заҳматкаш домланинг ёнидаги биров. Тарс ёрилай деб ўтирган одамга шу кифоя қилди:
— Э, қаёқда! Кечаги гўдак-ку бу, она сути оғзидан кетмаган. Амакиси қамалганда туғилганлар ҳозир олтмишга қараб боряпти, бу ўггизнинг нари-берисида-ку. Амаки-жиянликлари ҳам омонатгина. Оташқалбнинг онаси уни интернатга топшириб, бошқа эр қилиб кетади. Бу қизнинг отаси ўша эрдан. Бегоналашиб кетишган. Шоирнинг номиям таъқибда юрган йиллари укахони «Менинг унақа акам йўқ» деб ёзиб берган, дейишади, Эҳтимол, ноилож қолиб шундай қилгандир, у кезларда бундан бошқа чораси ҳам йўқ эди. Айниқса, ўсаман деган одамга. Бу қизнинг отаси вилоят ижроқўмига раис бўлган. Уч йилми-тўрт йил бўлди оламдан ўтганига. Қиз эса ўзи кўрмаган-билмаган шоир амакини қаттиқ тутган.
— Шунисигаям раҳмат демайсизми, биродар, шу кунда жон-жигарлар бир-бирининг кўзига чўп суқиб юрибди-ку!
— Раҳмат, — деди Заҳматкаш домла. У «раҳмат» деди-ю, «лаънат» маъносида айтди.

Жиянбека уни ўша сафарда жонига тўйғизган эди. Бордилар, келдилар — Заҳматкаш домланинг тиш-оғриғи қолмади. Сафар намгарчиликка тўғри келиб, милклари газак олган экан. Шунданми ёки бу қизнинг ортиқча қариндошлик даъвоси энсасини қотирдими, ишқилиб, унинг гапирган гапию қилган қилиғи — бари ғашини келтирди. Энг хунуги — Жиянбеканинг бу қадар ўзини уриб юришлари амакиси учунгина эмаслиги аён бўлган эди. Таъқиб-қатағонга учраб ёмонотлиғ бўлиб кетган амакининг номини тиклаш баҳона — у бир ниқоб, у бир машғулот, эрмак — сиртдан меҳрибон, фидокор жиян бўлиб кўринувчи бу маккора, киши-билмас, ўзининг баъзи ишларини ҳам тикламоқда эди-ки, эс-ҳушли одам бу ҳолни бир қарашдаёқ пайқарди. Шуни сезиб қолган Еш шоирнинг ўшандаги тутақишлари! Бу хоним асло парво қилгани йўқ, Масъул ходим билан арақ ичиб, оғиз-бурун ўпишиб юраверди. Ўғри ўғрини қоронғида топди бамисоли. Масъул ходим ҳам масъул идорасида маеъулиятли қоғозларни титкилаб ўтиравериб зериккан экан, бу хонимга элакишиб, роса бити тўкилди. Аллақачонлар хокитуроб бўлиб кетган «душман» шоирнинг нима қизиғи бор унга, билқиллаган жияни турганда! Амаки, унинг хотираси, турли муҳим санадлар, ҳужжатлар бир четда қолиб, Жиянбека бу ерда асосан еб-ичиш, кимлар биландир олди-берди қилиш билан машғул бўлди. Мана, энди мин-барга чиқиб олиб гапираётган гапларини қаранг! Тавба, муштдек жонига бу қадар макр-риёни, бу товуслик ҳунарини қандай жо қилди экан-а? Башарти, Оташқалб бир дамга тирилиб келса — умрини унинг ҳаёти ва ижоди тадқиқига бағишлаган одам билади-да, ахир — шундай жияни борлигани кўриб, номусдан қайтиб ўлган бўларди.

Жиянбека чаплашган қош-кўзини кафти билан артиб, амакижонининг хотирасига бағишланган шеърий машқини ўқиб берди. Ҳозир шеърнинг савияси ҳақида баҳс юритмоқнинг мавриди эмас, аммо шуни таъкидламоқ керакки, нафосату зарофатдан йироқ бу хом-хатала сатрларними ёки унинг ўзи шеърият бўлган муаллифиними маъқул кўрганлар ҳам топиларди. Жиянбеканинг истиғноли қилиқларию товуш товланишларини мароқ билан, йўқ, ғайриоддий бир ҳарис-лик билан кузатиб-эшитиб ўтирган Мафкурахоним, у минбардан тушар-тушмас, ён тарафда сергак турган мулозимини чақириб, бу қизгинанинг манзил-манозилинию номаи аъмолини аниқлашни, шунингдек, анжумандан кейин ўзига рўпара қилишни топширди.

Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 26.11.2015 12:33   #22  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:

Мафкурахоним сўнгга йилларда мансаб-мартаба билан боғлиқ ташвишларга кўмилиб кетиб, боз устига анови ўлгур Тепакалдан узоқлашибми, ҳузур-ҳаловатли, қайноқ эҳтирослар қўзғайдиган ички ҳаётдан хийла совигандек эди. Бироқ ўзида бошқа бир нотаниш майлни сеза бошлади кейинги пайтларда: ёш-ёш, кўркам-келишган йигитларни, кизларни кўрса, кўнгли алланечук бўлиб кетади. Буни видо айтиб кетаётган ёшликнинг сўнгги замзамалари деб шарҳласа ҳам-ку бўлади, албатта. Аммо хушрўй-хушбичим қиз-жувонларга талпиниши одамни бир оз ўйлантиради. Шу рағбат сабабмикан, Озод Шарқ аёлининг рутбасини кўта-риш баҳона, кўп хотинни турли-туман лавозимларга «экиб ташлади». Жиянбекани суриштириб қолгани ҳам бежиз эмас: маданият вазирлигида битта муовинлик ўрни бўш, ўзи шеър-пеър ёзар экан, қўшиқ айтиб ўйинга ҳам тушса керак, энг муҳими — қадди-қомати жойида!

Кўнгли бир балони сездими, ўлгур Жиянбека ҳам минбарни тарк этиб ҳайъат столи бўйлаб бораркан, Мафкурахонимга қараб қўлини кўксига қўйганча «биз тайёрмиз» дегандек ширингина табассум қилиб ўтди. Бўлди, бас, муовинлик ўрни тўлди, банд этилди!
Бу жувон ҳув совуқ ўлкаларга борганида, мана, ҳозир Мусофир мухлис сифатида ўтирган, у ёқда майиб-мубтало бўлиб юрган зотнинг ҳам диққатини тортган. У бир лаҳза турган жойида турмас, ҳаммага иш буюрар, йўл-йўриқ кўрсатар эди. Меҳмону мезбон шунинг гирдида гиргиттон. Улар аввал қишлоқ мактабига бориб мажлис қилишган экан, сўнгра бу ерга — ўрмон четидаги, ўша замонлар сиёсий маҳбуслар қароргоҳи бўлган қабристонта келиб, қандайдир қабрни зиёрат этишди, галма-гал сўз айтишди: меҳмонлар қўйиб — мезбонлар, мезбонлар қўйиб — меҳмонлар. Маросимни милисалар тўдаси қўриқлаб турарди, Майиб-мубтало ҳарчанд уриниб кўрди, уни ўтгани қўйишмади. Бу хабарни дастлаб топиб келган, бир кулбада истиқомат қилувчи, ўзидан баттар таъвия хотин ҳар қанча далолату тавалло этмасин, уники ҳам иш бермади.

«Шоирнинг юбилейини баҳорда, туғилган кунида ўтказамиз» деган мазмунни Майиб-мубтало ҳув ўша қабр бошида худди мана шу жувоннинг гапидан илғаган эди: «Да, да, весной. Юбилей весной». Ора олис эди, узуқ-юлуқ эшитди, лекин эшитди бу гапни. Хайрият, шу аъзосигина омон қолган. Хайрият, шундан ҳам жудо қилмоқ бировнинг хаёлига келмаган.

Меҳмонлар — учми-тўрт киши, ана, юз-кўзларидан аниқ-таниқ ажралиб туришибди — мезбонлар қуршо-вида «газик» машиналарига ўтириб жўнаб кетишди.. Уларни кимдандир муҳофаза этган милисалар ҳам қаёққадир ғойиб бўлишди. Майиб-мубтало қорда енгил сирпаниб, ҳозиргина маросим ўтган қабр бошига етди. Атрофи яқинда панжара билан ўралган оддийгина қабр. Фақат, устига узунчоқ тунука тўнтарма ўрнатилиб, тунжга бўялган. Ундаги расмга кўзи тушдию қотиб қолди… Йўқ, совуқдан эмас, йўқ, аламдан эмас, йўқ, тил-забонсизликдан эмас, йўқ, майибу мубталоликдан эмас, йў-ўқ! «Твои земляки, твои земляки!» Ёнида тик турган майхўр таъвиянинг жаврашлари бирдан бир яроқли аъзоси — қулоғини қоматга келтирган, аммо унинг нидосини нолаларини, тавба, тавба, тилсиз-забонсиз махлуққа ўхшаб тушуниксиз, юрак-бағирни эзадиган ғайриинсоний бир товушлар чиқариб бўзлашларини, қордан, музликдан ўзгасини кўрмаган қаттол ерни тирнаб чинқиришларини мана шу ёнида жавраб турган бадбашара, ярим телба бир жонзоддан бошқа бу оламда ҳеч ким эшитмас, эшитса-да тушунмас, тушунса-да ишонмас, ишонгиси келмас эди!

Жавобсиз бу нидоларни қор уюмлари бағрига яши-риб учириб кетмокда эди.

Меҳмонларнинг йўлини яна икки кун пойлади. Қароларини кўрсатишмади. Демак, қайтиб кетишган, лекин ҳар бирининг сиймоси Майиб-мубталонинг заиф, хира тортган, шу билан бирга қайсар хотирасидан маҳкам жой олди. Ўшанда тасодифан қулоғига чалинган калималар-чи! «Да, да, весной. Юбилей весной». Айнан қайси кун эканини эса ундан яхшироқ биладиган зот бормикан?!

Ниҳоят, музликлар ўлкасида ҳам ҳаво илиди, эрувгарчилик бошланди. Ана, энди йўлга чиқса бўлади. Унинг мақсаду қароридан ҳеч кимса бехабар эди, ўзидан бошқа! Узи эса ўзидан қўрқар, яъни таниб қолиш-ларидан безиллар эди. Таниб қолсалар, яна қийноқларга соладилар, кесилмаган жойларини яна кесадилар, бурдалайдилар! Таниган одам унинг бу аҳволини кўриб… танимайди, танигиси келмайди, танимоғи ман этилган! Майли, нима бўлса бўлди, бундан баттари йўқцир. Жўнамоқ керак — илк ва сўнгги сафарга!

Ҳужрадош таъвияси станциягача эргашиб келди: бирга кетмоқчи! Майиб-мубтало уни ура-ура ҳайдади. Бу оламда фақат шунга кучи етади: шуни урмоғи, ҳайдамоғи мумкин, шунгагина ҳадди сиғади. Лекин ўзининг вагонма-вагон «юриб» кўрган кунлари, хўрликлари, бесабаб, бегуноҳ еган калтаклари!..
Ответить 
Старый 26.11.2015 12:39   #23  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:
Мусофир мухлис боя ёнидаги қиз берган таклифномага термиларкан, милт-милт кўзёш тўкарди. Таклифномага туширилган расм худди мана шу қасри олийнинг тагида олинган деса, ишонадиган зот топилармикан бу дунёда?!

Мусофир кўзёшлари орасидан-да таниди: ана, ана, совуқ ўлкани зиёрат қилгани борганлардан яна бири минбарга қараб кетяпти. Қай бири эди бу?

«Оббо, бостириб келяпти-ку!»
— Қаранг, қаранг, — деди Оқсоқол саросимада Мафкурахонимни туртиб, шу баробари ундан мадад ва нажот кутиб.
— Ким бу? — деб сўради Мафкурахоним чимирилиб, ташаббусни қўлга олиш-олмаслигини билмай.
— Бу… ёмон! Ёмон бу! Бало урди энди.
— Ҳов йигит, йўл бўлсин? — деди Мафкурахоним батамом ташаббусни эгалламоққа мажбур бўлиб.— Ким чақирди сизни бу ёққа?
— Сўзламоқчиман!

— Сўзланг, марҳамат. Лекин ҳамма ишнинг тартиб-қоидаси бўлади. Аввал рўйхатга ёзилиш керак, — деди Мафкурахоним биринчи синф муаллимига айланиб. Сўнг, худди Ёш шоирни танийдигандек, унинг исм-фамилиясини биладигандек, Оқсоқолнинг олдидаги қоғозга қўл чўзди. — Қани, бу ерда фамилиянгиз бормикан, кўрайлик-чи.
— Мен икки марта сўз сўраб хат ёздим, — деди Ёш шоир дадил туриб. — Мен бугун гапирмасам бўлмайди, менга сўз беринг. Ҳозир демократия замони!
— Тўғри, демократия замони, — деди Мафкурахо-ним кўнглида демократиясига лаънатлар ўқиб, лекин ундан ошкора чекинмоққа йўл тополмади. — Келинг, масалани демократик усулда ҳал қилайлик. Зал сизни қўлласа — гапирасиз, қўлламаса — йўқ. Келишдикми? Овозга қўяман!
— Бўпти, — деди Ёш шоир тап тортмай. — Розиман.

Мафкурахоним «бошқа» халқ билан муомала қилиб юрган, бу халқни билмас экан. Ҳаммаёқдан маъқулловчи хитоблар ёғилиб кетди: «Қўйинг, гапирсин!», «Эшитайлик!», «Сўз берилси-ин!»

«Ёрқин истеъдод» деб ном чиқарган, Оташқалбга отдош, ўзи ҳам нимаси биландир унга ўхшашиб кетадиган Ёш шоир шу тобда қайнаб турар, айни портлагудек даражада эди. Дастлаб сўз сўраб ҳайъатга хат юборганида икки нотаниш йигит уни ташқарига олиб чиқиб, роса асабини қақшатди. Новчароқ бири деворга тираб қайта-қайта тирғалди: «Хўш, сўз берилса, нимани гапирасан?» «Нега мен сенга ҳисобот беришим керак, кимсан ўзинг?» Худди гапни эшитмагандек яна асабни бурғилайди: «Нима ҳақда сўзламоқчисан, қани, айт-чи?» У деса, бу дейишди, бу деса — у. Тавба, охири осонгина қутулди-қўйди: «Ҳой, мусулмонлар, ишонинглар ахир, мен Узоқ Шарққа бориб, шоир қабрини зиёрат қилиб келганман, шуни гапирмоқчиман». «Боядан бери ўжарлик қилмай шундоқ демайсизми, оғайни!» деди «мусулмон»лардан бири.
— Мен агар бугун^бу ерга чиқиб гапирмаганимда, ўзимни умрбод кечирмасдим! — дея шиддат билан сўз бошлади Ёш шоир эл олдида ҳам, ўз олдида ҳам Жасур шоирга айланиб. — Мана, неча ўн йиллик қабоҳат ва разолатлардан сўнг, ниҳоят, Оташқалб шоиримизнинг пок номи чинакамига оқланаётир. Бугун шоир ҳақида бор ҳақиқатни айтадиган кун! Агар бугун айтилмаса, кейин ҳеч қачон айтилмайди, шоир номи янги-янги ёлғону сохта афсоналарга бурканиб бораверадики, унинг пок рухи олдида бу ердаги ҳар биримиз гуноҳкор бўлиб қоламиз. Бинобарин, бугун ростини айтадиган кун. Чунки, шоирни кўрган-билган одамлар, устозларимиз, таассуфки, йилдан-йил камайиб бораётир.

Хўш, бугун бу олиймақом анжуманда шоир тўғрисидаги том ҳақиқат айтиддими? Боя бу ерда шоирнинг ҳаёти ҳақида сўзлаган Ажойиб домламиз маърузаларини, одатдагидек, жозибали қилиб бошладилар: «Башарти, мўъжиза рўй берсаю Оташқалб шоиримиз бир дамгина тирилиб келса…» Домла! — деди Жасур шоир шартта ортига — ҳайъатга ўгирилиб, чучмал ишшайиб ўтирган Ажойиб домлани кўзи билан қидириб топаркан. — Агар сиз айтгандек бўлса, яъни шоир тирилиб келса, бу ерда бўлган гапларни, авваламбор, сизнинг маърузангизни эшитибоқ, билингки, қайтиб нариги дунёга кетарди! Ахир, ҳурматли профессор, сиз шоирни кўргансиз, билгансиз, наҳотки, у ҳақда бирор оғиз рост, жонли гап ёдингизда қолмаган бўлса?! Қолган, ҳаммагинаси ёдингизда, лекин эслагингиз кел-майди, чунки уларнинг устини, замон ўзгаргани сайин, ўшанга мос либослар — тотли ёлғонлар, сохта афсоналар ниқоби қоплаб олган. Ана шу ниқобни дадил йиртиб бор ҳақиқатни ошкор қилмоққа бугун, ошкоралик замонида ҳам журъат этолмайсиз, қўрқасиз. Негаки, у ниқоб ўзингизнинг шахсий ҳаётингизга оид кўп сир-асрорни ҳам яшириб турибди. Тўғрими? Нотўғри бўлса, чиқиб айтинг, мана — минбар!
Ответить 
Старый 26.11.2015 12:41   #24  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:

Ажойиб домла миқ этмай ҳамон ишшайиб ўтирарди: ёш бола-да, ҳар балони алжирайверади; гапир, гапиравер, сенинг гапинг — менинг…

— Мен бу минбарга бошқаларни ҳам таклиф қилишим мумкин. Бугун — камдан кам насиб этадиган зўр имконият қўлимизда. Келинг, чиқиб бор гапни айтиб, виждонимизни поклаб олайлик. Юрак ютолмаймизми? Ҳа-а, албатта, у ёлғонлар, сохтагарчиликлар тўридан қугулиб, ростини айтмоққа юрак керак, мардлик керак! Ҳурматли дўстлар, сиз билан биз Оташқалбга ўхшаган зотларнинг қора қисматга дучор бўлганида кўпинча замонни қоралаймиз. Тўғри, замон нобоп келган, носоз келган. Аммо, замон — мавҳум тушунча, унинг «паррагу винтчалари» ўзимиз эдик-ку! Ахйр, тўрт-беш шеърий тўпламнинг муаллифи бўлган ёшгина шоирни Сталин ёки Ежов қаёқдан билади, тўғрими? Демак, Оташқалб-ни таниган-билганлар шу кўйга солган. Аввало, шеъриятда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам ўрин талашган яқин биродарлари қилган бу қабиҳликни! Улардан баъзилари ҳозир барҳаёт, мана шу ерда савлат тўкиб ўтиришибди. Умр-лари бундан ҳам узоқ бўлсин, деймиз. Рухсат берсаларинг, азиз дўстлар, бетамизликка йўймасаларинг, менинг мана шу домлаларимизга бир-иккита саволим бор эди. Гарчи, аминманки, бу саволларга ҳеч қачон жавоб ола билмайман. Аммо, ҳақиқат баридан устун, деган гап бор, шунга кўра, бу саволларни бермасам, мен ҳам хиёнат килган бўламан. Қолаверса, бир куни бориб бари ошкор бўлади-ку! Дунёда абадий сир қоладиган нарсанинг ўзи йўқ-ку, нима дедингиз, Заҳматкаш домла? Гапни ўзларидан бошласак, Ажойиб домла. Сиз яхши билган идоранинг қора ҳужжатгоҳида сақланадиган Оташқалбнинг тергов ишида бир чақувнома бор. Унда ёзилишича, Оташқалб халқини ҳаддан ортиқ яхши кўрган, миллий истиқлолни орзу қилган, «улуғ оға»ларни тиканга менгзаган. Ахир, она хачқини яхпги кўрмоқнинг нимаси айб? Миллий истиқлолни тарғиб қилгани ҳам ҳақиқат; халқини севган қайси фарзанд ватанини озод кўришни хоҳтамайди?! Бундан чиқади, ҳаммаси бор, бўлган гаплар, туҳмат эмас, яъни Оташқалб айбига кўра, тўғри қамалган. Бугунги нуқтаи назар билан қараганда эса, у — чинакам миллий қаҳрамон! «Улуғ оға»ларнинг тиканга менгзалгани масаласига келсак, маълумки, бу — мунозарали гап, исботлаш қийин. Уларни гулга менгзаганда ҳам, зарур келганда, балога қолмоқ ҳеч гап эмасди. Хўш, айтинг-чи, ўша чақувноманинг «ростгўй» муаллифи ким эди?

Саволга жавоб бериши лозим бўлган томон — Ажойиб домла ишшайганича қўлида дўпписини айланти-риб ўтираверди: ман қаттан билий!

— Оташқалб оқланаётган кезлар унинг тергов ишида яна бир қоғоз пайдо бўлди. Ижобий тақриз, ҳимоянома деса ҳам, оқловнома деса ҳам бўлади. Унда Оташқалб роса кўкка кўтариб таърифланади, «Шундоқ ажойиб шоир душманла.рнинг чақуви билан туҳматдан қамалиб кетган», дейилади. Демак, у — қамалишига асос бўлган айбларига зид: на халқини яхши кўрган, на миллий истиқлолни орзу қилган, ростдан ҳам туҳмат билан қамалган анчайин бир жабрдийда. Демак… биз бугун бу ерда халқини, ватанини севган фидойи шоирнинг эмас… кимнинг туғилган кунини нишонлаб ўтирибмиз, ўйлаб кўрайлик, биродарлар! Ёки бўлмаса, бу галги муаллифимизнинг ўзи туҳматчи, шундай эмасми? Қизиғи шундаки, ййгирма йилнинг нари-берисидаги ана шў икки тақризни бир киши ёзган. Ажойиб домла, сиз кўпни кўрган кўҳна одамсиз, айтинг-чи, ана шу мунофиқнинг кимлигини билмайсизми?
— Демагогияни бас қилинг, ҳўв ука, — деб қўйди Ажойиб домла ҳамон ишшайганича.

Тошдан яралганми бу одам? Ҳолбуки, не-не қирғинбаротларни кўрган, не-не балоларга гирифтор бўлган. Лекин баридан эсон-омон ўтиб келяпи. Демак, мудом мана шундай: қўлида дўпписини айлантириб, ишшайибгина ўтираверган, вассалом. Энди навбат минбарда сайраётган мана шу маҳмадона болага келишини кутади. Ҳаҳ, давринг кепти, сайраб қол, жўжахўроз! Аммо эртасини ҳам ўйлаб кўйсанг, чакки бўлмасди! Пўконингдан ел ўтмаганда, кекиртагингни чўзасан. Сени ҳам кўзингни боғлагандек қилиб анови хонага олиб кирса, тиззаси билан жон бир жойингга тепиб тегишли қоғозига имзо чекдириб олса, ана шунда билар эдинг! Бир бора имзо чекдингми, бас, кейин бўйин товлайин десанг, машъум тепки ёдингга тушаверади. Қарабсанки, ўша имзонинг қулига айланибсан, ўша тепкичилар қаторига ўтиб қолибсан. Энди ўзинг ҳам тепишни касб қиласан: бўрилар орасида бўри бўлиб увламай кўргин-чи! Кейин, ёш бир жойга борганда, бу йўлдан қайтай десанг, орқангга қарамоққа қўрқасан — қилмишларинг, қора ишларинг! Қолаверса, сен ва сенга ўхшаганлардан тепки еганлар энди сафига қўшмайди, ҳазар қилади.. Уфф!

— Демагогия? Сизлар яхши кўрган сўз бу! Иложсиз, чорасиз қолганда шуни қурол қилиб одамни айбламоқчи бўласизлар.
— Хватит! — деди Мафкурахоним тоқати тоқ бўлиб.— Вақтингиз битди, ука!

У Тепакалдан хуфия хат олиб, боядан бери типирчилаб ўтирарди.
— Мен бюро ёки партия мажлисида гапираётганим йўқ, опахон! — деди Жасур шоир жасурлик билан бетга чопиб. — Мана, халқдан сўранг, бир оғиз «Бас, бўлди» деса, ҳозироқ тушиб кетаман!

Пастдан бетартиб хитоблар эшитилди:
— Гапираверсин! Эшитайлик! Давом этинг! Сўзини бўлманглар!

Халқдан мадад олиб шерланган Жасур шоир янги нафас, янги ғайрат билан гапини давом эттирди:
— Заҳматкаш домла, кўзингиз тушгандир, ўша жиноятномада яна икки кишининг кўргазмаси бор. Бир аёл билан бир эркакнинг. Эркакнинг кўргазмасида Оташқалб «оға»лар қавмига мансуб бир хотинни «Сени яхши кўраман» дея алдаб, сўнг ташлаб кетгани, дўстининг гуноҳини ювиш учун кейин ўзи унга уйланмоққа мажбур бўлгани айтилади. Аёлнинг кўргазмаси негадир қаттиқ аламзадалик билан ёзилган. Унда Оташқалб ўтакетган безориликда ва, эътибор қилинг, бевафоликда айбланади! Демак, оддийгина, майли, ўтакетган бўлақолсин, безори ва бевафодан «халқ душмани» ясалади. Хўш, ўша «олижаноб» эркак киму «жабрдийда» хотин ким?.. Кўпчиликнинг хабари бор: уруш йиллари Оташқалб асирлик сургунидан озод қилиб, лозим бўлса, жангга юборилишини сўраб Сталинга ариза ёзади. «Мазкур иш бошқатдан кўриб чиқилсин!» деган фармойиш билан қайтган ариза шу борада фикр, аслида розилик сўраб, расмият юзасидан, ёзувчилар ташкилотига келиб тушади. Ўша сўровномага ташкилот раҳбари нима жавоб қилган, эшитганмисизлар? «Оташқалбни сургундан қайтариш мумкин эмас. У қайтарилса, уни айблаган кишиларни жазога тортиш лозим бўлади. Бунинг эса, маълум сабабларга кўра, иложи йўқ». Хўш, уни айблаган кишилар ким эди? «Маълум сабаблар» дегани нима? Ўша йиллари ким бу ташкилотнинг раҳбари эди? Мана шу бир тўп саволга сиз жавоб берсангиз, ҳурматли Оқсоқол!
Ответить 
Старый 26.11.2015 12:42   #25  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:
Оқсоқол бу саволларни умр бўйи кутиб яшаган, умр бўйи ана шу саволларни ўзи ўзига бериб келган. Аммо бирортасига ҳам жўяли жавоб қайтаролмаган. Жавоб — ўзи, яхшидир, ёмондир, ўзининг ҳаёти. Уни бўлаклаб бўлмайди, бор-буди бир-бирига чирмашиб кетган. Ё тўлиғича маъқуллаш керак, ё батамом инкор этиш лозим бўлади. Бошқа чораси йўқ. Кўп ўйлаб, кўп кавлаб кўрган.

Мана бу зумрашанинг даъволарига келганда… Қани эди, шу боланинг ўрнида сен бўлсанг! Виждонинг пок-покиза, умринг хато-хутолардан холи. Лекин, саксон йилни шундай тўғри, бехато яшаб бўлмайди. Иложи йўқ. Иложи бўлганда… йўқ, қайта туғилганда ҳам иложи йўқ экан. Гап — ҳаётинг фақат хатоларга қурилмаслигида! Ҳайҳот, ҳайҳот… Манови бола эса ҳозир уйқуда — маст, масрур. Юра-юра бунинг ҳам «одам бўлгиси» келади. Бир куни чақирадилар, нимадир фазилати ё хизмати даркор бўлиб, амал берадилар. Ана кейин қарабсизки — мадҳиябозлигу қофиябозлик! Бировлар ёшлигингизда ўт эдингиз, олов эдингиз, деса, ғўрлик-да, хато қилган эканмиз, дейдиган бўлади. Шу тариқа ҳаётнинг «тинч океани»га тушиб суза бошлайди. Худо ёрлақаб бир куни Оқсоқол шоирнинг ёшига етганида, аллақандай бир жўжахўроз ўртага чиқиб мана бундай жириллаб қолса, аламидан тутаб кетмайди деб ким кафолат бера олади? Йўқ, бу дунёда бола-чақали одамнинс таёқдек тўғри бўлиши ёки киройи бир жасорат кўрсатиши мушкул экан. Осмондаги парранда ҳам бир иш қилмоқдан олдин ўзини эмас, бағридаги жўжасини ўйлайди, ўзининг эмас, полапонининг тақдиридан чўчийди. Наҳотки, ёвқурлик, шерюраклик деганлари салт-сувойларгагина хос?..

Ўзи бугун худо урган кун экан. Эрталабдан бери кўнгли ғаш. Эрталаб ҳайкалнинг очилишидан қайтаётиб, машина ойнасидан ўзига ўқдек қадалиб турган бир жуфт кўзни кўриб қолди. Нимасидир жуда таниш бу кўзларнинг эгаси йўл четидаги қўлбола аравачада ўтирган ниҳоятда афтодаҳол бир ногирон эди. Оқсоқолнинг кўксида нимадир жизиллаб кетди — унутилган, аммо таниш, аламли нимадир. Боя Мафкурахонимни кутгани чиқиб майдонда нари-бери юриб турганида ҳам узоқдан ўша ўтли, оташин нигоҳларни тағин ҳис этди, кўзини олиб қочди, у ёққа қарамасликка ҳаракат қилди.

Ажабо, мана шу ҳолат уни умр бўйи таъқиб этган экан: гўё кимдир унга шиддат билан тикилиб турибди-ю, у зўр бериб кўзини олиб қочади, ўша томонга қарамасликка уринади.

Хуллас, бугун оғир ўйлар гирдобида юрган Оқсоқол айни чоқда Жасур шоирнинг ўқдек янграган омонсиз саволларига бир нима деб жавоб қайтариши маҳол эди. Аммо оғзидан кутилмаганда шундай бир гап чиқиб кетдики, кейин ўйлаб ўзи ҳам ҳайратда қолди. Муроса қилгиси келдими ё кўнглининг ўзибилмас бир хилватларида пинҳон ётган дард беихтиёр бош кўтардими, ҳарнечук, бўлгани бўлди.
— Гапираверинг, ўғлим, баракалла, — деди Оқсоқол шоир. — Бу гапларни бир куни кимдир айтиши керак эди-да!

Ул-булдан хабардор жамоат карахту лол бўлиб қол-ди: оббо, Оқсоқолни бир жин урди-ёв! Уни ўйин қиляпти ёки мард экан барибир, деган хаёлга борганлар ҳам бўлди.

— Жавобингиз бизга маъқул, Оқсоқол! — деди жувонмарг Жасур шоир зукколик ва шаҳдамлик билан, мунозарада устун келганини ҳам барала сездириб. — Ҳақ гапни айтдингиз! Бу ёғини яна биздан эшитинг. Маълумки, ҳозир сизу биз тантанали анжуман қуриб ўтирган муҳташам бинони тиклашда бир вақтлар ҳарбий асирлар ҳам иштирок этган. Ўша бинокор маҳбуслар, билганлар билади, худди мана шу ҳашаматли томошахонанинг тагида макон топган. Оташқалб ҳам бир муддат шу ерда ётган. Ер ости ҳам томошахона, ер усти ҳам! Қизиғ-а? Дунёнинг ишларини кўрингки, бир вақтлар унинг қатлига имзо чекканлар бугун тўрда ўтириб қозилик қиляптилар! Ўлдирганлар — тўйинг-да баковул! Алҳазар! Ана шу муте-майда гумашталарга бош-қош бўлган мафкура соҳасини ўша кезлар ким бошқарган, билмайсизми, ҳурматли Мафкурахон опа? (Асабий ҳурпайиб ўтирган «опа»нинг важоҳатидан фақат бир гапни, фақат бир тилда кутиш мумкин эди: «Знать не знаю и не хочу!») Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Шоир сургунда яшаган жойларни зиёрат қилгани борганимизда ўша ерлик бир аёл, кўрганми, кўрмаганми, худо билади, хумори тутганидан дир-дир титраб турган майхўр эрининг кўзи оддида Оташқалбга маъшуқалик даъво қилди. Меҳмонлар шарафига тузалган зиёфат дастурхонидан аввало майхўр эрининг ғамида, умидвор бўлиб бу ишга боргани ҳаммага аён эди. Арвоҳидан қўрқмай, шоир тўғрисида бўлар-бўлмас чўпчакларни тўқиб, уларни мана шу мўътабар минбарга олиб чиққанда сиз, ҳурматли Ажойиб домла, тағин нималардан умидвор бўлдингиз экан? Ахир, шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритишга айниқса сизнинг маънавий ҳаққингиз йўқлигини, бу иш умрини шунга бағишлаган Заҳматкаш домлага тан, шу кишигагина ҳалол эканини наҳотки билмасдингиз? У киши бизга, масалан, ёлғон қабрлар устида тўккан сохта кўзёшларимиз, аниқроғи, улар ўрнига оққан бўёқлар ва бошқа нарсалардан сўзлаб берарди.

Сиз-чи, ҳурматли Маъшуқахон опа, маъшуқалик шуҳратини энди анови шимоллик беор майхўрнинг беор хотини билан тенгма-тенг бўлишамиз шекилли? А, лаббай? Биламиз, иложи йўқ. Лекин — начора, чиллада бўрининг қорни тўқи бўлмайди! Биродарлар, Оташқалбни жувонмарг қилган бир тўда риёкор, номи окланган кундан эътиборан уни ўзига мосламоққа, ҳаёти ва ижодига ўзгартишу таҳрирлар киритиб, ўзиники қилмоққа уриниб келди. Мана, бугун ҳам шунга ҳаракат бўлди. Агар биз уларнинг даъволарига қулоқ оссак, ишонсак, шоирнинг руҳи олдида бугун ҳам хиёнат қилган бўламиз. Оташқалб — бизники! Аминманки, шоирнинг руҳи ҳозир мана шу тантанавор толор бўйлаб кезиб юрибди, — дея Жасур шоир қулочини кенг ёзиб негадир юқорига, иккинчи ошён тарафга ишора қилди.— Маълумки, шоирнинг бор ижоди қўлимизда, у ҳимояга муҳтож эмас — ўзини ўзи ҳимоя қила олади. Аммо унинг ҳаётини турли уйдирмаю афсоналардан тозалаш, ҳимоя этиш — бизнинг бурчимиз. Чинакам мухлис, адабиётнинг чинакам дўсти шундай қилади. Қолаверса, Оташқалбнинг фожиасида бир-икки одамнигина айбдор санаш калтабинлик бўлади. Бандаси ожиз, жон эса ширин. Уни аввало ўша муҳит жувонмарг килган. У барибир омон қолмасди. У барибир қамаларди. Ўша замон мантиғида бундан бошқа йўл йўқ эди. Лекин Оташқалбнинг қисмати сизу бизга сабоқ бўлолдими— мана, гап нимада! Азиз дўстлар, минг бора узр, шодиёна кунда нохуш гаплардан гапириб мен бир қадар андишасизлик, балки шаккокликка боргандирман. Лекин, боя ҳурматли Оқсоқолимиз тўғри таъкидладилар: бу гапларни бир куни кимдир барибир айтиши керак эди-да! Шу ишни бугун мен қилдим, майли, увол-савоби менинг бўйнимда бўлақолсин! Бугун — Оташқалб шоиримизнинг тўйи, шеърият байрами, аслида бу тантананинг қаҳрамони шеър бўлмоғи лозим эди. Келинг, дўстлар, мен сўзимни унутилмас шоиримизнинг машҳур шеърини асл ҳолида ўқиб бериш билан якунласам:

Тикашар ичра балқкан ул муҳаббатнинг гули сенсен.
Капалакка дил боғлаган ҳам кўнгилнинг қули сенсен.

Бу мовий кўзларинг сўзлар, қушим етим каби бўзлар…
Оловим ҳам сен эрурсен, ҳам армоннинг кули сенсен.

Тишим чайнаб ютар бўлсам, дилимнинг булбули сенсен.
Хазон бир ғунчанинг ғолиб, музаффар қотили сенсен.

Сенсен, сенсен — озоргинам, дилдоргинам сенсен,
Биру борим, ғаддоргинам, беоргинам сенсен!..

Нотиқ шеърни ўқиб бўлгач, негадир шошилиб, шиддат билан минбарни тарк этди, овози улкан томошалар толори бўйлаб қанот қоққандек садо бериб қолди: «Биру борим, ғаддоргинам, беоргинам сенсен, сенсен!..»
Ответить 
Старый 26.11.2015 12:44   #26  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:

Жасур шоир қаҳрамонга айланиб олқишу чапаклар остида жойига қайтаркан, унга пешвоз чиққаннинг, қутлагани қўл чўзганнинг ҳисоби йўқ эди. Тўғри гапга ташналар ҳам кўп экан.

Оқсоқол умри мобайнида жуда кўп хато қилгани маълум. Бугун, мажлисни якунлайтуриб ана шу нохуш рўйхатни тағин бир хунук хато билан «бойитди» деса бўлади. Аслида, Жасур шоирнинг оташин нутқию жарангдор мисраларидан сўнг анжуманни давом эттириш хатарли, Оқсоқол уни наридан-бери ёпиб қўя қолиши лозим эди. Йўқ, қўрқди. Боя беихтиёр оғзидан чиқиб кетган гап учун қўрқди. Ўша ҳаром томири бу гал ҳам панд берди.
— Ҳурматли ўртоқлар, ҳозир бу укамизнинг жўшқин сўзларини ҳайрату ҳаяжон билан тинглаб ўтириб, кўз олдимда марҳум дўстимнинг унутилмас сиймоси гавдаланди. Оташқалбнинг ўзгинаси-я, айнан! Қўлларини силтаб-силтаб гапиришлариям, шеър ўқишиям, ҳатто овозиям — худди ўзи! Қиёфасиям ўхшашиб кетади. Ё тавба, дейман, одамзод бир-бирига шунчалик ҳам монанд бўлар экан-да! Аммо менинг бояги луқмамни, афтидан, кўпчилик тўғри тушунмади. Унинг тагида бошқа мазмун бор эди. «Бу гапларни бир куни кимдир айтиши керак эди», дедим, ёдинглардами? Ана шундай. Нима деганим эди бу? «Бу гапларни бир куни кимдир айтишини биз билар эдик, шуни кутган эдик». Во, нима демоқчи эдим мен! Мана, бугун шу гаплар айтилди ниҳоят. Унга бизнинг жавобимиз бундай, — деди Оқсоқол салмоқ билан ҳайъатда ўтирган жўраларига кўз ташлаб олиб ва айни замонда улардан мадад ўтиниб. — Биз унутилмас дўстимиз ва сафдошимиз Оташқалб шоир ҳаёти ва ижодини бунинтдек бузиб талқин этишларига асло йўл қўя олмаймиз! Биз бошда танлаган йўлимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз! Мен бу укамизни Оташқалбга ўхшатдим. Ўхшагани яхши, майли, ўхшайверсин. Лекин Оташқалбнинг тақдири оқибати нима билан тугади — мана бу томонини ҳам ўйлашимиз керак, ҳурматли ўртокдар, тўғрими?

Пастда ғала-ғовур қўпган, норози хитоблар, чапаклар эшитила бошлаган эди. Бу ёғи пойма-пой бўлиб кетганини ҳатто Мафкурахоним ҳам фаҳмлади шекилли, Оқсоқолнинг тирсагидан тутиб, қулоғига нимадир деб шивирлади. Фикрлари чалкашиб, довдираб қолган Оқсоқол титраб-қақшаб унинг гапини микрофонда такрорлади:
— Шу билан юбилейимизнинг тантанали қисми тугади. Келганинглар учун раҳмат. Ҳозир — катта концерт.

Шу тариқа Оқсоқол шоирнинг сўнгги бора раислик фаолияти ҳам шарафсиз, балки шармандали якун топди.

Анжуманни танаффуссиз давом эттиришга қарор қилинди чоғи, «муҳим иш» чиқиб шошиб қолган Мафкурахонимни кузатган казо-казолар тезгина кириб, пастдаги олдинги қатордан жой олдилар. Бу орада саҳна айланиб, Оташқалбнинг шифтдан осилиб турган каттакон сиймоси камалак ёғдуларига тўлди, Унинг кетидан юракларни сел қиладиган жозибали бир оҳанг таралиб, сочи елкасига тушган хипчагина хонанда микрофон кўтариб у ён-бу ён бориб кела бошлади.

«Тиканлар ичра балққан ул
муҳаббатнинг гули сенсен…»

Азим толорни тантанавор бир руҳ, чинакам байрам руҳи қамраб олган эди. Зум ўтмай, «сен»нинг ўзи ҳам кўринди, камалак жилоларига чулғаниб енгил навозиш эта бошлади. Ўта оммалашиб кетган бу қўшиққа, чамаси, пастда ҳам кимдир ўйин тушмоқда эдики, раққоса ажиб бир такаллуф билан уни саҳнага чорлай кетди. Зинада ажинасимон бир нарса, унинг ортидан эса алвастига ўхшаш бошқаси қора кўрсатди. Улар изидан ёш, муносиб издошлари — Жиянбека…

Қўшиқ шўх пардаларига етган, саҳнада Маъшуқахоним билан Алвасти бир-бирига қараб беўхшов, ярашиқсиз муқомлар қилар, ажабки, даргоҳи кенг худойим аҳли анжуманга тоғдек бардош берган эди.

«Бу мовий кўзларинг сўзлар,
кушим етим каби бўзлар…
Оловим ҳам сен эрурсен,
ҳам армоннинг кули сенсен,
ҳам армоннинг кули сенсен…»

Энди бу ерда ўтириш оғир, ҳатто ортиқча эди. Энди бу дунёга тоқат қилиб-да бўлмасди. Шайтанат, худди шайтанат!..

Кўз ўнгида яна ўша манзара жонланди. Кенг-катта кўча бўйлаб у аравачасини елдириб бормоқда. Икки ёнда баланд-баланд бинолар. Аравача ғиддиракларининг ғирчиллаши азамат пештокларга урилиб, шағал тўккан мисоли бир тарона яратган. Улкан шаҳарда шундан ўзга сас-садо эшитилмайди. Шаҳар кимсасиз, унда бирор тирик жон йўқ…

Ажабо, тушими бу ё ўнгида кўрганми? Кўрган бўлса — қачон, қаерда? Кечадан буён кўз олдидан кетмайди шу манзара.

Келишда у поезддан вақги бемаҳалда тушган, бояги манзара кимсасиз шаҳар бўйлаб қилган «саёҳати»нинг дардманд хотирадаги бирмунча қабариқ тасвири эди.

Шундаймикан?..

Мусофир мухлис мурувватпеша қўшнилари — ёш йигит-қизга миннатдорлик изҳор этган каби бир-бир назар солди-да, чаққон бир ҳаракат билан ўриндиқдан сирғалиб тушдию илдам эмаклай бориб, йўлак адоғига суриб қўйилган аравачасига ўрнашди, тирсаклари — «оёқ»ларини ишга солиб, жўнади.

Энди уни ҳеч қандай куч тўхтата олмасди. Ҳозир шиддат билан иккинчи ошённинг кўчага қараган айвончасига чиқади (ҳали келаётиб кўз остига олиб қўйган), сўнг… Тўғри, эвини қилолмай бир нафас қийналади, тараддудга тушади! Лекин бир умрлик азоб-уқубатлар, қийноқлар олдида бу ёғи осон, бамисоли ҳалинчак учгандек, йамисоли мукофот… Ягона тилаги — йўлда анови қаттол Таъқибкорга дуч келмаса бас. Дарвоқе, энди дуч кедди нимаю дуч келмади нима!

Ҳеч ким ҳеч гапдан бехабар, таваллуд анжумани одатдагидек давом этди, ярим тунга бориб тарқади.

Хўш, кейин нима бўдди?

…Тепакал диванда ҳорғин чўзилиб ётаркан, ўзини ҳозир минг қўйли бойдек, минг қўйли бой нима бўпти, ундан-да қудратли, ҳар ишга қодир ҳис қиларди. Боягина у Сирдарёдаги гадойтопмас бир гўшада ишчилар таъминоти бўлимининг бошлиғи эди, энди — кимсан, пойтахтдаги каттакон бир озиқ-овқат трестининг хўжайини! Тағин сал ҳаракат қилса, бундан-да юксалиши ҳеч гап эмас!

Ўзини тошойнага солиб кўз-кўз этаётган Мафкурахонимга тикиларкан, Тепакал таажжуб билан ўйларди: «Тавба, дунёнинг ишлариям чаппа-раста. Чаппа-раста бўлмаса, шу қавмга бунча нарсанинг жиловини бериб қўйиб бўладими? Ахир, булар ҳалиги маҳал қулоғига сал шивирлаб қўйсангиз, дунёда яна бир Октябрь тўнта-риши ясаб юборади-ку!»

Улар бу эски хилватхоналарида бундан атиги қирқ дақиқа аввал учрашдилар. Энтика-энтика бирин-кетин кириб келган ошиқ-маъшуқ, дийдор кўришилмаганига икки-уч йил бўлган, гап йўқ, сўз йўқ, учрашган ҳамо-но бир-бирига чирмаша кетди: «Тепакали-им!..» — «Мафкурабегим!..»

…Елкасида улуғ идораларнинг туҳфаси — банорас тўн, оддида — қалпоқ бостирилган аччиққина чой, дўпписини бир ёнга олиб қўйган Ажойиб домла қаламини чаккасига босганча теран тафаккурга чўмиб ўтирибди. Бугунги кунга мос сўз қидирмоқца. Яқинда бўлажак зиёлилар қурултойига Опахоннинг номидан маъруза тайёрламоғи даркор. Топшириқ масъулиятли! Бугунги анжуман баҳона, Опахон билан учрашганларида у киши масалага мутлақ партиявий нуқтаи назардан ёндашмоқ лозимлигини яна таъкидладилар. Маъқул. Бундай топшириқларга «лаббай» деб жавоб бермоқ, замон талабларига мос оҳанг топиб, зиммага юкланган ҳар қандай мушкул вазифани дўндириб қўймоқ-ку — домланинг одатий юмуши. Аммо ҳозир давр бошқача, долғали келди қурғур. Анови жўжахўрознинг бугунги пўписалари, ҳай-ҳай!

«Ничево, — деди Ажойиб домла одатдагидек ғайрат билан ишга_ киришаркан. — Бундан баттарларини кўрганмиз! Ўсма кетар — қош қолар, дўппи кетса — бош қолар».

…Қариб қуйилмаган дарбон хотин ўзида йўқ хур-санд: бугун саҳнада ҳеч ким ҳеч кимни кўтариб ўйнамади! Лекин эртага унинг аҳволи чатоқ бўлади — ишига масъулиятсизлик билан қарагани, яъни шундоқ ҳашаматли кошонага шундоқ улкан анжуман кетаётган пайтда ҳар хил қаланғи-қасанғилар кириб, фавқулодда нохуш ҳодиса содир бўлгани учун у вазифасидан четлатилади. Вақти-замонида мана шу кошонанинг тўридаги саҳнада қўлма-қўл бўлиб юрган одам, тақдир тақозоси билан сурила-сурила эшик оғзига келиб қолганидан хабаримиз бор эди, энди у эшикдан ташқарига чиқариб ташланади. Бир куни бориб ана шу донгдор саҳнада кўрсатган хизматларини қўшиб-чатиб ҳикоя қилиб берса, тирмизак невараси унинг ҳасад ва ўсма-сурманинг зўридан эрта сўлиган, буришган афтига тикилиб, «Бувижон, бу эртакми ё достон?» деб сўраса керак.
Ответить 
Старый 26.11.2015 12:45   #27  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:
…Ўта масъулиятли тадбир чоғида ишга совуққонлик билан ёндашилгани — анжуман минбарини ҳар турли бузғунчи унсурлар эгаллаб олгани оқибатида сиёсий-мафкуравий қўпорувчиликка йўл очиб берилгани учун Таъқибкор ҳамда унинг шогирдларига қаттиқ чора кўриладиган бўлди. Шогирдларига оғир ҳайфсан ва бошқа интизомий жазолар қўлланиб, Устознинг ўзига истеъфога чиқиш тавсия этилди. Сўнгги дақиқада унинг партия ва ватан олдидаги фидокорона хизматлари инобатга олиниб, кошонадаги бўшаб қолган дарбонлик вазифаси таклиф қилинди.

Таъқибкор жон-жон деб рози бўлди. Аввало, у йўлланган жойдан ҳеч қачон бўйин товламаган, топширилган ҳар қандай вазифани муқаддас билиб, бекаму кўст адо этган, қолаверса, бу масканга кириб-чиқаётганларга кўз-қулоқ бўлиб туриш ҳам, аслида, чакана лавозим эмас. Сираси, гап — лавозимда деганлар хато қилади, гап — ўша ўринда ким ўтирганида!

…Бу орада ютган-ютган Маъшуқахоним бўлди: ҳам ўзини яна бир бор дўсту душман оддида кўз-кўз қилиб хумордан чиқди, ҳам яйраб-мириқиб ўйинга тушди. Тўғри, анови жувонмарг бугун ҳам бир оз акиллади. Ҳай, садқаи сар, сенинг гапинг — менинг… Эрим номдору амалдор деб кериласанлар, пайпоқ ювиб ўтган кунинг қурсин сен димоғдорларнинг. Битта эрдан бошқа нимани кўрибсан? Куйиб-тутаб ўлларинг, Маъшуқахоним яқинда унвондор ҳам бўлади, Мафкурахоннинг шахсан ўзи ваъда қилди!

…Ўша кеча ухлаган одам ухлагандир, Жиянбека ҳаяжону иккиланишлар оғушида тўлғаниб чиқди: «Ким бўлсам экан — вазирга муовинми ёки Мафкурахон опамга қарашли шўъбага мудирми? Мудирнинг-ку қўли узун, лекин муовинлик ҳам чакана эмас, номи зўр, ҳам эркинроқ. Маданий борди-келдилар баҳона, кўп нарсали бўлиб қолиш мумкин. Ким бўлсам экан-а?..»

…Ўша кеча масъул бир шахснинг қайнотаси бўлмиш Фан арбобининг уйида телефон бетўхтов жиринглаб турди. «Табриклаймиз, зўр чиқиш қилганмишсиз, домла!», «Эшитдик, эшитдик, шоиру ёзувчиман деганларини оғиз очирмай қўйибсиз-у, устоз, қойилман!», «Гапни қийиб ташлабсиз аммо, яшанг, дўст!»

Вақт ярим кечага яқинлашганда юксак мартабали куёвтўранинг ўзи йўқлаб сим қоқди:
— Қалай бўлди, дада?
—Қайдам, ўғлим, ўртоқлар кетма-кет қўнғироқ қилиб табриклашаётибди-ку!
— Дада, ўша шоирингизни қамалиб чиққан, деб эшитаман. Оти нимайди ўзи?
— Оти… оти… Ҳозир…

…Темирйўл ишчиси — Оташқалбнинг собиқ сабоқ-доши ўша оқшом хотинидан айниқса зўр иззат-икром кўрди. Қаранг, хотини шу чоққача қандай одам билан яшаб келганини билмас экан!

…Заҳматкаш домла ўша кеча юрак ўйноғи бўлиб, мижжа қоқмай чиқди. Столда иши беҳисоб, қўлёзмалар қалашиб ётибди — яқинлашмоққа эса юраги бетламайди. Худди оддин бир тазарру айтиб, истиғфор келтириб — покланиб олмоғи зарурдек. Мана, хайриятки, кўп йиллик орзуси амалга ошди — Оташқалбнинг таваллуд анжумани, яхшими, ёмонми, ҳарқалай, ўтди. Бироқ кўнгил алағда, бошқа ишнинг бошини тутай ёки ётиб дам олай деса, кўз ўнгида нуқул бир манзара жонланаверади: қалин қарағайзор четидаги ғариб қабристонда ғарибона мунғайган бир қабр. Бир тўда одам уни зўр бериб кавлармиш-у, лаҳмдан ғиштдан бўлак ҳеч нарса чиқмасмиш. На бир дона суяк, на бир парча чириган матоҳ, на бир тола соч — фақат ғишт, ғишт, ғишт…

…Жасур шоир бугунги зафар завқидан сармаст, қаттиқ уйқуда. Суюкли хотини бошида ўтирибди. У-да мамнун, у-да масрур, бот-бот шоирнинг бошини — шеърият жафоларию турмушнинг норасоликларини мардона-мағрур енгиб келаётган тошдан қаттиқ бошини, шу йўлда оқара бошлаган сочларини меҳр билан силаб-сийпаб қўяди.

Шоир ҳозир уйқуда, маст уйқуда. Бугун ҳар қанча ҳузурланиб ухласа арзийди — унга ҳалол. Лекин у ҳали ҳеч гапдан бехабар. Эртадан бошлаб у на радиода, на телевизорда чиқа олади. Яқинда нашр этилиши лозим бўлган китоби босмахонада «сочиб» юборилишидан ҳам у ҳали бехабар. Индин уни бошлиғи чақириб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришини сўрайди. «Нега?» «Юқоридан шундай буйруқ бўлди». «Кимдан?» «Юқоридан!»

Шоир уйқуда, маст уйқуда. У ҳозир бошида сочларини меҳр билан силаб ўтирган суюкли хотини бир куни келиб уни ташлаб кетишини ҳам билмайди.

Билганида нима? Шуларни билганидан, шуларга тайёр эканидан бу қисматни танламаганмиди! Шоирнинг ҳаёти шу, вассалом.
Ответить 
Старый 26.11.2015 12:46   #28  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Эркин АЪЗАМ. ШОИРНИНГ ТЎЙИ

Цитата:
…Ўша кеча шаҳарда иккита сирли ҳодиса қайд этилди. Бири — Оқсоқол шоирнинг тўсатдан вафот этгани, иккинчиси…

Анжуман муносабати билан ҳукумат берган зиёфатдан эртароқ қайтган Оқсоқол шаҳар яқинидаги сўлим ёзлоғида, иккинчи қаватда жойлашган ойнаванд равонда, ҳордиқ чиқариш баҳона, сават курсида хаёлга чўмиб ўтирарди. Тому тошни ларзага солиб момақалдироқ гумбурлади, унинг кетидан чақмоқ чақнаб, бирпасдан сўнг ёмғир ишвалай бошлади. Кўклам сувларига чўмилган дов-дарахт номаълум бир қудратга бўйсу-ниб, оҳ урганча у ёқдан-бу ёққа чайқаларди.

Шамол зўрайдими ё яна момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақдими, рўпарадаги дераза тўсатдан икки тарафга шарақлаб очилдию оғир бир нарса қасира-қусур отилиб кириб, нақд оқсоқолнинг оёқлари остига келиб тушди. Аллақандай аравача, унда… унда… Ҳа-ҳа, ўша, бугун эрталаб учраб, кун бўйи тинчлик бермаган лаънати ногиронлар аравачаси! Унга қапишиб ўтирган оёқ-қўлсиз тасқара бир вужуд, бароқ қошлар остидан кўзлари оловдек ёниб Оқсоқолга ташландию бўғзидан ғиппа бўғиб одди. А-а-а-а-а…

Ғайритабиий товушни эшитиб шоша-пиша равонга чиққан Алвастихоним чолини кўзлари олайиб, ияги тушган ҳолатда кўрди. «Эсизгина, — деди унга яқинлашаркан, — юбилейига бир ҳафтагина қолганда-я!..»

Кейинчалик Алвастихонимга айланган Мовийкўз дилбарга бир замонлар топширилган махсус тарихий вазифа, андак поёнига етмай, ана шу тариқа хотима топди.

Жасадни ҳар хил қилиб текшириб кўрган дўхтирлар «Юраги ёрилиб ўлган» деб хулоса ясадилар.

Сирли ҳодисанинг яна бири шу эдики, эрталаб кошонани айланиб кўздан кечираётган кўриқчи ён тарафдаги айвончалардан бирининг тагида ғалати ашёларга дуч келди: ярғоқ қулоқчин, бир тутам қўсқи сочми-соқол, исқирт пахталик, яғири чиққан чолвор, бир пой этикнинг қўнжи… Бир пойи тепада — дарахтнинг шохида. Унда яна бир тутам сочми-соқол ҳам илиниб қолгандек.

Ҳаммасидан қизиғи — пахталикнинг чўнтагидан кеча мана шу кошонада таваллуди нишонланган, ярим асрча бурун олис совуқ ўлкада ҳалок бўлган марҳум шоирнинг ҳужжатлари чиқди.

Шаҳардагина эмас, бутун мамлакатда шов-шув қўзғаган бу ҳодисани тегишли ташкилотлар ҳам ҳеч қанақасига шарҳлаб бера олмади.

Оташқалб шоирнинг таваллуд анжумани ана шундай ўтди.
Ответить 
Реклама и уведомления
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх